Guljamol Asqarova. Men axir gullarning jamolidirman

034      Умрнинг гўзал ўтиши адабиётга ошуфталик билан белгиланади. «Кичкина шаҳзода» асарида «Феруза гулимизни асрайлик», деган сўзлар келади. Шу қаторда мен ҳам шеър мухлисларига ичимиздаги гулни, яъни кўнглимизни асрайлик, дегим келади ((Гулжамол Асқарова билан суҳбатдан. Суҳбатни мана бу саҳифада ўқинг).

Гулжамол АСҚАРОВА
МЕН АХИР ГУЛЛАРНИНГ ЖАМОЛИМАН
012

    Гулжамол Асқарова 1978 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факулътетини тамомлаган. «Дил фасли”, “Уйғотувчи алла”, “Ошиқлар тумори”, “Эркалик имтиёзи” сингари китоблари нашр этилган. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори.

012

Битта Ватан
034
Одамлар бегона элларда юриб,
Саёҳат завқидан айлармиш ҳузур.
Энг гузал ўлкага йўлласалар ҳам,
Мен бундай ҳузурни туймадим, узр.

Яхшидир эҳтимол бегона элда
Баланд бинолардан ҳайрат топмоқлик.
Мен учун яхшидир ўз уйгинамнинг
Эшигини ҳар кун очиб-ёпмоқлик

О дерлар, воҳ дерлар ўзга юртларни
Сайр ила саёҳат айлаган дўстлар.
Улар айтадилар ғалат эмишман,
Феълимда бор эмиш кўп каму кўстлар.

Биламан ўз юртин телбадек севган
Битта беморман мен дўстлар наздида.
Ҳа, менга шарафли жимгина яшаш,
Ватанни асрабон юрак остида.

Айтарлар:- Истасанг ҳамма юрт — ватан,
Макон айлаш мумкин ҳар не чаманни.
Йўқ! Мен Худойимдан сўраб олганман
Битта пешонамга битта Ватанни.

Дилозорнинг қўшиғи

Дилозорман, дилозор,
Эй, мендан ҳамма безор,
Менга инсоф бер ўзинг,
Тўзим бер, Парвардигор.

Дилозорман, дилозор,
Бошиимда саланглар дор.
Айтинг, кескир қиличдан
Менинг нима фарқим бор?

Дилозорман, дилозор,
Кўнглим ўзимдан ҳам хор.
Шунчаям бераҳмми
Менинг каби бир дилдор?

Дилозорман, дилозор.
Ичимда бир илон бор.
Шу илонни ўлдирсам,
Олам бўлади гулзор.

Дилозорман, дилозор,
Руҳимга ёғади қор.
Қаҳратонни тугатсам,
Бошланади гулбаҳор.

Дилозорман, дилозор,
Ҳеч кимга эмасман зор.
Шу зулмкор дилдорга
Борми бирор харидор?

Дилозорман, дилозор,
Ўзимдан қиламан ор.
Ёмон бўлсам ҳам нега
Севасан, Парвардигор?

Менсиз ҳам

Балки фаришта ҳам асрамас мени,
Ёмонман-ку, балки урмас мени жин.
Лекин, илтимосим, ҳеч ҳачон айтма,
Менсиз ҳам ҳаётинг чиройлилигин.

Менсиз ҳам бахтиёр, шод яна хуррам,
Кўзингда кувончлар билан яшасанг.
Менсиз ҳам хотиринг бўлса агар жам,
Боғингда гулласа гуллар турфа ранг.

Менсиз ҳам ҳар кунинг ўтса осуда,
Менсиз ҳам бахтдан шод ва мамнун кулсанг,
Агарки сен мени соғинсанг жуда
Жаннат чорласа ҳам бормасман, билсанг.

Севмай қолдим дема, бу сўздан қайтгил
Биламан бу тақдир азаллигини.
Фақат қандоқ қилиб тушунай, айтгил
Менсиз ҳам ҳаётинг гўзаллигини.

