Umid Bekmuhammad. Asirlikdagi generalning siri.

0881854-64 йиллар. Генерал Исмоил Мирпанжий ҳаётининг энг аянчли даври.Зеро, умрининг 10 йилини у Хивада асирликда ўтказди.Ана шу вақт ичида Хивада тўртта хон алмашди.

007
Умид Бекмуҳаммад
АСИРЛИКДАГИ ГЕНЕРАЛНИНГ СИРИ
001

06 Марвни ҳимоя қилаётган туркман уруғлари ҳарбий жиҳатдан ожизлиги боис устунлик ва ғалаба генерал Мирпанжийга насиб этди.Аммо Марв эгалланган бўлсада, қўшинда озиқ-овқатнинг тугаши, энг асосийсиси оғзиолачилик туфайли ихтилоф келиб чиқди.»Бизга нон бер ёки бу ердан кетайлик» дея сарбозлар генералнинг чодири ёнига келиб, оёқ тираб олишди.Ростдан ҳам егулик кам қолган, қўшин жангу жадал туфайли ҳолдан тойганди.Келаётган савдо карвонларидангина ягона илинж бўлиб, ундан ҳам дарак йўқ эди.Ҳатто Теҳрондан шаҳзоданинг мадад кучлари, озиқ-овқат юборгани, кетидан ўзи ҳам келиши,Марвни қўлдан чиқармаслик учун ҳарбий гарнизон барпо этиш кераклиги ҳақида хат келишига қарамай, қўшинда парокандалик бошланди.

Шундай вазиятда бир туни исён бошланди.Сарбозлар бор озиқ-овқатни, туяларни бўлашиб, зобитларнинг гапини тингламай, тўс-тўполон бошлаб жўнаб юборишади.Тонг отгач аён бўладики, бир минг етти юз нафар сарбоз Марвдан кетиб қолибди.Қочоқлар дарё ёқалаб 17 кунда Ҳиротга етиб боради.Марв аҳолиси эса қўшиннинг кетиб қолгани, озчиликгина эронийлар мавжудлигини айтиб, махфий равишда Қораёб вилоятига хуфия жўнатади.Қораёб ҳукмдори Мир Аҳмадхон учун бу айни кўнгилдагидек иш эди.У икки минг суворийсини Марвга юриш қилдирди.Эронийлар мағлубиятга учради. Генерал Мирпанжий асир олинди.Жами қўлга тушган 25 нафар асирни Қораёб вилоятига, ундан сўнг Хивага олиб келиб, хоннинг бош вазири Ёқуб меҳтарга топширадилар.

АСИРЛИК ДАВРИДАГИ ХОНЛАР

1854-64 йиллар. Генерал Исмоил Мирпанжий ҳаётининг энг аянчли даври.Зеро, умрининг 10 йилини у Хивада асирликда ўтказди.Ана шу вақт ичида Хивада тўртта хон алмашди.

Мирпанжий асирга олинганидан кейин 1855 йилда Муҳаммад Аминхон вафот этди.Ундан сўнг Абдуллахон тахтга ўтирди.Бироқ у ҳам бир йилга етмай Юмралидаги жангда ҳалок бўлди.Унинг ўрнига ҳукмдорлик қилган Қутлимуродхоннинг даври эса ярим йилга ҳам етмади.Шундан кейин тахтга Саид Муҳаммадхон чиқди.Унинг ҳукмронлиги 9 йил давом қилади.Асирликдаги генерал Мирпанжий ана шу хон даврида қочишга эришди.

ХОН ҲУЗУРИДА

Мирпанжий асирликка олинган 1854 йилнинг рамазон ойида уни Хива хони қабул қилади.Ёқуб меҳтар (бош вазир) асирликдаги генералга хоразм таомлари, урф одати бўйича хон ҳузурида салом бериш, фотиҳа ўқиш, соғлик-омонлик тилаб дуо қилишни ўргатади.Мирпанжийни қабул қилиш чоғида хон чилим чекиш билан машғул эди.Генерал унга салом бериб, фотиҳага қўл очди, уни дуо қилди.Хон Мирпанжийнинг саломига алик олиб деди:
— Хуш келибсиз.

