O‘rinboy Usmon. Tojmahal yo abadiylik yuzidagi ko‘z yosh

99 Мен дунё мўъжизаларидан бири сифатида эътироф этилган Тожмаҳал ҳақида кўп ўқигандим ва эшитгандим. Бобурийлар авлодидан, Акбаршоҳнинг набираси Шоҳжаҳон томонидан унинг севимли хотини Мумтозбегимга атаб қурилган, кўзларни қамаштирувчи, дилларни ром этувчи бу маҳобат биноси беш асрдан буён муҳаббат рамзи бўлиб келяпти.

ТОЖМАҲАЛ
ё абадийлик юзидаги кўз ёш
Ўринбой УСМОН
011

09Ўринбой Усмон 1951 йил 2 ноябрда Тожикистоннинг Хўжанд туманида туғилган. 1973 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини битирган. 1975 йилдан ҳикоялари «Шарқ Юлдузи», «Ёшлик», «Ёш куч», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» нашрларида, “Ёшлик” алманахида чоп этилган. Биринчи китоби «Спитамен қотили» номи билан 1992 йили Тошкентда нашр этилган. Шундан кейин адибнинг Тошкент ва Хўжанддаги нашриётларда «Синчли уй», «Кўргилик», «Анқонинг уруғи» ва «Дарахтга дўнган одам» деб номланган китоблари чоп этилди.
Ўринбой Усмон ўнлаб ҳикоялар, «Қишдан олдинги фасл», «Сафо чиғириғи» каби қиссалар, «Таъқиб» романи, «Муқаддас», «Қари қиз» ва «Осмондан тушган одам» («Қулф») драмалари муаллифидир. Василий Шукшин каби рус адиблари, Меҳмон Бахтий, Маъруф Бобожон, Ҳожи Содиқ каби тожик ёзувчилари асарларни ўзбек тилига ўгирган.

011

032 Мен дунё мўъжизаларидан бири сифатида эътироф этилган Тожмаҳал ҳақида кўп ўқигандим ва эшитгандим. Бобурийлар авлодидан, Акбаршоҳнинг набираси Шоҳжаҳон томонидан унинг севимли хотини Мумтозбегимга атаб қурилган, кўзларни қамаштирувчи, дилларни ром этувчи бу маҳобат биноси беш асрдан буён муҳаббат рамзи бўлиб келяпти.

Муҳаббат бўлганда ҳам, беназир улкан муҳаббат рамзи.

Афсонавий Тожмаҳални кўриш учун узундан-узун, бир неча қатор навбатда турган ёшу қари одамларнинг кўзларида бахтиёрликни кўраман.

Чет эллик сайёҳлар учун ўрта қатордан алоҳида йўл ажратилган. Улар бошқалар каби узоқ муддат навбатда туришмайди. Лекин барибир хорижликми, ҳиндистонликми, эркакдир, аёлдир синчиклаб текшириб кўрилар экан. Эркакларни эркак текширувчилар, аёлларни аёллар… Инсон ҳаётига хавф солиши мумкин, деб ҳисобланган ҳар бир нарса олиб қўйилади, ҳатто, оддий шиша ё чинни сув идиш бўлсин. Мен фотоаппаратни олиб қўймасликларидан хурсанд бўлдим. Демак, Тожмаҳални суратга олиш, унинг манзарасида суратга тушиш имкони бор.

Қип-қизил дарвозадан ўтиб, қизил тошлар устида қадам ташлаб борар эканман, кўз ўнгимда қуёш нурида оппоқ товланиб турган мармар бино — Тожмаҳал пайдо бўлади. Унга узоқ-узоқ тикиламан. Меҳр-муҳаббат билан тикиламан. Назаримда бино ичидан Шоҳжаҳон ва Мумтозбегим ёнма-ён чиқиб келишаётгандай туюлади. Ошиқ шоҳ, маъшуқа малика салкам йигирма гектарлик боғни тўлдирган минг-минглаб одамга меҳр билан тикилишади, ишқ тўла кўзлари гўзал, сеҳрли муҳаббат тарихидан сўзлайди.