Шоир

У нурлар бағрига киради секин,
Илоҳий ҳарфлар кўрингач зарҳал.
Шеър уни бағрига олади сокин
Руҳида вулқонлар уйғонган маҳал.

Ишқ келиб қаламни тутар кўлига
Бошланар оғриқлар, дод солар ғамлар.
Яқинроқ боради олис ўлимга,
Денгизлар тубида ёнади шамлар.

О, бу шеър азоби тўлғоқларида
Билинмас рангларнинг қўнғир, оқлари.
Ҳаёт ва ўлимнинг қирғоқларида
Бонг урар руҳининг қўнғироқлари.

Ниҳоят туғилар муқаддас сўзлар,
Юз берар ҳаёт ва ўлим висоли —
У энди лаззатли уйқуга кетар,
Кўзлари ёриган она мисоли.

Ошиқлик

Юрагида азоблар улғайган бешикдирман,
Остонаси ғам кирган, бахт кирган эшикдирман,
Авжи сен билан баланд бетакрор қўшиқдирман,
Ишқ бўлмаса оламмас, шунчаки бўшлиқдирман,
Сен Худога ошиқсан, мен сенга ошиқдирман.

Аёлдир илк бор Одам Атони севган одам,
Севаман деган сўзни, садони севган одам,
Хатолардан дарс олар, хатони севган одам,
Бандани севмайдими, Худони севган одам?
Сен Худога ошиқсан, мен сенга ошиқдирман.

Руҳимни телба этди руҳингдаги оппоқ нур,
Ишқ денгизидан пайдо бўйнингдаги оппоқ дур,
Кел, бахтиёр яшайлик Исрофил чалгунча сур,
Эй, зимистон руҳимни оқ нурга тўлдирган ҳур,
Сен Худога ошиқсан, мен сенга ошиқдирман.

Шаън давралар

Бир жойда депсиниб турганим етар,
Мен шаън давраларга кетмоғим керак.
Кенгликлар бағрига бағрини босиб,
Олис манзилларни соғинди юрак.

Хандон кулгуларим, ўзимга келинг,
Яшамоқ завқига тўлди борлиғим.
Нақадар шарафли, қанчалар яхши,
Бу ёруғ дунёда менинг борлигим.

Шукр, оғриқлиман ишқ дарди бирлан,
Руҳимнинг осмондан ҳомиласи бор.
Не учун чарақлаб ёнмасин кўзим,
Юзимдан бўсалар олганда баҳор.

Йўлимни тўсмангиз қочинг, бўҳтонлар,
Мен битим тузганман қайғулар билан
Ва бутун умримни яшаб ўтарман,
Энг ёруғ, энг гўзал туйғулар билан.

Эй, кир қўлларингни торт мендан, фосиқ,
Қоч, чўчитма нурни, тўсма зиёни.
Мен ахир ГУЛларнинг ЖАМОЛидирман,
Гулларга тўлдириб кетай дунёни!

Сафарда

Кетишимга озгина қолди,
Ўз юртимнинг дийдорин кўргум.
Кўз ёшларим арийди энди,
Чин кулгуга айланар кулгум.

Ўз тилимда сўзлайман энди,
Завқу шавқлар, баҳралар билан.
Бугун қутлуғ учрашувим бор,
Файзли, очиқ чеҳралар билан.

Соддагинам, мунисим халқим,
Томчи-томчи сингдинг қонимга.
Қандоқ қилиб ўрнашиб олдинг,
Бор борлиғим, жон-жаҳонимга.

Ўзбекистон деган исмни,
Манглайдан юракка кўчирдим.
Дийдоринг кўрмаган кунларни,
Умр дафтаримдан ўчирдим.

Фидоликда топай ўзимни,
Қолайин Ватаннинг ёдида.
Чунки фақат тиз чўкиш мумкин,
Худо ва Ватаннинг олдида.

