Gulandom Tog’ayeva. She’rlar & Guljamol Asqarova. Tabrik va taskin

Ashampoo_Snap_2017.12.04_23h06m37s_001_aa.png    Вахшивор ҳақида ўйласам, Сизни, Сўфи Оллоёр бобони эслайман, худдики қачонлардир Каттақўрғонимдан Вахшиворга кетган Сўфи Оллоёр бобом шу икки худудни ва Сизга бўлган меҳримни янаям мустаҳкам боғлаб тургандек туюлади. Балки булар ҳам одамнинг илоҳий ришталар, муқаддас нуқталар, азалга туташтиргувчи белгилар, моҳият излаш каби одати билан боғлиқ бир ҳоллардир, билмадим, кўп нарсага ақлим етмайди опа. Ҳар қалай Сизга ўзимни ва юрагимни боғлиқ кўраман, шеърларингиздаги чуқур ва тийран изтиробга ўзимни яқин сезаман…

Гулжамол Асқарова
ТАБРИК ВА ТАСКИН
065

Ҳар йили 27 декабр куни тонгида кўзимни очишим билан хаёлимга сувдек оқиб кирадиган битта фикр бор: Бугун Иброҳим Ғафуров ва Гулондом Тоғаеванинг туғилган куни! Негадир узоқ йиллардан буён шундай… Ишларим бошимдан ошиб-тошиб, эшигимда навбат кутиб турувчилар кўп бўлган йилларда ҳам, ишдан қўлим ҳам ўзим ҳам бўшаб, остонам қадам изисиз қолган йилларда ҳам 27 декабрнинг тонгида сачраб, югурик сувдек югургилаб шу фикр келади ҳаёлимга. Балки бу ҳам бир ҳамрозлик, уйғунлик ва меҳрдандир, билмадим, ҳар қалай шундай.

Менга маъқул, севимли ижодкорларимнинг туғилган кунларини (худди соат қулоғини бураб уйғотадиган вақтга қўйиб қўйганингизда жиринглаб уйғотгани каби) эсга соладиган бир хушхабарчи, адабий бир оролча пайдо бўлди маърифий ҳаётимизда, бу севимли ва зариф шоиримиз Хуршид Давроннинг сайти! Мен шу сайтга деб ўнлаб нарсалар ёзаману, ҳаммасини жўнатишаг журъат қилолмайман. Лекин ҳозир ёзаётганимни албатта жўнатаман, чунки бу бир кўнгилни яшнатишга, бир кўнгилни олишга яраши мумкин. Мен 27 деабрда туғилган куни нишонланадиган ёрқин истеъдод соҳибаси Гулондом Тоғаевага мактуб йўлламоқчиман.

065

Азиз ва қадрли Гулондом опа!

c7cbb99a1fac49ef2b100b6e5a746e81.jpgСизни туғилган кунингиз билан қутлаш учун чоғланар эканман, умримнинг Сизни, исмингизни таниган илк йиллари ёдимга тушди. Опам билан журналу газеталарни бир-биримиздан тортиб олиб, бош кўтармай ўқирдик. Овқатланаётганда ҳам, иш қилаётганда ҳам, бўш вақтга ўхшаган банд пайтимизда ҳам ўқирдик. Иш қилаётганимизда отам биздан олдин ўқиб бўлиб кўрпача қатида қолдирган газетани топиб олсак, бас, “ҳамма ишнинг белидан тепиларди”, онамни даккилари ёғиларди. Шундай йилларимизда ўша 90 йилларнинг бошида Сизнинг Халқ шоираси Ойдин Ҳожиевага ёзган хатларингиз “Гулхан”да, шеърларингиз матбуот саҳифаларида эълон қилинган эди. Жуда гўзал ва самимий эди улар. Хотирам кунжакларида қолиб кетган айримларини эслайман ҳам. “Ойдин опа, Сизга Вахшивор тоғларида қанча арча бўлса ўша арчаларчалик салом йўллайман” деган маънодаги сатрлар бор эди ўша мактубларда. “Битта Навоийга она бўламан, Қачон туғилади Навоий дунё” деган сатрларингиз бизга Вахшивор тоғларида акс-садо бериб эшитиларди гўё.

Вахшивор ҳақида ўйласам, Сизни, Сўфи Оллоёр бобони эслайман, худдики қачонлардир Каттақўрғонимдан Вахшиворга кетган Сўфи Оллоёр бобом шу икки худудни ва Сизга бўлган меҳримни янаям мустаҳкам боғлаб тургандек туюлади. Балки булар ҳам одамнинг илоҳий ришталар, муқаддас нуқталар, азалга туташтиргувчи белгилар, моҳият излаш каби одати билан боғлиқ бир ҳоллардир, билмадим, кўп нарсага ақлим етмайди опа. Ҳар қалай Сизга ўзимни ва юрагимни боғлиқ кўраман, шеърларингиздаги чуқур ва тийран изтиробга ўзимни яқин сезаман.

1995 йиллар… Талабалар ётоқхонасида кўзларимиз ҳайрат ва ҳайроналикдан катта-катта бўлиб юрган йилларда яна Сизнинг исмингизга дуч келдим. Ҳар куни шеърларингиз ўқилар, Ваҳобиддин Зиё деган акамиз томонидан қўшиқ қилиб ҳам куйланар эди.

Музтарин ҳолимга кулганлар эмас,
Настарин исидан ўлганлар эмас,
Менинг куйларимда куйганлар эмас,
Севганлар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим…

деб Миртемир бобонинг сатрларидан иқтибос олиб ёзган шеърларингизда мен чин абадият қайғусини, тақдирнинг ногоҳоний ва муқаррар зарбаларининг олдиндан сезиб чекилган нолаларини туярдим.

Кейин “Чақмоқ хўрсиниқлари” номли китобингизнинг “астар-авраси”ни чиқардик, ёдладик, суйдик, суйдирдик, бошқаларга ҳам Гулондом опа шеърларига бўлган ошиқлиқни юқтирдик. Бир кун дугоналарим Шарифа Гулноз, қадрли Гулзебо опам Сизни кўришга боришга мени ҳам чорладилар. Мен бормадим. Билмадим дуч келиш ҳар доим ҳам тасаввурингни бутун сақлаб қолишингга кафолат бермагани учунмикан, ишқилиб бормадим. Кунлардан бир кун бордим, ўша дугоналару ва опаларим билан. Сиз улуғвор, ўзига ишонган, ҳар куни юрагидан, моҳиятидан тонна-тонна инжулар қазиб олиши, ёки моҳият денгизига чўкиб ҳовуч-ҳовуч марваридларни олиб чиқиши аниқ бўлган одам бўлиб кўринган эдингиз менга ўшанда. Бундай муҳташамликдан унча-мунча ҳайиққанман ҳам. Сўфийлар, тариқат, Румию Бедиллардан гапириб турган одамни учратсанг шундай бўлиши табиий назаримда. Сочингиз ўртадан фарқ очилиб, битта қилиб ўрилган, одми ва содда, лекин анча виқорли эдингиз. Йиллар ўтса ҳам Сиз зоҳирдага оддий ва одмилигингизга, ботиндаги озодалик ва вазминликка, дарвешона сукутга садоқат сақлаб келаётирсиз.

