Shukur Xolmirzayev. Adabiyot, yozuvchi va ijod haqida & Nazar Eshonqul. Shukur Xolmirzayev haqida

021 24 март — Атоқли ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг 80 йиллиги

    …Шахсан мен китобхонни бир ёққа торта билган, унинг дидига мўлжаллаб – унга асарини нима қилиб бўлса ҳам ёқтириш мақсадида эмас, ўша дидни бир баҳя бўлса-да кўтариш ниятида тер тўккан ёзувчиларни севаман…

Назар Эшонқул
ҲАМ ҲАЁТДА, ҲАМ АДАБИЁТДА ШАХС ЭДИ


Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — “Уруш одамлари” (1988). Шундан сўнг ёзувчининг “Момо қўшиқ”(1989), “Маймун етаклаган одам” (2001), “Шамолни тутиб бўлмайди” (2004), “Хароба шаҳар сурати” каби асарлари нашр этилган. Ф. К. Аниттининг “Ҳикоялар ва қиссалар”ини, А. Камюнинг “Эсселар”ини, Чеховнинг “Болохонали уй” ҳикоясини ўзбек тилига таржима қилган.


   0112005 йил ўзбек адабиётининг иккита катта устуни бизни ташлаб кетди. Мен бу ижодкорларни «вафот этди» деёлмайман. Улар бизни ташлаб кетишди. Адабиётдан, сўздан узоқлашган ўз ҳолимизга, ўзимиз ўралашиб қолган майда ташвишларимизга, шақирлаб бўлса ҳам кетиб бораётган ўз сўзидан холи аравамизга ташлаб кетишди. Ҳаётимизда пайдо бўлган, ҳали нималигини ўзимиз ҳам англамаган адабиётсиз қарашларимизга дахл қилмаслик, адабиёт завқи, сўз завқи аллақачон тарк этган, лоқайдлашган сийратимизга қараб туриб бошқа азобланмаслик учун бизни ташлаб кетишди. Уларнинг биз ҳақимиздаги энг катта хулосалари ҳам, эҳтимол, ана шудир – бизни ўз ҳолимизга, қандай бўлсак, шундайлигимизча, майда-чуйдаларга ўралашиб ётганимизча ташлаб кетганларидир?! Бундан ортиқ хулоса ва бундан ортиқ ҳукм бўлмайди…

Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев… Булар ХХ аср ўзбек адабиётининг икки жанрини дунёнинг илғор адабиётлари даражасига олиб чиққан катта ва чин маънодаги ижокдорлар эди. Бугун «ижодкор» деган ном анча сийқалашиб қолди. Тўйга борадиган отарчи ҳам ўзини «ижодкор-санъаткор» деб атаяпти. Аммо биз бу ерда чинакам ижодкорлик ҳақида гапиряпмиз.

Рауф ака ҳам, Шукур ака ҳам катта маънодаги ва асл маънодаги санъаткорлар, асл маънодаги ижодкорлар эди. Улар ўз ҳаётларидан ҳам адабиётни устун қўёлган шахслар эди. Бундай ирода камдан-кам ижодкорга насиб қилади. ХХ аср адабиётида истеъдодлар етарли. Бу борада кўпам нолимаймиз. Аммо адабиётни ўз ҳаётларидан ва ўзларидан устун қўйганлар жуда кам. Рауф аканинг ҳам, Шукур аканинг ҳам адабиётдан бошқа бирон овунчи, бошқа суянчиғи йўқ эди. Мен, ҳар қалай, шундай ўйлайман.

Улар иккаласи ҳам ўз ҳаётларини адабиёт йўлига қурбон қилдилар. Мен уларни «вафот этди» деёлмайман. Улар ўзлари танлаган йўлга ўзларини қурбон қилдилар. Уларнинг адабиётдан бошқа эътиқодлари йўқ эди. Бу фикр бир қарашда бадбинлик бўлиб туюлади. Бошқа эътиқодлар-чи? Ватан олдидаги, миллат, халқ олдидаги эътиқодлар-чи? Улар адабиёт деганда Ватанга муҳаббатни, халққа ва миллатга муҳаббатни, миллат ва халқ учун қайғуришни адабиёт деб билардилар. Ҳар иккисининг ҳам ўзлари асар деб ҳисоблаган қайси асарини олманг, бу яққол сезилади. Улар мана шу эътиқодларнинг ҳаммасини, жамини адабиёт деб билардилар. Улар шунинг учун яратилгандилар ва шу эътиқодга хиёнат қилмай дунёдан ўтдилар.

Шукур ака билан жудаям апоқ-чапоқ бўлмаганмиз. Мен ўзимни Шукур аканинг шогирди бўлганман, жуда кўп кунларимизни фалондай ўтказганмиз, бундай сабоқлар олганман деёлмайман. Бизнинг муносабатларда бундай қалинлик бўлмаган. Шунингдек, Шукур ака ҳам менга ҳеч қачон «насиҳат қилмаган». Бир суҳбатида Назарга бундай қилманг дедим дегандай гапирганди. Аммо мен бундай суҳбатни эслолмайман. Шукур акада насиҳат қилишнинг ўзи йўқ эди. Ё инкор қиларди, ё ёқтириб, «айланайин» деб гапга тортарди. Ёқмаган нарсасини ҳеч қачон ичига ютиб кетмаган.

Биз биринчи учрашувдаёқ, 1989 йили бўлса керак, жуда оддий гаплашганмиз. Шукур ака Ёзувчилар уюшмасида учратиб қолиб: «Маймун етаклаган одам»ни сиз ёздингизми?!» – деди. Мен бош ирғадим. «Ҳммм… Шундай ёзса ҳам бўларкан», – деди. Бу билан ҳикоя ёқдими, ёқмадими ё менга танбеҳ бердими, билолмадим. Бургутқараш қилиб, худди менинг ичимдагини ҳам уқиб олмоқчидек сал димоғ билан тикилди. Мендан ўша даврга хос бўлган, ўзининг тили билан айтганда, «адабий бодилик»ни излади. Кейин: «Мен жудаям содда қилиб ёзардим. Айлантириб ўтирмасдим. Бу чоли тушмагур кўп қирғинлар қилган. Халқни қирган, энди шумшайиб ўтирибди. Ўғлидан калтак еб ётибди, хор бўлиб, нима учун курашди, шу ўғлидан калтак ейиш учунми деб ёзардим» – деди. Ўшанда кутганимдек насиҳат ҳам қилмади, танқидий фикрларини ҳам айтмади, бошқа бундай ёзманг, менга ўхшаб ёзинг демади, фақат ўзининг қандай қилиб ёзиши мумкинлигини таъкидлади.

Мен ўша пайтгача Шукур ака ҳақида бошқача фикрда эдим. Негадир менга қўрс, манман, кибрли бўлиб кўринарди. Ўша суҳбатдан сўнг Шукур ака бирдан мен билан – энди ҳикоялар машқ қилаётган ёш йигит билан тенглашди, бўйини, қаддини ва обрўсини баробар қилди. Биз Шукур ака билан кейин анча йилларгача юзма-юз гаплашмадик. Аммо ўша суҳбатдан сўнг мен Шукур Холмирзаев ташқаридан қараганда туюладиган одаммаслигини, унинг кўзларига миниб олган нафратми, норозиликми, энг аввало, ўзига нисбатан норозилик эканини сездим.

Шукур Холмирзаев ўзига талабчан ёзувчи эди, ёзганларидан ҳеч қачон бирдан қониққан эмас. Унинг ХХ аср ҳикоячилигининг сара намуналари бўлган ҳикояларидан ҳам ўзи қониқмагани сезилиб туради. Бир марта Шукур акага: «Нега энг зўр ҳикояларингизда бирдан даврий чекиниш қилиб, публицистик изоҳга бериласиз, булар менга ортиқча туюлади, агар шуларни олиб ташласангиз, жуда зўр ҳикоялар»,– дедим. Мен «Тўп ўйин», «Озодлик» каби бир қанча ҳикояларидаги адибнинг воқеага атайлаб аралашган ва изоҳ берган жойларини айтган эдим. «Айланайин, шу ҳикоялар ўша гаплар билан туғилганда уларни қандай олиб ташлай, уларсиз ҳикоя тўкис бўлмайди»,– деди. Шукур ака менинг фикримдан ранжигани ёки ўзига олгани йўқ. Ўшанда ҳам мен ўзи фикримда қолганман. Шукур ака фикримни ўзгартиришга уринмаганди.