Онасин соғинганлар

Соғиндим, онамни мустаргинамни,
Мунисим, мушфиқим, рангпаргинамни,
Сўлимим, чиройлим, дилбаргинамни,
Йўл беринг, онасин соғинганларга.

Сочига оқ гуллар экибди ҳаёт,
Юзига имзолар чекибди ҳаёт,
Онам хўп чўкибди… тўкибди ҳаёт,
Қўл беринг, онасин соғинганларга.

Кўп меҳр бермадим, хизмат қилмадим,
Қачон хизмат қилсам миннат қилмадим?
Балки пушаймоним шундан, билмадим.
Дил беринг, онасин соғинганларга.

Жуда кўп юрдим мен ўзимни севиб,
Энди кўз ёшларда қолайин ивиб,
Юрак зангларини олсинлар ювиб,
Кул беринг, онасин соғинганларга!

Ҳар тирик жон бориб онасин кўрсин,
Кечикиб қолмасин, илдамроқ юрсин,
Қабригамас, бориб қўлига берсин,
Гул беринг онасин соғинганларга.

Йўл беринг онасин соғинганларга,
Соғиндим, онамни…

Келдим

Келдим, чиқиб кутиб ол мени,
Камалакман, тутиб ол мени,
Айрилиқдан сотиб ол мени,
Сени жуда соғиниб келдим.

Хижронингда қонлар ютдим мен,
Денгизлардан сакраб ўтдим мен,
Бахтдан кўпроқ сени кутдим мен,
Дийдорингга сиғиниб келдим.

Дардимни ол, толиқтирди ғам,
Шам мисоли ёниқ турди ғам,
Менга бунча содиқ турди ғам,
Бир ўзингга юкиниб келдим.

Бахт топмадим сендан йироқда,
Жону кўнглим ёнди фироқда,
Эй қудратлим, қутқар қийноқдан,
Ёш боладек ўкиниб келдим.

Жим турмагил азобинг чексам,
Жим туриб ҳам кўз ёшлар тўксам,
Ҳайрон бўлма пойингга чўксам,
Эски уйдай тўкилиб келдим.

Ишқ руҳимни бемакон қилди,
Битта эдим, бир жаҳон қилди,
Ҳижрон мени имтиҳон қилди,
…Бу синовдан йиқилиб келдим.

Сени жуда соғиниб келдим.

Эсладим

Кўзларингга термулиб,
Кўзларимни эсладим.
Ишқингда сармаст юрган –
Кезларимни эсладим.

Адашсанг гар адашган,
Чўққиларни талашган,
Изларингга эргашган –
Изларимни эсладим.

Ким маржон тизиб кетган,
Ким уни узиб кетган,
Оловдек қизиб кетган –
Юзларимни эсладим.

Севги олов, севги ўқ,
Вужудга текканда чўғ,
Боши йўқ, охири йўқ –
Сўзларимни эсладим.

Ким у кўнглимда юрган,
Руҳимда лола терган,
Ишқинг азоби берган –
Бўзларимни эсладим.

Бермам оҳорларимни,
Осмондек орларимни,
Ўтган баҳорларимни –
Кузларимни эсладим.

Кўзларингга термулиб,
Кўзларимни эсладим.

Ишқ ўти

Тангрим, оч руҳимнинг булоқларини,
Ишқ ювсин кўнглимнинг қирғоқларини,
Ҳис этай тафаккур тўлғоқларини,
Уйғонай!

Завқ олай муҳаббат қаҳридан,
Бол топай илонлар заҳридан,
Энг тоза туйғулар бағрида –
Тўлғонай!

Қўл бериб малаклар, ҳурларга,
Дунёлар очмаган сирларга,
Ҳеч завол билмаган нурларга –
Чўлғонай!

Қутқудан қонимни қутқарма,
Кўнглимни-хонимни қутқарма,
Бу ўтдан жонимни қутқарма,
Бир ёнай!

