Otabek Safarov. Ijod zavqi va mashaqqatlari ( Shukur Xolmirzayevning romanlari)

boysun

     Мақоладан: Cалкам етмиш йил мобайнида қатор-қатор тадқиқотларда, бадиий асар сифатида тақдим этилган битикларда «босмачилик» деб атаб келинган, аслида эса ватандошларимизнинг босқинчиларга қарши кураши ўлароқ юзага келган миллий озодлик ҳаракатига бағишланган “Қилкўприк” романи ҳам мафкурашунослар чиғиридан ўтган. Адибнинг ўзи бу ҳақда шундай эслайди: “Қилкўприк» романида эса, дунё қўлдан кетди, деганман. Бунда 18-йил воқеалари ёзилган, лекин мен 22-йил, деб сакраб ёзганман. Мени концепция қизиқтирган. «Қилкўприкдан ўтдик, жаннатга эмас, дўзахга ўтдик». Шу охирги жумла чиқмаган. Аслида, охири бундай тугаган эди: «Дўстлик қабристони тепасида бир неча кишилар пайдо бўлди. «Э, бу бойнинг қизи экан-ку. Бу эшони Судурнинг набираси экан-ку», деб уларнинг сўнгакларини олиб, Бойсунсойга ташладилар. Итлар ғажиб ташлади». Мен шу жумла учун бу асарни ёзган эдим” 

Отабек Сафаров
ИЖОД ЗАВҚИ ВА МАШАҚҚАТЛАРИ

      Ўзбекистон халқ ёзувчиси, фидойи адиб Шукур Холмирзаевдан салмоқли адабий мерос қолди. Айниқса, ўзбек ҳикоячилигига катта ҳисса қўшган носирнинг “Сайланма”лари (дастлабки уч жилди)га жамланган саксон еттита, ўзининг таъбири билан айтганда, ҳар бири “дунё адабиёти ҳикоячилигига бўйлаб” ёзилган ҳикоялар унинг бутун ижоди, хусусан, кичик жанрдаги самарали фаолияти ҳақида тўлақонли тасаввур бера олади. Аммо, адабиёт ихлосмандларига яхши маълумки, Шукур Холмирзаев фақат ҳикоянавислик билан чекланиб қолгани йўқ, аксинча, у бадиий ижоднинг бошқа жанрларига ҳам мурожаат этган, жумладан, қатор эссе, қисса, роман, драматик асарлар, табиат ва инсон, адабиёт ва жамиятаро муносабатларга бағишлаб кўплаб мақолалар ёзган фаол муаллифларда эди.
Ёзувчи Ўткир Ҳошимов ижодкор дўсти ҳақида шундай эслайди: “Шукур ҳақиқий адабиёт фидойиси эди, ҳақиқий адиб эди. Қўша-қўша “участка”лар солмади, қўша-қўша машиналар олмади, саунали дачалар қурмади. Нуқул ижод қилди…” . Шукур Холмирзаевнинг адабиётга сидқидилдан хизмат қилганини, унинг учун адабиёт ҳаёт кечириш воситаси эмас, аксинча, яшашнинг шакли эканлигини адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев ҳам таъкидлайди: “Сўз одамлари орасида мен фақат Шукур Холмирзаевнигина адабиёт фидойиси деб айта оламан. Шукур ака ўзидан кўра адабиётни кўпроқ севмоқнинг уддасидан чиқди. У қулайликлардан воз кечиб, адабиётга хизмат қилишга ўзида куч топа олди. Ёзувчи адабиётни ўзига хизмат қилдирмади, аксинча, бир умр унга хизмат қилди” . Чиндан ҳам, Шукур Холмирзаевнинг адабиётга фидойилиги, бир томондан, замондошларининг эътирофида кўринса, бошқа жиҳатдан, ижодида намоён бўлади. Масалан, адиб умрининг охирги ўн-ўн беш йилида битган бир қатор асарларида, хусусан, «Олабўжи» романида, “Булут тўсган ой”, “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди…”, “Аросат” ҳикояларида жамиятда кечаётган ўзгаришларга мослашолмай қийналаётган, икки йўл орасида қолган изтиробдаги ижодкор-ёзувчи образини гавдалантирди. Бу бежиз эмас. Чунки айнан шундай руҳдаги қаҳрамонлар, табиатан адабиётга, санъатга, тарихга фидойиликлари; турли талотумлар вақтида сув бетидаги хасдек юзага қалқиб чиққан олғирлик, ўзбилармонлик, манманлик каби иллатларнинг урчиб кетаётганини қабул қилолмасликлари билан муаллифга – Шукур Холмирзаевнинг ўзига ўхшайди. Чунончи, “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди…” ҳикояси қаҳрамони Қудратнинг: “Маънавиятнинг қадри шунчалар тушиб кетадими?