Мақбарага элтувчи йўллар ўртасига тикилган ям-яшил дарахтлар улкан муҳаббат қаршисида бош эгиб тургандайин таъзимда, фавворалар сочилиб турган ҳовуздаги мовий сув Шоҳжаҳон ва Мумтозбегимнинг қадам товушларини эшитмай қолмаслик учун сокинлашиб қолгандайин.

Кўз ўнгимда оддийгина кийинган, камбағаллиги кўриниб турган, лекин бағоят гўзал қиздан кўз узмасдан қолган ёш Шоҳжаҳон гавдаланади. У Аржумандбону деб аталган бу қизни кўрар экан, чиройда тенги йўқ, латофату назокатда мислсиз бошқа қизларни унутади. Шоҳ қалбини фақат ана шу оддийгина, лекин гўзаллар маликаси ишқи эгаллайди. Энди бу қалбда бошқа гўзаллар учун кичкинагина бўлса-да жой йўқ. На биринчи хотини эсига тушади, на саройидаги бир қарашига интизор турган ой юзли канизаклар. Энди унинг учун фақат биргина қиз, бир ёр бор — Аржумандбону — ўн тўққиз ёшли гўзаллар гўзали.

Шоҳжаҳон кейинроқ Мумтозбегим дея ном олган Аржумандбону билан умрининг охиригача бирга яшашни истарди. Мумтозбегим ўн уч фарзанд кўради. Ёши ўттиз бешдан ўтган бўлса-да, чиройи тобора ошса-ошган, сира камаймаган. Шоҳжаҳоннинг унга нисбатан муҳаббати ҳам тобора кучайгандан-кучайган.

Вале, эвоҳ, кучли муҳаббат меваси бўлган ўн тўртинчи фарзандни дунёга келтириш арафасида Мумтозбегим қийналади. У севимли ёрини қутқариш учун бор тожу тахти-ю, азиз жонини беришга-да тайёр қалбининг шоҳи — Шоҳжаҳонига умидвор тикилади. Ишқ тўла кўнгил шоҳлигини унутиб, ёнида тиз чўккан, кўзларини оғир мунг эгаллаб олган вафодор ёрдан айрилишни истамайди. Лекин тақдир, дейдилар. Оғир дарддан юзлари янада чирой очиб бораётган Мумтозбегим Шоҳжаҳондан ўзини унутмаслигини, агар… агар вафот этса, унга атаб жаҳонда тенги йўқ, мақбара қуришини, болаларини азиз тутишини сўрайди…

Дунё-дунё бойликлари бор Шоҳжаҳон энг қимматли, топиб бўлмас бойлигидан ажралиш азобига чидаёлмайди. Қоп-қора сочлар бир тун ўтмаёқ оппоқ бўлиб оқаради. Айрилиқ ўртаган юрак ғуссага тўлади. Шоҳжаҳоннинг кўзига ёруғ дунё қоронғилашади. У ўлимига рози бўлади. Лекин ана шу онларда севимли ёри — қалбининг Аржуманди, Мумтозбегимнинг васият каби янграган сўнгги илтимоси ёдига тушади. Бу илтимосни бажариш учун Аллоҳдан кучли сабр ва ирода, куч-қувват, умр тилайди.

Юраги тўла қайғу шоҳ Ҳиндистонда икки йиллик мотам эълон қилади. У Мумтозбегим учун жаҳонда мисли йўқ ёдгорлик ўрнатиш хаёли билан кунларни тунларга, тунларни кунларга улайди. Ниҳоят, лойиҳалардан бири маъқул бўлади. Бўлажак бинода Мумтозбегимнинг беқиёс гўзаллиги акс этиб тургандайин туюлаверади.

