O’rxon Pomuq. «Mening ismim — qirmizi» romanidan & Deraza orti manzaralari. Audiohikoya

007  7 июнь – атоқли турк адиби Ўрхон Помуқ таваллуд топган кун 

Мен энди ўликман, қудуқнинг ичидаги бир жасад. Охирги бор нафас олганимга, юрагимнинг тўхтаганига кўп вақт бўлди. Бироқ, олчоқ қотилимдан бошқа ҳеч ким бошимга нималар тушганини билмайди. У разил мени ўлдирганига тўла ишонч ҳосил қилиш учун, аввал нафас олишимга ва томиримнинг уришига қулоқ тутди, сўнгра кўксимга бир тепди–да қудуққа ташлади…

Ўрхон Помуқ
«МЕНИНГ ИСМИМ – ҚИРМИЗИ»ДАН ПАРЧА
05

045Ўрхон Помуқ 1952 йил 7 июнда Истанбулнинг Нишонтоши туманида  дунёга келди. Рассом бўлиш орзусида Роберт коллежида ўқиди. Кейин Истанбул техника университетининг меъморлик куллиётида ҳам уч йил таҳсил олди. Аммо рассом ҳам, меъмор ҳам бўлолмаслигига ишонч ҳосил қилгач, ўқишни ташлаб кетди. Кўп ўтмай Истанбул университетининг Журналистика институтига кирди ва униям тугатмай қўя қолди. Фақат «Қор» романини ёздию, ортиқ малака ихтисоси олганлиги тўғрисидаги диплом учун куч сарфламади.
Ўрхон Памуқ ёзувчиликни 1974 йилда бошлади. Илк бор Меҳмет Эрўғли билан ҳамкорликда ёзган ва 1979 йилда «Қоронғилик ва нур» номи билан босилиб чиққан романи «Миллий романлар» танловида биринчи ўринни олди. Аммо 1982 йилда бу романни кенгайтириб ва тўғрилаб, «Жавдат Бей ва ўғиллари» номи билан қайта чоп қилдирди. Бу сафар китоб Ўрхон Камол мукофотига лойиқ деб топилди. Памуқнинг бундан кейинги китоблари ҳам кетма-кет мукофотлар олишда давом этди. 1984 йилда нашр этилган иккинчи романи «Сассиз уй» «Модерн роман» мукофотини олди. Бу романнинг французча таржимаси эса 1991 йилда Франциянинг «Оврупода кашф» мукофотига сазовор бўлди. 1985 йилда нашр этилган «Оқ қалъа» номли тарихий романи 1990 йилда АҚШда «Индепендент Авард фор Фореигн Фиктион» мукофотини қўлга киритди ва чет элларда янада кенгроқ донг таратди. Ўрхон Памуқ 2002 йилда нашр қилдирган «Қор» китобини «Туркиянинг этник ва сиёсий масалаларини тадқиқ этувчи сиёсий роман» сифатида қабул қилинди.  Кейинги асари «Менинг отим қирмизи» асари 24 тилга таржима қилинди ва 2003 йилда Ирландиянинг  «International IMPAC Dublin Literary Award» номли халқаро мукофотини олди.
Бугун Ўрхон Памуқ 10 дан зиёд китоб муаллифи, 10 дан ортиқ мукофот соҳиби, асарлари 40дан ортиқ  тилга таржима қилинган ва  дунёда танилган адибдир. Китобларининг 2 миллиондан кўпроқ нусхаси сотилгани унга бўлган қизиқишнинг ёрқин мисолидир.

05

067Мен энди ўликман, қудуқнинг ичидаги бир жасад. Охирги бор нафас олганимга, юрагимнинг тўхтаганига кўп вақт бўлди. Бироқ, олчоқ қотилимдан бошқа ҳеч ким бошимга нималар тушганини билмайди. У разил мени ўлдирганига тўла ишонч ҳосил қилиш учун, аввал нафас олишимга ва томиримнинг уришига қулоқ тутди, сўнгра кўксимга бир тепди–да қудуққа ташлади. Бироз олдин тош билан уриб синдирган бош чаноғим қудуққа тушаётганимда парча– парча бўлди. Юзим, манглайим, ёноқларим эзилди, суякларим синди, оғзим қонга тўлди.

Тўрт кун бўлди уйга қайтмаганимга; хотиним, болаларим мени излаётган бўлсалар керак. Қизим юм–юм йиғлаб, боғ томонга кўз тикаётгандир: Ҳаммасининг кўзи йўлда, эшикдадир.

Ҳақиқатдан ҳам эшикдами, буни аниқ билмайман. Балки менинг йўқлигимга кўниккандирлар. Чунки инсон бу ерда экан, орқада қолган ҳаёти аввалгидек давом этаётгандек туюлади. Мен туғилмасдан олдин олдимда чексиз бир вақт бор эди. Мен ўлгандан кейин ҳам тугаб битмайдиган вақт! Ҳаётлигимда ҳеч ўйламасдим буларни: нур ичида яшардим, икки қоронғу ва ўт оралиғида.

Бахтли эдим, бахтли эканман, энди англаяпман. Подшоҳимизнинг наққошхонасида энг яхши безак, тилла суви юритиш ишларини мен бажарардим ва менга тенг кела оладиган бошқа бир уста ҳам йўқ эди. Саройдан ташқарида қилган ишларимдан ойида тўққиз юз ақча қўлимга тушарди. Булар ҳам табиийки, ўлимимни муқаррар қилган.

Фақатгина нақш ва безак ишлари билан шуғулланардим: саҳифа четларини безар, ичи ва атрофларига рангли япроқлар, новдалар, гуллар, қушлар расмини чизардим. Бурама–бурама Чин усулли булутлар, бир–бирига қалашиб кетган барг, рангли ўрмонлар ва унинг ичига яширинган жайлонлар, кўп эшкакли катта кемалар, подшоҳлар, дарахтлар, саройлар, отлар, овчилар… Илгарилари баъзан бир лаган ичига нақш чизардим. Баъзан бир кўзгунинг орқасига, бир қошиқ ичига, баъзан бўғоз атрофидаги ҳашаматли бино ва қасрларнинг шифтига, баъзан бир сандиқнинг устига… Сўнгги йилларда эса, фақатгина китоб саҳифалари устида ишлаётган эдим, чунки подшоҳимиз нақшли китоблар учун кўп пул берар эди. Ўлимга дуч келгач, пулнинг ҳаётда ҳеч ҳам аҳамияти йўқлигини тушуниб етдим, демоқчи эмасман. Инсон ҳатто тирик бўлмаган пайтда ҳам, пулнинг қийматини билади.