Еб, ичиб, борингки, туғдириб, ухлайдиганлар замони келгандай: ҳолбуки, бу иш – фақат жонли жониворларга хосдир. Ахир, бизлар – одам…” , деган ўкинчларида ёхуд “…менинг мафкурам – ҳаётни борича севиш эди. Ҳалиям ундан қайтмаган эдим. Аммо…
…шу ҳаётнинг ўзи, нима бало, чарчатганмиди, жонга текканмиди, билмайман” қабилидаги иккиланишларида муаллифнинг ҳам ўй-фикрлари, изтироблари бўртиб кўринади.
Шукур Холмирзаев адабий мероси ҳақида гап кетганда бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Ёзувчининг китобхонлар эътиборига ҳавола этилганларидан ташқари турли сабаблар билан нашр юзини кўрмаган ёки бир қисми эълон қилинган, алоҳида китоб шаклида чоп этилмаган асарлари ҳам бор. Гарчанд умр бўйи адабиёт дарди билан яшаб, унинг муаммосини ўз қайғуси деб билган эса-да, адиб кўпроқ ёзишни ўйлаган, асарларининг босилиб чиқишига иккинчи даражали масала деб қараган эди. Бу ҳақда ўзи шундай ёзади: “…мени ҳамма вақт фақат ёзиш қизиқтирган, ёзиш жараёнидан завқ олганман. Асар матбуотда чиққач, бир кун-ярим кун хаёлимда бўлган, кейин елкамдан ошириб ташлаганман, давоми қизиқтирмаган” . Натижада ёзувчининг асарлари алоҳида китоб ҳолида эълон қилинмай, газета-журналлар ва айрим тўпламлар қатида қолиб кетаверади…
Орада анча йиллар китоби чоп этилмаган Шукур Холмирзаевнинг ҳикоя ва эсселари янги асримизнинг бошида “Шарқ” нашриётида тўрт жилдда “Сайланма” кўринишида эълон қилинди, адибнинг ўзи қониқиш билан айтганидек, “Шундай қилиб, кун «Шарқ»дан чиқди” . Аммо, юқорида таъкидланганидек, ҳали ёзувчининг романлари китоб ҳолида нашр этилгани йўқ (ёзилган вақтида чоп этилган “Сўнгги бекат” ва “Қилкўприк” романлари бундан мустасно). Унинг йирик жанрдаги асарларидан кўпчиликнинг, айниқса, ёшларнинг хабардор эмасликлари сабаби ҳам, бир жиҳатдан, айни омил билан изоҳланади.
