Dilorom Karimovadan yetti haqiqat & Dilorom Karimova «Anor» teleloyihasida

Ashampoo_Snap_2018.02.09_14h39m17s_001_.pngДилором Каримова 70 ёшда! Чин юракдан қутлаймиз!

 9 феврал актриса Дилором Каримова таваллуд топган кун. Дилором опа шахс сифатида мени ҳамиша хайратга солган, ҳавас уйғотган. Лекин у кишидай бўлиш учун менга жасорат, қатьият етишмайди. Опага бутун характери, ўз фикри борлиги учун ҳавас қиламан… (Фейсбукдаги ёзувлардан).

ДИЛОРОМ КАРИМОВАДАН 7 ҲАҚИҚАТ
Иқбол Қўшшаева тайёрлаган
09

27545326_1596937620375308_408386912380697743_n.jpg1.Нимага одам насиҳатлару китобдаги ўгитлар билан чекланиб қолмайди. Нега? Ахир, ундаги кўрсатмаларга амал қилса унинг бу ҳаётда яшаши енгилроқ кечармиди?.. Лекин ўша ҳақиқатларга сен фақат қалб азоби билан, яъни хатоларинг орқали етиб бораркансан. Ҳа, албатта, шу ақидалар орқасида ҳаёт ҳақиқатини топганлар ҳам бор. Бироқ бу ақллилик ортида худбин вужуд ётмасмикин? Ўзганинг дарди ўзгалигича қолаверади. Уларнинг наздида дард чекаётганлар гуноҳкор, холос. Чунки хато қилган. Барибир мен хатолар орқали, азоблар орқали ҳақиқатни таниган одамни кўпроқ қадрлайман.

2. Онам сўнгги нафасларигача турмушнинг муштини ҳеч тан олмадилар, ўз хаёллари билан кетдилар. Отам эса бу ҳаётнинг одами эдилар. Ўйлаётган ўйлари қуруқ хаёл бўлмасдан ҳаётий бўлгани учун ҳам кўпроқ отамни тушунардим. Ота-онам тақдирига қараб шуни англадимки, дунёдаги фожиаларнинг энг залворлиси икки қалб бир-бирини тушунмаслиги экан. Иккаласининг ҳам ўз ҳаётий ҳақиқати бор. Мана шу икки хил ҳақиқат билан бир-бирини қийнайди. Мен шу икки қадрдон инсонлар орасида гирдикапалак бўлиб, улар азобини тушунган, икки томон тушунмовчилигидан қийналган фарзандман.

Ўша ўтган йиллар ортидан бугун отам ёлғизлигини теранроқ ҳис қиламан. Эслайман… Кечки маҳал ҳовлидаги каравотда ёлғиз ўтирибдилар… дардкашлари пиёладаги қип-қизил шароб… Ҳамма ўз юмуши билан овора. Хаёлларга эрк берилган… маъюс нигоҳ қорайган осмонга қадалган. Енгил эсаётган шамол сийраклашиб қолган сочларини ҳилпиратади. Шу туришлари Дон Кихотни эслатарди. Ана шундай лаҳзаларнинг бирида “Мунира, Мунира” деган шивирни эшитгандек бўлганман. Қарасам, отамнинг кўзларида ёш. Мунира билан техникумда бирга ўқиган эканлар. Улар ўртасида жуда катта дўстлик бўлган. Мунира адамни севган… У кўнгиллилар сафида урушга ҳамшира бўлиб кетганча қайтиб келмаган. Жуда ёлғиз ҳис қилган дамларида ўзларини қаттиқ севган қалбни қўмсаб йиғларканлар. Демак, биз отамни ёлғизлатиб қўйганмиз…