Фақат мақбара учун эмас, унинг атрофидаги бинолар учун энг қимматбаҳо тошлар танланади. Оқ мармар унча-мунча эмас — 300 километр наридан ташиб келтирилади. Мумтозбегимнинг қабри устидаги қора мармар эса, олис орол — Шри Ланкадан олиб келинади.

Мен хаёлимда кечаётган сўнгги манзарани нари қувишга интиламан, гарчи муҳаббат тўла қалблар айрилиғи, ҳали ҳаётга, севимли ёрига тўймаган Мумтозбегимнинг ҳусну латофатини заррача йўқотмасдан, ойдай тўлганда вафот этиши тарихий ҳақиқат бўлса-да, мен ишқ афсонасининг давом этишини истайман.

Шу ондаёқ шундайгина кўз ўнгимда сутдек оппоқ мармар бино гавдаланади. Унга боқиб, кўзинг қамашади. Бино тонгда кумуш рангда жилоланади. Қуёш ботаётган пайтда эса, тилло рангини олади. Шунинг учун йўлбошловчилар сайёҳларга мақбарани тонгда ёки оқшом пайти бориб кўришни ҳам тавсия қилишади

Ана Шоҳжаҳон оппоқ қуш мисол Тожмаҳалга тикилганча янги режа тузмоқда. У Жамнанинг нариги қирғоғида иккинчи Тожмаҳал қуришни ўйлаётир. Фақат янги бино оқ мармардан эмас, балки қора мармардан қурилади. Жамнанинг сўл соҳилида оппоқ Тожмаҳал, ўнг қирғоғида қора мармардан тикланган Тожмаҳал…

Лекин… Эҳ, шоҳ тахти намунча жозибали бўлмаса! Ана Аврангзеб тахт иштиёқида қилич кўтариб отасига қарши бораётир. Шоҳжаҳон учун дунёсининг дунёси — Мумтозбегимдан аълороқ, афзалроқ нима бор эди. Битта тахт не, мингта тахт унинг олдидан ўтавермайдими! Фақат қора мармарли Тожмаҳални битирганда эди, Жамнанинг у томонида севимли малика Мумтозбегим, бу томонида Шоҳжаҳон соғинч ила бир-бирларига тикилиб ётаверардилар. Дунё тургунча. Абадул-абад!

Вале, шоҳлик орзусидаги ўғил отани бобоси — Акбаршоҳ қурган қизил қасрга элтиб, қамаб қўяди. Шоҳжаҳон Агра четидаги бу қасрдан Тожмаҳалга, тенги йўқ ёрига термулиб ўтиришдан бошқа илож топа олмайди.
043 Орадан йиллар ўтиб тақдир яна севишган икки инсонни бирлаштиради. Шоҳжаҳон Мумтозбегимнинг ёнига дафн этилади.

Тожмаҳал! Кунига 70-80 минг одам зиёрат қилаётган муҳаббат рамзи! Ана, дунёнинг турли томонларидан шу ишқ рамзи олдида аҳдлашув учун келган юзлаб йигит-қизлар бир Тожмаҳалга боқишади, бир муҳаббат тўла кўзларига! Улар бир умрга вафоли ёр бўлишга аҳдлашар эканлар, қалбларидан жой олган ишқ худди Шоҳжаҳон ва Мумтозбегимнинг буюк муҳаббати сингари бўлишини орзу қиладилар. Фақат ёшлар эмас, ўрта ёшли, бундан ёшроқ ё каттароқ одамлар — эр-хотинлар ҳам Тожмаҳал олдида таъзим айлаб, ишқ истило этган юраклари ҳеч қачон ҳувиллаб қолмаслиги учун яна бир бор аҳдлашадилар. Иккови ҳам аравачада ўтирган кекса эр-хотиннинг янги аҳдлашувдан кейин нигоҳлари, нигоҳлари эмас, юраклари янада ёшариб кетади. Аёл муҳаббат ёғилиб турган Тожмаҳалга тикилганча қолган. Эр ўзи бир умр кўришни орзу қилган, ишқдан яралган Тожмаҳал ва унинг ёнидаги бошқа кўркам биноларни қайта-қайта суратга олиш билан банд…

Мен шу топда бир пайтлар севгига ета олмаган ёшлар Тожмаҳал минораларидан баланд кўтарилиб ўзларини ташлаб юборишганини эслайман. Нақ 45-50 метр баландликдан! Ҳозирда муҳаббатига ета олмаганлар ё ишқи рад этилганлар чиқмасликлари учун минора-лар беркитиб қўйилган.

