Xurshid Davron. Navoiy armoni & Samarqand xayoli & Alisher Navoiy haqida qiziqarli faktlar

Ashampoo_Snap_2016.08.23_16h17m53s_010_.png    У, ўттиз йилдирки, салтанат остонасида тупроқ бўлди.  Дўсти ўтирган тахт тинчини кўзлади.  Подшоҳга дўст кишининг душмани кўп бўлади. Ўттиз йилдир-ки, бу душманлар уни ёмон кўрадилар, унга туҳмат қиладилар, бўҳтон ёғдирадилар. Аммо у пушаймонлик чекмайди, зеро, пушаймонлигидан суд йўқтур. Йўқ, йўқ, у пушаймон эмас, чеккан заҳматларидан рози. Илло, у ҳар ҳаёт кўнгилни Тангри таоло ёдидан ғофил, мусулмонлар додидан отил қилмади. Дўстлар фикридан ва душманлар макридан бепарво бўлмади.

Xуршид Даврон
НАВОИЙ АРМОНИ


09     Шаҳзода Мўмин мирзо ўлдирилган ҳижрий тўққиз юз учинчи йилнинг сафар ойида – 1497 сананинг эрта баҳорида Мир Алишер Навоий Машҳадда эди. У бир пайтлар ўзи сабоқ олган бу кентга Имом Ризо мақбарасини зиёрат қилишга бориб, етим-есирларга сақат улашадиган ғалвурхона қурилишини бошлатган, шу боис, бир оз ушланиб қолган эди.

Навжувон шаҳзоданинг шафқатсизларча қатл этилганини Ҳиротга қaйтаётганда эшитиб, Мир Алишер бағоят қаттиқ қайғурди ва унга пешвоз чиққан ёру-биродарларига надомат билан: «Бир вақтлар Шайх Маждиддин Бағдодийнинг ўлдирилиши оқибатда Чингизхон босқинидан Мовароуннаҳр ва Хуросон қандай қирғинбаротга учраган бўлса, Мўмин мирзонинг ўлдирилиши оқибати ҳам худди шундай фалокатлардан дарак берадур», — деб айтди. Мир Алишер бундай қабиҳона қотиллик – бобонинг ўз набирасини ўлдиришга фатво бериши салтанат инқирозининг ибтидоси эканига ишора қилганини пайқаган Султон Ҳусайн Бойқаро қаттиқ ғазабланди. Аммо ғазабини ичига ютди. Зеро, подшоҳ шаҳид шаҳзоданинг отаси, тўнғич ўғли Бадиуззамон мирзо хун қасдида албатта исён бошлашини билар, бундай шароитда Мир Алишер билан ора бузилишини хоҳламас эди.

Султон Ҳусайн бу машъум воқеадан сўнг, қарийб ярим асрлик қадрдони бўлмиш Мир Алишер салтанат ишларидан бутунлай четлашишга, бир умрлик орзусини амалга оширишга аҳд қилганидан бехабар эди. У, бу ҳақда эшитганда ҳам жиддий эътибор бермади, илло, Мир Алишер бундай қарорларни олдин ҳам қилган, аммо унинг бошига ташвиш тушганда ҳеч қачон қараб ўтирмаган, хонанишинликни тарк этиб албатта кўмакка келган. Шоядким, бу гал ҳам шундай бўлгай… Қолаверса, Мир Алишерни подшоҳ хонадонига ипсиз боғлаб қўйган бир куч бор эдики, у ҳам бўлса, Султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга кечган болалигу ёшлик ёди эди.

Дўстининг Самарқанддаги ёшлик  чоғларида бир қизга кўнгил қўйгани ҳақида подшоҳ  ҳам озми-кўпми эшитган. Аммо бу галги тарк этиш Мир Алишернинг азалий орзуси — ҳажга кетиш ҳақидаги дастлабки ўй ҳам Самарқанд билан боғлиқлигидан  бехабар эди. Баъзилар бу ният ўша ёшлик фаслида  рад этилган севги туфайли туғилган деб шубҳа қиладилар. Ўшанда илк муҳаббати кўнглининг тубида қолиб кетганидан эзилган йигирма етти яшар Алишер ҳажга кетишга, қолган бутун умрини тариқат сулукига бағишлашга чоғланган, аммо юртда кечган нотинчликлар сафарга чиқишига монелик қилганди. Ўшанда ёш шоир ҳазрати Хожа Аҳрор маслаҳатига амал қилиб, тариқат илмини ўрганишга зўр берди.

Султон Ҳусайн Бойқаро адашмади, ҳақиқатан ҳам келаси йилнинг ёзига чиқиб, Бадиуззамон мирзо исён бошлади. Султон Ҳусайн қўшин сафлаб, Астрободга отланди. Мир Алишер у билан бирга кетди. Ота ва ўғил ўртасида бегуноҳ набира хуни тургани учун ҳам қиличлар муҳорабаси қаттиқ ва аёвсиз бўлмоғи маълум эди. Мир Алишер  Хуросон салтанатини парчаланишдн сақлаб қолишни ўз бурчи санар, гарчи узилган ипни қайта улаб бўлмаслигини англаса-да, ота билан ўғилнинг бузилган муносабатларини тикламоққа зўр бериб уринарди. Султон Ҳусайн ҳам бутун умидини бу гал қиличига эмас, дўстининг тадбиркорлигига боғлаганини, очиқ-ойдин бўлмаса-да, нозик ишоралар билан билдиришга ҳаракат қиларди. Мана шу сабабдан ҳам Мир Алишер ҳаялламай Бадиуззамон мирзо ҳузурига элчиликка борди. У мирзодан ота амрига қулоқ солишни тилади. Худди олдинги – Мўмин мирзо ўлдирилишидан аввал юз берган исён пайтида нима деган бўлса, ўша гапларни такрорлади. Аммо қанча уринмасин, мирзо тавба қилишдан бор тортди. У Мир Алишер қаттиқ тикилиб: «Мавлоно, мен сизни отамдан ортуқроқ кўраман, ўғлим эса сизни мендан ортиқроқ суярди. Хўш, қани айтинг-чи, ота деган фарзандини тириклайин ўлдирадими?» – деди. Кекса шоирнинг кўзидан ёш тирқиради, у мирзо нимага ишора қилганини англади. Кейин базўр ўзини ўнглаб. «Мирзо, бу гапларни унутинг», — деди. «Қайси сўзларни?» – деди Бадиуззамон мирзо. Мир Алишер ортиқ ўзини тутиб туролмади, ҳўнграб йиғлаб юборди. Унинг аҳволини кўриб, Бадиуззамон мирзонинг ҳам кўзидан дувва-дувва ёш тўкилди.

Элчи Марвда қароргоҳ тутган Султон Ҳусайн ҳузурига умидсиз қайтгач, бир замонлар улуғ Амир Темур кўрагон тиклаган қудратли салтанатнинг сўнгги парчаси бўлмиш давлатнинг таназзулига моне бўлмоқ мақсадида подшоҳга: «Фарзандингиз тавба қилишга тайёр», — деб  айтди, ниятда бор тадбирларни қўллаб, Бадиуззамон мирзо кўна оладиган шартларни қабул этишга подшоҳни рози қилди. Сўнг қароргоҳдаги чодирига кириб, исёнчи шаҳзодага мактуб битди ва ўша фурсатдаёқ чопар билан бориб бериб юборди. Икки кун ўтар-ўтмас Бадиуззамон мирзодан жавоб келди. У Мир Алишер мактубида шартларни қабул қилгани ва ҳадемай тавба учун подшоҳ ҳузурига етиб беражагини билдирган эди. Воқеалар тадрижи мирзонинг мактубидаги ваъдасини исботлади. Сулҳ битилгач, подшоҳ Мозандаронга, Мир Алишер эса дорулсалтанатга қайтишни ихтиёр этдилар.

Тонгда йўлга чиқиш маҳалида шу нарса маълум бўлдики, қароргоҳдаги шоир чодири тўсинида бир ғуррак уя ясаб, тухум қўйишга ҳам улгурибди. Чодирни йиғиштириш учун рухсат тилаб кирган мулозимлар бу ҳақда хабар берганларида, Мир Алишер бу воқеани улардан олдинроқ сезганини маълум қилди. Мулозимлар қўл қовуштириб, тараддудланиб турганларини кўргач, айтди: «Ғуррак тухум очиб, полапонларини учириқ қилгунга қадар чодир шундай қолдирилсин». Сўнг у ўз ҳузурига Хожа Ҳусайн Бахтиёрни чақириб келишни ва Хожа келгач, унга чодирни муҳофазалаб туришни ва ғуррак полапонларини  темирқанот қилганидан кейин эса хизмат ҳақига бу тенги йўқ чодирни олиб кетишни буюрди. Хожа Ҳасан Бахтиёр дастлаб бироз гарангсираб турди, сўнг бирдан кўзлари чақнаб ҳазрат шаънига ва унинг саховатига ҳамду санолар айтиб, унинг амрини қабул қилди. Дили хотиржам тортган Мир Алишер салтанат полапонлари бўлмиш фуқароларга  Аллоҳ таолодан иноят тилаб йўлга тушди.

Мана, неча йилдирки, салтанат осойишталиги ҳам унинг чодири тўсинига уя қўйган ғуррак тухумларидек омонат. Агар улар муҳофаза этилмаса, ҳирсу ҳавас, зулму ситам, исёну ғаввғо касридан ерга тушиб чилпарчин бўлмоғи шубҳасиз.

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жонига бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас…

Йўлда бораркан, Мир Алишер бари-бир қариган подшоҳ билан куч-ғайратга тўлган шаҳзодалар ўртасидаги тотувлик муваққат эканини ўйлар, бутун умри давоми салтанат равнақи деб чеккан заҳматлари қизиган қумга томган ёмғир томчисидек бенаф кетганидан юрак-бағри эзиларди. Шоир болалик дўстининг сўнгги йилларда жангу жадал ва айшу-ишрат қилмоқдан боши чиқмагаётганидан норози эди. Не фожиаким, мўйсафид подшоҳнинг номози пешиндан сўнг ичмаган куни йўқ. Унинг бу қилмиши нафақат ўзининг феълига, қолаверса, ўғлонлари ва жами сипоҳларига ғайри таъсир кўрсатарди. Бир қултум май дунёни бузади дейдилар.  Мир Алишер  «ум ул-хобоис»  («ярамасликлар онаси»)   бўлмиш майга берилиш оқибатларидан қўрқарди.

У, ўттиз йилдирки, салтанат остонасида тупроқ бўлди. Дўсти ўтирган тахт тинчини кўзлади. Ота авлоди қарийб бир аср мобайнида садоқат билан хизмат қилган темурийлар равнақи йўлида қўлига қилич олишгача борди. Бу хизматлари эвазига подшоҳ унга кўп илтифотлар қилди, олий мартабалар берди. Баъзан ўз назаридан четлатди, аммо яна ҳузурига чорлади.

Подшоҳга дўст кишининг душмани кўп бўлади. Ўттиз йилдир-ки, бу душманлар уни ёмон кўрадилар, унга туҳмат қиладилар, бўҳтон ёғдирадилар. Аммо у пушаймонлик чекмайди, зеро, пушаймонлигидан суд йўқтур. Йўқ, йўқ, у пушаймон эмас, чеккан заҳматларидан рози. Илло, у ҳар вақт  кўнгилни Тангри таоло ёдидан ғофил, мусулмонлар додидан отил қилмади. Дўстлар фикридан ва душманлан макридан бепарво бўлмади.

Ҳижрий саккиз юз етмиш учинчи (1469) санада Султон Абусаид мирзо Қорабоғда жанг майдонида ҳалок бўлганидан фойдаланган Султон Ҳусайн мирзо Хуросон тахтини эгаллаб олди. Ўшанда Мир Алишер назарида Султон Ҳусайндан ўзга бир даъвогар йўқ эдиким, бу тахтга  муносиб бўлса. Жангу жадалда чиниққан дўсти дорулсалтанат  Ҳиротни эгаллаганда у Самарқандда, аниқроғи, Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абуллайсий хонақоҳида тариқат сулуки илмини эгаллаш билан банд эди. Хушхабарни эшитгач, дўсти ёнида бўлиш заруратини сезди ва саховатли Амир Аҳмад Ҳожибек кўмагида Хуросонга отланди. Султон Ҳусайн мирзонинг тахтга ўтириши шарафига «Қасидаи Хилолия»ни битди. Ёш подшоҳ Мир Алишерни хурсандчилик ила кутиб олди ва унга олий илтифотлар кўрсатди. Аммо ҳали подшоҳлик тахти омонат эди, мана шу омонат тахтни барқарор этиш ниятида подшоҳ билан тенгма-тенг мамлакатда тинчлик-осойишталик ўрнатиш учун маълум муддат қаламини унутди. Тахт учун кураш узоқ давом этди. Биргина Ёдгор Муҳаммад мирзонинг ўзи Султон Абусаид мирзо вориси сифатида тахтга даъвогарлик қилганда озмунча касофат етказдими? Ундан сўнг Султон Маҳмуд мирзо, қора қуюнлилар кўмак берган Абубакр мирзо билан бўлган жанглар-чи? Мана шу жангу жадаллар давомида у ҳамиша ё дўсти қўшнида, ё дорулсалтанатни ҳифз этишда бош-қош бўлди.

Мана шу заҳматлари туфайли мамлакатда осойишталик қарор топди. Мир Алишер сабаб Султон Ҳусайн Бойқаро саройида аҳли фазл ва беназир инсонлар йиғилдилар. Мана энди фархунда замон бугунга келиб – подшоҳ ҳам, ўзи ҳам қариганда шикаста бўладиганга ўхшайди. У умр бўйи дўстини адолатли подшоҳ бўлишга даъват қилди. Зулм ва адолатсизлик боис обод жойлар вайрон, кабутар ошёнлари бойқушга макон бўлишини англатди. Подшоҳлар эса зулм ва адолатсизлик қилишга кўпроқ мойил бўладилар. Ноҳақ қон тўкмоқлик уларнинг ҳунари, муддао, токи жони бор одам ундан қўрқсин. Подшоҳларнинг номаъқулчилиги ўзларига яхши кўринади. Қорани оқ деса, — маъқулламаган гуноҳкор, қора демаганларнинг эса рўзғори қаро бўлади. Подшоҳларга тўғри сўзни айтганларнинг жони хатарда, эзгуликка ундаганларни жаллоднинг қиличи кутади. Аммо у дўст сифатида ҳам, вазир сифатида ҳам подшоҳ қошида тўғри сўзлашдан чўчимади. Инчунин, подшоҳнинг вазири ҳам ёмон, иймонсиз бўлса фуқаронинг ҳолига вой.

Нафсиламр айтганда, «вазир» сўзи «визр», яъни «гуноҳ» сўздан келиб чиққан. Мозийдан маълумки, вазирлар ўз ҳукмдорлари кўнглини хушламоқ учун гуноҳдан тап тортмайдилар. У эса вазирликни ҳукмдор сиёсати туфайли юз берган гуноҳларни бўйнига олиш, уларни бартараф қилиш деб англади. Шу мақсад йўлида мозий вазирларидан бири бўлмиш Осафнинг узугига нақшланган «Инсофлини худо раҳмат қилсин» деган ҳикматни шиор қилди. Аммо, энди қариди, толди, толиқди. Энди у ўзининг бутун умри давомида орзу қилгани муборак ҳаж сафарига кетиш муддати етганини англади.

