Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Шимолий Каролинада уч ёш мусулмон: Деа Шадди Баракат, унинг рафиқаси Юсор Муҳаммад Абу Салҳа ва унинг синглиси Разан Муҳаммад Абу Салҳанинг бошларидан отиб ўлдирилгани ҳақида гапирмагани учун Президент Обамани танқид қилган.
Жаноб Эрдўғон сўзларига кўра, агарки бу ҳодиса қаршисида сиёсатчилар сукут сақлайдиган бўлсалар, дунё ҳам уларга сукут сақлаб туради.
Кеча Чапел Хилл туманида бўлиб ўтган дафн маросимида гапирган ўлдирилган талабанинг отаси бу қотиллик мусулмонларга нисбатан нафратга асосланган жиноят, деб айтган.
Маҳаллий полиция терговидан алоҳида Федерал Қидирув бюроси ҳам алоҳида жиноят иши қўзғатган. Қотилликда уч мусулмоннинг қўшниси Крейг Стефен Хикс айбланмоқда.
«Шимолий Каролинада уч мусулмон ўлдирилди. Президент Обама, жаноб Керри, Байден бу борада бирор бир ҳурмат баёноти қилмадилар. Бу жуда ғалати. Бу одамлар терорчилар эмас эдилар. Уччовлари асли келиб чиқишлари суриялик эди. Оталари, оналари жамиятда жуда ҳурматли инсонлар. Улар ўз жамиятларининг шифокорлари. Ва уларнинг оиласи стоматологияни ўрганган. Улар меъморчилик ва муҳандисликни ҳам ўрганаётган оила. Уларнинг уч биродари ўлдирилди, лекин Вакиллар палатаси бирор баёнот бермади. Мен жаноб Обамага айтаман, шунингдек, жаноб Байден ва жаноб Керрига айтаман: биз сиёсатчилармиз ва биз мамлакатларимизда юз бераётган ҳар бир ҳодиса учун масъулмиз. Биз ҳаммамиз бўлаётган нарсаларга ўз муносабатимизни намойиш этишимиз керак. Одамлар биз учун овоз бераётганларида ўзларининг хавфсизлиги ва эсон-омонлиги учун ҳам овоз берадилар. Булар сайлов қутисига тикилган нарсалар. Агарки бундай ҳодиса қаршисида сиз сукут сақлайдиган бўлсангиз, дунё сизга ҳам сукут сақлайди», деб айтди Президент Эрдўғон Мексикадаги чиқишида.
Қотиллик чоршанба куни Чапел Хилл шаҳрида рўй берди.
Ўзларининг уйида Деа Шадди Баракат, унинг рафиқаси Юсор Муҳаммад Абу Салҳа ва унинг синглиси Разан Муҳаммад Абу Салҳанинг бошларидан отиб ўлдирилган.
Уч ёш талабани отиб ўлдирган қўшниси Крейг Хикс ўзи полицияга борган.
Крейг Хикснинг хотини айтишича, у қўшнилари билан машинани қўядиган жой устидан жанжаллашган бўлган.
Чапел Хиллдаги прокуратурадан айтишларича, ушбу қотиллик диний адоват оқибатида содир этилганининг исботи йўқ.
Бироқ полиция эртаси куни қотилликнинг ҳар қандай сабаби, жумладан диний нафрат ҳам тергов пайтида ўрганилишини айтди.
Кеча жума куни уч ёшнинг дафн маросими Шимолий Каролина университетининг спорт майдонида ўтказилган.
Жанозада 5500 тача инсон қатнашган. Дафн маросими қатнашчилари қотиллик автомобил қўйиш жойи устидан келиб чиққанига ишонмасликларини айтганлар.
«Буни биз нафрат жинояти дер эканмиз, биз АҚШдаги бошқа ҳамма фарзандларимизни ҳимоя қилиш кераклиги ҳақида гапирамиз, деб айтган икки опа-сингилнинг отаси, доктор Муҳаммад Юсуф Абу Салҳа.
Дунёнинг айрим йирик оммавий ахборот воситалари ушбу қотиллик ҳақидаги хабарни беэътибор қолдиргани кўпчиликни ғазаблантирган.
Twitterда #MuslimLivesMatter — «Ҳар бир мусулмон ҳаётининг қадри» бор деб таржима қилиш мумкин бўлган хэштег ташкил қилинган, 100 мингдан ортиқ фойдаланувчи хэштегни тарқатган.
Манба: www.bbc.co.uk/uzbek/
What are you doing Obama? Open your eyes wider! I thought that the USA is the most democratic state in the world. But now… Stop killing & racism! Find the killer & punish him.