Адибнинг китобхонлар ҳукмига ҳавола этилган романи бешта: 1) “Сўнгги бекат” (1974), 2) “Қилкўприк” (1984), 3) “Йўловчи” (1986), 4) “Олабўжи” (1992), 5) “Динозавр” (1996). Булардан учтаси – “Йўловчи” (бир қисми), “Олабўжи” ва “Динозавр” (биринчи китоби) “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида чоп этилган. Аммо бу асарларнинг тақдири ҳам силлиқ кечмаган. Биринчидан, муаллиф ўз ижодига танқидий кўз билан қарагани, ёзаётганларини изланишлар натижаси деб билгани боис, ушбу асарларидан кўнгли тўлмаган. “Шукур Холмирзаев ўзига талабчан ёзувчи, – деб ёзади адабиётшунос олим М.Қўшжонов. – Асар устида узоқ вақт ишлаб, битгач ўзига ёқмай қолса, “уни бир амаллаб эълон қилиб ола қолай”, деб ўйламайди, ҳатто ундан воз кеча олади ҳам” . Бу фикрни ёзувчининг ўзи ҳам тасдиқлайди. У бир жойда “Йўловчи” романининг журналда эълон қилинган дастлабки ўн олти бобидан воз кечганини айтса («янги йилда… элликка тўламан, нималар ёздим, қайсилари арзирли? – юзлаб ҳикоядан беш-ўнтаси, қиссалардан бир-иккиси, романлардан… бири. (Ўн олти боби эълон қилинган «Йўловчи»дан ҳам воз кечдим)» ), бошқа бир суҳбатда «Қилкўприк» романи ҳам кўнглидагидек чиқмаганини билдиради: «Бальзак битта роман ёзишдан олдин бешта романнинг бошига етган. Шундай экан, нега машқ қилиб кўрмаслигимиз керак? Ҳозир 4–5 романим бор. Сўнггиси, «Олабўжи» ўтган йили «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилинди… Назаримда, ҳозирча энг яхши романим шу бўлса керак. Шунинг учун ҳам «Йўловчи», «Қилкўприк» романларимдан кечдим» (таъкидлар бизники – О.С.).
Иккинчидан, муаллифнинг асарлари ёзилганидан сўнг ҳам осонликча чоп этилавермаган, ўз вақтида жуда кучли қудратга эга бўлган адабий назорат (цензура)нинг «таҳрир»идан ўтган (бундай қисматга бошқа ижодкорларнинг асарлари ҳам дуч келган эди). Масалан, салкам етмиш йил мобайнида қатор-қатор тадқиқотларда, бадиий асар сифатида тақдим этилган битикларда «босмачилик» деб атаб келинган, аслида эса ватандошларимизнинг босқинчиларга қарши кураши ўлароқ юзага келган миллий озодлик ҳаракатига бағишланган “Қилкўприк” романи ҳам мафкурашунослар чиғиридан ўтган. Адибнинг ўзи бу ҳақда шундай эслайди: “Қилкўприк» романида эса, дунё қўлдан кетди, деганман. Бунда 18-йил воқеалари ёзилган, лекин мен 22-йил, деб сакраб ёзганман. Мени концепция қизиқтирган. «Қилкўприкдан ўтдик, жаннатга эмас, дўзахга ўтдик». Шу охирги жумла чиқмаган. Аслида, охири бундай тугаган эди: «Дўстлик қабристони тепасида бир неча кишилар пайдо бўлди. «Э, бу бойнинг қизи экан-ку. Бу эшони Судурнинг набираси экан-ку», деб уларнинг сўнгакларини олиб, Бойсунсойга ташладилар. Итлар ғажиб ташлади». Мен шу жумла учун бу асарни ёзган эдим” (таъкидлар бизники – О.С.). Чиндан ҳам, асарда шўролар орасидан гўё қочган бўлиб лашкари ислом – “босмачилар” ичига борган Қурбон (“эшони Судурнинг набираси”) минг бир таҳликада, ҳар дам сири фош этилишидан хавотирланиб, жонини гаровга қўйганча шўро раҳбарлари берган топшириқни адо этадики, хизматлари эвазига “Бу эшони Судурнинг набираси”, деган айб билан (Ҳолбуки, Қурбоннинг устози эшони Судурдан қийнала-қийнала воз кечгани, унинг ўзларига хизмат қилишини истаб, “Шундай одам!.. Биз (шўролар – О.С.) тарафда бўлса!..” деган изтироблари романда маҳорат билан тасвирланган) сўнгаклари тимсолида хотирасининг хорланиши янги тузум – шўролар учун одамнинг заррача қадри бўлмаганининг далили эди. Айтиш керакки, “одамзоднинг иродасини букиш, руҳини синдиришга қаратилган” (Шукур Холмирзаев таъбири) собиқ тузумда одамнинг ўзидан кўра меҳнати устун қўйилгани, “хизматини ўтаган” деб ҳисобланган инсонлардан осонгина воз кечилгани шўроларга умрини тиккан, бу йўлда не-не жонбозликлар кўрсатган, аммо охирида хўрланган Эшниёзнинг аччиқ қисмати мисолида “Эсиз, Эшниёз” (1987–1988) ҳужжатли қиссасида гавдалантириб берилди.