Мир Алишер порсо ва покдоман киши эди. Улуғ мартабалар кўрган бўлса-да, уларнинг ҳавасига учмади, тариқатга содиқ қолди. Султон Ҳусайн мирзонинг ўзи бир гал унинг порсолиги ва таҳоратини бузмаслиги ҳақида гапирган ва «Бу ҳазрат дунёга келиб ҳаёт хилъатини кийганларидан буён этакларига шаҳват чиркини теггизмаганлар, футаввот ва жўмардлик ёқаси лаъли тугмасини хотинлар ҳавою ҳавасига тутқизмаганлар», — деб айтганди.

Мир Алишер ёшлигидан бошлаб, Машҳадда ва Самарқандда сабоқ олганида ҳам, ҳамиша дарвешлар суҳбатини ихтиёр этди, ҳидоят йўлида раҳнамо машойихлар илмини ўрганди ва ҳар доим бу покдамонлар гуруҳига ихлос ва муридлик қадами ила мулозаматда бўлди. Астробод воқеалари туфайли подшоҳ билан ўрталарида тушган рахна сабаб саройдан четлашганда ҳам салтанат ишидан этак йиғиштириб, ибодат ва риёзат аҳли билан бирла бўлди, шу мақсадда Роботи Суҳайлда хонанишинлик қилди. Фақирлик ва фано йўлидан кетишга мойил эди, лекин, орадан кўп вақт ўтмай, подшоҳ уни яна саройга чорлади. Мир Алишер аввалида «Мен йўлим фақирликда» деб кўнмади. Охири бир куни подшоҳ бутун сарой аҳли қошида «Салтанат ишини тартибга солиш сизнинг раъйингизга қараб қолди. Келинг, дўстим, қарорсиз қаламингиздан мамлакат барқарор бўлсин», деб айтди. Ниҳоят «Бир соатлик адолат олтмиш йиллик ибодатдан афзал», деган сўзга амал қилиб, Мир Алишер кўнишга мажбур бўлди.

У узоқ вақт салтанат ташвишлари билан банд бўлса ҳам, аммо ҳеч қачон пок ва улуғ  Аллоҳ таоллони унутмади, айилботар сўзлар билан дарвешлар дилини ранжитмади, ҳар бир ишда ихлос ва имонни касб этди. Шу сабабдан ҳам салтанат ишкалини тузатиш борасида подшоҳга маслаҳат берганда, имонни ўртага қўйиб сўйлади. Яратган инояти боис ёшларга шафқат, дўстларга карам, катталарга иззат кўрсатиш йўриғига риоя қилди.

Унга подшоҳ кўп ер-сув инъом қилди. Аммо у бойишни хаёлига ҳам келтирмади, ўз мулкидан тушган даромаддан хайрли бинолар тиклаш, мадрасалар аҳволини яхшилаш, маърифий китоблардан нусха кўчириш, илму толибларга нафақа белгилаш, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга, ва ҳатто зарурат туғилганда подшоҳга, лашкарга сарфлади. Мир Алишернинг бир кунлик даромади ўн саккиз минг шоҳруҳий динор эди ва у ана шу даромаднинг ҳаммасини саховат ва ҳиммат эҳсонига айлантиришга уринди.

У ҳеч қачон Ҳақдан қўрқишни эсдан чиқармади, бошига машаққатлар тушганда, сабр ва чидам билан Аллоҳга сиғинди. Бошқаларни ҳам шунга даъват этди. Шу йўлда машойиху сўфийлар зикрида ва сулук йўллари баёнида «Насойим ул-Муҳаббат», «Лисон ут-тайр» китобларини битди. Фуқарою дарвишлар, ғарибу мусофирлар ғамида турли мавзеларда хонақоҳлар, роботлар, ҳовузлар, ҳаммомлар ва кўприклар тиклади.  Биргина «Холисия» хонақоҳида ҳар куни мингдан зиёд мискинга томоқ тарқатилади, ҳар йили муҳтожларга икки мингга яқин пўстин, чакмон, кўйлак-иштон, тақия  ва  ковуш улашилади. Бунақа хонақоҳлар эса неча-неча…

Бундан икки йил муқаддам  Нишопурга борганида, машойихлар, шу жумладан ўзи эътиқод қўйган  Шайх Фаридиддин Аттор мозори харобга айланганини кўриб, таъмирлашни буюрди, шайх қабри устида янги хонақоҳ тиклатди. Хиротдаги Марғани боғида маҳобатли бир масжид бино қилиб, ўз замонининг атоқли қориларидан Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳни имомликка тайинлади ва ўзи ҳам у ерда беш вақт намозга ҳозир бўлди.

Кунлардан бир куни Мир Алишер аср номози тугагач, мана шу кундалик одатига қарши, масжиддан тез чиқиб, суръат билан, бирор жойда тўхтамай, ҳиротликлар «Унсия» атаган ҳовлисига етиб борди ва ҳовли тўридаги бинафшазорга қараб юрди. У ерда бир муддат тургач, яна шундай ошиғич ила  орқага  қайтди. Буни кўриб кўпчилик ҳайрон қолди. Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳ Мир Алишердан бесаранжомлиги сабабини суриштирганда, у шундай жавоб берди. «Мен масжидга келаётганимда, ҳовлимдаги бинафшазор четида таҳорат олган эдим. Номоз сафида турганимда, елкамда бир чумоли ўрмалаб юрганини кўрдим. Чумоли таҳорат олган жойда илашганини англадим.

Мабодо у менинг елкамдан тушиб оёқ-ости бўлса-ю, озор топса, омон қолган тақдирда ҳам ўз уясининг йўлини тополмаса, уволига қолман, деб қўрқдим. Шунинг учун номозни адо қилишим билан тезлик билан  таҳорат олган жойимга бориб, уни уяси оғзига қўйдим ва уволига қолишдан қутулдим. Елкамдан чумоли эмас, тоғ ағдарилгандек енгил тортдим, хожам».
Бу гапни эшитган Хожа Ҳофиз қўлини дуо, дилини раҳмат айтишга очди…

Мир Алишер Марвдан дорулсалтанатга қайтаётиб, йўл бўйи ўйлагани тўғри чиқди. Мамлакатда Бадиуззамон мирзо исёнидан сўнг бошланган осойишталик узоқ чўзилмади, бор-йўғи бир йилга етмай барҳам топди. Бу сафар Султон Ҳусайн мирзонинг бошқа бир ўғли  –  шаҳзода  Абулмуҳсин мирзо ғавғо бошлади. Султон Ҳусайн қўшин билан яна Марв томон отланди. Бу воқеадан бир мунча вақт аввал Мир Алишер подшоҳга қайта-қайта мурожаат қилиб, Каъба тавофига ижозат олишга муваффақ бўлган эди.
Султон қўшини дорулсалтанани тарк этгач, Мир Алишер муборак сафарга чиқиш мавриди келганини, инчунин, энди бу салтанатда тинчлик, дунё ғавғоларидан  холилик ҳеч қачон насиб этмаслиги билди. Шу сабаб фурсатни ғанимат билиб йўлга чиқди ва бир неча кунлардан кейин Машҳадга етди. Шаҳарга яқинлашиб қолганда, яна бир карра подшоҳнинг ҳол-аҳволини суриштирмоқ, қолаверса, ижозатни тағин ҳам мустаҳкамламоқ ниятида мавлоно Абдулҳай Табибни Султон Ҳусайн Бойқаро ҳузурига – Марвга жўнатди. Ўзи бўлса бир кезлар Имом Рози мақбараси ёнида етим ва қашшоқларга томоқ улашиш учун тиклатган ғалвурхонада қўним топиб, жавоб кутди. Орадан кўп ўтмай, Мавлоно Абулҳай  исёнчи шаҳзода  билан жанг қилиб юрган Султон Ҳусайн мирзо қошидан етиб келди ва подшоҳ мактубини топширди.

Султон Ҳусайн Бойқаронинг Амир Алишерга мактуби:

«Салтанат рукни, мамлакат таянчи, дин ва давлат арбобининг зубдасти, мулк ва миллат соҳибларининг пешвоси, хайрли бинолар муассасаси, покиза ишларга йўлланган, ҳоқоний давлатнинг мададкори, султон ҳазратнинг яқини Низомиддин Амир Алишер жанобларига лутфомуз кўп дуолар ва машқ қўзғатувчи саломлар тўпламини етказамиз, файзли мулоқотлари орзуси шарҳ ва баён доирасидан ортиқдур.

 Сўнгра равшан кўнгилларига маълум бўлсинким, жума куни – ражаб ойининг ўн бирида улуғ мавлоно Абдулҳай келиб, шариф мижозларининг кайфияти, соғ-саломатлик, яхши ҳолатларини етказди. Бундан хабар топиш беҳад шодликка сабаб бўлди. Унинг етишувидан илгари кўнгилларида қарор топган Ҳижоз томонга жўнаш тўғрисидаги хабар оғизма-оғиз келиб турарди, аммо ишончли кишилардан эшитилмагани учун ишонарли бўлмас эди. Лекин ўша киши суҳбатида Хожа Афзаллиддин Муҳаммадга ёзилган хат мазмунидан маълум бўлдиким, бу кунларда у тилак мустаҳкамланиб ва янгиланиб, жўнаш хаёли жазмга айланган. 

Гап шундаки, ҳаммага, балки оламга ва олам аҳлига ошкордирки, ул жаноб билан бирлик ва ҳамжиҳатлик боғланиши ва боғланиш алоқаси ва ҳамнафасликни кичикликдан то шу кунгача қайси даражагача олиб борганмиз ва олиб борамиз. Ҳамма вақт ва ҳамма аҳволда ул жанобнинг шариф розилигини ўзимизнинг муддао ва талабаларимиздан устун билиб, бу жиҳатни мислсиз давлат далилларидан санадик ва санаймиз. Ҳақиқатан, унинг қаршисида ул жанобдан давлатхоҳлик асарлари, ихлос, яхши фикрдалик ва яқинлик каби хислатлар юзага келган ва юзага келади. Бу қуёшдан ҳам равшанроқ бўлгани боис тафсил беришнинг фойдаси йўқ. Ўзлари биладики, ҳеч қачон ўртада такаллуф ва ўзгалик бўлмай, ҳамма вақт сўз шундай ўтардики, у салтанат таянчининг хотирига хайрихоҳлик ва яхши фикрлилик йўли билан нимаики келса, тўққиз мартагача уни айтишга рухсат берилган эди. Бизнинг доимо хотирамизга нимаики келса, меҳрибонлик юзасидан изҳор қилардик. Бу вақтларда жазм қилганлари – савоб ишга ҳижрат қилиш нияти  кўнгилга аллақандай оғир тушишига қарамасдан ундан афзал иш тасаввур этилмайди, аммо у кишининг розилигини ўз манфаатимиздан устун қўямиз. Берилган рухсат ва ижозатдан қайтмаймиз, лекин, нимаики кўнгилга келса огоҳлантиришимиз лозим. Равшандирки, бу хусусда йўлтинчлиги шартдир. Маълум бўлсинким, бу кунларда ўтиш  йўли бўлган  Ироқ ва Бағдодда аҳвол қанақанги паришон ва беқарордир. Миср ва Шом сарҳадларида ҳам турли бошбошдоқлик борлиги эшитилмоқда. Ривоят шундайдирким, агар йўл хавфи шундай даражага етиб, кимсанинг сабабисиз кимсанинг белига  қўл уриши мумкин бўлса, йўлга тушмоқ вожиб эмас. Агар бу кунларда йўл хавфидан бирор фикр хотирга келмаса қандай бўлади? Чунки ўзлари айтардиларким, йўллар нотинчлиги жиҳатидан бир оз уфлурий тартиб бериб, агар зарур бўлса, хавфли жойга етишганда, мулозимлардан ҳар бирининг ёнида ўшандан бироз бўлиш даркор.

Яна гап шундаки, бу сафарнинг узоққа чўзилиши маълум, умрга ишонч йўқ. Агар яна бир учрашиб хайрлашиш қоидаси юзага келса бўларди. Аммо, бу икки ҳолнинг бўлиши билан бирга бу муқаддималарнинг ёзилишидан шундай қўрқув ҳам борким, мабодо муборак хотирага андак ғубор етишиб, ғараз бу сўзлардан ман этиш экан, деган хаёлга борадиларми.
 Ҳамиша давлатпаноҳ юзасидан нимаики хотирларига келса, бетакаллуф гап-сўз қиладилар, бизга ҳам бу бобда ҳар нима хотирга келса, маълум қилиш лозим кўрилди.
 Боқий:  тўғри фикрда ихтиёрлидирлар ва нимаики икки дунё яхшилигига керак бўлса, тақдим қилиб турилур. Икки дунё саодати ёр бўлсин. Вассалом».

Мактубни олган куни Мир Алишер машҳад улуғлари ва йўлдошлари билан маслаҳатлашди. Улар салтанатнинг осойишталиги учун Мир Алишернинг Ҳажга боришини кечиктиришни лозим кўрдилар. Бунинг устига мавлоно Абдулҳай шаҳзода Абу Муҳсин мирзо отаси билан сулҳ тузиш учун Мир Алишернинг ўртада вакил бўлишини шарт қилиб қўйганини айтди. Подшоҳ бу гапни қоғозга ишонмай, мавлонодан айттириб юборган эди. Оқибатда Мир Алишер Марвга қараб жўнади. У тушган карвон Машҳад билан Марвнинг ўртасида жойлашган Сарахс кентига етганда, уни туғишган иниси Дарвишали кутиб олди. Эртаси куни Султон Ҳусайннинг ҳам шу манзилга яқинлашаётгани маълум бўлди. Подшоҳ билан шоир Бозорғонтепа ўлангида суҳбат қурдилар. Подшоҳ мактубида битган сўзларни яна, қайта такрорлади. Мир Алишер индамай тинглади ва подшоҳ сўзини тугатгач шундай деди:
—Аъло ҳазрат, бир пайтлар мен подшолик ишларини шуғулланишдан қўл тортадиган бўлсам, Шайх Нажмиддин Кубро мозори ёки Хожа Абдуллоҳ Ансорий мақбараси остонасининг жўрубкаши бўламан, деб айтган эдилар.
— Шундай Алишербек. – деди Султон Ҳусайн мирзо хомуш тортиб, қарийб йигирма йил бурун айтган гапини дўсти унутмаганига, унинг қувваи ҳофизасига таҳсин ўқиган подшоҳ бирдан сергак тортди ва Мир Алишер муддаосини билиш ниятида гапнинг давомини кутди.
— Ўша сўзларингиз сизга муяссар бўлмоғи бундан сўнг ҳам мушкул. Аммо шу ниятга етмоқни истаган маҳрамингизга Ҳижоз сафарига жўнашга ижозат бермайсиз. Неча бор рухсат тиладим, ҳатто сўнгги марта рағбат қилганингизда ҳам кўнглингиздан хоҳиш аломатини туймаган эдим. Шу боис гарчи ихтиёр тегган бўлса-да, сизнинг қошингизга яна одам юбордим, яна мактуб битиб, мени йўлдан қайтардингиз.

