Bahodir Xudoybergan. She’rlar

090

    Баҳодир Худойбергановнинг “Ҳаёт”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарида, “Ёшлик” журналида бир неча бор туркум шеърлари чоп этилган. 2004 йилда “Ижод дунёси” нашриёт уйи “Умримдан лаҳза” шеърий тўпламини шеърият мухлисларига туҳфа қилганди.

ҚИЛИЧБОЙЛИК БАҲОДИРНИНГ ШЕЪРЛАРИ
Умид Бекмуҳаммад
06

   Қиличбой Қорақалпоғистон республикасининг Амударё туманидаги қишлоқ. Маълумки, Амударё туманидан Пирмат Шермуҳаммадов, Норбой Худойберганов каби етук адабиётшунос, шунингдек Мухтор ва Амин Саидов , Эшонбой Қорақулов, Фрунзе Бийжонов сингари академиклар, Зарифбой Дўсимов, Аҳмад Ишаев, Жумабой Юсупов, Аҳмаджон Нурметов, Сафо Матжон сингари ўнлаб профессорлар, Аҳмад бахши, Бекжон Вайс, Қўчқор Мадамин, Тангриберган бахши, Жапақ бахши Шомуродовлар, воҳага донг татарган полвон, масхарабозлар, кўплаб раҳбар кадрлар етишиб чиққан бўлиб, улар Манғит-Амударё номини элу-юртга таратганлар.

Ана шу сафдаги таниқли инсонлар орасида Қиличбой қишлоғилик Баҳодир Худойберганов ҳам бор. Баҳодир ака қиличбойлик Йўлдош ака ва Бибижон опалар хонадонида туғилган.Болалигидан адабиётга меҳр руҳида тарбияланди, хорижий тилларни эгаллашга иштиёқманд бўлди.Айни пайтда тарих фанига қизиқди. Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университети ва Тошкент Молия ва иқтисод коллежида таҳсил олди.Ўрта мактабда, ХоразмТВда, Тошкент вилояти Зангиота туман давлат солиқ инспекциясида, ЎЗХДП марказий кенгашида фаолият кўрсатди. Айни пайтда Тошкент шаҳри Сирғали тумани ҳокимлигида ишламоқда. Аммо, қаерда ишламасин, ҳамиша ижод билан банд бўлди.

Баҳодир Худойбергановнинг “Ҳаёт”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарида, “Ёшлик” журналида бир неча бор туркум шеърлари чоп этилган. 2004 йилда “Ижод дунёси” нашриёт уйи “Умримдан лаҳза” шеърий тўпламини шеърият мухлисларига туҳфа қилганди.

Китобга сўз боши ёзган Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон: “Қайдан чиқиб келди бу овоз. Февралнинг тугаётган Қўй йилига, Маймунлар йилига “Хайр”ими? “Лазги”нинг охирги зарбларими?.. Мусиқа ва зарб бор. Гўё Мулланафас ва Баҳром Рўзимуҳаммад ижоди ҳислари бириккандай”, дея Баҳодир Худойберган ижодига баҳо берганди.

БАҲОДИР ХУДОЙБЕРГАН
ШЕЪРЛАР
06

БОБОМНИНГ ДУРДОНАЛАРИ

Алишер Навоийга

Хаёлот бу кеча ўтмишга кетди,
Чақмоқ зарби фалак бағрин қон этди.
Ҳар қуш наво қабрин зиёрат этди,
Мен бора билмасман юрганим билан.

Гуллар буюк эмас, ранглар бўлмаса,
Тунлар бегонадир, шамлар бўлмаса.
Эсласанг, кўзларда намлар бўлмаса,
Борим бекор эрур ёнганим билан.

Бобом териб қўйган дурдоналари,
Бу — наслим ўтмиши, нишоналари.
Қўлга олсам мушкул, кўп маънолари,
Тилим боғлиқ қолар кўрганим билан.

Ҳар йил бобом эслаб, дўстлар, жам бўлинг,
Мумтоз байтлар билан дўст, ҳамдам бўлинг.
Дийдор кўришгунча хотиржам бўлинг,
Навоий шод бўлғай билганинг билан.

КЛЕОПАТРА

Дунё чексиз экан, мўъжизалар кўп,
Тангри қудратига шак йўқ, албатта!
Мен бир дарё кўрдим, харитада йўқ,
Арбатда,
Арбатда,
Арбатда.