Бу сўздан генерал асирликда эканиниям унутиб қувониб кетди ва меҳтарга «нима қилай?» дегандек кўз тикди.У қуллуқ қилиш кераклигини секин уқтирди.
— Қуллуқ хон хазратлари,—деди генерал хонга таъзим қилиб.Кейин хон меҳтардан » мусофир билан қайси тилда сўзлашамиз» деганини эшитган Мирпанжий ўзбек тилини тушунгани боис:
— Қайси тил, форсийми, туркийми, хон ҳазратларига мақбул бўлса, ўша забонда сўзлашурмиз,-деди.

Шу тахлит Хива хони билан Эрон генерали ўртасида Эроннинг ҳарбий қўшини, молиявий аҳволи, иқтисоди бўйича мулоқат бўлиб ўтади.

ОЧЛИК ТАҲЛИКАСИ

Асирларга ғаним кўзи билан қаровчи Ёқуб меҳтар Мирпанжий, унинг ўғли ва яна бир навкардан қочишда шубҳаланиб, уй қамоғида сақлайди ва беш кишини уларга посбон этиб қўяди.Қолган асирларни эса Али Султон исмли тўпчибошига топшириб, уларни қўриқлаш ва кундалик овқат беришни буюради.Бу ерда Хива хони Муҳаммад Аминхон Эронга қилинган юришда ҳалок бўлгач, тахтга чиққан янги ҳукмдор Абдуллахон асирликдаги генерални ўз ҳузурига чорлайди.Мирпанжий тўрттала ҳамроҳи билан хон қабулида бўлди.Хон генерални яхши танишини айтиб, ундан ва ёнидаги асирлардан ҳам ўзига хизмат қилиш истаги борлигини суриштиради.

— Хон ҳазратлари, гарчи биз Эрон фуқаролари бўлсакда, ҳозир асирингизмиз ва сизга хизмат қилмоқ биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.Яратган Эгамнинг ҳукми шу!—деди Мирпанжий.

Бошқа ҳамроҳларининг жим тургани хоннинг жаҳлини чиқарди.Хуллас, шундан кейин учалла асир тўпчсини тўпхонага олиб боришди, генерал ва ўғлини уйига олиб бориб, кундалик овқатини қисқартиришни меҳтарга буюрди.Кундалик овқатнинг қисқартирилиши генерал ва ўғлининг аҳволини танг қилиб қўйди.Бир навкари аравакашлик қилиб топган хизмат ҳақи эвазига уларга егулик олиб келарди.

Шундай вазиятда Эрондан Ҳақберди Машҳадий исмли савдогар келиб,Хивадаги Мирпанжий аҳволини эшитиб, ҳузурида бўлганида, асирлар эътиборли даражадаги ҳарбийлар эканини айтади.»Уларни ўлдиринг ёки тўйгулик нон беринг.Мусулмонликда асирни айбсиз ўлдириш гуноҳи азим саналади.Зеро, ҳар қачон айбсизларга жазо берилса халқ қўзғолади» дея Эрон билан алоқани яхшилашни хонга таклиф қилади.
Савдогар Машҳадий генерал Мирпанжий билан учрашганида ундан эллик тилло қарз олиб, дўстларига хат ҳам беради ва тутқунликдан қутулиш чора-тадбирларини кўришни илтимос қилади.

МИРПАНЖИЙНИНГ ХИВАДАН УЙЛАНИШИ

Бу орада Хива хонлари Абдулла,Қутлимуродхонларнинг қисқа муддатли даври ҳам ўтиб, 1856 йилда Саид Муҳаммадхон тахтга чиқди.Мирпанжий бу пайтда Маткарим девоннинг уйида ўғли ва бир навкари билан сақланарди.Шундай кунларнинг бирида уни Хива хони қабул қилади.
— Аллоҳнинг ҳоҳиши шу экан. Бизнинг қўлимизда омонат кишисиз, чунки сиз Эрон шоҳининг садоқатли навкарисиз.Бироқ, ҳануз сизни шоҳингиз йўқламади.Агар юртни соғинган бўлсангиз, мен қарши эмасман,cиз озодсиз!

