Tursunboy Adashboev. Muqallid va hazil she’rlar.

Ashampoo_Snap_2017.06.05_17h50m03s_001_.png1 январ — Атоқли болалар шоири Турсунбой Адашбоев таваллудининг 75 йиллиги

    Турсунбой Адашбоев Ўш вилоятида туғилган. Шоир туғилиб ўсган Сафед- Булон қишлоқ аҳли беозор ҳазилкашлиги билан водийга танилган. Шунга кўра, шоирдаги ҳазилкашликни,нозик қочиримларни туғма хислат десак ҳам бўлади.

044

561dedfbe6fea.jpgКичкинтойларнинг севимли шоири Турсунбой Адашбоев сўзни сўзга жуфтлаб, ўз ҳайратию бор ғайратини қоғозга тушира бошлаганида 12-13 ёшларда бўлганини соғинч билан хотирлайди. «Менинг адабиётга кириб келишим, – деб ёзади шоир, – аввало, муаллимларимнинг, қолаверса, Абдуллажон Шаитовдай фидоий, адабиётга жуда меҳр қўйган одамларнинг таъсири туфайли бўлган, десам адашмайман.

Олтинчи синфда ўқиб юрган кезларим «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасида машҳур олим Ҳоди Зарифнинг бир хати чиқди. Хатда газетхонларга халқ ичидаги достонларни ёзиб олишга ёрдам сўраб мурожаат этилганди. Мактабимиз директори газетани олиб келиб, қишлоқдаги тўйларда достон айтиб юрадиган Олим қарға деган кишини топиб, достонини ёзиб жўнатгин, дедилар менга. Мен бу ҳақда Ҳоди Зарифга хат ёздим. Ҳоди акадан: Ука, достоннинг ҳеч қаерига қўшмасдан, оғзидан қандай чиқса шундайлигича ёзиб жўнатишингизни илтимос қиламан, деган жавоб келди.

Бу «Ёзи билан Зебо» достони эди. Хуллас, мен Олим қарғани изладим, у киши қўшни қишлоқда пахса ураётган экан. Олим акани иш устида топдим, танишдим, мақсадимни айтдим. «Бўлди, менга бир ҳафта қоғоз қоралашасан, сенга достон айтиб ўтирсам, тирикчилигим қолиб кетади. Кечқурунлари ёзамиз», деди. Келишдик. Бир ҳафта деганда достонни қоралаб олдим ва Ҳоди Зариф домлага жўнатдим… Мана шу ўқувчилик йилларидаги қизиқишларим мени катта адабиётга етаклаган бўлса, ажабмас».

Кўринадики, кўпчилик ижодкорларда бўлгани каби Турсунбой Адашбоев истеъдодининг куртак отишида эртагу достонлар, ривояту чўпчаклар мисолидаги фольклор асарларининг роли катта бўлган. Дарҳақиқат, оғзаки сўз санъати қатига яширин бетакрор сеҳр-жозибага ошуфталик шоирнинг бутун ижодини ичдан нурлантириб турадиган омиллардандир.

Илк асарлари билан Миртемир ва Қудрат Ҳикмат каби устозлар эътиборини тортган, айни пайтда улардан олган сабоқларига юксак эътиқод билан амал қилиб келаётган Турсунбой Адашбоев бугунги кунда ўзбек болалар шеъриятининг етакчи намояндаси ҳисобланади.

1939 йилда қардош Қирғизистоннинг Ўш вилоятига қарашли Олабуқа туманидаги Сафед Булон қишлоғида таваллуд топган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби, шоир, таржимон ва ношир Т.Адашбоев катта ҳаёт ва сермашаққат ижод йўлини босиб ўтди.

Турсунбой Адашбоев
МУҚАЛЛИД ШЕЪРЛАР
007

ЯЛПИЗ ҲАҚИДА КИМ ҚАНДАЙ ЁЗАРДИ?
01

Садриддин САЛИМ:

Ўрмонда юрардик «Эрка қуш»* билан,
Муҳаббат шукуҳин дилдан ҳис қилиб.
Шу маҳал бир тутам кўм-кўк ялпизни,
Азизим, қулоққа олдинг қистириб.

