Alisher Navoiy. Mukammal asarlar to’plami. 20 tomlik. T. 11. Xamsa: Saddi Iskandariy

tom 10

Mukammal asarlar to’plami.20 tomlik.T. 11.Xamsa: Saddi Iskandariy / Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т.. 11. Хамса: Садди Искандарий
Muallif: Alisher Navoiy / Алишер Навоий
Nashrga tayyorlaganlar: M.Hamidova,T.Ahmedov
Mas’ul muharrir: Sodir Erkinov
ISBN 5—648—00150—9
Nashriyot: Т.: «Fan», 1993, 640 varaq
01

07

ИНСТИТУТДАН
01

Ўзбекистон ССЖ Фанлар академияси қошидаги Адабиёт институти ҳамиша ўз илмий-тематик режаларида улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий асарларини, айниқса унинг «Хамса»си таркибидаги достонларни матншунослик жиҳатидан ўрганишга ва нашр этишга катта аҳамият бериб келди.
«Хамса» достонлари ўтмишда, хусусан XV— XVIII асрларда қўлёзма ҳолида, сўнгги XIX аср охири ва XX аср бошларида тошбосма нашрларда халқ орасида тарқалди. Навоий «Хамса»сининг илк нашри тўла ҳолда Хевада (1880 йил), сўнгроқ Тошкентда (1904, 1905 йиллар) амалга оширилган.
Совет даврида «Хамса» достонлари биринчи марта Тил ва адабиёт институти илмий ходимлари томонидан 1939—1940 йилларда бирмунча қисқартирилган ва шарҳланган ҳолда лотин алфавитида нашрга тайёрланиб, насрий баён билан ёнма-ён ҳолда эълон қилинди. Бу ишга Ғафур Ғулом, Солиҳ Муталлибов, Ғулом Каримов, Амин Умарий, Ҳусайнзода, Тўхтасин Жалолов каби шоир ва олимлар катта ҳисса қўшдилар. «Хамса» достонлари, «Ҳайратул-аброр»ни мустасно қилганда, 1948 йилда улуғ шоир таваллудининг 500 йиллигини нншонлаш билан боғлиқ равишда, насрий баёнларсиз янги — рус алфавитида иккинчи марта чоп этилди. Бу нашр ҳам оммавий нашр бўлиб, маълум даражада қисқартирилган ва етарли даражада илмий шарҳланмаган эди.
Улуғ Ватан уруши арафасида Садриддин Айний Тил ва адабиёт институти билан боғланган ҳолда Навоий «Хамса»сининг қисқартирилган, тушиб қолган қисмлари мазмуни насрда берилган ва изоҳланган нашрини тайёрлади ва чоп эттирди. Бу китоб 1947 йили янгитдан нашр этилди.
Алишер Навоий асарларининг илмий-танқидий матнларини тайёрлаш навоийшуносликда, хусусан унинг асарлари матнини илмий қатъийлаштиришда алоҳида аҳамиятга эга. Шу маънода биринчи марта «Хамса»нинг илк достони — «Ҳайратул-аброр» достонининг илмий-танқидий тексти С. Муталлибов, «Лайли ва Мажнун» достони илмий-танқиднй тексти Ғулом Каримов томонидан тайёрлангани муҳим ишнинг бошланиши бўлди. Бироқ, бу текстларнинг ўз вақтида эълон қилинмагани афсусланишга лойиқдир.
«Хамса» достонларининг илмий-танқидий матнларини янги қўлёзмалар асосида янгитдан тузиш қирқинчи йиллар охири, эллигинчи йиллар бошида навоийшунос Порсо Шамсиев (1897—1972) томонидан бошланди. Олим 1956 йили «Сабъаи сайёр»нинг, 1963 йили «Фарҳод ва Ширин»нинг, 1970 йили «Ҳайратул-аброр»нинг илмий-танқидий матнларини эълон қилди. У «Лайли ва Мажнун», «Садди Искандарий» достонларининг илмий-танқидий матнларини ҳам тайёрлаган ҳолда уларни чоп этишга улгурмади.
П. Шамсиевнинг Навоий достонларини нашрга тайёрлаш билан боғлиқ ишлари орасида «Хамса»ни тўла ҳолда 1959 ва 1960 йилларда чоп эттиргани фанда ва улуғ шоир меросини ўрганиш ва тарғиб этишда катта аҳамиятга эга бўлди. Бунда институтнинг етакчи матншунос олими бўлган Порсо Шамсиевнинг илмий фазилатлари янада тўлароқ намоён бўлди.
Лекин Навоий асарлари, хусусан «Хамса» достонларининг том маънодаги илмий матнларини яратиш ва эълон қилиш мураккаб жараён. Бунинг учун матн тузиш ишига жаҳон қўлёзма фондларида мавжуд барча қимматли қўлёзмалардан фойдаланиш талаб этилади. Порсо Шамсиев «Хамса» матнлари устида тадқиқот олиб борган вақтларда эса бунинг имкони йўқ эди. Шунинг учун у «Хамса»нинг Иттифоқда мавжуд қўлёзма нусхалари асосидагина ишлашга мажбур бўлди. «Хамса»нинг чет эллардаги, хусусан, Париж, Стамбул нусхалари тадқиқотдан четда қолди. Шуни назарда тутиб, Адабиёт институти, Қўлёзмалар институти илмий ходимлари ҳозир олим бошлаган ишни давом эттирмоқдалар ва «Хамса» достонларининг янада мукаммал текстларини яратиш устида тадқиқот ишлари олиб бормоқдалар.
Алишер Навоийнинг йигирма жилдлик «Мукаммал асарлар тўллами»ни яратиш муаммоси Адабиёт инситути илмий ходимлари олдига «Хамса» достонларининг илмий текширилган ва изоҳланган нашрини тузиш вазифасини қўйди. Бунда улар ўз устозлари — Порсо Шамсиев тузган матнларни асос қилиб олдилар аа текстларга маълум даражада тузатишлар ҳамда аниқликлар киритишга муваффақ бўлдилар.

tumor

САДДИ ИСКАНДАРИЙ

I
Худоё, мусаллам худолиқ санга1,
Биров шаҳки, даъби гадолиқ санга.

Худованди бемислу монандсен,
Худовандларга худовандсен.

Забардастлар зердастинг сенинг,
Бийиклар келиб борча пастинг сенинг.