Шундай қилиб, ўша учрашувдан сўнг Сизнинг биз ҳақимиздаги хулосаларингиз муҳокамасида мен илк имтиҳонингиздан йиқилганимни айтишди, “опа Сени ёқтирмади” дейишди менга. Мен бирдан, бир кўргандаёқ ёқиб қоламан деган умид ёлқинчасидан ҳечам умидвор бўлмаган одам сифатида жа хомҳаёлдан эмаслигим боис, унча чўкмадим, яхшиси Гулондом Тоғаевадан ҳам зўр ёзиб, яхши кўришга арзишимни исботлаб қўя қоламан деб ўзимга сўз бердим, ва бу йўлда кўп уриндим. Лекин, сенинг юрагингга ҳеч бир сўроқсиз, айниқса сўзи ва шеъри билан кирган одамлардан ўзингни устун қўя олмас экансан одам. Шу боис ва бу майдонда ҳам ҳар ким ўз тақдирига ёзилган қўшиқларнигина айта олишини англаб Сиздан зўр бўлиш борасидаги онтимни унутдим. Биласиз, мусофирчилик, талабалик, қўли қисқалик, қарздорлик деган сўзлар ёнма-ён юради. Бир кун 10 минг сўм қарз сўраб борганим, ўшанда очиқ юз билан ёрдам қилганингиз ёдингиздадир. Ўшанда ижодкор зотидаги ҳайриҳоҳлик, бир-бирини қўллаш каби фазилатга яна бир бор дуч келганман, кейин, айниқса ҳозир бундай ҳайриҳоҳликни кам учратдим, учратаяпман… Мен қарз бериш маъносида эмас, катта маънодаги ҳайрихоҳликни назарда тутаяпман.
Ўша пайтларда, бундан йигирма йиллар авваллари “Менсиз яшаб кўрсин дунё, кўрсин тошни ўқитиб. Қай оловхўр яшар экан, юрагини чўқитиб”, “Мен кимнинг ушалган сўзи эканман” каби сатрларингиз менинг хотирам пештоқларига абадий ёзилиб қолган опа.

Ўша дамларда негадир “акажон, окажон” қилиб шоир бўламан деб пинж излаб югуриб юрганлар сийланиб, Сизнинг шеърларингизни танқид қилишгани ва бу танқиддан кўра таҳқирга ўхшаган нарса миллий иллатларимиз оқибати эканидан қаттиқ дилгир бўлганларим ёдимда. Ўзимча ўшанда Ҳазрат тили билан “мевали дарахтга тош отарлар, вале мевасизга отмаслар” деб ўзимни овутгандим. Аслида бу фикрни, яъни мевали дарахтга тош отадилар деган таскинни ўзим ҳечам ёқтирмайман, лекин начора. Ҳаёлимда узоқ йўл юриб, манзилга келиб эшикни тақиллатгансизу, эшикни очишибоқ юзингизга тарсаки туширишгандек туюлган менга ўшанда. Менимча шу ҳолат ҳам Сизни ўзингизга чўкишга, ўз моҳиятингиз ичига яшринишга, Навоий бобонинг “Парим бўлса учиб қочсам улусдан, то қанотим бор, Қанотим куйса учмоқдин, Югурсам то ҳаётим бор” деган сатрлари мазмунини умрингиз қатларига сингдиришга мажбур қилгандек туюлади менга. Катта маънодаги ҳайриҳохликнинг камёблиги ёмонда опа.

Сатрларингизни такрорлаб тураман, айниқса 27 декабрда, туғилган кунингизда. Мана менга ёд бўлиб кетганларидан айримлари:

Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Қўлларига сув қуймадим саҳарларда.
Шоир бўлгин қизим, дея жўнатувди,
Лек шеърларим қолиб кетди дафтарларда.

***
Бир шоҳликнинг гадолиги бор,
Гадоликда бор бир кун фусун.
Этмоқчиман кўнглимни изҳор,
Мен муҳтожман кимгадир бугун.

***
Бир лаҳза тўхтади шиддат ва орзу,-
Зоғлар булбулликни даъво қилдилар.

***
Ўз халқингнинг тимсоли бўл,
Бўл Халқингга ривоят.
Шундай яша, сен ҳақингда
Айласинлар ҳикоят…

Шоирга шоир деган рутбани бераман дегичлар “бугунги мезонлар қандай, шоирлик мезонлари қанақа энди?” деб сўрашади бот-бот. “Мен қайдан билай бугунги мезонларни, мен кечагиманку” деб энса қотираман. Ростдан ҳам опа, Сизларнинг авлодларингиз, яъни, Фарход Арзиев, Бектемир Пирнафасов, сал кейинроқ Нурулла Нарзуллаев, Нодир Жонузоқлардан кейин шу мезонга тўғри келадиганларни эслолмайман, балки хотирам ёмондир, балки фақат кечагиларни кўрар кўзларим. Майли, недир оғир ботса кечиришар…

Сиз билан кўп суҳбатларим, ўйлаб қарасам, тақдирнинг мўъжизалари, шахслик даражалари, “фалак бедодиға чора излаш”лар ҳақида борар экан. Тақдирни тўғирлаш, ҳаётни изга солиш, фаровонроқ яшаш… Худонинг илоҳий адолатини кутиш… Шеърларимиз дунё тугул ўзимизни ҳам ўзгартира олмаётгани, билимларимиз ва шеърий хирмонимиз ғоятда ғариб экани ва ҳоказолар мен ва сизнинг мавзуларимиз… Майли, ялтир-юлтир, гапу гаштак, бировни “элга” қўшиш, яллама ёрим яллола, у ишдан кетди, ановни йўқотиш керак каби мавзулар эмас ҳар қалай. Тўғрими опа?