Бу қандай дарёдир, бу қандай уммон,
Кўксин очиб турар яхши-ёмонга.
Тушгача оқади сокин бир томон,
Тушдан кейин оқар орқа томонга.

Кемалар манзилдан адашиб кетар,
Саробдек тутруқсиз чорлайди маёқ.
“Елкан туширилсин, бас, энди етар!”
Сарбонлар кўтариб турар оқ байроқ.

Ҳар куни шу ҳолат, турфа тамоша,
Турли ҳийлаларни кўриб ҳайронман.
Бораман, эрким йўқ, довонлар оша,
Кўрсам эзиламан, яна вайронман.

Яна кириб келар олам узра тун,
Келар томошани кўрмоқ учун Ой.
Яна титроқ босар, ёнар вужудим,
Ўзимни қўйишга тополмайман жой.

Бирдан,
дарё ичра вулқондек сапчир,
Маликаи жаҳон, борлиқ юраги.
Юлдузлар жой берар, осмон тўла нур,
Ҳилпираб туради оппоқ кўйлаги.

Яна қучоғига чорлайди мени,
Яна бошланади чексиз ўпичлар.
“Мен сени севаман, севаман сени”!
Бизни тўхтатолмас ҳеч қандай кучлар.

Рақсга тушамиз, қўл ушлашиб биз,
Илоҳий мусиқа келар юлдуздан.
(Парини етаклаб юрганмисиз Сиз,
Ойнинг шуъласида, сувнинг устида).

Менга шеърлар ўқир қўлларин ёйиб,
Кўзидан ёшлари тирқираб чиқар.
Минг бор лаънатлайман,
кимдайкин айб,
Бундай дард ҳар қандай мардларни йиқар.

Ва яна лабимдан келиб ўпади,
Бағрига босади, кўз ёшин артиб.
“Сенинг берган меҳринг менга етади,
Сен ҳам ташлаб кетма,
кетмагин қайтиб!

Қолган умрим яшай мен ҳам
Сен билан,
Ёлғизликка бошқа етмайди кучим.
Худойим не учун синовлар берган,
“Мен сени севман, севаман сени!”

Бизни тўхтатолмас ҳеч қандай кучлар.
Рақсга тушамиз, қўл ушлашиб биз,
Илоҳий мусиқа келар юлдуздан.
(Парини етаклаб юрганмисиз Сиз,
Ойнинг шуъласида, сувнинг устида).

Менга шеърлар ўқир қўлларин ёйиб,
Кўзидан ёшлари тирқираб чиқар.
Минг бор лаънатлайман,
кимдайкин айб,
Бундай дард ҳар қандай мардларни йиқар.

Ва яна лабимдан келиб ўпади,
Бағрига босади, кўз ёшин артиб.
“Сенинг берган меҳринг менга етади,
Сен ҳам ташлаб кетма,
кетмагин қайтиб!

Қолган умрим яшай мен ҳам
Сен билан,
Ёлғизликка бошқа етмайди кучим.
Худойим не учун синовлар берган,
Не қилган айбим-чун олмоқда ўчин?”

Кўзимга тикилар, ҳеч сўз айтолмам,
Қанотим остидан бир паноҳ кутар,
Бир сўз айтсам ортиқ,
бир сўз айтсам кам,
Кўзидан ёшлари тирқираб кетар.

Бирдан,
қотиб кулар дунё устидан,
Тинч осмон нигоҳдан
чарсиллаб синар.
Кулганча йиқилар ерга юзтубан-
Ўша кун чақалоқ аёл туғилар.

Мен сезмай қоламан
туннинг ўтганин,
Кун бўйи тунларни интиқ кутаман.
Тун-севги Ватани, дардлар Ватани,
Тонг отиб, қирғоқда ҳолсиз ётаман.

Бу қандай жодугар яхши ёмонга,
Бу қандай дарёдир яхшига ёмон.
Тушгача оқади битта томонга,
Тушдан кейин оқар тескари томон.

КЎЗИМДАГИ ЁШ

Бу гул очилмайди бизнинг юртларда,
Ичган суви бошқа, ўзгача фасл.
Мен сенга ачиниб айтдим-қўйдим-да,
Инжилган кўнглингга малол келмасин.

Кўп кўрганман сендек умри зоени,
Қачон кўрсанг юрган дарбадарликда.
Тўлқиндан емирилган юксак қояни,
Бир гул деб ажралган мартабалардан.

