Eldor Boboyev. Musavvir. Qissa

01

Шундай соҳа эгалари борки, улар тўғрисида доим ҳам китоб ёзилавермайди. Мусаввирлик ва мусаввир яратган асарларни ҳис қилиш эса, ёзувчидан алоҳида иқтидор талаб этади. Элдор Бобоевнинг қўлингиздаги қиссаси ана шу жиҳатдан диққатга молик. Унда рассомлик санъатининг кўпчилик англамас сир-синоати, куч-қудрати, уларнинг томошабинга таъсири бадиий акс эттирилган. Ўйлаймизки, у сизни бефарқ қолдирмайди.

Элдор БОБОЕВ
МУСАВВИР
Қисса
002

002 Элдор Бобоев таниқли ижодкор оиласида туғилган. Унинг отаси шоир Мамарасул Бобоев (1911.3.4, Каттақўрғон — 1969.23.7,Тошкент) Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида туғилган. У дастлабки маълумотни Алишер Навоий номли мактабда олгач, 1927 йилнинг кузида Бухородаги қишлоқ хўжалик техникумига ўқишга кирди. 1934—1938 йилларда Тошкент Давлат педагогика институти тил ва адабиёт факультетининг сиртқи бўлимини тамомлади. 1939 йили «Гулистон» журналида унинг «Улуғбек» тарихий достони босилиб чиқди. У 1941 —1946 йилларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, Эронда хизмат қилди. Урушдан кейин республика газета, журнал, нашриётлари ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган (1947—68). Шоирнинг «Жанубий нуқтада» (1953), «Эрон дафтари» (1952), «Садоқат ҳақида» (1954) шеърлар туркуми ва бошқа китоблари нашр этилган. «Ёшлик чоғим — олтин чоғим» (1959), «Гўзаллик истаб» (1963) каби драмалар муаллифи. Таржимон сифатида М. Лермонтов, Н. Некрасов, Т. Шевченко, Н. Тихонов, К. Симонов, Муса Жалил, Расул Ҳамзатов асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Шоирнинг тўнғич ўғли, истеъдодли мусаввир, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Бахтиёр Бобоев (1937-2009) нинг ўзбек тасвирий санъати тарихида алоҳида ўрни бор. Унинг кўплаб мамлакат ва халқаро кўргазмаларда намойиш этилган, бир қатор юқори мукофотлар билан тақдирланган асарлари, хусусан портрет жанридаги ишлари санъатимиз хазинасининг энг нодир жавоҳирлари сифатида тан олинган.

Элдор Бобоев шоирнинг кенжа ўғлидир. У 1949 йилда Тошкентда туғилган. 1972 йил Низомий номли Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Сизга тақдим этилаётган қисса Элдор Бобоевнинг нашр этилган илк асаридир.

002

Таниқли рассом, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Бахтиёр Бобоев хотирасига бағишлайман

Нодир тош қотиб ўтиришдан чарчади, шекилли, тоқатсизланиб:
— Қимирласа бўладими? – деб сўраб кўрди.

Туйғун жавоб ўрнига бир қадам ортига тисарилиб, дам матодаги чизгиларга, дам Нодирнинг сиртқи қиёфасида кезинди: ёши чамаси қирқ бешларда, жуссаси ўртача, андак қорин солган… Эгнида ёзлик қимматбаҳо кулранг костюм, пушти чизиқли, оқ кўйлак шими остидан оқ пайпоғи кўриниб турибди, оёғидаги тешик-тешик башанг туфлиси костюми рангида … Туйғун рўпарасидаги бойназар одамнинг зоҳирий аломатларини шу тарзда “ўқий” бошлади ва: «…тадбиркор бўлса бордир, қайсидир янги бойнинг дастёри – қаердан пул ҳиди чиқса дарров ўмаришга тайёр олчоқлар тоифасидан…” – дея давом этди “ўқиш”да.

Туйғун энди диққат-эътиборини Нодирнинг юзи, пешонаси, қошлари устидаги ётиқ ажинларга қаратди; «худди суратга тушаётган одамга ўхшайди, бундай, эмин–эркин ўтирса-чи! Юзи салқи, зуғумли, димоғи баланд, лекин майда, керак бўлса яна майдалашади, кўзи тор … уйидагиларининг ғашига теккан. Афтидан рассом устахонасини биринчи кўриши… Бунақалар ишини ими-жимида, “хайрия”ларини эса ҳаммага кўз-кўз қилиб бажаради… “ Туйғун шу каби ўжар хаёллар изнига бериларкан таъби хира тортди.

Нодир эса, зерикарли сукунат ҳавлида «бекор қилдим, бундан кўра катта қилиб фотосуратга тушганим маъқул эди» деган пушаймонни кўнглидан ўтказаркан, Туйғун ниҳоят сас берди:
— Марҳамат, чигилларни ёзишингиз мумкин, жуда қийнаб юбордим сизни …
Нодир устахонани кўздан кечиришга имкон туғилганидан жонланди, курсидан туриб керишди.
Атиги икки соат илгари унинг кимлигини Туйғун ҳали тузук билмас, энди бўлса, уни ўзига яқин йўлатмасликни маъқул кўриб турибди. Шундай қилмаса, эҳтиёткорлик ифодаси юзидан аримайдиган бундай одамлар билан мулоқот хаёли-оромини ўғирлаши ва руҳий мувозанатига салбий таъсир этишини яхши билади.

Уни бу ерга, буюртмалари кўп, вақти озлигини важ қилиб дўсти Рустам бошлаб келди. Устахонага кириб келишлари билан Туйғун ҳамсабоқ курсдоши унга пул ишлаб олишликка имкон бераётганини пайқади.
Сийловни ҳазм қилолмаслиги боис, таклифни аввалига ўзига оғир олди, лекин — тирикчилик ҳам сабаб — дўстининг раъйини қайтаришга ботинмади. Қолаверса, рассомга портрет чиздиришга буюртмалар бурунги замондагидек – довруқли арбоблар, меҳнат зарбдорлари, таниқли адиб, шоир, хонанда ва олимлардан эмас, балки аксарият янги бойлар томонидан тушаётгани уни истар-истамас дўсти таклифини қабул қилишига ундади.
Нодир муомалани портрет нархини сўрашдан бошлади. Туйғун эса, бу ердаги нарх-наводан бутунлай бехабар: қанчага баҳоласам экан деб боши қотди. Яқинда Бадиий академиянинг “Рассомлар дўкони”да унинг манзара асари учун уч юз минг сўм белгилашди. Нега юз минг ёки беш юз минг эмас, билмайди…Махсус ҳайъат шу нархни лозим топибдими, улар айтганча бўла қолсин, ҳар ҳолда ишлари шу йўсинда сотилиб турса ёмон эмас… чидаса бўлади. Туйғун ана шу уч юз мингни бошланғич нуқта деб билиб – портрет учун икки юз минг сўрайди, турган гапки мижоз оғринса, рад этишни ҳам ўйлаб қўйди. Ўз навбатида буюртмачи ҳам рассомнинг дағал шимига қараб, “шуям пул бўптими?” дегандай бош ирғаб қўя қолди. Туйғун, илк тасаввури изнида, унинг розилигини қўли очиқлигига эмас, балки бегона муҳитда ўзини жўн, кулгили кўринишдан ҳадиксирашига йўйди.

***

Айтарли бўм-бўш хонада ўзини бемалолроқ тута бошлаган Нодир икки қўлини киссасига тиқиб, нигоҳини Туйғуннинг энг яхши кўрган, бошқа ишларидан алоҳида осиғлиқ турган «Оламтоб офтоб» асарига қадади. Унинг бу рафторидан рассом: ”Кўриш савқи бор, тарбияласа бўлади”, деб кўнглидан ўтказди. Бўёқдорликдан холи бир тарздаги тасвирда чор атрофда яшил ва заъфарон ранг қоришган эди: эрта тонгнинг азалий ёғдулари — қулоқ илғамас овоз мисол — саҳрога тўшалган қуёш палаги; тарқоқ соялар; эркинлик ҳоким кенгликларда вақт тўхтаб қолганга ўхшайди … мағрур ва мустақил манзара. Поёнсизлик узра инсон руҳининг ҳур парвози.

Эсида, Президент гранти билан даҳо рассомлар мамлакати Италияга бориб «Алдо Галлий» Бадиий академиясида таҳсилини бошлаган кезлари хорижий талабаларнинг ўз ватанларидан олиб келган сара мўйқалам асарларидан иборат кўргазма ташкил этилди. Туйғун кўргазмага мана шу манзара асарини қўйди. Ҳеч ёдидан чиқмайди… Тақдимот куни академиянинг энг эътиборли, кекса профессори Доминик Франческо меҳмонларни эргаштириб кўргазма бўйлаб юраркан, бўёқлари бошқаларникидан жиддий фарқланувчи “Оламтоб офтоб” рўпарасига келиб қотди-қолди. Салдан кейин: «Тегрангни абадият ўраб тургандай. Табиат билан ўсмир бола учрашуви шу хилда кечганига ишонаман. У мудом ҳайрат билан тўлган! Бунақанги асар ҳар куни яратилмайди» деганди ғоятда тўлқинланиб ва ёнида турган муаллифни ўзига тортиб, асар билан қутлаганди…
Туйғун ўша ҳаяжонли дақиқаларни эсларкан, беихтиёр Рассомчилик билим юртидаги ўқиш йиллари тупроқшунос отаси уни ёзги экспедициясига ўзи билан бирга олиб кетгани ёдига тушди. Экспедиция ўлканинг турли ерларига йўл оларди. Ота-бола узоқ манзиллар сафосида воҳадан воҳага кўчиб, иланг-биланг йўллардан саҳро ичкарисига кириб боришаркан, баъзан ботаётган қуёш шафағидан ҳали у, ҳали бу томонга шох ташлаётган машина қизил тусга кирган чанг-тўзон ичида қоларди. Ниҳоят, бир куни баногоҳ Туйғуннинг кўз ўнгида илгари ҳеч кўрмаган манзаралар юз очди: уфқдан уфққача ястанган қум денгизи… нур селидан олтин зарралари аралашиб ётган, турли шаклли ўркач — ўркач қум тепалари … Бу ерда нигоҳ ва хаёл кенглик сари талпинарди; у қумлоққа ўтириб, қуёшнинг уфқдан бош кўтариши ва ботишини, бодраб чиққан дурдона юлдузларни, қирмизи тўлин ойни томоша қилиб тўймасди.

Болалик таассуротлари қисмат яратувчи бўлар экан … Юраги ҳиссиётларга тўлган ўсмир шаҳарга энди рангли тушлар кўрадиган, мўйқаламини қўлдан қўймайдиган бўлиб қайтганди ўшанда.
Италиядан қайтгач эса, Туйғун кўп ишлаб, кўргазмаларда тез-тез қатнашиб турса ҳам, моддий тарафдан қийналиб қолган кунлари кўп бўлди: кўргазмага қўйган асарлари гўё барчани ҳайратга солиш мақсадида ишланиб – деворларда осилиб, яна устахонасига қайтарди. Бор даромади «Рассомлар дўкони»да ул-бул, майда-чуйда нарсалар сотилишидан эди. Туйғун гап фақат пулда эмас, дея бошқаларни ишонтиришга уринган иккиюзламачи ҳамкасбларини ёқтирмасди. Ўзи эса ижод билан сарватдор бўлишни яхши кўришини яшириб ўтирмас, аммо-лекин рангтасвирни бошқа бирон тирикчилик ташвишлари билан бирга олиб боришни ўзига эп кўрмаслигини кези келганда бир неча марта айтганди. Отаси ўз тупроқшунослик касбини ардоқлаганидек, у қадр-қимматини рангтасвир бобида топиши мумкин бўлган истеъдодли рассом эканини, ўз санъати кучини яхши билади. Касбий салоҳияти уни хор қилмайди. Вақти келиб иши юришса, энг нуфузли кўргазмалар ўз йиғмаларига асарларини сотиб ола бошлайдилар. Ҳозирча эса, Туйғун портрет жанрида деярли жаҳд билан ижод этмаган бўлса-да, биринчи тўқнаш келиб турган кимсадан портрет ишламоққа чоғланиб турибди..

— Бўпти, ўтиринг, давом эттирамиз, – деди Туйғун қайта ишга чоғланиб. Аслида эса бунга ҳожат қолмаган: қиёфа кўзида ўрнашиб бўлган бўлса-да, Нодир бўйинбоғини тўғрилаб энди жойлашдим деганида элбурутдан:
— Шу матоҳни ечинг, тугмани тақмай бемалол ўтиринг… – деди, товушини
баландлатмай, лекин нимагадир Нодирга эмас, портретга мурожаат қилгандай.
У оҳиста қимирлаб, ёқасидан галстукни олиб стул суянчиғига осди.
Юраги узоқ муддат сабр-тоқат ва шижоат сақлаб тура оладиган Туйғун уч соат жадал ишлади. Вужудда шиддат қанча кўп бўлса, одам шу қадар тез толиб қолар экан. У охири, қайсидир бир сонияда, соатлаб елкаси барабар кўтарилган қўлида энди мадор йўқлигини сезди. Қўлини пастга туширди-ю, мушакларида чумоли югургандай нимадир бўлганини пайқади.
— Хўш, туринг, бўшсиз… бу сафарга етади.

Туйғун пайсалга солмай мўйқаламларни бўёқ юқидан тозалашга тутинди, бу билан мижозига кетар пайти келганини ишора қилган бўлди. Бироқ мижоз кетишга ошиқмади.
— Сиз шу ерда турасизми? – деди хонада у ёқдан — бу ёққа юриб,чигилларини ёзаркан.
— Бу – устахонам… — деди Туйғун истар-истамас.
— Ўзимниям кўнглимга келувди. Нуқул расмлар… буюм, кўрпа-тўшак йўқ. Бошқа бир ерда турсангиз керак деб ўйловдим.
— Уйда мебель, каравот бор. Рассом ҳам кўп қатори одам, одамлардек ейди — ичади, ухлайди.
— Ҳа-да, аммо… айбситмайсиз, расм бўёқни ҳиди жуда ўткир экан, соғлиққа зарари бўлса керак-а?..

Туйғун бўёқ ҳидига тўлган устахонасини, осиб қўйилган, жуда камдан-кам одамларга кўрсатадиган, деворга тескари ўгирилиб қўйилган асарларини, умуман иши билан боғлиқ буюм-нарсаларни яхши кўргани учун-ми, жавобни айтишни эп кўрмай индамай қўя қолди.
— Бош оғриди. Бунақанги ҳунар менга тўғри келмас экан! – Нодир бундай демоқчи эмасди, лекин оғзидан чиқиб кетди.
— Сизга, таклиф қилишганмиди?
— Бир ўзимга бичиб кўрдим-да… беадабликка йўйманг, – деди хижолатомуз. Лекин жуда ҳам хижолат бўлди деб бўлмасди, у Туйғуннинг сўзларидаги истеҳзони сезмаганга олиб, бир оз жимликдан сўнг, хонанинг эгаси бор-ку, деб истиҳолага ҳам бориб ўтирмай нималарнидир чўтлаётгандек, ўйланиб қолди. – Хонанинг ҳажми катта. Том таги бўлса ҳам устахона учун қулай, ёмон эмас… Расм йиғилиб қолибди, ҳар биттаси яхшигина пул турса керак… Ҳозирги замонда пулини долларга, олтинга, банк фоизига жойлаяпти одамлар, мана — расмга ўтказса ҳам бўларкан-ку. Ишни билсанг, кимдан нима сотиб олишни билсанг – кони фойда бизнес. Туйғун ака, устахонангизга харидорлар тез-тез келиб турадими?
Бутун масалани фақат бизнесга олиб бориб тақаётган Нодирнинг сўзларидан унинг бир томондан алданиб қолишликдан чўчиётгани ҳам билиниб қолди.
— Сиз пулни бу сафар портретга жойлаб бўлдингиз. Кўнгилингиз тўқ бўлсин… вақти келиб невараларингиз сиздан миннатдор бўлиши аниқ, – деди Туйғун уни тинчлантирган бўлиб.
— Йўғ — е, наҳотки машҳур, топилмас расмлар каби баҳоси ошса …
— Бўлмаса-чи, вақти келиб қадри ортади, нархи ҳам … – деди ва шу аснода: «Ачинарлиси – «топилмас расмлар» молпараст Нодирларга қолади. Начора, рассом ҳаётининг тамойили шундай!» деган фикр ҳам хаёлидан “лип”этиб ўтди.

Нодир деворга тескари ўгириб қўйилган расмлар орасидан ўтиб келиб мольберт олд тарафига у турган томонига, ўтиш пайида эканини олдиндан сезган Туйғун:
— Узр, ҳали эрта, битсин, кейин, – дея бўғимдор панжаларини ёйиб унга рухсат бермади.
Нодир ортига қайтди, Туйғун унинг юзидан: «Тавба, бўёқчи-эй, бу ерга келиб нима қилардим!» деб унга ишонқирамагани, лекин шу билан бирга олдиндан бўнак тўламагани ёдига тушиб кўнгли таскин топганини, кейин бизнес ҳақидаги фикр хаёлидан ўтиб ҳушёр тортганини аниқ-таниқ сезиб тураркан — қаршисидаги одам гапирмаса ҳам унинг дилидаги гаплар ҳақида қандай дарак топганидан ғалати бўлиб кетди.
— Расмлар қанчадан кетяпти?.. Мана булар, масалан, манзара туширилганларини
олайлик.
Нодир расмларни худди инжиқ харидордек синовчан кўздан ўтказарди.

Туйғун ичида портретга нарх белгилаш билан бир қадар ўзини ошкор этганидан афсусланди, “оғзимдан гуллаб қўймаганимда, бу санъат “ихлосманди”ни жиндек лақиллатардим”, дея ичида кулиб қўйди. Кейин ишдан бошини кўтариб:
— Нархлар ҳар хил, тақсир, асар ҳажми ҳисобга олинмайди, – деди молига изоҳ бераётган сотувчи каби. — Мана бу иш, — Туйғун “Нилий уфқ”қа боши билан ишора қилди, — бир миллиондан камига сотилмайди. Мана буни, — у мўйқаламда ишланган «Самовий тоғлар» туркумига кирган асарларидан бирига ишора қилди, — камида тўрт юзларга берса бўлади.
Нодир бош ирғаб қўйиб, рассом меҳнатини озми-кўпми тушуна бошлагандек устахонага бойназар нигоҳ ташлаб:
— Меники энг арзони экан-да? – деди дудмал кулиб, ўз тоифасидаги одамлар ўртасида қимматбаҳо, топилмас нарсалар кетидан қувиш, уларни ундириш ва кўз-кўз қилиш удум бўлганини билдириб қўймоқчидек.
— Нархни келишдик, тўғриси, олдиндан билмайман, — деди Туйғун бир лаҳзалик сукутдан кейин. – Лекин қўлдан келганча уриниб кўраман, кўнглингиз тўқ бўлсин, агар истасангиз, марҳамат, нархини кўтаришим мумкин…- дея қўшиб ҳам қўйди.
— Йўқ — йўқ, шундай қолсин.
Уни хасислик билан шуҳратпарастлик олишуви пировардида шуҳратпарастликнни зиқналик енгди. Нодирнинг кетгиси келиб қолди.
— Мен энди борай… Машинадаман, сизни олиб кетайми? — деди.
— Узр, мен ҳали қоламан, — деди Туйғун гапни қисқа қилиб. Уйи шу зинанинг иккинчи қаватида эканини айтиб ўтиришни лозим кўрмади. Шуниси маъқул, ҳозирча Нодир устахонани билади, бас, аслида унга ким у, буюртмачи, холос.
— Хўп, омон бўлинг! Эртага шу вақтда келаман.
— Саломат бўлинг!