Санки кўргузуб мавж дарёйи жуд,
Сен айлаб аён коргоҳи вужуд.

Вужуд аҳлининг коми жудунг била,
Келиб жуд қойим вужудунг била2.

Вужудунг қачон қилса зоҳир қидам,
Бўлуб борча ашё вужуди адам.

Замонеки кавнайн маъдум эди,
Адам тангнойида мактум эди.

Не кун оразидин бор эрди нишон,
Не тун турраси анда анбарфишон.

Саҳардин фалак золи рў тоза йўқ,
Шафақдин юзига анинг ғоза йўқ.

Не афлоку, не муттасил анда давр,
Не эл, не анинг давридин элга жавр.

Не олам диёридин осор ҳам,
Не пайдо диёр ичра дайёр ҳам.

Сен ул навъ мавжуд эдинг, бал вужуд
Ки, будунгға йўқ эрди нанги набуд.

Аён бўлмайин баҳри зотингға мавж,
Анинг мавжиға не ҳазизу не авж.

Жамолингки меҳри жаҳонтоб ўлуб
Хафо пардаси ичра ноёб ўлуб.

Жамолингға чунким зуҳур истадинг,
Қуёшингға ифшойи нур истадинг.

Бу навъ иқтизо айлади хўблуғ
Ки, қилғайсен изҳори маҳбублуғ.

Чу маҳбублуқ амри пинҳон эмас
Ки, то бўлмағай ошиқ имкон эмас.

Чу бори ҳуснға ишқ лойиқ басе,
Керак бўлди ҳуснунгға ошиқ басе.

Чу бир жунбуш этти аён баҳри зот,
Падид ўлди амвождин коинот.

Ики ҳарф амрин қилиб нуктавар,
Аён айладинг мунча дилкаш сувар.

Чу қилдинг малак хайлини жилвасоз,
Алар қисмати бўлди зикру ниёз.

Ики, учу тўрт очилиб парлари,
Ҳарими жалолинг кабутарлари.

Тилаб ул кабутарлар оромини,
Ясадинг фалак қасрининг томини.

Чу афлок тарҳиға чектинг қалам,
Ҳаво сафҳасиға чекилди рақам.

Тўқуз гунбад ул навъ чектинг баланд
Ки, ваҳм анда руст айлай олмас каманд.

Келиб бир-бири ичра ҳар бир ниҳон,
Фазо ҳар бирига жаҳон дар жаҳон.

Алар жавҳарини басит айладинг,
Бирин секизига муҳит айладинг.

Бори бир-бири жавфида тў-батў,
Бири бирга вобаст ўлуб мў-бамў.

Борин табъ бир жониб айландуруб,
Бурунғи борин табъ ила ёндуруб.

Бўлуб ул секизнинг мадори анга,
Таҳаррук аро ихтиёри анга.

Яна бирда сабт айладинг собитот,
Анга сайр, аммо буларға сабот.

Тушуб давр аро жоми нилуфарий,
Анга берк юз минг шараф гавҳари.

Мурассаъ жавоҳир била бўлса жом,
Вале давр аро жом топса хиром.

Неча бор эса сайр зоҳир анга,
Не тонг маҳкам ўлса жавоҳир анга.

Бўлуб жилвагар юз туман моҳваш,
Вале жилва ичра сукун бирла хуш.

Яна бирни ундур ҳисор айладинг,
Бировни анга қалъадор айладинг.

Муҳандис шиори тааммул иши,
Таҳаммуллиқ ул навъ бўлмай киши.

Батийравлиғи ҳилм аёғи киби,
Гаронжонлиғи сабр тоғи киби.

Кўзидин бало рахнаси очилиб,
Дамидин нуҳусат ўти сочилиб,

Қаро юз била чархи гардуннишин,
Нечукким, харос уйи ичра чибин.

Яна бирни бир маъбад эттинг васеъ,
Анинг обиди қадр аро бас рафеъ.

Саодат зиёсин сочиб меҳрсон,
Юзинда шараф ҳулласи тайласон.

Топиб «Кимиёйи саодат»қа йўл,
Фалак хонақоҳида ғаззолий ул3.

Фалак гунбади ичра қандилдек,
Ваё Арш буржида Жибрилдек.

Бўлуб яхшилиққа мунир ахтаре,
Харидор, яъни дейин Муштарий.

Яна бирни бир мақтал эттинг ажиб,
Анинг сокини қотили, бас муҳиб.

Киши тиғидин топмайин баҳр амон,
Бешинчи мамоликда ул қаҳрамон.

Келиб ламъаи тиғи барқи бало,
Ҳамул сув аро халқ ғарқи бало.

Бўлуб шева эл бўйнин урмоқ анга,
Итик тиғ ила бош учурмоқ анга.

Кесук бошнинг косасин жом этиб,
Вале қон май ўрниға ошом этиб.

Келиб иш анга чарх даврида қаҳр,
Қадаҳ даврида, ўйлаким қатра заҳр.

Яна бирни бир равза қилдинг назиҳ,
Муқими анинг ҳурдин ҳам фариҳ.

Демай ҳурким, чарх мулкида шоҳ,
Анга тахти феруза оромгоҳ.

Сипеҳр аҳлининг зеб ила зайни ул,
Демай айни ул, қурратул-айни ул.

Бўлуб зоти рахшанда миръот анга,
Гувоҳ ушбу даъвода заррот анга.

Бири гунбади чархи гардон аро,
Анингдекки, зар шамса айвон аро.

Яна бирни тоқи баланд айладинг,
Муқим анда бир нўшханд айладинг.

Қуёш чеҳралик шўхи барбатнавоз
Ки, жон риштаси тор анга, чолса соз.

Чу ториға дастон гузориш бериб,
Бағирларға тирноғи хориш бериб.

Қачон хушнаво лаҳн бунёд этиб,
Агар Ақли Кулл бўлса фарёд этиб.

Қаёнким етиб барбатидин нағам,
Не йўл анда топиб кудурат, не ғам.

Фалак тоқида ун чекиб кўнгли тинч,
Бўлуб, ўйлаким доира ичра синч.

Яна бирни қилдинг кутубхонае,
Ичинда китобатда фарзонае.

Мудаққиқ замирида мамлу фунун,
Келиб диққат аҳли аро зуфунун.

Иши сарбасар лаъбу найранг ўлуб,
Сувдек қайдаким етса, ул ранг ўлуб.