3.Марказий газеталардан бирида чоп этилган мақоладаги фикрларни эслаяпсиз. Яъни муаллиф фикрича, отасининг бетига тик қараб “оқ фотиҳангизсиз ҳам яшайверман” деган қизнинг ҳолати тарбиясизлик, бу билан кино ижодкорлар нимани тарғиб қиляпти, дейилган. Ўзбек қизи бундай демаслиги керак… Бунақа бола оқпадар бўлади. Хуллас, шунга ўхшаган минғир-cинғир гаплар. Сиз эса, агар шундай бўлса, Қодирийнинг Раъносини қандай тушуниш мумкин, деяпсиз. Нафақат, “Меҳробдан чаён”, умуман, қайси бадиий асар борки, унда ишқ дардига чалинган фарзандни ота-она ёки жамият олқишлайди: “Ҳа, яхши иш қилипсан-да, яша!” деб. Ёки ҳаётдами? Муҳаббат, бу — касаллик. Бу ҳолатда ота-онадан воз кечилади. Қолаверса, бутун меросдан, жамиятдаги мавқеингиздан юз ўгирасиз. Ижодкор қандай йўсинда бўлмасин, қаҳрамонининг руҳий ҳолатини чиқариб бериши керак-ку! Айниқса, санъат бизга бу борада қуруқ ҳукм чиқармасликка, инсоннинг нозик руҳий оламини тадқиқ қилишга ундайди. Биласизми, сиз назарда тутган мақола муаллифи боши ва охири йўқ ўша биргина жумлага нега ёпишиб олган? Буни сабаби фақат фикрсизлик деб биламан.

С дочерью и внуками 2.jpg

4. “Қуёши ботмайдиган юрт” видеофильмидаги телба аёл образи Нормурод Норқобиловнинг асарида йўқ эди. Бош қаҳрамон Маликанинг яшашига илож қолдирмаслик, ҳаётини чигаллаштириш учун телба аёлни киритган эдим. Бу образ қаҳрамонларимни ич-ичимдан ҳис қилганимнинг маҳсули. Биласизми, буларнинг шунақанги даҳшатли фожиавий қалби борки, телбалар икки дунё оворалари. Рўё ва борлиқда яшайди. Бу икки дунё бир-бирини мутлақ тан олмайди. Агар ҳаётга кўчиб қолса ўзини нақадар бахтсиз эканлигини ҳис қилади. Телбаликка кўчганда бу дунёни буткул унутадида ўзининг хаёли билан яшаб, борлиқни ўзининг ўлчовлари билан ўлчайверади. Телба аёл образи орқали яна шу гапни айтмоқчи бўлганмизки, қизининг номуссизлигидан, аёлнинг бахтсизлигидан ҳузурланиб кулаётган қўшнилар уларнинг дардига томошабин холос. Менинг қаҳрамонимни аслида телба қилган мана шу ҳиссиз жоҳил муҳит. Муҳитнинг барча телбалиги шу аёлда мужассам. Томошабинлардан бири қаҳрамонингизни ўлдирмасдан тузатсангиз бўлмасмиди, деган эди. Ахир, қандай қилиб? Муҳитни, бераҳм тўдани тузатишнинг иложи борми?

5. Бугунги Миллий театрдан кетишим принцип билан боғлиқ ҳаракат бўлган. Агар қолганимда мен ўзимнинг ўйлаган ўйларимга қарши чиққан, ўзимни ҳурмат қилмай қўйган бўлардим. Бундан ҳеч афсус чекмайман. Ўша пайтларда ижодий турғунлик сезила бошлагандики, режиссура ва актёрлик ижросида янгиланиш зарур эди. Буни ёшлар, шулар жумласидан мен ҳам аниқ ҳис қилардим. Лекин маълум бир гуруҳ театр анъаналари бузиляпти, саҳна эксприментлар майдонига айланиб қолди, деб режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг ижодий йўналишига қарши чиқди. Кечирасиз-у, бу ўзгаришларсиз, эксприментсиз санъат яшай оладими? Хоҳ режиссура соҳаси бўлсин, хоҳ актёрлик ижроси, хуллас, санъатнинг ҳар бир турида изланишлар бўлиши шарт-ку! Агар мендан бугунги театр қандай бўлмаслиги керак, деб сўрасангиз, мен сизга мисол сифатида Миллий театрни айтган бўлардим. Аср нафасини сезиш йўқ. На ижрода, на режиссурада. Чунки бу театрда айнан изланиш, экспримент етишмаяпти.

