Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobdan ikkinchi parcha.

044     Бу – “Маснавий” китоби, Ҳақ таолога етишмоқ ва Унга эътиқод сирларини очишда унинг асоси – дин асосларининг асоси. У Оллоҳнинг буюк фиқҳи, ёрқин шариати, ошкор-аён далилидир. Унинг “нури худди бир токча устидаги чироқ” нуридирким, шуъласи тонг нуридан ҳам ёруғроқ нур сочар…

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан иккинчи парча
Одил Икром таржимаси
06

ХАЛИФАНИНГ ЛАЙЛИНИ КЎРИБ ҚОЛГАНИ
ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Сўрди Лайлидан Халифа: “Сенмисан,
Айлаган Мажнунни айро эсидан?

Бор чиройинг ўзгадан афзун эмас!”,
Деди: “Жим бўл, чунки, сен Мажнун эмас!”.

Кимки уйғоқ, бўлса маҳдуд борлиги,
Уйқудан баттар унинг бедорлиги.

Ҳақ учун уйғонмагай гар жонимиз,
Қолгуси зиндонда бедор онимиз. 410

Жонни ҳар кун ўй-хаёл тиғлаб кетар,
Наф-зиёнлар, гоҳ завол қийнаб кетар.

Қолмагай софлик, латофат ҳамда нур,
Беркилар бормоққа йўл осмон довур.1

Кимки ғофил қўзғатар ҳою ҳавас,
Сўзлашар ўйу хаёли хом—абас.

Тушда девни ҳур мисол кўргай мудом,
Нафси қўзғаб, унда бўлгай эҳтилом.

Насли тухмин шўрлаган ерга сепар,
Ўзга келгач, хом хаёли тарк этар. 415

Боши оғриб, булғанар тан наҳсидан,
Дод ўшал ошкору пинҳон дастидан!

Кўкда сайр айлаб чунон бир қуш учар,
Қуш учар, қуш сояси ерга тушар.

Соя овлаб қувлагай нодон чунон,
Айрилар сўнг боридан ҳам бегумон.

Бехабардир соя – қушнинг аксидан,
Бехабардир соянинг ўз аслидан.

Сояни кўзлаб ўқ узмиш дамба-дам,
Қолмади ўқдонда ўқлар битта ҳам. 420

Қолди бўш умрин садоғи, кетди ўқ,
Соя қувлаб умри ўтди, маъни йўқ.

Дояси Ҳақ соясидан бўлса хос,
Айлар эрди соя хом ўйдан халос.

Банда Ҳақнинг сояси бўлгай агар,
Гар ўлик олам аро, Ҳақда яшар.

Тутгин Улнинг этагин сен шул заҳот,
Келса офат сўнгги дам, бергай нажот.

“Кайфа мадда-з-зилл”2 валийнинг нақши, бил,
Ҳақ қуёшин нурига ул бир далил. 425

Бул далилсиз босма ул водий йўлин,
Айт, Халилдек “ло уҳиббу-л-офилин”.3

Бор, қуёш топ, ахтариб ҳар соядин,
Шамси Табриз этагин қўйвормагин!

Топмасанг йўлни ўшал айём қадар,
Сўр, Зиёулҳақ Ҳусомиддин билар!

Йўлда бўғзингдан олар бўлса ҳасад,
Саркаш Иблис одати бул шайтанат.4

Ул ҳасад боис Одамдан қилди ор,
Шул сабаб бўлмас саодат бирла ёр.5 430

Йўлда бул довон хатарлик, хавфлидир,
Кимга ҳамроҳмас ҳасад, ул бахтлидир.

Гар жасад бўлгай ҳасадга уй-макон,
Булғаниб кетгай ҳасаддан хонадон.

Гар жасад бўлса ҳасадга уй, бироқ,
Яхшидир, Ҳақ айлагай гар ярқироқ.

“Таҳҳиро байтий”6 бу – покликдан баён,
Тилсими хокдир ва нур ганжи ниҳон.

Беҳасадга сен ҳасад қилган заҳот,
Қоплагай дилни ҳасад боис фасод. 435

Тупроғ ўл Ҳақ марди пойин остида,
Биз каби хок тўк ҳасаднинг устига.

—————————
1 – “Албатта Бизнинг оятларимизни ёлғон деган ва улардан кибр-ҳаво билан (юз ўгирган) кимсалар учун ҳаргиз само эшиклари очилмас ва токи туя игна тешигидан ўтмас экан, улар ҳам жаннатга кира олмаслар (яъни, ҳеч қачон жаннатга кира олмаслар)… “(Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 40-оят).

2 – “Парвардигоримизнинг (қудратини) – сояни қандай ёйиб қўйганини кўрмадингизми?! Агар хоҳласа уни сокин-жилмас қилиб қўйган бўлур эди. Сўнгра қуёшни унга (яъни, соянинг борлигига) далил қилдик”. (Қуръони карим, «Фурқон» сураси, 45-оят).

“Кайфа мадда-з-зилл” – “У сояни ёйиб қўйган”

3 – “Бас, қачонки уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Парвардигорим», деди. У ботиб кетгач: «Ботиб кетгувчиларни суймайман», деди”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 76-оят).

“Ла уҳиббу-л-офилин” – “Ботиб кетгувчиларни суймайман”

4-5 – “Эсланг, Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат иблис (кибру ҳаво билан): «Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?», деди. У (яна шундай) деди: «Менга хабар бергинчи, мана шу кимсани мендан улуғ-устун қилдингми? Қасамки, агар Сен мени Қиёмат Кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта мен унинг зурриётини қириб юборурман, (яъни, Ҳақ Йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман), магар озгиналаригина (Ҳақ Йўлда қолурлар”)”. (Қуръони карим, «Ал-Исро» сураси, 61-62-оятлар).

6 – “Эсланг, Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаётган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик) ва Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг Байтимни тавоф қилгувчилар, (ўша ерда ибодат қилиб) турувчилар, рукуъ-сужуд эгалари учун пок тутинг», деб буюрдик”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 125-оят).

“Таҳҳиро байтий” – “Менинг байтимни пок тутинг”

ВАЗИРНИНГ ҲАСАД ҚИЛГАНЛИГИ БАЁНИ

Ул вазирча зоти эрди кин-ҳасад,
Берди ботилга қулоқ-бурнин, фақат.

Ўйламиш, санчилса иғво ниши гар,
Қамрагай ҳар нотавон жонин хатар.1

Ким ҳасад айлаб қулоқ-бурнин кесар,
Иккисиндан ҳам ўзин маҳрум этар.

Гар бурун эрса бурун, туйгай атр,
Атри улни эзгуликка элтадир. 440

Кимки ҳидни туймагай, йўқ бурни ҳам,
Энг муаттар ҳид аро дин атри жам.

Ким туйиб ҳид, ношукурлик қилса гар,
Кўрнамак бўлгай, бурундан айрилар.

Шукр айла, шукри борга банда бўл,
Барқарор бўлгин, улар қошинда ўл.2

Сен вазирдай қилмагин торож-талон,
Халқни ҳам қўйма намоздан ҳеч қачон.3

Сўйлабон дин ўгитин, айлаб макр,
Ҳолвага қўшди саримсоқ шум вазир. 445

———————
1 – “Аҳли китобларнинг кўпчилиги ўз ҳасадгўйликлари билан сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни, ҳозир), уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан кейин яна куфрга қайтаришни истайди. Бас, Оллоҳнинг фармони келгунича уларни авф қилингиз ва кечирингиз! Албатта Оллоҳ ҳар нарсага қодирдир”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 109-оят).

2 – “Бас, (шундай экан) сизлар ризқу рўзни (Ёлғиз) Оллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат қилинглар, Унгагина шукр қилинглар, (зотан), сизлар Унгагига қайтарилурсизлар”. (Қуръони карим, «Анкабут» сураси, 17-оят).

3 – “Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Оллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!” (Қуръони карим, «Моида» сураси, 91-оят).

НАСРОНИЙЛАРНИНГ ДОНИШМАНДЛАРИ
ВАЗИР МАКРИНИ ПАЙҚАБ ҚОЛИШГАНИ

Кимки серзавқ, шум вазирнинг сўзида,
Кўрди лаззат, аччиғин ҳам сўнгида.

Сўзга ҳикматни қўшарди ҳар сафар,
Қандли шарбат ичра қўшгандай заҳар.

Сиртда дерди: “Айла ғайрат, турма тек!”,
“Юрма тез!” деб сўндирарди руҳни, лек.

Гар кумушнинг сирти тоза, ярқироқ,
Қолдирар қўл ва кийимлар узра доғ.

Чўғ қизилдир, шуъласи оқ, сол назар,
Лек, қародир қилмиши, буткул зарар. 450

Гарчи чақмоқ айлагай шуъла нисор,
Лек, унинг кўзни қамаштирмоғи бор.

Кимки огоҳмас, эмас гар завқи ёр,
Шум вазирнинг сўзидир бўйнида дор.1

Олти йил ичра вазир, шоҳдан жудо,
Бўлди Ийсо қавмига пушту паноҳ.

Унга халқ топширди дин, кўнглин бутун,
Берди жон ҳар амри, ҳар ҳукми учун.

———————-
1 – “Албатта иймон келтирган ва Ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар устида (шайтон) учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир”. (Қуръони карим, «Наҳл» сураси, 99-оят).

ШОҲНИНГ ВАЗИРГА МАХФИЙ ХАБАР ЙЎЛЛАГАНИ

Шум вазиру шоҳ аро кезмиш хабар,
Шоҳ пинҳон ваъда бермиш ҳар сафар. 455

Ёзди шоҳ мактуб: “Аё, келтир нажот,
Келди вақт, тез айлагин қалбимни шод”.

Деди: “Шоҳ, шулдир ишим, мен ҳар сафар
Қўзғагум Ийсо динида фитналар”.

НАСРОНИЙЛАРНИНГ ЎН ИККИ ГУРУҲГА
БЎЛИНГАНИ БАЁНИ

Ул Исо қавминда ўн икки амир
Юргизиб келганди ҳукмин бирма-бир.

Ҳар гуруҳ битта амирга бўйсуниб,
Бош эгарди таъмакор, амрин кутиб.

Қавмию ўн икки ҳар қайси амир,
Бўйсунарди не деса маккор вазир. 460

Ҳар сўзига айламишлар эътибор,
Иқтидо қилмиш улар беихтиёр.

Қилдилар таъзим бажо, маккор вазир,
“Ўл!” деса, жонин берарди ҳар амир.

МАККОР ВАЗИРНИНГ ИНЖИЛ
ҲУКМЛАРИНИ ЎЗГАРТИРГАНИ

Хилма-хил маслакда ҳар битта амир
Номига тумморда хат битмиш вазир.

Ҳар ҳукм мазмунда турлик, тумтароқ,
Бир-бирига эрди зид бошдин-оёқ.

Бирда дер: “Рўза, риёзат – тўғри йўл,
Тавба гар қайтмоқ учун келгуси қўл”. 465

Бирда дер: “Чекманг риёзат – фойда оз,
Ҳар нажотга йўл саховатдир, холос”.

Бирда дер: “Очлик, саховат ҳар нафас
Ҳаққа ширк келтирмагингдан ўзгамас.

Таслиму комил таваккулдан узоқ,
Барча ғам, роҳат эрур макру тузоқ”.

Бирда дер: “Хизмат, итоатдир раво,
Йўқса, туҳматдир таваккул, бенаво”.

Бирда дерди: “Динда амру наҳйи то,
Шартидир ожизлигимиз, нораво. 470

Ажзимизни унда кўргач биз тағин ,
Ҳис қилармиз Ҳақ таоло қудратин”.

Бирда дерди: “Ўзни ожиз билмагин,
Ношукурлик бил заифлик иллатин.

Қудратинг билгилки, қурб Улдан эрур,
Қудратинг Ул неъмати, “Ҳув”дан эрур.

Бирда дерди: “Иккисиндан қил ҳазар,
Бут эрур, сиғдирса ҳар қандай назар”.

Бирда дер: “Сўндирмагин, ёнсин бу шам,
Чунки, бул шамда назар бўлгуси жам. 475

Сен агар кечсанг хаёл, кўз баҳридин,
Тунда маҳрумсан висолинг шаъмидан”.

Бирда дер: “Сен қўрқма, сўндир, порлаюр
Бир назарнинг ўрнига юз мингта нур.

Сўнса, жонинг шаъмин афзун айлагай,
Тоқатинг Лайлингни Мажнун айлагай.

Зуҳд ила тарк этса ким дунёни гар,
Унга дунё қайта-қайта юзланар”.

Бирда дерди: “Неки Ҳақ қилмиш ато,
Сен учун қилмиш ширин қодир Худо. 480

Хуш ва осон айламиш, ол, неки бор,
Қилмагин ўзни машаққатга дучор”.1

Бирда дерди: “Бўлмагин таъбингга қул,
Нораводир, неки ул қилгай қабул.

Турфа йўл осон кўрингай, шубҳасиз,
Ўз йўлин ҳар ким билар жондай азиз.2

Ҳақ йўли бўлганда осон ҳар нафас,
Йўл топарди кофиру оташпараст”.

Бирда дердиким: “Муяссар ул эрур,
Дил ҳаёти жонига озиқ берур. 3 485

Неки таъбнинг завқи-ла етгай агар,
Шўразор ердай уруғ бермас самар.

Унга ҳосилдир пушаймонлик, фиғон,
Келтирар, савдоси ҳам буткул зиён.4

Ул муяссар бўлмагайдир, ҳоли бад,
Сўнг муассир номин олгай оқибат.

Ет “муассир” ҳам “муяссар” фарқига,
Оқибат боқ иккисин юз, аксига”.

Бирда дерди: “Айла бир устоз талаб,
Оқибат кўрсатмагай ҳасбу насаб. 490

Оқибатни кўрса миллат ошкор,
Оқибат йўлдан адашгай хору зор.

Оқибат билмоқ — йигирмоқмас мато
Йўқса, қайдандир низо динлар аро?”.

Ёзди бир мактубда: “Устозсан ўзинг,
Чунки, пир, устозга мумтозсан ўзинг.

Мард ўлиб, мардларга мағлуб бўлма ҳеч,
Йиғ ҳушинг, юр ўз йўлингда эрта-кеч”.

Бирда дерди: “Бир бутунга барча жо,
Икки кўрганлар ғилайдир, бенаво”. 495

Бирда дерди: “Юз қачон бўлганди бир?
Ким бу тахлит ўйлагай? Ул жиннидир”.

Бир-бирига эрди зид, не айтса гар,
Ҳеч бириккайми шакар бирлан заҳар?

Кечмасанг заҳру шаккарнинг баҳридан,
Сен йироқ ваҳдат гулин хуш атридан.

Шул тариқ, ўн икки мактуб, бирма-бир
Битди Ийсо қавмига душман вазир.

————————-
1 – “Оллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Токи сизлар бу саноқни тўлдирингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Оллоҳни улуғлангиз. Шояд шукр қилсангиз”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 185-оят).

2 – “Динларни бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олган кимсалардан (бўлманглар)! Ҳар бир ҳизб-фирқа фақат ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар”. (Қуръони карим, «Рум» сураси, 32-оят).

3 – “Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Оллоҳдан) қўрқса; Ҳамда гўзал оқибатини (яъни, жаннат бор эканини) тасдиқ этса; Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз”. (Қуръони карим, «Вал-Лайл» сураси, 5-6-7-оятлар).

4 – “Улар Ҳақ Йўлнинг ўрнига залолатни сотиб олган кимсалар бўлиб, бу савдоларида фойда қилмадилар ва Тўғри Йўлга юрувчилардан бўлмадилар”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 16-оят).

