Biri quvvat va shijoat baxsh etadi, boshqasi — shodlik va farah

045 Шаҳрисабзда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани олдидан

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 11 ноябрда қабул қилинган “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 6 апрелда қабул қилинган “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари миллий қадриятларимизнинг зарҳал саҳифаларини қайта очиш, унинг қадимий илмий ва амалий сир-синоатларини чуқур ўрганиш, ривожлантириш, ёш авлод тафаккурига сингдириш ҳамда халқаро майдонда тарғиб этиш масалаларини кун тартибига қўйди.

БИРИ ҚУВВАТ ВА ШИЖОАТ БАХШ ЭТАДИ,
БОШҚАСИ — ШОДЛИК ВА ФАРАҲ…
099

055Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 11 ноябрда қабул қилинган “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 6 апрелда қабул қилинган “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари миллий қадриятларимизнинг зарҳал саҳифаларини қайта очиш, унинг қадимий илмий ва амалий сир-синоатларини чуқур ўрганиш, ривожлантириш, ёш авлод тафаккурига сингдириш ҳамда халқаро майдонда тарғиб этиш масалаларини кун тартибига қўйди. Бу борада санъат усталарининг вазифалари қанчалик масъулиятли бўлса, ижтимоий соҳалар олимларининг зиммаларидаги бажарилиши лозим тадқиқот ишлари ҳам шу қадар кўпдир. Зеро, мақомларнинг тарихи, илмий-фалсафий хусусиятларини ўрганиш борасида ҳали талай муаммолар мавжуд.

Қарши давлат университети адабиётшунослик кафедраси мудири, филология фанлари доктори Нафас Шодмонов Шарқ мусиқаси, шунингдек, мақом санъати тарихи бўйича ҳам илмий фаолият олиб борган. Шунингдек, олим бир неча йиллар бурун Шарқнинг буюк алломаларидан бири Абдураҳмон Жомийнинг мусиқий илмий мероси билан шуғулланган.
Домла билан мусоҳабамиз мана шу бой мероснинг аҳамияти хусусида бўлди.

————

– Асрлар давомида мусиқа санъатининг ҳамда уни талқин қилувчи илмнинг мақоми юксалиб, жамиятнинг олий даражадаги доиралари томонидан эътироф этилди. Бироқ шунга қарамай, кейинги асрларда, аввал мутаассиблик, кейин шўровий мафкура таъсирида унинг ўрганилиши ва ривожида анчагина оқсашлар кўзга ташланади…

– Лекин бу уларнинг ўрганилиши мутлақо тўхтаб қолганини англатмайди. 1925 йилда Москвада босилган Мулла Бекжон Раҳмон ўғли ва Муҳаммад Юсуф Девонзодалар томонидан ёзилган “Хоразм мусиқий тарихчаси”, 1927 йилда Самарқандда чоп этилган Фитратнинг “Ўзбек классик мусиқаси ҳам унинг тарихи” ана шундай рисолаларга диққат қаратилган дастлабки уринишлар эди. Умуман, ўтган аср давомида Ўзбекистонда Шарқ мусиқасига бағишланган қўлёзмалар, уларнинг талқини ва таҳлили билан шуғулланган А.Фитрат, С.Айний, С.Умаров, И.Ражабов, Ф.Кароматов, О.Матёқубов, А.Жумаев ва Д.Рашидова каби олимларнигина биламиз. Бу олимлар тадқиқот ишларида қўлёзмаларга нисбатан ўз қарашларини, уларга муносабатларини анча чуқур ифода этган бўлсалар-да, бирор бир мусиқашуносликка оид бирламчи нусха улар томонидан ўзбек ўқувчиларига тақдим этилмаган.

