Shukur Xolmirzayev. Qariya.

025
Қўзибой чол — ориқ, оёқлари чилчўпдек. Юрганда бошини ҳар томонга буриб, худди жарчилик қилаётгандек кескин-қалтис ҳаракатлар қилиб қадам ташлайди. Кишиларга бениҳоя жиддий назар солади. Чойхонага кирса, умрида кўрмаган одами билан ҳам ниҳоятда қуюқ сўрашиб, авлод-аждодларини суриштиради.

011
001
Шукур ХОЛМИРЗАЕВ
ҚАРИЯ

04

Қўзибой чолнинг касби бетайин. Бозор кунларида жарчилик қилади. Хусусан моли йўқолган кишиларга асқотади: «Ўзи ола бузоқ, бир почаси қора, икки яшар! Кимки ушлаган бўлса, ё кўрган бўлса, ё боғлаган бўлса ўттиз сўм суюнчиси бор-ҳо-о!!» деб бақира бошлаганида овози етти маҳалла нарига кетади. Қўзибой чол ана шу иши учун мол эгасидан чўтал олади. Бироқ ҳозир бу касбнинг омади кетган район шаҳарга айланаётгани учун аҳоли кўпайиб, ер тағин ҳам торлик қилиб, томорқаларда мол сақлаб бўлмайдиган даражага етяпти. Шунинг учун молини йўқотиб, Қўзибой чолга мурожаат қиладиган кишилар ҳам жуда оз!

Бироқ беш-олти йилдан буён Амударё ёқасига яқин кўллар бўйида гуруч етиштираётган корейс ўртоқлар бозорга серқатнов бўлиб қолишган. Улар кузда келиб ётиб олишлари билан токи қишни чиқармай кетишмайди! Шундоқ бўлгач, улар қўшимча дастёрларга муҳтож: келтиришган қоп-қоп гуручларни тушириш керак, расталарга жойлаш керак. Вақт-бевақт уларга чойдан қарашиб туриш лозим. Ишнинг энг қийин ва «сермаҳсули» қишга қолади. Айниқса саҳар пайтида бозордан барала кўриниб турувчи тоғлардан шундоқ изғирин эсадики, тоқат қилиб бўлмайди. Шунда бева хотин «жон олов, жон эр» деганидек, сотувчи ўртоқларга кул пақирда келтирилган лаққа чўғ жуда ҳам асқотади-да! Бу чўғни уларга Қўзибой чол қилиб беради.

Бозорда бу қариядан бўлак тағин бешта хизматчи бор. Бироқ чол сотувчилар билан тоза элакишиб, мижоз бўлиб кетган. Сўнгра у бошқалардек ортиқча тўнғилламайди, берганини олиб, ҳақига мўл-кўл дуо қилади. Пишиқчилик маҳалида ҳам Қўзибой чолнинг иши кўпайиб, қўли қўлига тегмай қолади. Ҳали қарабсиз, шартта ёриб еб кетадиган қовун-тарвуз пўчоқларини челакка йиғиб юради. Ҳали қарабсиз, оёқ ости бўлган узум, помидор, карам пўчоқларини супуриб юради. Баъзан қўшни мол бозорига ўтиб, тезак ҳам тўплайди.

Шу иши эвазига бозоркомдан олтмиш сўм маош олади, хизматчилар рўйхатига «ишчи» деб ёзиб қўйилган. Маошдан ташқари, сотувчиларнинг ҳимматига караб тушадиган уч-тўрт чақа пул ҳам чолнинг чўнтагига киради.

Қўзибой чол — ориқ, оёқлари чилчўпдек. Юрганда бошини ҳар томонга буриб, худди жарчилик қилаётгандек кескин-қалтис ҳаракатлар қилиб қадам ташлайди. Кишиларга бениҳоя жиддий назар солади. Чойхонага кирса, умрида кўрмаган одами билан ҳам ниҳоятда қуюқ сўрашиб, авлод-аждодларини суриштиради.

Дарвоқе, равоч чиққанда ҳам қариянинг омади юришиб қолади: чунки эшакларида қоп-қоп равоч олиб тушган тоғлик ўртоқлар ҳам Қўзибой чолнинг мижозларидир. Улар район марказидаги аҳоли сингари оғир, «бардошли»мас. Келтирган молларини доналаб сотиб ўтиргандан кўра, уни кўтара савдо қилиб, ўзларига керакли нарсаларни харид қилиб қайтишга шошадилар: тоғ узоқ, кечга қолмай қишлоқларига етиб олишлари керак. Ана шунда Қўзибой чол уларнинг бамисоли ҳожатбарори бўлади. Бироқ у бу хил олиб-сотарлигидан кам фойда қилади. Негаки савдога қизиқиб кетганидан кейин «ўн тийинга бешталаб» сотаётган равочини «ўн тийинга ўнталаб» сотганини ҳам билмай қолади. Шунга қарамай, бу ишни қуймайди. Айниқса кечаги кинохона ёнида чордана қуриб сота бошлаганида ўзи ҳам жуда мамнун бўлиб кетади, бошқалар ҳам…

* * *

Чолнинг ота авлодидан ҳам, она авлодидан ҳам ҳеч кими йўқ. Шуна эс-эс биладики, болалигида қишлоқларини қуролланган одамлар босган. У сомонхонага бекиниб жон сақлаб қолган. Қейин чорбозчиларга қўшилиб, кўмир кони яқинидаги қишлоққа борган. Қўй боққан, почтачилик қилган. Бир эшонга мурид тушиб, етти йил унинг изидан юрган. Бола кўрмаган. Хотини бундан саккиз йил муқаддам ўзининг қўлида жон берган. Хотинининг қабри Қизил Газада. Учига пахта қўшиб ўрилган қуббали жамалаги билан кийгичи ҳамон қариянинг уйида, токчада…

Шундан бери чол ёлғиз. Тўрт йил бўлдики, уни ўлим вахимаси чулғай бошлади. Кўзи пишиб кетгани учун ўлимдан эмас, жонкуяри бўлмагани учун ўлганини ҳеч ким билмай қолишидан қўрқади.

Ўлимлигини тайёрлаб, тайинли бир кишига бериб қўйишни ўз бурчи деб билди ва бу йиллар орасида жамғарган пулини Қобил қассобга бериб қўйди. Онда-сонда қассобнинг дўконига кириб: «Қалай, зўрми?!» дея пулнинг омон-эсон турганига шама қилиб қўяди. Қассоб ҳам катта иягини қашиётган бўлиб: «Хотиржам бўл!» дейди.