Яна қачон кузатмай бу кўҳна дунёнинг қадим қадриятларига амал қилган ҳолда, жигарларингиз, яқинларингиз ташвиши ичра балогардон кўраман Сизни. Отаму онам ёнларида бўлолмадим деб кўп куйинасиз, шоирлигимнинг кўпга нафи тегмади деб оғринасиз. Гарчи бу жиҳатлар замонамизда тоборо камёб бўлиб бораётган юксак одамийликнинг айрим кўринишлари бўлсада, шуларга сочилиб кетаётган умримиз, меҳнатимиз ва маълум маънода истеъдодимиз учун ачинаман баъзан. Тирикчилик ташвишлари бошимни қотириб, оғирлик қилганларида Машраб бобонинг “Нур бўлар эрдим агар нафс аждоҳоси бўлмаса”, Нодирабегимнинг “Ки азиз одамнинг хор қилур эҳтиёж” деган сатрларини баланд овозда такрорлаб қўяман. Ўзим шу фикрларимда маъюс юрганимда таниқли мунаққид Қозоқбой Йўлдошев ҳам шу фикримга ҳамоҳанг тарзда “Сизларнинг маиший ташвишларга, азалдан қолган юкларни кўтаришга, бошпанали бўлишга сарфланган умрларингга ачинаманда” деб қолдилар. Ўзимиз ҳам ачинамиз домлажон, лекин начора…

Дийдиё қилишимни қаранг, аслида Сизни туғилган кунингиз билан табрикламоқчи эдим. Опажон, баъзида мен унутилдим дегандек нолиш қиласиз, йўқ, менимча Сиз ҳам унутилмаслар сафидасиз. Чунки менинг яқинларим орасида энг севимлим устозимиз Ҳалима Худойбердиева Сизни тез-тез сўраб турадилар, Сизга яхши бўлишини, яхши нарсалар ёзишингизни истайдилар. Шеърият маликаси Сизни йўқлаб турибдику, ҳатто унинг меҳрига дохилсизку, нега унитилдим дейсиз опа?! Бошқа яхшилар ҳам Сизни кўп эслашади. Одамлар унитишга мойил, лекин бутун бир халқ эмас! Мухлисларингиз ҳам сўрайди.

Бир шеърингизда:

Манзил яқин йўллар бирдир, умр юки оғринтирмас,
Севикли дўст ёнгинангда елкасини тутар бўлса!

дегансиз. Қани эди, умр юкларини оғиринмай кўтаришингга ёрдам берадиган беминнат дўстларинг бўлса, қанийди? Одамга одамнинг ёрдамисиз қийинда ахир. Тўғри дўстлар бор, фақат елкалари у қадар кенг эмас, бизнинг бошлар у елкаларга сиғмайди, опа. Шундай пайтларда севимли ёзувчим  асаридаги “Замонамизда зарофатлиғ кишилар кам қолмишдир, мавлоно” деган сатрларини такрорлаб қўяман.

Опа, 2017 йил адашмасам Сиз 45 ёшга тўласиз. Бу йил билан ҳам миннатдор хайрлашсак бўлади. Негаки бу йил (азиз устозимиз Турсуной Содиқованинг ўлими юрак юрагимизни ўртаган бўлсада) узоқ йиллик таъқиқ ва инкордан кейин азизимиз, қадрлимиз Ҳалима Худойбердиеванинг (мамлакат раҳбарининг тарихий бир хатони адолат билан тўғирлаб қўйиши натижасида) юзага чиқиши, кўп яхши ижодкорларимиз, хусусан Омон Матжон, Усмон Азимларнинг азиз чеҳраларини телеканалларда кўриб баҳра олиб турганимиз, қадрли Иброҳим Ғафуровнинг 80 йиллиги нишонланиши каби бахтиёрликлар, хушхабарлар билан бизни хушнуд этди. Бу йилга ҳам раҳмат айтсак бўлади.

Гулондом опа!
Туғилган кунингиз муборак бўлсин! Худо илоҳий илҳомларидан баҳраманд этаверсин! Яхши биласиз, шоирлик бахт ҳам эмас, лекин барибир бунда нимадир жудаям лазиз, жудаям нурли. Шоир яхши бўлиш учун тинимсиз ҳаракат қилаётган одам менимча, Сизга қандай билмадим, мен шеър ёзаётганимда ёмон одаммаслигимни исботлашга ҳаракат қилаётгандек туюламан.

Айтмоқчи бўлганим, Сиз яхши одамсиз, яхши шоирсиз! Илоҳим фақат яхшиликлар кўринг, яхшиликлар ичра бўлинг! Бир сингил опасига нимаики эзгулик тиласа шуларни тилайман!

Табрик ва таскиним сўнггида ўзингизнинг ҳақиқатларингиз акс-садо бериб турган шеърингизни келтиряпман, зеро шу шеърнинг ўзи Сизнинг қалбингиз сувратидир, табассумингиз ва изтиробингизнинг сояси, дунёга таъкиламоқчи бўлган СЎЗингизнинг аслидир! Муборак бўлсин опажон!

Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда,
Хиёнат қилмаса агар дўстларинг.
Тобут кўтармасанг пою пиёда,
Ташлаб кетганида яқин-ўзларинг.

Ҳасад қилмасалар ёзган шеърингга,
Газетни тўлдириб қилмаса ғийбат,
Душмани кам одам кичик одамдир,
О, шунда ҳолингдан қиламан ҳасрат.

Ботқоққа тушса ҳам қуёшнинг нури,
У қуёшлигича қолаверади.
Шоирнинг қисмати Ёритмоқ фақат
Ҳар ким ўзича нур олаверади.

Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда,
Қон ҳидин туймасанг сут билан қўшиб.
Юксакдан яхшироқ кўринар экан
Бир-бирига ўхшаб-тобут ва бешик.

Чалмай тур сурингни бир пас, Исрофил,
Улгурай, элимга чин фарзанд бўлай.
Чўққини кўрмасдан кетмасин ғофил,
Ҳасадгўй дўстларим бунда чақирай.

Сирот кўпригига ўхшар шеърият,
Унда сўзлаб бўлмас ёлғондан сира.
Мана, тахайюлнинг шаробига боқ,-
Кел, уни ичайлик қолиб бокира.

Ҳар сўзинг ибодат бўлмаса агар,
Ҳар кунинг элингга бир эм бўлмаса.
Тимсолда, мисолда, ҳар бир ташбеҳда,
Айтган ҳар сўзингга сен тенг бўлмасанг,
Шоир бўлиб бўлмас асло дунёда…

Эҳтиром билан синглингиз Гулжамол.