Лекин мусиқашунослигимиз тарихидан маълум ва машҳур бўлган Юсуф ибн Исҳоқ Киндийнинг “Рисолату-л-кубро фи таълиф” (“Мусиқий таълиф тўғрисида катта рисола”), “Рисолату-л-мадхали ила синаъати-л-мусиқий” (“Мусиқа санъатига муқаддима рисола”), “Рисолатун фи хабари синоати-т-таълиф” (“Мусиқий таълиф санъати ҳақида рисола”), “Рисолатун фи ийқоъ” (“Ритм ҳақида рисола”), Абу Наср Форобийнинг “Китобу-л-мусиқа-л-кабир” (“Катта мусиқа китоби”), “Киламун фи-л-мусиқий” (“Мусиқа ҳақида мулоҳазалар”), “Китабун фи исхаъи-л-ийқоъ” (“Мусиқий ийқоълар ҳақида китоб”), Абу Али ибн Синонинг “Китоб уш-шифо”, “Донишнома”, “Китобу-н-нажот” асарларидаги махсус боблар, “Рисолатун фи илми-л-мусиқий”, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ал-Котиб ал-Хоразмийнинг “Мафотиҳу-л-улум”, Сафиуддин Абдулмўъмин ал-Урмавийнинг “Китобу-л-адвор”, Абдулқодир Мароғийнинг “Жомеъу-л-алҳон”, “Мақосиду-л-илҳон”, Муҳаммад Нишопурийнинг “Дар илми мусиқий”, Абдураҳмон Жомийнинг “Рисолайи мусиқий”, Зайнулобиддин Ҳусайнийнинг “Қонуни илмий ва амалийи мусиқий”, Нажмиддин Кавкабий Бухорийнинг “Рисола дар баёни дувоздаҳмақом”, “Рисолайи мусиқий”, Дарвеш Али Чангийнинг “Туҳфату-с-сурур”, Қутбиддин Шерозийнинг “Нафису-л-фунун ли-р-роиси-л-уйун”, “Дуррату-т-тож ли-ғуррати-д-диббож” китоблари ва бошқа кўплаб олимларнинг бир қатор асарлари дунёнинг турли мамлакатларидаги шарқшунослар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилиб келинмоқда.

– Манбаларда қайд этилишича, Шарқ мусиқаси тизими алоҳида илм ва у, кўплаб олимлар эътирофига кўра, интеллектуал фаолият шаклларидан биридир. Бу жиҳат нималар орқали намоён бўлади?

– Ҳозирги замон фалсафа фани мусиқа санъатини олам манзарасининг мусиқий тилда ифодаланиши талқинида ўрганмоқда.

Европа мусиқашунос ва файласуфлари Шарқ мусиқасидаги фикрни тушуниш унинг мусиқий тилини ўрганиш даражасига боғлиқлигини таъкидлайдилар. Шунингдек, “мақом” атамасини улар мусиқий тил грамматикасидаги яширин маъно сифатида талқин қиладилар. Бунинг асосини тасаввуф фалсафасидаги “зоҳир – ботин” ва “асл – фаръ” муносабатлари билан қиёсий тавсифлайдилар.

Умуман, олимларнинг фикрича, мусиқий тил грамматикасида ботиний маъно сифатида мақом тизими ислом маданиятининг мантиқий маъно грамматикаси майдони ҳисобланиб, жаҳон мусиқа санъати “харитаси”да мусулмон Шарқи мусиқаси мантиқини бошқа шундай мантиқлардан ажралиб туришини, “хусусий” аҳамият касб этишини белгилаб беради.

Шарқ мусиқасини фалсафий, назарий жиҳатдан таҳлил қилиш унинг мутлақо илмий ҳодисанинг санъат кўринишида намоён бўлиши сифатида баҳолаш хулосасини келтириб чиқаради. Зотан, унда фалсафа, илоҳиёт, математика, физика, тил, психология, этика, эстетика ва бошқа бир қатор фанларнинг аралашуви ҳамда улар билан боғлиқ масалаларнинг ечимларини аниқлаш мумкин.

– Президентимизнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида Абдураҳмон Жомийнинг Шарқ мумтоз мусиқашунослигининг нодир дурдонаси бўлмиш “Рисолаи мусиқий” деб номланган асари асосида “Жомийнинг мусиқий рисоласи” китобини нашрга тайёрладингиз. Айтинг-чи, Жомийнинг мусиқа илми борасидаги мероси бугунги илм-фан тараққиётида қандай аҳамият касб этади?

– Нақшбандия таълимоти Жомийнинг бутун борлиғу қонига кириб борган. У ҳаёти давомида таркидунёчиликнинг ҳар қандай шаклига кескин қаршилик билдириб яшади.

Маълумки, ўз даъволарига кўра, Ислом дини софлиги учун курашувчи айрим гуруҳ ва оқимлар мусиқани шаръан ҳаром ҳисобласалар-да, Жомийдек улуғ алломанинг унга нисбатан ўз қарашлари, ижобий муносабати бўлгани бундай қарашларни мутлақлаштиришни истисно қилади. Қисқа қилиб айтганда, мусиқанинг инсон онги, тафаккури ва руҳига жуда катта таъсир кучи борлигини Жомий яхши англаган ҳамда ўз рисоласи билан унинг анъанавий ривожланиш йўлини кўрсатиб берган.