Ажойиб тароват касб этмиш олам,
Тўқайзор гунг-карахт унинг мушкидан.
Булбуллар чах-чахлаб бошингда учиб,
Майналар йўрғалаб тушар кўшкидан.

Елкамга йўналдинг моҳитоб «Оққуш»*,
Ялпиздан сархушман, маст эрур ёз ҳам.
Кўрса гар яқосин ушлаб қоларди,
Бухоролик Ҳусайн зангуласоз** ҳам.

* «Эрка қуш»,»Оққуш» — шоир китобларининг номи.
** Зангуласоз — қўғирчоқ ясовчи уста.

Хуршид ДАВРОН:

Оқ тонглар,оқ ранглар бағрида,
Қишлоғим кўзимдан ўтади.
Димоқни ёргудай безавол,
Анқийди ялпизнинг кўкати.

Майсалар ҳидига кўмилиб,
Сайхонлик қўйнида ётсамми,
Ажабо, ер билан осмонни
Ялпизлар, ялпизлар босганми?!

Тилак ЖЎРА:

Мовийгина анҳор бўйида,
Хиёбон бўш. Хиёбон салқин.
Хилватгина жойда ўтириб,
Мен ялпизни қиламан талқин.

Намчилгина оқшом қўйнида:
— Танҳогинам,- дер йигит сармаст.
Нилийгина бу ранглар аро
Сенга ялпиз, менга-чи сарбаст.

Шукур ҚУРБОН:

Чол қопини қўлтиқлаб аста,
Тоғ йўлидан тушади пастга.
Қушлар чолни олқишлаб,сайраб
Насибасин теришар яйраб.

Енгил нафас олади бобо,
Аста ўйлаб қолади бобо.
Хаёлидан ўтади бир-бир:
Декчага ўт қалаган кампир,
Ялпиз солган қайнатма шўрва
Ва шифтдаги тўқочли тўрва…

Усмон АЗИМ

Шовқинзор шаҳар. Ёмғирли кеч.
Дим бўлмада бошим гангийди.
Мажруҳ шеърлар уюми узра
Папироснинг ҳиди анқийди.

Раҳми келиб кўкдаги ой ҳам
Хонам узра фонусин сунган.
Айри тушиб ёр ва қаламдан
Боролганим йўғ-а Бойсунга.

Ялпизингни хумори тутди,
Бойсунжоним! Бойсуним! Бойсун!
Хотин, ялпиз қўшгин қатиққа,
Мушк анбарин хонамга ёйсин.
Бойсунжон! Бойсун!

Муҳаммад РАҲМОН:

Уч-тўрт бола даладан
Қўшиқ айтиб қайтадир.
Ё бойчечак, ё бинафша,
Ғунча очган қайдадир.

Бинафшами?! Йўқ,оғайни,
Димоқ ёргай бир атир.
Бу ялпиздир, баъзи ерда
«Ҳулва»* дея айтадир.

Уни излаб ариқлардан
Хатлаб-хатлаб чопамиз.
Сўнг ялпизли чучмомани
Улашади опамиз…

* Ҳулва — Андижон,Ўш томонларда ялпизни шундай ҳам аташади.

Шавкат РАҲМОН:

Тонг отар чоқ ялпизлар узра
Дўниб қолган марварид шабнам.
Лўли қизнинг кўз ёшимикин?
Азал шундай бу рангин олам.

Ялпизларнинг ифорли иси,
Бор кадарни енгмоққа шайдир.
Сакро-Монто* чўққиларида

Балки шундай гиёҳ яшайдир.
Ажабланган ҳатто Лорка** ҳам
Қиёссиз бу рангин оламдан.

* Сакро-Монто — Испаниядаги тоғнинг номи.
** Гарсиа Лорка — буюк испан шоири.

