Xojamnazar Huvaydo. Devon & Qodirqul Ro’zmatzoda. Xojamnazar Huvaydo haqida

Ashampoo_Snap_2016.10.08_18h20m19s_005_.pngБизга XVIII аср тасаввуф адабиёти ва фалсфасининг йирик намояндаси бўлган Хожамназар Ҳувайдонинг таржимаи ҳоли, у мансуб бўлган ижтимоий-маданий муҳит, қанча умр кўрганлиги, оилавий ва ижтимоий ҳаёти ҳақида, афсуски, жуда оз маълумот етиб келган. Яқин вақтларгача тадқиқотчилар Ҳувайдонинг 1907 йили Тошкентда В.М. Ильин литографиясида чоп этилган “Китоби эшон Ҳувайдойи Чимёний маа Роҳати дил фий ал хошия” девонига илова қилинган Носеҳ Чимёнийнинг Ҳувайдо вафотига бағишлаб ёзган “Тарихи вафоти ҳазрат эшон Ҳувайдо “наввараллоҳу таоло марқадаҳу маржааҳу” асарига ҳамда шоирнинг ўзи ҳақида “Роҳати дил” достонида берган маълумотларига асосланар эдилар.

ХОЖАМНАЗАР ҲУВАЙДО
Қодирқул Рўзматзода
004

09Миллий мустақиллик ва янгича ижтимоий-фалсафий тафаккур шарофати билан қайтадан кашф этилаётган халқимиз маънавиятининг азим ва ҳаётбахш сарчашмаларидан бири Хожамназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдонинг бой ва серқирра бадиий-фалсафий мероси, олижаноб инсоний фазилатлари ва илғор ғояларидир.

Бизга XVIII аср тасаввуф адабиёти ва фалсфасининг йирик намояндаси бўлган Хожамназар Ҳувайдонинг таржимаи ҳоли, у мансуб бўлган ижтимоий-маданий муҳит, қанча умр кўрганлиги, оилавий ва ижтимоий ҳаёти ҳақида, афсуски, жуда оз маълумот етиб келган. Яқин вақтларгача тадқиқотчилар Ҳувайдонинг 1907 йили Тошкентда В.М. Ильин литографиясида чоп этилган “Китоби эшон Ҳувайдойи Чимёний маа Роҳати дил фий ал хошия” девонига илова қилинган Носеҳ Чимёнийнинг Ҳувайдо вафотига бағишлаб ёзган “Тарихи вафоти ҳазрат эшон Ҳувайдо “наввараллоҳу таоло марқадаҳу маржааҳу” асарига ҳамда шоирнинг ўзи ҳақида “Роҳати дил” достонида берган маълумотларига асосланар эдилар.

Бироқ ана шу ҳужжатларнинг бирортасида Ҳувайдонинг Қўқон мадрасаларидан бирида таҳсил кўрганлиги ёки отаси Чимёнда қурган мадрасада мударрислик қилганлиги ҳақида маълумот учрамайди. Афсуски, кўп тадқиқотчилар Ҳувайдо сингари истеъдодли шоир катта билим ва бадиий маҳоратга эга бўлиш учун Қўқон мадрасаларидан бирида таҳсил кўрган бўлса керак, деган тахминларини ўқувчига ҳақиқат сифатида тақдим этадиларки, бу илмийлик ва холислик талабларига зиддир.

Ҳувайдонинг таржимаи ҳолига оид маълумотларнинг камлиги ёки кам етиб келганлиги сабабларини қуйидаги ҳолатлар билан изоҳлаш мумкин:

Аввало, Ҳувайдо хонлик пойтахти Қўқондан анча олис бўлган Чимён қишлоғида туғилиб, вояга етди ва ижод қилди. У вақтда илмли кишилар жуда оз бўлиб, Ҳувайдони тушунадиган, қадрлайдиган зиёлилар саноқли бўлган (Ҳувайдо девонига киритилган ғазалларида ана шунга ишоралар бор);

Иккинчидан, ижтимоий-сиёсий парокандаликлар, адолатсизлик ва зулм кучайган бир шароитда илмсизлик ва жаҳолат илм аҳлига нисбатан лоқайдликни, илм-маърифатнинг қадрсизланишини кучайтирган;

Учинчидан, Ҳувайдо вафотидан сўнг унинг валийлик кароматлари ҳақида жуда кўп афсона ва ривоятлар яратилган. Ана шундай ривоятлардан бирида айтилишича, Ҳувайдонинг Чимёнда хор-зор бўлган, одамлар маломатидан безиб қўшни Миндон қишлоғига борган, у ерда қадр-қиммат ва обрў топгач, миндонликларни “бир донинг минг дон бўлсин” деб дуо қилган.

Миндонликларнинг ҳозиргача чимёнликларга қараганда тўқ, фаровон ҳаёт кечираётганликларининг, қишлоқнинг номи “Миндон” эканлигининг сабаби ана шунда эмиш. Бунга ўхшаш жуда кўплаб ривоятлар улуғ мутасаввиф-шоирнинг оғир ва мураккаб ҳаёти ҳақида тасаввур ҳосил қилишга имкон беради.

Тўртинчидан, собиқ совет тузуми даврида оммавий қатағон йилларида руҳонийларга ва динга қарши кураш шароитида жуда кўплаб диний китоблар йўқ қилинди. Бу аянчли қисмат Ҳувайдо ҳақидаги асарларни ҳам четлаб ўтмаган.

Миллий мустақиллик йилларида Ҳувайдонинг ҳаёти, ижодий фаолиятига бағишланган жуда кўплаб илмий мақола ва тўпламларда шоирнинг таржимаи ҳоли, исми, касб-кори, туғилган ва вафот этган жойига оид турлича ва ҳатто бир-бирига зид қарашлар хусусида қисқача тўхталиш мақсадга мувофиқдир.

Тарих фанлари доктори, тасаввуфшунос Икромиддин Остонақуловнинг ёзишича, “Кунлардан бир кун Офоқхўжа (раҳматуллоҳи алайҳи) ўз муридига “Сен фарзанд кўрсанг. Отини Хўжаназар қўй, менинг назарим андадур” деб хушхабар бердилар. …Орадан 5-6 йил ўтиб, Ғойибназар ўғил кўриб, исмини Хўжаназар қўяди. У пайтда Ғойибназар Ўшда яшар эди. Кейинчалик у Фарғонанинг Чимён қишлоғига кўчиб келиб, мадраса ва хонақоҳ очиб, мударрислик билан машғул бўлган. Ҳувайдо таълим –тарбияни ўз отасидан олган. Сўнг Қўқон мадрасаларида таҳсил олиб, ўз қишлоғига қайтиб, мударрислдик қилган, шеърий ижод билан машғул бўлиб, ғазаллар битган”[1].

Бундан англашиладики, Хўжаназар Ғойибназар эшон хонадонида Ўшда туғилган, кейинчалик ота-онаси билан бирга Чимёнга кўчиб келишган. Ҳолбуки, Ҳувайдо “Роҳати дил” достонининг “Сабаби назми китоб” бобида ўзининг насл-насаби, туғилган жойи ҳақида қуйидаги аниқ маълумотни беради:

Каминанинг оти Хожамназардур,
Атосингинг оти Ғойибназардур.
Насабда Ўшийу мавлуди Чимён
Ғарибу хоксору дил паришон[2].

Бундан ташқари, И. Остонақулов Ҳидоятуллоҳ шайх Юсуф ўғлининг исмини бир жойда “Офоқхожа”, бошқа жойда эса “Офоқхўжа” деб ёзадики, бу ҳам қатор англашилмовчиликларни келтириб чиқаради. Зеро, биз миллий мустақиллик йилларидагина диний-тасаввуфий тушунчаларнинг нозик маъно ва мазмунини бир-биридан фарқлай бошладик. Ҳолбуки, 1981 йили Москвада чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да “хожа” ва “хўжа” сўзлари бирмаъноли тушунчалар сифатида талқин этилган эди[3].

“Хожа” –форс-тожикча сўз бўлиб, “эга, бошлиқ, хўжайин” маъноларини англатади. Тасаввуфий истилоҳда- тариқат бошлиғи, раҳнамоси маъносида қўлланади.

Абдухолиқ Ғиждувоний асос солган Хожагон тариқати силсиласига мансуб бўлган сўфийларнинг исмлари хожа сўзи билан шарафланган: Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Убайдулло Аҳрор, Офоқхожа ва ҳоказолар.

“Хўжа” – Ўрта Осиёда биринчи бўлиб ислом динини қабул қилган ва ўзларини Муҳаммад алайҳиссалом ва чорёр (тўрт дўст)нинг авлоди деб ҳисоблайдиган, хонликлар даврида алоҳида имтиёзларга эга бўлган эник гуруҳ номини ифода этган. Хўжаларни иккинчи ном билан саййидлар деб ҳам атаганлар.

Шу сабабдан ҳам миллий мустақиллигимизга қадар тарихий –илмий асарларда бир маъноли тушунча сифатида қўлланган ва қатор англашилмовчиликларга сабаб бўлган “хожа” ва “хўжа” тушунчаларини бир-биридан фарқлаш илмийлик талабидир.

Адабиётшунос Нусратулло Жумахўжа Ҳувайдонинг ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий мақоласида шундай деб ёзади: “ Ҳувайдонинг отаси Ғойибназар Эрназар ўғли 1104 ҳижрий йилларда бир гуруҳ марғилонлик қариндошлари билан Чимёнга кўчиб келган. Ҳувайдо шу оилада, шу масканда таваллуд топган.

…Ғойибназар Чимёнда нуфузли мактабдор эшон эди. У Қашқарда шуҳрат қозонган Офоқ Хўжа муридларидан бўлиб, пирига ихлос ва ҳурматининг рамзи сифатида ўғлига Хўжаназар исмини берган. Ҳувайдо шоирнинг адабий тахаллуси[4].

Аминжон Маматовнинг ёзишича, “шоирнинг исми баъзи манбаларда Хўжаназар деб кўрсатилади (Хўжаназар шакли тарихан бўлиб, Хўжаназар эса ўзбекона оғзаки нутқ маҳсулидир. Унинг манзил-макони ҳақидаги мисраларга эътибор берилса ҳамда отаси Офоқхожа эшоонга мурид бўлганлиги назарга олинса, Хўжамназар исми ҳақиқатга мос келади[5].

Ҳувайдо таваллудининг 300 йиллиги арафасида Чимён қишлоғидан топилган Ҳувайдонинг чимёнлик чевараси Фахриддин эшон Хокий (1935-1919) қаламига мансуб қўлёзма девон ва унга киритилган “Насабномайи эшон Ҳувайдо қуддиса сирриҳул азиз” асари ҳамда Хокий томонидан кўчирилган Сўфи Оллоҳёр ва Ҳувайдо қўлёзма девонга киритилган Ҳувайдонинг шажарасига оид маълумотлар Хожамнзар Ҳувайдонинг таржимаи ҳоли, насл-насабига оид бир-бирига зид қарашларга аниқлик киритишда муҳим манба ҳисобланади.

Хокий маснавий шаклида ёзилган ва жами 76 мисрадан иборат бўлган мазкур асарида Ҳувайдо, унинг насл-насаблари ҳақида қуйидаги қимматли маълумотларни беради: «Ер юзидаги етти шарафли шаҳарлардан бири бўлган Ўш шаҳрида дин аҳли Қул Сулаймон Шайхни ҳам шоир, ҳам марди худо деб биладилар.Унинг ўғли Тўлак Муҳаммад сўфи, унинг ўғли, яъни учинчи авлод Эрназар эди. Унинг ўғли Ғойибназар Оллоҳнинг содиқ ошиғи ва художўй кишилардан бири бўлиб, тариқат рамзини англагач, ўзига муносиьб пир излаб, доимо хазин (ғамгин) эди. Ниҳоят одамлардан Қошғарда Офоқхожа исмли ғавсул аъзам, қутби Ҳақ, Ҳақ ошиқларининг шайхи борлиги ни билди. Сўнг Ўш аҳли, ёру биродарлари билан хайрлашиб, Чин (Хитой0 сари йўл олди. У ҳазрати Офоқ даргоҳида 30 йил хизмат қилди, тариқат илмини эгаллагач, пирдан рухсат ва ижозатлар олиб, Фарғона юртига – Офоқ Хожанинг ўғли Хожам Пошшо (Ҳожа Ҳасан Муҳйиддин) ни излаб, унинг ҳузурига келди. У зотни Марғилон шаҳридан топди. Бошидан ўтган ҳамма ишларни унга сўзлади. Ғойибназар Хожам Пошшо ҳузурида эканлигида чимёнлик бир киши Ғойибназарга ихлос қилиб, қизини берди. У Чимённинг Қўриқ деган жойида (5-10 оила яшарди) ўзларига чимдан уй қурдилар. Шундан кейин подшо дафтарига қишлоқ номини “Чимён” деб ёздилар. Ғойибназар эшон ҳижрий 1104 йили (милодий 1693) йили бир мустаҳкам ибодатхона барпо этдилар. Бу –Чимёндаги биринчи масжид эди. Унинг ўғли ҳазрат Хожамназар (Ҳувайдо) иккинчи бинони барпо этдилар:

Ҳазрати Хожамназар давлат қарин
Шеърида бўлди Ҳувайдо деб лақаб.
Манзили маъвосидур ушбу замин
Асли зоди Ўшу мавлид Чимён
То охир умрдур мунда макин[6].

Ҳувайдонинг юқорида номи тилга олинган девонининг 174-175 саҳифасида Ҳувайдонинг таваллуд топиши билан боғлиқ қуйидаги муҳим маълумот берилган ( бу маълумот девонни нашр этишга азму қарор қилган Ҳувайдонинг ўшлик чевараси Салоҳиддин Соқиб (1838-1910) томонидан тузилган бўлса, ажаб эмас). Унда шундай дейилади: “Офтоби тобон, фалаки ҳидоят, меҳтари воҳид, дурахшон сипеҳри, жалолат ва сарвари Ҳидоятуллоҳ Ҳожам, яъни жаноби ҳазрати Офоқ Хожам нафаси мутабарруклари эшони Ҳувайдо оталари Ғойибназар сўфийға жорий бўлиб, байт:

Сенинг наслингдин асло қутбу автод ўлмасун канда,
Чароғинг ўчмасун оламда то рўзи жазо сўфим –

деб ҳолоти истиғроқда жорий бўлиб, сандин фарзанд таваллуд қилса, отини Хожамназар қўй, мани назрим андадур, деб илтифоти бағоят қилиб, ул жаноб ўғуллари ҳазрати Хожам пошшони назар ва нафасларини топиб, Ҳувайдо лақаб бўлиб, ҳумоюн хосият файзи иноятларини топкон сабабдин файзи суханни Аллоҳ таоло ато қилди”.

