Majnuna (Maqsuda Jo’raqulova). She’rlar

045       Мажнунанинг   шеърларини ўқир эканман, унинг юрагида жуда катта Дард билан баробар улкан Бахт уммони мавжланиб турганини илғадим. Йигирма тўрт ёшли инсон ҳали ҳаёт денгизи соҳилидан унча узоқлашмаган, олдинда нималар кутаётгани эса ёлғиз Яратганга маълум. Умидим шулки, Мажнуна Бахтини кўзлаб, ундан тирикликка ёдгор бўлиб қолажак Сўзини излаб олға сузсин. Қайғу билан Шодлик икки елкани бўлсин.

Хуршид ДАВРОН
УСМОН НОСИР ҚАРАБ ТУРИБДИ..
045

   Бундан бир неча ой аввал ёш шоирлар мушоираси саҳифасида Мажнунанинг бир неча шеъри билан таништирган бўлсам, бугун унинг катта шеърий туркумини тақдим этмоқдаман. Бу шеърларда ўз йўлини топишга уринаётган ҳар бир ёш ижодкорга хос бўлган, йиллар ва изланишлар таъсирида камайиб борадиган камчиликлар: таҳрирга муҳтож сатрлар, тимсоллару мавзуларнинг такрорийлиги, маромига етмаган оҳанглар ҳам  учрайди. Бу шеърлар ҳали бугунги ҳаётдан қониқмаган, ёнида  далда берувчи, маслаҳатлашадиган ижодкор муаллимлару тенгдош сафдошлар йўқлигидан қийналаётган, балки шунинг учун турмушда шодликдан кўра қайғуни кўпроқ кўраётган ва айниқса, муҳаббат синовларидан кўнгли нола чекаётган таъсирчан қиз руҳияти манзараларидир.

Мажнунанинг шеърида дард кўп. Биламан, бу дунёда дардсиз қалб йўқ. Дардсиз шеърият йўқ. Ҳазрат Навоийнинг ҳар бир сатрида буюк Дард бор. Аммо, Дард  тушкун кайфиятдан, ишончсизликдан эмас, ҳаётга, Инсонга муҳаббатдан туғилиши керак, деб ўйлайман.  Айни шу сабабдан, Мажнунанинг ишқ қайғуси тўлдирган юрагида умидли қувонч шами пирпираб ёниб турганини кўриб қувонаман. Зеро, асл Шоир ғамгинларга ҳамдард бўлмоғи керак. У  ўз ғамини изҳор қилиш баробарида бошқалар ғамига шерик бўлгувчи, уларнинг дардини аритгувчи малҳам тутмоғи лозим.

   Айтмасам бўлмайдиган яна бир гап: шоиранинг аксарият шеърларида ўлим ҳақидаги сатрларни ўқиш мумкин (Мен уларнинг кўпини туркумдан олиб қўйдим). Бундай ҳолат ёш ижодкор учун жуда хавфли эканини қатъий айтишим керак. Буни англаш учун адабиёт тарихига кўз ташлаш кифоя. Устоз Эркин Воҳидов бир мақоласида шундай ёзган эди: Халқимизда бир ҳикмат бор, яхши ниятга ҳам, ёмон ниятга ҳам фаришталар омин дейдилар! Мен, ижодкор дўстларимга мурожаат қилиб айтгим келади: Яхши ният қилинг, шоирлар!..» Менинг бу сўзларимни Мажнуна тўғри тушунишини истайман. Зеро, унинг шеърларини ўқир эканман, унинг юрагида жуда катта Дард билан баробар улкан Бахт уммони мавжланиб турганини илғадим. Йигирма ёшли инсон ҳали ҳаёт денгизи соҳилидан унча узоқлашмаган, олдинда нималар кутаётгани эса ёлғиз Яратганга маълум. Умидим шулки, Мажнуна Бахтини кўзлаб, ундан тирикликка ёдгор бўлиб қолажак Сўзини излаб олға сузсин. Қайғу билан Шодлик икки елкани бўлсин.

Бир шеърида  «Машрабнинг дардини дилга солиб шарт, Биз кириб боряпмиз адабиётга…» дея,  яна бир шеърида «Қани етармикан бардошлари деб, Кўкдан Усмон Носир қараб турибди», дея Сўз олдидаги масъулиятини англаган ёш ижодкор қизимга муваффақиятлар тилайман.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

МАЖНУНА
ШЕЪРЛАР
045

    Мажнуна (Махсуда Жўрақулова) — Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Ховос транспорт касб ҳунар коллежининг “Хўжалик ҳуқуқий фаолияти” йўналишини тамомлаган. Ҳозирда “Ойдин йўл” газетасида фаолият юритиб келмоқда. Шеърлари республика газета ва журналларида мунтазам эълон қилиниб борилади. “Истеъдод мактаби” V-республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси.

045

 

ЖЎНАТИЛМАГАН МАКТУБЛАР
Туркум

ОНАМГА ХАТ

Омонмисан, бормисан она?
Йўлларимга нигоронмисан?
Кутяпсанми мени ҳар саҳар,
иссиқ нонлар ёпиб тандирда?
Саломатми бунда отам ҳам?
Сингилларим-қалдирғочларим!
Улғайишиб қолгандир анча.
Менми, эҳ қўй! мени сўрама…
Юрибман-да ўзимни судраб,
Ўз соямдан қўрқиб, хавфсираб…

Онагинам, меҳр жуда қиммат
экан бу томонларда.
Ё Худойим меҳрнинг ҳаммасини
Сенга бериб қўйганми?
Дунё кенглиги кўнглингчалик ҳам
эмас экан аслида.
Орзу йўли ниҳоясиз экан онажон.
На юриб, на югуриб, на-да хаёлан етолмадим сўнгига.
Тош йўлларда тошдай қотиб кетди юрагим.
Совутиб юбордилар совуқ нигоҳлар…

Тупроқ кўчалар! Гардларини сурай кўзимга.
Бир эмас, минг жонимни фидо қилай уларга.
Ахир улар, Сенга элтгувчи йўллар,
болалигимга элтгувчи,

ОТАМга элтгувчи йўллардир улар.
Отам! Дунё захматидан заифлашган куюнчагим.
Оллоҳ одамзодни тупроқдан яратган дер эдилар.
Тупроқ эриб кетмасмиди шунча ғуссадан?!

Нега мен ўсган сайин эгилади қаддингиз, Меҳрибонларим?!
Ахир қаролмайин қолдим-ку
виждонимнинг нигоҳларига.
Бир кун барча гуноҳларимга,
қалқон этай қандай сабабни?
Янгидан туғилар ҳар куни дунё,
ҳаёт янгиланар ҳар куни.
Аммо Сен бир хилсан минг йилдан буён.
Онагинам, қайдан берди шунча бардошни Худо?
Тугатмадинг шунча сарфлаб ҳам.
Бош ҳам эголмайман қаршингда.
Сенга эгилишга арзимас бу бош.
Мунисам, фариштам, меҳрибонгинам!

Мен қандай ўламан шунча қарз билан?
Сенинг бағринг, бутун ер юзидаги
энг тинч, энг осуда маскандир она.
Шунча юриб, шунча югурдим,
минг бор ўлиб, минг бор тирилдим.
Оқибатда, эҳ оқибатда!

Шеърдан бошқа ҳеч вақойим йўқ.
Бунча қийин ёшлик берилди менга?
Мен нима истайман ахир дунёдан?
Мендан нима истайди дунё?
Тушунмайман, тушунолмайман.
Ё шунчалар ожизми ақлим?!
Онажон, қизғалдоқлар очилгандир-а?
Қалдирғочлар уя қургандир,
фариштали айвонимизга.

Ахир, баҳор келганига анча бўлибди-ку.
Бугун билиб қолдим, девордаги
гулдор жилдли тақвим қоғоздан.
Онажон кеча тушларимга кирувди отам;
мени қаттиқ соғинибдилар.
Йўқ-йўқ буни ўзи айтмади.

Кўзларида улкан дардни кўрдим, соғинчни кўрдим
Кўзларига қаролмадим, тикилолмадим.
(Хатто тушларимда ҳам.)

Она менга буюк дард керак,
буюк шеърлар ёзмоғим учун.
Ахир, аламлардан туғилади шеър.
Аммо билолмайман, энг сўнги манзилим қаердалигин.
Қаерда тўхташни ҳамон билмайман.
Билганим, Сени қурбон қиляпман,
отамнинг меҳрини қурбон қиляпман.
Сариқ чақага ҳам арзимас,
мавзуси йўқ сатрларимга.
Она, онажоним, фариштагинам!
Шунча гуноҳ билан қандай ўламан?!

ОНАМГА

003

Кечир она, билганларим хато чиқди,
Бунда бошим ёрмай ўтган деворлар йўқ.
Балоларга эш туғилган шоирангни
Ёмон кўздан асрагувчи туморлар йўқ.

Кечир она, қайтишлари йўқ йўлдаман,
Бу дунёнинг бири эмас, минг бири кам.
Мени ўйлаб оқармасин, ёлвораман,
Сочларингни биттагина толаси ҳам.

Унут она, ғам чекмагин ўйлайвериб,
Мен қаламга бор будумни бериб бўлдим.
Бу дунёда неки кўриш мумкин бўлса
Ҳаммасини, ҳаммасини кўриб бўлдим.

Афсус она, хато чиқди билганларим,
Шу ёшимда бездим ҳаёт қўрғонидан.
Нега мени, битта мени Қодир Эгам
Яратмади ойнинг ёруғ томонида.

Жон онажон, тушунишга уринма қўй,
Тортма мени тушинишдек азобни о…
Ярим йўлда йиқитмасин ҳолсиз юрак
Фақат дуо қилгин мени, фақат дуо.

Кечир она, қайтишлари йўқ йўлдаман…

***

“Бошинг тошдан бўлсин” дейди шўрлик онам
Билмайди-да бошим тошдан қаттиқлигин.
Билмайди-да, соддагинам, мунисгинам
Шу ёшимда кўксим тўла чандиқлигин.

Ёмон кўздан асрайди деб тақаверар
Бўйларимга туморларни меҳрибоним.
Ҳатто қисмат асролмаган қизингизни
Шу туморлар асрармиди онажоним!

Мен ёшликнинг завқларини туймай туриб
Бағрингизни шунча эрта бўшатибман.
Ўзлигимни топмоқ учун йўлга чиқиб
Сочларингиз қорасини йўқотибман.

Қуриб кетсин ушбу йўлда топганларим,
Кўрганларим, йиғганларим бўлсин адо.
Битта сўзнинг орқасидан чопганларим,
Билолмайман, кечирарми мени Худо.

Жон онажон, адашдимми бу йўлда кўп,
Мен умримни беҳудага сарф этдимми?
Ўз юрагим бошлаб берган йўлдан юриб
Маст кетдимми, рост кетдимми, паст кетдимми?

Ўнг елкамни босиб турар тоғдай азоб,
Хаётнинг бор давонидан ўтиб бўлдим.
Энг гуллаган йигирманчи баҳоримда
Бардошимнинг ҳаммасини ютиб бўлдим.

Бошинг тошдан бўлсин дейсиз менга яна…

ОТАМГА МАКТУБ

Ота, яшаб бўлмас экан ғуборсиз,
Соврилиб боряпти ғурбатга умрим.
Мана, қайтаяпман қуруқ қўл билан,
На олим бўлолдим, на одам бўлдим.

Менга одамдайин яшамоқ қайда,
Баъзида паймонам тўлиб кўрингай.
Отажон, аслида мен турган жойда
Мунофиқлар ҳақгўй бўлиб кўрингай.

Бунда тирикликнинг тирик ижроси,
Бу ер виждонлилар яратган саҳна.
Бу улуғ зотларнинг кунлик хатоси
Сенинг ташвишларинг сингари кўҳна.

Ота, орзуларнинг ортидан чопиб,
Охири йўқ ишга қўл уриб қўйдим.
Энди ҳеч бирини бўлмайди топиб,
Бунда кўп нарсани бой бериб қўйдим.

Йиллар соғинчимни силаб ўстирди.
Йўллар олиб кетди сендан узоққа.
Баъзида бош олиб кетгим келади
Мени одам қилиб туққан қишлоққа.

Қишлоқ — ташвишлари умридан узун,
У ерда қайнайди эрта-ю кеч иш.
Сен мени оқлайсан: “Шоир-да қизим,
Шўрлик келгани вақт тополмайди ҳеч”.

Ҳа, менда чиндан ҳам топилмайди вақт,
Ойда бир ҳолингни сўраб қўйгани.
Лойиқ бўлолмадим оғир дамингда
Бир марта кунингга яраб қўйгани.

Отажон, тириклик ҳолдан тойдирди,
Жонга тегиб кетди буюклик ғами.
Мен учун энг катта йўқотиш бўлди,
Меҳрингдан мосуво ўтган ҳар дамим.

Баъзан йўл оламан олис шаҳардан
Мени тетапоя қилган қишлоққа.
Онам нон ёпади менга саҳардан,
Сен чиқиб кетасан тезда чорбоққа.

Олдимга тўкасан топган-тутганинг,
Тўяман “дийдор” деб аталган ошга.
Сенинг бағринг каби улкан ҳовлимиз
Бир зумда тўлади қавм-қариндошга.

Тинмай мақтанасан кўксингга уриб,
Бир гапни минг бора айтасан такрор:
“Китоби чиқибди қўйинглар кўриб,
Менинг шундай қизим, шоир қизим бор”.

Эртаси қўш-қўллаб тутасан секин
Укаларим ризқин бўлакларини.
Мени кузатгани чиқади онам
Кийиб ўттиз йиллик кўйлакларини.

Ортимда қолади дуолар қилиб,
Менинг онагинам, онаизорим.
Асли арзимайди гардларингга ҳам
Менинг бутун умр битган ашъорим.

Энг керакли пайтда тишлаб тилимни
Ўзимни ҳақгўйдай тутиб юраман.
Виждон саҳнасида мен ўз ролимни
Қойилмақом ижро қилиб бераман.

Сен эса мақтаниб айтасан такрор:
“Менинг шундай қизим, шоир қизим бор…”

 

***

Боролмайман: ўртада фироқ,
Дийдорларда видо ухлайди.
Ўксиб-ўксиб ҳар кеча бироқ,
Тушларимда бир қиз йиғлайди.

Идрокимда изғиб юрар ғам,
О, қўрқаман ухлаб қолишдан.
Шўрлик қизнинг оҳлари ҳар дам
Эшитилиб турар болишдан.

Киприкларда қотади ором,
Югураман зулматлар аро.
Билмам сени қандай ҳайдасам
Тушларимдан эй, бахтиқаро.

Кунимизга ярамай қўйган
Лаънатланган ўша кечалар
Билмовдим-а азоблигини
Соғинч билан яшаш бунчалар.

Тушларимда яшовчи қўрқиб,
Мен у қизга ўхшамайманми?
Айт, тақдирга лаънатлар ўқиб,
Тушларингда йиғламайманми?

***

Бизни саҳарларга сотди кечалар,
Қучоғидан юлиб отди кечалар.
Сени йўқликларга судраб кетди-ю,
Қорачиқларимда қотди кечалар.

Соғинчим қонидан ўсиб чиқди ишқ,
Сен кетган йўлларни тўсиб чиқди ишқ.
Ўзимни ўзимнинг жисмимга кўмиб,
Барча қон томирларим кесиб чиқди ишқ.

Энди на сен бахтли, на мен бахтиёр,
Сени виждон, мени соғинч қийнайди.
Бизни ишқ олдида гуноҳимиз бор,
Бу гуноҳни асло ювиб бўлмайди.

Тишинг орасида ғичирлар исмим,
Муштларинг зарбидан синиб кетар бахт.
Ошиқ хаёлларинг билмайди тиним,
Ниманидир кутиб яшайсан ҳар вақт.

Мен эса баҳорнинг расмини чизиб
Сенинг ҳузурингга судраб бораман.
Барига чидайсан ақлдан озиб
Тушларингга мангу йиғлаб кираман.

Аммо кетолмайман Сени қолдириб,
Ҳали яшаш учун сабабларим бор.
Биз бахтни бехосдан қўйдик ўлдириб.
Энди на сен бахтли на мен бахтиёр.

***

Хонамда бўғилиб боряпти
Қайғудан ёп-ёруғ хотира.
Кечани ҳижронга қоряпти
Пойида ётибди дил нураб.

Тун эди қоп-қора тун эди
Ва ҳатто жилғалар жим эди.
Зулматда ҳижроннинг қўйнида
Мени эслаётган ким эди?

“Ким эдинг, ким эдинг, ким эдинг?
Бисотинг бойитар телба дил”.
Кўзимга тикилдинг ва дединг
“Баридан чарчадим унутгил”

Сўнг кетдинг, кун бўйи қор ёғди,
Ортингдан эргашди телба дил.
Барига кўникди юрагим,
Барини унутдим, унутгил.

