Pol Elyuar. She’rlar

02214 декабрь — машҳур француз шоири Поль Элюар таваллуд топган кунга 120 йил тўлади

Ўтган асрнинг 70-йилларида ўзбек ёш шоирлари ўртасида энг машҳур бўлган француз шоирларидан бири Поль Элюар эди, десак хато қилмаймиз. Шоир шеърлари ўша давр шоирлари томонидан жула кўп маротиба таржима қилинган.

Поль ЭЛЮАР
ШЕЪРЛАР
099

053Машҳур француз шоири Поль Элюар (Эжен Эмиль Поль Грендель) 1895 йил 14 декабрда Сен-Дени, Сена департаментида туғилган. Дастлаб, 1919 йил дадаизм (модернизм йўналишидаги адабий-бадиий оқим) руҳида жумбоқ ва тушуниш бир қадар мураккаб бўлган шеьрлар ёзган ( Хусусан,»Ҳайвонлар ва уларнинг эгалари, одамлар ва уларнинг ҳайвонлари» (1920); «Намуналар» (1921) каби тўпламларида). 1924 йил Андре Бретон, Луи Арагон ва бошқалар билан биргаликда сюрреализм йўналишида ижод килувчиларнинг намояндасига айланган. Кейинчалик фашизмга қарши руҳдаги достонлар ёзган («1936 йил ноябр», 1938). «Очиқ китоб I» (1940), «Очик китоб II» (1942) ва бошка асарларида ватанпарварлик туйғулари акс этган. «Озодлик», «Шеърият ва 1942 йил ҳақиқати» шеърлари француз Қарршилик кўрсатиш ҳаракатининг дастурига айланган. «Қайғу ёмғири» (1926), «Ҳақиқий ҳаёт» (1932), «Атиргул ҳамма учун» (1934), «Сиёсий шеърлар» (1948), «Ахлоқ сабоғи» (1949), «Қақнус» (Феникс) (1951) каби шеърий тўпламлар муаллифи.
1952 йил 18 ноябрда вафот этган.

099

ОЗОДЛИК
056
Мактабимда ҳар бир дафтарга
Тахтага ҳам оппоқдеворга
Дарахтларга қумга ва қорга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Ўқиганим ҳар саҳфа бобга
Ўқимаган ҳар бир китобга
Тошга қонга кулга шу тобда
Мен озоддик сўзин ёзаман

Ўтмиш замон ўйи лошига
Лашкарларнинг совутбошига
Подшоларнинг тахту тожига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Чўл чангалзор адоқларига
Ундаги қуш нидоларига
Пок болалик садоларига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Тунлардаги завқи ниҳонга
Нонуштага қўйилган нонга
Тўйлардаги ҳар дастурхонга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Ҳовуздаги лойқаранг кунга
Ёғдуларда ёнган сукунга
Кўлдаги ой таратган унга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Қанот қоққан қуш нафасига
Далага уфқ алангасига
Тегирмонлар кўланкасига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Тонг ҳовури ҳар бир титроққа
Кемаларга денгиз қирғоққа
Ақлу ҳушдан айрилган тоққа
Мен озодлик сўзин ёзаман

Кўпирган оқ булут кафтига
Тунд булутнинг шумшук афтига
Зор йиғлаган ёмғир тафтига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Жилваланган саробий қатга
Жомхонага рангин қабатга
Фаҳм этилган ҳар ҳақиқатга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Уйғонган ҳар сўқмоқ кўзига
Илонизи йўллар юзига
Гавжум майдонларнинг ўзига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Ҳар бир ёниқ чироқ нурига
Туннинг ўчиқ чироқларига
Яшаганим ҳар уй тўрига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Икки бўлак олма пўстига
Ётоғимга ойна устига
Кўрпам ёлғизлигим дўстига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Уйимизнинг остонасига
Нарсаларнинг қиёфасига
Муқаддас ўт алангасига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Хушбахтларнинг тик қоматига
Дўстларнинг соф муҳаббатига
Ҳар саломи садоқатига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Шабнам мисол тиниқ ҳайратга
Лаблардаги ноз ишоратга
Илҳақликка ғарқ сукунатга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Гўшамнинг хор хароб ҳолига
Сўнган маёқлар саволига
Ғамларимнинг чолдуволига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Фирқатнинг дард гиналарига
Танҳоликнинг сийналарига
Ўлим ажал зиналарига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Қайтиб келган соғлик омадга
Ўтиб кетган ҳар фалокатга
Яна келган умида бахтга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Шу бир сўзнинг қудратин билдим
Билгач яна руҳан тирилдим
Ҳурлик истаб дунёга келдим
Мен озодлик сўзин ёзаман.