Шиори хароши қалам айламак,
Нукат сафҳа узра рақам айламак.

Фалак дуржида лавҳи даркордек,
Давот узра бир нақши паргордек.

Яна бирни соз айладинг турфа дайр,
Анинг сокинин айладинг тезсайр.

Боридин итикрак хироми анинг,
Вале тегмайин ерга гоми анинг.

Манозилға бот-бот қилиб интиқол,
Отин гоҳ этиб бадру, гоҳи ҳилол.

Вуболу шараф кўргузуб суръати,
Гаҳи заъфи ортиб, гаҳи қуввати.

Фалак даврида суръати ичра зўр,
Тегирмон тоши узра андоқки мўр.

Чу обоға бу навъ бердинг сифот,
Алар таҳтида айладинг уммаҳот.

Аъто етти-ю, тўрт қилдинг ано,
Натижа уч эттинг булардин яно4.

Не тонг, гар ано тўрт қилдинг мубоҳ
Ки, тўрт ўлди шаръ ичра жойиз никоҳ.

Бирининг мизожини тез айладинг,
Анинг табъини шуълахез айладинг.

Бирига бериб лутфи табъи ҳаёт,
Ҳаёт аҳлиға бердинг андин нажот.

Бирин сойир эттинг, нечукким само,
Сафо ичра миръоти гетинамо.

Ясодинг касофат бирининг ишин
Ким, ул бўлди бу ишдин асфалнишин

Бериб бу тазаввужға пайванд ҳам,
Падид айладинг неча фарзанд ҳам.

Бирига ҳажар жисмидин тўшадур,
Анга нақд балким жигаргўшадур.

Бирига нуму жилвасидин ҳаёт,
Қади жилвада найшакар, бал набот.

Бирин лутф аро жавҳари жон дейин,
Анга обхўр оби ҳайвон дейин.

Мунга тегру ғилдинг маротибнавард
Ки, очтинг башар гулбуни ичра вард.

Очилғоч бу гулшанда инсон гули,
Не инсон гули, боғи ризвон гули.

Таниға шарафдин дувож айладинг,
Бошин ҳам сазовори тож айладинг.

Қилиб кўнглини роз ганжинаси,
Юзин айладинг зот ойинаси.

Анга айлагач нури ҳуснунг зуҳур,
Ўқубон малак хайли Аллоҳ нур.

Чу бу навъ мавжуд қилдинг ани,
Малойикка масжуд қилдинг ани.

Қаю кўзгуда тутса аксинг вужуд.
Малойик нечук қилмағайлар сужуд.

Бош индурмаган айлаб изҳори таън,
Не тонг таъм нуни анга тавқи лаън.

Чу бердинг анга рутба мундоқ баланд,
Қилиб кўнглини севмагинг аржуманд.

Чу ишқинг ўти солди кўнглига тоб,
Қуёшнинг юзидин кеторди саҳоб.

Қуёшингға худ монеъи йўқ эди,
Ҳижоби анинг ўзлуги-ўқ эди.

Чу рафъ айладинг ул ҳижобин анинг,
Фузун айладинг ишқи тобин анинг.

Сени кўрди ҳар ёнки солди кўзин,
Чу бори сен ўлдунг, итурди ўзин.

Ажаб ҳолким, бўлса айни шуҳуд,
Чиқорғой биров жонидан шавқи дуд.

Зиҳи турфа маъшуқи ошиқнавоз
Ки, қилмоққа ўз ҳуснини жилвасоз.

Карам бирла халқ айлагай оламе,
Бу оламда мақсуд анга одаме.

ғараз одаме анга олам туфайл,
Неким ғайри оламдур, ул ҳам туфайл.

Киши кўрмамиш ҳаргиз андоқ киши
Ки, ошиққа ошиқлик ўлғай иши5.

Яқин англасам ғайр бордур адам,
Ўзунг ошиқу ишқу маъшуқ ҳам.

Чу маъшуқу ошиқ сен ўлдунг тамом,
Санга ишқу ушшоқдин вассалом.

II
Муножот ул Карими Халлоқ ва мукаррами алал-итлоққаким, карамининг «коф»и саркашлик била ёзуқ «қоф»ини ерга паст қилур ва «ро»си ройи оламоро била маъсият «айн»ин кўр этар ва «мим»и лутфи эмим била хато хаттиға афв рақами чекар ва ўз журми олойишин демак ва баҳри ғуфронидин амон истамак

Лакал-ҳамд, ё Акрамал-Акрамин,
Карам аҳлин этган гадойи камин.

Карим ўлса оламда ҳар навъ шоҳ,
Анга сен карам қилдинг ул дастгоҳ.

Карамдин киши қайда сочқай дирам,
Дирам сен анга қилмоғунча карам.

Карам аҳли гар соҳиби тож эрур,
Ки, хони наволингға муҳтож эрур.

Анга сен хазойин эшигин очиб,
Чу сочмоққа амр айлабон, ул сочиб.

Бас, ул филҳақиқат карамкеш эмас,
Ўзунг Мукрим, ул бир сабаб беш эмас.

Чу сен Мукрим, аҳли карамдур сабаб,
Десам Акрамул-Акрамин не ажаб.

Мунга ўзга маъни доғи бордур,
Акобир сўзидин намудордур

Ки, айни карамдин қачонким Илоҳ,
Гунаҳкордин ўткарур бир гуноҳ.

Карам фартидин будур онинг иши,
Ким ул ишга ўзга тутулмас киши.

Улусқа агар ул гуноҳ ишдурур,
Қиёматқача афву бахшишдурур.

Бу янглиғ карамдин расули амин
Сени этмиш ул Акрамул-Акрамин.

Илоҳий, аларким гунаҳкор экин,
Сен ўткармаган не гунаҳ бор экинғ

Чу ҳар мужримекм, сен эттинг карам,
Сўрулмас ҳамул журм ила ўзга ҳам.

Агар афв бирла карам будурур,
Бори халқнинг журми маъфудурур.

Сангаким карамдур бу ғоятқача
Ким эл маъфу ўлса ниҳоятқача.

Чу дарёйи раҳматқа солғанда мавж,
Қуруқ қолмамиш не ҳазизу не авж.

Неча менда журм ўлса беҳад падид,
Не янглиғ бўла олғамен ноумид.

Неча маъсиятдин табаҳкормен,
Ниҳоятдин ортуқ гунаҳкормен.

