Feruza Xayrullayeva. She’rlar

077    Ассалому алайкум, устоз! Сизга дўстим, гўзал шоира Феруза Хайруллаеванинг шеърларини юборяпман. Феруза кучли ижодий имкониятларга эга ​ шоир. Шеърларида ичкин руҳий яхлитлик, теранлик бор… Тўғри, услуби ҳали силлиқ эмас, тилда ҳам дағалликлар кўп. Лекин Ферузанинг ижодий қувватига ишонаман (Тилланисо​ Эшбоева мактубидан).

Феруза Хайруллаева
ШЕЪРЛАР
045

   Феруза Хайруллаева 1993 йил Самарқанд вилояти Пайариқ туманида туғилган. ЎзМУ журналистика факультети талабаси, “Ҳуррият” газетасида ишлайди. Шеърлари мамлакат матбуоти ва адабиёт сайтларида эълон қилинган.

****

Тинч ухлаяпсан, юрагинг сокин. 001
Бироқ, биласанми айни дамда мен,
Сенга айтар сўз излаяпман-
Ҳеч ким айтмаган.
Бегонанинг кўзи тушмаган…

Тоғлар бош олиб кетди қишлоғимиздан,
Энди анҳор қуриб,
Гуллар очилмас.
Бироқ айни дам сўз излаяпман.

Айблама, биламан, бу бешафқатлик
Бироқ ёзнинг чилласида ҳам,
Чидаш мумкин чанқоқликка,
Очликка,
Аммо сенсизлик!..

Мен сўз излаяпман,
Сени олиб қолгувчи
Оғир хасталикнинг оғир қўлидан…

ЁМҒИР

Ҳозир кўз ёшлар ортиқчалик қилар,
Гуллар қийғос очилган маҳал.
Айни апрел — ёмғир шитирлар,
Эслатиб онамнинг шип- шип қадам товушларини.

Отам бундай кунлари
Шафақни ҳайдарди тоғнинг ортига,
Сўнг, чўпонга айтарди: “Тезроқ бўл,
Тун келяпти меҳмонга!“

Печка гурилларди шундай кунларда,
Шамол увилларди
ичкарига киролмай халак.
Уй ичи эса тўлиб кетарди
Отам айтиб бергич ривоятларга.

Ташқарида эса
ёмғир ёғарди…

***

Бетоқат қилади нигоҳларим-ла
Деворларга илиб қўйилган исм.
Тўрт томоним У…
кутаётган умримга қараб
жилмаяди иложсиз қайғу.

Тўхтаб қолган вақтимга ўхшаб
битта жойда депсинар журъат —
Қон сочилар товоним қадар…

Соялар пастлар таборо
кўзимга,
кўзимга қуйилар яна.
худди кечагидек
ичиб қўяман хотираларни…

Товушлар тебранар
Бир олий мусиқа таралар.
Ақлдан озиб йиғлай бошлайди
Ичимга қамалган азалий
Йиғи!

Мен эса ҳамон хона ичида.
Мен эса ҳамон хона ичида
Қамалиб бораман ўзимга томон!

УЧЛИКЛАР

***

Ой — кўзларимнинг оқи
кўзларимни юмаман, зумда
Қоронғуга бўялар осмон.

***

Яноғимга босаман ойни
сўнг ўпаман пешонасидан.
йиғлаб юборади бирдан дераза!..

***

Ҳирс илади балдоғимга кўз.
Ўрмалайди бўйнимга гуноҳ —
Мен жазоман энди бутунлай!

***

Эшиги очиқ ибодатхонанинг.
Будда ўтиради санолар кутиб
тоғ чўққисида.

***

Кичкина қишлоқча ичида қизча,
Гул теради онаси учун,
Ерга таъзим қилиб ҳар сафар.

***

Деворга илинган мих,
Кўтаради кучи борича,
Ёмғирда ивиган бахтни.

***

Оталар китобин ёққани учун,
Ўзининг қўли-ла бердинг жазосин –
Бировнинг йўлига қазияпти чоҳ…

***

Баҳорий нафаслар ўтиб кетганин,
қайдан билсин, қишда,
Қафасда сайраган қушча…

***

Бўғзимга бир ҳовуч чўғни соламан,
куйдириб ўтади саботларимни —
қон кўринар қорачиғимда.

Куйдириб боради изҳорларимни –
вужудимга ёйилар олов,
Олов оқар томирларимда!

Куйиб битар хонумоним,
Куйиб кетар бутун жаҳоним.
Бўғзимга бир ҳовуч чўғни соламан.

Кетишинг эшитган заҳоти
Айтмаслик учун
“Хайр“ деган машъум бир сўзни!..

***

Болалик чоғимда
раҳматли бобом
ҳовлимиз ортида турган қирларни
кўрсатиб дер эди:
“Мана шу қирлар
бир кун тоғ бўлар!
Агар одамлар
устига чиққанча тепкилашмаса“.

Қўлтиқ таёғида қийналмай юриб
(мен шундай ўйлардим ҳар ҳолда),
қирнинг этагига элтарди мени.

“Қара“, — дерди, жимирлаб турган
жимитдай булоққа ниқтаб бармоғин.
-Мана шу булоқ,
ҳаммага етар,
агар одамлар,
Бўғиб қўймасалар ёшли кўзини…

Бу гапларга анча вақт бўлган.
Булоқ қуриб битди,
Бобом ҳам…
Қирлар нима бўлди дерсиз,
Қирла-ар!
Қирларни соғинаман!
Бироқ, боргим келмайди
қишлоққа сира.
Борсам йиғлатар-
Ўз бўйидан ошмаган қирлар!..

****

Оёғини узатар кеча,
Изтиробин соча бошлар кўк.
Сочларини ёйиб олганча
шамол кезар — сочбоғичи йўқ.

Тўлғонади кўча овози,
Деворимда рақс этар қўрқув.
Осий бир дард кўксимни ёриб
хона узра «ув» тортади «ув»!

Кўзим инграб кетади бирдан,
Эриб битар шамнинг ёлқини.
қаердандир бостириб кирар
Гуноҳларнинг кўм-кўк шовқини.

Парчаланиб кетади хона,
Парчаланиб кетади вужуд!
Бўйнидаги гуноҳни отиб
Чинқиради чидолмай сукут!

Ой юлиниб қочмоқ бўлади,
Гоҳ дарахтлар ўқталар найза.
Сўнг тўсатдан тўхтаб қолади —
Борлиқдаги жамики нарса…

Оқаради осмоннинг юзи,
Танобини тортиб олар тун.
Азоннинг илк товуши билан
Зулмат ўйга ясалар якун!

МОНОЛОГ

Финжон синди.
Чой ичаётсам —
чил -чил.
Оғриқли товуш.
ёқимли товуш.

Худдики, келмайдиган ёрни
кутётган кўнгил
Келмайдиган ёрнинг исмин эшитгани каби
ёқимли.

Кўзларим соғинчга айланиб кетган-
Келсанг -кўрасан.
Сийраклашиб қолган киприкларим ҳам…

Дарвоқе, финжон.
Йиғиб олиш керак
синиқ парчаларини.
бармоғимни тилмас ўткир қирраси.
Бироқ уни териб олгани
қўлларим қани?!.

****

Сут қўшади тунимга аёл
зум оқарар дунёйим далли.
Кўзларингни авайла дея
чумчуқчалар берар тасалли.

Майсаларни сийпалар қуёш
лаб босади гул япроғига.
шабнамлари дув-дув тўкилар
Араз қилиб тун фироғига.