Хайрият, мижоз уйига кўнгли хотиржам қайтди.
Бўлмаса, йўлда кета туриб рассомнинг даромадини била олмай, кўнгли бўлиниб баттар тумтайиб қолди. Майли, хаёлий сармояларга ишониб, овуниб юраверсин: лоақал портретнинг бадиий афзалликларини тан олиши осонлашар. Энг мушкули — унга яхши рассом ҳам омадсиз бўлиши мумкинлигини, пулни жуда қийналиб топишини тушинтира олишда… ўзи бунга ҳожат борми! Бунақаларнинг мантиқи метиндан, шакли — тўрт бурчак: дўсти “зўр рассом, Италияда ўқиган”, деб айтдими, демак ,топиши ҳам яхши!
Туйғун ёлғиз ўзи қолиб дераза ёндорига суянганча ташқарига тикилиб кўз ўнгидаги манзара (холис тургувчи табиат) дан ҳар сафаргидай кўнгли бир оз ёзилди. Бешинчи қаватдан Бўзсув энсизроқ кўринади, унинг сезилмас оқимида Ўрда кўприги, соҳилидаги сершох дарахтлар кўланкаси акс этиб турибди. Яшил либосини кия бошлаган мажнунтол теграсида баҳорий қуёш ёғдуси … Туйғун дарахт новдаларининг патсимон барглари, оппоқ попилтириқларига жо бўлган нурнинг очиқ-ёруғ бир илинж билан тебранишига тикилиб, унда новраста қизча қалбида очилаётган бокира туйғулар нақшини кўргандек бўлди.
У, айниқса, савалаб ёққан ёмғирдан сўнг эрта тонг тўлиб оқаётган анҳор мавжларида, қиялаб тушган офтобнинг заррин йилтироқ гоҳ нонга, гоҳ гулларга, гоҳ пахтага, гоҳ одам танасига ўхшатиб узоқ тикилиб туришларидан завқланарди.

Туйғун очиққанини ҳис этди ва учинчи қаватга тушди. Ошхонада Нигора ҳафсала билан картошка тозалаётганидан билдики, тушлик ҳали тайёр эмас. У индамай ётоқхонасига ўтди-да, диванга ёнбошлади. У Нигорага: кечиккан тансиқдан, вақтида тайёрланган атала-кумоч ҳам яхшироқ деб ҳар қанча дакки бермасин, барибир аҳвол ўзгармайди. Сусткашлиги ёки дангасалигидан эмас, балки таом тайёрлашга ўта ҳафсала ва нозик таъб билан вақт сарфлайдики, натижада… Хотини уйда, ишламайди. У ҳам рассом. Таниқли бўлмаса ҳам, ҳақиқий мусаввирлар сирасига кирадиган отаси қизини рангтасвирнинг қатъий риоя этиб келинадиган асосий тамойилларига: сурат тархини тўғри олиш, рангларнинг нашъу намоси, нигоҳ истиқболини тўғри илғай билишлик ҳамда литография, офорт, линография каби расм чизишнинг турли сир-асрорини болалик чоғидан ҳижжалаб ўргатиб келган бўлса-да, қизи барибир тиришқоқ талабалигича қолди. Курсдоши Туйғун Италиянинг Алдо Галлий Нафис санъат академиясини тугатиб қайтгач, иккови оила қуришди. Кўп ўтмай шундай бўлдики, Нигора орқага чекинди. Отасининг ва ўзининг барча орзу-ҳавасларини четга суриб қўйиб, эри ҳақида ўйлай бошлади. Икир-чикирларидан озод қилиб, ижодига шароит яратиб беришга интилди. Ота-онаси папалаб, ардоқлаб камол топтирган эрка қиз тез орада чапдастгина уй бекасига айланди.

Эри келишган қоматли, оқ кўнгил, ҳалол йигит, уни сидқидилдан севади. Ёшлар ўғил фарзанд кўриш орзусида.
Ниҳоят, ошхонадан майин овоз эшитилди.
— Адаси! Келинг!
— Мен аллақачон шу ердаман!
Туйғуннинг одати, ҳар қанча очиқиб турган бўлмасин, сира шошилмай, хотиржам ва иштаҳа билан овқатланади. Нигора бўлса камовқат, балки қозон бошида туз тотиб, ундан бундан чўқилгани учунми, тезгина таомдан қўлини тортади.
Эр-хотин дастурхон тепасида тамадди қилиб ўтиришаркан, дабдурустдан телефон жиринглаб қолди. Гўшакни хотини кўтарди.
— Нигора! Мен — Рустам. Туйғун борми? Чақир…,
— …
— Янгилик бор… Туйғун, мен таҳририятдаман, “Оқшом”нинг янги сони қўлимда. Унда сен ҳақингда ёзишибди! “Ёшлар ижоди” рукнида… Оғайни, сен ҳали навқирон авлод қаторидасан, киоскага чопқиллаб борсанг ҳам уят бўлмайди. Сарлавҳа… сарлавҳаси, “Табиатга маҳлиё мусаввир”, қойил! Табриклайман, оғайни. Вақтим зиқ. Кейинроқ бир кириб ўтаман, ювамиз.

Хушхабардан бир оз ҳаяжонланган Туйғун овқатини тез еб, кўчага ошиқишига сал қолди, лекин деразага қараб вақтни чамалади-да, шаштидан қайтди. “Оқшом” бешдан бурун дўконга чиқмайди. У яна дастурхонга қўл узатди; лекин энди иштаҳа йўқолганди. Устига- устак хотинига айтган гаплари ёдига тушди: “Ҳақиқий рассомнинг ўз шахсий фикр-мулоҳазаси, ўз дунёқараши, ифода воситалари бўлади. У бошқалар нима дер экан деб ўтирмайди, бунақа ишлардан юқори туради, ҳар қандай вазиятда ишлайди, маслак-тасаввурини ҳадеб ўзгартиравермайди. Чунки майлбозлик ҳеч қачон яхши натижа бермаган”, дерди у. Шу сабаб бўлдими, кўчага ошиқишдан тийилди. Буни албатта Нигора сезди. Соат бешларга яқинлашганда:
— Борақолинг… тарқалиб кетади, — деди эрига.
— Кейинчалик топиб ўқиб чиқармиз, – деб ўзини хотиржам кўрсатишга уринган Туйғун бир оз ўтиб, барибир уйда ўтира олмади.

***

Ташқарида ҳаво илиқ эди. Туйғун кўчага чиққанида, ости юмшатилган азим чинорлар томонидан келаётган тупроқнинг таниш бўйи димоғига урилиб, енгил тин олди, кўнглидаги хижиллик ёзилди. Руҳи тетиклашди. Унинг учун шу тобда ўз келажаги очиқ-ойдин эди: уни яхши кунлар — меҳнат ва меҳнат кетидан келгувчи муваффаққиятлар завқини тотиш кутяпти! Меҳнат, бу – мольберт олдида туриб, эркин ижод онлари лаззатидан баҳраманд бўлиб яшаш; меҳнати ортидан келувчи тайинли орзу-умидлар – санъат ихлосмандлари билан гавжум кўргазмалар, асарлари шарҳ этилган оммавий нашрлар ва элга танилиш, манзур бўлиш кутяпти!
Тепасига “Газета ва журналлар” деб ёзилган дўкончага “Оқшом”ни эндигина олиб келишган экан, кутувчиларнинг кети узайди. Туйғун аввал кўзларига ишонмади. Хотини айтгандек, газеталар дўконча олдида қўлма-қўл тарқаб кетди. Муштарийлар одатда аввал эълонлар, таъзиялар ва лавозимий тайинланишларга доир «хабарлар»ни ўқиб чиқишади кейин фототасвирларга, ундан кейин шаҳарнинг маданий тармоқларида рўй бераётган янгиликларга кўз югуртирадилар. Муштарийлар тўпидан, назарида, мақола билан танишганлар унга қараб-қараб қўйишаётгандай туюларди. Лекин бу бемаъни, хаёлга келган ёқимли алаҳлаш эди, холос. У хотинига ўчакишгандай “Оқшом”дан атиги бир нусха олди.

Изига қайтаётиб, Рустам айтган мақолани ўқишга киришди. «Табиатга маҳлиё мусаввир», каттагина мақола: икки устун ва юқорисида яна ярим бет. Унинг «Азим қоядаги ёлғиз дарахт» асарининг рангли фототасвири, офсет босмаси… ранглар ёйилиб кетган, муаллифи – санъатшунослик фанлари номзоди Шоира Ашрапова… нотаниш, илгари бу номни эшитмаган.
“Сўнгги йиллардаги кўргазмаларда ўзига эътибор қаратган… танлаган мавзусига содиқ қолган… табиат ва инсон хилқатининг бадиий бирлигини куйлашда ёш мусаввирда фасоҳатли мушоҳада, тажриба, ҳаётдаги ўзгаришларга фаол муносабат етарли эмас”, “ёш рассом шахсан ўзи экспедицияларда иштирок қилиб, ҳаётдан олган бой кузатишлари негизида…”. Оббо, мана шуниси ортиқча, асарларимда бир камчилик борки, худди уни оқлаб кўрсатаётгандек бўлибди. Буниси ундан ҳам баттар: «Ёш рассомнинг ўз талъатига эга бўлиш йўлидаги уринишлари ҳар доим ҳам етарли натижа бермаяпти. Унинг чизгиларида Ўрол Тансиқбоев асарларидаги услуб ва тадбирлар қайтарилганини кузатиш мумкин (яна ўша ибора!)”. О-ла, бир йўлакай ҳам мақташга ва танқид қилиб ўтишга улгурибди!
Талабалик йиллари Туйғун учун ғоят сермаҳсул давр бўлганди. Санъатшунос олимлар Ўрол Тансиқбоев ва ёш истеъдод Туйғун Содиқов асарлари ўртасида умумийликларни топиб, уни тез-тез алқашадиган бўлишди. Муқоясачиларнинг нозик кузатишлари, бир чети мақтовлари ўша кезлардаёқ Туйғуннинг кўнглига урганди.

***

Уйига яқин қолганда у ҳеч кимга дуч келиб қолишни истамай ўзини йўлакка урди: чунки кўчада ўткинчилар ичидан мақолани ўқиган бирорта таниши тўқнаш келса, унга албатта ҳамдард бўладигандек туюларди, бундай ғамхўрликдан кейин кўнгилда ғашлик бўлиши аниқ. Бу ерда эса ҳимоясига оладиган бошпанаси бор, ижодхонаси, уни кутиб ўтирган хайрихоҳ хотини бор.
— Қандай, хурсандмисиз? Мусаллас очайлик. Духовкада сомса ҳам қизариб қолди, — деди у табассум билан, эрининг нимадандир сиқилаётганини сезиб.
— Мана, ўзинг ўқиб кўр, Нигор.

Туйғун газетани индамай стол устида қолдириб, ичкари хонага кириб кетди. Бир соат илгари у ўзига-ўзи бунақа арзимаган нарсалар – алқашлар, танқидлардан юқори туриш кераклигини уқтирган эди. Энди бўлса: буларнинг барига парво қилмасликдан иборат ўгитларини ўзига-ўзи яна бир карра такрорлаш мавриди келиб турибди… Аммо-лекин у бунинг уддасидан чиқолмаяпти. Боз устига, муҳарририятга бориб “Ш. Ашрапова” деб ёзилган эшикни ахтариб топгиси, кейин эшик рўпарасида индамай тургиси, хоним хонасидан чиқаётиб “Сизга ким керак? Бирон иш билан… гапингиз бормиди?” дея уни саволга тутса: “Йўқ, гап йўқ, гап нима қилади, атай афти-ангорингизни кўргани келдим…” деб жавоб бергиси келяпти. У шу “саҳна”ни хаёлида тасаввур қилиб тураркан, хонага кириб келган хотини:
— Умуман ёмон эмас, қутласа бўлади, – деди пастгина майин овозда.
Туйғун Нигорадан буни кутмаганди. Оилада баъзан англашилмовчилик бўлиб туради, бироқ зуваласи рассом хамиридан олинган хотинидан бунақанги осон англашни кутмаганди!
— Шу гапни жиддий гапирдингми?
— Нима қилибди, асарларни шунчаки санаб ўтмай, ўзича таҳлил қилибди-да.
— Очиғи, бемаъни сафсата! – деди у хафа бўлиб. – Ҳар бир рассом ижодига эҳтиётлик билан ёндошиш керак. Санъатшуносми, бошқаларга нисбатан идроки кенг бўлиши керак — нуқул Тансиқбоев билан Содиқовни, яна бошқаларни битта махражга жамлаб юрмасдан!
— Гап йўғида бир гапдек деб билинг… кўнгилга олиб ўтирманг, адаси.

“Кўнгилга олиб ўтирманг…” хотинининг ҳамдардлигида ундан устунлик ифодаси бордек туюлди.
— “Кўнгилга олиб” эмиш, мусофирчиликда тўрт йил ўқиб келиб, ёшим йигирма бешга кириб, ҳали ҳам ёш эканман, “ўсаётган ниҳол” эканман. Ҳаётда ҳеч қачон ёш ижодкор бўлмайди, Нигора. “Ёш рассомнинг ўз талъатига эга бўлишликдаги уринишлари ҳар доим ҳам етарли натижа бермаяпти”. Бунақанги гап ҳиссиёти гунг одамдан чиқиши мумкин! Агар мақолаларнинг кети узилмай, ҳар хил фикрлар билдирилганда ҳам майли эди! Бир нав ўрнини топарди, кетарди. Мақола қурмағурнинг сони битта бўлса-чи. Мақтов ўз йўлига, лекин, тагдор гаплар одамларнинг эсида қолади. Асарларимга нисбатан муносабат ҳам ўзгаради. Улар нега истеъдодни ўлчовга солишаркин-а?..
— Адаси, улардан ҳам танқидий фикр қани деб талаб этишади, танқид ишчанроқ тус бериб турса керак-да мақолага.
— Нотўғри, ҳеч қандай ишчанлик йўқ, — Туйғун ҳотиржам, аниқ ва равон гапиришга ўтди. – Орадан тўрт йил ўтибдики, ҳалиям ўша-ўша гаплар, Нигора! Хўш, умумийлик нимада? Унда ҳам, бунда ҳам тоғлар, чўққилар, қишлоқ оқшоми, қулф урган боғлар, фароғатли ёз. Чунки, улар битта заминда яратилган! Лекин Ўрол Тансиқбоевда мунаввар осудалик олами, сукунат рассомнинг ички борлиғига қаратилган, рангларда парокандаликка йўл қўйилмаган, тасвирларда турғунлик. Лекин, меники-да, эътибор қилсанг, қуёш ҳам, осмон ҳам бошқача, — дея Туйғун гапини мисоллар билан далиллашга ўтди, — мана, масалан, ўша сенга маъқул бўлган “Кўктепа”: у худди туғаётган аёл каби тўлғаниб, ёйилиб ётибди. Уни, инсон каби, вужуди тўла, унда оналик кучи бор. “Хумсонда баҳор”ни олайлик: куннинг қиёмдан оққан пайти, уфққа атлас уртилган, табиатда бунчалик бўлмайди, аммо асаримни кўрган томошабин уфқни энди айнан шундай кўради… Бунда шаклда ҳам, рангда ҳам тантилик, истисно бор… Бундай тасвирни кўрган одамнинг кўзига кўз, туйғусига туйғу қўшади, Нигора. Узоқда Қозиғуртнинг ҳўмрайиб туришини кўр, кўксида жангала булутлар, пастда – тоғ шабадасидан ўт-ўлан, буталар сарак-сарак қиляпти — полотнода осмон ва ер орасидаги ҳаракатдаги кўринишлар чизиб берилган-ку! Нимага шу оддий иддаойимни ҳам тушунишмайди? Онги қотиб қолганми шунчалик?!

Мақола эрини хийла мувозанатдан чиқариб юборганини пайқаган Нигора уни чалғитишга уринди.
– Сиз бир нарсани унутяпсиз, ҳис этиш, таъсирланиш ҳаммада ҳар хил. Юринг яхшиси, озгина қиймам қолган эди, кечки овқат ҳам тайёр …
Туйғун хотинига бир зум тикилиб қолди-да, кейин уни оҳиста бағрига босди.
— Бўпти, лекин бирпас очиқ ҳавода айланиб келай, – дея эшикдан чиқди.

***

Зинада бир оз туриб қолган Туйғуннинг фикри ўзгарди. Кўчага оёғи тортмади: устахонага чиқишни маъқул кўриб, юқорига кўтарилди. Яхшиям, устахонаси бор!
Мольбертда бугун бошланган портретнинг қоралама чизгилари. Э, ҳа, Нодир! Бу одам унинг хаёлотига шу даражада қаттиқ ўрнашган эканми, илгари эътибор бермаган, юзида ҳаёт қолдирган из-чизиқлари ҳаддан ташқари қабариқ ҳолда кўз ўнгига қалқиб чиқавериб қайта такрорланаверди. Ва шу тобда жонли андозасиз ҳам бемалол портретни чизишда давом этиши мумкинлигини сезди. Ҳа, шундай қилади. Кўнглидаги ғашликни тарқатиб юбориш учун ҳам ҳозироқ ишга киришади.

Туйғун мўйқаламини қўлига олиб, мольберт қаршисига турди ва эрталабкидан ҳам зиёд иштиёқ билан мато юзида мўйқалам юрита бошлади. «Бу ерини қолдириб турай-чи, кейин ўзидан чизиб оларман» деган фикр бирон марта ҳам унинг хаёлидан ўтмади. Ўзини унутиб, тасвир мароми ва зарбини пасайтирмай тамом ғайрат билан ишлади. Бир маҳал портрет қораламасидаги умумий рангворлик йўқола бориб, Нодирни иҳота қилган жигарранг ҳовур тарқади, бўлажак портрет манзарасини қандайдир ҳаётсевар руҳ ёритди: чапланган бўёқлардан ранглар маъноси ўзгариб, мавҳумлик барҳам топди. У ўз эмин-эркинлиги доирасида, тасвир муайян, аниқ шаклга киргунга қадар Нодирнинг дохилий оламига яқинлашгандан-яқинлашиб борди. Туйғун ўзидаги салоҳият, ишончнинг бу галдаги тантанасини илгари сира ҳам туймаганди. У жўшиб, дам олмай ишлади ва тонг ёриша бошлаганида танасида беҳад чарчоқ сезиб, ишлашдан тўхтади: мўйқалам енгил юрмаяптими, бас, қуюшқондан чиқиш бошланиб, асарга шикаст етади. Мольбертдан узоқлашаркан, мушакларида яна чумоли “югуриги”ни сезди. Айниқса, ўнг қўлида негадир мажол қолмагандай туюлди. Бироқ нима бўлганда ҳам руҳи тетик, ижод заҳмати туфайли юрагини сиққан нарсалардан қутилганди. Энг муҳими, кичик бир турткидан унинг ўзига хос рассом эканига бўлган ишончи янада барқарорлашганди.
Туйғун оёқ учида уйига кириб келди. Ошхонада чироқ ёқилган, столда сочиқ остига олиб қўйилган овқат, термосда чой тайёр турарди. У иштаҳа билан овқатланди-да, сўнг ётоғига кириб қаттиқ уйқуга кетди.

***

Эрталаб, Нодир келганда, Туйғун расмга таққосан разм солди ва шу тобда кечаги аъло ишонч ўзини-ўзи хаёлан алдаш экани маълум бўлди. Аниқроғи, мольбертдаги тасвир жилла қурса Нодир мавзусида яратилган портретнинг эркин, мустақилроқ нусхаларидан бири деб инобатга олинса бўларди. Аммо-лекин ажабланарлиси шунда эдики, айни пайтда Туйғуннинг портретга бошқа ўзгартириш киритиш, ўхшаш унсурларни бўрттиришга кўнгли тортмаётган эди. Рости, аввали унда хоҳиш бордек ҳам бўлди, у ҳатто чоғланиб мўйқаламини матога олиб борди, бироқ барибир қўли ишга бормади! Ижоди ички ҳис билан англаш замирига қурилганини яхши тушунган Туйғун дам ўтган сайин портрет намуна – Нодирнинг ниқобланган инъикосидан кўра, табиий Нодирга кўпроқ ўхшашиб кетаётганига ишонч пайдо қилаётган эди. Бошқача қилиб айтганда, табиатни бамисоли Нодирга, Нодир хулқ-атворини, рафторини эса табиатга муқояса қилишдан тасвирда энг қийин муаммони ҳал эта олди. У портрет- қиёфани кўзга бўртиб ташланмайдиган ҳис-туйғулари қуршовида гавдалантирди. Туйғун буни эътироф этишдан дили ёришиб, жонли андозага хайрихоҳ оҳангда:

— Мана, портрет битди.., — деб хитоб қилди.
— Хайрият-э! – деди Нодир, енгил тортган бўлиб.
— Демоқчиманки, бўшсиз, сизни бошқа ушлаб ўтирмайман.
— Расмни бугун олиб кетсам бўладими?
— Йўқ, бўёқ қурисин, кейин олиб кетасиз.
— Кўрсак бўлармикан?
— Марҳамат!