Сен уни қилмагин энди айбдор,
Қанча опичлама, севма, унга кам.
Чунки орангизда кў-ў-ўп узоқлик бор:
Сен чўлни севасан, у тоғда ўсган.

Бу гул очилмайди бизнинг юртларда,
Балким адашганлар ичра ҳақдурсан.
Мен сенга ачиниб айтдим кўп марта,
Эзилган кўнглингга малол келса ҳам.

ГУЛ ВА НУР

“Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил”,
Отилган вулқондай, тонги шабнамдай.
Эрисин, тош бўлган марварид ва гул
Тун билан курашган бир ёлғиз шамдай.

Парча-парча бўлсин ичингдаги муз,
Қушлар учиб келсин, очилсин куртак,
Ғозлар қўним топсин хавфу хатарсиз
Ва шундай чиройли тугасин эртак!

Фалакдан битта нур тушгунча Сенга!

МЕН СЕНИ СЕВАМАН…

Севсам…Яна дардлар юзимга чиқар,
Жайхуннинг суви ҳам кўзимга чиқар.
Бузилиб жаҳоннинг шамойил-шакли,
Унинг акс-садоси сўзимга чиқар.

Кўнглим алланечук сархуш айёмдан,
Бир мисра шеър ўқиб Умар Хайёмдан,
“Лазги” ҳам мавж олса
қудратли жомдан,
Бирма-бир парилар базмга чиқар.

Оловдай шаштимдан
қайтдим мен нечун,
Сени севмайман деб
айтдим мен нечун,
Йиғласанг, қўл силтаб
кетдим мен нечун,
Аччиқ кўзёшларим бўғзимга чиқар.

Мен сени севаман! Эзилдим кўриб,
Не бўлди, сен мендан юзинг ўгириб?
Сени ғамгин куйга рақс тушириб,
Вужудим пойингга таъзимга чиқар…
Севсам дардлар яна юзимга чиқар.

УМРИМДАН ЛАҲЗА

Бугун,
Йиллаб айтолмаган сўзимни айтдим.
Сўнгги нуқтамгача қулоқ солди Гул,
Руҳим тоза бўлди, фалакдан қайтдим,
Ажиб бир табассум қилиб кетди ул.

Тоғлар йўл беришди, сесканди қуёш,
Барглар бир-бирига шивирлаб қолди,
Тунлар минг тўлғанган қалам кўзи ёш,
Холис хизматидан қувониб олди.

Сиримни ёймасдан етказган қушлар,
Чулдираб сарпосин кутиб турибди .
Руҳим қувонтирган хаёлий тушлар.
Парвона рақсга тушиб юрибти.

Бургутнинг осмонда қаноти синди,
Овчи сўнгги ўқи отилмади , оҳ!
Даҳшатли чақмоқлар чақилди, тинди,
Тиканнинг учида турар экан БАХТ!

КУЗ

КУЗ кетса новдадан узилар япроқ,
Дарахт қўл чўзиб туради йиғлаб.
Замин тўнин ечар, тош бўлар тупроқ,
Қуёш фарёд уриб кетар узоқлаб.
Фасл сўнгги қадамин музга босади.

СЕН кетсанг зулматдир бу нурли дунё,
Бир умр армонга ботади юрак.
Гулдан ҳусн қочар, оламдан зиё,
Менга сўнг зарурмас, яшамак, юрмак,
Мен сўнгги қадамим ўтга босаман!

 

ОЛМА…ЛИҚ

Олма…лиқ-сен битта! Юзимга тикил!
Кўплар тониб кетди, имкон қулади.
Фалак “Ма!”-деб берса ушлаб бил!
Йўқса дунё сенга бир кун кулади.

Шунча йил ёлғиз теракдек яшадим,
“Бахти қора”-деди, кимдир ўйланмай.
Ахир, гуллар ичра табассум кўрдим,
Ўзга табассумни суволмам нетай.

Дард босган бош аста эгилаверар,
Юкин кўтаролмай қолган шох каби,
Руҳий қасрларинг емирилаверар,
Забонсиз гужумдек Хоразмдаги.

Жоним, сен битта юзимга тикил!!!
Кўплар тонди, кетди, имкон қулади.
Сен учун ўлганман, шуни бил!
Фақат макон ичра жисмим юради.