Хирадир кўзларинг ойнаси,
Ғурурдан ўқдайин кипригинг.
Яшайвер унутиб ҳаммасин,
Ғуруринг билдирмас йўқлигим.

Жилғалар гунг қотган кечада
Хотиранг кўксида турибман.
Кўриб қўй, шу телба дил билан
Дунёни етаклаб юрибман.

***

Ўй сураман ўйларим узун,
Ўй сураман кечаси билан.
Юрагимни ямаб чарчадим
Хотиралар парчаси билан.

Сени ҳамон ўйлаб юраман,
“Унга  жиндак  етишмас вафо”.
Бахтли бўлганингни кўрарман,
Қирқ ямоқ дил бўлмаса адо.

Ёнимдан жим ўтиб кетгандинг,
Ишқ тиланиб узатдим қўлни.
Айт, биз қачон босиб ўтгандик
Умрим каби қисқа бу йўлни?

Бугун армон ҳисобга сиғмас,
Соғинчларнинг саноғи чексиз.
Сенсизликдан ҳаёт излайман,
Сенсизликда яшайсан менсиз.

Аммо айтиб бўлмас бу сирни,
Тишларимиз темир панжара.
Ўртамизда қарғаб тақдирни,
Етим қолди икки дил, қара.

Қўл етмаган муҳаббатингман —
(Айрилиқни шундай атадим).
Охир мен сен учун ўзимдан
Бир чиройли армон ясадим.

Ўзинг каби тенгсиз бир армон…

 

* * *

Бугун сенга бердим икки дунёни
Кўнглимнинг энг инжа ҳислари билан.
Эртага сен-у мен қилган хатони,
Кимдир беркитади излари билан.

Бугун сенга бердим икки дунёни
Дунёсиз яшашни бўйнимга олиб,
Юрагимдан униб чиққан нидони
Қорачиқларимдан ташладим юлиб.

Мана, бердим бугун икки дунёни,
Ноилож, кетишинг этолмайин ман.
Бунда бошпанасиз тентирар жоним,
Энди мен ўзимни нима қиламан?

Мана, сенга бердим икки дунёни,
Бахтли бўл, кўнглингга озор етмасин.
Фақат, эҳтиёт бўл кетар чоғингда
Кўзларинг кўзимга тушиб кетмасин.

Олгин сенга бердим икки дунёни!

СЕН

Осмонингга сиғмаган ойман,
Сен мангуга ботган қуёшсан.
Сира қадам етмаган жойман,
Сен қадамлар ичра талошсан

Ва орзусан осмон тоқида
Умрим йўлдир Сенга элтгувчи.
Бир кун қўлим етган чоғида
Яна нари кетарсан учиб…

Сен исёндан ясалган тахтсан,
Сени туққан ҳислар шуъласи
Ва ҳаммага етмаган бахтсан,
Мен шодликнинг ўгай боласи.

* * *

Қаердасан, бугун излаб келдим Сени,
Соғинч буткул парда тортган юзларимга.
Ҳаволарни титиб излар нигоҳларим,
Юрагим ҳам кўчиб келди кўзларимга.

Қаердасан, бугун сени топмоғим шарт,
Гар айтмасам бўлмайдиган гапларим бор.
Кўзларимнинг ойнасига чизилган дард,
Келгин мени юрагингга ютиб юбор.

Манзилингни пинҳон тутар киприкларинг,
Ишқ шивирлаб исминг айтар лабларимда.
Билсанг агар миллион йиллик муҳаббат бор,
Мени Сенга айтиб бўлмас гапларимда.

Эрта ғурур жиловимни қўлга олар,
Эртага мен ўзимники бўлолмайман.
Дилсўзларим, ахир, армон бўлиб қолар,
Тушун, Сени бошқа излаб келолмайман.

Қаердасан, бугун Сени топмоғим шарт!
Кўзларимга кўчиб келган ҳатто юрак.
Сабр — менинг кипригимга илинган гард,
Ишқ бош олиб чиқиб кетган саҳро — юрак.

Қаердасан, Сени бугун топмоғим шарт!

МЕН ВА СЕН

1
Кўтаролмай мажруҳ руҳини
О, кўкариб боряпти осмон.
Барчамизнинг умримизни ҳам
Жим кўтариб боряпти осмон.

2
Оёғим остида ғимирлайди вақт,
Сендан олисларга судрайди йиллар.
Бизни айирмоққа қилган каби аҳд,
Мени Сендан олиб кетяпти йўллар.

Мени Сендан олиб кетяпти ахир,
Наҳот шу йўлларга етмаса кучинг.
Вақтнинг чангалидан тортиб ол мени!
Қолишимга сабаб топиб бер ўзинг!

Кўкарган осмонни кўтариб олиб,
Ёнингга бораман кутиб ол мени.
Йўлимда соғинчлар ётибди ўлиб,
Улар излаб йўлга чиққанди Сени.

Қисмат ўртамизга ташлади девор,
Иккимиз икки ён айрилиб кетдик.
Сенданмас, ҳаётдан хафа жойим бор,
Ахир, биз ҳаётга ишонган эдик.

Келгин, олиб қолгин ёнингда мени,
Ўртамизда эриб кетсин деворлар.
Йиллар чангалида соғинсам сени,
Бунда масофалар қилмайди корлар.

Айтгин қолишимнинг сабабларини,
Ахир, ишонганман Сенга ҳар доим.
Тарк эт деворнинг У тарафларини,
Иккимизни боғлаб берган Худойим,
Иккимизни боғлаб берган Худойим.

КЕЛЯПСАНМИ?

Келяпсанми?
Юрагим безовта ура бошлади,
Юлдузлар мен томон юра бошлади,
Дийдорлар Сени туш кўра бошлади,
Келяпсанми, айт?

Баҳор бирдан чўчиб уйғониб кетди,
Шу дам осмонда ой тўлғониб кетди,
Дунё табассумга чулғониб кетди,
Келяпсанми, айт?

Бехосдан ўзгариб кетди кўчалар,
Юрагимни туртиб ўтди кечалар,
О, ширин бўлмаса дийдор бунчалар!
Келяпсанми, айт?

Ҳузуримга бахт-у, иқболни бошлаб,
Ўзга манзилларга ўзингни ташлаб,
Битта бегуноҳнинг кўзини ёшлаб,
Келяпсанми, айт?

Гулбоғларда қолган изларни олиб,
Баҳорларни ташлаб, кузларни олиб,
Жамийки ёлғончи сўзларни олиб,
Келяпсанми, айт?

Гуноҳкор тилингга дилни кўчириб,
Ҳамон мағрурлигим учун кечириб,
Умрингдан бир кунни буткул ўчириб,
Келяпсанми, айт?!

***

Сиз шеърлар ёзасиз узундан узун,
Илҳомпари ясаб  доғларингиздан.
Сезмай ҳам қоляпсиз бутунлай, бугун
Баҳор кетиб борар боғларингиздан.

Дарахтдан сирғалиб тушяпти, мана,
Сиз бир пайтлар муштоқ чорлаган гуллар.
Секин судралганча кетиб борар вақт,
Бағрида бир уюм умидвор диллар.

Сим-сим йиғлаяпти ойна ортида,
Сиз ҳамон китобдан кўтармайсиз бош.
Қолиб кетаяпти ёмғир остида,
Сизни зулматлардан қизғанган қуёш.

Бир сўз кутаяпти интизор Сиздан,
Умидларин ювиб кетяпти ёмғир.
Айтинг, нечун бунча беғамсиз, ахир,
Баҳор кетаяпти боғларингиздан…

Нуқул таҳқирлайсиз очиқ ойнадан,
Ғижим қоғозларни юзига отиб,
Китобни очасиз яна қайтадан,
Баҳор ёмғирларга кетади ботиб…

Усиз ҳар саҳардан шивирлаб сабо,
”Сизни соғиндим”, деб айтмайди энди,
Сиз шоир бўласиз энг буюк, аммо
Сизнинг баҳорингиз қайтмайди энди.

***

Кўргин, умрим ўтиб борар йўлга қараб,
Ҳамон мағрур тутоласан ўзингни сен.
Агар келсанг, бир бор келсанг ҳолим сўраб,
Баҳорларга ўргатаман яшашни мен.

Кўзларимда соғинч гули куртаклайди,
Ой нуридан қувват олиб кечалари.
Қара, бари сен томонга етаклайди,
Хаёлимнинг сон-саноқсиз кўчалари.

Сабо тинмай сочларимни ўйнатади,
Ўтиб кетган баҳорларни эсга солиб,
Кўргин, менга тинмай сени ўйлатади,
Куз эгнига армонкўйлак кийиб олиб.

Келар эдинг гуллар отиб деразамдан,
Пардаларим шивирларди исминг айтиб.
Биз Бахт дея исм қўйган ўша дамлар,
Энди яшаб беролмайди ортга қайтиб.

Ҳаёт мени чап кўксимдан турар суяб,
Вақт улғаяр ичиб тоза туйғуларни.
Хазонбарглар унсизгина кўмиб қўяр
Қарғиш тегиб увол бўлган орзуларни.

Ошиб ўтолмассан энди ўртамизда
Ердан то осмонга туташ ғурур бордир.
Йўқ, мен эмас,  йўлларингга деразамнинг
Ҳамон ўша пардалари интизордир.

***

Хазонлар қоплади йўлларимизни,
Йиллар ўтаверди қилгани қасддек.
Ғамдан асролмадик дилларимизни,
Биз бахтли бўлишга лойиқ эмасдек.

Ҳижрон кириб келди оғзин очиб ланг,
Ғийбатнинг тиллари тортилди таранг,
Тақдирни айблаб гуноҳга ботманг
Биз бахтли бўлишга лойиқ эмасдек.

Ойнинг юзларини доғли дедингиз,
Кечиргин қўлларим боғли дедингиз,
Мен мағрур, сиз эса ожиз эдингиз,
Биз бахтли бўлишга лойиқ эмасдек.

Қаранг, мажнунтоллар биздан бахтлироқ,
Бахтли бўлмоқликка улар ҳақлироқ,
Кетманг, деёлмадим мен ҳам вақтлироқ,
Биз бахтли бўлишга лойиқ эмасдик.

Мени судраб кетди узун «ёр-ёр»лар,
Сизни олиб қолди аламлар мастдек.
Севганим бор, дея қилмадик зорлар,
Биз бахтли бўлишга лойиқ эмасдек.

***

Бир қиз сизни излаб борди
Тушларининг орасидан.
Сиз эса жим кузатдингиз
Пардаларнинг орқасидан.

Бир қиз сизни излаб борди
Севгига оч кўзи билан.
Сиз-чи, уни йиғлатдингиз
Ўзи қолди ўзи билан.

Билмадингиз кўнгли унинг
Қизғалдоқдек нозик эди.
Эмасдингиз тенги унинг,
У Худонинг қизи эди.

Аммо сизни излаб борди
Ёмғир ёққан у кечада.
Сиз эса жим кузатдингиз
Салобатли уй ичидан.

Шўрлик сизни излаб борди
Ўша орсиз кечангизда.
Сиз эса жим кузатдингиз,
Қон йиғлади кўчангизда.

Эҳ, азизим! Бу дунёда
Севиб яшаб бўлармиди?
У билмасди, у бир содда
Билса сизни севармиди?

Балки билмай сиз тақдирнинг
Хатосини тузатдингиз.
Бир қиз сизни излаб борди,
Сиз эса жим кузатдингиз.

ТОНГ ОТДИ

Наргизга

Тонг отди, ой менинг кўксимга ботди,
Тунни юрагимга кўчирдим, Наргиз.
Тоғ ортига ўтиб ўзин йўқотди,
Қуёшга қонимни ичирдим, Наргиз.

Дод деди, деворга бошимни урсам,
Бахт чўчиб уйғонди тушига кирсам,
Битта ҳалол одам нимайки кўрса
Барини бошимдан кечирдим, Наргиз.

Кетдим, билдирмоқчи бўлиб қадримни,
Икки оёғимга ортиб қалбимни.
Сойларга оқиздим қанча дардимни,
Кўзимдан орзуни ўчирдим, Наргиз.

Қаранг изларим бор сомон йўлларда,
Тентираб юрибман армон йўлларда,
Бошимга етмаган манов қўлларга
Оқ булутдан кафан бичирдим, Наргиз.

Бир қизалоқ келди ёнимга бугун,
Шеърларимни ёддан ўқиди мамнун,
Мени шоир қилиб туққани учун,
Мен шунда онамни кечирдим, Наргиз.

Опажон, оғриқли дамларим бисёр,
Кўксимга сиғмаган аламларим бор,
Мен борган манзиллар мангу тиконзор,
Жон деб бу қисматдан кечардим, Наргиз.

* * *

Кетдинг, бадар қилдим юракларимдан,
Ишқнинг уволига куйиб ўтяпман.
Нурсиз кўзларимга ишқхўр армоннинг
Жулдур куйлагини кийиб ўтяпман.

Юрсам алвон рангга бўялди осмон,
Йиғласам заминни тутди кўзёшим.
«Дод» дедим сачради деразангга қон,
Юлдузларга тегиб ёрилди бошим.

Етар, оғриқларинг ордона қолсин,
Наҳот ўз ҳолимга қўймайди бу дард.
Кетмоқчи бўламан жонимни ол деб,
Ўлсам қабримда ҳам қийнайди бу дард.

Тошлар тўлиб кетди дийдаларимга,
Бахтли хаёлларга ишонмай қўйдим.
Ғамларни ортқилаб елкаларимга
Севгининг кўзини кўрмасга йўйдим.

Рост-да, қандай айтай ожизлигимни?
Олиб бўладими хатоларни тан?
Боргин, баҳорларга ўрганган эй, ишқ
Энди сен меники эмассан…

Мангу бадар қилдим юракларимдан…

СЕВГИ

Хайр, севгим, эй ширин хаёл,
Боргин энди озодсан, озод.
Чинаккам ишқ топарми завол
Ва бўларми унингсиз ҳаёт?!

Сен тонгдаги шудринг мисол соф,
Мен қисмати қошимдай қаро.
Ҳали сени қилурлар тавоф
Менинг умим андуҳлар аро.

Хайр, севгим, боргин, ҳов ўша
Шодликларга саломимни айт.
Кимдир йўлларингга гул тўшаб
Кутаётир сени айни пайт.

Биламанки, ҳали минг йиллар
Сенинг учун ичурлар қасам.
Алвидо! Сен сўқир дунёга
Мажнунадан тортиқ эрурсан.

***

Кўнглинг куюклари кирди кўзимга,
Кўнглим кўзларининг кўрликлари рост.
Қайдан, Худо уриб, кирдинг сўзимга,
Муҳаббат, кечиргин мени илтимос.

Кетдинг изларингга сачради қоним,
Силадинг, тўкилди сочимдан жоним,
Чўли Кабирларда руҳи равоним,
Муҳаббат, сен менга кимлардан мерос?

Сендай бахтга очман, сендай бахтсизман,
Ерларда адашиб юрган ҳур қизман,
Қандай ақлсизман, қандай ожизман,
Сенга шу заминдан изладим қиёс.

БАҲОР

Қара, дунё оляпти нафас,
Нигоҳлари ҳаётга ташна.
Далаларни кўргин, эй, кўнглим,
Кетаяпти кундан кун яшнаб.

Тингла тирикликнинг овозин,
Оҳанглари шу элдай азиз,
Бизникидур шу ер, шу осмон,
Шу ватаннинг боласимиз биз.

Қара, кўнглим, қара, жон кўнглим,
Яшамоқнинг сабаблари кўп.
Севиб нима топдинг ,қон кўнглим?
Муҳаббатнинг талаблари кўп.

Қўйгин, ортда қолди ортдаги,
Зулматларда энди нима бор?
Чиқ хаёлот хилватларидан,
Баҳор келди, оламга баҳор.

Бир лаҳза-ку шусиз ҳам дунё
Боларининг ваъдаларидай.
Кел, бизларни қўллайди Худо,
Бахт беради ҳали бир талай.

Сен ўргатгин қандай яшашни,
Қизғалдоғим, менинг жон синглим.
Дунё кўрди яна бир ёшни,
Кел, ҳаётни қутлайлик кўнглим.

Баҳор келди, оламга баҳор!

ЁМҒИРЛАР

Ёмғирлар ёғарди, ёмғирлар,
Койиниб қўярдинг ҳаводан.
Мен эса ёмғирни севгандай,
Ҳеч нени севмасдим дунёда.

Юрардинг кун бўйи бахтиёр,
Кун бўйи ёмғирда юрардим.
Севардинг, севардим бетакрор,
Жонимни сўрасанг берардим.

О… бизлар учрашган хиёбон,
Дунёнинг энг гўзал маскани.
Лек сенга сира ҳам ёқмасди,
Кун бўйи ёмғирлар ёққани.