Гуландом ТОҒАЕВА
СЕНИНГ АЛБОМИНГГА
Туркум
022

Гуландом Тоғаева 1972 йилнинг 27 декабрида (1 январида деган маълумот ҳам бор) Сурхондарё вилояти  Олтинсой  туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида таваллуд топган.  Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетида таҳсил олган. Кейинги йилларда “Чақмоқ хўрсиниқлари”(1995), “Муҳаббат асри”(2004) каби шеърий китобларим чоп этилган. 1999 йили “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.2007 йили “Ўзбек матбуотида тасаввуф таълимотининг ёритилиши: муаммолари, тамойиллари ва шакллари” мавзуида номзодлик ишини ҳимоя қилган. Ҳозирда Ўзбекистон телерадиокомпаниясида фаолият юритмоқда.

022

 

I

Сени умид билан яхши кўраман,image.jpg
Сени деб тўкилган кўзёш ҳам ширин.
Шу боис, кўчангда маъюс тураман,
Сен гўзал сиримсан: очиқ, яширин.

Шу етти рақамни тераман тинмай,
Мен бахтсиз ҳеч сенга эмасман лойиқ.
Ҳатто бир “алло”га арзимайману
Фақат сен ҳақдаги орзум чиройлик.

Қишларга бермаган баҳоримсан, сен,
Кўчангда тош бўлай, босмасдан ўтма.
Умримнинг энг ширин саҳарисан, сен,
Илтимос, юрагим тўридан кетма!

II

Ошиқлик заҳматини
Тоғлар кўтаролмаслар.
У Мажнунга муносиб,
Соғлар кўтаролмаслар.

Мен ҳам бечора ошиқ
Кўзларимда ёш бугун.
Тилимда сўнмас қўшиқ, –
Борми қалбингда ўрним?

III

Севаман. Шу сўзда жам бўлди дунё,
Шу сўз етишмаса кам бўлди дунё.
Ширин табассуминг офтобдай иссиқ ,
Бу офтоб олдида шам бўлди дунё.

IV

Ҳеч қалбни сенчалик истамаганман,
Ҳеч кимга сенчалик очмаганман дил.
Ишқ дардин мардларга чиқарган экан,
Соғинчдан юрагим кул бўлди буткул.

Ол, кузнинг серҳашам неъматларини,
Қишнинг пок қорлари, нози ҳам сенга.
Офтобни интизор-интизор кутган
Қор гулидек қўнсам иссиқ эгнингга.

Сўзласанг, сўзингдай асал топилмас,
Кўнглингдай сирга кон масал топилмас.
Ишқингда беморлар сафини кўргин,
Соғинчдан мен каби касал топилмас.

V

Шу ғанимат дунёда
Нечун ғам, бунча кўзёш?
Нечун минг-минг изтироб,
Бунча эгилган бу бош?

Беш миллиард одам ичра
Менга бир дийдор даво.
Гўё минглаб дардларга
Биттагинадир шифо.

Дўстлар бир қош камоннинг
Ёйи бўлмай ғамгинман.
Васлига лойиқ бўлмай,
Ҳижронига маҳкумман.

Дўстман, тан олинмаган,
Ошиқман, киши билмас.
Бир кун васли бўлмаса
Ошиқ дунёга келмас.

Шу ғанимат дунёда
Тугаяпман бир шамдай.
Дунём мунаввар айлаб,
Келгил сўлим оқшомдай.

VI

Ҳар кимнинг кимдадир насибаси бор,
Биров, биров учун кафтда кулган бахт.
Ким бирга туриб ҳам висолига зор,
Кимдир қай кимсага ҳижрондир фақат.

VII

Қўл узатсам, етмас юлдузсан,
Зулмат ичра шамга урилдим.
Ишқ атридан топдиму ўлим,
Исминг айтиб қайта тирилдим.

Мавжларингда қолайин,майли,
Анбар балиқ қошига чўкиб.
Ўшанда ҳам кетгайман охир
Камалакдан бир дарахт экиб.

VIII

Тонгдан оқшомгача хаёлимдасан,
Топган ҳар жавобу саволимдасан.
Бир гулман, пойингда очиладиган,
Масалман, қўлингда ечиладиган.

IX

Умидим, умримга ярашган,
Умидим – кунларим мазмуни.
Кўзлари бахт ила сўрашган,
Энг ширин дамларим афсуни.

Умидим, умримга ярашган,
Орзуйим – яширин армоним.
Бўйлари офтоб-ла бўйлашган,
Кулгуси дардимга дармоним.

Умидим – кўзлари суюнчлим,
Кўрсат, киприкларинг кўрайин.
Кўзларим устида бўл доим,
Кел, киприк ўрнида кўрайин,

Эй, дўстим, умримнинг чиройи!

X

Севги ширин, агар ошиқ ёр васлига етар бўлса,
Маҳбубинг ҳам ишқ шаробин қўлларингга тутар бўлса.

Манзил яқин, йўллар бирдир, умр юки оғринтирмас,
Севикли дўст ёнгинангда елкасини тутар бўлса!

XI

Кўпдан кутдим, кузатсам зора
Лабларингнинг ҳаракатини.
Тангрим сенга лутф этиб берган
Сукут сўзлар баракатини.

Фироқ ичра кўпдан интиқман,
Дилда ёнар исмсиз бир ўт.
Кўнгил фақат сенга интизор,
Юрак айтар сен учун дуруд.

Муҳаббатнинг минг бир куйи бор,
Бор қайғумни ичга яширдим.
Ҳар зарраму ҳужайрамгача
Борлиғимни куйга топширдим…

 Ashampoo_Snap_2017.12.11_17h35m10s_001_.png   Vaxshivor haqida o‘ylasam, Sizni, So‘fi Olloyor boboni eslayman, xuddiki qachonlardir Kattaqo‘rg‘onimdan Vaxshivorga ketgan So‘fi Olloyor bobom shu ikki xududni va Sizga bo‘lgan mehrimni yanayam mustahkam bog‘lab turgandek tuyuladi. Balki bular ham odamning ilohiy rishtalar, muqaddas nuqtalar, azalga tutashtirguvchi belgilar, mohiyat izlash kabi odati bilan bog‘liq bir hollardir, bilmadim, ko‘p narsaga aqlim yetmaydi opa. Har qalay Sizga o‘zimni va yuragimni bog‘liq ko‘raman, she’rlaringizdagi chuqur va tiyran iztirobga o‘zimni yaqin sezaman…

Guljamol Asqarova
TABRIK VA TASKIN
065

Har yili 27 dekabr kuni tongida ko‘zimni ochishim bilan xayolimga suvdek oqib kiradigan bitta fikr bor: Bugun Ibrohim G‘afurov va Gulondom Tog‘ayevaning tug‘ilgan kuni! Negadir uzoq yillardan buyon shunday… Ishlarim boshimdan oshib-toshib, eshigimda navbat kutib turuvchilar ko‘p bo‘lgan yillarda ham, ishdan qo‘lim ham o‘zim ham bo‘shab, ostonam qadam izisiz qolgan yillarda ham 27 dekabrning tongida sachrab, yugurik suvdek yugurgilab shu fikr keladi hayolimga. Balki bu ham bir hamrozlik, uyg‘unlik va mehrdandir, bilmadim, har qalay shunday.