07

QILICHBOYLIK BAHODIRNING SHE’RLARI
Umid Bekmuhammad
06

Qilichboy Qoraqalpog’iston respublikasining Amudaryo tumanidagi qishloq. Ma’lumki, Amudaryo tumanidan Pirmat Shermuhammadov, Norboy Xudoyberganov kabi yetuk adabiyotshunos, shuningdek Muxtor va Amin Saidov , Eshonboy Qoraqulov, Frunze Biyjonov singari akademiklar, Zarifboy Do’simov, Ahmad Ishaev, Jumaboy Yusupov, Ahmadjon Nurmetov, Safo Matjon singari o’nlab professorlar, Ahmad baxshi, Bekjon Vays, Qo’chqor Madamin, Tangribergan baxshi, Japaq baxshi Shomurodovlar, vohaga dong tatargan polvon, masxarabozlar, ko’plab rahbar kadrlar yetishib chiqqan bo’lib, ular Mang’it-Amudaryo nomini elu-yurtga taratganlar.

Ana shu safdagi taniqli insonlar orasida Qilichboy qishlog’ilik Bahodir Xudoyberganov ham bor. Bahodir aka qilichboylik Yo’ldosh aka va Bibijon opalar xonadonida tug’ilgan.Bolaligidan adabiyotga mehr ruhida tarbiyalandi, xorijiy tillarni egallashga ishtiyoqmand bo’ldi.Ayni paytda tarix faniga qiziqdi. O’zbekiston Davlat Jahon tillari Universiteti va Toshkent Moliya va iqtisod kollejida tahsil oldi.O’rta maktabda, XorazmTVda, Toshkent viloyati Zangiota tuman davlat soliq inspektsiyasida, O’ZXDP markaziy kengashida faoliyat ko’rsatdi. Ayni paytda Toshkent shahri Sirg’ali tumani hokimligida ishlamoqda. Ammo, qaerda ishlamasin, hamisha ijod bilan band bo’ldi.

Bahodir Xudoyberganovning “Hayot”, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetalarida, “Yoshlik” jurnalida bir necha bor turkum she’rlari chop etilgan. 2004 yilda “Ijod dunyosi” nashriyot uyi “Umrimdan lahza” she’riy to’plamini she’riyat muxlislariga tuhfa qilgandi.

Kitobga so’z boshi yozgan O’zbekiston xalq shoiri Omon Matjon: “Qaydan chiqib keldi bu ovoz. Fevralning tugayotgan Qo’y yiliga, Maymunlar yiliga “Xayr”imi? “Lazgi”ning oxirgi zarblarimi?.. Musiqa va zarb bor. Go’yo Mullanafas va Bahrom Ro’zimuhammad ijodi hislari birikkanday”, deya Bahodir Xudoybergan ijodiga baho bergandi.

BAHODIR XUDOYBERGAN
SHE’RLAR
06

BOBOMNING DURDONALARI

Alisher Navoiyga

Xayolot bu kecha o’tmishga ketdi,
Chaqmoq zarbi falak bag’rin qon etdi.
Har qush navo qabrin ziyorat etdi,
Men bora bilmasman yurganim bilan.

Gullar buyuk emas, ranglar bo’lmasa,
Tunlar begonadir, shamlar bo’lmasa.
Eslasang, ko’zlarda namlar bo’lmasa,
Borim bekor erur yonganim bilan.

Bobom terib qo’ygan durdonalari,
Bu — naslim o’tmishi, nishonalari.
Qo’lga olsam mushkul, ko’p ma’nolari,
Tilim bog’liq qolar ko’rganim bilan.

Har yil bobom eslab, do’stlar, jam bo’ling,
Mumtoz baytlar bilan do’st, hamdam bo’ling.
Diydor ko’rishguncha xotirjam bo’ling,
Navoiy shod bo’lg’ay bilganing bilan.

KLEOPATRA

Dunyo cheksiz ekan, mo»jizalar ko’p,
Tangri qudratiga shak yo’q, albatta!
Men bir daryo ko’rdim, xaritada yo’q,
Arbatda,
Arbatda,
Arbatda.

Bu qanday daryodir, bu qanday ummon,
Ko’ksin ochib turar yaxshi-yomonga.
Tushgacha oqadi sokin bir tomon,
Tushdan keyin oqar orqa tomonga.

Kemalar manzildan adashib ketar,
Sarobdek tutruqsiz chorlaydi mayoq.
“Elkan tushirilsin, bas, endi yetar!”
Sarbonlar ko’tarib turar oq bayroq.