Ҳувайдо сўфий Ғойибназар эшон хонадонида вояга етди. Аввало, отасидан ислом дини асосларини, фиқҳ илмини, ҳол илмини чуқур ўрганди. Бу ҳақда шоирнинг ўзи:

Ҳам ўқуб илму адаб, бўлдум “Ақойид”хони ишқ,
Мушкилоту илми фиқҳдин сўрсалар бердим жавоб[7] —

деб ёзди. “Ақойид” иймон ҳақидаги илм бўлиб, шоир бу ерда илоҳий ишқ илмини, яъни тасаввуфни назарда тутяпти. Тасаввуф тарихидан маълумки, сўфийлар илоҳиёт назариясини эгаллаш, бунинг учун мадраса илмини эгаллаш ҳақида қайғурган эмаслар. Тариқат йўлига кириш учун толиб (сўфий)дан биринчи навбатда фиқҳ илмини чуқур ва пухта билиш талаб этилган. Буни илми қол, яъни зоҳирий фиқҳ дейилган. Илми ҳол эса тасаввуф илми бўлиб, мурид ўз пири назорати остида тавҳид каломини зикр қилиш орқали эгаллаган. Бинобарин, Хожамназарнинг отасидан тасаввуф илмини эгаллаганлиги, ўзи мустақил равишда бадиий ижод сирларини кашф этганлиги шубҳасиздир.

Ҳувайдонинг тасаввуфий қарашлари шаклланишида, шубҳассиз, жамият ҳаётида рўй берган муҳим ўзгришлар, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий таназзул асоратлари, бир томондан, зулм ва адолатсизликлар, тож-тахт урушларининг авж олиши, иккинчи томондан, жамият тақдири учун масъул бўлган илм-маърифат аҳлларининг молу дунёга хирс қўйиши, одамлар ўртасида риёкорлик, ёлғончилик, таъмагирлик, манманлик, кибр, хасадгўйлик сингари иллатларнинг кучайиши, учинчидан, жаҳолатга қарши жаҳолат билан куравшишнинг аянчли оқибатлари кучли таъсир кўрсатган.

Маълумки, Ҳувайдо Бобораҳим Машрабнинг кичик замондоши, бир хил тарихий муҳитда яшаб ижод қилган мутафаккир эди. Бироқ Ҳувайдо жамият дуч келган оғир ва мураккаб муаммоларни ҳал этишда Бобораҳим Машраб йўлидан бормади. Балки Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоҳёр йўлини – сунний тасаввуф йўлини танлади.

Ҳувайдо шахсининг шаклланиши XVIII асрда Шарқ халқлари, жумладан, Ўрта Осиё халқлари маънавий ҳаётида қадриятлар тизимининг ўзгариши, жаҳонда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларнинг аста-секин Туркистонга кириб келиши, диний эътиқоднинг кучсизланиши, оқ зулм ва адолатсизликларнинг авж олиши даврига тўғри келди.

Ҳувайдо истеъдодли мутасаввиф шоир, ижодкор мутафаккир дин арбоби, авом халқнинг раҳнамоси сифатида жамият ва халқ манфаатларини муқаддас деб биладиган, Ҳақ ва халққа садоқатли комил инсон шахсини шакллантириш учун ҳақпараст эмас, балки днёпараст бўлиб бораётган жмиятнинг юқори қатллами – аҳли хослар (муллолар, хожалар, мансабдорлар ўртасида Оллоҳнинг йўлида тожу тахтидан воз кечган ва дарвешлик йўлини танлаган Иброҳим Адҳам сингари сўфийлар ҳиммати ва мардлигини ибрат қилиб кўрсатди; оддий авом ўртасида эса ислом дини ғояларини кенг тарғиб этишга интилди. Ўзи яшаб турган давр хусусиятларидан келиб чиқиб, айни бир вақтда ҳам диний, ҳам тасаввуфий ғояларни ривожлантиришга, тасаввуфнинг маломатия, қодирия, кубровия сингари тариқатлари ғояларини уйғунлаштиришга, ҳам мажозий, ҳам илоҳий ишқни улуғлашга, бу дунёдаги хайрли, савобли амаллар учун нариги дунёда бериладиган мукофотлар эвазига бу дунё муаммоларини оқилона ҳал этишга умид боғлади.

Ҳувайдо Баҳоуддин Нақшбанд ғояларидан илҳломланди, бутун фаолияти давомида нақшбандия ғояларини одамлар ўртасида кенг тарғиб этишга интилди. Замондошларини ҳалол меҳнат, пок ният билан яшашга, қалб (жон уйи)ни поклашга, Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига амал қилишга, ақлли, донишманд ва билимдон бўлишга ундади. Илмсизлик, нодонлик ва жаҳолатни барча кулфат ва бахтсизликларнинг бош сабабчиси деб билди. Ўзи учун Иброҳим Адҳамни идеал шахс деб билди. У каби мард, олийҳиммат, фақир, камтарин, ҳалол бўлишни орзу қилди.

Носеҳнинг гувоҳлик беришича, Ҳувайдо ҳазратлари доимо шариат ҳукмларига бўйсунуб, унга жону дили билан амал қилар, йўлда учраган ҳар бир мўмин-мусулмонга худди Ҳизр ва Илёс алайҳиссаломни кўргандек илтифот кўрсатар ва уларни дўст тутарди. Ҳар куни саҳарларда Худога ёлбориб, Ундан мақсадига етиш йўлини осон қилишини сўрар, ҳиммат отига миниб, шайтон лашкарлари билан жанг қиларди. У доимо Оллоҳнинг розилигини тилаб, худди Иброҳим Адҳам сингари озу кўпга парво қилмас, шогирдлари билан суҳбат қурар, фикру ёди дабистон (мактаб)да илм толибларига илм бериш эди[8].

Ҳувайдонинг ҳаёти, ижодий фаолияти, тасаввуфий қарашларига оид маълумотларни унинг девонига киритилган ғазалларидан, “Роҳати дил”, “Иброҳим Адҳам” қиссаларидан олишимиз мумкин. Зеро, машҳур немис олими Зигмунд Фрейднинг руҳий таҳлил назариясига кўра, ҳар бир ижодкорнинг асарларида унинг бошқалардан сир сақлайдиган истак, майл, орзу, умид ва мақсадлари ўз ифодасини топади[9].

Ҳувайдо яшаган даврнинг нақадар оғир, уқубатли эканлиги шоирнинг қуйидаги мисраларида ўз ифодасини топди:

Қаю кун келдим жаҳонда бўлмадим шод, эй кўнгул,
Бўлмадим зиндони ғамдин ҳаргиз озод, эй кўнгул[10].

Шоир бу мисраларни, шубҳасиз, ёши улғайиб, илм маърифатда камолга эришган даврида қайд этар экан, илмсизлик, жаҳолат, зулм ва адолатсизлик, молу дунёга хирс қўйиш одатий ҳолга айланган уқубатли дамларда ўз дардини, руҳий изтироб ва кечинмаларини тушуна оладжиган садоқатли дўст топа олмаганлиги баён этади:

Юрогим ғуссага тўлди, кишим йўқ айтгали ҳолим,
Нетай, дард айтгудек бир дардманд одам тополмасман.

Куларлар қаҳқаҳа айлаб, нечук беғам кишилардур,
Куларға бир замоне хотири беғам тополмасман…

Жароҳат бўлди бағрим тиғи хасрат бирла, ман найлай,
Юруб излаб табиблардин анга марҳам тополмасман.

Мусибатхонадур дунё, нечук одам бўлур беғам,
Ўзимни, эй Ҳувайдо, лаҳзае беғам тополмасман[11].

Ёки

Дариғо, топмадим бир дардманди,
Анису ҳамдаму ёри мувофиқ[12]

Мутафаккир-шоир “дард” деганда, шубҳасиз, жамият ривожига тўсқинлик қилаётган, одамларни қийнаётган ижтимоий муаммоларни назарда тутди. Кундалик тирикчилик ташвиши, молу дунё хирси билан яшайдиган,ж ҳаётнинг маъносини еб-ичиш, бола-чақа боқишдан иборат деб биладиган авом учун халқ ва жамият муаммолари бегонадир.

Ҳувайдо руҳоний оилада вояга етган, диний ва тасаввуфий ғоялар руҳида тарбияланган ижодкор сифатида ўзини жамият ва халқ тақдири учун масъул деб билди. Аҳли хослар қалбида Оллоҳга бўлган илоҳий ишқ дардини аланга олдириш, нафсни ўлдириш, бу дунёнинг ўткинчи ва бевафо эканлигини эслатиш, оддий авом онгида эса иймон-эътиқодни мустаҳкамлаш орқали ижтимоий муаммоларни оқилона ҳал этишга умид боғлади. Шу боисдан ҳам унинг бутун ижодий фаолиятида Илоҳий ишқ ва диний маърифатни тарғиб қилиш, комил инсон шахсини шакллантириш етакчи ўрин эгаллади.

Бутун ҳаёти ва фаолияти давомида нақшбандия ғояларига амал қилди, Қуръони Карим ғояларини тарғиб этишда сўз санъатининг бутун имкониятларидан моҳирлик билан фойдаланди. Бу билан ўзбек мумтоз адабиёти равнақига, тасаввуф ғояларини ижодий ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди. Тасавувуф адабиётини янги мазмун, ғоя, образ ва бадиий усуллар билан бойитди. Ҳувайдонинг бадиий-эстетик ғоялари, маҳорат ва истеъдоди алоҳида тадқиқот мавзуи бўла олади.

Ҳувайдо Аллоҳнинг мислсиз қудратьидан ҳайратланди. Ана шу илоҳий қудратни Ер билан Осмонни устунсиз, пасту баландсиз муаллақ тутиб турганлигида, Осмонда Ой билдан Қуёшни яратиб, дунёни чароғон этганлигида кўрди. Аллоҳнинг қизиқ санъатлари бор, дейди Ҳувайдо, — У ҳамма нарсага қодир. Бу қисқа ақл Унинг қудратидан қай бирини баён этишга ожиз. Зеро, жаҳонга кўп қор, ёмғир ёғдириб, уни иссиқ—совуқ қиладиган ҳам, баъзи ерларни боғу бўстонга, баъзи ерларни чўлу дарёларга айлантирадиган ҳам Аллоҳдир.

У баъзиларни очу муҳтож қилди, баъзиларга кўп молу давлат берди. Баъзиларни хору зор қилди, баъзиларнинг уйини нонга тўлдирди. Бировни хушфеъл ва хушрўй, баъзиларни эса жиннию расво қилди. Баъзиларни басират (қалб кўзи) соҳиби, баъзиларни эса соқов ва кўр қилди. Агар бу иноятлар Аллоҳдан бўлмаса, қисқа ақл ва тил (бир парча гўшт) нима ҳам дея олиши мумкин! Аллоҳга шукрки, У бизни ҳайвон қилиб яратмади: сўзлаш учун тил берди.

Бировнинг қорни нонга тўймайди, биров эса ҳар куни асал ва ҳолво ейди. Аллоҳ бировни бир пулга муҳтож қилди, бировларга эса беҳад куч-қудрат ато қилди. Бировга меҳнат ва дард берди, бировнинг эса ҳеч қандай ғам-ташвиши, кулфати бўлмади. Ҳаммани ўлим олдида тенг қилди: у шоҳми, гадоми, муллами – охири ер остида жо бўлди:

Худодан бехабар бўлма, биродар,
Вафо қилғони йўқ ҳеч кимга дунё.

Ёки

Киши бўлмаса маънидин хабардор
Они одам дема, де нақши девор[13].

Ҳувайдонинг таъкидлашича, Аллоҳ оламни етти кун ичида яратганидан сўнг Ўзини танитиш ва бандаларини синаш учун Одам Ато ва Момо Ҳаво (Ато бирла Ано)ни яратди:

Сифотингни на тил бирла баён айлай, Худовандо,
Эрур ожиз сифотинг айғоли бу куллийи ашё.

Сифотингдур сани: Субҳон, Рауфу ҳамс Раҳийм Раҳмон,
Қадиму ҳам Язал Сансан, Кариму ҳайю ло мавто.

Аҳад Сансан, Сомад Смансан, эрурсан “лам ялид” бешак,
“Ва лам юлад” Сану мулки шариксиз, шоҳи беҳамто.

Эрурсан бечуну бешубҳа, бемислу бемонанд
Яна ҳам бенамуна, бечигуна, холиқи аҳё[14].

Ҳувайдо Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васалламнинг уммати қилиб яратгани учун Аллоҳга шукрона айтади. Чунки расулуллоҳ онадан ҳам меҳрибон, қиёматда умматларига шафоат қилувчи, мўминлар қалбининг миръоти (кўзгуси), ишқ аҳлига айнул яқин чошгоҳ офтобидир:

“Ё раҳматал-лил-оламин”, эй анбиёларга нигин,
Эй саййиди рўйи замин, эй пешвойи анбиё!.

Сансан расули оламин, сансан имомул муттақин,
Сансан шафиийъул-музнибин ҳодиил музиллин, иҳдино.

Зуҳд аҳли бирла ҳамнишин, ишқ аҳлига айнул яқин
Миръоти қалб ул-мўъминин, эй офтоби ваз- зуҳо.

Мисбоҳи айвони расул, сансан имоми жузу кулл,
Эй ҳодийи аҳли субл, вай, чашми жонга тўтиё!

Сансан анодин меҳрибон, сандин тилармиз кўп омон,
Келса манга ҳарна зиён, сансан сипар янглиғ пано[15].

Ҳувайдо расулуллоҳ тимсолида энг олижаноб, комил ва фоозил инсонни, Оллоҳ йўлига кирган сўфийлар раҳнамосини кўрди.Шу боис бутун ҳаёти давомида расуллуллоҳ суннатларига амал қилишга, унинг содиқ саҳобалари Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али сингари инсоф-диёнатли, одил ва доно, камтарин ва ҳалол бўлишга интилди. Уларнинг энг яхши фазилатларини эҳтиром билан тилга олди:

Бириси сидқу садоқат авжида бадри мунир,
Бирлари адлу адолат буржида шамси зуҳо.