МЕН ШУНДАЙ ЁЗАРДИМ:

Онам ишдан қайтдилар,
Ялпиз тер деб айтдилар.
Анҳор бўйига чопдим,
Бир челак ялпиз топдим.
Сизга айтсам чин сўзим,
Терганим йўқ бир ўзим.
Раҳмат айтдим Боқига,
Қойил дедим Соқига.
Ялпиз солса қурт тушмас
Олма ўрик, қоқига…

ДАНАК ҲАҚИДА КИМ ҚАНДАЙ ЁЗАРДИ?
01

Қуддус МУҲАММАДИЙ:

Тарқалди шундай миш-миш:
Данакнинг думи бормиш.
Қараб боқ — довуччани
Узсанг бир ҳовуччани,
Уни тутиб тургундай
Банди бордир,Турғунбой.

Данак мағзи — ёғ бўлур,
Эксанг борми, боғ бўлар.
Қоқиси — чули-кампот,
Ичиб кўнглинг чоғ бўлар.
Данакдай эмиш кишмиш,
Шу билан тамом миш-миш.

Пўлат МЎМИН:

Спорт билан ўқишни
Боғлар Салимжон-нимжон,
Данак чақиб кўнглини
Чоғлар Салимжон-нимжон.

Толиб ЙЎЛДОШ:

Катталарга салом бер,
Кўксинг узра қўйиб қўл.
Оғзинг очиб анқайма,
Данакдайин пишиқ бўл.

Ҳамидулла ЁҚУБОВ:

Бузилмайди —
Пинагим,
Пинагим.
Чақилмайди —
Данагим,
Данагим.

Миразиз АЪЗАМ:

Бир чўнтакча данакни
Ютиб олиб Ботирдан,
Жимит бола Мирвосил
Ўтиб борар хотиржам…

Йўлдош СУЛАЙМОН:

Данагини чақолмай
Раҳима,
Эрта-ю кеч қилади
Ваҳима.

Сафар БАРНОЕВ:

Дадамнинг қўллари
Теккан шу данакка,
Пишганда ажралар
Пуч билан саракка.

Обид РАСУЛ:

Сабзи,шалғом,турпнинг
Ошқовоқдан фарқи бор.
Самарқандда шўр данакннинг
Ўзига хос нархи бор.

Одил АБДУРАҲМОН:

Пақ этди,
Шақ этди,
Бир данакни ғозга отсам,
Ғақ этди…

Рауф ТОЛИБ:

Илмлилар минг яшармиш,
Қайнаса фан ўчоғида.
Лозим бўлса сузмоқ керак,
Ҳатто данак пўчоғида.

Султон ЖАББОР:

Аштанг-паштанг мағизини,
Содиқ кўриб «Зўр-а!» дейди.
Биласизми, чуст томонда
Довуччани ғўра дейди.

Ҳабиб РАҲМАТ:

Ҳайрон бўлманг, қор ёққанда,
Қиш кевотти десамиз.
Гашти бордир танчада
Данак чақиб есамиз.

МЕН ШУНДАЙ ЁЗАРДИМ:

Бир ҳовучча данакдан
Бир ҳовуч қопти, демак —
Қоронғида шоирлар
Кўрмаган бўлса керак.

ҲАЗИЛ ШЕЪРЛАРДАН
01

ФИКР  ҚИЛДИК…

Нашриётга бир жуфт китоб
Келган эди намунага,
Бири Анвар Обижонга,
Иккинчиси каминага.

Андижонлик муаллифдан,
Бизга совға этилганди.
«Ўқиб чиқинг,фикр қилинг!
Ф. Усмон» деб битилганди.

Инсоф берсин қаламкашга,
Лекин,дастхат тегди ғашга.
Ўқиб чиқдик, ёзганлари
Арзимади фикрлашга…

БОЛАЛАР УЧУН ШЕЪРЛАР
01

АНҚОВ

Бир бола бор, гапларини
Уққан одам кулади.
— Беш тийинлик шарингизни
Нархи қанча туради?