Қадимни хижолат юки хам қилиб
Анга журм сарборлиқ ҳам қилиб.

Тутошиб вужудумға ҳирмон ўти,
Не ҳирмон ўти, балки исён ўти.

Бу исён ўти ичра куймак аро,
Бўлуб дудидин рўзгорим қаро.

Не исён ўти, балки оташкада,
Анга ҳема бу жисми меҳнатзада.

Не оташкадаким томуғдин нишон,
Забоналари кўкка оташфишон.

Гунаҳ шуъласин чун чекиб ул томуғ,
Куюб абри раҳмат нечукким момуғ.

Шарардин кавокиб юзи ўртаниб,
Не кавкаб, малойик пари чўрканиб.

Қарортиб тутун чарх жавфин тамом,
Замона қўюб онинг отини шом.

Демай шом, меҳнат палоси дейин,
Жаҳон кийди мотам либоси дейин.

Гунаҳда мени ўлтурурга қазо,
Кийиб даҳр шахси либоси азо.

Ичин ҳам қаро қайғу ғамнок этиб,
Яқосин доғи субҳдин чок этиб.

Ўкуш тийраликлар аро турфа боқ
Ки, чарх этти мушкум саводини оқ.

Саводим баёзиға сўрсанг далил,
Ерур шоми исёнға субҳи раҳил.

Фано пахтаси бил намудор анга,
Кафан риштаси англа ҳар тор анга.

Ажал хайлиға чун ҳужум ортибон,
Адам сори ҳар торидин тортибон.

Нечук бўлмай оҳимдин оташфишон,
Мениким ажал элтгай мўкашон.

ғамим йўқтур ўлмакда эмгак учун,
Нединким туғар кимса ўлмак учун.

Ва лекин бу жонимға эмгакдурур,
Ки асру ёмон навъ ўлмакдурур.

Мунга тегру андинки, ўзни билиб,
Залолат аро умр зойиъ қилиб.

Нафас урмай айлар замон хийралик
Ки, топмай кўнгул кўзгуси тийралик.

Қадам урмайин ғайри бероҳға
Ки, андин тушуб бош тубан чоҳға.

Туну кун харобот аро майпараст,
Қилиб ўзни исён майи бирла маст.

Мусалло гаравда маёло бўлуб,
Ридо гўшаси бодаполо бўлуб.

Бўлуб майкада дайри зулмат асос,
Мен анда қари габри ҳақношинос.

Агар мунча юз бўлса расволиғим,
Сияҳрўлуғу бесару полиғим.

Вале сендин узмаймен асло умид
Ки, эрмон карам баҳридин ноумид.

Бу даргоҳда ҳар ким гунаҳкорроқ,
Иноят қилурға сазоворроқ.

Муни англағач бўлди ҳолим табоҳ
Ки, уммид ила кўпрак эттим гуноҳ.

Ешиттимки, Ҳоруни дарёато
Демишким, чу афв айласам бир хато.

Агар билсалар халқким бегумон,
Не чоғлиғ топармен фараҳ ул замон.

Топарға иноят била парвариш,
Улус қилмағай журмдин ўзга иш.

Илоҳий, туман минг бу Ҳорун киби,
Не Ҳорунки, Ашку Фаридун киби.

Сенинг даргаҳингда не бўлғай хасе,
Демай хаски, ул хасдин ўксук басе.

Алар қилсалар мунча арзи карам,
Бу маъразда не навъ атай сени ҳам.

Алар гар шаҳ ўлса, гадомен ямон,
Ўлар вақти сойил ҳамон, шаҳ ҳамон.

Ёрурда қуёш партавидин саро,
Қачон фарқ ўлур фаҳм заррот аро.

Қилур вақт бу зарраларға карам,
Навоийға лутф айла бир зарра ҳам.

Сазо андин ар журму пиндор эрур,
Сен ул қилки сендин сазовор эрур.

Хато айлаганни ҳисоб айлама,
Хатосиға лойиқ азоб айлама.

Карам бирла журмини кам айлагил,
Гару ул қилди камм, лек карам айлагил.

Агар қилмадинг зуҳду тоат насиб,
Ҳабибингдин этгил шафоат насиб.

III
Ул Расули амин наътиким, рисолат хутбасида муборак алқоби саййид ул-мурсалин келди ва ул шафеъ ул-музаннибин васфиким, ҳумоюн сифоти «Ва мо арсалнока илло раҳматан лил-оламин» ёзилди, алайҳи афзалус- салавот ва акмалут — таҳиёт

Зиҳи анбиё хайлининг сарвари,
Бошинг узра сархайллиқ гавҳари.

Демай анбиё қавму хайлинг сенинг,
Бори офариниш туфайлинг сенинг.

Тутуб гавҳари зотинг аввал вужуд,
Бўлуб сўнгра мавжуд буду набуд.

Замонеки нурунгға бўлмай зуҳур,
Не зулмат бўлуб зоҳир ул дам, не нур.

Чу Ҳақ айлаб ул нурни шамъи жамъ,
Анинг нуридин ёрутуб жамъи шамъ.

Бу машъал чу ўз шуъласин ёрутуб,
Русул шамъи андин ёруғлуқ тутуб.

Демайким русул, ҳар неким топти руҳ,
Бу кибритдин борча топиб футуҳ.

Не кибрит, гугирди аҳмар ҳам ул.
Не гугирд, иксири акбар ҳам ул.

Вужудингдин айлаб қазо кимиё,
Мисин олтун айлаб бори анбиё.

Бу сабқатки, зотингға берди Аҳад,
Санга Бул-башар тонг йўқ ўлмоқ валад.

Атолиққа суратда пайванд эрур,
Вале асли фитратда фарзанд эрур.

Ажаб йўқ сен ўлмоқ ато, ул сабий,
Бу маъниғадур дол «Кунтун-набий»1.

Қачонким, валад бўлса Одам санга,
Бас аҳфод эрур ўзгалар ҳам санга.

Хирадға солиб ажз зотинг сенинг,
Хирад аҳлиға муъжизотинг сенинг.

Чу Мусоға2 «Таврот» этиб Ҳақ баён,
Санга ул баён ичра муъжиз аён.

Бўлуб чунки Довуд3 қисми «Забур»,
Сенинг муъжизинг анда айлаб зуҳур.

Чу Исоға4 «Инжил»5 нозил бўлуб,
Ҳақ анда сифотингға қойил бўлуб.