Нур қуйилар дарахт шохига
Япроқларда шивирлайди куй.
Шамол олис тоғнинг лафвзини
олиб елар — саломи — хушбўй.

мовий осмон турар тикилиб,
Кўзларимга ошиқ бўлгандай
Тангрим, бундай ишқингни кўриб
Сабоҳларга айлангим келар!

****

Тўкилмади офтобнинг ранги,
илдизларга югурмади қон.
титраётган — дарахтнинг лаби
қушчаларга кўчди ҳаяжон.

Бир ишқ бўлиб кўтарилди кўк,
бир ишқ бўлиб чўкиб кетди ер.
Товушларга дўнган муҳаббат
шамол бўлиб изиллади: «Кел!»

Эшитмади, лек бирор кимса —
гуноҳларнинг ҳаволари зич.
Поклик бўлиб улғайди майса,
Асраб қолар энди қайси куч?!

Қўрқув ўсди тоғларга дўниб,
адирларга тарқаб кетди руҳ!
Зарраландим лаҳзама-лаҳза
Мени териб олмайсанми Нуҳ?!

****

Мен қўрқувни яхши кўраман,
Ва сезаман унинг ишқини.
Куйик ҳиди келар атрофдан —
рашкдан ёнар ёндош қўшнимиз.

Бу уйларнинг шифтлари баланд,
одамларин пастлиги каби.
Бу уйларнинг девори юпун —
эгнимдаги кўйлагим каби…

Жим чўкаман оқшом бағрига,
Хувиллайди кўчада зулмат.
Мени тутиб олар қайдадир
Муҳаббатга лим тўлган суҳбат…

Чироқ ақлим олар дафъатан,
Яқин боргум очиқ кулбага
мўралайман дераза оша
(Телбаларга бу ҳам томоша!)

Соя кезар хона ичида,
Қўлларида ғамнокли қуйқа.
Хира тортган деразасидек
Эгнидаги кўйлаги юпқа…

Мен қайтаман оғир тин олиб,
Қадам оғир, нафаслар оғир.
Бу шаҳарнинг кунлари каби
кўз ёш оғир, бардошлар оғир.

Мен йўқолиб боравераман,
шифтга тикик кўзларим ичра.
Куйик ҳиди келар атрофдан —
Бу шаҳарнинг кунлари қуйқа!..

****

Бугун ўзимдан айро менсизман.
Кўзимда қорайди тунлар.
Оғир тан олдим — сенсизман!
сенга кераксиз мендаги сўзлар…

Менинг борлигимни
Унутганингдек
Эслама қайғунинг
мавжудлигини!
Мен ҳам унутаман
Юрак аслида, бутун бир дунё —
вужудлигини!

Айблама ўзингни,
Айбдор ўзим.
чегарачи бўлишни ўйламаган,
чегара борлигини ўйлаб кўрмаган
Сарҳадсиз коинот боласи эдим…

Кетсам, асра ўзингни
асраганинг каби
Ишқингни мендан!
Мен эса Чексиз сўрайвераман
Бахтли бўлишинг,
Сени сўрай олмаган
Худойимдан!

***

Ҳар кун…
Чиққилайди соат борича,
Ясолмайди ўзидан бахтни.
Ирғитаман ўргимчак каби
Билагимга илашган вақтни.

Ҳаёлимга чўкаман оғир,
Курагимга савол ботади.
Тиз чўкаман юракка охир –
Ва кўксимдан тонглар отади.

Қуш тилида сўзлар кўзларим,
Ҳовучимга тўлади исминг.
Кўзёшимга инади титроқ,
Йўлга дўнар савдойи жисмим…

Шунда гуллар ойнинг нигоҳи,
Деворларга забон битади.
Ва дарахтлар уйқу аралаш
Кўзларимга кириб кетади.
Ҳар тун…

ОРЗУ

Менга қўйсалар эди,
дарднинг борини,
Самога юлдуздек сочар эдиму,
Томоша қилардим олисдан туриб.

Менга қўйсалар эди,
бахтнинг борини,
Заминга экиндек экар эдиму,
Омоч тутар эдим деҳқонга дўниб.

Менга қўйсалар эди,
севги сўзини
Юракка қаламни ботирардиму,
Гуллатиб қўярдим қиш чилласида…

ТОНГГИ ЭРТАК

Сўзланиб бўлинган кечаги эртак,
Янги ҳикоятлар сеҳрдан йироқ.
Тугмача ушлаган қизалоқ учун
Ясалар қўғирчоқ – меҳрсиз ўртоқ.

Қадим қўшиқлар ҳам куйланиб бўлган,
Кўзларга туйғуни илмас энди куй.
Ҳайёмий оловнинг оташи сўнган,
Соқий, қадаҳ тўлмас шаробингни қўй.

Битилган мисралар қоғозга кулгу,
Осмоний ҳислар ҳам ер-ла қоришиқ.
Меҳрни елкада олиб элтгувчи,
Қушлар учолмайди – қанотлар синиқ.

Ва баланд, ойнаванд бинолар ичра,
Ер ҳидин унутган одамлар шодон.
Қўшиқлар унутдир, эртаклар унут,
Кечалар бедормас, нафаслар равон…

Фақат шаффоф битта иморат ичра,
Сеҳрли эртакни қумсаган қизнинг
Самода чарх урган ёлғиз бургутдай,
Ҳар кеч тушларида бўзлайди кимдир:

“Бу қандай кўргулик, бу не жазодир —
Муҳаббат юлинган, юраклар ямоқ!
Туйғулар занжирбанд, гуноҳлар қолиб,
Ё раб, банданг қурмиш қалб учун қамоқ?!

Бу қандай кулфатдир, бу қандай жазо —
Инсоний қийматлар рақамларда жо.
Садоқат эсланмас, оқибат унут,
Оламга одамни қайтаргин, Худо!”

Сеҳрли эртакни қумсаган қизнинг,
Ҳар кеч тушларида бўзлайди кимдир:
Нафаси жизғанак қилиб қуёшни
Кетиб бораётир ишқсираб шоир…

***

Отам денгизларни кўрмаган ҳали,
Онамнинг тушига кирармиш уммон.
Икки жон ҳаваси юрагим ўйиб,
Тўлғониб кетаман тушларда ёмон.

Мен қандай ёмонман, мен қандай ёмон,
Кўксимда бир гул ҳам унмайди – қақроқ.
Отам далаларга сепганда буғдой,
Онамга келтириб берар қизғалдоқ.

Ҳамон яшаяпман осмон остида,
Бугуним, эртамдан кўнгил жуда тўқ.
Онам тушларига кириб чиқаман,
Отам соғинчинг адоқлари йўқ.

Мен бунда қидириб юрган муҳаббат –
Онам кўзларига сиғолган кенглик.
Аламим келяпти, алам қиляпти,
Дунёда ҳеч қачон бўлмаган тенглик!

Бўлмаса мен ҳам яралармидим,
Отамга қиз бўлиб, онамга — борлиқ.
Яралмасмидим, тенглик бўлганда,
Бир бошоқ бўлибми, қизғалдоқ бўлиб!

О, мени дунёга туташтир,Тангрим,
Юрагим уммонга айланиб кетсин.
Отам тўлқинларни кузатган онда
Онам юзларини уммонда ювсин!

ПОРТРЕТ

Бу зиндон,
Зиндонлигини ўзи ҳам билар.
Тўрт девор ичида яшар
Минг йилдан буён.