Бирлари ҳилму ҳаё иқлимида баҳри ҳаё,
Бирлари лутфу карам аврангида кони саҳо[16].

Ҳувайдо девонига кирган ғазалларни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, у араб ва форсий тилода битилган пайғамбарлар тарихини, ислом дини тарихини, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётини жуда чуқур билган. Шунингдек, тасаввуфнинг Ўрта осиёда кенгг тарқалган хожагон, маломатия, яссавия, нақшбандиия, кубровия, қодирия, қаландария тариқатларидан яхши хабардор бўлган. Ўз асарларида ислом тасаввуфи буюк шайхларининг илғор ғояларини уйғунлаштиришга, замондошлари қалбида илоҳий ишқни кучайтиришга, бунинг учун эса ислом динини турли бидъат ва ярамас одатлардан тозалашга интилди. Бу эса мутасаввиф шоирнинг турли маломатлардан изхтироб чекишига, одамлар ва ҳатто қавму қариндошларининг ундан юз ўгиришига сабаб бўлади. Бу ҳақда шоир изтироб билан:

Тушғали ишқинг сани қилдим ҳама бирла низоъ,
Бир йўли қилдим жаҳонни мулку молидин видоъ[17].

Ишқ келди, кетти ақлим, қочти мандин жумла эл,
Йўқтурур дард айтгудек бир ёри аҳбобим менинг[18].

Сани ишқингда, эй дилбар, ажаб афсоналар бўлдум,
Халойиққа бўлиб кулгу, басе афсоналар бўлдум.

Қилур таъна кўриб ҳар ким мани ҳолимга, эй моҳим,
Бу элни оғзида ҳар гўшада афсоналар бўлдум.

Ҳама қавму қароиндошим мани кўрса қилур номус,
Баридин юз ўгирдим, бир йўли бегоналар бўлдум[19],— деб ёзди.

Ҳувайдо диний-тасаввуфий қарашларининг шаклланиши одамлар ўртасида тасаввуф ғоялари ўз таъсирини йўқота бошглаган, жамиятда зулм, адолатсизлик, илмсизлик ва жаҳолат авж олган, бунинг оқибатида одамлар ўртасида меҳр-оқибат, қадр-қиммат, инсоф-диёнат йўқолган ғоят мураккаб даврга тўғри келди.

Турон заминида XVIII аср бошларида ижтимоий-сиёсий парокандаликнинг кучайиши, уч хонликка бўлиниши ва улар ўртасида тинимсиз тож-тахт урушларининг авж олиши, уларнинг мустақил равишда турли хорижий давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатиши мафкура ва ғоя соҳасида ҳам бегоналашувнинг кучайишига олиб келди. Ана шундай шароитда Ҳувайдо жамиятдаги маънавий муҳит учун масъул бўлган руҳонийлар, мансабдорнинг ахлоқини поклаш, улар ўртасида тасаввуф ғояларини кенг тарғиб этишга зўр берди.

Аҳли хослар ўртасида илоҳий ишқ ҳиссини уйғотиш, авом халлқ ўртасида ислом дини ғояларини, шариат қоидаларини кенг тарғиб қилиш орқали жамият ва халқни таназзулдан қутқаришга умид боғлади. Бунинг учун нақшбандия тариқати ғоялари атрофида турли тариқатларнинг илғор ғояларини бирлаштиришга ҳаракат қилди.

Ҳувайдо ўз замонасининг илғор фикрли фарзанди, мутафаккири сифатида жамият дуч келган муаммоларни оқилона ҳал этишга, бунинг учун тасаввуф ва ислом динининг барча имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қилди. Албатта, Ҳувайдо шахси, унинг мустаҳкам иймон-эътиқоди, олижаноб инсоний фазилатлари шаклланишида даврнинг мураккаб зиддиятлари, хилма хил ғоялар ўртасидаги кураш чуқур из қолдирган.

У худди ҳозиқ табиб сингари иш кўрди: замондошларини Аллоҳнинг йўлига, яъни тасаввуф йўлига йўлига киришга даъват этишдан олдин ўзининг бу йўлга киришдаги изтироб, иккиланиш, машаққат ва уқубатларини рўй-рост баён этди. Чунки ишқ дардинги ўзидан илгари ўтган барча буюк сўфийлар сингари барча дардларнинг (ижтимоий муаммоларнинг) давоси деб билди. Шоир илоҳий йўлга киришнинг уқубатлари ҳақида шундай деб ёзди:

Худони йўлига кирмак деманглар кори осондур,
Азиз жондин кечиб, бош ўйнамоғлиқ кори мардондур.

Ажаб поёни йўқ йўлдур, арода кўп хатарлар бор,
Анинг учун ҳама солик бу йўл устида қолғондур[20].

Аллоҳ ошиқларининг мислсиз балолар, уқубатларга гирифтор бўлишлари табиий ҳолдир. Чунки Ҳадиси шарифда айтилганидек, “бу дунё мўъминларга дўзах, кофирларга эса жаннатдур”. Аллоҳ ўз ишқи йўлида бир марта куйган ошиқларини маҳшарда иккинчи март куйдирмайди. Ҳувайдо ишқ ўтида ўртанишни шарафли қисмати деб билди:

Нигоро, икки оламда санингдек дилрабо йўқтур,
Фироқинг ўтида мандек асири мубтало йўқтур.

Балоларга дучор ўлдим висолинг излабон тун-кун,
Манингдек эл аросида гирифтори бало йўқтур[21].

Тасаввуф тарихида сўфийларнинг узлатга чекиниш орқали Илоҳий руҳдан файз, илҳом ва рағбат олиш ҳоллари кўп бўлган.. бироқ бундай узлатнишинлик шуҳратпарастликни келтириб чиқара бошлагач, Абдухолиқ Ғиждувоний ўз тариқатида “хилват дар анжуман ба зоҳир бо халқ ба ботин ба Ҳақ” (анжуманда зоҳиран халқ билан, аммо ботинан Ҳақ билан биргабўлмиш) ғоясини илгари сурди. Бироқ Ҳувайдо яшаган даврга келиб, тасаввуфнинг қатъий талаб ва қоидалари анча кучсизланди. Ҳувайдонинг таъкидлашича, замонанинг пок кишилари, мардларининг чўпча қадри қолмагач, ўткинчи ва алдамчи молу дунёга меҳр қўйган кишилар қадр топа бошлагач, шоир узлатнишинликни, яъни одамлар йўқ жойларга бош олиб чиқиб кетишни орзу қилди:

Бу замона мардларини чўпча қадри бўлмади,
Бўлдилар моли палид жўйони номард эътибор.

Молдин ўтмак, жондин ўтмак кори ҳар номард эмас,
Дунёни тарк айлағон ишқ йўлида мард эътибор.

Ёки

Ичим тўлди ғаму ишққа, бўлибман турфа дилгири,
Гаҳи ҳиммат қилурман, бош олиб Руму Яман кетсам.

Маломат бир сари, ғам бир сарои жонимни ўртайдур,
Кетибдур тоқатим эмди ўзимни ғамга ўргатсам[22].

Ҳувайдо асарларида Ҳизр алайҳиссаломнинг номи кўп учрайди. Боиси унинг Ҳизр алайҳиссаломдан илоҳий файз олганлиги, тасаввуф илмини олганлигида, унинг руҳини тарбия қилганлигида эди.

Ҳувайдо чиндан ҳам валийлик даражасига эришган, аммо валийлик даъвосини қилмаган, ўзини каромат соҳиби деб эмас, балки девона деб атаган, хоксорлик ва фақирлик тахтини Сулаймон тахтидан афзл деб билган улуғ сўфий эди. У ўзини одамларга панд-насиҳат қилувчи эмас, балки насиҳатга аввало ўзи амал қиладиган, хулқ-атвори билан бошқаларга намуна бўладиган, доимо қилган гуноҳларидан афсус-надомат чекувчи инсон деб билди.

Ҳувайдонинг таъкидлашича, нафс, орзу-ҳавас, аҳли авлод ва дунёга меҳр бор экан, инсон гуноҳсиз яшай олмайди. Гуноҳларнинг ажри эса надомат ва тавба қилишдир. Илми қол (шариат илми) ва илми ҳол (тасаввуф илми) ни чуқур эгаллаган Ҳувайдонинг Аллоҳнинг ризолиги йўлида сидқидилдан қиладиган тоат ва ибодатларидан қониқмаслигининг боиси ҳам шунда эди.

Ҳувайдо ердаги ҳаётдан узилиб, самовий хаёлот оламида, мистик оламда яшамади, дунёвийлик ва илоҳийликни бир- бирига қарши қўймади, балки замондошларини бу дунёнинг нозу неъматларидан юз ўгирмасликка, кўз юмиб очгунча ўтиб кетадиган азиз умрни қадрлашга, ана шу неъматлар учун Яратгангна шукрона айтишга, фақат савобли ва хайрли ишлар қилишга, Аллоҳнинг номини ҳамиша хушнудлик билан тилда ва қалбда зикр қилишга даъват этди.

Ҳувайдонинг ёзишича, май ичишни манъ этадиган ва майни харом деб ҳисоблайдиган зоҳид муллолар ноҳақдир. Май ҳам ўз маъносида, ҳам мажозий маънода инсонни ўткинчи дунё уқубатларидан халос қилиб, тириклик завқ-шавқини, Яратгувчининг карами кенглигидан таскин берувчи неъматдир:

Йигитликда май ичмаклик на хуш, бахти саодатдур,
Қарилик мавсуми меҳнат, йигитлик вақти роҳатдур.

Гулистон мавсуми бўлди, май ичмакни ғанимат бил,
Тириклик кўп эмас, бир кўз юмиб очқунча соатдур.

Кел, эй соқий, кетур жоме, пайопай бодани соф эт,
Юритгил косаи даврон, бу дамлар ҳам ғаниматдур.

Дафу танбуру бенай май ичмаклик онча ҳўб эрмас,
Қил, эй мутриб, ғазалхонлиқ, бу кун айёми ишратдур.

Гулистонлар аро себаргаларни ёстаниб ётиб,
Тамошойи чаман айлаб, май ичмак хуш назхокатдур.

Тирикликни ғанимат бил, май ич, умрингни хуш ўткар,
Тепиб ўт дунё молини, ҳама ранжу фалокатдур.

Ҳувайдо, тавба қилма, май ичмакдин қаридим деб,
Май ичмаклик қариғонда ғизойи руҳ роҳатдур[23].

Агар ХII-XIV асрлар тасаввуфида май илоҳий ишқ оғушидаги сўфий ҳолини ифодаловчи мажозий образ бўлса, Ҳувайдо талқинида май икки маънода қўлланилди: 1) сўфийларнинг май тўғрисидаги анъанавий қарашларини, 2) комил инсонни икки кунлик дунёнинг ғам-андуҳларидан озод қилиш, ҳаётга, Аллоҳга шукроналик воситаси. Бу ҳақда шоир шундай деб ёзди:

Мани йиғлағонимға “ёр” деб, айб этма, эй зоҳид,
Аромизда санам бирла ўлум отлиғ ҳижобим бор.

Ичарға бодаи гулрангки, ҳар кеча қуруб мажлис,
Тонг отқунча тамошо, нағмаи чангу рубобим бор.

Биҳишту ҳуру ғилмону ду оламни унутқайсан,

Аё зоҳид, мани мунъамни қилма, май харом эрмас,
Риёу тақводин бир коса майда кўп савобим бор.

Ҳувайдони май ичмакдин насиҳат қилма, эй зоҳид,
Қачон бир коса майдин, то тирикман, ижтинобим бор[24].

Ҳувайдо ҳаётнинг лаззатини “табиат гўзалликларида, табиат бағрида бўлишда”, унинг нозу неъматларидан баҳраманд бўлишда, севимли ёр билан бирга бўлишда кўрди. У ҳаёт зақ-шавқини соқий ҳимматида, соғар муҳаббатида, хонанда куйи ва чолғу оворзида кўрди. Шоду ҳуррамлик тимсоли бўлган май, майхона тинчлиги, май косаси ва май кайфини шарафлади, одамларни бир-бирини қадрлашга даъват этди[25].

50-60 ёш инсон ҳаётий тажрибаларини сарҳисоб қилиб, ўтган умрни тафтиш этиш, ҳаётда йўл қўйилган хато ва камчиликлардан тавба қилиб, маънавий комиллик мезонларини белгилш даври ҳисобланади. Инсоният тарихида ўчмас из қолдирган улуғ мутафаккирларнинг аксарияти ана шу ёшда ўз ҳаётига танқидий баҳо берганлар, маънавий ганж излаш, ўзингдан яхши ном қолдириш учун эзгу ва савобли ишлар қилишга аҳд қилганлар. Ана шу ибратли қисмат ҳазрат Ҳувайдони ҳам четлаб ўтмаган:

Эллик-олтмиш яшадим, бир яхши тоат қитлмадим,
Қилғоним бўлди гунаҳ, бир дам ибодат қилмадим.

…Эллик яшаб, олтмишга етиб, зарра амал йўқ,
Ўлмак хуш эрур мангаки, дунёга тўйибман…

Яшаб эллик, Ҳувайдо, келмаса яхши амал сандин,
Бу янглиғ юрғанингдин ўлғанингдур хўбтар эмди…

Ҳувайдо, сан яшаб эллик, нетай бир қилмадинг тоат,
Сафар зодини қилғил, эмди айёми тараб кетти[26].

Донишмандлар кексаликни инсон умрининг қиш фаслига ўхшатадилар. Табиатдаги ҳар бир фаслнинг ўз зийнати, гаўти ва файзи бўлгани сингари кексалик ҳам, Ҳувайдонинг тавсифича, эзгу ва хайрли ишларни ниҳоясигша етказиш учун Аллоҳ томонидан бериладиган имкониятдир. Ҳувайдо ўз замондошларини ғафлатдан ҳалос бўлишга ва савобли ишлар қилишга ундади:

Қариликдан асар қилди, миёним ерга хам бўлди,
Илигимга асо тегди, қулоғим ҳам асам бўлди.

Қариб, ерга қариб бўлдим, кўнгил ҳргиз қаримайдур,
Кучим етмас ҳунар қилсам, юрогим тўла ғам бўлди.

Йигитликда азизу аллом эдим, қимматбаҳо сўзлик,
Ушалди гавҳари ақлим, сўзимни қадри кам бўлди.

Йигитлик ўтти айёми, қарилик хуфтани келди,
Ҳануз ётармусан ғофил, қўп эмди, субҳидам бўлди[27].