6. Улуғбекнинг сўнгги бир кунидан ҳикоя қилувчи “Алғул” телеспектаклида мен айтмоқчи бўлган гап нима эди? Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сини ўқиганимдаёқ тушинган эдим. Яхши шоҳнинг ҳам ёмон шоҳнинг ҳам қисмати бир хил якун топади. Сиёвуш сингари халқ учун ҳар қанча эзгу ишлар қилма, барибир, сенга қарши кучлар топилаверар экан. Заҳкок каби илон шоҳ ҳам халқнинг исёни билан мағлуб бўлади. Қайтанга бу узоқроқ яшайди. Чунки зулмга қарши куч топиш ҳаммавақт қийин. Улуғбекнинг шоҳлик даврида Самарқанд дунё илм марказига айланди. Алломанинг жаҳон астрономлари қаторида тургани расмларда ҳам муҳрланиб қолган. XV асрда қурилган расадхона лойиҳасига ХХI аср ақли ҳам тан беради. Лекин менинг қаршимда кўндаланг турган савол шу эдики, қандай шоҳ ютади? Қаттиққўл, шафқатсиз шоҳми ёки халқни севувчи маърифатпарвар зиёли шоҳми? Ўйлаб жавоб тополмайсиз…

Хуршид Давроннинг бу асарига қўл урмасимдан олдин, аёллар иштирокидаги баъзи йиғинларда бўлишимга тўғри келди, чунки ишдан кетгандим. Шунда сездимки, мен шу пайтгача ҳаётнинг ҳақиқий ажабтовур манзарасидан бехабар эканман. Кўр-кўрона хатти- ҳаракатлару маҳдудликка дуч келгач, миллатнинг фожиаси нимада эканлигини тушунгандай бўлдим. Мусичаи беозор қиёфалар ортида қанчалар жаҳолат бекиниб ётибди?! Руҳнинг биқиқлиги, фикрий қолоқлик қанчадан-қанча чиройли фикрларнинг ўсиб унишига йўл қўймас экан. Энг қизиғи, маҳдудлик фикр тароватини сезиб, унга тиш-тирноғи билан қарши чиқади. Ўзининг табиатига тўғри келмайдими, уни йўқ қилиши керак, тамом вассалом! Мана шулар ҳам Улуғбек фожиасини тушунишимга ёрдам берди. Унга ҚАЛБИ халақит берган экан. Бундай инсонлар мустабид бўлолмайди.

7. Мен илгариям шу фикрда эдим, бугун бунга яна ишондим. Санъат яхшини ёмон, ёмонни яхши қилолмас экан. У фақат эзгуликка мойил, яхшиликка ишонувчан, нозик қалбларга далда бўла олиши мумкин экан. Боланинг кўзларига қаранг, қандай масъум! Одам бу ҳаётга бахтли бўламан, севаман-севиламан, деган чиройли ниятлар билан кириб келади. Лекин бора-бора бу нигоҳлар сўнади, хунуклашади… муҳаббат тўла нигоҳлар ўз ўрнини аламга бўшатиб беради… Санъат бизга эзгуликка бўлган ишончимизни сақлаб қолишимиз, қалбимизни, ҳеч қурса хаёлларимизни асраб қолишимиз учун ҳам керак.

Манба: 2010, ноябр, «JannatMakon»

Яна шу мавзуда:
Дилором Каримова. Ҳамон биздан ўч оляпти…
Дилором Каримова: «Санъат ёлғизлигингга арзимайдими?»
Хуршид Даврон. Алғул (Мирзо Улуғбек). 2 пардали фожиа видеоспектакли.Режиссёр Дилором Каримова

DILOROM KARIMOVA 70 YOSHDA! CHIN YURAKDAN QUTLAYMIZ!