Бу зиндоннинг билгани фақат,
Занжирлар ранги, нам тупроқ иси.
Яралганидан буён бирор кимсанинг
Босилмаган бирорта изи…

Зиндон қуёшни кўрмаган,
Фақат, ҳар саҳар
Жуда, жуда майин қўллар
Деворларини сийпалаб ўтар…

Қиладиган иши йўқ унинг,
Нураб боришдан бошқа.
Дарвоқе, у яна
Саҳардан сўнг саҳар кутар…

***

Кенг дашт узра ойнинг остида,
Бўз бўри ғажийди ўлжасин.
Ялтирайди ўткир тишлари,
Ой ёруғида ханжар сингари.

Ўлжа ҳис қилади аввал тишларнинг
Бўлиқ баданига ботиб боришин.
Сўнг хирқироқ товуш остида,
Оғриқ сезар,
қисирлайди қовурғалари.

Ҳузур қилаётган бўридан
сал нарида турган шоқолнинг
кўринади фақат кўзлари…

Барча деразалар чироғи ўчгач,
Чироғи ўчмаган хонамга ҳар кеч,
Бўридек бостириб кирар ҳижронинг…

***

Кузнинг адоғида адо бўлган дил,
Қишга етиб бормай жон берганида,
Мен ғариб азасин тутмадим унинг,
Баҳорим кафтимдан ғам терганида.

Хонамга ичкари қулфларни урган,
Ичкари – дунёдан безиган тақдир.
Дераза рахида гулларим сўлган,
Дераза рахидек қирсиллар бағир…

Ўткинчи, ўткинчи бари, азизим,
Ахир ёмғирларда қолди дарахтлар!
Кўчаларда эса кезиб юрибди,
Ёмғирда ивиган эгасиз бахтлар.

***

Суратларингни ёқиб юбордим…
Мусиқа тингламай қўйганман
аллазамонлардан буён.
Кўз ёшларимни қайта — қайта
ичкарига қамайверяпман.
Яна…
Яна яшаяпман!
Нафас олгим келмаса ҳам,
Яшайверяпман!
Осмонни яқин қилиб қўйдим,
Ерни юмшоқроқ.
Армоннинг номини сочимга боғлаб,
Жамалак қилволдим ярашмаса-да!
Соатларга қарамаяпман,
Ойнанинг юзига дастрўмол ёпиб,
Суратларингни,
суратларимизни юбордим ёқиб…
Унутмаслик учун Сени ўлгунча…

***

Ишонч нима – биласан яхши,
Иймон билан қўлинг туташган.
Аммо сўзга келганда нега,
Ёзаяпсан ҳануз кўп нуқта?

Имлаяпсан, ундовлар қатор,
Менга етар қадди букилиб.
Сабр десам пешонамнингми,
Чизиқлари кетди тўкилиб.

Сендан олис менга кўп азоб,
Мендан олис билмайман қандай?
Аммо унсиз кошонанг ичра
Сўзсиз одам, қандайин яшай?!

Мен кетмадим кўнглимдан қочиб,
Бирни суйдим, минглари гувоҳ.
Фақатгина сўзинг кутгандим-
Индамадинг – сўзсизлик–
Гуноҳ!

***

Сени юрагимга яқин олмасам,
Кўзимни «чирт» юмсам бедор чоғингда.
Тутган гулларингдан юзимни бурсам,
Бир бора ўтмасам беҳишт боғингдан,
Айблама!

Йиллар ўтаверса менинг ёдимдан,
Йиллар ўтаверса менинг ёнимдан,
Йиллар ўтаверса менинг ёдим-ла,
Чўмгин сукутга!

Соғинчга сўз демай, сўз бермай яша,
Кўксингга тақиб ол ёрқин юлдузни.
Ҳар тонгда қуёшни ёнингга чорлаб,
Нурига кўмил-у, сўзин тинглама!

Кузакка қарама – унда мен борман,
Соябон тутиб ол — ёмғирман, қорман.
Мен ўша – бир кўриб ўлмоққа зорман…
Лекин, излама!

НАФИСА ОМОНГА

1.
Сен ўтган йиллар аро,
Бугун менинг кўнглим чок.
Опа, сенинг умрингга
Менинг умрим кўзмунчоқ.

Сенинг қаддинг тик, кўнглинг
Ундан кўра баландроқ.
Шунга севги мўлроғ-у,
Шунга ашкдан сал кўпроқ.

Олисланган юракка,
Малҳам – яқин дейдилар.
Опа, бошқасини қўй,
Кўзлар нима дейдилар?

Эсингдами, Регистон,
Эсингдами, Бухорий.
Мен кеча йиғлаб чиқдим,
Соғинч бунча ёввойи?!

Ҳар кеч тўккан ёшларда,
Аямизнинг исми бор.
Сен қардошда,мен бунда,
Демак, Аллоҳ изми бор!

Фақат узо-оқ куттирма,
Араз қилиб оламан.
Сен энг яхши опасан,
Мен кўзмунчоқ бўламан!

2.
Мен барисин биламан, опа,
Не эканин соғинчнинг иши –
Юрагингнинг қақроқларидан
Кўзёшларнинг шўрлаб кетиши…

Сени яхши биламан, опа,
Ҳаётингдан ўтиб яшайсан.
Менга ёққан бир кулгу учун,
Мингта ғамни ютиб яшайсан…

Ўзинг шамол, ўйларинг шамол,
Соғинганман мен томон елгин.
Сени тумор қилдим юракка,
Кўзмунчоққа айланиб келгин!

Кулгуларинг кераклиги рост,
Кулрангланган тийра дунёга.
Кулиб қўйгин, бепарво қараб
Одамга ва одамгўёга!..

Кулгуларинг кераклиги рост,
Кулрангланган тийра дунёга.
Туйғуларинг оқлари ҳақи,
Сени яхши кўраман, Опа!

***

Яхшиям сиз борсиз, менинг андуҳим,
Кўкда учиб юрган қанотим қийган.
Ёлғончи рўё деб юрганда кўнглим,
Заминнинг бағрига йўлимни бурган.

Яхшиям сиз борсиз, қувончсиз кунлар,
Кўзим қаро бўлган – сиздан миннатдор.
Онамнинг кўйлагин ҳидини туйган,
Елкасини суйган бошим миннатдор.

Яхшиям сиз борсиз, қадим оғриғим,
Симиллаб тургувчи кўксимни тирнаб.
Мен кетиб боряпман, оғриқдан шошиб,
Ёлғиз табибимга кўнглимни боғлаб…

Яхшиям сиз борсиз…

***

Баҳор қолди менинг ёдимда,
Эсимда йўқ, лек қачонги йил.
Жаранглайди қулоқларимда:
«Мендан кечиб кетгин-у, севил!»

Сени шунча сўрармидим-а,
Ҳатто дийдор бўлмади насиб.
Мени шунча севармидинг-а,
Ўзинг — адиб, ўзинг — мунаққид.

Йўллар қилди ёғийлик бизга,
Олисланди биздан кўчалар.
Кутавердик тонг отишини
Деразага тутиб пардалар…

Юрагимда сен беролмаган,
Гулларингнинг алвон ранглари.
Курагингда мен теролмаган,
Гулларимнинг тиконзорлари…

Қийнаб борар кунларимизни,
Менда адо, сенда ибтидо.
Қайсланар кўнгиллар бир зум –
Яна баҳор келмоқда,
Аммо…

***

Р.га

Уни таърифлаш қийин дафъатан,
Кўринишдан одамлар каби.
Фикрлайди фақат ўзгача
ва ЯШАЙДИ –
Баландроқ таъби.