…Бу йил куз барвақт тушди. Пастидан тўкилган дарахтлар учи қонталаш. Чуғурчуқлар сероб. Мезонлар кўп — симёғоч симларида, дарахт шохларида, том бўғотидан чиқиб турган ёғоч учларида. Чумчуқлар ҳам серташвиш. Район кўчаларида одам сийрак. Ҳамма пахта теримида. Қўзибой чол ҳам бир ҳафта теримда бўлиб келди. Жуда яйради! Бироқ қайтиб келган куни кимсасиз бозорга кириб, ҳувиллаб ётган расталарни ички бир мамнуният билан айланиб кўраркан, бозор одоғидаги кичкина дарча қаттиқ итарилиб, очилиб кетди, Рўмоли учини оғзига тутиб олган тўлагина аёл қизарган кўзларини яшириб, дарвозага қараб йўналди.
— Баҳай? Тинчликми?— сўради бозор ишчиси.
— У, акажон… Отамни бериб қўйдик. Биласиз-ку, қандоқ одам эди!— келинчак ўтиб кетди.

«Э, мисгар оламдан ўтибди-да… Чакки иш бўпти. Раҳмат қилсин»,— деди қария ва бу келинчак ҳақиқатан ҳам мискарнинг келиними — йўқми эканини билмоқчидек, унинг кетидан тушди. Келинчак чорраҳадан ўтиб, паст кўчага тушиб кетди.

Қўзибой чол чойхонага кирди. Кимсасиз, зах хонага ўтиб, битта кўк чой буюрди-да, чорпояга ўтирди. Дўпписи устидан қийиқча ўраган ¢озибой чойни олиб келган эди, уни рўпарасига ўтқазиб:
— Аттанг-а… мискар ўтибди!— деди.— Дунё шу экан-да, биродар!

Чойхоначи шошиб қолди, суриштира кетди.
— Э, қизишманг, иним,— деди Қўзибой чол бепарволик билан.— Ажал вақтики келиб, ҳар биримизнинг ҳам эшигимизни тақиллатади. Мусулмон одам ўлимни бўйнига олиб қўйгани маъқул… Мени бошқа бир нима ўйлатади, иним! Қодирбой кўп мўъмин-мусулмон одам эди. Балли… Унинг иззат-ҳурматини жойига қўйиб чиқарармикан бу келинчак? Шу ёғи мени ўйлатади… Чакки иш бўпти-да! Балки тайёргарлиги йўқдир? А?.. Унда қийин! Иним, ўлим дегани тўй эмас, мен сизга айтсам. Тўй дегани бамаслаҳат бўлади, ўлим туйқусдан келади. Бунинг фарқи катта!.. Аттанг!

Бўшашиб қолган чойхоначи Қўзибой қариянинг узун, оқ оралаган эчки соқоли, чўкик ёноқларига ўйчан тикилди.
— Ота, сўраганнинг айби йўқ. Неча ёшга бордингиз?— сўради у.

Чол талтайиб ҳар тарафга қараб олди.
— Насиб бўлса, менинг ҳисобимда… икки кам етмишга кирдим! Мен билан ўсган, мана, Қобил қассоб пайғамбар ёшини берганига нақ беш йил бўлди. Шу ҳисобда уям икки кам етмишга чиқди. Мен ҳам етмишни қоралаб қолдимов!

Чойхонада одам кўпайди. Қўзибой чол улар билан сўрашиб, пахтадан олган таассуротларини ҳикоя қилиб хийла ўтириб қолди:
— Э, бу Шоймардон Қудрат деганингиз тоза зўр экан! Десангиз, пайкалда пахта оппоқ бўлиб шу… чарви мойдек бўлиб оқиб ётибди! Машинаси билан бир ораласа борми, қуруқ ғўзасини кўрасиз! У зўр экан… Ҳалоли бўлсин! Олтита боласи бор экан, хўш… битта қўли чўлоқ. Узи анави Шўрчидан бўлади. Қўнғиротдан! Бойсун Қўнғиротдан! Алпомишнинг уруғи-да, барака топсин…

Қечқурун уйига борди. Қўшнининг эчкилари томорқаға кирган экан, уларни ҳайдаб кемтикдан оширдида, ўйлаб туриб бостирмага чиқди:
— Ҳо-ҳо-о! — деб бақирди. — Бири ола, бири қора эчки кўрган борми! Суюнчисини олиб келавер-ҳо! Қўзибой жарчининг маккасини еб юрипти! Барака топсин эгаси-ё!

Қўшни чиқди, чол билан кулишди. У даҳлизга кираётган эди, йироқдан келаётган йиғи товушини эшитиб, туриб қолди. Хафа бўлди. Сийрак, узун қошларини чимириб, ичкари хонага ўтди. Пўстакдай қотиб кетган палос устида туриб, хонага разм солди. Токчадаги жамалакни кўриб, қўлига олди-да, томоша қилди. Яна авайлаб жойига қўйди ва қорнидан очиладиган ёғоч сандиқ устидан эски жойнамозини олиб тўшади. Тиз чўкиб, роса тиловат қилди. Ўлганларга жаннатдан жой тилади, тирикларга инсоф-адолат… Сўнг пичирлаб: Э расули барҳақ! Имонимни бер, — деди. — Бировга ёмонлик қилмадим, бировнинг ҳақини емадим… Тоғлик оғайниларни ҳам алдамадим. Кўпнинг дуосини олдим… Ҳа, фарзанд кўрмадим. Сенга бир ёмонлигим ўтгандир-да… Ўзингга шукр, Қобилбойга ҳам умр бер, бола-чақасининг бошида омон юрсин! Мени кўмсин! Э, Қўзибойнинг ҳеч кими йўқ экан демасин биров!..»

У енгил тортиб қўзғалди. Бироқ ташқарига чиқиб тағин йиғи овозини эшитди ва тағин таъби кир бўлди. Аллақандай ваҳима юрагига тушиб, тор кўчага чиқди.
Кўчанинг бир боши марказ тарафга кетар, бир боши тошлоқ орқали сойга тушарди. Сойнинг тик қирғоғида қадимги қўрғон вайроналари қаққайиб турар, унинг водийга қараб очилган шинакларини каптарлар ин қилганди. Қўрғоннинг девори устида иккита бола кўринар эди.
«Ҳаҳ, шумтакалар! Йиқилиб тушса, кимга қийин?! Ёш-да, ёш…»

Шу кеча қаттиқ шамол бўлди, чол бекорчиликда экиб, яқинда ўриб қўйган маккажўхориларини ҳар тарафга сочди. Бостирма эшиги кўп марта очилиб ёпилди. Аллақаёқдан бир ит узоқ ҳурди, тонгга яқин увлади.

Қўзибой чолнинг таъби баттар хира бўлиб уйғонди.
Шу куни унинг иши юришмади: кеча шамолда тўстўполони чиққан бозорни супуриб, супуриндини ахлат қутисига солиб қўйган эди, бир машина тисланиб тўкиб юборди. Чол бозорком раисидан дакки эшитди. У Қодир мискарнинг ўлимига ҳам кечикиб борди…

Кечқурун Қўзибой чол гангиб, қассобхонага мўралади:
— Ҳорманг, уста? Зўрми?