  9 fevral aktrisa Dilorom Karimova tavallud topgan kun. Dilorom opa shaxs sifatida meni hamisha xayratga solgan, havas uyg‘otgan. Lekin u kishiday bo‘lish uchun menga jasorat, qatiyat yetishmaydi. Opaga butun xarakteri, o‘z fikri borligi uchun havas qilaman… (Feysbukdagi yozuvlardan).

DILOROM KARIMOVADAN 7 HAQIQAT
Iqbol Qo‘shshayeva tayyorlagan
09

27544702_1596937563708647_8682177933997080815_n.jpg1.Nimaga odam nasihatlaru kitobdagi o‘gitlar bilan cheklanib qolmaydi. Nega? Axir, undagi ko‘rsatmalarga amal qilsa uning bu hayotda yashashi yengilroq kecharmidi?.. Lekin o‘sha haqiqatlarga sen faqat qalb azobi bilan, ya’ni xatolaring orqali yetib borarkansan. Ha, albatta, shu aqidalar orqasida hayot haqiqatini topganlar ham bor. Biroq bu aqllilik ortida xudbin vujud yotmasmikin? O‘zganing dardi o‘zgaligicha qolaveradi. Ularning nazdida dard chekayotganlar gunohkor, xolos. Chunki xato qilgan. Baribir men xatolar orqali, azoblar orqali haqiqatni tanigan odamni ko‘proq qadrlayman.

2. Onam so‘nggi nafaslarigacha turmushning mushtini hech tan olmadilar, o‘z xayollari bilan ketdilar. Otam esa bu hayotning odami edilar. O‘ylayotgan o‘ylari quruq xayol bo‘lmasdan hayotiy bo‘lgani uchun ham ko‘proq otamni tushunardim. Ota-onam taqdiriga qarab shuni angladimki, dunyodagi fojialarning eng zalvorlisi ikki qalb bir-birini tushunmasligi ekan. Ikkalasining ham o‘z hayotiy haqiqati bor. Mana shu ikki xil haqiqat bilan bir-birini qiynaydi. Men shu ikki qadrdon insonlar orasida girdikapalak bo‘lib, ular azobini tushungan, ikki tomon tushunmovchiligidan qiynalgan farzandman.

O‘sha o‘tgan yillar ortidan bugun otam yolg‘izligini teranroq his qilaman. Eslayman… Kechki mahal hovlidagi karavotda yolg‘iz o‘tiribdilar… dardkashlari piyoladagi qip-qizil sharob… Hamma o‘z yumushi bilan ovora. Xayollarga erk berilgan… ma’yus nigoh qoraygan osmonga qadalgan. Yengil esayotgan shamol siyraklashib qolgan sochlarini hilpiratadi. Shu turishlari Don Kixotni eslatardi. Ana shunday lahzalarning birida “Munira, Munira” degan shivirni eshitgandek bo‘lganman. Qarasam, otamning ko‘zlarida yosh. Munira bilan texnikumda birga o‘qigan ekanlar. Ular o‘rtasida juda katta do‘stlik bo‘lgan. Munira adamni sevgan… U ko‘ngillilar safida urushga hamshira bo‘lib ketgancha qaytib kelmagan. Juda yolg‘iz his qilgan damlarida o‘zlarini qattiq sevgan qalbni qo‘msab yig‘larkanlar. Demak, biz otamni yolg‘izlatib qo‘yganmiz…