Кўзларига чўккинг келади,
Меҳр билан қайғу қоришиқ.
Муҳаббатнинг синовларида
У – синмаган савдойи ошиқ!

Кетаверар бетартиб йўлда,
На дарахт бор ва на ўриндиқ.
Бирор шодлик учрамас бунда,
Эшитилмас бирор хўрсиниқ…

Жим кетади, ларзон кетади,
Кетишида саловатлар бор.
Армонлар борнигоҳларида,
Кулолмаган ҳаловатлар бор…

Жим кетишнинг ниҳояси бор,
Тун арийди, ёришади кўк…
У – бир осмон, ета олмайман,
Учай десам қанотларим йўқ!

ОҒРИҚ

Тугаб битар бахтнинг эҳсони –
У – кечиккан қадим йўловчи.
Отилмаган милтиқ елкалаб,
Ортга қайтар ўлжасиз овчи.

Йўл қолмаган,
Ўрмонлар ёнган,
Ҳар қадамда жизғанак оғоч.
Куппа-кундуз овчи қайтади
Қорни эмас, йўқ, юраги оч!

Ул бевафо ёри ёдини,
Битта-битта ўққа жойлаган.
Ўша кундан буён милтиғи
Отилмаган, лекин мойланган…

Овчи кутар ўша лаҳзани –
Ёри қайтар – ўқ отилади,
Бўлар ҳаммаси тамом…
Овчи кутар ўша лаҳзанинг
келмаслигин билиб турса ҳам!..

ИҚРОР

Само томон қўлим муаллақ,
Титроғидан адашди киприк.
Нилуфарга айланиб олиб,
Қайғум аро шодлигим тирик!

Суратингга тикилиб туриб,
Яшаб берди минг йиллар туйғу.
Ўшанда ҳам кулиб турганча
Яна минг йил яшадим – май — бу!

Кучга тўлдим,чўққилар қолиб,
Юксакласа тупроғингда тан.
Мен дарахтдай яшагим келди,
Замин ахир дарахтга ватан!..

***

Мен келиб бу дунё дардга тўлганмас,
Бунчалар айблама оғриқларингга.
Юрагим жайрондир – гапимга кирмас,
Ўрганган ўзининг тоғликларига.

Сен унда “кел”, дегич истак қидирма.

Кўнглингни тутмагин, кафтларим совуқ,
Мен асли нигоҳдан безор тун қизи.
Ишқнинг отган ўқин қуёшга кўмдим,
Қара, осмонларим ҳануз қирмизи.

Муз кўнглим эритгич зиё қидирма.

Тақдирим фолбиннинг қарталарига,
Чизилган эмас, эҳ, фолингни қўйгин.
Кўнглимни Худодан бошқаси очмас!
Қулф солиб, калитин унутиб қўйдим.

Бандаси тополмас, сен-да уринма!

***

Ёзиғимда  сенсизлик тақдир –
Кўзларимдан юлдузлар оқди.
Мухаббатим бир тонг саҳарда,
Чўлпон бўлиб милтираб боқди!

Энди ҳар тонг уйғониш азоб,
Ҳар тонг қуёш бахтимни ёқар.
Вайрон бўлган дил ойнасидан
Кўнглим етим боладек боқар.

Энди сенсиз ойнинг қўллари,
Сочларимга етолмай карахт.
Ўчиб борар суратларимдан
Ўнглар менга беролмаган бахт.

***

Узр сўрайман,
Дардларимни сизга айтмаганим учун!
Мени яқин олганларим,
Менинг яқин олганларим.
Мен яшаб келдим,
расм чиздим,
гул ўстирдим,
китоб,
яна шеър ўқидим.
Йиғладим,
Кулдим,
Ибодат қилдим,
гуноҳга ботиб илдизни кесдим.
Касал бўлдим,
сизни йўқладим,
гоҳи
қудуққа тушган тошдек йўқолиб,
ё
капалак бағрида қувончни топиб,
ва яна
йиқилдим тиззалаб.
Юрдим тик бўлиб,
кўзларга боқиб,
Яшадим мен фақат Феруза бўлиб!
Наҳот айтмаган бўлдим,
Шунда ҳам дардим?!
Дўстларим…

***

Кўзлар уммонида адашган қайиқ —
Сузиб бораётган дарди бесабр,
Сарғайган барг каби алданган умид,
Сирот қаршисида тўкилган абр…

Ботгувчи киприклар ёшларга доя,
Бир бора осмонни қучмаган вужуд.
Қўлларнинг учида сал тетапоя,
Гуноҳлар қадами илкдаёқ собит!

Гуноҳлар,
Гумрохлар,
Гунг оҳлар,
булар –
Ҳаммаси кўпликда, ҳеч эмас якка.
“лар”ни олиб ташлаб бўлмайди,
Яна,
“лар”ни кўзларини чўқимас хакка…

Уммоннинг адашган қайиқларида,
Чўкади сувликка интилган одам.
Қутқармас солда ҳам ётиб кўрмаган,
Одамнинг дардини билмаган одам!..

СЎЗ ИЗЛАБ…

1.
Бойчечаклар қирлаган тонгда,
Қалб эшиги очилмиш қия.
Чақмоқланиб кўнглим қаърида,
Тоғ уйғонди, «Тирик сўз» дея!

Қалқиб кетди жимлик жасади,
Жарангидан кар бўлди дунё.
Йўлга тушдим тирик сўз излаб,
Дедим: «Энди, ҳиммати Худо!»

Осон бўлмас, сезиб турибман,
Кўприкларсиз дуч келар дарё.
Нигоҳимга тиргак тутади,
Пориллаган юлдузли само…

Кўринмагай кулгу ёқаси,
Лек ҳасратнинг кўйлаги ёниқ.
Қай эшикни қоқмай, дейишар:
“Ёпиқ,
Ёпиқ,
Ёпилган,
Ёпиқ!”

Бироқ, ортга қайтмайман сира,
Майли, жисм-у жоним толади.
Бир кун бизни асраса, фақат,
Тирик сўзлар асраб қолади!

Топгунимча йўл юраман, йўл,
Йўл – тириклик истаги, урфон.
Катта йўлга отландим, мени,
Ўзинг қўллаб тургин, Художон!

2.
Қайсарланар англанилган ўй,
Маошимни бутун ҳолича,
Тиланчига узатиб шодон,
Қолиб кетди гулнинг лабида…

Тирик сўзлар гул япроғида,
Борлигини этганда аён,
Юрагимда қилди тантана,
Ўсаётган тоғ бесарамжон.

Неча йиллар гулни тингладим,
Шавққа тўлиб ҳикоятидан.
Кутинг, энди эшиклар қоқиб,
Сўзлаб бергум гул ҳаётидан!..

0077Assalomu alaykum, ustoz! Sizga doʻstim, goʻzal shoira Feruza Xayrullayevaning sheʼrlarini yuboryapman. Feruza kuchli ijodiy imkoniyatlarga ega shoir. Sheʼrlarida ichkin ruhiy yaxlitlik, teranlik bor… Toʻgʻri, uslubi hali silliq emas, tilda ham dagʻalliklar koʻp. Lekin Feruzaning ijodiy quvvatiga ishonaman (Tillaniso Eshboyeva maktubidan).