Кейинчалик «Ватан» газеатсида «Зулмат салтанатига саёҳат» номли ҳикоям босилиб чиқди. Ҳикоядаги якунни, ўша пайтлари, газетада адабиёт бўлимида ишларди, чоғи, Шукур ака ўзгартирганди. Ҳикоя «Йўқ, мақола ёзилмайди» деб тугарди. Шукур ака эса «Мақола деганим ҳикоя бўлиб чиқди» деб ўзгартирганди. Унинг якуни менга ёқмади ва буни телефон қилиб айтдим. Мен кутгандек жеркиб ёки ғазаб қилишнинг ўрнига «Менинг қўлимга беришгандан кейин нимадир қилай дедим-да, бўлмаса, ишлаганимни қандай билдираман?» – деди ҳазилга олиб. Ўшанда Шукур аканинг ижод масаласида бировга ҳеч қачон ўзининг фикрини мажбуран ўтказишга уринмаслигини, аксинча, ҳар қандай масалада ўзининг фикрига эса бўлганларни ёқтиришини сездим.

Биз бир неча марта Жойс, Кафка, Камю, Беккет, ҳатто мақоласига сарлавҳа қилган Алехо Корпентер ҳақида гаплашганмиз. Шукур ака бу ёзувчиларни тушунмасди, улар дунёсидан йироқ ҳам эмасди. Фақат бу номлар остида адабий бодилик қиладиганларни ёқтирмасди. Тилидаги заҳархандалик, қўрслиги – ҳаммаси ижод қилаётган истеъдоднинг инжиқликлари, ўзидан қониқмаслиги оқибатида пайдо бўлган кечинмалар эди.

Аммо адабиётда бирон истеъдодни сезса, гарчи ўзини худди бехабардек тутса ҳам, лекин ичида ва ўша ёзувчига бўлган ҳурматини сақлаб юрар, барибир бир куни бу муносабатини «гуллаб» қўярди. Бир марта Шукур акага гап орасида: «Ёшлик» журналида Шодиқулнинг яхши қиссаси чиқибди», – дедим. Шукур ака кўзларини қисди, худди эслашга уринаётгандай тутди ўзини: «Шодиқул? Ҳммм… Шунақа ёзувчи йигит борми?! Қаранг, адабиётдан анча орқада қолибман» – деди. Мен эса ажабландим. У Ёзувчилар уюшмасига келганда ҳамиша Шодиқулнинг хонасига бир марта кириб кетарди. Бу пичинг эдими ёки эътироф? Буни билиш қийин. Мен, ҳар қалай, тушунтириш беришга уриндим, биз янги асарлар, образлар, тимсоллар ҳақида гаплашдик.

Шунда салдан кейин бирдан унинг кўл ҳақидаги фикрларини (Шодиқулнинг қиссаси кўл ҳақида эди) эшита туриб у қиссани ҳам ўқиганини сездим. Билмадим, Шукур ака ўзини гўё билмагандай тутишини билдириш орқали бизга бир нарса демоқчи эдими ёки адабиётдаги янги йўналишлардан норозимиди, ҳар қалай, аксар ҳолларда ўзини шундай тутарди. Бу ҳақда турли хил гаплар юради. Баъзи шоирлар: «Шукур ака шу пайтда кичик-майда нарсаларга вақти йўқлигини кўрсатгиси келган, адабиётга кириб келаётган майда-чуйда истеъдодлар билан ўралашишга вақти йўқлигини билдириш учун атайин шундай қиларди» – дейишади. Аммо Шукур ака ўша даврда адабиётга кириб келган ҳар бир ўқишга арзирли ҳикояни ўқирди. Мен буни кўп марта сезганман. Ҳатто бир марта бор-йўғи икки варақ бўлган Хайрулла Убайдуллаевнинг ҳикояси ҳақида ҳам фикр билдириб қолди. Тўғри, у ҳикояни ҳазм қилолмаганди. Аммо адабиётнинг эртанги куни қандай бўлади деган куйинчаклик билан, ўзини қандай тутишда қатъи назар, ҳар бир янги номни ўқиб боришини билардим.

Ўтган йили «Адабиёт ўладими?» деган мақоласини ўқирканман (мен бир марта Шукур ака билан шу номда кўрсатув ҳам қилганман), Шукур ака ўзининг касалликларидан ҳам кўра адабиётдаги касалликлар ҳақида кўпроқ қайғургани ва ташвишга тушгани ҳақида ўйладим. Адабиёт гўё ўзининг танасидай эди – унга отилган ҳар бир тош Шукур акага тегарди. Ундаги ҳар бир оғриқ Шукур акани қақшатиб юборарди. Ташқаридан қараган одамга, Шукур ака жуда манман, кибрли одам бўлиб туюларди. Бироқ бу одам ичидан камтар ва ўта оддий одам эканига кўп марта гувоҳ бўлганман. У ана шу оддийлигини ўзининг тунд ва жаҳлдор ниқоби остига яшириб юрарди. Унинг оддий чайлада яшашга уриниши, оддий табиат қўйнига қочиб кетиши-ҳаммаси одамлардан безгани учунмас, балки ўзининг адабий-эстетик қарашлари каби оддийликдан буюклик излашини англатади. У буюкликни ана шу оддийликда деб биларди. У ҳаётдан оддий, камтар маъно излаб ўтди. Унинг бетиним гоҳ Бойсунга, гоҳ даштни эслатадиган, ҳеч қандай шароити йўқ Дўрмондаги боғига қочиб кетиши барининг орқасида оддийлик ва самимийлик, табиийликни қўмсаши ва ана шу истак ётади. Ҳикояларида ҳам бу сезилади.

Шукур аканинг ҳикоялари оддий дарднинг улуғвор кўринишларидир. Шукур аканинг аксар қаҳрамонлари оддий кун кечираётган, бир қарашда, Ватанга, миллатга, умуминсониятга дахли йўқ одамлардир. Аммо ёзувчининг нигоҳи шу даражада ўткирки, у ана шу дахлсизлик ортида ётган миллатга, Ватанга, бани башарга дахлдор дардларни кўра билади, тасвирлай олади, кўрсатиб бера олади. Давр ва замон қанча жимжималарга ўрамасин, уни қанчалик моддийлаштирмасин, «работлаштирмасин», Шукур Холмирзаев нигоҳи уни – дўзахий жим-жималар, оҳанжамалар ичидаги инсонни, унинг дардини кўролди, бу дардни Абдулла Қаҳҳор услубидан фарқли равишда кўрсатиб беролди.

Абдулла Қаҳҳор ҳикоячилик мактабида Чеховнинг услуби ва таъсири сезилади. Бу билан баъзи адабиётшунослар каби «Абдулла Қаҳҳор мактаби йўқ» дейиш нафақат катта ёзувчини инкор қилиш, балки ўзбек ҳикоячилигининг замонавий жанр сифатидаги дебочасини – муқаддимасини, ёрқин катта устунини ҳам инкор қилиш билан баробардир. Шукур Холмирзаев мактабида эса ҳаётни, муҳитни фош қилишдан кўра инсоннинг шу муҳитда тутган ўрни ва оғриғини кўрсатиш муҳим ўрин тутади. Муҳит ўзининг барча кирдикорларини, бутун фожиасини инсон кўнглига қамаб ташлаган, инсон кўнгли шу муҳитнинг аксидир. Кимки муҳитнинг ўзини акс эттиришга киришса, жимжималарга алданиб қолади, муҳитнинг тасвирчисига айланади.

Инсон кўнглидаги дардни тополган одам муҳитни фош қилган одамдир. Чунки ҳар қандай муҳит ўзини инсон кўнглида фош қилиб қўяди. Шукур аканинг, шубҳасиз, ХХ аср ўзбек адабиётининг улкан ютуқлари деб айтишга ва бу ҳикояларни жанр имкониятларини кенгайтирган мактаб дейишга арзийдиган асарлари ёзувчини ўтган асрнинг эмас, кечаги куннинг эмас, барча даврларнинг ўзига хос катта ёзувчиси дейишга арзийдиган шоҳсупага чиқариб қўяди.

Шукур ака ҳаётини адабиётсиз тасаввур қилолмасди. Адабиётсиз ҳаёт унинг учун ёввойилик бўлиб туюларди. Адабиёт ўқимаган одамни одам деб тан олмасди, адабиётдан йироқ жамият билан муроса қилгиси келмасди. Шунинг учун Шукур акани шўро тузуми кўпам хушламаганди. Адабиёт Шукур ака учун кўзгу эди. Адабиёт халқнинг шаъни, дарди, ҳасрати, кўнгли, руҳи эди. Шу сабабли ҳам адабиётга хиёнат қилгиси келмасди. Ўз фикрига, ўз қарашига, ўз ўлчамига эга эди. Шунинг учун бошқалар ясаб берган ўлчамларга амал қилмасди, ҳаммага ўхшаб фикрлагиси, ёзгиси, яшагиси, ялингиси, мақтагиси, турлангиси келмасди.