Подшоҳнинг бесаранжомланганини кўриб, Мир Алишер, буёғини эшитинг, дегандек, қўлини кўксига қўйди.
— Бу гапларни айтишдан мақсад, аъло ҳазратга таъна сўзини арз қилиш эмас. Илло, тилаганингиздек, мактуб битишингиздан мурод сафарни ман этиш экан, деган хаёлга борганим йўқ. Бу гапларни айтишдан мақсад яна ижозат тилаш. Агар рухсат берсалар, қолган ҳаётимни Хожа Абдуллоҳ Ансорий мозори остонасини супуришга сарфласам. Яна мени салтанат ишларидан холи этсангиз, бундай масъулиятдан озод бўлсам. Нетайки, қарилик ҳам худонинг инояти экан, сўнгакларим мўрт, кўзларим бенур, кўнгил эса фароғат тилайдур…
— Қаридим, деманг, Алишербек, — деди Султон Ҳусайн. – Мендан уч йил ёшсиз. Мен қаридим десам бўлар. Аммо, қарангки, қўлимда қилич, чопқиллашиб юрурман. Сиз бўлсангиз…
— Қаридим, аъло ҳазрат, қаридим, — деди Мир Алишер, — олдинги қувватим йўқ. Ҳижоз сафари ҳам сўнгги сафарим бўлмоғини бўйнимга олган эдим.
— Мабодо сиз Хуросонда қолар экансиз, ҳар қандай илтимосингизни бажармоқ мен учун фарз, — деди подшоҳ. Чунки, биламизки, сиз бу мулкни тарк этсангиз, мен ёлғиз қолурман. Мени ёлғиз қолдирмангиз. Ёшликда, куч-ғайрат борида ёнимда бўлдингиз, энди қариганда, бир-биримизни тарк этсак, қандоқ бўлур?

Суҳбат сўнгида Султон Ҳусайн Бойқарот кекса шоир устига олтин тугмали, авраси зарбоф қора қундузи пўстин ва яна бир неча қимматбаҳо тўнлар ёпди. Бир неча кундан сўнг Мир Алишер ота ила ўғилни яраштириш ишларини адо этгач, подшоҳнинг ижозати билан дорулсалтанага йўл олди.
У  Ҳиротга шаъбон ойининг ўрталарида етиб келди. Маликулшуаронинг қайтаётганидан хабар топган пойтахт аҳлининг қувончи беҳад, шаҳар дарвозасидан то Унсиягача тумонат одам пешвоз чиққан эди.

Қайтганига бир ҳафта бўлар-бўлмас, Мир Алишер Хож Ансорий мозори пойида катта йиғин қилиб, шаҳар улуғларини чорлади ва улардан қутлуғ даргоҳ жўрубкаши бўлишдек, мўътабар вазифа учун фотиҳа беришларини тилади. «Мен мундин сўнг дарвишлик ва гўшанишинлик бодасида истиқомат қилишни ихтиёр этдим», — деди у. Ўша куни шундай улуғ мажлис бўлдики, салтанат бошида турган Муборизиддин Муҳаммад Валибек каби амирлар мозорда йиғилган уламолар хизматида оёқда қолдилар. Етмиш қўй, йигирма беш от сўйилди ва ўттиз ботмон қанд ва яна чандон ноз-неъматлар ўртага тортилди. Мажлис сўнгида машойихлар Мир Алишерга фотиҳа бердилар.

Ўша мажлисдан кўп вақт ўтмай, Мир Алишерни дорулсалтанатга жўнатиб, шер овлаш ҳавасида Мозандарон томонга йўлланган подшоҳдан фармон келди. Фармон салтанат пойтахтида ҳукм юргизган Амир Валибек номига битилиб, унда тез орада Ҳирот ва унинг атрофидаги аҳолидан зарур харажатлар учун юз минг динор ундириш буюрилган эди. Амир Валибек талаб қилинган маблағнинг ярмини шаҳар ён-теварагидаги деҳқонлардан ундириб, қолганини пойтахт нуфуси гарданига юклашни мўлжаллади.

Аммо Амир Валибек ҳеч бир ишга Мир Алишер фикрисиз ва маслаҳатисиз дахл қилмас эди. Шу сабаб ўз мўлжалини шоирга маълум қолди. Мир Алишер «Бу фурсатда халқ устига ўринсиз солиқ солишни олий даражали Соҳибқирон давлатига муносиб кўрмайман» — деди ва ўша куниёқ мазкур маблағни ўзининг даромадидан тўлади. Унинг бу саховатини эшитиб, шаҳар аҳли улуғ кишиларни вакил қилиб юбордилар. Шоир вакилларнинг миннатдорчилигини қабул қиларкан, «Ҳаж сафари азимати ила чиққан йўлидан қайтарилдим.  Аммо бу йўлдан қайтганим ила, элимга карам қилиш йўлидадурман», — деди ва сўзини баёт билан тугатди:

Хуш улким, анга лутф бирла худо,
Улуснинг қабулини қилди ато…

Мир Алишер Ансория мозорининг шарқ томонида бир ҳонақох қурилишини бошлади, чор-тароф ободончилиги хаёлида бўлди. Холи қолган кезлари гоҳ Хожанинг қаламига мансуб «Илоҳийнома» рисоласини мутолаа қилар, гоҳ «Вақфия»ни қоралаш ила банд бўларди. Аммо салтанатдаги нотинчлик бу улуғ ва савоб ишларга андармон Ансория жўрубкашига ором бермасди. Подшоҳ деярли пойтахтда бўлмас, дамба-дам кўтарилаётган исёнларни даф этиш билан овора эди. У қўрқиб қолган, шу қўрқув боис ҳатто энг яқин кишиларига ҳам шубҳа билан қарарди. Кутилмаганда у Мир Алишернинг иниси Дарвишалини Балх ҳокимлигидан бўшатди. Кетма-кет Астрабод воқеаларидан сўнг дарвешлик ридосини кийган тоғаваччаси Мир Ҳайдар подшоҳга нисбатан хиёнатда — Қундуз ҳукмдори Хусравшоҳни Ҳирий устига босқин қилишга чорлашда айбланиб ўлдирилди. Бундан дарак топган Мир Алишер ич-ичидан ўртанди, ўз мулозимларини юбориб, Ҳайдарнинг жасадини келтириб Чашмаи Моҳиёна дафн эттирди.

Бу фожеали воқеалар Мир Алишер кўнглида ҳали сўниб улгурмаган ҳажга бориш, пайғамбар қабрини тавоф қилиш хаёлини қайта кучайтирди. У яна Султон Ҳусайн Бойқарога мурожаат қилиб, истижоза тилади. Подшоҳ бу мурожаатга ундаган сабабларни билса-да, ўзини билмаганга олиб, гоҳ рухсат берар, гоҳ Ансорияга ташриф буюриб, сафарга ошиқмасликни илтимос қиларди. Бу ҳол бир неч марта такрорлангач, Мир Алишернинг қарори араз ва ранж боис бўлмай, балки қатъият туфайли эканини билгач, подшоҳ ижозат берди ва йўл фармонини марҳамат қилишини айтди.  Мир Алишер бир неча кундан сўнг фармон битилганини эшитди. Аммо подшоҳ «Бироз сабр қилинг, замон нотинч, йўллар хатарли», деган баҳоналар ила йўл фармонини беришни ҳар гал кечиктирарди.

Чиндан замон нотинч эди. Дарё нариёғида – Мовароуннаҳрда даштлик ўзбеклар хони Шайбоқхон кетма-кет ғалабалар қозониб, кучга тўлиб келарди. Бундай рақиб олдида темурий ҳукмдорлар бирлашиш ўрнига бир-бирининг гўштини ейиш билан овора. Шаҳзода Абулмуҳсин мирзо ўзбеклар билан Қоракўлда жанг қилиб, енгилиб келганидан бери Султон Ҳусайн мирзонинг кўнгли ҳам алағда.

Мир Алишер шу кунларда Соҳибқирон Амир темур пойтахти – Самарқанди бемонандни қўлга киритиш учун Шайбоқхон билан жанг қилиб юрган Султон Абдусаиднинг эвараси Бобур мирзо ҳақида кўп ҳикоялар эшитди. Самарқандда бўлганида кўп марҳаматлар кўрсатган Аҳмад Ҳожибекдек покдоман бир киши шу мирзонинг тарафида бўлиб, бундан бир неча муддат аввал жангда шаҳид кетганини билиб ўкинди, ёш мирзога худодан иноятлар тилади. Хусусан, ёш мирзо битган туркона байтлар оғизма-оғиз кўчиб, унинг қулоғига ҳам етгач, ихлоси яна ошди. Ғазал пири бўлмиш Мир Алишер бу байтларда жобажо маҳзунлик ва диловарликни туйиб, таҳсинлар ўқиди. Меҳри жўшиб, бир гал ярим тунгача ўтириб, Бобур мирзога мактуб битди ва ўзининг содиқ кишиси орқали Самарқандга жўнатди.  Мактуб эгасига етдими, билмайди. У ҳар гал ёш мирзо ҳақида ўйларкан, кўксига илиқлик югурарди.

Ниҳоят, баҳор сўнгида қишда битилган йўл фармони қўлга етди. Фармоннинг мухтасар мазмуни мана бундай эди:

«Мир Алишер Султон Ҳусайн хонадонига яқин турган эмукдош, бу давлатнинг асосий таянчи ва султоннинг энг яқин ва содиқ дўсти ҳамда доимий суҳбатдошидир. Шу кунларда у киши ҳажга бориш истагини билдириб, подшоҳдан жўнашга рухсат сўраган. Агарчи бир неча бор бу ниятни билдириб илтимос қилинса ҳам ҳар гал фуқаролар манфаатига боғлиқ сабаблар кўрсатилиб, илтимос амалга ошмай тўхтатилар эди. Бу гал Амирнинг хотирини сақлаб ижозат бериб, ҳукм жорий қилинганки, ҳажга юришда у киши қайси жойга борса, ҳар ерда ҳамма катта-кичик зўр эҳтиром ила кутиб олиб, кузатсинлар. Хатарли манзилларда ўзига ва ҳамроҳларига йўл кўрсатиб, бекатдан-бекатга тинч ва саломат ўтказиб қўйсинлар. Ҳамма амирлар, доруғалар, аъён ва ашроф, барча шаҳзодалар ва умум аҳоли бу ҳукм ижросидан чекинмасинлар.
 Ушбу фармон подшоҳ амри ила 905  йил, зул-қаъда ойининг бешинчисида ёзилган».

Фармон қўлга тегиши билан бошланган тайёргарлик кўп ўтмай  яна тўхтади. Чунки, ёз бошлангани туфайли ҳарорат кучайиб, бепоён саҳрою даштлар орқали ўтадиган йўл ғоятда машаққатли бўлиши ойдинлашди. Сафар куз бошигача кечиктирилди.
Тақдир тақозоси билан воқеалар яна қайта такрорлана бошлади. Айни шу ёз кунлари – муҳаррам ойининг бошида (1500 йил июлида) подшоҳнинг кичик ўғилларидан бири  – Муҳаммад Ҳусайн мирзо отасига қарши кўтарилди. Кекса подшоҳ яна дорулсалтанатни тарк этиб, шаҳзода устига – Астрободга юриш қилди.

Сал илгарироқ Султон Ҳусайн Бойқаро Мир Алишерни ўз қошига чорлади. Шоир қабулхонага ташриф буюрганда, подшоҳ Амир Валибек билан суҳбатлашиб ўтирарди.
— Яна Астрободда исён, — деди подшоҳ, — яна фарзанд исёни…
— Астробод ҳам, фарзандингиз ҳам кўзингиздан йироқ, шул сабаб қўрқувни унутарлар, — деди Амир Валибек.
— Йўқ, жаноб Валибек, улар меҳрни, оқибатни унутарлар, — деди қатъият билан шоир.

Улар узоқ кенгашди. Подшоҳ, Мир Алишерга ҳаж сафарига рухсат ва йўл фармонини берганини унутгандек, суҳбат ниҳоясида дорулсалтанат ихтиёрини дўсти ва Амир Валибекка қолдиражагини маълум қилди. Мир Алишер бунга жавобан ҳеч нима демади. Подшоҳ мактабдош дўстининг кўзларига қарамасликка ҳаракат қилиб хайрлашди.

Дастлабки кунлар Мир Алишер тадбиркор Амир Валибек билан бирга бўлди, саройдаги машваратларда қатнашди. Аммо бир ҳафтадан сўнг қўли ишга бормай қолди.
Подшоҳ илтимоси ёдида бўлса-да, Мир Алишернинг ортиқ тоқати қолмаганди. У Ҳижоз сафарига тайёргарликни тезлаштирди. Подшоҳ Ҳиротни тарк этганидан икки ҳафта ўтар-ўтмас – муҳаррам ойиннг охирида йўлга тушдилар. Бироқ шаҳардан чиққан карвон йўлини ташвишли хабар тўсди. Отасининг Астробод тарафдалигидан фойдаланиб, салтанат тахтини эгаллаш орзусида юрган Бадиуззамон мирзо Ҳирот устига қўшин бошлаб келаётганмиш. Лак-лак навкар Хуросон аҳлига хавф солаётганидан ташвишга тушган кекса шоир яна орқага қайтди. Зеро, у мабодо пойтахт Бадиуззамон қўлига ўтгудайин бўлса, салтанат парчаланишга юз тутишини  чуқур фаҳмлар эди. У чоршанба куни чиқиб кетган шаҳарга пайшанба куни қайтиб кирди.

