19 may — Mustafo Kamol Otaturk tavallud topgan kun.

otaturk

Мустафо Камол Туркистондаги ўзгаришларини диққат билан кузатиб борган.
Маълумки, 1922 йилнинг охиригача 47 нафар йигит ва биргина қиз илм олиш учун Германияга юборилган. Бироқ бу хайрли ишлар ярим йўлда қолиб, ватандошларимиз Ўзбекистонга чақириб олинган. Она юртига қайтганлар «немис айғоқчиси», «жосус» айблари билан ўлимга маҳкум этилган, ёки Сибирга сургун қилинганлар. Ўзбекистонга қайтмаган 14-16 нафар собиқ талаба Туркия олий даргоҳларида ишлаб олим , сиёсатчи, ҳуқуқшунос, муҳандис бўлиб етишди.

090

МУСТАФО КАМОЛ ОТАТУРК ВА ЎЗБЕК МУҲОЖИРЛАРИ
Шодмон  Ҳайитов

XX аср буюк сиёсатчиларидан бири Мустафо Камол Отатурк (1881-1938 йиллар) мустақил Туркия Республикасининг асосчиси ва биринчи президенти сифатида ўз халқи хотирасида чуқур из қолдирган. У ўз куч-қудрати ва қобилиятини турк халқига садоқат билан хизмат қилиш ишига бағишлади. Мустафо Камол президентлиги (1923-1938 йиллар) бизда, шўро маъмурий бўйруқбозлик тизими ўрнатилган, «муҳожирлик тўлқинлари» авж олган, минглаб юртдошларимизнинг йўли ўз Ватанидан айри тушган даврга тўғри келади.
Маълумки, ўзбек муҳожирлари шўролар таъқиби ва тазйиқи натижасида аввало қўшни Афғонистон ва Хитой давлатлари ҳудудига ўтиб кетишган. Афғонистонга эски амирлик тарафдорлари ҳам, шўро ҳукумати органларида ишлаб кейинчалик унинг сиёсатидан норози бўлган ҳукумат аъзолари ҳам, истиқлолчилик ҳаракати иштирокчилари ҳам, тушуниб-тушунмай муҳожирликни ихтиёр қилган оддий халқ вакиллари ҳам бошпана излаб борадилар. Ўша пайтдаги афғон амири Омонуллахон ( 1892-1960 йиллар; 1919-1929 йиллар) шўро ҳукумати талаби билан ватандошларимизни ўз юртидан чиқариб юборди. Туркия Республикаси президенти Мустафо Камол бу воқеалардан хабардор бўлиб, мамлакатидаги оғир шароитга қарамай афғон амирига норозилик билдирган.
1922 йилда Бухоро Халқ Шўролар жумҳуриятининг биринчи раиси бўлган Усмонхўжа Пўлатхўжаев (1890-1968 йиллар) шўро ноинсоний сиёсатидан норози бўлиб, Афғонистонга ўтади. 1923 йилда уни афғон амири Омонуллахон ўз ҳузурига чорлаб икки-уч кун ичида Афғонистондан чиқиб кетиш талабини қўяди. Афғонистондан Туркияга йўл олган Усмонхўжани Мустафо Камол ўз меҳмонидек қабул қилади. Ўзаро мулоқотда ватандошимиздан Туркия давлат органларида фаолият олиб боришини сўрайди. Лекин У. Пўлатхўжаев сиёсатдан узоқлашиб, Туркистон маданияти масалалари билан шуғулланиш мақсади борлигини айтади. Мустафо Камол Усмонхўжанинг хайрли ишларига моддий ва маънавий мадад берган. Аввало, унга давлат миқиёсида катта нафақа белгилайди. У. Пўлатхўжаев 1926 йил Туркияда «Янги Туркистон» номли мажмуа нашр эттирган. Кейинчалик «Турк культур» институтига асос солган.
Кези келганда қайд қилиш керакки, У. Пўлатхўжаев вафотидан кейин нафақа унинг турмуш ўртоғига тўланган. Туркияда давлат арбоблари ва ҳурматли кишилар вафот этса турк миллий байроғига ўраб дафн этилади. У. Пўлатхўжаев ҳам шундай иззат-икромга лойиқ бўлганлардан биридир.
Мустафо Камол ота-боболар юрти Туркистонга ўзгача ҳурмат ва эҳтиром билан қарар эди. Шунинг учун у янги тузилажак республикани Туркистон деб аташ таклифларига жавобан: «Кўҳна Туркистон аждодларимиз юрти, бизнинг давлатимиз Туркия деб аталади»-деганди.
Мустафо Камол Туркистондаги ўзгаришларини диққат билан кузатиб борган.
Маълумки, 1922 йилнинг охиригача 47 нафар йигит ва биргина қиз илм олиш учун Германияга юборилган. Бироқ бу хайрли ишлар ярим йўлда қолиб, ватандошларимиз Ўзбекистонга чақириб олинган. Она юртига қайтганлар «немис айғоқчиси», «жосус» айблари билан ўлимга маҳкум этилган, ёки Сибирга сургун қилинганлар. Ўзбекистонга қайтмаган 14-16 нафар собиқ талаба Туркия олий даргоҳларида ишлаб олим , сиёсатчи, ҳуқуқшунос, муҳандис бўлиб етишди.