Манба: «Ёшлик» журнали,9/2015 & «Саодат» журнали веб-саҳифаси

055

Guljamol ASQAROVA
MEN AXIR GULLARNING JAMOLIMAN
012

Guljamol Asqarova 1978 yili tug’ilgan. O’zbekiston Milliy universitetining jurnalistika fakul’tetini tamomlagan. «Dil fasli”, “Uyg’otuvchi alla”, “Oshiqlar tumori”, “Erkalik imtiyozi” singari kitoblari nashr etilgan. Zulfiya nomidagi Davlat mukofoti sovrindori.

012

Bitta Vatan
034
Odamlar begona ellarda yurib,
Sayohat zavqidan aylarmish huzur.
Eng guzal o’lkaga yo’llasalar ham,
Men bunday huzurni tuymadim, uzr.

Yaxshidir ehtimol begona elda
Baland binolardan hayrat topmoqlik.
Men uchun yaxshidir o’z uyginamning
Eshigini har kun ochib-yopmoqlik

O derlar, voh derlar o’zga yurtlarni
Sayr ila sayohat aylagan do’stlar.
Ular aytadilar g’alat emishman,
Fe’limda bor emish ko’p kamu ko’stlar.

Bilaman o’z yurtin telbadek sevgan
Bitta bemorman men do’stlar nazdida.
Ha, menga sharafli jimgina yashash,
Vatanni asrabon yurak ostida.

Aytarlar:- Istasang hamma yurt — vatan,
Makon aylash mumkin har ne chamanni.
Yo’q! Men Xudoyimdan so’rab olganman
Bitta peshonamga bitta Vatanni.

Dilozorning qo’shig’i

Dilozorman, dilozor,
Ey, mendan hamma bezor,
Menga insof ber o’zing,
To’zim ber, Parvardigor.

Dilozorman, dilozor,
Boshiimda salanglar dor.
Ayting, keskir qilichdan
Mening nima farqim bor?

Dilozorman, dilozor,
Ko’nglim o’zimdan ham xor.
Shunchayam berahmmi
Mening kabi bir dildor?

Dilozorman, dilozor.
Ichimda bir ilon bor.
Shu ilonni o’ldirsam,
Olam bo’ladi gulzor.

Dilozorman, dilozor,
Ruhimga yog’adi qor.
Qahratonni tugatsam,
Boshlanadi gulbahor.

Dilozorman, dilozor,
Hech kimga emasman zor.
Shu zulmkor dildorga
Bormi biror xaridor?

Dilozorman, dilozor,
O’zimdan qilaman or.
Yomon bo’lsam ham nega
Sevasan, Parvardigor?

Mensiz ham

Balki farishta ham asramas meni,
Yomonman-ku, balki urmas meni jin.
Lekin, iltimosim, hech hachon aytma,
Mensiz ham hayoting chiroyliligin.

Mensiz ham baxtiyor, shod yana xurram,
Ko’zingda kuvonchlar bilan yashasang.
Mensiz ham xotiring bo’lsa agar jam,
Bog’ingda gullasa gullar turfa rang.

Mensiz ham har kuning o’tsa osuda,
Mensiz ham baxtdan shod va mamnun kulsang,
Agarki sen meni sog’insang juda
Jannat chorlasa ham bormasman, bilsang.

Sevmay qoldim dema, bu so’zdan qaytgil
Bilaman bu taqdir azalligini.
Faqat qandoq qilib tushunay, aytgil
Mensiz ham hayoting go’zalligini.

Shoir

U nurlar bag’riga kiradi sekin,
Ilohiy harflar ko’ringach zarhal.
She’r uni bag’riga oladi sokin
Ruhida vulqonlar uyg’ongan mahal.

Ishq kelib qalamni tutar ko’liga
Boshlanar og’riqlar, dod solar g’amlar.
Yaqinroq boradi olis o’limga,
Dengizlar tubida yonadi shamlar.

O, bu she’r azobi to’lg’oqlarida
Bilinmas ranglarning qo’ng’ir, oqlari.
Hayot va o’limning qirg’oqlarida
Bong urar ruhining qo’ng’iroqlari.