Эртаси куни масжиди жомеъда жума намозидан сўнг машойих ва уламолардан Шайх Жалолиддин Абусаид Нуроний, Шайхулислом Сайфиддин Аҳмад Тафтазоний, Шайх Сўфи Али, Мавлоно Муиниддин Фароҳий, Мавлоно Камолиддин Кошифий, Хожа Имомиддин Абдулазиз Абхарий, сайид ва нақиблардан Амир Қивомиддин Ҳусайн Мозандароний, Амир Жалолиддин Атауллоҳ Асилий, Амир Низомиддин Абдулқодир ва бошқа бир қатор Ҳирот шаҳри аъёнлари, ашрофу раислари Мир Алишерни ўртага олдилар. Ҳирот шаҳри мудофааси топширилган Амир Валибек ҳам шу ерда эди.
— Сизнинг файз-баракали зотингиз Хуросон мулки дахлсизлигининг сабаби ва фуқаро осойишталигининг боисидир, — деб гапни узоқдан бошлади шайхулислом. — Бизнинг барчамиз сизга муборак сафарга фатво берган эдик. Илло, ояти каримада «Аллоҳ таоло Ҳаж сафарига келиш учун қодир бўлган  мўминларга ҳажни фарз этди. Кимки буни инкор этса, гуноҳи ўзигадир. Бас, аллоҳ таоло барча оламдин беҳожатдир», дейилмиш. Бунга имон келтирамиз. Сизни йўлдан қолдириш гуноҳ, аммо сиздан бироз сабр қилишни тилаш узрли. Расулуллоҳ санноллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларининг бирида. «Виждоннинг амрига қулоқ сол! Эзгулик шундай нарсаки, ундан қалб ҳам, виждон ҳам ором олади. Гуноҳ иш шулки, ундан қалб қарор топмайди, виждон азобланади. Кишилар фатво берсалар ҳам сен ўз виждонингдан фатво сўра!» демишлар.  Салтанат ва фуқаро хотиржамлиги ҳақи виждонингиздан  Макка азиматини бир муддат кечиктиришга фатво тилашингизни ўтинамиз.
— Ҳазрат рисолат: «Сенга омонат қилинган нарсани  эгасига топшир, хиёнат қилган кишига хиёнат қилма», демишлар, — деди куни билан мудофаа тайёрлигига бош-қош бўлиб, бақириқ-чақириқдан овози бўғилиб қолган Амир Валибек, — Соҳибқирон сизу менга дорулсалтанатни омонатга қолдирган эдилар. Сабр қилинг, подшоҳ ҳазратлари қайтсинлар, омонатларини эсон-омон топширайлик, сўнг яна муборак йўлга отланурсиз.
— Бул замон шаҳри Ҳирот Султони Соҳибқирон вужудидан холидир, — деди Амир Валибекнинг гапи Мир Алишерга қаттиқ ботганини пайқаган, шоирнинг мижози жуда нозиклигини яхши билган Мавлоно Камолиддин Кошифий. – Агар пойтахт сизнинг файзли нурингиздан ҳам четда қолса, мумкинки, фитнаю ғалаёнлар бошланур, салтанат тадоруки имконсиз қолур…
— Фаҳмингиз етғондур, Самарқанд тахти  Шайбоқхон қўлига ўтмиш. Энди унинг Амудан ўтиш хоҳиши бор дерлар. Сиз ният қилган муборак сафар йўллари ҳам бағоят хавфли бўлмишдур. Ироқу Шомдаям, Румдаям  паришонлик. Валлоҳу аълам, шариат юзасидан бундай вақтларда ҳаж вожиб эмас, — Шайхулислом шундай деб, тўғрими, дегандек Шайх Жалолиддин Нуроний тикилди. У маъқуллаб бош чайқагандан сўнг сўзида давом этди. – Биз фақирларнинг илтимосига қулоқ бериб, бу йил сафар ниятидан қайтинг.
— Нотинч фуқарога бош бўлинг, — деди Амир Қивомиддин Мозандароний, — бу хайрли иш савобини етмиш пою-пиёда ҳаждан ортуқ кўрсинлар. Илло, ўзлари айтганларидек:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай…

Мир Алишер даврадагилар сўзини индамай тинглади. Ўртада сукут чўккач, секин бош кўтариб, маъюс овозда сўзлади.
— Ҳаммангизга маълумдирки, узоқ муддатдан буён Макка азимати орзусидаман. Бу ният ҳазрати Махдуми Нуран (Абдураҳмон Жомий)  Каъбани тавоф этиб қайтган кундан хотирамга тинчлик бермайдир…

У шундай деди-ю, кўз ўнгида бундай бир неча йиллар аввал пиру устози сафардан қайтган дамлар жонланди. Ўшанда Мир Алишернинг бошига оғир кунлар тушган, биродари Дарвишали подшоҳга қарши исён кўтариб, ҳукмдор билан унинг ўртасидаги яқинлик омонат бўлиб қолган эди. Биродари Балхда ҳоким эди. У оғзи куймаса, оловни ютадиган Мажиддиннинг Мир Алишерга қилган бадният хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб бош кўтарган эди. Султон Ҳусайн бундан ғоят қаттиқ ғазабда, бу ғазаб укадан кўра кўпроқ акага қаратилганини сезган саройдаги айрим кимсалар, биринчи навбатда вазир Мажиддиннинг ўзи, бўҳтон устига бўҳтон ёғдирардилар. Улар очиқдан-очиқ  «Бу хиёнатда Мир Алишернинг қўли борлиги аниқ, оғасининг маслаҳатисиз Дарвишали бу йўлга киришга ҳадди сиғмасди», дердилар. Султон Ҳусайн исёнкор ҳоким устига қўшин тортиб бораркан, олдинроқ Хожа Ғиёсиддинни жўнатиб, тавба талаб қилди. Мир Алишернинг гапига кириб, Дарвишали тавба қилиб келди. Дарвишалини дастлаб кечирган подшоҳ, орадан олти ой вақт ўтмай, келиб-келиб Мир Алишерга уни Балх шаҳри қалъасига қамашга буюрди. Таҳқирланган шоир неча марта азм қилган иши – салтанат ташвишидан этак йиғиштирга аҳдланди. Худди ўша кунлар бу ҳақда эшитган  устози суриштириб қолди.
— Бир гап эшитдим, боиси не эрур?
— Инсон жинси суҳбатидан бездим, ҳазрат, боиси шулдир, — деди Мир Алишер.

Жомий унга бир муддат ўйчан боқди-да:
— Сиз инсон деб кимларни хаёл қилдингиз, қани, уларни бизга кўрсатинг-чи? – деди.

Ўшанда сарой ҳаётидан четлатгани учун танбеҳ кутган Мир Алишер бу гапни эшитиб, хотиржам бўлган эди. Мана, саккиз йилдан ошдики, устози йўқ, дўсти йўқ. Мана, саккиз йилдирки, унинг дил рағбатини тинглайдиган инсон йўқ…

Унинг гурунг асносида бирдан қаттиқ хаёл суриб қолишига ўрганган даврадагилар сукут сақлашарди. Мир Алишернинг бу одати Ҳирийдаги ҳар бир кишига маълум эди. Шогирди бўлмиш Хондамирнинг «Амир бундай дамларда бизни заминда қолдириб, самовотдагилар билан суҳбат қурадилар», деган сўзи машҳур эди.

Мир Алишернинг қайтиб ерга тушганини сезган даврадагилар бир-бирларига қараб олишди. Шоир гапни келган жойидан бошлади:
— Ҳа, бу ният ҳазрати Маҳдуми Нуран муборак сафардан қайтган дамдан хотирамга тинчлик бермайдир. Аммо ҳар сафар шу мақсад томонга йўналиш ниятида ҳозирлик кўра бошласам, Соҳибқирон монеъ бўлдилар. Ҳар сафар бу монедан ранжимай, бўйнимни эгдим. Бул сафар ўзлари йўл фармоники бердилар, ўзимиз ҳам сафар тадорики учун катта маблағ сарфладик…
Шундай бўлса-да, «Мўъминлар қалбига шодлик киритиш бутун инсонлар ибодатидан хайрлидир», деган сўз мулоҳазаси билан сиздек улуғлар илтимосини қабул қилурмиз ва фуқаролар манфаати учун бу навбат ҳам ўзимизни бу истакдан қайтарурмиз.

Даврадагилар хурсанд бўлиб, дуо ва ҳамду сано айтишга оғиз очдилар. Сўнг пойтахт мудофаасини уюштириш борасида зарур тадбирлар маслаҳати бўлди. Энг аввало Бадиуззамон мирзо ҳузурига элчи жўнатиш маъқул деб топилди.

Эртаси куни элчи йўлга чиқди. Бадиуззамон мирзо элчига «Агар отамиз Соҳибқирон Султон Балх вилояти ва Амударёдан Мурғобгача бўлган жойларни менинг илигимга топширсалар, номимиз хутбада тилга олинса, қўлимизга қилич тутмасмиз», — деди. Бу орада жадал йўл босган Султон Ҳусайн мирзо қўшини ҳам дорулсалтанатга яқинлашиб қолган эди. Аммо подшоҳ қўшини мирзо қўшинига қараганда жуда оз эди. Вужуд учун соғлом кўнгил зарур бўлганидек, мулк учун соғлом подшоҳ керак. Султон Ҳусайн Бойқаро эса аслан илиги тўқ ва кучли вужудини май ичиш ила эрта қаритган эди. Гарчи у бир йилча бурун Мир Алишербекка  «Ҳали қилич чопқиллашга зўрман», деб мақтанган бўлса-да, қариликнинг ҳам дами қаттиқ деганларидек, орадан ўтган вақт ўз ишини қилган, энди подшоҳ бундан буёғи учқур ва ўйноқи тулпорда миниб жанг қилишга ярамас, Ҳиротга ҳам тахтиравонга келган эди. Шу пайтгача Бадиуззамон мирзо неча марта унга қарши бош кўтарган бўлса, ҳар сафар Султон Ҳусайн ўғлининг таъзирини боплаб бериб қўйди. Мана энди отасининг қарилик заифлигини ўз йигитлик кучининг қудрати деб билиб, Ҳирот дарвозаларига қадар қўшин тортиб келишга журъат қилди. Султон Ҳусайн Бойқаро на подшоҳликка, на саркардаликка қобилияти  бўлган тўнғич ўғлини бундан сўнг қилич зўри билан енгмоғи мушкуллигини ботинан англарди. Шу боис Мир Алишер берган маслаҳатга қулоқ солиб, Бадиуззамон тилаган вилоятларни беришга мажбур бўлди. Салтанатнинг деярли ярми илигига ўтган Бадиуззамон мирзо энди қарийб подшоҳ эди, хутбада отаси билан бир қаторда унинг номи ҳам ёдлана бошлади.

Аммо ҳали шаҳзода Муҳаммад Ҳусайн мирзо ғавғоси тинчимаган эди. Отаси оғасига қилган марҳаматини ожизлик деб билган шаҳзода ақл жиловини йўқотиб қўйди. Олдинги гал подшоҳ пойтахт ташвишида унинг исёнини даф этолмай, қайтиб кетишга мажбур бўлган эди. Аламзада Султон Ҳусайн Бойқаро яна Астрободга қараб жўнади. Шаҳзода отасининг жуда қаттиқ ғазабга тўлиб келаётганини на оғаси Бадиуззамон мирзога бўлган аламини ҳам ундан олажагини англаб, қўрқиб кетди. Биринчи тўқнашувданоқ, аҳволи чатоқ бўлишини сезган шаҳзодага отаси ҳузурига элчи жўнатиб, тавба қилди. Сулҳ хабарини эшитган Мир Алишер Навоий ҳам ёш боладек қувонди. Кошки, бу сўнгги исён бўлса-ю, салтанатда хотиржамлик чўкса. Йўллар тинч, хавф-хатарсиз, шаҳарлар фархунда ва тўқ, фуқаролар ҳамжиҳат бўлса…

Қари шоир ушалмаган орзусини ўйлади. Наҳотки, орзуси армонга айланса? Энди ҳаж азимати қилмоққа сўнгги кунлар баттар ёмонлашган соғлиги йўл бермаслигини англади. Англади-ю, Маккага борурмиз, деб умид тизгинини унинг эшигига илганлар, унга ҳамроҳ бўлиш мақсадида тараддуд кўриб юрган фақиру бечораларни ҳаж йўлига чорлаб, бутун харажатни ўз устига олишни билдирди.

Бир неча кундан кейин Ҳиротдан чиққан карвон Нишопур йўли орқали мағриб томон йўналди, карвон бошида йўрғалаб бораётган эшакка минган Хазон лақабли қари дарвеш шаҳар дарвозасидан чиққач, тўхтаб ҳазрати Мир Алишер ҳақига узоқ дуо қилди-да, сўнг шоирнинг муборак сафар ишқида битган байтларини иштиёқ билан куйлаб йўлга тушди.

Мениким, бу савдо низор айлади,
Ҳавас илгида беқарор айлади.


Не имонки, топқай қарору сукун,
Бировки, бу фикр этгай они забун.


Урарман қадам токи боргунча гом,
Ки, бўлгай, муясссар менга ушбу ком.


Агар бўлса бу йўлда умрум талаф,
Чу бу йўлдадир ул ҳам эрур шараф.


Ва гар бўлсам ўз номима баҳраманд,
Зиҳи мулки жовиду бахти баланд…

Карвонни кузатишга чиққан Мир Алишер шаҳар дарвозасига етди-ю, ортига қайтди. У гўё шаҳар дарвозасидан чиқса, ўзини тўхтата олмай, карвонга қўшилиб кетадигандек ҳолатда эди. У маҳзун кайфиятда Унсияга қайтди ва «Вақфия»ни варақлаб, кўнгил баёни битилган сатрларни шивирлаб ўқий бошлади. «Эмдиким ҳаётим гулшанининг баҳори хазонга етишди ва гулшанда очилғон йигитлик гуллари тўкила киришти. Савзаси табиат ҳавоси бурудатидан оқарди ва лоласи қуҳулат совуқ нафасларидан сарғарди, сунбули сероби марғулаларидан тоб кетти ва ниҳоли сарбаланди ажал сарсаридан фано туфроғига йиқилурға етти. Ул ҳазратнинг (яъни Султон Ҳусайн Бойқаронинг)  муаббад давлатидан ва раъфе ҳимматидан кўнглумга кечмаган комларга комгор бўлубман ва тушимга кирмаган мақосидга иқтидор топибман. Икки орзу риштасидан ўзгаким, гириҳи кўнглум пардасидин ечилмади ва икки мурод  ғунчасидин ўзгаким, тугуни жоним гулшанидин очилмади.

Аммо умидим улдурким, бу икки умидим мевасидин дағи боруманд ва муродим будурким, бу икки муродим гавҳаридин дағи сарбаланд бўлғаймен ва бу орзумандлиғ хор-хорининг тикани кўнглумда синмағай ва бу мурод гавҳарининг ёғини қатрадек туфроққа элтгаймен…

…Бу мазкур бўлғон икки орзудин бири муборак сафардурур…»

Шу сатрга етди-ю, Мир Алишернинг бўғзига тош тиқилгандек бўлди, беихтиёр кўзлари намланди. Э воҳ, бу орзуси армонга айланди.

Навоий, Каъба зикрин қўйки, бир дайри фано истаб,
Зоҳабно водиял – мақсад, вожадно моҳуван – мақсуд…

Ботн ва аламли ўйга ботган кекса шоир Шайх Мўмин Шерозий ҳақида битилган ривоятни эслади. Эмишким, Исмоил Доббос исмлик киши ҳаж ниятида йўлга чиқиб, Шерозга етмиш. Бир масжидга кирса, Шайх Мўмин Шерозий ҳирқасини ямаб ўтирганмиш. Исмоил Доббос унга салом бериб, ҳол-аҳвол суриштирган экан, Шайх Мўмин. «Не ниятинг бор!» – деб сўрабди Исмоил Доббос. «Ҳаж ниятим бор!» деб жавоб берибди.

Мўмин яна сўрабди «Онанг борми?». «Онам бор», — дебди Исмоил Доббос. Бу жавобни эшитгач, Шайх Мўмин Шерозий қўлидаги хирқасини четга қўйиб, айтибди: «Онанг ҳузурига бор, унга мулозамат қил!». Бу сўзи суҳбатдошига ёқмаганини пайқаб, яна айтибди: «Сўзим ёқмадими, эй, Исмоил Доббос! Мен эллик маротаба бош ялангу  оёқяланг, бирор-бир ҳамроҳсиз ҳаж қилдим. Мана шу ҳажларим савобини сенга бердим. Сен онанг кўнгли шодлини менга бер!»

Мир Алишер ҳар гал бу ривоятни эслар экан, кўкси қалқиб кетарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. «Бечора онам тирик бўлсайки, мулозамат қилиб, кўнглини шод этсам», — деб ўйларди у. Аммо ногоҳоний бир фикр дилини равшан этди. «Йўқ, йўқ, менинг онам бор. Онам менга тил ва дил берган туркий халқим, шу улуғ миллатим. Кошки унинг дилини шод этсам, умрим битгунча унинг хизматида бўлсам…»

1990

U, oʻttiz yildirki, saltanat ostonasida tuproq boʻldi. Doʻsti oʻtirgan taxt tinchini koʻzladi. Podshohga doʻst kishining dushmani koʻp boʻladi. Oʻttiz yildir-ki, bu dushmanlar uni yomon koʻradilar, unga tuhmat qiladilar, boʻhton yogʻdiradilar. Ammo u pushaymonlik chekmaydi, zero, pushaymonligidan sud yoʻqtur. Yoʻq, yoʻq, u pushaymon emas, chekkan zahmatlaridan rozi. Illo, u har hayot koʻngilni Tangri taolo yodidan gʻofil, musulmonlar dodidan otil qilmadi. Doʻstlar fikridan va dushmanlar makridan beparvo boʻlmadi.

