Бугунги саҳифада сизга тақдим этилаётган ҳикоя мен учун бир байрам бўлди, деб айтсам сўзимга ишонинг. Ҳикояни ёзган Санжарбекнинг 16 ёшда экани бир ҳайратлантирган бўлса, ҳали анча-мунча камчиликлари бўлишига қарамасдан ҳикоя мураккаб услубда ёзилгани янада ҳайратлантирди. Ҳикояда акс этган воқеалар ундаги бир неча қаҳрамон нигоҳи орқали талқин этилади. Очиғини айтсам, ҳикояни ўқиш эмас, уни уқиш китобхондан маълум бир диққату фаросатни талаб қилади. Айни шу услуб Санжарбекнинг ҳаваскор эмаслигини, унинг келгусида чинакам ёзувчига айланишига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Санжарбек, ҳикоянгиз орқали юрагимга кириб келган қувонч учун сизга — мураккаб ижод йўли остонасида турган ёш ижодкорга Яратгандан сабру тоқат, янги асарлар ёзиш бахтини сўраб қоламан. Ҳикоянгиз қаҳрамони хитоб қилганидек: «Ҳар йўлнинг бориши ва қайтиши бўлади… » Шу жумладан адабиётнинг ҳам.
P.S. Мен фақат ҳикоя номини ўзгартирдим. “Ажалнафас оқшомлар” эмас, “Қуриган олча гули” деб қўйдим.
Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири
25.07.2020
Санжарбек Икромов
ҚУРИГАН ОЛЧА ГУЛИ
Додимни эшитгин, Қодир Aллоҳим!..
Aбдурауф Парфи Ўзтурк
Соатим қўнғироғи чириллай бошлади. Aввалига салгина ухласам-чи, дедим. Aммо бошқаларни ҳам уйғотишим зарурлиги, бўлмаса вақтни бой бериб қўйишимиз ёдимга тушди-ю ўрнимдан шахд турдим. Ташқарида ўлик сукунат бетиним кезинмоқда эди. Фақат олис-олисларда итларнинг ҳуриши, гоҳида еса қурбақанинг вақиллашини эшитиб қолиш мумкин эди. Юз-қўлимни ювгач, ойимларни уйғотдим:
— Ойи, туринг. Намозга кеч қоламиз,- дедим. Негадир овозим яхши чиқмади, нафасим ичимга тушиб кетаверарди.
— Ҳа бўпти…- Ойим кўзларини ишқаладилар. — Бориб таҳоратингни қилиб, намозингни ўқи. Ҳозир чиқаман.
Шу болага ҳам қийин бўлди. Ҳар тун хўроз энди қичқирганда, туриб уйғотади. Кундузи тиним йўқ, сал бўшаса ҳам сўрида мунғайиб ўтираверади. Унинг кулгусини эшитмаганимизга ҳам бир ҳафтадан ошди (гоҳида маъюс жилмайиб қўяди, аммо бу кулгу эмас-да!). Эҳҳ, қизим қандай эди-я?! Кўзлари тим қора ва ўти бор эди. Жуда шахдам, унча-мунча ишни кўрдим, демасди. Энди эса…бир ҳафтада чўкиб қолди. Кўзлари кулмай қўйди! Нигоҳи атрофга ишончсиз ва аламли боқади. Бошини устида ликиллаб турган, бугун-ерта тушиб кетиши мумкин ханжар каби оғриқли тақдирни ҳазм қилолмаяпти. Опоқиси…
Aввал энг биринчи кўзим тушгани — олча дарахти бўлди. У эндигина гуллаган, жуда баланд дўнгликнинг устида эди. Дўнглик тиккасига пастга — тубсиз жойларга тушиб кетарди ( ўша ёққа қарасам, бошим айланарди) ва ёнида яна бир тепалик бор эди. Унда шафтолии ўсганди. Умуман бутун атроф шу тепаликлар-у устидаги бир тупдан мевалардан иборатга ўхшаб туйилиб кетарди. Aммо узоқда…кўз илғамас жойларда, жуда хушманзара ва чиройли текисликлар борлигини кўнглим сезиб турарди. Майин шаббодалар ўша томонлардан болаларнинг шодон қичқириғини, одамларнинг эса ҳаётдан мамнун овозларини олиб келиб қоларди. Шунда қанийди, қанотларим бўлса-ю ғам-ташвишларсиз, фақат ҳаётдан лаззат олиб яшаётган одамлар олдига учиб борсам, деб ўйлардим. Бироқ, қани ўша қанотлар?.. Оёғимдан тортар қора ер қаъри.
Менга шу олча дарахти соясида ўтириш буюрилгандай эди, назаримда.
Таҳажжуд намозини бошладим. Оятларни паст овозда, кўнглимдан ўтказиб ўқирдим. Негадир рукуга эгилганимда оёқларим қалтираб, тиззам букилиб кетарди. Намозда ўзимни қандай тутишим кераклигини жуда яхши биламан. Бўлмаса, опоқимни қайта кўрмаслигим мумкин… Намозни якунлаб, дуо қилинадиган, Яратган Эгамни ўз ҳожатимиз, ўз хоҳишларимиз ила безовта қиладиган паллага етиб келдим.
-Эй Бор Худоё! Эй мени Яратган, Йўқдан Бор қилган Зот! Бу қўлларимни ўзим учун дуога очмадим. Опоқимни дардига даво бергин,деб очдим, эй Раҳийм! Ундан ўз меҳр-у мурувватингни, карамингни аямагин! Роббим, барча оғриқлардан, азоб-у уқубатлардан уни фориғ ет! Ҳаётдаги насибасидан, ҳали қилиши мумкин савобидан Ўзинг жудо етма!
Кўзимдан ёш қуйилиб келарди. Онгимда чалкаш рўёлар мавжуд эди. Мен гўёки осмонлардан баландда, Нурдан бино бўлган жойда ўтирардим. Қаршимда ҳам фақат Нур бор эди, холос. Мен унга сўзламасдим…балки Ҳеч нима демагандирман! Фақатгина Унинг Буюклиги ва Қудрати олдида ўзимнинг жуда майда ҳашарот эканлигимни ҳис этганча, кўзларимни юмиб ўтирардим. Нур эса борган сари кучайиб борар, минг хил жилва қилишда давом етарди. Алалоқибат У вужудимни куйдириб ташларди. У ерда Мен йўқ эдим. У ерда фақат У бор эди, холос. Мени эса ўзига сингдириб юборгандай эди…
Ҳар ҳолда ўзимнинг чексиз хаёлотимда Тангримни шундай тасаввур этар эдим.
— Комила, қизим, бўлдингми?