ҚУДРАТ ҲИКМАТ АЙТГАН ЭДИ…

Болаларга шеърлар ёзсанг,
Мавзу турфа, янги бўлсин.
Қизғалдоқдай ёниб турган
Кўрки билан ранги бўлсин.
Ҳар бандида, сатрларда
Мақсад тайин, қисқа бўлсин,
Шўх, ўйноқи, ростгўйликда
Ибратли гап — нусха бўлсин.
Болаларга шеърлар ёзсанг,
Мавзу турфа, янги бўлсин.
Қизғалдоқдай ёниб турган
Кўрки билан ранги бўлсин.
Ҳар бандида, сатрларда
Мақсад тайин, қисқа бўлсин,
Шўх, ўйноқи, ростгўйликда
Ибратли гап — нусха бўлсин.
Кутилмаган қофияни
Марвариддай териб ташла,
Панд-насиҳат масаласин
Отасига бергин ошна.
Бўлар-бўлмас гапни ёзиб,
Шеърнинг қадрин арзон қилма.
Китобхоннинг вақтин тежа,
Беҳудага сарсон қилма.
Қобиғингга ўралмасдан
Ўқи жаҳон дурдонасин,
Асалари қолдирмайди
Гулнинг сара бир донасин.
Болаларга асар ёзсанг,
Қувноқ, дилгир содда бўлсин.
Кичкинтойнинг сўз бойлиги
Луғати ҳам ёдда бўлсин.
Вазнларни ихчам қилгин,
Хулосани айла пухта.
Аниқ фанга йўналтириб,
Фалсафани эт омухта…

ОЛАҚАНОТНИНГ ПОЛОПОНЛАРИГА НАСИҲАТИ

Насибанг боғу роғда,
Азизим, полапоним.
Лочинлар ҳам лол қолсин,
Жонингга пайванд жоним.
Бургутлардай ёвқур бўл!
Барча гап аҳилликда.
Пайтин топиб, бехосдан
Ўлжангга ташлан тикка!
Қораялоқ, Қарқуноқ,
Қарға билан Ҳаккалар —
Улар ўғри, инидан
Қувиб чиқинг яккалаб.
Ўжарлик, муттаҳамлик
Фақат бизга ярашар,
Буни айни замонда
Ботирлик деб санашар.
Мевазор боғни кўриб,
Кўзинглар тўрт бўлади.
Олмурутни чўқиманг,
Бандлари мўрт бўлади.
Татиб кўринг майлига
Меванинг ҳар хилига,
Танлаб енглар, илтимос,
Энг ширин, сарҳилини.
Чилги билан узумни
Шингилида қолдирманг,
Гилос, хурмо, нокларни
Чумчуқларга олдирманг.
Олғирларнинг ҳамиша
Олчи турар ошиғи,
Бўлманг асло қушларнинг,
Сиз ялама қошиғи.
Олақанот дейдилар,
Ота-бобонг отини.
Ўтирмагин, болажоним,
Мусичадай тортиниб…

ОСМОН ҚАЙДАН БОШЛАНАДИ?

Токқа бошин қўйса қуёш,
Уфқ ортин чўғ қиларкан.
Бургут учун осмон асли
Бошланади чўкқилардан.

Чумолининг вақти зиқроқ,
Гапи қисқа, қалби қайноқ.
Унинг учун кўк гардиши
Олтин рангли момақаймоқ.

Мирзачўллик деҳқон бобо
Гурунг бошлар олисдан:
— Ўтар осмон чегараси,
Бизнинг қовун полиздан.

Мурунтовлик мерган айтар:
— Куни-кеча қайтдим овдан.
Ўзим кўрдим, осмон асли,
Бошланаркан Тангритоғдан.

ТУПРОҚ

Аждодлардан мерос бўлиб
Қолган тупроқ.
Боболарнинг қон ва тери
Томган тупроқ.
Қизғалдоқлар очилганда
Қилмай канда,
Қир-адирлар гулхан бўлиб
Ёнган тупроқ.
Тўкин-сочин дастурхонни
Солган тупроқ.
Дори-дармон, синовлардан
Толган тупроқ.
Қотилни ҳам, ботирни ҳам
Сукут сақлаб,
Эҳтиётлаб, ўз бағрига
Олган тупроқ.
Боболарнинг қон ва тери
Томган тупроқ.

tursunboy_adashboyev.jpg1 yanvar — Atoqli bolalar shoiri Tursunboy Adashboyev tavalludining 75 yilligi

Kichkintoylarning sevimli shoiri Tursunboy Adashboyev so‘zni so‘zga juftlab, o‘z hayratiyu bor g‘ayratini qog‘ozga tushira boshlaganida 12-13 yoshlarda bo‘lganini sog‘inch bilan xotirlaydi. «Mening adabiyotga kirib kelishim, – deb yozadi shoir, – avvalo, muallimlarimning, qolaversa, Abdullajon Shaitovday fidoiy, adabiyotga juda mehr qo‘ygan odamlarning ta’siri tufayli bo‘lgan, desam adashmayman.