Бироқ бундай такаллуфдан шубҳаланган Мирпанжий хонга бир умр содиқ қули, то ўлгунича шу ерда қолажагини айтади. Шу тариқа асирликдаги генерал фақат икки уч ойда бир марта хон олдига саломга бориб қайтарди.Орадан олти ойча вақт ўтиб, хоннинг маҳрами Хўжали келиб, унга хоннинг қарорини баён қилади.Хон Мирпанжий ва унинг ўғлини уйлантириб қўймокчи эканлигини айтиб юборганди.Хон қарорига қарши бориш ўлим билан тенг. Шу боис Мирпнажий хивалик қизга уйланади.

ҚОЧИШ

 1864 йил.Мирпанжий яшаётган ҳовли олдига бир туркман йигити келиб, унга мактуб топширади. Мактуб Марвлик Лутфи Алихондан эди. Ёлланган Тўрамчи ва Маммисардор исмли йигитлар икки минг туман пул эвазига генерал Мирпанжийни Лутфи Алихон кўрсатмасига кўра қочиришга эришадилар.Мирпанжий гўёки ҳар кунги иши — Қорақумдан ўтин тергани кетган киши бўлиб ҳовлидан чиқади.Олдиндан тайёрлаб қўйилган от ёки анжомлар ёрдамида, тинимсиз йўл босиб,Мадаминия,Қизилсоқол,Гўктепа,Аҳол орқали катта қийинчиликлар билан Машҳадга етиб келади.

Олинган катта қарз эвазига кейинчалик у ўғлини ҳам озод қилишга эришади.

Генерал Мирпанжий 1854-64 йилларда Хивада асирликда кечирган ҳаёти тўғрисида «Асирликдаги хотиралар» асарини ёздики, бу манба тарихни ўрганишда тадқиқотчиларга катта хизмат қилади.Муаллиф ўз асарида хонликнинг давлат бошқаруви, этнография, иқтисод ва ўзи ҳарбий бўлгани боис хонликнинг ҳарбий қудрати ҳақида батафсил тўхталиб ўтади.»Асирликдаги хотиралар» генерал Мирпанжийдан бизга қолган бебаҳо ёдгорликдир.

03

007
Umid Bekmuhammad
ASIRLIKDAGI GENERALNING SIRI
001

091 Marvni himoya qilayotgan turkman urug’lari harbiy jihatdan ojizligi bois ustunlik va g’alaba general Mirpanjiyga nasib etdi.Ammo Marv egallangan bo’lsada, qo’shinda oziq-ovqatning tugashi, eng asosiysisi og’ziolachilik tufayli ixtilof kelib chiqdi.»Bizga non ber yoki bu yerdan ketaylik» deya sarbozlar generalning chodiri yoniga kelib, oyoq tirab olishdi.Rostdan ham yegulik kam qolgan, qo’shin jangu jadal tufayli holdan toygandi.Kelayotgan savdo karvonlaridangina yagona ilinj bo’lib, undan ham darak yo’q edi.Hatto Tehrondan shahzodaning madad kuchlari, oziq-ovqat yuborgani, ketidan o’zi ham kelishi,Marvni qo’ldan chiqarmaslik uchun harbiy garnizon barpo etish kerakligi haqida xat kelishiga qaramay, qo’shinda parokandalik boshlandi.

Shunday vaziyatda bir tuni isyon boshlandi.Sarbozlar bor oziq-ovqatni, tuyalarni bo’lashib, zobitlarning gapini tinglamay, to’s-to’polon boshlab jo’nab yuborishadi.Tong otgach ayon bo’ladiki, bir ming yetti yuz nafar sarboz Marvdan ketib qolibdi.Qochoqlar daryo yoqalab 17 kunda Hirotga yetib boradi.Marv aholisi esa qo’shinning ketib qolgani, ozchilikgina eroniylar mavjudligini aytib, maxfiy ravishda Qorayob viloyatiga xufiya jo’natadi.Qorayob hukmdori Mir Ahmadxon uchun bu ayni ko’ngildagidek ish edi.U ikki ming suvoriysini Marvga yurish qildirdi.Eroniylar mag’lubiyatga uchradi. General Mirpanjiy asir olindi.Jami qo’lga tushgan 25 nafar asirni Qorayob viloyatiga, undan so’ng Xivaga olib kelib, xonning bosh vaziri Yoqub mehtarga topshiradilar.