Ўйлардим; Бахтиёр келажак,
Тайиндур умрбод севмоғинг.
Лек асло ўйимда йўқ эди,
Бир куни бегона бўлмоғинг.

Орадан асрлар ўтгандай,
Ҳижронинг кафтида турибман.
Сен ҳамон бахтлисан ўшандай,
Мен ҳамон ёмғирда юрибман.

***

Бир куни ёрилиб кетар юрагим,
Қонхўр қузғунларга бўлади байрам.
Шайтонлар келади кериб кўкрагин,
Бир четда тикилиб турмайсиз сиз ҳам.

Ўзимни совуриб қиламан адо,
Сизни келмас қилиб қўйган йўлларга.
Оқ рўмол ўрайди бошига дунё,
Исмимни қўяди қизил гулларга.

Ўша кун йиғлайсиз биринчи марта,
Оғриқ ориятдан келади устун.
Сизга йўлиқтирган йўлларни қарғаб,
Ўзимни тоғлардан ташлайман бир кун.

Ҳаёт бу —  бир ўйин, мен ўйнолмаган,
Шамоллар увлайди сочларин юлиб.
Бир куни ёрилиб кетар юрагим,
Кетаман дунёни азадор қилиб.

***

Тириклик шунчаки эрмак,
Маънолар изламай қўйдим,
Юрагим қип-қизил қондур,
Хинолар изламай қўйдим.

Тилим бемор, дилим бедор,
Кўнгил вайронадан вайрон.
Ўзимдан чиққан бало деб,
Даволар изламай қўйдим.

***

Биз ғолиб хаёллар сурмоғимиз шарт,
Яшашни ўргатиб бўлдик ҳаётга.
Машрабнинг дардини дилга солиб шарт,
Биз кириб боряпмиз адабиётга.

Ҳа, ғолиб хаёллар сурайлик энди,
Ахир кутаяпти буюк келажак.
Дунёни қайтадан қурайлик энди,
Ҳаммаси, ҳаммаси унутилажак.

Шоирим, бу кунлар ўтгувчи кундир,
Биз эса хотирга йиғиб юрибмиз.
Мўжиза эмасми шу юрак билан,
Тордан тор дунёга сиғиб юрибмиз.

Биламан кўнглингиз уммон қадар кенг,
Билмайсиз, кундан кун чўкиб боряпман,
Барига қўл силтаб ишониб кўринг,
Дунёга ғамларни экиб боряпман.

Лек ғолиб хаёллар сурмоғимиз шарт,
Бизни енголмади армонларимиз.
Энг баланд дорларда кутяпти бизни,
Мангу тирикликка имконларимиз.

Чақир тиканларга тўла бу йўлдан,
Топ-тоза қалб билан юриб берамиз.
Шоирим, келинг, бор оналар учун,
Дунёни қайтадан қуриб берамиз.

* * *

Кўнгил дея не кўйларга солдик ўзни,
Кўнгил кўнмай, кўниколмай қийнайверди.
“Қайтгин энди, қай йўллардан кетдинг”- дея,
Ортимизда гуноҳсизлар йиғлайверди.

“Кафтингни оч, — дейди лўли-тақдирфуруш, —
Бахтли кунлар кутар сени олдинда хуш”.
Керак экан баъзан эртак тинглаб туриш,
Ҳаёт лўли хотиндайин алдайверди.

Кўксимизда соғинчларнинг излари бор,
Айтилмаган изҳорларнинг бўзлари бор,
Пешонада ишқсизликнинг тузлари бор,
Кимлар бизла бахтсизлигин англайверди.

Кимлар кетди дунёйинг бир тийин дея,
Биз юрибмиз, “кўнгил иши қийин дея”.
Тирикликми, шунчаки бир ўйин дея,
Дунё бизни ўйинчоқдай ўйнайверди.

Эй шоирим! Кўнмаслкка ҳаққимиз йўқ,
Ортимизда гуноҳсизлар йиғлайверар.
Бахтли кунлар кутар бизни олдинда хўп,
Ҳаёт лўли хотиндайин алдайверар.

 

КЕЛМАНГ

Келманг, чорласам ҳам, сўроқласам ҳам,
Ахир фожеамас менсизлигингиз.
Кўнгил —  ишқ аталмиш ўйинда ҳакам,
Менга торлик қилар сизнинг дилингиз.

Келманг, йиғлайверсин ўртада дийдор,
(Тағин кўксингиздан итаролмайман.)
Менинг дунёйимда кузлар ҳукумдор,
Энди баҳорларни кўтаролмайман.

Келманг,
Армон бу —  бир юзсиз тиланчи,
Мен уни кўзёшим билан суғордим.
Эшигимдан кетмай қўйди- мен охир
Бир юрак ишқимни бериб юбордим.

“Келманг”  — бўғзимдаги аччиқ ўтинчим,
Қолишингиз гумон бўлган маконга.
Сизнинг юрагингиз борса келмасдир,
Асло ўтолмайман мен у томонга.

Ўкинманг, соғинчнинг гумашталари,
Сезиб қолмасинлар ёлғизлигингиз.
Бир кун битар кўнгил шикасталари,
Ахир фожеамас менсизлигингиз.

Келманг…

***

Ўзимни ҳар кўйга солдим мен,
Сочларингга сачратиб қиров.
Шу яшашда билмадим, она,
Минг ёшларга кириб қўйдим-ов.

Дунё ўтиб боряпти мендан,
Мен кўнглингдан ўтиб боряпман.
Қисматимни елкамга ортиб,
Йўқликларга кетиб боряпман.

Кетаяпман, кетяпман, она,
Ортимда бир дунё хатолар.
Мен кўнглингдан ўтяпман, она,
Ўтаяпти мендан дунёлар.

* * *

Кетгин, қолмоғингдан энди маъни йўқ,
Хатолар бўғзимдан олмоқликка шай.
Ўзимни қўйишга жой тополмайман,
Сенинг хаёлингни қаерга қўяй?

Ранжима, ранжитиш гуноҳ бировни,
Шусиз ҳам осийман, гуноҳлар минг хил.
Бузиб ўт кўзимга қурилган ғовни,
Мендан бошланади менсизликка йўл.

Юкуниб юк бўлдим дунёи-дунга,
Яшаш моҳиятин англолмаяпман.
Лаънатлар айтгин биз учрашган кунга,
Асранди юракни асролмаяпман.

Авф эт, тополмадим сен томонга йўл,
Излаб изиллайман ўзимни ўзим.
Кетгин ҳаммасига силтаганча қўл,
Кетгин, берганимда кетишга изин.

* * *

Ака, хабар олиб туринг ҳолимдан,
Ахир азоблидир мен танлаган йўл.
Ака, қўрқмай қўйдим энди ўлимдан,
Тушимга гумроҳлар киради нуқул.

Нима бу, кўксимда потирлаётган?
Тушларимда тинмай йиғлаётган ким?
Мен қачон мослашиб кетгум ҳаётга,
Қачон тушунаман ўзимни ўзим?

Бу йўлда мен ҳам бир йўловчиман-да,
Борар манзилимни биламан, ака.
Кетсам шеърларимни ташлаб орқамда,
Унутсалар нима қиламан, ака?

Бунда олис қишлоқ  —  қадамимга зор,
Бунда бир аёл бор, кўзлари мунгли.
Айтинг, шаҳарларда менга нима бор,
Тўкилиб боряпти онамниниг кўнгли.

Акажон, бу кузнинг охири борми,
Қақшатиб юборди юракларимни.
Айтинг, ҳов анави қушларга бориб,
Келтирсин баҳорнинг даракларини.

Ака, чарчаганман ҳаддан зиёда,
Қизғалдоқни ўпиб ўлгим келяпти.
Ҳеч кимга ишониб бўлмас дунёда,
Фақат сизга сингил бўлгим келяпти.

Менинг манзилларим туташ худога,
Сиз бу соғинчлардан БАХТ йиғиб беринг.
…Онажон, меҳрга зор бу дунёга,
Энди шоир эмас, қиз туғиб беринг.

* * *

Эй ерликлар! Осмонлардан изланг мени,
Юлдузларнинг юрагида яшаяпман.
Кекса онам жойномозда ҳар кун йиғлаб,
Айтган энг пок тилагида яшаяпман.

Заминларнинг замирига сиғмагайман,
Ҳаётнинг қон томирига сиғмагайман.
Бахтлиларнинг тақдирига сиғмагайман,
Қуёшнинг қон йўлагида яшаяпман.

Мана, келдим борса келмас томонлардан,
Онам мени яратди оқ армонлардан.
Осмонлардан изланг мени осмонлардан,
Булутларнинг этагида яшаяпман.

Ўқиб бўлдим дунёнинг дарсхонасида,
Кўнглим қолди мажнунтолнинг соясида.
Тополмайсиз замин-у, кўк орасидан,
Ишқнинг синиқ бўлагида яшаяпман.

Атиргулнинг япроғида туғилдим мен,
Шабнамсойнинг қирғоғида туғилдим мен.
Қор ўйнаган тонг чоғида туғилдим мен,
Шаббодалар эртагида яшаяпман.

Эй ерликлар! Осмонларда изланг мени…

* * *

Ярим кеча, тўлғонар зулмат,
Қоронғулик қоплаган хона.
Сиқиламан бўлиб бетоқат,
Сени кўргим келади яна.

Охир чиқиб кетаман, ортда
Секингина ёпилар эшик
Тентирайман бўм-бўш бекатда,
Уясидан адашга қушдек.

Судраламан дайди елдайин
Тор кўчада қолдириб излар.
Баланд бўйли орзулар аро,
Охир сени топаман излаб.

Мана, дилга яқин дераза —
Оҳ яқин-ки қалбимга туташ!
Мўралайман уйғоқ ойнадан,
Изтиробу соғинч аралаш.

Сен ухлайсан бошингни қўйиб,
Китобига Усмон Азимнинг,
Ва тонгача рақсга тушасан,
Ўртасида “Жинлар базми”нинг.

Пардаларнинг тили осилган
Ҳолсизланиб қарайди чироқ.
Ҳар томонда ғижим қоғозлар,
Хонанг юрагингдан ҳам торроқ.

Термуламан совуқ хонанга,
Меҳрим тошиб кирар кўзимдан.
Яқинлашиб келар экан тонг,
Кўзёшларим ўйнар юзимда.

Шу он тиниб кетар кўзларим,
Ва оқара бошлайди осмон
Ой яширар бармоқ изларим,
Яқинлаша бошлайди ҳижрон.

Ва қайтарман ҳолсиз, бемадор,
Судралганча, қақшаб асабим.
Мени кутиб турар хонамда,
Хотирадай  совуқ жасадим.

***

Кўчада изғирин, кўчада шамол,
Дунёнинг юраги санчади сим-сим
Бўлгин, эшикни оч, мени кутиб ол,
Мен меҳр тиланиб ёнингга келдим.

Ғазабдан лабларинг кетяпти титраб,
Биламан, бутунлай тегдим жонингга
Бунча додламасанг дилимни ўртаб
Атига меҳр деб ёнинга келдим.

Бу ҳаёт тириклар яратган чўпчак,
Яшаш — ўтмоқликдур ўз-ўзингни еб.
Қара қилиб қўйдим кўнглимни ярим,
Дунёнинг камини тўлдираман деб.

Кўргин, хароб бўлган ҳолимни кўргин,
Қаерларга сочиб келдим умрни.
Олиб хурсанд бўлиб ортга қайтяпман,
Бошингдан садақа бўлган меҳрни.

… Кўргин хароб бўлган ҳолимни кўргин.

ЮЛДУЗГА

Юлдузим, ўзимнинг жажжи юлдузим,
Қанийди қолмасам армонларингда.
Кўтаролмай қолди кўнглимни замин,
Менга ҳам жой борми осмонларингда?

Бунда тугаб борар умр деган куй,
Орзунинг сочида оппоқ толалар.
Яшашга бермайди минг йилки бир ўй,
Ҳузурингга келдим кўнгил оралаб.

Мана шеър, бор-у, йўқ топган топилмам —
Онамнинг меҳри-ю, Отамнинг умри.
Кўнглим ёзилмади шунча ёзиб ҳам,
Бундан ортиғига етмади қурбим.

Юлдузим, минг йилки ярим бу юрак,
Ҳеч йўқ, кунимизга яраб турибди.
Қани етармикан бардошлари деб,
Кўкдан Усмон Носир қараб турибди.

Келгин, кафтимизда тутиб дунёни,
Одамзордан омон олиб ўтамиз.
Куйлаймиз, ўртага қўйиб Худони,
Кейин…
Кейин осмонингга бирга кетамиз.

Юлдузим, ўзимнинг Митти Юлдузим…

* * *

Толхивичдан тойчоқ миниб,
Болалигим кетиб қолди.
Қошларига ўсма иниб,
Синглим бўйга етиб қолди.

Онам дардин яширади
Сочларининг оқларига.
Отам мени соғинганда
Овунади боғларига.

Нега анов шаршаранинг
Нолалари тинмайди ҳеч?!
Юр, кетайлик бирга, десам,
Қизғалдоқлар кўнмайди ҳеч.

Боқсам, она, кўзларингда
Гуноҳларим балқиб кетди.
Турналарга қўл силтовдим,
Армонларим анқиб кетди.

Қорлар ёғди оққа бўяб
Заминнинг тўрт ёғларини.
Минг йил ёғса кўмолмайди
Юрагимнинг доғларини.

Эй, муҳаббат! Айвонингдан
Бошим эгиб кетарман оҳ!
Мен исмингни шивирлаб ҳам
Айтолмадим, Худо – гувоҳ!

Орзу йўли олиб кетди,
Юлиб кетди қучоғингдан.
Она қишлоқ, айро ўсдим,
Муҳаббатинг, ардоғингдан.

Кўргин, ҳануз сарсонаман,
Берсанг, суйиб бергин, дунё.
Мен боргувчи манзилларга
Исм қўйиб бергин, дунё.

Юрагини очсин онам,
Оқартирма сочларини.
Отам кўксин кериб юрсин,
Эгиб қўйма бошларини.

Мен-ку, мени қўй сўрама
(Кўзёшларим қалқиб кетди).
Турналарга қўл силтасам,
Армонларим анқиб кетди.

ҲАЁТ

Баҳорга қўшилиб гуллаб бераман,
Бағрингни майсага белаб бераман.
Ё анов қоп-қора булутдан туриб,
Бир аср, бир аср йиғлаб бераман  —
Шунда қилмайсанми севгимга гумон?

Шеърлар айтиб берсам дунёга мунгли,
Тингласа, минг йиллар ёдида қолсам.
Ойнинг нурларига осилиб чиқиб,
Осмоннинг рангини йуқтириб олсам —
Ҳаёт, берасанми яшашга имкон?

Куйлар чалиб берсам куюк дил билан,
Хазонга айлансам райҳонгул билан.
Тўғри юрагингга ташриф буюрсам
Юрагимдан ўтган қисқа йўл билан,
Ҳаққа элтасанми мени соғ-омон?

Қара, сезаяпти титроғимни ер,
Чирмашиб, тирмашиб бармоқларимга.
Анов юлдузларни ишонтириб бер,
Бир кун меҳр сўраб бормоқларимга.
Ё куюк кўнглимга топиб бер макон.

Умр кетди сойда сувлар сачратиб,
Қайғуйим қаритиб қўйди юзингни.
Икки дунёларга етар ҳасратим,
Барибир бағримга босиб ўзингни,
Ҳаёт, сени жуда севаман ишон.

ИНДАМАЙГИНА

Икки йўлга бошлар иккимизни ишқ
Дил Сен томон бўлар индамайгина.
Қайт деб айтолмайман, қол деёлмайсан,
Севги армон бўлар индамайгина.

Кузда куртак отиб, кузда гуллайман,
Сариқ гулларимга тўлади дунё.
Мен-ку ўйламайман, парво қилмайман,
Умрим хазон бўлар индамайгина.

Маюс нигоҳингда рангланар видо,
Ҳижрон томир ёйиб борар ичимга.
Тақдир шодлигини кўрмади раво,
Юрагим қон бўлар индамайгина.

Айт нега андуҳга қўл бериб қўйдик?
Иғволар қилишди — йўл бериб қўйдик.
Адашиб, адашиб дил бериб қўйдик,
Дилим вайрон бўлар индамайгина.

***

Мени юрагида асрайди дунё,
Кўксини куйдириб шерлар айтаман.
Бир кун ҳузурига чорласа Худо,
Осмоннинг рангини олиб қайтаман.

Ишонма, ўзингга ишонма мени,
Ичимга бўронни қамаб қўйибман.
Кўнглимнинг минг йиллик чандиқларини
Табассумим билан ямаб қўйибман.