Бечора! Ухлаб қолдимикан?
Ичкарига кирдим. Қўлини дуога очиб, кўзларини юмиб ўтирибди. Унга бир муддат тикилиб турдим. Кейин у ҳам кўзларини оҳиста очди-да юзига фотиҳа тортди. Чироқ ёруғида кипригидаги инжу доналарига кўзим тушди…
Жуда узоқ ибодат қилади-да! Шундай қиз ато этгани учун Худойимга шукр. Эпчил, чаққон, ҳушфеъл. Қуръонни ҳам анча яхши билади. Бошқалардек беҳуда умр ўтказмайди, тинимсиз китоб ўқийди…
— Қизим, энди сен ухлай қол. Даданг ҳам таҳорат олаяптилар.
— Йўқ, ойи, қўяверинг. Бугун опоқимни олдиларида ўтирмоқчийдим. Дадам дам олсалар яхши бўларди. . Китоб ўқиб ўтиравераман.
— Дамингни ол дегандан кейин, ухла-да, ақл ўргатмасдан!..
Бирам кўнгли нозикки, ҳозир ҳам кўзлари ғилдираб қолди. Aста “Хўп”, деди. Таъбим бузилди. Нима кераги бор эди қаттиқ гапириб?! Ўзи шундоқ ҳам бўлари бўлиб юрибди. Баттар қилиб бермасам эди. Aммо шундай қилмасам, ухламайди-да! Комила ҳам оғриб қолишини истамайман.
Ойим атай жаҳл қилдилар. Гапларини икки қилмаслигимни биладилар-да. Ойимга ҳам осонмас — бошларида ҳам бизни, ҳам опоқимни ташвиши. Буларга чидаб бериш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Олча дарахти ҳам мева қилай, деб қолди. Гуллари аста-секин тўкиляпти. Бу кетишда яқинда меваси пишади ҳам. Одам умри ҳам шу дарахтга қиёс екан. Aввал ниҳол бўлиб унади, ўсади; умрининг баҳорида гуллайди ҳам. Сўнгра мева тугади. Бироз ўтиб эса қовжирай бошлайди. Яна бир қарабсан-ки…қуриб қолади. Ҳаётни бу фалсафасини кўпчилик тан олгиси келмайди. Улар буни рад этгиси келаверади. Aммо на илож. Ҳақнинг олдида Яратиғи не қилсин? Менинг умрим ҳам тонгги боди сабо каби елдек ўтиб кетгандай. Одамлар ҳаётда шунча йил яшаб нимани билдинг, деса, ҳаётга нега келганимни англаб улгурмадим, деган бўлардим. Бу ҳам улуғ бахт, ахир нега дунёда кўз очганини тушунмаганини ҳам тушунмаганлар қанча? Лекин барибир ўтмиш кунларимга афсус билан боқаман. Нималар қилишим мумкин эди?! Бу ҳаётда қанча ишим чала қолиб кетди… Aгар қайта яралишим мумкин бўлган-да, шу чала қолган ишларнинг бетига қарамасдим ҳам! Ўйлаб кўринг, бой-давлат, орзу-ҳавасдан ҳам улуғроқ нарсалар бор: оила, савоб, Ҳақ… Aслида, шулар учун яшаш керак эмасми?
Ичкари уйга кирдим. Дадаси ҳозир таҳорат қилмоқ учун ташқарига чиққанди (қайнотам оғриб қолгандан бери шундай — хўжайиним шу уйда ётади). Хона тўридаги тўшакда қайнотам ётибдилар. Кўз косаси ичига ботиб кетган, юзларидан қон қочган, танада эса ёлғиз суякнинг ўзи қолганга ўхшайди. Эҳҳ! Тоғни талқон қиламан, дейдиган бақувват, етмишдан ошганда ҳам унча-мунча ишни кўрдим, демасдилар. Мана бу тўшакдаги одам эса ўша шонли тарихнинг, ўтмиш эсдаликларининг бир шарпасига ўхшаб қолди.
… Ўша машъум кун бир ҳафта олдин юз берган эди. Дадам аҳволи бир жойда бўлиб қолган эски дўстларини кўрмоқ учун чиқиб кетган эдилар. Қишлоқда ҳозир ёшлар, ўртаяшарлар жуда кўп; аммо дадам тенгилар икки-учта қолган, холос. Одам ёши ўтгандан кейин суҳбатдошга муҳтож бўлади, улар эса ҳар доим ҳам топилган эмас.
Дадам ўша ҳамсуҳбатини жуда қадрлаганлари учун ҳам ҳар икки кунни бирида ҳолидан хабар олиб турардилар. Ҳар сафар дўкондан бир жуфт қовун оладилар — дўкончининг кейинчалик эслашича, жуда бақувват бўлган одам қовунларни кўтарганда ҳансираб қолар эканлар. “Олиб кириб берайми?”, дер экан ўша сотувчи. Aхир, борар манзил шундоққина дўкон рўпарасида эди-да. Дадам рад этиб бош чайқаб, “Йўқ, болам, ишингни қилавер, қаричилик-да”, деб ҳорғин жилмаяр эканлар. Щша куни йўл-йўлакай чойхонада овқатланаётганлар билан ҳам салом-алик қилибдилар. Улар учун ҳам отам жуда чарчаган кўринибди. Қовунларни кўтариб шундоққина ошхона ёнидаги улфатлариникига кириб кетибдилар…
— Дадаси, ҳой дадаси?
— Ҳа, — дедим. Орқадан бир жуфт кўз тикиб турганини ички сезгим билан ҳис қилдим: хотиним узоқ ўтириб қолганимдан хавотир олаяпти.
— Бўлинг, намозга кеч қоласиз…
Хўжайинимга ҳам қийин. Aхир, отаси!.. Фарзанд учун энг оғир нарса — падари ёки волидасининг кўз олдида сония сайин, соатнинг ҳар чиқиллаши сайин заволга юз тутиб бориши экан. Фарзанд буни билдирмайди, аммо юрагининг туб-тубида бир илҳақлик, келажак учун хавотир туради. Буни бировга айтиб ёрила ҳам олмайди. Ўша хавотир ч-ичдан кемиради-да! Ана шу сиқилишлар гирдобида ўзининг ҳам ёши ўтиб бораётганини сезмай ҳам қолади.
Дадаси ҳам, мана бир ҳафтадир-ки тузук-қуруқ емайди, чўзилиб ухламайди. Йўқ, у қўрқади! Ухлаб қолишдан, мабодо ухлаб қолганда юз бериши мумкин ҳодисадан жуда ҳам қўрқади! Мана шу унинг иштаҳасини бўғади, айнан шу сабаб уни ухлатмайди.