Кимдир ортимда шивирлайди: «Биласизми, ўқиганим бор — Тожмаҳал қурилиши учун шу пайтдаги пулга чаққанимизда нақ 100 миллион АҚШ доллари сарфланган!»

Мен бу буюк мўъжизани пулга чақиш мумкинмикан, деб ўйлайман. Тожмаҳални асраш учун 1983 йилда у ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганини эслайман.

Бундан тўққиз йил олдин — 2007 йилда эса, Тожмаҳал дунёнинг янги мўъжизаларидан бири сифатида эътироф этилгани-чи!

Шоҳжаҳон Тожмаҳални қуриш учун 23 йиллик умрини сарфлади. Милодий 1632 йилда бошланиб, 21 йил давом этган бу мислсиз қурилишда Эрону Турон, Тибету Ҳиндистон — жаҳоннинг тўрт томонидан келган 22 минг нафар маҳоратли уста ишлаган. Тожмаҳалнинг баландлиги 74 метр бўлиб, тўлиқ оқ мармардан кўтарилган. Бинонинг тўрт тарафида тўртта минора осмонга бўй чўзиб турибди.

Бино деворларига меъморларнинг исми шарифи битилган. Тожмаҳал мақбараси — танассуқ (симметрия)нинг амалдаги энг мукаммал намунаси. Унга қай тарафдан қараманг, бир хил кўринади ва сиз бу мукаммалликка қойил қоласиз. Қимматбаҳо рангли тошлар билан безатилган мақбара деворидан сира кўз узгинг келмайди. Лекин тўхтовсиз кириб келаётган зиёратчиларга жой бериш зарурлигини ўйлаб, зўрға кўнгил узиб, ташқари чиқасан.
«Абадийлик юзидаги кўз ёш». Мен Тожмаҳал боғида узоқ сайр этар эканман, буюк ҳинд мутафаккири, дунёга донғи кетган адиб Робиндранат Таҳурнинг Тожмаҳалга берган бу таърифини қайта-қайта эслайман.

«Муҳаббат рамзи»ни ўз кўзим билан кўрганимдан сўнг йилига Ҳиндистонга келаётган бир ярим миллиард сайёҳнинг кўпроқ Аграга бориш, Тожмаҳални зиёрат этиш истагида дунёнинг беш қитъасидан ташриф буюришлари сабабини яна бир бор тушунаман. Ҳа, айтгандай, Ҳиндистон давлати сайёҳлар ташрифидан оз эмас — йилига нақ 2,5 миллиард доллар фойда кўради-я!

Ана боғ сайридан сўнг минг-минглаб инсонлар Тожмаҳал зиналарига қадам қўйишга тараддудланишмоқда. Бунинг учун ҳамма, ҳа, ҳамма оёқ кийимини ечмоқда. Кимдир янги, тоза оқ шиппак кийиб, кимдир ялангоёқ Тожмаҳал томон кўтарилмоқда. Аслида масжид, энг муқаддас даргоҳларга оёқ кийимисиз кирилади. Шу топда мен Тожмаҳалнинг нақадар муқаддаслиги ҳақида ўйлайман. Буюк, пок муҳаббат тимсоли — Тожмаҳал инсон қалбининг, жисмининг поклигини суяди.

Тожмаҳал билан хайрлашиб кетар эканман, ортимда маъюс нигоҳни сезаман. Лекин энди абадийлик юзидаги кўз ёшига қайрилиб қарашга куч топа олмайман…

Хўжанд-Деҳли-Жайпур-Агра-Деҳли-Хўжанд.