Энди бу ҳолимда, менинг овозимни эшитаётганингизга қараганда, бу мўъжиза олдида шундай хаёлларга боришиигизни биламан: тириклигингда қанча пул топишингни қўй энди, бизга у ерда кўрганларингдан гапир, ўлимдан сўнг нима бор? Руҳинг қаерда? Жаннат ва Жаҳаннам қандай? У ерда нималарни кўрмокдасан? Ўлим ўзи нима экан? Жонинг қийналмаяптими? Ҳақлисиз, инсон ҳаёт экан, «у томон»да нималар бўлишига жуда ҳам қизиқишини биламан. Биргина шу қизиқиши туфайли, қонли жанг майдонларида жасадлар орасида кезинган кимсанинг ҳикоясини сўзлаб берган эдилар… Жон талашаётган ярадор аскарлар орасида ўлиб, қайта тирилган кишига дуч келаман, у эса, мени нариги дунёнинг сирларидан воқиф этади деб, жанг майдонини кезиб юрган бу одамни Темурнинг аскарлари душман тусмоллаб, қиличнинг зарби билаи иккига бўлибдилар. У эса, одам ўлгандан сўнг иккига бўлинаркан, деб ўйлабди.

Бунақамас. Ҳатто дунёда иккига бўлинган руҳлар бу ерда бирлашади, деб айта оламан. Аммо, динсиз кофирларнинг, осийларнинг ва шайтонга бўйсунган куфрбозларнинг иддаоларига қарши, шукурки, у дунё ҳам бор. У ердан туриб, сизга хитоб қилаётганим бунинг исботидир. Ўлдим, бироқ кўрганингиздек, йўқ бўлмадим. Бошқа бир томондан, Қуръони каримда таъкидланган, остидан сувлар оқиб ўтувчи жаннатдаги олтин ва кумуш қасрларга, мевалари ҳил–ҳил пишган катта япроқли дарахтларга, бокира гўзалларга дуч келмаганимни айтишга мажбурман. Ҳолбуки, Воқеа сурасида айтиб ўтилган Жаннатдаги у катта кўзли ҳурлар расмини кўп бора қандай завқ билан чизганимни ҳозир жуда яхши эслайман. Қуръони каримда эмас, Ибн Арабий каби тасаввури кенгларнинг қайд қилганлари: сут, шароб, ширин сув ва асал оқиб турувчи у тўрт ирмоққа ҳам дуч келмадим. Ҳақли равишда, у дунёнинг умид ва хаёллари оғушида яшаётган кишиларни ишончсизликка етакламаслик учун, буларнинг барчасини ўзимнинг шахсий аҳволим билан боғлиқ эканини дарҳол маълум қилмоқчиман. Ўлимдан кейинги ҳаёт хақида бироз бўлса–да, маълумоти бор бўлган ҳар бир мўъмин, менга ўхшаган бир беҳаловатнинг жаннат ирмоқларини кўриши қийинлигини билади.

Қисқаси, наққошлар сафида ва устозлар орасида Зариф Афанди деб аталган киши — мен ўлдим, аммо кўмилмадим. Бинобарин, руҳим танимни бутунлай тарк этолмади. Жаннатми, жаҳаннамми, нима бўлса ҳам, тақдирим. Руҳим у ерларга яқинлаша олиши учун танамнинг кирлигидан холи бўлиши керак. Бошқаларнинг бошига ҳам тушган бу истисно аҳволим, руҳимни чексиз қийноққа солади. Бош чаноғим парча–парча бўлиб, танамнинг ярми муз каби сувда синиқ ва яралар ичида чириётганини сезмаяпман, аммо танамни тарк этиш учун чирпинаётган руҳимнинг қаттиқ оғриғини ҳис қиляпман. Гўё бутун олам менинг ичимда бир ерда сиқилиб, тораймоқда.

Бу торайиш ҳиссини фақатгина у шафқатсиз ўлим пайтида туйганим, — ҳайратга солувчи кенглик ҳисси билан қиёслай оламан. Ҳеч кутмаганим — тош зарбидан бош чаноғим четидан синганида, у олчоқ мени ўлдирмоқчи эканини дарҳол тушундим. Биров, ўлдиради деб сира ўйламагандим. Наққошхона билан ўлим орасидаги сўлғин ҳаётимни яшарканман, бунинг ҳеч ҳам фарқига бормаган эканман. Ҳаётга талпиндим доим. Бошимга тушган бошқа зарбларнинг дардини айтиб, сизларнинг жонингизга тегмай, тағин.

Ўлишимни англаган пайтимда, ичимни ишониб бўлмас бир кенглик ҳисси чулғади. Кечиш онини бу кенглик ҳисси билан яшадим: бу ёққа келишим гўё туш кўраётгандек силлиқ кечди. Энг охирида, олчоқ қотилимнинг лой аралаш қорли оёқ кийимларини кўрдим. Кўзларимни ухлаётгандек юмдим ва ёқимли бир кўчиш ҳисси қанотида бу ерга келдим.

Эндиги шикоятим, тишларимнинг қонли оғзимга лавлаги каби тўкилишидан, юзимнинг таниб бўлмас даражада эзилишидан, ёки қудуқ тубида сиқилиб қолишимдан эмас, аксинча ҳамон яшаяпти деб ўйлашларидан. Айниқса, мени яхши кўргаилар у Истанбулнинг бир четида, ҳали ҳам, телбаларча бир юмуш билан оввора, ҳатто бошқа бир аёлнинг ортидан эргашиб юрибди, деб ўйлашлари беҳаловат руҳимга чексиз азоб беради. Бироз бўлса ҳам жасадимни эртароқ топсинлар, жанозамни ўқиб, мени кўмсинлар энди! Энг муҳими, қотилим топилсин! Хоҳласалар, у олчоқ топилмагунча энг муҳташам мозорга кўмсинлар мени. Топилишини мозорим теварагида айланиб–айланиб кутишимни, ҳатто ҳеч бирингизга ишонмаслигимни билишингизни истайман. Қотилим бўлган у ҳароми болани топинг. Мен эса сизга у дунёда кўрадиганларимни бирма–бир айтиб бераман. Аммо, қотилим тоиилгач, суякларидан саккиз–ўнтасини, айниқса, кўкрак суякларини аста–секин қисирлатиб синдиришингиз, сўнграда сочларини бир–бир юлиб, махсус сих билан бош чаноқ терисини шилиб, бақиртириб тешишингиз керак.

Мен бунчалар адоват туйган ўша қотилим ким, ҳеч кутилмаган бир тарзда мени нега ўлдирди? Буларга қизиқинг.