Шукур Холмирзаевнинг “Динозавр” романи, гарчанд, адиб бу асарининг кўнглидагидек чиқишига умид қилган эса-да (“Динозавр” романим, илоё, сўнгги асарим бўлмасин, шу менинг суянган тоғим”), тугалланмай қолган. Асар уч қисмдан иборат бўлиши кўзда тутилган, биринчи қисми “Ёшлик” журналида чоп этилган, адиб иккинчи қисмини ҳам тугатиб, учинчи қисмини ёзаётгани ҳақида хабар берган , аммо асарнинг қолган қисми матбуот юзини кўрмаган.
Маълумки, адабиётшуносликда шоир ва ёзувчиларнинг қўлёзмалари, янги асар учун тўплаётган маълумотлари, шунингдек, асарларидаги ишоратлар орқали уларнинг ижодий нияти, режа ва ғоялари ҳақида ҳам сўз юритилади. Масалан, ҳазрат Алишер Навоий “Тарихи мулуки Ажам” асарининг сўнгида Султон Ҳусайн тарихи ҳақида достон ёзиш нияти борлигини баён этади. Шунингдек, улуғ шоирнинг кўп асрлик севги қиссаси – Юсуф ва Зулайҳонинг оташин муҳаббати ҳамда ўзининг севгиси ҳақида ҳам ёзмоқчи эканлигини билдиради. Севимли адибимиз Абдулла Қодирийнинг навбатдаги ижодий режаларидан бири “Амир Умархоннинг канизи”, “Намоз ўғри”, “Даҳшат” романларини ёзиш бўлганини мутахассислар қайд этишади .
Аслида ҳар бир ижодкорда бундай ният бўлиши табиий. Шукур Холмирзаев ҳам айрим суҳбат ва мақолаларида келгусидаги режаларини баён этади. Масалан, адиб бир ўринда «Қирқ оға-ини» деган 40 та ҳикоя ўйлаб» қўйганини, бошқа жойда «Аросат даштидан 73 мактуб» туркумида» ҳикоялар яратиш нияти борлигини билдиради. Шунингдек, ёзувчи Омон Мухторнинг эслашича, Шукур Холмирзаев икки мавзуда – муҳаббат тўғрисида ва шоир Турди Фароғий ҳақида роман ҳам ёзмоқчи бўлган: “…дўстим, оғайним, истеъдодли адиб Шукур Холмирзаев кўпинча суҳбатларимизда ёзаётган асарлари сингари, ўйланган асарлар бобида ҳам гапирар эди. Жумладан, икки роман устида сўзлашганимизни эслайман. Биринчиси, мумтоз адабиётимиз вакилларидан Турди – Фитрат таъбири билан айтганда, “ўзбекнинг бу қизиқарли шоири” – ҳақида роман. Иккинчиси, муҳаббат ҳақида. Бировга ўхшамаган янги талқинда” . Аммо бу ниятлар кўнгил қатида орзулигича қолиб кетди.