Menga ma’qul, sevimli ijodkorlarimning tug‘ilgan kunlarini (xuddi soat qulog‘ini burab uyg‘otadigan vaqtga qo‘yib qo‘yganingizda jiringlab uyg‘otgani kabi) esga soladigan bir xushxabarchi, adabiy bir orolcha paydo bo‘ldi ma’rifiy hayotimizda, bu sevimli va zarif shoirimiz Xurshid Davronning sayti! Men shu saytga deb o‘nlab narsalar yozamanu, hammasini jo‘natishag jur’at qilolmayman. Lekin hozir yozayotganimni albatta jo‘nataman, chunki bu bir ko‘ngilni yashnatishga, bir ko‘ngilni olishga yarashi mumkin. Men 27 deabrda tug‘ilgan kuni nishonlanadigan yorqin iste’dod sohibasi Gulondom Tog‘ayevaga maktub yo‘llamoqchiman.

065

Aziz va qadrli Gulondom opa!

Sizni tug‘ilgan kuningiz bilan qutlash uchun chog‘lanar ekanman, umrimning Sizni, ismingizni tanigan ilk yillari yodimga tushdi. Opam bilan jurnalu gazetalarni bir-birimizdan tortib olib, bosh ko‘tarmay o‘qirdik. Ovqatlanayotganda ham, ish qilayotganda ham, bo‘sh vaqtga o‘xshagan band paytimizda ham o‘qirdik. Ish qilayotganimizda otam bizdan oldin o‘qib bo‘lib ko‘rpacha qatida qoldirgan gazetani topib olsak, bas, “hamma ishning belidan tepilardi”, onamni dakkilari yog‘ilardi. Shunday yillarimizda o‘sha 90 yillarning boshida Sizning Xalq shoirasi Oydin Hojiyevaga yozgan xatlaringiz “Gulxan”da, she’rlaringiz matbuot sahifalarida e’lon qilingan edi. Juda go‘zal va samimiy edi ular. Xotiram kunjaklarida qolib ketgan ayrimlarini eslayman ham. “Oydin opa, Sizga Vaxshivor tog‘larida qancha archa bo‘lsa o‘sha archalarchalik salom yo‘llayman” degan ma’nodagi satrlar bor edi o‘sha maktublarda. “Bitta Navoiyga ona bo‘laman, Qachon tug‘iladi Navoiy dunyo” degan satrlaringiz bizga Vaxshivor tog‘larida aks-sado berib eshitilardi go‘yo.

Vaxshivor haqida o‘ylasam, Sizni, So‘fi Olloyor boboni eslayman, xuddiki qachonlardir Kattaqo‘rg‘onimdan Vaxshivorga ketgan So‘fi Olloyor bobom shu ikki xududni va Sizga bo‘lgan mehrimni yanayam mustahkam bog‘lab turgandek tuyuladi. Balki bular ham odamning ilohiy rishtalar, muqaddas nuqtalar, azalga tutashtirguvchi belgilar, mohiyat izlash kabi odati bilan bog‘liq bir hollardir, bilmadim, ko‘p narsaga aqlim yetmaydi opa. Har qalay Sizga o‘zimni va yuragimni bog‘liq ko‘raman, she’rlaringizdagi chuqur va tiyran iztirobga o‘zimni yaqin sezaman.

1995 yillar… Talabalar yotoqxonasida ko‘zlarimiz hayrat va hayronalikdan katta-katta bo‘lib yurgan yillarda yana Sizning ismingizga duch keldim. Har kuni she’rlaringiz o‘qilar, Vahobiddin Ziyo degan akamiz tomonidan qo‘shiq qilib ham kuylanar edi.

Muztarin holimga kulganlar emas,
Nastarin isidan o‘lganlar emas,
Mening kuylarimda kuyganlar emas,
Sevganlar yig‘lasin, men yig‘lab bo‘ldim…

deb Mirtemir boboning satrlaridan iqtibos olib yozgan she’rlaringizda men chin abadiyat qayg‘usini, taqdirning nogohoniy va muqarrar zarbalarining oldindan sezib chekilgan nolalarini tuyardim.

Keyin “Chaqmoq xo‘rsiniqlari” nomli kitobingizning “astar-avrasi”ni chiqardik, yodladik, suydik, suydirdik, boshqalarga ham Gulondom opa she’rlariga bo‘lgan oshiqliqni yuqtirdik. Bir kun dugonalarim Sharifa Gulnoz, qadrli Gulzebo opam Sizni ko‘rishga borishga meni ham chorladilar. Men bormadim. Bilmadim duch kelish har doim ham tasavvuringni butun saqlab qolishingga kafolat bermagani uchunmikan, ishqilib bormadim. Kunlardan bir kun bordim, o‘sha dugonalaru va opalarim bilan. Siz ulug‘vor, o‘ziga ishongan, har kuni yuragidan, mohiyatidan tonna-tonna injular qazib olishi, yoki mohiyat dengiziga cho‘kib hovuch-hovuch marvaridlarni olib chiqishi aniq bo‘lgan odam bo‘lib ko‘ringan edingiz menga o‘shanda. Bunday muhtashamlikdan uncha-muncha hayiqqanman ham. So‘fiylar, tariqat, Rumiyu Bedillardan gapirib turgan odamni uchratsang shunday bo‘lishi tabiiy nazarimda. Sochingiz o‘rtadan farq ochilib, bitta qilib o‘rilgan, odmi va sodda, lekin ancha viqorli edingiz. Yillar o‘tsa ham Siz zohirdaga oddiy va odmiligingizga, botindagi ozodalik va vazminlikka, darveshona sukutga sadoqat saqlab kelayotirsiz.