Nihoyat tug’ilar muqaddas so’zlar,
Yuz berar hayot va o’lim visoli —
U endi lazzatli uyquga ketar,
Ko’zlari yorigan ona misoli.

Oshiqlik

Yuragida azoblar ulg’aygan beshikdirman,
Ostonasi g’am kirgan, baxt kirgan eshikdirman,
Avji sen bilan baland betakror qo’shiqdirman,
Ishq bo’lmasa olammas, shunchaki bo’shliqdirman,
Sen Xudoga oshiqsan, men senga oshiqdirman.

Ayoldir ilk bor Odam Atoni sevgan odam,
Sevaman degan so’zni, sadoni sevgan odam,
Xatolardan dars olar, xatoni sevgan odam,
Bandani sevmaydimi, Xudoni sevgan odam?
Sen Xudoga oshiqsan, men senga oshiqdirman.

Ruhimni telba etdi ruhingdagi oppoq nur,
Ishq dengizidan paydo bo’yningdagi oppoq dur,
Kel, baxtiyor yashaylik Isrofil chalguncha sur,
Ey, zimiston ruhimni oq nurga to’ldirgan hur,
Sen Xudoga oshiqsan, men senga oshiqdirman.

Sha’n davralar

Bir joyda depsinib turganim yetar,
Men sha’n davralarga ketmog’im kerak.
Kengliklar bag’riga bag’rini bosib,
Olis manzillarni sog’indi yurak.

Xandon kulgularim, o’zimga keling,
Yashamoq zavqiga to’ldi borlig’im.
Naqadar sharafli, qanchalar yaxshi,
Bu yorug’ dunyoda mening borligim.

Shukr, og’riqliman ishq dardi birlan,
Ruhimning osmondan homilasi bor.
Ne uchun charaqlab yonmasin ko’zim,
Yuzimdan bo’salar olganda bahor.

Yo’limni to’smangiz qoching, bo’htonlar,
Men bitim tuzganman qayg’ular bilan
Va butun umrimni yashab o’tarman,
Eng yorug’, eng go’zal tuyg’ular bilan.

Ey, kir qo’llaringni tort mendan, fosiq,
Qoch, cho’chitma nurni, to’sma ziyoni.
Men axir GULlarning JAMOLidirman,
Gullarga to’ldirib ketay dunyoni!

Safarda

Ketishimga ozgina qoldi,
O’z yurtimning diydorin ko’rgum.
Ko’z yoshlarim ariydi endi,
Chin kulguga aylanar kulgum.

O’z tilimda so’zlayman endi,
Zavqu shavqlar, bahralar bilan.
Bugun qutlug’ uchrashuvim bor,
Fayzli, ochiq chehralar bilan.

Soddaginam, munisim xalqim,
Tomchi-tomchi singding qonimga.
Qandoq qilib o’rnashib olding,
Bor borlig’im, jon-jahonimga.

O’zbekiston degan ismni,
Manglaydan yurakka ko’chirdim.
Diydoring ko’rmagan kunlarni,
Umr daftarimdan o’chirdim.

Fidolikda topay o’zimni,
Qolayin Vatanning yodida.
Chunki faqat tiz cho’kish mumkin,
Xudo va Vatanning oldida.

Onasin sog’inganlar

Sog’indim, onamni mustarginamni,
Munisim, mushfiqim, rangparginamni,
So’limim, chiroylim, dilbarginamni,
Yo’l bering, onasin sog’inganlarga.

Sochiga oq gullar ekibdi hayot,
Yuziga imzolar chekibdi hayot,
Onam xo’p cho’kibdi… to’kibdi hayot,
Qo’l bering, onasin sog’inganlarga.

Ko’p mehr bermadim, xizmat qilmadim,
Qachon xizmat qilsam minnat qilmadim?
Balki pushaymonim shundan, bilmadim.
Dil bering, onasin sog’inganlarga.