Ҳувайдо бутун ҳаёти ва фаолияти давомида ислом таълимоти ва тасаввуф ғояларини тарғиб этишга, замона муаммоларини оқилона ҳал этиш учун диний илм ва маърифатни равнақ топтиришга, нақшбандия ғояларини замондошлари ўртасида кенг тарғиб этишга, ўзи бу борада бошқаларга ибрат бўлишга интилди. Ўзи ҳунармандчилик, деҳқончилик ва мактабдорлик билан машғул бўлди, камтарона ҳаёт кечирди. Носеҳ Чимёний устози Ҳувайдонинг хос фазилатлари, ибратли хислатларини тасвирлар экан, саҳарлар туриб, Аллоҳга ёлбориб илтижо қилганлигини, жўмардликда худди Иброҳим адҳам сингари молу дунёга назар солмайяшаганлигини, ҳамиша шогирдлари, ҳамсуҳбатлари кўнглини шод қилганлигини алоҳида таъкидлаган эди:

Мужаррадликда эрди мисли Адҳам,
На парвойи кам эрди, на зиёди.

Қизил гулдек очилиб эл юзига
Муҳиблар кўнглини айлаб истиёди.

Тутуб суҳбат давом умрин борича,
Баёни таълим эрди фикру ёди.

Дабистонида саъй айлаб туну кун,
Ёзилғон неча толибнинг саводи.

Мунингдек олийҳиммат эр анодин
Ду бора туғмағайдур ҳеч билоди[28].

Ҳувайдо чимёнлик қиз билан оила қуриб, ундан бир ўғил кўрган ва унга Холмуҳаммад деб исм қўйган. Ҳувайдонинг чимёнлик чевараси Фахриддин эшон Хокийнинг ёзишича, Холмуҳаммад шайх кўп йил Чимёнда яшаб, отасидан илм ўрганиб, хижрий 1237 (милодий 1822) йили Ўш шаҳрига кўчиб кетди, милодий 1855 йили вафот этади, Сармозор қабристонига дафн этилади:

Қирқ йил ҳодий бўлиб мўъминлара
Ўш ақсосида бўлдилар дафин.
Маржаъи хосу авом ул ер бўлуб,
Сармозор дер Ўш халқи турбатин[29].

Холмуҳаммад эшон Чимёнда икки ўғил кўради ва уларга Шарафиддин (Хожимуҳаммад) ва Сирожиддин (Сирожий) деб исм қўяди. Кичик ўғли Сирожиддинни ўзи билан бирга Ўшга олиб кетади. Тўнғич ўғли Шарафиддин Чимёнда эшонлик қилади, икки марта Маккага ҳаж зиёратига боради (шу боисдан уни Хожимуҳаммад деб атайдилар) ва ўша ерда вафот этади. Бу ҳақда Хокий шундай маълумот беради:

Чимёнда ул кишини ўрнида
Катта ўғли хонақода жонишин.
Отлари Хожимуҳаммад, танлари –
Маккада, хоки муаллода дафин[30].

Унинг ўғли Фахриддин (1835 – 1919) Чимёнда яшаб, улуғ боболари анъанасини давом эттиради, «Хокий» тахаллуси билан тасаввуфий руҳда шеърлар ёзди, девон тузди (мазкур қўлёзма девон ҳозирги пайтда чимёнлик уламо Муҳаммад Мусо Ҳожи Тўхтасинов қўлида сақланяпти). Ана шу девонда Фахриддин эшон ўзининг насл-насаби ҳақида қуйидаги қимматли маълумотни берди: “камина Фахриддин ибн Шарафиддин ибн Холмуҳаммад ибн Ҳувайдо”.

Ҳувайдонинг ўшлик набираси Сирожиддин “Сирожий” тахаллуси билан ижод қилган ва девон тузган. Унинг фарзандлари Самар Бону (1837-1891) ва Салоҳиддин Соқиб (1838-1910) Ўш шаҳрида яшаб, бадиий итжод билан шуғулланганлар ва девон тузганлар.

Фахриддин эшон Хокий Чимёндаги Ҳувайдо жоме масжидида имомлик қилган, табиблик билан шуғулланган. Икки ўғил кўрган: Азизиддин (халқ ўртасида Азиз қори номи билан танилган) Мухториддин ( Мухтор Хожи номи билан эъзозланган). Мухториддин (вафоти 1954)нинг ўғли Жалолиддин Мақсум Хожи ( 1930- 2005) кўп йил Чимёндаги жамоа хўжаликларида ҳисобчи бўлиб ишлади, ҳалоллик билан ҳаёт кечирди. Унинг қизи Муборакхон кўп йил Чимёндаги 14- ўрта мактбда она тили ва адабиёти фанларидан дарс берди, шеъриятни қадрлайди ва ўзи ҳам шеърлар ёзади. Ҳозир пенсияда.

Хуллас, Ҳувайдо ҳазратларининг жуда кўп авлодлари Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида истиқомат қилиб, улуғ боболари руҳини шод этишга, унинг илғор анъаналарини давом эттиришга интилиб келяптилар. Бу ҳақда мамлакатимизнинг таниқли адабиётшунослари Тўхтасин Жалолов, Исматулло Хожи Абдуллаев ва бошқалар ўз асарларида алоҳида тўхталганлар.

Миллий истиқлол шарофати билан ҳазрат Ҳувайдо меросини чуқур ўрганиш, унинг асарларини кўп нусхада чоп этиш, халқимизни улуғ мутасаввиф меросидан баҳраманд этиш, улуғ шоирнинг мақбарасини барпо этиш имкоонияти вужудга келди. Мамлакатимиз олимлари Ҳувайдо меросини ўрганишга бағишланган қатор асарларини эълон қиляптилар.

1994 йили Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Мирзажон Исломовнинг ташаббуси ва раҳнамолигида Чимёнда ҳазрат Ҳувайдо мақбараси қурила бошланди ва у халқ хашари йўли билан 2004 йили битказилди.

Халқимизни ҳазрат Ҳувайдонинг бой меросидан баҳраманд этиш йўлида талай хайрли ишлар амалга оширилди. Жумладан, мазкур сатрлар муаллифи томонидан 1998 йили «Фарғона» нашриётида профессор Исматуллоҳ Абдуллаев таҳрири остида «Ҳувайдо қилди ишқ» номли танланган шеълари, 2005 йили Тошкентда «Янги аср авлоди» нашриётида Ҳувайдо девони ва Ҳувайдонинг Республикамиз илм аҳли 2007 йили ҳазрат Ҳувайдо таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлади.

Мамлакатимизда ҳувайдошунослик кенг ривожланиш имконига эга бўлди. 2013 йили тошкентда «Наврўз» нашриётида профессор Ҳайдар Алиқулов таҳрири остида Ҳувайдонинг «Роҳати дил. Иброҳим Адҳам» достони чоп этилди. Ҳувайдо тасаввуфий, ахлоқий, бадиий-эстетик ғоялари, комил инсон шахсини шакллантириш концепциясига доир туркум мақолалар чоп этилди. Бу йил республикамиз адабиёт ва илм аҳли ҳазрат Ҳувайдо таваллудининг 310 йиллигини муносиб нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Зеро, улуғ аждодларимиз маънавиятининг азим ва туганмас сарчашмаларидан халқимизни баҳраманд этиш орқалигина маънавий ҳаётимиз дуч келган муаммоларни оқилона ҳал этишимиз ва тараққиётнинг кенг йўлига чиқишимиз шубҳасиздир.

ИЗОҲЛАР

[1] Авлиёлар султони. Туронлик валийлар (Тўплаб нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Икромиддин Остонақулов). Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2004. Б. 192-193
[2] Ҳувайдо. Роҳати дил.Иброҳим Адҳам (табдил қилувчи, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Қодирқул Рўзматзода) .Т.: “Наврўз”, 2011. Б. 35.
[3] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 2 томлик. 2-т. М.: 1981. Б.328, 345.
[4] Жумахўжа Н. Ҳувайдо. –“Маърифат” газ., 1994 йил 29 июнь.
[5] Маматов А. Покиза дил –маъвойи дўст. –“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газ., 2005 йил 1 июль. № 27 (3804).
[6] Ҳувайдо. Роҳати дил. Иброҳим Адҳам. Т.: “Наврўз”, 2011. Б.251.
[7] Хожаназар Ҳувайдо. Девон (табдил қилувчи, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари Исматулло Абдуллаев, Қодирқул Рўзматзода. Масъул муҳаррир: проф. И.Абдуллаев) . Т.: “Янги аср авлоди”., 2005. Б. 255.
[8] Носеҳ Чимёний. Тарихи вафоти ҳазрат Эшон Ҳувайдо “наввароллоҳу таоло марқадаҳу маржаҳу” — Хожаназар Ҳувайдо. Девон (табдил қилувчи, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари И.Абдуллаев, Қ.Рўзматзода. Масъул муҳаррир проф. Исматулло Абдуллаев. Т.: “Янги аср авлоди”, 2005. Б.267-268.
[9] Фрейд З. “Я” и “Оно”. Труды разных лет. Перевод с немецкого. Книга 2. Тбилиси, «Мерани», 1991. С.420-421.
[10] Хожаназар Ҳувайдо .Девон (табдил қилувчи, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари И.Абдуллаев, Қ.Рўзматзода. Масъул муҳаррир проф. Исматулло Абдуллаев. Т.: “Янги аср авлоди”, 2005. Б.147
[11] Ўша жойда. Б.187-188.
[12] Ўша жойда. Б.123.
[13] Хожаназар Ҳувайдо. Девон ( табдил қилувчи, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари И.Абдуллаев, Қ.Рўзматзода. Масъул муҳаррир проф. Исматулло Абдуллаев). Т.: “Янги аср авлоди”, 2005. Б. 20-21.
[14] Ўша жойда. Б. 19.
[15] Ўша жойда. Б.17-18.
[16] Ўша жойда. Б. 18.
[17] Ўша жойда.Б. 112.
[18] Ўша жойда. Б. 132.
[19] Ўша жойда. Б. 168.
[20] Ҳожаназар Ҳувайдо. Девон ( табдил қилувчи, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари И.Абдуллаев, Қ.Рўзматзода. Масъул муҳаррир проф. Исматулло Абдуллаев). Т.: “Янги аср авлоди”, 2005. Б. 67.
[21] Ўша жойда. Б. 80.
[22] Ўша жойда. Б.84, 170.
[23] Ҳожаназар Ҳувайдо. Девон ( табдил қилувчи, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари И. Абдуллаев, Қ. Рўзматзода. Масъул муҳаррир проф. Исматулло Абдуллаев). Т.: “Янги аср авлоди”, 2005. Б.82-83.
[24] Ўша жойда. Б. 83.
[25] Зоҳидов В. Ҳаётбахш бадиият тароналари. Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1975. Б.144.
[26] Ўша жойда. Б. 169, 195, 227, 231.
[27] Ўша жойда. Б.228.
[28] Носеҳ Чимёний. Тарихи вафоти ҳазрат Эшон Ҳувайдо “наввароллоҳу таоло марқадаҳу маржаҳу” — Ҳожаназар Ҳувайдо. Девон ( табдил қилувчи, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифлари И.Абдуллаев, Қ.Рўзматзода. Масъул муҳаррир проф. Исматулло Абдуллаев). Т.: “Янги аср авлоди”, 2005. Б. 267-268.
[29] Фахриддин эшон Хокий. Насабномаи Ҳувайдо қуддиса сирриҳул азиз” – Ҳувайдо. Роҳати дил. Иброҳим Адҳам (табдил қилувчи, нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Қодирқул рўзматзода. Масъул муҳаррир проф. Ҳайдар Алиқулов). Т., ”Наврўз”, 2011. Б.251.
[30] Ўша жойда. Б. 251.

Мақола муаллифи ҳақида

Қодирқул Рўзматзода — Фарғона давлат университети доценти, фалсафа фанлари номзоди, файласуф-олим, таржимон ва публицист. Фарғона вилоятининг Чимён қишлоғида таваллуд топган. Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги Фарғона давлат университети)нинг Ўзбек филологияси (1977) ва Тарих факультет (1982)ларини тамомлаган. Ҳозирда Фарғона давлат университетида Фалсафа кафедрасининг доценти лавозимида ишлаб келяпти. Олий таълим аълочиси.

Муаллифнинг «Раҳимбердиев мактаби» («Фарғона»,2007), «Фидойилик тимсоли» (Т., 2011), «Устозлар ибрати» (Т., 2012), «Комиллик саодати» (Т., 2014), «Имом Раббоний авлодлари» (Т., 2014), «Илмий ижод фалсафаси ва методологияси» (Т, 2015), «Матонатли қалб соҳиби» (Т., 2016) китоблари, «Терроризм: билиш ва бартараф этишнинг конфликтологик муаммолари» (2008), «Инсон моҳияти» (2012) таржима асарлари чоп этилган.

Кейинги ўн йил мобайнида «Ҳувайдо тасаввуфий таълимотининг халқимиз маънавиятида тутган ўрни» мавзуида илмий изланишлар олиб боряпти. Ҳувайдо асарларини, хусусан, Ҳувайдо. Девон (2005), «Роҳати дил. Иброҳим Адҳам» асарлари (2012)ни ҳозирги ўзбек ёзувига ўгириб, профессорлар Исматуллоҳ ҳожи Абдуллаев ва Ҳайдар Алиқулов таҳрири остида чоп этди. Миллий тараққиётимиз ва фалсафанинг долзарб муаммоларига оид юздан ортиқ илмий, илмий-публицистик мақолалар муаллифи.

Манба: http://qalbsadosi.uz/

mudroslov-291-smutnye-aforizmy-o-vechnosti.jpgXOJAMNAZAR HUVAYDO
Qodirqul Ro‘zmatzoda
004

11541180_10153423914633899_870376048_n.jpgBizga XVIII asr tasavvuf adabiyoti va falsfasining yirik namoyandasi bo‘lgan Xojamnazar Huvaydoning tarjimai holi, u mansub bo‘lgan ijtimoiy-madaniy muhit, qancha umr ko‘rganligi, oilaviy va ijtimoiy hayoti haqida, afsuski, juda oz ma’lumot yetib kelgan. Yaqin vaqtlargacha tadqiqotchilar Huvaydoning 1907 yili Toshkentda V.M. Ilin litografiyasida chop etilgan “Kitobi eshon Huvaydoyi Chimyoniy maa Rohati dil fiy al xoshiya” devoniga ilova qilingan Noseh Chimyoniyning Huvaydo vafotiga bag‘ishlab yozgan “Tarixi vafoti hazrat eshon Huvaydo “navvarallohu taolo marqadahu marjaahu” asariga hamda shoirning o‘zi haqida “Rohati dil” dostonida bergan ma’lumotlariga asoslanar edilar.