Каломеки сендин топиб интизом,
Анинг лафз бар лафзи муъжизнизом.

Нечаким кутуби осмоний келиб,
Борисинда сендин нишоний келиб.

Бўлуб чун зуҳури валодат санга,
Бўлуб фош нури саодат санга.

Анинг партавидин нечукким қуёш,
Мадойин бўлуб Макка6 аҳлиға фош.

Сужудунгға бутлар бўлуб ерга паст,
Анингдекки, бут оллида бутпараст.

Ангаким санга берди мундоқ вужуд,
Бу шукронаға сен ҳам айлаб сужуд.

Сени чунки сожид қилиб кирдигор,
Анга сажда қилмоқ бўлуб ошкор.

Сенинг туғмоғинг равшан айлаб жаҳон
Анингдекки, туққай қуёш ногаҳон.

Бу иштин фалак топқач огоҳлиқ,
Санга шаҳлар узра бериб шоҳлиқ.

Фалакка бу бахшиш қилурға не ҳад,
Сени Ҳақ шаҳ этмиш азал то абад.

Гувоҳ ўлди тожи футувват мунга,
Далил ўлди муҳри нубувват мунга.

Бу муҳреки нақшин тутуб ул китиф,
Қуёш ичрадур ахтари мунхасиф.

Не ахтарки, бир хотам этмиш нишон,
Ядуллоҳ7 аро хотам ўлғон ниҳон.

Вужудунгни чун қилди Ҳақ ганжи роз,
Ҳақиқат дуру лаълидин йўқ мажоз.

Қилиб фош маҳфузи асрор фанин,
Заруратки муҳр этти ўз махзанин.

Демай жисмким, ганжи шоҳийдур ул,
Не хотам, нигини илоҳийдур ул.

Ангаким илик берса мундоқ нигин,
Нигинида тонг йўқ замону замин.

Гини йўқки, ой узра пироядур,
Қуёш устида мушкдин соядур.

Қуёшнинг чу манъ айлади сояни,
Недин соя касб этти бу пояни.

Чу шамъингнинг ўлди адам сояси,
Нечук бўлди бу соя ҳамсояси.

Қилиб ҳар кун ул сояға рашк фош,
Тўкар сарғариб, титраб ашкин қуёш.

Қуёшингғаким банда юз бадрдур,
Ики зулф ики лайлатул-қадрдур.

Демай зулф, ики гесуйи анбарин,
Қарориб алар атридин мушки Чин.

Сабо Чин8 сари андин элтиб шамим,
Бўлуб Чин доғи нофаи мушкин насим.

Недин бўлди Чин нофаси мушкфом,
Булардин агар қилмади мушк вом.

Ўрулганда топиб чу тобу шиканж,
Ики анбарин афъи, ул жисм ганж.
Қачонким тарар чоғда тобин очиб,
Сабо барги гул узра сунбул сочиб.

Юзунг сунбули анбаринфом аро,
Саодат тазарви тушуб дом аро.

Қушеким санга бастаи дом эмиш,
Азозилдек фарруханжом эмиш.

Аёғингға тайреки афгандадур,
Агар чуғз бўлсунки, фархандадур.

Бировким эрур ганж вайронаси,
Не ғам аждаҳо бўлса ҳамхонаси.

Аларким ўлумга даво қилдилар,
Асо ташлабон аждаҳо қилдилар.

Очилғоч каломингдин оби ҳаёт,
Ани тўрт бурқаъға солди уёт.

Чу ҳабли матининг аён қилди зўр,
Мунунг айлади аждаҳосини мўр.

Не Мусо-ю, Исоки, бори милал,
Чу шаръинг аён бўлди топти халал.

Зиҳи офтоби рисолатпаноҳ
Ки, анжумдек эттинг русулдин сипоҳ.

Вале чунки хуршидинг этти зуҳур,
Кавокиб сипоҳин ниҳон қилди нур.

Неким чарху анжум санга жилвагоҳ
Ки, жилванг чоғи Арш9 ўлуб хоки роҳ.

Рикобингда човуш ўлуб Жабраил.
Бу маъниға меърож шоми далил.

IV
Ул ҳумойи баландпарвоз тайронининг суръати таърифидаким, меърож шабистонида кўзи наргиси била кўнгли ғунчаси «мозоғал-басару ва мо таро» жўйборидин шодобдурур ва тақарруб айвонида муқаввас қошлари « қоба қавсайни ав адно » эътиборидин баҳраёб

Не шом ул шабистони фархундафол,
Булуб офариниш узориға хол.

Демай холким, гесуйи мушкрез,
Қилиб офариниш уза мушкбез.

Чу онинг бўлуб ошкоро иси,
Жаҳонни тутуб мушкисоро иси.

Тааний била жунбиш айлаб насим,
Ёйиб мушк зимнида авроқи сим.

Не симин варақ, балки юз ламъа нур,
Қилиб ул шабистонда ҳар ён зуҳур.

Ул анвордин жирми ғабро ёруб,
Не ғабро, шабистони хазро ёруб.

Фалак гулшани равза бўстонидек,
Сипеҳр ахтари хулд ризвонидек.

Малойик иниб равшан ахтар киби,
Учуб даҳр даврида шабпар киби.

Бу қушлар жиноҳи ели чун етиб,
Шаётин ғуборини барбод этиб,

Бу янглиғ кеча ул чароғи сипеҳр,
Юзи тоза гулбарги боғи сипеҳр.

Қуёшдек улусдин ниҳоний бўлуб,
Ери ҳужраи уммаҳоний бўлуб

Ки, ногоҳ чоқилди бир тез барқ
Ки, офоқни қилди нур ичра ғарқ.

Демай барқким, тойири барқсайр,
Қўлида бир ул навъким барқтайр.

Бири Арш айвонининг тойири,
Бири хулд бўстонининг сойири.

Анга Сидра кохи навогоҳ ўлуб,
Мунга равза боғи чарогоҳ ўлуб,

Келиб ҳосилан Жабраили амин,
Етиб турфа товуси хулди барин.

Буроқи1 сабук сайри қудсий сиришт.
Бўлуб жилвагоҳи риёзи биҳишт.

Фалак сайридин тез ором анга,
Минг иллиқ фалак сайри бир гом анга.

Қаёнким солиб гом пайки назар,
Юз онча қилиб гоми онинг гузар.

Чу етти паёмовари раҳнавард,
Бўлуб жабҳадин хоки даргаҳнавард.