Нодир бегона кўппакка яқинлашаётгандек эҳтиёткорлик билан мольберт олдига келди. Келди-ю… серрайиб қолди. Унга яна зингил қўйиб қаради ва алданган, ҳафсаласи пир бўлган кимса ҳолига тушгани шундоққина юзида акс этди. Агар у бошқа ерда бўлганда… шу заҳоти расмни ҳеч иккиланмасдан ташқарига улоқтириб юборган бўларди. Аммо бу ерда – бошқа иқлим ҳудудида, қолаверса, янги даврда замонавий рассомларнинг санъати тушунарсиз, ғалати, матога бўёқ чаплаб ташлашдан иборат – фототасвирга бутунлай тескари бир нарса экани ҳақида қаердадир ўқигани ёдига тушди.
Туйғун портретга биронта тузатиш киритмоқчи эмасди. Башарти бурютмачи расмни қайтадан ишлаб беришни талаб қилиб туриб олса, ёки пул тўлашдан бош тортса ҳам майли. Ҳозирда пулга муҳтожлиги бўлса-да, портретни кўргазмага қўяди. У асарини сотишдан кўра намойиш этишни аҳамиятли билаётганди: кўриб қўйишсин – Содиқов фақат манзаранавис рассом эмас!
— Демак… пулини қачон беришим керак, бугунми? – сўради Нодир унинг хаёлини бўлиб.
— Олиб кетгани келганингизда. Бўёқлар қуришига боғлиқ..

Нодир барибир бор журъатини бир ерга жамлаб эътироз билдиришга ботинди:
— Уста, шу расм ўхшайдими менга, – деди расмдан кўзини узмай, – менинг икки чаккам юмалоқ, лўппи, кўзларим икки хил рангда, болалигимдан ҳамма билади. Қаранг, кулранг ва кўк ранг. Бунда эса бир хил. Кўринг, қани ўхшагани?! – дея алоҳида эътироф этди. Туйғунга ҳам худди шу керак эди.
— Кўриб турибман, – деди у бирмунча қизғинлик билан, – бўлса бордир, қиёфага айнан ўхшамайсиз, истисно бор… Лекин гапимни тушунинг! Бу – бадиий ҳақиқат, бу – сизнинг чинакам портретингиз! – дея давом этди, айниқса, «бадиий ҳақиқат» деган сўзга ўзгача урғу бериб. – Мен уни қайтадан ишламайман, заррача ўзгартириш ҳам киритмайман! Агарда уни ташлаб кетсангиз, сиздан вақт кетди, натуршикларга беш юз сўм тўланади соатига, пулни мен тўлайман …

Нодир ҳозир гап ортиқча эканини сезиб:
— Нега энди, унақамас, сўрадим- қўйдим-да. Бўёғи қачон қотади? – деди.
— Мольбертда турса эртароқ қурийди. Бир ҳафта ичида.
— Бўпти, яхши қолинг… — деб унга елка ўгириб зина бошига юра бошлаган Нодир эшик остонасига бир қадам қолганда, галстук тугунини тузатган кўйи:
— “Оқшом”да сизни тўғрингизда ўқидик, — деди орқасига, устахона ўртасидаги курсида ўтирган Туйғун томон бир рав қараб. — Хотиним қанақа рассом, ростакам рассомми деб суриштирганди, газетани кўрсатдим. Ўзингиз ҳам ўқигандирсиз?
— Ўқидим, ўқиб чиқдим, — деди у қуруққина қилиб. Рассом яна нима дер экан, деб кутиб турган Нодир бир оз жимликдан кейин яна эшик томон бурилди ва:
— Хўп, демак бир ҳафтадан, кейин учрашамиз, — дея устахонани тарк этди.

Ол-а! Мақолани кўрмаганида бунақа ноўхшашлик билан бунчалик осон муросага келмаган бўлармиди. Йўқотганинг оёғинг остида, деганлари шу бўлса керак-да.
Бир ҳафта ўтиб буюртмачи устахонага келибди. Салом-аликдан бошқа ҳеч нима демасдан, чойшабга ўралган портретни олиб жўнади. Худди ит қувлагандек шошқин чиқиб кетаётган мижозини оғриниш билан кузатиб қоларкан:
— Тойиб кетманг, зина тик, — дея олди Туйғун хафанок, ўйчан оҳангда. Янги асарини, боз устига қўли келиб ишлаган асарини бегонага топширганидан худди яқинидан жудо бўлган кишига ўхшаб маъюс тортиб қолганди у.

***

Портрет бу – маданий-маърифий муассаса деворларига қоқилган, қотирма ёқа ва бўйинбоғли одамлар расми деб кўниккан Ҳикоят турмуш ўртоғи тасвирига ҳам шу сидирға нуқтаи назар йўсинида эътибор берди. Суратдан кўзини олмай тикилди ва бошида: “Қизиқ., кийим-бош ўша-ўша; юз, кўз қараш ўша, савлат… савлат йўқ, таъсирчан чиқмапти!“ қабилидаги ҳар хил фикрлар чарх уриб, “ростакам рассом” ўзидан қўшмай, ўшандайлигича чизмас экан-да, деб эри айтган кинояли хулосага қўшилгандек бўлди ҳам.

Бироқ, кўзларининг қамрови кенгроқ экан, афтиданчамаси, тасвирдаги тилсимий руҳ уни муқоясага чорлади, шекилли… У бўйинбоғсиз қиёфага яна бир рав боқди: эри тийнатидаги эррайимлик излари айнан эмас, балки сийратидаги сезилар-сезилмас бир кўланка тарзида кўзига ташланди. Тасвирдаги лабларга югурган майин табассум, кўзларнинг ёқимли боқишлари – ўз-ўзига бино қўйишдан туғилган савлат, димоғдорлик қиёфада пешрав бўлишига йўл қўймаётгани ҳам унинг назаридан четда қолмади. Портретдан унга юзида эҳтиёткорлик ифодаси тўнғиб қолган одаммас, балки оламга кўзлари очиқ, қарашлари маъноли, вазмин одам қизиқиш ила қараб турарди. Тавба, гўё эрининг кўзларидаги нур ялтироғи вужудини ичдан ёритгандай эди.
Ҳикоятга рассом эрини тан-жони соғ, дардсиз, қирқ ёшли камолот палласида гавдалантиргани айниқса ёқимли туюлди. Рўпарасидаги истараси иссиқ йигитда савлат бўлмаса ҳам жонли андоза кўринишидан ёқимлироқ эди.

***

Нодир бугун идорасидан уйига хийла барвақт қайтди. Кундалик қуйманчиғидан чарчаганига иқрор бўлиб, балкондаги чарм диванга чўзилди. Қаршисидаги девордаги тўрт бурчак гирд ичидаги “бадиий асар”га тикила-тикила, унинг комида пинакка кетди. Кўп ўтмай хобида унсиз манзара пайдо бўлди: хотини ўртада туриб олганча, негадир балкондаги эмас, балки “жиҳозлар музейи”га айланган, ҳайҳотдек меҳмонхона бўлмаси деворига осиғлиқ портретни дугоналарига баҳузур таъриф-тавсиф этаётган эмиш, дугоналари эса, айримлари ҳавасланиб, айримлари ҳасадини яширолмай, бир-бирларига маънилатиб бош ирғиб қўйишарди.
Нодир уйғониб кетди ва ўрнидан туриб ҳафсаласизлик билан ётоғига ўтди-да, нари-бери ечиниб, ўрнига чўзилди. Яна уйқуга толганда, алоқ-чалоқ тушлари давом этди. Авваллари қайси гўрдаям кўрган тунд кимсаларнинг қиёфалари аралаш-қуралаш кўриниб ўтди. Ҳатто ҳаётига озми-қўпми ўрнашиб қолган ва хотирамдан ўчиб кетган деб ўйлаганлари, саксонинчи йиллар олатасирида кўмилиб кетган деб билганлари ҳам бирин-кетин юз кўрсата бошлади.

Юзлари пушти ранг, танқа бурун, ҳиқилдоғидан соч ўсиб чиққан яҳудий Миша ака қалқиб чиқди (балки, у қария Исроилда аллақачон бандаликни бажо келтиргандир, ўша пайтлардаёқ юзига қарилик нуқси урган эди). У чакана кооперативчилик касбининг сердаромад кунларидан хотира қолган кумуш нақшли узугини ҳали-ҳануз силаб, Нодирдан нималарни сўраганча кулимсираб ўтирибди (Миша ака ҳеч қачон баралла кулмас, фақат англаб бўлмас табассум билан жилмайиб қўярди). Унинг ўзи эса суҳбатдоши билан тиллашиб нималарнидир сўзлаб бермоқда. Хотира-лавҳа боис Нодирнинг мудроқ босган миясида ”ўша кезлар тирикчилик деб, ўсмирлик даврим ўтиб кетганини ҳам сезмай қолибман” деган фикр ярқ этди.
Туш туш-да … кейин бўз йигитлик даври юз берган воқеалар сабаб, хобида курсдоши Юля билан бир зум дучлашди: унинг хушбичим қомати, ҳарис юзи боши устида энгаш турган ҳолати пайдо бўлди. Аммо бу сафар Юля уни заррача бўлсин ҳайратга солмади.

Нодир ғимирлаб чап томонига ёнбошлади ва хобий борлиғида ҳар қандай ғубордан фориғ дамларини эслашга ҳаракат қилди… Тушига Ҳикоятнинг тўнғич фарзандларига оғироёқ пайти кирди: Нодир аёлини эҳтиётлаб, авайлаб бағрига олди ва унга меҳр билан боқиб, аста тисарилди. Ҳикоят қимирлаб, қўлларини эрининг кафтларига қўйди, юзларида хушнудлик жилва қилди… яна, ўзларидан бўлак, жон насиб этажагини вобаста сезиш гаштини худди ўша кезлардаги каби ҳис этди…
Ва шу аснода уйғониб кетди, қайта ухлолмади.

Бахтиёр онлар “чорлови” бир қалов бўлиб, бошқа, каттароқ хотираларни аланга олдириб юборди. Эски шаҳар депарасидаги ҳовлилари, азим тутнинг бужур танаси ва ён деворга ўрнатилган пастқам эшикча ёдига келди: қиш … теварак-атроф аёзнинг қировли ғубори ичида. У қўшни томда қор кураяпти. Пастда тенгдоши Турсуной унинг чаққон ҳаракатларини мароқ билан кузатиб турибди (Турсуной — Умри холанинг яккаю-ягона фарзанди эди). Мана, у қўлидаги куракни четга улоқтириб, бармоқларини куҳ-куҳлаб, қор уюмига шаҳд билан сакради. Кулгудан юзи ёришган қиз (негадир, қўлларини ҳовучлаганча) у томон талпинди. Турсунойнинг меҳрли қора-қийиқ кўзлари, йиғлаш ва кулишга қодир, бир оз қонсиз лаблари Нодирга ёқарди… Кўз ўнгига келиб турган манзара ва илгариги ҳаётининг ёрқин тафсилотлари қалбини эгаллаб, вужудидан қандайдир қусурларни ситиб чиқараётгандек туюлди.

Фурсат ўтмай хаёл ойнасида онасининг қиёматли дугонаси Умри холанинг қоқ олхўриранг, серпай бармоқлари бир кўринди. Умри хола тонг саҳардан кечаси не маҳалгача эри Салим ака билан тенгма-тенг нон ёпар, рўзғор ташвишларидан бўшамас, бироқ ҳеч қачон, ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан нолимас, койинмас эди. Эсида, ҳарбий хизматдан қайтганида хола атай ёпилган жиззали бўрсилдоқ нонларни саватда кўтариб чиққан ва уни пешонасидан ўпиб, узоқ дуо қилганди. Нодир, орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, ўша иссиқ нон ифорини димоғида қайта туюб, дилида бир орзиқиш уйғонди. Бу нарса бошқа бир тушуниксиз туйғуни бошлаб келдики, унинг таъсирида беихтиёр ўрнидан туриб кетди.

Бу воқеа маҳалладошлари кўзидан йироқда: бойиб, янги тушган мавзеда данғиллама уй қуриб, энди ҳамма нарса измимда деб юрган; озиқ-овқат, мол-буюмга қаҳат келган — саксонинчи йилларнинг охирларида юз берган эди. Иш гуллаб кетиб, ҳавойи тижоратидан мол-дунё орттириб ( ҳеч қандай заруратсиз, раҳматли бева онаси билан яшаган) эски офтобрўя гўшани элбурутдан сотиб юборган эди, ўшанда… Мана энди эса ўтган йиллар доманасида содир бўлиб кетган воқеа эсига тушиб, ярим тунда юрагини ранж-алам ва иснод сиқувга олди. Бундан у ўзини жуда хунук, ожиз ва нотавон сезди. Дарвоқе, ўшанда Умри хола ҳовлини сотишга ройиш билдирмаган, “ҳовли сотишнинг хосияти яхши эмас, болам. Ўтган арвоҳлар, дугонагинамнинг руҳи чирқираб юрмасин. Мен ўзим хабар олиб, супуриб-сидириб тураман. Соғинганда болаларингиз келиб, яйраб кетишади”, дея насиҳат қилган бўлувди. Нодир эса, шу қадар ҳаволаниб кетган пайтлари эканми, онасидай бўлиб қолган Умри холанинг гапларини қулоғининг ёнидан ўтказиб юборганди…

Нодир хотиротнинг адоқсиз кўчаларида кезина-кезина толиқди ва каравотига чўзилди. Кўзи илинар-илинмас туш кўрди. Онаси… Ҳа, онаизори майин кулимсираб хонага кириб келди-да, ўғлига миннатдор тикилди. Кейин унинг ёнидан ўтиб, деворда осиғлиқ портретга қараб юрди. Портрет қаршисида туриб, унга разм солди. Кейин ўғлининг ёнига қайтиб, худди ёш болалик пайтидаги каби пешонасини майин-майин силаб, сочларини эпақага келтирди.
Шу аснода уйғониб кетган Нодир ўрнига туриб ўтирди туш ва хушёрлик ҳолати ўртасида тонг оттирди.

* * *

— Сизга нима бўлди, йиғлаяпсизми?..
— Йўғ-е, нега йиғлайман?
Нодир хотинига қарамай ваннахонага ўтиб кетди.
— Кўзингиз қизарганига айтаяпман-да.
Нодир ойнага бир қур кўз ташлаб олди-да, нари-бери ювиниб, ошхонага кириб кетаётган хотинининг орқасидан юрди.
— Ҳикоят, ўтир.
Аёл эридаги ўзгаришдан ажабланиб, унинг қаршисидаги стулга чўкди. Хавотир аралаш унга қаради.
— Ойим тушимга кирибдилар.
— Яхши. Бирор нарса дедиларми?..

Нодир бош чайқади.
— Лекин нимадандир жуда хурсандлар, юзларида табассум… Ёшлик пайтлари шунақа жилмаярдилар. Менинг болалик пайтларимда.. .Ота кўрмай ўсганим учунми, шу… мактабдан келишимда интиқ, ёшли кўзлари билан севиниб кутиб олардилар.
Нодир яна бир зум онаси ҳақида маҳзун ўйларга толди.
— Ҳа, онагинам-а… – Нодир хўрсиниб бош чайқади. – Секин, кулиб-кулиб ўтиб кетди. Ким билди, ким билмаям қолди.
— Шу вақтгача бунақа гаплар қилмасдингиз, адаси. Биламан. Расм қурғур келиб ўзгариб қолдингиз. Дала ҳовлига олдириб қўяйлик.
— Шошма, тураверсин.
— Майлингизку-я. Лекин уйқуда гапиришларингиздан, шунақа хаёлга чўмиб қолишларингиздан хавотирдаман-да.

* * *

Орадан уч ой ўтди.
Тошкент куранти яқинидаги кичик кўргазма залида Туйғуннинг шахсий кўргазмаси очиладиган бўлди. Негадир, аксари рассомлар бу ердан кўра Бадиий академиянинг ёки бўлмаса тасвирий санъат галереяси залларида асарлари намойиш этилишини исташади. Ваҳоланки, бу мўъжазгина намойиш масканининг ўзига хос афзалликлари ҳам йўқ эмас. Сабаби заллар катта эмас; рассом шунга яраша асарларини жиддий саралайди, томошабин расмлар кўплигидан толиқиб қолмайди, ҳар бир қўйилган асарга алоҳида синчковлик билан эътибор беради. Туйғунга шу жиҳатлари билан бу ер маъқул эди.

У кўргазмага тайёрланиш учун эрталаб вақтли туриб устахонасига кўтарилди. Ҳали бирор ишга қўл уриб улгурмай эшик қўнғироғининг жонсарак жиринглаши эшитилди. Ким бўлдийкин? Уйга иш олган дурадгор тайёр чорчўпларни кеча ташлаб ўтмоқчи эди, келмади. Балки ўшадир …
Эшик олдида бир эркак ва аёл турарди.
Эркак кўзига сал-пал таниш кўринди. Туйғун унинг нимасидир Нодирга ўхшаб кетишини пайқади. Афтидан, туғишган укаси бўлиши мумкин, ёки бирор яқин қариндоши …
— Туйғун ака, яхшимисиз, — деди эркак, у билан қўш қўллаб кўришаркан. – Ассалому алайкум.
— Ваалайкум ассалом, — деди ҳали ҳануз ўз таассуротлари домида қолган Туйғун келганларни ичкарига таклиф этишни ҳам унутиб.
— Маъзур тутинг, йўлим тушиб, бир кўришиб ўтайлик дедим. Бу хотиним — Ҳикоят. Хурсандчиликдан, айтадиган гапларимиз ҳам йўқ эмас…Биламан, сиз мени танимайроқ турибсиз? Мен…
— Нодир аканинг укаси… бўлсангиз керак-а? – деди Туйғун ўзининг яқин қадрдонидек рўпарасида илжайиб турган кимсага.
— Йўғ-е, нега укаси бўламан? Мен ўзимман, Нодирман.
Туйғун ишонқирамай унга тикилди.

Аёл гапга аралашди:
— Анна, сизам танимадингиз. Ўзларига айтсам ишонмайдилар.
Туйғун меҳмонларни остонада узоқ туриб қолишганини фаҳмлаб ичкарига таклиф қилди.
— Узр, қани, ичкарига, ичкарида гаплашайлик, — деди ўзини четга олиб.
— Раҳмат. Оббо, Туйғун ака-е, танимадингиз, укаси бўлса керак деб ўйладингиз-а? — деди Нодир стол атрофига ўтиришаркан. — Менинг укам йўқ, Туйғун ака. Сизга айтсам, охирги пайтлар сиз тугул, яқин танишларим ҳам танимай қўйишган.