Туркия Республикаси эълон қилинганидан сўнг (1923 йил 29 октябрь) янги давлатнинг гимнини ёзиш вазифаси қўйилади. 1924 йилда Туркия Республикасининг гимни «Истиқлол» яратилди. Гимн муаллифи Меҳмет Акиф Эрсуйдир. Матбуот хабарларида айтилишича, бу адибнинг отаси мударрис Меҳмет Тоҳир ва онаси Аминалар асли бухоролик бўлиб, XIX аср охирида Туркияга бориб қолишган эди .
ХХ аср 30-йилларида шўро ҳукумати талаби билан Афғонистондаги ўзбек муҳожирларига нисбатан жабр-зулм ўтказилади. Уларнинг катта қисми яшаш шароити оғир бўлган, ёзда ўта иссиқ , тинимсиз гармсел эсиб турадиган Ҳелманд вилоятига кўчирилади. Бу ўлкада кўпгина юртдошларимиз, айниқса кексалар ва болалар ҳаётдан кўз юмади.
Камол Отатурк Туркиядаги афғон элчиси Файз Муҳаммадхонни ҳузурига чорлаб: «Агар мамлакатингизда Туркистон мусулмон муҳожирлари учун жой бўлмаса бизга топширинг!» дегани бежиз эмас. Бу фикрлар муҳожир, марҳум юртдошимиз Саид Мубаширхон Косонийнинг «Хотиралари»дан ўрин олган .
Мустафо Камол муҳожир ўзбеклар ўлка об-ҳавоси, табиати, аҳолининг урф-одатлари Ўзбекистонга яқинлиги учун Туркияни танлаганликларини яхши биларди. Ёш давлати олдида қанчалик муаммо ва қийинчиликлар бўлишига қарамай, мумкин қадар мусофирларга шарт-шароитлар яратишни истарди. Унинг Анқарадаги афғон элчисига билдарган эътирозлари сўздагина эмас, амалда ўз исботини топди. Фикримиз далили сифатида туркиялик муҳожир, 30-йилларда Ватандан чиқиб кетган Жўра Қори Бўтакўзнинг «Туркия ҳукумати кўпгина мамлакатларда яшовчи ва турк тилида сўзлашувчи халқларни ўзига чақираётган эди. Уларга арзон нархларда мол-мулк, ер, чорва моллари беришарди »-мазмунидаги маълумотини келтириш мумкин.
Мустафо Камол Отатурк президентлиги даврида туркистонлик зиёли муҳожирлар Туркиянинг нуфузли олийгоҳларида фаолият олиб боришди.
Жумладан, профессор Аҳмад Закий Валидий Тўғон Истамбул Университети «Умумтурк тарихи» кафедрасини бошқарган. У Туркияда яшаб Темур ва темурийлар тарихига доир ўттизга яқин тадқиқот яратди.
Туркиянинг биринчи президенти муҳожир юртдошларимизга эркин матбуот органлари ташкил этиш, илмий марказлар очиш, ўзлари хоҳлаган соҳа билан шуғулланиш имкониятларини мумкин қадар яратиб берди.
Унинг инсонийлиги ва ғамхўрлиги туфайли муҳожир ўзбекларнинг анча қисми ўз ҳаёт йўлларини янгидан тикладилар. Улар ҳозир ҳаёт эмаслар, лекин фарзандлари у ёки бу маънода Туркия тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Мустафо Камол узоқни кўра оладиган келажакдаги тараққиёт йўлларини идрок этган давлат арбоби эди. Мустафо Камолнинг эрки топталган қардошларига нисбатан эҳтироми дунёдаги яхшиликларнинг энг чиройли гулдастасидир. Чунки у «мусофирнинг елкаси ва тили қисиқ бўлади»-деган нақлни чуқур идрок этган, ўзга юртда ўзбек муҳожирлари учун «Ватан қашшоқлиги» ҳам етарли эканлигини тушуна олган буюк шахсдир. Бугунги кунда Туркия Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган 150-170 минг атрофидаги туркистонликлар Мустафо Камолга нисбатан алоҳида меҳр-муҳаббат ҳиссини туядилар. Уларнинг кўпчиликлари ХХ аср 20-30 йилларида муҳожирликка маҳкум этилганларнинг фарзандларидир. Биз ушбу масаладаги фикримизни ҳозиргача ўз аҳамиятини заррача ҳам йўқотмаган Мустафо Камол Отатуркнинг мақбараси деворидаги: «Эрк тақчиллиги бор жойда ҳамма нарса тақчилдир. Ҳамма нарса давлатники деган жойда халқ юпун, оч, қашшоқ, гадо, шахсий манфаат бўлмаган жойда юксалиш, тараққиёт йўқ »-деган ёзувлар билан тугатишни лозим топдик. Истиқлол орзусида ўзга элларда дарбадар бўлиб ҳаётдан кўз юмган муҳожир ўзбекларнинг эрк ва озодлик, ҳурлик ва тенглик каби олий истаклари бизга насиб этганидан шукроналик ҳиссини тўйиб яшаш эса олий бахтдир.