Biroq ana shu hujjatlarning birortasida Huvaydoning Qo‘qon madrasalaridan birida tahsil ko‘rganligi yoki otasi Chimyonda qurgan madrasada mudarrislik qilganligi haqida ma’lumot uchramaydi. Afsuski, ko‘p tadqiqotchilar Huvaydo singari iste’dodli shoir katta bilim va badiiy mahoratga ega bo‘lish uchun Qo‘qon madrasalaridan birida tahsil ko‘rgan bo‘lsa kerak, degan taxminlarini o‘quvchiga haqiqat sifatida taqdim etadilarki, bu ilmiylik va xolislik talablariga ziddir.

Huvaydoning tarjimai holiga oid ma’lumotlarning kamligi yoki kam yetib kelganligi sabablarini quyidagi holatlar bilan izohlash mumkin:

Avvalo, Huvaydo xonlik poytaxti Qo‘qondan ancha olis bo‘lgan Chimyon qishlog‘ida tug‘ilib, voyaga yetdi va ijod qildi. U vaqtda ilmli kishilar juda oz bo‘lib, Huvaydoni tushunadigan, qadrlaydigan ziyolilar sanoqli bo‘lgan (Huvaydo devoniga kiritilgan g‘azallarida ana shunga ishoralar bor);

Ikkinchidan, ijtimoiy-siyosiy parokandaliklar, adolatsizlik va zulm kuchaygan bir sharoitda ilmsizlik va jaholat ilm ahliga nisbatan loqaydlikni, ilm-ma’rifatning qadrsizlanishini kuchaytirgan;

Uchinchidan, Huvaydo vafotidan so‘ng uning valiylik karomatlari haqida juda ko‘p afsona va rivoyatlar yaratilgan. Ana shunday rivoyatlardan birida aytilishicha, Huvaydoning Chimyonda xor-zor bo‘lgan, odamlar malomatidan bezib qo‘shni Mindon qishlog‘iga borgan, u yerda qadr-qimmat va obro‘ topgach, mindonliklarni “bir doning ming don bo‘lsin” deb duo qilgan.

Mindonliklarning hozirgacha chimyonliklarga qaraganda to‘q, farovon hayot kechirayotganliklarining, qishloqning nomi “Mindon” ekanligining sababi ana shunda emish. Bunga o‘xshash juda ko‘plab rivoyatlar ulug‘ mutasavvif-shoirning og‘ir va murakkab hayoti haqida tasavvur hosil qilishga imkon beradi.

To‘rtinchidan, sobiq sovet tuzumi davrida ommaviy qatag‘on yillarida ruhoniylarga va dinga qarshi kurash sharoitida juda ko‘plab diniy kitoblar yo‘q qilindi. Bu ayanchli qismat Huvaydo haqidagi asarlarni ham chetlab o‘tmagan.

Milliy mustaqillik yillarida Huvaydoning hayoti, ijodiy faoliyatiga bag‘ishlangan juda ko‘plab ilmiy maqola va to‘plamlarda shoirning tarjimai holi, ismi, kasb-kori, tug‘ilgan va vafot etgan joyiga oid turlicha va hatto bir-biriga zid qarashlar xususida qisqacha to‘xtalish maqsadga muvofiqdir.

Tarix fanlari doktori, tasavvufshunos Ikromiddin Ostonaqulovning yozishicha, “Kunlardan bir kun Ofoqxo‘ja (rahmatullohi alayhi) o‘z muridiga “Sen farzand ko‘rsang. Otini Xo‘janazar qo‘y, mening nazarim andadur” deb xushxabar berdilar. …Oradan 5-6 yil o‘tib, G‘oyibnazar o‘g‘il ko‘rib, ismini Xo‘janazar qo‘yadi. U paytda G‘oyibnazar O‘shda yashar edi. Keyinchalik u Farg‘onaning Chimyon qishlog‘iga ko‘chib kelib, madrasa va xonaqoh ochib, mudarrislik bilan mashg‘ul bo‘lgan. Huvaydo ta’lim –tarbiyani o‘z otasidan olgan. So‘ng Qo‘qon madrasalarida tahsil olib, o‘z qishlog‘iga qaytib, mudarrisldik qilgan, she’riy ijod bilan mashg‘ul bo‘lib, g‘azallar bitgan”[1].

Bundan anglashiladiki, Xo‘janazar G‘oyibnazar eshon xonadonida O‘shda tug‘ilgan, keyinchalik ota-onasi bilan birga Chimyonga ko‘chib kelishgan. Holbuki, Huvaydo “Rohati dil” dostonining “Sababi nazmi kitob” bobida o‘zining nasl-nasabi, tug‘ilgan joyi haqida quyidagi aniq ma’lumotni beradi:

Kaminaning oti Xojamnazardur,
Atosinging oti G‘oyibnazardur.
Nasabda O‘shiyu mavludi Chimyon
G‘aribu xoksoru dil parishon[2].

Bundan tashqari, I. Ostonaqulov Hidoyatulloh shayx Yusuf o‘g‘lining ismini bir joyda “Ofoqxoja”, boshqa joyda esa “Ofoqxo‘ja” deb yozadiki, bu ham qator anglashilmovchiliklarni keltirib chiqaradi. Zero, biz milliy mustaqillik yillaridagina diniy-tasavvufiy tushunchalarning nozik ma’no va mazmunini bir-biridan farqlay boshladik. Holbuki, 1981 yili Moskvada chop etilgan “O‘zbek tilining izohli lug‘ati” da “xoja” va “xo‘ja” so‘zlari birma’noli tushunchalar sifatida talqin etilgan edi[3].

“Xoja” –fors-tojikcha so‘z bo‘lib, “ega, boshliq, xo‘jayin” ma’nolarini anglatadi. Tasavvufiy istilohda- tariqat boshlig‘i, rahnamosi ma’nosida qo‘llanadi.

Abduxoliq G‘ijduvoniy asos solgan Xojagon tariqati silsilasiga mansub bo‘lgan so‘fiylarning ismlari xoja so‘zi bilan sharaflangan: Xoja Bahouddin Naqshband, Xoja Ubaydullo Ahror, Ofoqxoja va hokazolar.

“Xo‘ja” – O‘rta Osiyoda birinchi bo‘lib islom dinini qabul qilgan va o‘zlarini Muhammad alayhissalom va choryor (to‘rt do‘st)ning avlodi deb hisoblaydigan, xonliklar davrida alohida imtiyozlarga ega bo‘lgan enik guruh nomini ifoda etgan. Xo‘jalarni ikkinchi nom bilan sayyidlar deb ham ataganlar.

Shu sababdan ham milliy mustaqilligimizga qadar tarixiy –ilmiy asarlarda bir ma’noli tushuncha sifatida qo‘llangan va qator anglashilmovchiliklarga sabab bo‘lgan “xoja” va “xo‘ja” tushunchalarini bir-biridan farqlash ilmiylik talabidir.

Adabiyotshunos Nusratullo Jumaxo‘ja Huvaydoning hayoti va ijodiga bag‘ishlangan ilmiy maqolasida shunday deb yozadi: “ Huvaydoning otasi G‘oyibnazar Ernazar o‘g‘li 1104 hijriy yillarda bir guruh marg‘ilonlik qarindoshlari bilan Chimyonga ko‘chib kelgan. Huvaydo shu oilada, shu maskanda tavallud topgan.

…G‘oyibnazar Chimyonda nufuzli maktabdor eshon edi. U Qashqarda shuhrat qozongan Ofoq Xo‘ja muridlaridan bo‘lib, piriga ixlos va hurmatining ramzi sifatida o‘g‘liga Xo‘janazar ismini bergan. Huvaydo shoirning adabiy taxallusi[4].

Aminjon Mamatovning yozishicha, “shoirning ismi ba’zi manbalarda Xo‘janazar deb ko‘rsatiladi (Xo‘janazar shakli tarixan bo‘lib, Xo‘janazar esa o‘zbekona og‘zaki nutq mahsulidir. Uning manzil-makoni haqidagi misralarga e’tibor berilsa hamda otasi Ofoqxoja eshoonga murid bo‘lganligi nazarga olinsa, Xo‘jamnazar ismi haqiqatga mos keladi[5].

Huvaydo tavalludining 300 yilligi arafasida Chimyon qishlog‘idan topilgan Huvaydoning chimyonlik chevarasi Faxriddin eshon Xokiy (1935-1919) qalamiga mansub qo‘lyozma devon va unga kiritilgan “Nasabnomayi eshon Huvaydo quddisa sirrihul aziz” asari hamda Xokiy tomonidan ko‘chirilgan So‘fi Ollohyor va Huvaydo qo‘lyozma devonga kiritilgan Huvaydoning shajarasiga oid ma’lumotlar Xojamnzar Huvaydoning tarjimai holi, nasl-nasabiga oid bir-biriga zid qarashlarga aniqlik kiritishda muhim manba hisoblanadi.

Xokiy masnaviy shaklida yozilgan va jami 76 misradan iborat bo‘lgan mazkur asarida Huvaydo, uning nasl-nasablari haqida quyidagi qimmatli ma’lumotlarni beradi: «Yer yuzidagi yetti sharafli shaharlardan biri bo‘lgan O‘sh shahrida din ahli Qul Sulaymon Shayxni ham shoir, ham mardi xudo deb biladilar.Uning o‘g‘li To‘lak Muhammad so‘fi, uning o‘g‘li, ya’ni uchinchi avlod Ernazar edi. Uning o‘g‘li G‘oyibnazar Ollohning sodiq oshig‘i va xudojo‘y kishilardan biri bo‘lib, tariqat ramzini anglagach, o‘ziga munosib pir izlab, doimo xazin (g‘amgin) edi. Nihoyat odamlardan Qoshg‘arda Ofoqxoja ismli g‘avsul a’zam, qutbi Haq, Haq oshiqlarining shayxi borligi ni bildi. So‘ng O‘sh ahli, yoru birodarlari bilan xayrlashib, Chin (Xitoy0 sari yo‘l oldi. U hazrati Ofoq dargohida 30 yil xizmat qildi, tariqat ilmini egallagach, pirdan ruxsat va ijozatlar olib, Farg‘ona yurtiga – Ofoq Xojaning o‘g‘li Xojam Poshsho (Hoja Hasan Muhyiddin) ni izlab, uning huzuriga keldi. U zotni Marg‘ilon shahridan topdi. Boshidan o‘tgan hamma ishlarni unga so‘zladi. G‘oyibnazar Xojam Poshsho huzurida ekanligida chimyonlik bir kishi G‘oyibnazarga ixlos qilib, qizini berdi. U Chimyonning Qo‘riq degan joyida (5-10 oila yashardi) o‘zlariga chimdan uy qurdilar. Shundan keyin podsho daftariga qishloq nomini “Chimyon” deb yozdilar. G‘oyibnazar eshon hijriy 1104 yili (milodiy 1693) yili bir mustahkam ibodatxona barpo etdilar. Bu –Chimyondagi birinchi masjid edi. Uning o‘g‘li hazrat Xojamnazar (Huvaydo) ikkinchi binoni barpo etdilar:

Hazrati Xojamnazar davlat qarin
She’rida bo‘ldi Huvaydo deb laqab.
Manzili ma’vosidur ushbu zamin
Asli zodi O‘shu mavlid Chimyon
To oxir umrdur munda makin[6].

Huvaydoning yuqorida nomi tilga olingan devonining 174-175 sahifasida Huvaydoning tavallud topishi bilan bog‘liq quyidagi muhim ma’lumot berilgan ( bu ma’lumot devonni nashr etishga azmu qaror qilgan Huvaydoning o‘shlik chevarasi Salohiddin Soqib (1838-1910) tomonidan tuzilgan bo‘lsa, ajab emas). Unda shunday deyiladi: “Oftobi tobon, falaki hidoyat, mehtari vohid, duraxshon sipehri, jalolat va sarvari Hidoyatulloh Hojam, ya’ni janobi hazrati Ofoq Xojam nafasi mutabarruklari eshoni Huvaydo otalari G‘oyibnazar so‘fiyg‘a joriy bo‘lib, bayt:

Sening naslingdin aslo qutbu avtod o‘lmasun kanda,
Charog‘ing o‘chmasun olamda to ro‘zi jazo so‘fim –

deb holoti istig‘roqda joriy bo‘lib, sandin farzand tavallud qilsa, otini Xojamnazar qo‘y, mani nazrim andadur, deb iltifoti bag‘oyat qilib, ul janob o‘g‘ullari hazrati Xojam poshshoni nazar va nafaslarini topib, Huvaydo laqab bo‘lib, humoyun xosiyat fayzi inoyatlarini topkon sababdin fayzi suxanni Alloh taolo ato qildi”.

Huvaydo so‘fiy G‘oyibnazar eshon xonadonida voyaga yetdi. Avvalo, otasidan islom dini asoslarini, fiqh ilmini, hol ilmini chuqur o‘rgandi. Bu haqda shoirning o‘zi:

Ham o‘qub ilmu adab, bo‘ldum “Aqoyid”xoni ishq,
Mushkilotu ilmi fiqhdin so‘rsalar berdim javob[7] —

deb yozdi. “Aqoyid” iymon haqidagi ilm bo‘lib, shoir bu yerda ilohiy ishq ilmini, ya’ni tasavvufni nazarda tutyapti. Tasavvuf tarixidan ma’lumki, so‘fiylar ilohiyot nazariyasini egallash, buning uchun madrasa ilmini egallash haqida qayg‘urgan emaslar. Tariqat yo‘liga kirish uchun tolib (so‘fiy)dan birinchi navbatda fiqh ilmini chuqur va puxta bilish talab etilgan. Buni ilmi qol, ya’ni zohiriy fiqh deyilgan. Ilmi hol esa tasavvuf ilmi bo‘lib, murid o‘z piri nazorati ostida tavhid kalomini zikr qilish orqali egallagan. Binobarin, Xojamnazarning otasidan tasavvuf ilmini egallaganligi, o‘zi mustaqil ravishda badiiy ijod sirlarini kashf etganligi shubhasizdir.