Xurshid Davron
NAVOIY ARMONI
07

Shahzoda Mo’min mirzo o’ldirilgan hijriy to’qqiz yuz uchinchi yilning safar oyida – 1497 sananing erta bahorida Mir Alisher Navoiy Mashhadda edi. U bir paytlar o’zi saboq olgan bu kentga Imom Rizo maqbarasini ziyorat qilishga borib, yetim-yesirlarga saqat ulashadigan g’alvurxona qurilishini boshlatgan, shu bois, bir oz ushlanib qolgan edi.

Navjuvon shahzodaning shafqatsizlarcha qatl etilganini Hirotga qaytayotganda eshitib, Mir Alisher bag’oyat qattiq qayg’urdi va unga peshvoz chiqqan yoru-birodarlariga nadomat bilan: «Bir vaqtlar Shayx Majdiddin Bag’dodiyning o’ldirilishi oqibatda Chingizxon bosqinidan Movarounnahr va Xuroson qanday qirg’inbarotga uchragan bo’lsa, Mo’min mirzoning o’ldirilishi oqibati ham xuddi shunday falokatlardan darak beradur», — deb aytdi. Mir Alisher bunday qabihona qotillik – boboning o’z nabirasini o’ldirishga fatvo berishi saltanat inqirozining ibtidosi ekaniga ishora qilganini payqagan Sulton Husayn Boyqaro qattiq g’azablandi. Ammo g’azabini ichiga yutdi. Zero, podshoh shahid shahzodaning otasi, to’ng’ich o’g’li Badiuzzamon mirzo xun qasdida albatta isyon boshlashini bilar, bunday sharoitda Mir Alisher bilan ora buzilishini xohlamas edi.

Sulton Husayn bu mashʼum voqeadan soʻng, qariyb yarim asrlik qadrdoni boʻlmish Mir Alisher saltanat ishlaridan butunlay chetlashishga, bir umrlik orzusini amalga oshirishga ahd qilganidan bexabar edi. U, bu haqda eshitganda ham jiddiy eʼtibor bermadi, illo, Mir Alisher bunday qarorlarni oldin ham qilgan, ammo uning boshiga tashvish tushganda hech qachon qarab oʻtirmagan, xonanishinlikni tark etib albatta koʻmakka kelgan. Shoyadkim, bu gal ham shunday boʻlgay… Qolaversa, Mir Alisherni podshoh xonadoniga ipsiz bogʻlab qoʻygan bir kuch bor ediki, u ham boʻlsa, Sulton Husayn Boyqaro bilan birga kechgan bolaligu yoshlik yodi edi.

Doʻstining Samarqanddagi yoshlik chogʻlarida bir qizga koʻngil qoʻygani haqida podshoh ham ozmi-koʻpmi eshitgan. Ammo bu galgi tark etish Mir Alisherning azaliy orzusi — hajga ketish haqidagi dastlabki oʻy ham Samarqand bilan bogʻliqligidan bexabar edi. Baʼzilar bu niyat oʻsha yoshlik faslida rad etilgan sevgi tufayli tugʻilgan deb shubha qiladilar. Oʻshanda ilk muhabbati koʻnglining tubida qolib ketganidan ezilgan yigirma yetti yashar Alisher hajga ketishga, qolgan butun umrini tariqat sulukiga bagʻishlashga chogʻlangan, ammo yurtda kechgan notinchliklar safarga chiqishiga monelik qilgandi. Oʻshanda yosh shoir hazrati Xoja Ahror maslahatiga amal qilib, tariqat ilmini oʻrganishga zoʻr berdi

Sulton Husayn Boyqaro adashmadi, haqiqatan ham kelasi yilning yoziga chiqib, Badiuzzamon mirzo isyon boshladi. Sulton Husayn qo’shin saflab, Astrobodga otlandi. Mir Alisher u bilan birga ketdi. Ota va o’g’il o’rtasida begunoh nabira xuni turgani uchun ham qilichlar muhorabasi qattiq va ayovsiz bo’lmog’i ma’lum edi. Mir  Alisher Xuroson saltanatini parchalanishdn saqlab qolishni o’z burchi sanar, garchi uzilgan ipni qayta ulab bo’lmasligini anglasa-da, ota bilan o’g’ilning buzilgan munosabatlarini tiklamoqqa zo’r berib urinardi. Sulton Husayn ham butun umidini bu gal qilichiga emas, do’stining tadbirkorligiga bog’laganini, ochiq-oydin   bo’lmasa-da, nozik ishoralar bilan bildirishga harakat qilardi. Mana shu sababdan ham Mir Alisher hayallamay Badiuzzamon mirzo huzuriga elchilikka bordi. U  mirzodan ota amriga quloq solishni tiladi. Xuddi oldingi – Mo’min mirzo o’ldirilishidan avval yuz bergan isyon paytida nima degan bo’lsa, o’sha gaplarni  takrorladi. Ammo qancha urinmasin, mirzo tavba qilishdan bor tortdi. U Mir Alisher qattiq tikilib: «Mavlono, men sizni otamdan ortuqroq ko’raman, o’g’lim esa sizni mendan ortiqroq suyardi. Xo’sh, qani ayting-chi, ota degan farzandini tiriklayin o’ldiradimi?» – dedi. Keksa shoirning ko’zidan yosh tirqiradi, u mirzo  nimaga ishora qilganini angladi. Keyin bazo’r o’zini o’nglab. «Mirzo, bu gaplarni unuting», — dedi. «Qaysi so’zlarni?» – dedi Badiuzzamon mirzo. Mir Alisher  ortiq o’zini tutib turolmadi, ho’ngrab yig’lab yubordi. Uning ahvolini ko’rib, Badiuzzamon mirzoning ham ko’zidan duvva-duvva yosh to’kildi.

Elchi Marvda qarorgoh tutgan Sulton Husayn huzuriga umidsiz qaytgach, bir zamonlar ulug’ Amir Temur ko’ragon tiklagan qudratli saltanatning so’nggi parchasi  bo’lmish davlatning tanazzuliga mone bo’lmoq maqsadida podshohga: «Farzandingiz tavba qilishga tayyor», — deb aytdi, niyatda bor tadbirlarni qo’llab,  Badiuzzamon mirzo ko’na oladigan shartlarni qabul etishga podshohni rozi qildi. So’ng qarorgohdagi chodiriga kirib, isyonchi shahzodaga maktub bitdi va o’sha   fursatdayoq chopar bilan borib berib yubordi. Ikki kun o’tar-o’tmas Badiuzzamon mirzodan javob keldi. U Mir Alisher maktubida shartlarni qabul qilgani va  hademay tavba uchun podshoh huzuriga yetib berajagini bildirgan edi. Voqealar tadriji mirzoning maktubidagi va’dasini isbotladi. Sulh bitilgach, podshoh  Mozandaronga, Mir Alisher esa dorulsaltanatga qaytishni ixtiyor etdilar.

Tongda yo’lga chiqish mahalida shu narsa ma’lum bo’ldiki, qarorgohdagi shoir chodiri to’sinida bir g’urrak uya yasab, tuxum qo’yishga ham ulguribdi. Chodirni   yig’ishtirish uchun ruxsat tilab kirgan mulozimlar bu haqda xabar berganlarida, Mir Alisher bu voqeani ulardan oldinroq sezganini ma’lum qildi. Mulozimlar  qo’l qovushtirib, taraddudlanib turganlarini ko’rgach, aytdi: «G’urrak tuxum ochib, polaponlarini uchiriq qilgunga qadar chodir shunday qoldirilsin». So’ng u o’z  huzuriga Xoja Husayn Baxtiyorni chaqirib kelishni va Xoja kelgach, unga chodirni muhofazalab turishni va g’urrak polaponlarini temirqanot qilganidan keyin esa  xizmat haqiga bu tengi yo’q chodirni olib ketishni buyurdi. Xoja Hasan Baxtiyor dastlab biroz garangsirab turdi, so’ng birdan ko’zlari chaqnab hazrat sha’niga va  uning saxovatiga hamdu sanolar aytib, uning amrini qabul qildi. Dili xotirjam tortgan Mir Alisher saltanat polaponlari bo’lmish fuqarolarga Alloh  taolodan inoyat tilab yo’lga tushdi.

Mana, necha yildirki, saltanat osoyishtaligi ham uning chodiri to’siniga uya qo’ygan g’urrak tuxumlaridek omonat. Agar ular muhofaza etilmasa, hirsu havas, zulmu  sitam, isyonu g’avvg’o kasridan yerga tushib chilparchin bo’lmog’i shubhasiz.

To hirsu havas xirmani barbod o’lmas,
To nafsu havo qasri baraftod o’lmas,
To zulmu sitam joniga bedod o’lmas,
El shod o’lmas, mamlakat obod o’lmas…

Yo’lda borarkan, Mir Alisher bari-bir qarigan podshoh bilan kuch-g’ayratga to’lgan shahzodalar o’rtasidagi totuvlik muvaqqat ekanini o’ylar, butun umri davomi  saltanat ravnaqi deb chekkan zahmatlari qizigan qumga tomgan yomg’ir tomchisidek benaf ketganidan yurak-bag’ri ezilardi. Shoir bolalik do’stining so’nggi yillarda  jangu jadal va ayshu-ishrat qilmoqdan boshi chiqmagayotganidan norozi edi. Ne fojiakim, mo’ysafid podshohning nomozi peshindan so’ng ichmagan kuni yo’q. Uning bu  qilmishi nafaqat o’zining fe’liga, qolaversa, o’g’lonlari va jami sipohlariga g’ayri ta’sir ko’rsatardi. Bir qultum may dunyoni buzadi deydilar. Mir Alisher  «um ul- xobois» («yaramasliklar onasi») bo’lmish mayga berilish oqibatlaridan qo’rqardi.

U, o’ttiz yildirki, saltanat ostonasida tuproq bo’ldi. Do’sti o’tirgan taxt tinchini ko’zladi. Ota avlodi qariyb bir asr mobaynida sadoqat bilan xizmat qilgan  temuriylar ravnaqi yo’lida qo’liga qilich olishgacha bordi. Bu xizmatlari evaziga podshoh unga ko’p iltifotlar qildi, oliy martabalar berdi. Ba’zan o’z nazaridan  chetlatdi, ammo yana huzuriga chorladi.

Podshohga do’st kishining dushmani ko’p bo’ladi. O’ttiz yildir-ki, bu dushmanlar uni yomon ko’radilar, unga tuhmat qiladilar, bo’hton yog’diradilar. Ammo u  pushaymonlik chekmaydi, zero, pushaymonligidan sud yo’qtur. Yo’q, yo’q, u pushaymon emas, chekkan zahmatlaridan rozi. Illo, u har vaqt ko’ngilni Tangri taolo  yodidan g’ofil, musulmonlar dodidan otil qilmadi. Do’stlar fikridan va dushmanlan makridan beparvo bo’lmadi.

Hijriy sakkiz yuz yetmish uchinchi (1469) sanada Sulton Abusaid mirzo Qorabog’da jang maydonida halok bo’lganidan foydalangan Sulton Husayn mirzo Xuroson  taxtini egallab oldi. O’shanda Mir Alisher nazarida Sulton Husayndan o’zga bir da’vogar yo’q edikim, bu taxtga munosib bo’lsa. Jangu jadalda chiniqqan do’sti  dorulsaltanat Hirotni egallaganda u Samarqandda, aniqrog’i, Xoja Jaloliddin Fazlulloh Abullaysiy xonaqohida tariqat suluki ilmini egallash bilan band  edi. Xushxabarni eshitgach, do’sti yonida bo’lish zaruratini sezdi va saxovatli Amir Ahmad Hojibek ko’magida Xurosonga otlandi. Sulton Husayn mirzoning taxtga  o’tirishi sharafiga «Qasidai Xiloliya»ni bitdi. Yosh podshoh Mir Alisherni xursandchilik ila kutib oldi va unga oliy iltifotlar ko’rsatdi. Ammo hali podshohlik  taxti omonat edi, mana shu omonat taxtni barqaror etish niyatida podshoh bilan tengma-teng mamlakatda tinchlik-osoyishtalik o’rnatish uchun ma’lum muddat qalamini unutdi. Taxt uchun kurash uzoq davom etdi. Birgina Yodgor Muhammad mirzoning o’zi Sulton Abusaid mirzo vorisi sifatida taxtga da’vogarlik qilganda  ozmuncha kasofat yetkazdimi? Undan so’ng Sulton Mahmud mirzo, qora quyunlilar ko’mak bergan Abubakr mirzo bilan bo’lgan janglar-chi? Mana shu jangu jadallar  davomida u hamisha yo do’sti qo’shnida, yo dorulsaltanatni hifz etishda bosh-qosh bo’ldi.

Mana shu zahmatlari tufayli mamlakatda osoyishtalik qaror topdi. Mir Alisher sabab Sulton Husayn Boyqaro saroyida ahli fazl va benazir insonlar  yig’ildilar. Mana endi farxunda zamon bugunga kelib – podshoh ham, o’zi ham qariganda shikasta bo’ladiganga o’xshaydi. U umr bo’yi do’stini adolatli podshoh  bo’lishga da’vat qildi. Zulm va adolatsizlik bois obod joylar vayron, kabutar oshyonlari boyqushga makon bo’lishini anglatdi. Podshohlar esa zulm va  adolatsizlik qilishga ko’proq moyil bo’ladilar. Nohaq qon to’kmoqlik ularning hunari, muddao, toki joni bor odam undan qo’rqsin. Podshohlarning  noma’qulchiligi o’zlariga yaxshi ko’rinadi. Qorani oq desa, — ma’qullamagan gunohkor, qora demaganlarning esa ro’zg’ori qaro bo’ladi. Podshohlarga to’g’ri so’zni aytganlarning joni xatarda, ezgulikka undaganlarni jallodning qilichi kutadi. Ammo u do’st sifatida ham, vazir sifatida ham podshoh qoshida to’g’ri so’zlashdan  cho’chimadi. Inchunin, podshohning vaziri ham yomon, iymonsiz bo’lsa fuqaroning holiga voy.

Nafsilamr aytganda, «vazir» so’zi «vizr», ya’ni «gunoh» so’zdan kelib chiqqan. Moziydan ma’lumki, vazirlar o’z hukmdorlari ko’nglini xushlamoq uchun gunohdan tap  tortmaydilar. U esa vazirlikni hukmdor siyosati tufayli yuz bergan gunohlarni bo’yniga olish, ularni bartaraf qilish deb angladi. Shu maqsad yo’lida moziy vazirlaridan biri bo’lmish Osafning uzugiga naqshlangan «Insoflini xudo rahmat qilsin» degan hikmatni shior qildi. Ammo, endi qaridi, toldi, toliqdi. Endi u o’zining butun umri davomida orzu qilgani muborak haj safariga ketish muddati yetganini angladi.