Соврилиб боряпман совуқ йилларга,
Ҳаёт чап кўксимда қилар ибодат.
Ишонма мени ВАҚТ деган қўлларга,
Олиб кетишига берма ижозат.

Тўлиб бораверар паймонам ишққа,
Севма, рўёларни бўлмайди севиб.
Мен — икки дунёси шеър бўлган одам,
Бир аср яшайман сўзларни қувиб.

Фақат асра мени кузларгача то,
Мен баҳорни куйлаб шеърлар айтаман.
Бир кун ҳузурига чорласа Худо,
Сенга осмонларни олиб қайтаман…

Ўша осмонларни олиб қайтаман…

 

***

Шунча бахтни қандай яширар
Кўзларининг ичига қушлар?
Майингина қанотларида
Туришибди осмонни ушлаб.

Шунча дардни қандай яширар
Кичиккина кўксига онам?
Ғарибгина жуссаси билан
Мени ушлаб турибди у ҳам.

***

Кел, мен сени олиб кетаман,
Орзулардан олисроқ ерга.
Юлдузларнинг қаҳкашонида
Оқ ёғдулар терамиз бирга.

Кел, яшаймиз дилни ўртовчи
Ҳар қандайин ғуссадан ҳоли.
Кузатамиз бир четда:  бизсиз
Нима кечар ернинг аҳволи.

Соғинчларнинг сариқ юзига
Бахт расмини чизиб кетамиз.
Ишқ олдида ичилган барча
Қасамларни бузиб кетамиз.

Кел, кетамиз садоқат деган
Эртакларга ишончни ташлаб.
Иккимизни бой берган дунё
Йиғласин чап кўксига муштлаб.

Қўй, ачинма мавриди эмас,
Пайти эмас кўнгил бўшликни.
Ёлвораман унутгин бир пас
Кипригингга осилган юкни.

Юр, шўрлигим барини унут,
Ўт қўй ёлғон садоқатига.
Излаб борор бир куни замин
Муҳтож бўлса муҳаббатига.

***

Кузнинг кўзларида аксингни кўрдим,
Бир титроқ югурди бармоқларимга.
Дайди шамолларга ишонавердим,
Пуч ёнғоқлар тўлди қучоқларимга.

Келади дедилар, келди дедилар,
Дунёни ортимга ташлаб югурдим.
Йўллар бу дийдордан сармаст эдилар,
Мен-ку кечикмадим, улгурдим.

Аммо сен кечикдинг, атига минг йил
Ёки ўзим бироз эрта келибман.
Пешвоз чиқмоқ учун минг йилдан буён
Қўлимда гул билан кулиб турибман.

* * *

“Аммо ҳадикдаман сендан, бир умр
Осмонга термулиб ўтасанми деб…”
Носиржон Жўраев

Сен мағрур учяпсан, парвозинг ўктам,
Мағрур қанотингда ишончлар қат-қат.
Мен-чи, манглайимга қўлимни қўйиб
Осмонга термулиб ўтяпман фақат.

…Яна, силталайди тутиб ёқамдан,
Билмайин қилганим муқаддас хато.
Яна, алдайверар кўзимга қараб
Тўртала фасли ҳам КУЗ бўлган дунё.

Яна, борган сари баландлашар ой
Унга ойна тутиб аврайди булоқ.
Мени бу дунёга судраб келди шеър,
Сендан юз йилгина, юз йил кейинроқ.

Адашиб аҳдлашдим хазонлар билан,
Яна осмонларга келдим юзма-юз.
Яна, эндигина гулламоқ пайтим,
Бирдан ҳаётимга кириб келди куз.

Сен эса учяпсан, парвозларинг ҳақ,
Ҳамон манглайимда менинг қўлларим.
Ажабмаски, бунда менинг ҳам бир кун
Осмонга туташиб кетса йўлларим.

…Ажабмас дейману, титрар овозим
Мени қучоғидан қўймас бу кузлар.
Сен эса билмайсан, Баландпарвозим,
Фаришта бўлади йиғлоқи қизлар.

* * *

Куз бўйи сиқилдим, юрагим сиқиб
Оғир хўрсиниқлар ўсди бўғзимдан.
Негадир шу кузда тап тортмай чиқиб
Кетгим келаверди изингдан.

Баҳорни ўйладим, ёзни ўйладим,
Ўйлаганим сари кўнгил увишди.
Ўргат деб қўймадим, айт деб қўймадим,
Ям-яшил дунёда кузни севишни.

Сўнг судраб чиқардинг тоқатинг тўлиб,
Борлиғинг сарғаймоқ эди тобора.
Мен сариқ рангларнинг шайдоси бўлиб,
Исмингни унутиб қўйдим илк бора.

Кейин…
Кейин ёмғир ёғди, кузнинг ёмғири,
Кафтимдан юрагимгача тўлдириб.
Сен мени тарк этдинг бунда охири,
Сариқ ранглар билан ёлғиз қолдириб.

Баҳордан изладим, ёздан изладим,
Излаганим сари сарғайди юзим.
Ўзга ранглардан воз кечди кўзларим
Ва мен хазонлардай боряпман тўзиб.

Сенинг…
Сенинг сочларингга йўламасин қор
Ҳайқир, фарёдларинг ичингга ютма.
Гулларга беласин исмингни баҳор
Гуллагин, яшнагин, фақат унутма.

КУЗ

Кўзларимга тўлиб борар куз,
Юрагимга айланар само.
Бораяпман, бошимдан сариқ
Гулларини сочяпти дунё.

Кўряпсанми, эшитяпсанми,
Яшаш келаяпти қўлимдан.
Ҳар гал мени маъюс кўзларинг
Асраб қолаяпти ўлимдан.

Ҳис этяпман яшаш вақтини
Кўзларимда умид бор ҳануз.
Узайтирдим ўлим вақтини
Фақат шу гал кечикмагин куз.

Тугаяпти хазонлар умри
Кечикишинг мумкинмас асло.
Мана қўлларимда о… кўргин,
Бирам гўзал жон берар дунё.

Тушларингга кирмасми айтгин
Баҳорларга арзимаган қиз?
Билмайсанми, сенга бутунлай
Гуллагани келаяпман, куз!

О… азизим! У қиз менмасми —
Кўзёшини бардоши енгган?
Бир кун менинг имзойим билан
“Соғиндим” деб хат ёзар сенга.

Фақат менинг имзойим билан
“Соғиндим” деб хат ёзар сенга…

***

Умр боғларимда кезиб юрар куз,
Майда ёмғирлари силар бошимни.
“Болам шоир” дея оқлайди ҳануз
Бир зот, кўрмасликчун кўзда ёшимни.

Улғайтириб қўйди мени лаҳзалар,
Дийдорлар қадрини англатиб қўйди.
Онам сандиғида йиққан сарполар
Мени болаликдан ажратиб қўйди.

Узайтириб қўйди бўйимни дунё,
Қишлоқи кўнглимни ўстирди шаҳар.
Ҳаёт заҳматларин кўрсатди Худо,
Ота, сизни эслаб уйғондим саҳар.

Бунда бой берилди қанча муҳаббат,
Сўксангиз ҳам сўздан ортмаган қизман.
Билдим, пешонамга битилмаган бахт,
Ахир отасига тортмаган қизман.

Ёлғизлик — бу сўзнинг, шеънинг жазоси
Кимга ишонаман телба кўнглимни?
Бахтли қилар эмиш ота дуоси,
Ота, дуо қилинг икки синглимни.

…Бугун боғларимда кезиб юрар куз,
Хазонлари тўлиб борар юракка.
Сочига толпопук тақиб олган қиз
Сингиб кетди ўтмиш деган эртакка.

Ота соғинаман қишлоқни, сизни,
Энди у йўлларга бўларми қайтиб.
Унутсинлар сўзга сиғинган қизни,
Бошқа йиғламасин онамга айтинг.

Бунга қайтиб келмас баҳорлар, ота
Кузга бериб қўйдим кўнгилларимни.
Майли, менинг барча билганим хато…
Сиз…
Фақат дуо қилинг сингилларимни,
Фақат дуо қилинг сингилларимни.

***

Умр ўтиб борар имконларимдан
Йўқолиб боряпти хотира ранги.
Сомонйўли бўйлаб осмонларингда
Авж олиб боряпти туйғулар  жанги.

Ҳаёт ўйин бўлди, ўйин бўлди ишқ,
Тақдир кўнглимизни ўйинчоқ қилди.
Гуллаётган эдим бор бўйим билан
Кузлар сарғайтирди, дунё оқ қилди.

Мен унсиз тўкилдим, сен жим унутдинг,
Ўртада дод солди мажнуна диллар.
Сен осон кўникдинг, сен жим кўникдинг.
Менинг қисматимни қуритди йиллар.

Ахир ярашганди бизга муҳаббат,
Ярашиб кетувдик яшил ҳисларга.
Бизлар гулламоқчи бўлувдик фақат
Дунё дучор қилдинг нега кузларга?!

Бугун юлдузларга қоришиб кетдик
Бизга гуллаш учун берилмади вақт.
Кузнинг унут бўлган ёмғирларидай,
Унутиб боряпти бизни муҳаббат.

ТАШРИФ

Ташрифингга тўлади хонам,
Чап кўксимда эрий бошлар муз.
Сен бахт деган соф ҳаво билан
Қучоғимни тўлдирасан, Куз.

Шивирлайсан: бари сеники,
Ёмғирларда ювинган дунё.
Муҳаббатинг билан азизим,
Тўлдиради кўксимни Худо.

Улғаямиз дақиқа сайин,
Сониялар билмайди шафқат.
Нима бўлар эртадан кейин?
Эрталар йўқ, бугун бор фақат.

Чоғланасан кетмоққа кузим,
Тонг шивирлар; бари хом хаёл.
Сени эса кутар мўлтираб
Тунни ёлғиз ўтказган аёл.

***

Куз боғида кўникмоқнинг гали бизда,
Юраккача етиб борди сариқ ранглар.
Хазонлари уюм-уюм кўксимизда
Оқармайин қўйди тонглар, бахтли тонглар.

Кечиккан биз, ичиккан биз, кўниккан биз,
Майдалади тақдирнинг тош тегирмони.
Гуллаётган эдик ҳаёт қучоғида,
Сарғайтириб кетди ишқнинг саратони.

Кечир дейсан, кечир дейман, кечиб бўлмас
Кузим кўнгил бўлолмади паноҳимиз.
Биз билмайин ширин тушлар кўриб қўйдик
Билмайсанми кимга урар гуноҳимиз.

Мен умримни битта-битта тўкиб бўлдим,
Ҳаётимни ҳаёт қилган хаёл учун.
Сен яшайсан, кўп яшайсан, хазонрезим
Мен бахтига шерик бўлган аёл учун.

***

Ўз ҳаддини билмаса ҳислар,
Имконимдан ошиб кетса ишқ.
Тополмасам чоралар излаб
Гуноҳгача бориб етса ишқ.

Баҳоналар ўтмайди бунда,
Бари ёлғон, ҳаммаси ёлғон.
Мен яшашни бошлаган кундан
Чап кўксимда уйғонган исён.

Аммо ҳануз бегонароқман
Туйғулардан баланд толега.
Йигирмага кирмаган баҳор,
Мен қадрингни билмадим нега?!

Ахир ишқдан баланд эдинг сен,
Баланд эдим ёлғон сўзлардан.
Эй ҳаддини билмаган дунё,
Асролмадинг мени кузлардан.

ТУҒИЛГАН КУН

Бугун менинг туғлган куним,
Бугун бир дил туғилган сана.
Сенинг маъюс чеҳранг ҳурмати
Шунча кулиб яшадим, она.

Мен дунёга назар соляпман,
Бир инсоннинг гулдай ёшида.
Нега доим ёмғир ёғади
Декабрнинг иптидосида?

Тавба, умр бунча шиддатли,
Маъносини бўлмайди билиб.
Нималарга сарф қилдим сени,
О… умримнинг йигирма йили?

Улканлашиб борар бу савол,
Оғирлашиб борар ҳар йили.
Қандай яшашаркан бемалол,
Сал нарида турганда ўлим?

Сен кўп ҳикмат излайсан, она,
Кўп нарсага ишонишинг рост.
Мен дунёга келган кунимда
Ўзгардими ҳаётинг бироз?

Жилмайдингми ногаҳон, ота,
Айт, бормидим кўзинг ёшида?
Менга шеърлар ёздирган дунё
Қандай эди умрим бошида?

Тасодифмас менинг борлигим,
Бу тақдирнинг бир ижросида.
Аммо нега ёмғир ёғади
Декабрнинг иптидосида?

Нега доим ёмғир ёғади
Декабрнинг иптидосида?..

ЭНДИ АЛДАМАЙМАН

Она, қўлдан бердим қанча имконни,
Хизматинг қилмадим кунингга яраб.
Шунча қийнаганим етар виждонни,
Энди алдамайман кўзингга қараб.

Боқсам, атрофимда яқинларим мўл,
Ҳеч бири келмайди ҳолимни сўраб.
Гарчи ҳақиқатга тик боқиш мушкул,
Энди алдамайман кўзингга қараб.

Ахир, кундан-кунга чўкиб боряпсан,
Айт, қачон ҳолингни сўрадим, Ё Раб.
Ёлғонларга умринг тўкиб боряпсан,
Энди алдамайман кўзингга қараб.

Ёлғон, дунёдаги ростим ўзингсан,
Мана, улғайтирдинг меҳрингга ўраб.
Ерга ҳам, кўкка ҳам сиғмас қизингман,
Энди алдамайман кўзингга қараб.

Кўникиб қолдинг-да замон зайлига,
Сира нолимайсан ўзингга қараб.
Ҳақ сўзим бошимга етсин майлига,
Энди алдамайман кўзингга қараб.

Тинмай аҳволимни сўрайверасан,
Вақт ўтар сочларинг оқини санаб.
Бунча кўзларимга қарайверасан,
Ахир, алдамайман кўзингга қараб.

Энди алдамайман кўзингга қараб…

 

***

Нима бўлар, айт, энди бу ишқ,
Нима кечар дилнинг аҳволи?
Сен қоп-қора рангларга ошиқ,
Мен ҳурларнинг соҳибжамоли.

Тафовутлар тенгсисликка тенг,
Тенгликларни тан олмас юрак.
Асли мени тушунмоғинг чун
Кўзларимга таржимон керак.

Индамайсан, индаш ноўрин
Бизда сўзлаш имкони йўқда.
Эй ҳаммага айтилган сирим,
Ажратади бизни уч нуқта.

Сен – менликка юрмас йўловчи,
Менинг ҳам йўқ муштоқлик ерим.
Бу йозуқдан бўлмайди қочиб
Бу тақдирмас, бу оддий ирим.

Ҳануз жимсан, ҳануз ожизман
Бизда сўзлаш имкони йўқда.
Кетолмайсан, унутолмайман
Боғлаб турар бизни уч нуқта…

 

***

Дарахтлар гуллабди шамол ўйноқи,
Ялпизлар чиқибди ариқ ёнига.
Қаранг, баҳор келибди чоғи,
Деразамнинг у томонига.

***

Мен хотиржам ухлайман,
Чап елкангга қўйиб бош.
Менинг тақдирим ҳақда ўйлар
сенинг елкаларинг.
Ва оғир хўрсиниқдан
кўтарилиб туша бошлар.
Гуноҳ қилиб қўйган боладай.
Мен эса хотиржам ухлайман,
Сенинг чап елкангга қўйиб бош.

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Оғирлашаяпман вақт ўтган сайин,
Бошимда липпиллаб ёниб турар шам.
У қандай яшайди о, мендан кейин,
Ҳаётни ўзимга ўргатиб қўйсам.

* * *

Биров жарроҳ бўлди, биров муаллим,
Бировлар юрибди кулдириб, кулиб.
Аллоҳ, мени нега яратдинг
Тиланчи қилиб?!

* * *

Берган ваъдаларинг қани эй, дунё?
Қани менга қуриб берган иқболинг?
Шўрлиг-а, керилиб нима қилардинг?
Мендан ҳам хароброқ экан-ку ҳолинг!

* * *
Эй, дилимнинг оғриғи, ишонмасанг келиб кўр,
Кўзларимдан сап-сариқ ғамлар кетди кўкариб.
Барин унут, кутиб ол, бораяпман ёнингга,
Бу армонли дунёни чап кўксимда кўтариб.

* * *

Ҳаёт уқубатга тўла йўл экан,
Тентираб юрибман юрагим қонаб.
Мен доим дардимни ичимга ютдим,
Сизга ўхшамоқчи бўлувдим, она.

* * *

Совуқ шамол тегди юзимга,
Музлаб кетди суяк-суягим.
Бу кун бизлар бегона бўлдик,
Қонаб кетди ойнинг юраги.