Рус тилидан Тоҳир Ҳаҳҳор таржимаси

ШЕЪРИЯТ ТАНҚИДИ

Шубҳасиз мен нафратланаман
Буржуйлар
Жосуслар
Руҳонийлар салтанатидан
Бироқ мен юз ҳисса кўп жирканаман
Ўша салтанатни мендек ёниқиб
Ёмон кўролмаган ҳар бир одамдан.

Ушбу шеъриятнинг танқидин
Менинг шеърларимдан баланд тутмаган
Олчоқлар юзига туфлагум албат!

ҚАЛАМ ЯСАЙДИГАН ГЎШАДА

Сават тўқимоқда
Сўнгги қалдирғоч
Ушлаб қолмоқ учун кун ёғдусини
Қаровсиз кўз қирғоқларини
Чизаётир сўнгги қалдирғоч.

Қишлоқ кафтидаги
Майин уйқунинг
Зарраларин чўқилар оқшом

Тунингиз хуш бўлсин фикрлар

Сукунатни ўзимга қаратиб
Жимгина чорлайман жимгина

ТАБАССУМ ИЛА

Оламда зим-зиё туннинг ўзи йўқ
Инон айтар сўзимга ахир
Тим қоронғу қайғунинг ҳатто
Ёғду чун ланг очиқ деразаси бор
Бедор турган орзу бор ҳали
Рўёби муқаррар истак бор
Очлик бор оч юрган очлик
Оламда енгилмас юрак бор
Умидвор қўлларнинг сиқишувлари
Илтифотли нигоҳ бор
Ҳаёт бор

Бошқалар билан бўлишишни истаган ҳаёт

БЎЛМАҒУР ХОТИРА

Оқшомги қушларнинг
Тўзғоқ чўққиси
Кўчаларнинг муюлишида
Аёл нафасининг сояси
Шукуҳли зимистон
Қучишаётган исёнлар билан
Ёмғир-ла тўла ҳовучлар
Фонуслар ва барглар остида
Лиммо-лим сукунат
Тўкилади вақт ушоқлари
Вақт энди шоҳ эмас
Йўлакларнинг сургунларида
Ўтирар
Ёд олинган кулгулар билан
униб-ўсмас диққинафасда
оқмас сув ва хаёлсиз оқшом
чорадир асли
Ёлғизлик янглишар
Саҳроларни унутаётган
Оловланган биргина ўпич.

ШЕЪРЛАР

Дарахтда осиғлиқ юрак — шохчалардан уни узиб ол,
Табассум ва кулгу, ҳадсиз назокат.
Ғолибсан, софсан сен, тиниқ  қиёфа,
Дарахтлар-ла кўкка қўл узатасан.
Олисларда йиғлар бир гўзал,
Курашларга чоғланган қалби.
Дўнгликларда ястанган, ожиз
Осмон қайси рангда — шаффоф ё ғамгин
Имконсиздир кўнгил қўймаслик.
Кунлар, узун бармоқлар, қувлаб ўтар бир-бирини,
Гуллар сўлиб борар, ёмғирларда ҳижрон бошоғи.
Кутади неларни қайноққон вужуди июлнинг
Жонсиз нигоҳларда тикила туриб.
Қайд этмоқ чиннининг кумуш товушин.
Мусиқа, яланғоч қўллар оқлиги.
Шабада туташар қуш қанотига —
самонинг ранг-қути ўчар тобора.