Жомий мусиқадан тўғри истифода қилинса, у инсон руҳига фойдали эканини эътироф қилган. “Рисолаи мусиқий”да улуғ мутафаккирнинг бундай қарашлари алоҳида ифодаланган: “Билгилки, (тингловчига) ўн икки давоир (мақомлар), овозлар ва шўъбаларнинг ҳаммасидан лаззат олинишидан ташқари, ўзига хос таъсирлари ҳам бор. Чунончи, Ушшоқ, Наво ва Бусалик (мақомлари) қувват ва шижоат бахш этади, овозлар бундай таъсир туридан холидирлар. Аммо шўъбалардан Моҳур ва Ниҳовандлар руҳга бундай таъсир қила олади. Рост, Ироқ ва Исфахон (мақомлари) шодлик ва фараҳ бахш этишда фойдалидир. Овозлардан Наврўз ва Гардониё, шўъбалардан Панжгоҳ ва Зовулийларнинг ҳам таъсири шундай. Бузург, Зарафканд, Роҳавий ва Зангула (мақомлари) ҳазинлик ва андуҳлик (кайфиятларини) келтиради. Овозлардан Гувошт ва Шаҳноз, шўъбалардан Ҳисор, Ҳумоюн, Мубарқаъ, Бастанигор, Сабо, Наврўзи араб, Ракаб, Исфаҳонак ва Рўйи Ироқлар ҳам худди шундай таъсир этади. Ҳижоз ва Ҳусайний (мақомлари) завқ ва шавқни ҳузн ва андуҳга уйғун ҳолда бағишлайди. Овозлардан Моя ва Салмак, шўъбалардан Нуҳуфт, Наврўзи баётий, Дугоҳ, Уззол, Авж, Жавзий ва Найризларда ҳам шундай таъсир тури мавжуд. Соҳиби амал билмоғи керакки, бу мажмуълардан қайси бирига шеър боғланишида ўзига муносиб асар танлай олинса, киши руҳига унинг таъсири кўп ва хўб бўлади”.

– Домла, маълумки, Абдураҳмон Жомий темурийлар даври етказиб берган улуғ даҳолардан. Ўз-ўзидан маълумки, “Шарқ Ренессанси” ҳисобланмиш бу даврда мусиқа илмида ҳам катта муваффақиятларга эришилди…

– Сирасини айтганда Соҳибқирон Амир Темурнинг муборак номи фақат мусиқа санъати ва унинг илми ривожидаги хизматлари боис ҳам юксак қадрланишга ҳақли. Унинг бу санъатга, унинг илмига кўрсатган таъсири беқиёсдир.

Манбаларда Бойсунқур Мирзонинг мусиқий истеъдоди, унинг мусиқий илми аҳли билан бўлган самимий муносабатлари ҳақида қайд этилади. Таъкидланишича, Хожа Юсуф исмли бир ҳофиз Мирзо саройида хизмат қилар эди. Иброҳим Мирзо бир неча марта ўз акасидан мазкур ҳофизни хизматига юборишни илтимос қилади. Ака билан ука бу борада келиша олмагач, Иброҳим Мирзо уни сотиб олиш учун акасига минг динор юборади. Мусиқачисидан ажралишни истамаган Бойсунқур Мирзо укасининг пулига қўшиб бир шеър ёзиб юборади. Маъноси: «Биз ўз Юсуфимизни сотмаймиз, сен ҳам ўз қора пулингни унинг учун тикма». (Бу шеърда сўз ўйини бор. Маълумки, Юсуф пайғамбар акаларининг қасд қилиши туфайли қул бозорида сотилади. Бойсунқур Мирзо ҳофиз Юсуфнинг тақдири Пайғамбар Юсуфнинг тақдирига ўхшамаслигига, бунга ўзининг асло йўл қўймаслигига ишора қилади). Қаранг, темурийлар мусиқачиларни нечоғлик эъзозлашган.

Умуман, Бойсунқур Мирзо, Иброҳим Мирзо, Улуғбек Мирзо, Ҳусайн Бойқаро даврида ҳам мусиқа санъати гуркираб ривожланди. Манбаларда, ҳатто, Улуғбекнинг ўзи бир неча усулларга асос солгани, бастакорлик билан щуғуллангани ҳақида маълумотлар бор.