065

Xurshid DAVRON
USMON NOSIR QARAB TURIBDI..
045

Bundan bir necha oy avval yosh shoirlar mushoirasi sahifasida Majnunaning bir necha she’ri bilan tanishtirgan bo’lsam, bugun uning katta she’riy turkumini taqdim etmoqdaman. Bu she’rlarda o’z yo’lini topishga urinayotgan har bir yosh ijodkorga xos bo’lgan, yillar va izlanishlar ta’sirida kamayib boradigan kamchiliklar: tahrirga muhtoj satrlar, timsollaru mavzularning takroriyligi.maromiga yetmagan ohanglar uchraydi. Bu she’rlar hali bugungi hayotdan qoniqmagan, yosh qalamkashga obu havodek zarur dalda beruvchi, maslahatlashadigan ijodkor muallimlaru tengdosh safdoshlar yo’qligidan qiynalayotgan,balki shuning uchun turmushda shodlikdan ko’ra qayg’uni ko’proq ko’rayotgan va ayniqsa, muhabbat sinovlaridan ko’ngli nola chekayotgan yigirma yashar qiz ruhiyati manzaralaridir. Uning ishq qayg’usi to’ldirgan yuragida umidli quvonch shami pirpirab yonib turibdi.

Aytmasam bo’lmaydigan yana bir gap: shoiraning aksariyat she’rlarida o’lim haqidagi satrlarni o’qish mumkin (Men ularning ko’pini turkumdan olib qo’ydim). Bunday holat yosh ijodkor uchun juda xavfli ekanini qat’iy aytishim kerak. Buni anglash uchun adabiyot tarixiga ko’z tashlash kifoya. Ustoz Erkin Vohidov bir maqolasida shunday yozgan edi: Xalqimizda bir hikmat bor, yaxshi niyatga ham, yomon niyatga ham farishtalar omin deydilar! Men, ijodkor do’stlarimga murojaat qilib aytgim keladi: Yaxshi niyat qiling, shoirlar!..» Mening bu so’zlarimni Majnuna to’g’ri tushunishini istayman. Zero, uning she’rlarini o’qir ekanman, uning yuragida juda katta Dard bilan barobar ulkan Baxt ummoni mavjlanib turganini ilg’adim. Yigirma yoshli inson hali hayot dengizi sohilidan uncha uzoqlashmagan, oldinda nimalar kutayotgani esa yolg’iz Yaratganga ma’lum. Umidim shulki, Majnuna Baxtini ko’zlab, undan tiriklikka yodgor bo’lib qolajak So’zini izlab olg’a suzsin. Qayg’u bilan Shodlik ikki yelkani bo’lsin.
Bir she’rida «Mashrabning dardini dilga solib shart, Biz kirib boryapmiz adabiyotga…» deya, yana bir she’rida «Qani yetarmikan bardoshlari deb, Ko’kdan Usmon Nosir qarab turibdi», deya So’z oldidagi mas’uliyatini anglagan yosh ijodkor qizimga muvaffaqiyatlar tilayman.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

MAJNUNA
SHE’RLAR
045

    Majnuna (Maxsuda Jo’raqulova) — Navoiy viloyati Xatirchi tumanida tug’ilgan. Sirdaryo viloyati Xovos tumanidagi Xovos transport kasb hunar kollejining “Xo’jalik huquqiy faoliyati” yo’nalishini tamomlagan. Hozirda “Oydin yo’l” gazetasida faoliyat yuritib kelmoqda. She’rlari respublika gazeta va jurnallarida muntazam e’lon qilinib boriladi. “Iste’dod maktabi” V-respublika yosh ijodkorlar seminari ishtirokchisi.

045

 

JO’NATILMAGAN MAKTUBLAR
Turkum

ONAMGA XAT

Omonmisan, bormisan ona?
Yo’llarimga nigoronmisan?
Kutyapsanmi meni har sahar,
issiq nonlar yopib tandirda?
Salomatmi bunda otam ham?
Singillarim-qaldirg’ochlarim!
Ulg’ayishib qolgandir ancha.
Menmi, eh qo’y! meni so’rama…
Yuribman-da o’zimni sudrab,
O’z soyamdan qo’rqib, xavfsirab…

Onaginam, mehr juda qimmat
ekan bu tomonlarda.
Yo Xudoyim mehrning hammasini
Senga berib qo’yganmi?
Dunyo kengligi ko’nglingchalik ham
emas ekan aslida.
Orzu yo’li nihoyasiz ekan onajon.
Na yurib, na yugurib, na-da xayolan yetolmadim so’ngiga.
Tosh yo’llarda toshday qotib ketdi yuragim.
Sovutib yubordilar sovuq nigohlar…

Tuproq ko’chalar! Gardlarini suray ko’zimga.
Bir emas, ming jonimni fido qilay ularga.
Axir ular, Senga eltguvchi yo’llar,
bolaligimga eltguvchi,
OTAMga eltguvchi yo’llardir ular.
Otam! Dunyo zaxmatidan zaiflashgan kuyunchagim.
Olloh odamzodni tuproqdan yaratgan der edilar.
Tuproq erib ketmasmidi shuncha g’ussadan?!

Nega men o’sgan sayin egiladi qaddingiz, Mehribonlarim?!
Axir qarolmayin qoldim-ku
vijdonimning nigohlariga.
Bir kun barcha gunohlarimga,
qalqon etay qanday sababni?
Yangidan tug’ilar har kuni dunyo,
hayot yangilanar har kuni.
Ammo Sen bir xilsan ming yildan buyon.
Onaginam, qaydan berdi shuncha bardoshni Xudo?
Tugatmading shuncha sarflab ham.
Bosh ham egolmayman qarshingda.
Senga egilishga arzimas bu bosh.
Munisam, farishtam, mehribonginam!

Men qanday o’laman shuncha qarz bilan?
Sening bag’ring, butun yer yuzidagi
eng tinch, eng osuda maskandir ona.
Shuncha yurib, shuncha yugurdim,
ming bor o’lib, ming bor tirildim.
Oqibatda, eh oqibatda!

She’rdan boshqa hech vaqoyim yo’q.
Buncha qiyin yoshlik berildi menga?
Men nima istayman axir dunyodan?
Mendan nima istaydi dunyo?
Tushunmayman, tushunolmayman.
Yo shunchalar ojizmi aqlim?!
Onajon, qizg’aldoqlar ochilgandir-a?
Qaldirg’ochlar uya qurgandir,
farishtali ayvonimizga.

Axir, bahor kelganiga ancha bo’libdi-ku.
Bugun bilib qoldim, devordagi
guldor jildli taqvim qog’ozdan.
Onajon kecha tushlarimga kiruvdi otam;
meni qattiq sog’inibdilar.
Yo’q-yo’q buni o’zi aytmadi.

Ko’zlarida ulkan dardni ko’rdim, sog’inchni ko’rdim
Ko’zlariga qarolmadim, tikilolmadim.
(Xatto tushlarimda ham.)

Ona menga buyuk dard kerak,
buyuk she’rlar yozmog’im uchun.
Axir, alamlardan tug’iladi she’r.
Ammo bilolmayman, eng so’ngi manzilim qayerdaligin.
Qayerda to’xtashni hamon bilmayman.
Bilganim, Seni qurbon qilyapman,
otamning mehrini qurbon qilyapman.
Sariq chaqaga ham arzimas,
mavzusi yo’q satrlarimga.
Ona, onajonim, farishtaginam!
Shuncha gunoh bilan qanday o’laman?!

ONAMGA

Kechir ona, bilganlarim xato chiqdi,
Bunda boshim yormay o’tgan devorlar yo’q.
Balolarga esh tug’ilgan shoirangni
Yomon ko’zdan asraguvchi tumorlar yo’q.

Kechir ona, qaytishlari yo’q yo’ldaman,
Bu dunyoning biri emas, ming biri kam.
Meni o’ylab oqarmasin, yolvoraman,
Sochlaringni bittagina tolasi ham.

Unut ona, g’am chekmagin o’ylayverib,
Men qalamga bor budumni berib bo’ldim.
Bu dunyoda neki ko’rish mumkin bo’lsa
Hammasini, hammasini ko’rib bo’ldim.

Afsus ona, xato chiqdi bilganlarim,
Shu yoshimda bezdim hayot qo’rg’onidan.
Nega meni, bitta meni Qodir Egam
Yaratmadi oyning yorug’ tomonida.

Jon onajon, tushunishga urinma qo’y,
Tortma meni tushinishdek azobni o…
Yarim yo’lda yiqitmasin holsiz yurak
Faqat duo qilgin meni, faqat duo.

Kechir ona, qaytishlari yo’q yo’ldaman…

***

“Boshing toshdan bo’lsin” deydi sho’rlik onam
Bilmaydi-da boshim toshdan qattiqligin.
Bilmaydi-da, soddaginam, munisginam
Shu yoshimda ko’ksim to’la chandiqligin.

Yomon ko’zdan asraydi deb taqaverar
Bo’ylarimga tumorlarni mehribonim.
Hatto qismat asrolmagan qizingizni
Shu tumorlar asrarmidi onajonim!

Men yoshlikning zavqlarini tuymay turib
Bag’ringizni shuncha erta bo’shatibman.
O’zligimni topmoq uchun yo’lga chiqib
Sochlaringiz qorasini yo’qotibman.

Qurib ketsin ushbu yo’lda topganlarim,
Ko’rganlarim, yig’ganlarim bo’lsin ado.
Bitta so’zning orqasidan chopganlarim,
Bilolmayman, kechirarmi meni Xudo.

Jon onajon, adashdimmi bu yo’lda ko’p,
Men umrimni behudaga sarf etdimmi?
O’z yuragim boshlab bergan yo’ldan yurib
Mast ketdimmi, rost ketdimmi, past ketdimmi?

O’ng yelkamni bosib turar tog’day azob,
Xayotning bor davonidan o’tib bo’ldim.
Eng gullagan yigirmanchi bahorimda
Bardoshimning hammasini yutib bo’ldim.

Boshing toshdan bo’lsin deysiz menga yana…

OTAMGA MAKTUB

Ota, yashab bo’lmas ekan g’uborsiz,
Sovrilib boryapti g’urbatga umrim.
Mana, qaytayapman quruq qo’l bilan,
Na olim bo’loldim, na odam bo’ldim.

Menga odamdayin yashamoq qayda,
Ba’zida paymonam to’lib ko’ringay.
Otajon, aslida men turgan joyda
Munofiqlar haqgo’y bo’lib ko’ringay.

Bunda tiriklikning tirik ijrosi,
Bu yer vijdonlilar yaratgan sahna.
Bu ulug’ zotlarning kunlik xatosi
Sening tashvishlaring singari ko’hna.

Ota, orzularning ortidan chopib,
Oxiri yo’q ishga qo’l urib qo’ydim.
Endi hech birini bo’lmaydi topib,
Bunda ko’p narsani boy berib qo’ydim.

Yillar sog’inchimni silab o’stirdi.
Yo’llar olib ketdi sendan uzoqqa.
Ba’zida bosh olib ketgim keladi
Meni odam qilib tuqqan qishloqqa.

Qishloq — tashvishlari umridan uzun,
U yerda qaynaydi erta-yu kech ish.
Sen meni oqlaysan: “Shoir-da qizim,
Sho’rlik kelgani vaqt topolmaydi hech”.

Ha, menda chindan ham topilmaydi vaqt,
Oyda bir holingni so’rab qo’ygani.
Loyiq bo’lolmadim og’ir damingda
Bir marta kuningga yarab qo’ygani.

Otajon, tiriklik holdan toydirdi,
Jonga tegib ketdi buyuklik g’ami.
Men uchun eng katta yo’qotish bo’ldi,
Mehringdan mosuvo o’tgan har damim.

Ba’zan yo’l olaman olis shahardan
Meni tetapoya qilgan qishloqqa.
Onam non yopadi menga sahardan,
Sen chiqib ketasan tezda chorboqqa.

Oldimga to’kasan topgan-tutganing,
To’yaman “diydor” deb atalgan oshga.
Sening bag’ring kabi ulkan hovlimiz
Bir zumda to’ladi qavm-qarindoshga.

Tinmay maqtanasan ko’ksingga urib,
Bir gapni ming bora aytasan takror:
“Kitobi chiqibdi qo’yinglar ko’rib,
Mening shunday qizim, shoir qizim bor”.

Ertasi qo’sh-qo’llab tutasan sekin
Ukalarim rizqin bo’laklarini.
Meni kuzatgani chiqadi onam
Kiyib o’ttiz yillik ko’ylaklarini.

Ortimda qoladi duolar qilib,
Mening onaginam, onaizorim.
Asli arzimaydi gardlaringga ham
Mening butun umr bitgan ash’orim.

Eng kerakli paytda tishlab tilimni
O’zimni haqgo’yday tutib yuraman.
Vijdon sahnasida men o’z rolimni
Qoyilmaqom ijro qilib beraman.

Sen esa maqtanib aytasan takror:
“Mening shunday qizim, shoir qizim bor…”

 

***

Borolmayman: o’rtada firoq,
Diydorlarda vido uxlaydi.
O’ksib-o’ksib har kecha biroq,
Tushlarimda bir qiz yig’laydi.

Idrokimda izg’ib yurar g’am,
O, qo’rqaman uxlab qolishdan.
Sho’rlik qizning ohlari har dam
Eshitilib turar bolishdan.

Kipriklarda qotadi orom,
Yuguraman zulmatlar aro.
Bilmam seni qanday haydasam
Tushlarimdan ey, baxtiqaro.

Kunimizga yaramay qo’ygan
La’natlangan o’sha kechalar
Bilmovdim-a azobligini
Sog’inch bilan yashash bunchalar.

Tushlarimda yashovchi qo’rqib,
Men u qizga o’xshamaymanmi?
Ayt, taqdirga la’natlar o’qib,
Tushlaringda yig’lamaymanmi?

***

Bizni saharlarga sotdi kechalar,
Quchog’idan yulib otdi kechalar.
Seni yo’qliklarga sudrab ketdi-yu,
Qorachiqlarimda qotdi kechalar.

Sog’inchim qonidan o’sib chiqdi ishq,
Sen ketgan yo’llarni to’sib chiqdi ishq.
O’zimni o’zimning jismimga ko’mib,
Barcha qon tomirlarim kesib chiqdi ishq.

Endi na sen baxtli, na men baxtiyor,
Seni vijdon, meni sog’inch qiynaydi.
Bizni ishq oldida gunohimiz bor,
Bu gunohni aslo yuvib bo’lmaydi.

Tishing orasida g’ichirlar ismim,
Mushtlaring zarbidan sinib ketar baxt.
Oshiq xayollaring bilmaydi tinim,
Nimanidir kutib yashaysan har vaqt.

Men esa bahorning rasmini chizib
Sening huzuringga sudrab boraman.
Bariga chidaysan aqldan ozib
Tushlaringga mangu yig’lab kiraman.

Ammo ketolmayman Seni qoldirib,
Hali yashash uchun sabablarim bor.
Biz baxtni bexosdan qo’ydik o’ldirib.
Endi na sen baxtli na men baxtiyor.

***

Xonamda bo’g’ilib boryapti
Qayg’udan yop-yorug’ xotira.
Kechani hijronga qoryapti
Poyida yotibdi dil nurab.

Tun edi qop-qora tun edi
Va hatto jilg’alar jim edi.
Zulmatda hijronning qo’ynida
Meni eslayotgan kim edi?

“Kim eding, kim eding, kim eding?
Bisoting boyitar telba dil”.
Ko’zimga tikilding va deding
“Baridan charchadim unutgil”

So’ng ketding, kun bo’yi qor yog’di,
Ortingdan ergashdi telba dil.
Bariga ko’nikdi yuragim,
Barini unutdim, unutgil.

Xiradir ko’zlaring oynasi,
G’ururdan o’qdayin kipriging.
Yashayver unutib hammasin,
G’ururing bildirmas yo’qligim.

Jilg’alar gung qotgan kechada
Xotirang ko’ksida turibman.
Ko’rib qo’y, shu telba dil bilan
Dunyoni yetaklab yuribman.

***

O’y suraman o’ylarim uzun,
O’y suraman kechasi bilan.
Yuragimni yamab charchadim
Xotiralar parchasi bilan.

Seni hamon o’ylab yuraman,
“Unga jindak yetishmas vafo”.
Baxtli bo’lganingni ko’rarman,
Qirq yamoq dil bo’lmasa ado.

Yonimdan jim o’tib ketganding,
Ishq tilanib uzatdim qo’lni.
Ayt, biz qachon bosib o’tgandik
Umrim kabi qisqa bu yo’lni?

Bugun armon hisobga sig’mas,
Sog’inchlarning sanog’i cheksiz.
Sensizlikdan hayot izlayman,
Sensizlikda yashaysan mensiz.

Ammo aytib bo’lmas bu sirni,
Tishlarimiz temir panjara.
O’rtamizda qarg’ab taqdirni,
Yetim qoldi ikki dil, qara.