Дунё беш чақага арзимайдиган олчоқ қотилларга тўла, қай бирини айтай демоқчимисиз? Ундай бўлса, сизни ҳозирданоқ огоҳлантираман: ўлишимнинг ортида динимизга, одатларимизга, дунёқарашимизга қарши компас бор. Кўзингизни очинг, Ислом душманлари мени нега ўлдиришди, бир кун келиб, сизни нега ўлдиришлари мумкинлигини билиб олинг. Барча сўзларини кўзимда ёш халқаланиб тинглаганим буюк воиз арзирумли Нусрат Хўжанинг айтганлари бир-бир тўғри чиқяпти. Бошимизга тушганлар ҳикоя килиниб, бир китобга ёзилса ҳам, ҳатто энг уста наққошлар томонидан асло расмини чизиб бўлмаслигини айтай сизга. Бу китобнинг жозибаси худди Қуръони каримдагидек, тағин янглиш тушунилмасин, асло расм ишлаб бўлмаслигидан ҳам келиб чиқади. Буни тушунганингиздан шубҳадаман.

Қаранг, мен ҳам шогирдлигимда туб ҳақиқатдан, у ёқлардан келган товушлардан қўрқиб, бунга эътибор бермас эдим. Аксинча, бундай нарсаларни мазах қилардим. Охиратим бу разил қудуқнинг туби бўлди! Бу сизнинг ҳам бошингизга тушиши мумкин: кўзингизни катта очинг. Энди яхшилаб чирисам, жирканч ҳидимдан мени балки топарлар, дея умид қилишдан ўзга чорам йўқ. Ҳамда разил қотилим топилгач, исканжага олинишини ўйлаш
— орзу қилишдан бошқа.

МЕНИНГ ИСМИМ – ҚОРА

Истанбулга, туғилиб ўсган шаҳримга ўн икки йил сўнгра, бир ойпарастдек кириб келдим. Ўладиганлар учун тупроқ тортди, дейдилар, мени эса ўлим тортганди. Шаҳарга илк кирганимда, аввалида, фақатгина ўлим бор, деб ўйлаган эдим, кейин эса севгига дуч келдим. Бироқ, севги у пайтда, унутилган бир туйғу эди. Ўн икки йил олдин Истанбулда холамнинг ёш қизига ошиқ бўлгандим. Истанбулни тарк этганимдан тўрт йил сўнгра, Ажам ўлкасининг битмас–туганмас қирларида, қорли тоғларида ва кадарли шаҳарларида кезиб, мактуб ташиб, солиқ тўпларкан, Истанбулда қолган ёш севгилимнинг юзини аста–секин унутганимни ҳис қилдим. Хавотирга тушиб, бу юзни эслашга кўп ҳаракат қилдим, аммо қанчалик севсангиз, кўрмаганингиз сари аста–секин унутар экансиз. Шаркда, мусофирчиликда, подшоҳларнинг хизматида бўлганимнипг олтинчи йилида, хаёлимда жонланган юз Истанбулда қолган севгилимнинг юзи эмаслигини билардим энди. Олтинчи йилда янглиш эслаганим юз, кейинроқ, саккизинчи йилда янада унутилиб, бошқа бир юз ифодасини олди. Ўн икки йилдан сўнг, ўттиз олти ёшимда шаҳримга қайтганимда, севгилимнинг юзини бутунлай унутганимни афсусу надомат ила эслайман.

Дўстларимнинг, қариндошларимнинг, маҳалламдаги танишларимнинг кўпи бу ўн икки йил ичида ўлган эканлар. Халич томондаги қабристонга бордим. Онам ва йўқлигимда ўлиб кетган амакиларим ҳаққига дуо қилдим. Лой тупроқнинг хиди хотираларимга қоришиб кетди. Онамнинг қабри четида кимдир кўза синдирган экан. Негадир синиқ бўлакларга қараб йиғлагим келди. Ўликларгами ёки шунча йилдан сўнг, қизиқ бир ҳолатда, ҳали ҳам ҳаётнинг бошида бўлганим учунми, ва ёки аксинча, ҳаёт сафарининг охирига келганимни ҳис қилганим учун йиғладимми, билмайман. Билинар–билинмас қор учқунлай бошлади. У ер бу ерга ёғаётган қорга тикилиб, ўйга толиб, йўлимни йўқотган эдимки, бир вақт қарасам, қабрнинг Қоронғи бир чеккасида қора ит менга боқиб турибди.

Кўз ёшларим тинди. Бурнимни артдим. Қора итнинг менга қараб думини ликиллатаётганига тикилганча, қабристондан чикдим. Кўп ўтмай, ота томондан қариндошимизнинг илгари яшаган уйларидан бирини ижарага олиб, маҳаллага ўрнашдим. Уй бекаси жангда Сафавий аскарлари томонидан ўлдирилган ўғлига ўхшатди мени. Шунинг учун бўлса керак, у аёл уйга алоҳида тартиб бериб, овқатларимни пиширарди.

Истанбулда эмас, дунёнинг бир чеккасидаги араб шаҳарларидан бирида вақтинча жойлашиб, шаҳар қандай жой экан,деб ҳайратлангандек, кўчага чиқдим. Узоқ ва тўйиб–тўйиб юрдим. Кўчалар торайганми, ёки менга шундай туюлдими, баъзи ерларда бир–бирларига ёнма–ён узанган уйлар орасида тор кўчаларда устига юк ортилган отларга урилмаслик учун деворларга, эшикларга уриниб–суриниб юришга мажбур бўлдим. Бойлар кўпайганмиди ёки менга шундай туюлдими, ҳашаматли машина кўрдим. Бунақаси на Арабистонда, на Ажамда бор: машина гўё мағрур отлар тортган бир қалъага ўхшарди. Чамбарлитош ёнида, товуқ бозоридан анқиётган сассиқ ҳидга бурқсиб, бир–бирига тиқилиб ўтирган, эски–тускилар орасида орсиз тиланчиларни кўрдим. Бири кўр эди, ёғаётган қордан завқ туйиб, тинмай куларди. Олдинлари, Истанбул анча кичик, одамлари эса янада фақир, бироқ бахтлироқ эди, десалар ишонмасдим балки, аммо, ҳозир қалбим буларни тасдиқлаб турарди. Ортда қолган севгилимнинг уйи арғувон ва каштан дарахтлари билан ўралган эди. Эшик олдида турганлардан сўрадим, у ерда энди бошқа бир кимса яшар экан. Севгилимнинг онаси — холам ўлган, поччам билан қизлари эса, бошқа ёққа кўчиб кетибдилар. Қалбингизни ва хаёлларингизни шафқатсизларча таптаганларини ҳеч ҳам фарқига бормаган эшик олдидаги одамларнинг айтганига қараганда, қариндошларимнинг бошларига оғир бир мусибат тушган экан. Сизга энди, буларни ҳикоя қилиб ўтирмайинда, эски боғдаги арғувон дарахтининг новдаларида жим–жилоғим катталигида муз бўлаклари осилиб турганини ёхуд иссиқ, ям–яшил ва қуёшли ёз кунларини эслаганим ушбу боғ кадардан, қордан ва қаровсизликдан инсоннинг хаёлига ўлимни келтирганини айтиб қўя қолай.