Источник видео: AirPano.ru

Men dunyo mo‘jizalaridan biri sifatida e’tirof etilgan Tojmahal haqida ko‘p o‘qigandim va eshitgandim. Boburiylar avlodidan, Akbarshohning nabirasi Shohjahon tomonidan uning sevimli xotini Mumtozbegimga atab qurilgan, ko‘zlarni qamashtiruvchi, dillarni rom etuvchi bu mahobat binosi besh asrdan buyon muhabbat ramzi bo‘lib kelyapti.

TOJMAHAL
yo abadiylik yuzidagi ko’z yosh
O’rinboy USMON
011

O‘rinboy Usmon 1951 yil 2 noyabrda Tojikistonning Xo‘jand tumanida tug‘ilgan. 1973 yili Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetini bitirgan. 1975 yildan hikoyalari «Sharq Yulduzi», «Yoshlik», «Yosh kuch», «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» nashrlarida, “Yoshlik” almanaxida chop etilgan. Birinchi kitobi «Spitamen qotili» nomi bilan 1992 yili Toshkentda nashr etilgan. Shundan keyin adibning Toshkent va Xo‘janddagi nashriyotlarda «Sinchli uy», «Ko‘rgilik», «Anqoning urug‘i» va «Daraxtga do‘ngan odam» deb nomlangan kitoblari chop etildi.
O‘rinboy Usmon o‘nlab hikoyalar, «Qishdan oldingi fasl», «Safo chig‘irig‘i» kabi qissalar, «Ta’qib» romani, «Muqaddas», «Qari qiz» va «Osmondan tushgan odam» («Qulf») dramalari muallifidir. Vasiliy Shukshin kabi rus adiblari, Mehmon Baxtiy, Ma’ruf Bobojon, Hoji Sodiq kabi tojik yozuvchilari asarlarni o‘zbek tiliga o‘girgan.

011

043 Men dunyo mo»jizalaridan biri sifatida e’tirof etilgan Tojmahal haqida ko’p o’qigandim va eshitgandim. Boburiylar avlodidan, Akbarshohning nabirasi Shohjahon tomonidan uning sevimli xotini Mumtozbegimga atab qurilgan, ko’zlarni qamashtiruvchi, dillarni rom etuvchi bu mahobat binosi besh asrdan buyon muhabbat ramzi bo’lib kelyapti.

Muhabbat bo’lganda ham, benazir ulkan muhabbat ramzi.

Afsonaviy Tojmahalni ko’rish uchun uzundan-uzun, bir necha qator navbatda turgan yoshu qari odamlarning ko’zlarida baxtiyorlikni ko’raman.

Chet ellik sayyohlar uchun o’rta qatordan alohida yo’l ajratilgan. Ular boshqalar kabi uzoq muddat navbatda turishmaydi. Lekin baribir xorijlikmi, hindistonlikmi, erkakdir, ayoldir sinchiklab tekshirib ko’rilar ekan. Erkaklarni erkak tekshiruvchilar, ayollarni ayollar… Inson hayotiga xavf solishi mumkin, deb hisoblangan har bir narsa olib qo’yiladi, hatto, oddiy shisha yo chinni suv idish bo’lsin. Men fotoapparatni olib qo’ymasliklaridan xursand bo’ldim. Demak, Tojmahalni suratga olish, uning manzarasida suratga tushish imkoni bor.

Qip-qizil darvozadan o’tib, qizil toshlar ustida qadam tashlab borar ekanman, ko’z o’ngimda quyosh nurida oppoq tovlanib turgan marmar bino — Tojmahal paydo bo’ladi. Unga uzoq-uzoq tikilaman. Mehr-muhabbat bilan tikilaman. Nazarimda bino ichidan Shohjahon va Mumtozbegim yonma-yon chiqib kelishayotganday tuyuladi. Oshiq shoh, ma’shuqa malika salkam yigirma gektarlik bog’ni to’ldirgan ming-minglab odamga mehr bilan tikilishadi, ishq to’la ko’zlari go’zal, sehrli muhabbat tarixidan so’zlaydi.