Shunday qilib, o‘sha uchrashuvdan so‘ng Sizning biz haqimizdagi xulosalaringiz muhokamasida men ilk imtihoningizdan yiqilganimni aytishdi, “opa Seni yoqtirmadi” deyishdi menga. Men birdan, bir ko‘rgandayoq yoqib qolaman degan umid yolqinchasidan hecham umidvor bo‘lmagan odam sifatida ja xomhayoldan emasligim bois, uncha cho‘kmadim, yaxshisi Gulondom Tog‘ayevadan ham zo‘r yozib, yaxshi ko‘rishga arzishimni isbotlab qo‘ya qolaman deb o‘zimga so‘z berdim, va bu yo‘lda ko‘p urindim. Lekin, sening yuragingga hech bir so‘roqsiz, ayniqsa so‘zi va she’ri bilan kirgan odamlardan o‘zingni ustun qo‘ya olmas ekansan odam. Shu bois va bu maydonda ham har kim o‘z taqdiriga yozilgan qo‘shiqlarnigina ayta olishini anglab Sizdan zo‘r bo‘lish borasidagi ontimni unutdim. Bilasiz, musofirchilik, talabalik, qo‘li qisqalik, qarzdorlik degan so‘zlar yonma-yon yuradi. Bir kun 10 ming so‘m qarz so‘rab borganim, o‘shanda ochiq yuz bilan yordam qilganingiz yodingizdadir. O‘shanda ijodkor zotidagi hayrihohlik, bir-birini qo‘llash kabi fazilatga yana bir bor duch kelganman, keyin, ayniqsa hozir bunday hayrihohlikni kam uchratdim, uchratayapman… Men qarz berish ma’nosida emas, katta ma’nodagi hayrixohlikni nazarda tutayapman.
O‘sha paytlarda, bundan yigirma yillar avvallari “Mensiz yashab ko‘rsin dunyo, ko‘rsin toshni o‘qitib. Qay olovxo‘r yashar ekan, yuragini cho‘qitib”, “Men kimning ushalgan so‘zi ekanman” kabi satrlaringiz mening xotiram peshtoqlariga abadiy yozilib qolgan opa.

O‘sha damlarda negadir “akajon, okajon” qilib shoir bo‘laman deb pinj izlab yugurib yurganlar siylanib, Sizning she’rlaringizni tanqid qilishgani va bu tanqiddan ko‘ra tahqirga o‘xshagan narsa milliy illatlarimiz oqibati ekanidan qattiq dilgir bo‘lganlarim yodimda. O‘zimcha o‘shanda Hazrat tili bilan “mevali daraxtga tosh otarlar, vale mevasizga otmaslar” deb o‘zimni ovutgandim. Aslida bu fikrni, ya’ni mevali daraxtga tosh otadilar degan taskinni o‘zim hecham yoqtirmayman, lekin nachora. Hayolimda uzoq yo‘l yurib, manzilga kelib eshikni taqillatgansizu, eshikni ochishiboq yuzingizga tarsaki tushirishgandek tuyulgan menga o‘shanda. Menimcha shu holat ham Sizni o‘zingizga cho‘kishga, o‘z mohiyatingiz ichiga yashrinishga, Navoiy boboning “Parim bo‘lsa uchib qochsam ulusdan, to qanotim bor, Qanotim kuysa uchmoqdin, Yugursam to hayotim bor” degan satrlari mazmunini umringiz qatlariga singdirishga majbur qilgandek tuyuladi menga. Katta ma’nodagi hayrihoxlikning kamyobligi yomonda opa.

Satrlaringizni takrorlab turaman, ayniqsa 27 dekabrda, tug‘ilgan kuningizda. Mana menga yod bo‘lib ketganlaridan ayrimlari:

Men onamni alishtirdim shaharlarga,
Qo‘llariga suv quymadim saharlarda.
Shoir bo‘lgin qizim, deya jo‘natuvdi,
Lek she’rlarim qolib ketdi daftarlarda.

***
Bir shohlikning gadoligi bor,
Gadolikda bor bir kun fusun.
Etmoqchiman ko‘nglimni izhor,
Men muhtojman kimgadir bugun.

***
Bir lahza to‘xtadi shiddat va orzu,-
Zog‘lar bulbullikni da’vo qildilar.

***
O‘z xalqingning timsoli bo‘l,
Bo‘l Xalqingga rivoyat.
Shunday yasha, sen haqingda
Aylasinlar hikoyat…

Shoirga shoir degan rutbani beraman degichlar “bugungi mezonlar qanday, shoirlik mezonlari qanaqa endi?” deb so‘rashadi bot-bot. “Men qaydan bilay bugungi mezonlarni, men kechagimanku” deb ensa qotiraman. Rostdan ham opa, Sizlarning avlodlaringiz, ya’ni, Farxod Arziyev, Bektemir Pirnafasov, sal keyinroq Nurulla Narzullayev, Nodir Jonuzoqlardan keyin shu mezonga to‘g‘ri keladiganlarni eslolmayman, balki xotiram yomondir, balki faqat kechagilarni ko‘rar ko‘zlarim. Mayli, nedir og‘ir botsa kechirishar…

Siz bilan ko‘p suhbatlarim, o‘ylab qarasam, taqdirning mo‘jizalari, shaxslik darajalari, “falak bedodig‘a chora izlash”lar haqida borar ekan. Taqdirni to‘g‘irlash, hayotni izga solish, farovonroq yashash… Xudoning ilohiy adolatini kutish… She’rlarimiz dunyo tugul o‘zimizni ham o‘zgartira olmayotgani, bilimlarimiz va she’riy xirmonimiz g‘oyatda g‘arib ekani va hokazolar men va sizning mavzularimiz… Mayli, yaltir-yultir, gapu gashtak, birovni “elga” qo‘shish, yallama yorim yallola, u ishdan ketdi, anovni yo‘qotish kerak kabi mavzular emas har qalay. To‘g‘rimi opa?

Yana qachon kuzatmay bu ko‘hna dunyoning qadim qadriyatlariga amal qilgan holda, jigarlaringiz, yaqinlaringiz tashvishi ichra balogardon ko‘raman Sizni. Otamu onam yonlarida bo‘lolmadim deb ko‘p kuyinasiz, shoirligimning ko‘pga nafi tegmadi deb og‘rinasiz. Garchi bu jihatlar zamonamizda toboro kamyob bo‘lib borayotgan yuksak odamiylikning ayrim ko‘rinishlari bo‘lsada, shularga sochilib ketayotgan umrimiz, mehnatimiz va ma’lum ma’noda iste’dodimiz uchun achinaman ba’zan. Tirikchilik tashvishlari boshimni qotirib, og‘irlik qilganlarida Mashrab boboning “Nur bo‘lar erdim agar nafs ajdohosi bo‘lmasa”, Nodirabegimning “Ki aziz odamning xor qilur ehtiyoj” degan satrlarini baland ovozda takrorlab qo‘yaman. O‘zim shu fikrlarimda ma’yus yurganimda taniqli munaqqid Qozoqboy Yo‘ldoshev ham shu fikrimga hamohang tarzda “Sizlarning maishiy tashvishlarga, azaldan qolgan yuklarni ko‘tarishga, boshpanali bo‘lishga sarflangan umrlaringga achinamanda” deb qoldilar. O‘zimiz ham achinamiz domlajon, lekin nachora…