Қариндошларим бошларига тушган кулфатларнинг баъзисини поччам менга, Табризга йўллаган мактубидан билардим, зотан. Мактубида поччам мени Истанбулга чақириб, подшоҳимиз учун сирли бир китоб тайёрлаётганини ва бу ишда унга ёрдам беришимни сўраган эди. Менинг бир пайтлар Табризда Усмонли пошшо – вазирлари, валийлар ва Истанбулдаги мижозлар учун китоблар тайёрлатганимни поччам эшитган эди. Табризда қиладиган ишим: китоб буюртма берган мижозлардан олдиндан пул олиб, уруш ҳамда Усмонли аскарларининг дастидан ҳали ҳам шаҳарни тарк этмай, Ғазвинга ва бошқа Ажам шаҳарларига кетмаган наққош ва ҳаттотларни топиш, шунингдек, пулсизлик ва қадр топмаганликларидан арз қилувчи бу буюк устозларга саҳифаларни ёздириб, нақш чиздириб, жилд қоплатиб, китобни Истанбулга йўллаш эди. Ёшлигимда поччам менга нақш ва гўзал ки– тоб тайёрлаш ҳавасини уйғотмаганида эди, бу ишларга ҳеч ҳам қўл урмаган бўлардим.

Бир пайтлар поччам яшаган кўчанинг бозорга қараган томонида жойлашган дўконда, уста ҳали ҳам иш жойида эди. Девор атрофида ҳар галгидек устаралар, кўзачалар, совун идишлари билан ўралган ўша катта ойна турарди. Кўз кўзга тушди, аммо, уста мени танидими, йўқми билмайман. Шифтдан осилиб турган занжир учида, бош ювиш учун иссиқ сув тўлдириладиган идишнинг олдингидек ёйсимон айланиб, орқа–олдинга тебранганини кўриш мени масрур қилди.

Ёшлигимда мен кезган баъзи маҳаллалар, кўчалар, бу ўн икки йил ичида ёниб, кулга айланибди. Уларнинг ўрнида энди, итлар кезиб, болаларни қўрқитадиган жинниларнинг қаровсиз ерлари пайдо бўлибди, ҳамда мен каби узоқдан келганларни ҳайратга солувчи ҳашаматли меҳмонхоналар қурилибди. Баъзи меҳмонхоналарнинг деразаларига энг қиммат Венеция ромлари ўрнатилган эди. Менинг йўқлигимда Истанбулда баланд деворлардан ҳам юксак, шунингдек, пештоқида фонус ўрнатилган жуда кўп икки қаватли уйлар қурилганини кўрдим. Бошқа кўпгина шаҳарлардаги каби Истанбулда ҳам, энди пулнинг қадр–қиймати қолмаган эди. Мен ҳали шарққа отланмаган йилларда бир ақчага тўрт юз дирҳамлик каттагина нон сотган новвойхоналар, эндиликда худди шу пулга унинг ярмини ва ҳаттоки бунинг устига таъми болаликни сира ёдга солмайдиган нонни беришарди. Раҳматли онам ўн иккита тухум учун бугун уч ақча бериш кераклигини билсайди, «енг шимариб» товуқлар бошимизга ахлатини тўкмасиданоқ, тезда бу ердан бошқа ёққа қочайлик, деган бўларди. Аммо, биламанки, ҳеч бир ерда пулнинг қадри қолмаган. Фламинго, Венециядан келган савдо кемалари сандиқ–сандиқ сохта пулларга тўлалиги ҳақида гапиришарди. Зарбхонада авваллари юз дирҳам кумушдан беш юз ақча тайёрланган бўлса, ҳозирда Сафавийлар билан тугаб битмаган урушлар сабабли саккиз юз ақча тайёрланаётган экан. Усмонли аскарлари олган ақчалари кўприк остидан ўтаётганда тушиб кетганида денгизга тўкилган қуруқ ловиялар каби сув юзига балқиб чиққанини кўриб, исён қилиб, подшоҳимиз саройини душман қалъасидек ўраб олган эдилар. Боязид жомеъ масжидида ваъз айтган ва ўзини ҳазрати Муҳаммад авлодларидан бўлган сайидлардан эканини маълум қилган Нусрат исмли воиз ҳам мана шу ахлоқсизлик, қимматчилик, турли жиноятлару, талон–тарож пайтида ном қозонган эди. Арзирумий исмли воиз сўнгги ўн йил ичида, Истанбулни остин– устун қилган барча фалокатлар, Боғчақопи ва қозончилар маҳалласи ёнғинлари, шаҳарда ҳар тарқалишида ўн мингларча одамни ёстиғини қуритган вабо, Сафавийлар билан кечган жангда жуда кўп қурбон берилганига қарамай, бир натижага эришилмагани, шунингдек, ғарбда насронийларнинг исён кўтариб, кичик Усмонли қалъаларини қайтиб олишлари ва буларнинг барчасини Қуръони карим ҳукмларидан узоқлашиш, Ҳамда насронийлар яхши кўрилиб, очиқчасига шароб сотилиб, хонақоҳда чолғу чалиниши билан изоҳларди. Менга Арзирумли воиз ҳақида ҳаяжон билан сўзлаб, берган тузлама, сотувчисининг гапларига қараганда чорсу бозорини босиб кетган сохта ақчалар, Венеция усулида зарб қилинган сохта тилла дукатлар1, шер расми акс эттирилтан сохта флоринлар2, кумуши тобора камайган ақчалар гўё кўчаларни тўлдирган черкез, абхаз, мингер, бошноқ, гуржи ва арманилар каби инсонларни ахлоқсизликка етаклаётганмиш. Ахлоқсизлар, исёнкорлар қаҳвахоналарда тўпланиб олиб, тонггача ғийбат қилишармиш.

Ёқимли бир уд товушини эшитдимми ёки менга шундай туюлдими, хаёлимнинг паришонлиги заҳар тузлама сотувчининг гапларига ортиқ чидай олмаган менга бир нажот йўлини аён этдими билмайман, билганим, бир шаҳарни ёқтирсангиз у ерни кўп кезасиз ва йиллар ўтиб, у шаҳарнинг кўчаларини фақат руҳингиз эмас, тапангиз ҳам шундай таниб қоладики, оёқларингиз ўз–ўзидаи сизни энг ёқтирган тепалигингизга олиб чиқиб қўяди.

Шундай қилиб, Налбанд бозоридан чиқиб, Сулаймония жомеъ масжидининг ёнгинасидан Халич кўпригига ёққан қорни томоша қилдим: шимолга қараган томларда, қуббаларнинг четида қор ҳозирдан тўпланганди…

—————————

1 Дукатлар – Венеция пул бирлиги.
2 Флоринлар – Нидерландия пул бирлиги.

Туркчадан Шермурод Субҳон таржимаси

097 iyun – atoqli turk adibi O’rxon Pomuq tavallud topgan kun

Men endi o’likman, quduqning ichidagi bir jasad. Oxirgi bor nafas olganimga, yuragimning to’xtaganiga ko’p vaqt bo’ldi. Biroq, olchoq qotilimdan boshqa hech kim boshimga nimalar tushganini bilmaydi. U razil meni o’ldirganiga to’la ishonch hosil qilish uchun, avval nafas olishimga va tomirimning urishiga quloq tutdi, so’ngra ko’ksimga bir tepdi–da quduqqa tashladi. Biroz oldin tosh bilan urib sindirgan bosh chanog’im quduqqa tushayotganimda parcha– parcha bo’ldi. Yuzim, manglayim, yonoqlarim ezildi, suyaklarim sindi, og’zim qonga to’ldi.

O’rxon POMUQ
«MENING ISMIM – QIRMIZI» DAN PARCHA

05

O’rxon Pomuq 1952 yil 7 iyunda Istanbulning Nishontoshi tumanida dunyoga keldi. Rassom bo’lish orzusida Robert kollejida o’qidi. Keyin Istanbul texnika universitetining me’morlik kulliyotida ham uch yil tahsil oldi. Ammo rassom ham, me’mor ham bo’lolmasligiga ishonch hosil qilgach, o’qishni tashlab ketdi. Ko’p o’tmay Istanbul universitetining Jurnalistika institutiga kirdi va uniyam tugatmay qo’ya qoldi. Faqat «Qor» romanini yozdiyu, ortiq malaka ixtisosi olganligi to’g’risidagi diplom uchun kuch sarflamadi.
O’rxon Pamuq yozuvchilikni 1974 yilda boshladi. Ilk bor Mehmet Ero’g’li bilan hamkorlikda yozgan va 1979 yilda «Qorong’ilik va nur» nomi bilan bosilib chiqqan romani «Milliy romanlar» tanlovida birinchi o’rinni oldi. Ammo 1982 yilda bu romanni kengaytirib va to’g’rilab, «Javdat Bey va o’g’illari» nomi bilan qayta chop qildirdi. Bu safar kitob O’rxon Kamol mukofotiga loyiq deb topildi. Pamuqning bundan keyingi kitoblari ham ketma-ket mukofotlar olishda davom etdi. 1984 yilda nashr etilgan ikkinchi romani «Sassiz uy» «Modern roman» mukofotini oldi. Bu romanning frantsuzcha tarjimasi esa 1991 yilda Frantsiyaning «Ovrupoda kashf» mukofotiga sazovor bo’ldi. 1985 yilda nashr etilgan «Oq qal’a» nomli tarixiy romani 1990 yilda AQShda «Independent Avard for Foreign Fiktion» mukofotini qo’lga kiritdi va chet ellarda yanada kengroq dong taratdi. O’rxon Pamuq 2002 yilda nashr qildirgan «Qor» kitobini «Turkiyaning etnik va siyosiy masalalarini tadqiq etuvchi siyosiy roman» sifatida qabul qilindi. Keyingi asari «Mening otim qirmizi» asari 24 tilga tarjima qilindi va 2003 yilda Irlandiyaning «International IMPAC Dublin Literary Award» nomli xalqaro mukofotini oldi.
Bugun O’rxon Pamuq 10 dan ziyod kitob muallifi, 10 dan ortiq mukofot sohibi, asarlari 40dan ortiq tilga tarjima qilingan va dunyoda tanilgan adibdir. Kitoblarining 2 milliondan ko’proq nusxasi sotilgani unga bo’lgan qiziqishning yorqin misolidir.

05

067Men endi o’likman, quduqning ichidagi bir jasad. Oxirgi bor nafas olganimga, yuragimning to’xtaganiga ko’p vaqt bo’ldi. Biroq, olchoq qotilimdan boshqa hech kim boshimga nimalar tushganini bilmaydi. U razil meni o’ldirganiga to’la ishonch hosil qilish uchun, avval nafas olishimga va tomirimning urishiga quloq tutdi, so’ngra ko’ksimga bir tepdi–da quduqqa tashladi. Biroz oldin tosh bilan urib sindirgan bosh chanog’im quduqqa tushayotganimda parcha– parcha bo’ldi. Yuzim, manglayim, yonoqlarim ezildi, suyaklarim sindi, og’zim qonga to’ldi.

To’rt kun bo’ldi uyga qaytmaganimga; xotinim, bolalarim meni izlayotgan bo’lsalar kerak. Qizim yum–yum yig’lab, bog’ tomonga ko’z tikayotgandir: Hammasining ko’zi yo’lda, eshikdadir.

Haqiqatdan ham eshikdami, buni aniq bilmayman. Balki mening yo’qligimga ko’nikkandirlar. Chunki inson bu yerda ekan, orqada qolgan hayoti avvalgidek davom etayotgandek tuyuladi. Men tug’ilmasdan oldin oldimda cheksiz bir vaqt bor edi. Men o’lgandan keyin ham tugab bitmaydigan vaqt! Hayotligimda hech o’ylamasdim bularni: nur ichida yashardim, ikki qorong’u va o’t oralig’ida.

Baxtli edim, baxtli ekanman, endi anglayapman. Podshohimizning naqqoshxonasida eng yaxshi bezak, tilla suvi yuritish ishlarini men bajarardim va menga teng kela oladigan boshqa bir usta ham yo’q edi. Saroydan tashqarida qilgan ishlarimdan oyida to’qqiz yuz aqcha qo’limga tushardi. Bular ham tabiiyki, o’limimni muqarrar qilgan.

Faqatgina naqsh va bezak ishlari bilan shug’ullanardim: sahifa chetlarini bezar, ichi va atroflariga rangli yaproqlar, novdalar, gullar, qushlar rasmini chizardim. Burama–burama Chin usulli bulutlar, bir–biriga qalashib ketgan barg, rangli o’rmonlar va uning ichiga yashiringan jaylonlar, ko’p eshkakli katta kemalar, podshohlar, daraxtlar, saroylar, otlar, ovchilar… Ilgarilari ba’zan bir lagan ichiga naqsh chizardim. Ba’zan bir ko’zguning orqasiga, bir qoshiq ichiga, ba’zan bo’g’oz atrofidagi hashamatli bino va qasrlarning shiftiga, ba’zan bir sandiqning ustiga… So’nggi yillarda esa, faqatgina kitob sahifalari ustida ishlayotgan edim, chunki podshohimiz naqshli kitoblar uchun ko’p pul berar edi. O’limga duch kelgach, pulning hayotda hech ham ahamiyati yo’qligini tushunib yetdim, demoqchi emasman. Inson hatto tirik bo’lmagan paytda ham, pulning qiymatini biladi.

Endi bu holimda, mening ovozimni eshitayotganingizga qaraganda, bu mo»jiza oldida shunday xayollarga borishiigizni bilaman: tirikligingda qancha pul topishingni qo’y endi, bizga u yerda ko’rganlaringdan gapir, o’limdan so’ng nima bor? Ruhing qaerda? Jannat va Jahannam qanday? U yerda nimalarni ko’rmokdasan? O’lim o’zi nima ekan? Joning qiynalmayaptimi? Haqlisiz, inson hayot ekan, «u tomon»da nimalar bo’lishiga juda ham qiziqishini bilaman. Birgina shu qiziqishi tufayli, qonli jang maydonlarida jasadlar orasida kezingan kimsaning hikoyasini so’zlab bergan edilar… Jon talashayotgan yarador askarlar orasida o’lib, qayta tirilgan kishiga duch kelaman, u esa, meni narigi dunyoning sirlaridan voqif etadi deb, jang maydonini kezib yurgan bu odamni Temurning askarlari dushman tusmollab, qilichning zarbi bilai ikkiga bo’libdilar. U esa, odam o’lgandan so’ng ikkiga bo’linarkan, deb o’ylabdi.

Bunaqamas. Hatto dunyoda ikkiga bo’lingan ruhlar bu yerda birlashadi, deb ayta olaman. Ammo, dinsiz kofirlarning, osiylarning va shaytonga bo’ysungan kufrbozlarning iddaolariga qarshi, shukurki, u dunyo ham bor. U yerdan turib, sizga xitob qilayotganim buning isbotidir. O’ldim, biroq ko’rganingizdek, yo’q bo’lmadim. Boshqa bir tomondan, Qur’oni karimda ta’kidlangan, ostidan suvlar oqib o’tuvchi jannatdagi oltin va kumush qasrlarga, mevalari hil–hil pishgan katta yaproqli daraxtlarga, bokira go’zallarga duch kelmaganimni aytishga majburman. Holbuki, Voqea surasida aytib o’tilgan Jannatdagi u katta ko’zli hurlar rasmini ko’p bora qanday zavq bilan chizganimni hozir juda yaxshi eslayman. Qur’oni karimda emas, Ibn Arabiy kabi tasavvuri kenglarning qayd qilganlari: sut, sharob, shirin suv va asal oqib turuvchi u to’rt irmoqqa ham duch kelmadim. Haqli ravishda, u dunyoning umid va xayollari og’ushida yashayotgan kishilarni ishonchsizlikka yetaklamaslik uchun, bularning barchasini o’zimning shaxsiy ahvolim bilan bog’liq ekanini darhol ma’lum qilmoqchiman. O’limdan keyingi hayot xaqida biroz bo’lsa–da, ma’lumoti bor bo’lgan har bir mo»min, menga o’xshagan bir behalovatning jannat irmoqlarini ko’rishi qiyinligini biladi.

Qisqasi, naqqoshlar safida va ustozlar orasida Zarif Afandi deb atalgan kishi — men o’ldim, ammo ko’milmadim. Binobarin, ruhim tanimni butunlay tark etolmadi. Jannatmi, jahannammi, nima bo’lsa ham, taqdirim. Ruhim u yerlarga yaqinlasha olishi uchun tanamning kirligidan xoli bo’lishi kerak. Boshqalarning boshiga ham tushgan bu istisno ahvolim, ruhimni cheksiz qiynoqqa soladi. Bosh chanog’im parcha–parcha bo’lib, tanamning yarmi muz kabi suvda siniq va yaralar ichida chiriyotganini sezmayapman, ammo tanamni tark etish uchun chirpinayotgan ruhimning qattiq og’rig’ini his qilyapman. Go’yo butun olam mening ichimda bir yerda siqilib, toraymoqda.

Bu torayish hissini faqatgina u shafqatsiz o’lim paytida tuyganim, — hayratga soluvchi kenglik hissi bilan qiyoslay olaman. Hech kutmaganim — tosh zarbidan bosh chanog’im chetidan singanida, u olchoq meni o’ldirmoqchi ekanini darhol tushundim. Birov, o’ldiradi deb sira o’ylamagandim. Naqqoshxona bilan o’lim orasidagi so’lg’in hayotimni yasharkanman, buning hech ham farqiga bormagan ekanman. Hayotga talpindim doim. Boshimga tushgan boshqa zarblarning dardini aytib, sizlarning joningizga tegmay, tag’in.

O’lishimni anglagan paytimda, ichimni ishonib bo’lmas bir kenglik hissi chulg’adi. Kechish onini bu kenglik hissi bilan yashadim: bu yoqqa kelishim go’yo tush ko’rayotgandek silliq kechdi. Eng oxirida, olchoq qotilimning loy aralash qorli oyoq kiyimlarini ko’rdim. Ko’zlarimni uxlayotgandek yumdim va yoqimli bir ko’chish hissi qanotida bu yerga keldim.

Endigi shikoyatim, tishlarimning qonli og’zimga lavlagi kabi to’kilishidan, yuzimning tanib bo’lmas darajada ezilishidan, yoki quduq tubida siqilib qolishimdan emas, aksincha hamon yashayapti deb o’ylashlaridan. Ayniqsa, meni yaxshi ko’rgailar u Istanbulning bir chetida, hali ham, telbalarcha bir yumush bilan ovvora, hatto boshqa bir ayolning ortidan ergashib yuribdi, deb o’ylashlari behalovat ruhimga cheksiz azob beradi. Biroz bo’lsa ham jasadimni ertaroq topsinlar, janozamni o’qib, meni ko’msinlar endi! Eng muhimi, qotilim topilsin! Xohlasalar, u olchoq topilmaguncha eng muhtasham mozorga ko’msinlar meni. Topilishini mozorim tevaragida aylanib–aylanib kutishimni, hatto hech biringizga ishonmasligimni bilishingizni istayman. Qotilim bo’lgan u haromi bolani toping. Men esa sizga u dunyoda ko’radiganlarimni birma–bir aytib beraman. Ammo, qotilim toiilgach, suyaklaridan sakkiz–o’ntasini, ayniqsa, ko’krak suyaklarini asta–sekin qisirlatib sindirishingiz, so’ngrada sochlarini bir–bir yulib, maxsus six bilan bosh chanoq terisini shilib, baqirtirib teshishingiz kerak.

Men bunchalar adovat tuygan o’sha qotilim kim, hech kutilmagan bir tarzda meni nega o’ldirdi? Bularga qiziqing.

Dunyo besh chaqaga arzimaydigan olchoq qotillarga to’la, qay birini aytay demoqchimisiz? Unday bo’lsa, sizni hozirdanoq ogohlantiraman: o’lishimning ortida dinimizga, odatlarimizga, dunyoqarashimizga qarshi kompas bor. Ko’zingizni oching, Islom dushmanlari meni nega o’ldirishdi, bir kun kelib, sizni nega o’ldirishlari mumkinligini bilib oling. Barcha so’zlarini ko’zimda yosh xalqalanib tinglaganim buyuk voiz arzirumli Nusrat Xo’janing aytganlari bir-bir to’g’ri chiqyapti. Boshimizga tushganlar hikoya kilinib, bir kitobga yozilsa ham, hatto eng usta naqqoshlar tomonidan aslo rasmini chizib bo’lmasligini aytay sizga. Bu kitobning jozibasi xuddi Qur’oni karimdagidek, tag’in yanglish tushunilmasin, aslo rasm ishlab bo’lmasligidan ham kelib chiqadi. Buni tushunganingizdan shubhadaman.

Qarang, men ham shogirdligimda tub haqiqatdan, u yoqlardan kelgan tovushlardan qo’rqib, bunga e’tibor bermas edim. Aksincha, bunday narsalarni mazax qilardim. Oxiratim bu razil quduqning tubi bo’ldi! Bu sizning ham boshingizga tushishi mumkin: ko’zingizni katta oching. Endi yaxshilab chirisam, jirkanch hidimdan meni balki toparlar, deya umid qilishdan o’zga choram yo’q. Hamda razil qotilim topilgach, iskanjaga olinishini o’ylash — orzu qilishdan boshqa.

MENING ISMIM – QORA

Istanbulga, tug’ilib o’sgan shahrimga o’n ikki yil so’ngra, bir oyparastdek kirib keldim. O’ladiganlar uchun tuproq tortdi, deydilar, meni esa o’lim tortgandi. Shaharga ilk kirganimda, avvalida, faqatgina o’lim bor, deb o’ylagan edim, keyin esa sevgiga duch keldim. Biroq, sevgi u paytda, unutilgan bir tuyg’u edi. O’n ikki yil oldin Istanbulda xolamning yosh qiziga oshiq bo’lgandim. Istanbulni tark etganimdan to’rt yil so’ngra, Ajam o’lkasining bitmas–tuganmas qirlarida, qorli tog’larida va kadarli shaharlarida kezib, maktub tashib, soliq to’plarkan, Istanbulda qolgan yosh sevgilimning yuzini asta–sekin unutganimni his qildim. Xavotirga tushib, bu yuzni eslashga ko’p harakat qildim, ammo qanchalik sevsangiz, ko’rmaganingiz sari asta–sekin unutar ekansiz. Sharkda, musofirchilikda, podshohlarning xizmatida bo’lganimnipg oltinchi yilida, xayolimda jonlangan yuz Istanbulda qolgan sevgilimning yuzi emasligini bilardim endi. Oltinchi yilda yanglish eslaganim yuz, keyinroq, sakkizinchi yilda yanada unutilib, boshqa bir yuz ifodasini oldi. O’n ikki yildan so’ng, o’ttiz olti yoshimda shahrimga qaytganimda, sevgilimning yuzini butunlay unutganimni afsusu nadomat ila eslayman.

Do’stlarimning, qarindoshlarimning, mahallamdagi tanishlarimning ko’pi bu o’n ikki yil ichida o’lgan ekanlar. Xalich tomondagi qabristonga bordim. Onam va yo’qligimda o’lib ketgan amakilarim haqqiga duo qildim. Loy tuproqning xidi xotiralarimga qorishib ketdi. Onamning qabri chetida kimdir ko’za sindirgan ekan. Negadir siniq bo’laklarga qarab yig’lagim keldi. O’liklargami yoki shuncha yildan so’ng, qiziq bir holatda, hali ham hayotning boshida bo’lganim uchunmi, va yoki aksincha, hayot safarining oxiriga kelganimni his qilganim uchun yig’ladimmi, bilmayman. Bilinar–bilinmas qor uchqunlay boshladi. U yer bu yerga yog’ayotgan qorga tikilib, o’yga tolib, yo’limni yo’qotgan edimki, bir vaqt qarasam, qabrning Qorong’i bir chekkasida qora it menga boqib turibdi.

Ko’z yoshlarim tindi. Burnimni artdim. Qora itning menga qarab dumini likillatayotganiga tikilgancha, qabristondan chikdim. Ko’p o’tmay, ota tomondan qarindoshimizning ilgari yashagan uylaridan birini ijaraga olib, mahallaga o’rnashdim. Uy bekasi jangda Safaviy askarlari tomonidan o’ldirilgan o’g’liga o’xshatdi meni. Shuning uchun bo’lsa kerak, u ayol uyga alohida tartib berib, ovqatlarimni pishirardi.

Istanbulda emas, dunyoning bir chekkasidagi arab shaharlaridan birida vaqtincha joylashib, shahar qanday joy ekan,deb hayratlangandek, ko’chaga chiqdim. Uzoq va to’yib–to’yib yurdim. Ko’chalar torayganmi, yoki menga shunday tuyuldimi, ba’zi yerlarda bir–birlariga yonma–yon uzangan uylar orasida tor ko’chalarda ustiga yuk ortilgan otlarga urilmaslik uchun devorlarga, eshiklarga urinib–surinib yurishga majbur bo’ldim. Boylar ko’payganmidi yoki menga shunday tuyuldimi, hashamatli mashina ko’rdim. Bunaqasi na Arabistonda, na Ajamda bor: mashina go’yo mag’rur otlar tortgan bir qal’aga o’xshardi. Chambarlitosh yonida, tovuq bozoridan anqiyotgan sassiq hidga burqsib, bir–biriga tiqilib o’tirgan, eski–tuskilar orasida orsiz tilanchilarni ko’rdim. Biri ko’r edi, yog’ayotgan qordan zavq tuyib, tinmay kulardi. Oldinlari, Istanbul ancha kichik, odamlari esa yanada faqir, biroq baxtliroq edi, desalar ishonmasdim balki, ammo, hozir qalbim bularni tasdiqlab turardi. Ortda qolgan sevgilimning uyi arg’uvon va kashtan daraxtlari bilan o’ralgan edi. Eshik oldida turganlardan so’radim, u yerda endi boshqa bir kimsa yashar ekan. Sevgilimning onasi — xolam o’lgan, pochcham bilan qizlari esa, boshqa yoqqa ko’chib ketibdilar. Qalbingizni va xayollaringizni shafqatsizlarcha taptaganlarini hech ham farqiga bormagan eshik oldidagi odamlarning aytganiga qaraganda, qarindoshlarimning boshlariga og’ir bir musibat tushgan ekan. Sizga endi, bularni hikoya qilib o’tirmayinda, eski bog’dagi arg’uvon daraxtining novdalarida jim–jilog’im kattaligida muz bo’laklari osilib turganini yoxud issiq, yam–yashil va quyoshli yoz kunlarini eslaganim ushbu bog’ kadardan, qordan va qarovsizlikdan insonning xayoliga o’limni keltirganini aytib qo’ya qolay.

Qarindoshlarim boshlariga tushgan kulfatlarning ba’zisini pochcham menga, Tabrizga yo’llagan maktubidan bilardim, zotan. Maktubida pochcham meni Istanbulga chaqirib, podshohimiz uchun  sirli bir kitob tayyorlayotganini va bu ishda unga yordam berishimni so’ragan edi. Mening bir paytlar Tabrizda Usmonli poshsho – vazirlari, valiylar va Istanbuldagi mijozlar uchun kitoblar tayyorlatganimni pochcham eshitgan edi. Tabrizda qiladigan ishim: kitob buyurtma bergan mijozlardan oldindan pul olib, urush hamda Usmonli askarlarining dastidan hali ham shaharni tark etmay, G’azvinga va boshqa Ajam shaharlariga ketmagan naqqosh va hattotlarni topish, shuningdek, pulsizlik va qadr topmaganliklaridan arz qiluvchi bu buyuk ustozlarga sahifalarni yozdirib, naqsh chizdirib, jild qoplatib, kitobni Istanbulga yo’llash edi. Yoshligimda pochcham menga naqsh va go’zal ki– tob tayyorlash havasini uyg’otmaganida edi, bu ishlarga hech ham qo’l urmagan bo’lardim.

Bir paytlar pochcham yashagan ko’chaning bozorga qaragan tomonida joylashgan do’konda, usta hali ham ish joyida edi. Devor atrofida har galgidek ustaralar, ko’zachalar, sovun idishlari bilan o’ralgan o’sha katta oyna turardi. Ko’z ko’zga tushdi, ammo, usta meni tanidimi, yo’qmi bilmayman. Shiftdan osilib turgan zanjir uchida, bosh yuvish uchun issiq suv to’ldiriladigan idishning oldingidek yoysimon aylanib, orqa–oldinga tebranganini ko’rish meni masrur qildi.

Yoshligimda men kezgan ba’zi mahallalar, ko’chalar, bu o’n ikki yil ichida yonib, kulga aylanibdi. Ularning o’rnida endi, itlar kezib, bolalarni qo’rqitadigan jinnilarning qarovsiz yerlari paydo bo’libdi, hamda men kabi uzoqdan kelganlarni hayratga soluvchi hashamatli mehmonxonalar qurilibdi. Ba’zi mehmonxonalarning derazalariga eng qimmat Venetsiya romlari o’rnatilgan edi. Mening yo’qligimda Istanbulda baland devorlardan ham yuksak, shuningdek, peshtoqida fonus o’rnatilgan juda ko’p ikki qavatli uylar qurilganini ko’rdim. Boshqa ko’pgina shaharlardagi kabi Istanbulda ham, endi pulning qadr–qiymati qolmagan edi. Men hali sharqqa otlanmagan yillarda bir aqchaga to’rt yuz dirhamlik kattagina non sotgan novvoyxonalar, endilikda xuddi shu pulga uning yarmini va hattoki buning ustiga ta’mi bolalikni sira yodga solmaydigan nonni berishardi. Rahmatli onam o’n ikkita tuxum uchun bugun uch aqcha berish kerakligini bilsaydi, «yeng shimarib» tovuqlar boshimizga axlatini to’kmasidanoq, tezda bu yerdan boshqa yoqqa qochaylik, degan bo’lardi. Ammo, bilamanki, hech bir yerda pulning qadri qolmagan. Flamingo, Venetsiyadan kelgan savdo kemalari sandiq–sandiq soxta pullarga to’laligi haqida gapirishardi. Zarbxonada avvallari yuz dirham kumushdan besh yuz aqcha tayyorlangan bo’lsa, hozirda Safaviylar bilan tugab bitmagan urushlar sababli sakkiz yuz aqcha tayyorlanayotgan ekan. Usmonli askarlari olgan aqchalari ko’prik ostidan o’tayotganda tushib ketganida dengizga to’kilgan quruq loviyalar kabi suv yuziga balqib chiqqanini ko’rib, isyon qilib, podshohimiz saroyini dushman qal’asidek o’rab olgan edilar. Boyazid jome’ masjidida va’z aytgan va o’zini hazrati Muhammad avlodlaridan bo’lgan sayidlardan ekanini ma’lum qilgan Nusrat ismli voiz ham mana shu axloqsizlik, qimmatchilik, turli jinoyatlaru, talon–taroj paytida nom qozongan edi. Arzirumiy ismli voiz so’nggi o’n yil ichida, Istanbulni ostin– ustun qilgan barcha falokatlar, Bog’chaqopi va qozonchilar mahallasi yong’inlari, shaharda har tarqalishida o’n minglarcha odamni yostig’ini quritgan vabo, Safaviylar bilan kechgan jangda juda ko’p qurbon berilganiga qaramay, bir natijaga erishilmagani, shuningdek, g’arbda nasroniylarning isyon ko’tarib, kichik Usmonli qal’alarini qaytib olishlari va bularning barchasini Qur’oni karim hukmlaridan uzoqlashish, Hamda nasroniylar yaxshi ko’rilib, ochiqchasiga sharob sotilib, xonaqohda cholg’u chalinishi bilan izohlardi. Menga Arzirumli voiz haqida hayajon bilan so’zlab, bergan tuzlama, sotuvchisining gaplariga qaraganda chorsu bozorini bosib ketgan soxta aqchalar, Venetsiya usulida zarb qilingan soxta tilla dukatlar1, sher rasmi aks ettiriltan soxta florinlar2, kumushi tobora kamaygan aqchalar go’yo ko’chalarni to’ldirgan cherkez, abxaz, minger, boshnoq, gurji va armanilar kabi insonlarni axloqsizlikka yetaklayotganmish. Axloqsizlar, isyonkorlar qahvaxonalarda to’planib olib, tonggacha g’iybat qilisharmish.

Yoqimli bir ud tovushini eshitdimmi yoki menga shunday tuyuldimi, xayolimning parishonligi zahar tuzlama sotuvchining gaplariga ortiq chiday olmagan menga bir najot yo’lini ayon etdimi bilmayman, bilganim, bir shaharni yoqtirsangiz u yerni ko’p kezasiz va yillar o’tib, u shaharning ko’chalarini faqat ruhingiz emas, tapangiz ham shunday tanib qoladiki, oyoqlaringiz o’z–o’zidai sizni eng yoqtirgan tepaligingizga olib chiqib qo’yadi.

Shunday qilib, Nalband bozoridan chiqib, Sulaymoniya jome’ masjidining yonginasidan Xalich ko’prigiga yoqqan qorni tomosha qildim: shimolga qaragan tomlarda, qubbalarning chetida qor hozirdan to’plangandi…

—————————

1 Dukatlar – Venetsiya pul birligi.
2 Florinlar – Niderlandiya pul birligi.

Turkchadan Shermurod Subhon tarjimasi

055

(Tashriflar: umumiy 4 570, bugungi 1)

3 izoh

Izoh qoldiring