Mir Alisher porso va pokdoman kishi edi. Ulug’ martabalar ko’rgan bo’lsa-da, ularning havasiga uchmadi, tariqatga sodiq qoldi. Sulton Husayn mirzoning o’zi bir  gal uning porsoligi va tahoratini buzmasligi haqida gapirgan va «Bu hazrat dunyoga kelib hayot xil’atini kiyganlaridan buyon etaklariga shahvat chirkini  teggizmaganlar, futavvot va jo’mardlik yoqasi la’li tugmasini xotinlar havoyu havasiga tutqizmaganlar», — deb aytgandi.

Mir Alisher yoshligidan boshlab, Mashhadda va Samarqandda saboq olganida ham, hamisha darveshlar suhbatini ixtiyor etdi, hidoyat yo’lida rahnamo mashoyixlar  ilmini o’rgandi va har doim bu pokdamonlar guruhiga ixlos va muridlik qadami ila mulozamatda bo’ldi. Astrobod voqealari tufayli podshoh bilan o’rtalarida  tushgan raxna sabab saroydan chetlashganda ham saltanat ishidan etak yig’ishtirib, ibodat va riyozat ahli bilan birla bo’ldi, shu maqsadda Roboti Suhaylda  xonanishinlik qildi. Faqirlik va fano yo’lidan ketishga moyil edi, lekin, oradan ko’p vaqt o’tmay, podshoh uni yana saroyga chorladi. Mir Alisher avvalida «Men  yo’lim faqirlikda» deb ko’nmadi. Oxiri bir kuni podshoh butun saroy ahli qoshida «Saltanat ishini tartibga solish sizning ra’yingizga qarab qoldi. Keling, do’stim, qarorsiz qalamingizdan mamlakat barqaror bo’lsin», deb aytdi. Nihoyat «Bir soatlik adolat oltmish yillik ibodatdan afzal», degan so’zga amal qilib,  Mir Alisher ko’nishga majbur bo’ldi.

U uzoq vaqt saltanat tashvishlari bilan band bo’lsa ham, ammo hech qachon pok va ulug’ Alloh taolloni unutmadi, ayilbotar so’zlar bilan darveshlar dilini  ranjitmadi, har bir ishda ixlos va imonni kasb etdi. Shu sababdan ham saltanat ishkalini tuzatish borasida podshohga maslahat berganda, imonni o’rtaga qo’yib  so’yladi. Yaratgan inoyati bois yoshlarga shafqat, do’stlarga karam, kattalarga izzat ko’rsatish yo’rig’iga rioya qildi.

Unga podshoh ko’p yer-suv in’om qildi. Ammo u boyishni xayoliga ham keltirmadi, o’z mulkidan tushgan daromaddan xayrli binolar tiklash, madrasalar ahvolini  yaxshilash, ma’rifiy kitoblardan nusxa ko’chirish, ilmu toliblarga nafaqa belgilash, muhtojlarga yordam ko’rsatishga, va hatto zarurat tug’ilganda podshohga, lashkarga sarfladi. Mir Alisherning bir kunlik daromadi o’n sakkiz ming shohruhiy dinor edi va u ana shu daromadning hammasini saxovat va himmat ehsoniga  aylantirishga urindi.

U hech qachon Haqdan qo’rqishni esdan chiqarmadi, boshiga mashaqqatlar tushganda, sabr va chidam bilan Allohga sig’indi. Boshqalarni ham shunga da’vat etdi. Shu yo’lda  mashoyixu so’fiylar zikrida va suluk yo’llari bayonida «Nasoyim ul-Muhabbat», «Lison ut-tayr» kitoblarini bitdi. Fuqaroyu darvishlar, g’aribu musofirlar  g’amida turli mavzelarda xonaqohlar, robotlar, hovuzlar, hammomlar va ko’priklar tikladi. Birgina «Xolisiya» xonaqohida har kuni mingdan ziyod miskinga tomoq  tarqatiladi, har yili muhtojlarga ikki mingga yaqin po’stin, chakmon, ko’ylak-ishton, taqiya va kovush ulashiladi. Bunaqa xonaqohlar esa necha-necha…

Bundan ikki yil muqaddam Nishopurga borganida, mashoyixlar, shu jumladan o’zi e’tiqod qo’ygan Shayx Farididdin Attor mozori xarobga aylanganini ko’rib, ta’mirlashni buyurdi, shayx qabri ustida yangi xonaqoh tiklatdi. Xirotdagi Marg’ani bog’ida mahobatli bir masjid bino qilib, o’z zamonining atoqli qorilaridan Xoja Hofiz Muhammad Sultonshohni imomlikka tayinladi va o’zi ham u yerda besh vaqt namozga hozir bo’ldi.

Kunlardan bir kuni Mir Alisher asr nomozi tugagach, mana shu kundalik odatiga qarshi, masjiddan tez chiqib, sur’at bilan, biror joyda to’xtamay, hirotliklar «Unsiya» atagan hovlisiga yetib bordi va hovli to’ridagi binafshazorga qarab yurdi. U yerda bir muddat turgach, yana shunday oshig’ich ila orqaga qaytdi. Buni ko’rib  ko’pchilik hayron qoldi. Xoja Hofiz Muhammad Sultonshoh Mir Alisherdan besaranjomligi sababini surishtirganda, u shunday javob berdi. «Men masjidga  kelayotganimda, hovlimdagi binafshazor chetida tahorat olgan edim. Nomoz safida turganimda, yelkamda bir chumoli o’rmalab yurganini ko’rdim. Chumoli tahorat olgan joyda ilashganini angladim.

Mabodo u mening yelkamdan tushib oyoq-osti bo’lsa-yu, ozor topsa, omon qolgan taqdirda ham o’z uyasining yo’lini topolmasa, uvoliga qolman, deb qo’rqdim. Shuning  uchun nomozni ado qilishim bilan tezlik bilan tahorat olgan joyimga borib, uni uyasi og’ziga qo’ydim va uvoliga qolishdan qutuldim. Yelkamdan chumoli emas, tog’  ag’darilgandek yengil tortdim, xojam».
Bu gapni eshitgan Xoja Hofiz qo’lini duo, dilini rahmat aytishga ochdi…

Mir Alisher Marvdan dorulsaltanatga qaytayotib, yo’l bo’yi o’ylagani to’g’ri chiqdi. Mamlakatda Badiuzzamon mirzo isyonidan so’ng boshlangan osoyishtalik uzoq  cho’zilmadi, bor-yo’g’i bir yilga yetmay barham topdi. Bu safar Sulton Husayn mirzoning boshqa bir o’g’li – shahzoda Abulmuhsin mirzo g’avg’o boshladi. Sulton  Husayn qo’shin bilan yana Marv tomon otlandi. Bu voqeadan bir muncha vaqt avval Mir Alisher podshohga qayta-qayta murojaat qilib, Ka’ba tavofiga ijozat  olishga muvaffaq bo’lgan edi.

Sulton qo’shini dorulsaltanani tark etgach, Mir Alisher muborak safarga chiqish mavridi kelganini, inchunin, endi bu saltanatda tinchlik, dunyo g’avg’olaridan  xolilik hech qachon nasib etmasligi bildi. Shu sabab fursatni g’animat bilib yo’lga chiqdi va bir necha kunlardan keyin Mashhadga yetdi. Shaharga yaqinlashib  qolganda, yana bir karra podshohning hol-ahvolini surishtirmoq, qolaversa, ijozatni tag’in ham mustahkamlamoq niyatida mavlono Abdulhay Tabibni Sulton  Husayn Boyqaro huzuriga – Marvga jo’natdi. O’zi bo’lsa bir kezlar Imom Rozi maqbarasi yonida yetim va qashshoqlarga tomoq ulashish uchun tiklatgan g’alvurxonada  qo’nim topib, javob kutdi. Oradan ko’p o’tmay, Mavlono Abulhay isyonchi shahzoda bilan jang qilib yurgan Sulton Husayn mirzo qoshidan yetib keldi va podshoh   maktubini topshirdi.

Sulton Husayn Boyqaroning Amir Alisherga maktubi:

«Saltanat rukni, mamlakat tayanchi, din va davlat arbobining zubdasti, mulk va millat sohiblarining peshvosi, xayrli binolar muassasasi, pokiza ishlarga  yo’llangan, hoqoniy davlatning madadkori, sulton hazratning yaqini Nizomiddin Amir Alisher janoblariga lutfomuz ko’p duolar va mashq qo’zg’atuvchi salomlar  to’plamini yetkazamiz, fayzli muloqotlari orzusi sharh va bayon doirasidan ortiqdur.

So’ngra ravshan ko’ngillariga ma’lum bo’lsinkim, juma kuni – rajab oyining o’n birida ulug’ mavlono Abdulhay kelib, sharif mijozlarining kayfiyati,  sog’-salomatlik, yaxshi holatlarini yetkazdi. Bundan xabar topish behad shodlikka sabab bo’ldi. Uning yetishuvidan ilgari ko’ngillarida qaror topgan Hijoz tomonga  jo’nash to’g’risidagi xabar og’izma-og’iz kelib turardi, ammo ishonchli kishilardan eshitilmagani uchun ishonarli bo’lmas edi. Lekin o’sha kishi suhbatida Xoja  Afzalliddin Muhammadga yozilgan xat mazmunidan ma’lum bo’ldikim, bu kunlarda u tilak mustahkamlanib va yangilanib, jo’nash xayoli jazmga aylangan.

Gap shundaki, hammaga, balki olamga va olam ahliga oshkordirki, ul janob bilan birlik va hamjihatlik bog’lanishi va bog’lanish aloqasi va hamnafaslikni  kichiklikdan to shu kungacha qaysi darajagacha olib borganmiz va olib boramiz. Hamma vaqt va hamma ahvolda ul janobning sharif roziligini o’zimizning muddao  va talabalarimizdan ustun bilib, bu jihatni mislsiz davlat dalillaridan sanadik va sanaymiz. Haqiqatan, uning qarshisida ul janobdan davlatxohlik asarlari, ixlos, yaxshi fikrdalik va yaqinlik kabi xislatlar yuzaga kelgan va yuzaga keladi. Bu quyoshdan ham ravshanroq bo’lgani bois tafsil berishning foydasi yo’q. O’zlari  biladiki, hech qachon o’rtada takalluf va o’zgalik bo’lmay, hamma vaqt so’z shunday o’tardiki, u saltanat tayanchining xotiriga xayrixohlik va yaxshi fikrlilik yo’li  bilan nimaiki kelsa, to’qqiz martagacha uni aytishga ruxsat berilgan edi. Bizning doimo xotiramizga nimaiki kelsa, mehribonlik yuzasidan izhor qilardik. Bu  vaqtlarda jazm qilganlari – savob ishga hijrat qilish niyati ko’ngilga allaqanday og’ir tushishiga qaramasdan undan afzal ish tasavvur etilmaydi, ammo u  kishining roziligini o’z manfaatimizdan ustun qo’yamiz. Berilgan ruxsat va ijozatdan qaytmaymiz, lekin, nimaiki ko’ngilga kelsa ogohlantirishimiz lozim.

Ravshandirki, bu xususda yo’ltinchligi shartdir. Ma’lum bo’lsinkim, bu kunlarda o’tish yo’li bo’lgan Iroq va Bag’dodda ahvol qanaqangi parishon va beqarordir.  Misr va Shom sarhadlarida ham turli boshboshdoqlik borligi eshitilmoqda. Rivoyat shundaydirkim, agar yo’l xavfi shunday darajaga yetib, kimsaning sababisiz  kimsaning beliga qo’l urishi mumkin bo’lsa, yo’lga tushmoq vojib emas. Agar bu kunlarda yo’l xavfidan biror fikr xotirga kelmasa qanday bo’ladi? Chunki o’zlari  aytardilarkim, yo’llar notinchligi jihatidan bir oz ufluriy tartib berib, agar zarur bo’lsa, xavfli joyga yetishganda, mulozimlardan har birining yonida  o’shandan biroz bo’lish darkor.

Yana gap shundaki, bu safarning uzoqqa cho’zilishi ma’lum, umrga ishonch yo’q. Agar yana bir uchrashib xayrlashish qoidasi yuzaga kelsa bo’lardi. Ammo, bu ikki holning  bo’lishi bilan birga bu muqaddimalarning yozilishidan shunday qo’rquv ham borkim, mabodo muborak xotiraga andak g’ubor yetishib, g’araz bu so’zlardan man etish ekan,  degan xayolga boradilarmi.

Hamisha davlatpanoh yuzasidan nimaiki xotirlariga kelsa, betakalluf gap-so’z qiladilar, bizga ham bu bobda har nima xotirga kelsa, ma’lum qilish lozim  ko’rildi.

Boqiy: to’g’ri fikrda ixtiyorlidirlar va nimaiki ikki dunyo yaxshiligiga kerak bo’lsa, taqdim qilib turilur. Ikki dunyo saodati yor bo’lsin. Vassalom».

Maktubni olgan kuni Mir Alisher mashhad ulug’lari va yo’ldoshlari bilan maslahatlashdi. Ular saltanatning osoyishtaligi uchun Mir Alisherning Hajga borishini  kechiktirishni lozim ko’rdilar. Buning ustiga mavlono Abdulhay shahzoda Abu Muhsin mirzo otasi bilan sulh tuzish uchun Mir Alisherning o’rtada vakil bo’lishini  shart qilib qo’yganini aytdi. Podshoh bu gapni qog’ozga ishonmay, mavlonodan ayttirib yuborgan edi. Oqibatda Mir Alisher Marvga qarab jo’nadi. U tushgan karvon  Mashhad bilan Marvning o’rtasida joylashgan Saraxs kentiga yetganda, uni tug’ishgan inisi Darvishali kutib oldi. Ertasi kuni Sulton Husaynning ham shu manzilga  yaqinlashayotgani ma’lum bo’ldi. Podshoh bilan shoir Bozorg’ontepa o’langida suhbat qurdilar. Podshoh maktubida bitgan so’zlarni yana, qayta takrorladi. Mir  Alisher indamay tingladi va podshoh so’zini tugatgach shunday dedi:

—A’lo hazrat, bir paytlar men podsholik ishlarini shug’ullanishdan qo’l tortadigan bo’lsam, Shayx Najmiddin Kubro mozori yoki Xoja Abdulloh Ansoriy  maqbarasi ostonasining jo’rubkashi bo’laman, deb aytgan edilar.
— Shunday Alisherbek. – dedi Sulton Husayn mirzo xomush tortib, qariyb yigirma yil burun aytgan gapini do’sti unutmaganiga, uning quvvai hofizasiga tahsin  o’qigan podshoh birdan sergak tortdi va Mir Alisher muddaosini bilish niyatida gapning davomini kutdi.
— O’sha so’zlaringiz sizga muyassar bo’lmog’i bundan so’ng ham mushkul. Ammo shu niyatga yetmoqni istagan mahramingizga Hijoz safariga jo’nashga ijozat bermaysiz.  Necha bor ruxsat tiladim, hatto so’nggi marta rag’bat qilganingizda ham ko’nglingizdan xohish alomatini tuymagan edim. Shu bois garchi ixtiyor teggan bo’lsa-da, sizning qoshingizga yana odam yubordim, yana maktub bitib, meni yo’ldan qaytardingiz.