Бир сўз билан айтганда, Шукур Холмирзаев шахс эди. Адабиётда, ҳаётда шахс эди. Адабиётда истеъдодлар талайгина бўлади. Истеъдодларини турли йўлларга сарфлайди. Аммо ҳам ҳаётда, ҳам ижодда шахслар камдан-кам туғилади. Бу иккиси уйғун келганда адабиётда Рауф Парфилар ва Шукур Холмирзаевлар туғилади. Адабиётнинг фожиаси истеъдодлар йўқлигидан эмас, адабий шахслар йўқлиги туфайлидир. Адабий шахслари бўлмаган адабиёт ялтоқона адабиёт бўлиб келган. Шу маънода Шукур ака адабий шахс эди.

Халқ оғзаки ижоди Шукур аканинг жону дили эди. Биз 1999 йили Дўрмондаги чайласида «Алпомиш» достони ҳақида суҳбатлашганмиз. Ўшанда Шукур аканинг асар ҳақида тўлиб-тошиб гапирганини кўрганман ва ўшандаёқ бу ёзувчи ўзига ва асарларига кучни айнан ана шу сарчашмалардан – халқнинг азалий қувватларидан олаётганини, шу сабабли ҳам ёзганлари албатта ўзбек ҳикоячилиги дурдоналари бўлиб қолишини сезгандим. Эҳтимол, шунинг учун ҳам «Она қизим Сайёрага!» хатида бирдан ўзининг катта ёзувчилигини билдириб қўйгиси келгандир? Бу хат манманлик ёки ўзига ортиқча баҳо беришмас, ўзининг ҳақиқий ўрнини бизга эслатиб қўйишдир. Шукур акани бу хатида нокамтарлик қилди деб бўлмайди. Аслида ҳам Шукур ака ўзига ўзи билдирган эътирофни ўзбек адабиётшунослиги билдириши керак эди. Шукур ака адабиётга бўлган садоқати ва хизмати эвазига на унвон, на орден, на катта қалам ҳақи кутгани йўқ. Бор-йўғи ана шу эътирофни кутганди. Афсусуки, бу марта ҳам биз – унинг мухлислари кечикдик. Эътирофни ҳам ёзувчининг ўзи билдириб қўйди.

Дарвоқе, ёзувчи бу сафар ҳам ҳақ. ХХ асрнинг 70-йилларидан бошлаб ўзбек ҳикоячилигида Шукур Холмирзаев бадиий нигоҳи алоҳида ажралиб туради. Бу нигоҳ ўз даври кишисининг ичини, дунёсини, ҳисларини кўриб туради, уни бадиий деталларга айлантиради, кейин уни худди Бойсундаги қизлар кирларини осгандек турли асарлар торига осиб қўйиб, бизга кўз-кўз қилади.. Тўп, чўзилган қулоқ, оқсоқ турна, чиллак, бодом гули, дашт одами, ўзбекча характер ва бошқа деталлар ўзбек насрининг замонавий жаҳон адабиётига улуш бўлиб қўшиладиган бадиий ва пухта деталларидир. Бу деталлардаги оғриқ яна кўп замонлар фақат адабиётшуносларнмас, кенг оммани ўзига жалб қилиб, Шукур ака ардоқлаган Инсон ва Қалб ҳақида, Шукур ака алқаган инсон ғурури ва шаъни ҳақида ҳикоя қилиб туради. Бу асарлар, аслида, Шукур Холмирзаевнинг қалби ва дардининг турли кўринишлари эди. Агар яна эллик йиллар ўтиб: «Ш.Холмирзаев қандай одам эди?» – деб сўрашса, бу саволга, шубҳасиз, асарлари тўлиқ жавоб бера олади. Бунга шубҳа йўқ.

Ижодкорлик нима ўзи? У бошқа фаолият турларидан нимаси билан фарқ қилади? Ижод дегани ўзи нима?
Бир қарашда анча жўн савол туюлади. Ҳатто савол ақллироқ одамларнинг ғашини ҳам келтиради. Аммо ростданам ижод нима ўзи? Бугунги тўйни мўлжал қилиб ёзилган бирон қўшиқ эшитсангиз, дарров бу ерда ижод йўқ деб ўйлайсиз. Ҳамма нарса бор. Куй, оҳанг, сўз, лекин ижодкорлик йўқ. Газеталаримизни тўлдириб ташлаган бугунги чўпчак «асарлар»ни ўқиганингизда ҳам шундай деб ўйлайсиз: бу ерда ижод йўқ. Ўша «ижод» ўзи нима?

Агар бирон ҳофизга қўшиғингизда ижод йўқ десангиз, у сизни саводсизга ёки замондан орқада қолганга чиқаради. Ижоддан асар ҳам йўқ «асар» ёзган чўпчакбоз эса сизни ҳасадгўй санайди. Хуллас, ижоддан, ижод завқидан узоқ одамларга ижод ҳақида гапиришнинг ўзи бефойда. Яна ўша савол. Ижод ўзи нима? Ижодкорлик нима? Нега азал-азалдан ижод ва ижодкорлик юксак қадрланган, ижод намунаси бўлган, у биноми, суратми, ҳайкалми, ўймакорликми, бадиий асарми, ижод намунаси бўлса, барчани ҳайратга солиб, одамларга руҳ, қувват, завқ бағишлаб келган? Қурилган, яралган ва яратилган, яратилаётган ҳар бир нарсада, ҳатто у оддийгина бўлса ҳам ижодкорлик бўлмаса, оддий бир буюм – рўзғор буюми бўлиб қолади. Ундан завқ олишдан кўра уни ишлатиш биринчи ўринда туради. У кишига завқ ҳам, куч ҳам бермайди. Шунинг учун ижод завқи ва ижод қудрати билан яратилган ҳар бир нарсада илоҳий завқ ва қувват мужассам бўлади. Унга тикилган ёки уни кўрган заҳотингиз сизнинг ичингизда ҳам куч-қувват ва завқ уйғона бошлайди. Ана шу куч фақат завқ эмас, бу қувват ҳамдир, илоҳий, гўзал туйғуларни англаш ҳисси.

Адабиёт барибир бевосита ҳам, билвосита ҳам инсонни «тарбиялай»ди. Унинг дидини, дунёқарашини, савиясини, инсонга, миллатга, дунёга, эзгулик ва ёвузликка муносабатини тарбиялайди. Адабиёт миллат кўнглидир. У ана шу катта кўнгилда юз бераётган ўзгаришларни билиши, англаши, оғриши, завқланиши, куйиниши, талвасага тушиши шарт. Мен адабиёт инсон дарди ва орзуси билан яшаши керак деб биламан. Унинг бош қаҳрамони ҳам қайғураётган, орзу қилаётган, алам чекаётган, кулаётган, ўйланаётган, изланаётган, изтироб чекаётган, йўл ахтараётган ИНСОНдир. Ёзувчи фақат ўша инсонни замон талотўплари ичидан топа олиши керак. Замон қаҳрамони ҳам ўша ИНСОНдир! Биз у инсонни топдикми? Менимча, йўқ. Инсонни ҳеч қайси фан адабиётчалик акс эттиролмайди, ҳеч қайси санъат тури адабиётчалик чуқур ва кенг тасвирлай билмайди, ҳеч қайси восита инсон руҳи ва хаёлига адабиётчалик эрк беролмайди. Демак, ҳеч бир восита адабиётчалик эзгуликни ҳимоя қилолмайди. Адабий виждон ана шу буюк туйғуга хиёнат қилмасликдир.

Бугун давр ижодкордан чинакам ижодкор бўлишни, кўнгил гўзаллиги ва софлиги, инсон ва унинг диди гўзаллиги ҳақида кўпроқ қайғуриш ва тараннум этишни талаб қилаяпти. Бу вазифани юртбошимиз яна бир марта эслатди. Фақат эслатдигина эмас, ана шу ижодкорликка катта ва улкан эҳтиёж борлигини, бу эҳтиёжни ижодкорлар қондиролмаётганини таъкидлади. Менимча, энди фақат ёзиш керак. Қалб учун, гўзаллик учун, инсон ва унинг қалбини сақлаб қолиш учун ёзиш керак. Бугунги талабни мен шундай тушуняпман.