Huvaydoning tasavvufiy qarashlari shakllanishida, shubhassiz, jamiyat hayotida ro‘y bergan muhim o‘zgrishlar, ijtimoiy-siyosiy, ma’naviy-axloqiy tanazzul asoratlari, bir tomondan, zulm va adolatsizliklar, toj-taxt urushlarining avj olishi, ikkinchi tomondan, jamiyat taqdiri uchun mas’ul bo‘lgan ilm-ma’rifat ahllarining molu dunyoga xirs qo‘yishi, odamlar o‘rtasida riyokorlik, yolg‘onchilik, ta’magirlik, manmanlik, kibr, xasadgo‘ylik singari illatlarning kuchayishi, uchinchidan, jaholatga qarshi jaholat bilan kuravshishning ayanchli oqibatlari kuchli ta’sir ko‘rsatgan.

Ma’lumki, Huvaydo Boborahim Mashrabning kichik zamondoshi, bir xil tarixiy muhitda yashab ijod qilgan mutafakkir edi. Biroq Huvaydo jamiyat duch kelgan og‘ir va murakkab muammolarni hal etishda Boborahim Mashrab yo‘lidan bormadi. Balki Bahouddin Naqshband, Ahmad Yassaviy, So‘fi Ollohyor yo‘lini – sunniy tasavvuf yo‘lini tanladi.

Huvaydo shaxsining shakllanishi XVIII asrda Sharq xalqlari, jumladan, O‘rta Osiyo xalqlari ma’naviy hayotida qadriyatlar tizimining o‘zgarishi, jahonda ro‘y berayotgan ijtimoiy-siyosiy va iqtisodiy o‘zgarishlarning asta-sekin Turkistonga kirib kelishi, diniy e’tiqodning kuchsizlanishi, oq zulm va adolatsizliklarning avj olishi davriga to‘g‘ri keldi.

Huvaydo iste’dodli mutasavvif shoir, ijodkor mutafakkir din arbobi, avom xalqning rahnamosi sifatida jamiyat va xalq manfaatlarini muqaddas deb biladigan, Haq va xalqqa sadoqatli komil inson shaxsini shakllantirish uchun haqparast emas, balki dnyoparast bo‘lib borayotgan jmiyatning yuqori qatllami – ahli xoslar (mullolar, xojalar, mansabdorlar o‘rtasida Ollohning yo‘lida toju taxtidan voz kechgan va darveshlik yo‘lini tanlagan Ibrohim Adham singari so‘fiylar himmati va mardligini ibrat qilib ko‘rsatdi; oddiy avom o‘rtasida esa islom dini g‘oyalarini keng targ‘ib etishga intildi. O‘zi yashab turgan davr xususiyatlaridan kelib chiqib, ayni bir vaqtda ham diniy, ham tasavvufiy g‘oyalarni rivojlantirishga, tasavvufning malomatiya, qodiriya, kubroviya singari tariqatlari g‘oyalarini uyg‘unlashtirishga, ham majoziy, ham ilohiy ishqni ulug‘lashga, bu dunyodagi xayrli, savobli amallar uchun narigi dunyoda beriladigan mukofotlar evaziga bu dunyo muammolarini oqilona hal etishga umid bog‘ladi.

Huvaydo Bahouddin Naqshband g‘oyalaridan ilhlomlandi, butun faoliyati davomida naqshbandiya g‘oyalarini odamlar o‘rtasida keng targ‘ib etishga intildi. Zamondoshlarini halol mehnat, pok niyat bilan yashashga, qalb (jon uyi)ni poklashga, Muhammad alayhissalom sunnatlariga amal qilishga, aqlli, donishmand va bilimdon bo‘lishga undadi. Ilmsizlik, nodonlik va jaholatni barcha kulfat va baxtsizliklarning bosh sababchisi deb bildi. O‘zi uchun Ibrohim Adhamni ideal shaxs deb bildi. U kabi mard, oliyhimmat, faqir, kamtarin, halol bo‘lishni orzu qildi.

Nosehning guvohlik berishicha, Huvaydo hazratlari doimo shariat hukmlariga bo‘ysunub, unga jonu dili bilan amal qilar, yo‘lda uchragan har bir mo‘min-musulmonga xuddi Hizr va Ilyos alayhissalomni ko‘rgandek iltifot ko‘rsatar va ularni do‘st tutardi. Har kuni saharlarda Xudoga yolborib, Undan maqsadiga yetish yo‘lini oson qilishini so‘rar, himmat otiga minib, shayton lashkarlari bilan jang qilardi. U doimo Ollohning roziligini tilab, xuddi Ibrohim Adham singari ozu ko‘pga parvo qilmas, shogirdlari bilan suhbat qurar, fikru yodi dabiston (maktab)da ilm toliblariga ilm berish edi[8].

Huvaydoning hayoti, ijodiy faoliyati, tasavvufiy qarashlariga oid ma’lumotlarni uning devoniga kiritilgan g‘azallaridan, “Rohati dil”, “Ibrohim Adham” qissalaridan olishimiz mumkin. Zero, mashhur nemis olimi Zigmund Freydning ruhiy tahlil nazariyasiga ko‘ra, har bir ijodkorning asarlarida uning boshqalardan sir saqlaydigan istak, mayl, orzu, umid va maqsadlari o‘z ifodasini topadi[9].

Huvaydo yashagan davrning naqadar og‘ir, uqubatli ekanligi shoirning quyidagi misralarida o‘z ifodasini topdi:

Qayu kun keldim jahonda bo‘lmadim shod, ey ko‘ngul,
Bo‘lmadim zindoni g‘amdin hargiz ozod, ey ko‘ngul[10].

Shoir bu misralarni, shubhasiz, yoshi ulg‘ayib, ilm ma’rifatda kamolga erishgan davrida qayd etar ekan, ilmsizlik, jaholat, zulm va adolatsizlik, molu dunyoga xirs qo‘yish odatiy holga aylangan uqubatli damlarda o‘z dardini, ruhiy iztirob va kechinmalarini tushuna oladjigan sadoqatli do‘st topa olmaganligi bayon etadi:

Yurogim g‘ussaga to‘ldi, kishim yo‘q aytgali holim,
Netay, dard aytgudek bir dardmand odam topolmasman.

Kularlar qahqaha aylab, nechuk beg‘am kishilardur,
Kularg‘a bir zamone xotiri beg‘am topolmasman…

Jarohat bo‘ldi bag‘rim tig‘i xasrat birla, man naylay,
Yurub izlab tabiblardin anga marham topolmasman.

Musibatxonadur dunyo, nechuk odam bo‘lur beg‘am,
O‘zimni, ey Huvaydo, lahzaye beg‘am topolmasman[11].

Yoki

Darig‘o, topmadim bir dardmandi,
Anisu hamdamu yori muvofiq[12]

Mutafakkir-shoir “dard” deganda, shubhasiz, jamiyat rivojiga to‘sqinlik qilayotgan, odamlarni qiynayotgan ijtimoiy muammolarni nazarda tutdi. Kundalik tirikchilik tashvishi, molu dunyo xirsi bilan yashaydigan,j hayotning ma’nosini yeb-ichish, bola-chaqa boqishdan iborat deb biladigan avom uchun xalq va jamiyat muammolari begonadir.

Huvaydo ruhoniy oilada voyaga yetgan, diniy va tasavvufiy g‘oyalar ruhida tarbiyalangan ijodkor sifatida o‘zini jamiyat va xalq taqdiri uchun mas’ul deb bildi. Ahli xoslar qalbida Ollohga bo‘lgan ilohiy ishq dardini alanga oldirish, nafsni o‘ldirish, bu dunyoning o‘tkinchi va bevafo ekanligini eslatish, oddiy avom ongida esa iymon-e’tiqodni mustahkamlash orqali ijtimoiy muammolarni oqilona hal etishga umid bog‘ladi. Shu boisdan ham uning butun ijodiy faoliyatida Ilohiy ishq va diniy ma’rifatni targ‘ib qilish, komil inson shaxsini shakllantirish yetakchi o‘rin egalladi.

Butun hayoti va faoliyati davomida naqshbandiya g‘oyalariga amal qildi, Qur’oni Karim g‘oyalarini targ‘ib etishda so‘z san’atining butun imkoniyatlaridan mohirlik bilan foydalandi. Bu bilan o‘zbek mumtoz adabiyoti ravnaqiga, tasavvuf g‘oyalarini ijodiy rivojlantirishga salmoqli hissa qo‘shdi. Tasavuvuf adabiyotini yangi mazmun, g‘oya, obraz va badiiy usullar bilan boyitdi. Huvaydoning badiiy-estetik g‘oyalari, mahorat va iste’dodi alohida tadqiqot mavzui bo‘la oladi.

Huvaydo Allohning mislsiz qudratidan hayratlandi. Ana shu ilohiy qudratni Yer bilan Osmonni ustunsiz, pastu balandsiz muallaq tutib turganligida, Osmonda Oy bildan Quyoshni yaratib, dunyoni charog‘on etganligida ko‘rdi. Allohning qiziq san’atlari bor, deydi Huvaydo, — U hamma narsaga qodir. Bu qisqa aql Uning qudratidan qay birini bayon etishga ojiz. Zero, jahonga ko‘p qor, yomg‘ir yog‘dirib, uni issiq—sovuq qiladigan ham, ba’zi yerlarni bog‘u bo‘stonga, ba’zi yerlarni cho‘lu daryolarga aylantiradigan ham Allohdir.

U ba’zilarni ochu muhtoj qildi, ba’zilarga ko‘p molu davlat berdi. Ba’zilarni xoru zor qildi, ba’zilarning uyini nonga to‘ldirdi. Birovni xushfe’l va xushro‘y, ba’zilarni esa jinniyu rasvo qildi. Ba’zilarni basirat (qalb ko‘zi) sohibi, ba’zilarni esa soqov va ko‘r qildi. Agar bu inoyatlar Allohdan bo‘lmasa, qisqa aql va til (bir parcha go‘sht) nima ham deya olishi mumkin! Allohga shukrki, U bizni hayvon qilib yaratmadi: so‘zlash uchun til berdi.

Birovning qorni nonga to‘ymaydi, birov esa har kuni asal va holvo yeydi. Alloh birovni bir pulga muhtoj qildi, birovlarga esa behad kuch-qudrat ato qildi. Birovga mehnat va dard berdi, birovning esa hech qanday g‘am-tashvishi, kulfati bo‘lmadi. Hammani o‘lim oldida teng qildi: u shohmi, gadomi, mullami – oxiri yer ostida jo bo‘ldi:

Xudodan bexabar bo‘lma, birodar,
Vafo qilg‘oni yo‘q hech kimga dunyo.

Yoki

Kishi bo‘lmasa ma’nidin xabardor
Oni odam dema, de naqshi devor[13].

Huvaydoning ta’kidlashicha, Alloh olamni yetti kun ichida yaratganidan so‘ng O‘zini tanitish va bandalarini sinash uchun Odam Ato va Momo Havo (Ato birla Ano)ni yaratdi:

Sifotingni na til birla bayon aylay, Xudovando,
Erur ojiz sifoting ayg‘oli bu kulliyi ashyo.

Sifotingdur sani: Subhon, Raufu hams Rahiym Rahmon,
Qadimu ham Yazal Sansan, Karimu hayyu lo mavto.

Ahad Sansan, Somad Smansan, erursan “lam yalid” beshak,
“Va lam yulad” Sanu mulki shariksiz, shohi behamto.

Erursan bechunu beshubha, bemislu bemonand
Yana ham benamuna, bechiguna, xoliqi ahyo[14].

Huvaydo Muhammad sallolohu alayhi vasallamning ummati qilib yaratgani uchun Allohga shukrona aytadi. Chunki rasululloh onadan ham mehribon, qiyomatda ummatlariga shafoat qiluvchi, mo‘minlar qalbining mir’oti (ko‘zgusi), ishq ahliga aynul yaqin choshgoh oftobidir:

“Yo rahmatal-lil-olamin”, ey anbiyolarga nigin,
Ey sayyidi ro‘yi zamin, ey peshvoyi anbiyo!.

Sansan rasuli olamin, sansan imomul muttaqin,
Sansan shafiiy’ul-muznibin hodiil muzillin, ihdino.

Zuhd ahli birla hamnishin, ishq ahliga aynul yaqin
Mir’oti qalb ul-mo‘’minin, ey oftobi vaz- zuho.

Misbohi ayvoni rasul, sansan imomi juzu kull,
Ey hodiyi ahli subl, vay, chashmi jonga to‘tiyo!

Sansan anodin mehribon, sandin tilarmiz ko‘p omon,
Kelsa manga harna ziyon, sansan sipar yanglig‘ pano[15].

Huvaydo rasululloh timsolida eng olijanob, komil va foozil insonni, Olloh yo‘liga kirgan so‘fiylar rahnamosini ko‘rdi.Shu bois butun hayoti davomida rasullulloh sunnatlariga amal qilishga, uning sodiq sahobalari Abu Bakr Siddiq, hazrati Umar, hazrati Usmon va hazrati Ali singari insof-diyonatli, odil va dono, kamtarin va halol bo‘lishga intildi. Ularning eng yaxshi fazilatlarini ehtirom bilan tilga oldi:

Birisi sidqu sadoqat avjida badri munir,
Birlari adlu adolat burjida shamsi zuho.

Birlari hilmu hayo iqlimida bahri hayo,
Birlari lutfu karam avrangida koni saho[16].

Huvaydo devoniga kirgan g‘azallarni tahlil qilish shuni ko‘rsatadiki, u arab va forsiy tiloda bitilgan payg‘ambarlar tarixini, islom dini tarixini, payg‘ambar Muhammad alayhissalom hayotini juda chuqur bilgan. Shuningdek, tasavvufning O‘rta osiyoda kengg tarqalgan xojagon, malomatiya, yassaviya, naqshbandiiya, kubroviya, qodiriya, qalandariya tariqatlaridan yaxshi xabardor bo‘lgan. O‘z asarlarida islom tasavvufi buyuk shayxlarining ilg‘or g‘oyalarini uyg‘unlashtirishga, zamondoshlari qalbida ilohiy ishqni kuchaytirishga, buning uchun esa islom dinini turli bid’at va yaramas odatlardan tozalashga intildi. Bu esa mutasavvif shoirning turli malomatlardan izxtirob chekishiga, odamlar va hatto qavmu qarindoshlarining undan yuz o‘girishiga sabab bo‘ladi. Bu haqda shoir iztirob bilan:

Tushg‘ali ishqing sani qildim hama birla nizo’,
Bir yo‘li qildim jahonni mulku molidin vido’[17].