«ОЗОД ҚЎЛЛАР» ТУРКУМИДАН

БУ ЎША

Яшил юлдузлар аро майсазор ўша
Бу ўша қаровсиз кулбада
Бу ўша зим-зиё кўчалар бўйлаб
Бу ўша тагкурси чўққиларида
Бу ўша кўкрак қафасида тиз чўкаётган
Бу ўша қорда кетиб боргувчи
Ҳар доим деворнинг ортида
Чоҳларнинг қаър-қаърига чўккан.

СИНГАН ОЙНА

Деразанинг ортида шамол
Осмон этаклари тиккама-тикка
Эпсиз қўлларингга суйкалар само.

АТИРГУЛ — ДАРАХТ

Қўли очиқ йил ерни тўлдириб ташлар
Далаларга осмон тикилар
Майсалар бетида юмалоқ
Ёлқинланар гулли шудринглар.

ТАНҲОЛИКДА

Мен сенсиз
Танҳоликда яшашим мумкин
Буни ким айтмокда
Бу ким — сенсиз нафас олгувчи
Ёлғизлик узра
Яшаш — ҳамма билан юзма-юз туриб
Яшаш — ўзинг билан басма-бас келиб
Одимлар оқшом
Шаффоф ахир ҳар битта қирра
Сим-сим эриб кетяпман бу тун.

ЭРК

Озодлик салгина айланар бошинг ҳамда яланг оёқлар
Озодлик яхшисан, майинсан жуда
Кўкламдан ҳам тиниқ тортинчоқликда.

14 МАРТ ҲАВОСИ

Афсунгар қуш болалар дўсти
Кутяпман баҳорнинг қадамларини
Ер совуққон ҳам ихтиёрсиз
Ярим кун ниналари
Тикар тонгнинг ипак этагин
Кўз ташладим ёшлик чоғимга
Ўткинчи рангларни ёқалаб
Илк гул очган оғочни кўрдим
Яшилликлар қирғоқларида
Сув оламга эврилган эди.

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси

02214  dekabr — mashhur frantsuz shoiri Pol` Elyuar tavallud topgan kunga 120 yil to’ladi

O’tgan asrning 70-yillarida o’zbek yosh shoirlari o’rtasida eng mashhur bo’lgan frantsuz shoirlaridan biri Pol  Elyuar edi, desak xato qilmaymiz. Shoir she’rlari o’sha davr shoirlari  tomonidan jula ko’p marotiba tarjima qilingan.

Pol  ELYUAR
SHE’RLAR
099

053Mashhur frantsuz shoiri Pol  Elyuar (Ejen Emil  Pol  Grendel) 1895 yil 14 dekabrda Sen-Deni, Sena departamentida tug’ilgan. Dastlab, 1919 yil dadaizm (modernizm yo’nalishidagi adabiy-badiiy oqim) ruhida jumboq va tushunish bir qadar murakkab bo’lgan she`rlar yozgan ( Xususan,»Hayvonlar va ularning egalari, odamlar va ularning hayvonlari» (1920); «Namunalar» (1921) kabi to’plamlarida). 1924 yil Andre Breton, Lui Aragon va boshqalar bilan birgalikda syurrealizm yo’nalishida ijod kiluvchilarning namoyandasiga aylangan. Keyinchalik fashizmga qarshi ruhdagi dostonlar yozgan («1936 yil noyabr», 1938). «Ochiq kitob I» (1940), «Ochik kitob II» (1942) va boshka asarlarida vatanparvarlik tuyg’ulari aks etgan. «Ozodlik», «She’riyat va 1942 yil haqiqati» she’rlari frantsuz Qarrshilik ko’rsatish harakatining dasturiga aylangan. «Qayg’u yomg’iri» (1926), «Haqiqiy hayot» (1932), «Atirgul hamma uchun» (1934), «Siyosiy she’rlar» (1948), «Axloq sabog’i» (1949), «Qaqnus» (Feniks) (1951) kabi she’riy to’plamlar muallifi.
1952 yil 18 noyabrda vafot etgan.