Har kuni shu holat, turfa tamosha,
Turli hiylalarni ko’rib hayronman.
Boraman, erkim yo’q, dovonlar osha,
Ko’rsam ezilaman, yana vayronman.

Yana kirib kelar olam uzra tun,
Kelar tomoshani ko’rmoq uchun Oy.
Yana titroq bosar, yonar vujudim,
O’zimni qo’yishga topolmayman joy.

Birdan,
daryo ichra vulqondek sapchir,
Malikai jahon, borliq yuragi.
Yulduzlar joy berar, osmon to’la nur,
Hilpirab turadi oppoq ko’ylagi.

Yana quchog’iga chorlaydi meni,
Yana boshlanadi cheksiz o’pichlar.
“Men seni sevaman, sevaman seni”!
Bizni to’xtatolmas hech qanday kuchlar.

Raqsga tushamiz, qo’l ushlashib biz,
Ilohiy musiqa kelar yulduzdan.
(Parini yetaklab yurganmisiz Siz,
Oyning shu’lasida, suvning ustida).

Menga she’rlar o’qir qo’llarin yoyib,
Ko’zidan yoshlari tirqirab chiqar.
Ming bor la’natlayman,
kimdaykin ayb,
Bunday dard har qanday mardlarni yiqar.

Va yana labimdan kelib o’padi,
Bag’riga bosadi, ko’z yoshin artib.
“Sening bergan mehring menga yetadi,
Sen ham tashlab ketma,
ketmagin qaytib!

Qolgan umrim yashay men ham
Sen bilan,
Yolg’izlikka boshqa yetmaydi kuchim.
Xudoyim ne uchun sinovlar bergan,
“Men seni sevman, sevaman seni!”

Bizni to’xtatolmas hech qanday kuchlar.
Raqsga tushamiz, qo’l ushlashib biz,
Ilohiy musiqa kelar yulduzdan.
(Parini yetaklab yurganmisiz Siz,
Oyning shu’lasida, suvning ustida).

Menga she’rlar o’qir qo’llarin yoyib,
Ko’zidan yoshlari tirqirab chiqar.
Ming bor la’natlayman,
kimdaykin ayb,
Bunday dard har qanday mardlarni yiqar.

Va yana labimdan kelib o’padi,
Bag’riga bosadi, ko’z yoshin artib.
“Sening bergan mehring menga yetadi,
Sen ham tashlab ketma,
ketmagin qaytib!

Qolgan umrim yashay men ham
Sen bilan,
Yolg’izlikka boshqa yetmaydi kuchim.
Xudoyim ne uchun sinovlar bergan,
Ne qilgan aybim-chun olmoqda o’chin?”

Ko’zimga tikilar, hech so’z aytolmam,
Qanotim ostidan bir panoh kutar,
Bir so’z aytsam ortiq,
bir so’z aytsam kam,
Ko’zidan yoshlari tirqirab ketar.

Birdan,
qotib kular dunyo ustidan,
Tinch osmon nigohdan
charsillab sinar.
Kulgancha yiqilar yerga yuztuban-
O’sha kun chaqaloq ayol tug’ilar.

Men sezmay qolaman
tunning o’tganin,
Kun bo’yi tunlarni intiq kutaman.
Tun-sevgi Vatani, dardlar Vatani,
Tong otib, qirg’oqda holsiz yotaman.

Bu qanday jodugar yaxshi yomonga,
Bu qanday daryodir yaxshiga yomon.
Tushgacha oqadi bitta tomonga,
Tushdan keyin oqar teskari tomon.

KO’ZIMDAGI YOSH

Bu gul ochilmaydi bizning yurtlarda,
Ichgan suvi boshqa, o’zgacha fasl.
Men senga achinib aytdim-qo’ydim-da,
Injilgan ko’nglingga malol kelmasin.

Ko’p ko’rganman sendek umri zoeni,
Qachon ko’rsang yurgan darbadarlikda.
To’lqindan yemirilgan yuksak qoyani,
Bir gul deb ajralgan martabalardan.

Sen uni qilmagin endi aybdor,
Qancha opichlama, sevma, unga kam.
Chunki orangizda ko’-o’-o’p uzoqlik bor:
Sen cho’lni sevasan, u tog’da o’sgan.

Bu gul ochilmaydi bizning yurtlarda,
Balkim adashganlar ichra haqdursan.
Men senga achinib aytdim ko’p marta,
Ezilgan ko’nglingga malol kelsa ham.