Юзин меҳрдек айлагач хоксуд,
Ҳабибиға еткурди Ҳақдин дуруд

Ки, ҳижрон бисотин тай этмак керак,
Қўпуб Ҳақ висолиға етмак керак.

Ешитгач бу сўз сойири чархгом,
Равон қўпти бўлмоққа гардунхиром.

Чекиб қосид ул рахшу айландуруб,
Сафар созни қўлдаб, отландуруб.

Чу отланди рокиб, нечукким дарахш,
Бурун сурди Байтул-ҳарам2 узра рахш.

Яна пўяда қўйди Ақсоға юз,
Не Ақсоға юз, чархи аълоға юз.

Ўтуб ҳамли аввалда бу боғдин,
Елу ўт била суву туфроғдин.

Чу жавлонгаҳи бўлди бу тийра фарш,
Бурун ҳамлада фаршдек қолди Арш.

Фалакдин демай ўтмак осон эди,
Қуйиғи тиҳи бирла яксон эди.

Бурунғидаким ойға қилди видоъ,
Қамар манзили бўлди тақташ-шиоъ.

Чу касб этти ул нури жовиддин,
Қамар пояси ўтти хуршиддин.

Чу рахши икинчига урди қадам,
Аторидға3 синди давоту қалам.

Кўруб уммийи илмлар махзани,
Равон илм касб этмак ўлди фани.

Учунчи сори чун шитоб айлабон,
Фалак Зуҳраға4 эҳтисоб айлабон.

Йўлидин қочиб зоҳир этмай суруд,
Равон ёшуруб чодири ичра руд5.

Чу тўртунчи сори таковар суруб,
Қуёшқа басе сарзаниш еткуруб.

Бўла олмайин ул шабистонда фош,
Кириб ер тубига уётдин қуёш6.

Бешинчига чун еткуруб гомни,
Қилиб бандаи амри Баҳромни7.

Ки, солиб улус таркидин қинға тиғ,
Қилиб тарк қон тўкмагин бедариғ.

Чу олтинчиға еткуруб раҳбари,
Ўқуб хутбаи давлатин Муштарий8.

Дуосиға минбарда чун қўл очиб,
Бошиға фалак нақди анжум сочиб.

Етинчига чун обир айлаб саманд,
Саодатдин ўлуб Зуҳал9 баҳраманд.

Бўлуб дафъ анинг борча наҳсияти,
Қули бўлуб анинг саодат оти.

Чу айлаб секизинчи сори мурур,
Савобит топиб мақдамидин сурур.

Очиб гулларин ул мусамман чаман,
Боши узра сочиб гулу настаран.

Ҳамал чун анингдек топиб меҳрибон,
Керакмас дебон Мусо янглиғ шубон.

Бўлуб садқаси чархи даввор уйи,
Қилиб давра, андоқки ассор уйи.

Ики пайкар очиб дуосиға эл,
Тонгиб хизматиға ики ерда бел.

Мушарраф қилиб чунки харчангни,
Очиб рахши темориға чангни.

Қочиб Шер етган замон ул далер,
Қари тулку ул навъким етса шер.

Бўлуб Хўшаға дона гавҳар киби,
Не гавҳар киби, балки ахтар киби.

Аёғиға Мезон қўюб бошини,
Адолат юзидин тузуб тошини.

Чаён нўш сочмоқ қилиб ибтидо,
Етиб нишининг банд-банддин жудо.

Бўлуб қош учидин ишоратнамой,
Бериб қоби қавсайндин мужда Ёй.

Сути Ўчкунинг шираи жон бўлуб,
Анинг қатраси дурри ғалтон бўлуб.

Йўли устида Қубқаким сув сочиб,
Сочар вақти сув йўқки, инжу сочиб.

Фалак деб дамидин тирилганда Ҳут
Ки, «Субҳона ҳаййил-лази ло ямут»10.

Фалак боғи андоқ топиб зебу фар
Ки, бир чарх ўлуб анда ҳар нилуфар.

Чу гарм айлабон чархи атласқа от,
Тўшаб атласин оти оллинда бот.

Чу сайр айлаб ул неча торам сори,
Таковар суруб Арши аъзам сори.

Бўлуб муфтахир Арш анинг зотиға
Ки, наъл айлабон «айн»идин отиға.

Бериб чунки Курсига пирояе,
Уружиға Курси бўлуб пояе.

Мунаввар бўлуб Лавҳ анворидин,
Қилиб шамса хуршид рухсоридин.

Қаламға етиб мақдамидин кушод,
Ёзиб чашмзахми учун «ин якод»11.

Суруб барқсайрини жон мулкига,
Не жон мулкига, ломакон мулкига.

Гузаргоҳи ул дамки Рафраф бўлуб,
Юзидин дамо-дам мушарраф бўлуб.

Ўтуб доғи бир ерга тортиб алам
Ки, бўлмай анга ҳамраҳи ҳамқадам.

Қолиб пўядин пайки афлокгард,
Қадам олмайин рахши гардуннавард.

Буроқин тушуб пайкига топшуруб,
Қадамсиз юруб, пўясиз гом уруб.

Не тўрт аслдин кўнглига ёрлиқ,
Не олти тарафдин хабардорлиқ.

Ҳам олти-ю ҳам тўрт мавқуф эди,
Анинг хотири бирга машъуф эди.

Бўйидин вужуди либосин сўюб,
Бошидин таайюн ливосин қўюб.

Вужудин адам гарди айлаб соғинч,
Вужуду адамдин бўлуб кўнгли тинч.

Ўзидин чу жонида қолмай нишон,
Солиб ўзни жонон сори жонфишон.
Ўзидин ўзин токи қилмай халос,
Қила олмайин ўзни жононға хос.

Чу ўзлукни ўздин қилиб бартараф,
Қилиб жилва мақсуд анга ҳар тараф.

Бўлуб рафъ ўзлук аро пардаси,
Падид ўлди ваҳдат саропардаси.

Ниқоб анда етмиш минг этти зуҳур,
Анинг кўпраги зулмат, озроғи нур.

Ки, рафъ этти борин ҳидоят ели,
Ҳидоят ели йўқ, иноят ели.

Яқинроқ сиғинди висол истабон,
Висол авжиға иттисол истабон.

Неким истабон айлар эрди ҳавас,
Тамомиға Ҳақ еткуруб дастрас.

