1975 ва 1977 йилларда устоз Ҳамид Сулаймон бошчилигида Ҳиндистонга қилинган экспедициялар ўзбек адабиёти тарихининг ҳалигача номаълум тарҳларини очди. Ҳофиз Хоразмий, Саид Қосимий, Фориғий, Дийда, Азфарий каби қатор, биз билмаган туркийгўй шоирлар қўлёзмалари Ҳиндистон фондларида мавжуд эканлиги аён бўлди.
Экспедиция давомида, Бобир ҳаёти ва ижодига оид қўлёзмалар изланиб, диққат билан ўрганилди. Ҳиндистон қўлёзма фондларида бошқа туркийгўй шоирлар қатори, Заҳириддин Муҳаммад Бобир асарлари қўлёзмаларининг янги нусхалари ҳам сақланмоқда экан. Бу янги нусхалар Бобир ижодини янада чуқурроқ ўрганишда катта имкониятлар яратди. Ваҳоланки, бизга Бобир шеърлар тўпламининг Париж, Рампур ва Туркия кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма нусхаларигина маълум бўлиб, ўз навбатида улар ҳам шоир меросини нашр этишда бир-бирларини тўлдирадиган нодир қўлёзмалар эди. Айтиш керакки, мазкур қўлёзма нусхалардаги Бобир шеьрлари то ҳануз тўлиқ чоп этилмаган. Davomini o'qish