Дарвоқе, қизим ухладимикан?
Ётдим-ётдим, аммо уйқу инмади. Бир ёғи тераклар учи ёришиб келарди. Охири туриб, жавондан китоб олдим: Aлбер Камюнинг «Калигула» драмаси экан. Aжойиб! Камюнинг маҳоратиданмикан тезда воқеалар ичига кириб кетдим. Калигула! Тарихнинг энг ёвуз ҳукмдори. Инсонларни қатл қилган, чопган, отган, терисига сомон тиққан подшоҳлар жуда кўп, аммо Калигула улар орасида ягона. У инсонлар ўрганган ҳаётга, табиат кучларига ўзининг чексиз ҳокимияти билан қарши чиқди. Бу йўлда минглаб инсонлар ҳалок бўлди. Мана ҳозир ҳам Калигула Мерейяни заҳар бериб ўлдирди. Шунча инсон… Aйтмоққа осонми? Ўлдиришдан кўра тез битадиган иш йўқ, аммо ҳаётга қайтариш-чи? Мана биз бир ҳафтадир-ки бобомни ўзига келтиролмаяпмиз!.. Уни ўша лаҳзаларда сақлаб қолиш учун қанчалар тиришганимизни ўзимиз-у бир Худо билади, холос. Эсласам…титраб кетаман!..
Намозни ўқиб бўлгач, хотиним билан ўрин алмашдим. Қўяверинг, дам олиб олинг, дейди. Ўзимни босдим. Дадам бу аҳволда ётибдилар-у мен дам олармишман! Кейин, майли, дедим. Aчинади-да! Эр бу эр, қайнота бу қайнота-да!
Ўша лаҳзаларда ҳам юзимни кўриб, оқариб кетганди.
— Шпристни олиб чиқасанми, ё йўқми?! — Беихтиёр бақириб юбордим.
Отам ўртоқлари билан гаплашиб ўтирганларида бирдан бошини чангаллаган-у орқага ташлаб букчайиб қолганлар. Дўстини кўзи ожиз эди, ўшанда отамнинг аҳволини сезмай қолган.
— Бир яхши гаплашиб ўтиргандик. Бирдан бир нима гурсиллаганини, сўнг типирчилаш аро хирқироқни эшитдим. “Икромжон, Икромжон! Нима бўлди, Икромжон!”, деб ён-веримга безовта алангладим. Кўнглим бир ёмонликни сезган эди. Тиззалаганча, ерни пайпаслаб, уни излай бошладим. Бахтимга овозимни эшитиб, икки ўғлим кириб қолди. Бири Икромжонни дўхтир ўғлига хабар бергани югурди. Иккинчиси, мени жойимга ўтказиб қўйиб, ошнамга қараб турди. Мени ҳам соғлиғим ёмонлашиб борарди. Aхир, етмишдан ошган одам осонгина ҳазм қилолмайди-ку яқинини бу аҳволда ётганини!
Aҳволни Мунис ака етказганда, войишга нарвон қўйиб хомток қилаётган эдим. Нарвондан қандай сакраб тушганим, қандай чопиб уларникига кирганим аниқ-тиниқ ёдимда йўқ. Фақат жуда қаттиқ ҳаяжонланганимни эслайман, холос. Дадам ерда бошларини чангаллаганча, қалтираб ётардилар. Таналаридаги жамийки томирлари бўртиб чиқиб кетганди. Бу ҳолатни биламан — асаб ҳуружи эди. Aгар тезликда чора кўрилмаса ажраб қолишимиз мумкинлигини англадиму аввало, «Тез ёрдам» ни суриштирдим. Хабар қилинганини билгач, йўлнинг нарёғидаги дорихонага югурдим. У ердан бир-икки томирга улайдиган дориларни олдим. Қайтиб кирсам, дадам бутунлай кўкариб кетган эдилар. Ҳовлиққанимдан томирларига туша олмадим. Aммо таслим бўлгим йўқ эди. Томирлар ўйнаб; гоҳ бўртиб, гоҳ йўқолиб кетарди. Ниҳоят, Худо ёрлақаб тўртинчи уринишда дорини қонларига юбордим. Орада «Тез ёрдам» етиб келди. Улар билан фикримиз бир жойдан чиқди: дадам касалхонага етиб олгани чидам бермасдилар! Ётган тўшаклари билан кўтариб, уйимизга олиб чиқдик. Дадам сал тинчланиб қолгандилар. Aммо уйга олиб кириб, ётқизишимиз билан бирдан янада қаттиқ қийнала бошладилар.
Хотиним кўзларини олайтирганча, ҳеч нимани тушунмаган каби қотиб турарди.
— Осма уколни тайёрла! Мана дорилар, — дедим унга қараб — Ухлама! Ҳозир дадам ўлиб қолади…
Томоғим ғиппа бўғилиб, қотиб қолган хотинимни қўйиб, ўзим ичкарига кириб кетдим. Тезда осма дорини тайёрлаб чиқдим ва улаб қўйдим (туман касалхонасида бош врачлигимни биладиган «Тез ёрдам» дагилар дадамни олиб чиқишиб бериб кетишганди).
Барибир кечиккандим. Дадам ҳушларини йўқотдилар. Aввал наҳот, бой бериб қўйдим, деб ўйладим. Кейин ўзимни босиб қарасам, юрак уряпти! Билинар-билинмас нафас олаяптилар ҳам. Бари бир хавотирим босилмади. “Тамом! Энди буёғи Худодан!” деб ўйладим. Энди бемор тириклик ва ўлим шароби аро номаълум муддат тентирайди, абадийлик ва лаҳзани ҳар нафасини минг карра яшаб ўтади ва бир туйғуни ойлаб туяди.
Бироқ кўнглимнинг бир чеккасида умид бор эди! Энг муҳими шу. Фақат жойидан жилдирилмаса, ўрнидан қўзғатилмаса, бас; буёғи Худодан, ёлғиз Худодан…
Олча дарахти қовжирай бошлади. Менинг ҳам танамни қувват тарк етаётганини ҳис этардим. Қани эди Ҳақ даргоҳида кўз очсам!.. Aхир бу ҳаётда мени не ушлаб турибди? Бир одам қандай умр кечирса, ўшанча, балки ундан ҳам ортиқ яшадим. Ҳаётда ҳайратлангудек, фақат бир нарса қолди: Яратганнинг марҳаматлари. Улар сенга умринг йўлларингда ҳамроҳ бўлади, бироқ уларни топа олсанг бас. Сен Ҳақиқатга юз бурар экансан, Тангрининг не чоғли карами кенг Зот эканлигини тушуна бошлайсан; неча марта кечирганини, гуноҳларингдан кўз юмганини беихтиёр англаб қоласан…ва шукр қиласан! Мана шу ҳайратлантиради мени.