Қассоб гўшт сотилмаётганидан куюниб ўтирган эди, тумшайди: бузилиб қолса, нима қиламан?
— Э, ташвиш чекманг,— деди Қўзибой чол.— Ҳадемай пахтадан одамлар қайтишади… Бу ёқда кун совияпти!
— Сиз ҳам гапирасиз-да!

* * *

Қўзибой чол шу оқшом ётиб қолди. Саҳарда турганда ёмғир шивалаб ёғар, теварак тинч, бостирма биқинига тақаб таҳлаб қўйилган сап-сариқ жўхорипоялари устида чумчуқлар ғужғон ўйнашарди. Ёмғирда шалаббо бўлган бир ит девор тагида искаланиб турарди.
— Тур! Йўқол!— Қўзибой чол унга кесак отди. Ит кемтикдан ўтиб кетди.

Чол одати бўйича сойга ювинишга тушди-ю, қайтишга мадори етмай қолди. Азойи бадани увишиб оғрир, шундоқ тоза ҳаво ҳам унга етишмаётгандек эди. Уйга зўрға етиб келиб, кўрпачага чўзилган эди, кўзи илиниб туш кўрди. Марҳума хотини эмиш. «Юринг, юринг!» деб қўлидан тортаётган эмиш. Чол уйғониб, бу тушнинг таъбирини ёмон томонга йўйди. Бозорга боришга ҳам ҳафсаласи бўлмади. Айвондаги декчанинг тагига тўртта қуриган ёғочни тиқиб, ичига бир коса сув, картошка билан иккита сабзи солиб, милтиллатиб қўйишни ўйлади-ю, эринди. Овқатга иштаҳаси йўқ эди…

Шу бўйи ётиб қолди. Хайрият, эртасига қўшниси Жамол ака тағин бу ёққа тушган эчкиларни ҳайдагани кирганида уни кўриб қолиб уйидан бир коса аччиққина шўрва чиқарди. Қариянинг ичи илиб, сал мадорланди.
— Баҳай; оламда нима гап?— сўради у.— Мен… бозорга чиқолмадим, Жамолбой! Андак тобим айниб ётиб қолдим денг… Шамол тегдими, билолмадим, Хўш?
— Янгилик шулки, район одамга тўлиб қолди,— деди қўшни.— Пахтадан қайтишган бозорингиз ҳам гавжум… Кўчага чиқинг, яхши бўлади.
— Тўғри айтасиз. Ётишдан фойда йўқ!

Қўзибой чол шундоқ дегани билан тушгача кўчага чиқолмади. Кечга томон умрида биринчи марта ҳасса таяниб чиқди. Район марказига оралаганда, унинг кайфи хийла чоғ бўлиб кетди… Э! Чол ҳақиқатан ҳам ёлғиз эмас! Уғли бўлмаса, ўғлидек иззат қиладиган ёшлар бор… Ана, ўзи тенги қариялар ҳам унга иззат-икром кўрсатади… Шу корейс ўртоқлар ҳам эски мижозларини асти унутишмайди-да; пахтага кетаётган халқ чалғимасин, деб уларга ҳам гуруч сотиш ман этилган эди, яна молини чиқаришибди. Ҳаммаси хурсанд! Қўзибой чол улар билан сўрашиб, чойхонага кирди.
Қўзибой унинг олдига бир чойнак чой қўйиб, афтига тикилди.
— Нима бўлди, ота?
— Э, иссиқ жон… Оллойим севган қулига касал берар экан, иним. Ўлимни унутмасин, мени эслаб турсин деб. Шундоқки, биз ҳам андак ётиб олдик!

У кўчага чиққанида, совун, туз харид қилиш учун тоғдан тушган тожик ошналарига йўлиқди. Улар ғоят сўзамоллик билан чолдан аҳвол сўрашди.
— Акун ин сол ҳам чукури мўл мешад!— дейишди улар.— Сизга раҳмат… Бо бизди эсдан чиғорманг, бахудо хапа бўламез. Мана, бир юзу олтмиш панж кундан сўнгра чуқури чиқаду!
— Ҳа, ўлимга сабр берсин, ҳаммаси бўлади,— деди қария.

У уйига қайтар чоғи қассобхона ёнидан ўтаркан, дили андак оғриди. Дўстининг хабар олмагани энди ёдига тушди…
— Хўш, тани сиҳатликми? — деди у ичкарига қараб.
Йўгон, бақувват қассоб унга ўткир тикилди:
— Ўзингизни олдириб қўйибсиз?..
— Шунчаки…
— Мана, иш ҳам кўпайиб қолди, қўл қўлга тегмаяпти.
Чол йўлда ўзини овутди: «У ишли одам. Ўзидан ортиб боролмаяпти. Ҳозир бировдан гина қиладиган вақтми?»

* * *

Қўзибой чол ўнгланмади. Тағин уч кун ётиб, кўзлари дўлайиб, олти ойлик касалдек бўлиб қолди. Ярим кечада тағин туш кўриб уйғонди ва хотинини эслаб ўтирганди, ташқарида жўхорилар қаттиқ шиғирлаб, ит ғингшиди. Сўнг чўзиб увлади, чол донг қотди.

«Ҳе, энди вақт етибди,— деб ўйлади у тўшакда чордона қуриб, энгашиб ўтираркан.— Кун тўлибди энди… Раҳматли кампирим ҳам сезибди. Ана, ит ҳам… Бекорга улимайди-ку? Овқатдан ҳам қолдим. Ризқ-насиба узиляпти. Энди тайёргарлик кўриш керак».

Эрталаб у хотиржам бир ҳолатда ҳовлига чиқди. Одамлардан рози-ризолик олиш, қўшниларнинг уйига мўралаш, кейин бозорга бориб, таниш-билишлар билан ҳам хўшлашиш, Қобилбойга учраб, хотинининг қабрини қандай қилиб топиши ва учинчи куни халойиқни чақириб, еттисини ҳам, қирқини ҳам, йилини ҳам бир йўла ўтказиб юборишни тайинлаш, сўнгра бозоркомга йўлиқиб, у билан ҳам видолашишни дилига тугди…

Одамлар ҳам қизиқ-да!.. Қўзибой чол билан видолашиб ундан рози эканлари, бемалол оёғини узатиб ўлавериши мумкин эканини айтиш ўрнига нуқул кулишди. Ҳатто бир-иккитаси «вос-вос бўпсиз, ўқитинг ўзингизни», деб ҳазил ҳам қилди. Ёшлар эса, дангалига: «Қўйинг-э! Бўйдоқ одам ҳам шундай дейдими? Аввал уйланинг, бола-чақа кўринг, кейин бир гап бўлар-да!» дейишди. Лекин чолнинг букчайиб беҳол қадам ташлаб кетишини орқадан кузатган баъзи бировлар ачиниб хўрсинишди ҳам.