Diydiyo qilishimni qarang, aslida Sizni tug‘ilgan kuningiz bilan tabriklamoqchi edim. Opajon, ba’zida men unutildim degandek nolish qilasiz, yo‘q, menimcha Siz ham unutilmaslar safidasiz. Chunki mening yaqinlarim orasida eng sevimlim ustozimiz Halima Xudoyberdiyeva Sizni tez-tez so‘rab turadilar, Sizga yaxshi bo‘lishini, yaxshi narsalar yozishingizni istaydilar. She’riyat malikasi Sizni yo‘qlab turibdiku, hatto uning mehriga doxilsizku, nega unitildim deysiz opa?! Boshqa yaxshilar ham Sizni ko‘p eslashadi. Odamlar unitishga moyil, lekin butun bir xalq emas! Muxlislaringiz ham so‘raydi.

Bir she’ringizda:

Manzil yaqin yo‘llar birdir, umr yuki og‘rintirmas,
Sevikli do‘st yonginangda yelkasini tutar bo‘lsa!

degansiz. Qani edi, umr yuklarini og‘irinmay ko‘tarishingga yordam beradigan beminnat do‘stlaring bo‘lsa, qaniydi? Odamga odamning yordamisiz qiyinda axir. To‘g‘ri do‘stlar bor, faqat yelkalari u qadar keng emas, bizning boshlar u yelkalarga sig‘maydi, opa. Shunday paytlarda sevimli yozuvchim asaridagi “Zamonamizda zarofatlig‘ kishilar kam qolmishdir, mavlono” degan satrlarini takrorlab qo‘yaman.

Opa, 2017 yil adashmasam Siz 45 yoshga to‘lasiz. Bu yil bilan ham minnatdor xayrlashsak bo‘ladi. Negaki bu yil (aziz ustozimiz Tursunoy Sodiqovaning o‘limi yurak yuragimizni o‘rtagan bo‘lsada) uzoq yillik ta’qiq va inkordan keyin azizimiz, qadrlimiz Halima Xudoyberdiyevaning (mamlakat rahbarining tarixiy bir xatoni adolat bilan to‘g‘irlab qo‘yishi natijasida) yuzaga chiqishi, ko‘p yaxshi ijodkorlarimiz, xususan Omon Matjon, Usmon Azimlarning aziz chehralarini telekanallarda ko‘rib bahra olib turganimiz, qadrli Ibrohim G‘afurovning 80 yilligi nishonlanishi kabi baxtiyorliklar, xushxabarlar bilan bizni xushnud etdi. Bu yilga ham rahmat aytsak bo‘ladi.

Gulondom opa!
Tug‘ilgan kuningiz muborak bo‘lsin! Xudo ilohiy ilhomlaridan bahramand etaversin! Yaxshi bilasiz, shoirlik baxt ham emas, lekin baribir bunda nimadir judayam laziz, judayam nurli. Shoir yaxshi bo‘lish uchun tinimsiz harakat qilayotgan odam menimcha, Sizga qanday bilmadim, men she’r yozayotganimda yomon odammasligimni isbotlashga harakat qilayotgandek tuyulaman.

Aytmoqchi bo‘lganim, Siz yaxshi odamsiz, yaxshi shoirsiz! Ilohim faqat yaxshiliklar ko‘ring, yaxshiliklar ichra bo‘ling! Bir singil opasiga nimaiki ezgulik tilasa shularni tilayman!

Tabrik va taskinim so‘nggida o‘zingizning haqiqatlaringiz aks-sado berib turgan she’ringizni keltiryapman, zero shu she’rning o‘zi Sizning qalbingiz suvratidir, tabassumingiz va iztirobingizning soyasi, dunyoga ta’kilamoqchi bo‘lgan SO‘Zingizning aslidir! Muborak bo‘lsin opajon!

Shoir bo‘lib bo‘lmas aslo dunyoda,
Xiyonat qilmasa agar do‘stlaring.
Tobut ko‘tarmasang poyu piyoda,
Tashlab ketganida yaqin-o‘zlaring.

Hasad qilmasalar yozgan she’ringga,
Gazetni to‘ldirib qilmasa g‘iybat,
Dushmani kam odam kichik odamdir,
O, shunda holingdan qilaman hasrat.

Botqoqqa tushsa ham quyoshning nuri,
U quyoshligicha qolaveradi.
Shoirning qismati Yoritmoq faqat
Har kim o‘zicha nur olaveradi.

Shoir bo‘lib bo‘lmas aslo dunyoda,
Qon hidin tuymasang sut bilan qo‘shib.
Yuksakdan yaxshiroq ko‘rinar ekan
Bir-biriga o‘xshab-tobut va beshik.

Chalmay tur suringni bir pas, Isrofil,
Ulguray, elimga chin farzand bo‘lay.
Cho‘qqini ko‘rmasdan ketmasin g‘ofil,
Hasadgo‘y do‘stlarim bunda chaqiray.

Sirot ko‘prigiga o‘xshar she’riyat,
Unda so‘zlab bo‘lmas yolg‘ondan sira.
Mana, taxayyulning sharobiga boq,-
Kel, uni ichaylik qolib bokira.

Har so‘zing ibodat bo‘lmasa agar,
Har kuning elingga bir em bo‘lmasa.
Timsolda, misolda, har bir tashbehda,
Aytgan har so‘zingga sen teng bo‘lmasang,
Shoir bo‘lib bo‘lmas aslo dunyoda…

Ehtirom bilan singlingiz Guljamol.

Gulandom TOG‘AYEVA
SЕNING ALBOMINGGA
Turkum
022

Gulandom Tog‘ayeva 1972 yilning 27 dekabrida (1 yanvarida degan ma’lumot ham bor) Surxondaryo viloyati Oltinsoy tumanidagi Katta Vaxshivor qishlog‘ida tavallud topgan. O‘zbekiston Milliy universiteti jurnalistika fakultetida tahsil olgan. Keyingi yillarda “Chaqmoq xo‘rsiniqlari”(1995), “Muhabbat asri”(2004) kabi she’riy kitoblarim chop etilgan. 1999 yili “Shuhrat” medaliga sazovor bo‘lgan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.2007 yili “O‘zbek matbuotida tasavvuf ta’limotining yoritilishi: muammolari, tamoyillari va shakllari” mavzuida nomzodlik ishini himoya qilgan. Hozirda O‘zbekiston teleradiokompaniyasida faoliyat yuritmoqda.