Oltinchi sinfda o‘qib yurgan kezlarim «Qizil O‘zbekiston» (hozirgi «O‘zbekiston ovozi») gazetasida mashhur olim Hodi Zarifning bir xati chiqdi. Xatda gazetxonlarga xalq ichidagi dostonlarni yozib olishga yordam so‘rab murojaat etilgandi. Maktabimiz direktori gazetani olib kelib, qishloqdagi to‘ylarda doston aytib yuradigan Olim qarg‘a degan kishini topib, dostonini yozib jo‘natgin, dedilar menga. Men bu haqda Hodi Zarifga xat yozdim. Hodi akadan: Uka, dostonning hech qayeriga qo‘shmasdan, og‘zidan qanday chiqsa shundayligicha yozib jo‘natishingizni iltimos qilaman, degan javob keldi.

980.jpgBu «Yozi bilan Zebo» dostoni edi. Xullas, men Olim qarg‘ani izladim, u kishi qo‘shni qishloqda paxsa urayotgan ekan. Olim akani ish ustida topdim, tanishdim, maqsadimni aytdim. «Bo‘ldi, menga bir hafta qog‘oz qoralashasan, senga doston aytib o‘tirsam, tirikchiligim qolib ketadi. Kechqurunlari yozamiz», dedi. Kelishdik. Bir hafta deganda dostonni qoralab oldim va Hodi Zarif domlaga jo‘natdim… Mana shu o‘quvchilik yillaridagi qiziqishlarim meni katta adabiyotga yetaklagan bo‘lsa, ajabmas».

Ko‘rinadiki, ko‘pchilik ijodkorlarda bo‘lgani kabi Tursunboy Adashboyev iste’dodining kurtak otishida ertagu dostonlar, rivoyatu cho‘pchaklar misolidagi folklor asarlarining roli katta bo‘lgan. Darhaqiqat, og‘zaki so‘z san’ati qatiga yashirin betakror sehr-jozibaga oshuftalik shoirning butun ijodini ichdan nurlantirib turadigan omillardandir.

Ilk asarlari bilan Mirtemir va Qudrat Hikmat kabi ustozlar e’tiborini tortgan, ayni paytda ulardan olgan saboqlariga yuksak e’tiqod bilan amal qilib kelayotgan Tursunboy Adashboyev bugungi kunda o‘zbek bolalar she’riyatining yetakchi namoyandasi hisoblanadi.

1939 yilda qardosh Qirg‘izistonning O‘sh viloyatiga qarashli Olabuqa tumanidagi Safed Bulon qishlog‘ida tavallud topgan, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan o‘qituvchi, Qirg‘izistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat arbobi, shoir, tarjimon va noshir T.Adashboyev katta hayot va sermashaqqat ijod yo‘lini bosib o‘tdi.

Tursunboy Adashboyev
MUQALLID SHE’RLAR
007

YALPIZ HAQIDA KIM QANDAY YOZARDI?
01

Sadriddin SALIM:

O‘rmonda yurardik “Erka qush”* bilan,
Muhabbat shukuhin dildan his qilib.
Shu mahal bir tutam ko‘m-ko‘k yalpizni,
Azizim, quloqqa olding qistirib.

Ajoyib tarovat kasb etmish olam,
To‘qayzor gung-karaxt uning mushkidan.
Bulbullar chax-chaxlab boshingda uchib,
Maynalar yo‘rg‘alab tushar ko‘shkidan.