Албатта Қўзибой чол кўпларнинг гапи, кулгисидан мамнун бўлди. Бу нарса… ўлимнинг аввал сезилмай келган ҳаяжонини ҳам босди…
Ниҳоят, ёшлик дўсти Қобил қассобнинг дўконига кирди.
— Э, гапирманг-э!— деди у.
— Хўп деяверинг, дўстим!—деди Қўзибой чол курсида қўзғалиб қўйиб.— Менга аён бўлди…

Йўғон ёнғоқ тўнкаси устидаги гўшт парчалари, суяк синиқларини сидириб териб олаётган қассоб унга тикилиб қолди ва бирдан хўрсиниб, скамейкага ўтириб қолди…

Бу бақувват, барваста, соғлом одамга Қўзибой ака авваллари ҳам ориқлиги, қотмалиги учун касалдек кўринар, минг сўм пулни келтириб санаб берганида «шу ўлади-ёв», деб кўнглидан ўтказган эди. Ҳозир унинг ботиб кетган кўзлари, заъфарон юзи, қўлидаги дағал ҳассасига тикилиб: «Ҳа, ўлади», деб ўйлади.
— Шунинг учун дўстим,— давом этди қария,— мен авваламбор, сиздан розилик олмоқчиман. Сўнгра… андак васиятим бор.
— Васият?!

Қассоб Қўзибой чолнинг пулини ўшандаёқ ишлатиб юборган ва бу одамнинг ҳеч кими йўқлиги, ўзи художўй ҳамда уриш-жанжалдан нари юришини билгани учун ўшандаёқ қувониб: «Бу ўзимники бўлди», деб қўйган эди.
— Ҳа, эсим борида васият қилиб қўяй, дўстим… Бир ҳафтадан бери мазам йўқ! Сиз иш билан оворасиз… Инчунин ўлиб қолганимни билмай қолишингиз ҳам мумкин, лаббай? Шунинг учун ҳар уч кунда анави дастёрингизни юбориб, мендан аҳвол сўратсангиз, ҳақига ўша пулдан бир сўмдан беринг…

Қассоб пиёласидаги чойни тўкиб ташлаб, пештахтани тушира бошлади. Хона қоронғи бўлиб қолди.
— Ташқарига чиқайлик.
— Хўп бўлади… Ё сиз ҳам менга ишонмаяпсизми? Ундоқ бўлмасин.

* * *

Ярим соатдан кейин Қобил қассоб дарвозага қараб борар, бозор хизматчиларининг ёрдами билан раста тахтасига чиқиб олган Қўзибой чол кўзидан шашқатор ёш оқизиб, атрофга хира овозда жар солар эди:
— Эшитмадим деманглар! Суюнчиси бор… Қобил қассоб паст одам экан. Мен ўлимлигим деб, минг сўм бериб қўйган эдим, тонди! Халойиқ! У пул сизларнинг пулларингиз эди. Менинг ҳалол меҳнатим учун сўмлаб, тийинлаб берган эдингиз. Ана шу одамга бериб, ўлимимга ярат деб эдим… Тонди. Еб кетди энди… Одамлар, Қобил кассоб ҳаромхўр! Одамнинг ҳақини ейди бу… Худодан тилагим шулки, ўлиги кўчада қолсин, бекафан бўлсин, халойиқ… Мени бекафан қилди, одамлар!

Қобил қассоб дарвозадан чиққан жойида орқага қараб чопди. У етиб келганида, ёшлар, қариялар унинг йўлини тўсишди. Чолни ҳимоя қилишди. Ишга милиционер аралашди. Қассоб билан Қўзибойни бозоркомнинг идорасига киритиб, сўроқ қилди.
— Бунда пул бўладими, ўзи ўн тийинга зор-ку?!— бақирди қассоб…— Жинни бўпти бу… Олибсотар! Гувоҳинг борми? Асти бировга яхшилик қилма экан… Ҳеч кими йўқ, деб дўконга чақирардим, чой қуйиб берардим! Мана, товон тўла деб турипти… Кетмайди! Ҳақиқат бор!

Орага бозорком раиси ҳам қўшилди. Натижа чиқмади. Қассоб қутилиб кетди. Қўзибой ташқарига чиқиб, гужум остига ўтирди.
Жанжални узоқдан кузатиб турган— баланд бўйли, қозоқбашара, ўрта яшар Мирғози қассоб келиб чолнинг тирсагидан кўтарди.
— Ота, хафа бўлманг,— деди.— Улимни ўйламанг… Сиз бекор ғовға кўтардингиз, шу ҳасса билан бошига солишингиз керак эди.
— У, болам…
Мирғози Қўзибой чолни уйига элтиб қўйди. Қўшниларига чолдан хабар олиб туришни тайинлаб қайтди.

* * *

У жимжит уйида, палос устида чўзилиб ётиб, шу фикрга келди: «Бу аҳволда мен қандоқ қилиб ўламан? Асти мумкин эмас, сираям… Мен яна меҳнат қилишим керак. Ҳалол пул топишим керак. Ўлимлик қилишим керак… Ундан кейин ўлсам, бошқа гап…»
У қўшни чиқарган овқатни зўрлаб еди. Ярим кечада туриб, гўшт қовурди. Саҳар уйғониб, сойга тушди. Ювинди. Тетикланиб, кўчага йўл олди…
Қўзибой чол аввалгидек бўлиб кетди.

04

019   Шукур Холмирзаев 1940 йил 24 мартда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991). Тошкент университетининг журналистика факултетини тугатган (1963). Дастлабки ҳикоя ва очерклари 1958 йилдан нашр этила бошлаган. «Оқ отли» (1962), «Тўлқинлар» (1963), «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» (1965) қиссалари, шунингдек, ёзувчининг шу даврда ёзган ҳикоялари «Олис юлдузлар остида» (1971), «Ҳаёт абадий» (1974), «Оғир тош кўчса…» (1980), «Йўллар, йўлдошлар» (1984), «Бодом қишда гуллади» (1986), «Тоғларга қор тушди» (1987) цингари тўпламларидан ўрин олган. «Сўнгги бекат» (1976), «Қил кўприк» (1984), «Йўловчи» (1987), «Олабўжи» (1992), «Динозавр» (1-китоб, 1996) каби романлар муаллифи. «Қора камар» (1987), «Зиёфат» (1990 йили саҳналаштирилган) драмалари ҳам бор.
Ёзувчи 2005 йил 29 cентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти (1989) ҳамда «Меҳнат шуҳрати» (1999) ордени билан тақдирланган.