Ҳиротда зиёлилар ҳомийси бўлган Навоий мусиқашунослар орасида ҳам ўзига хос мавқега эга эди. «Мажолису-н-нафоисда»да Хожа Юсуф Бурҳон ҳақида сўзларкан: «Фақир мусиқа фанида анинг шогирдимен» , дея ўзининг бу илмдан хабардор эканлигини таъкидлайди. «Бобурнома»да ҳам Навоийнинг бу соҳадаги истеъдоди зикр этилган: «Яна мусиқада яхши нималар боғлабтур. Яхши нақшлари ва яхши пешравлари бордур». «Қари Наво» Навоийнинг мусиқий ижодидан бизгача етиб келган намунадир.Жомийнинг «Рисолаи мусиқий»си ҳам Навоий даъвати билан яратилган. Темурийларнинг яна бир улуғ вакили Заҳириддин Бобур ҳам мусиқадан яхши маълумотли бўлган.

Хуллас, Темур ва унинг авлодлари даврида Моварауннаҳр ва Хуросонда мукаммал назарияга, шунингдек, юксак ижрочилик мактабига эга бўлган мусиқий илми ва санъати вужудга келди. Бу мусиқий илми ва санъати марказида ҳозирда эга бўлганимиз «Шашмақом»нинг вужудга келишида муҳим босқич ролини ўтаган «Дуваздаҳмақом» номи билан машҳур 12 мақом тизими турарди.

ХII – ХVII асрларда ўн икки мақом ўзининг энг олий даражадаги мавқеига эга бўлган.

Маълумотларда таъкидланишича, уларнинг яратилиши жуда қадим замонларга бориб тақалади. Баъзи манбаларда уларнинг асли 7 мақом бўлган ва 7 пайғамбардан қолган деб кўрсатилса, баъзиларида 8 аслдан вужудга келганлиги баён этилади. Бу асарларнинг биринчиси Рост мақоми Одам, иккичиси Ушшоқ мақоми Нуҳ, учинчиси Наво мақоми Довуд, тўртинчиси Ҳижоз мақоми Сулаймон, бешинчиси Ироқ мақоми Айюб, олтинчиси Ҳусайн мақоми Яъқуб, еттинчиси Бусалик мақоми Бобои Умар (халифа), саккизинчиси Роҳавий мақоми Муҳаммад пайғамбарларга нисбат берилади.

Айтишларича, қолган тўрт мақомни Темур томонидан тор-мор этилган Султон Увайс Жалойир мазкур мақомларнинг иккитасидан янги бир мақом ҳосил қилиш йўли билан тартибга келтирган. Бинобарин, Рост мақомининг энг юқори ва Ушшоқ мақомининг энг паст нағмалари асосида Исфахон, Наво ва Ҳижоз мақомларининг энг юқори ҳамда Ҳижоз мақомининг энг паст нағмалари асосида Бузург, Бусалик мақомининг энг юқори ва Ҳусайн мақомининг энг паст нағмалари асосида Зерафканд, Роҳовий мақомининг энг юқори ва Ироқ мақомининг энг паст нағмалари асосида Зангула мақомлари яратилган.

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, мақомларнинг тарихи, илмий-фалсафий хусусиятларини ўрганиш борасида ҳали талай муаммолар мавжуд. Шунинг учун ҳам Президентимиз қарорида вилоятлардаги педагогик олий таълим муассасаларининг мусиқий таълим йўналишида мақом санъатини махсус фан сифатида ўқитишни жорий этиш, шунингдек, улар учун тегишли дарслик, ўқув қўлланма ва илмий-услубий адабиётлар ёзилишини таъминлаш вазифалари қўйилган. Шарқнинг буюк алломаларидан бири Абдураҳмон Жомийнинг мусиқий фаолиятига бағишланган “Жомийнинг мусиқий рисоласи” китоби бу борада муҳим қўлланма ва Шаҳрисабзда ўтказиладиган нуфузли санъат анжуманига муносиб туҳфалардан бири бўлади, деб умид қиламиз.

Нуриддин ЭГАМОВ суҳбатлашди.

Яна шу мавзуда:
Шашмақом (11 албомдан иборат) & Султонали Маннопов. Ўзбек халқ мусиқа маданияти. Шашмақом

064Shahrisabzda oʻtkaziladigan Xalqaro maqom sanʼati anjumani oldidan

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan 2017 yil 11 noyabrda qabul qilingan “Oʻzbek milliy maqom sanʼatini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi, 2018 yil 6 aprelda qabul qilingan “Xalqaro maqom sanʼati anjumanini oʻtkazish toʻgʻrisida”gi qarorlari milliy qadriyatlarimizning zarhal sahifalarini qayta ochish, uning qadimiy ilmiy va amaliy sir-sinoatlarini chuqur oʻrganish, rivojlantirish, yosh avlod tafakkuriga singdirish hamda xalqaro maydonda targʻib etish masalalarini kun tartibiga qoʻydi.