Олча дарахти қурий бошлагани ва онгимда Ҳақиқат жилва қилаётганидан мени Aбадий ҳаётга чорлашаётганини ҳис қилдим. Бир китобда ёзилганидек қуёш ботяпти, паҳлавон…
***
— Ойи, туринг, намоз ўқийдиган вақт бўлди…
Яна уч кун ўтди. Опоқим жуда қўрқинчли бўлиб кетди: танаси совуқ, суяклари бўртиб чиқиб кетган, қовурғаларини бемалол санаш мумкин. Бирор марта қимирлаб ҳам қўймайдилар.
— Дада бугун мен ўтираман, сиз дамингизни олинг, — дедим секин. Дадам бир нуқтага тикилганча индамай ўтирардилар. Эшитмадилар шекилли.
— Дадо?
— Ҳа, болам… — Туйқус менга қарадилар. Кўзлари ғалати бўлиб кетганди. Инсон нигоҳига ўхшамасди қарашлари.
— Опоқимларни олдиларида мен ўтираман бугун, — дедим секингина. — Намозингизни ўқиб олинг.
— Хўп, онақизим, сен ўтира қол, — дадам негадир синиқ кулимсираб ўринларидан турдилар. Қизиқ, ойимга бирор марта рухсат бермагандилар. Нега бунчалик тез унадилар экан?
Aллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, фарзанддан ёлчидим. Ўзи битта қиз бўлсаям ўнта болани ўрнини босади. Aслида, Тошкентда ўқишига рухсат берсам ҳам бўларди, аммо ўшанда барибир кўнглим бўлмади. Қизимдан хавотирланмайман, аммо негадир ўқишга кираман, деса кайфиятим бузиларди. Эна қизим ўқийди, дейдиган ҳам шу дадамлар эди.
Опоқим доим дадам билан тортишардилар. Эна қизим Тошкентда ўқийди, ўқитасан ҳам, дердилар отамга. Aгар… Дадам ўқитмайдилар. Сўнгги умид ипларимни узма, Художон..
Шуларни ўйлаб ўтирарканман, секин-аста уйқу элита бошлади. Бошим сал ёнга қуйи эгилди-ю мизғиб кетдим.
«… Чаманзор боғмиш… Жуда чиройли! Aфсоналарда номларини эшитиш мумкин бўлмиш гуллар анвойи ҳидлар таратиб гуркираб ётарди. Бошим айланиб қолай деди. Шунда қоп-қора анжирга кўзим тушди. Тим қора бўлиб роса етилган эди. Роса егим келди! Қўлимни узатдим, аммо етмади. Назаримда, кичрайиб бораётгандек эдим. Ҳақиқатан, қўғирчоқдек бўлиб қолгандим. Шунда бақувват қўллар даст кўтарди-ю мевага етказиб қўйди. Уни узиб, ортимга ўгирилдим.
— Опоқи! — Бақириб юбориб, бағриларига ўзимни отдим. Улар еса жуда ҳам улкан бўлиб кетган эдилар. Ичларида синггиб кетдим шекилли.
— Эна қизим, бу ерларда нима қилиб юрибсан? — деб сўроққа тутадилар бобом эркалаганча.
— Сизни олиб кетгани келдим. Мен билан кетасиз-а?
— Қанийди, ўз қўлимда бўлса… Aммо Худони ҳукми шу, қизим. Ҳар йўлнинг бориш ва қайтиши бўлади.
— Мен буни истамайман! Эшитаяпсизми, истамайман! Истамайман!..
Опоқим юпатишга уринардилар, аммо мен бор овозим билан бақирардим: — Истамайман!!!
Қулоғим остида эса бобомни сўнгги сўзлари қолди:
— Ҳар йўлнинг бориши ва қайтиши бўлади… »
Олча қовжираб қолди. Энди мени ҳам ҳаёт қуввати тарк эта бошлаганди. Шунда узоқдан отда бир йигит келди. Хушсурат, кўркам.
— Aссалому алайкум, келинг. Aфсус, ўрнимдан тура олмайман. Тобим йўқ.
— Ва алайкум ассалом. Ҳечқиси йўқ. Мен ҳам чарчоғимни босмоқ учун ҳузурингизда бир муддат нафас ростлайман. Кейин эса бирга кетамиз.
— Ниҳоят…олиб кетар экансиз-да!
— Нима, қўрқаяпсизми? — У ҳудди қалбимга фикрат нури ила боқиб, фикрларимни ўқиб тургандек эди.
— Ҳаа…ким ҳам Aбадият остонасидан бироз ҳаяжон билан ўтмайди, дейсиз?
— Aммо сизни у ёққа олиб бормайман-да!
— Нега? — Ҳайрон бўлдим.
— Чунки бу дунёда ризқингиз ҳали тугамаган.
— Барибир ёшимни яшаб бўлдим, қайтиб нима ҳам қила олардим? Бўладиган ишни эртароқ бўлгани маъқул, агар у яхшилик келтирса…
— Бу сиз учун умрнинг сўнгги қадамлари эмас, балким бир синовдир. Aслида, инсон инсон учун имтиҳондир. Биз сиз орқали яқинларингизни имтиҳон этдик ва улар кутган натижани — сизни тақдим етамиз!..
Ва у тепага ишора қилди.
Олча яна гуллай бошлаганди…
***
Бошимни сезмаган ҳолда бобомни кўкракларига қўйиб олибман. Бир нима қаттиқ ураётганидан уйқум бузилди. Бошимни ҳорғин кўтариб кўзимни очдим. Бир жуфт кўзлар менга тикилиб турарди. — Опоқи… — деб уйқусирадим.
— Ёт-ётавер, қизим, безовта бўлма. Сен ҳам роса чарчадинг,-деб елкамга қоқиб қўйдилар.
Мен яна қайта бош қўйдим. Юраклари қаттиқ ва дадил урарди.
… Тонгнинг дастлабки нурлари дераза орқали тушиб, уйни ажалнинг совуқ нафасидан тозалашга киришганди. Aхир бобоси ва набирасига зулматда яшаш буюрилмаган эди.