Yelkamga yo‘nalding mohitob “Oqqush”*,
Yalpizdan sarxushman, mast erur yoz ham.
Ko‘rsa gar yaqosin ushlab qolardi,
Buxorolik Husayn zangulasoz** ham.

* “Erka qush”,“Oqqush” — shoir kitoblarining nomi.
** Zangulasoz — qo‘g‘irchoq yasovchi usta.

Xurshid DAVRON:

Oq tonglar,oq ranglar bag‘rida,
Qishlog‘im ko‘zimdan o‘tadi.
Dimoqni yorguday bezavol,
Anqiydi yalpizning ko‘kati.

Maysalar hidiga ko‘milib,
Sayxonlik qo‘ynida yotsammi,
Ajabo, yer bilan osmonni
Yalpizlar, yalpizlar bosganmi?!

Tilak JO‘RA:

Moviygina anhor bo‘yida,
Xiyobon bo‘sh. Xiyobon salqin.
Xilvatgina joyda o‘tirib,
Men yalpizni qilaman talqin.

Namchilgina oqshom qo‘ynida:
— Tanhoginam,- der yigit sarmast.
Niliygina bu ranglar aro
Senga yalpiz, menga-chi sarbast.

Shukur QURBON:

Chol qopini qo‘ltiqlab asta,
Tog‘ yo‘lidan tushadi pastga.
Qushlar cholni olqishlab,sayrab
Nasibasin terishar yayrab.

Yengil nafas oladi bobo,
Asta o‘ylab qoladi bobo.
Xayolidan o‘tadi bir-bir:
Dekchaga o‘t qalagan kampir,
Yalpiz solgan qaynatma sho‘rva
Va shiftdagi to‘qochli to‘rva…

Usmon AZIM

Shovqinzor shahar. Yomg‘irli kech.
Dim bo‘lmada boshim gangiydi.
Majruh she’rlar uyumi uzra
Papirosning hidi anqiydi.

Rahmi kelib ko‘kdagi oy ham
Xonam uzra fonusin sungan.
Ayri tushib yor va qalamdan
Borolganim yo‘g‘-a Boysunga.

Yalpizingni xumori tutdi,
Boysunjonim! Boysunim! Boysun!
Xotin, yalpiz qo‘shgin qatiqqa,
Mushk anbarin xonamga yoysin.
Boysunjon! Boysun!

Muhammad RAHMON:

Uch-to‘rt bola daladan
Qo‘shiq aytib qaytadir.
Yo boychechak, yo binafsha,
G‘uncha ochgan qaydadir.

Binafshami?! Yo‘q,og‘ayni,
Dimoq yorgay bir atir.
Bu yalpizdir, ba’zi yerda
“Hulva”* deya aytadir.

Uni izlab ariqlardan
Xatlab-xatlab chopamiz.
So‘ng yalpizli chuchmomani
Ulashadi opamiz…

* Hulva — Andijon,O‘sh tomonlarda yalpizni shunday ham atashadi.

Shavkat RAHMON:

Tong otar choq yalpizlar uzra
Do‘nib qolgan marvarid shabnam.
Lo‘li qizning ko‘z yoshimikin?
Azal shunday bu rangin olam.

Yalpizlarning iforli isi,
Bor kadarni yengmoqqa shaydir.
Sakro-Monto* cho‘qqilarida

Balki shunday giyoh yashaydir.
Ajablangan hatto Lorka** ham
Qiyossiz bu rangin olamdan.

* Sakro-Monto — Ispaniyadagi tog‘ning nomi.
** Garsia Lorka — buyuk ispan shoiri.

MЕN SHUNDAY YOZARDIM:

Onam ishdan qaytdilar,
Yalpiz ter deb aytdilar.
Anhor bo‘yiga chopdim,
Bir chelak yalpiz topdim.
Sizga aytsam chin so‘zim,
Terganim yo‘q bir o‘zim.
Rahmat aytdim Boqiga,
Qoyil dedim Soqiga.
Yalpiz solsa qurt tushmas
Olma o‘rik, qoqiga…

DANAK HAQIDA KIM QANDAY YOZARDI?
01

Quddus MUHAMMADIY:

Tarqaldi shunday mish-mish:
Danakning dumi bormish.
Qarab boq — dovuchchani
Uzsang bir hovuchchani,
Uni tutib turgunday
Bandi bordir,Turg‘unboy.