099

OZODLIK

Maktabimda har bir daftarga
Taxtaga ham oppoqdevorga
Daraxtlarga qumga va qorga
Men ozodlik so’zin yozaman

O’qiganim har sahfa bobga
O’qimagan har bir kitobga
Toshga qonga kulga shu tobda
Men ozoddik so’zin yozaman

O’tmish zamon o’yi loshiga
Lashkarlarning sovutboshiga
Podsholarning taxtu tojiga
Men ozodlik so’zin yozaman

Cho’l changalzor adoqlariga
Undagi qush nidolariga
Pok bolalik sadolariga
Men ozodlik so’zin yozaman

Tunlardagi zavqi nihonga
Nonushtaga qo’yilgan nonga
To’ylardagi har dasturxonga
Men ozodlik so’zin yozaman

Hovuzdagi loyqarang kunga
Yog’dularda yongan sukunga
Ko’ldagi oy taratgan unga
Men ozodlik so’zin yozaman

Qanot qoqqan qush nafasiga
Dalaga ufq alangasiga
Tegirmonlar ko’lankasiga
Men ozodlik so’zin yozaman

Tong hovuri har bir titroqqa
Kemalarga dengiz qirg’oqqa
Aqlu hushdan ayrilgan toqqa
Men ozodlik so’zin yozaman

Ko’pirgan oq bulut kaftiga
Tund bulutning shumshuk aftiga
Zor yig’lagan yomg’ir taftiga
Men ozodlik so’zin yozaman

Jilvalangan sarobiy qatga
Jomxonaga rangin qabatga
Fahm etilgan har haqiqatga
Men ozodlik so’zin yozaman

Uyg’ongan har so’qmoq ko’ziga
Ilonizi yo’llar yuziga
Gavjum maydonlarning o’ziga
Men ozodlik so’zin yozaman

Har bir yoniq chiroq nuriga
Tunning o’chiq chiroqlariga
Yashaganim har uy to’riga
Men ozodlik so’zin yozaman

Ikki bo’lak olma po’stiga
Yotog’imga oyna ustiga
Ko’rpam yolg’izligim do’stiga
Men ozodlik so’zin yozaman

Uyimizning ostonasiga
Narsalarning qiyofasiga
Muqaddas o’t alangasiga
Men ozodlik so’zin yozaman

Xushbaxtlarning tik qomatiga
Do’stlarning sof muhabbatiga
Har salomi sadoqatiga
Men ozodlik so’zin yozaman

Shabnam misol tiniq hayratga
Lablardagi noz ishoratga
Ilhaqlikka g’arq sukunatga
Men ozodlik so’zin yozaman

Go’shamning xor xarob holiga
So’ngan mayoqlar savoliga
G’amlarimning cholduvoliga
Men ozodlik so’zin yozaman

Firqatning dard ginalariga
Tanholikning siynalariga
O’lim ajal zinalariga
Men ozodlik so’zin yozaman

Qaytib kelgan sog’lik omadga
O’tib ketgan har falokatga
Yana kelgan umida baxtga
Men ozodlik so’zin yozaman

Shu bir so’zning qudratin bildim
Bilgach yana ruhan tirildim
Hurlik istab dunyoga keldim
Men ozodlik so’zin yozaman.

Rus tilidan Tohir Hahhor tarjimasi

SHE’RIYAT TANQIDI

Shubhasiz men nafratlanaman
Burjuylar
Josuslar
Ruhoniylar saltanatidan
Biroq men yuz hissa ko’p jirkanaman
O’sha saltanatni mendek yoniqib
Yomon ko’rolmagan har bir odamdan.

Ushbu she’riyatning tanqidin
Mening she’rlarimdan baland tutmagan
Olchoqlar yuziga tuflagum albat!

QALAM YASAYDIGAN GO’SHADA

Savat to’qimoqda
So’nggi qaldirg’och
Ushlab qolmoq uchun kun yog’dusini
Qarovsiz ko’z qirg’oqlarini
Chizayotir so’nggi qaldirg’och.