Туйғун ҳамон ундан кўзларини узолмасди.
— Бир бошидан айтиб беринг, Нодир ака, – деб орага гап қўшди Ҳикоят.
— Хўп. Ўша куниёқ портретни деворга осиб қўйдим. Осиб қўйдим-у, нуқул унга тикилгим келаверади десангиз. Дам бадам қараб-қараб қўяман. Ўзига тортади, унга ўхшамаслигимни билсам ҳам тикилавераман. Ўзига боғлаб олди. Кейин олиб каравотимиз устига осдим. Хотиним бўлса, аввалига устимдан кулиб юрди…
— Э, тўхтаб туринг! Нималар деяпсиз, кулганимни айтиб нима қиласиз! – деди сўзлашга қулай фурсат келганидан жонланган Ҳикоят, — соғайиб кетишингиз портретга боғлиқ экани, ўзгаришларни биринчи ким пайқагани ҳақида гапиринг? “Нодир ака, сиз энди ўзиздан расмингизга кўпроқ ўхшаяпсиз!” деганим эсингиздами?
— Тўғри. Биринчи сен пайқадинг, — деди хотинига қараб Нодир. — Ўшанда уч ҳафталар ўтиб қолганди… Бундан бир ярим ойча илгари ўзим ҳам сездим. Ишхонамда ҳангоматалаб ошналарим: “Нодир ака, сизни таниб бўлмай қоляпти. Борган сари яшариб кетяпсиз, ўзи нима гап?” деб қизиқсина бошлашди. Яхшиямки, эски фотосуратларим бор, портретгача қанақалигимни кўрсатсам ҳам ишонишмайди.

— Майда-чуйдаларни қўйинг, яхшиси касалингиз ҳақида гапиринг, — тоқатсизланди аёл.
— Қанақа касал, тушунмаяпман?- ажабланди Туйғун.
— Лўнда қилиб айтсам, олдинлари касалдан ётиб қолай дердилар, энди бутунлай қутилдилар, тузалдилар! Сизга катта раҳмат. Ишонмайсиз, лекин сиз тузатдингиз у кишини! Раҳмат! Сира кутилмаган иш бўлди!
— Қачондан бери… ҳа, тахминан ўн беш йилдан бери ошқозоним оғриб келарди, жиғилдоним қайнаб, беҳузур бўлардим, ҳозир… тузикман. Шуни айтяпти хотиним, – дея Нодир аёлининг гапига изоҳ берган бўлди.
— Йўғ-е, бўлиши мумкин эмас.
— Вой, ишонмайсиз-а! – аёл жон куйдириб тушунтира кетди. – Шу, кўз олдимда бошқа одамга айландилар-ку. Ошқозонлари оғримай қўйди. Кўзларини кўринг, кўзлари бир хил рангда – мана, ҳамма одамларникидек. Олдинлари овқатимни ёқтирмасдилар. Доим бунинг нордон, бунисининг тузи кўп, бу хом деганлари деган эди. Ўлгудай зиқна, инжиқ эдилар, буткул ўзгариб кетдилар, сўрамасам ҳам менга курортга йўлланма олиб келдилар. Маҳалла гузарида спортзал қурилишини бошладилар, тўнғичимиз магистратурага кирувди унга беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни совға қилдилар. Сиз чизган одамга ўхшадилар, қолдилар.

Суҳбатдошлар мириқиб кулиб олишди. Кейин Туйғун эр-хотинга қараб:
— Бор гап шуми? Хурсандмисиз ишқилиб, унда менам хурсандман, — деди ва яна нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин бошқа жўяли сўз топа олмади.
— Биз яна ўша, олдингисидай иш билан келдик… — деди охири аёл муддаога кўчиб. — Малол келмаса, менинг портретимни ҳам чизиб берсангиз, Туйғунжон! Мен ҳам беморман, буйрагимда тошим бор… Кейинги пайтларда суякларим оғрийдиган бўп қолди. Йўқ деманг.
“Ана холос, ўзи шу етмай турувди!”
— Кечирасизлар, мен врач эмасман, — деди ҳафсаласи пир бўлган Туйғун қовоқ уюб.
— Ҳа, рассомсиз, лекин чизган расмингиз эримни даволаб тузатди. Уларни профессор кўрди. Ҳеч нарса қила олмади. Бормаган санаториялари, ичмаган маъдан сувлари қолмади. Наф кўрмадилар. Лекин ҳозир соппа-соғлар … Илтимос, мениям суратимни чизинг, — деди аёл ўтинч оҳангида. — Қандай хизматингиз бўлса, жонимиз билан… дурустгина гонорар тўлаган бўлардик сизга…

Туйғун ноилож қолди. Аввало, аёлнинг ўтинчли нигоҳи уни ўйлантириб қўйди. Ҳар ҳолда бир илинж уни бу ерга бошлаб келган. Ноумид қайтариш инсофдан бўлмайди. Қолаверса, хизмати эвазига уч -тўрт сўм бўлса,шахсий кўргазмаси очилиши куни ёр-биродарларига дастурхон тузашда асқотади ҳали.
— Ҳеч қандай хизмат йўқ, — деди у фикри ўзгариб, — Майли… кўрамиз, умид қилибсиз… эртага соат ўнга келинг. Нархи — икки юз, икки юзлигича қолади, лекин, бирор натижа чиқадими, йўқми, айтолмайман…
Эр-хотин миннатдорчилик билдириб, олдинма кейин устахонадан чиқишди.

Туйғун хонада яна бир ўзи қолди лекин… қўли ишга бормади. Хонада ўйчан кезинди. «Жуда аломат! Нодир чиндан ҳам ташқи, ҳам савқидан ўзгарган, бу ғайритабиий ҳодиса учун табиий изоҳ топиш лозим, деб кўнглидан ўтказди. Ғайритабиий кўринса-да, ўзига хос мантиққа эга! Башарти маънавий ва руҳий малҳам берувчи меҳригиёси бўлмаса портретдан одамларга нима наф! Ташқи сийратини қандай бўлса, шундайлигича муҳрлаб қолдиришга фототасвир ўзи етарли…” Шу тобда аввал яратган манзаравий асарлари кўзига бўш-баёвроқ , ҳаддан ташқари рангдор, ҳаёт воқеаларидан ажралиб қолгандай кўрина бошлади. Энди у янги ижодий кенгликларга чиқиши, персонажлардан деворий рангтасвир асарларига ҳам ўтиши мумкин… Мана буни ижод деса бўлади: у ўнлаб портретлар ишлайди, одамлар дардига ҳам малҳам бўлади. У мураккаб композициялар устида ишлайди, бора-бора Сикерос, Диего Риверо каби маҳобатли асарлар яратиш даражасига етса ҳам ажаб эмас.

Ҳар вақтдагидек, эрталабдан буён туз тотмагани эсига келди. Туйғун чироқларни ўчириб зиналардан тушиб бораркан, «портрет билан боғлиқ воқеа чинданам антиқа, хотинга айтсам кулгига қоламан», деб ўйлади.
Нигора ошхонада экан, эрига пешвоз чиқиб келди.
— Адаси, ош нўхотли бўлсинми? – деди ишидан ҳам бошини кўтармай.
— Майли.
— Кейинги кунлар жуда озиб кетяпсиз,- деди куюнчак оҳангда эрига бошдан-оёқ разм солиб олиб, — Ўзингизга қарамасангиз бўлмайди, кўргазмага чиройли, савлатли йигит бўлиб боришингиз керак.
Туйғун индамади. Шундай қилмаса, суҳбатга мавзу тополмай турган хотинини гапдан тўхтатиб бўлмасди. Мабодо “Нодир воқеаси” ҳақида эшитиб қолса борми…

***

Ҳикоят упа-эликка беланиб, қулоғига оғир тилла сирғалар тақиб, бўйнига эса йўғон олтин занжир осиб, хуллас, қўғирчоқдек ясан-тусан қилиб расм чиздиргани келди. Аёл рассомга ўзини иложи борича ёш кўрсатишга уринаётгани билиниб турарди.
Тилла ранг ялтир-юлтир ичида аёл юзининг ноаниқ қорамтир тархигина кўзга аранг чалинарди: пешонаси теграсида бўлак-бўлак гўлос ранг соя лип-лип ўтди — кўкракда безаб турган қимматбаҳо тақинчоқларнинг жимирлаши.
— Тақинчоқларни ечинг. Халал беряпти …
— Менга, “тилланинг хосияти бор, биотўклари дардга шифо бўлади” дейишганди.
— Расмдан бўшаганда бемалол қайта тақиб оласиз.
— Портрет ҳам балким чиройли чиқармиди…
— Тушунинг, опа, менга халақит беряпти, — деди-да. Туйғун негадир кулимсираб давом этди. — Айтиб қўяй, безаклар портретдаги биотўкларни ўзига олади, ечганингиз афзал…

Ҳикоят Туйғунга бирпас тикилиб қолди-да, кейин яширин сирни англаб етгандек:
— Майли унда, айтганингиз бўла қолсин, — дея бор тақинчоқларини рўмолчасига ўраб, сумкачасига яширди.
— Тунов куни айтмабман: ранги иссиқроқ кофтада ўтирасиз дейиш эсимдан кўтарилибди.
— Йўқ, кераги йўқ! Кун иссиқ! Шундоғам қизиб ётибди. Офтобам кўзимга тушиб турибди.
— Гапимга тушунмадингиз: мен рангнинг илиқлиги маъносида айтяпман. Ҳавонинг эмас.

— Иссиқ ранг ?! Рангларнинг ҳам иссиқ-совуғи бўладими?
— Хўп, бўлмаса… манови бўзранг жужунчани елкага ташлаб олинг.
— Вой! Менга бу ўтиришмайди. Шу эскида қоп кетаманми суратда? Тиллаларни ол дедингиз, олиб қўйдим, ўрнига буни тутқазяпсиз. Бечораҳол қип қўймоқчимисиз? Кейин чинданам ночорликка мубтало бўп қолмайманми?
Туйғун ўзини босиб, ётиғи билан уқтиришга ўтди.
— Тушунинг, опа. Менинг вазифам: одамни “кўриш”, одам қиёфасини ишлаш, бўзранг халат асосий нарсамас.Одамнинг, айниқса кўзи жонли, таъсирга мойил, мураккаб нарса… унда ҳаёт қолдирган излар бор. Тил ҳақиқатни яшириши мумкин, аммо кўз – ҳеч қачон! – Ҳикоят гапларига эътибор билан қулоқ солаётганини кўриб, Туйғун бу масалага кенгроқ тўхталди, — улар рангларда кўриниш беради. Бошланмасига сидирға тус керак, мен шу рангдан яна бошқа рангларни тахминлаб, керагини чиқариб оламан.
— Ҳа, майли, тушундим, бера қолинг! – дея Ҳикоят хиёл тажанглик билан итоат этди ва елкапўшни кифтига ташлаб олди.

Туйғун асабийлашиб борарди. Сабаби, у ўтган сафаргидек ғайритабиий ва, албатта , аломат портрет яратишга қайта мушарраф бўлиш учун ўзида ишонч етишмаётганини ҳис қилиб турарди. Тўғри, буюртмачига ваъда бермади, лекин айтайлик энг оддий, сиртқи рангтасвирдан ўтиб асар ишлаш қўлидан келмас экан, унда ўзига нисбатан қалбида нафрат ўйғониши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ижодкор учун бундан ёмони йўқ: шу боис, у фақат бир нарсани — бундан буён, тасодифан юз берган воқеа сабаб ижодида пайдо бўлган янги фазилатни ўзлигига зўрма-зўракисиз, табиий тарзда ўзлашиб кетишини истайди. Унингча, портретларидаги антиқа сифатни юзага чиқарган қобилиятидан ажралишни – созанданинг бармоқлари маҳоратли югуригидан дафъватан маҳрум бўлишидек қиёслаш мумкин эди. Лекин асосий гап шундаки, бир масалада рассом ва созанда ўртасида муҳим тафовут бор: ҳар қандай созанда қандай ҳаракатлар билан бармоқлари машқини расо қилишни билса, Туйғун мабодо ногаҳон қўлга киритган қобилиятини бой бериб қўйгудек бўлса, уни қайта тиклаш учун нима қиларини билмайди. Унинг безовталиги шундан эди.

Ҳикоят бўлса, табиийки, ором туйғуларига ғарқ бўлиб, дағал курсида эмас, гўё юмшоқ суянчиқли ўриндиқда роҳатланиб ўтирган одамдай, қаддини ғоз тутиб ўтирарди. Сабаби, у ниятига етди, энди бир неча соат сабр қилса портрет тайёр бўлади. Кейин тез орада буйрагидаги тошлардан, соғлиғини кемираётган турли дарди-балолардан ва бунинг ортидаги ваҳимаю хавотирдан бир йўла фориғ бўлади. Арзимас пул эвазига, худо ҳоҳласа, ҳам шифо топади, (энг муҳими) ҳам мўъжизавий тарзда яшариб кетади.
Туйғун одатда нурли, қуёшли кунларда, диққатини жамлаб, берилиб расм чизишни яхши кўради. Чунки ранглар ўртасидаги муомала ва муносабатлар табиий нур ёғдусида равшан кўзга ташланишини, аксинча, рутубатли кунларда ранглар чаплашиб, аслидан ўзгачароқ жило бериши ва тасвир тамомила сохта акс этишини у тушуниб етган, ижод ҳавосини олган тажрибали рассом эди. Унинг учун табиий ёруғлик – қабариқ ойна, қуёш шуълаларини бир нуқтага йиғиб, ўткир нурга айлантирадиган шаффоф кўзгу эди!

Аввалига, унинг асабий ҳаяжони оқибатидан юрагига тушган ғулув ва ортиқча ҳовлиқма ишчанликдан чизгилари қовушмай турди, мўйқаламини мато устида бир марталик юргизиши билан юзнинг доирасимон тархини, кейинчалик тузатишга ўрин қолмайдиган аниқликда чизиб олиш учун керак бўладиган ишонч, дадиллик етишмаётганди унга. Лекин секин иши ўнгидан келиб, бир соат-ярим соат ўтиб, бу вақт ичида илгариги одатига кўра ҳаяжонлари кўзларидан ақл-идрокига, ундан юракка, тирсакка ва у орқали иш қуроли — сезгир бармоқларига етиб, сўнгра ундан мўйқаламига ўтиши билан кўнгли жойига тушди. Юрагида яна бир марта аввалгисига молик антиқа портретни чизишга қодирми ёки йўқми… фавқулодда қобилияти унда тайин қолдими, йўқми… каби қалбига ғулғула солиб, ишлагани халақит бераётган барча шубҳа-гумонлару қатъиятсизликдан асар қолмади. Узун бармоқларида ҳадик ўрнига умид ва ишонч сезиб, фавқулодда сурат билан мириқиб ишлади. Ниҳоят, қаддини ростлади. Бугунга етар… Елкалари, мўйқалам тутган қўли увишиб, Нодирнинг расмини чизаётган пайтидаги каби мушакларида яна “чумоли югурди”. Танаси андек қунишди. Лекин қизиғи, худди ана шу такрорланган ҳиссий сезгирлик унда портрет ўша аломат хислатга эга бўлганига ишонч туйғусини мустаҳкамлади. Кўзларида яширинча мамнуният учқунлари чақнади. Шу аснода қаршисидаги аёлга нисбатан хайрихоҳликка ўхшаш нимадир пайдо бўлди. Майли, ўзига етгулик молпарастдир, ҳавойидир, лекин ёмон аёл эмас, содда, ишонувчан, ҳатто, айтиш мумкинки, ботиний тоза аёл…
Туйғун хиёл очилиб, хонадаги теран сукунатни бузиш ва дўстона кайфиятини билдириб қўйишлик ниятида кулимсиради:
— Ҳикоят опа, толиқиб қолдингиз-а? Кейинги сафар куй, қўшиқлар ҳам келтириб қўярман… зерикмайсиз.
— Йўғ — е, шундоқ ҳам миннатдорман, овора бўлиб ўтирманг. Қўшнимнинг қизлари эртаю кеч қўшиқ қўйишади. Жуда тўйганман.
— Менда.., италиянча, ноёб, мумтоз қўшиқлар, куйлар бор… Корузо, Лучано Повороти, Албано деган дунё таниган хонандалар қўшиқлари, ўзимизникилардан Турғун Алиматов чалган мумтоз куйлар бор. Қанақасини ёқтирасиз?
— Мен Муножот Йўлчиевани яхши кўраман.
— Масалан, қайси ашулаларини?
Ҳикоят бир оз сукутга толиб, сўнг жавоб қилди:
— “Келмади”ни, “Қора кўзим”ни, “Айлагач…” ни яхши кўраман, — Ҳикоят шундай деркан юзи табассумдан ёришиб, чеҳраси мулойимлашди.

Ана шунда худди таъмирловчи уста деворга чапланган юза сувоқларни кўчириб ташлагандаги ҳолат юз берди: аёлнинг кўзларида қўнглининг туб-тубида мудраб ётган бокира туйғуларга ўранган меҳрга мойиллик, раҳм-шафқат, муҳаббат андуҳи каби нима нарсалар учқуни акс этдики, Туйғун уларни тасвирга тушириб қолишга шошилди. У суратдаги кўзлар атрофига шуъласимон, билинар-билинмас чизгилар тортди. Нигоҳларда хиёлгина бир ўт чақнади. Туйғун мароқ билан ишлашда давом этаркан, кўнглида: “Бу дунё яралганидан бери одам ҳаммадан бурун одам экан-да, у руҳан доим нимагадир ташна, мен айнан шунга таянишим лозим, деган ўйда тўхталди. Ҳа, инсон қиёфасига чапланиб кетган сохталикларни, ғуборни олиб ташласанг, унинг нақадар гўзал эканини кўрасан!
Жумбоқнинг учи мана шу ерда!”

Ниҳоят, асар битди.Унинг кўз нурлари аёлнинг кўзларига термулавериб тақсимланди … Матодан, рассомнинг бадиий инъикоси: ниҳоятда дилбар, табиий тимқора сочли, ёши ўттизлардаги латофатга бой жувон боқиб турарди.
Туйғун аъзои баданида толиқиш сезди, у мажолсизликдан палитрасидаги бўёқ юқини ювишга ўзини мажбур этди. Кейин курсида қимир этмай ўтирди, бир муддат ҳордиқдан кейин танасига дармон киргач, ишидан кўнгли тўқ, баҳри-дили очилиб пастга тушди. Зеро вужудидаги толиқиш айни чоғда эришган ижодий ғалабасининг тансиқ ва тотли чарчоғи ҳам эди…
— Ҳа, Туйғун ака, кайфиятингиз чоғ. Бир ўзиз, ўзизни жиндек хушнуд этганга ўхшайсиз… — деди Нигора кулиб, эри яхши кайфиятда эканини пайқаб.
— Кайфиятим чоғлиғи рост, маликам, – дея жилмайди Туйғун. – Лекин асло шаробдан эмас.
— Биламан, биламан, Туйғун ака. Хўп бўлмаса, дастурхонга марҳамат қилинг. Ишингиз юришганидан менам хурсандман.

001

Shunday soha egalari borki, ular to’g’risida doim ham kitob yozilavermaydi. Musavvirlik va musavvir yaratgan asarlarni his qilish esa, yozuvchidan alohida iqtidor talab etadi. Eldor Boboevning qo’lingizdagi qissasi ana shu jihatdan diqqatga molik. Unda rassomlik san’atining ko’pchilik anglamas sir-sinoati, kuch-qudrati, ularning tomoshabinga ta’siri badiiy aks ettirilgan. O’ylaymizki, u sizni befarq qoldirmaydi.

Eldor BOBOEV
MUSAVVIR
Qissa
002

002 Eldor Boboev taniqli ijodkor oilasida tug’ilgan. Uning otasi shoir Mamarasul Boboev (1911.3.4, Kattaqo’rg’on — 1969.23.7, Toshkent) Samarqand viloyatining Kattaqo’rg’on shahrida tug’ilgan. U dastlabki ma’lumotni Alisher Navoiy nomli maktabda olgach, 1927 yilning kuzida Buxorodagi qishloq xo’jalik texnikumiga o’qishga kirdi. 1934—1938 yillarda Toshkent Davlat pedagogika instituti til va adabiyot fakul`tetining sirtqi bo’limini tamomladi. 1939 yili «Guliston» jurnalida uning «Ulug’bek» tarixiy dostoni bosilib chiqdi. U 1941 —1946 yillarda Ikkinchi jahon urushida qatnashib, Eronda xizmat qildi. Urushdan keyin respublika gazeta, jurnal, nashriyotlari va O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ishlagan (1947—68). Shoirning «Janubiy nuqtada» (1953), «Eron daftari» (1952), «Sadoqat haqida» (1954) she’rlar turkumi va boshqa kitoblari nashr etilgan. «Yoshlik chog’im — oltin chog’im» (1959), «Go’zallik istab» (1963) kabi dramalar muallifi. Tarjimon sifatida M. Lermontov, N. Nekrasov, T. Shevchenko, N. Tixonov, K. Simonov, Musa Jalil, Rasul Hamzatov asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

Shoirning to’ng’ich o’g’li, iste’dodli musavvir, O’zbekiston Respublikasi san’at arbobi, O’zbekiston Badiiy akademiyasi akademigi Baxtiyor Boboev (1937-2009) ning o’zbek tasviriy san’ati tarixida alohida o’rni bor. Uning ko’plab mamlakat va xalqaro ko’rgazmalarda namoyish etilgan, bir qator yuqori mukofotlar bilan taqdirlangan asarlari, xususan portret janridagi ishlari san’atimiz xazinasining eng nodir javohirlari sifatida tan olingan.

