Xurshid Davron. Mahmudxo’ja Behbudiyning yangi (topilgan) surati haqida.

011
Ҳамиша ва ҳар қандай шароитда  миллат тарихини, демак келажагини ўйлаган фидойи инсонлар борлиги учун биз ноёб асарларни ўқияпмиз, мусиқаларни тинглаяпмиз. Бизнинг юкимизни боболар кўтариб келди, келгуси насллар юкини биз ҳам ерда қолдирмайлик

021
МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙНИНГ ЯНГИ (ТОПИЛГАН) СУРАТИ ҲАҚИДА
01
Хуршид Даврон

19 январ куни маърифатпарвар бобомиз, жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили,буюк мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий (1874 -1919) таваллудининг 140 йиллигини  (ичимизда,қалбимизда) нишонладик. Шу муборак сана сабаб бўлдими, Яратганнинг хоҳиши билан мен Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўзим учун икки янги фотосуратини кўрдим. Биринчи сурат «Муносабат» веб-саҳифасида «Бу ноёб суратни бизга йўллаганликлари учун, айни пайтда АҚШда яшаётган Беҳбудий ҳазратларининг набиралари – Зарруҳ Беҳбудий жанобларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз» деган ёзув билан эълон қилинган эди. Мана бу сурат:

01
09
01

Иккинчи суратни кеча фейсбукдаги даврадошларимдан бири, таниқли мусаввир ва фотограф Турсунали Қўзиев менинг саҳифамга жойлаштирибдилар. Буям майли-ку, мана бу сўзларни ҳам ёзибдилар: «Maxmudxo’ja Behbudiyning oxirgi fotosuratlaridan. Ushbu fotosuratni muallifi haqida kim biladi? Xurshid Davron Muallimdan yordam so’raymiz! (Махмудхўжа Беҳбудийнинг охирги фотосуратларидан. Ушбу фотосуратни муаллифи ҳақида ким билади? Хуршид Даврон Муаллимдан ёрдам сўраймиз!)». Сурат эса мана бу:

01
09

  Турсунали акага каминани «Муаллим» деб алқаганларига минг раҳмат, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг суратини бир қарашда уни ким суратга олганини топишимга ишонганлари учун яна минг раҳмат!
Афсуски,мен ҳам тарихимизни ўрганувчи тадқиқотчилардан бу сурат қачон ва қаерда олинганини аниқлашда ёрдам сўрашга мажбурман. Ҳатто, бу сурат аввалдан маълум бўлгани аниқланса-да, бу мен учун муҳимдир. Энг аввало, Турсунали ака бу суратни қайси манбадан топганларини маълум қилишларини жуда-жуда истайман.

0334

3 кунча аввал Туркиядан келган меҳмон, таниқли гаспиралишунос, жадидшунос олим Явуз Акпинар ва Туркистонда жадидчилик тарихи йўналишида тадқиқотлар олиб бораётган, Исмоилбек Гаспринскийга бағишланган китоблар муаллифи Зайнобиддин Абдирашидов — учовлон қарайиб 4-5 соат суҳбатлашган эдик. Суҳбатимиз мавзуси асосан айни шу жадидчилик ҳаракати доирасида кечди. Явуз Акпинар гап орасида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Истамбул сафари, Абдурауф Фитратнинг Истамбулда таълим олгани ҳақида сўзлаб, уларнинг фаолиятига боғлиқ ҳужжатлару суратлар Туркия архивларида аниқ мавжуд бўлиши, фақат уларни топиш учун излаш лозимлигини айтди. Ўйлашимча, бу масалани қардошлар юртида илмий тадқиқотлар олиб бораётган ўзбек олимлари, энг аввало, ёшлар ўйлаб кўришлари керак.
Бугун ҳеч кимга ҳеч нарса керак эмасдай туюлган бир шароитда бу ҳақда гапиришдан фойда йўқдек. Йўқ,асло бундай эмас! Ҳеч кимга ҳеч нарса керак эмасдек туюлган замонлар фақат бугун эмас, олдин ҳам бўлган. Ҳамиша ва ҳар қандай шароитда  миллат тарихини, демак келажаги ўйлаган фидойи инсонлар борлиги учун биз ноёб асарларни ўқияпмиз, мусиқаларни тинглаяпмиз. Бизнинг юкимизни боболар кўтариб келди, келгуси насллар юкини биз ҳам ерда қолдирмайлик.

Ҳозирча Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг янги (топилган)сурати хусусида айтадиганим шу бўлди.

(Tashriflar: umumiy 309, bugungi 1)

2 izoh

  1. Хуршиджон, саломатмисиз? Беҳбудий суратлари ҳақидаги мулоҳазаларга қўшимча қилмоқчи эдим. Юқоридаги биринчи фото ҳам Беҳбудий. Қайсибир рассом фотога қараб чизган. Аммо муаллимни салобатли қилиб кўрсатиш ниятида саллани каттароқ, соқолни узунроқ қилган. Бу эса мантиққа зид. Муаллим ихчам салла ўраб, қисқа соқол қўйганлар.Айнан анашу рафторлари уламога ёқмаган ва уларни жадид деб аташган.»Жадид» сўзи магарам, янгилик деган маънони англатсада, у пайтда ҳақоратдай қилиб айтилган. Иккинчи сурат ҳақида. Бу фотони Туркияда олишган. Бу фотони тарғиб қилиб, ҳазратни бориб турган туркка айлантириш ҳам ўринли эмас деб биламан. Янги фото ҳақида бир нимарса дейишим қийин. Негадир у кишига ўхшаш эмас…Бизда ва Зарруххонда ҳазратнинг сўнгги суратлари бор. Мениннг блогимда эълон қилинган. Биз ҳайкални шу фотога қараб яратганмиз. У кўпчиликка маъқул бўлган ва ишончли. Кўришингиз мумкин.

Izoh qoldiring