БУ ИХТИЛОФЛАРНИНГ ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДА ЭМАС,
СУВРАТ ЙЎЛИДА ЭКАНЛИГИ БАЁНИДА

Туймай ул Ийсода бир ранглик ҳидин,
Бенасиб – Ийсо хумин1 рафторидин. 500

Ул сафо хумми2нда юз ранглик либос
Битта рангга кирди содда, нурга хос.3

Битта ранглик эрса-да, келмас малол,
Эрди пок мисли балиқ, сувдай зилол.4

Гар қуруқлик ичра минглаб ранги бор,
Лек, қуруқлик-ла балиқлар жанги бор.

Ким балиқ? Дарё надир? Бул – бир масал,
Икки олам шоҳидир Азза ва Жал.5

Неча минг денгиз, балиқлар даҳр аро
Ул Карам Соҳибига айтар сано. 6 505

Токи раҳмат ёмғирин Ул ёғдирур,
Токи уммон ичра тўлсин инжу-дур.7

Сочди нур меҳру сахо офтоби, боқ,
То булут, уммонга бўлсин деб сабоқ.

Сочди ер узра илм ёғдусин Ул,
То уруғни айласин ер деб қабул.

Ер хиёнат қилмагайдир, ҳар сафар,
Қайтариб бергай, нима эксанг агар.

Бул омонат ул омонатдан эрур,
Унга Ҳақ офтоби бахш этганда нур. 510

Токи Ҳақ амрин аён этмас баҳор,
Қилмагайдир сирларин ер ошкор.8

Ул Сахий жонсиз табиатга қадар
Берди ростгўйлик, омонат ҳам хабар.9

Битта тош гар бўлса обод фазлидан,10
Бўлди кўр бир неча оқил қаҳридан.

Жону дилдир сабри бул туғёнга тоқ,
Кимга айтай? Йўқ жаҳонда бир қулоқ.11

Кўзга дўнмиш, қайда бордир гар қулоқ,
Қайда тош бор, қилди рангин ярқироқ. 515

Бўлса кимёгар Ўзи, кимё надир?
Гар сеҳргардир Ўзи, не сеҳру сир?

Бул саномас – айтганим ҳамду сано,
Бир далил борликка гар, борлик – хато.12

Борлигин қошинда йўқ бўлмоқ раво,
Қошида борлик надир? Кўр, бенаво.13

Кўр эмас борлик агар, Ундан куйиб,
Йўқ бўлар эрди қуёш тафтин туйиб.

Қотмаса муз борлик ул мотам аро,
Муз қотарди борлиғу олам аро. 520

————————
1-2 – Исо хуми, сафо хуми – Исо алайҳиссаломнинг мўъжизакорлиги ҳақидаги ривоятлардан бирида айтилишича, онаси Исо алайҳиссаломни бўёқчига шогирдликка беради. Орадан маълум муддат ўтгач, устози унга деди: “Сен бу ишда анча моҳир бўлдинг, мен сафарга чиқмоқчиман, мана бу либосларни мен танлаган рангларга бўяб қўйгин”. Устоз сафарга кетгач, Исо барча либосларни бир хумга солди ва деди: “Парвардигор амри билан мен истаган рангга кир”. Орадан ўн кун ўтгач, устоз сафардан қайтди. Барча либосларнинг битта хумга солинганини кўриб, хафа бўлди ва деди: “Ҳаммасини расво қилибсан!”. Исо: “Қайси либос қандай рангда бўлишини хоҳлайсан?” – деб, барча либосларни устози хоҳлаган рангда хумдан чиқариб берди. Устози ва у ерда ҳозир бўлганлар Исонинг бу мўъжизасидан ҳайратга тушиб, унга имон келтирадилар. Имон келтирганлар ҳаворийлар бўлиб, Қуръони каримнинг “Саф” сурасидаги 14-ояти, “Моида” сурасининг 111-112-оятлари, “Оли Имрон” сурасининг 52-оятида улар ҳақида эслатиб ўтилган. (Сайид Иброҳим Ҳикмат, “Қуръон дар Маснавй”, Душанбе — 2007)

3-4 – “Албатта Оллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 19-оят).

5 – “Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир. У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир”. (Қуръони карим, «Шўро» сураси, 11-оят).

6 – “Осмонлар ва Ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида Ёлғиз Одамга сажда қилурлар”. (Қуръони карим, «Наҳл» сураси, 49-оят).

7 – “У осмондан сув туширган Зотдир. Бас, у сув ёрдамида ҳар турли набототни чиқардик. Ундан эса гиёҳларни чиқардик. Ундан (гиёҳдан) устма-уст бўлган донларни (яъни, бошоқларни) чиқарурмиз”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 99-оят).

8-9 – “Бас, Сиз Оллоҳнинг раҳмати – ёмғирнинг изларига қаранг – У қандай қилиб Ерни ўлганидан кейин тирилтиради-я?! Ҳеч шак-шубҳасиз, мана Шу (Оллоҳ) ўликларни ҳам Тирилтиргувчидир. У барча нарсага Қодирдир”. (Қуръони карим, «Рум» сураси, 50-оят).

10 – “(Мусо) айтди: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз ҳилқатини – шаклини ато этиб, сўнгра (уни) Тўғри Йўлга солиб қўйган Зотдир”. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 50-оят).

11 – “(Улар) кар, соқов, кўрдурлар, демак, (йўлларидан) қайтмайдилар”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 18-оят).

12 – “Қудрат Эгаси бўлмиш Парвардигорингиз улар айтаётган сифатлардан (яъни, ҳар қандай айбу нуқсондан) Покдир”. (Қуръони карим, «Вас-Саффот» сураси, 180-оят).

13 – “Қачонки Мусо ваъдалашган вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач, у: «Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин. Сенга бир қарай», деди. (Оллоҳ) айтди: «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ. (Мен унга кўринурман). Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан». Қачонки Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 143-оят).

ВАЗИРНИНГ МАКР ҚЎЛЛАШДАГИ ХАТОСИ БАЁНИ

Fофил, ахмоқ эрди шоҳ янглиғ вазир,
Ҳаққа зид, куфрона йўл тутмиш, ахир.1

Ҳақгаким, гар қилса аҳду ихтиёр,
Айлагай йўқдан неча оламни бор.2

Айлагай ўнгингда юз олам бино,
Бахш этар кўнгил, кўзингга Ҳақ жило.

Гар жаҳон чексиз, улуғвор сенга, бас,
Қудратин олдинда, билгил, заррамас.3

Аслида ҳар жонга зиндон бул жаҳон,
Йўл юринг, ул ёнда бор чексиз макон. 4 525

Ул тараф чексиз ва бул ён тангу тор,
Нақшу суврат маъни-чун мисли девор.5

Фиръавннинг неча юз минг найзасин
Бир асо бирлан Мусо синдирди чин.6

Неча юз минг Жолинус ва тибби ҳам
Эрди Ийсо қошида лол ҳар қадам.

Неча юз минглаб китоб, ашъор ҳам,
Қилди уммий сўзга дарҳол бошни хам.7

Ғолибу қудратлидир Ҳақ қанчалик,
Ким фаномас, қадри йўқдир хасчалик. 530

Не ғурурларни қўпормиш ларзакор,
Не закий қушни қилиб домга дучор.8

Ҳақ тараф йўл бошламас ўткир фикр,
Ҳақ синиқ кўнгилда порлар бирма-бир.9

Қанча давлатдору зукко ҳам сара
Ул хаёл қошинда бўлди масхара.

Мол надирки, унга бўлсанг пой-патак?
Ер надирки, унга бўлсанг хас-хашак?

Қилмишиндан бир аёл қилганда ор,
Зуҳра айлаб, этди масх10 Парвардигор. 11 535

Бир аёлни Зуҳра этмоқ масх агар,
Хокка дўнмоқ масх эмасми, эй, ўжар?

Руҳ сени элтар фалакнинг тоқига,
Ўзни тортарсан тубанлик чоҳига.

Масх этиб, қилдинг ўзингни хору хас,
Ҳар малак қилганди бул танга ҳавас.12

Боқ, ахир, масх айлагай қандоқ у тан?
Ўша масх олдида масхингдир тубан.

Ҳиммат отин елдириб юлдуз томон,
Бўлмади масжуд Одам сенга аён. 540

Эй, тубан, сен одамий зотсан агар,
Нега қилмассан тубанликдан ҳазар?

Менгадир олам, дегайсан ҳар куни,
Тўлдирай жисмим билан дейсан уни.

Қор ёғиб, дунёни қор босгай агар,
Йитгай ул, бўлса қуёшдан бир назар.

Юз вазиру неча юз минглаб гуноҳ,
Йўқ бўлар, бир учқунин сочса Худо.13

Пуч хаёлни дўндирар ҳикматга Ул,
Заҳрини айлантирар шарбатга Ул. 545

Бадгумонни қутқарар шак, ваҳмидан,
Меҳру шафқат ундирар кин аҳлидан.

Асраб Иброҳимни оташ, ўт аро,
Қилди қўрқув ўрнига иймон ато.14

Айлагай ишқ ўти савдойи мени,
Айлагай ёди суфастойи15 мени.16
——————————
1 – “Улар Оллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 9-оят).

2 – “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур – вужудга келур”. (Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 82-оят).

3 – “Аниқки, Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратдик ва Бизни ҳеч қандай чарчоқ ушлагани йўқ”. (Қуръони карим, «Қоф» сураси, 38-оят).

4 – “Шак-шубҳа йўқки, Охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир”. (Қуръони карим, «Ал-Исро» сураси, 21-оят).

5 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом) …Уларга айтинг: “Дунё матоси озгинадир. Оллоҳдан қўрққан кишига Охират яхшироқдир. Сизларга хурмо данагининг пўстича ҳам зулм қилинмас”. (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 77-оят).

6 – “(Эй Мусо) Қўлингдаги нарсани (яъни, асойингни) ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур. Уларнинг ясаган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи, холос. Сеҳргар эса қаерда бўлмасин, зафар топмас”. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 69-оят).

7 – “Улар шундай кишилардирки, уммий (саводсиз) Пайғамбарга – номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган – элчимизга (Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-саломга) эргашадилар. У (Пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлайди (яъни, Ислом динидан аввалги динларда бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиради). Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни, Қуръонга) эргашган зотлар – ана ўшаларгина нажот топгувчилардир”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 157-оят).

“Бас, Оллоҳга ва Унинг элчисига – Оллоҳга ва Унинг Сўзларига ишонадиган уммий Пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз – шояд ҳидоят топурсиз”. (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 158-оят)

“Айтинг: “Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, агар бир-бирларига бу ишда ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар” (Қуръони карим, “Ал-Исро” сураси, 88-оят)

8 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Тур) тоғини кўчириб олиб, уларнинг устларида гўё бир соябондек (кўтариб туриб), улар уни устларига қулаб тушади, деб гумон қилган ҳолларида: “Биз сизларга ато этган нарсани (Тавротни) маҳкам ушлангиз ва ундаги оятларни ёдда тутингиз, шояд тақводор бўлсаларингиз!”, деган пайтимизни эсланг!” (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 171-оят).

9 – “Мен кўнгли синиқлар билан биргаман”. (Ҳадис)

10 – Масх – Бир суратни аввалгисидан хунук сувратга айлантириш. Ривоятга кўра, Парвардигор ўн уч нарсани ёмон феъли учун масх этмиш, яъни, ахлоқсиз эркакни филга, гўдакларни хунаса қилганни тўнғизга, ҳайз кўрганда ғусл қилмаган хотинни қуёнга, чақимчини чаёнга, ғоратгарни калтакесакка, пайғамбар амрига хилоф тарзда балиқ овлаганни чўчқага, ўғрини тулкига, зинокорни тошбақага, такаббурни зоғга, ёлғондан қасам ичганни ёввойи каптарга, ҳаромхўрни чумчуққа, тўлов учун нола қилган хотинни сичқонга, ўз мазҳабини ўзгартирганни бойқушга айлантирган. Айрим манбаларда уларнинг сони йигирма тўққизта, дейилган, валлоҳи аълам бис-савоб. (“Ғиёс-ул-луғот”, 2том, 260-саҳ).

11 – Исломга қадар тарқалган бир ривоятга ишора, яъни, Ҳорут ва Морут номли ўзларига қаттиқ ишонган икки фариштани йўлдан урган бир аёл улардан Худонинг улуғ номини билиб олгач, фалакка кўтарилган ва Худо унинг руҳини Зуҳра номини олган сайёрага кўчирган. Бу ерда гап таносух, яъни, руҳнинг бир қолипдан бошқа бир қолипга кўчиши ҳақида бормоқда.

12 – “Энди қачонки ўзлари қайтарилган ишдан (қайтмасдан) кибру ҳаво қилганларидан кейин уларга: “Бадбахт маймунларга айланингиз”, дедик”.(Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 166-оят).

13 – “…Ерга кечаси ё кундузи Бизнинг фармонимиз келиб, Биз уни гўё куни-кеча обод бўлмагандек, “ўриб” (вайронага айлантириб) қўюрмиз”. (Қуръони карим, «Юнус» сураси, 24-оят).

14 – “Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган подшоҳ Намруд бошчилигидаги мункирлар) дедилар: “Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар” Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!»(Қуръони карим, «Анбиё» сураси, 68-69-оятлар).

15 – Суфастойи – қадимги юнонда сафсатабозликка асосланган фалсафий оқим бўлиб, олам ва мавжудотни хаёлий, мавҳум деб билганлар.

16 – “… Оллоҳ Ўз ишида Ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди) лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар”. (Қуръони карим, «Юсуф» сураси, 21-оят).

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ ҚАВМИНИ ЙЎЛДАН
ОЗДИРИШ УЧУН ВАЗИРНИНГ БОШҚА
МАКР ЎЙЛАБ ТОПГАНИ

Янги макр ўйлаб вазир, шум, ҳийлакор,
Қўйди ваъзин, қилди хилват1 ихтиёр.

Сочди шавқ ўтин муридлар қалбига,
Қолди қирқ-эллик кун узлат қаърида. 550

Бўлди халқ девона, буткул шавқидан,
Ҳолу қол ҳажрини билмоқ завқидан.

Нола-оҳ айлаб муридлар, қолди лол,
Бўлди хилватда вазирнинг қадди дол.

Дердилар: “Ким бизга сенсиз нур сочар?
Ҳассакашсиз кўр ҳоли не кечар?

Қил, Худо ҳаққи, карам-раҳминг ато,
Қилма ортиқ бизни сен ўздан жудо.

Биз гўдакмиз, доядирсан меҳрибон,
Бошимиз устинда сенсан соябон” 555

Деди: “Дўстлардан эмас жоним йироқ,
Сиртга чиқмоқ изни йўқ менда, бироқ”

Ҳар амир қилмиш шафоатдан умид,
Айламиш ўзни маломат ҳар мурид:

“Оҳ, бу не бахтиқаролик, эй, Карим?
Бўлмасанг, дилсизу динсизмиз, етим.

Сен баҳона топдинг, ўт – дод-воҳимиз,
Дилни ўртар, кўкка етди оҳимиз!

Хуш каломингни севиб қолган эдик,
Ҳикматингдан сут ичиб қонган эдик. 560

Оллоҳ, Оллоҳ, қилмагин бизга жафо,
Эртамас, қилгин бугун хайринг ато!

Сенга дил бергуси бедиллар нечук?
Эрса гар сендан жудо, бўлмас етук.

Қолдилар қирғоқда балиқдай бу кез,
Буз ариқлар бандини, оч сувни тез!