Eldor Boboev shoirning kenja o’g’lidir. U 1949 yilda Toshkentda tug’ilgan. 1972 yil Nizomiy nomli Toshkent Davlat pedagogika institutining o’zbek tili va adabiyoti fakultetini tamomlagan. Sizga taqdim etilayotgan qissa Eldor Boboevning nashr etilgan ilk asaridir.

002

Taniqli rassom, O’zbekiston Badiiy akademiyasi akademigi Baxtiyor Boboev xotirasiga bag’ishlayman

Nodir tosh qotib o’tirishdan charchadi, shekilli, toqatsizlanib:
— Qimirlasa bo’ladimi? – deb so’rab ko’rdi.

Tuyg’un javob o’rniga bir qadam ortiga tisarilib, dam matodagi chizgilarga, dam Nodirning sirtqi qiyofasida kezindi: yoshi chamasi qirq beshlarda, jussasi o’rtacha, andak qorin solgan… Egnida yozlik qimmatbaho kulrang kostyum, pushti chiziqli, oq ko’ylak shimi ostidan oq paypog’i ko’rinib turibdi, oyog’idagi teshik-teshik bashang tuflisi kostyumi rangida … Tuyg’un ro’parasidagi boynazar odamning zohiriy alomatlarini shu tarzda “o’qiy” boshladi va: «…tadbirkor bo’lsa bordir, qaysidir yangi boyning dastyori – qaerdan pul hidi chiqsa darrov o’marishga tayyor olchoqlar toifasidan…” – deya davom etdi “o’qish”da.

Tuyg’un endi diqqat-e’tiborini Nodirning yuzi, peshonasi, qoshlari ustidagi yotiq ajinlarga qaratdi; «xuddi suratga tushayotgan odamga o’xshaydi, bunday, emin–erkin o’tirsa-chi! Yuzi salqi, zug’umli, dimog’i baland, lekin mayda, kerak bo’lsa yana maydalashadi, ko’zi tor … uyidagilarining g’ashiga tekkan. Aftidan rassom ustaxonasini birinchi ko’rishi… Bunaqalar ishini imi-jimida, “xayriya”larini esa hammaga ko’z-ko’z qilib bajaradi… “ Tuyg’un shu kabi o’jar xayollar izniga berilarkan ta’bi xira tortdi.

Nodir esa, zerikarli sukunat havlida «bekor qildim, bundan ko’ra katta qilib fotosuratga tushganim ma’qul edi» degan pushaymonni ko’nglidan o’tkazarkan, Tuyg’un nihoyat sas berdi:
— Marhamat, chigillarni yozishingiz mumkin, juda qiynab yubordim sizni …
Nodir ustaxonani ko’zdan kechirishga imkon tug’ilganidan jonlandi, kursidan turib kerishdi.
Atigi ikki soat ilgari uning kimligini Tuyg’un hali tuzuk bilmas, endi bo’lsa, uni o’ziga yaqin yo’latmaslikni ma’qul ko’rib turibdi. Shunday qilmasa, ehtiyotkorlik ifodasi yuzidan arimaydigan bunday odamlar bilan muloqot xayoli-oromini o’g’irlashi va ruhiy muvozanatiga salbiy ta’sir etishini yaxshi biladi.

Uni bu yerga, buyurtmalari ko’p, vaqti ozligini vaj qilib do’sti Rustam boshlab keldi. Ustaxonaga kirib kelishlari bilan Tuyg’un hamsaboq kursdoshi unga pul ishlab olishlikka imkon berayotganini payqadi.
Siylovni hazm qilolmasligi bois, taklifni avvaliga o’ziga og’ir oldi, lekin — tirikchilik ham sabab — do’stining ra’yini qaytarishga botinmadi. Qolaversa, rassomga portret chizdirishga buyurtmalar burungi zamondagidek – dovruqli arboblar, mehnat zarbdorlari, taniqli adib, shoir, xonanda va olimlardan emas, balki aksariyat yangi boylar tomonidan tushayotgani uni istar-istamas do’sti taklifini qabul qilishiga undadi.
Nodir muomalani portret narxini so’rashdan boshladi. Tuyg’un esa, bu yerdagi narx-navodan butunlay bexabar: qanchaga baholasam ekan deb boshi qotdi. Yaqinda Badiiy akademiyaning “Rassomlar do’koni”da uning manzara asari uchun uch yuz ming so’m belgilashdi. Nega yuz ming yoki besh yuz ming emas, bilmaydi…Maxsus hay’at shu narxni lozim topibdimi, ular aytgancha bo’la qolsin, har holda ishlari shu yo’sinda sotilib tursa yomon emas… chidasa bo’ladi. Tuyg’un ana shu uch yuz mingni boshlang’ich nuqta deb bilib – portret uchun ikki yuz ming so’raydi, turgan gapki mijoz og’rinsa, rad etishni ham o’ylab qo’ydi. O’z navbatida buyurtmachi ham rassomning dag’al shimiga qarab, “shuyam pul bo’ptimi?” deganday bosh irg’ab qo’ya qoldi. Tuyg’un, ilk tasavvuri iznida, uning roziligini qo’li ochiqligiga emas, balki begona muhitda o’zini jo’n, kulgili ko’rinishdan hadiksirashiga yo’ydi.

***

Aytarli bo’m-bo’sh xonada o’zini bemalolroq tuta boshlagan Nodir ikki qo’lini kissasiga tiqib, nigohini Tuyg’unning eng yaxshi ko’rgan, boshqa ishlaridan alohida osig’liq turgan «Olamtob oftob» asariga qadadi. Uning bu raftoridan rassom: ”Ko’rish savqi bor, tarbiyalasa bo’ladi”, deb ko’nglidan o’tkazdi. Bo’yoqdorlikdan xoli bir tarzdagi tasvirda chor atrofda yashil va za’faron rang qorishgan edi: erta tongning azaliy yog’dulari — quloq ilg’amas ovoz misol — sahroga to’shalgan quyosh palagi; tarqoq soyalar; erkinlik hokim kengliklarda vaqt to’xtab qolganga o’xshaydi … mag’rur va mustaqil manzara. Poyonsizlik uzra inson ruhining hur parvozi.

Esida, Prezident granti bilan daho rassomlar mamlakati Italiyaga borib «Aldo Galliy» Badiiy akademiyasida tahsilini boshlagan kezlari xorijiy talabalarning o’z vatanlaridan olib kelgan sara mo’yqalam asarlaridan iborat ko’rgazma tashkil etildi. Tuyg’un ko’rgazmaga mana shu manzara asarini qo’ydi. Hech yodidan chiqmaydi… Taqdimot kuni akademiyaning eng e’tiborli, keksa professori Dominik Franchesko mehmonlarni ergashtirib ko’rgazma bo’ylab yurarkan, bo’yoqlari boshqalarnikidan jiddiy farqlanuvchi “Olamtob oftob” ro’parasiga kelib qotdi-qoldi. Saldan keyin: «Tegrangni abadiyat o’rab turganday. Tabiat bilan o’smir bola uchrashuvi shu xilda kechganiga ishonaman. U mudom hayrat bilan to’lgan! Bunaqangi asar har kuni yaratilmaydi» degandi g’oyatda to’lqinlanib va yonida turgan muallifni o’ziga tortib, asar bilan qutlagandi…
Tuyg’un o’sha hayajonli daqiqalarni eslarkan, beixtiyor Rassomchilik bilim yurtidagi o’qish yillari tuproqshunos otasi uni yozgi ekspeditsiyasiga o’zi bilan birga olib ketgani yodiga tushdi. Ekspeditsiya o’lkaning turli yerlariga yo’l olardi. Ota-bola uzoq manzillar safosida vohadan vohaga ko’chib, ilang-bilang yo’llardan sahro ichkarisiga kirib borisharkan, ba’zan botayotgan quyosh shafag’idan hali u, hali bu tomonga shox tashlayotgan mashina qizil tusga kirgan chang-to’zon ichida qolardi. Nihoyat, bir kuni banogoh Tuyg’unning ko’z o’ngida ilgari hech ko’rmagan manzaralar yuz ochdi: ufqdan ufqqacha yastangan qum dengizi… nur selidan oltin zarralari aralashib yotgan, turli shaklli o’rkach — o’rkach qum tepalari … Bu yerda nigoh va xayol kenglik sari talpinardi; u qumloqqa o’tirib, quyoshning ufqdan bosh ko’tarishi va botishini, bodrab chiqqan durdona yulduzlarni, qirmizi to’lin oyni tomosha qilib to’ymasdi.

Bolalik taassurotlari qismat yaratuvchi bo’lar ekan … Yuragi hissiyotlarga to’lgan o’smir shaharga endi rangli tushlar ko’radigan, mo’yqalamini qo’ldan qo’ymaydigan bo’lib qaytgandi o’shanda.
Italiyadan qaytgach esa, Tuyg’un ko’p ishlab, ko’rgazmalarda tez-tez qatnashib tursa ham, moddiy tarafdan qiynalib qolgan kunlari ko’p bo’ldi: ko’rgazmaga qo’ygan asarlari go’yo barchani hayratga solish maqsadida ishlanib – devorlarda osilib, yana ustaxonasiga qaytardi. Bor daromadi «Rassomlar do’koni»da ul-bul, mayda-chuyda narsalar sotilishidan edi. Tuyg’un gap faqat pulda emas, deya boshqalarni ishontirishga uringan ikkiyuzlamachi hamkasblarini yoqtirmasdi. O’zi esa ijod bilan sarvatdor bo’lishni yaxshi ko’rishini yashirib o’tirmas, ammo-lekin rangtasvirni boshqa biron tirikchilik tashvishlari bilan birga olib borishni o’ziga ep ko’rmasligini kezi kelganda bir necha marta aytgandi. Otasi o’z tuproqshunoslik kasbini ardoqlaganidek, u qadr-qimmatini rangtasvir bobida topishi mumkin bo’lgan iste’dodli rassom ekanini, o’z san’ati kuchini yaxshi biladi. Kasbiy salohiyati uni xor qilmaydi. Vaqti kelib ishi yurishsa, eng nufuzli ko’rgazmalar o’z yig’malariga asarlarini sotib ola boshlaydilar. Hozircha esa, Tuyg’un portret janrida deyarli jahd bilan ijod etmagan bo’lsa-da, birinchi to’qnash kelib turgan kimsadan portret ishlamoqqa chog’lanib turibdi..

— Bo’pti, o’tiring, davom ettiramiz, – dedi Tuyg’un qayta ishga chog’lanib. Aslida esa bunga hojat qolmagan: qiyofa ko’zida o’rnashib bo’lgan bo’lsa-da, Nodir bo’yinbog’ini to’g’rilab endi joylashdim deganida elburutdan:
— Shu matohni yeching, tugmani taqmay bemalol o’tiring… – dedi, tovushini
balandlatmay, lekin nimagadir Nodirga emas, portretga murojaat qilganday.
U ohista qimirlab, yoqasidan galstukni olib stul suyanchig’iga osdi.
Yuragi uzoq muddat sabr-toqat va shijoat saqlab tura oladigan Tuyg’un uch soat jadal ishladi. Vujudda shiddat qancha ko’p bo’lsa, odam shu qadar tez tolib qolar ekan. U oxiri, qaysidir bir soniyada, soatlab yelkasi barabar ko’tarilgan qo’lida endi mador yo’qligini sezdi. Qo’lini pastga tushirdi-yu, mushaklarida chumoli yugurganday nimadir bo’lganini payqadi.
— Xo’sh, turing, bo’shsiz… bu safarga yetadi.

Tuyg’un paysalga solmay mo’yqalamlarni bo’yoq yuqidan tozalashga tutindi, bu bilan mijoziga ketar payti kelganini ishora qilgan bo’ldi. Biroq mijoz ketishga oshiqmadi.
— Siz shu yerda turasizmi? – dedi xonada u yoqdan — bu yoqqa yurib,chigillarini yozarkan.
— Bu – ustaxonam… — dedi Tuyg’un istar-istamas.
— O’zimniyam ko’nglimga keluvdi. Nuqul rasmlar… buyum, ko’rpa-to’shak yo’q. Boshqa bir yerda tursangiz kerak deb o’ylovdim.
— Uyda mebel`, karavot bor. Rassom ham ko’p qatori odam, odamlardek yeydi — ichadi, uxlaydi.
— Ha-da, ammo… aybsitmaysiz, rasm bo’yoqni hidi juda o’tkir ekan, sog’liqqa zarari bo’lsa kerak-a?..

Tuyg’un bo’yoq hidiga to’lgan ustaxonasini, osib qo’yilgan, juda kamdan-kam odamlarga ko’rsatadigan, devorga teskari o’girilib qo’yilgan asarlarini, umuman ishi bilan bog’liq buyum-narsalarni yaxshi ko’rgani uchun-mi, javobni aytishni ep ko’rmay indamay qo’ya qoldi.
— Bosh og’ridi. Bunaqangi hunar menga to’g’ri kelmas ekan! – Nodir bunday demoqchi emasdi, lekin og’zidan chiqib ketdi.
— Sizga, taklif qilishganmidi?
— Bir o’zimga bichib ko’rdim-da… beadablikka yo’ymang, – dedi xijolatomuz. Lekin juda ham xijolat bo’ldi deb bo’lmasdi, u Tuyg’unning so’zlaridagi istehzoni sezmaganga olib, bir oz jimlikdan so’ng, xonaning egasi bor-ku, deb istiholaga ham borib o’tirmay nimalarnidir cho’tlayotgandek, o’ylanib qoldi. – Xonaning hajmi katta. Tom tagi bo’lsa ham ustaxona uchun qulay, yomon emas… Rasm yig’ilib qolibdi, har bittasi yaxshigina pul tursa kerak… Hozirgi zamonda pulini dollarga, oltinga, bank foiziga joylayapti odamlar, mana — rasmga o’tkazsa ham bo’larkan-ku. Ishni bilsang, kimdan nima sotib olishni bilsang – koni foyda biznes. Tuyg’un aka, ustaxonangizga xaridorlar tez-tez kelib turadimi?
Butun masalani faqat biznesga olib borib taqayotgan Nodirning so’zlaridan uning bir tomondan aldanib qolishlikdan cho’chiyotgani ham bilinib qoldi.
— Siz pulni bu safar portretga joylab bo’ldingiz. Ko’ngilingiz to’q bo’lsin… vaqti kelib nevaralaringiz sizdan minnatdor bo’lishi aniq, – dedi Tuyg’un uni tinchlantirgan bo’lib.
— Yo’g’ — ye, nahotki mashhur, topilmas rasmlar kabi bahosi oshsa …
— Bo’lmasa-chi, vaqti kelib qadri ortadi, narxi ham … – dedi va shu asnoda: «Achinarlisi – «topilmas rasmlar» molparast Nodirlarga qoladi. Nachora, rassom hayotining tamoyili shunday!» degan fikr ham xayolidan “lip”etib o’tdi.

Nodir devorga teskari o’girib qo’yilgan rasmlar orasidan o’tib kelib mol`bert old tarafiga u turgan tomoniga, o’tish payida ekanini oldindan sezgan Tuyg’un:
— Uzr, hali erta, bitsin, keyin, – deya bo’g’imdor panjalarini yoyib unga ruxsat bermadi.
Nodir ortiga qaytdi, Tuyg’un uning yuzidan: «Tavba, bo’yoqchi-ey, bu yerga kelib nima qilardim!» deb unga ishonqiramagani, lekin shu bilan birga oldindan bo’nak to’lamagani yodiga tushib ko’ngli taskin topganini, keyin biznes haqidagi fikr xayolidan o’tib hushyor tortganini aniq-taniq sezib turarkan — qarshisidagi odam gapirmasa ham uning dilidagi gaplar haqida qanday darak topganidan g’alati bo’lib ketdi.
— Rasmlar qanchadan ketyapti?.. Mana bular, masalan, manzara tushirilganlarini
olaylik.
Nodir rasmlarni xuddi injiq xaridordek sinovchan ko’zdan o’tkazardi.

Tuyg’un ichida portretga narx belgilash bilan bir qadar o’zini oshkor etganidan afsuslandi, “og’zimdan gullab qo’ymaganimda, bu san’at “ixlosmandi”ni jindek laqillatardim”, deya ichida kulib qo’ydi. Keyin ishdan boshini ko’tarib:
— Narxlar har xil, taqsir, asar hajmi hisobga olinmaydi, – dedi moliga izoh berayotgan sotuvchi kabi. — Mana bu ish, — Tuyg’un “Niliy ufq”qa boshi bilan ishora qildi, — bir milliondan kamiga sotilmaydi. Mana buni, — u mo’yqalamda ishlangan «Samoviy tog’lar» turkumiga kirgan asarlaridan biriga ishora qildi, — kamida to’rt yuzlarga bersa bo’ladi.
Nodir bosh irg’ab qo’yib, rassom mehnatini ozmi-ko’pmi tushuna boshlagandek ustaxonaga boynazar nigoh tashlab:
— Meniki eng arzoni ekan-da? – dedi dudmal kulib, o’z toifasidagi odamlar o’rtasida qimmatbaho, topilmas narsalar ketidan quvish, ularni undirish va ko’z-ko’z qilish udum bo’lganini bildirib qo’ymoqchidek.
— Narxni kelishdik, to’g’risi, oldindan bilmayman, — dedi Tuyg’un bir lahzalik sukutdan keyin. – Lekin qo’ldan kelgancha urinib ko’raman, ko’nglingiz to’q bo’lsin, agar istasangiz, marhamat, narxini ko’tarishim mumkin…- deya qo’shib ham qo’ydi.
— Yo’q — yo’q, shunday qolsin.
Uni xasislik bilan shuhratparastlik olishuvi pirovardida shuhratparastliknni ziqnalik yengdi. Nodirning ketgisi kelib qoldi.
— Men endi boray… Mashinadaman, sizni olib ketaymi? — dedi.
— Uzr, men hali qolaman, — dedi Tuyg’un gapni qisqa qilib. Uyi shu zinaning ikkinchi qavatida ekanini aytib o’tirishni lozim ko’rmadi. Shunisi ma’qul, hozircha Nodir ustaxonani biladi, bas, aslida unga kim u, buyurtmachi, xolos.
— Xo’p, omon bo’ling! Ertaga shu vaqtda kelaman.
— Salomat bo’ling!