Шукур Холмирзаев
АДАБИЁТ, ЁЗУВЧИ ВА ИЖОД ҲАҚИДА
002

022Серқирра ижодий фаолият эгаси, миллатимизнинг фидойи ёзувчиси, ҳақи­қатгўй адиб Шукур Холмирзаев роман, қисса, ҳикоя, драма сингари жанрларда кўплаб бадиий асарлардан ташқари ижод психологияси, ижодкор шахсияти, адабиёт ва жамият муносабати каби масалаларга бағишлаб ўнлаб адабий-танқидий мақолалар ҳам ёзган эди. Аслида, ижод психологияси, ижодкор шахсияти ҳамда улар ўртасидаги кўзга кўринмас, ғоятда нозик робита барча замонларда баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келади. Қизиғи, бу борада сўнгги хулосани айтиш имконсиздир. Айни чоғда, Адабиёт ҳақида ҳар кимнинг ўз нуқтаи назари бўлиши ҳам табиий. Шу маънода билимдон адиб, чин зиёли Шукур Холмирзаевнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақидаги фикрлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Қолаверса, Шукур ака учун адабиёт ҳаёт кечириш воситаси эмас, балки яшашнинг шакли эдики, Сўз санъатига сўнгсиз фидойилик нафақат ўзбек, балки дунё адабий жараёнида ҳам камёб ҳодиса саналади.

Санъатсиз, адабиётсиз яшашни тасаввур этолмайдиган қаҳрамонлар талқини Шукур Холмирзаевнинг сўнгги даврда ёзган асарларида бот-бот кўзга ташланади, бинобарин, ушбу омил ҳам ёши улғайиб, ҳаётдаги ақидалари қатъийлашган, хулосалари аниқлашган муаллифнинг маслаги ҳақидаги тасаввуримизни янада бойитади. Ижодкорликнинг қисмат, умр савдоси эканини англатувчи таъкид адибнинг адабий-танқидий мақолаларини умумлаштириб турувчи ягона муштарак белгидир. Бу қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган, турли мақолалар, суҳбатлардан олинган, адибнинг адабий қарашларини мухтасар ифодалайдиган фикрларда ҳам яққол намоён бўлади.

* * *

…ҳар бир асар айрича бир дунё бўлганидек, унга кириш йўллари ҳам ўзига хос бўлади.

* * *

…адабий жараённи изчил кузатиб бориш, лозим бўлганда, унинг олдига бориш – жуда улуғ фазилат. Энг зукко танқидчиларга хос фазилатдир.

* * *

…ҳиссиёт шундай олам эканки, баъзан унинг ташқи белгиларини кўриш ҳам, эшитиш ҳам, сезиш ҳам мумкин бўлмагани ҳолда, уларнинг жонли ҳаракатда ярқиллаб акс этганинигина кўриб қолиш мумкин.

* * *

…шахсан мен китобхонни бир ёққа торта билган, унинг дидига мўлжаллаб – унга асарини нима қилиб бўлса ҳам ёқтириш мақсадида эмас, ўша дидни бир баҳя бўлса-да кўтариш ниятида тер тўккан ёзувчиларни севаман.

* * *

…Қодирийдаги диалогларни шундоқ саҳнага олиб чиқиб қўйиш мумкин. Актёрлар лаззатланиб ижро эти­шади. Шундандирки, “Ўтган кунлар” экранга кўчи­рил­ганда, сценарист ёзувчилар санъаткорнинг диалогларини деярли ўзгартирмаганлар. Кино санъати билан проза санъатининг ўзига хос хусусиятларидан хабардор кишилар бу нечоғлик тансиқ ҳол эканига имон келтиришар!

* * *

…асарларим баъзиларга манзур бўлмаган эса-да, вақтимнинг кўпи ана ўша асарларни қандай ёзиш кераклиги устида кечди.

* * *

…баъзида яхши одам билан ёмон одамни фарқлаш қийин. Чунки иккиси ҳам бир хилда гапиради, гўё бир хил фикрларни айтади, борингки, бир хил ишни бажаради. Уларни ўз жойига қўйиб тасвирлаш учун ёзувчидан ўта сезгирлик талаб этилиб қолмай, унинг эзгулик ва яхшилик ҳақидаги эътиқодининг аввалгисидан ҳам мустаҳкам бўлиши талаб этилса керак.

* * *

…бугунги кун ёзувчиси, шубҳасиз, фақат ўз адабиёти тажрибаларига суяниб қалам тебратиши мумкин эмас.

* * *

…муҳаббатнинг ижодга таъсири ҳақида гап кетадиган бўлса, фикрим шу: ижоднинг тагида аслида муҳаббат ётади.

* * *

…замон айланиб, рост гапни – борини айтиш имконияти очилди.

Бу – ёзувчи учун бахт!

Ахир ёзувчига нима керак? Ана шу эркинлик-да! Ёзувчининг вазифаси нима? Ҳақиқатни айтиш-да!

Шунинг учун бўлса керак, дунё адиблари ўртасида тарқалган қадим бир гап бор: ёзувчининг Худоси – ҳақиқат эмиш.

Энди шундай муҳитда енг шимариб, ишга киришмаслик – гуноҳи азим.

* * *

…муаммоларнинг муаммоси – одам. Одамни чинакамига акс эттирар экансиз, унинг қилмиш-қи­дир­мишларидан муаммолар келиб чиқаверади. Ўша муаммоларни ҳал этиш эса… сенинг ишинг эмас: уни ҳаёт ҳал этади ва пироварди, ўша «ҳал этилиш» жараёни яна адабиётда акс этиши мумкин.

* * *

…услубда ҳамма нарса мужассам: дунёқарашдан тортиб, нуқта қўйишгача…

* * *

…мен учун асл муддао – изҳори дил. Аммо бунинг тагида менга боғлиқ бўлмаган… ташвиқот ётади. Ҳа-а, адиб охир-оқибат ниманидир ташвиқ қилади.

* * *

…Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари ҳозирги кун адиблари, хусусан, ҳикоянавислари учун том маънода бир мактаб, миллий мактабдир.

* * *

…Абдулла Қаҳҳорни йўқ деб, яъни ҳаётга келмаган, ҳикоялар ҳам битмаган, қиссалари, «Сароб» ҳам – бизнинг хаёл, деб кўзимни юмдим. Дунё қоронғи бўлиб қолди. Ўзим ҳам… йўқ бўлдим. Кўзимни очсам, у – қаршимда. Демак, ўзим ҳам борман.

* * *

…ҳикояда ечим ёзувчининг дунёни зуҳур этиши, инсон руҳининг ички ва сиртқи қонуниятларини нечоғлик билиши, қолаверса – маҳорат-профессионаллик, ижод техникасини қанчалик эгаллагани билан боғлиқ масаладир.

* * *

…анчайин материалдан ҳам уста адиб яхши ҳикоя яратиши мумкин.

* * *

…асар, ҳар қалай, ўзи учун ўзи жавоб бериши керак: санъат ҳақиқати ҳаёт ҳақиқатидан сал-пал баланд турмаса, у санъат бўлиб нима бўлди?

* * *

…ҳақиқий адиб мукофот учун ёзмайди ва ёзмаслиги керак.

* * *

…булбул нега сайрайди? «Биз учун!» деб ўр­га­тишган бизга. Ҳолбуки, у ўзи учун – яъни, сайраши кераклиги учун сайрайди: илло, сайрамаса – ўлади.

Ёзувчилик ҳам – шу!

* * *

…шахс инсон сифатида камол топишни истар экан, ва айни чоғда ўзига хос жиҳатларниям қўлдан чиқазмас экан, демак… у шахснинг навбатдаги асарлари ҳам унинг ўзи билан бирга шаклланиб бораверади. Ва оқибат шахс қандай Инсон бўлса, унинг асарлариям шундай Санъат бўлади.

* * *

…ёзувчи қандайдир бир мавзуни олиб, қандайдир қаҳрамонлар йўналган мақсад сари қалам тебратади. У нега бу ишни қиляпти? У китобхонга нимадир демоқчи, унга ўзи учун азиз-муқаддас бўлган бир нималарни айтмоқчи, пироварди, унга бир нима бермоқчи, унинг маълум бир масалага муносабатини ўзгартирмоқчи ёки ўша масалага янгича назар билан қарашини истаб шу ишни қиляпти.

* * *

…биз битта адабий тилни қабул қилганмиз. Ҳақиқий адабий тилимиз Чўлпоннинг тили. Мен ёзганимда ҳамма вақт муаллиф тилидан, адабий тилда ёзишга ҳаракат қиламан. Аммо қаҳрамонларим ўз-ўзича. Шунинг учун адабий тилга ҳар нарсани тиқиштириб, талаффузини бузиб юришни ёқтирмайман.

Отабек Сафаров нашрга тайёрлади.