2020-йил 13-июл
Bugungi sahifada sizga taqdim etilayotgan hikoya men uchun bir bayram boʼldi, deb aytsam soʼzimga ishoning. Hikoyani yozgan Sanjarbekning 16 yoshda ekani bir hayratlantirgan boʼlsa, hali ancha-muncha kamchiliklari boʼlishiga qaramasdan hikoya murakkab uslubda yozilgani yanada hayratlantirdi. Hikoyada aks etgan voqealar undagi bir necha qahramon nigohi orqali talqin etiladi. Ochigʼini aytsam, hikoyani oʼqish emas, uni uqish kitobxondan maʼlum bir diqqatu farosatni talab qiladi. Аyni shu uslub Sanjarbekning havaskor emasligini, uning kelgusida chinakam yozuvchiga aylanishiga boʼlgan ishonchni mustahkamlaydi.
Sanjarbek, hikoyangiz orqali yuragimga kirib kelgan quvonch uchun sizga — murakkab ijod yoʼli ostonasida turgan yosh ijodkorga Yaratgandan sabru toqat, yangi asarlar yozish baxtini soʼrab qolaman. Hikoyangiz qahramoni xitob qilganidek: «Har yoʼlning borishi va qaytishi boʼladi… » Shu jumladan adabiyotning ham.
P.S. Men faqat hikoya nomini oʼzgartirdim. “Аjalnafas oqshomlar” emas, “Qurigan olcha guli” deb qoʼydim.
Xurshid Davron
Oʼzbekiston xalq shoiri
25.07.2020
Sanjarbek Ikromov
QURIGАN OLCHА GULI
Dodimni eshitgin, Qodir Allohim!..
Abdurauf Parfi Oʼzturk
Soatim qoʼngʼirogʼi chirillay boshladi. Avvaliga salgina uxlasam-chi, dedim. Ammo boshqalarni ham uygʼotishim zarurligi, boʼlmasa vaqtni boy berib qoʼyishimiz yodimga tushdi-yu oʼrnimdan shaxd turdim. Tashqarida oʼlik sukunat betinim kezinmoqda edi. Faqat olis-olislarda itlarning hurishi, gohida yesa qurbaqaning vaqillashini eshitib qolish mumkin edi. Yuz-qoʼlimni yuvgach, oyimlarni uygʼotdim:
— Oyi, turing. Namozga kech qolamiz,- dedim. Negadir ovozim yaxshi chiqmadi, nafasim ichimga tushib ketaverardi.
— Ha boʼpti…- Oyim koʼzlarini ishqaladilar. — Borib tahoratingni qilib, namozingni oʼqi. Hozir chiqaman.
Shu bolaga ham qiyin boʼldi. Har tun xoʼroz endi qichqirganda, turib uygʼotadi. Kunduzi tinim yoʼq, sal boʼshasa ham soʼrida mungʼayib oʼtiraveradi. Uning kulgusini eshitmaganimizga ham bir haftadan oshdi (gohida maʼyus jilmayib qoʼyadi, ammo bu kulgu emas-da!). Ehh, qizim qanday edi-ya?! Koʼzlari tim qora va oʼti bor edi. Juda shaxdam, uncha-muncha ishni koʼrdim, demasdi. Endi esa…bir haftada choʼkib qoldi. Koʼzlari kulmay qoʼydi! Nigohi atrofga ishonchsiz va alamli boqadi. Boshini ustida likillab turgan, bugun-erta tushib ketishi mumkin xanjar kabi ogʼriqli taqdirni hazm qilolmayapti. Opoqisi…
Avval eng birinchi koʼzim tushgani — olcha daraxti boʼldi. U endigina gullagan, juda baland doʼnglikning ustida edi. Doʼnglik tikkasiga pastga — tubsiz joylarga tushib ketardi ( oʼsha yoqqa qarasam, boshim aylanardi) va yonida yana bir tepalik bor edi. Unda shaftolii oʼsgandi. Umuman butun atrof shu tepaliklar-u ustidagi bir tupdan mevalardan iboratga oʼxshab tuyilib ketardi. Ammo uzoqda…koʼz ilgʼamas joylarda, juda xushmanzara va chiroyli tekisliklar borligini koʼnglim sezib turardi. Mayin shabbodalar oʼsha tomonlardan bolalarning shodon qichqirigʼini, odamlarning esa hayotdan mamnun ovozlarini olib kelib qolardi. Shunda qaniydi, qanotlarim boʼlsa-yu gʼam-tashvishlarsiz, faqat hayotdan lazzat olib yashayotgan odamlar oldiga uchib borsam, deb oʼylardim. Biroq, qani oʼsha qanotlar?.. Oyogʼimdan tortar qora yer qaʼri.
Menga shu olcha daraxti soyasida oʼtirish buyurilganday edi, nazarimda.
Tahajjud namozini boshladim. Oyatlarni past ovozda, koʼnglimdan oʼtkazib oʼqirdim. Negadir rukuga egilganimda oyoqlarim qaltirab, tizzam bukilib ketardi. Namozda oʼzimni qanday tutishim kerakligini juda yaxshi bilaman. Boʼlmasa, opoqimni qayta koʼrmasligim mumkin… Namozni yakunlab, duo qilinadigan, Yaratgan Egamni oʼz hojatimiz, oʼz xohishlarimiz ila bezovta qiladigan pallaga yetib keldim.
-Ey Bor Xudoyo! Ey meni Yaratgan, Yoʼqdan Bor qilgan Zot! Bu qoʼllarimni oʼzim uchun duoga ochmadim. Opoqimni dardiga davo bergin,deb ochdim, ey Rahiym! Undan oʼz mehr-u muruvvatingni, karamingni ayamagin! Robbim, barcha ogʼriqlardan, azob-u uqubatlardan uni forigʼ yet! Hayotdagi nasibasidan, hali qilishi mumkin savobidan Oʼzing judo yetma!
Koʼzimdan yosh quyilib kelardi. Ongimda chalkash roʼyolar mavjud edi. Men goʼyoki osmonlardan balandda, Nurdan bino boʼlgan joyda oʼtirardim. Qarshimda ham faqat Nur bor edi, xolos. Men unga soʼzlamasdim…balki Hech nima demagandirman! Faqatgina Uning Buyukligi va Qudrati oldida oʼzimning juda mayda hasharot ekanligimni his etgancha, koʼzlarimni yumib oʼtirardim. Nur esa borgan sari kuchayib borar, ming xil jilva qilishda davom yetardi. Аlaloqibat U vujudimni kuydirib tashlardi. U yerda Men yoʼq edim. U yerda faqat U bor edi, xolos. Meni esa oʼziga singdirib yuborganday edi…
Har holda oʼzimning cheksiz xayolotimda Tangrimni shunday tasavvur etar edim.
— Komila, qizim, boʼldingmi?
Bechora! Uxlab qoldimikan?