Xayriyat, mijoz uyiga ko’ngli xotirjam qaytdi.
Bo’lmasa, yo’lda keta turib rassomning daromadini bila olmay, ko’ngli bo’linib battar tumtayib qoldi. Mayli, xayoliy sarmoyalarga ishonib, ovunib yuraversin: loaqal portretning badiiy afzalliklarini tan olishi osonlashar. Eng mushkuli — unga yaxshi rassom ham omadsiz bo’lishi mumkinligini, pulni juda qiynalib topishini tushintira olishda… o’zi bunga hojat bormi! Bunaqalarning mantiqi metindan, shakli — to’rt burchak: do’sti “zo’r rassom, Italiyada o’qigan”, deb aytdimi, demak ,topishi ham yaxshi!
Tuyg’un yolg’iz o’zi qolib deraza yondoriga suyangancha tashqariga tikilib ko’z o’ngidagi manzara (xolis turguvchi tabiat) dan har safargiday ko’ngli bir oz yozildi. Beshinchi qavatdan Bo’zsuv ensizroq ko’rinadi, uning sezilmas oqimida O’rda ko’prigi, sohilidagi sershox daraxtlar ko’lankasi aks etib turibdi. Yashil libosini kiya boshlagan majnuntol tegrasida bahoriy quyosh yog’dusi … Tuyg’un daraxt novdalarining patsimon barglari, oppoq popiltiriqlariga jo bo’lgan nurning ochiq-yorug’ bir ilinj bilan tebranishiga tikilib, unda novrasta qizcha qalbida ochilayotgan bokira tuyg’ular naqshini ko’rgandek bo’ldi.
U, ayniqsa, savalab yoqqan yomg’irdan so’ng erta tong to’lib oqayotgan anhor mavjlarida, qiyalab tushgan oftobning zarrin yiltiroq goh nonga, goh gullarga, goh paxtaga, goh odam tanasiga o’xshatib uzoq tikilib turishlaridan zavqlanardi.

Tuyg’un ochiqqanini his etdi va uchinchi qavatga tushdi. Oshxonada Nigora hafsala bilan kartoshka tozalayotganidan bildiki, tushlik hali tayyor emas. U indamay yotoqxonasiga o’tdi-da, divanga yonboshladi. U Nigoraga: kechikkan tansiqdan, vaqtida tayyorlangan atala-kumoch ham yaxshiroq deb har qancha dakki bermasin, baribir ahvol o’zgarmaydi. Sustkashligi yoki dangasaligidan emas, balki taom tayyorlashga o’ta hafsala va nozik ta’b bilan vaqt sarflaydiki, natijada… Xotini uyda, ishlamaydi. U ham rassom. Taniqli bo’lmasa ham, haqiqiy musavvirlar sirasiga kiradigan otasi qizini rangtasvirning qat’iy rioya etib kelinadigan asosiy tamoyillariga: surat tarxini to’g’ri olish, ranglarning nash’u namosi, nigoh istiqbolini to’g’ri ilg’ay bilishlik hamda litografiya, ofort, linografiya kabi rasm chizishning turli sir-asrorini bolalik chog’idan hijjalab o’rgatib kelgan bo’lsa-da, qizi baribir tirishqoq talabaligicha qoldi. Kursdoshi Tuyg’un Italiyaning Aldo Galliy Nafis san’at akademiyasini tugatib qaytgach, ikkovi oila qurishdi. Ko’p o’tmay shunday bo’ldiki, Nigora orqaga chekindi. Otasining va o’zining barcha orzu-havaslarini chetga surib qo’yib, eri haqida o’ylay boshladi. Ikir-chikirlaridan ozod qilib, ijodiga sharoit yaratib berishga intildi. Ota-onasi papalab, ardoqlab kamol toptirgan erka qiz tez orada chapdastgina uy bekasiga aylandi.

Eri kelishgan qomatli, oq ko’ngil, halol yigit, uni sidqidildan sevadi. Yoshlar o’g’il farzand ko’rish orzusida.
Nihoyat, oshxonadan mayin ovoz eshitildi.
— Adasi! Keling!
— Men allaqachon shu yerdaman!
Tuyg’unning odati, har qancha ochiqib turgan bo’lmasin, sira shoshilmay, xotirjam va ishtaha bilan ovqatlanadi. Nigora bo’lsa kamovqat, balki qozon boshida tuz totib, undan bundan cho’qilgani uchunmi, tezgina taomdan qo’lini tortadi.
Er-xotin dasturxon tepasida tamaddi qilib o’tirisharkan, dabdurustdan telefon jiringlab qoldi. Go’shakni xotini ko’tardi.
— Nigora! Men — Rustam. Tuyg’un bormi? Chaqir…,
— …
— Yangilik bor… Tuyg’un, men tahririyatdaman, “Oqshom”ning yangi soni qo’limda. Unda sen haqingda yozishibdi! “Yoshlar ijodi” ruknida… Og’ayni, sen hali navqiron avlod qatoridasan, kioskaga chopqillab borsang ham uyat bo’lmaydi. Sarlavha… sarlavhasi, “Tabiatga mahliyo musavvir”, qoyil! Tabriklayman, og’ayni. Vaqtim ziq. Keyinroq bir kirib o’taman, yuvamiz.

Xushxabardan bir oz hayajonlangan Tuyg’un ovqatini tez yeb, ko’chaga oshiqishiga sal qoldi, lekin derazaga qarab vaqtni chamaladi-da, shashtidan qaytdi. “Oqshom” beshdan burun do’konga chiqmaydi. U yana dasturxonga qo’l uzatdi; lekin endi ishtaha yo’qolgandi. Ustiga- ustak xotiniga aytgan gaplari yodiga tushdi: “Haqiqiy rassomning o’z shaxsiy fikr-mulohazasi, o’z dunyoqarashi, ifoda vositalari bo’ladi. U boshqalar nima der ekan deb o’tirmaydi, bunaqa ishlardan yuqori turadi, har qanday vaziyatda ishlaydi, maslak-tasavvurini hadeb o’zgartiravermaydi. Chunki maylbozlik hech qachon yaxshi natija bermagan”, derdi u. Shu sabab bo’ldimi, ko’chaga oshiqishdan tiyildi. Buni albatta Nigora sezdi. Soat beshlarga yaqinlashganda:
— Boraqoling… tarqalib ketadi, — dedi eriga.
— Keyinchalik topib o’qib chiqarmiz, – deb o’zini xotirjam ko’rsatishga uringan Tuyg’un bir oz o’tib, baribir uyda o’tira olmadi.

***

Tashqarida havo iliq edi. Tuyg’un ko’chaga chiqqanida, osti yumshatilgan azim chinorlar tomonidan kelayotgan tuproqning tanish bo’yi dimog’iga urilib, yengil tin oldi, ko’nglidagi xijillik yozildi. Ruhi tetiklashdi. Uning uchun shu tobda o’z kelajagi ochiq-oydin edi: uni yaxshi kunlar — mehnat va mehnat ketidan kelguvchi muvaffaqqiyatlar zavqini totish kutyapti! Mehnat, bu – mol`bert oldida turib, erkin ijod onlari lazzatidan bahramand bo’lib yashash; mehnati ortidan keluvchi tayinli orzu-umidlar – san’at ixlosmandlari bilan gavjum ko’rgazmalar, asarlari sharh etilgan ommaviy nashrlar va elga tanilish, manzur bo’lish kutyapti!
Tepasiga “Gazeta va jurnallar” deb yozilgan do’konchaga “Oqshom”ni endigina olib kelishgan ekan, kutuvchilarning keti uzaydi. Tuyg’un avval ko’zlariga ishonmadi. Xotini aytgandek, gazetalar do’koncha oldida qo’lma-qo’l tarqab ketdi. Mushtariylar odatda avval e’lonlar, ta’ziyalar va lavozimiy tayinlanishlarga doir «xabarlar»ni o’qib chiqishadi keyin fototasvirlarga, undan keyin shaharning madaniy tarmoqlarida ro’y berayotgan yangiliklarga ko’z yugurtiradilar. Mushtariylar to’pidan, nazarida, maqola bilan tanishganlar unga qarab-qarab qo’yishayotganday tuyulardi. Lekin bu bema’ni, xayolga kelgan yoqimli alahlash edi, xolos. U xotiniga o’chakishganday “Oqshom”dan atigi bir nusxa oldi.

Iziga qaytayotib, Rustam aytgan maqolani o’qishga kirishdi. «Tabiatga mahliyo musavvir», kattagina maqola: ikki ustun va yuqorisida yana yarim bet. Uning «Azim qoyadagi yolg’iz daraxt» asarining rangli fototasviri, ofset bosmasi… ranglar yoyilib ketgan, muallifi – san’atshunoslik fanlari nomzodi Shoira Ashrapova… notanish, ilgari bu nomni eshitmagan.
“So’nggi yillardagi ko’rgazmalarda o’ziga e’tibor qaratgan… tanlagan mavzusiga sodiq qolgan… tabiat va inson xilqatining badiiy birligini kuylashda yosh musavvirda fasohatli mushohada, tajriba, hayotdagi o’zgarishlarga faol munosabat yetarli emas”, “yosh rassom shaxsan o’zi ekspeditsiyalarda ishtirok qilib, hayotdan olgan boy kuzatishlari negizida…”. Obbo, mana shunisi ortiqcha, asarlarimda bir kamchilik borki, xuddi uni oqlab ko’rsatayotgandek bo’libdi. Bunisi undan ham battar: «Yosh rassomning o’z tal’atiga ega bo’lish yo’lidagi urinishlari har doim ham yetarli natija bermayapti. Uning chizgilarida O’rol Tansiqboev asarlaridagi uslub va tadbirlar qaytarilganini kuzatish mumkin (yana o’sha ibora!)”. O-la, bir yo’lakay ham maqtashga va tanqid qilib o’tishga ulguribdi!
Talabalik yillari Tuyg’un uchun g’oyat sermahsul davr bo’lgandi. San’atshunos olimlar O’rol Tansiqboev va yosh iste’dod Tuyg’un Sodiqov asarlari o’rtasida umumiyliklarni topib, uni tez-tez alqashadigan bo’lishdi. Muqoyasachilarning nozik kuzatishlari, bir cheti maqtovlari o’sha kezlardayoq Tuyg’unning ko’ngliga urgandi.

***

Uyiga yaqin qolganda u hech kimga duch kelib qolishni istamay o’zini yo’lakka urdi: chunki ko’chada o’tkinchilar ichidan maqolani o’qigan birorta tanishi to’qnash kelsa, unga albatta hamdard bo’ladigandek tuyulardi, bunday g’amxo’rlikdan keyin ko’ngilda g’ashlik bo’lishi aniq. Bu yerda esa himoyasiga oladigan boshpanasi bor, ijodxonasi, uni kutib o’tirgan xayrixoh xotini bor.
— Qanday, xursandmisiz? Musallas ochaylik. Duxovkada somsa ham qizarib qoldi, — dedi u tabassum bilan, erining nimadandir siqilayotganini sezib.
— Mana, o’zing o’qib ko’r, Nigor.

Tuyg’un gazetani indamay stol ustida qoldirib, ichkari xonaga kirib ketdi. Bir soat ilgari u o’ziga-o’zi bunaqa arzimagan narsalar – alqashlar, tanqidlardan yuqori turish kerakligini uqtirgan edi. Endi bo’lsa: bularning bariga parvo qilmaslikdan iborat o’gitlarini o’ziga-o’zi yana bir karra takrorlash mavridi kelib turibdi… Ammo-lekin u buning uddasidan chiqolmayapti. Boz ustiga, muharririyatga borib “SH. Ashrapova” deb yozilgan eshikni axtarib topgisi, keyin eshik ro’parasida indamay turgisi, xonim xonasidan chiqayotib “Sizga kim kerak? Biron ish bilan… gapingiz bormidi?” deya uni savolga tutsa: “Yo’q, gap yo’q, gap nima qiladi, atay afti-angoringizni ko’rgani keldim…” deb javob bergisi kelyapti. U shu “sahna”ni xayolida tasavvur qilib turarkan, xonaga kirib kelgan xotini:
— Umuman yomon emas, qutlasa bo’ladi, – dedi pastgina mayin ovozda.
Tuyg’un Nigoradan buni kutmagandi. Oilada ba’zan anglashilmovchilik bo’lib turadi, biroq zuvalasi rassom xamiridan olingan xotinidan bunaqangi oson anglashni kutmagandi!
— Shu gapni jiddiy gapirdingmi?
— Nima qilibdi, asarlarni shunchaki sanab o’tmay, o’zicha tahlil qilibdi-da.
— Ochig’i, bema’ni safsata! – dedi u xafa bo’lib. – Har bir rassom ijodiga ehtiyotlik bilan yondoshish kerak. San’atshunosmi, boshqalarga nisbatan idroki keng bo’lishi kerak — nuqul Tansiqboev bilan Sodiqovni, yana boshqalarni bitta maxrajga jamlab yurmasdan!
— Gap yo’g’ida bir gapdek deb biling… ko’ngilga olib o’tirmang, adasi.

“Ko’ngilga olib o’tirmang…” xotinining hamdardligida undan ustunlik ifodasi bordek tuyuldi.
— “Ko’ngilga olib” emish, musofirchilikda to’rt yil o’qib kelib, yoshim yigirma beshga kirib, hali ham yosh ekanman, “o’sayotgan nihol” ekanman. Hayotda hech qachon yosh ijodkor bo’lmaydi, Nigora. “Yosh rassomning o’z tal’atiga ega bo’lishlikdagi urinishlari har doim ham yetarli natija bermayapti”. Bunaqangi gap hissiyoti gung odamdan chiqishi mumkin! Agar maqolalarning keti uzilmay, har xil fikrlar bildirilganda ham mayli edi! Bir nav o’rnini topardi, ketardi. Maqola qurmag’urning soni bitta bo’lsa-chi. Maqtov o’z yo’liga, lekin, tagdor gaplar odamlarning esida qoladi. Asarlarimga nisbatan munosabat ham o’zgaradi. Ular nega iste’dodni o’lchovga solisharkin-a?..
— Adasi, ulardan ham tanqidiy fikr qani deb talab etishadi, tanqid ishchanroq tus berib tursa kerak-da maqolaga.
— Noto’g’ri, hech qanday ishchanlik yo’q, — Tuyg’un hotirjam, aniq va ravon gapirishga o’tdi. – Oradan to’rt yil o’tibdiki, haliyam o’sha-o’sha gaplar, Nigora! Xo’sh, umumiylik nimada? Unda ham, bunda ham tog’lar, cho’qqilar, qishloq oqshomi, qulf urgan bog’lar, farog’atli yoz. Chunki, ular bitta zaminda yaratilgan! Lekin O’rol Tansiqboevda munavvar osudalik olami, sukunat rassomning ichki borlig’iga qaratilgan, ranglarda parokandalikka yo’l qo’yilmagan, tasvirlarda turg’unlik. Lekin, meniki-da, e’tibor qilsang, quyosh ham, osmon ham boshqacha, — deya Tuyg’un gapini misollar bilan dalillashga o’tdi, — mana, masalan, o’sha senga ma’qul bo’lgan “Ko’ktepa”: u xuddi tug’ayotgan ayol kabi to’lg’anib, yoyilib yotibdi. Uni, inson kabi, vujudi to’la, unda onalik kuchi bor. “Xumsonda bahor”ni olaylik: kunning qiyomdan oqqan payti, ufqqa atlas urtilgan, tabiatda bunchalik bo’lmaydi, ammo asarimni ko’rgan tomoshabin ufqni endi aynan shunday ko’radi… Bunda shaklda ham, rangda ham tantilik, istisno bor… Bunday tasvirni ko’rgan odamning ko’ziga ko’z, tuyg’usiga tuyg’u qo’shadi, Nigora. Uzoqda Qozig’urtning ho’mrayib turishini ko’r, ko’ksida jangala bulutlar, pastda – tog’ shabadasidan o’t-o’lan, butalar sarak-sarak qilyapti — polotnoda osmon va yer orasidagi harakatdagi ko’rinishlar chizib berilgan-ku! Nimaga shu oddiy iddaoyimni ham tushunishmaydi? Ongi qotib qolganmi shunchalik?!

Maqola erini xiyla muvozanatdan chiqarib yuborganini payqagan Nigora uni chalg’itishga urindi.
– Siz bir narsani unutyapsiz, his etish, ta’sirlanish hammada har xil. Yuring yaxshisi, ozgina qiymam qolgan edi, kechki ovqat ham tayyor …
Tuyg’un xotiniga bir zum tikilib qoldi-da, keyin uni ohista bag’riga bosdi.
— Bo’pti, lekin birpas ochiq havoda aylanib kelay, – deya eshikdan chiqdi.

***

Zinada bir oz turib qolgan Tuyg’unning fikri o’zgardi. Ko’chaga oyog’i tortmadi: ustaxonaga chiqishni ma’qul ko’rib, yuqoriga ko’tarildi. Yaxshiyam, ustaxonasi bor!
Mol`bertda bugun boshlangan portretning qoralama chizgilari. E, ha, Nodir! Bu odam uning xayolotiga shu darajada qattiq o’rnashgan ekanmi, ilgari e’tibor bermagan, yuzida hayot qoldirgan iz-chiziqlari haddan tashqari qabariq holda ko’z o’ngiga qalqib chiqaverib qayta takrorlanaverdi. Va shu tobda jonli andozasiz ham bemalol portretni chizishda davom etishi mumkinligini sezdi. Ha, shunday qiladi. Ko’nglidagi g’ashlikni tarqatib yuborish uchun ham hoziroq ishga kirishadi.

Tuyg’un mo’yqalamini qo’liga olib, mol`bert qarshisiga turdi va ertalabkidan ham ziyod ishtiyoq bilan mato yuzida mo’yqalam yurita boshladi. «Bu yerini qoldirib turay-chi, keyin o’zidan chizib olarman» degan fikr biron marta ham uning xayolidan o’tmadi. O’zini unutib, tasvir maromi va zarbini pasaytirmay tamom g’ayrat bilan ishladi. Bir mahal portret qoralamasidagi umumiy rangvorlik yo’qola borib, Nodirni ihota qilgan jigarrang hovur tarqadi, bo’lajak portret manzarasini qandaydir hayotsevar ruh yoritdi: chaplangan bo’yoqlardan ranglar ma’nosi o’zgarib, mavhumlik barham topdi. U o’z emin-erkinligi doirasida, tasvir muayyan, aniq shaklga kirgunga qadar Nodirning doxiliy olamiga yaqinlashgandan-yaqinlashib bordi. Tuyg’un o’zidagi salohiyat, ishonchning bu galdagi tantanasini ilgari sira ham tuymagandi. U jo’shib, dam olmay ishladi va tong yorisha boshlaganida tanasida behad charchoq sezib, ishlashdan to’xtadi: mo’yqalam yengil yurmayaptimi, bas, quyushqondan chiqish boshlanib, asarga shikast yetadi. Mol`bertdan uzoqlasharkan, mushaklarida yana chumoli “yugurigi”ni sezdi. Ayniqsa, o’ng qo’lida negadir majol qolmaganday tuyuldi. Biroq nima bo’lganda ham ruhi tetik, ijod zahmati tufayli yuragini siqqan narsalardan qutilgandi. Eng muhimi, kichik bir turtkidan uning o’ziga xos rassom ekaniga bo’lgan ishonchi yanada barqarorlashgandi.
Tuyg’un oyoq uchida uyiga kirib keldi. Oshxonada chiroq yoqilgan, stolda sochiq ostiga olib qo’yilgan ovqat, termosda choy tayyor turardi. U ishtaha bilan ovqatlandi-da, so’ng yotog’iga kirib qattiq uyquga ketdi.

***

Ertalab, Nodir kelganda, Tuyg’un rasmga taqqosan razm soldi va shu tobda kechagi a’lo ishonch o’zini-o’zi xayolan aldash ekani ma’lum bo’ldi. Aniqrog’i, mol`bertdagi tasvir jilla qursa Nodir mavzusida yaratilgan portretning erkin, mustaqilroq nusxalaridan biri deb inobatga olinsa bo’lardi. Ammo-lekin ajablanarlisi shunda ediki, ayni paytda Tuyg’unning portretga boshqa o’zgartirish kiritish, o’xshash unsurlarni bo’rttirishga ko’ngli tortmayotgan edi. Rosti, avvali unda xohish bordek ham bo’ldi, u hatto chog’lanib mo’yqalamini matoga olib bordi, biroq baribir qo’li ishga bormadi! Ijodi ichki his bilan anglash zamiriga qurilganini yaxshi tushungan Tuyg’un dam o’tgan sayin portret namuna – Nodirning niqoblangan in’ikosidan ko’ra, tabiiy Nodirga ko’proq o’xshashib ketayotganiga ishonch paydo qilayotgan edi. Boshqacha qilib aytganda, tabiatni bamisoli Nodirga, Nodir xulq-atvorini, raftorini esa tabiatga muqoyasa qilishdan tasvirda eng qiyin muammoni hal eta oldi. U portret- qiyofani ko’zga bo’rtib tashlanmaydigan his-tuyg’ulari qurshovida gavdalantirdi. Tuyg’un buni e’tirof etishdan dili yorishib, jonli andozaga xayrixoh ohangda:

— Mana, portret bitdi.., — deb xitob qildi.
— Xayriyat-e! – dedi Nodir, yengil tortgan bo’lib.
— Demoqchimanki, bo’shsiz, sizni boshqa ushlab o’tirmayman.
— Rasmni bugun olib ketsam bo’ladimi?
— Yo’q, bo’yoq qurisin, keyin olib ketasiz.
— Ko’rsak bo’larmikan?
— Marhamat!