Шукур Холмирзаевни яқиндан таниганлар унинг чўрткесар, бир сўзли, камгап, баъзида қайсар инсон бўлганини эслашади. Қизиғи шундаки, Шукур аканинг табиатидаги бундай сифатлар асарлари тақдирига ҳам таъсир этган. Мана битта мисол: адиб “Хаёл ва ҳаёт” деган янги роман ёзиб, Ёзувчилар уюшмасига олиб боради. Дарвоқе, унгача адабиётшунос олимлар ва адиблардан И.Ғафуров, П.Шермуҳаммедов, Машраб Бобоев асарни мутолаа қилиб, муаллифни қутлашади. Ўзига ишонган ва табиийки, илк ўқувчиларнинг олқишларидан янада руҳланган Шукур Холмирзаев янги романини Ёзувчилар уюшмасига муҳокама учун тақдим этади. Бироқ… “Кенгаш раиси Ҳаким Назир жуда қийналиб кетиб: «Шукуржон, яхши-яхши. Аммо проблемаси йўқ. Ҳеч бўлмаса, асар марказига битта қишлоқ хўжалигига доир проблема қўшинг” , дейди. Бундай муносабатдан жаҳлланган Шукур Холмирзаев “романни Ёзувчилар боғидаги иморатнинг ортида – улкан чинор остида” куйдиради. Бир қараганда ёзувчи бамисоли бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйгандай – аламини асаридан олгандай туюлади. Қолаверса, ижодкорлар ҳаётини ўрганган кишиларнинг қайд этишларича, турли сабаблар билан, аксар ҳолларда, ёзганидан кўнгли тўлмаган муаллифнинг ўз қўлёзмасидан воз кечиши ягона ҳодиса эмас (Шукур Холмирзаевнинг ўзи ҳам айрим асарларидан воз кечмоқчи бўлганини юқорида эслатдик; бу борада ёзувчи Омон Мухторнинг гувоҳлиги ҳам эътиборли: “Шукурда кўнглига ўтирмаган нарсани аёвсиз йўқ қилиш одати бор эди. Эслайман, бир йили “Акс-садо” деган ажойиб роман ёзди. Лекин ўзига ёқмай, қаерлардадир қолиб кетдими?..” ). Аммо “Хаёл ва ҳаёт”нинг куйдирилиши – бошқа масала. Бунда ёзувчи ўзини тушунмаганликларидан ўксийди, игна билан қудуқ қазишдай машаққатли меҳнати қадрланмаганидан ҳам кўра фикри йўққа чиққанидан эзилади. Ижодкор учун ёзиш ўзини англатиш воситаси эканини инобатга оладиган бўлсак, фикри, нияти, ғоя ва мақсади ифодаланган асарининг жўн, юзаки баҳоланиши муаллиф учун ғоятда оғриқли экани аёнлашади. Зотан, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев таъкидлаганидек, “Ҳар қандай одам тушунилгиси келади. Айниқса, ижодкор. Уни ижод қилишга ундаган нарса ҳам айнан бошқалар томонидан тушунилиш истаги эмасми?!” .
Перулик ёзувчи Марио Варгас Льоса ижод моҳияти, ижодкорнинг адабий ва ҳаётий тутумлари ҳақида фикр юритиб, шундай ёзади: “Ҳақиқий бадиий истеъдод эгаси учун аввало Худо берган истеъдодни юзага чиқаришнинг ўзи олий мукофот, бошқа барча нарсалардан кўра ардоқлидир” . Айни мулоҳазаларни ҳеч бир муболағасиз Шукур Холмирзаевга нисбат бериш мумкин. Зотан, у ҳам ёзишдан лаззат олган, ижод машаққатларини ҳузур дея қабул қилолган ёзувчи эди. Адибнинг асарлари ҳамон мутолаа қилинаётгани эса у меҳнатларнинг бесамар кетмаганидан далолат беради.

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 2012 йил, 5-сон

Mazkur maqolani Shukur Xolmirzayevning facebookdagi sahifasida joylashtirgan (sahifani ham tashkil etgan) yosh do’stim Otabek Muhammadiyga minnatdorchilik bildiraman.

(Tashriflar: umumiy 238, bugungi 1)

Izoh qoldiring