Podshohning besaranjomlanganini ko’rib, Mir Alisher, buyog’ini eshiting, degandek, qo’lini ko’ksiga qo’ydi.
— Bu gaplarni aytishdan maqsad, a’lo hazratga ta’na so’zini arz qilish emas. Illo, tilaganingizdek, maktub bitishingizdan murod safarni man etish ekan, degan  xayolga borganim yo’q. Bu gaplarni aytishdan maqsad yana ijozat tilash. Agar ruxsat bersalar, qolgan hayotimni Xoja Abdulloh Ansoriy mozori ostonasini  supurishga sarflasam. Yana meni saltanat ishlaridan xoli etsangiz, bunday mas’uliyatdan ozod bo’lsam. Netayki, qarilik ham xudoning inoyati ekan, so’ngaklarim  mo’rt, ko’zlarim benur, ko’ngil esa farog’at tilaydur…
— Qaridim, demang, Alisherbek, — dedi Sulton Husayn. – Mendan uch yil yoshsiz. Men qaridim desam bo’lar. Ammo, qarangki, qo’limda qilich, chopqillashib yururman. Siz bo’lsangiz…
— Qaridim, a’lo hazrat, qaridim, — dedi Mir Alisher, — oldingi quvvatim yo’q. Hijoz safari ham so’nggi safarim bo’lmog’ini bo’ynimga olgan edim.
— Mabodo siz Xurosonda qolar ekansiz, har qanday iltimosingizni bajarmoq men uchun farz, — dedi podshoh. Chunki, bilamizki, siz bu mulkni tark etsangiz, men  yolg’iz qolurman. Meni yolg’iz qoldirmangiz. Yoshlikda, kuch-g’ayrat borida yonimda bo’ldingiz, endi qariganda, bir-birimizni tark etsak, qandoq bo’lur?

Suhbat so’ngida Sulton Husayn Boyqarot keksa shoir ustiga oltin tugmali, avrasi zarbof qora qunduzi po’stin va yana bir necha qimmatbaho to’nlar yopdi. Bir necha  kundan so’ng Mir Alisher ota ila o’g’ilni yarashtirish ishlarini ado etgach, podshohning ijozati bilan dorulsaltanaga yo’l oldi.

U Hirotga sha’bon oyining o’rtalarida yetib keldi. Malikulshuaroning qaytayotganidan xabar topgan poytaxt ahlining quvonchi behad, shahar darvozasidan to  Unsiyagacha tumonat odam peshvoz chiqqan edi.

Qaytganiga bir hafta bo’lar-bo’lmas, Mir Alisher Xoj Ansoriy mozori poyida katta yig’in qilib, shahar ulug’larini chorladi va ulardan qutlug’ dargoh jo’rubkashi  bo’lishdek, mo»tabar vazifa uchun fotiha berishlarini tiladi. «Men mundin so’ng darvishlik va go’shanishinlik bodasida istiqomat qilishni ixtiyor etdim», — dedi  u. O’sha kuni shunday ulug’ majlis bo’ldiki, saltanat boshida turgan Muboriziddin Muhammad Valibek kabi amirlar mozorda yig’ilgan ulamolar xizmatida oyoqda  qoldilar. Yetmish qo’y, yigirma besh ot so’yildi va o’ttiz botmon qand va yana chandon noz-ne’matlar o’rtaga tortildi. Majlis so’ngida mashoyixlar Mir Alisherga  fotiha berdilar.

O’sha majlisdan ko’p vaqt o’tmay, Mir Alisherni dorulsaltanatga jo’natib, sher ovlash havasida Mozandaron tomonga yo’llangan podshohdan farmon keldi. Farmon  saltanat poytaxtida hukm yurgizgan Amir Valibek nomiga bitilib, unda tez orada Hirot va uning atrofidagi aholidan zarur xarajatlar uchun yuz ming dinor undirish buyurilgan edi. Amir Valibek talab qilingan mablag’ning yarmini shahar yon-tevaragidagi dehqonlardan undirib, qolganini poytaxt nufusi gardaniga  yuklashni mo’ljalladi.

Ammo Amir Valibek hech bir ishga Mir Alisher fikrisiz va maslahatisiz daxl qilmas edi. Shu sabab o’z mo’ljalini shoirga ma’lum qoldi. Mir Alisher «Bu fursatda  xalq ustiga o’rinsiz soliq solishni oliy darajali Sohibqiron davlatiga munosib ko’rmayman» — dedi va o’sha kuniyoq mazkur mablag’ni o’zining daromadidan to’ladi.
Uning bu saxovatini eshitib, shahar ahli ulug’ kishilarni vakil qilib yubordilar. Shoir vakillarning minnatdorchiligini qabul qilarkan, «Haj safari azimati ila chiqqan yo’lidan qaytarildim. Ammo bu yo’ldan qaytganim ila, elimga karam qilish yo’lidadurman», — dedi va so’zini bayot bilan tugatdi:

Xush ulkim, anga lutf birla xudo,
Ulusning qabulini qildi ato…

Mir Alisher Ansoriya mozorining sharq tomonida bir honaqox qurilishini boshladi, chor-tarof obodonchiligi xayolida bo’ldi. Xoli qolgan kezlari goh Xojaning  qalamiga mansub «Ilohiynoma» risolasini mutolaa qilar, goh «Vaqfiya»ni qoralash ila band bo’lardi. Ammo saltanatdagi notinchlik bu ulug’ va savob ishlarga  andarmon Ansoriya jo’rubkashiga orom bermasdi. Podshoh deyarli poytaxtda bo’lmas, damba-dam ko’tarilayotgan isyonlarni daf etish bilan ovora edi. U qo’rqib  qolgan, shu qo’rquv bois hatto eng yaqin kishilariga ham shubha bilan qarardi. Kutilmaganda u Mir Alisherning inisi Darvishalini Balx hokimligidan bo’shatdi.

Ketma-ket Astrabod voqealaridan so’ng darveshlik ridosini kiygan tog’avachchasi Mir Haydar podshohga nisbatan xiyonatda — Qunduz hukmdori Xusravshohni Hiriy  ustiga bosqin qilishga chorlashda ayblanib o’ldirildi. Bundan darak topgan Mir Alisher ich-ichidan o’rtandi, o’z mulozimlarini yuborib, Haydarning jasadini   keltirib Chashmai Mohiyona dafn ettirdi.

Bu fojeali voqealar Mir Alisher ko’nglida hali so’nib ulgurmagan hajga borish, payg’ambar qabrini tavof qilish xayolini qayta kuchaytirdi. U yana Sulton Husayn  Boyqaroga murojaat qilib, istijoza tiladi. Podshoh bu murojaatga undagan sabablarni bilsa-da, o’zini bilmaganga olib, goh ruxsat berar, goh Ansoriyaga  tashrif buyurib, safarga oshiqmaslikni iltimos qilardi. Bu hol bir nech marta takrorlangach, Mir Alisherning qarori araz va ranj bois bo’lmay, balki qat’iyat  tufayli ekanini bilgach, podshoh ijozat berdi va yo’l farmonini marhamat qilishini aytdi. Mir Alisher bir necha kundan so’ng farmon bitilganini eshitdi.

Ammo podshoh «Biroz sabr qiling, zamon notinch, yo’llar xatarli», degan bahonalar ila yo’l farmonini berishni har gal kechiktirardi.

Chindan zamon notinch edi. Daryo nariyog’ida – Movarounnahrda dashtlik o’zbeklar xoni Shayboqxon ketma-ket g’alabalar qozonib, kuchga to’lib kelardi. Bunday raqib oldida temuriy hukmdorlar birlashish o’rniga bir-birining go’shtini yeyish bilan ovora. Shahzoda Abulmuhsin mirzo o’zbeklar bilan Qorako’lda jang qilib,  yengilib kelganidan beri Sulton Husayn mirzoning ko’ngli ham alag’da.

Mir Alisher shu kunlarda Sohibqiron Amir temur poytaxti – Samarqandi bemonandni qo’lga kiritish uchun Shayboqxon bilan jang qilib yurgan Sulton  Abdusaidning evarasi Bobur mirzo haqida ko’p hikoyalar eshitdi. Samarqandda bo’lganida ko’p marhamatlar ko’rsatgan Ahmad Hojibekdek pokdoman bir kishi shu  mirzoning tarafida bo’lib, bundan bir necha muddat avval jangda shahid ketganini bilib o’kindi, yosh mirzoga xudodan inoyatlar tiladi. Xususan, yosh mirzo bitgan  turkona baytlar og’izma-og’iz ko’chib, uning qulog’iga ham yetgach, ixlosi yana oshdi. G’azal piri bo’lmish Mir Alisher bu baytlarda jobajo mahzunlik va dilovarlikni  tuyib, tahsinlar o’qidi. Mehri jo’shib, bir gal yarim tungacha o’tirib, Bobur mirzoga maktub bitdi va o’zining sodiq kishisi orqali Samarqandga jo’natdi. Maktub egasiga yetdimi, bilmaydi. U har gal yosh mirzo haqida o’ylarkan, ko’ksiga iliqlik yugurardi.

Nihoyat, bahor so’ngida qishda bitilgan yo’l farmoni qo’lga yetdi. Farmonning muxtasar mazmuni mana bunday edi:

«Mir Alisher Sulton Husayn xonadoniga yaqin turgan emukdosh, bu davlatning asosiy tayanchi va sultonning eng yaqin va sodiq do’sti hamda doimiy suhbatdoshidir.  Shu kunlarda u kishi hajga borish istagini bildirib, podshohdan jo’nashga ruxsat so’ragan. Agarchi bir necha bor bu niyatni bildirib iltimos qilinsa ham har gal  fuqarolar manfaatiga bog’liq sabablar ko’rsatilib, iltimos amalga oshmay to’xtatilar edi. Bu gal Amirning xotirini saqlab ijozat berib, hukm joriy  qilinganki, hajga yurishda u kishi qaysi joyga borsa, har yerda hamma katta-kichik zo’r ehtirom ila kutib olib, kuzatsinlar. Xatarli manzillarda o’ziga va  hamrohlariga yo’l ko’rsatib, bekatdan-bekatga tinch va salomat o’tkazib qo’ysinlar. Hamma amirlar, dorug’alar, a’yon va ashrof, barcha shahzodalar va umum aholi bu  hukm ijrosidan chekinmasinlar.
Ushbu farmon podshoh amri ila 905 yil, zul-qa’da oyining beshinchisida yozilgan».

Farmon qo’lga tegishi bilan boshlangan tayyorgarlik ko’p o’tmay yana to’xtadi. Chunki, yoz boshlangani tufayli harorat kuchayib, bepoyon sahroyu dashtlar orqali  o’tadigan yo’l g’oyatda mashaqqatli bo’lishi oydinlashdi. Safar kuz boshigacha kechiktirildi.

Taqdir taqozosi bilan voqealar yana qayta takrorlana boshladi. Ayni shu yoz kunlari – muharram oyining boshida (1500 yil iyulida) podshohning kichik  o’g’illaridan biri – Muhammad Husayn mirzo otasiga qarshi ko’tarildi. Keksa podshoh yana dorulsaltanatni tark etib, shahzoda ustiga – Astrobodga yurish qildi.

Sal ilgariroq Sulton Husayn Boyqaro Mir Alisherni o’z qoshiga chorladi. Shoir qabulxonaga tashrif buyurganda, podshoh Amir Valibek bilan suhbatlashib  o’tirardi.
— Yana Astrobodda isyon, — dedi podshoh, — yana farzand isyoni…
— Astrobod ham, farzandingiz ham ko’zingizdan yiroq, shul sabab qo’rquvni unutarlar, — dedi Amir Valibek.
— Yo’q, janob Valibek, ular mehrni, oqibatni unutarlar, — dedi qat’iyat bilan shoir.

Ular uzoq kengashdi. Podshoh, Mir Alisherga haj safariga ruxsat va yo’l farmonini berganini unutgandek, suhbat nihoyasida dorulsaltanat ixtiyorini do’sti va  Amir Valibekka qoldirajagini ma’lum qildi. Mir Alisher bunga javoban hech nima demadi. Podshoh maktabdosh do’stining ko’zlariga qaramaslikka harakat qilib  xayrlashdi.

Dastlabki kunlar Mir Alisher tadbirkor Amir Valibek bilan birga bo’ldi, saroydagi mashvaratlarda qatnashdi. Ammo bir haftadan so’ng qo’li ishga bormay qoldi.  Podshoh iltimosi yodida bo’lsa-da, Mir Alisherning ortiq toqati qolmagandi. U Hijoz safariga tayyorgarlikni tezlashtirdi. Podshoh Hirotni tark etganidan  ikki hafta o’tar-o’tmas – muharram oyinng oxirida yo’lga tushdilar. Biroq shahardan chiqqan karvon yo’lini tashvishli xabar to’sdi. Otasining Astrobod  tarafdaligidan foydalanib, saltanat taxtini egallash orzusida yurgan Badiuzzamon mirzo Hirot ustiga qo’shin boshlab kelayotganmish. Lak-lak navkar Xuroson  ahliga xavf solayotganidan tashvishga tushgan keksa shoir yana orqaga qaytdi. Zero, u mabodo poytaxt Badiuzzamon qo’liga o’tgudayin bo’lsa, saltanat parchalanishga yuz  tutishini chuqur fahmlar edi. U chorshanba kuni chiqib ketgan shaharga payshanba kuni qaytib kirdi.

Ertasi kuni masjidi jome’da juma namozidan so’ng mashoyix va ulamolardan Shayx Jaloliddin Abusaid Nuroniy, Shayxulislom Sayfiddin Ahmad Taftazoniy,  Shayx So’fi Ali, Mavlono Muiniddin Farohiy, Mavlono Kamoliddin Koshifiy, Xoja Imomiddin Abdulaziz Abxariy, sayid va naqiblardan Amir Qivomiddin  Husayn Mozandaroniy, Amir Jaloliddin Ataulloh Asiliy, Amir Nizomiddin Abdulqodir va boshqa bir qator Hirot shahri a’yonlari, ashrofu raislari Mir  Alisherni o’rtaga oldilar. Hirot shahri mudofaasi topshirilgan Amir Valibek ham shu yerda edi.