Ishq keldi, ketti aqlim, qochti mandin jumla el,
Yo‘qturur dard aytgudek bir yori ahbobim mening[18].

Sani ishqingda, ey dilbar, ajab afsonalar bo‘ldum,
Xaloyiqqa bo‘lib kulgu, base afsonalar bo‘ldum.

Qilur ta’na ko‘rib har kim mani holimga, ey mohim,
Bu elni og‘zida har go‘shada afsonalar bo‘ldum.

Hama qavmu qaroindoshim mani ko‘rsa qilur nomus,
Baridin yuz o‘girdim, bir yo‘li begonalar bo‘ldum[19],- deb yozdi.

Huvaydo diniy-tasavvufiy qarashlarining shakllanishi odamlar o‘rtasida tasavvuf g‘oyalari o‘z ta’sirini yo‘qota boshglagan, jamiyatda zulm, adolatsizlik, ilmsizlik va jaholat avj olgan, buning oqibatida odamlar o‘rtasida mehr-oqibat, qadr-qimmat, insof-diyonat yo‘qolgan g‘oyat murakkab davrga to‘g‘ri keldi.

Turon zaminida XVIII asr boshlarida ijtimoiy-siyosiy parokandalikning kuchayishi, uch xonlikka bo‘linishi va ular o‘rtasida tinimsiz toj-taxt urushlarining avj olishi, ularning mustaqil ravishda turli xorijiy davlatlar bilan diplomatik aloqalar o‘rnatishi mafkura va g‘oya sohasida ham begonalashuvning kuchayishiga olib keldi. Ana shunday sharoitda Huvaydo jamiyatdagi ma’naviy muhit uchun mas’ul bo‘lgan ruhoniylar, mansabdorning axloqini poklash, ular o‘rtasida tasavvuf g‘oyalarini keng targ‘ib etishga zo‘r berdi.

Ahli xoslar o‘rtasida ilohiy ishq hissini uyg‘otish, avom xallq o‘rtasida islom dini g‘oyalarini, shariat qoidalarini keng targ‘ib qilish orqali jamiyat va xalqni tanazzuldan qutqarishga umid bog‘ladi. Buning uchun naqshbandiya tariqati g‘oyalari atrofida turli tariqatlarning ilg‘or g‘oyalarini birlashtirishga harakat qildi.

Huvaydo o‘z zamonasining ilg‘or fikrli farzandi, mutafakkiri sifatida jamiyat duch kelgan muammolarni oqilona hal etishga, buning uchun tasavvuf va islom dinining barcha imkoniyatlaridan foydalanishga harakat qildi. Albatta, Huvaydo shaxsi, uning mustahkam iymon-e’tiqodi, olijanob insoniy fazilatlari shakllanishida davrning murakkab ziddiyatlari, xilma xil g‘oyalar o‘rtasidagi kurash chuqur iz qoldirgan.

U xuddi hoziq tabib singari ish ko‘rdi: zamondoshlarini Allohning yo‘liga, ya’ni tasavvuf yo‘liga yo‘liga kirishga da’vat etishdan oldin o‘zining bu yo‘lga kirishdagi iztirob, ikkilanish, mashaqqat va uqubatlarini ro‘y-rost bayon etdi. Chunki ishq dardingi o‘zidan ilgari o‘tgan barcha buyuk so‘fiylar singari barcha dardlarning (ijtimoiy muammolarning) davosi deb bildi. Shoir ilohiy yo‘lga kirishning uqubatlari haqida shunday deb yozdi:

Xudoni yo‘liga kirmak demanglar kori osondur,
Aziz jondin kechib, bosh o‘ynamog‘liq kori mardondur.

Ajab poyoni yo‘q yo‘ldur, aroda ko‘p xatarlar bor,
Aning uchun hama solik bu yo‘l ustida qolg‘ondur[20].

Alloh oshiqlarining mislsiz balolar, uqubatlarga giriftor bo‘lishlari tabiiy holdir. Chunki Hadisi sharifda aytilganidek, “bu dunyo mo‘’minlarga do‘zax, kofirlarga esa jannatdur”. Alloh o‘z ishqi yo‘lida bir marta kuygan oshiqlarini mahsharda ikkinchi mart kuydirmaydi. Huvaydo ishq o‘tida o‘rtanishni sharafli qismati deb bildi:

Nigoro, ikki olamda saningdek dilrabo yo‘qtur,
Firoqing o‘tida mandek asiri mubtalo yo‘qtur.

Balolarga duchor o‘ldim visoling izlabon tun-kun,
Maningdek el arosida giriftori balo yo‘qtur[21].

Tasavvuf tarixida so‘fiylarning uzlatga chekinish orqali Ilohiy ruhdan fayz, ilhom va rag‘bat olish hollari ko‘p bo‘lgan.. biroq bunday uzlatnishinlik shuhratparastlikni keltirib chiqara boshlagach, Abduxoliq G‘ijduvoniy o‘z tariqatida “xilvat dar anjuman ba zohir bo xalq ba botin ba Haq” (anjumanda zohiran xalq bilan, ammo botinan Haq bilan birgabo‘lmish) g‘oyasini ilgari surdi. Biroq Huvaydo yashagan davrga kelib, tasavvufning qat’iy talab va qoidalari ancha kuchsizlandi. Huvaydoning ta’kidlashicha, zamonaning pok kishilari, mardlarining cho‘pcha qadri qolmagach, o‘tkinchi va aldamchi molu dunyoga mehr qo‘ygan kishilar qadr topa boshlagach, shoir uzlatnishinlikni, ya’ni odamlar yo‘q joylarga bosh olib chiqib ketishni orzu qildi:

Bu zamona mardlarini cho‘pcha qadri bo‘lmadi,
Bo‘ldilar moli palid jo‘yoni nomard e’tibor.

Moldin o‘tmak, jondin o‘tmak kori har nomard emas,
Dunyoni tark aylag‘on ishq yo‘lida mard e’tibor.

Yoki

Ichim to‘ldi g‘amu ishqqa, bo‘libman turfa dilgiri,
Gahi himmat qilurman, bosh olib Rumu Yaman ketsam.

Malomat bir sari, g‘am bir saroi jonimni o‘rtaydur,
Ketibdur toqatim emdi o‘zimni g‘amga o‘rgatsam[22].

Huvaydo asarlarida Hizr alayhissalomning nomi ko‘p uchraydi. Boisi uning Hizr alayhissalomdan ilohiy fayz olganligi, tasavvuf ilmini olganligida, uning ruhini tarbiya qilganligida edi.

Huvaydo chindan ham valiylik darajasiga erishgan, ammo valiylik da’vosini qilmagan, o‘zini karomat sohibi deb emas, balki devona deb atagan, xoksorlik va faqirlik taxtini Sulaymon taxtidan afzl deb bilgan ulug‘ so‘fiy edi. U o‘zini odamlarga pand-nasihat qiluvchi emas, balki nasihatga avvalo o‘zi amal qiladigan, xulq-atvori bilan boshqalarga namuna bo‘ladigan, doimo qilgan gunohlaridan afsus-nadomat chekuvchi inson deb bildi.

Huvaydoning ta’kidlashicha, nafs, orzu-havas, ahli avlod va dunyoga mehr bor ekan, inson gunohsiz yashay olmaydi. Gunohlarning ajri esa nadomat va tavba qilishdir. Ilmi qol (shariat ilmi) va ilmi hol (tasavvuf ilmi) ni chuqur egallagan Huvaydoning Allohning rizoligi yo‘lida sidqidildan qiladigan toat va ibodatlaridan qoniqmasligining boisi ham shunda edi.

Huvaydo yerdagi hayotdan uzilib, samoviy xayolot olamida, mistik olamda yashamadi, dunyoviylik va ilohiylikni bir- biriga qarshi qo‘ymadi, balki zamondoshlarini bu dunyoning nozu ne’matlaridan yuz o‘girmaslikka, ko‘z yumib ochguncha o‘tib ketadigan aziz umrni qadrlashga, ana shu ne’matlar uchun Yaratgangna shukrona aytishga, faqat savobli va xayrli ishlar qilishga, Allohning nomini hamisha xushnudlik bilan tilda va qalbda zikr qilishga da’vat etdi.

Huvaydoning yozishicha, may ichishni man’ etadigan va mayni xarom deb hisoblaydigan zohid mullolar nohaqdir. May ham o‘z ma’nosida, ham majoziy ma’noda insonni o‘tkinchi dunyo uqubatlaridan xalos qilib, tiriklik zavq-shavqini, Yaratguvchining karami kengligidan taskin beruvchi ne’matdir:

Yigitlikda may ichmaklik na xush, baxti saodatdur,
Qarilik mavsumi mehnat, yigitlik vaqti rohatdur.

Guliston mavsumi bo‘ldi, may ichmakni g‘animat bil,
Tiriklik ko‘p emas, bir ko‘z yumib ochquncha soatdur.

Kel, ey soqiy, ketur jome, payopay bodani sof et,
Yuritgil kosai davron, bu damlar ham g‘animatdur.

Dafu tanburu benay may ichmaklik oncha ho‘b ermas,
Qil, ey mutrib, g‘azalxonliq, bu kun ayyomi ishratdur.

Gulistonlar aro sebargalarni yostanib yotib,
Tamoshoyi chaman aylab, may ichmak xush nazxokatdur.

Tiriklikni g‘animat bil, may ich, umringni xush o‘tkar,
Tepib o‘t dunyo molini, hama ranju falokatdur.

Huvaydo, tavba qilma, may ichmakdin qaridim deb,
May ichmaklik qarig‘onda g‘izoyi ruh rohatdur[23].

Agar XII-XIV asrlar tasavvufida may ilohiy ishq og‘ushidagi so‘fiy holini ifodalovchi majoziy obraz bo‘lsa, Huvaydo talqinida may ikki ma’noda qo‘llanildi: 1) so‘fiylarning may to‘g‘risidagi an’anaviy qarashlarini, 2) komil insonni ikki kunlik dunyoning g‘am-anduhlaridan ozod qilish, hayotga, Allohga shukronalik vositasi. Bu haqda shoir shunday deb yozdi:

Mani yig‘lag‘onimg‘a “yor” deb, ayb etma, ey zohid,
Aromizda sanam birla o‘lum otlig‘ hijobim bor.

Icharg‘a bodai gulrangki, har kecha qurub majlis,
Tong otquncha tamosho, nag‘mai changu rubobim bor.

Bihishtu huru g‘ilmonu du olamni unutqaysan,

Ayo zohid, mani mun’amni qilma, may xarom ermas,
Riyou taqvodin bir kosa mayda ko‘p savobim bor.

Huvaydoni may ichmakdin nasihat qilma, ey zohid,
Qachon bir kosa maydin, to tirikman, ijtinobim bor[24].

Huvaydo hayotning lazzatini “tabiat go‘zalliklarida, tabiat bag‘rida bo‘lishda”, uning nozu ne’matlaridan bahramand bo‘lishda, sevimli yor bilan birga bo‘lishda ko‘rdi. U hayot zaq-shavqini soqiy himmatida, sog‘ar muhabbatida, xonanda kuyi va cholg‘u ovorzida ko‘rdi. Shodu hurramlik timsoli bo‘lgan may, mayxona tinchligi, may kosasi va may kayfini sharafladi, odamlarni bir-birini qadrlashga da’vat etdi[25].

50-60 yosh inson hayotiy tajribalarini sarhisob qilib, o‘tgan umrni taftish etish, hayotda yo‘l qo‘yilgan xato va kamchiliklardan tavba qilib, ma’naviy komillik mezonlarini belgilsh davri hisoblanadi. Insoniyat tarixida o‘chmas iz qoldirgan ulug‘ mutafakkirlarning aksariyati ana shu yoshda o‘z hayotiga tanqidiy baho berganlar, ma’naviy ganj izlash, o‘zingdan yaxshi nom qoldirish uchun ezgu va savobli ishlar qilishga ahd qilganlar. Ana shu ibratli qismat hazrat Huvaydoni ham chetlab o‘tmagan:

Ellik-oltmish yashadim, bir yaxshi toat qitlmadim,
Qilg‘onim bo‘ldi gunah, bir dam ibodat qilmadim.

…Ellik yashab, oltmishga yetib, zarra amal yo‘q,
O‘lmak xush erur mangaki, dunyoga to‘yibman…

Yashab ellik, Huvaydo, kelmasa yaxshi amal sandin,
Bu yanglig‘ yurg‘aningdin o‘lg‘aningdur xo‘btar emdi…

Huvaydo, san yashab ellik, netay bir qilmading toat,
Safar zodini qilg‘il, emdi ayyomi tarab ketti[26].

Donishmandlar keksalikni inson umrining qish fasliga o‘xshatadilar. Tabiatdagi har bir faslning o‘z ziynati, gao‘ti va fayzi bo‘lgani singari keksalik ham, Huvaydoning tavsificha, ezgu va xayrli ishlarni nihoyasigsha yetkazish uchun Alloh tomonidan beriladigan imkoniyatdir. Huvaydo o‘z zamondoshlarini g‘aflatdan halos bo‘lishga va savobli ishlar qilishga undadi:

Qarilikdan asar qildi, miyonim yerga xam bo‘ldi,
Iligimga aso tegdi, qulog‘im ham asam bo‘ldi.

Qarib, yerga qarib bo‘ldim, ko‘ngil hrgiz qarimaydur,
Kuchim yetmas hunar qilsam, yurogim to‘la g‘am bo‘ldi.

Yigitlikda azizu allom edim, qimmatbaho so‘zlik,
Ushaldi gavhari aqlim, so‘zimni qadri kam bo‘ldi.

Yigitlik o‘tti ayyomi, qarilik xuftani keldi,
Hanuz yotarmusan g‘ofil, qo‘p emdi, subhidam bo‘ldi[27].

Huvaydo butun hayoti va faoliyati davomida islom ta’limoti va tasavvuf g‘oyalarini targ‘ib etishga, zamona muammolarini oqilona hal etish uchun diniy ilm va ma’rifatni ravnaq toptirishga, naqshbandiya g‘oyalarini zamondoshlari o‘rtasida keng targ‘ib etishga, o‘zi bu borada boshqalarga ibrat bo‘lishga intildi. O‘zi hunarmandchilik, dehqonchilik va maktabdorlik bilan mashg‘ul bo‘ldi, kamtarona hayot kechirdi. Noseh Chimyoniy ustozi Huvaydoning xos fazilatlari, ibratli xislatlarini tasvirlar ekan, saharlar turib, Allohga yolborib iltijo qilganligini, jo‘mardlikda xuddi Ibrohim adham singari molu dunyoga nazar solmayyashaganligini, hamisha shogirdlari, hamsuhbatlari ko‘nglini shod qilganligini alohida ta’kidlagan edi:

Mujarradlikda erdi misli Adham,
Na parvoyi kam erdi, na ziyodi.