Danak mag‘zi — yog‘ bo‘lur,
Eksang bormi, bog‘ bo‘lar.
Qoqisi — chuli-kampot,
Ichib ko‘ngling chog‘ bo‘lar.
Danakday emish kishmish,
Shu bilan tamom mish-mish.

Po‘lat MO‘MIN:

Sport bilan o‘qishni
Bog‘lar Salimjon-nimjon,
Danak chaqib ko‘nglini
Chog‘lar Salimjon-nimjon.

Tolib YO‘LDOSH:

Kattalarga salom ber,
Ko‘ksing uzra qo‘yib qo‘l.
Og‘zing ochib anqayma,
Danakdayin pishiq bo‘l.

Hamidulla YOQUBOV:

Buzilmaydi —
Pinagim,
Pinagim.
Chaqilmaydi —
Danagim,
Danagim.

Miraziz A’ZAM:

Bir cho‘ntakcha danakni
Yutib olib Botirdan,
Jimit bola Mirvosil
O‘tib borar xotirjam…

Yo‘ldosh SULAYMON:

Danagini chaqolmay
Rahima,
Erta-yu kech qiladi
Vahima.

Safar BARNOYEV:

Dadamning qo‘llari
Tekkan shu danakka,
Pishganda ajralar
Puch bilan sarakka.

Obid RASUL:

Sabzi,shalg‘om,turpning
Oshqovoqdan farqi bor.
Samarqandda sho‘r danaknning
O‘ziga xos narxi bor.

Odil ABDURAHMON:

Paq etdi,
Shaq etdi,
Bir danakni g‘ozga otsam,
G‘aq etdi…

Rauf TOLIB:

Ilmlilar ming yasharmish,
Qaynasa fan o‘chog‘ida.
Lozim bo‘lsa suzmoq kerak,
Hatto danak po‘chog‘ida.

Sulton JABBOR:

Ashtang-pashtang mag‘izini,
Sodiq ko‘rib “Zo‘r-a!” deydi.
Bilasizmi, chust tomonda
Dovuchchani g‘o‘ra deydi.

Habib RAHMAT:

Hayron bo‘lmang, qor yoqqanda,
Qish kevotti desamiz.
Gashti bordir tanchada
Danak chaqib yesamiz.

MЕN SHUNDAY YOZARDIM:

Bir hovuchcha danakdan
Bir hovuch qopti, demak —
Qorong‘ida shoirlar
Ko‘rmagan bo‘lsa kerak.

HAZIL SHE’RLARDAN
01

FIKR QILDIK…

Nashriyotga bir juft kitob
Kelgan edi namunaga,
Biri Anvar Obijonga,
Ikkinchisi kaminaga.

Andijonlik muallifdan,
Bizga sovg‘a etilgandi.
«O‘qib chiqing,fikr qiling!
F. Usmon» deb bitilgandi.

Insof bersin qalamkashga,
Lekin,dastxat tegdi g‘ashga.
O‘qib chiqdik, yozganlari
Arzimadi fikrlashga…

BOLALAR UCHUN SHE’RLAR
01

ANQOV

Bir bola bor, gaplarini
Uqqan odam kuladi.
— Besh tiyinlik sharingizni
Narxi qancha turadi?