M: “Ёшлик”2012/9

Shaxsan men kitobxonni bir yoqqa torta bilgan, uning didiga mo‘ljallab – unga asarini nima qilib bo‘lsa ham yoqtirish maqsadida emas, o‘sha didni bir bahya bo‘lsa-da ko‘tarish niyatida ter to‘kkan yozuvchilarni sevaman…

Nazar Eshonqul
HAM HAYOTDA, HAM ADABIYOTDA ShAXS EDI

Nazar Eshonqul 1962 yil 15 iyunda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanidagi Tersota qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakulьtetini tamomlagan (1986). Dastlabki asari — “Urush odamlari” (1988). Shundan so’ng yozuvchining “Momo qo’shiq”(1989), “Maymun yetaklagan odam” (2001), “Shamolni tutib bo’lmaydi” (2004), “Xaroba shahar surati” kabi asarlari nashr etilgan. F. K. Anittining “Hikoyalar va qissalar”ini, A. Kamyuning “Esselar”ini, Chexovning “Boloxonali uy” hikoyasini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

0332005 yil o’zbek adabiyotining ikkita katta ustuni bizni tashlab ketdi. Men bu ijodkorlarni «vafot etdi» deyolmayman. Ular bizni tashlab ketishdi. Adabiyotdan, so’zdan uzoqlashgan o’z holimizga, o’zimiz o’ralashib qolgan mayda tashvishlarimizga, shaqirlab bo’lsa ham ketib borayotgan o’z so’zidan xoli aravamizga tashlab ketishdi. Hayotimizda paydo bo’lgan, hali nimaligini o’zimiz ham anglamagan adabiyotsiz qarashlarimizga daxl qilmaslik, adabiyot zavqi, so’z zavqi allaqachon tark etgan, loqaydlashgan siyratimizga qarab turib boshqa azoblanmaslik uchun bizni tashlab ketishdi. Ularning biz haqimizdagi eng katta xulosalari ham, ehtimol, ana shudir – bizni o’z holimizga, qanday bo’lsak, shundayligimizcha, mayda-chuydalarga o’ralashib yotganimizcha tashlab ketganlaridir?! Bundan ortiq xulosa va bundan ortiq hukm bo’lmaydi…

Rauf Parfi, Shukur Xolmirzayev… Bular XX asr o’zbek adabiyotining ikki janrini dunyoning ilg’or adabiyotlari darajasiga olib chiqqan katta va chin ma’nodagi ijokdorlar edi. Bugun «ijodkor» degan nom ancha siyqalashib qoldi. To’yga boradigan otarchi ham o’zini «ijodkor-san’atkor» deb atayapti. Ammo biz bu yerda chinakam ijodkorlik haqida gapiryapmiz.

Rauf aka ham, Shukur aka ham katta ma’nodagi va asl ma’nodagi san’atkorlar, asl ma’nodagi ijodkorlar edi. Ular o’z hayotlaridan ham adabiyotni ustun qo’yolgan shaxslar edi. Bunday iroda kamdan-kam ijodkorga nasib qiladi. XX asr adabiyotida iste’dodlar yetarli. Bu borada ko’pam nolimaymiz. Ammo adabiyotni o’z hayotlaridan va o’zlaridan ustun qo’yganlar juda kam. Rauf akaning ham, Shukur akaning ham adabiyotdan boshqa biron ovunchi, boshqa suyanchig’i yo’q edi. Men, har qalay, shunday o’ylayman.

Ular ikkalasi ham o’z hayotlarini adabiyot yo’liga qurbon qildilar. Men ularni «vafot etdi» deyolmayman. Ular o’zlari tanlagan yo’lga o’zlarini qurbon qildilar. Ularning adabiyotdan boshqa e’tiqodlari yo’q edi. Bu fikr bir qarashda badbinlik bo’lib tuyuladi. Boshqa e’tiqodlar-chi? Vatan oldidagi, millat, xalq oldidagi e’tiqodlar-chi? Ular adabiyot deganda Vatanga muhabbatni, xalqqa va millatga muhabbatni, millat va xalq uchun qayg’urishni adabiyot deb bilardilar. Har ikkisining ham o’zlari asar deb hisoblagan qaysi asarini olmang, bu yaqqol seziladi. Ular mana shu e’tiqodlarning hammasini, jamini adabiyot deb bilardilar. Ular shuning uchun yaratilgandilar va shu e’tiqodga xiyonat qilmay dunyodan o’tdilar.

Shukur aka bilan judayam apoq-chapoq bo’lmaganmiz. Men o’zimni Shukur akaning shogirdi bo’lganman, juda ko’p kunlarimizni falonday o’tkazganmiz, bunday saboqlar olganman deyolmayman. Bizning munosabatlarda bunday qalinlik bo’lmagan. Shuningdek, Shukur aka ham menga hech qachon «nasihat qilmagan». Bir suhbatida Nazarga bunday qilmang dedim deganday gapirgandi. Ammo men bunday suhbatni eslolmayman. Shukur akada nasihat qilishning o’zi yo’q edi. Yo inkor qilardi, yo yoqtirib, «aylanayin» deb gapga tortardi. Yoqmagan narsasini hech qachon ichiga yutib ketmagan.

Biz birinchi uchrashuvdayoq, 1989 yili bo’lsa kerak, juda oddiy gaplashganmiz. Shukur aka Yozuvchilar uyushmasida uchratib qolib: «Maymun yetaklagan odam»ni siz yozdingizmi?!» – dedi. Men bosh irg’adim. «Hmmm… Shunday yozsa ham bo’larkan», – dedi. Bu bilan hikoya yoqdimi, yoqmadimi yo menga tanbeh berdimi, bilolmadim. Burgutqarash qilib, xuddi mening ichimdagini ham uqib olmoqchidek sal dimog’ bilan tikildi. Mendan o’sha davrga xos bo’lgan, o’zining tili bilan aytganda, «adabiy bodilik»ni izladi. Keyin: «Men judayam sodda qilib yozardim. Aylantirib o’tirmasdim. Bu choli tushmagur ko’p qirg’inlar qilgan. Xalqni qirgan, endi shumshayib o’tiribdi. O’g’lidan kaltak yeb yotibdi, xor bo’lib, nima uchun kurashdi, shu o’g’lidan kaltak yeyish uchunmi deb yozardim» – dedi. O’shanda kutganimdek nasihat ham qilmadi, tanqidiy fikrlarini ham aytmadi, boshqa bunday yozmang, menga o’xshab yozing demadi, faqat o’zining qanday qilib yozishi mumkinligini ta’kidladi.

Men o’sha paytgacha Shukur aka haqida boshqacha fikrda edim. Negadir menga qo’rs, manman, kibrli bo’lib ko’rinardi. O’sha suhbatdan so’ng Shukur aka birdan men bilan – endi hikoyalar mashq qilayotgan yosh yigit bilan tenglashdi, bo’yini, qaddini va obro’sini barobar qildi. Biz Shukur aka bilan keyin ancha yillargacha yuzma-yuz gaplashmadik. Ammo o’sha suhbatdan so’ng men Shukur Xolmirzayev tashqaridan qaraganda tuyuladigan odammasligini, uning ko’zlariga minib olgan nafratmi, norozilikmi, eng avvalo, o’ziga nisbatan norozilik ekanini sezdim.

Shukur Xolmirzayev o’ziga talabchan yozuvchi edi, yozganlaridan hech qachon birdan qoniqqan emas. Uning XX asr hikoyachiligining sara namunalari bo’lgan hikoyalaridan ham o’zi qoniqmagani sezilib turadi. Bir marta Shukur akaga: «Nega eng zo’r hikoyalaringizda birdan davriy chekinish qilib, publitsistik izohga berilasiz, bular menga ortiqcha tuyuladi, agar shularni olib tashlasangiz, juda zo’r hikoyalar»,– dedim. Men «To’p o’yin», «Ozodlik» kabi bir qancha hikoyalaridagi adibning voqeaga ataylab aralashgan va izoh bergan joylarini aytgan edim. «Aylanayin, shu hikoyalar o’sha gaplar bilan tug’ilganda ularni qanday olib tashlay, ularsiz hikoya to’kis bo’lmaydi»,– dedi. Shukur aka mening fikrimdan ranjigani yoki o’ziga olgani yo’q. O’shanda ham men o’zi fikrimda qolganman. Shukur aka fikrimni o’zgartirishga urinmagandi.