Qo’l yetmagan muhabbatingman —
(Ayriliqni shunday atadim).
Oxir men sen uchun o’zimdan
Bir chiroyli armon yasadim.

O’zing kabi tengsiz bir armon…

 

* * *

Bugun senga berdim ikki dunyoni
Ko’nglimning eng inja hislari bilan.
Ertaga sen-u men qilgan xatoni,
Kimdir berkitadi izlari bilan.

Bugun senga berdim ikki dunyoni
Dunyosiz yashashni bo’ynimga olib,
Yuragimdan unib chiqqan nidoni
Qorachiqlarimdan tashladim yulib.

Mana, berdim bugun ikki dunyoni,
Noiloj, ketishing etolmayin man.
Bunda boshpanasiz tentirar jonim,
Endi men o’zimni nima qilaman?

Mana, senga berdim ikki dunyoni,
Baxtli bo’l, ko’nglingga ozor yetmasin.
Faqat, ehtiyot bo’l ketar chog’ingda
Ko’zlaring ko’zimga tushib ketmasin.

Olgin senga berdim ikki dunyoni!

SEN

Osmoningga sig’magan oyman,
Sen manguga botgan quyoshsan.
Sira qadam yetmagan joyman,
Sen qadamlar ichra taloshsan

Va orzusan osmon toqida
Umrim yo’ldir Senga eltguvchi.
Bir kun qo’lim yetgan chog’ida
Yana nari ketarsan uchib…

Sen isyondan yasalgan taxtsan,
Seni tuqqan hislar shu’lasi
Va hammaga yetmagan baxtsan,
Men shodlikning o’gay bolasi.

* * *

Qaerdasan, bugun izlab keldim Seni,
Sog’inch butkul parda tortgan yuzlarimga.
Havolarni titib izlar nigohlarim,
Yuragim ham ko’chib keldi ko’zlarimga.

Qaerdasan, bugun seni topmog’im shart,
Gar aytmasam bo’lmaydigan gaplarim bor.
Ko’zlarimning oynasiga chizilgan dard,
Kelgin meni yuragingga yutib yubor.

Manzilingni pinhon tutar kipriklaring,
Ishq shivirlab isming aytar lablarimda.
Bilsang agar million yillik muhabbat bor,
Meni Senga aytib bo’lmas gaplarimda.

Erta g’urur jilovimni qo’lga olar,
Ertaga men o’zimniki bo’lolmayman.
Dilso’zlarim, axir, armon bo’lib qolar,
Tushun, Seni boshqa izlab kelolmayman.

Qaerdasan, bugun Seni topmog’im shart!
Ko’zlarimga ko’chib kelgan hatto yurak.
Sabr — mening kiprigimga ilingan gard,
Ishq bosh olib chiqib ketgan sahro — yurak.

Qaerdasan, Seni bugun topmog’im shart!

MEN VA SEN

1
Ko’tarolmay majruh ruhini
O, ko’karib boryapti osmon.
Barchamizning umrimizni ham
Jim ko’tarib boryapti osmon.

2
Oyog’im ostida g’imirlaydi vaqt,
Sendan olislarga sudraydi yillar.
Bizni ayirmoqqa qilgan kabi ahd,
Meni Sendan olib ketyapti yo’llar.

Meni Sendan olib ketyapti axir,
Nahot shu yo’llarga yetmasa kuching.
Vaqtning changalidan tortib ol meni!
Qolishimga sabab topib ber o’zing!

Ko’kargan osmonni ko’tarib olib,
Yoningga boraman kutib ol meni.
Yo’limda sog’inchlar yotibdi o’lib,
Ular izlab yo’lga chiqqandi Seni.

Qismat o’rtamizga tashladi devor,
Ikkimiz ikki yon ayrilib ketdik.
Sendanmas, hayotdan xafa joyim bor,
Axir, biz hayotga ishongan edik.

Kelgin, olib qolgin yoningda meni,
O’rtamizda erib ketsin devorlar.
Yillar changalida sog’insam seni,
Bunda masofalar qilmaydi korlar.

Aytgin qolishimning sabablarini,
Axir, ishonganman Senga har doim.
Tark et devorning U taraflarini,
Ikkimizni bog’lab bergan Xudoyim,
Ikkimizni bog’lab bergan Xudoyim.

KELYAPSANMI?

Kelyapsanmi?
Yuragim bezovta ura boshladi,
Yulduzlar men tomon yura boshladi,
Diydorlar Seni tush ko’ra boshladi,
Kelyapsanmi, ayt?

Bahor birdan cho’chib uyg’onib ketdi,
Shu dam osmonda oy to’lg’onib ketdi,
Dunyo tabassumga chulg’onib ketdi,
Kelyapsanmi, ayt?

Bexosdan o’zgarib ketdi ko’chalar,
Yuragimni turtib o’tdi kechalar,
O, shirin bo’lmasa diydor bunchalar!
Kelyapsanmi, ayt?

Huzurimga baxt-u, iqbolni boshlab,
O’zga manzillarga o’zingni tashlab,
Bitta begunohning ko’zini yoshlab,
Kelyapsanmi, ayt?

Gulbog’larda qolgan izlarni olib,
Bahorlarni tashlab, kuzlarni olib,
Jamiyki yolg’onchi so’zlarni olib,
Kelyapsanmi, ayt?

Gunohkor tilingga dilni ko’chirib,
Hamon mag’rurligim uchun kechirib,
Umringdan bir kunni butkul o’chirib,
Kelyapsanmi, ayt?!

***

Siz she’rlar yozasiz uzundan uzun,
Ilhompari yasab dog’laringizdan.
Sezmay ham qolyapsiz butunlay, bugun
Bahor ketib borar bog’laringizdan.

Daraxtdan sirg’alib tushyapti, mana,
Siz bir paytlar mushtoq chorlagan gullar.
Sekin sudralgancha ketib borar vaqt,
Bag’rida bir uyum umidvor dillar.

Sim-sim yig’layapti oyna ortida,
Siz hamon kitobdan ko’tarmaysiz bosh.
Qolib ketayapti yomg’ir ostida,
Sizni zulmatlardan qizg’angan quyosh.

Bir so’z kutayapti intizor Sizdan,
Umidlarin yuvib ketyapti yomg’ir.
Ayting, nechun buncha beg’amsiz, axir,
Bahor ketayapti bog’laringizdan…

Nuqul tahqirlaysiz ochiq oynadan,
G’ijim qog’ozlarni yuziga otib,
Kitobni ochasiz yana qaytadan,
Bahor yomg’irlarga ketadi botib…

Usiz har sahardan shivirlab sabo,
”Sizni sog’indim”, deb aytmaydi endi,
Siz shoir bo’lasiz eng buyuk, ammo
Sizning bahoringiz qaytmaydi endi.

***

Ko’rgin, umrim o’tib borar yo’lga qarab,
Hamon mag’rur tutolasan o’zingni sen.
Agar kelsang, bir bor kelsang holim so’rab,
Bahorlarga o’rgataman yashashni men.

Ko’zlarimda sog’inch guli kurtaklaydi,
Oy nuridan quvvat olib kechalari.
Qara, bari sen tomonga yetaklaydi,
Xayolimning son-sanoqsiz ko’chalari.

Sabo tinmay sochlarimni o’ynatadi,
O’tib ketgan bahorlarni esga solib,
Ko’rgin, menga tinmay seni o’ylatadi,
Kuz egniga armonko’ylak kiyib olib.

Kelar eding gullar otib derazamdan,
Pardalarim shivirlardi isming aytib.
Biz Baxt deya ism qo’ygan o’sha damlar,
Endi yashab berolmaydi ortga qaytib.

Hayot meni chap ko’ksimdan turar suyab,
Vaqt ulg’ayar ichib toza tuyg’ularni.
Xazonbarglar unsizgina ko’mib qo’yar
Qarg’ish tegib uvol bo’lgan orzularni.

Oshib o’tolmassan endi o’rtamizda
Yerdan to osmonga tutash g’urur bordir.
Yo’q, men emas, yo’llaringga derazamning
Hamon o’sha pardalari intizordir.

***

Xazonlar qopladi yo’llarimizni,
Yillar o’taverdi qilgani qasddek.
G’amdan asrolmadik dillarimizni,
Biz baxtli bo’lishga loyiq emasdek.

Hijron kirib keldi og’zin ochib lang,
G’iybatning tillari tortildi tarang,
Taqdirni ayblab gunohga botmang
Biz baxtli bo’lishga loyiq emasdek.

Oyning yuzlarini dog’li dedingiz,
Kechirgin qo’llarim bog’li dedingiz,
Men mag’rur, siz esa ojiz edingiz,
Biz baxtli bo’lishga loyiq emasdek.

Qarang, majnuntollar bizdan baxtliroq,
Baxtli bo’lmoqlikka ular haqliroq,
Ketmang, deyolmadim men ham vaqtliroq,
Biz baxtli bo’lishga loyiq emasdik.

Meni sudrab ketdi uzun «yor-yor»lar,
Sizni olib qoldi alamlar mastdek.
Sevganim bor, deya qilmadik zorlar,
Biz baxtli bo’lishga loyiq emasdek.

***

Bir qiz sizni izlab bordi
Tushlarining orasidan.
Siz esa jim kuzatdingiz
Pardalarning orqasidan.

Bir qiz sizni izlab bordi
Sevgiga och ko’zi bilan.
Siz-chi, uni yig’latdingiz
O’zi qoldi o’zi bilan.

Bilmadingiz ko’ngli uning
Qizg’aldoqdek nozik edi.
Emasdingiz tengi uning,
U Xudoning qizi edi.

Ammo sizni izlab bordi
Yomg’ir yoqqan u kechada.
Siz esa jim kuzatdingiz
Salobatli uy ichidan.

Sho’rlik sizni izlab bordi
O’sha orsiz kechangizda.
Siz esa jim kuzatdingiz,
Qon yig’ladi ko’changizda.

Eh, azizim! Bu dunyoda
Sevib yashab bo’larmidi?
U bilmasdi, u bir sodda
Bilsa sizni sevarmidi?

Balki bilmay siz taqdirning
Xatosini tuzatdingiz.
Bir qiz sizni izlab bordi,
Siz esa jim kuzatdingiz.

TONG OTDI

Nargizga

Tong otdi, oy mening ko’ksimga botdi,
Tunni yuragimga ko’chirdim, Nargiz.
Tog’ ortiga o’tib o’zin yo’qotdi,
Quyoshga qonimni ichirdim, Nargiz.

Dod dedi, devorga boshimni ursam,
Baxt cho’chib uyg’ondi tushiga kirsam,
Bitta halol odam nimayki ko’rsa
Barini boshimdan kechirdim, Nargiz.

Ketdim, bildirmoqchi bo’lib qadrimni,
Ikki oyog’imga ortib qalbimni.
Soylarga oqizdim qancha dardimni,
Ko’zimdan orzuni o’chirdim, Nargiz.

Qarang izlarim bor somon yo’llarda,
Tentirab yuribman armon yo’llarda,
Boshimga yetmagan manov qo’llarga
Oq bulutdan kafan bichirdim, Nargiz.

Bir qizaloq keldi yonimga bugun,
She’rlarimni yoddan o’qidi mamnun,
Meni shoir qilib tuqqani uchun,
Men shunda onamni kechirdim, Nargiz.

Opajon, og’riqli damlarim bisyor,
Ko’ksimga sig’magan alamlarim bor,
Men borgan manzillar mangu tikonzor,
Jon deb bu qismatdan kechardim, Nargiz.

* * *

Ketding, badar qildim yuraklarimdan,
Ishqning uvoliga kuyib o’tyapman.
Nursiz ko’zlarimga ishqxo’r armonning
Juldur kuylagini kiyib o’tyapman.

Yursam alvon rangga bo’yaldi osmon,
Yig’lasam zaminni tutdi ko’zyoshim.
«Dod» dedim sachradi derazangga qon,
Yulduzlarga tegib yorildi boshim.

Yetar, og’riqlaring ordona qolsin,
Nahot o’z holimga qo’ymaydi bu dard.
Ketmoqchi bo’laman jonimni ol deb,
O’lsam qabrimda ham qiynaydi bu dard.

Toshlar to’lib ketdi diydalarimga,
Baxtli xayollarga ishonmay qo’ydim.
G’amlarni ortqilab yelkalarimga
Sevgining ko’zini ko’rmasga yo’ydim.

Rost-da, qanday aytay ojizligimni?
Olib bo’ladimi xatolarni tan?
Borgin, bahorlarga o’rgangan ey, ishq
Endi sen meniki emassan…

Mangu badar qildim yuraklarimdan…

SEVGI

Xayr, sevgim, ey shirin xayol,
Borgin endi ozodsan, ozod.
Chinakkam ishq toparmi zavol
Va bo’larmi uningsiz hayot?!

Sen tongdagi shudring misol sof,
Men qismati qoshimday qaro.
Hali seni qilurlar tavof
Mening umim anduhlar aro.

Xayr, sevgim, borgin, hov o’sha
Shodliklarga salomimni ayt.
Kimdir yo’llaringga gul to’shab
Kutayotir seni ayni payt.

Bilamanki, hali ming yillar
Sening uchun ichurlar qasam.
Alvido! Sen so’qir dunyoga
Majnunadan tortiq erursan.

***

Ko’ngling kuyuklari kirdi ko’zimga,
Ko’nglim ko’zlarining ko’rliklari rost.
Qaydan, Xudo urib, kirding so’zimga,
Muhabbat, kechirgin meni iltimos.

Ketding izlaringga sachradi qonim,
Silading, to’kildi sochimdan jonim,
Cho’li Kabirlarda ruhi ravonim,
Muhabbat, sen menga kimlardan meros?

Senday baxtga ochman, senday baxtsizman,
Yerlarda adashib yurgan hur qizman,
Qanday aqlsizman, qanday ojizman,
Senga shu zamindan izladim qiyos.

BAHOR

Qara, dunyo olyapti nafas,
Nigohlari hayotga tashna.
Dalalarni ko’rgin, ey, ko’nglim,
Ketayapti kundan kun yashnab.

Tingla tiriklikning ovozin,
Ohanglari shu elday aziz,
Biznikidur shu yer, shu osmon,
Shu vatanning bolasimiz biz.

Qara, ko’nglim, qara, jon ko’nglim,
Yashamoqning sabablari ko’p.
Sevib nima topding ,qon ko’nglim?
Muhabbatning talablari ko’p.

Qo’ygin, ortda qoldi ortdagi,
Zulmatlarda endi nima bor?
Chiq xayolot xilvatlaridan,
Bahor keldi, olamga bahor.

Bir lahza-ku shusiz ham dunyo
Bolarining va’dalariday.
Kel, bizlarni qo’llaydi Xudo,
Baxt beradi hali bir talay.

Sen o’rgatgin qanday yashashni,
Qizg’aldog’im, mening jon singlim.
Dunyo ko’rdi yana bir yoshni,
Kel, hayotni qutlaylik ko’nglim.

Bahor keldi, olamga bahor!

YOMG’IRLAR

Yomg’irlar yog’ardi, yomg’irlar,
Koyinib qo’yarding havodan.
Men esa yomg’irni sevganday,
Hech neni sevmasdim dunyoda.

Yurarding kun bo’yi baxtiyor,
Kun bo’yi yomg’irda yurardim.
Sevarding, sevardim betakror,
Jonimni so’rasang berardim.

O… bizlar uchrashgan xiyobon,
Dunyoning eng go’zal maskani.
Lek senga sira ham yoqmasdi,
Kun bo’yi yomg’irlar yoqqani.

O’ylardim; Baxtiyor kelajak,
Tayindur umrbod sevmog’ing.
Lek aslo o’yimda yo’q edi,
Bir kuni begona bo’lmog’ing.

Oradan asrlar o’tganday,
Hijroning kaftida turibman.
Sen hamon baxtlisan o’shanday,
Men hamon yomg’irda yuribman.

***

Bir kuni yorilib ketar yuragim,
Qonxo’r quzg’unlarga bo’ladi bayram.
Shaytonlar keladi kerib ko’kragin,
Bir chetda tikilib turmaysiz siz ham.

O’zimni sovurib qilaman ado,
Sizni kelmas qilib qo’ygan yo’llarga.
Oq ro’mol o’raydi boshiga dunyo,
Ismimni qo’yadi qizil gullarga.

O’sha kun yig’laysiz birinchi marta,
Og’riq oriyatdan keladi ustun.
Sizga yo’liqtirgan yo’llarni qarg’ab,
O’zimni tog’lardan tashlayman bir kun.

Hayot bu — bir o’yin, men o’ynolmagan,
Shamollar uvlaydi sochlarin yulib.
Bir kuni yorilib ketar yuragim,
Ketaman dunyoni azador qilib.