Feruza Xayrullayeva
SHEʼRLAR
045

Feruza Xayrullayeva 1993 yil Samarqand viloyati Payariq tumanida tugʻilgan. OʻzMU jurnalistika fakulteti talabasi, “Hurriyat” gazetasida ishlaydi. Sheʼrlari mamlakat matbuoti va adabiyot saytlarida eʼlon qilingan.

***

Tinch uxlayapsan, yuraging sokin.
Biroq, bilasanmi ayni damda men,
Senga aytar soʻz izlayapman-
Hech kim aytmagan.
Begonaning koʻzi tushmagan…

Togʻlar bosh olib ketdi qishlogʻimizdan,
Endi anhor qurib,
Gullar ochilmas.
Biroq ayni dam soʻz izlayapman.

Ayblama, bilaman, bu beshafqatlik
Biroq yozning chillasida ham,
Chidash mumkin chanqoqlikka,
Ochlikka,
Ammo sensizlik!..

Men soʻz izlayapman,
Seni olib qolguvchi
Ogʻir xastalikning ogʻir qoʻlidan…

YOMGʻIR

Hozir koʻz yoshlar ortiqchalik qilar,
Gullar qiygʻos ochilgan mahal.
Ayni aprel — yomgʻir shitirlar,
Eslatib onamning ship- ship qadam tovushlarini.

Otam bunday kunlari
Shafaqni haydardi togʻning ortiga,
Soʻng, choʻponga aytardi: “Tezroq boʻl,
Tun kelyapti mehmonga!“

Pechka gurillardi shunday kunlarda,
Shamol uvillardi
ichkariga kirolmay xalak.
Uy ichi esa toʻlib ketardi
Otam aytib bergich rivoyatlarga.

Tashqarida esa
yomgʻir yogʻardi…

***

Betoqat qiladi nigohlarim-la
Devorlarga ilib qoʻyilgan ism.
Toʻrt tomonim U…
kutayotgan umrimga qarab
jilmayadi ilojsiz qaygʻu.

Toʻxtab qolgan vaqtimga oʻxshab
bitta joyda depsinar jurʼat —
Qon sochilar tovonim qadar…

Soyalar pastlar taboro
koʻzimga,
koʻzimga quyilar yana.
xuddi kechagidek
ichib qoʻyaman xotiralarni…

Tovushlar tebranar
Bir oliy musiqa taralar.
Aqldan ozib yigʻlay boshlaydi
Ichimga qamalgan azaliy
Yigʻi!

Men esa hamon xona ichida.
Men esa hamon xona ichida
Qamalib boraman oʻzimga tomon!

UCHLIKLAR

***

Oy — koʻzlarimning oqi
koʻzlarimni yumaman, zumda
Qorongʻuga boʻyalar osmon.

***

Yanogʻimga bosaman oyni
soʻng oʻpaman peshonasidan.
yigʻlab yuboradi birdan deraza!..

***

Hirs iladi baldogʻimga koʻz.
Oʻrmalaydi boʻynimga gunoh —
Men jazoman endi butunlay!

***

Eshigi ochiq ibodatxonaning.027
Budda oʻtiradi sanolar kutib
togʻ choʻqqisida.

***

Kichkina qishloqcha ichida qizcha,
Gul teradi onasi uchun,
Yerga taʼzim qilib har safar.

***

Devorga ilingan mix,
Koʻtaradi kuchi boricha,
Yomgʻirda ivigan baxtni.

***

Otalar kitobin yoqqani uchun,
Oʻzining qoʻli-la berding jazosin –
Birovning yoʻliga qaziyapti choh…

***

Bahoriy nafaslar oʻtib ketganin,
qaydan bilsin, qishda,
Qafasda sayragan qushcha…

***

Boʻgʻzimga bir hovuch choʻgʻni solaman,
kuydirib oʻtadi sabotlarimni —
qon koʻrinar qorachigʻimda.

Kuydirib boradi izhorlarimni –
vujudimga yoyilar olov,
Olov oqar tomirlarimda!

Kuyib bitar xonumonim,
Kuyib ketar butun jahonim.
Boʻgʻzimga bir hovuch choʻgʻni solaman.

Ketishing eshitgan zahoti
Aytmaslik uchun
“Xayr“ degan mashʼum bir soʻzni!..

***

Bolalik chogʻimda
rahmatli bobom
hovlimiz ortida turgan qirlarni
koʻrsatib der edi:
“Mana shu qirlar
bir kun togʻ boʻlar!
Agar odamlar
ustiga chiqqancha tepkilashmasa“.

Qoʻltiq tayogʻida qiynalmay yurib
(men shunday oʻylardim har holda),
qirning etagiga eltardi meni.

“Qara“, — derdi, jimirlab turgan
jimitday buloqqa niqtab barmogʻin.
-Mana shu buloq,
hammaga yetar,
agar odamlar,
Boʻgʻib qoʻymasalar yoshli koʻzini…

Bu gaplarga ancha vaqt boʻlgan.
Buloq qurib bitdi,
Bobom ham…
Qirlar nima boʻldi dersiz,
Qirla-ar!
Qirlarni sogʻinaman!
Biroq, borgim kelmaydi
qishloqqa sira.
Borsam yigʻlatar-
Oʻz boʻyidan oshmagan qirlar!..

****

Oyogʻini uzatar kecha,
Iztirobin socha boshlar koʻk.
Sochlarini yoyib olgancha
shamol kezar — sochbogʻichi yoʻq.

Toʻlgʻonadi koʻcha ovozi,
Devorimda raqs etar qoʻrquv.
Osiy bir dard koʻksimni yorib
xona uzra “uv” tortadi “uv”!

Koʻzim ingrab ketadi birdan,
Erib bitar shamning yolqini.
qayerdandir bostirib kirar
Gunohlarning koʻm-koʻk shovqini.

Parchalanib ketadi xona,
Parchalanib ketadi vujud!
Boʻynidagi gunohni otib
Chinqiradi chidolmay sukut!

Oy yulinib qochmoq boʻladi,
Goh daraxtlar oʻqtalar nayza.
Soʻng toʻsatdan toʻxtab qoladi —
Borliqdagi jamiki narsa…

Oqaradi osmonning yuzi,
Tanobini tortib olar tun.
Azonning ilk tovushi bilan
Zulmat oʻyga yasalar yakun!

MONOLOG

Finjon sindi.
Choy ichayotsam —
chil -chil.
Ogʻriqli tovush.
yoqimli tovush.

Xuddiki, kelmaydigan yorni
kutyotgan koʻngil
Kelmaydigan yorning ismin eshitgani kabi
yoqimli.

Koʻzlarim sogʻinchga aylanib ketgan-
Kelsang -koʻrasan.
Siyraklashib qolgan kipriklarim ham…

Darvoqe, finjon.
Yigʻib olish kerak
siniq parchalarini.
barmogʻimni tilmas oʻtkir qirrasi.
Biroq uni terib olgani
qoʻllarim qani?!.

****

Sut qoʻshadi tunimga ayol
zum oqarar dunyoyim dalli.
Koʻzlaringni avayla deya
chumchuqchalar berar tasalli.

Maysalarni siypalar quyosh
lab bosadi gul yaprogʻiga.
shabnamlari duv-duv toʻkilar
Araz qilib tun firogʻiga.

Nur quyilar daraxt shoxiga
Yaproqlarda shivirlaydi kuy.
Shamol olis togʻning lafvzini
olib yelar — salomi — xushboʻy.

moviy osmon turar tikilib,
Koʻzlarimga oshiq boʻlganday
Tangrim, bunday ishqingni koʻrib
Sabohlarga aylangim kelar!