Бул замонда сен каби зот қолди кам,
Оллоҳ, Оллоҳ, додимизга ет бу дам!”.
——————————-
1 – Хилват – хилват, яъни, чилла ўтириш – сўфийларга ва муридларга хос одат. Сўфийлик тариқатларида муриб 40 кун давомида уйдан чиқмасдан тоат-ибодат қилиши “чилла ўтириш” деб аталган. Бу эътикоф деб ҳам аталади. (“Ислом энциклопедияси”, Тошкент, 2004)

ВАЗИРНИНГ МУРИДЛАРНИ РАД ЭТГАНИ

Деди: “Эй, сизлар, қуруқ гапга қарам,
Ваъзу пандга иштиёқманд ҳар қадам. 565

Ҳис қулоғига тиқингиз пахтани,
Дил нигоҳиндан юлингиз пардани.

Бош қулоғи қалб қулоғин беркитур,
То у кармас, қалб қулоғинг кар эрур.

Сиз бўлинг ҳиссиз, фикрсиз, беқулоқ,
Токи тингланг “иржиъий”1ни яхшироқ.

Уйқусизлик лафзи банд этган сайин,
Тинглагайсан қандай уйқу оламин?

Феълимиз ҳам сўзимиз тан сайридир,
Қалбимиз сайри заминдан наридир. 570

Гар қуруқ ҳисни қуруқликлар туғар,
Жон Исоси сув юзинда тик юрар.2

Гар қуруқлик бўлса тан сайрин бари,
Қўйди жон сайри қадам дарё сари

Умримиз бўлмиш қуруқликда адо,
Гоҳи тоғда, гоҳи саҳро, даштда гоҳ.

Оби ҳайвон изла гарчи, қайда бор?
Сен кечар дарёю мавжи қайда бор?

Ваҳму фаҳму фикримиз хок мавжи то,
Сув уза мавж – йўқ бўлиш, мастлик, фано. 575

Бунда эрсанг маст, йироқ ундан тамом,
Унда маст эрсанг, ниҳон сендан бу жом.

Зоҳирий суҳбат мисоли чанг-ғубор,
Жим туриб, бир зум бўлингиз ҳушга ёр”.
—————————
1 – “(У Кунда ҳаёти дунёдан Оллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб иймон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб, дейилур): ”Эй (Оллоҳнинг зикри билан) хотиржам – сокин нафс, Сен (Оллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлгин (ва Оллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт!” (Қуръони карим, «Вал-Фажр» сураси, 27-28-оятлар).

“Иржиъий” – “Қайт”

2 – “(Эй Мусо), Ўшанда сенинг онангга (шундай) ваҳий – илҳом юборгандик: «Уни (яъни, Мусони) сандиққа солиб, дарёга ташлагин. Бас. Уни дарё (тўлқини) соҳилга отсин. (Шунда) уни Менинг ҳам, унинг ҳам душмани (бўлган Фиръавн) ушлаб олур»…” (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 38-39-оятлар).

Ғаззолийнинг “Иҳёу улум ид-дин” ва “Кимёйи саодат” асарларида келтирилган ҳадисга ишора: “Расулуллоҳ (с.а.в)дан сўрадилар: “Ё, Расулуллоҳ, Исо (а.с) сув юзида юрган, дейдилар, шу ростми?” Расулуллоҳ дедилар: “Агар ишончи мустаҳкамроқ бўлганда, у ҳавода ҳам юрарди”.

МУРИДЛАРНИНГ ВАЗИРНИ ХИЛВАТНИ
ТАРК ЭТИШГА ТАКРОР УНДАГАНИ

Дедиларки: “Эй, Ҳаким, мушкилкушо,
Кўрма ёлғону жафо бизга раво!

Юкни орт, лек, келмасин ҳайвонга зўр,
Иш буюрсанг, сен заиф қурбини кўр.1

Дон олар қуш оғзига сиққунча, бас,
Барча қушнинг озиғи анжир эмас. 2 580

Сут эмас, гўдакка нон берсанг агар,
Ул гўдак жонига етгуси хатар.

Тишлари чиқса, етиб вақту замон,
Ул гўдак ўзи талаб айлайди нон.

Қилса парвоз қуш чиқармасдан қанот,
Ем бўлар йиртқич мушукка шул заҳот.

Қилса пайдо гар қанот, кўкка учар,
На такаллуф, на бирор чорлов кутар

Дев сени тинглаб, дамин ичга ютар,
Жон қулоғин сўзларинг ҳушёр этар. 585

Ҳуш – қулоқ бизга, агар гўё ўзинг,
Чўлимиз – денгиз, агар дарё ўзинг!

Сен-ла кўкдан бизга ер аъло эрур
Эй, симок3дан то самак4 ёйгувчи нур!

Биз учун сенсиз фалак зулматдадир,
Токи борсан, бул фалак, эй, Ой, надир?

Бил, улуғлик суврати афлокда бор,
Покиза жонларга улкан маъни ёр.

Ҳар жисм сувратда гарчанд беадад,
Маъни қошинда исм ўлгай, фақат. 590

—————————-
1 – “Оллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амални ҳам ўзининг бўйнигадир…” (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 286-оят).

2 – “Анжир ейдиган қушнинг тумшуғи қийшиқ бўлади” мақолига ишора.

3 – Симок – Асад буржидаги бир юлдузнинг номи.

4 – Самак – Балиқ, “ер остигача” маъносида.

ВАЗИРНИНГ: “ХИЛВАТНИ ТАРК ЭТМАЙМАН”
— ДЕБ ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди: “Исбот ҳам далилни кам қилинг,
Пандларимни дилга жойлаб жам қилинг. 595

Гар аминман, сўзларим ёлғон эмас,1
Гарчи кўкни ер десам, осмон эмас.

Мен агар комил эсам, инкор нечун?
Бўлмасам гар, бунчалар озор нечун?

Мен қоларман бунда асрорим билан,
Банд эрурман, чунки, ўз ҳолим билан”.

————————-
1 – “Кимга ишонсанг ёки суянсанг, уни айбдор билмоғинг жоиз эмас”. (Ҳадис).

ВАЗИРНИНГ ХИЛВАТ ҚИЛИШИГА
МУРИДЛАРНИНГ ЭЪТИРОЗИ

Дедилар: “Асло булар инкор эмас,
Сенга дўстмиз, эй вазир, ағёр эмас. 595

Айрилиқ дарди бу тўккан ёшимиз,
Жонимиз янглиғ чиқар оҳ-воҳимиз.

Дояси бирлан гўдак жанг қилмагай,
Англамай яхши-ёмонни, йиғлагай.

Чанг эрурмиз, сен ўзинг чалгувчисан,
Нола қилсак, оҳ-фиғон солгувчисан!

Най эсак, бизда наво сендан эрур,
Тоғ эсак, аксу садо сендан эрур.

Биз–ку шатранж донаси, ғолиб ё мот,
Сен сабабсан борига эй, Хушсифот! 1 600

Ким эрурмиз? Жон аро жонсан абад,
Сенга ҳамроҳликка борми бизда ҳад?

Биз кўринсак-да, бироқ, йўқмиз, фано,
Сен эса мутлақ Вужуд, фонийнамо.

Барчамиз шермиз, бироқ, байроқдамиз,
Эсса ел, гоҳ-гоҳида титроқдамиз

Ҳамламиз бордир, кўринмайди шамол,
Улки ғойиб, биз биландир, безавол.

Бодимиз ҳам боримиз додинг эрур,
Бизда борлиқ бори ижодинг эрур! 605

Йўққа борлик лаззатин қилдинг ато,
Айладинг ишқингга йўқни мубтало.

Олмагин биздан бу инъом лаззатин,
Май, газак, жомингни ҳам бахш айлагин.2

Гар уни олсанг-да, ким даъво қилар?
Нақш ила наққош нечук ғавғо қилар?3

Бизга боқма, биз гуноҳ қилсак агар,
Қудратинг, қодирлигингга сол назар.4

Йўқ эдик ҳам йўқ эди бизда талаб,
Сен эшитдинг, очмасак ҳам сўзга лаб”. 610

Нақш наққошу қалам қошинда лол,
Она қорни ичра бир гўдак мисол.

Қудратин қошинда олам бенаво,
Игнанинг олдида ожиздир мато.5

Гоҳи шайтон, гоҳ одам аксин чизар,
Гоҳи қувноқ, гоҳида ғамгин чизар.6

Лек, зарарни даф қилишга қўли йўқ,
Наф-зарардан сўзламоққа сўзи йўқ.7

Топ, қидир, “Қуръон”да бордир бул изоҳ,
“Мо рамайта из рамайт”8 дейди Илоҳ. 615

Ўқни отдик, бизга ўқнинг дахли йўқ,
Биз камондирмиз, Худо – отгувчи ўқ.

Жабр эмас, Жабборлик ўлгай бул мақом,
Зикри ўлгай оҳу нола, зор мудом

Ноиложликка далилдир зоримиз,
Ихтиёрийлик далили оримиз.

Ихтиёринг бўлмаса бул ор надир?
Бул надомат, ғуссаю озор надир?

Пир, мурид кўргувчи қийноқ не учун?
Ўйни тадбирдан айирмоқ не учун? 620

Сен десанг гар жабридан ғофил бу жон,
Ҳақ ойи бўлгай булут ичра ниҳон.

Бунга бор яхши жавоб, қилгин амал,
Динга қайтгин, бермасин куфринг халал.

Ҳасрату зорлик эрур беморлигинг,
Асли беморликдадир бедорлигинг!9

Хасталикда дард чекар бўлсанг агар,
Ҳар гуноҳингга қиларсан тавбалар.10

Ҳар гуноҳ нечоғлигин англаб у кез,
Тўғри йўлга юз бурарсан шунда тез. 625

Аҳду паймонлар қилиб дейсан, фақат:
“Энди тоатда бўларман тоабад”.

Сўнг аён бўлгуси ул беморлигинг,
Сенга бахш этмиш тағин бедорлигинг.

Эй, асл изловчи, ҳикмат асли шул:
Кимки дардликдир, билар Ҳақ атрин ул.

Ҳар ким огоҳ бўлса, ул уйғоқ эрур,
Кимки огоҳ гар, юзи япроқ эрур.

Жабридан огоҳ эсанг, дардинг қани?
Жабридан тортган ўшал жабринг қани? 630

Кимки занжирбанд эса, ул шод нечук?
Кимки зиндонда асир, озод нечук?

Айла ҳис қўлу оёқ боғланганин,
Ҳамда бош устингда Шоҳ миршабларин.

Қилмагин зўрлик заиф зотларга, бас,
Чунки, ожизларга зўрлик хос эмас.

Кўрмасанг Ул жабрини, жим тур бу пайт,
Гар кўрарсан, ул нишони қайда, айт?

Қай бир ишга бўлса майлинг ҳар қачон,
Қудратингни сен кўрарсан сўнг аён. 11 635

Қай юмушга бўлмагай майлинг агар,
“Хоҳлагай Оллоҳ” дегайсан ҳар сафар.12

Анбиёга мажбурий – дунё иши,
Кимки кофир, мажбурий – уқбо иши.

Анбиё уқбога айлар ўзни ёр,
Айлагай дунёни нодон ихтиёр.

Чунки, ҳар қуш талпинар жинси томон,
Орқадан парвоз этар, олдинда жон.

Кимки кофир, бўлди сижжийн13 жинсидан,
Шод улар ҳар лаҳза дунё сижнидан. 14 640

Иллийун15дир анбиё жинсин бари
Иллийунга талпинар жон-диллари.16

Ушбу сўзнинг сўнги йўқ, бўлмас тамом,
Бошда айтган қиссамиз этгай давом.

————————
1 – “Айтинг: «Эй мулку давлат Эгаси бўлган Оллоҳим, Сен Ўзинг истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан. Истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик Ёлғиз Сенинг Қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага Қодирсан”. (Қуръони карим, «Ол-и- Имрон» сураси, 26-оят).

2-3 – “Айтинг: “Агар (Оллоҳ) сизларга бирон зиён (етказиш)ни истаса, ёки У сизларга бирон манфаат (етказиш)ни истаса, у ҳолда ким сизлар учун Оллоҳ томонидан бўлган бирон нарса(ни дафъ қилиш)га эга бўла олур?!..” (Қуръони карим, «Фатҳ» сураси, 11-оят).

4 – “Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат Эгасидирсан”. (Қуръони карим, «Моида» сураси, 118-оят).

5 – “Унинг Ўзи бандалари устида Ғолибдир. Унинг Ўзи ҳикмат Соҳиби, (ҳар нарсадан) Огоҳдир”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 18-оят).

6 – “У шундай Зотки, сизларга (оналарингизнинг) бачадонларида бўлган пайтингизда Ўзи хоҳлаган суратни берур. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У Қудратли, Ҳикматлидир”. (Қуръони карим, «Оли Имрон» сураси, 6-оят).

7 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Мен агар Оллоҳ хоҳламаса (ўзгалар уёқда турсин), ўзимга ҳам бирон зиён ё фойда етказишга қодир эмасман…” (Қуръони карим, «Юнус» сураси, 49-оят).

8 – “Бас, (эй мусулмонлар), уларни сизлар ўлдирмадингиз, балки Оллоҳ ўлдирди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, Сиз отмадингиз, балки Оллоҳ отди. Ва (бу ғалабани Оллоҳ) Ўз томонидан мўминларга чиройли инъом бўлсин, деб қилди. Албатта Оллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир”. (Қуръони карим, «Анфол» сураси, 17-оят).

“Мо рамайта из рамайт” – “(Тупроқни) отган пайтингизда Сиз отмадингиз”

9-10 – “Қачон улар кемага минсалар, (ғарқ бўлишдан қўрқиб) Оллоҳга, У Зот учун динни холис қилган ҳолларида (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар…” (Қуръони карим, «Анкабут» сураси, 65-оят).

11-12 – “Қачон уларга: “Оллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилинглар”, дейилса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга (истеҳзо билан): “Агар Оллоҳ хоҳласа Ўзи таомлантириб оладиган кишиларга бизлар таом берурмизми? Сизлар ҳеч шак-шубҳасиз, очиқ залолатдадирсизлар”, дерлар”. (Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 47-оят).

13 – “Бу дунё мўмин учун жаҳаннам зиндони, кофир учун эса жаннатдир”. (Ҳадис).

Сижжийн – ернинг еттинчи қаватида сақланадиган, фосиқларнинг номаи аъмоллари битиладиган китоб.

14 – “Йўқ, (бировларнинг ҳақларидан уриб қолишдан ҳазар қилинглар)! Чунки (бундай) фисқ-фужур қилгувчи кимсаларнинг номаи аъмоллари албатта Сижжийнда бўлур! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Сижжийн нима эканини қаердан ҳам билурсиз?! (У) битилган китобдир”. (Қуръони карим, «Мутаффифун» сураси, 7-8-9-оятлар).

15 – Иллийун – еттинчи осмонда сақланадиган, яхшиларнинг номаи аъмоллари битилган китоб.

16 – “Дарҳақиқат, яхшиларнинг номаи аъмоллари шак-шубҳасиз, Иллийундадир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Иллийун нима эканини қаердан ҳам билурсиз?! (У) битилган китобдирки; Унга (Оллоҳнинг) яқин (фаришта)лари гувоҳ бўлурлар”. (Қуръони карим, «Мутаффифун» сураси, 18-19-20-21-оятлар).

ВАЗИРНИНГ ХИЛВАТНИ ТАРК ЭТМАЙ,
МУРИДЛАРНИ НОУМИД ҚИЛГАНИ

Хилватиндан сўнг садо бермиш вазир:
“Эй, муридлар, сизга айтай бирма-бир.

Ногаҳон келмиш Исодан шул паём:
“Ёр-биродардан йироқ бўлгин тамом.

Юз буриб девор томон, ёлғиз ўтир,
Ўз вужудингдан чиқиб, хилватга кир”. 645

Сўйламоқ имкони йўқдир ушбу дам,
Йўқдир ҳожат сиз билан суҳбатга ҳам.