***

Tiriklik shunchaki ermak,
Ma’nolar izlamay qo’ydim,
Yuragim qip-qizil qondur,
Xinolar izlamay qo’ydim.

Tilim bemor, dilim bedor,
Ko’ngil vayronadan vayron.
O’zimdan chiqqan balo deb,
Davolar izlamay qo’ydim.

***

Biz g’olib xayollar surmog’imiz shart,
Yashashni o’rgatib bo’ldik hayotga.
Mashrabning dardini dilga solib shart,
Biz kirib boryapmiz adabiyotga.

Ha, g’olib xayollar suraylik endi,
Axir kutayapti buyuk kelajak.
Dunyoni qaytadan quraylik endi,
Hammasi, hammasi unutilajak.

Shoirim, bu kunlar o’tguvchi kundir,
Biz esa xotirga yig’ib yuribmiz.
Mo’jiza emasmi shu yurak bilan,
Tordan tor dunyoga sig’ib yuribmiz.

Bilaman ko’nglingiz ummon qadar keng,
Bilmaysiz, kundan kun cho’kib boryapman,
Bariga qo’l siltab ishonib ko’ring,
Dunyoga g’amlarni ekib boryapman.

Lek g’olib xayollar surmog’imiz shart,
Bizni yengolmadi armonlarimiz.
Eng baland dorlarda kutyapti bizni,
Mangu tiriklikka imkonlarimiz.

Chaqir tikanlarga to’la bu yo’ldan,
Top-toza qalb bilan yurib beramiz.
Shoirim, keling, bor onalar uchun,
Dunyoni qaytadan qurib beramiz.

* * *

Ko’ngil deya ne ko’ylarga soldik o’zni,
Ko’ngil ko’nmay, ko’nikolmay qiynayverdi.
“Qaytgin endi, qay yo’llardan ketding”- deya,
Ortimizda gunohsizlar yig’layverdi.

“Kaftingni och, — deydi lo’li-taqdirfurush, —
Baxtli kunlar kutar seni oldinda xush”.
Kerak ekan ba’zan ertak tinglab turish,
Hayot lo’li xotindayin aldayverdi.

Ko’ksimizda sog’inchlarning izlari bor,
Aytilmagan izhorlarning bo’zlari bor,
Peshonada ishqsizlikning tuzlari bor,
Kimlar bizla baxtsizligin anglayverdi.

Kimlar ketdi dunyoying bir tiyin deya,
Biz yuribmiz, “ko’ngil ishi qiyin deya”.
Tiriklikmi, shunchaki bir o’yin deya,
Dunyo bizni o’yinchoqday o’ynayverdi.

Ey shoirim! Ko’nmaslkka haqqimiz yo’q,
Ortimizda gunohsizlar yig’layverar.
Baxtli kunlar kutar bizni oldinda xo’p,
Hayot lo’li xotindayin aldayverar.

 

KELMANG

Kelmang, chorlasam ham, so’roqlasam ham,
Axir fojeamas mensizligingiz.
Ko’ngil — ishq atalmish o’yinda hakam,
Menga torlik qilar sizning dilingiz.

Kelmang, yig’layversin o’rtada diydor,
(Tag’in ko’ksingizdan itarolmayman.)
Mening dunyoyimda kuzlar hukumdor,
Endi bahorlarni ko’tarolmayman.

Kelmang,
Armon bu — bir yuzsiz tilanchi,
Men uni ko’zyoshim bilan sug’ordim.
Eshigimdan ketmay qo’ydi- men oxir
Bir yurak ishqimni berib yubordim.

“Kelmang” — bo’g’zimdagi achchiq o’tinchim,
Qolishingiz gumon bo’lgan makonga.
Sizning yuragingiz borsa kelmasdir,
Aslo o’tolmayman men u tomonga.

O’kinmang, sog’inchning gumashtalari,
Sezib qolmasinlar yolg’izligingiz.
Bir kun bitar ko’ngil shikastalari,
Axir fojeamas mensizligingiz.

Kelmang…

***

O’zimni har ko’yga soldim men,
Sochlaringga sachratib qirov.
Shu yashashda bilmadim, ona,
Ming yoshlarga kirib qo’ydim-ov.

Dunyo o’tib boryapti mendan,
Men ko’nglingdan o’tib boryapman.
Qismatimni yelkamga ortib,
Yo’qliklarga ketib boryapman.

Ketayapman, ketyapman, ona,
Ortimda bir dunyo xatolar.
Men ko’nglingdan o’tyapman, ona,
O’tayapti mendan dunyolar.

* * *

Ketgin, qolmog’ingdan endi ma’ni yo’q,
Xatolar bo’g’zimdan olmoqlikka shay.
O’zimni qo’yishga joy topolmayman,
Sening xayolingni qaerga qo’yay?

Ranjima, ranjitish gunoh birovni,
Shusiz ham osiyman, gunohlar ming xil.
Buzib o’t ko’zimga qurilgan g’ovni,
Mendan boshlanadi mensizlikka yo’l.

Yukunib yuk bo’ldim dunyoi-dunga,
Yashash mohiyatin anglolmayapman.
La’natlar aytgin biz uchrashgan kunga,
Asrandi yurakni asrolmayapman.

Avf et, topolmadim sen tomonga yo’l,
Izlab izillayman o’zimni o’zim.
Ketgin hammasiga siltagancha qo’l,
Ketgin, berganimda ketishga izin.

* * *

Aka, xabar olib turing holimdan,
Axir azoblidir men tanlagan yo’l.
Aka, qo’rqmay qo’ydim endi o’limdan,
Tushimga gumrohlar kiradi nuqul.

Nima bu, ko’ksimda potirlayotgan?
Tushlarimda tinmay yig’layotgan kim?
Men qachon moslashib ketgum hayotga,
Qachon tushunaman o’zimni o’zim?

Bu yo’lda men ham bir yo’lovchiman-da,
Borar manzilimni bilaman, aka.
Ketsam she’rlarimni tashlab orqamda,
Unutsalar nima qilaman, aka?

Bunda olis qishloq — qadamimga zor,
Bunda bir ayol bor, ko’zlari mungli.
Ayting, shaharlarda menga nima bor,
To’kilib boryapti onamninig ko’ngli.

Akajon, bu kuzning oxiri bormi,
Qaqshatib yubordi yuraklarimni.
Ayting, hov anavi qushlarga borib,
Keltirsin bahorning daraklarini.

Aka, charchaganman haddan ziyoda,
Qizg’aldoqni o’pib o’lgim kelyapti.
Hech kimga ishonib bo’lmas dunyoda,
Faqat sizga singil bo’lgim kelyapti.

Mening manzillarim tutash xudoga,
Siz bu sog’inchlardan BAXT yig’ib bering.
…Onajon, mehrga zor bu dunyoga,
Endi shoir emas, qiz tug’ib bering.

* * *

Ey yerliklar! Osmonlardan izlang meni,
Yulduzlarning yuragida yashayapman.
Keksa onam joynomozda har kun yig’lab,
Aytgan eng pok tilagida yashayapman.

Zaminlarning zamiriga sig’magayman,
Hayotning qon tomiriga sig’magayman.
Baxtlilarning taqdiriga sig’magayman,
Quyoshning qon yo’lagida yashayapman.

Mana, keldim borsa kelmas tomonlardan,
Onam meni yaratdi oq armonlardan.
Osmonlardan izlang meni osmonlardan,
Bulutlarning etagida yashayapman.

O’qib bo’ldim dunyoning darsxonasida,
Ko’nglim qoldi majnuntolning soyasida.
Topolmaysiz zamin-u, ko’k orasidan,
Ishqning siniq bo’lagida yashayapman.

Atirgulning yaprog’ida tug’ildim men,
Shabnamsoyning qirg’og’ida tug’ildim men.
Qor o’ynagan tong chog’ida tug’ildim men,
Shabbodalar ertagida yashayapman.

Ey yerliklar! Osmonlarda izlang meni…

* * *

Yarim kecha, to’lg’onar zulmat,
Qorong’ulik qoplagan xona.
Siqilaman bo’lib betoqat,
Seni ko’rgim keladi yana.

Oxir chiqib ketaman, ortda
Sekingina yopilar eshik
Tentirayman bo’m-bo’sh bekatda,
Uyasidan adashga qushdek.

Sudralaman daydi yeldayin
Tor ko’chada qoldirib izlar.
Baland bo’yli orzular aro,
Oxir seni topaman izlab.

Mana, dilga yaqin deraza —
Oh yaqin-ki qalbimga tutash!
Mo’ralayman uyg’oq oynadan,
Iztirobu sog’inch aralash.

Sen uxlaysan boshingni qo’yib,
Kitobiga Usmon Azimning,
Va tongacha raqsga tushasan,
O’rtasida “Jinlar bazmi”ning.

Pardalarning tili osilgan
Holsizlanib qaraydi chiroq.
Har tomonda g’ijim qog’ozlar,
Xonang yuragingdan ham torroq.

Termulaman sovuq xonanga,
Mehrim toshib kirar ko’zimdan.
Yaqinlashib kelar ekan tong,
Ko’zyoshlarim o’ynar yuzimda.

Shu on tinib ketar ko’zlarim,
Va oqara boshlaydi osmon
Oy yashirar barmoq izlarim,
Yaqinlasha boshlaydi hijron.

Va qaytarman holsiz, bemador,
Sudralgancha, qaqshab asabim.
Meni kutib turar xonamda,
Xotiraday sovuq jasadim.

***

Ko’chada izg’irin, ko’chada shamol,
Dunyoning yuragi sanchadi sim-sim
Bo’lgin, eshikni och, meni kutib ol,
Men mehr tilanib yoningga keldim.

G’azabdan lablaring ketyapti titrab,
Bilaman, butunlay tegdim joningga
Buncha dodlamasang dilimni o’rtab
Atiga mehr deb yoninga keldim.

Bu hayot tiriklar yaratgan cho’pchak,
Yashash — o’tmoqlikdur o’z-o’zingni yeb.
Qara qilib qo’ydim ko’nglimni yarim,
Dunyoning kamini to’ldiraman deb.

Ko’rgin, xarob bo’lgan holimni ko’rgin,
Qaerlarga sochib keldim umrni.
Olib xursand bo’lib ortga qaytyapman,
Boshingdan sadaqa bo’lgan mehrni.

… Ko’rgin xarob bo’lgan holimni ko’rgin.

YULDUZGA

Yulduzim, o’zimning jajji yulduzim,
Qaniydi qolmasam armonlaringda.
Ko’tarolmay qoldi ko’nglimni zamin,
Menga ham joy bormi osmonlaringda?

Bunda tugab borar umr degan kuy,
Orzuning sochida oppoq tolalar.
Yashashga bermaydi ming yilki bir o’y,
Huzuringga keldim ko’ngil oralab.

Mana she’r, bor-u, yo’q topgan topilmam —
Onamning mehri-yu, Otamning umri.
Ko’nglim yozilmadi shuncha yozib ham,
Bundan ortig’iga yetmadi qurbim.

Yulduzim, ming yilki yarim bu yurak,
Hech yo’q, kunimizga yarab turibdi.
Qani yetarmikan bardoshlari deb,
Ko’kdan Usmon Nosir qarab turibdi.

Kelgin, kaftimizda tutib dunyoni,
Odamzordan omon olib o’tamiz.
Kuylaymiz, o’rtaga qo’yib Xudoni,
Keyin…
Keyin osmoningga birga ketamiz.

Yulduzim, o’zimning Mitti Yulduzim…

* * *

Tolxivichdan toychoq minib,
Bolaligim ketib qoldi.
Qoshlariga o’sma inib,
Singlim bo’yga yetib qoldi.

Onam dardin yashiradi
Sochlarining oqlariga.
Otam meni sog’inganda
Ovunadi bog’lariga.

Nega anov sharsharaning
Nolalari tinmaydi hech?!
Yur, ketaylik birga, desam,
Qizg’aldoqlar ko’nmaydi hech.

Boqsam, ona, ko’zlaringda
Gunohlarim balqib ketdi.
Turnalarga qo’l siltovdim,
Armonlarim anqib ketdi.

Qorlar yog’di oqqa bo’yab
Zaminning to’rt yog’larini.
Ming yil yog’sa ko’molmaydi
Yuragimning dog’larini.

Ey, muhabbat! Ayvoningdan
Boshim egib ketarman oh!
Men ismingni shivirlab ham
Aytolmadim, Xudo – guvoh!

Orzu yo’li olib ketdi,
Yulib ketdi quchog’ingdan.
Ona qishloq, ayro o’sdim,
Muhabbating, ardog’ingdan.

Ko’rgin, hanuz sarsonaman,
Bersang, suyib bergin, dunyo.
Men borguvchi manzillarga
Ism qo’yib bergin, dunyo.

Yuragini ochsin onam,
Oqartirma sochlarini.
Otam ko’ksin kerib yursin,
Egib qo’yma boshlarini.

Men-ku, meni qo’y so’rama
(Ko’zyoshlarim qalqib ketdi).
Turnalarga qo’l siltasam,
Armonlarim anqib ketdi.

HAYOT

Bahorga qo’shilib gullab beraman,
Bag’ringni maysaga belab beraman.
YO anov qop-qora bulutdan turib,
Bir asr, bir asr yig’lab beraman —
Shunda qilmaysanmi sevgimga gumon?

She’rlar aytib bersam dunyoga mungli,
Tinglasa, ming yillar yodida qolsam.
Oyning nurlariga osilib chiqib,
Osmonning rangini yuqtirib olsam —
Hayot, berasanmi yashashga imkon?

Kuylar chalib bersam kuyuk dil bilan,
Xazonga aylansam rayhongul bilan.
To’g’ri yuragingga tashrif buyursam
Yuragimdan o’tgan qisqa yo’l bilan,
Haqqa eltasanmi meni sog’-omon?

Qara, sezayapti titrog’imni yer,
Chirmashib, tirmashib barmoqlarimga.
Anov yulduzlarni ishontirib ber,
Bir kun mehr so’rab bormoqlarimga.
YO kuyuk ko’nglimga topib ber makon.

Umr ketdi soyda suvlar sachratib,
Qayg’uyim qaritib qo’ydi yuzingni.
Ikki dunyolarga yetar hasratim,
Baribir bag’rimga bosib o’zingni,
Hayot, seni juda sevaman ishon.

INDAMAYGINA

Ikki yo’lga boshlar ikkimizni ishq
Dil Sen tomon bo’lar indamaygina.
Qayt deb aytolmayman, qol deyolmaysan,
Sevgi armon bo’lar indamaygina.

Kuzda kurtak otib, kuzda gullayman,
Sariq gullarimga to’ladi dunyo.
Men-ku o’ylamayman, parvo qilmayman,
Umrim xazon bo’lar indamaygina.

Mayus nigohingda ranglanar vido,
Hijron tomir yoyib borar ichimga.
Taqdir shodligini ko’rmadi ravo,
Yuragim qon bo’lar indamaygina.

Ayt nega anduhga qo’l berib qo’ydik?
Ig’volar qilishdi — yo’l berib qo’ydik.
Adashib, adashib dil berib qo’ydik,
Dilim vayron bo’lar indamaygina.

***

Meni yuragida asraydi dunyo,
Ko’ksini kuydirib sherlar aytaman.
Bir kun huzuriga chorlasa Xudo,
Osmonning rangini olib qaytaman.

Ishonma, o’zingga ishonma meni,
Ichimga bo’ronni qamab qo’yibman.
Ko’nglimning ming yillik chandiqlarini
Tabassumim bilan yamab qo’yibman.

Sovrilib boryapman sovuq yillarga,
Hayot chap ko’ksimda qilar ibodat.
Ishonma meni VAQT degan qo’llarga,
Olib ketishiga berma ijozat.

To’lib boraverar paymonam ishqqa,
Sevma, ro’yolarni bo’lmaydi sevib.
Men — ikki dunyosi she’r bo’lgan odam,
Bir asr yashayman so’zlarni quvib.

Faqat asra meni kuzlargacha to,
Men bahorni kuylab she’rlar aytaman.
Bir kun huzuriga chorlasa Xudo,
Senga osmonlarni olib qaytaman…

O’sha osmonlarni olib qaytaman…

 

***

Shuncha baxtni qanday yashirar
Ko’zlarining ichiga qushlar?
Mayingina qanotlarida
Turishibdi osmonni ushlab.

Shuncha dardni qanday yashirar
Kichikkina ko’ksiga onam?
G’aribgina jussasi bilan
Meni ushlab turibdi u ham.

***

Kel, men seni olib ketaman,
Orzulardan olisroq yerga.
Yulduzlarning qahkashonida
Oq yog’dular teramiz birga.

Kel, yashaymiz dilni o’rtovchi
Har qandayin g’ussadan holi.
Kuzatamiz bir chetda: bizsiz
Nima kechar yerning ahvoli.