Keyinchalik «Vatan» gazeatsida «Zulmat saltanatiga sayohat» nomli hikoyam bosilib chiqdi. Hikoyadagi yakunni, o’sha paytlari, gazetada adabiyot bo’limida ishlardi, chog’i, Shukur aka o’zgartirgandi. Hikoya «Yo’q, maqola yozilmaydi» deb tugardi. Shukur aka esa «Maqola deganim hikoya bo’lib chiqdi» deb o’zgartirgandi. Uning yakuni menga yoqmadi va buni telefon qilib aytdim. Men kutgandek jerkib yoki g’azab qilishning o’rniga «Mening qo’limga berishgandan keyin nimadir qilay dedim-da, bo’lmasa, ishlaganimni qanday bildiraman?» – dedi hazilga olib. O’shanda Shukur akaning ijod masalasida birovga hech qachon o’zining fikrini majburan o’tkazishga urinmasligini, aksincha, har qanday masalada o’zining fikriga esa bo’lganlarni yoqtirishini sezdim.

Biz bir necha marta Joys, Kafka, Kamyu, Bekket, hatto maqolasiga sarlavha qilgan Alexo Korpenter haqida gaplashganmiz. Shukur aka bu yozuvchilarni tushunmasdi, ular dunyosidan yiroq ham emasdi. Faqat bu nomlar ostida adabiy bodilik qiladiganlarni yoqtirmasdi. Tilidagi zaharxandalik, qo’rsligi – hammasi ijod qilayotgan iste’dodning injiqliklari, o’zidan qoniqmasligi oqibatida paydo bo’lgan kechinmalar edi.

Ammo adabiyotda biron iste’dodni sezsa, garchi o’zini xuddi bexabardek tutsa ham, lekin ichida va o’sha yozuvchiga bo’lgan hurmatini saqlab yurar, baribir bir kuni bu munosabatini «gullab» qo’yardi. Bir marta Shukur akaga gap orasida: «Yoshlik» jurnalida Shodiqulning yaxshi qissasi chiqibdi», – dedim. Shukur aka ko’zlarini qisdi, xuddi eslashga urinayotganday tutdi o’zini: «Shodiqul? Hmmm… Shunaqa yozuvchi yigit bormi?! Qarang, adabiyotdan ancha orqada qolibman» – dedi. Men esa ajablandim. U Yozuvchilar uyushmasiga kelganda hamisha Shodiqulning xonasiga bir marta kirib ketardi. Bu piching edimi yoki e’tirof? Buni bilish qiyin. Men, har qalay, tushuntirish berishga urindim, biz yangi asarlar, obrazlar, timsollar haqida gaplashdik.

Shunda saldan keyin birdan uning ko’l haqidagi fikrlarini (Shodiqulning qissasi ko’l haqida edi) eshita turib u qissani ham o’qiganini sezdim. Bilmadim, Shukur aka o’zini go’yo bilmaganday tutishini bildirish orqali bizga bir narsa demoqchi edimi yoki adabiyotdagi yangi yo’nalishlardan norozimidi, har qalay, aksar hollarda o’zini shunday tutardi. Bu haqda turli xil gaplar yuradi. Ba’zi shoirlar: «Shukur aka shu paytda kichik-mayda narsalarga vaqti yo’qligini ko’rsatgisi kelgan, adabiyotga kirib kelayotgan mayda-chuyda iste’dodlar bilan o’ralashishga vaqti yo’qligini bildirish uchun atayin shunday qilardi» – deyishadi. Ammo Shukur aka o’sha davrda adabiyotga kirib kelgan har bir o’qishga arzirli hikoyani o’qirdi. Men buni ko’p marta sezganman. Hatto bir marta bor-yo’g’i ikki varaq bo’lgan Xayrulla Ubaydullayevning hikoyasi haqida ham fikr bildirib qoldi. To’g’ri, u hikoyani hazm qilolmagandi. Ammo adabiyotning ertangi kuni qanday bo’ladi degan kuyinchaklik bilan, o’zini qanday tutishda qat’i nazar, har bir yangi nomni o’qib borishini bilardim.

O’tgan yili «Adabiyot o’ladimi?» degan maqolasini o’qirkanman (men bir marta Shukur aka bilan shu nomda ko’rsatuv ham qilganman), Shukur aka o’zining kasalliklaridan ham ko’ra adabiyotdagi kasalliklar haqida ko’proq qayg’urgani va tashvishga tushgani haqida o’yladim. Adabiyot go’yo o’zining tanasiday edi – unga otilgan har bir tosh Shukur akaga tegardi. Undagi har bir og’riq Shukur akani qaqshatib yuborardi. Tashqaridan qaragan odamga, Shukur aka juda manman, kibrli odam bo’lib tuyulardi. Biroq bu odam ichidan kamtar va o’ta oddiy odam ekaniga ko’p marta guvoh bo’lganman. U ana shu oddiyligini o’zining tund va jahldor niqobi ostiga yashirib yurardi. Uning oddiy chaylada yashashga urinishi, oddiy tabiat qo’yniga qochib ketishi-hammasi odamlardan bezgani uchunmas, balki o’zining adabiy-estetik qarashlari kabi oddiylikdan buyuklik izlashini anglatadi. U buyuklikni ana shu oddiylikda deb bilardi. U hayotdan oddiy, kamtar ma’no izlab o’tdi. Uning betinim goh Boysunga, goh dashtni eslatadigan, hech qanday sharoiti yo’q Do’rmondagi bog’iga qochib ketishi barining orqasida oddiylik va samimiylik, tabiiylikni qo’msashi va ana shu istak yotadi. Hikoyalarida ham bu seziladi.

Shukur akaning hikoyalari oddiy dardning ulug’vor ko’rinishlaridir. Shukur akaning aksar qahramonlari oddiy kun kechirayotgan, bir qarashda, Vatanga, millatga, umuminsoniyatga daxli yo’q odamlardir. Ammo yozuvchining nigohi shu darajada o’tkirki, u ana shu daxlsizlik ortida yotgan millatga, Vatanga, bani basharga daxldor dardlarni ko’ra biladi, tasvirlay oladi, ko’rsatib bera oladi. Davr va zamon qancha jimjimalarga o’ramasin, uni qanchalik moddiylashtirmasin, «rabotlashtirmasin», Shukur Xolmirzayev nigohi uni – do’zaxiy jim-jimalar, ohanjamalar ichidagi insonni, uning dardini ko’roldi, bu dardni Abdulla Qahhor uslubidan farqli ravishda ko’rsatib beroldi.

Abdulla Qahhor hikoyachilik maktabida Chexovning uslubi va ta’siri seziladi. Bu bilan ba’zi adabiyotshunoslar kabi «Abdulla Qahhor maktabi yo’q» deyish nafaqat katta yozuvchini inkor qilish, balki o’zbek hikoyachiligining zamonaviy janr sifatidagi debochasini – muqaddimasini, yorqin katta ustunini ham inkor qilish bilan barobardir. Shukur Xolmirzayev maktabida esa hayotni, muhitni fosh qilishdan ko’ra insonning shu muhitda tutgan o’rni va og’rig’ini ko’rsatish muhim o’rin tutadi. Muhit o’zining barcha kirdikorlarini, butun fojiasini inson ko’ngliga qamab tashlagan, inson ko’ngli shu muhitning aksidir. Kimki muhitning o’zini aks ettirishga kirishsa, jimjimalarga aldanib qoladi, muhitning tasvirchisiga aylanadi.

Inson ko’nglidagi dardni topolgan odam muhitni fosh qilgan odamdir. Chunki har qanday muhit o’zini inson ko’nglida fosh qilib qo’yadi. Shukur akaning, shubhasiz, XX asr o’zbek adabiyotining ulkan yutuqlari deb aytishga va bu hikoyalarni janr imkoniyatlarini kengaytirgan maktab deyishga arziydigan asarlari yozuvchini o’tgan asrning emas, kechagi kunning emas, barcha davrlarning o’ziga xos katta yozuvchisi deyishga arziydigan shohsupaga chiqarib qo’yadi.

Shukur aka hayotini adabiyotsiz tasavvur qilolmasdi. Adabiyotsiz hayot uning uchun yovvoyilik bo’lib tuyulardi. Adabiyot o’qimagan odamni odam deb tan olmasdi, adabiyotdan yiroq jamiyat bilan murosa qilgisi kelmasdi. Shuning uchun Shukur akani sho’ro tuzumi ko’pam xushlamagandi. Adabiyot Shukur aka uchun ko’zgu edi. Adabiyot xalqning sha’ni, dardi, hasrati, ko’ngli, ruhi edi. Shu sababli ham adabiyotga xiyonat qilgisi kelmasdi. O’z fikriga, o’z qarashiga, o’z o’lchamiga ega edi. Shuning uchun boshqalar yasab bergan o’lchamlarga amal qilmasdi, hammaga o’xshab fikrlagisi, yozgisi, yashagisi, yalingisi, maqtagisi, turlangisi kelmasdi.