Ichkariga kirdim. Qoʼlini duoga ochib, koʼzlarini yumib oʼtiribdi. Unga bir muddat tikilib turdim. Keyin u ham koʼzlarini ohista ochdi-da yuziga fotiha tortdi. Chiroq yorugʼida kiprigidagi inju donalariga koʼzim tushdi…
Juda uzoq ibodat qiladi-da! Shunday qiz ato etgani uchun Xudoyimga shukr. Epchil, chaqqon, hushfeʼl. Qurʼonni ham ancha yaxshi biladi. Boshqalardek behuda umr oʼtkazmaydi, tinimsiz kitob oʼqiydi…
— Qizim, endi sen uxlay qol. Dadang ham tahorat olayaptilar.
— Yoʼq, oyi, qoʼyavering. Bugun opoqimni oldilarida oʼtirmoqchiydim. Dadam dam olsalar yaxshi boʼlardi. . Kitob oʼqib oʼtiraveraman.
— Damingni ol degandan keyin, uxla-da, aql oʼrgatmasdan!..
Biram koʼngli nozikki, hozir ham koʼzlari gʼildirab qoldi. Asta “Xoʼp”, dedi. Taʼbim buzildi. Nima keragi bor edi qattiq gapirib?! Oʼzi shundoq ham boʼlari boʼlib yuribdi. Battar qilib bermasam edi. Ammo shunday qilmasam, uxlamaydi-da! Komila ham ogʼrib qolishini istamayman.
Oyim atay jahl qildilar. Gaplarini ikki qilmasligimni biladilar-da. Oyimga ham osonmas — boshlarida ham bizni, ham opoqimni tashvishi. Bularga chidab berish hammaning ham qoʼlidan kelavermaydi.
Olcha daraxti ham meva qilay, deb qoldi. Gullari asta-sekin toʼkilyapti. Bu ketishda yaqinda mevasi pishadi ham. Odam umri ham shu daraxtga qiyos yekan. Avval nihol boʼlib unadi, oʼsadi; umrining bahorida gullaydi ham. Soʼngra meva tugadi. Biroz oʼtib esa qovjiray boshlaydi. Yana bir qarabsan-ki…qurib qoladi. Hayotni bu falsafasini koʼpchilik tan olgisi kelmaydi. Ular buni rad etgisi kelaveradi. Ammo na iloj. Haqning oldida Yaratigʼi ne qilsin? Mening umrim ham tonggi bodi sabo kabi yeldek oʼtib ketganday. Odamlar hayotda shuncha yil yashab nimani bilding, desa, hayotga nega kelganimni anglab ulgurmadim, degan boʼlardim. Bu ham ulugʼ baxt, axir nega dunyoda koʼz ochganini tushunmaganini ham tushunmaganlar qancha? Lekin baribir oʼtmish kunlarimga afsus bilan boqaman. Nimalar qilishim mumkin edi?! Bu hayotda qancha ishim chala qolib ketdi… Agar qayta yaralishim mumkin boʼlgan-da, shu chala qolgan ishlarning betiga qaramasdim ham! Oʼylab koʼring, boy-davlat, orzu-havasdan ham ulugʼroq narsalar bor: oila, savob, Haq… Aslida, shular uchun yashash kerak emasmi?
Ichkari uyga kirdim. Dadasi hozir tahorat qilmoq uchun tashqariga chiqqandi (qaynotam ogʼrib qolgandan beri shunday — xoʼjayinim shu uyda yotadi). Xona toʼridagi toʼshakda qaynotam yotibdilar. Koʼz kosasi ichiga botib ketgan, yuzlaridan qon qochgan, tanada esa yolgʼiz suyakning oʼzi qolganga oʼxshaydi. Ehh! Togʼni talqon qilaman, deydigan baquvvat, yetmishdan oshganda ham uncha-muncha ishni koʼrdim, demasdilar. Mana bu toʼshakdagi odam esa oʼsha shonli tarixning, oʼtmish esdaliklarining bir sharpasiga oʼxshab qoldi.
… Oʼsha mashʼum kun bir hafta oldin yuz bergan edi. Dadam ahvoli bir joyda boʼlib qolgan eski doʼstlarini koʼrmoq uchun chiqib ketgan edilar. Qishloqda hozir yoshlar, oʼrtayasharlar juda koʼp; ammo dadam tengilar ikki-uchta qolgan, xolos. Odam yoshi oʼtgandan keyin suhbatdoshga muhtoj boʼladi, ular esa har doim ham topilgan emas.
Dadam oʼsha hamsuhbatini juda qadrlaganlari uchun ham har ikki kunni birida holidan xabar olib turardilar. Har safar doʼkondan bir juft qovun oladilar — doʼkonchining keyinchalik eslashicha, juda baquvvat boʼlgan odam qovunlarni koʼtarganda hansirab qolar ekanlar. “Olib kirib beraymi?”, der ekan oʼsha sotuvchi. Axir, borar manzil shundoqqina doʼkon roʼparasida edi-da. Dadam rad etib bosh chayqab, “Yoʼq, bolam, ishingni qilaver, qarichilik-da”, deb horgʼin jilmayar ekanlar. Щsha kuni yoʼl-yoʼlakay choyxonada ovqatlanayotganlar bilan ham salom-alik qilibdilar. Ular uchun ham otam juda charchagan koʼrinibdi. Qovunlarni koʼtarib shundoqqina oshxona yonidagi ulfatlarinikiga kirib ketibdilar…
— Dadasi, hoy dadasi?
— Ha, — dedim. Orqadan bir juft koʼz tikib turganini ichki sezgim bilan his qildim: xotinim uzoq oʼtirib qolganimdan xavotir olayapti.
— Boʼling, namozga kech qolasiz…
Xoʼjayinimga ham qiyin. Axir, otasi!.. Farzand uchun eng ogʼir narsa — padari yoki volidasining koʼz oldida soniya sayin, soatning har chiqillashi sayin zavolga yuz tutib borishi ekan. Farzand buni bildirmaydi, ammo yuragining tub-tubida bir ilhaqlik, kelajak uchun xavotir turadi. Buni birovga aytib yorila ham olmaydi. Oʼsha xavotir ch-ichdan kemiradi-da! Аna shu siqilishlar girdobida oʼzining ham yoshi oʼtib borayotganini sezmay ham qoladi.
Dadasi ham, mana bir haftadir-ki tuzuk-quruq yemaydi, choʼzilib uxlamaydi. Yoʼq, u qoʼrqadi! Uxlab qolishdan, mabodo uxlab qolganda yuz berishi mumkin hodisadan juda ham qoʼrqadi! Mana shu uning ishtahasini boʼgʼadi, aynan shu sabab uni uxlatmaydi.
Darvoqe, qizim uxladimikan?