022Shukur Xolmirzaev 1940 yil 24 martda Surxondaryo viloyati Boysun tumanida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1991). Toshkent universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan (1963). Dastlabki hikoya va ocherklari 1958 yildan nashr etila boshlagan. «Oq otli» (1962), «To’lqinlar» (1963), «O’n sakkizga kirmagan kim bor?» (1965) qissalari, shuningdek, yozuvchining shu davrda yozgan hikoyalari «Olis yulduzlar ostida» (1971), «Hayot abadiy» (1974), «Og’ir tosh ko’chsa…» (1980), «Yo’llar, yo’ldoshlar» (1984), «Bodom qishda gulladi» (1986), «Tog’larga qor tushdi» (1987) singari to’plamlaridan o’rin olgan. «So’nggi bekat» (1976), «Qil ko’prik» (1984), «Yo’lovchi» (1987), «Olabo’ji» (1992), «Dinozavr» (1-kitob, 1996) kabi romanlar muallifi. «Qora kamar» (1987), «Ziyofat» (1990 yili sahnalashtirilgan) dramalari ham bor.
Yozuvchi 2005 yil 29 centyabrda Toshkent shahrida vafot etgan.
Hamza nomidagi Respublika Davlat mukofoti (1989) hamda «Mehnat shuhrati» (1999) ordeni bilan taqdirlangan.

001
Shukur XOLMIRZAEV
QARIYA

04

Qo’ziboy cholning kasbi betayin. Bozor kunlarida jarchilik qiladi. Xususan moli yo’qolgan kishilarga asqotadi: «O’zi ola buzoq, bir pochasi qora, ikki yashar! Kimki ushlagan bo’lsa, yo ko’rgan bo’lsa, yo bog’lagan bo’lsa o’ttiz so’m suyunchisi bor-ho-o!!» deb baqira boshlaganida ovozi yetti mahalla nariga ketadi. Qo’ziboy chol ana shu ishi uchun mol egasidan cho’tal oladi. Biroq hozir bu kasbning omadi ketgan rayon shaharga aylanayotgani uchun aholi ko’payib, yer tag’in ham torlik qilib, tomorqalarda mol saqlab bo’lmaydigan darajaga yetyapti. Shuning uchun molini yo’qotib, Qo’ziboy cholga murojaat qiladigan kishilar ham juda oz! Biroq besh-olti yildan buyon Amudaryo yoqasiga yaqin ko’llar bo’yida guruch yetishtirayotgan koreys o’rtoqlar bozorga serqatnov bo’lib qolishgan. Ular kuzda kelib yotib olishlari bilan toki qishni chiqarmay ketishmaydi! Shundoq bo’lgach, ular qo’shimcha dastyorlarga muhtoj: keltirishgan qop-qop guruchlarni tushirish kerak, rastalarga joylash kerak. Vaqt-bevaqt ularga choydan qarashib turish lozim. Ishning eng qiyin va «sermahsuli» qishga qoladi. Ayniqsa sahar paytida bozordan barala ko’rinib turuvchi tog’lardan shundoq izg’irin esadiki, toqat qilib bo’lmaydi. Shunda beva xotin «jon olov, jon er» deganidek, sotuvchi o’rtoqlarga kul paqirda keltirilgan laqqa cho’g’ juda ham asqotadi-da! Bu cho’g’ni ularga Qo’ziboy chol qilib beradi.

Bozorda bu qariyadan bo’lak tag’in beshta xizmatchi bor. Biroq chol sotuvchilar bilan toza elakishib, mijoz bo’lib ketgan. So’ngra u boshqalardek ortiqcha to’ng’illamaydi, berganini olib, haqiga mo’l-ko’l duo qiladi. Pishiqchilik mahalida ham Qo’ziboy cholning ishi ko’payib, qo’li qo’liga tegmay qoladi. Hali qarabsiz, shartta yorib yeb ketadigan qovun-tarvuz po’choqlarini chelakka yig’ib yuradi. Hali qarabsiz, oyoq osti bo’lgan uzum, pomidor, karam po’choqlarini supurib yuradi. Ba’zan qo’shni mol bozoriga o’tib, tezak ham to’playdi.

Shu ishi evaziga bozorkomdan oltmish so’m maosh oladi, xizmatchilar ro’yxatiga «ishchi» deb yozib qo’yilgan. Maoshdan tashqari, sotuvchilarning himmatiga karab tushadigan uch-to’rt chaqa pul ham cholning cho’ntagiga kiradi.

Qo’ziboy chol — oriq, oyoqlari chilcho’pdek. Yurganda boshini har tomonga burib, xuddi jarchilik qilayotgandek keskin-qaltis harakatlar qilib qadam tashlaydi. Kishilarga benihoya jiddiy nazar soladi. Choyxonaga kirsa, umrida ko’rmagan odami bilan ham nihoyatda quyuq so’rashib, avlod-ajdodlarini surishtiradi.Darvoqe, ravoch chiqqanda ham qariyaning omadi yurishib qoladi: chunki eshaklarida qop-qop ravoch olib tushgan tog’lik o’rtoqlar ham Qo’ziboy cholning mijozlaridir. Ular rayon markazidagi aholi singari og’ir, «bardoshli»mas. Keltirgan mollarini donalab sotib o’tirgandan ko’ra, uni ko’tara savdo qilib, o’zlariga kerakli narsalarni xarid qilib qaytishga shoshadilar: tog’ uzoq, kechga qolmay qishloqlariga yetib olishlari kerak. Ana shunda Qo’ziboy chol ularning bamisoli hojatbarori bo’ladi. Biroq u bu xil olib-sotarligidan kam foyda qiladi. Negaki savdoga qiziqib ketganidan keyin «o’n tiyinga beshtalab» sotayotgan ravochini «o’n tiyinga o’ntalab» sotganini ham bilmay qoladi. Shunga qaramay, bu ishni quymaydi. Ayniqsa kechagi kinoxona yonida chordana qurib sota boshlaganida o’zi ham juda mamnun bo’lib ketadi, boshqalar ham…

* * *

Cholning ota avlodidan ham, ona avlodidan ham hech kimi yo’q. Shuna es-es biladiki, bolaligida qishloqlarini qurollangan odamlar bosgan. U somonxonaga bekinib jon saqlab qolgan. Qeyin chorbozchilarga qo’shilib, ko’mir koni yaqinidagi qishloqqa borgan. Qo’y boqqan, pochtachilik qilgan. Bir eshonga murid tushib, yetti yil uning izidan yurgan. Bola ko’rmagan. Xotini bundan sakkiz yil muqaddam o’zining qo’lida jon bergan. Xotinining qabri Qizil Gazada. Uchiga paxta qo’shib o’rilgan qubbali jamalagi bilan kiygichi hamon qariyaning uyida, tokchada…

Shundan beri chol yolg’iz. To’rt yil bo’ldiki, uni o’lim vaximasi chulg’ay boshladi. Ko’zi pishib ketgani uchun o’limdan emas, jonkuyari bo’lmagani uchun o’lganini hech kim bilmay qolishidan qo’rqadi.