Maqbaraga eltuvchi yo’llar o’rtasiga tikilgan yam-yashil daraxtlar ulkan muhabbat qarshisida bosh egib turgandayin ta’zimda, favvoralar sochilib turgan hovuzdagi moviy suv Shohjahon va Mumtozbegimning qadam tovushlarini eshitmay qolmaslik uchun sokinlashib qolgandayin.

Ko’z o’ngimda oddiygina kiyingan, kambag’alligi ko’rinib turgan, lekin bag’oyat go’zal qizdan ko’z uzmasdan qolgan yosh Shohjahon gavdalanadi. U Arjumandbonu deb atalgan bu qizni ko’rar ekan, chiroyda tengi yo’q, latofatu nazokatda mislsiz boshqa qizlarni unutadi. Shoh qalbini faqat ana shu oddiygina, lekin go’zallar malikasi ishqi egallaydi. Endi bu qalbda boshqa go’zallar uchun kichkinagina bo’lsa-da joy yo’q. Na birinchi xotini esiga tushadi, na saroyidagi bir qarashiga intizor turgan oy yuzli kanizaklar. Endi uning uchun faqat birgina qiz, bir yor bor — Arjumandbonu — o’n to’qqiz yoshli go’zallar go’zali.

Shohjahon keyinroq Mumtozbegim deya nom olgan Arjumandbonu bilan umrining oxirigacha birga yashashni istardi. Mumtozbegim o’n uch farzand ko’radi. Yoshi o’ttiz beshdan o’tgan bo’lsa-da, chiroyi tobora oshsa-oshgan, sira kamaymagan. Shohjahonning unga nisbatan muhabbati ham tobora kuchaygandan-kuchaygan.

Vale, evoh, kuchli muhabbat mevasi bo’lgan o’n to’rtinchi farzandni dunyoga keltirish arafasida Mumtozbegim qiynaladi. U sevimli yorini qutqarish uchun bor toju taxti-yu, aziz jonini berishga-da tayyor qalbining shohi — Shohjahoniga umidvor tikiladi. Ishq to’la ko’ngil shohligini unutib, yonida tiz cho’kkan, ko’zlarini og’ir mung egallab olgan vafodor yordan ayrilishni istamaydi. Lekin taqdir, deydilar. Og’ir darddan yuzlari yanada chiroy ochib borayotgan Mumtozbegim Shohjahondan o’zini unutmasligini, agar… agar vafot etsa, unga atab jahonda tengi yo’q, maqbara qurishini, bolalarini aziz tutishini so’raydi…

Dunyo-dunyo boyliklari bor Shohjahon eng qimmatli, topib bo’lmas boyligidan ajralish azobiga chidayolmaydi. Qop-qora sochlar bir tun o’tmayoq oppoq bo’lib oqaradi. Ayriliq o’rtagan yurak g’ussaga to’ladi. Shohjahonning ko’ziga yorug’ dunyo qorong’ilashadi. U o’limiga rozi bo’ladi. Lekin ana shu onlarda sevimli yori — qalbining Arjumandi, Mumtozbegimning vasiyat kabi yangragan so’nggi iltimosi yodiga tushadi. Bu iltimosni bajarish uchun Allohdan kuchli sabr va iroda, kuch-quvvat, umr tilaydi.

Yuragi to’la qayg’u shoh Hindistonda ikki yillik motam e’lon qiladi. U Mumtozbegim uchun jahonda misli yo’q yodgorlik o’rnatish xayoli bilan kunlarni tunlarga, tunlarni kunlarga ulaydi. Nihoyat, loyihalardan biri ma’qul bo’ladi. Bo’lajak binoda Mumtozbegimning beqiyos go’zalligi aks etib turgandayin tuyulaveradi.