Nodir begona ko’ppakka yaqinlashayotgandek ehtiyotkorlik bilan mol`bert oldiga keldi. Keldi-yu… serrayib qoldi. Unga yana zingil qo’yib qaradi va aldangan, hafsalasi pir bo’lgan kimsa holiga tushgani shundoqqina yuzida aks etdi. Agar u boshqa yerda bo’lganda… shu zahoti rasmni hech ikkilanmasdan tashqariga uloqtirib yuborgan bo’lardi. Ammo bu yerda – boshqa iqlim hududida, qolaversa, yangi davrda zamonaviy rassomlarning san’ati tushunarsiz, g’alati, matoga bo’yoq chaplab tashlashdan iborat – fototasvirga butunlay teskari bir narsa ekani haqida qaerdadir o’qigani yodiga tushdi.
Tuyg’un portretga bironta tuzatish kiritmoqchi emasdi. Basharti buryutmachi rasmni qaytadan ishlab berishni talab qilib turib olsa, yoki pul to’lashdan bosh tortsa ham mayli. Hozirda pulga muhtojligi bo’lsa-da, portretni ko’rgazmaga qo’yadi. U asarini sotishdan ko’ra namoyish etishni ahamiyatli bilayotgandi: ko’rib qo’yishsin – Sodiqov faqat manzaranavis rassom emas!
— Demak… pulini qachon berishim kerak, bugunmi? – so’radi Nodir uning xayolini bo’lib.
— Olib ketgani kelganingizda. Bo’yoqlar qurishiga bog’liq..

Nodir baribir bor jur’atini bir yerga jamlab e’tiroz bildirishga botindi:
— Usta, shu rasm o’xshaydimi menga, – dedi rasmdan ko’zini uzmay, – mening ikki chakkam yumaloq, lo’ppi, ko’zlarim ikki xil rangda, bolaligimdan hamma biladi. Qarang, kulrang va ko’k rang. Bunda esa bir xil. Ko’ring, qani o’xshagani?! – deya alohida e’tirof etdi. Tuyg’unga ham xuddi shu kerak edi.
— Ko’rib turibman, – dedi u birmuncha qizg’inlik bilan, – bo’lsa bordir, qiyofaga aynan o’xshamaysiz, istisno bor… Lekin gapimni tushuning! Bu – badiiy haqiqat, bu – sizning chinakam portretingiz! – deya davom etdi, ayniqsa, «badiiy haqiqat» degan so’zga o’zgacha urg’u berib. – Men uni qaytadan ishlamayman, zarracha o’zgartirish ham kiritmayman! Agarda uni tashlab ketsangiz, sizdan vaqt ketdi, naturshiklarga besh yuz so’m to’lanadi soatiga, pulni men to’layman …

Nodir hozir gap ortiqcha ekanini sezib:
— Nega endi, unaqamas, so’radim- qo’ydim-da. Bo’yog’i qachon qotadi? – dedi.
— Mol`bertda tursa ertaroq quriydi. Bir hafta ichida.
— Bo’pti, yaxshi qoling… — deb unga yelka o’girib zina boshiga yura boshlagan Nodir eshik ostonasiga bir qadam qolganda, galstuk tugunini tuzatgan ko’yi:
— “Oqshom”da sizni to’g’ringizda o’qidik, — dedi orqasiga, ustaxona o’rtasidagi kursida o’tirgan Tuyg’un tomon bir rav qarab. — Xotinim qanaqa rassom, rostakam rassommi deb surishtirgandi, gazetani ko’rsatdim. O’zingiz ham o’qigandirsiz?
— O’qidim, o’qib chiqdim, — dedi u quruqqina qilib. Rassom yana nima der ekan, deb kutib turgan Nodir bir oz jimlikdan keyin yana eshik tomon burildi va:
— Xo’p, demak bir haftadan, keyin uchrashamiz, — deya ustaxonani tark etdi.

Ol-a! Maqolani ko’rmaganida bunaqa noo’xshashlik bilan bunchalik oson murosaga kelmagan bo’larmidi. Yo’qotganing oyog’ing ostida, deganlari shu bo’lsa kerak-da.
Bir hafta o’tib buyurtmachi ustaxonaga kelibdi. Salom-alikdan boshqa hech nima demasdan, choyshabga o’ralgan portretni olib jo’nadi. Xuddi it quvlagandek shoshqin chiqib ketayotgan mijozini og’rinish bilan kuzatib
qolarkan:

— Toyib ketmang, zina tik, — deya oldi Tuyg’un xafanok, o’ychan ohangda. Yangi asarini, boz ustiga qo’li kelib ishlagan asarini begonaga topshirganidan xuddi yaqinidan judo bo’lgan kishiga o’xshab ma’yus tortib qolgandi u.

***

Portret bu – madaniy-ma’rifiy muassasa devorlariga qoqilgan, qotirma yoqa va bo’yinbog’li odamlar rasmi deb ko’nikkan Hikoyat turmush o’rtog’i tasviriga ham shu sidirg’a nuqtai nazar yo’sinida e’tibor berdi. Suratdan ko’zini olmay tikildi va boshida: “Qiziq., kiyim-bosh o’sha-o’sha; yuz, ko’z qarash o’sha, savlat… savlat yo’q, ta’sirchan chiqmapti!“ qabilidagi har xil fikrlar charx urib, “rostakam rassom” o’zidan qo’shmay, o’shandayligicha chizmas ekan-da, deb eri aytgan kinoyali xulosaga qo’shilgandek bo’ldi ham.

Biroq, ko’zlarining qamrovi kengroq ekan, aftidanchamasi, tasvirdagi tilsimiy ruh uni muqoyasaga chorladi, shekilli… U bo’yinbog’siz qiyofaga yana bir rav boqdi: eri tiynatidagi errayimlik izlari aynan emas, balki siyratidagi sezilar-sezilmas bir ko’lanka tarzida ko’ziga tashlandi. Tasvirdagi lablarga yugurgan mayin tabassum, ko’zlarning yoqimli boqishlari – o’z-o’ziga bino qo’yishdan tug’ilgan savlat, dimog’dorlik qiyofada peshrav bo’lishiga yo’l qo’ymayotgani ham uning nazaridan chetda qolmadi. Portretdan unga yuzida ehtiyotkorlik ifodasi to’ng’ib qolgan odammas, balki olamga ko’zlari ochiq, qarashlari ma’noli, vazmin odam qiziqish ila qarab turardi. Tavba, go’yo erining ko’zlaridagi nur yaltirog’i vujudini ichdan yoritganday edi.
Hikoyatga rassom erini tan-joni sog’, dardsiz, qirq yoshli kamolot pallasida gavdalantirgani ayniqsa yoqimli tuyuldi. Ro’parasidagi istarasi issiq yigitda savlat bo’lmasa ham jonli andoza ko’rinishidan yoqimliroq edi.

***

Nodir bugun idorasidan uyiga xiyla barvaqt qaytdi. Kundalik quymanchig’idan charchaganiga iqror bo’lib, balkondagi charm divanga cho’zildi. Qarshisidagi devordagi to’rt burchak gird ichidagi “badiiy asar”ga tikila-tikila, uning komida pinakka ketdi. Ko’p o’tmay xobida unsiz manzara paydo bo’ldi: xotini o’rtada turib olgancha, negadir balkondagi emas, balki “jihozlar muzeyi”ga aylangan, hayhotdek mehmonxona bo’lmasi devoriga osig’liq portretni dugonalariga bahuzur ta’rif-tavsif etayotgan emish, dugonalari esa, ayrimlari havaslanib, ayrimlari hasadini yashirolmay, bir-birlariga ma’nilatib bosh irg’ib qo’yishardi.
Nodir uyg’onib ketdi va o’rnidan turib hafsalasizlik bilan yotog’iga o’tdi-da, nari-beri yechinib, o’rniga cho’zildi. Yana uyquga tolganda, aloq-chaloq tushlari davom etdi. Avvallari qaysi go’rdayam ko’rgan tund kimsalarning qiyofalari aralash-quralash ko’rinib o’tdi. Hatto hayotiga ozmi-qo’pmi o’rnashib qolgan va xotiramdan o’chib ketgan deb o’ylaganlari, saksoninchi yillar olatasirida ko’milib ketgan deb bilganlari ham birin-ketin yuz ko’rsata boshladi.

Yuzlari pushti rang, tanqa burun, hiqildog’idan soch o’sib chiqqan yahudiy Misha aka qalqib chiqdi (balki, u qariya Isroilda allaqachon bandalikni bajo keltirgandir, o’sha paytlardayoq yuziga qarilik nuqsi urgan edi). U chakana kooperativchilik kasbining serdaromad kunlaridan xotira qolgan kumush naqshli uzugini hali-hanuz silab, Nodirdan nimalarni so’ragancha kulimsirab o’tiribdi (Misha aka hech qachon baralla kulmas, faqat anglab bo’lmas tabassum bilan jilmayib qo’yardi). Uning o’zi esa suhbatdoshi bilan tillashib nimalarnidir so’zlab bermoqda. Xotira-lavha bois Nodirning mudroq bosgan miyasida ”o’sha kezlar tirikchilik deb, o’smirlik davrim o’tib ketganini ham sezmay qolibman” degan fikr yarq etdi.
Tush tush-da … keyin bo’z yigitlik davri yuz bergan voqealar sabab, xobida kursdoshi Yulya bilan bir zum duchlashdi: uning xushbichim qomati, haris yuzi boshi ustida engash turgan holati paydo bo’ldi. Ammo bu safar Yulya uni zarracha bo’lsin hayratga solmadi.

Nodir g’imirlab chap tomoniga yonboshladi va xobiy borlig’ida har qanday g’ubordan forig’ damlarini eslashga harakat qildi… Tushiga Hikoyatning to’ng’ich farzandlariga og’iroyoq payti kirdi: Nodir ayolini ehtiyotlab, avaylab bag’riga oldi va unga mehr bilan boqib, asta tisarildi. Hikoyat qimirlab, qo’llarini erining kaftlariga qo’ydi, yuzlarida xushnudlik jilva qildi… yana, o’zlaridan bo’lak, jon nasib etajagini vobasta sezish gashtini xuddi o’sha kezlardagi kabi his etdi…
Va shu asnoda uyg’onib ketdi, qayta uxlolmadi.

Baxtiyor onlar “chorlovi” bir qalov bo’lib, boshqa, kattaroq xotiralarni alanga oldirib yubordi. Eski shahar deparasidagi hovlilari, azim tutning bujur tanasi va yon devorga o’rnatilgan pastqam eshikcha yodiga keldi: qish … tevarak-atrof ayozning qirovli g’ubori ichida. U qo’shni tomda qor kurayapti. Pastda tengdoshi Tursunoy uning chaqqon harakatlarini maroq bilan kuzatib turibdi (Tursunoy — Umri xolaning yakkayu-yagona farzandi edi). Mana, u qo’lidagi kurakni chetga uloqtirib, barmoqlarini kuh-kuhlab, qor uyumiga shahd bilan sakradi. Kulgudan yuzi yorishgan qiz (negadir, qo’llarini hovuchlagancha) u tomon talpindi. Tursunoyning mehrli qora-qiyiq ko’zlari, yig’lash va kulishga qodir, bir oz qonsiz lablari Nodirga yoqardi… Ko’z o’ngiga kelib turgan manzara va ilgarigi hayotining yorqin tafsilotlari qalbini egallab, vujudidan qandaydir qusurlarni sitib chiqarayotgandek tuyuldi.

Fursat o’tmay xayol oynasida onasining qiyomatli dugonasi Umri xolaning qoq olxo’rirang, serpay barmoqlari bir ko’rindi. Umri xola tong sahardan kechasi ne mahalgacha eri Salim aka bilan tengma-teng non yopar, ro’zg’or tashvishlaridan bo’shamas, biroq hech qachon, hech kimdan, hech narsadan nolimas, koyinmas edi. Esida, harbiy xizmatdan qaytganida xola atay yopilgan jizzali bo’rsildoq nonlarni savatda ko’tarib chiqqan va uni peshonasidan o’pib, uzoq duo qilgandi. Nodir, oradan ko’p yillar o’tgan bo’lsa-da, o’sha issiq non iforini dimog’ida qayta tuyub, dilida bir orziqish uyg’ondi. Bu narsa boshqa bir tushuniksiz tuyg’uni boshlab keldiki, uning ta’sirida beixtiyor o’rnidan turib ketdi.

Bu voqea mahalladoshlari ko’zidan yiroqda: boyib, yangi tushgan mavzeda dang’illama uy qurib, endi hamma narsa izmimda deb yurgan; oziq-ovqat, mol-buyumga qahat kelgan — saksoninchi yillarning oxirlarida yuz bergan edi. Ish gullab ketib, havoyi tijoratidan mol-dunyo orttirib ( hech qanday zaruratsiz, rahmatli beva onasi bilan yashagan) eski oftobro’ya go’shani elburutdan sotib yuborgan edi, o’shanda… Mana endi esa o’tgan yillar domanasida sodir bo’lib ketgan voqea esiga tushib, yarim tunda yuragini ranj-alam va isnod siquvga oldi. Bundan u o’zini juda xunuk, ojiz va notavon sezdi. Darvoqe, o’shanda Umri xola hovlini sotishga royish bildirmagan, “hovli sotishning xosiyati yaxshi emas, bolam. O’tgan arvohlar, dugonaginamning ruhi chirqirab yurmasin. Men o’zim xabar olib, supurib-sidirib turaman. Sog’inganda bolalaringiz kelib, yayrab ketishadi”, deya nasihat qilgan bo’luvdi. Nodir esa, shu qadar havolanib ketgan paytlari ekanmi, onasiday bo’lib qolgan Umri xolaning gaplarini qulog’ining yonidan o’tkazib yuborgandi…

Nodir xotirotning adoqsiz ko’chalarida kezina-kezina toliqdi va karavotiga cho’zildi. Ko’zi ilinar-ilinmas tush ko’rdi. Onasi… Ha, onaizori mayin kulimsirab xonaga kirib keldi-da, o’g’liga minnatdor tikildi. Keyin uning yonidan o’tib, devorda osig’liq portretga qarab yurdi. Portret qarshisida turib, unga razm soldi. Keyin o’g’lining yoniga qaytib, xuddi yosh bolalik paytidagi kabi peshonasini mayin-mayin silab, sochlarini epaqaga keltirdi.
Shu asnoda uyg’onib ketgan Nodir o’rniga turib o’tirdi tush va xushyorlik holati o’rtasida tong ottirdi.

* * *

— Sizga nima bo’ldi, yig’layapsizmi?..
— Yo’g’-ye, nega yig’layman?
Nodir xotiniga qaramay vannaxonaga o’tib ketdi.
— Ko’zingiz qizarganiga aytayapman-da.
Nodir oynaga bir qur ko’z tashlab oldi-da, nari-beri yuvinib, oshxonaga kirib ketayotgan xotinining orqasidan yurdi.
— Hikoyat, o’tir.
Ayol eridagi o’zgarishdan ajablanib, uning qarshisidagi stulga cho’kdi. Xavotir aralash unga qaradi.
— Oyim tushimga kiribdilar.
— Yaxshi. Biror narsa dedilarmi?..

Nodir bosh chayqadi.
— Lekin nimadandir juda xursandlar, yuzlarida tabassum… Yoshlik paytlari shunaqa jilmayardilar. Mening bolalik paytlarimda.. .Ota ko’rmay o’sganim uchunmi, shu… maktabdan kelishimda intiq, yoshli ko’zlari bilan sevinib kutib olardilar.
Nodir yana bir zum onasi haqida mahzun o’ylarga toldi.
— Ha, onaginam-a… – Nodir xo’rsinib bosh chayqadi. – Sekin, kulib-kulib o’tib ketdi. Kim bildi, kim bilmayam qoldi.
— Shu vaqtgacha bunaqa gaplar qilmasdingiz, adasi. Bilaman. Rasm qurg’ur kelib o’zgarib qoldingiz. Dala hovliga oldirib qo’yaylik.
— Shoshma, turaversin.
— Maylingizku-ya. Lekin uyquda gapirishlaringizdan, shunaqa xayolga cho’mib qolishlaringizdan xavotirdaman-da.

* * *

Oradan uch oy o’tdi.
Toshkent kuranti yaqinidagi kichik ko’rgazma zalida Tuyg’unning shaxsiy ko’rgazmasi ochiladigan bo’ldi. Negadir, aksari rassomlar bu yerdan ko’ra Badiiy akademiyaning yoki bo’lmasa tasviriy san’at galereyasi zallarida asarlari namoyish etilishini istashadi. Vaholanki, bu mo»jazgina namoyish maskanining o’ziga xos afzalliklari ham yo’q emas. Sababi zallar katta emas; rassom shunga yarasha asarlarini jiddiy saralaydi, tomoshabin rasmlar ko’pligidan toliqib qolmaydi, har bir qo’yilgan asarga alohida sinchkovlik bilan e’tibor beradi. Tuyg’unga shu jihatlari bilan bu yer ma’qul edi.

U ko’rgazmaga tayyorlanish uchun ertalab vaqtli turib ustaxonasiga ko’tarildi. Hali biror ishga qo’l urib ulgurmay eshik qo’ng’irog’ining jonsarak jiringlashi eshitildi. Kim bo’ldiykin? Uyga ish olgan duradgor tayyor chorcho’plarni kecha tashlab o’tmoqchi edi, kelmadi. Balki o’shadir …
Eshik oldida bir erkak va ayol turardi.
Erkak ko’ziga sal-pal tanish ko’rindi. Tuyg’un uning nimasidir Nodirga o’xshab ketishini payqadi. Aftidan, tug’ishgan ukasi bo’lishi mumkin, yoki biror yaqin qarindoshi …
— Tuyg’un aka, yaxshimisiz, — dedi erkak, u bilan qo’sh qo’llab ko’risharkan. – Assalomu alaykum.
— Vaalaykum assalom, — dedi hali hanuz o’z taassurotlari domida qolgan Tuyg’un kelganlarni ichkariga taklif etishni ham unutib.
— Ma’zur tuting, yo’lim tushib, bir ko’rishib o’taylik dedim. Bu xotinim — Hikoyat. Xursandchilikdan, aytadigan gaplarimiz ham yo’q emas…Bilaman, siz meni tanimayroq turibsiz? Men…
— Nodir akaning ukasi… bo’lsangiz kerak-a? – dedi Tuyg’un o’zining yaqin qadrdonidek ro’parasida iljayib turgan kimsaga.
— Yo’g’-ye, nega ukasi bo’laman? Men o’zimman, Nodirman.
Tuyg’un ishonqiramay unga tikildi.

Ayol gapga aralashdi:
— Anna, sizam tanimadingiz. O’zlariga aytsam ishonmaydilar.
Tuyg’un mehmonlarni ostonada uzoq turib qolishganini fahmlab ichkariga taklif qildi.
— Uzr, qani, ichkariga, ichkarida gaplashaylik, — dedi o’zini chetga olib.
— Rahmat. Obbo, Tuyg’un aka-ye, tanimadingiz, ukasi bo’lsa kerak deb o’yladingiz-a? — dedi Nodir stol atrofiga o’tirisharkan. — Mening ukam yo’q, Tuyg’un aka. Sizga aytsam, oxirgi paytlar siz tugul, yaqin tanishlarim ham tanimay qo’yishgan.