3.Markaziy gazetalardan birida chop etilgan maqoladagi fikrlarni eslayapsiz. Ya’ni muallif fikricha, otasining betiga tik qarab “oq fotihangizsiz ham yashayverman” degan qizning holati tarbiyasizlik, bu bilan kino ijodkorlar nimani targ‘ib qilyapti, deyilgan. O‘zbek qizi bunday demasligi kerak… Bunaqa bola oqpadar bo‘ladi. Xullas, shunga o‘xshagan ming‘ir-cing‘ir gaplar. Siz esa, agar shunday bo‘lsa, Qodiriyning Ra’nosini qanday tushunish mumkin, deyapsiz. Nafaqat, “Mehrobdan chayon”, umuman, qaysi badiiy asar borki, unda ishq dardiga chalingan farzandni ota-ona yoki jamiyat olqishlaydi: “Ha, yaxshi ish qilipsan-da, yasha!” deb. Yoki hayotdami? Muhabbat, bu — kasallik. Bu holatda ota-onadan voz kechiladi. Qolaversa, butun merosdan, jamiyatdagi mavqeingizdan yuz o‘girasiz. Ijodkor qanday yo‘sinda bo‘lmasin, qahramonining ruhiy holatini chiqarib berishi kerak-ku! Ayniqsa, san’at bizga bu borada quruq hukm chiqarmaslikka, insonning nozik ruhiy olamini tadqiq qilishga undaydi. Bilasizmi, siz nazarda tutgan maqola muallifi boshi va oxiri yo‘q o‘sha birgina jumlaga nega yopishib olgan? Buni sababi faqat fikrsizlik deb bilaman.

4. “Quyoshi botmaydigan yurt” videofilmidagi telba ayol obrazi Normurod Norqobilovning asarida yo‘q edi. Bosh qahramon Malikaning yashashiga iloj qoldirmaslik, hayotini chigallashtirish uchun telba ayolni kiritgan edim. Bu obraz qahramonlarimni ich-ichimdan his qilganimning mahsuli. Bilasizmi, bularning shunaqangi dahshatli fojiaviy qalbi borki, telbalar ikki dunyo ovoralari. Ro‘yo va borliqda yashaydi. Bu ikki dunyo bir-birini mutlaq tan olmaydi. Agar hayotga ko‘chib qolsa o‘zini naqadar baxtsiz ekanligini his qiladi. Telbalikka ko‘chganda bu dunyoni butkul unutadida o‘zining xayoli bilan yashab, borliqni o‘zining o‘lchovlari bilan o‘lchayveradi. Telba ayol obrazi orqali yana shu gapni aytmoqchi bo‘lganmizki, qizining nomussizligidan, ayolning baxtsizligidan huzurlanib kulayotgan qo‘shnilar ularning dardiga tomoshabin xolos. Mening qahramonimni aslida telba qilgan mana shu hissiz johil muhit. Muhitning barcha telbaligi shu ayolda mujassam. Tomoshabinlardan biri qahramoningizni o‘ldirmasdan tuzatsangiz bo‘lmasmidi, degan edi. Axir, qanday qilib? Muhitni, berahm to‘dani tuzatishning iloji bormi?

5. Bugungi Milliy teatrdan ketishim prinsip bilan bog‘liq harakat bo‘lgan. Agar qolganimda men o‘zimning o‘ylagan o‘ylarimga qarshi chiqqan, o‘zimni hurmat qilmay qo‘ygan bo‘lardim. Bundan hech afsus chekmayman. O‘sha paytlarda ijodiy turg‘unlik sezila boshlagandiki, rejissura va aktyorlik ijrosida yangilanish zarur edi. Buni yoshlar, shular jumlasidan men ham aniq his qilardim. Lekin ma’lum bir guruh teatr an’analari buzilyapti, sahna eksprimentlar maydoniga aylanib qoldi, deb rejissyor Bahodir Yo‘ldoshevning ijodiy yo‘nalishiga qarshi chiqdi. Kechirasiz-u, bu o‘zgarishlarsiz, eksprimentsiz san’at yashay oladimi? Xoh rejissura sohasi bo‘lsin, xoh aktyorlik ijrosi, xullas, san’atning har bir turida izlanishlar bo‘lishi shart-ku! Agar mendan bugungi teatr qanday bo‘lmasligi kerak, deb so‘rasangiz, men sizga misol sifatida Milliy teatrni aytgan bo‘lardim. Asr nafasini sezish yo‘q. Na ijroda, na rejissurada. Chunki bu teatrda aynan izlanish, ekspriment yetishmayapti.