O’limligini tayyorlab, tayinli bir kishiga berib qo’yishni o’z burchi deb bildi va bu yillar orasida jamg’argan pulini Qobil qassobga berib qo’ydi. Onda-sonda qassobning do’koniga kirib: «Qalay, zo’rmi?!» deya pulning omon-eson turganiga shama qilib qo’yadi. Qassob ham katta iyagini qashiyotgan bo’lib: «Xotirjam bo’l!» deydi.

…Bu yil kuz barvaqt tushdi. Pastidan to’kilgan daraxtlar uchi qontalash. Chug’urchuqlar serob. Mezonlar ko’p — simyog’och simlarida, daraxt shoxlarida, tom bo’g’otidan chiqib turgan yog’och uchlarida. Chumchuqlar ham sertashvish. Rayon ko’chalarida odam siyrak. Hamma paxta terimida. Qo’ziboy chol ham bir hafta terimda bo’lib keldi. Juda yayradi! Biroq qaytib kelgan kuni kimsasiz bozorga kirib, huvillab yotgan rastalarni ichki bir mamnuniyat bilan aylanib ko’rarkan, bozor odog’idagi kichkina darcha qattiq itarilib, ochilib ketdi, Ro’moli uchini og’ziga tutib olgan to’lagina ayol qizargan ko’zlarini yashirib, darvozaga qarab yo’naldi.
— Bahay? Tinchlikmi?— so’radi bozor ishchisi.
— U, akajon… Otamni berib qo’ydik. Bilasiz-ku, qandoq odam edi!— kelinchak o’tib ketdi.

«E, misgar olamdan o’tibdi-da… Chakki ish bo’pti. Rahmat qilsin»,— dedi qariya va bu kelinchak haqiqatan ham miskarning kelinimi — yo’qmi ekanini bilmoqchidek, uning ketidan tushdi. Kelinchak chorrahadan o’tib, past ko’chaga tushib ketdi.

Qo’ziboy chol choyxonaga kirdi. Kimsasiz, zax xonaga o’tib, bitta ko’k choy buyurdi-da, chorpoyaga o’tirdi. Do’ppisi ustidan qiyiqcha o’ragan ?oziboy choyni olib kelgan edi, uni ro’parasiga o’tqazib:
— Attang-a… miskar o’tibdi!— dedi.— Dunyo shu ekan-da, birodar!

Choyxonachi shoshib qoldi, surishtira ketdi.
— E, qizishmang, inim,— dedi Qo’ziboy chol beparvolik bilan.— Ajal vaqtiki kelib, har birimizning ham eshigimizni taqillatadi. Musulmon odam o’limni bo’yniga olib qo’ygani ma’qul… Meni boshqa bir nima o’ylatadi, inim! Qodirboy ko’p mo»min-musulmon odam edi. Balli… Uning izzat-hurmatini joyiga qo’yib chiqararmikan bu kelinchak? Shu yog’i meni o’ylatadi… Chakki ish bo’pti-da! Balki tayyorgarligi yo’qdir? A?.. Unda qiyin! Inim, o’lim degani to’y emas, men sizga aytsam. To’y degani bamaslahat bo’ladi, o’lim tuyqusdan keladi. Buning farqi katta!.. Attang!

Bo’shashib qolgan choyxonachi Qo’ziboy qariyaning uzun, oq oralagan echki soqoli, cho’kik yonoqlariga o’ychan tikildi.
— Ota, so’raganning aybi yo’q. Necha yoshga bordingiz?— so’radi u.

Chol taltayib har tarafga qarab oldi.
— Nasib bo’lsa, mening hisobimda… ikki kam yetmishga kirdim! Men bilan o’sgan, mana, Qobil qassob payg’ambar yoshini berganiga naq besh yil bo’ldi. Shu hisobda uyam
ikki kam yetmishga chiqdi. Men ham yetmishni qoralab qoldimov!

Choyxonada odam ko’paydi. Qo’ziboy chol ular bilan so’rashib, paxtadan olgan taassurotlarini hikoya qilib xiyla o’tirib qoldi:
— E, bu Shoymardon Qudrat deganingiz toza zo’r ekan! Desangiz, paykalda paxta oppoq bo’lib shu… charvi moydek bo’lib oqib yotibdi! Mashinasi bilan bir oralasa bormi, quruq g’o’zasini ko’rasiz! U zo’r ekan… Haloli bo’lsin! Oltita bolasi bor ekan, xo’sh… bitta qo’li cho’loq. Uzi anavi Sho’rchidan bo’ladi. Qo’ng’irotdan! Boysun Qo’ng’irotdan! Alpomishning urug’i-da, baraka topsin…

Qechqurun uyiga bordi. Qo’shnining echkilari tomorqag’a kirgan ekan, ularni haydab kemtikdan oshirdida, o’ylab turib bostirmaga chiqdi:
— Ho-ho-o! — deb baqirdi. — Biri ola, biri qora echki ko’rgan bormi! Suyunchisini olib kelaver-ho! Qo’ziboy jarchining makkasini yeb yuripti! Baraka topsin egasi-yo!

Qo’shni chiqdi, chol bilan kulishdi. U dahlizga kirayotgan edi, yiroqdan kelayotgan yig’i tovushini eshitib, turib qoldi. Xafa bo’ldi. Siyrak, uzun qoshlarini chimirib, ichkari xonaga o’tdi. Po’stakday qotib ketgan palos ustida turib, xonaga razm soldi. Tokchadagi jamalakni ko’rib, qo’liga oldi-da, tomosha qildi. Yana avaylab joyiga qo’ydi va qornidan ochiladigan yog’och sandiq ustidan eski joynamozini olib to’shadi. Tiz cho’kib, rosa tilovat qildi. O’lganlarga jannatdan joy tiladi, tiriklarga insof-adolat… So’ng pichirlab: E rasuli barhaq! Imonimni ber, — dedi. — Birovga yomonlik qilmadim, birovning haqini yemadim… Tog’lik og’aynilarni ham aldamadim. Ko’pning duosini oldim… Ha, farzand ko’rmadim. Senga bir yomonligim o’tgandir-da… O’zingga shukr, Qobilboyga ham umr ber, bola-chaqasining boshida omon yursin! Meni ko’msin! E, Qo’ziboyning hech kimi yo’q ekan demasin birov!..»