022

I

Seni umid bilan yaxshi ko‘raman,image4.jpg
Seni deb to‘kilgan ko‘zyosh ham shirin.
Shu bois, ko‘changda ma’yus turaman,
Sen go‘zal sirimsan: ochiq, yashirin.

Shu yetti raqamni teraman tinmay,
Men baxtsiz hech senga emasman loyiq.
Hatto bir “allo”ga arzimaymanu
Faqat sen haqdagi orzum chiroylik.

Qishlarga bermagan bahorimsan, sen,
Ko‘changda tosh bo‘lay, bosmasdan o‘tma.
Umrimning eng shirin saharisan, sen,
Iltimos, yuragim to‘ridan ketma!

II

Oshiqlik zahmatini
Tog‘lar ko‘tarolmaslar.
U Majnunga munosib,
Sog‘lar ko‘tarolmaslar.

Men ham bechora oshiq
Ko‘zlarimda yosh bugun.
Tilimda so‘nmas qo‘shiq, –
Bormi qalbingda o‘rnim?

III

Sevaman. Shu so‘zda jam bo‘ldi dunyo,
Shu so‘z yetishmasa kam bo‘ldi dunyo.
Shirin tabassuming oftobday issiq ,
Bu oftob oldida sham bo‘ldi dunyo.

IV

Hech qalbni senchalik istamaganman,
Hech kimga senchalik ochmaganman dil.
Ishq dardin mardlarga chiqargan ekan,
Sog‘inchdan yuragim kul bo‘ldi butkul.

Ol, kuzning serhasham ne’matlarini,
Qishning pok qorlari, nozi ham senga.
Oftobni intizor-intizor kutgan
Qor gulidek qo‘nsam issiq egningga.

So‘zlasang, so‘zingday asal topilmas,
Ko‘nglingday sirga kon masal topilmas.
Ishqingda bemorlar safini ko‘rgin,
Sog‘inchdan men kabi kasal topilmas.

V

Shu g‘animat dunyoda
Nechun g‘am, buncha ko‘zyosh?
Nechun ming-ming iztirob,
Buncha egilgan bu bosh?

Besh milliard odam ichra
Menga bir diydor davo.
Go‘yo minglab dardlarga
Bittaginadir shifo.

Do‘stlar bir qosh kamonning
Yoyi bo‘lmay g‘amginman.
Vasliga loyiq bo‘lmay,
Hijroniga mahkumman.

Do‘stman, tan olinmagan,
Oshiqman, kishi bilmas.
Bir kun vasli bo‘lmasa
Oshiq dunyoga kelmas.

Shu g‘animat dunyoda
Tugayapman bir shamday.
Dunyom munavvar aylab,
Kelgil so‘lim oqshomday.

VI

Har kimning kimdadir nasibasi bor,
Birov, birov uchun kaftda kulgan baxt.
Kim birga turib ham visoliga zor,
Kimdir qay kimsaga hijrondir faqat.

VII

Qo‘l uzatsam, yetmas yulduzsan,
Zulmat ichra shamga urildim.
Ishq atridan topdimu o‘lim,
Isming aytib qayta tirildim.

Mavjlaringda qolayin,mayli,
Anbar baliq qoshiga cho‘kib.
O‘shanda ham ketgayman oxir
Kamalakdan bir daraxt ekib.

VIII

Tongdan oqshomgacha xayolimdasan,
Topgan har javobu savolimdasan.
Bir gulman, poyingda ochiladigan,
Masalman, qo‘lingda yechiladigan.

IX

Umidim, umrimga yarashgan,
Umidim – kunlarim mazmuni.
Ko‘zlari baxt ila so‘rashgan,
Eng shirin damlarim afsuni.

Umidim, umrimga yarashgan,
Orzuyim – yashirin armonim.
Bo‘ylari oftob-la bo‘ylashgan,
Kulgusi dardimga darmonim.

Umidim – ko‘zlari suyunchlim,
Ko‘rsat, kipriklaring ko‘rayin.
Ko‘zlarim ustida bo‘l doim,
Kel, kiprik o‘rnida ko‘rayin,

Ey, do‘stim, umrimning chiroyi!

X

Sevgi shirin, agar oshiq yor vasliga yetar bo‘lsa,
Mahbubing ham ishq sharobin qo‘llaringga tutar bo‘lsa.

Manzil yaqin, yo‘llar birdir, umr yuki og‘rintirmas,
Sevikli do‘st yonginangda yelkasini tutar bo‘lsa!

XI

Ko‘pdan kutdim, kuzatsam zora
Lablaringning harakatini.
Tangrim senga lutf etib bergan
Sukut so‘zlar barakatini.

Firoq ichra ko‘pdan intiqman,
Dilda yonar ismsiz bir o‘t.
Ko‘ngil faqat senga intizor,
Yurak aytar sen uchun durud.

Muhabbatning ming bir kuyi bor,
Bor qayg‘umni ichga yashirdim.
Har zarramu hujayramgacha
Borlig‘imni kuyga topshirdim…

054

(Tashriflar: umumiy 976, bugungi 1)

2 izoh

  1. <>рукнида чиққан китоблари менинг хам энг севимли китобим эди. Гуландом Тоғайва, Амир Нарзулло ,Нодир Жонузоқ ,Зебо Мирзо ,Хосият Рустамова ,Гўзал Бегим ,Гулжамол Асқарова ,Юсуф Хамидов, Сирожиддин Рауф ,Ойбек Рахим ,Абдувохид Хайит ,Нормурод Мусов, Сурайё Зохир ,Саида Жўраева ,Норқобил Жалил,Зокир Худойшукур каби шоирларни китоблари мўжизанинг узи эди. Бугун бу шоирларнинг жуда кўпи адабий давраларда кўринмайди. Бу шоирларни мен хам жуда кўп излайман. Устоз Хуршид Даврон, 90-йилларда шеъриятиммизга кириб келган шоирларнинг шеърларидан мунтазам бериб борсангиз бу жудаям катта хайирли иш бўларди .

  2. Ассалому алайкум Хуршид ака! Рахмат Сизга! 27 декабрда ишониб-ишонмай қарасам табрик ва таскиним турибди экан, хурсанд бўлдим. Гулондом опа ҳам жуда хурсанд бўлдилар. Эшқобил Шукур телефон қилиб кўнглимга хуш ёқадиган гапларни айтдилар. Мақтов эшитганимга эмас, кўнглимдаги гапларни айтволганимга хурсандман. Кенгми торми … бу дунёда Кўнглимдагиларни айтиш имкони ва майдончасини берганиз учун рахмат Сизга!

Izoh qoldiring