Машҳур қўшиқчи Демис Руссос оламдан ўтди

01

Машҳур юнон қўшиқчиси Демис Руссос 69 ёшида оламдан ўтди. Дунё бўйлаб 60 миллиондан зиёд пластинкаси сотилган афсонавий қўшиқчи Юнонистон пойтахти Афинадаги шифохонада вафот этган.

088

Демис Руссос Ўзбекистонга 2012 йилнинг кузида келган ва 9 октябри куни катта концерт берган эди. У ўзбек томошабинларнинг олқишларидан қувонганини яширмай, дастур давомида бир неча бор ҳаммани ҳайратга солиб, “Раҳмат!” ва “Салом Тошкент!” сўзларини ўзбек тилида айтган эди. Буюк қўшиқчи саломатлиги ёмонлиги сабаб, бутун концерт давомида ўтирган ҳолатда қўшиқ куйлагани кўз ўнгимда турибди.
Хонанда «Goodbye my love, goodbye», «Rain and tears», «We shall dance», «Quand je t’aime» қўшиқларини куйлаганда, залдаги барча томошабинлар қўлларидаги қўл телефонларини ёқиб, худди шам каби баланд кўтариб, хонандага жўр бўлиб куйлаган эдилар.

Артимиос (асл исми) Демис Руссос 1946 йил 15 июнда Мисрда, Александрия шаҳрида туғилган. Унинг отаси архитектор бўлган. Маълум бир муддатдан сўнг, оила Грецияга қайтишган. Санъатга алоҳида меҳр қўйган, ўзига тўқ оила фарзанди бўлишига қарамай, Демис тақдир тақозоси билан ёшлигида мусиқачи сифатида Кабареда ишлашига тўғри келган. Чунки, у гитара, труба(пуфлаб чалинадиган мусиқа асбоби) ва пианино чалишни яхши биларди.

04

1963 йилда у ўз мусиқачилар гуруҳини ташкил этди. Ўзи гуруҳда бас-гитарада ижро қилиб, иккинчи овоз сифатида нақоратларни куйларди. Бир гал гуруҳ яккахони дам олган вақтида, ундан ўзи ўрнига куйлаб туришини илтимос қилди. Шунда Демис, The House Of The Rising Sun» классик қўшиғини ва Перси Слэджнинг «When A Man Loves A Woman» қўшиғини куйлаб берди. Барча унинг овозидан ҳайратга тушди ва ундан яна қайта куйлашини сўрайдиган бўлишди. Натижада, у янги «We Five» гуруҳини ташкил қилишига ва ўзи яккахон хонанда сифатида куйлашига тўғри келди. 1968 йилда у яна бошқа истеъдодли мусиқачилар Лукас ва Вангелис билан танишиб, янги гуруҳ тузишиб, машҳурлик ниятида Грецияни тарк этишди. Аввалига Буюк Британия, кейин Франция Парижга боришди.

Лу Рейснер номли машҳур продюсер улар билан ишлашга рози бўлди ва гуруҳга «Aphrodite’s Child» деб янги ном берди. Аввалига гуруҳ фаолияти яхши эди, лекин кейинчалик гуруҳи бўлиниб кетди. Шунда, Демисга овоз ёзиш студияси яккахон хонанда бўлиб чиқишни таклиф қилди. Унинг биринчи хит қўшиғи «We Shall Dance» ва биринчи мусиқий альбоми «On the Greek Side of My Mind», Италия, Испания, Франция, Голландия, Германия ва Скандинавиягача машҳур бўлиб, европа хит парадларида 5 ўринни эгаллади! Сўнг, унинг «We Five» гуруҳидаги дўстларидан бири С. Влавианос унга My Friend The Wind», «Forever», «Velvet Mornings» каби кўплаб хит қўшиқлар ёзиб берди. Машҳурликка эришган Демис Руссос ўзининг мусиқий гуруҳи билан бутун дунёни айланиб чиқди, концертлар берди. Бразилияда у 150 минг кишилик стадионни томошабинлар билан тўлдиришга эриша олган иккинчи хонандадир. Ундан олдин, фақат Френк Синатра бундай муваффақиятга эриша олганди.

1978 йилда эса, Демис карьера ва шахсий ҳаёти ҳақида ўйлаб олиш учун, саҳнани тарк этди. 1985 йилда у ижодга қайтди! Дарҳол 20 та янги қўшиқлар ёзди ва «The His-tory Of Demis Roussos» (Демис Руссос тарихи) мусиқий альбомини чиқарди, жонли ижрода концертлар берди.

021

(Tashriflar: umumiy 99, bugungi 1)

Izoh qoldiring