Ёруб васл хуршидидин айн анга,
Муайян бўлуб қоби қавсайн анга.

Тааллумға етмай «шадидул-қуво»,
Кўзи топти «мо зоғ», ўзи «мо тағо»12,

Неча икилик нақши нобуд ўлуб,
Бир-ўқ ваҳдати сирф мавжуд ўлуб.

Қилиб майл уммат низомиға ҳам,
Ёниб «Ли мааллоҳ» мақомиға ҳам.

Қилиб мустамиълиқда арзи ниёз,
Топиб Ҳақ таолодин исмои роз.

Агар махфий, ар фош ўлуб Ҳақ сўзи,
Ўзи айтибу ҳам эшитиб ўзи.

Кўруб баҳри ғуфронни чун мавжнок,
Тилаб осий уммат гуноҳини пок.

Бу мақсудини арз қилғон замон,
Талаб бирла топмоқ бўлуб тавъамон.

Чу топиб тилаб топмағонни киши,
Кириб кўнглига авд қилмоқ иши.

Келиб ғунчау боғи ризвон ёниб,
Етиб қатрау баҳри Уммон ёниб.

Топиб ҳар не мақсудким истабон,
Бўлуб борча мавжудким истабон.
Ёниб юз қўюб рахшу йўлдошиға,
Тонилмай етишгач алар қошиға.

Анинг шавкатин беадад топибон,
Неча Аҳмад истаб Аҳад топибон.

Яна секрибон маркаби узра чуст,
Қилиб пўя азми, нечукким нухуст.

Фалак аҳли ичра алоло тушуб,
Малак хайлиға шўру ғавғо тушуб.

Малоик тутуб йўл бошин жавқ-жавқ,
Тамошосида борча кўнглида шавқ.

Жамолиға чун кўзларин очибон,
Табақи нурлар бошиға сочибон.

Анга нур сочмоққа монанд бу
Ки, сочқай киши баҳри Уммонга сув.

Сочиб нуру бори аёғин ўпуб,
Аёғ неки, рахши тувоғин ўпуб.

Чу бир хайл этиб хайрбодиға майл,
Етиб, хайра мақдам, дебон ўзга хайл.

Булар қилмайин авд, побўс этиб
Ки, бир ўзга хайли малоик етиб.

Малакдин тўлуб, баски, ҳар қўл анга,
Нузул этгали боғланиб йўл анга.

Туман минг шарор ичра бир ламъа нур,
Ўкуш хайли нор ичра бир ламъа нур.

Вале нуриға нордин йўқ газанд,
Бўлуб нор ул нурдин баҳраманд.

Бу янглиғ кириб хайли афлок аро,
Гузар қилғали маркази хок аро.

Бошиға анинг эврулуб ҳар фалак.
Нечукким, фалак узра хайли малак.

Чароғиға парвоналардек нужум,
Ўзин ўртамакликка айлаб ҳужум.

Не парвонаким, борча шамъин тутуб,
Анинг машъали нуридин ёрутуб.

Фалак аҳлин айлаб чу нур ичра ғарқ,
Фалакдин иниб ерга андоқки барқ.

Гули чун қилиб тоза бу боғни,
Етиб ғайрати Арш туфроғни.

Тушуб бўлғоч оромгоҳи висоқ,
Ёниб пайку жаннатқа элтиб Буроқ.

Мунунгдек сафарким эмас халқ иши
Ки, шарҳин анинг айлай олмас киши.

Хирадни не тонг айласа бадгумон
Ки, боштин-оёқ бор эмиш бир замон.

Бориб келмак андоқ топиб иттисол
Ки, бўлмоқ бурун сўнгра лафзи маҳол.

Не ерга етишгай хирад билмаги,
Бор эрса борурдин бурун келмаги.

Даме сайр этардин бийик ҳиммати,
Муродини ҳосил қилиб уммати.

Бориға бериб муждаи шодлиғ,
Гунаҳ интиқомидин озодлиғ.

Навоийға бўлса гунаҳ беҳисоб,
Анга ҳам, гуноҳиға ҳам не ҳисоб.

Шафеъ ўлғон ўлса бу янглиғ расул,
Ҳақ ул навъ ани қилғон ўлса қабул,

Иши неча журм ичра мушкилдурур,
Бағишланғон эл ичра дохилдурур.

Қачон ҳожати бўлғай эрди раво,
Агар топмаса эрди мундоқ наво.

V
Бу «Хамса» такмилидаким, салавоти хамса адосидек аввал фажр сажадотидин «Сиймоҳум фи вужуҳиҳим мин асариссужуд» зумрасиға кирилди ва зуҳр ракаотидин «Варкау мааррокиин» хайлиға қўшулулди ва аср қиёмидин «Ва иқомас-саловот» жамоатиға юз қўюлди ва мағриб қироатидин «Иқраъ бисми раббикаллази халақ» халқиға бош индурулди ва эмди ишо ниятидин отил табъни ғафлат уйқусиға борғоли қўймайин

Кел, эй толеъи саъду бахти баланд
Ки, сиздин бўлур одами аржуманд.

Ангаким тушар қайсингиз сояси,
Қуёшдин бийикрак бўлур пояси.

Ангаким етар икингиздин мадад1,
Мададкори Ҳақдур азал то абад.

Карам айлаб ики қўлум қўлдангиз,
Сўз иқлими сори мени йўлдангиз.

Бу водий аро Хизри2 роҳим бўлунг,
Қаён юз кетурсам паноҳим бўлунг.

Бурундин чу кўргуздунгуз ёрлиқ,
Басе етти сиздин мададкорлиқ.

Кичик эрканимдин бўлуб қошима,
Улуғ муддао солдингиз бошима3.

Чу олимға келган бийик тоғ эди,
Тоши итигу йўли бўртоғ эди.

Бу бўртоғлиқ бирла юз печ анга,
Чиқа олмағудек киши ҳеч анга.

Чиқар йўлида тўрт оромгоҳ4,
Бешинчиси мақсад билоиштибоҳ.

Ҳар оромгоҳида юз навъ ранж,
Вале тутқач ором зимнида ганж.

Анга чиқмоқ ўлмай кишининг иши,
Магарким чиқиб бир, ики, уч киши5.

Манга чунки сиздин мадад бор эди,
Не сиздинки, Тенгри мададкор эди.

Чиқорға чу қилдим азимат дуруст,
Қадам урдум ул ақба йўлиға чуст.