****

Toʻkilmadi oftobning rangi,
ildizlarga yugurmadi qon.
titrayotgan — daraxtning labi
qushchalarga koʻchdi hayajon.

Bir ishq boʻlib koʻtarildi koʻk,
bir ishq boʻlib choʻkib ketdi yer.
Tovushlarga doʻngan muhabbat
shamol boʻlib izilladi: “Kel!”

Eshitmadi, lek biror kimsa —
gunohlarning havolari zich.
Poklik boʻlib ulgʻaydi maysa,
Asrab qolar endi qaysi kuch?!

Qoʻrquv oʻsdi togʻlarga doʻnib,
adirlarga tarqab ketdi ruh!
Zarralandim lahzama-lahza
Meni terib olmaysanmi Nuh?!

****

Men qoʻrquvni yaxshi koʻraman,
Va sezaman uning ishqini.
Kuyik hidi kelar atrofdan —
rashkdan yonar yondosh qoʻshnimiz.

Bu uylarning shiftlari baland,
odamlarin pastligi kabi.
Bu uylarning devori yupun —
egnimdagi koʻylagim kabi…

Jim choʻkaman oqshom bagʻriga,
Xuvillaydi koʻchada zulmat.
Meni tutib olar qaydadir
Muhabbatga lim toʻlgan suhbat…

Chiroq aqlim olar dafʼatan,
Yaqin borgum ochiq kulbaga
moʻralayman deraza osha
(Telbalarga bu ham tomosha!)

Soya kezar xona ichida,
Qoʻllarida gʻamnokli quyqa.
Xira tortgan derazasidek
Egnidagi koʻylagi yupqa…

Men qaytaman ogʻir tin olib,
Qadam ogʻir, nafaslar ogʻir.
Bu shaharning kunlari kabi
koʻz yosh ogʻir, bardoshlar ogʻir.

Men yoʻqolib boraveraman,
shiftga tikik koʻzlarim ichra.
Kuyik hidi kelar atrofdan —
Bu shaharning kunlari quyqa!..

****

Bugun oʻzimdan ayro mensizman.
Koʻzimda qoraydi tunlar.
Ogʻir tan oldim — sensizman!
senga keraksiz mendagi soʻzlar…

Mening borligimni
Unutganingdek
Eslama qaygʻuning
mavjudligini!
Men ham unutaman
Yurak aslida, butun bir dunyo —
vujudligini!

Ayblama oʻzingni,
Aybdor oʻzim.
chegarachi boʻlishni oʻylamagan,
chegara borligini oʻylab koʻrmagan
Sarhadsiz koinot bolasi edim…

Ketsam, asra oʻzingni
asraganing kabi
Ishqingni mendan!
Men esa Cheksiz soʻrayveraman
Baxtli boʻlishing,
Seni soʻray olmagan
Xudoyimdan!

***

Har kun…
Chiqqilaydi soat boricha,
Yasolmaydi oʻzidan baxtni.
Irgʻitaman oʻrgimchak kabi
Bilagimga ilashgan vaqtni.

Hayolimga choʻkaman ogʻir,
Kuragimga savol botadi.
Tiz choʻkaman yurakka oxir –
Va koʻksimdan tonglar otadi.

Qush tilida soʻzlar koʻzlarim,
Hovuchimga toʻladi isming.
Koʻzyoshimga inadi titroq,
Yoʻlga doʻnar savdoyi jismim…

Shunda gullar oyning nigohi,
Devorlarga zabon bitadi.
Va daraxtlar uyqu aralash
Koʻzlarimga kirib ketadi.
Har tun…

ORZU

Menga qoʻysalar edi,
dardning borini,
Samoga yulduzdek sochar edimu,
Tomosha qilardim olisdan turib.

Menga qoʻysalar edi,
baxtning borini,
Zaminga ekindek ekar edimu,
Omoch tutar edim dehqonga doʻnib.

Menga qoʻysalar edi,
sevgi soʻzini
Yurakka qalamni botirardimu,
Gullatib qoʻyardim qish chillasida…

TONGGI ERTAK

Soʻzlanib boʻlingan kechagi ertak,
Yangi hikoyatlar sehrdan yiroq.
Tugmacha ushlagan qizaloq uchun
Yasalar qoʻgʻirchoq – mehrsiz oʻrtoq.

Qadim qoʻshiqlar ham kuylanib boʻlgan,
Koʻzlarga tuygʻuni ilmas endi kuy.
Hayyomiy olovning otashi soʻngan,
Soqiy, qadah toʻlmas sharobingni qoʻy.

Bitilgan misralar qogʻozga kulgu,
Osmoniy hislar ham yer-la qorishiq.
Mehrni yelkada olib eltguvchi,
Qushlar ucholmaydi – qanotlar siniq.

Va baland, oynavand binolar ichra,
Yer hidin unutgan odamlar shodon.
Qoʻshiqlar unutdir, ertaklar unut,
Kechalar bedormas, nafaslar ravon…

Faqat shaffof bitta imorat ichra,
Sehrli ertakni qumsagan qizning
Samoda charx urgan yolgʻiz burgutday,
Har kech tushlarida boʻzlaydi kimdir:

“Bu qanday koʻrgulik, bu ne jazodir —
Muhabbat yulingan, yuraklar yamoq!
Tuygʻular zanjirband, gunohlar qolib,
Yo rab, bandang qurmish qalb uchun qamoq?!

Bu qanday kulfatdir, bu qanday jazo —
Insoniy qiymatlar raqamlarda jo.
Sadoqat eslanmas, oqibat unut,
Olamga odamni qaytargin, Xudo!”

Sehrli ertakni qumsagan qizning,
Har kech tushlarida boʻzlaydi kimdir:
Nafasi jizgʻanak qilib quyoshni
Ketib borayotir ishqsirab shoir…

***

Otam dengizlarni koʻrmagan hali,
Onamning tushiga kirarmish ummon.
Ikki jon havasi yuragim oʻyib,
Toʻlgʻonib ketaman tushlarda yomon.

Men qanday yomonman, men qanday yomon,
Koʻksimda bir gul ham unmaydi – qaqroq.
Otam dalalarga sepganda bugʻdoy,
Onamga keltirib berar qizgʻaldoq.

Hamon yashayapman osmon ostida,
Bugunim, ertamdan koʻngil juda toʻq.
Onam tushlariga kirib chiqaman,
Otam sogʻinching adoqlari yoʻq.

Men bunda qidirib yurgan muhabbat –
Onam koʻzlariga sigʻolgan kenglik.
Alamim kelyapti, alam qilyapti,
Dunyoda hech qachon boʻlmagan tenglik!

Boʻlmasa men ham yaralarmidim,
Otamga qiz boʻlib, onamga — borliq.
Yaralmasmidim, tenglik boʻlganda,
Bir boshoq boʻlibmi, qizgʻaldoq boʻlib!

O, meni dunyoga tutashtir,Tangrim,
Yuragim ummonga aylanib ketsin.
Otam toʻlqinlarni kuzatgan onda
Onam yuzlarini ummonda yuvsin!

PORTRЕT

Bu zindon,
Zindonligini oʻzi ham bilar.
Toʻrt devor ichida yashar
Ming yildan buyon.