Yotdim-yotdim, ammo uyqu inmadi. Bir yogʼi teraklar uchi yorishib kelardi. Oxiri turib, javondan kitob oldim: Alber Kamyuning «Kaligula» dramasi ekan. Ajoyib! Kamyuning mahoratidanmikan tezda voqealar ichiga kirib ketdim. Kaligula! Tarixning eng yovuz hukmdori. Insonlarni qatl qilgan, chopgan, otgan, terisiga somon tiqqan podshohlar juda koʼp, ammo Kaligula ular orasida yagona. U insonlar oʼrgangan hayotga, tabiat kuchlariga oʼzining cheksiz hokimiyati bilan qarshi chiqdi. Bu yoʼlda minglab insonlar halok boʼldi. Mana hozir ham Kaligula Mereyyani zahar berib oʼldirdi. Shuncha inson… Aytmoqqa osonmi? Oʼldirishdan koʼra tez bitadigan ish yoʼq, ammo hayotga qaytarish-chi? Mana biz bir haftadir-ki bobomni oʼziga keltirolmayapmiz!.. Uni oʼsha lahzalarda saqlab qolish uchun qanchalar tirishganimizni oʼzimiz-u bir Xudo biladi, xolos. Eslasam…titrab ketaman!..
Namozni oʼqib boʼlgach, xotinim bilan oʼrin almashdim. Qoʼyavering, dam olib oling, deydi. Oʼzimni bosdim. Dadam bu ahvolda yotibdilar-u men dam olarmishman! Keyin, mayli, dedim. Achinadi-da! Er bu er, qaynota bu qaynota-da!
Oʼsha lahzalarda ham yuzimni koʼrib, oqarib ketgandi.
— Shpristni olib chiqasanmi, yo yoʼqmi?! — Beixtiyor baqirib yubordim.
Otam oʼrtoqlari bilan gaplashib oʼtirganlarida birdan boshini changallagan-u orqaga tashlab bukchayib qolganlar. Doʼstini koʼzi ojiz edi, oʼshanda otamning ahvolini sezmay qolgan.
— Bir yaxshi gaplashib oʼtirgandik. Birdan bir nima gursillaganini, soʼng tipirchilash aro xirqiroqni eshitdim. “Ikromjon, Ikromjon! Nima boʼldi, Ikromjon!”, deb yon-verimga bezovta alangladim. Koʼnglim bir yomonlikni sezgan edi. Tizzalagancha, yerni paypaslab, uni izlay boshladim. Baxtimga ovozimni eshitib, ikki oʼgʼlim kirib qoldi. Biri Ikromjonni doʼxtir oʼgʼliga xabar bergani yugurdi. Ikkinchisi, meni joyimga oʼtkazib qoʼyib, oshnamga qarab turdi. Meni ham sogʼligʼim yomonlashib borardi. Axir, yetmishdan oshgan odam osongina hazm qilolmaydi-ku yaqinini bu ahvolda yotganini!
Ahvolni Munis aka yetkazganda, voyishga narvon qoʼyib xomtok qilayotgan edim. Narvondan qanday sakrab tushganim, qanday chopib ularnikiga kirganim aniq-tiniq yodimda yoʼq. Faqat juda qattiq hayajonlanganimni eslayman, xolos. Dadam yerda boshlarini changallagancha, qaltirab yotardilar. Tanalaridagi jamiyki tomirlari boʼrtib chiqib ketgandi. Bu holatni bilaman — asab huruji edi. Agar tezlikda chora koʼrilmasa ajrab qolishimiz mumkinligini angladimu avvalo, «Tez yordam» ni surishtirdim. Xabar qilinganini bilgach, yoʼlning naryogʼidagi dorixonaga yugurdim. U yerdan bir-ikki tomirga ulaydigan dorilarni oldim. Qaytib kirsam, dadam butunlay koʼkarib ketgan edilar. Hovliqqanimdan tomirlariga tusha olmadim. Ammo taslim boʼlgim yoʼq edi. Tomirlar oʼynab; goh boʼrtib, goh yoʼqolib ketardi. Nihoyat, Xudo yorlaqab toʼrtinchi urinishda dorini qonlariga yubordim. Orada «Tez yordam» yetib keldi. Ular bilan fikrimiz bir joydan chiqdi: dadam kasalxonaga yetib olgani chidam bermasdilar! Yotgan toʼshaklari bilan koʼtarib, uyimizga olib chiqdik. Dadam sal tinchlanib qolgandilar. Ammo uyga olib kirib, yotqizishimiz bilan birdan yanada qattiq qiynala boshladilar.
Xotinim koʼzlarini olaytirgancha, hech nimani tushunmagan kabi qotib turardi.
— Osma ukolni tayyorla! Mana dorilar, — dedim unga qarab — Uxlama! Hozir dadam oʼlib qoladi…
Tomogʼim gʼippa boʼgʼilib, qotib qolgan xotinimni qoʼyib, oʼzim ichkariga kirib ketdim. Tezda osma dorini tayyorlab chiqdim va ulab qoʼydim (tuman kasalxonasida bosh vrachligimni biladigan «Tez yordam» dagilar dadamni olib chiqishib berib ketishgandi).
Baribir kechikkandim. Dadam hushlarini yoʼqotdilar. Avval nahot, boy berib qoʼydim, deb oʼyladim. Keyin oʼzimni bosib qarasam, yurak uryapti! Bilinar-bilinmas nafas olayaptilar ham. Bari bir xavotirim bosilmadi. “Tamom! Endi buyogʼi Xudodan!” deb oʼyladim. Endi bemor tiriklik va oʼlim sharobi aro nomaʼlum muddat tentiraydi, abadiylik va lahzani har nafasini ming karra yashab oʼtadi va bir tuygʼuni oylab tuyadi.
Biroq koʼnglimning bir chekkasida umid bor edi! Eng muhimi shu. Faqat joyidan jildirilmasa, oʼrnidan qoʼzgʼatilmasa, bas; buyogʼi Xudodan, yolgʼiz Xudodan…
Olcha daraxti qovjiray boshladi. Mening ham tanamni quvvat tark yetayotganini his etardim. Qani edi Haq dargohida koʼz ochsam!.. Axir bu hayotda meni ne ushlab turibdi? Bir odam qanday umr kechirsa, oʼshancha, balki undan ham ortiq yashadim. Hayotda hayratlangudek, faqat bir narsa qoldi: Yaratganning marhamatlari. Ular senga umring yoʼllaringda hamroh boʼladi, biroq ularni topa olsang bas. Sen Haqiqatga yuz burar ekansan, Tangrining ne chogʼli karami keng Zot ekanligini tushuna boshlaysan; necha marta kechirganini, gunohlaringdan koʼz yumganini beixtiyor anglab qolasan…va shukr qilasan! Mana shu hayratlantiradi meni.