Алвидо, эй, дўстлар, мен мурдаман,
Ўлдиму тўртинчи осмон узраман.

Бир ўтиндай, то оловли чарх аро
Минг азоб бирлан куйиб бўлмай адо.

Мен Исонинг ёнида, бундан буён
Айладим тўртинчи осмонни макон”.1

————————
1 – “Ҳолбуки, улар (Ийсони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта (Ийсо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч қандай билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Оллоҳ Ўз ҳузурига кўтаргандир. Оллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”. (Қуръони карим, «Нисо» сураси,157-158-оятлар).

ВАЗИРНИНГ ҲАР БИР АМИРНИ
АЛОҲИДА-АЛОҲИДА ВАЛИАҲД ЭТИБ ТАЙИНЛАГАНИ

Чорламиш ҳар бир амирни сўнг вазир,
Сўйламиш ҳар биттасига бирма-бир. 650

Деди: “Сенсан ноиб Ийсо дийнида,
Ҳам сени кўргум халифам ўрнида.

Бор амир сенга бўйин сунгай бу дам,
Қилди Ийсо барчасин сенга қарам.

Гар бўйинсунмайди сенга қай амир,
Шул заҳот ўлдир ва ё қилгин асир!

То тирикман, лек, буни сир сақлагин,
Орзу қилма ё бировга айтмагин.

То тирикман, сирни пайдо қилмагин,
Шоҳлигу зўрликни даъво қилмагин. 655

Ушбу туммор ичра Ийсо ҳукми бор,
Бер ўқиб умматларига ошкор”.

Ҳар амирни бирма-бир чорлар эди,
“Сен Худонинг дийнига ноиб”- деди.

Ҳар бирига бирма-бир айлаб карам,
Унга не айтса, гапирмиш бунга ҳам.

Ҳар амирга биттадан бермиш тумор,
Ҳар бирин, лек, мазмунинда фарқи бор.

Ҳар туморнинг матни ҳар хил сарбасар,
Худди, ҳарф шакли “алиф”дан “ё”қадар. 660

Фарқ қиларди ҳар тумор фикри чунон,
Биз бу зидликни бурун қилдик баён.

ВАЗИРНИНГ ХИЛВАТДА ЎЗИНИ ЎЛДИРГАНИ

Қолди хилват ичра қирқ кун бенишон,
Ўзни ўлдирди, танин тарк этди жон.

Бул ажалдан халқ хабар топган заҳот,
Қабрининг бошинда қилмиш оҳу дод.

Қабр аро тўп-тўп халойиқ бўлди жам,
Соч юлиб, йиртиб яқо, чекмиш алам.

Сон-саноғига Худо етгай санаб,
Қанча эрди турку курд, румий, араб. 665

Сочдилар бош узра хок–тупроғини,
Билдилар дардларга дармон доғини.

Қабрида бир ой халойиқ эгди бош,
Оқди ҳар икки кўзиндан қонли ёш.

ИСО АЛАЙҲИССАЛОМ УММАТЛАРИНИНГ АМИРЛАРДАН:
“ОРАНГИЗДА ВАЛИАҲД КИМ?” — ДЕБ СЎРАГАНИ

Халқ деди ўтгач бир ой: “Эй, яхшилар!
Ким амир ўрнига ноиблик қилар?

Ўрнига биз то тайинлайлик имом,
Қўл бериб унга, қилайлик эҳтиром.

Сўнди офтоб, қолдириб дилларда доғ,
Лек, қуёш ўрнин босолмас ҳеч чироқ. 670

Бўлди ёр васли букун кўздан нари,
Ўрнига ноиб керак ул сингари.

Ўтса гул фасли, бўлар гулшан хароб,
Бизга энди гул ҳидин сочгай гулоб.

Гар Худо ташланмагай кўзга тамом,
Берди Ҳақ ноиблари ундан паём.1

Йўқ, улар ноиб эмас, айтдим хато,
Бир-бириндин иккиси бўлмас жудо.2

Сен агар сувратпараст – айри турар,
Кимки сувратдан халос, бир дер улар. 675

Жуфт эрур сувратга боқсанг кўзларинг,
Биттадир, нурига боқсанг гар анинг.

Икки кўзнинг нурини қилмайди фарқ,
Чунки, кўз нурин кўрар ул марди Ҳақ.

Ўн чироқни айласанг бир жойга жам,
Бир-бирига ўхшамайди шакли ҳам.

Қилмагайсан сен арода фарқни ҳис,
Боққанинг чоғ нурига шак-шубҳасиз.

Юзта олма, беҳи, гарчанд, юзтадир,
Гар сиқиб, шарбат чиқарсанг – асли бир. 680

Маънида ҳеч бўлмагай қисмат, саноқ,
Маънида бўлмас қисмлар жуфту тоқ.

Яхшидир ёрлар билан Ёр бўлса бир,
Суврат ажратгай, мудом маъно қидир.

Ёнса саркаш акси ранж ўти аро,
Сенга ваҳдат ганжи сўнг бўлгай ато.

Сен агар куйдирмасанг, айлаб карам,
Куйдирар Мавло ўзи, эй, ложарам.3

Айлар ул дилларга ошкор жилвасин,
Ҳам тикар дилларга дарвиш ҳирқасин. 685

Тўзғиган эрсак-да, бир жавҳар эдик,
Бош-оёқсиз эрдигу гавҳар эдик.

Гавҳар эрдик порлаган офтоб мисол,
Сувдайин эрдик тугунсиз, пок, зилол.

Олди суврат шаклини нур – ярқироқ,
Кунгура сояси янглиғ бесаноқ.

Манжаниқ бирлан уни айланг адо,
Токи бир фарқ қолмасин фарқлар аро.

Сўйласам шарҳиниким, не ушбу ҳол,
Тоймасин деб қўрқаман токим хаёл. 690

Сўзимиз кескир, пўлат тиғдай бари,
Сенда қалқон бўлмаса, тургил нари.

Бўлма бул олмосга қалқонсиз дучор,
Санчилишдан, чунки, тиғ қилмайди ор.

Тиғни қинга жойладим мен шул сабаб,
То хилоф деб билмасин бир беадаб.

Қиссамизнинг сўнгига етдик бу он,
Тўғрилар сидқин қилармиз биз баён.

Ўтди пешво, қилдилар ул макри бор
Ўрнига ноиб тайинлашга қарор. 695

————————-
1-2 – “Албатта Оллоҳ ва унинг пайғамбарларига ишонмайдиган, Оллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни, Оллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва («Мусога ишонамиз, Ийсо ва Муҳаммадга ишонмаймиз» дейдиган яҳудийлар каби, ёки «Мусо ва Ийсога ишонамиз, аммо Муҳаммадга ишонмаймиз», дейдиган насронийлар каби). Айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз, дейдиган ҳамда (иймон билан куфр ўртасидаги) ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар – ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз”. (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 150-151-оятлар).

3 – “Бизнинг (Йўлимиз)да жиҳод қилган – курашган зотларни албатта Ўз Йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Оллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир”. (Қуръони карим, «Анкабут» сураси, 69-оят).

АМИРЛАР ЎРТАСИДА ВАЛИАҲДЛИК УЧУН
НИЗО ҚЎЗFАЛГАНИ

Бир амир қўзғалди ўрнидан шу дам,
Сўнг вафодор қавми ён қўйди қадам.

Деди: “Мендирман у зотнинг ноиби,
Давр аро Ийсога ноиб лойиғи.

Бул тумор менга далил бўлгай тамом,
Унга мен ноиб эрурман, вассалом!”

Чиқди бошқа бир амир четдан шу дам,
Шундайин эрди унинг даъвоси ҳам.

Қўйнидан ул ҳам чиқармиш бир тумор,
Ҳар иков айлаб ғазаб, кин ошкор. 700

Бор амирлар шул заҳот қайраб тишин,
Бирма-бир чиқмиш, яланғочлаб тиғин.

Қўлда тиғ, туммори бор эрди барин,
Қилди жанг сўнг маст-аласт филлардайин.

Жангда юз минглаб насоролар ўлиб,
Ҳам кесик бошлар уюлди тоғ бўлиб.

Ўнгу сўлдан оқди қонлар сел бўлиб,
Кетди чанг-тўзонга осмон ҳам тўлиб.

Шум вазир сочган ғараз тухми чунон,
Ёғди элнинг бошидан офатсимон. 705

Синди ёнғоқ, мағзи бор унда агар,
Гар тани ўлгуси, пок руҳи яшар.1

Гоҳ ўлар, гоҳ ўлдирар инсон тани,
Худди, олма ё анор эзилгани.2

Не ширин бўлса, у нордон бўлди соз,
Не чирик, ундан қолар нохуш овоз.

Неки маънолик эрур, пайдо бўлар,
Не чирик, бемаънидир, расво бўлар.

Боргин, эй, сувратпараст, маъно қидир,
Чунки, сувратга қанот маъносидир. 710

Ҳар нафасда маъни аҳли бирла қол,
Шунда сен ҳикмат топарсан ҳам камол.3

Гар вужудинг ичра бор бемаъни жон,
Бир яғоч тиғдир, ғилоф ичра ниҳон.4

То ғилоф ичра аён қилмас ўзин,
Чиқса гар қиндан, бўлар оддий ўтин.

Сен яғоч тиғ бирла жангга кирмагин,
Бир қараб қўй, ўзни расво қилмагин.

Гар яғочдан, сен талаб қил бошқа тиғ,
Бўлса олмос, шоду хуррам сафга чиқ. 715

Авлиё зарродхона тийғидир,
Бергуси дилларга сайқал бирма-бир.

Барча донолар демишлар шул йўсин,
Энг закийси раҳматан лил-оламин.5

Ол, анор қилсанг харид, хандонидан,
Мужда берсин хандалар то донидан.

Бил азиз, гар қай оғизлар қатидан,
Дил кўрингай дурмисол қалб қаъридан.

Лоланинг кулгуси ёлғон, бенаво,
Оғзидан қалби кўрингайдир қаро. 720

Боғни хандон айлагай хандон анор,
Айлагай мард суҳбати мардонавор.

Тош эсанг қаттиқ ва ё мармар эсанг,
Гавҳар ўлгайсан, закий қалбни десанг.

Жойлагин жонингга пок меҳрин мудом,
Бўлма дилхуш меҳрига ташна, ғулом.6

Ноумид бўлма, умид бор, тикла бош,
Бормагин зулмат сари, бордир қуёш.7

Тортадир дил аҳли диллар ёнига,
Тортадир тан сув ва гил зиндонига. 725

Дилга дилдош озиғин бер бирма-бир,
Бахтни, бор, иқболи борлардан қидир.8

————————
1 – “(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир. У Қудратли ва Мағфиратлидир”. (Қуръони карим, «Мулк» сураси, 2-оят).

2 – “Агар (бугун — Уҳудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Оллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни, ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Оллоҳ золим кимсаларни севмайди. Ва токи Оллоҳ иймон келтирган зотларни (гуноҳларидан) поклаш ва кофирларни ҳалок қилиш учун (бу кунларни одамлар орасида айлантириб туради). (Эй мўминлар), ёки Оллоҳ сизларнинг ичингиздан ким (Ҳақ Йўлда) курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?” (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 140-142-оятлар).

3 – “Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқингиз ва (иймонларида) ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!” (Қуръони карим, «Тавба» сураси, 119-оят).

4 – “Қачон Сиз уларга боқсангиз, уларнинг жисмлари (кўринишлари, кийган кийимлари) Сизни ҳайратга солур, сўзлаганларида эса сўзларига (оҳангдор, фасоҳатли бўлгани учун берилиб) қулоқ солурсиз. (Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи бўлгани учун) улар гўё (деворга) йўлаб қўйилган (чирик) ёғочларга ўхшайдилар. Улар (юраксизликлари сабабли) ҳар бир қичқириқ-овозни устларига (тушаётган бирон бало-офат деб) гумон қиладилар…” (Қуръони карим, «Мунофиқун» сураси, 4-оят).

5 – “Ва ма арсалака илла раҳматал лил ъаламин” – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни, Оллоҳнинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик”. (Қуръони карим, «Анбиё» сураси, 107-оят).

6 – “Эй мўминлар, ўзларингдан бошқаларни (яъни, ғайридинларни) сирдош-дўст тутманглар! Улар сизларга зарар етказишда кучларини аямайдилар ва сизларни қийинчилик-машаққатларга дуч келишингизни орзу қиладилар. Уларнинг сизларни ёмон кўришлари ўз оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги (адоватлари) эса янада каттароқдир…” (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 118-оят).

7 – “Улар айтдилар: “Биз сенга ростдан ҳам (фарзанд кўришинг) хушхабарини келтирдик. Бас, сен ноумид кимсалардан бўлмагин!”. (Қуръони карим, «Ҳижр» сураси, 55-оят).

8 – “(Эй мушриклар), агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан (яъни, Таврот ва Инжилни биладиган кишилардан) сўранглар!” (Қуръони карим, «Наҳл» сураси, 43-оят).

09

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan ikkinchi parcha
Odil Ikrom tarjimasi
06

XALIFANING LAYLINI KO’RIB QOLGANI
HAQIDA HIKOYAT

So’rdi Laylidan Xalifa: “Senmisan,
Aylagan Majnunni ayro esidan?

Bor chiroying o’zgadan afzun emas!”,
Dedi: “Jim bo’l, chunki, sen Majnun emas!”.

Kimki uyg’oq, bo’lsa mahdud borligi,
Uyqudan battar uning bedorligi.

Haq uchun uyg’onmagay gar jonimiz,
Qolgusi zindonda bedor onimiz. 410

Jonni har kun o’y-xayol tig’lab ketar,
Naf-ziyonlar, goh zavol qiynab ketar.

Qolmagay soflik, latofat hamda nur,
Berkilar bormoqqa yo’l osmon dovur.1

Kimki g’ofil qo’zg’atar hoyu havas,
So’zlashar o’yu xayoli xom—abas.

Tushda devni hur misol ko’rgay mudom,
Nafsi qo’zg’ab, unda bo’lgay ehtilom.

Nasli tuxmin sho’rlagan yerga separ,
O’zga kelgach, xom xayoli tark etar. 415

Boshi og’rib, bulg’anar tan nahsidan,
Dod o’shal oshkoru pinhon dastidan!

Ko’kda sayr aylab chunon bir qush uchar,
Qush uchar, qush soyasi yerga tushar.

Soya ovlab quvlagay nodon chunon,
Ayrilar so’ng boridan ham begumon.

Bexabardir soya – qushning aksidan,
Bexabardir soyaning o’z aslidan.

Soyani ko’zlab o’q uzmish damba-dam,
Qolmadi o’qdonda o’qlar bitta ham. 420

Qoldi bo’sh umrin sadog’i, ketdi o’q,
Soya quvlab umri o’tdi, ma’ni yo’q.

Doyasi Haq soyasidan bo’lsa xos,
Aylar erdi soya xom o’ydan xalos.

Banda Haqning soyasi bo’lgay agar,
Gar o’lik olam aro, Haqda yashar.

Tutgin Ulning etagin sen shul zahot,
Kelsa ofat so’nggi dam, bergay najot.

“Kayfa madda-z-zill”2 valiyning naqshi, bil,
Haq quyoshin nuriga ul bir dalil. 425

Bul dalilsiz bosma ul vodiy yo’lin,
Ayt, Xalildek “lo uhibbu-l-ofilin”.3

Bor, quyosh top, axtarib har soyadin,
Shamsi Tabriz etagin qo’yvormagin!

Topmasang yo’lni o’shal ayyom qadar,
So’r, Ziyoulhaq Husomiddin bilar!