ASIRLIK DAVRIDAGI XONLAR

1854-64 yillar. General Ismoil Mirpanjiy hayotining eng ayanchli davri.Zero, umrining 10 yilini u Xivada asirlikda o’tkazdi.Ana shu vaqt ichida Xivada to’rtta xon almashdi.

Mirpanjiy asirga olinganidan keyin 1855 yilda Muhammad Aminxon vafot etdi.Undan so’ng Abdullaxon taxtga o’tirdi.Biroq u ham bir yilga yetmay Yumralidagi jangda halok bo’ldi.Uning o’rniga hukmdorlik qilgan Qutlimurodxonning davri esa yarim yilga ham yetmadi.Shundan keyin taxtga Said Muhammadxon chiqdi.Uning hukmronligi 9 yil davom qiladi.Asirlikdagi general Mirpanjiy ana shu xon davrida qochishga erishdi.

XON HUZURIDA

Mirpanjiy asirlikka olingan 1854 yilning ramazon oyida uni Xiva xoni qabul qiladi.Yoqub mehtar (bosh vazir) asirlikdagi generalga xorazm taomlari, urf odati bo’yicha xon huzurida salom berish, fotiha o’qish, sog’lik-omonlik tilab duo qilishni o’rgatadi.Mirpanjiyni qabul qilish chog’ida xon chilim chekish bilan mashg’ul edi.General unga salom berib, fotihaga qo’l ochdi, uni duo qildi.Xon Mirpanjiyning salomiga alik olib dedi:
— Xush kelibsiz.

Bu so’zdan general asirlikda ekaniniyam unutib quvonib ketdi va mehtarga «nima qilay?» degandek ko’z tikdi.U qulluq qilish kerakligini sekin uqtirdi.
— Qulluq xon xazratlari,—dedi general xonga ta’zim qilib.Keyin xon mehtardan » musofir bilan qaysi tilda so’zlashamiz» deganini eshitgan Mirpanjiy o’zbek tilini tushungani bois:
— Qaysi til, forsiymi, turkiymi, xon hazratlariga maqbul bo’lsa, o’sha zabonda so’zlashurmiz,-dedi.

Shu taxlit Xiva xoni bilan Eron generali o’rtasida Eronning harbiy qo’shini, moliyaviy ahvoli, iqtisodi bo’yicha muloqat bo’lib o’tadi.

OCHLIK TAHLIKASI

Asirlarga g’anim ko’zi bilan qarovchi Yoqub mehtar Mirpanjiy, uning o’g’li va yana bir navkardan qochishda shubhalanib, uy qamog’ida saqlaydi va besh kishini ularga posbon etib qo’yadi.Qolgan asirlarni esa Ali Sulton ismli to’pchiboshiga topshirib, ularni qo’riqlash va kundalik ovqat berishni buyuradi.Bu yerda Xiva xoni Muhammad Aminxon Eronga qilingan yurishda halok bo’lgach, taxtga chiqqan yangi hukmdor Abdullaxon asirlikdagi generalni o’z huzuriga chorlaydi.Mirpanjiy to’rttala hamrohi bilan xon qabulida bo’ldi.Xon generalni yaxshi tanishini aytib, undan va yonidagi asirlardan ham o’ziga xizmat qilish istagi borligini surishtiradi.

— Xon hazratlari, garchi biz Eron fuqarolari bo’lsakda, hozir asiringizmiz va sizga xizmat qilmoq biz uchun ham qarz, ham farzdir.Yaratgan Egamning hukmi shu!—dedi Mirpanjiy.

Boshqa hamrohlarining jim turgani xonning jahlini chiqardi.Xullas, shundan keyin uchalla asir to’pchsini to’pxonaga olib borishdi, general va o’g’lini uyiga olib borib, kundalik ovqatini qisqartirishni mehtarga buyurdi.Kundalik ovqatning qisqartirilishi general va o’g’lining ahvolini tang qilib qo’ydi.Bir navkari aravakashlik qilib topgan xizmat haqi evaziga ularga yegulik olib kelardi.