Tuyg’un hamon undan ko’zlarini uzolmasdi.
— Bir boshidan aytib bering, Nodir aka, – deb oraga gap qo’shdi Hikoyat.
— Xo’p. O’sha kuniyoq portretni devorga osib qo’ydim. Osib qo’ydim-u, nuqul unga tikilgim kelaveradi desangiz. Dam badam qarab-qarab qo’yaman. O’ziga tortadi, unga o’xshamasligimni bilsam ham tikilaveraman. O’ziga bog’lab oldi. Keyin olib karavotimiz ustiga osdim. Xotinim bo’lsa, avvaliga ustimdan kulib yurdi…
— E, to’xtab turing! Nimalar deyapsiz, kulganimni aytib nima qilasiz! – dedi so’zlashga qulay fursat kelganidan jonlangan Hikoyat, — sog’ayib ketishingiz portretga bog’liq ekani, o’zgarishlarni birinchi kim payqagani haqida gapiring? “Nodir aka, siz endi o’zizdan rasmingizga ko’proq o’xshayapsiz!” deganim esingizdami?
— To’g’ri. Birinchi sen payqading, — dedi xotiniga qarab Nodir. — O’shanda uch haftalar o’tib qolgandi… Bundan bir yarim oycha ilgari o’zim ham sezdim. Ishxonamda hangomatalab oshnalarim: “Nodir aka, sizni tanib bo’lmay qolyapti. Borgan sari yasharib ketyapsiz, o’zi nima gap?” deb qiziqsina boshlashdi. Yaxshiyamki, eski fotosuratlarim bor, portretgacha qanaqaligimni ko’rsatsam ham ishonishmaydi.

— Mayda-chuydalarni qo’ying, yaxshisi kasalingiz haqida gapiring, — toqatsizlandi ayol.
— Qanaqa kasal, tushunmayapman?- ajablandi Tuyg’un.
— Lo’nda qilib aytsam, oldinlari kasaldan yotib qolay derdilar, endi butunlay qutildilar, tuzaldilar! Sizga katta rahmat. Ishonmaysiz, lekin siz tuzatdingiz u kishini! Rahmat! Sira kutilmagan ish bo’ldi!
— Qachondan beri… ha, taxminan o’n besh yildan beri oshqozonim og’rib kelardi, jig’ildonim qaynab, behuzur bo’lardim, hozir… tuzikman. Shuni aytyapti xotinim, – deya Nodir ayolining gapiga izoh bergan bo’ldi.
— Yo’g’-ye, bo’lishi mumkin emas.
— Voy, ishonmaysiz-a! – ayol jon kuydirib tushuntira ketdi. – Shu, ko’z oldimda boshqa odamga aylandilar-ku. Oshqozonlari og’rimay qo’ydi. Ko’zlarini ko’ring, ko’zlari bir xil rangda – mana, hamma odamlarnikidek. Oldinlari ovqatimni yoqtirmasdilar. Doim buning nordon, bunisining tuzi ko’p, bu xom deganlari degan edi. O’lguday ziqna, injiq edilar, butkul o’zgarib ketdilar, so’ramasam ham menga kurortga yo’llanma olib keldilar. Mahalla guzarida sportzal qurilishini boshladilar, to’ng’ichimiz magistraturaga kiruvdi unga besh jildlik “O’zbek tilining izohli lug’ati”ni sovg’a qildilar. Siz chizgan odamga o’xshadilar, qoldilar.

Suhbatdoshlar miriqib kulib olishdi. Keyin Tuyg’un er-xotinga qarab:
— Bor gap shumi? Xursandmisiz ishqilib, unda menam xursandman, — dedi va yana nimadir demoqchi bo’ldi-yu, lekin boshqa jo’yali so’z topa olmadi.
— Biz yana o’sha, oldingisiday ish bilan keldik… — dedi oxiri ayol muddaoga ko’chib. — Malol kelmasa, mening portretimni ham chizib bersangiz, Tuyg’unjon! Men ham bemorman, buyragimda toshim bor… Keyingi paytlarda suyaklarim og’riydigan bo’p qoldi. Yo’q demang.
“Ana xolos, o’zi shu yetmay turuvdi!”
— Kechirasizlar, men vrach emasman, — dedi hafsalasi pir bo’lgan Tuyg’un qovoq uyub.
— Ha, rassomsiz, lekin chizgan rasmingiz erimni davolab tuzatdi. Ularni professor ko’rdi. Hech narsa qila olmadi. Bormagan sanatoriyalari, ichmagan ma’dan suvlari qolmadi. Naf ko’rmadilar. Lekin hozir soppa-sog’lar … Iltimos, meniyam suratimni chizing, — dedi ayol o’tinch ohangida. — Qanday xizmatingiz bo’lsa, jonimiz bilan… durustgina gonorar to’lagan bo’lardik sizga…

Tuyg’un noiloj qoldi. Avvalo, ayolning o’tinchli nigohi uni o’ylantirib qo’ydi. Har holda bir ilinj uni bu yerga boshlab kelgan. Noumid qaytarish insofdan bo’lmaydi. Qolaversa, xizmati evaziga uch -to’rt so’m bo’lsa,shaxsiy ko’rgazmasi ochilishi kuni yor-birodarlariga dasturxon tuzashda asqotadi hali.
— Hech qanday xizmat yo’q, — dedi u fikri o’zgarib, — Mayli… ko’ramiz, umid qilibsiz… ertaga soat o’nga keling. Narxi — ikki yuz, ikki yuzligicha qoladi, lekin, biror natija chiqadimi, yo’qmi, aytolmayman…
Er-xotin minnatdorchilik bildirib, oldinma keyin ustaxonadan chiqishdi.

Tuyg’un xonada yana bir o’zi qoldi lekin… qo’li ishga bormadi. Xonada o’ychan kezindi. «Juda alomat! Nodir chindan ham tashqi, ham savqidan o’zgargan, bu g’ayritabiiy hodisa uchun tabiiy izoh topish lozim, deb ko’nglidan o’tkazdi. G’ayritabiiy ko’rinsa-da, o’ziga xos mantiqqa ega! Basharti ma’naviy va ruhiy malham beruvchi mehrigiyosi bo’lmasa portretdan odamlarga nima naf! Tashqi siyratini qanday bo’lsa, shundayligicha muhrlab qoldirishga fototasvir o’zi yetarli…” Shu tobda avval yaratgan manzaraviy asarlari ko’ziga bo’sh-bayovroq , haddan tashqari rangdor, hayot voqealaridan ajralib qolganday ko’rina boshladi. Endi u yangi ijodiy kengliklarga chiqishi, personajlardan devoriy rangtasvir asarlariga ham o’tishi mumkin… Mana buni ijod desa bo’ladi: u o’nlab portretlar ishlaydi, odamlar dardiga ham malham bo’ladi. U murakkab kompozitsiyalar ustida ishlaydi, bora-bora Sikeros, Diego Rivero kabi mahobatli asarlar yaratish darajasiga yetsa ham ajab emas.

Har vaqtdagidek, ertalabdan buyon tuz totmagani esiga keldi. Tuyg’un chiroqlarni o’chirib zinalardan tushib borarkan, «portret bilan bog’liq voqea chindanam antiqa, xotinga aytsam kulgiga qolaman», deb o’yladi.
Nigora oshxonada ekan, eriga peshvoz chiqib keldi.
— Adasi, osh no’xotli bo’lsinmi? – dedi ishidan ham boshini ko’tarmay.
— Mayli.
— Keyingi kunlar juda ozib ketyapsiz,- dedi kuyunchak ohangda eriga boshdan-oyoq razm solib olib, — O’zingizga qaramasangiz bo’lmaydi, ko’rgazmaga chiroyli, savlatli yigit bo’lib borishingiz kerak.
Tuyg’un indamadi. Shunday qilmasa, suhbatga mavzu topolmay turgan xotinini gapdan to’xtatib bo’lmasdi. Mabodo “Nodir voqeasi” haqida eshitib qolsa bormi…

***

Hikoyat upa-elikka belanib, qulog’iga og’ir tilla sirg’alar taqib, bo’yniga esa yo’g’on oltin zanjir osib, xullas, qo’g’irchoqdek yasan-tusan qilib rasm chizdirgani keldi. Ayol rassomga o’zini iloji boricha yosh ko’rsatishga urinayotgani bilinib turardi.
Tilla rang yaltir-yultir ichida ayol yuzining noaniq qoramtir tarxigina ko’zga arang chalinardi: peshonasi tegrasida bo’lak-bo’lak go’los rang soya lip-lip o’tdi — ko’krakda bezab turgan qimmatbaho taqinchoqlarning jimirlashi.
— Taqinchoqlarni yeching. Xalal beryapti …
— Menga, “tillaning xosiyati bor, bioto’klari dardga shifo bo’ladi” deyishgandi.
— Rasmdan bo’shaganda bemalol qayta taqib olasiz.
— Portret ham balkim chiroyli chiqarmidi…
— Tushuning, opa, menga xalaqit beryapti, — dedi-da. Tuyg’un negadir kulimsirab davom etdi. — Aytib qo’yay, bezaklar portretdagi bioto’klarni o’ziga oladi, yechganingiz afzal…

Hikoyat Tuyg’unga birpas tikilib qoldi-da, keyin yashirin sirni anglab yetgandek:
— Mayli unda, aytganingiz bo’la qolsin, — deya bor taqinchoqlarini ro’molchasiga o’rab, sumkachasiga yashirdi.
— Tunov kuni aytmabman: rangi issiqroq koftada o’tirasiz deyish esimdan ko’tarilibdi.
— Yo’q, keragi yo’q! Kun issiq! Shundog’am qizib yotibdi. Oftobam ko’zimga tushib turibdi.
— Gapimga tushunmadingiz: men rangning iliqligi ma’nosida aytyapman. Havoning emas.

— Issiq rang ?! Ranglarning ham issiq-sovug’i bo’ladimi?
— Xo’p, bo’lmasa… manovi bo’zrang jujunchani yelkaga tashlab oling.
— Voy! Menga bu o’tirishmaydi. Shu eskida qop ketamanmi suratda? Tillalarni ol dedingiz, olib qo’ydim, o’rniga buni tutqazyapsiz. Bechorahol qip qo’ymoqchimisiz? Keyin chindanam nochorlikka mubtalo bo’p qolmaymanmi?
Tuyg’un o’zini bosib, yotig’i bilan uqtirishga o’tdi.
— Tushuning, opa. Mening vazifam: odamni “ko’rish”, odam qiyofasini ishlash, bo’zrang xalat asosiy narsamas.Odamning, ayniqsa ko’zi jonli, ta’sirga moyil, murakkab narsa… unda hayot qoldirgan izlar bor. Til haqiqatni yashirishi mumkin, ammo ko’z – hech qachon! – Hikoyat gaplariga e’tibor bilan quloq solayotganini ko’rib, Tuyg’un bu masalaga kengroq to’xtaldi, — ular ranglarda ko’rinish beradi. Boshlanmasiga sidirg’a tus kerak, men shu rangdan yana boshqa ranglarni taxminlab, keragini chiqarib olaman.
— Ha, mayli, tushundim, bera qoling! – deya Hikoyat xiyol tajanglik bilan itoat etdi va yelkapo’shni kiftiga tashlab oldi.

Tuyg’un asabiylashib borardi. Sababi, u o’tgan safargidek g’ayritabiiy va, albatta , alomat portret yaratishga qayta musharraf bo’lish uchun o’zida ishonch yetishmayotganini his qilib turardi. To’g’ri, buyurtmachiga va’da bermadi, lekin aytaylik eng oddiy, sirtqi rangtasvirdan o’tib asar ishlash qo’lidan kelmas ekan, unda o’ziga nisbatan qalbida nafrat o’yg’onishi ehtimoldan holi emas. Ijodkor uchun bundan yomoni yo’q: shu bois, u faqat bir narsani — bundan buyon, tasodifan yuz bergan voqea sabab ijodida paydo bo’lgan yangi fazilatni o’zligiga zo’rma-zo’rakisiz, tabiiy tarzda o’zlashib ketishini istaydi. Uningcha, portretlaridagi antiqa sifatni yuzaga chiqargan qobiliyatidan ajralishni – sozandaning barmoqlari mahoratli yugurigidan daf’vatan mahrum bo’lishidek qiyoslash mumkin edi. Lekin asosiy gap shundaki, bir masalada rassom va sozanda o’rtasida muhim tafovut bor: har qanday sozanda qanday harakatlar bilan barmoqlari mashqini raso qilishni bilsa, Tuyg’un mabodo nogahon qo’lga kiritgan qobiliyatini boy berib qo’ygudek bo’lsa, uni qayta tiklash uchun nima qilarini bilmaydi. Uning bezovtaligi shundan edi.

Hikoyat bo’lsa, tabiiyki, orom tuyg’ulariga g’arq bo’lib, dag’al kursida emas, go’yo yumshoq suyanchiqli o’rindiqda rohatlanib o’tirgan odamday, qaddini g’oz tutib o’tirardi. Sababi, u niyatiga yetdi, endi bir necha soat sabr qilsa portret tayyor bo’ladi. Keyin tez orada buyragidagi toshlardan, sog’lig’ini kemirayotgan turli dardi-balolardan va buning ortidagi vahimayu xavotirdan bir yo’la forig’ bo’ladi. Arzimas pul evaziga, xudo hohlasa, ham shifo topadi, (eng muhimi) ham mo»jizaviy tarzda yasharib ketadi.
Tuyg’un odatda nurli, quyoshli kunlarda, diqqatini jamlab, berilib rasm chizishni yaxshi ko’radi. Chunki ranglar o’rtasidagi muomala va munosabatlar tabiiy nur yog’dusida ravshan ko’zga tashlanishini, aksincha, rutubatli kunlarda ranglar chaplashib, aslidan o’zgacharoq jilo berishi va tasvir tamomila soxta aks etishini u tushunib yetgan, ijod havosini olgan tajribali rassom edi. Uning uchun tabiiy yorug’lik – qabariq oyna, quyosh shu’lalarini bir nuqtaga yig’ib, o’tkir nurga aylantiradigan shaffof ko’zgu edi!

Avvaliga, uning asabiy hayajoni oqibatidan yuragiga tushgan g’uluv va ortiqcha hovliqma ishchanlikdan chizgilari qovushmay turdi, mo’yqalamini mato ustida bir martalik yurgizishi bilan yuzning doirasimon tarxini, keyinchalik tuzatishga o’rin qolmaydigan aniqlikda chizib olish uchun kerak bo’ladigan ishonch, dadillik yetishmayotgandi unga. Lekin sekin ishi o’ngidan kelib, bir soat-yarim soat o’tib, bu vaqt ichida ilgarigi odatiga ko’ra hayajonlari ko’zlaridan aql-idrokiga, undan yurakka, tirsakka va u orqali ish quroli — sezgir barmoqlariga yetib, so’ngra undan mo’yqalamiga o’tishi bilan ko’ngli joyiga tushdi. Yuragida yana bir marta avvalgisiga molik antiqa portretni chizishga qodirmi yoki yo’qmi… favqulodda qobiliyati unda tayin qoldimi, yo’qmi… kabi qalbiga g’ulg’ula solib, ishlagani xalaqit berayotgan barcha shubha-gumonlaru qat’iyatsizlikdan asar qolmadi. Uzun barmoqlarida hadik o’rniga umid va ishonch sezib, favqulodda surat bilan miriqib ishladi. Nihoyat, qaddini rostladi. Bugunga yetar… Yelkalari, mo’yqalam tutgan qo’li uvishib, Nodirning rasmini chizayotgan paytidagi kabi mushaklarida yana “chumoli yugurdi”. Tanasi andek qunishdi. Lekin qizig’i, xuddi ana shu takrorlangan hissiy sezgirlik unda portret o’sha alomat xislatga ega bo’lganiga ishonch tuyg’usini mustahkamladi. Ko’zlarida yashirincha mamnuniyat uchqunlari chaqnadi. Shu asnoda qarshisidagi ayolga nisbatan xayrixohlikka o’xshash nimadir paydo bo’ldi. Mayli, o’ziga yetgulik molparastdir, havoyidir, lekin yomon ayol emas, sodda, ishonuvchan, hatto, aytish mumkinki, botiniy toza ayol…

Tuyg’un xiyol ochilib, xonadagi teran sukunatni buzish va do’stona kayfiyatini bildirib qo’yishlik niyatida kulimsiradi:
— Hikoyat opa, toliqib qoldingiz-a? Keyingi safar kuy, qo’shiqlar ham keltirib qo’yarman… zerikmaysiz.
— Yo’g’ — ye, shundoq ham minnatdorman, ovora bo’lib o’tirmang. Qo’shnimning qizlari ertayu kech qo’shiq qo’yishadi. Juda to’yganman.
— Menda.., italiyancha, noyob, mumtoz qo’shiqlar, kuylar bor… Koruzo, Luchano Povoroti, Albano degan dunyo tanigan xonandalar qo’shiqlari, o’zimiznikilardan Turg’un Alimatov chalgan mumtoz kuylar bor. Qanaqasini yoqtirasiz?
— Men Munojot Yo’lchievani yaxshi ko’raman.
— Masalan, qaysi ashulalarini?
Hikoyat bir oz sukutga tolib, so’ng javob qildi:
— “Kelmadi”ni, “Qora ko’zim”ni, “Aylagach…” ni yaxshi ko’raman, — Hikoyat shunday derkan yuzi tabassumdan yorishib, chehrasi muloyimlashdi.

Ana shunda xuddi ta’mirlovchi usta devorga chaplangan yuza suvoqlarni ko’chirib tashlagandagi holat yuz berdi: ayolning ko’zlarida qo’nglining tub-tubida mudrab yotgan bokira tuyg’ularga o’rangan mehrga moyillik, rahm-shafqat, muhabbat anduhi kabi nima narsalar uchquni aks etdiki, Tuyg’un ularni tasvirga tushirib qolishga shoshildi. U suratdagi ko’zlar atrofiga shu’lasimon, bilinar-bilinmas chizgilar tortdi. Nigohlarda xiyolgina bir o’t chaqnadi. Tuyg’un maroq bilan ishlashda davom etarkan, ko’nglida: “Bu dunyo yaralganidan beri odam hammadan burun odam ekan-da, u ruhan doim nimagadir tashna, men aynan shunga tayanishim lozim, degan o’yda to’xtaldi. Ha, inson qiyofasiga chaplanib ketgan soxtaliklarni, g’uborni olib tashlasang, uning naqadar go’zal ekanini ko’rasan!
Jumboqning uchi mana shu yerda!”

Nihoyat, asar bitdi.Uning ko’z nurlari ayolning ko’zlariga termulaverib taqsimlandi … Matodan, rassomning badiiy in’ikosi: nihoyatda dilbar, tabiiy timqora sochli, yoshi o’ttizlardagi latofatga boy juvon boqib turardi.
Tuyg’un a’zoi badanida toliqish sezdi, u majolsizlikdan palitrasidagi bo’yoq yuqini yuvishga o’zini majbur etdi. Keyin kursida qimir etmay o’tirdi, bir muddat hordiqdan keyin tanasiga darmon kirgach, ishidan ko’ngli to’q, bahri-dili ochilib pastga tushdi. Zero vujudidagi toliqish ayni chog’da erishgan ijodiy g’alabasining tansiq va totli charchog’i ham edi…
— Ha, Tuyg’un aka, kayfiyatingiz chog’. Bir o’ziz, o’zizni jindek xushnud etganga o’xshaysiz… — dedi Nigora kulib, eri yaxshi kayfiyatda ekanini payqab.
— Kayfiyatim chog’lig’i rost, malikam, – deya jilmaydi Tuyg’un. – Lekin aslo sharobdan emas.
— Bilaman, bilaman, Tuyg’un aka. Xo’p bo’lmasa, dasturxonga marhamat qiling. Ishingiz yurishganidan menam xursandman.

001

(Tashriflar: umumiy 740, bugungi 1)

Izoh qoldiring