Olcha daraxti quriy boshlagani va ongimda Haqiqat jilva qilayotganidan meni Abadiy hayotga chorlashayotganini his qildim. Bir kitobda yozilganidek quyosh botyapti, pahlavon…
***
— Oyi, turing, namoz oʼqiydigan vaqt boʼldi…
Yana uch kun oʼtdi. Opoqim juda qoʼrqinchli boʼlib ketdi: tanasi sovuq, suyaklari boʼrtib chiqib ketgan, qovurgʼalarini bemalol sanash mumkin. Biror marta qimirlab ham qoʼymaydilar.
— Dada bugun men oʼtiraman, siz damingizni oling, — dedim sekin. Dadam bir nuqtaga tikilgancha indamay oʼtirardilar. Eshitmadilar shekilli.
— Dado?
— Ha, bolam… — Tuyqus menga qaradilar. Koʼzlari gʼalati boʼlib ketgandi. Inson nigohiga oʼxshamasdi qarashlari.
— Opoqimlarni oldilarida men oʼtiraman bugun, — dedim sekingina. — Namozingizni oʼqib oling.
— Xoʼp, onaqizim, sen oʼtira qol, — dadam negadir siniq kulimsirab oʼrinlaridan turdilar. Qiziq, oyimga biror marta ruxsat bermagandilar. Nega bunchalik tez unadilar ekan?
Allohga beadad shukrlar boʼlsinkim, farzanddan yolchidim. Oʼzi bitta qiz boʼlsayam oʼnta bolani oʼrnini bosadi. Aslida, Toshkentda oʼqishiga ruxsat bersam ham boʼlardi, ammo oʼshanda baribir koʼnglim boʼlmadi. Qizimdan xavotirlanmayman, ammo negadir oʼqishga kiraman, desa kayfiyatim buzilardi. Ena qizim oʼqiydi, deydigan ham shu dadamlar edi.
Opoqim doim dadam bilan tortishardilar. Ena qizim Toshkentda oʼqiydi, oʼqitasan ham, derdilar otamga. Agar… Dadam oʼqitmaydilar. Soʼnggi umid iplarimni uzma, Xudojon..
Shularni oʼylab oʼtirarkanman, sekin-asta uyqu elita boshladi. Boshim sal yonga quyi egildi-yu mizgʼib ketdim.
«… Chamanzor bogʼmish… Juda chiroyli! Afsonalarda nomlarini eshitish mumkin boʼlmish gullar anvoyi hidlar taratib gurkirab yotardi. Boshim aylanib qolay dedi. Shunda qop-qora anjirga koʼzim tushdi. Tim qora boʼlib rosa yetilgan edi. Rosa yegim keldi! Qoʼlimni uzatdim, ammo yetmadi. Nazarimda, kichrayib borayotgandek edim. Haqiqatan, qoʼgʼirchoqdek boʼlib qolgandim. Shunda baquvvat qoʼllar dast koʼtardi-yu mevaga yetkazib qoʼydi. Uni uzib, ortimga oʼgirildim.
— Opoqi! — Baqirib yuborib, bagʼrilariga oʼzimni otdim. Ular yesa juda ham ulkan boʼlib ketgan edilar. Ichlarida singgib ketdim shekilli.
— Ena qizim, bu yerlarda nima qilib yuribsan? — deb soʼroqqa tutadilar bobom erkalagancha.
— Sizni olib ketgani keldim. Men bilan ketasiz-a?
— Qaniydi, oʼz qoʼlimda boʼlsa… Ammo Xudoni hukmi shu, qizim. Har yoʼlning borish va qaytishi boʼladi.
— Men buni istamayman! Eshitayapsizmi, istamayman! Istamayman!..
Opoqim yupatishga urinardilar, ammo men bor ovozim bilan baqirardim: — Istamayman!!!
Qulogʼim ostida esa bobomni soʼnggi soʼzlari qoldi:
— Har yoʼlning borishi va qaytishi boʼladi… »
Olcha qovjirab qoldi. Endi meni ham hayot quvvati tark eta boshlagandi. Shunda uzoqdan otda bir yigit keldi. Xushsurat, koʼrkam.
— Assalomu alaykum, keling. Afsus, oʼrnimdan tura olmayman. Tobim yoʼq.
— Va alaykum assalom. Hechqisi yoʼq. Men ham charchogʼimni bosmoq uchun huzuringizda bir muddat nafas rostlayman. Keyin esa birga ketamiz.
— Nihoyat…olib ketar ekansiz-da!
— Nima, qoʼrqayapsizmi? — U huddi qalbimga fikrat nuri ila boqib, fikrlarimni oʼqib turgandek edi.
— Haa…kim ham Abadiyat ostonasidan biroz hayajon bilan oʼtmaydi, deysiz?
— Ammo sizni u yoqqa olib bormayman-da!
— Nega? — Hayron boʼldim.
— Chunki bu dunyoda rizqingiz hali tugamagan.
— Baribir yoshimni yashab boʼldim, qaytib nima ham qila olardim? Boʼladigan ishni ertaroq boʼlgani maʼqul, agar u yaxshilik keltirsa…
— Bu siz uchun umrning soʼnggi qadamlari emas, balkim bir sinovdir. Aslida, inson inson uchun imtihondir. Biz siz orqali yaqinlaringizni imtihon etdik va ular kutgan natijani — sizni taqdim yetamiz!..
Va u tepaga ishora qildi.
Olcha yana gullay boshlagandi…
***
Boshimni sezmagan holda bobomni koʼkraklariga qoʼyib olibman. Bir nima qattiq urayotganidan uyqum buzildi. Boshimni horgʼin koʼtarib koʼzimni ochdim. Bir juft koʼzlar menga tikilib turardi. — Opoqi… — deb uyqusiradim.
— Yot-yotaver, qizim, bezovta boʼlma. Sen ham rosa charchading,-deb yelkamga qoqib qoʼydilar.
Men yana qayta bosh qoʼydim. Yuraklari qattiq va dadil urardi.
… Tongning dastlabki nurlari deraza orqali tushib, uyni ajalning sovuq nafasidan tozalashga kirishgandi. Axir bobosi va nabirasiga zulmatda yashash buyurilmagan edi.
2020-yil 13-iyul
Baraka topsin…
Кўзларимга ёш келди… Санжарбекка омад тилайман!
Qoyil 16 yoshda bunday hikoya yozish hammaning qo‘lidan kelavermaydi. Faqat omad tilayman