QUDRAT HIKMAT AYTGAN EDI…

Bolalarga she’rlar yozsang,
Mavzu turfa, yangi bo‘lsin.
Qizg‘aldoqday yonib turgan
Ko‘rki bilan rangi bo‘lsin.
Har bandida, satrlarda
Maqsad tayin, qisqa bo‘lsin,
Sho‘x, o‘ynoqi, rostgo‘ylikda
Ibratli gap — nusxa bo‘lsin.
Bolalarga she’rlar yozsang,
Mavzu turfa, yangi bo‘lsin.
Qizg‘aldoqday yonib turgan
Ko‘rki bilan rangi bo‘lsin.
Har bandida, satrlarda
Maqsad tayin, qisqa bo‘lsin,
Sho‘x, o‘ynoqi, rostgo‘ylikda
Ibratli gap — nusxa bo‘lsin.
Kutilmagan qofiyani
Marvaridday terib tashla,
Pand-nasihat masalasin
Otasiga bergin oshna.
Bo‘lar-bo‘lmas gapni yozib,
She’rning qadrin arzon qilma.
Kitobxonning vaqtin teja,
Behudaga sarson qilma.
Qobig‘ingga o‘ralmasdan
O‘qi jahon durdonasin,
Asalari qoldirmaydi
Gulning sara bir donasin.
Bolalarga asar yozsang,
Quvnoq, dilgir sodda bo‘lsin.
Kichkintoyning so‘z boyligi
Lug‘ati ham yodda bo‘lsin.
Vaznlarni ixcham qilgin,
Xulosani ayla puxta.
Aniq fanga yo‘naltirib,
Falsafani et omuxta…

OLAQANOTNING POLOPONLARIGA NASIHATI

Nasibang bog‘u rog‘da,
Azizim, polaponim.
Lochinlar ham lol qolsin,
Joningga payvand jonim.
Burgutlarday yovqur bo‘l!
Barcha gap ahillikda.
Paytin topib, bexosdan
O‘ljangga tashlan tikka!
Qorayaloq, Qarqunoq,
Qarg‘a bilan Hakkalar —
Ular o‘g‘ri, inidan
Quvib chiqing yakkalab.
O‘jarlik, muttahamlik
Faqat bizga yarashar,
Buni ayni zamonda
Botirlik deb sanashar.
Mevazor bog‘ni ko‘rib,
Ko‘zinglar to‘rt bo‘ladi.
Olmurutni cho‘qimang,
Bandlari mo‘rt bo‘ladi.
Tatib ko‘ring mayliga
Mevaning har xiliga,
Tanlab yenglar, iltimos,
Eng shirin, sarhilini.
Chilgi bilan uzumni
Shingilida qoldirmang,
Gilos, xurmo, noklarni
Chumchuqlarga oldirmang.
Olg‘irlarning hamisha
Olchi turar oshig‘i,
Bo‘lmang aslo qushlarning,
Siz yalama qoshig‘i.
Olaqanot deydilar,
Ota-bobong otini.
O‘tirmagin, bolajonim,
Musichaday tortinib…

OSMON QAYDAN BOSHLANADI?

Tokqa boshin qo‘ysa quyosh,
Ufq ortin cho‘g‘ qilarkan.
Burgut uchun osmon asli
Boshlanadi cho‘kqilardan.

Chumolining vaqti ziqroq,
Gapi qisqa, qalbi qaynoq.
Uning uchun ko‘k gardishi
Oltin rangli momaqaymoq.

Mirzacho‘llik dehqon bobo
Gurung boshlar olisdan:
— O‘tar osmon chegarasi,
Bizning qovun polizdan.

Muruntovlik mergan aytar:
— Kuni-kecha qaytdim ovdan.
O‘zim ko‘rdim, osmon asli,
Boshlanarkan Tangritog‘dan.

TUPROQ

Ajdodlardan meros bo‘lib
Qolgan tuproq.
Bobolarning qon va teri
Tomgan tuproq.
Qizg‘aldoqlar ochilganda
Qilmay kanda,
Qir-adirlar gulxan bo‘lib
Yongan tuproq.
To‘kin-sochin dasturxonni
Solgan tuproq.
Dori-darmon, sinovlardan
Tolgan tuproq.
Qotilni ham, botirni ham
Sukut saqlab,
Ehtiyotlab, o‘z bag‘riga
Olgan tuproq.
Bobolarning qon va teri
Tomgan tuproq.

Tursunboy Adashboyev. Oqbo’ra to’lqinlari by Khurshid Davron on Scribd


09

(Tashriflar: umumiy 8 427, bugungi 1)

2 izoh

  1. Juda yaxshi ustoz ijodi miriqib o`qib chiqdim. Sizga umr tilab shogirdlarizdan Mansur Yunus

Izoh qoldiring