Shunday vaziyatda Erondan Haqberdi Mashhadiy ismli savdogar kelib,Xivadagi Mirpanjiy ahvolini eshitib, huzurida bo’lganida, asirlar e’tiborli darajadagi harbiylar ekanini aytadi.»Ularni o’ldiring yoki to’ygulik non bering.Musulmonlikda asirni aybsiz o’ldirish gunohi azim sanaladi.Zero, har qachon aybsizlarga jazo berilsa xalq qo’zg’oladi» deya Eron bilan aloqani yaxshilashni xonga taklif qiladi.
Savdogar Mashhadiy general Mirpanjiy bilan uchrashganida undan ellik tillo qarz olib, do’stlariga xat ham beradi va tutqunlikdan qutulish chora-tadbirlarini ko’rishni iltimos qiladi.

MIRPANJIYNING XIVADAN UYLANISHI

Bu orada Xiva xonlari Abdulla,Qutlimurodxonlarning qisqa muddatli davri ham o’tib, 1856 yilda Said Muhammadxon taxtga chiqdi.Mirpanjiy bu paytda Matkarim devonning uyida o’g’li va bir navkari bilan saqlanardi.Shunday kunlarning birida uni Xiva xoni qabul qiladi.
— Allohning hohishi shu ekan. Bizning qo’limizda omonat kishisiz, chunki siz Eron shohining sadoqatli navkarisiz.Biroq, hanuz sizni shohingiz yo’qlamadi.Agar yurtni sog’ingan bo’lsangiz, men qarshi emasman,ciz ozodsiz!

Biroq bunday takallufdan shubhalangan Mirpanjiy xonga bir umr sodiq quli, to o’lgunicha shu yerda qolajagini aytadi. Shu tariqa asirlikdagi general faqat ikki uch oyda bir marta xon oldiga salomga borib qaytardi.Oradan olti oycha vaqt o’tib, xonning mahrami Xo’jali kelib, unga xonning qarorini bayon qiladi.Xon Mirpanjiy va uning o’g’lini uylantirib qo’ymokchi ekanligini aytib yuborgandi.Xon qaroriga qarshi borish o’lim bilan teng. Shu bois Mirpnajiy xivalik qizga uylanadi.

QOCHISH

1864 yil.Mirpanjiy yashayotgan hovli oldiga bir turkman yigiti kelib, unga maktub topshiradi. Maktub Marvlik Lutfi Alixondan edi. Yollangan To’ramchi va Mammisardor ismli yigitlar ikki ming tuman pul evaziga general Mirpanjiyni Lutfi Alixon ko’rsatmasiga ko’ra qochirishga erishadilar.Mirpanjiy go’yoki har kungi ishi — Qoraqumdan o’tin tergani ketgan kishi bo’lib hovlidan chiqadi.Oldindan tayyorlab qo’yilgan ot yoki anjomlar yordamida, tinimsiz yo’l bosib,Madaminiya,Qizilsoqol,Go’ktepa,Ahol orqali katta qiyinchiliklar bilan Mashhadga yetib keladi.

Olingan katta qarz evaziga keyinchalik u o’g’lini ham ozod qilishga erishadi.

General Mirpanjiy 1854-64 yillarda Xivada asirlikda kechirgan hayoti to’g’risida «Asirlikdagi xotiralar» asarini yozdiki, bu manba tarixni o’rganishda tadqiqotchilarga katta xizmat qiladi.Muallif o’z asarida xonlikning davlat boshqaruvi, etnografiya, iqtisod va o’zi harbiy bo’lgani bois xonlikning harbiy qudrati haqida batafsil to’xtalib o’tadi.»Asirlikdagi xotiralar» general Mirpanjiydan bizga qolgan bebaho yodgorlikdir.

09

(Tashriflar: umumiy 198, bugungi 1)

1 izoh

  1. Тарихимизни чуқурроқ ўрганишимизга хизмат қиладиган мана шундай мақолаларни кўпроқ ёритиишимиз ва бугунги ёшларга уларнинг моҳиятини кенгроқ тушунтиришимиз зарур. Шу мақсадда уни талабалар кўзгусига айланаётган uchildiz.uz сайтида ҳам ёритишни лозим топдик.

Izoh qoldiring