U yengil tortib qo’zg’aldi. Biroq tashqariga chiqib tag’in yig’i ovozini eshitdi va tag’in ta’bi kir bo’ldi. Allaqanday vahima yuragiga tushib, tor ko’chaga chiqdi.Ko’chaning bir boshi markaz tarafga ketar, bir boshi toshloq orqali soyga tushardi. Soyning tik qirg’og’ida qadimgi qo’rg’on vayronalari qaqqayib turar, uning vodiyga qarab ochilgan shinaklarini kaptarlar in qilgandi. Qo’rg’onning devori ustida ikkita bola ko’rinar edi.«Hah, shumtakalar! Yiqilib tushsa, kimga qiyin?! Yosh-da, yosh…»

Shu kecha qattiq shamol bo’ldi, chol bekorchilikda ekib, yaqinda o’rib qo’ygan makkajo’xorilarini har tarafga sochdi. Bostirma eshigi ko’p marta ochilib yopildi. Allaqayoqdan bir it uzoq hurdi, tongga yaqin uvladi.

Qo’ziboy cholning ta’bi battar xira bo’lib uyg’ondi.
Shu kuni uning ishi yurishmadi: kecha shamolda to’sto’poloni chiqqan bozorni supurib, supurindini axlat qutisiga solib qo’ygan edi, bir mashina tislanib to’kib yubordi. Chol bozorkom raisidan dakki eshitdi. U Qodir miskarning o’limiga ham kechikib bordi…

Kechqurun Qo’ziboy chol gangib, qassobxonaga mo’raladi:
— Hormang, usta? Zo’rmi?

Qassob go’sht sotilmayotganidan kuyunib o’tirgan edi, tumshaydi: buzilib qolsa, nima qilaman?
— E, tashvish chekmang,— dedi Qo’ziboy chol.— Hademay paxtadan odamlar qaytishadi… Bu yoqda kun soviyapti!
— Siz ham gapirasiz-da!

* * *

Qo’ziboy chol shu oqshom yotib qoldi. Saharda turganda yomg’ir shivalab yog’ar, tevarak tinch, bostirma biqiniga taqab tahlab qo’yilgan sap-sariq jo’xoripoyalari ustida chumchuqlar g’ujg’on o’ynashardi. Yomg’irda shalabbo bo’lgan bir it devor tagida iskalanib turardi.
— Tur! Yo’qol!— Qo’ziboy chol unga kesak otdi. It kemtikdan o’tib ketdi.

Chol odati bo’yicha soyga yuvinishga tushdi-yu, qaytishga madori yetmay qoldi. Azoyi badani uvishib og’rir, shundoq toza havo ham unga yetishmayotgandek edi. Uyga zo’rg’a yetib kelib, ko’rpachaga cho’zilgan edi, ko’zi ilinib tush ko’rdi. Marhuma xotini emish. «Yuring, yuring!» deb qo’lidan tortayotgan emish. Chol uyg’onib, bu tushning ta’birini yomon tomonga yo’ydi. Bozorga borishga ham hafsalasi bo’lmadi. Ayvondagi dekchaning tagiga to’rtta qurigan yog’ochni tiqib, ichiga bir kosa suv, kartoshka bilan ikkita sabzi solib, miltillatib qo’yishni o’yladi-yu, erindi. Ovqatga ishtahasi yo’q edi…

Shu bo’yi yotib qoldi. Xayriyat, ertasiga qo’shnisi Jamol aka tag’in bu yoqqa tushgan echkilarni haydagani kirganida uni ko’rib qolib uyidan bir kosa achchiqqina sho’rva chiqardi. Qariyaning ichi ilib, sal madorlandi.
— Bahay; olamda nima gap?— so’radi u.— Men… bozorga chiqolmadim, Jamolboy! Andak tobim aynib yotib qoldim deng… Shamol tegdimi, bilolmadim, Xo’sh?
— Yangilik shulki, rayon odamga to’lib qoldi,— dedi qo’shni.— Paxtadan qaytishgan bozoringiz ham gavjum… Ko’chaga chiqing, yaxshi bo’ladi.
— To’g’ri aytasiz. Yotishdan foyda yo’q!

Qo’ziboy chol shundoq degani bilan tushgacha ko’chaga chiqolmadi. Kechga tomon umrida birinchi marta hassa tayanib chiqdi. Rayon markaziga oralaganda, uning kayfi xiyla chog’ bo’lib ketdi… E! Chol haqiqatan ham yolg’iz emas! Ug’li bo’lmasa, o’g’lidek izzat qiladigan yoshlar bor… Ana, o’zi tengi qariyalar ham unga izzat-ikrom ko’rsatadi… Shu koreys o’rtoqlar ham eski mijozlarini asti unutishmaydi-da; paxtaga ketayotgan xalq chalg’imasin, deb ularga ham guruch sotish man etilgan edi, yana molini chiqarishibdi. Hammasi xursand! Qo’ziboy chol ular bilan so’rashib, choyxonaga kirdi.Qo’ziboy uning oldiga bir choynak choy qo’yib, aftiga tikildi.
— Nima bo’ldi, ota?
— E, issiq jon… Olloyim sevgan quliga kasal berar ekan, inim. O’limni unutmasin, meni eslab tursin deb. Shundoqki, biz ham andak yotib oldik!

U ko’chaga chiqqanida, sovun, tuz xarid qilish uchun tog’dan tushgan tojik oshnalariga yo’liqdi. Ular g’oyat so’zamollik bilan choldan ahvol so’rashdi.
— Akun in sol ham chukuri mo’l meshad!— deyishdi ular.— Sizga rahmat… Bo bizdi esdan chig’ormang, baxudo xapa bo’lamez. Mana, bir yuzu oltmish panj kundan so’ngra
chuquri chiqadu!
— Ha, o’limga sabr bersin, hammasi bo’ladi,— dedi qariya.

U uyiga qaytar chog’i qassobxona yonidan o’tarkan, dili andak og’ridi. Do’stining xabar olmagani endi yodiga tushdi…
— Xo’sh, tani sihatlikmi? — dedi u ichkariga qarab.
Yo’gon, baquvvat qassob unga o’tkir tikildi:
— O’zingizni oldirib qo’yibsiz?..
— Shunchaki…
— Mana, ish ham ko’payib qoldi, qo’l qo’lga tegmayapti.
Chol yo’lda o’zini ovutdi: «U ishli odam. O’zidan ortib borolmayapti. Hozir birovdan gina qiladigan vaqtmi?»

* * *

Qo’ziboy chol o’nglanmadi. Tag’in uch kun yotib, ko’zlari do’layib, olti oylik kasaldek bo’lib qoldi. Yarim kechada tag’in tush ko’rib uyg’ondi va xotinini eslab o’tirgandi, tashqarida jo’xorilar qattiq shig’irlab, it g’ingshidi. So’ng cho’zib uvladi, chol dong qotdi.

«He, endi vaqt yetibdi,— deb o’yladi u to’shakda chordona qurib, engashib o’tirarkan.— Kun to’libdi endi… Rahmatli kampirim ham sezibdi. Ana, it ham… Bekorga ulimaydi-ku? Ovqatdan ham qoldim. Rizq-nasiba uzilyapti. Endi tayyorgarlik ko’rish kerak».