Sog’inchlarning sariq yuziga
Baxt rasmini chizib ketamiz.
Ishq oldida ichilgan barcha
Qasamlarni buzib ketamiz.

Kel, ketamiz sadoqat degan
Ertaklarga ishonchni tashlab.
Ikkimizni boy bergan dunyo
Yig’lasin chap ko’ksiga mushtlab.

Qo’y, achinma mavridi emas,
Payti emas ko’ngil bo’shlikni.
Yolvoraman unutgin bir pas
Kiprigingga osilgan yukni.

Yur, sho’rligim barini unut,
O’t qo’y yolg’on sadoqatiga.
Izlab boror bir kuni zamin
Muhtoj bo’lsa muhabbatiga.

***

Kuzning ko’zlarida aksingni ko’rdim,
Bir titroq yugurdi barmoqlarimga.
Daydi shamollarga ishonaverdim,
Puch yong’oqlar to’ldi quchoqlarimga.

Keladi dedilar, keldi dedilar,
Dunyoni ortimga tashlab yugurdim.
Yo’llar bu diydordan sarmast edilar,
Men-ku kechikmadim, ulgurdim.

Ammo sen kechikding, atiga ming yil
Yoki o’zim biroz erta kelibman.
Peshvoz chiqmoq uchun ming yildan buyon
Qo’limda gul bilan kulib turibman.

* * *

“Ammo hadikdaman sendan, bir umr
Osmonga termulib o’tasanmi deb…”
Nosirjon Jo’raev

Sen mag’rur uchyapsan, parvozing o’ktam,
Mag’rur qanotingda ishonchlar qat-qat.
Men-chi, manglayimga qo’limni qo’yib
Osmonga termulib o’tyapman faqat.

…Yana, siltalaydi tutib yoqamdan,
Bilmayin qilganim muqaddas xato.
Yana, aldayverar ko’zimga qarab
To’rtala fasli ham KUZ bo’lgan dunyo.

Yana, borgan sari balandlashar oy
Unga oyna tutib avraydi buloq.
Meni bu dunyoga sudrab keldi she’r,
Sendan yuz yilgina, yuz yil keyinroq.

Adashib ahdlashdim xazonlar bilan,
Yana osmonlarga keldim yuzma-yuz.
Yana, endigina gullamoq paytim,
Birdan hayotimga kirib keldi kuz.

Sen esa uchyapsan, parvozlaring haq,
Hamon manglayimda mening qo’llarim.
Ajabmaski, bunda mening ham bir kun
Osmonga tutashib ketsa yo’llarim.

…Ajabmas deymanu, titrar ovozim
Meni quchog’idan qo’ymas bu kuzlar.
Sen esa bilmaysan, Balandparvozim,
Farishta bo’ladi yig’loqi qizlar.

* * *

Kuz bo’yi siqildim, yuragim siqib
Og’ir xo’rsiniqlar o’sdi bo’g’zimdan.
Negadir shu kuzda tap tortmay chiqib
Ketgim kelaverdi izingdan.

Bahorni o’yladim, yozni o’yladim,
O’ylaganim sari ko’ngil uvishdi.
O’rgat deb qo’ymadim, ayt deb qo’ymadim,
Yam-yashil dunyoda kuzni sevishni.

So’ng sudrab chiqarding toqating to’lib,
Borlig’ing sarg’aymoq edi tobora.
Men sariq ranglarning shaydosi bo’lib,
Ismingni unutib qo’ydim ilk bora.

Keyin…
Keyin yomg’ir yog’di, kuzning yomg’iri,
Kaftimdan yuragimgacha to’ldirib.
Sen meni tark etding bunda oxiri,
Sariq ranglar bilan yolg’iz qoldirib.

Bahordan izladim, yozdan izladim,
Izlaganim sari sarg’aydi yuzim.
O’zga ranglardan voz kechdi ko’zlarim
Va men xazonlarday boryapman to’zib.

Sening…
Sening sochlaringga yo’lamasin qor
Hayqir, faryodlaring ichingga yutma.
Gullarga belasin ismingni bahor
Gullagin, yashnagin, faqat unutma.

KUZ

Ko’zlarimga to’lib borar kuz,
Yuragimga aylanar samo.
Borayapman, boshimdan sariq
Gullarini sochyapti dunyo.

Ko’ryapsanmi, eshityapsanmi,
Yashash kelayapti qo’limdan.
Har gal meni ma’yus ko’zlaring
Asrab qolayapti o’limdan.

His etyapman yashash vaqtini
Ko’zlarimda umid bor hanuz.
Uzaytirdim o’lim vaqtini
Faqat shu gal kechikmagin kuz.

Tugayapti xazonlar umri
Kechikishing mumkinmas aslo.
Mana qo’llarimda o… ko’rgin,
Biram go’zal jon berar dunyo.

Tushlaringga kirmasmi aytgin
Bahorlarga arzimagan qiz?
Bilmaysanmi, senga butunlay
Gullagani kelayapman, kuz!

O… azizim! U qiz menmasmi —
Ko’zyoshini bardoshi yenggan?
Bir kun mening imzoyim bilan
“Sog’indim” deb xat yozar senga.

Faqat mening imzoyim bilan
“Sog’indim” deb xat yozar senga…

***

Umr bog’larimda kezib yurar kuz,
Mayda yomg’irlari silar boshimni.
“Bolam shoir” deya oqlaydi hanuz
Bir zot, ko’rmaslikchun ko’zda yoshimni.

Ulg’aytirib qo’ydi meni lahzalar,
Diydorlar qadrini anglatib qo’ydi.
Onam sandig’ida yiqqan sarpolar
Meni bolalikdan ajratib qo’ydi.

Uzaytirib qo’ydi bo’yimni dunyo,
Qishloqi ko’nglimni o’stirdi shahar.
Hayot zahmatlarin ko’rsatdi Xudo,
Ota, sizni eslab uyg’ondim sahar.

Bunda boy berildi qancha muhabbat,
So’ksangiz ham so’zdan ortmagan qizman.
Bildim, peshonamga bitilmagan baxt,
Axir otasiga tortmagan qizman.

Yolg’izlik — bu so’zning, she’ning jazosi
Kimga ishonaman telba ko’nglimni?
Baxtli qilar emish ota duosi,
Ota, duo qiling ikki singlimni.

…Bugun bog’larimda kezib yurar kuz,
Xazonlari to’lib borar yurakka.
Sochiga tolpopuk taqib olgan qiz
Singib ketdi o’tmish degan ertakka.

Ota sog’inaman qishloqni, sizni,
Endi u yo’llarga bo’larmi qaytib.
Unutsinlar so’zga sig’ingan qizni,
Boshqa yig’lamasin onamga ayting.

Bunga qaytib kelmas bahorlar, ota
Kuzga berib qo’ydim ko’ngillarimni.
Mayli, mening barcha bilganim xato…
Siz…
Faqat duo qiling singillarimni,
Faqat duo qiling singillarimni.

***

Umr o’tib borar imkonlarimdan
Yo’qolib boryapti xotira rangi.
Somonyo’li bo’ylab osmonlaringda
Avj olib boryapti tuyg’ular jangi.

Hayot o’yin bo’ldi, o’yin bo’ldi ishq,
Taqdir ko’nglimizni o’yinchoq qildi.
Gullayotgan edim bor bo’yim bilan
Kuzlar sarg’aytirdi, dunyo oq qildi.

Men unsiz to’kildim, sen jim unutding,
O’rtada dod soldi majnuna dillar.
Sen oson ko’nikding, sen jim ko’nikding.
Mening qismatimni quritdi yillar.

Axir yarashgandi bizga muhabbat,
Yarashib ketuvdik yashil hislarga.
Bizlar gullamoqchi bo’luvdik faqat
Dunyo duchor qilding nega kuzlarga?!

Bugun yulduzlarga qorishib ketdik
Bizga gullash uchun berilmadi vaqt.
Kuzning unut bo’lgan yomg’irlariday,
Unutib boryapti bizni muhabbat.

TASHRIF

Tashrifingga to’ladi xonam,
Chap ko’ksimda eriy boshlar muz.
Sen baxt degan sof havo bilan
Quchog’imni to’ldirasan, Kuz.

Shivirlaysan: bari seniki,
Yomg’irlarda yuvingan dunyo.
Muhabbating bilan azizim,
To’ldiradi ko’ksimni Xudo.

Ulg’ayamiz daqiqa sayin,
Soniyalar bilmaydi shafqat.
Nima bo’lar ertadan keyin?
Ertalar yo’q, bugun bor faqat.

Chog’lanasan ketmoqqa kuzim,
Tong shivirlar; bari xom xayol.
Seni esa kutar mo’ltirab
Tunni yolg’iz o’tkazgan ayol.

***

Kuz bog’ida ko’nikmoqning gali bizda,
Yurakkacha yetib bordi sariq ranglar.
Xazonlari uyum-uyum ko’ksimizda
Oqarmayin qo’ydi tonglar, baxtli tonglar.

Kechikkan biz, ichikkan biz, ko’nikkan biz,
Maydaladi taqdirning tosh tegirmoni.
Gullayotgan edik hayot quchog’ida,
Sarg’aytirib ketdi ishqning saratoni.

Kechir deysan, kechir deyman, kechib bo’lmas
Kuzim ko’ngil bo’lolmadi panohimiz.
Biz bilmayin shirin tushlar ko’rib qo’ydik
Bilmaysanmi kimga urar gunohimiz.

Men umrimni bitta-bitta to’kib bo’ldim,
Hayotimni hayot qilgan xayol uchun.
Sen yashaysan, ko’p yashaysan, xazonrezim
Men baxtiga sherik bo’lgan ayol uchun.

***

O’z haddini bilmasa hislar,
Imkonimdan oshib ketsa ishq.
Topolmasam choralar izlab
Gunohgacha borib yetsa ishq.

Bahonalar o’tmaydi bunda,
Bari yolg’on, hammasi yolg’on.
Men yashashni boshlagan kundan
Chap ko’ksimda uyg’ongan isyon.

Ammo hanuz begonaroqman
Tuyg’ulardan baland tolega.
Yigirmaga kirmagan bahor,
Men qadringni bilmadim nega?!

Axir ishqdan baland eding sen,
Baland edim yolg’on so’zlardan.
Ey haddini bilmagan dunyo,
Asrolmading meni kuzlardan.

TUG’ILGAN KUN

Bugun mening tug’lgan kunim,
Bugun bir dil tug’ilgan sana.
Sening ma’yus chehrang hurmati
Shuncha kulib yashadim, ona.

Men dunyoga nazar solyapman,
Bir insonning gulday yoshida.
Nega doim yomg’ir yog’adi
Dekabrning iptidosida?

Tavba, umr buncha shiddatli,
Ma’nosini bo’lmaydi bilib.
Nimalarga sarf qildim seni,
O… umrimning yigirma yili?

Ulkanlashib borar bu savol,
Og’irlashib borar har yili.
Qanday yashasharkan bemalol,
Sal narida turganda o’lim?

Sen ko’p hikmat izlaysan, ona,
Ko’p narsaga ishonishing rost.
Men dunyoga kelgan kunimda
O’zgardimi hayoting biroz?

Jilmaydingmi nogahon, ota,
Ayt, bormidim ko’zing yoshida?
Menga she’rlar yozdirgan dunyo
Qanday edi umrim boshida?

Tasodifmas mening borligim,
Bu taqdirning bir ijrosida.
Ammo nega yomg’ir yog’adi
Dekabrning iptidosida?

Nega doim yomg’ir yog’adi
Dekabrning iptidosida?..

ENDI ALDAMAYMAN

Ona, qo’ldan berdim qancha imkonni,
Xizmating qilmadim kuningga yarab.
Shuncha qiynaganim yetar vijdonni,
Endi aldamayman ko’zingga qarab.

Boqsam, atrofimda yaqinlarim mo’l,
Hech biri kelmaydi holimni so’rab.
Garchi haqiqatga tik boqish mushkul,
Endi aldamayman ko’zingga qarab.

Axir, kundan-kunga cho’kib boryapsan,
Ayt, qachon holingni so’radim, YO Rab.
Yolg’onlarga umring to’kib boryapsan,
Endi aldamayman ko’zingga qarab.

Yolg’on, dunyodagi rostim o’zingsan,
Mana, ulg’aytirding mehringga o’rab.
Yerga ham, ko’kka ham sig’mas qizingman,
Endi aldamayman ko’zingga qarab.

Ko’nikib qolding-da zamon zayliga,
Sira nolimaysan o’zingga qarab.
Haq so’zim boshimga yetsin mayliga,
Endi aldamayman ko’zingga qarab.

Tinmay ahvolimni so’rayverasan,
Vaqt o’tar sochlaring oqini sanab.
Buncha ko’zlarimga qarayverasan,
Axir, aldamayman ko’zingga qarab.

Endi aldamayman ko’zingga qarab…

 

***

Nima bo’lar, ayt, endi bu ishq,
Nima kechar dilning ahvoli?
Sen qop-qora ranglarga oshiq,
Men hurlarning sohibjamoli.

Tafovutlar tengsislikka teng,
Tengliklarni tan olmas yurak.
Asli meni tushunmog’ing chun
Ko’zlarimga tarjimon kerak.

Indamaysan, indash noo’rin
Bizda so’zlash imkoni yo’qda.
Ey hammaga aytilgan sirim,
Ajratadi bizni uch nuqta.

Sen – menlikka yurmas yo’lovchi,
Mening ham yo’q mushtoqlik yerim.
Bu yozuqdan bo’lmaydi qochib
Bu taqdirmas, bu oddiy irim.

Hanuz jimsan, hanuz ojizman
Bizda so’zlash imkoni yo’qda.
Ketolmaysan, unutolmayman
Bog’lab turar bizni uch nuqta…

 

***

Daraxtlar gullabdi shamol o’ynoqi,
Yalpizlar chiqibdi ariq yoniga.
Qarang, bahor kelibdi chog’i,
Derazamning u tomoniga.

***

Men xotirjam uxlayman,
Chap yelkangga qo’yib bosh.
Mening taqdirim haqda o’ylar
sening yelkalaring.
Va og’ir xo’rsiniqdan
ko’tarilib tusha boshlar.
Gunoh qilib qo’ygan boladay.
Men esa xotirjam uxlayman,
Sening chap yelkangga qo’yib bosh.

TO’RTLIKLAR

* * *

Og’irlashayapman vaqt o’tgan sayin,
Boshimda lippillab yonib turar sham.
U qanday yashaydi o, mendan keyin,
Hayotni o’zimga o’rgatib qo’ysam.

* * *

Birov jarroh bo’ldi, birov muallim,
Birovlar yuribdi kuldirib, kulib.
Alloh, meni nega yaratding
Tilanchi qilib?!

* * *

Bergan va’dalaring qani ey, dunyo?
Qani menga qurib bergan iqboling?
Sho’rlig-a, kerilib nima qilarding?
Mendan ham xarobroq ekan-ku holing!

* * *
Ey, dilimning og’rig’i, ishonmasang kelib ko’r,
Ko’zlarimdan sap-sariq g’amlar ketdi ko’karib.
Barin unut, kutib ol, borayapman yoningga,
Bu armonli dunyoni chap ko’ksimda ko’tarib.

* * *

Hayot uqubatga to’la yo’l ekan,
Tentirab yuribman yuragim qonab.
Men doim dardimni ichimga yutdim,
Sizga o’xshamoqchi bo’luvdim, ona.

* * *

Sovuq shamol tegdi yuzimga,
Muzlab ketdi suyak-suyagim.
Bu kun bizlar begona bo’ldik,
Qonab ketdi oyning yuragi.

065

(Tashriflar: umumiy 2 089, bugungi 1)

4 izoh

  1. Мажнуна Журакулова:
    Ustoz katta raxmat! Judayam xursand bo’ldim. Bu she’rlarimni e’lon qilmaganim sababi tengdoshlarim va ustozlarimning nazariga munosib ko’rmagan edim. Fikirlaringiz uchun ham raxmat. Chindan ham SO’Zning qudratidan qo’rqadigan bo’lib qolganman. Chunki, satrlarimning ko’pini yashab berishga majbur bo’ldim. Shu bois yozishda juda ehtiyotkor b.b qoldim.

  2. She’rlarda dard, qayg’u limmo lim, har bir misra yurakning eng chuqur nuqtasidan chiqganligi bilinib turibdi. She’rlarda dardning bu darajada ko’p bo’lishi o’quvchini qalbini ham mahzun qilib qo’yarkan. Nima bo’lganda ham yosh shoiraga Omad tilab qolaman.

  3. Неча йиллардан буён мана энди яхши шеърлар ўқигандай бўлдим. Маза қилдим. Минг рахмат, қизалоқ, энг янги шеърларингизни ўқиб боришни истардим…

Izoh qoldiring