Bu zindonning bilgani faqat,
Zanjirlar rangi, nam tuproq isi.
Yaralganidan buyon biror kimsaning
Bosilmagan birorta izi…

Zindon quyoshni koʻrmagan,
Faqat, har sahar
Juda, juda mayin qoʻllar
Devorlarini siypalab oʻtar…

Qiladigan ishi yoʻq uning,
Nurab borishdan boshqa.
Darvoqe, u yana
Sahardan soʻng sahar kutar…

***

Keng dasht uzra oyning ostida,
Boʻz boʻri gʻajiydi oʻljasin.
Yaltiraydi oʻtkir tishlari,
Oy yorugʻida xanjar singari.

Oʻlja his qiladi avval tishlarning
Boʻliq badaniga botib borishin.
Soʻng xirqiroq tovush ostida,
Ogʻriq sezar,
qisirlaydi qovurgʻalari.

Huzur qilayotgan boʻridan
sal narida turgan shoqolning
koʻrinadi faqat koʻzlari…

Barcha derazalar chirogʻi oʻchgach,
Chirogʻi oʻchmagan xonamga har kech,
Boʻridek bostirib kirar hijroning…

***

Kuzning adogʻida ado boʻlgan dil,
Qishga yetib bormay jon berganida,
Men gʻarib azasin tutmadim uning,
Bahorim kaftimdan gʻam terganida.

Xonamga ichkari qulflarni urgan,
Ichkari – dunyodan bezigan taqdir.
Deraza raxida gullarim soʻlgan,
Deraza raxidek qirsillar bagʻir…

Oʻtkinchi, oʻtkinchi bari, azizim,
Axir yomgʻirlarda qoldi daraxtlar!
Koʻchalarda esa kezib yuribdi,
Yomgʻirda ivigan egasiz baxtlar.

***

Suratlaringni yoqib yubordim…
Musiqa tinglamay qoʻyganman
allazamonlardan buyon.
Koʻz yoshlarimni qayta — qayta
ichkariga qamayveryapman.
Yana…
Yana yashayapman!
Nafas olgim kelmasa ham,
Yashayveryapman!
Osmonni yaqin qilib qoʻydim,
Yerni yumshoqroq.
Armonning nomini sochimga bogʻlab,
Jamalak qilvoldim yarashmasa-da!
Soatlarga qaramayapman,
Oynaning yuziga dastroʻmol yopib,
Suratlaringni,
suratlarimizni yubordim yoqib…
Unutmaslik uchun Seni oʻlguncha…

***

Ishonch nima – bilasan yaxshi,
Iymon bilan qoʻling tutashgan.
Ammo soʻzga kelganda nega,
Yozayapsan hanuz koʻp nuqta?

Imlayapsan, undovlar qator,
Menga yetar qaddi bukilib.
Sabr desam peshonamningmi,
Chiziqlari ketdi toʻkilib.

Sendan olis menga koʻp azob,
Mendan olis bilmayman qanday?
Ammo unsiz koshonang ichra
Soʻzsiz odam, qandayin yashay?!

Men ketmadim koʻnglimdan qochib,
Birni suydim, minglari guvoh.
Faqatgina soʻzing kutgandim-
Indamading – soʻzsizlik–
Gunoh!

***

Seni yuragimga yaqin olmasam,
Koʻzimni “chirt” yumsam bedor chogʻingda.
Tutgan gullaringdan yuzimni bursam,
Bir bora oʻtmasam behisht bogʻingdan,
Ayblama!

Yillar oʻtaversa mening yodimdan,
Yillar oʻtaversa mening yonimdan,
Yillar oʻtaversa mening yodim-la,
Choʻmgin sukutga!

Sogʻinchga soʻz demay, soʻz bermay yasha,
Koʻksingga taqib ol yorqin yulduzni.
Har tongda quyoshni yoningga chorlab,
Nuriga koʻmil-u, soʻzin tinglama!

Kuzakka qarama – unda men borman,
Soyabon tutib ol — yomgʻirman, qorman.
Men oʻsha – bir koʻrib oʻlmoqqa zorman…
Lekin, izlama!

NAFISA OMONGA

1.
Sen oʻtgan yillar aro,
Bugun mening koʻnglim chok.
Opa, sening umringga
Mening umrim koʻzmunchoq.

Sening qadding tik, koʻngling
Undan koʻra balandroq.
Shunga sevgi moʻlrogʻ-u,
Shunga ashkdan sal koʻproq.

Olislangan yurakka,
Malham – yaqin deydilar.
Opa, boshqasini qoʻy,
Koʻzlar nima deydilar?

Esingdami, Registon,
Esingdami, Buxoriy.
Men kecha yigʻlab chiqdim,
Sogʻinch buncha yovvoyi?!

Har kech toʻkkan yoshlarda,
Ayamizning ismi bor.
Sen qardoshda,men bunda,
Demak, Alloh izmi bor!

Faqat uzo-oq kuttirma,
Araz qilib olaman.
Sen eng yaxshi opasan,
Men koʻzmunchoq boʻlaman!

2.
Men barisin bilaman, opa,
Ne ekanin sogʻinchning ishi –
Yuragingning qaqroqlaridan
Koʻzyoshlarning shoʻrlab ketishi…

Seni yaxshi bilaman, opa,
Hayotingdan oʻtib yashaysan.
Menga yoqqan bir kulgu uchun,
Mingta gʻamni yutib yashaysan…

Oʻzing shamol, oʻylaring shamol,
Sogʻinganman men tomon yelgin.
Seni tumor qildim yurakka,
Koʻzmunchoqqa aylanib kelgin!

Kulgularing kerakligi rost,
Kulranglangan tiyra dunyoga.
Kulib qoʻygin, beparvo qarab
Odamga va odamgoʻyoga!..

Kulgularing kerakligi rost,
Kulranglangan tiyra dunyoga.
Tuygʻularing oqlari haqi,
Seni yaxshi koʻraman, Opa!

***

Yaxshiyam siz borsiz, mening anduhim,
Koʻkda uchib yurgan qanotim qiygan.
Yolgʻonchi roʻyo deb yurganda koʻnglim,
Zaminning bagʻriga yoʻlimni burgan.

Yaxshiyam siz borsiz, quvonchsiz kunlar,
Koʻzim qaro boʻlgan – sizdan minnatdor.
Onamning koʻylagin hidini tuygan,
Yelkasini suygan boshim minnatdor.

Yaxshiyam siz borsiz, qadim ogʻrigʻim,
Simillab turguvchi koʻksimni tirnab.
Men ketib boryapman, ogʻriqdan shoshib,
Yolgʻiz tabibimga koʻnglimni bogʻlab…

Yaxshiyam siz borsiz…

***

Bahor qoldi mening yodimda,
Esimda yoʻq, lek qachongi yil.
Jaranglaydi quloqlarimda:
“Mendan kechib ketgin-u, sevil!”

Seni shuncha soʻrarmidim-a,
Hatto diydor boʻlmadi nasib.
Meni shuncha sevarmiding-a,
Oʻzing — adib, oʻzing — munaqqid.

Yoʻllar qildi yogʻiylik bizga,
Olislandi bizdan koʻchalar.
Kutaverdik tong otishini
Derazaga tutib pardalar…

Yuragimda sen berolmagan,
Gullaringning alvon ranglari.
Kuragingda men terolmagan,
Gullarimning tikonzorlari…

Qiynab borar kunlarimizni,
Menda ado, senda ibtido.
Qayslanar koʻngillar bir zum –
Yana bahor kelmoqda,
Ammo…

***

R.ga

Uni taʼriflash qiyin dafʼatan,
Koʻrinishdan odamlar kabi.
Fikrlaydi faqat oʻzgacha
va YASHAYDI –
Balandroq taʼbi.