BIRI QUVVAT VA SHIJOAT BAXSH ETADI,
BOSHQASI — SHODLIK VA FARAH…
099

055Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan 2017 yil 11 noyabrda qabul qilingan “Oʻzbek milliy maqom sanʼatini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi, 2018 yil 6 aprelda qabul qilingan “Xalqaro maqom sanʼati anjumanini oʻtkazish toʻgʻrisida”gi qarorlari milliy qadriyatlarimizning zarhal sahifalarini qayta ochish, uning qadimiy ilmiy va amaliy sir-sinoatlarini chuqur oʻrganish, rivojlantirish, yosh avlod tafakkuriga singdirish hamda xalqaro maydonda targʻib etish masalalarini kun tartibiga qoʻydi. Bu borada sanʼat ustalarining vazifalari qanchalik masʼuliyatli boʻlsa, ijtimoiy sohalar olimlarining zimmalaridagi bajarilishi lozim tadqiqot ishlari ham shu qadar koʻpdir. Zero, maqomlarning tarixi, ilmiy-falsafiy xususiyatlarini oʻrganish borasida hali talay muammolar mavjud.

Qarshi davlat universiteti adabiyotshunoslik kafedrasi mudiri, filologiya fanlari doktori Nafas Shodmonov Sharq musiqasi, shuningdek, maqom sanʼati tarixi boʻyicha ham ilmiy faoliyat olib borgan. Shuningdek, olim bir necha yillar burun Sharqning buyuk allomalaridan biri Abdurahmon Jomiyning musiqiy ilmiy merosi bilan shugʻullangan.
Domla bilan musohabamiz mana shu boy merosning ahamiyati xususida boʻldi.

————

– Asrlar davomida musiqa sanʼatining hamda uni talqin qiluvchi ilmning maqomi yuksalib, jamiyatning oliy darajadagi doiralari tomonidan eʼtirof etildi. Biroq shunga qaramay, keyingi asrlarda, avval mutaassiblik, keyin shoʻroviy mafkura taʼsirida uning oʻrganilishi va rivojida anchagina oqsashlar koʻzga tashlanadi…

– Lekin bu ularning oʻrganilishi mutlaqo toʻxtab qolganini anglatmaydi. 1925 yilda Moskvada bosilgan Mulla Bekjon Rahmon oʻgʻli va Muhammad Yusuf Devonzodalar tomonidan yozilgan “Xorazm musiqiy tarixchasi”, 1927 yilda Samarqandda chop etilgan Fitratning “Oʻzbek klassik musiqasi ham uning tarixi” ana shunday risolalarga diqqat qaratilgan dastlabki urinishlar edi. Umuman, oʻtgan asr davomida Oʻzbekistonda Sharq musiqasiga bagʻishlangan qoʻlyozmalar, ularning talqini va tahlili bilan shugʻullangan A.Fitrat, S.Ayniy, S.Umarov, I.Rajabov, F.Karomatov, O.Matyoqubov, A.Jumayev va D.Rashidova kabi olimlarnigina bilamiz. Bu olimlar tadqiqot ishlarida qoʻlyozmalarga nisbatan oʻz qarashlarini, ularga munosabatlarini ancha chuqur ifoda etgan boʻlsalar-da, biror bir musiqashunoslikka oid birlamchi nusxa ular tomonidan oʻzbek oʻquvchilariga taqdim etilmagan.