Bir so’z bilan aytganda, Shukur Xolmirzayev shaxs edi. Adabiyotda, hayotda shaxs edi. Adabiyotda iste’dodlar talaygina bo’ladi. Iste’dodlarini turli yo’llarga sarflaydi. Ammo ham hayotda, ham ijodda shaxslar kamdan-kam tug’iladi. Bu ikkisi uyg’un kelganda adabiyotda Rauf Parfilar va Shukur Xolmirzayevlar tug’iladi. Adabiyotning fojiasi iste’dodlar yo’qligidan emas, adabiy shaxslar yo’qligi tufaylidir. Adabiy shaxslari bo’lmagan adabiyot yaltoqona adabiyot bo’lib kelgan. Shu ma’noda Shukur aka adabiy shaxs edi.

Xalq og’zaki ijodi Shukur akaning jonu dili edi. Biz 1999 yili Do’rmondagi chaylasida «Alpomish» dostoni haqida suhbatlashganmiz. O’shanda Shukur akaning asar haqida to’lib-toshib gapirganini ko’rganman va o’shandayoq bu yozuvchi o’ziga va asarlariga kuchni aynan ana shu sarchashmalardan – xalqning azaliy quvvatlaridan olayotganini, shu sababli ham yozganlari albatta o’zbek hikoyachiligi durdonalari bo’lib qolishini sezgandim. Ehtimol, shuning uchun ham «Ona qizim Sayyoraga!» xatida birdan o’zining katta yozuvchiligini bildirib qo’ygisi kelgandir? Bu xat manmanlik yoki o’ziga ortiqcha baho berishmas, o’zining haqiqiy o’rnini bizga eslatib qo’yishdir. Shukur akani bu xatida nokamtarlik qildi deb bo’lmaydi. Aslida ham Shukur aka o’ziga o’zi bildirgan e’tirofni o’zbek adabiyotshunosligi bildirishi kerak edi. Shukur aka adabiyotga bo’lgan sadoqati va xizmati evaziga na unvon, na orden, na katta qalam haqi kutgani yo’q. Bor-yo’g’i ana shu e’tirofni kutgandi. Afsusuki, bu marta ham biz – uning muxlislari kechikdik. E’tirofni ham yozuvchining o’zi bildirib qo’ydi.

Darvoqe, yozuvchi bu safar ham haq. XX asrning 70-yillaridan boshlab o’zbek hikoyachiligida Shukur Xolmirzayev badiiy nigohi alohida ajralib turadi. Bu nigoh o’z davri kishisining ichini, dunyosini, hislarini ko’rib turadi, uni badiiy detallarga aylantiradi, keyin uni xuddi Boysundagi qizlar kirlarini osgandek turli asarlar toriga osib qo’yib, bizga ko’z-ko’z qiladi.. To’p, cho’zilgan quloq, oqsoq turna, chillak, bodom guli, dasht odami, o’zbekcha xarakter va boshqa detallar o’zbek nasrining zamonaviy jahon adabiyotiga ulush bo’lib qo’shiladigan badiiy va puxta detallaridir. Bu detallardagi og’riq yana ko’p zamonlar faqat adabiyotshunoslarnmas, keng ommani o’ziga jalb qilib, Shukur aka ardoqlagan Inson va Qalb haqida, Shukur aka alqagan inson g’ururi va sha’ni haqida hikoya qilib turadi. Bu asarlar, aslida, Shukur Xolmirzayevning qalbi va dardining turli ko’rinishlari edi. Agar yana ellik yillar o’tib: «Sh.Xolmirzayev qanday odam edi?» – deb so’rashsa, bu savolga, shubhasiz, asarlari to’liq javob bera oladi. Bunga shubha yo’q.

Ijodkorlik nima o’zi? U boshqa faoliyat turlaridan nimasi bilan farq qiladi? Ijod degani o’zi nima?
Bir qarashda ancha jo’n savol tuyuladi. Hatto savol aqlliroq odamlarning g’ashini ham keltiradi. Ammo rostdanam ijod nima o’zi? Bugungi to’yni mo’ljal qilib yozilgan biron qo’shiq eshitsangiz, darrov bu yerda ijod yo’q deb o’ylaysiz. Hamma narsa bor. Kuy, ohang, so’z, lekin ijodkorlik yo’q. Gazetalarimizni to’ldirib tashlagan bugungi cho’pchak «asarlar»ni o’qiganingizda ham shunday deb o’ylaysiz: bu yerda ijod yo’q. O’sha «ijod» o’zi nima?

Agar biron hofizga qo’shig’ingizda ijod yo’q desangiz, u sizni savodsizga yoki zamondan orqada qolganga chiqaradi. Ijoddan asar ham yo’q «asar» yozgan cho’pchakboz esa sizni hasadgo’y sanaydi. Xullas, ijoddan, ijod zavqidan uzoq odamlarga ijod haqida gapirishning o’zi befoyda. Yana o’sha savol. Ijod o’zi nima? Ijodkorlik nima? Nega azal-azaldan ijod va ijodkorlik yuksak qadrlangan, ijod namunasi bo’lgan, u binomi, suratmi, haykalmi, o’ymakorlikmi, badiiy asarmi, ijod namunasi bo’lsa, barchani hayratga solib, odamlarga ruh, quvvat, zavq bag’ishlab kelgan? Qurilgan, yaralgan va yaratilgan, yaratilayotgan har bir narsada, hatto u oddiygina bo’lsa ham ijodkorlik bo’lmasa, oddiy bir buyum – ro’zg’or buyumi bo’lib qoladi. Undan zavq olishdan ko’ra uni ishlatish birinchi o’rinda turadi. U kishiga zavq ham, kuch ham bermaydi. Shuning uchun ijod zavqi va ijod qudrati bilan yaratilgan har bir narsada ilohiy zavq va quvvat mujassam bo’ladi. Unga tikilgan yoki uni ko’rgan zahotingiz sizning ichingizda ham kuch-quvvat va zavq uyg’ona boshlaydi. Ana shu kuch faqat zavq emas, bu quvvat hamdir, ilohiy, go’zal tuyg’ularni anglash hissi.

Adabiyot baribir bevosita ham, bilvosita ham insonni «tarbiyalay»di. Uning didini, dunyoqarashini, saviyasini, insonga, millatga, dunyoga, ezgulik va yovuzlikka munosabatini tarbiyalaydi. Adabiyot millat ko’nglidir. U ana shu katta ko’ngilda yuz berayotgan o’zgarishlarni bilishi, anglashi, og’rishi, zavqlanishi, kuyinishi, talvasaga tushishi shart. Men adabiyot inson dardi va orzusi bilan yashashi kerak deb bilaman. Uning bosh qahramoni ham qayg’urayotgan, orzu qilayotgan, alam chekayotgan, kulayotgan, o’ylanayotgan, izlanayotgan, iztirob chekayotgan, yo’l axtarayotgan INSONdir. Yozuvchi faqat o’sha insonni zamon taloto’plari ichidan topa olishi kerak. Zamon qahramoni ham o’sha INSONdir! Biz u insonni topdikmi? Menimcha, yo’q. Insonni hech qaysi fan adabiyotchalik aks ettirolmaydi, hech qaysi san’at turi adabiyotchalik chuqur va keng tasvirlay bilmaydi, hech qaysi vosita inson ruhi va xayoliga adabiyotchalik erk berolmaydi. Demak, hech bir vosita adabiyotchalik ezgulikni himoya qilolmaydi. Adabiy vijdon ana shu buyuk tuyg’uga xiyonat qilmaslikdir.

Bugun davr ijodkordan chinakam ijodkor bo’lishni, ko’ngil go’zalligi va sofligi, inson va uning didi go’zalligi haqida ko’proq qayg’urish va tarannum etishni talab qilayapti. Bu vazifani yurtboshimiz yana bir marta eslatdi. Faqat eslatdigina emas, ana shu ijodkorlikka katta va ulkan ehtiyoj borligini, bu ehtiyojni ijodkorlar qondirolmayotganini ta’kidladi. Menimcha, endi faqat yozish kerak. Qalb uchun, go’zallik uchun, inson va uning qalbini saqlab qolish uchun yozish kerak. Bugungi talabni men shunday tushunyapman.