Koʻzlariga choʻkking keladi,
Mehr bilan qaygʻu qorishiq.
Muhabbatning sinovlarida
U – sinmagan savdoyi oshiq!

Ketaverar betartib yoʻlda,
Na daraxt bor va na oʻrindiq.
Biror shodlik uchramas bunda,
Eshitilmas biror xoʻrsiniq…

Jim ketadi, larzon ketadi,
Ketishida salovatlar bor.
Armonlar bornigohlarida,
Kulolmagan halovatlar bor…

Jim ketishning nihoyasi bor,
Tun ariydi, yorishadi koʻk…
U – bir osmon, yeta olmayman,
Uchay desam qanotlarim yoʻq!

OGʻRIQ

Tugab bitar baxtning ehsoni –
U – kechikkan qadim yoʻlovchi.
Otilmagan miltiq yelkalab,
Ortga qaytar oʻljasiz ovchi.

Yoʻl qolmagan,
Oʻrmonlar yongan,
Har qadamda jizgʻanak ogʻoch.
Kuppa-kunduz ovchi qaytadi
Qorni emas, yoʻq, yuragi och!

Ul bevafo yori yodini,
Bitta-bitta oʻqqa joylagan.
Oʻsha kundan buyon miltigʻi
Otilmagan, lekin moylangan…

Ovchi kutar oʻsha lahzani –
Yori qaytar – oʻq otiladi,
Boʻlar hammasi tamom…
Ovchi kutar oʻsha lahzaning
kelmasligin bilib tursa ham!..

IQROR

Samo tomon qoʻlim muallaq,
Titrogʻidan adashdi kiprik.
Nilufarga aylanib olib,
Qaygʻum aro shodligim tirik!

Suratingga tikilib turib,
Yashab berdi ming yillar tuygʻu.
Oʻshanda ham kulib turgancha
Yana ming yil yashadim – may — bu!

Kuchga toʻldim,choʻqqilar qolib,
Yuksaklasa tuprogʻingda tan.
Men daraxtday yashagim keldi,
Zamin axir daraxtga vatan!..

***

Men kelib bu dunyo dardga toʻlganmas,
Bunchalar ayblama ogʻriqlaringga.
Yuragim jayrondir – gapimga kirmas,
Oʻrgangan oʻzining togʻliklariga.

Sen unda “kel”, degich istak qidirma.

Koʻnglingni tutmagin, kaftlarim sovuq,
Men asli nigohdan bezor tun qizi.
Ishqning otgan oʻqin quyoshga koʻmdim,
Qara, osmonlarim hanuz qirmizi.

Muz koʻnglim eritgich ziyo qidirma.

Taqdirim folbinning qartalariga,
Chizilgan emas, eh, folingni qoʻygin.
Koʻnglimni Xudodan boshqasi ochmas!
Qulf solib, kalitin unutib qoʻydim.

Bandasi topolmas, sen-da urinma!

***

Yozigʻimda sensizlik taqdir –
Koʻzlarimdan yulduzlar oqdi.
Muxabbatim bir tong saharda,
Choʻlpon boʻlib miltirab boqdi!

Endi har tong uygʻonish azob,
Har tong quyosh baxtimni yoqar.
Vayron boʻlgan dil oynasidan
Koʻnglim yetim boladek boqar.

Endi sensiz oyning qoʻllari,
Sochlarimga yetolmay karaxt.
Oʻchib borar suratlarimdan
Oʻnglar menga berolmagan baxt.

***

Uzr soʻrayman,
Dardlarimni sizga aytmaganim uchun!
Meni yaqin olganlarim,
Mening yaqin olganlarim.
Men yashab keldim,
rasm chizdim,
gul oʻstirdim,
kitob,
yana sheʼr oʻqidim.
Yigʻladim,
Kuldim,
Ibodat qildim,
gunohga botib ildizni kesdim.
Kasal boʻldim,
sizni yoʻqladim,
gohi
quduqqa tushgan toshdek yoʻqolib,
yo
kapalak bagʻrida quvonchni topib,
va yana
yiqildim tizzalab.
Yurdim tik boʻlib,
koʻzlarga boqib,
Yashadim men faqat Feruza boʻlib!
Nahot aytmagan boʻldim,
Shunda ham dardim?!
Doʻstlarim…

***

Koʻzlar ummonida adashgan qayiq —
Suzib borayotgan dardi besabr,
Sargʻaygan barg kabi aldangan umid,
Sirot qarshisida toʻkilgan abr…

Botguvchi kipriklar yoshlarga doya,
Bir bora osmonni quchmagan vujud.
Qoʻllarning uchida sal tetapoya,
Gunohlar qadami ilkdayoq sobit!

Gunohlar,
Gumroxlar,
Gung ohlar,
bular –
Hammasi koʻplikda, hech emas yakka.
“lar”ni olib tashlab boʻlmaydi,
Yana,
“lar”ni koʻzlarini choʻqimas xakka…

Ummonning adashgan qayiqlarida,
Choʻkadi suvlikka intilgan odam.
Qutqarmas solda ham yotib koʻrmagan,
Odamning dardini bilmagan odam!..

SOʻZ IZLAB…

1.
Boychechaklar qirlagan tongda,
Qalb eshigi ochilmish qiya.
Chaqmoqlanib koʻnglim qaʼrida,
Togʻ uygʻondi, “Tirik soʻz” deya!

Qalqib ketdi jimlik jasadi,
Jarangidan kar boʻldi dunyo.
Yoʻlga tushdim tirik soʻz izlab,
Dedim: “Endi, himmati Xudo!”

Oson boʻlmas, sezib turibman,
Koʻpriklarsiz duch kelar daryo.
Nigohimga tirgak tutadi,
Porillagan yulduzli samo…

Koʻrinmagay kulgu yoqasi,
Lek hasratning koʻylagi yoniq.
Qay eshikni qoqmay, deyishar:
“Yopiq,
Yopiq,
Yopilgan,
Yopiq!”

Biroq, ortga qaytmayman sira,
Mayli, jism-u jonim toladi.
Bir kun bizni asrasa, faqat,
Tirik soʻzlar asrab qoladi!

Topgunimcha yoʻl yuraman, yoʻl,
Yoʻl – tiriklik istagi, urfon.
Katta yoʻlga otlandim, meni,
Oʻzing qoʻllab turgin, Xudojon!

2.
Qaysarlanar anglanilgan oʻy,
Maoshimni butun holicha,
Tilanchiga uzatib shodon,
Qolib ketdi gulning labida…

Tirik soʻzlar gul yaprogʻida,
Borligini etganda ayon,
Yuragimda qildi tantana,
Oʻsayotgan togʻ besaramjon.

Necha yillar gulni tingladim,
Shavqqa toʻlib hikoyatidan.
Kuting, endi eshiklar qoqib,
Soʻzlab bergum gul hayotidan!..

067

(Tashriflar: umumiy 1 246, bugungi 1)

3 izoh

  1. ijodizga omad juda ham samimiy hamda intiluvchan sizga o’xshagan yosh ijodkorlar ko’payishsinlar.Sizdan albatta bundanda yaxshi she’rlar hamda ijodkorligingizni kutib qolamiz.E’ZOZA

  2. Aссалому алайкум, Ферузахоннинг шеърлари менга жуда ёқди. Ранг-баранглик ва ўзига хослик бор. Қизимизга ижодий баркамоллик, юксак парвозлар тилайман.

  3. Яноғимга босаман ойни
    сўнг ўпаман пешонасидан.
    йиғлаб юборади бирдан дераза!..

Izoh qoldiring