Қилай деб мақом ул фалакваш сарир,
Итик тош аёғимға эрди ҳарир.

Қадам урмоғим бемадоро бўлуб
Ким, ул хора йўлумда хоро бўлуб.

Қилиб танға осудалиғни ҳаром,
Ҳамул тўрт манзилни қилдим хиром.

Йўлум ичра манзил чу бу тўрт эди,
Чиқорим бийик, ўйлаким ўрт эди.

Солиб чун бийик йўлға чиқмоққа хез,
Макон тай қилиб, ўт киби гарму тез.

Не манзилға етгунча гар ранж ўлуб,
Вале баҳра манзилда бир ганж ўлуб.

Қўюлди чу тўртунчи манзилға гом,
Дедимким, қилай тўрт-беш кун мақом

Ки, йўл ранжидин нотануманд эдим,
Тинорға, басе орзуманд эдим.

Неча кунки дафъ ўлди фарсудалиқ,
Мизожимға юзланди осудалиқ.

Табиатки хўйи касолатдурур,
Тараддуд анга саъб ҳолатдурур.

Хусусанки товшолмиш ўлғай басе,
Қотиғ пўядин толмиш ўлғай басе.

Беш-ўн кунчаким бўлдум оромжўй.
Нишоти маю нуқлдин комжўй.

Ҳаво андоқ айлабдур они лаванд,
Тараб танбалу, кому ғафлат тананд,

Ки, жуз майли кому мурод айламас,
Қадам йўлға урмоғни ёд айламас.

Десам азм тарғибиға юз масал,
Анинг дафъиға кўргузуб минг ҳиял.

Йўл эмгакларин ёд қилғон замон,
Бўлур хотири азм этардин рамон.

Даме бемаю нуқл масрур эмас,
Манга онинг ислоҳи мақдур эмас.

Азимат анга мундин ар қолса кеч,
Не эмгакки чектим, эрур борча ҳеч.

Хусусанки занжирлар бирла ҳам,
Агар чексалар, йўлға қўймас қадам.

Насиҳат мизожиға даргир йўқ,
Кучум етмасу ўзга тадбир йўқ.

Ярим йўлда қолмоқ эрур мушкил иш,
Манга тушган иш кимсага тушмамиш.

Бу достонки сурдум–киноятдурур,
ғараз андин, ушбу ҳикоятдурур

Ки, Ҳақдин ато чу манга бор эди,
Яна бахту иқбол ҳам ёр эди

Ки, чун «Хамса» азмин дуруст айладим,
Камаргоҳиға панжа руст айладим.

Етишмай кўп ул ишта панжамға ранж,
Насиб ўлди беш ганжидин тўрт ганж.

Не васф айлайин, чунки ҳар ким етар,
Тааммул агар қилса, маълум этар.

Ки ганж, ўйла йўқтур Фаридунға ҳам.
Фаридун демай, балки Қорунға6 ҳам.

Ва лекин бешинчида табъи нажанд,
Неча кун бўлуб лаҳвға пойбанд.

Қадаҳ дурдиға қўл узотибдурур,
Аёғи бу лой ичра ботибдурур.

Ани тортмоғлиқни бу лойдин,
Ҳамул бодаи хотиролойдин.

Неча ўз қошимдин қилурмен хаёл,
Хирад ул хаёлимни айтур маҳол.

Уйеким, ваҳалдин чекар юз киши,
Ани чекмак эрмасдурур мўр иши.

Бу ишдинки табъим ҳаросон эрур,
Агар Тенгри лутф этса осон эрур.

Қачон чекса они иноят қўли,
Илайинда очса ҳидоят йўли.

Талаб йўлида толпина, тирмана,
Не душвор манзилға етмак янағ

Чу Ҳақдин эди ул саодат манга,
Бу душвор иш ичра жалодат манга.

Бу дам ҳамки, мушкилрак ўлмиш ишим,
Ерур Тенгри оллинда-ўқ нолишим.

Агар лутфини айласа ёварим,
Тилимни ёзуғларга узроварим.

Чекиб борча олудалиғдин аёқ,
Тутуб бори беҳудалиғдин қироқ.

Надомат кўзин ашкнок айлабон,
Ҳамул сув била ғусли пок айлабон.

Солиб кўнглума сўз демак ниятин,
Кийиб эгнима доғи сўз кисватин.

Суханварлиғ асбобини соз этиб,
Дури назм сочмоғлиғ оғоз этиб.

Тузай назм мулкида шоҳона базм,
Ҳамул базм сори қилай ёна азм.

Билик тахти узра чиқиб ўлтурай,
Хаёл элчисин ҳар тараф чоптурай.

Намудори расми раёсат қилиб,
Ибо айлаганга сиёсат қилиб.

Маоний сипоҳини жон мулкидин,
Не жон мулкидин, ломакон мулкидин,

Ясоқ бирла еткуртайин фавж-фавж
Ки, тутсун черик не ҳазизу не авж.

Йиғилғоч сипаҳ, тарки базм айлайин,
Жаҳонгирлик сори азм айлайин.

Солиб танға сўз жавшану багтарин,
Қўюб бош уза пок назм афсарин.

Минай кўшишу саъй рахшиға тез,
Сипаҳ зийнатиға қилойин ситез.

Ясолни тузай андоқ ороста
Ки, бир туз чаман сарви навхоста.

Мамоликки, табъ айламиш эрди фатҳ,
Ул иқлимким бўлмамиш эрди фатҳ.

Не иқлим, балким жаҳон кишвари
Ки, топмиш эди фатҳи Искандарий.

Скандардек айлаб сипаҳдорлиғ,
Сипаҳни халалдин нигаҳдорлиғ.

Нечукким, Скандар7 кезиб хушку тар,
Мусаххар қилай назм ила баҳру бар

Ки, яъни чекиб хомаи хушхиром,
Скандар ишига қилай эҳтимом.

Илоҳи Навоийға тавфиқ бер,
Қаро шомиға шамъи таҳқиқ бер

Ким, ул шоми дайжур офотидин,
Не офотидин, балки зулмотидин,

Чиқорсун Хизр янглиғ оби ҳаёт,
Етурсун Скандар жанобиға бот.

Неча зойил ўлсун ҳаёти анинг,
Тирилсун бу дам бори оти анинг.

011

(Tashriflar: umumiy 210, bugungi 1)

Izoh qoldiring