GUL VA NUR

“Ko’zni yumgil, ko’zga aylansin ko’ngil”,
Otilgan vulqonday, tongi shabnamday.
Erisin, tosh bo’lgan marvarid va gul
Tun bilan kurashgan bir yolg’iz shamday.

Parcha-parcha bo’lsin ichingdagi muz,
Qushlar uchib kelsin, ochilsin kurtak,
G’ozlar qo’nim topsin xavfu xatarsiz
Va shunday chiroyli tugasin ertak!

Falakdan bitta nur tushguncha Senga!

MEN SENI SEVAMAN…

Sevsam…Yana dardlar yuzimga chiqar,
Jayxunning suvi ham ko’zimga chiqar.
Buzilib jahonning shamoyil-shakli,
Uning aks-sadosi so’zimga chiqar.

Ko’nglim allanechuk sarxush ayyomdan,
Bir misra she’r o’qib Umar Xayyomdan,
“Lazgi” ham mavj olsa
qudratli jomdan,
Birma-bir parilar bazmga chiqar.

Olovday shashtimdan
qaytdim men nechun,
Seni sevmayman deb
aytdim men nechun,
Yig’lasang, qo’l siltab
ketdim men nechun,
Achchiq ko’zyoshlarim bo’g’zimga chiqar.

Men seni sevaman! Ezildim ko’rib,
Ne bo’ldi, sen mendan yuzing o’girib?
Seni g’amgin kuyga raqs tushirib,
Vujudim poyingga ta’zimga chiqar…
Sevsam dardlar yana yuzimga chiqar.

UMRIMDAN LAHZA

Bugun,
Yillab aytolmagan so’zimni aytdim.
So’nggi nuqtamgacha quloq soldi Gul,
Ruhim toza bo’ldi, falakdan qaytdim,
Ajib bir tabassum qilib ketdi ul.

Tog’lar yo’l berishdi, seskandi quyosh,
Barglar bir-biriga shivirlab qoldi,
Tunlar ming to’lg’angan qalam ko’zi yosh,
Xolis xizmatidan quvonib oldi.

Sirimni yoymasdan yetkazgan qushlar,
Chuldirab sarposin kutib turibdi .
Ruhim quvontirgan xayoliy tushlar.
Parvona raqsga tushib yuribti.

Burgutning osmonda qanoti sindi,
Ovchi so’nggi o’qi otilmadi , oh!
Dahshatli chaqmoqlar chaqildi, tindi,
Tikanning uchida turar ekan BAXT!

KUZ

KUZ ketsa novdadan uzilar yaproq,
Daraxt qo’l cho’zib turadi yig’lab.
Zamin to’nin yechar, tosh bo’lar tuproq,
Quyosh faryod urib ketar uzoqlab.
Fasl so’nggi qadamin muzga bosadi.

SEN ketsang zulmatdir bu nurli dunyo,
Bir umr armonga botadi yurak.
Guldan husn qochar, olamdan ziyo,
Menga so’ng zarurmas, yashamak, yurmak,
Men so’nggi qadamim o’tga bosaman!

 

OLMA…LIQ

Olma…liq-sen bitta! Yuzimga tikil!
Ko’plar tonib ketdi, imkon quladi.
Falak “Ma!”-deb bersa ushlab bil!
Yo’qsa dunyo senga bir kun kuladi.

Shuncha yil yolg’iz terakdek yashadim,
“Baxti qora”-dedi, kimdir o’ylanmay.
Axir, gullar ichra tabassum ko’rdim,
O’zga tabassumni suvolmam netay.

Dard bosgan bosh asta egilaverar,
Yukin ko’tarolmay qolgan shox kabi,
Ruhiy qasrlaring yemirilaverar,
Zabonsiz gujumdek Xorazmdagi.

Jonim, sen bitta yuzimga tikil!!!
Ko’plar tondi, ketdi, imkon quladi.
Sen uchun o’lganman, shuni bil!
Faqat makon ichra jismim yuradi.

08

(Tashriflar: umumiy 784, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ассалому алейкум касбдошлар ва Умид Бекмуҳаммад. Умиджон раҳмат мен хақимда ёзибсан. Биринчи расм меники, шеърлар ҳам. Иккинчи муртли расмдаги бошқа Баҳодир Худойберганов. У проза билан шуғулланади. Илтимос унинг расмини олиб ташланг.

  2. Баҳодир Худойберганннинг иккинчи китоби нашрга тайёрланаяпти

Izoh qoldiring