Shukur Xolmirzayev
ADABIYOT, YOZUVCHI VA IJOD HAQIDA
002

044Serqirra ijodiy faoliyat egasi, millatimizning fidoyi yozuvchisi, haqi­qatgo‘y adib Shukur Xolmirzayev roman, qissa, hikoya, drama singari janrlarda ko‘plab badiiy asarlardan tashqari ijod psixologiyasi, ijodkor shaxsiyati, adabiyot va jamiyat munosabati kabi masalalarga bag‘ishlab o‘nlab adabiy-tanqidiy maqolalar ham yozgan edi. Aslida, ijod psixologiyasi, ijodkor shaxsiyati hamda ular o‘rtasidagi ko‘zga ko‘rinmas, g‘oyatda nozik robita barcha zamonlarda bahsu munozaralarga sabab bo‘lib keladi. Qizig‘i, bu borada so‘nggi xulosani aytish imkonsizdir. Ayni chog‘da, Adabiyot haqida har kimning o‘z nuqtai nazari bo‘lishi ham tabiiy. Shu ma’noda bilimdon adib, chin ziyoli Shukur Xolmirzayevning adabiyot, ijod va hayot haqidagi fikrlari hech kimni befarq qoldirmaydi. Qolaversa, Shukur aka uchun adabiyot hayot kechirish vositasi emas, balki yashashning shakli ediki, So‘z san’atiga so‘ngsiz fidoyilik nafaqat o‘zbek, balki dunyo adabiy jarayonida ham kamyob hodisa sanaladi.

San’atsiz, adabiyotsiz yashashni tasavvur etolmaydigan qahramonlar talqini Shukur Xolmirzayevning so‘nggi davrda yozgan asarlarida bot-bot ko‘zga tashlanadi, binobarin, ushbu omil ham yoshi ulg‘ayib, hayotdagi aqidalari qat’iylashgan, xulosalari aniqlashgan muallifning maslagi haqidagi tasavvurimizni yanada boyitadi. Ijodkorlikning qismat, umr savdosi ekanini anglatuvchi ta’kid adibning adabiy-tanqidiy maqolalarini umumlashtirib turuvchi yagona mushtarak belgidir. Bu quyida e’tiboringizga havola etilayotgan, turli maqolalar, suhbatlardan olingan, adibning adabiy qarashlarini muxtasar ifodalaydigan fikrlarda ham yaqqol namoyon bo‘ladi.

* * *

…har bir asar ayricha bir dunyo bo‘lganidek, unga kirish yo‘llari ham o‘ziga xos bo‘ladi.

* * *

…adabiy jarayonni izchil kuzatib borish, lozim bo‘lganda, uning oldiga borish – juda ulug‘ fazilat. Eng zukko tanqidchilarga xos fazilatdir.

* * *

…hissiyot shunday olam ekanki, ba’zan uning tashqi belgilarini ko‘rish ham, eshitish ham, sezish ham mumkin bo‘lmagani holda, ularning jonli harakatda yarqillab aks etganinigina ko‘rib qolish mumkin.

* * *

…shaxsan men kitobxonni bir yoqqa torta bilgan, uning didiga mo‘ljallab – unga asarini nima qilib bo‘lsa ham yoqtirish maqsadida emas, o‘sha didni bir bahya bo‘lsa-da ko‘tarish niyatida ter to‘kkan yozuvchilarni sevaman.

* * *

…Qodiriydagi dialoglarni shundoq sahnaga olib chiqib qo‘yish mumkin. Aktyorlar lazzatlanib ijro eti­shadi. Shundandirki, “O‘tgan kunlar” ekranga ko‘chi­ril­ganda, ssenarist yozuvchilar san’atkorning dialoglarini deyarli o‘zgartirmaganlar. Kino san’ati bilan proza san’atining o‘ziga xos xususiyatlaridan xabardor kishilar bu nechog‘lik tansiq hol ekaniga imon keltirishar!

* * *

…asarlarim ba’zilarga manzur bo‘lmagan esa-da, vaqtimning ko‘pi ana o‘sha asarlarni qanday yozish kerakligi ustida kechdi.

* * *

…ba’zida yaxshi odam bilan yomon odamni farqlash qiyin. Chunki ikkisi ham bir xilda gapiradi, go‘yo bir xil fikrlarni aytadi, boringki, bir xil ishni bajaradi. Ularni o‘z joyiga qo‘yib tasvirlash uchun yozuvchidan o‘ta sezgirlik talab etilib qolmay, uning ezgulik va yaxshilik haqidagi e’tiqodining avvalgisidan ham mustahkam bo‘lishi talab etilsa kerak.

* * *

…bugungi kun yozuvchisi, shubhasiz, faqat o‘z adabiyoti tajribalariga suyanib qalam tebratishi mumkin emas.

* * *

…muhabbatning ijodga ta’siri haqida gap ketadigan bo‘lsa, fikrim shu: ijodning tagida aslida muhabbat yotadi.

* * *

…zamon aylanib, rost gapni – borini aytish imkoniyati ochildi.

Bu – yozuvchi uchun baxt!

Axir yozuvchiga nima kerak? Ana shu erkinlik-da! Yozuvchining vazifasi nima? Haqiqatni aytish-da!

Shuning uchun bo‘lsa kerak, dunyo adiblari o‘rtasida tarqalgan qadim bir gap bor: yozuvchining Xudosi – haqiqat emish.

Endi shunday muhitda yeng shimarib, ishga kirishmaslik – gunohi azim.

* * *

…muammolarning muammosi – odam. Odamni chinakamiga aks ettirar ekansiz, uning qilmish-qi­dir­mishlaridan muammolar kelib chiqaveradi. O‘sha muammolarni hal etish esa… sening ishing emas: uni hayot hal etadi va pirovardi, o‘sha “hal etilish” jarayoni yana adabiyotda aks etishi mumkin.

* * *

…uslubda hamma narsa mujassam: dunyoqarashdan tortib, nuqta qo‘yishgacha…

* * *

…men uchun asl muddao – izhori dil. Ammo buning tagida menga bog‘liq bo‘lmagan… tashviqot yotadi. Ha-a, adib oxir-oqibat nimanidir tashviq qiladi.

* * *

…Abdulla Qahhor hikoyalari hozirgi kun adiblari, xususan, hikoyanavislari uchun tom ma’noda bir maktab, milliy maktabdir.

* * *

…Abdulla Qahhorni yo‘q deb, ya’ni hayotga kelmagan, hikoyalar ham bitmagan, qissalari, “Sarob” ham – bizning xayol, deb ko‘zimni yumdim. Dunyo qorong‘i bo‘lib qoldi. O‘zim ham… yo‘q bo‘ldim. Ko‘zimni ochsam, u – qarshimda. Demak, o‘zim ham borman.

* * *

…hikoyada yechim yozuvchining dunyoni zuhur etishi, inson ruhining ichki va sirtqi qonuniyatlarini nechog‘lik bilishi, qolaversa – mahorat-professionallik, ijod texnikasini qanchalik egallagani bilan bog‘liq masaladir.

* * *

…anchayin materialdan ham usta adib yaxshi hikoya yaratishi mumkin.

* * *

…asar, har qalay, o‘zi uchun o‘zi javob berishi kerak: san’at haqiqati hayot haqiqatidan sal-pal baland turmasa, u san’at bo‘lib nima bo‘ldi?

* * *

…haqiqiy adib mukofot uchun yozmaydi va yozmasligi kerak.

* * *

…bulbul nega sayraydi? “Biz uchun!” deb o‘r­ga­tishgan bizga. Holbuki, u o‘zi uchun – ya’ni, sayrashi kerakligi uchun sayraydi: illo, sayramasa – o‘ladi.

Yozuvchilik ham – shu!

* * *

…shaxs inson sifatida kamol topishni istar ekan, va ayni chog‘da o‘ziga xos jihatlarniyam qo‘ldan chiqazmas ekan, demak… u shaxsning navbatdagi asarlari ham uning o‘zi bilan birga shakllanib boraveradi. Va oqibat shaxs qanday Inson bo‘lsa, uning asarlariyam shunday San’at bo‘ladi.

* * *

…yozuvchi qandaydir bir mavzuni olib, qandaydir qahramonlar yo‘nalgan maqsad sari qalam tebratadi. U nega bu ishni qilyapti? U kitobxonga nimadir demoqchi, unga o‘zi uchun aziz-muqaddas bo‘lgan bir nimalarni aytmoqchi, pirovardi, unga bir nima bermoqchi, uning ma’lum bir masalaga munosabatini o‘zgartirmoqchi yoki o‘sha masalaga yangicha nazar bilan qarashini istab shu ishni qilyapti.

* * *

…biz bitta adabiy tilni qabul qilganmiz. Haqiqiy adabiy tilimiz Cho‘lponning tili. Men yozganimda hamma vaqt muallif tilidan, adabiy tilda yozishga harakat qilaman. Ammo qahramonlarim o‘z-o‘zicha. Shuning uchun adabiy tilga har narsani tiqishtirib, talaffuzini buzib yurishni yoqtirmayman.

Otabek Safarov nashrga tayyorladi.

M: “Yoshlik”2012/9

021

(Tashriflar: umumiy 3 557, bugungi 1)

Izoh qoldiring