Qizil guldek ochilib el yuziga
Muhiblar ko‘nglini aylab istiyodi.

Tutub suhbat davom umrin boricha,
Bayoni ta’lim erdi fikru yodi.

Dabistonida sa’y aylab tunu kun,
Yozilg‘on necha tolibning savodi.

Muningdek oliyhimmat er anodin
Du bora tug‘mag‘aydur hech bilodi[28].

Huvaydo chimyonlik qiz bilan oila qurib, undan bir o‘g‘il ko‘rgan va unga Xolmuhammad deb ism qo‘ygan. Huvaydoning chimyonlik chevarasi Faxriddin eshon Xokiyning yozishicha, Xolmuhammad shayx ko‘p yil Chimyonda yashab, otasidan ilm o‘rganib, xijriy 1237 (milodiy 1822) yili O‘sh shahriga ko‘chib ketdi, milodiy 1855 yili vafot etadi, Sarmozor qabristoniga dafn etiladi:

Qirq yil hodiy bo‘lib mo‘’minlara
O‘sh aqsosida bo‘ldilar dafin.
Marja’i xosu avom ul yer bo‘lub,
Sarmozor der O‘sh xalqi turbatin[29].

Xolmuhammad eshon Chimyonda ikki o‘g‘il ko‘radi va ularga Sharafiddin (Xojimuhammad) va Sirojiddin (Sirojiy) deb ism qo‘yadi. Kichik o‘g‘li Sirojiddinni o‘zi bilan birga O‘shga olib ketadi. To‘ng‘ich o‘g‘li Sharafiddin Chimyonda eshonlik qiladi, ikki marta Makkaga haj ziyoratiga boradi (shu boisdan uni Xojimuhammad deb ataydilar) va o‘sha yerda vafot etadi. Bu haqda Xokiy shunday ma’lumot beradi:

Chimyonda ul kishini o‘rnida
Katta o‘g‘li xonaqoda jonishin.
Otlari Xojimuhammad, tanlari –
Makkada, xoki mualloda dafin[30].

Uning o‘g‘li Faxriddin (1835 – 1919) Chimyonda yashab, ulug‘ bobolari an’anasini davom ettiradi, «Xokiy» taxallusi bilan tasavvufiy ruhda she’rlar yozdi, devon tuzdi (mazkur qo‘lyozma devon hozirgi paytda chimyonlik ulamo Muhammad Muso Hoji To‘xtasinov qo‘lida saqlanyapti). Ana shu devonda Faxriddin eshon o‘zining nasl-nasabi haqida quyidagi qimmatli ma’lumotni berdi: “kamina Faxriddin ibn Sharafiddin ibn Xolmuhammad ibn Huvaydo”.

Huvaydoning o‘shlik nabirasi Sirojiddin “Sirojiy” taxallusi bilan ijod qilgan va devon tuzgan. Uning farzandlari Samar Bonu (1837-1891) va Salohiddin Soqib (1838-1910) O‘sh shahrida yashab, badiiy itjod bilan shug‘ullanganlar va devon tuzganlar.

Faxriddin eshon Xokiy Chimyondagi Huvaydo jome masjidida imomlik qilgan, tabiblik bilan shug‘ullangan. Ikki o‘g‘il ko‘rgan: Aziziddin (xalq o‘rtasida Aziz qori nomi bilan tanilgan) Muxtoriddin ( Muxtor Xoji nomi bilan e’zozlangan). Muxtoriddin (vafoti 1954)ning o‘g‘li Jaloliddin Maqsum Xoji ( 1930- 2005) ko‘p yil Chimyondagi jamoa xo‘jaliklarida hisobchi bo‘lib ishladi, halollik bilan hayot kechirdi. Uning qizi Muborakxon ko‘p yil Chimyondagi 14- o‘rta maktbda ona tili va adabiyoti fanlaridan dars berdi, she’riyatni qadrlaydi va o‘zi ham she’rlar yozadi. Hozir pensiyada.

Xullas, Huvaydo hazratlarining juda ko‘p avlodlari O‘zbekistonning Andijon, Namangan, Farg‘ona, Surxondaryo viloyatlarida istiqomat qilib, ulug‘ bobolari ruhini shod etishga, uning ilg‘or an’analarini davom ettirishga intilib kelyaptilar. Bu haqda mamlakatimizning taniqli adabiyotshunoslari To‘xtasin Jalolov, Ismatullo Xoji Abdullayev va boshqalar o‘z asarlarida alohida to‘xtalganlar.

Milliy istiqlol sharofati bilan hazrat Huvaydo merosini chuqur o‘rganish, uning asarlarini ko‘p nusxada chop etish, xalqimizni ulug‘ mutasavvif merosidan bahramand etish, ulug‘ shoirning maqbarasini barpo etish imkooniyati vujudga keldi. Mamlakatimiz olimlari Huvaydo merosini o‘rganishga bag‘ishlangan qator asarlarini e’lon qilyaptilar.

1994 yili Farg‘ona viloyatining sobiq hokimi Mirzajon Islomovning tashabbusi va rahnamoligida Chimyonda hazrat Huvaydo maqbarasi qurila boshlandi va u xalq xashari yo‘li bilan 2004 yili bitkazildi.

Xalqimizni hazrat Huvaydoning boy merosidan bahramand etish yo‘lida talay xayrli ishlar amalga oshirildi. Jumladan, mazkur satrlar muallifi tomonidan 1998 yili «Farg‘ona» nashriyotida professor Ismatulloh Abdullayev tahriri ostida «Huvaydo qildi ishq» nomli tanlangan she’lari, 2005 yili Toshkentda «Yangi asr avlodi» nashriyotida Huvaydo devoni va Huvaydoning Respublikamiz ilm ahli 2007 yili hazrat Huvaydo tavalludining 300 yilligini keng nishonladi.

Mamlakatimizda huvaydoshunoslik keng rivojlanish imkoniga ega bo‘ldi. 2013 yili toshkentda «Navro‘z» nashriyotida professor Haydar Aliqulov tahriri ostida Huvaydoning «Rohati dil. Ibrohim Adham» dostoni chop etildi. Huvaydo tasavvufiy, axloqiy, badiiy-estetik g‘oyalari, komil inson shaxsini shakllantirish konsepsiyasiga doir turkum maqolalar chop etildi. Bu yil respublikamiz adabiyot va ilm ahli hazrat Huvaydo tavalludining 310 yilligini munosib nishonlashga qizg‘in tayyorgarlik ko‘rmoqda. Zero, ulug‘ ajdodlarimiz ma’naviyatining azim va tuganmas sarchashmalaridan xalqimizni bahramand etish orqaligina ma’naviy hayotimiz duch kelgan muammolarni oqilona hal etishimiz va taraqqiyotning keng yo‘liga chiqishimiz shubhasizdir.

[1] Avliyolar sultoni. Turonlik valiylar (To‘plab nashrga tayyorlovchi va so‘zboshi muallifi Ikromiddin Ostonaqulov). Toshkent, “Yangi asr avlodi”, 2004. B. 192-193
[2] Huvaydo. Rohati dil.Ibrohim Adham (tabdil qiluvchi, nashrga tayyorlovchi va so‘zboshi muallifi Qodirqul Ro‘zmatzoda) .T.: “Navro‘z”, 2011. B. 35.
[3] O‘zbek tilining izohli lug‘ati. 2 tomlik. 2-t. M.: 1981. B.328, 345.
[4] Jumaxo‘ja N. Huvaydo. –“Ma’rifat” gaz., 1994 yil 29 iyun.
[5] Mamatov A. Pokiza dil –ma’voyi do‘st. –“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gaz., 2005 yil 1 iyul. № 27 (3804).
[6] Huvaydo. Rohati dil. Ibrohim Adham. T.: “Navro‘z”, 2011. B.251.
[7] Xojanazar Huvaydo. Devon (tabdil qiluvchi, nashrga tayyorlovchi va so‘zboshi mualliflari Ismatullo Abdullayev, Qodirqul Ro‘zmatzoda. Mas’ul muharrir: prof. I.Abdullayev) . T.: “Yangi asr avlodi”., 2005. B. 255.
[8] Noseh Chimyoniy. Tarixi vafoti hazrat Eshon Huvaydo “navvarollohu taolo marqadahu marjahu” — Xojanazar Huvaydo. Devon (tabdil qiluvchi, nashrga tayyorlovchi va so‘zboshi mualliflari I.Abdullayev, Q.Ro‘zmatzoda. Mas’ul muharrir prof. Ismatullo Abdullayev. T.: “Yangi asr avlodi”, 2005. B.267-268.
[9] Freyd Z. “Ya” i “Ono”. Trudы raznыx let. Perevod s nemeskogo. Kniga 2. Tbilisi, «Merani», 1991. S.420-421.
[10] Xojanazar Huvaydo .Devon (tabdil qiluvchi, nashrga tayyorlovchi va so‘zboshi mualliflari I.Abdullayev, Q.Ro‘zmatzoda. Mas’ul muharrir prof. Ismatullo Abdullayev. T.: “Yangi asr avlodi”, 2005. B.147
[11] O‘sha joyda. B.187-188.
[12] O‘sha joyda. B.123.
[13] Xojanazar Huvaydo. Devon ( tabdil qiluvchi, nashrga tayyorlovchi va so‘zboshi mualliflari I.Abdullayev, Q.Ro‘zmatzoda. Mas’ul muharrir prof. Ismatullo Abdullayev). T.: “Yangi asr avlodi”, 2005. B. 20-21.
[14] O‘sha joyda. B. 19.
[15] O‘sha joyda. B.17-18.
[16] O‘sha joyda. B. 18.
[17] O‘sha joyda.B. 112.
[18] O‘sha joyda. B. 132.
[19] O‘sha joyda. B. 168.
[20] Hojanazar Huvaydo. Devon ( tabdil qiluvchi, nashrga tayyorlovchi va so‘zboshi mualliflari I.Abdullayev, Q.Ro‘zmatzoda. Mas’ul muharrir prof. Ismatullo Abdullayev). T.: “Yangi asr avlodi”, 2005. B. 67.
[21] O‘sha joyda. B. 80.
[22] O‘sha joyda. B.84, 170.
[23] Hojanazar Huvaydo. Devon ( tabdil qiluvchi, nashrga tayyorlovchi va so‘zboshi mualliflari I. Abdullayev, Q. Ro‘zmatzoda. Mas’ul muharrir prof. Ismatullo Abdullayev). T.: “Yangi asr avlodi”, 2005. B.82-83.
[24] O‘sha joyda. B. 83.
[25] Zohidov V. Hayotbaxsh badiiyat taronalari. T.: G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti, 1975. B.144.
[26] O‘sha joyda. B. 169, 195, 227, 231.
[27] O‘sha joyda. B.228.
[28] Noseh Chimyoniy. Tarixi vafoti hazrat Eshon Huvaydo “navvarollohu taolo marqadahu marjahu” — Hojanazar Huvaydo. Devon ( tabdil qiluvchi, nashrga tayyorlovchi va so‘zboshi mualliflari I.Abdullayev, Q.Ro‘zmatzoda. Mas’ul muharrir prof. Ismatullo Abdullayev). T.: “Yangi asr avlodi”, 2005. B. 267-268.
[29] Faxriddin eshon Xokiy. Nasabnomai Huvaydo quddisa sirrihul aziz” – Huvaydo. Rohati dil. Ibrohim Adham (tabdil qiluvchi, nashrga tayyorlovchi va so‘zboshi muallifi Qodirqul ro‘zmatzoda. Mas’ul muharrir prof. Haydar Aliqulov). T., ”Navro‘z”, 2011. B.251.
[30] O‘sha joyda. B. 251.

Maqola muallifi haqida

Qodirqul Ro‘zmatzoda — Farg‘ona davlat universiteti dotsenti, falsafa fanlari nomzodi, faylasuf-olim, tarjimon va publitsist. Farg‘ona viloyatining Chimyon qishlog‘ida tavallud topgan. Farg‘ona davlat pedagogika instituti (hozirgi Farg‘ona davlat universiteti)ning O‘zbek filologiyasi (1977) va Tarix fakultet (1982)larini tamomlagan. Hozirda Farg‘ona davlat universitetida Falsafa kafedrasining dotsenti lavozimida ishlab kelyapti. Oliy ta’lim a’lochisi.

Muallifning «Rahimberdiyev maktabi» («Farg‘ona»,2007), «Fidoyilik timsoli» (T., 2011), «Ustozlar ibrati» (T., 2012), «Komillik saodati» (T., 2014), «Imom Rabboniy avlodlari» (T., 2014), «Ilmiy ijod falsafasi va metodologiyasi» (T, 2015), «Matonatli qalb sohibi» (T., 2016) kitoblari, «Terrorizm: bilish va bartaraf etishning konfliktologik muammolari» (2008), «Inson mohiyati» (2012) tarjima asarlari chop etilgan.

Keyingi o‘n yil mobaynida «Huvaydo tasavvufiy ta’limotining xalqimiz ma’naviyatida tutgan o‘rni» mavzuida ilmiy izlanishlar olib boryapti. Huvaydo asarlarini, xususan, Huvaydo. Devon (2005), «Rohati dil. Ibrohim Adham» asarlari (2012)ni hozirgi o‘zbek yozuviga o‘girib, professorlar Ismatulloh hoji Abdullayev va Haydar Aliqulov tahriri ostida chop etdi. Milliy taraqqiyotimiz va falsafaning dolzarb muammolariga oid yuzdan ortiq ilmiy, ilmiy-publitsistik maqolalar muallifi.

Мanba: http://qalbsadosi.uz/

Xojanazar Huvaydo. Devon by Khurshid Davron on Scribd

008

(Tashriflar: umumiy 7 088, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ustoz bugungi kundagi barcha ilmiy kitoblarda va qo’llanmalarda Huvaydoni Qo’qonda tahsil olgani va otasi Chimyonda madrasi qurdirgani haqida ma’lumotlar uchraydi. Siz buni inkor etyapsiz. Buni qanday izohlaysiz.

Izoh qoldiring