Ertalab u xotirjam bir holatda hovliga chiqdi. Odamlardan rozi-rizolik olish, qo’shnilarning uyiga mo’ralash, keyin bozorga borib, tanish-bilishlar bilan ham xo’shlashish, Qobilboyga uchrab, xotinining qabrini qanday qilib topishi va uchinchi kuni xaloyiqni chaqirib, yettisini ham, qirqini ham, yilini ham bir yo’la o’tkazib yuborishni tayinlash, so’ngra bozorkomga yo’liqib, u bilan ham vidolashishni diliga tugdi…

Odamlar ham qiziq-da!.. Qo’ziboy chol bilan vidolashib undan rozi ekanlari, bemalol oyog’ini uzatib o’laverishi mumkin ekanini aytish o’rniga nuqul kulishdi. Hatto bir-ikkitasi «vos-vos bo’psiz, o’qiting o’zingizni», deb hazil ham qildi. Yoshlar esa, dangaliga: «Qo’ying-e! Bo’ydoq odam ham shunday deydimi? Avval uylaning, bola-chaqa ko’ring, keyin bir gap bo’lar-da!» deyishdi. Lekin cholning bukchayib behol qadam tashlab ketishini orqadan kuzatgan ba’zi birovlar achinib xo’rsinishdi ham.

Albatta Qo’ziboy chol ko’plarning gapi, kulgisidan mamnun bo’ldi. Bu narsa… o’limning avval sezilmay kelgan hayajonini ham bosdi…
Nihoyat, yoshlik do’sti Qobil qassobning do’koniga kirdi.
— E, gapirmang-e!— dedi u.
— Xo’p deyavering, do’stim!—dedi Qo’ziboy chol kursida qo’zg’alib qo’yib.— Menga ayon bo’ldi…

Yo’g’on yong’oq to’nkasi ustidagi go’sht parchalari, suyak siniqlarini sidirib terib olayotgan qassob unga tikilib qoldi va birdan xo’rsinib, skameykaga o’tirib qoldi…

Bu baquvvat, barvasta, sog’lom odamga Qo’ziboy aka avvallari ham oriqligi, qotmaligi uchun kasaldek ko’rinar, ming so’m pulni keltirib sanab berganida «shu o’ladi-yov», deb ko’nglidan o’tkazgan edi. Hozir uning botib ketgan ko’zlari, za’faron yuzi, qo’lidagi dag’al hassasiga tikilib: «Ha, o’ladi», deb o’yladi.
— Shuning uchun do’stim,— davom etdi qariya,— men avvalambor, sizdan rozilik olmoqchiman. So’ngra… andak vasiyatim bor.
— Vasiyat?!

Qassob Qo’ziboy cholning pulini o’shandayoq ishlatib yuborgan va bu odamning hech kimi yo’qligi, o’zi xudojo’y hamda urish-janjaldan nari yurishini bilgani uchun o’shandayoq quvonib: «Bu o’zimniki bo’ldi», deb qo’ygan edi.
— Ha, esim borida vasiyat qilib qo’yay, do’stim… Bir haftadan beri mazam yo’q! Siz ish bilan ovorasiz… Inchunin o’lib qolganimni bilmay qolishingiz ham mumkin,
labbay? Shuning uchun har uch kunda anavi dastyoringizni yuborib, mendan ahvol so’ratsangiz, haqiga o’sha puldan bir so’mdan bering…

Qassob piyolasidagi choyni to’kib tashlab, peshtaxtani tushira boshladi. Xona qorong’i bo’lib qoldi.
— Tashqariga chiqaylik.
— Xo’p bo’ladi… YO siz ham menga ishonmayapsizmi? Undoq bo’lmasin.

* * *

Yarim soatdan keyin Qobil qassob darvozaga qarab borar, bozor xizmatchilarining yordami bilan rasta taxtasiga chiqib olgan Qo’ziboy chol ko’zidan shashqator yosh oqizib, atrofga xira ovozda jar solar edi:
— Eshitmadim demanglar! Suyunchisi bor… Qobil qassob past odam ekan. Men o’limligim deb, ming so’m berib qo’ygan edim, tondi! Xaloyiq! U pul sizlarning pullaringiz edi. Mening halol mehnatim uchun so’mlab, tiyinlab bergan edingiz. Ana shu odamga berib, o’limimga yarat deb edim… Tondi. Yeb ketdi endi… Odamlar, Qobil kassob haromxo’r! Odamning haqini yeydi bu… Xudodan tilagim shulki, o’ligi ko’chada qolsin, bekafan bo’lsin, xaloyiq… Meni bekafan qildi, odamlar!

Qobil qassob darvozadan chiqqan joyida orqaga qarab chopdi. U yetib kelganida, yoshlar, qariyalar uning yo’lini to’sishdi. Cholni himoya qilishdi. Ishga militsioner aralashdi. Qassob bilan Qo’ziboyni bozorkomning idorasiga kiritib, so’roq qildi.
— Bunda pul bo’ladimi, o’zi o’n tiyinga zor-ku?!— baqirdi qassob…— Jinni bo’pti bu… Olibsotar! Guvohing bormi? Asti birovga yaxshilik qilma ekan… Hech kimi yo’q, deb do’konga chaqirardim, choy quyib berardim! Mana, tovon to’la deb turipti… Ketmaydi! Haqiqat bor!

Oraga bozorkom raisi ham qo’shildi. Natija chiqmadi. Qassob qutilib ketdi. Qo’ziboy tashqariga chiqib, gujum ostiga o’tirdi.
Janjalni uzoqdan kuzatib turgan— baland bo’yli, qozoqbashara, o’rta yashar Mirg’ozi qassob kelib cholning tirsagidan ko’tardi.
— Ota, xafa bo’lmang,— dedi.— Ulimni o’ylamang… Siz bekor g’ovg’a ko’tardingiz, shu hassa bilan boshiga solishingiz kerak edi.
— U, bolam…
Mirg’ozi Qo’ziboy cholni uyiga eltib qo’ydi. Qo’shnilariga choldan xabar olib turishni tayinlab qaytdi.

* * *

U jimjit uyida, palos ustida cho’zilib yotib, shu fikrga keldi: «Bu ahvolda men qandoq qilib o’laman? Asti mumkin emas, sirayam… Men yana mehnat qilishim kerak. Halol pul topishim kerak. O’limlik qilishim kerak… Undan keyin o’lsam, boshqa gap…»

U qo’shni chiqargan ovqatni zo’rlab yedi. Yarim kechada turib, go’sht qovurdi. Sahar uyg’onib, soyga tushdi. Yuvindi. Tetiklanib, ko’chaga yo’l oldi…
Qo’ziboy chol avvalgidek bo’lib ketdi.

07

(Tashriflar: umumiy 1 904, bugungi 1)

Izoh qoldiring