Image
Катталаштириш учун суратни босинг 

МУСТАФО КАМОЛ ОТАТУРК

ҳаёти ва фаолияти
(1881 – 1938)

1881 йил 19 Май — Селаник шахрида туғилди.
1899 йил 13 Mарт — Истанбулда Ҳарбий мактаб Пиёда аскар синфига ўқишга киради.
1902 йил 10 Феврал – Ҳарбий мактабни битириб, Ҳарбий Академияга ўқишга киради.
1905 йил 5 Ферал – Шам шаҳрида 5 армияни бошқара бошлайди.
1906 йил — Шам шаҳрида Ватан ва Хуррият жамиятини ташкил килади.
1911 йил 27 Ноябр – Мингбоши лавозимига кўтарилади.
1913 йил 27 Октябр – Софьяда Харбий аташе лавозимига тайинланади.
1914 йил 1 Август — Биринчи Жаҳон уруши бошланди.
1914 йил 3 ноябр — Чор Россияси, 5 Ноябрда Англия ва Франция Усмон Империясига уруш эълон қилди.
1914 йил 11 ноябр — Усмон Империяси Иттифок кучлари томонидан Биринчи Жаҳон урушига киради.
1914 – 1915- йиллар – Биринчи Жаҳон уруши даврида Усмон Империяси куролли кучларида кўплаб жангларда кўрсатган жасорати учун бир неча марта такдирланди ва юқори рутбаларга кўтарилди.
1923 йил – Ҳалифалик бекор килинди, жумҳурият эълон килинди ва Мустафо Камол президент этиб сайланди. Янги Халк партияси ташкил этилди.
1938 йил 10 ноябрда – 57 ёшида Мустафо Камол Отатурк ҳаётдан кўз юмди.