Faqat maqbara uchun emas, uning atrofidagi binolar uchun eng qimmatbaho toshlar tanlanadi. Oq marmar uncha-muncha emas — 300 kilometr naridan tashib keltiriladi. Mumtozbegimning qabri ustidagi qora marmar esa, olis orol — Shri Lankadan olib kelinadi.

Men xayolimda kechayotgan so’nggi manzarani nari quvishga intilaman, garchi muhabbat to’la qalblar ayrilig’i, hali hayotga, sevimli yoriga to’ymagan Mumtozbegimning husnu latofatini zarracha yo’qotmasdan, oyday to’lganda vafot etishi tarixiy haqiqat bo’lsa-da, men ishq afsonasining davom etishini istayman.

Shu ondayoq shundaygina ko’z o’ngimda sutdek oppoq marmar bino gavdalanadi. Unga boqib, ko’zing qamashadi. Bino tongda kumush rangda jilolanadi. Quyosh botayotgan paytda esa, tillo rangini oladi. Shuning uchun yo’lboshlovchilar sayyohlarga maqbarani tongda yoki oqshom payti borib ko’rishni ham tavsiya qilishadi

Ana Shohjahon oppoq qush misol Tojmahalga tikilgancha yangi reja tuzmoqda. U Jamnaning narigi qirg’og’ida ikkinchi Tojmahal qurishni o’ylayotir. Faqat yangi bino oq marmardan emas, balki qora marmardan quriladi. Jamnaning so’l sohilida oppoq Tojmahal, o’ng qirg’og’ida qora marmardan tiklangan Tojmahal…

Lekin… Eh, shoh taxti namuncha jozibali bo’lmasa! Ana Avrangzeb taxt ishtiyoqida qilich ko’tarib otasiga qarshi borayotir. Shohjahon uchun dunyosining dunyosi — Mumtozbegimdan a’loroq, afzalroq nima bor edi. Bitta taxt ne, mingta taxt uning oldidan o’tavermaydimi! Faqat qora marmarli Tojmahalni bitirganda edi, Jamnaning u tomonida sevimli malika Mumtozbegim, bu tomonida Shohjahon sog’inch ila bir-birlariga tikilib yotaverardilar. Dunyo turguncha. Abadul-abad!

Vale, shohlik orzusidagi o’g’il otani bobosi — Akbarshoh qurgan qizil qasrga eltib, qamab qo’yadi. Shohjahon Agra chetidagi bu qasrdan Tojmahalga, tengi yo’q yoriga termulib o’tirishdan boshqa iloj topa olmaydi.
Oradan yillar o’tib taqdir yana sevishgan ikki insonni birlashtiradi. Shohjahon Mumtozbegimning yoniga dafn etiladi.

Tojmahal! Kuniga 70-80 ming odam ziyorat qilayotgan muhabbat ramzi! Ana, dunyoning turli tomonlaridan shu ishq ramzi oldida ahdlashuv uchun kelgan yuzlab yigit-qizlar bir Tojmahalga boqishadi, bir muhabbat to’la ko’zlariga! Ular bir umrga vafoli yor bo’lishga ahdlashar ekanlar, qalblaridan joy olgan ishq xuddi Shohjahon va Mumtozbegimning buyuk muhabbati singari bo’lishini orzu qiladilar. Faqat yoshlar emas, o’rta yoshli, bundan yoshroq yo kattaroq odamlar — er-xotinlar ham Tojmahal oldida ta’zim aylab, ishq istilo etgan yuraklari hech qachon huvillab qolmasligi uchun yana bir bor ahdlashadilar. Ikkovi ham aravachada o’tirgan keksa er-xotinning yangi ahdlashuvdan keyin nigohlari, nigohlari emas, yuraklari yanada yosharib ketadi. Ayol muhabbat yog’ilib turgan Tojmahalga tikilgancha qolgan. Er o’zi bir umr ko’rishni orzu qilgan, ishqdan yaralgan Tojmahal va uning yonidagi boshqa ko’rkam binolarni qayta-qayta suratga olish bilan band…

Men shu topda bir paytlar sevgiga yeta olmagan yoshlar Tojmahal minoralaridan baland ko’tarilib o’zlarini tashlab yuborishganini eslayman. Naq 45-50 metr balandlikdan! Hozirda muhabbatiga yeta olmaganlar yo ishqi rad etilganlar chiqmasliklari uchun minora-lar berkitib qo’yilgan.