Juda ko’p yurdim men o’zimni sevib,
Endi ko’z yoshlarda qolayin ivib,
Yurak zanglarini olsinlar yuvib,
Kul bering, onasin sog’inganlarga!

Har tirik jon borib onasin ko’rsin,
Kechikib qolmasin, ildamroq yursin,
Qabrigamas, borib qo’liga bersin,
Gul bering onasin sog’inganlarga.

Yo’l bering onasin sog’inganlarga,
Sog’indim, onamni…

Keldim

Keldim, chiqib kutib ol meni,
Kamalakman, tutib ol meni,
Ayriliqdan sotib ol meni,
Seni juda sog’inib keldim.

Xijroningda qonlar yutdim men,
Dengizlardan sakrab o’tdim men,
Baxtdan ko’proq seni kutdim men,
Diydoringga sig’inib keldim.

Dardimni ol, toliqtirdi g’am,
Sham misoli yoniq turdi g’am,
Menga buncha sodiq turdi g’am,
Bir o’zingga yukinib keldim.

Baxt topmadim sendan yiroqda,
Jonu ko’nglim yondi firoqda,
Ey qudratlim, qutqar qiynoqdan,
Yosh boladek o’kinib keldim.

Jim turmagil azobing cheksam,
Jim turib ham ko’z yoshlar to’ksam,
Hayron bo’lma poyingga cho’ksam,
Eski uyday to’kilib keldim.

Ishq ruhimni bemakon qildi,
Bitta edim, bir jahon qildi,
Hijron meni imtihon qildi,
…Bu sinovdan yiqilib keldim.

Seni juda sog’inib keldim.

Esladim

Ko’zlaringga termulib,
Ko’zlarimni esladim.
Ishqingda sarmast yurgan –
Kezlarimni esladim.

Adashsang gar adashgan,
Cho’qqilarni talashgan,
Izlaringga ergashgan –
Izlarimni esladim.

Kim marjon tizib ketgan,
Kim uni uzib ketgan,
Olovdek qizib ketgan –
Yuzlarimni esladim.

Sevgi olov, sevgi o’q,
Vujudga tekkanda cho’g’,
Boshi yo’q, oxiri yo’q –
So’zlarimni esladim.

Kim u ko’nglimda yurgan,
Ruhimda lola tergan,
Ishqing azobi bergan –
Bo’zlarimni esladim.

Bermam ohorlarimni,
Osmondek orlarimni,
O’tgan bahorlarimni –
Kuzlarimni esladim.

Ko’zlaringga termulib,
Ko’zlarimni esladim.

Ishq o’ti

Tangrim, och ruhimning buloqlarini,
Ishq yuvsin ko’nglimning qirg’oqlarini,
His etay tafakkur to’lg’oqlarini,
Uyg’onay!

Zavq olay muhabbat qahridan,
Bol topay ilonlar zahridan,
Eng toza tuyg’ular bag’rida –
To’lg’onay!

Qo’l berib malaklar, hurlarga,
Dunyolar ochmagan sirlarga,
Hech zavol bilmagan nurlarga –
Cho’lg’onay!

Qutqudan qonimni qutqarma,
Ko’nglimni-xonimni qutqarma,
Bu o’tdan jonimni qutqarma,
Bir yonay!

Manba: «Yoshlik» jurnali,9/2015 & «Saodat» jurnali veb-sahifasi

055

(Tashriflar: umumiy 1 967, bugungi 2)

3 izoh

  1. Лекин, илтимосим, ҳеч ҳачон айтма,
    Менсиз ҳам ҳаётинг чиройлилигин…
    Гул опа, сатрларингиз юрагимнинг энг яқин дўсти… Илоҳим, халқ дарди, шеър азоби билан уйғоқ қалбингизга кўзлар тегмасин!

  2. жуда ажойиб шоира хурмат киламан шеьрлари кандайдир дард бор хар доим шундай чиройли шеьрлар ёзинг

  3. Мана 6 йил деганда яна укмябман шеьрларини Оллохим берган ажойиб кобилият сохибаси

Izoh qoldiring