— Sizning fayz-barakali zotingiz Xuroson mulki daxlsizligining sababi va fuqaro osoyishtaligining boisidir, — deb gapni uzoqdan boshladi shayxulislom. — Bizning barchamiz sizga muborak safarga fatvo bergan edik. Illo, oyati karimada «Alloh taolo Haj safariga kelish uchun qodir bo’lgan mo’minlarga hajni farz  etdi. Kimki buni inkor etsa, gunohi o’zigadir. Bas, alloh taolo barcha olamdin behojatdir», deyilmish. Bunga imon keltiramiz. Sizni yo’ldan qoldirish gunoh,  ammo sizdan biroz sabr qilishni tilash uzrli. Rasululloh sannollohu alayhi vasallam muborak hadislarining birida. «Vijdonning amriga quloq sol! Ezgulik  shunday narsaki, undan qalb ham, vijdon ham orom oladi. Gunoh ish shulki, undan qalb qaror topmaydi, vijdon azoblanadi. Kishilar fatvo bersalar ham sen o’z  vijdoningdan fatvo so’ra!» demishlar. Saltanat va fuqaro xotirjamligi haqi vijdoningizdan Makka azimatini bir muddat kechiktirishga fatvo tilashingizni  o’tinamiz.
— Hazrat risolat: «Senga omonat qilingan narsani egasiga topshir, xiyonat qilgan kishiga xiyonat qilma», demishlar, — dedi kuni bilan mudofaa tayyorligiga  bosh-qosh bo’lib, baqiriq-chaqiriqdan ovozi bo’g’ilib qolgan Amir Valibek, — Sohibqiron sizu menga dorulsaltanatni omonatga qoldirgan edilar. Sabr qiling,  podshoh hazratlari qaytsinlar, omonatlarini eson-omon topshiraylik, so’ng yana muborak yo’lga otlanursiz.
— Bul zamon shahri Hirot Sultoni Sohibqiron vujudidan xolidir, — dedi Amir Valibekning gapi Mir Alisherga qattiq botganini payqagan, shoirning mijozi  juda nozikligini yaxshi bilgan Mavlono Kamoliddin Koshifiy. – Agar poytaxt sizning fayzli nuringizdan ham chetda qolsa, mumkinki, fitnayu g’alayonlar  boshlanur, saltanat tadoruki imkonsiz qolur…
— Fahmingiz yetg’ondur, Samarqand taxti Shayboqxon qo’liga o’tmish. Endi uning Amudan o’tish xohishi bor derlar. Siz niyat qilgan muborak safar yo’llari ham  bag’oyat xavfli bo’lmishdur. Iroqu Shomdayam, Rumdayam parishonlik. Vallohu a’lam, shariat yuzasidan bunday vaqtlarda haj vojib emas, — Shayxulislom shunday  deb, to’g’rimi, degandek Shayx Jaloliddin Nuroniy tikildi. U ma’qullab bosh chayqagandan so’ng so’zida davom etdi. – Biz faqirlarning iltimosiga quloq berib, bu  yil safar niyatidan qayting.
— Notinch fuqaroga bosh bo’ling, — dedi Amir Qivomiddin Mozandaroniy, — bu xayrli ish savobini yetmish poyu-piyoda hajdan ortuq ko’rsinlar. Illo, o’zlari  aytganlaridek:

Kimki bir ko’ngli buzug’ning xotirin shod aylagay,
Oncha borkim, Ka’ba vayron bo’lsa, obod aylagay…

Mir Alisher davradagilar so’zini indamay tingladi. O’rtada sukut cho’kkach, sekin bosh ko’tarib, ma’yus ovozda so’zladi.
— Hammangizga ma’lumdirki, uzoq muddatdan buyon Makka azimati orzusidaman. Bu niyat hazrati Maxdumi Nuran (Abdurahmon Jomiy) Ka’bani tavof etib qaytgan  kundan xotiramga tinchlik bermaydir…

U shunday dedi-yu, ko’z o’ngida bunday bir necha yillar avval piru ustozi safardan qaytgan damlar jonlandi. O’shanda Mir Alisherning boshiga og’ir kunlar tushgan, birodari Darvishali podshohga qarshi isyon ko’tarib, hukmdor bilan uning o’rtasidagi yaqinlik omonat bo’lib qolgan edi. Birodari Balxda hokim edi. U og’zi  kuymasa, olovni yutadigan Majiddinning Mir Alisherga qilgan badniyat xatti-harakatlaridan norozi bo’lib bosh ko’targan edi. Sulton Husayn bundan g’oyat qattiq  g’azabda, bu g’azab ukadan ko’ra ko’proq akaga qaratilganini sezgan saroydagi ayrim kimsalar, birinchi navbatda vazir Majiddinning o’zi, bo’hton ustiga bo’hton  yog’dirardilar. Ular ochiqdan-ochiq «Bu xiyonatda Mir Alisherning qo’li borligi aniq, og’asining maslahatisiz Darvishali bu yo’lga kirishga haddi sig’masdi», derdilar. Sulton Husayn isyonkor hokim ustiga qo’shin tortib borarkan, oldinroq Xoja G’iyosiddinni jo’natib, tavba talab qildi. Mir Alisherning gapiga kirib, Darvishali tavba qilib keldi. Darvishalini dastlab kechirgan podshoh, oradan olti oy vaqt o’tmay, kelib-kelib Mir Alisherga uni Balx shahri qal’asiga qamashga  buyurdi. Tahqirlangan shoir necha marta azm qilgan ishi – saltanat tashvishidan etak yig’ishtirga ahdlandi. Xuddi o’sha kunlar bu haqda eshitgan ustozi surishtirib qoldi.
— Bir gap eshitdim, boisi ne erur?
— Inson jinsi suhbatidan bezdim, hazrat, boisi shuldir, — dedi Mir Alisher.

Jomiy unga bir muddat o’ychan boqdi-da:
— Siz inson deb kimlarni xayol qildingiz, qani, ularni bizga ko’rsating-chi? – dedi.

O’shanda saroy hayotidan chetlatgani uchun tanbeh kutgan Mir Alisher bu gapni eshitib, xotirjam bo’lgan edi. Mana, sakkiz yildan oshdiki, ustozi yo’q, do’sti yo’q. Mana, sakkiz yildirki, uning dil rag’batini tinglaydigan inson yo’q…

Uning gurung asnosida birdan qattiq xayol surib qolishiga o’rgangan davradagilar sukut saqlashardi. Mir Alisherning bu odati Hiriydagi har bir kishiga ma’lum  edi. Shogirdi bo’lmish Xondamirning «Amir bunday damlarda bizni zaminda qoldirib, samovotdagilar bilan suhbat quradilar», degan so’zi mashhur edi.

Mir Alisherning qaytib yerga tushganini sezgan davradagilar bir-birlariga qarab olishdi. Shoir gapni kelgan joyidan boshladi:
— Ha, bu niyat hazrati Mahdumi Nuran muborak safardan qaytgan damdan xotiramga tinchlik bermaydir. Ammo har safar shu maqsad tomonga yo’nalish niyatida   hozirlik ko’ra boshlasam, Sohibqiron mone’ bo’ldilar. Har safar bu monedan ranjimay, bo’ynimni egdim. Bul safar o’zlari yo’l farmoniki berdilar, o’zimiz ham   safar tadoriki uchun katta mablag’ sarfladik…
Shunday bo’lsa-da, «Mo»minlar qalbiga shodlik kiritish butun insonlar ibodatidan xayrlidir», degan so’z mulohazasi bilan sizdek ulug’lar iltimosini qabul  qilurmiz va fuqarolar manfaati uchun bu navbat ham o’zimizni bu istakdan qaytarurmiz.

Davradagilar xursand bo’lib, duo va hamdu sano aytishga og’iz ochdilar. So’ng poytaxt mudofaasini uyushtirish borasida zarur tadbirlar maslahati bo’ldi. Eng  avvalo Badiuzzamon mirzo huzuriga elchi jo’natish ma’qul deb topildi.

Ertasi kuni elchi yo’lga chiqdi. Badiuzzamon mirzo elchiga «Agar otamiz Sohibqiron Sulton Balx viloyati va Amudaryodan Murg’obgacha bo’lgan joylarni mening  iligimga topshirsalar, nomimiz xutbada tilga olinsa, qo’limizga qilich tutmasmiz», — dedi. Bu orada jadal yo’l bosgan Sulton Husayn mirzo qo’shini ham  dorulsaltanatga yaqinlashib qolgan edi. Ammo podshoh qo’shini mirzo qo’shiniga qaraganda juda oz edi. Vujud uchun sog’lom ko’ngil zarur bo’lganidek, mulk uchun  sog’lom podshoh kerak. Sulton Husayn Boyqaro esa aslan iligi to’q va kuchli vujudini may ichish ila erta qaritgan edi. Garchi u bir yilcha burun Mir Alisherbekka  «Hali qilich chopqillashga zo’rman», deb maqtangan bo’lsa-da, qarilikning ham dami qattiq deganlaridek, oradan o’tgan vaqt o’z ishini qilgan, endi podshoh bundan  buyog’i uchqur va o’ynoqi tulporda minib jang qilishga yaramas, Hirotga ham taxtiravonga kelgan edi. Shu paytgacha Badiuzzamon mirzo necha marta unga qarshi bosh  ko’targan bo’lsa, har safar Sulton Husayn o’g’lining ta’zirini boplab berib qo’ydi. Mana endi otasining qarilik zaifligini o’z yigitlik kuchining qudrati deb bilib, Hirot darvozalariga qadar qo’shin tortib kelishga jur’at qildi. Sulton Husayn Boyqaro na podshohlikka, na sarkardalikka qobiliyati bo’lgan to’ng’ich  o’g’lini bundan so’ng qilich zo’ri bilan yengmog’i mushkulligini botinan anglardi. Shu bois Mir Alisher bergan maslahatga quloq solib, Badiuzzamon tilagan  viloyatlarni berishga majbur bo’ldi. Saltanatning deyarli yarmi iligiga o’tgan Badiuzzamon mirzo endi qariyb podshoh edi, xutbada otasi bilan bir qatorda uning  nomi ham yodlana boshladi.

Ammo hali shahzoda Muhammad Husayn mirzo g’avg’osi tinchimagan edi. Otasi og’asiga qilgan marhamatini ojizlik deb bilgan shahzoda aql jilovini yo’qotib qo’ydi.  Oldingi gal podshoh poytaxt tashvishida uning isyonini daf etolmay, qaytib ketishga majbur bo’lgan edi. Alamzada Sulton Husayn Boyqaro yana Astrobodga qarab  jo’nadi. Shahzoda otasining juda qattiq g’azabga to’lib kelayotganini na og’asi Badiuzzamon mirzoga bo’lgan alamini ham undan olajagini anglab, qo’rqib ketdi.  Birinchi to’qnashuvdanoq, ahvoli chatoq bo’lishini sezgan shahzodaga otasi huzuriga elchi jo’natib, tavba qildi. Sulh xabarini eshitgan Mir Alisher Navoiy ham yosh  boladek quvondi. Koshki, bu so’nggi isyon bo’lsa-yu, saltanatda xotirjamlik cho’ksa. Yo’llar tinch, xavf-xatarsiz, shaharlar farxunda va to’q, fuqarolar hamjihat  bo’lsa…

Qari shoir ushalmagan orzusini o’yladi. Nahotki, orzusi armonga aylansa? Endi haj azimati qilmoqqa so’nggi kunlar battar yomonlashgan sog’ligi yo’l bermasligini  angladi. Angladi-yu, Makkaga borurmiz, deb umid tizginini uning eshigiga ilganlar, unga hamroh bo’lish maqsadida taraddud ko’rib yurgan faqiru bechoralarni haj  yo’liga chorlab, butun xarajatni o’z ustiga olishni bildirdi.

Bir necha kundan keyin Hirotdan chiqqan karvon Nishopur yo’li orqali mag’rib tomon yo’naldi, karvon boshida yo’rg’alab borayotgan eshakka mingan Xazon laqabli  qari darvesh shahar darvozasidan chiqqach, to’xtab hazrati Mir Alisher haqiga uzoq duo qildi-da, so’ng shoirning muborak safar ishqida bitgan baytlarini ishtiyoq  bilan kuylab yo’lga tushdi.

Menikim, bu savdo nizor ayladi,
Havas ilgida beqaror ayladi.

Ne imonki, topqay qaroru sukun,
Birovki, bu fikr etgay oni zabun.

Urarman qadam toki borguncha gom,
Ki, bo’lgay, muyasssar menga ushbu kom.

Agar bo’lsa bu yo’lda umrum talaf,
Chu bu yo’ldadir ul ham erur sharaf.

Va gar bo’lsam o’z nomima bahramand,
Zihi mulki jovidu baxti baland…

Karvonni kuzatishga chiqqan Mir Alisher shahar darvozasiga yetdi-yu, ortiga qaytdi. U go’yo shahar darvozasidan chiqsa, o’zini to’xtata olmay, karvonga qo’shilib  ketadigandek holatda edi. U mahzun kayfiyatda Unsiyaga qaytdi va «Vaqfiya»ni varaqlab, ko’ngil bayoni bitilgan satrlarni shivirlab o’qiy boshladi. «Emdikim  hayotim gulshanining bahori xazonga yetishdi va gulshanda ochilg’on yigitlik gullari to’kila kirishti. Savzasi tabiat havosi burudatidan oqardi va lolasi quhulat  sovuq nafaslaridan sarg’ardi, sunbuli serobi marg’ulalaridan tob ketti va niholi sarbalandi ajal sarsaridan fano tufrog’iga yiqilurg’a yetti. Ul hazratning  (ya’ni Sulton Husayn Boyqaroning) muabbad davlatidan va ra’fe himmatidan ko’nglumga kechmagan komlarga komgor bo’lubman va tushimga kirmagan maqosidga iqtidor topibman. Ikki orzu rishtasidan o’zgakim, girihi ko’nglum pardasidin yechilmadi va ikki murod g’unchasidin o’zgakim, tuguni jonim gulshanidin ochilmadi.

Ammo umidim uldurkim, bu ikki umidim mevasidin dag’i borumand va murodim budurkim, bu ikki murodim gavharidin dag’i sarbaland bo’lg’aymen va bu orzumandlig’  xor-xorining tikani ko’nglumda sinmag’ay va bu murod gavharining yog’ini qatradek tufroqqa eltgaymen…
…Bu mazkur bo’lg’on ikki orzudin biri muborak safardurur…»

Shu satrga yetdi-yu, Mir Alisherning bo’g’ziga tosh tiqilgandek bo’ldi, beixtiyor ko’zlari namlandi. E voh, bu orzusi armonga aylandi.

Navoiy, Ka’ba zikrin qo’yki, bir dayri fano istab,
Zohabno vodiyal – maqsad, vojadno mohuvan – maqsud…

Botn va alamli o’yga botgan keksa shoir Shayx Mo’min Sheroziy haqida bitilgan rivoyatni esladi. Emishkim, Ismoil Dobbos ismlik kishi haj niyatida yo’lga chiqib,  Sherozga yetmish. Bir masjidga kirsa, Shayx Mo’min Sheroziy hirqasini yamab o’tirganmish. Ismoil Dobbos unga salom berib, hol-ahvol surishtirgan ekan, Shayx Mo’min. «Ne niyating bor!» – deb so’rabdi Ismoil Dobbos. «Haj niyatim bor!» deb javob beribdi.

Mo’min yana so’rabdi: «Onang bormi?». «Onam bor», — debdi Ismoil Dobbos. Bu javobni eshitgach, Shayx Mo’min Sheroziy qo’lidagi xirqasini chetga qo’yib, aytibdi: «Onang huzuriga bor, unga mulozamat qil!». Bu so’zi suhbatdoshiga yoqmaganini payqab, yana aytibdi: «So’zim yoqmadimi, ey, Ismoil Dobbos! Men ellik marotaba bosh yalangu oyoqyalang, biror-bir hamrohsiz haj qildim. Mana shu hajlarim savobini senga berdim. Sen onang ko’ngli shodlini menga ber!»

Mir Alisher har gal bu rivoyatni eslar ekan, ko’ksi qalqib ketardi. Bu gal ham shunday bo’ldi. «Bechora onam tirik bo’lsayki, mulozamat qilib, ko’nglini shod  etsam», — deb o’ylardi u. Ammo nogohoniy bir fikr dilini ravshan etdi. «Yo’q, yo’q, mening onam bor. Onam menga til va dil bergan turkiy xalqim, shu ulug’  millatim. Koshki uning dilini shod etsam, umrim bitguncha uning xizmatida bo’lsam…»

1990

022

(Tashriflar: umumiy 4 174, bugungi 1)

1 izoh

  1. Бўлғуси журналистлар, ёш ижодкорлар учун маънавий сабоқ бўладиган ушбу бадиани тақдим этгани учун «Уч илдиз» маҳорат мактаби жамоаси номидан самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

Izoh qoldiring