Lekin musiqashunosligimiz tarixidan maʼlum va mashhur boʻlgan Yusuf ibn Isʼhoq Kindiyning “Risolatu-l-kubro fi taʼlif” (“Musiqiy taʼlif toʻgʻrisida katta risola”), “Risolatu-l-madxali ila sinaʼati-l-musiqiy” (“Musiqa sanʼatiga muqaddima risola”), “Risolatun fi xabari sinoati-t-taʼlif” (“Musiqiy taʼlif sanʼati haqida risola”), “Risolatun fi iyqoʼ” (“Ritm haqida risola”), Abu Nasr Forobiyning “Kitobu-l-musiqa-l-kabir” (“Katta musiqa kitobi”), “Kilamun fi-l-musiqiy” (“Musiqa haqida mulohazalar”), “Kitabun fi isxaʼi-l-iyqoʼ” (“Musiqiy iyqoʼlar haqida kitob”), Abu Ali ibn Sinoning “Kitob ush-shifo”, “Donishnoma”, “Kitobu-n-najot” asarlaridagi maxsus boblar, “Risolatun fi ilmi-l-musiqiy”, Abu Abdulloh Muhammad ibn Yusuf al-Kotib al-Xorazmiyning “Mafotihu-l-ulum”, Safiuddin Abdulmoʻʼmin al-Urmaviyning “Kitobu-l-advor”, Abdulqodir Marogʻiyning “Jomeʼu-l-alhon”, “Maqosidu-l-ilhon”, Muhammad Nishopuriyning “Dar ilmi musiqiy”, Abdurahmon Jomiyning “Risolayi musiqiy”, Zaynulobiddin Husayniyning “Qonuni ilmiy va amaliyi musiqiy”, Najmiddin Kavkabiy Buxoriyning “Risola dar bayoni duvozdahmaqom”, “Risolayi musiqiy”, Darvesh Ali Changiyning “Tuhfatu-s-surur”, Qutbiddin Sheroziyning “Nafisu-l-funun li-r-roisi-l-uyun”, “Durratu-t-toj li-gʻurrati-d-dibboj” kitoblari va boshqa koʻplab olimlarning bir qator asarlari dunyoning turli mamlakatlaridagi sharqshunoslar tomonidan katta qiziqish bilan oʻrganilib kelinmoqda.

– Manbalarda qayd etilishicha, Sharq musiqasi tizimi alohida ilm va u, koʻplab olimlar eʼtirofiga koʻra, intellektual faoliyat shakllaridan biridir. Bu jihat nimalar orqali namoyon boʻladi?

– Hozirgi zamon falsafa fani musiqa sanʼatini olam manzarasining musiqiy tilda ifodalanishi talqinida oʻrganmoqda.

Yevropa musiqashunos va faylasuflari Sharq musiqasidagi fikrni tushunish uning musiqiy tilini oʻrganish darajasiga bogʻliqligini taʼkidlaydilar. Shuningdek, “maqom” atamasini ular musiqiy til grammatikasidagi yashirin maʼno sifatida talqin qiladilar. Buning asosini tasavvuf falsafasidagi “zohir – botin” va “asl – farʼ” munosabatlari bilan qiyosiy tavsiflaydilar.

Umuman, olimlarning fikricha, musiqiy til grammatikasida botiniy maʼno sifatida maqom tizimi islom madaniyatining mantiqiy maʼno grammatikasi maydoni hisoblanib, jahon musiqa sanʼati “xaritasi”da musulmon Sharqi musiqasi mantiqini boshqa shunday mantiqlardan ajralib turishini, “xususiy” ahamiyat kasb etishini belgilab beradi.

Sharq musiqasini falsafiy, nazariy jihatdan tahlil qilish uning mutlaqo ilmiy hodisaning sanʼat koʻrinishida namoyon boʻlishi sifatida baholash xulosasini keltirib chiqaradi. Zotan, unda falsafa, ilohiyot, matematika, fizika, til, psixologiya, etika, estetika va boshqa bir qator fanlarning aralashuvi hamda ular bilan bogʻliq masalalarning yechimlarini aniqlash mumkin.

– Prezidentimizning “Oʻzbek milliy maqom sanʼatini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qarorida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash doirasida Abdurahmon Jomiyning Sharq mumtoz musiqashunosligining nodir durdonasi boʻlmish “Risolai musiqiy” deb nomlangan asari asosida “Jomiyning musiqiy risolasi” kitobini nashrga tayyorladingiz. Ayting-chi, Jomiyning musiqa ilmi borasidagi merosi bugungi ilm-fan taraqqiyotida qanday ahamiyat kasb etadi?

– Naqshbandiya taʼlimoti Jomiyning butun borligʻu qoniga kirib borgan. U hayoti davomida tarkidunyochilikning har qanday shakliga keskin qarshilik bildirib yashadi.

Maʼlumki, oʻz daʼvolariga koʻra, Islom dini sofligi uchun kurashuvchi ayrim guruh va oqimlar musiqani sharʼan harom hisoblasalar-da, Jomiydek ulugʻ allomaning unga nisbatan oʻz qarashlari, ijobiy munosabati boʻlgani bunday qarashlarni mutlaqlashtirishni istisno qiladi. Qisqa qilib aytganda, musiqaning inson ongi, tafakkuri va ruhiga juda katta taʼsir kuchi borligini Jomiy yaxshi anglagan hamda oʻz risolasi bilan uning anʼanaviy rivojlanish yoʻlini koʻrsatib bergan.