Биринчи жахон уруши Осиёдаги вазиятни тубдан ўзгартирди. Туркия Германиянинг иттифоқчиси бўлгани боис енгилган мамлакат қисматини бўлишиб олди. Англия билан Франция ўртасидаги зиддиятлар туфайли ғолиб давлатлар узоқ вақт мобайнида тинчлик шартномаси тузишга мувоффақ бўлишмади. Барибир, 1920 йил 10 августда Париж яқинидаги Севр шахрида шундай шартнома имзоланди. Бу Туркия тақдирини хал килиши лозим эди. Севр шартномасининг имзоланиши бутун Туркияда норозилик туғёнини уйғотди. Миллий — озодлик харакатининг ташкил этилиши ва тайёрланишида турк армияси генерали Мустафо Камол катта роль ўйнади. У қисқа муддатда турк армиясини янгидан тузишга эришди ва бу армия 1922 йили интервенцион армиянинг бир қисми бўлган грек қўшинларини мағлубиятга учратди. Шундан кейин Мустафо Камол издошлари камолчилар, Туркиядагидай юз берган инқилоб эса камолчилик инқилоби деб атала бошланди. 1923 йил апрелида Мустафо Камол ташаббуси билан янги партия — Халк партияси ташкил этилди. Халк партияси Мустафо Камол ва унинг инқилобий ислоҳотлари учун асосий сиёсий таянч бўлиб келди. Туркия республикаси Ғарб давлатларини Севр шартномаси ўрнига янги шартнома имзолашга мажбур қилди.
1924 йил 20 апрелда Туркия республикасининг биринчи конституцияси қабул қилинди. Мустафо Камол 1927 йили Халқ республикаси партиясининг умрбод раислигига сайланди ва унга Отатурк, яъни Турклар отаси фахрий унвони берилди. Шу билан бирга камолчилик инқилоби катор салбий хусусиятларга хам эга эди. Аввало, давлат хокимияти шовинистик мазмун касб этгани холда Туркиянинг барча фуқаролари, дини ва миллатидан қатъи назар, турклар эканлигини эълон қилди.
Отатурк 1938 йили 57 ёшида вафот этди. Унинг ички ва ташқи сиёсатини Исмет Иненю давом этирди.

ОТАТУРК ТАМОЙИЛЛАРИ
1. РЕСПУБЛИКАЧИЛИК
2. МИЛЛАТПАРВАРЛИК
3. ХАЛКПАРВАРЛИК
4. ДУНЁВИЙЛИК
5. ДАВЛАТЧИЛИК
6. ИНҚИЛОБЧИЛИК

Унинг даврида қуйидаги соҳаларда ўзгаришлар юзага келди:

Ҳуқуқ соҳасида:

— Шариат ваколатларининг бекор қилиниши;
— 1921 ва 1924 йил Конституциялари;
— Турк Маданий қонуни; (Фукаролик Кодекси)
— Турк Жазо қонуни;
— Бошқа қонунлар;

Иқтисод соҳасида :

— Измир Иқтисод конгресси
— Иқтисоднинг миллийлаштирилиши
— Қишлоқ хўжалиги
— Саноат
— Транспорт ва бошқалар;

Ижтимоий соҳада :

— Хотин-қизлар хақ-хуқуқлари;
— Шапка, кийинишдаги ўзгаришлар;
— Халкаро саналарнинг қабул қилиниши;
— Дам олиш кунларининг қабул қилиниши;
— Фамилия тўғрисидаги қонун;
— Соғлиқ ва ижтимоий ҳимоя сохасида ўзгаришлар;

(Tashriflar: umumiy 1 757, bugungi 1)

Izoh qoldiring