Kimdir ortimda shivirlaydi: «Bilasizmi, o’qiganim bor — Tojmahal qurilishi uchun shu paytdagi pulga chaqqanimizda naq 100 million AQSH dollari sarflangan!»

Men bu buyuk mo»jizani pulga chaqish mumkinmikan, deb o’ylayman. Tojmahalni asrash uchun 1983 yilda u YUNESKOning Butunjahon merosi ro’yxatiga kiritilganini eslayman.

Bundan to’qqiz yil oldin — 2007 yilda esa, Tojmahal dunyoning yangi mo»jizalaridan biri sifatida e’tirof etilgani-chi!

Shohjahon Tojmahalni qurish uchun 23 yillik umrini sarfladi. Milodiy 1632 yilda boshlanib, 21 yil davom etgan bu mislsiz qurilishda Eronu Turon, Tibetu Hindiston — jahonning to’rt tomonidan kelgan 22 ming nafar mahoratli usta ishlagan. Tojmahalning balandligi 74 metr bo’lib, to’liq oq marmardan ko’tarilgan. Binoning to’rt tarafida to’rtta minora osmonga bo’y cho’zib turibdi.

Bino devorlariga me’morlarning ismi sharifi bitilgan. Tojmahal maqbarasi — tanassuq (simmetriya)ning amaldagi eng mukammal namunasi. Unga qay tarafdan qaramang, bir xil ko’rinadi va siz bu mukammallikka qoyil qolasiz. Qimmatbaho rangli toshlar bilan bezatilgan maqbara devoridan sira ko’z uzging kelmaydi. Lekin to’xtovsiz kirib kelayotgan ziyoratchilarga joy berish zarurligini o’ylab, zo’rg’a ko’ngil uzib, tashqari chiqasan.
«Abadiylik yuzidagi ko’z yosh». Men Tojmahal bog’ida uzoq sayr etar ekanman, buyuk hind mutafakkiri, dunyoga dong’i ketgan adib Robindranat Tahurning Tojmahalga bergan bu ta’rifini qayta-qayta eslayman.

«Muhabbat ramzi»ni o’z ko’zim bilan ko’rganimdan so’ng yiliga Hindistonga kelayotgan bir yarim milliard sayyohning ko’proq Agraga borish, Tojmahalni ziyorat etish istagida dunyoning besh qit’asidan tashrif buyurishlari sababini yana bir bor tushunaman. Ha, aytganday, Hindiston davlati sayyohlar tashrifidan oz emas — yiliga naq 2,5 milliard dollar foyda ko’radi-ya!

Ana bog’ sayridan so’ng ming-minglab insonlar Tojmahal zinalariga qadam qo’yishga taraddudlanishmoqda. Buning uchun hamma, ha, hamma oyoq kiyimini yechmoqda. Kimdir yangi, toza oq shippak kiyib, kimdir yalangoyoq Tojmahal tomon ko’tarilmoqda. Aslida masjid, eng muqaddas dargohlarga oyoq kiyimisiz kiriladi. Shu topda men Tojmahalning naqadar muqaddasligi haqida o’ylayman. Buyuk, pok muhabbat timsoli — Tojmahal inson qalbining, jismining pokligini suyadi.

Tojmahal bilan xayrlashib ketar ekanman, ortimda ma’yus nigohni sezaman. Lekin endi abadiylik yuzidagi ko’z yoshiga qayrilib qarashga kuch topa olmayman…

Xo’jand-Dehli-Jaypur-Agra-Dehli-Xo’jand.

066

(Tashriflar: umumiy 429, bugungi 1)

Izoh qoldiring