Qishloq kaftidagi
Mayin uyquning
Zarralarin cho’qilar oqshom

Tuningiz xush bo’lsin fikrlar

Sukunatni o’zimga qaratib
Jimgina chorlayman jimgina

TABASSUM ILA

Olamda zim-ziyo tunning o’zi yo’q
Inon aytar so’zimga axir
Tim qorong’u qayg’uning hatto
Yog’du chun lang ochiq derazasi bor
Bedor turgan orzu bor hali
Ro’yobi muqarrar istak bor
Ochlik bor och yurgan ochlik
Olamda yengilmas yurak bor
Umidvor qo’llarning siqishuvlari
Iltifotli nigoh bor
Hayot bor

Boshqalar bilan bo’lishishni istagan hayot

BO’LMAG’UR XOTIRA

Oqshomgi qushlarning
To’zg’oq cho’qqisi
Ko’chalarning muyulishida
Ayol nafasining soyasi
Shukuhli zimiston
Quchishayotgan isyonlar bilan
Yomg’ir-la to’la hovuchlar
Fonuslar va barglar ostida
Limmo-lim sukunat
To’kiladi vaqt ushoqlari
Vaqt endi shoh emas
Yo’laklarning surgunlarida
O’tirar
Yod olingan kulgular bilan
unib-o’smas diqqinafasda
oqmas suv va xayolsiz oqshom
choradir asli
Yolg’izlik yanglishar
Sahrolarni unutayotgan
Olovlangan birgina o’pich.

SHE’RLAR

Daraxtda osig’liq yurak — shoxchalardan uni uzib ol,
Tabassum va kulgu, hadsiz nazokat.
G’olibsan, sofsan sen, tiniq qiyofa,
Daraxtlar-la ko’kka qo’l uzatasan.
Olislarda yig’lar bir go’zal,
Kurashlarga chog’langan qalbi.
Do’ngliklarda yastangan, ojiz
Osmon qaysi rangda — shaffof yo g’amgin
Imkonsizdir ko’ngil qo’ymaslik.
Kunlar, uzun barmoqlar, quvlab o’tar bir-birini,
Gullar so’lib borar, yomg’irlarda hijron boshog’i.
Kutadi nelarni qaynoqqon vujudi iyulning
Jonsiz nigohlarda tikila turib.
Qayd etmoq chinnining kumush tovushin.
Musiqa, yalang’och qo’llar oqligi.
Shabada tutashar qush qanotiga —
samoning rang-quti o’char tobora.

«OZOD QO’LLAR» TURKUMIDAN

BU O’SHA

Yashil yulduzlar aro maysazor o’sha
Bu o’sha qarovsiz kulbada
Bu o’sha zim-ziyo ko’chalar bo’ylab
Bu o’sha tagkursi cho’qqilarida
Bu o’sha ko’krak qafasida tiz cho’kayotgan
Bu o’sha qorda ketib borguvchi
Har doim devorning ortida
Chohlarning qa’r-qa’riga cho’kkan.

SINGAN OYNA

Derazaning ortida shamol
Osmon etaklari tikkama-tikka
Epsiz qo’llaringga suykalar samo.

ATIRGUL — DARAXT

Qo’li ochiq yil yerni to’ldirib tashlar
Dalalarga osmon tikilar
Maysalar betida yumaloq
Yolqinlanar gulli shudringlar.

TANHOLIKDA

Men sensiz
Tanholikda yashashim mumkin
Buni kim aytmokda
Bu kim — sensiz nafas olguvchi
Yolg’izlik uzra
Yashash — hamma bilan yuzma-yuz turib
Yashash — o’zing bilan basma-bas kelib
Odimlar oqshom
Shaffof axir har bitta qirra
Sim-sim erib ketyapman bu tun.

ERK

Ozodlik salgina aylanar boshing hamda yalang oyoqlar
Ozodlik yaxshisan, mayinsan juda
Ko’klamdan ham tiniq tortinchoqlikda.

14 MART HAVOSI

Afsungar qush bolalar do’sti
Kutyapman bahorning qadamlarini
Yer sovuqqon ham ixtiyorsiz
Yarim kun ninalari
Tikar tongning ipak etagin
Ko’z tashladim yoshlik chog’imga
O’tkinchi ranglarni yoqalab
Ilk gul ochgan og’ochni ko’rdim
Yashilliklar qirg’oqlarida
Suv olamga evrilgan edi.

Rus tilidan Go’zal Begim tarjimasi

052

(Tashriflar: umumiy 430, bugungi 1)

Izoh qoldiring