Yo’lda bo’g’zingdan olar bo’lsa hasad,
Sarkash Iblis odati bul shaytanat.4

Ul hasad bois Odamdan qildi or,
Shul sabab bo’lmas saodat birla yor.5 430

Yo’lda bul dovon xatarlik, xavflidir,
Kimga hamrohmas hasad, ul baxtlidir.

Gar jasad bo’lgay hasadga uy-makon,
Bulg’anib ketgay hasaddan xonadon.

Gar jasad bo’lsa hasadga uy, biroq,
Yaxshidir, Haq aylagay gar yarqiroq.

“Tahhiro baytiy”6 bu – poklikdan bayon,
Tilsimi xokdir va nur ganji nihon.

Behasadga sen hasad qilgan zahot,
Qoplagay dilni hasad bois fasod. 435

Tuprog’ o’l Haq mardi poyin ostida,
Biz kabi xok to’k hasadning ustiga.

—————————
1 – “Albatta Bizning oyatlarimizni yolg’on degan va ulardan kibr-havo bilan (yuz o’girgan) kimsalar uchun hargiz samo eshiklari ochilmas va toki tuya igna teshigidan o’tmas ekan, ular ham jannatga kira olmaslar (ya’ni, hech qachon jannatga kira olmaslar)… “(Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 40-oyat).

2 – “Parvardigorimizning (qudratini) – soyani qanday yoyib qo’yganini ko’rmadingizmi?! Agar xohlasa uni sokin-jilmas qilib qo’ygan bo’lur edi. So’ngra quyoshni unga (ya’ni, soyaning borligiga) dalil qildik”. (Qur’oni karim, «Furqon» surasi, 45-oyat).

“Kayfa madda-z-zill” – “U soyani yoyib qo’ygan”

3 – “Bas, qachonki uni tun o’rab olganida yulduzni ko’rib: «Mana shu Parvardigorim», dedi. U botib ketgach: «Botib ketguvchilarni suymayman», dedi”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 76-oyat).

“La uhibbu-l-ofilin” – “Botib ketguvchilarni suymayman”

4-5 – “Eslang, Biz farishtalarga: «Odamga sajda qiling», deyishimiz bilan ular sajdaga egildilar. Faqat iblis (kibru havo bilan): «Sen loydan yaratgan kimsaga sajda qilurmanmi?», dedi. U (yana shunday) dedi: «Menga xabar berginchi, mana shu kimsani mendan ulug’-ustun qildingmi? Qasamki, agar Sen meni Qiyomat Kunigacha (tirik) qoldirsang, albatta men uning zurriyotini qirib yuborurman, (ya’ni, Haq Yo’ldan ozdirib, halokat yo’llariga burib yuborurman), magar ozginalarigina (Haq Yo’lda qolurlar”)”. (Qur’oni karim, «Al-Isro» surasi, 61-62-oyatlar).

6 – “Eslang, Baytullohni odamlar uchun ziyoratgoh va tinch joy qildik va Ibrohimning (Ka’batullohni bino qilayotgan vaqtida) turgan o’rnini namozgoh qilib oling, (dedik) va  Ibrohim bilan Ismoilga: «Mening Baytimni tavof qilguvchilar, (o’sha yerda ibodat qilib) turuvchilar, ruku’-sujud egalari uchun pok tuting», deb buyurdik”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 125-oyat).

“Tahhiro baytiy” – “Mening baytimni pok tuting”

VAZIRNING HASAD QILGANLIGI BAYONI

Ul vazircha zoti erdi kin-hasad,
Berdi botilga quloq-burnin, faqat.

O’ylamish, sanchilsa ig’vo nishi gar,
Qamragay har notavon jonin xatar.1

Kim hasad aylab quloq-burnin kesar,
Ikkisindan ham o’zin mahrum etar.

Gar burun ersa burun, tuygay atr,
Atri ulni ezgulikka eltadir. 440

Kimki hidni tuymagay, yo’q burni ham,
Eng muattar hid aro din atri jam.

Kim tuyib hid, noshukurlik qilsa gar,
Ko’rnamak bo’lgay, burundan ayrilar.

Shukr ayla, shukri borga banda bo’l,
Barqaror bo’lgin, ular qoshinda o’l.2

Sen vazirday qilmagin toroj-talon,
Xalqni ham qo’yma namozdan hech qachon.3

So’ylabon din o’gitin, aylab makr,
Holvaga qo’shdi sarimsoq shum vazir. 445

———————
1 – “Ahli kitoblarning ko’pchiligi o’z hasadgo’yliklari bilan sizlarni, iymonli bo’lganingizdan keyin (ya’ni, hozir), ularning o’zlariga ham haqiqat ochiq ravshan bo’lganidan keyin yana kufrga qaytarishni istaydi. Bas, Ollohning farmoni kelgunicha ularni avf qilingiz va kechiringiz! Albatta Olloh har narsaga qodirdir”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 109-oyat).

2 – “Bas, (shunday ekan) sizlar rizqu ro’zni (Yolg’iz) Olloh dargohidan istanglar va Ungagina ibodat qilinglar, Ungagina shukr qilinglar, (zotan), sizlar Ungagiga qaytarilursizlar”. (Qur’oni karim, «Ankabut» surasi, 17-oyat).

3 – “Aroq, qimor sababli shayton o’rtalaringizga bug’zu adovat solishni hamda sizlarni Ollohni zikr qilishdan va namoz o’qishdan to’sishni istaydi, xolos! Endi to’xtarsizlar!” (Qur’oni karim, «Moida» surasi, 91-oyat).

NASRONIYLARNING DONISHMANDLARI
VAZIR MAKRINI PAYQAB QOLISHGANI

Kimki serzavq, shum vazirning so’zida,
Ko’rdi lazzat, achchig’in ham so’ngida.

So’zga hikmatni qo’shardi har safar,
Qandli sharbat ichra qo’shganday zahar.

Sirtda derdi: “Ayla g’ayrat, turma tek!”,
“Yurma tez!” deb so’ndirardi ruhni, lek.

Gar kumushning sirti toza, yarqiroq,
Qoldirar qo’l va kiyimlar uzra dog’.

Cho’g’ qizildir, shu’lasi oq, sol nazar,
Lek, qarodir qilmishi, butkul zarar. 450

Garchi chaqmoq aylagay shu’la nisor,
Lek, uning ko’zni qamashtirmog’i bor.

Kimki ogohmas, emas gar zavqi yor,
Shum vazirning so’zidir bo’ynida dor.1

Olti yil ichra vazir, shohdan judo,
Bo’ldi Iyso qavmiga pushtu panoh.

Unga xalq topshirdi din, ko’nglin butun,
Berdi jon har amri, har hukmi uchun.

———————-
1 – “Albatta iymon keltirgan va Yolg’iz Parvardigorlariga tavakkul qiladigan zotlar ustida (shayton) uchun hech qanday saltanat — hukmronlik yo’qdir”. (Qur’oni karim, «Nahl» surasi, 99-oyat).

SHOHNING VAZIRGA MAXFIY XABAR YO’LLAGANI

Shum vaziru shoh aro kezmish xabar,
Shoh pinhon va’da bermish har safar. 455

Yozdi shoh maktub: “Ayo, keltir najot,
Keldi vaqt, tez aylagin qalbimni shod”.

Dedi: “Shoh, shuldir ishim, men har safar
Qo’zg’agum Iyso dinida fitnalar”.

NASRONIYLARNING O’N IKKI GURUHGA
BO’LINGANI BAYONI

Ul Iso qavminda o’n ikki amir
Yurgizib kelgandi hukmin birma-bir.

Har guruh bitta amirga bo’ysunib,
Bosh egardi ta’makor, amrin kutib.

Qavmiyu o’n ikki har qaysi amir,
Bo’ysunardi ne desa makkor vazir. 460

Har so’ziga aylamishlar e’tibor,
Iqtido qilmish ular beixtiyor.

Qildilar ta’zim bajo, makkor vazir,
“O’l!” desa, jonin berardi har amir.

MAKKOR VAZIRNING INJIL
HUKMLARINI O’ZGARTIRGANI

Xilma-xil maslakda har bitta amir
Nomiga tummorda xat bitmish vazir.

Har hukm mazmunda turlik, tumtaroq,
Bir-biriga erdi zid boshdin-oyoq.

Birda der: “Ro’za, riyozat – to’g’ri yo’l,
Tavba gar qaytmoq uchun kelgusi qo’l”. 465

Birda der: “Chekmang riyozat – foyda oz,
Har najotga yo’l saxovatdir, xolos”.

Birda der: “Ochlik, saxovat har nafas
Haqqa shirk keltirmagingdan o’zgamas.

Taslimu komil tavakkuldan uzoq,
Barcha g’am, rohat erur makru tuzoq”.

Birda der: “Xizmat, itoatdir ravo,
Yo’qsa, tuhmatdir tavakkul, benavo”.

Birda derdi: “Dinda amru nahyi to,
Shartidir ojizligimiz, noravo. 470

Ajzimizni unda ko’rgach biz tag’in ,
His qilarmiz Haq taolo qudratin”.

Birda derdi: “O’zni ojiz bilmagin,
Noshukurlik bil zaiflik illatin.

Qudrating bilgilki, qurb Uldan erur,
Qudrating Ul ne’mati, “Huv”dan erur.

Birda derdi: “Ikkisindan qil hazar,
But erur, sig’dirsa har qanday nazar”.

Birda der: “So’ndirmagin, yonsin bu sham,
Chunki, bul shamda nazar bo’lgusi jam. 475

Sen agar kechsang xayol, ko’z bahridin,
Tunda mahrumsan visoling sha’midan”.

Birda der: “Sen qo’rqma, so’ndir, porlayur
Bir nazarning o’rniga yuz mingta nur.

So’nsa, joning sha’min afzun aylagay,
Toqating Laylingni Majnun aylagay.

Zuhd ila tark etsa kim dunyoni gar,
Unga dunyo qayta-qayta yuzlanar”.

Birda derdi: “Neki Haq qilmish ato,
Sen uchun qilmish shirin qodir Xudo. 480

Xush va oson aylamish, ol, neki bor,
Qilmagin o’zni mashaqqatga duchor”.1

Birda derdi: “Bo’lmagin ta’bingga qul,
Noravodir, neki ul qilgay qabul.

Turfa yo’l oson ko’ringay, shubhasiz,
O’z yo’lin har kim bilar jonday aziz.2

Haq yo’li bo’lganda oson har nafas,
Yo’l topardi kofiru otashparast”.

Birda derdikim: “Muyassar ul erur,
Dil hayoti joniga oziq berur. 3 485

Neki ta’bning zavqi-la yetgay agar,
Sho’razor yerday urug’ bermas samar.

Unga hosildir pushaymonlik, fig’on,
Keltirar, savdosi ham butkul ziyon.4

Ul muyassar bo’lmagaydir, holi bad,
So’ng muassir nomin olgay oqibat.

Yet “muassir” ham “muyassar” farqiga,
Oqibat boq ikkisin yuz, aksiga”.

Birda derdi: “Ayla bir ustoz talab,
Oqibat ko’rsatmagay hasbu nasab. 490

Oqibatni ko’rsa millat oshkor,
Oqibat yo’ldan adashgay xoru zor.

Oqibat bilmoq — yigirmoqmas mato
Yo’qsa, qaydandir nizo dinlar aro?”.

Yozdi bir maktubda: “Ustozsan o’zing,
Chunki, pir, ustozga mumtozsan o’zing.

Mard o’lib, mardlarga mag’lub bo’lma hech,
Yig’ hushing, yur o’z yo’lingda erta-kech”.

Birda derdi: “Bir butunga barcha jo,
Ikki ko’rganlar g’ilaydir, benavo”. 495

Birda derdi: “Yuz qachon bo’lgandi bir?
Kim bu taxlit o’ylagay? Ul jinnidir”.

Bir-biriga erdi zid, ne aytsa gar,
Hech birikkaymi shakar birlan zahar?

Kechmasang zahru shakkarning bahridan,
Sen yiroq vahdat gulin xush atridan.

Shul tariq, o’n ikki maktub, birma-bir
Bitdi Iyso qavmiga dushman vazir.

————————-
1 – “Olloh sizlarga yengillikni istaydi, sizlarga og’ir bo’lishini istamaydi. Toki sizlar bu sanoqni to’ldiringiz va hidoyat qilgani sababli Ollohni ulug’langiz. Shoyad shukr qilsangiz”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 185-oyat).

2 – “Dinlarni bo’lib, firqa-firqa bo’lib olgan kimsalardan (bo’lmanglar)! Har bir hizb-firqa faqat o’z oldilaridagi narsa bilan xursanddirlar”. (Qur’oni karim, «Rum» surasi, 32-oyat).

3 – “Ana endi kim (o’z mol-davlatidagi kambag’al-bechoralarga berilishi lozim bo’lgan zakot va boshqa sadaqotlarni) ato etsa va (Ollohdan) qo’rqsa; Hamda go’zal oqibatini (ya’ni, jannat bor ekanini) tasdiq etsa; Bas, Biz uni oson yo’lga muyassar qilurmiz”. (Qur’oni karim, «Val-Layl» surasi, 5-6-7-oyatlar).

4 – “Ular Haq Yo’lning o’rniga zalolatni sotib olgan kimsalar bo’lib, bu savdolarida foyda qilmadilar va To’g’ri Yo’lga yuruvchilardan bo’lmadilar”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 16-oyat).

BU IXTILOFLARNING HAQIQAT YO’LIDA EMAS,
SUVRAT YO’LIDA EKANLIGI BAYONIDA

Tuymay ul Iysoda bir ranglik hidin,
Benasib – Iyso xumin1 raftoridin. 500

Ul safo xummi2nda yuz ranglik libos
Bitta rangga kirdi sodda, nurga xos.3

Bitta ranglik ersa-da, kelmas malol,
Erdi pok misli baliq, suvday zilol.4

Gar quruqlik ichra minglab rangi bor,
Lek, quruqlik-la baliqlar jangi bor.

Kim baliq? Daryo nadir? Bul – bir masal,
Ikki olam shohidir Azza va Jal.5

Necha ming dengiz, baliqlar dahr aro
Ul Karam Sohibiga aytar sano. 6 505

Toki rahmat yomg’irin Ul yog’dirur,
Toki ummon ichra to’lsin inju-dur.7

Sochdi nur mehru saxo oftobi, boq,
To bulut, ummonga bo’lsin deb saboq.

Sochdi yer uzra ilm yog’dusin Ul,
To urug’ni aylasin yer deb qabul.

Yer xiyonat qilmagaydir, har safar,
Qaytarib bergay, nima eksang agar.

Bul omonat ul omonatdan erur,
Unga Haq oftobi baxsh etganda nur. 510

Toki Haq amrin ayon etmas bahor,
Qilmagaydir sirlarin yer oshkor.8

Ul Saxiy jonsiz tabiatga qadar
Berdi rostgo’ylik, omonat ham xabar.9

Bitta tosh gar bo’lsa obod fazlidan,10
Bo’ldi ko’r bir necha oqil qahridan.

Jonu dildir sabri bul tug’yonga toq,
Kimga aytay? Yo’q jahonda bir quloq.11

Ko’zga do’nmish, qayda bordir gar quloq,
Qayda tosh bor, qildi rangin yarqiroq. 515

Bo’lsa kimyogar O’zi, kimyo nadir?
Gar sehrgardir O’zi, ne sehru sir?

Bul sanomas – aytganim hamdu sano,
Bir dalil borlikka gar, borlik – xato.12

Borligin qoshinda yo’q bo’lmoq ravo,
Qoshida borlik nadir? Ko’r, benavo.13

Ko’r emas borlik agar, Undan kuyib,
Yo’q bo’lar erdi quyosh taftin tuyib.

Qotmasa muz borlik ul motam aro,
Muz qotardi borlig’u olam aro. 520

————————
1-2 – Iso xumi, safo xumi – Iso alayhissalomning mo»jizakorligi haqidagi rivoyatlardan birida aytilishicha, onasi Iso alayhissalomni bo’yoqchiga shogirdlikka beradi. Oradan ma’lum muddat o’tgach, ustozi unga dedi: “Sen bu ishda ancha mohir bo’lding, men safarga chiqmoqchiman, mana bu liboslarni men tanlagan ranglarga bo’yab qo’ygin”. Ustoz safarga ketgach, Iso barcha liboslarni bir xumga soldi va dedi: “Parvardigor amri bilan men istagan rangga kir”. Oradan o’n kun o’tgach, ustoz safardan qaytdi. Barcha liboslarning bitta xumga solinganini ko’rib, xafa bo’ldi va dedi: “Hammasini rasvo qilibsan!”. Iso: “Qaysi libos qanday rangda bo’lishini xohlaysan?” – deb, barcha liboslarni ustozi xohlagan rangda xumdan chiqarib berdi. Ustozi va u yerda hozir bo’lganlar Isoning bu mo»jizasidan hayratga tushib, unga imon keltiradilar. Imon keltirganlar havoriylar bo’lib, Qur’oni karimning “Saf” surasidagi 14-oyati, “Moida” surasining 111-112-oyatlari, “Oli Imron” surasining 52-oyatida ular haqida eslatib o’tilgan. (Sayid Ibrohim Hikmat, “Qur’on dar Masnavy”, Dushanbe — 2007)

3-4 – “Albatta Olloh nazdidagi (maqbul bo’ladigan) din Islom dinidir”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 19-oyat).

5 – “Biron narsa U Zotga o’xshash emasdir. U Eshitguvchi va Ko’rib turguvchidir”. (Qur’oni karim, «Sho’ro» surasi, 11-oyat).

6 – “Osmonlar va Yerdagi barcha jonivorlar va farishtalar ham kibr-havo qilmagan hollarida Yolg’iz Odamga sajda qilurlar”. (Qur’oni karim, «Nahl» surasi, 49-oyat).

7 – “U osmondan suv tushirgan Zotdir. Bas, u suv yordamida har turli nabototni chiqardik. Undan esa giyohlarni chiqardik. Undan (giyohdan) ustma-ust bo’lgan donlarni (ya’ni, boshoqlarni) chiqarurmiz”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 99-oyat).

8-9 – “Bas, Siz Ollohning rahmati – yomg’irning izlariga qarang – U qanday qilib Yerni o’lganidan keyin tiriltiradi-ya?! Hech shak-shubhasiz, mana Shu (Olloh) o’liklarni ham Tiriltirguvchidir. U barcha narsaga Qodirdir”. (Qur’oni karim, «Rum» surasi, 50-oyat).

10 – “(Muso) aytdi: «Parvardigorimiz barcha narsaga o’z hilqatini – shaklini ato etib, so’ngra (uni) To’g’ri Yo’lga solib qo’ygan Zotdir”. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 50-oyat).

11 – “(Ular) kar, soqov, ko’rdurlar, demak, (yo’llaridan) qaytmaydilar”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 18-oyat).

12 – “Qudrat Egasi bo’lmish Parvardigoringiz ular aytayotgan sifatlardan (ya’ni, har qanday aybu nuqsondan) Pokdir”. (Qur’oni karim, «Vas-Saffot» surasi, 180-oyat).

13 – “Qachonki Muso va’dalashgan vaqtimizda (Tur tog’iga) kelib, Parvardigori unga (bevosita) so’zlagach, u: «Parvardigorim, menga (jamolingni) ko’rsatgin. Senga bir qaray», dedi. (Olloh) aytdi: «Sen Meni (bu dunyoda) hargiz ko’rolmaysan. Ammo mana bu toqqa boq. (Men unga ko’rinurman). Bas, agar u (Men ko’ringanimda) o’rnashgan joyida tura olsa, sen ham Meni ko’rajaksan». Qachonki Parvardigori u toqqa ko’ringan edi, uni
mayda-mayda qilib tashladi va (bu holni ko’rgan) Muso hushsiz holda yiqildi”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 143-oyat).

VAZIRNING MAKR QO’LLASHDAGI XATOSI BAYONI

Fofil, axmoq erdi shoh yanglig’ vazir,
Haqqa zid, kufrona yo’l tutmish, axir.1

Haqgakim, gar qilsa ahdu ixtiyor,
Aylagay yo’qdan necha olamni bor.2

Aylagay o’ngingda yuz olam bino,
Baxsh etar ko’ngil, ko’zingga Haq jilo.

Gar jahon cheksiz, ulug’vor senga, bas,
Qudratin oldinda, bilgil, zarramas.3

Aslida har jonga zindon bul jahon,
Yo’l yuring, ul yonda bor cheksiz makon. 4 525

Ul taraf cheksiz va bul yon tangu tor,
Naqshu suvrat ma’ni-chun misli devor.5

Fir’avnning necha yuz ming nayzasin
Bir aso birlan Muso sindirdi chin.6

Necha yuz ming Jolinus va tibbi ham
Erdi Iyso qoshida lol har qadam.

Necha yuz minglab kitob, ash’or ham,
Qildi ummiy so’zga darhol boshni xam.7

G’olibu qudratlidir Haq qanchalik,
Kim fanomas, qadri yo’qdir xaschalik. 530

Ne g’ururlarni qo’pormish larzakor,
Ne zakiy qushni qilib domga duchor.8

Haq taraf yo’l boshlamas o’tkir fikr,
Haq siniq ko’ngilda porlar birma-bir.9

Qancha davlatdoru zukko ham sara
Ul xayol qoshinda bo’ldi masxara.

Mol nadirki, unga bo’lsang poy-patak?
Yer nadirki, unga bo’lsang xas-xashak?

Qilmishindan bir ayol qilganda or,
Zuhra aylab, etdi masx10 Parvardigor. 11 535

Bir ayolni Zuhra etmoq masx agar,
Xokka do’nmoq masx emasmi, ey, o’jar?

Ruh seni eltar falakning toqiga,
O’zni tortarsan tubanlik chohiga.

Masx etib, qilding o’zingni xoru xas,
Har malak qilgandi bul tanga havas.12

Boq, axir, masx aylagay qandoq u tan?
O’sha masx oldida masxingdir tuban.

Himmat otin yeldirib yulduz tomon,
Bo’lmadi masjud Odam senga ayon. 540

Ey, tuban, sen odamiy zotsan agar,
Nega qilmassan tubanlikdan hazar?

Mengadir olam, degaysan har kuni,
To’ldiray jismim bilan deysan uni.

Qor yog’ib, dunyoni qor bosgay agar,
Yitgay ul, bo’lsa quyoshdan bir nazar.

Yuz vaziru necha yuz minglab gunoh,
Yo’q bo’lar, bir uchqunin sochsa Xudo.13

Puch xayolni do’ndirar hikmatga Ul,
Zahrini aylantirar sharbatga Ul. 545

Badgumonni qutqarar shak, vahmidan,
Mehru shafqat undirar kin ahlidan.

Asrab Ibrohimni otash, o’t aro,
Qildi qo’rquv o’rniga iymon ato.14

Aylagay ishq o’ti savdoyi meni,
Aylagay yodi sufastoyi15 meni.16
——————————
1 – “Ular Ollohni va iymonli kishilarni aldamoqchi bo’ladilar va o’zlari sezmaganlari holda faqat o’zlarinigina aldaydilar”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 9-oyat).

2 – “Biron narsani (yaratishni) iroda qilgan vaqtida Uning ishi faqatgina «Bo’l», demoqligidir. Bas, u (narsa) bo’lur – vujudga kelur”. (Qur’oni karim, «Yosin» surasi, 82-oyat).

3 – “Aniqki, Biz osmonlar va Yerni hamda ularning o’rtasidagi bor narsani olti kunda yaratdik va Bizni hech qanday charchoq ushlagani yo’q”. (Qur’oni karim, «Qof» surasi, 38-oyat).

4 – “Shak-shubha yo’qki, Oxirat darajalari necha barobar ulug’ va afzalroqdir”. (Qur’oni karim, «Al-Isro» surasi, 21-oyat).

5 – “(Ey Muhammad alayhis-salom) …Ularga ayting: “Dunyo matosi ozginadir. Ollohdan qo’rqqan kishiga Oxirat yaxshiroqdir. Sizlarga xurmo danagining po’sticha ham zulm qilinmas”. (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 77-oyat).

6 – “(Ey Muso) Qo’lingdagi narsani (ya’ni, asoyingni) tashlagin, ular yasagan narsalarni yutib yuborur. Ularning yasagan narsalari faqat bir sehrgarning makri-hiylasi, xolos. Sehrgar esa qaerda bo’lmasin, zafar topmas”. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 69-oyat).

7 – “Ular shunday kishilardirki, ummiy (savodsiz) Payg’ambarga – nomini o’z oldilaridagi Tavrot va Injilda yozilgan holda topishadigan – elchimizga (Hazrati Muhammad alayhis-salomga) ergashadilar. U (Payg’ambar) ularni yaxshilikka buyuradi, yomonlikdan qaytaradi va pok narsalarni ular uchun halol qilib, nopok narsalarni ularga harom qiladi hamda ulardan yuklarini va ustlaridagi kishanlarini olib tashlaydi (ya’ni, Islom dinidan avvalgi dinlarda bo’lgan og’ir, mashaqqatli ibodatlarni olib tashlab, ularning o’rniga oson va yengillarini keltiradi). Bas, unga iymon keltirgan, uni ulug’lab, unga yordam qilgan hamda uning (kelishi) bilan nozil qilingan nurga (ya’ni, Qur’onga) ergashgan zotlar – ana o’shalargina najot topguvchilardir”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 157-oyat).

“Bas, Ollohga va Uning elchisiga – Ollohga va Uning So’zlariga ishonadigan ummiy Payg’ambarga iymon keltiringiz va unga ergashingiz – shoyad hidoyat topursiz”. (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 158-oyat)

“Ayting: “Qasamki, agar bor insu jin mana shu Qur’onni o’xshashini keltirish yo’lida birlashib, agar bir-birlariga bu ishda yordamchi bo’lsalar-da, uning o’xshashini keltira olmaslar” (Qur’oni karim, “Al-Isro” surasi, 88-oyat)

8 – “(Ey Muhammad alayhis-salom, Tur) tog’ini ko’chirib olib, ularning ustlarida go’yo bir soyabondek (ko’tarib turib), ular uni ustlariga qulab tushadi, deb gumon qilgan hollarida: “Biz sizlarga ato etgan narsani (Tavrotni) mahkam ushlangiz va undagi oyatlarni yodda tutingiz, shoyad taqvodor bo’lsalaringiz!”, degan paytimizni eslang!” (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 171-oyat).

9 – “Men ko’ngli siniqlar bilan birgaman”. (Hadis)

10 – Masx – Bir suratni avvalgisidan xunuk suvratga aylantirish. Rivoyatga ko’ra, Parvardigor o’n uch narsani yomon fe’li uchun masx etmish, ya’ni, axloqsiz erkakni filga, go’daklarni xunasa qilganni to’ng’izga, hayz ko’rganda g’usl qilmagan xotinni quyonga, chaqimchini chayonga, g’oratgarni kaltakesakka, payg’ambar amriga xilof tarzda baliq ovlaganni cho’chqaga, o’g’rini tulkiga, zinokorni toshbaqaga, takabburni zog’ga, yolg’ondan qasam ichganni yovvoyi kaptarga, haromxo’rni chumchuqqa, to’lov uchun nola qilgan xotinni sichqonga, o’z mazhabini o’zgartirganni boyqushga aylantirgan. Ayrim manbalarda ularning soni yigirma to’qqizta, deyilgan, vallohi a’lam bis-savob. (“G’iyos-ul-lug’ot”, 2-tom, 260-sah).

11 – Islomga qadar tarqalgan bir rivoyatga ishora, ya’ni, Horut va Morut nomli o’zlariga qattiq ishongan ikki farishtani yo’ldan urgan bir ayol ulardan Xudoning ulug’ nomini bilib olgach, falakka ko’tarilgan va Xudo uning ruhini Zuhra nomini olgan sayyoraga ko’chirgan. Bu yerda gap tanosux, ya’ni, ruhning bir qolipdan boshqa bir qolipga ko’chishi haqida bormoqda.

12 – “Endi qachonki o’zlari qaytarilgan ishdan (qaytmasdan) kibru havo qilganlaridan keyin ularga: “Badbaxt maymunlarga aylaningiz”, dedik”.(Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 166-oyat).

13 – “…Yerga kechasi yo kunduzi Bizning farmonimiz kelib, Biz uni go’yo kuni-kecha obod bo’lmagandek, “o’rib” (vayronaga aylantirib) qo’yurmiz”. (Qur’oni karim, «Yunus» surasi, 24-oyat).

14 – “Ibrohimning haq ta’na va dashnomlariga biron javob topa olmay qolgan podshoh Namrud boshchiligidagi munkirlar) dedilar: “Uni yoqib yuboringlar! Agar uddalay olsanglar (mana shu ish bilan) o’z xudolaringizga yordam qilinglar” Biz aytdik: «Ey olov, sen Ibrohim uchun salqin va omonlik bo’l!»(Qur’oni karim, «Anbiyo» surasi, 68-69-oyatlar).

15 – Sufastoyi – qadimgi yunonda safsatabozlikka asoslangan falsafiy oqim bo’lib, olam va mavjudotni xayoliy, mavhum deb bilganlar.

16 – “… Olloh O’z ishida G’olibdir (ya’ni, Uni O’zi xohlagan ishni qilishdan hech kim man’ qila olmaydi) lekin odamlarning ko’plari (buni) bilmaydilar”. (Qur’oni karim, «Yusuf» surasi, 21-oyat).

ISO ALAYHISSALOM QAVMINI YO’LDAN
OZDIRISH UCHUN VAZIRNING BOSHQA
MAKR O’YLAB TOPGANI

Yangi makr o’ylab vazir, shum, hiylakor,
Qo’ydi va’zin, qildi xilvat1 ixtiyor.

Sochdi shavq o’tin muridlar qalbiga,
Qoldi qirq-ellik kun uzlat qa’rida. 550

Bo’ldi xalq devona, butkul shavqidan,
Holu qol hajrini bilmoq zavqidan.

Nola-oh aylab muridlar, qoldi lol,
Bo’ldi xilvatda vazirning qaddi dol.

Derdilar: “Kim bizga sensiz nur sochar?
Hassakashsiz ko’r holi ne kechar?

Qil, Xudo haqqi, karam-rahming ato,
Qilma ortiq bizni sen o’zdan judo.

Biz go’dakmiz, doyadirsan mehribon,
Boshimiz ustinda sensan soyabon” 555

Dedi: “Do’stlardan emas jonim yiroq,
Sirtga chiqmoq izni yo’q menda, biroq”

Har amir qilmish shafoatdan umid,
Aylamish o’zni malomat har murid:

“Oh, bu ne baxtiqarolik, ey, Karim?
Bo’lmasang, dilsizu dinsizmiz, yetim.

Sen bahona topding, o’t – dod-vohimiz,
Dilni o’rtar, ko’kka yetdi ohimiz!

Xush kalomingni sevib qolgan edik,
Hikmatingdan sut ichib qongan edik. 560

Olloh, Olloh, qilmagin bizga jafo,
Ertamas, qilgin bugun xayring ato!

Senga dil bergusi bedillar nechuk?
Ersa gar sendan judo, bo’lmas yetuk.

Qoldilar qirg’oqda baliqday bu kez,
Buz ariqlar bandini, och suvni tez!

Bul zamonda sen kabi zot qoldi kam,
Olloh, Olloh, dodimizga yet bu dam!”.
——————————-
1 – Xilvat – xilvat, ya’ni, chilla o’tirish – so’fiylarga va muridlarga xos odat. So’fiylik tariqatlarida murib 40 kun davomida uydan chiqmasdan toat-ibodat qilishi “chilla o’tirish” deb atalgan. Bu e’tikof deb ham ataladi. (“Islom entsiklopediyasi”, Toshkent, 2004)

VAZIRNING MURIDLARNI RAD ETGANI

Dedi: “Ey, sizlar, quruq gapga qaram,
Va’zu pandga ishtiyoqmand har qadam. 565

His qulog’iga tiqingiz paxtani,
Dil nigohindan yulingiz pardani.

Bosh qulog’i qalb qulog’in berkitur,
To u karmas, qalb qulog’ing kar erur.

Siz bo’ling hissiz, fikrsiz, bequloq,
Toki tinglang “irji’iy”1ni yaxshiroq.

Uyqusizlik lafzi band etgan sayin,
Tinglagaysan qanday uyqu olamin?

Fe’limiz ham so’zimiz tan sayridir,
Qalbimiz sayri zamindan naridir. 570

Gar quruq hisni quruqliklar tug’ar,
Jon Isosi suv yuzinda tik yurar.2

Gar quruqlik bo’lsa tan sayrin bari,
Qo’ydi jon sayri qadam daryo sari

Umrimiz bo’lmish quruqlikda ado,
Gohi tog’da, gohi sahro, dashtda goh.

Obi hayvon izla garchi, qayda bor?
Sen kechar daryoyu mavji qayda bor?

Vahmu fahmu fikrimiz xok mavji to,
Suv uza mavj – yo’q bo’lish, mastlik, fano. 575

Bunda ersang mast, yiroq undan tamom,
Unda mast ersang, nihon sendan bu jom.

Zohiriy suhbat misoli chang-g’ubor,
Jim turib, bir zum bo’lingiz hushga yor”.
—————————
1 – “(U Kunda hayoti dunyodan Olloh taoloning va’dasiga ishonib iymon va ezgu amallar bilan o’tgan mo’minlarga xitob qilinib, deyilur): ”Ey (Ollohning zikri bilan) xotirjam – sokin nafs, Sen (Olloh ato etgan ne’matlardan) rozi bo’lgin (va Olloh taolo tomonidan sening amallaringdan) rozi bo’lingan holda Parvardigoring (huzuri)ga qayt!” (Qur’oni karim, «Val-Fajr» surasi, 27-28-oyatlar).

“Irji’iy” – “Qayt”

2 – “(Ey Muso), O’shanda sening onangga (shunday) vahiy – ilhom yuborgandik: «Uni (ya’ni, Musoni) sandiqqa solib, daryoga tashlagin. Bas. Uni daryo (to’lqini) sohilga otsin. (Shunda) uni Mening ham, uning ham dushmani (bo’lgan Fir’avn) ushlab olur»…” (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 38-39-oyatlar).

G’azzoliyning “Ihyou ulum id-din” va “Kimyoyi saodat” asarlarida keltirilgan hadisga ishora: “Rasululloh (s.a.v)dan so’radilar: “YO, Rasululloh, Iso (a.s) suv yuzida yurgan, deydilar, shu rostmi?” Rasululloh dedilar: “Agar ishonchi mustahkamroq bo’lganda, u havoda ham yurardi”.

MURIDLARNING VAZIRNI XILVATNI
TARK ETISHGA TAKROR UNDAGANI

Dedilarki: “Ey, Hakim, mushkilkusho,
Ko’rma yolg’onu jafo bizga ravo!

Yukni ort, lek, kelmasin hayvonga zo’r,
Ish buyursang, sen zaif qurbini ko’r.1

Don olar qush og’ziga siqquncha, bas,
Barcha qushning ozig’i anjir emas. 2 580

Sut emas, go’dakka non bersang agar,
Ul go’dak joniga yetgusi xatar.

Tishlari chiqsa, yetib vaqtu zamon,
Ul go’dak o’zi talab aylaydi non.

Qilsa parvoz qush chiqarmasdan qanot,
Yem bo’lar yirtqich mushukka shul zahot.

Qilsa paydo gar qanot, ko’kka uchar,
Na takalluf, na biror chorlov kutar

Dev seni tinglab, damin ichga yutar,
Jon qulog’in so’zlaring hushyor etar. 585

Hush – quloq bizga, agar go’yo o’zing,
Cho’limiz – dengiz, agar daryo o’zing!

Sen-la ko’kdan bizga yer a’lo erur
Ey, simok3dan to samak4 yoyguvchi nur!

Biz uchun sensiz falak zulmatdadir,
Toki borsan, bul falak, ey, Oy, nadir?

Bil, ulug’lik suvrati aflokda bor,
Pokiza jonlarga ulkan ma’ni yor.

Har jism suvratda garchand beadad,
Ma’ni qoshinda ism o’lgay, faqat. 590

—————————-
1 – “Olloh hech bir jonni toqatidan tashqari narsaga taklif qilmaydi. (Har kimning) qilgan (yaxshi) amali o’zi uchundir va (yomon) amalni ham o’zining bo’ynigadir…” (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 286-oyat).

2 – “Anjir yeydigan qushning tumshug’i qiyshiq bo’ladi” maqoliga ishora.

3 – Simok – Asad burjidagi bir yulduzning nomi.

4 – Samak – Baliq, “er ostigacha” ma’nosida.

VAZIRNING: “XILVATNI TARK ETMAYMAN”
— DEB JAVOB BERGANI

Dedi: “Isbot ham dalilni kam qiling,
Pandlarimni dilga joylab jam qiling. 595

Gar aminman, so’zlarim yolg’on emas,1
Garchi ko’kni yer desam, osmon emas.

Men agar komil esam, inkor nechun?
Bo’lmasam gar, bunchalar ozor nechun?

Men qolarman bunda asrorim bilan,
Band erurman, chunki, o’z holim bilan”.

————————-
1 – “Kimga ishonsang yoki suyansang, uni aybdor bilmog’ing joiz emas”. (Hadis).

VAZIRNING XILVAT QILISHIGA
MURIDLARNING E’TIROZI

Dedilar: “Aslo bular inkor emas,
Senga do’stmiz, ey vazir, ag’yor emas. 595

Ayriliq dardi bu to’kkan yoshimiz,
Jonimiz yanglig’ chiqar oh-vohimiz.

Doyasi birlan go’dak jang qilmagay,
Anglamay yaxshi-yomonni, yig’lagay.

Chang erurmiz, sen o’zing chalguvchisan,
Nola qilsak, oh-fig’on solguvchisan!

Nay esak, bizda navo sendan erur,
Tog’ esak, aksu sado sendan erur.

Biz–ku shatranj donasi, g’olib yo mot,
Sen sababsan boriga ey, Xushsifot! 1 600

Kim erurmiz? Jon aro jonsan abad,
Senga hamrohlikka bormi bizda had?

Biz ko’rinsak-da, biroq, yo’qmiz, fano,
Sen esa mutlaq Vujud, foniynamo.

Barchamiz shermiz, biroq, bayroqdamiz,
Essa yel, goh-gohida titroqdamiz

Hamlamiz bordir, ko’rinmaydi shamol,
Ulki g’oyib, biz bilandir, bezavol.

Bodimiz ham borimiz doding erur,
Bizda borliq bori ijoding erur! 605

Yo’qqa borlik lazzatin qilding ato,
Aylading ishqingga yo’qni mubtalo.

Olmagin bizdan bu in’om lazzatin,
May, gazak, jomingni ham baxsh aylagin.2

Gar uni olsang-da, kim da’vo qilar?
Naqsh ila naqqosh nechuk g’avg’o qilar?3

Bizga boqma, biz gunoh qilsak agar,
Qudrating, qodirligingga sol nazar.4

Yo’q edik ham yo’q edi bizda talab,
Sen eshitding, ochmasak ham so’zga lab”. 610

Naqsh naqqoshu qalam qoshinda lol,
Ona qorni ichra bir go’dak misol.

Qudratin qoshinda olam benavo,
Ignaning oldida ojizdir mato.5

Gohi shayton, goh odam aksin chizar,
Gohi quvnoq, gohida g’amgin chizar.6

Lek, zararni daf qilishga qo’li yo’q,
Naf-zarardan so’zlamoqqa so’zi yo’q.7

Top, qidir, “Qur’on”da bordir bul izoh,
“Mo ramayta iz ramayt”8 deydi Iloh. 615

O’qni otdik, bizga o’qning daxli yo’q,
Biz kamondirmiz, Xudo – otguvchi o’q.

Jabr emas, Jabborlik o’lgay bul maqom,
Zikri o’lgay ohu nola, zor mudom

Noilojlikka dalildir zorimiz,
Ixtiyoriylik dalili orimiz.

Ixtiyoring bo’lmasa bul or nadir?
Bul nadomat, g’ussayu ozor nadir?

Pir, murid ko’rguvchi qiynoq ne uchun?
O’yni tadbirdan ayirmoq ne uchun? 620

Sen desang gar jabridan g’ofil bu jon,
Haq oyi bo’lgay bulut ichra nihon.

Bunga bor yaxshi javob, qilgin amal,
Dinga qaytgin, bermasin kufring xalal.

Hasratu zorlik erur bemorliging,
Asli bemorlikdadir bedorliging!9

Xastalikda dard chekar bo’lsang agar,
Har gunohingga qilarsan tavbalar.10

Har gunoh nechog’ligin anglab u kez,
To’g’ri yo’lga yuz burarsan shunda tez. 625

Ahdu paymonlar qilib deysan, faqat:
“Endi toatda bo’larman toabad”.

So’ng ayon bo’lgusi ul bemorliging,
Senga baxsh etmish tag’in bedorliging.

Ey, asl izlovchi, hikmat asli shul:
Kimki dardlikdir, bilar Haq atrin ul.

Har kim ogoh bo’lsa, ul uyg’oq erur,
Kimki ogoh gar, yuzi yaproq erur.

Jabridan ogoh esang, darding qani?
Jabridan tortgan o’shal jabring qani? 630

Kimki zanjirband esa, ul shod nechuk?
Kimki zindonda asir, ozod nechuk?

Ayla his qo’lu oyoq bog’langanin,
Hamda bosh ustingda Shoh mirshablarin.

Qilmagin zo’rlik zaif zotlarga, bas,
Chunki, ojizlarga zo’rlik xos emas.

Ko’rmasang Ul jabrini, jim tur bu payt,
Gar ko’rarsan, ul nishoni qayda, ayt?

Qay bir ishga bo’lsa mayling har qachon,
Qudratingni sen ko’rarsan so’ng ayon. 11 635

Qay yumushga bo’lmagay mayling agar,
“Xohlagay Olloh” degaysan har safar.12

Anbiyoga majburiy – dunyo ishi,
Kimki kofir, majburiy – uqbo ishi.

Anbiyo uqboga aylar o’zni yor,
Aylagay dunyoni nodon ixtiyor.

Chunki, har qush talpinar jinsi tomon,
Orqadan parvoz etar, oldinda jon.

Kimki kofir, bo’ldi sijjiyn13 jinsidan,
Shod ular har lahza dunyo sijnidan. 14 640

Illiyun15dir anbiyo jinsin bari
Illiyunga talpinar jon-dillari.16

Ushbu so’zning so’ngi yo’q, bo’lmas tamom,
Boshda aytgan qissamiz etgay davom.

————————
1 – “Ayting: «Ey mulku davlat Egasi bo’lgan Ollohim, Sen O’zing istagan kishingga mulk ato qilursan va istagan kishingdan bu mulkni tortib olursan. Istagan kishingni aziz qilursan va istagan kishingni xor qilursan. Bor yaxshilik Yolg’iz Sening Qo’lingdadir. Albatta Sen barcha narsaga Qodirsan”. (Qur’oni karim, «Ol-i- Imron» surasi, 26-oyat).

2-3 – “Ayting: “Agar (Olloh) sizlarga biron ziyon (yetkazish)ni istasa, yoki U sizlarga biron manfaat (yetkazish)ni istasa, u holda kim sizlar uchun Olloh tomonidan bo’lgan biron narsa(ni daf’ qilish)ga ega bo’la olur?!..” (Qur’oni karim, «Fath» surasi, 11-oyat).

4 – “Agar ularni azoblasang, ular Sening (ojiz) bandalaring. Agar ularni mag’firat qilsang, albatta Sen O’zing qudrat, hikmat Egasidirsan”. (Qur’oni karim, «Moida» surasi, 118-oyat).

5 – “Uning O’zi bandalari ustida G’olibdir. Uning O’zi hikmat Sohibi, (har narsadan) Ogohdir”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 18-oyat).

6 – “U shunday Zotki, sizlarga (onalaringizning) bachadonlarida bo’lgan paytingizda O’zi xohlagan suratni berur. Hech qanday tangri yo’q, faqat Uning O’zi bordir. U Qudratli, Hikmatlidir”. (Qur’oni karim, «Oli Imron» surasi, 6-oyat).

7 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: “Men agar Olloh xohlamasa (o’zgalar uyoqda tursin), o’zimga ham biron ziyon yo foyda yetkazishga qodir emasman…” (Qur’oni karim, «Yunus» surasi, 49-oyat).

8 – “Bas, (ey musulmonlar), ularni sizlar o’ldirmadingiz, balki Olloh o’ldirdi. (Ey Muhammad alayhis-salom, ularning yuziga qo’lingizdagi bir siqim tuproqni) otgan paytingizda, Siz otmadingiz, balki Olloh otdi. Va (bu g’alabani Olloh) O’z tomonidan mo’minlarga chiroyli in’om bo’lsin, deb qildi. Albatta Olloh Eshitguvchi, Bilguvchidir”. (Qur’oni karim, «Anfol» surasi, 17-oyat).

“Mo ramayta iz ramayt” – “(Tuproqni) otgan paytingizda Siz otmadingiz”

9-10 – “Qachon ular kemaga minsalar, (g’arq bo’lishdan qo’rqib) Ollohga, U Zot uchun dinni xolis qilgan hollarida (ya’ni, chin ixlos bilan) duo-iltijo qilurlar…” (Qur’oni karim, «Ankabut» surasi, 65-oyat).

11-12 – “Qachon ularga: “Olloh sizlarga rizq qilib bergan narsalardan infoq-ehson qilinglar”, deyilsa, kofir bo’lgan kimsalar iymon keltirgan zotlarga (istehzo bilan): “Agar Olloh xohlasa O’zi taomlantirib oladigan kishilarga bizlar taom berurmizmi? Sizlar hech shak-shubhasiz, ochiq zalolatdadirsizlar”, derlar”. (Qur’oni karim, «Yosin» surasi, 47-oyat).

13 – “Bu dunyo mo’min uchun jahannam zindoni, kofir uchun esa jannatdir”. (Hadis).

Sijjiyn – yerning yettinchi qavatida saqlanadigan, fosiqlarning nomai a’mollari bitiladigan kitob.

14 – “Yo’q, (birovlarning haqlaridan urib qolishdan hazar qilinglar)! Chunki (bunday) fisq-fujur qilguvchi kimsalarning nomai a’mollari albatta Sijjiynda bo’lur! (Ey Muhammad alayhis-salom), Siz Sijjiyn nima ekanini qaerdan ham bilursiz?! (U) bitilgan kitobdir”. (Qur’oni karim, «Mutaffifun» surasi, 7-8-9-oyatlar).

15 – Illiyun – yettinchi osmonda saqlanadigan, yaxshilarning nomai a’mollari bitilgan kitob.

16 – “Darhaqiqat, yaxshilarning nomai a’mollari shak-shubhasiz, Illiyundadir. (Ey Muhammad alayhis-salom), Siz Illiyun nima ekanini qaerdan ham bilursiz?! (U) bitilgan kitobdirki; Unga (Ollohning) yaqin (farishta)lari guvoh bo’lurlar”. (Qur’oni karim, «Mutaffifun» surasi, 18-19-20-21-oyatlar).

VAZIRNING XILVATNI TARK ETMAY,
MURIDLARNI NOUMID QILGANI

Xilvatindan so’ng sado bermish vazir:
“Ey, muridlar, sizga aytay birma-bir.

Nogahon kelmish Isodan shul payom:
“Yor-birodardan yiroq bo’lgin tamom.

Yuz burib devor tomon, yolg’iz o’tir,
O’z vujudingdan chiqib, xilvatga kir”. 645

So’ylamoq imkoni yo’qdir ushbu dam,
Yo’qdir hojat siz bilan suhbatga ham.

Alvido, ey, do’stlar, men murdaman,
O’ldimu to’rtinchi osmon uzraman.

Bir o’tinday, to olovli charx aro
Ming azob birlan kuyib bo’lmay ado.

Men Isoning yonida, bundan buyon
Ayladim to’rtinchi osmonni makon”.1

————————
1 – “Holbuki, ular (Iysoni) o’ldirganlari ham, osganlari ham yo’q. Faqat ular uchun (boshqa birov Iysoga) o’xshatib qo’yildi, xolos. Albatta (Iyso) haqida talashib-tortishgan kimsalar uning (o’ldirilgan-o’ldirilmagani) haqida shubhada qolganlar. U haqda hech qanday bilimlari yo’q, faqat gumonlarga beriladilar, xolos. Uni o’ldirmaganlari aniqdir. Balki uni Olloh O’z huzuriga ko’targandir. Olloh qudrat va hikmat Egasi bo’lgan Zotdir”. (Qur’oni karim, «Niso» surasi,157-158-oyatlar).

VAZIRNING HAR BIR AMIRNI
ALOHIDA-ALOHIDA VALIAHD ETIB TAYINLAGANI

Chorlamish har bir amirni so’ng vazir,
So’ylamish har bittasiga birma-bir. 650

Dedi: “Sensan noib Iyso diynida,
Ham seni ko’rgum xalifam o’rnida.

Bor amir senga bo’yin sungay bu dam,
Qildi Iyso barchasin senga qaram.

Gar bo’yinsunmaydi senga qay amir,
Shul zahot o’ldir va yo qilgin asir!

To tirikman, lek, buni sir saqlagin,
Orzu qilma yo birovga aytmagin.

To tirikman, sirni paydo qilmagin,
Shohligu zo’rlikni da’vo qilmagin. 655

Ushbu tummor ichra Iyso hukmi bor,
Ber o’qib ummatlariga oshkor”.

Har amirni birma-bir chorlar edi,
“Sen Xudoning diyniga noib”- dedi.

Har biriga birma-bir aylab karam,
Unga ne aytsa, gapirmish bunga ham.

Har amirga bittadan bermish tumor,
Har birin, lek, mazmuninda farqi bor.

Har tumorning matni har xil sarbasar,
Xuddi, harf shakli “alif”dan “yo”qadar. 660

Farq qilardi har tumor fikri chunon,
Biz bu zidlikni burun qildik bayon.

VAZIRNING XILVATDA O’ZINI O’LDIRGANI

Qoldi xilvat ichra qirq kun benishon,
O’zni o’ldirdi, tanin tark etdi jon.

Bul ajaldan xalq xabar topgan zahot,
Qabrining boshinda qilmish ohu dod.

Qabr aro to’p-to’p xaloyiq bo’ldi jam,
Soch yulib, yirtib yaqo, chekmish alam.

Son-sanog’iga Xudo yetgay sanab,
Qancha erdi turku kurd, rumiy, arab. 665

Sochdilar bosh uzra xok–tuprog’ini,
Bildilar dardlarga darmon dog’ini.

Qabrida bir oy xaloyiq egdi bosh,
Oqdi har ikki ko’zindan qonli yosh.

ISO ALAYHISSALOM UMMATLARINING AMIRLARDAN:
“ORANGIZDA VALIAHD KIM?” — DEB SO’RAGANI

Xalq dedi o’tgach bir oy: “Ey, yaxshilar!
Kim amir o’rniga noiblik qilar?

O’rniga biz to tayinlaylik imom,
Qo’l berib unga, qilaylik ehtirom.

So’ndi oftob, qoldirib dillarda dog’,
Lek, quyosh o’rnin bosolmas hech chiroq. 670

Bo’ldi yor vasli bukun ko’zdan nari,
O’rniga noib kerak ul singari.

O’tsa gul fasli, bo’lar gulshan xarob,
Bizga endi gul hidin sochgay gulob.

Gar Xudo tashlanmagay ko’zga tamom,
Berdi Haq noiblari undan payom.1

Yo’q, ular noib emas, aytdim xato,
Bir-birindin ikkisi bo’lmas judo.2

Sen agar suvratparast – ayri turar,
Kimki suvratdan xalos, bir der ular. 675

Juft erur suvratga boqsang ko’zlaring,
Bittadir, nuriga boqsang gar aning.

Ikki ko’zning nurini qilmaydi farq,
Chunki, ko’z nurin ko’rar ul mardi Haq.

O’n chiroqni aylasang bir joyga jam,
Bir-biriga o’xshamaydi shakli ham.

Qilmagaysan sen aroda farqni his,
Boqqaning chog’ nuriga shak-shubhasiz.

Yuzta olma, behi, garchand, yuztadir,
Gar siqib, sharbat chiqarsang – asli bir. 680

Ma’nida hech bo’lmagay qismat, sanoq,
Ma’nida bo’lmas qismlar juftu toq.

Yaxshidir yorlar bilan Yor bo’lsa bir,
Suvrat ajratgay, mudom ma’no qidir.

Yonsa sarkash aksi ranj o’ti aro,
Senga vahdat ganji so’ng bo’lgay ato.

Sen agar kuydirmasang, aylab karam,
Kuydirar Mavlo o’zi, ey, lojaram.3

Aylar ul dillarga oshkor jilvasin,
Ham tikar dillarga darvish hirqasin. 685

To’zg’igan ersak-da, bir javhar edik,
Bosh-oyoqsiz erdigu gavhar edik.

Gavhar erdik porlagan oftob misol,
Suvdayin erdik tugunsiz, pok, zilol.

Oldi suvrat shaklini nur – yarqiroq,
Kungura soyasi yanglig’ besanoq.

Manjaniq birlan uni aylang ado,
Toki bir farq qolmasin farqlar aro.

So’ylasam sharhinikim, ne ushbu hol,
Toymasin deb qo’rqaman tokim xayol. 690

So’zimiz keskir, po’lat tig’day bari,
Senda qalqon bo’lmasa, turgil nari.

Bo’lma bul olmosga qalqonsiz duchor,
Sanchilishdan, chunki, tig’ qilmaydi or.

Tig’ni qinga joyladim men shul sabab,
To xilof deb bilmasin bir beadab.

Qissamizning so’ngiga yetdik bu on,
To’g’rilar sidqin qilarmiz biz bayon.

O’tdi peshvo, qildilar ul makri bor
O’rniga noib tayinlashga qaror. 695

————————-
1-2 – “Albatta Olloh va uning payg’ambarlariga ishonmaydigan, Olloh bilan payg’ambarlarining oralarini ajratishni istaydigan (ya’ni, Ollohga ishonib, payg’ambarlarini inkor qiladigan) va («Musoga ishonamiz, Iyso va Muhammadga ishonmaymiz» deydigan yahudiylar kabi, yoki «Muso va Iysoga ishonamiz, ammo Muhammadga ishonmaymiz», deydigan nasroniylar kabi). Ayrim payg’ambarlarga ishonamiz, ayrimlariga ishonmaymiz, deydigan hamda (iymon bilan kufr o’rtasidagi) ora yo’lni tutishni istaydigan kimsalar – ana o’shalar haqiqiy kofirdirlar. Bunday kofirlar uchun xor qilguvchi azobni tayyorlab qo’yganmiz”. (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 150-151-oyatlar).

3 – “Bizning (Yo’limiz)da jihod qilgan – kurashgan zotlarni albatta O’z Yo’llarimizga hidoyat qilurmiz. Aniqki, Olloh chiroyli amal qilguvchi zotlar bilan birgadir”. (Qur’oni karim, «Ankabut» surasi, 69-oyat).

AMIRLAR O’RTASIDA VALIAHDLIK UCHUN
NIZO QO’ZFALGANI

Bir amir qo’zg’aldi o’rnidan shu dam,
So’ng vafodor qavmi yon qo’ydi qadam.

Dedi: “Mendirman u zotning noibi,
Davr aro Iysoga noib loyig’i.

Bul tumor menga dalil bo’lgay tamom,
Unga men noib erurman, vassalom!”

Chiqdi boshqa bir amir chetdan shu dam,
Shundayin erdi uning da’vosi ham.

Qo’ynidan ul ham chiqarmish bir tumor,
Har ikov aylab g’azab, kin oshkor. 700

Bor amirlar shul zahot qayrab tishin,
Birma-bir chiqmish, yalang’ochlab tig’in.

Qo’lda tig’, tummori bor erdi barin,
Qildi jang so’ng mast-alast fillardayin.

Jangda yuz minglab nasorolar o’lib,
Ham kesik boshlar uyuldi tog’ bo’lib.

O’ngu so’ldan oqdi qonlar sel bo’lib,
Ketdi chang-to’zonga osmon ham to’lib.

Shum vazir sochgan g’araz tuxmi chunon,
Yog’di elning boshidan ofatsimon. 705

Sindi yong’oq, mag’zi bor unda agar,
Gar tani o’lgusi, pok ruhi yashar.1

Goh o’lar, goh o’ldirar inson tani,
Xuddi, olma yo anor ezilgani.2

Ne shirin bo’lsa, u nordon bo’ldi soz,
Ne chirik, undan qolar noxush ovoz.

Neki ma’nolik erur, paydo bo’lar,
Ne chirik, bema’nidir, rasvo bo’lar.

Borgin, ey, suvratparast, ma’no qidir,
Chunki, suvratga qanot ma’nosidir. 710

Har nafasda ma’ni ahli birla qol,
Shunda sen hikmat toparsan ham kamol.3

Gar vujuding ichra bor bema’ni jon,
Bir yag’och tig’dir, g’ilof ichra nihon.4

To g’ilof ichra ayon qilmas o’zin,
Chiqsa gar qindan, bo’lar oddiy o’tin.

Sen yag’och tig’ birla jangga kirmagin,
Bir qarab qo’y, o’zni rasvo qilmagin.

Gar yag’ochdan, sen talab qil boshqa tig’,
Bo’lsa olmos, shodu xurram safga chiq. 715

Avliyo zarrodxona tiyg’idir,
Bergusi dillarga sayqal birma-bir.

Barcha donolar demishlar shul yo’sin,
Eng zakiysi rahmatan lil-olamin.5

Ol, anor qilsang xarid, xandonidan,
Mujda bersin xandalar to donidan.

Bil aziz, gar qay og’izlar qatidan,
Dil ko’ringay durmisol qalb qa’ridan.

Lolaning kulgusi yolg’on, benavo,
Og’zidan qalbi ko’ringaydir qaro. 720

Bog’ni xandon aylagay xandon anor,
Aylagay mard suhbati mardonavor.

Tosh esang qattiq va yo marmar esang,
Gavhar o’lgaysan, zakiy qalbni desang.

Joylagin joningga pok mehrin mudom,
Bo’lma dilxush mehriga tashna, g’ulom.6

Noumid bo’lma, umid bor, tikla bosh,
Bormagin zulmat sari, bordir quyosh.7

Tortadir dil ahli dillar yoniga,
Tortadir tan suv va gil zindoniga. 725

Dilga dildosh ozig’in ber birma-bir,
Baxtni, bor, iqboli borlardan qidir.8

————————
1 – “(Ey insonlar, U) sizlarning qaysilaringiz chiroyliroq-yaxshiroq amal qilguvchi ekanligingizni imtihon qilish uchun o’lim va hayotni yaratgan Zotdir. U Qudratli va Mag’firatlidir”. (Qur’oni karim, «Mulk» surasi, 2-oyat).

2 – “Agar (bugun — Uhudda) sizlarga jarohat yetgan bo’lsa, (Badr jangida) u qavmga ham xuddi shunday jarohat yetgan. (Toki ibrat bo’lsin deb) va Olloh haqiqiy iymon keltirgan kishilarni bilishi hamda oralaringdan shahidlarni saralab olishi uchun bu kunlarni (ya’ni, g’alaba va mag’lubiyat kunlarini) odamlar orasida aylantirib turamiz. Olloh zolim kimsalarni sevmaydi. Va toki Olloh iymon keltirgan zotlarni (gunohlaridan) poklash va kofirlarni halok qilish uchun (bu kunlarni odamlar orasida aylantirib turadi). (Ey mo’minlar), yoki Olloh sizlarning ichingizdan kim (Haq Yo’lda) kurashgan-u, kim sabr-toqat qilganini mutlaqo bilmay turib jannatga kiramiz, deb o’yladingizmi?” (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 140-142-oyatlar).

3 – “Ey mo’minlar, Ollohdan qo’rqingiz va (iymonlarida) rostgo’y bo’lgan zotlar bilan birga bo’lingiz!” (Qur’oni karim, «Tavba» surasi, 119-oyat).

4 – “Qachon Siz ularga boqsangiz, ularning jismlari (ko’rinishlari, kiygan kiyimlari) Sizni hayratga solur, so’zlaganlarida esa so’zlariga (ohangdor, fasohatli bo’lgani uchun berilib) quloq solursiz. (Lekin ularning dillari iymon va yaxshilikdan xoli bo’lgani uchun) ular go’yo (devorga) yo’lab qo’yilgan (chirik) yog’ochlarga o’xshaydilar. Ular (yuraksizliklari sababli) har bir qichqiriq-ovozni ustlariga (tushayotgan biron balo-ofat deb) gumon qiladilar…” (Qur’oni karim, «Munofiqun» surasi, 4-oyat).

5 – “Va ma arsalaka illa rahmatal lil ‘alamin” – “(Ey Muhammad alayhis-salom), darhaqiqat, Biz Sizni barcha olamlarga faqat rahmat (ya’ni, Ollohning rahmati-jannatiga yetaklaguvchi) qilib yubordik”. (Qur’oni karim, «Anbiyo» surasi, 107-oyat).

6 – “Ey mo’minlar, o’zlaringdan boshqalarni (ya’ni, g’ayridinlarni) sirdosh-do’st tutmanglar! Ular sizlarga zarar yetkazishda kuchlarini ayamaydilar va sizlarni qiyinchilik-mashaqqatlarga duch kelishingizni orzu qiladilar. Ularning sizlarni yomon ko’rishlari o’z og’izlaridan oshkor bo’ldi. Dillaridagi (adovatlari) esa yanada kattaroqdir…” (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 118-oyat).

7 – “Ular aytdilar: “Biz senga rostdan ham (farzand ko’rishing) xushxabarini keltirdik. Bas, sen noumid kimsalardan bo’lmagin!”. (Qur’oni karim, «Hijr» surasi, 55-oyat).

8 – “(Ey mushriklar), agar (bu haqda) bilmaydigan bo’lsangizlar, ahli ilmlardan (ya’ni, Tavrot va Injilni biladigan kishilardan) so’ranglar!” (Qur’oni karim, «Nahl» surasi, 43-
oyat).

02

(Tashriflar: umumiy 961, bugungi 1)

1 izoh

  1. Juda go’zal til,tasvir,tashbehlar va badiiy obrazlar guldastasi jamlangan tarjima.Zotan bunday guldastani tuzmoq uchun ijodkor nihoyatda iste’dodli bo’lmog’i lozim.Ijodiy bardavomlik tilayman!..

Izoh qoldiring