Jomiy musiqadan toʻgʻri istifoda qilinsa, u inson ruhiga foydali ekanini eʼtirof qilgan. “Risolai musiqiy”da ulugʻ mutafakkirning bunday qarashlari alohida ifodalangan: “Bilgilki, (tinglovchiga) oʻn ikki davoir (maqomlar), ovozlar va shoʻʼbalarning hammasidan lazzat olinishidan tashqari, oʻziga xos taʼsirlari ham bor. Chunonchi, Ushshoq, Navo va Busalik (maqomlari) quvvat va shijoat baxsh etadi, ovozlar bunday taʼsir turidan xolidirlar. Ammo shoʻʼbalardan Mohur va Nihovandlar ruhga bunday taʼsir qila oladi. Rost, Iroq va Isfaxon (maqomlari) shodlik va farah baxsh etishda foydalidir. Ovozlardan Navroʻz va Gardoniyo, shoʻʼbalardan Panjgoh va Zovuliylarning ham taʼsiri shunday. Buzurg, Zarafkand, Rohaviy va Zangula (maqomlari) hazinlik va anduhlik (kayfiyatlarini) keltiradi. Ovozlardan Guvosht va Shahnoz, shoʻʼbalardan Hisor, Humoyun, Mubarqaʼ, Bastanigor, Sabo, Navroʻzi arab, Rakab, Isfahonak va Roʻyi Iroqlar ham xuddi shunday taʼsir etadi. Hijoz va Husayniy (maqomlari) zavq va shavqni huzn va anduhga uygʻun holda bagʻishlaydi. Ovozlardan Moya va Salmak, shoʻʼbalardan Nuhuft, Navroʻzi bayotiy, Dugoh, Uzzol, Avj, Javziy va Nayrizlarda ham shunday taʼsir turi mavjud. Sohibi amal bilmogʻi kerakki, bu majmuʼlardan qaysi biriga sheʼr bogʻlanishida oʻziga munosib asar tanlay olinsa, kishi ruhiga uning taʼsiri koʻp va xoʻb boʻladi”.

– Domla, maʼlumki, Abdurahmon Jomiy temuriylar davri yetkazib bergan ulugʻ daholardan. Oʻz-oʻzidan maʼlumki, “Sharq Renessansi” hisoblanmish bu davrda musiqa ilmida ham katta muvaffaqiyatlarga erishildi…

– Sirasini aytganda Sohibqiron Amir Temurning muborak nomi faqat musiqa sanʼati va uning ilmi rivojidagi xizmatlari bois ham yuksak qadrlanishga haqli. Uning bu sanʼatga, uning ilmiga koʻrsatgan taʼsiri beqiyosdir.

Manbalarda Boysunqur Mirzoning musiqiy isteʼdodi, uning musiqiy ilmi ahli bilan boʻlgan samimiy munosabatlari haqida qayd etiladi. Taʼkidlanishicha, Xoja Yusuf ismli bir hofiz Mirzo saroyida xizmat qilar edi. Ibrohim Mirzo bir necha marta oʻz akasidan mazkur hofizni xizmatiga yuborishni iltimos qiladi. Aka bilan uka bu borada kelisha olmagach, Ibrohim Mirzo uni sotib olish uchun akasiga ming dinor yuboradi. Musiqachisidan ajralishni istamagan Boysunqur Mirzo ukasining puliga qoʻshib bir sheʼr yozib yuboradi. Maʼnosi: “Biz oʻz Yusufimizni sotmaymiz, sen ham oʻz qora pulingni uning uchun tikma”. (Bu sheʼrda soʻz oʻyini bor. Maʼlumki, Yusuf paygʻambar akalarining qasd qilishi tufayli qul bozorida sotiladi. Boysunqur Mirzo hofiz Yusufning taqdiri Paygʻambar Yusufning taqdiriga oʻxshamasligiga, bunga oʻzining aslo yoʻl qoʻymasligiga ishora qiladi). Qarang, temuriylar musiqachilarni nechogʻlik eʼzozlashgan.

Umuman, Boysunqur Mirzo, Ibrohim Mirzo, Ulugʻbek Mirzo, Husayn Boyqaro davrida ham musiqa sanʼati gurkirab rivojlandi. Manbalarda, hatto, Ulugʻbekning oʻzi bir necha usullarga asos solgani, bastakorlik bilan щugʻullangani haqida maʼlumotlar bor.

Hirotda ziyolilar homiysi boʻlgan Navoiy musiqashunoslar orasida ham oʻziga xos mavqega ega edi. “Majolisu-n-nafoisda”da Xoja Yusuf Burhon haqida soʻzlarkan: “Faqir musiqa fanida aning shogirdimen” , deya oʻzining bu ilmdan xabardor ekanligini taʼkidlaydi. “Boburnoma”da ham Navoiyning bu sohadagi isteʼdodi zikr etilgan: “Yana musiqada yaxshi nimalar bogʻlabtur. Yaxshi naqshlari va yaxshi peshravlari bordur”. “Qari Navo” Navoiyning musiqiy ijodidan bizgacha yetib kelgan namunadir.Jomiyning “Risolai musiqiy”si ham Navoiy daʼvati bilan yaratilgan. Temuriylarning yana bir ulugʻ vakili Zahiriddin Bobur ham musiqadan yaxshi maʼlumotli boʻlgan.

Xullas, Temur va uning avlodlari davrida Movaraunnahr va Xurosonda mukammal nazariyaga, shuningdek, yuksak ijrochilik maktabiga ega boʻlgan musiqiy ilmi va sanʼati vujudga keldi. Bu musiqiy ilmi va sanʼati markazida hozirda ega boʻlganimiz “Shashmaqom”ning vujudga kelishida muhim bosqich rolini oʻtagan “Duvazdahmaqom” nomi bilan mashhur 12 maqom tizimi turardi.

XII – XVII asrlarda oʻn ikki maqom oʻzining eng oliy darajadagi mavqeiga ega boʻlgan.

Maʼlumotlarda taʼkidlanishicha, ularning yaratilishi juda qadim zamonlarga borib taqaladi. Baʼzi manbalarda ularning asli 7 maqom boʻlgan va 7 paygʻambardan qolgan deb koʻrsatilsa, baʼzilarida 8 asldan vujudga kelganligi bayon etiladi. Bu asarlarning birinchisi Rost maqomi Odam, ikkichisi Ushshoq maqomi Nuh, uchinchisi Navo maqomi Dovud, toʻrtinchisi Hijoz maqomi Sulaymon, beshinchisi Iroq maqomi Ayyub, oltinchisi Husayn maqomi Yaʼqub, yettinchisi Busalik maqomi Boboi Umar (xalifa), sakkizinchisi Rohaviy maqomi Muhammad paygʻambarlarga nisbat beriladi.

Aytishlaricha, qolgan toʻrt maqomni Temur tomonidan tor-mor etilgan Sulton Uvays Jaloyir mazkur maqomlarning ikkitasidan yangi bir maqom hosil qilish yoʻli bilan tartibga keltirgan. Binobarin, Rost maqomining eng yuqori va Ushshoq maqomining eng past nagʻmalari asosida Isfaxon, Navo va Hijoz maqomlarining eng yuqori hamda Hijoz maqomining eng past nagʻmalari asosida Buzurg, Busalik maqomining eng yuqori va Husayn maqomining eng past nagʻmalari asosida Zerafkand, Rohoviy maqomining eng yuqori va Iroq maqomining eng past nagʻmalari asosida Zangula maqomlari yaratilgan.

Xulosa oʻrnida qayd etish joizki, maqomlarning tarixi, ilmiy-falsafiy xususiyatlarini oʻrganish borasida hali talay muammolar mavjud. Shuning uchun ham Prezidentimiz qarorida viloyatlardagi pedagogik oliy taʼlim muassasalarining musiqiy taʼlim yoʻnalishida maqom sanʼatini maxsus fan sifatida oʻqitishni joriy etish, shuningdek, ular uchun tegishli darslik, oʻquv qoʻllanma va ilmiy-uslubiy adabiyotlar yozilishini taʼminlash vazifalari qoʻyilgan. Sharqning buyuk allomalaridan biri Abdurahmon Jomiyning musiqiy faoliyatiga bagʻishlangan “Jomiyning musiqiy risolasi” kitobi bu borada muhim qoʻllanma va Shahrisabzda oʻtkaziladigan nufuzli sanʼat anjumaniga munosib tuhfalardan biri boʻladi, deb umid qilamiz.

Nuriddin EGAMOV suhbatlashdi.

Yana shu mavzuda:
Shashmaqom (11 albomdan iborat) & Sultonali Mannopov. Oʻzbek xalq musiqa madaniyati. Shashmaqom

009

(Tashriflar: umumiy 240, bugungi 1)

Izoh qoldiring