6. Ulug‘bekning so‘nggi bir kunidan hikoya qiluvchi “Alg‘ul” telespektaklida men aytmoqchi bo‘lgan gap nima edi? Firdavsiyning “Shohnoma”sini o‘qiganimdayoq tushingan edim. Yaxshi shohning ham yomon shohning ham qismati bir xil yakun topadi. Siyovush singari xalq uchun har qancha ezgu ishlar qilma, baribir, senga qarshi kuchlar topilaverar ekan. Zahkok kabi ilon shoh ham xalqning isyoni bilan mag‘lub bo‘ladi. Qaytanga bu uzoqroq yashaydi. Chunki zulmga qarshi kuch topish hammavaqt qiyin. Ulug‘bekning shohlik davrida Samarqand dunyo ilm markaziga aylandi. Allomaning jahon astronomlari qatorida turgani rasmlarda ham muhrlanib qolgan. XV asrda qurilgan rasadxona loyihasiga XXI asr aqli ham tan beradi. Lekin mening qarshimda ko‘ndalang turgan savol shu ediki, qanday shoh yutadi? Qattiqqo‘l, shafqatsiz shohmi yoki xalqni sevuvchi ma’rifatparvar ziyoli shohmi? O‘ylab javob topolmaysiz…

Xurshid Davronning bu asariga qo‘l urmasimdan oldin, ayollar ishtirokidagi ba’zi yig‘inlarda bo‘lishimga to‘g‘ri keldi, chunki ishdan ketgandim. Shunda sezdimki, men shu paytgacha hayotning haqiqiy ajabtovur manzarasidan bexabar ekanman. Ko‘r-ko‘rona xatti- harakatlaru mahdudlikka duch kelgach, millatning fojiasi nimada ekanligini tushunganday bo‘ldim. Musichai beozor qiyofalar ortida qanchalar jaholat bekinib yotibdi?! Ruhning biqiqligi, fikriy qoloqlik qanchadan-qancha chiroyli fikrlarning o‘sib unishiga yo‘l qo‘ymas ekan. Eng qizig‘i, mahdudlik fikr tarovatini sezib, unga tish-tirnog‘i bilan qarshi chiqadi. O‘zining tabiatiga to‘g‘ri kelmaydimi, uni yo‘q qilishi kerak, tamom vassalom! Mana shular ham Ulug‘bek fojiasini tushunishimga yordam berdi. Unga QALBI xalaqit bergan ekan. Bunday insonlar mustabid bo‘lolmaydi.

7. Men ilgariyam shu fikrda edim, bugun bunga yana ishondim. San’at yaxshini yomon, yomonni yaxshi qilolmas ekan. U faqat ezgulikka moyil, yaxshilikka ishonuvchan, nozik qalblarga dalda bo‘la olishi mumkin ekan. Bolaning ko‘zlariga qarang, qanday mas’um! Odam bu hayotga baxtli bo‘laman, sevaman-sevilaman, degan chiroyli niyatlar bilan kirib keladi. Lekin bora-bora bu nigohlar so‘nadi, xunuklashadi… muhabbat to‘la nigohlar o‘z o‘rnini alamga bo‘shatib beradi… San’at bizga ezgulikka bo‘lgan ishonchimizni saqlab qolishimiz, qalbimizni, hech qursa xayollarimizni asrab qolishimiz uchun ham kerak.

Manba: 2010, noyabr, “JannatMakon”

Yana shu mavzuda:
Dilorom Karimova. Hamon bizdan o‘ch olyapti…
Dilorom Karimova: “San’at yolg‘izligingga arzimaydimi?”

Xurshid Davron. Alg‘ul (Mirzo Ulug‘bek). 2 pardali fojia videospektakli.Rejissyor Dilorom Karimova

Ashampoo_Snap_2018.02.08_21h09m30s_002_.png

04

(Tashriflar: umumiy 480, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring