Javlon Jovliyev. Lobar, Lobar, Lobarim mening…

002    У фариштали, оппоққина қиз. Бу оқликка қастланган қош-кўзлар зулмат сувига мангу чўккандек, қопқора. Чеҳрасида файз, силлиқ юзларида нафис кулгичи бор. На-да яноқлар, қавоқлар ҳам табассум қилади, бунга шайдо киприклари ҳам унга қўшилиб бирдек тўлқилланади. Жигарранг кўзлар туби чексизликка туташгандай сирли, тароватли, оҳангли ва яна алламбало…

Жавлон Жовлиев
ЛОБАР, ЛОБАР, ЛОБАРИМ МЕНИНГ
054

077   Жовлиев Жавлон (Жовлиев Жавлонбек Ортиқович) – 1991 йил Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Ғиштли қишлоғида туғилган. 2010–2014 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик журналистикаси» йўналишида таҳсил олган. 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси, “Санъат назарияси ва тарихи” (Саҳна ва экран драматургияси) йўналиши магистранти. Ҳозирги кунда ўқиш билан биргаликда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» нашриётида муҳаррир сифатида фаолият олиб бормоқда. “Ёшлик”, “Театр”, “Инфолиб” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Тошкент оқшоми” ва бошқа матбуот нашрларида ижодий ишлари ва мақолалари чоп этилган. Жовлиев Жавлон бугунги кунда ижодий ишлари билан биргаликда “Мустақиллик йилларида саҳнада акс этган мутафаккир зиёлилари образи” (Ўзбек Миллий Академик драма театр мисолида) мавзусида илмий иш устида ишламоқда.

054

03— “Келинг, кўришайлик. Негадир, бугун… ким биландир дардлашгим келаяпти.
— Соат нечида?
— Ишдан чиққан пайтизда-да…

Қўлимда телефон тутганча, ўтирғичга суянаман. Лобар бетоқат яна нималардир дейди. Деразадан кўзим қуёшга тушади. Қуёш қизғиш ранглар билан хайрлашиш тасвирини чизарди.

— Келишдик.
— Эй…Фақат, ўтган сафаргидагидай кечикманг.

— Хўп.
— Аниқ! Кечикманг, кутаман”

Телефонни қўйиб, ўтирган жойимда тошдек қотаман. Танам титраб кетади. Бурним ачишиб, кўзим негадир намланади. Бу на андуҳ, на армон, на ҳайрат кўз ёшлари… Бу менинг хотирам, бу умримнинг ажиб ва нурли ёшларидир. Мен орзуйим осмонига сочилган юлдуздек ёшларимни излаб йўлга тушаман…

— Лобар, Лобар, Лобаржонгинам

2

У фариштали, оппоққина қиз. Бу оқликка қастланган қош-кўзлар зулмат сувига мангу чўккандек, қопқора. Чеҳрасида файз, силлиқ юзларида нафис кулгичи бор. На-да яноқлар, қавоқлар ҳам табассум қилади, бунга шайдо киприклари ҳам унга қўшилиб бирдек тўлқилланади. Жигарранг кўзлар туби чексизликка туташгандай сирли, тароватли, оҳангли ва яна алламбало.

Мен уни илк бор кўрганимда оппоқ кўйлакда, серқатнов йўлда онасининг қўлларига қўлини чалиштирганча турар, ҳозиргина кучли ҳаяжонли воқеани бошидан кечирганлиги шундоқ сезилиб турарди. У топширган имтиҳони ҳақида тинмай гапирар, онаси фақат савол беришга, тез-тез қисқа ифодалар билан тасдиқлашгагина фурсат топарди. Мен унга телбаларча тикилиб қолгандим. Бунга аввалида эътибор бермаган она-бола, бироз вақт ўтиб савол назарида менга боқишди. Кейин Лобар онасидан қўлларини узмаган ҳолда олдинга интилди ва менга бироз бошини экканча, чап қўли билан қуёш тиғларидан юзини пана қилиб сўз қотди.

— Сиз ҳам менинг йўналишимга топширдингиз-а? Боя имтиҳонда сизни кўргандай бўлдим!
— Нега сизнинг?
— Узр, ҳаяжондаман-да, узр, узр…

У бироз олдинга юриб менга яқинлашди. Ўша онда унинг кўзлари бор хазинасини менга очди. Бу кўзлардан бошқа дунёни унутиб қўйдим. Ҳозиргина ўқишга кириш учун муҳим синовдан ўтганимни, бунинг учун қаердан, қандай қийинчиликлар билан келганимни ҳам бир дам эсдан чиқаргандим. Қуёш тиғида куйган юз, узун орриқ қўллар, аллақачон шаҳар урфидан чиқиб кетган ва кеча йўлга чиқаётиб онам едирган қовун ҳиди уриб қолган уст-бошим билан, оппоқ, ҳарир кўйлак кейган шаҳарлик сулув ёнида гаранг қотгандим. Қиз эса, бепарво сўзлар, кескин курашлар билан ўтган имтиҳон таҳлилига тушиб кетганди. Ундан таралаётган хуштам атр ифори ҳали ҳам мени дилгир ҳисларга чорлайди.

Унинг нигоҳлари ўткир эди. Бирдан хаёлимга бу шаҳарлик қиз қайдаю, мен қайда деган ўй келди ва ундан кўзларимни олиб қочдим. Юрагимда қўрқув пайдо бўлди. У сепган ҳушбўй атрлар қайдаю, менинг чала-чалпа қайчиланган сочларимда ялтиллаётган тер қайда. Унинг кўнгли қайдаю, менинг хаёлпарастлигим қайда… Лекин ғўрлик хаёллари мени бу сирли ва ажойиб муҳаббат оламига қандайдир катта куч билан итарарди. Қизнинг хаёлидан бундай манзаралар ўтмаётганлиги, у бошқа оламдан келиб қолган қизга айланишини жуда истардим. Ўша онда диққатим унинг гапларида эмас, жигарранг кўзлар сеҳрига мағлуб эди, бир нотавон маҳбус эди.

— Сизни билмадим-у, мен кўпгина саволларнинг жавобини кўнглимга қўйиб бердим. Кўнглимга ёққанини белгиладим. Юрагим шуни бюрди, мен шуни қилдим. Нега индамай турасиз? Нима, хато қилибманми?

— Йўқ!
— Сиз ҳам ўқишга киринг. Сизларни Худо қўлласин!

Бу сўзлардан Лобарнингг ортида бизга қувонч ва ҳайрат ила боқиб турган аёл, онаси борлигини ёдимга келди. Бўйи етган қизи бор барча ўзбек оналари каби жигарбандини жуда нозиқ ва қимматли яратиқдек асраши шундоқ кўзларидан билиниб турарди.

— Биз, албатта, курсдош бўламиз, тўхтанг, сизларда жанжал бўлиб кетдими? Негадир менга ҳамма бадқавоқ одамлардек кўринди. Ахир, ҳаммага насиб қилгани бўлади-ку!

Унинг саволларига жавоб беришда ҳам ўзимни ночор, ғариб ва нотовон ҳис қилардим. Ҳа, мен қайдаю, у қайда…

Онанинг ниятлари амалга ошди. Иккимиз ҳам талаба бўлдик. Курсдош бўлдик. Ўшанда у ҳақдаги фикрларим бекор эмаслигини, Лобарнинг ўзига хос ва гўзал дунёси борлигини англадим. Лобар доим тўлқинланувчи қирғоққа ўхшарди. Тўлқинланиб сўзлар, тез ҳайратланар, ўта таъсирчан эди. Овози ҳам аниқ ва ширали, худди радионинг мураккаб техник қурилмалари орқали жило берилган каби… Тўғри, у қизнинг чидаш мушкул томонлари ҳам бор эди. Бу унинг ҳаддан ташқари эҳтиёткорлигида эди. Бунинг сабаби кейинчалик маълум бўлди. Онаси уни ёлғиз катта қилган экан. Ўзи ёлғон қурбони бўлган бу жавокаш аёл ёлғиз фарзандини гўдакликдан ҳар нарсага шубҳаланиб боқишга ургатганди. Шунинг учун у болаликдан яқинлар билан чегараланган доира ичида ўсди, улар билангина сирлашди, улар билангина ўйнади. Натижада У бегона одамларга тез қўшилиб кетаолмас, ҳаммага ўз сирларини очавермасди. Лекин унинг шундай тўлқинланган пайтлари бўлардики, денгиздек қирғоғидан тошар, ўша онда ҳар кимни яқин олар, у билан сирлашиб, йиғлаб олиши ҳам мумкин эди.

Биз тўрт йиллик таълим давомида фақат дўст бўлдик. Фақат дўстми?! Аммо мендаги туйғуларни дўстлик десам, бу шарафли сўзга хиёнат қилган бўламан. Рости…
Бир кун унга дил дафтаримни очишим учун қулай имконият бўлди. Бу кун сира ёдимдан чиқмаса керак. Театр томошасидан сўнг уни кузатиб қўймоқчи бўлдим ва биз катта йўл адоғида ёлғиз эдик. Қалбимни қийнаётган барча ҳисларни очиқ-ойдин айтишнинг, оғир ва азобли юкдан қутилшнинг айни пайти эканлигини ҳис қилиб турардим. Лекин шу ҳис мени оёғимга тушов солгандай бўлиб, қадамларимни оғирлаштириб қўймоқда эди. Юрагим эса бетоқат, боши билан кўкрагимни ёришга тайёр азаматдек тепага сапчирди. Лобар эса тинмай театрдаги чол образи ҳақида тўлқинланиб гапирарди. Унинг айтишича актёр жуда бўрттириб юборибди. Қулоғимга ҳеч нима кирмас, унинг тўсатадан бериб қолган саволларига ҳам гарангга ўхшаб жавоб бермай қўяқолардим. Мен журъатсизларча қадам ташлар, борган сари бутун вужудим титроққа айланаётганини ҳис қилиб турардим. Ҳатто, олаётган нафасим ҳам вужудимга юк бўалётгандай бўлар, қадамим секинлашарди. Шунда, Тангримга ёлвордим, умид билан кўкка боқдим. Болалик чоғларимдаги каби кўкдаги дўстларимни, яъни юлдузларни қидирдим. Хира бўлса-да, битта бўлса-да. Улар менинг болаликдаги “жимитдай” дўстларим эди. Дадам маст бўлиб, ухлаб қолган кунлари, тунда дала қоравуллигига онам мени юборарди. Ўзимга ўхшаган шалпанқулоқ эшагимни миниб йўлга отланардим. Эшак ҳам мендан баттар қурқоқ, шап кўр эди. Ойсиз қора тунлари, эшак устида осмондаги минглаб юлдузларни кузатишдан бошқа нима ҳам қилардим. Чайла тепасида онам берган чопонимга ўраниб ётарканман, бутун борлиғим юлдузлар сеҳрига айланарди. Ўша пайтларда барча қўрқувни енгиб, юлдузлардай порловчи келажак ҳақида ўй сурардим. Шунда юлдузлар билан ўратмиздаги масофа яқинлашгандай туюлар, ҳудди осмон бироз эгилиб ўзида бўлаётган томошаларни улкан экранда менга намойиш этаётгандек бўларди.

Ҳозир эса менда қўрқув бор эди. Аммо мен энди қоронғуликдан эмас, кўзларда юлдуз беркинган қиздан, унинг менга берадиган жавобидан қўрқардим. Турли аччиқ тутунлар, ҳаёт чиқиндиларининг ифлос увадаларига тўлиб кетган осмон бағридан юдуз қидарардим. Шунда орқа тарафда бир хира юлдузга кўзим тушди. Кейин унинг олдида яна биттаси кўринди. Улар менга куч бергандай бўлди. Тангрига ёлвордим. Жойимда бирдан тўхтаб қолдим. Лобар ҳам ҳайрон.

— Нима бўлди, юринг, юринг, ойим кутвотти…
— Лобар!

— Бунақа қараманг, илтимос сиздан, вой буни….нима севиб қолдим деб атмоқчимисиз, жиннивой. Э, ўртамизда севги бўлиши мумкин эмас. Сиздай дўстимни йўқотмоқчимасман.
— …

— Жиннилик қилманг, сиз менинг эдиалимдаги йигит эмассиз.
— Ким сизни севаман демоқчи, ўзингизни хурсанд қиляпсизми…

— Ҳа, қарашингиз ғалати-да. Кечирасиз…Ҳа, тўхтанг севсангиз нима бўпти?
— Қурибдими бошқа қиз… Қишлоқ тўла қиз.

— Ей, мен ҳам қишлоқ ишларини уддалайман. Фақат мен севган одам бўлса бўлди.
— Яхши…

Сонялик зулмат қаридан, кўз олдимда минглаб юлдузлар пайдо бўлди. Улар жуда ёруғ, лекин жуда кичкина эди. Йўлмиз ёритаётган тунгги чироқлар билан бирга менинг кўзларимда чарақларди. Лекин булар менинг юлдузларим, улар кўзларимдан оқиб, милт-милт ёнаётган юраким тубига ёмғир бўлиб томчиларди.

3

Шу воқеадан сўнг мен на Лобарга дўст, на ошиқ бўлдим. Лекин у мени жуда яқин дўст деб билар, менга эса бу мақомни кўтариб юриш жуда оғир эди. Йиллар ўтди. У ҳеч ўзгармади. Тинмай ўқир, изланарди. Бу унинг курсда ажаралиб қолишга олиб келди. Қизлар уни ёқтирмас, йигитлар сергап ва эрта қариган соҳибжамолга чиқариб қўйишди. Бунинг устига кўп ўқигани учунми, боши тез-тез оғриб турар, ўша пайтларда бир ойлаб ўқишга келмай қўярди. Шунда мен уни кўргани шифохонага бориб турардим. У билан ўша жойда қилган суҳбатларимизнинг ўзи бир жаҳон эди. Лобар менга ўша онларда ўзининг қалбида ётган ва жавоҳирдек сақлаётган ниятларини дўстона ўртоқлашарди.

У орзусидаги ёрни интиқлик билан, кутиш йиллари қанча чўзилишини билмай умид ва ишонч билан кутарди. Орзу қилган ўша номаълум йигит, унинг энг ёруғ юлдузи эди. Аммо Лобар жуда содда, ишонувчан, таъсирчан қиз эди. Менга унинг орзусидаги ўша йигит сифатларини сценарийга тушурсаму, кимдир бу ролни ўйнаса, Лобар униннг қўлида қўғирчоқ бўлиб рақс тушадигандай туюларди. Шунинг учун ундан хавотирланардим.

Лобар ўқишни тугатиб, тезда муваффақият қозона бошлади. Илк ёзган сценарийси суратга олиниб, унга кутилмаган шуҳрат олиб келди. Унинг кейимлари, гап-сўзлари бироз ўзгардли. Шундан сўнг қатор фильмлари унинг шуҳратига шуҳрат қўшди. Унинг олдида турли режиссёрлар, операторлар парвона бўларди. Мен буларни эшитиб хурсанд бўлдим. Чунки у билан муомилага киришиб, ҳамма ҳам ишлай олмасди. У ишига жуда талабчан, иш битмагунча неча кунлаб мижжа қоқмайдиган, шерикларини ҳам тиндирмайдиган жавокаш санъаткор эди. Бундан ташқари зиғирча адолатсизлик, озгина манфаатпарастлик-у ноҳақликка ҳам чидаб таролмас, ўша инсон билан барча ҳамкорликни тўхтатиб қўярди. Мени бундай одамларга доим қийин бўлишини англардим. Шунинг учун унинг эришган муваффақиятларидан, ўзини тушунадиган одамлар даврасида эканлигидан чексиз бахтиёр эдим. Бироқ у ҳамон қалбан ёлғиз эди. Йиллар унинг асабларига, сабрига таъсир ўтказмай қолмасди. Аммо ҳамон садоқат билан қалбидаги ўша, энг ёруғ юлдузни кутарди. Юрагидаги энг нурли инсонни… Бироқ у ким эди? У қачон келади?

Бу орада менинг ҳаётимда янгилик бўлди. Қишлоғимизда бир қиз билан унаштирилдим. Уни синфдош дўстимнинг тўйига борганда кўриб қолгандим. У жуда чиройли, оҳулардан ҳам чиройли кўзлари бор эди. У қиз ота-онам орзусидаги меҳнаткаш, фаросатли ва энг муҳими оиласи намунали хонадондан эди.

Бу хабардан Лобарнинг хурсанд бўлишини кутгандим. Аммо у унаштирилганлигимни эшитганда кўзларини кўзимдани олиб қочди. Бемаъно жилмайди. У ҳеч қачон бунақа қуруқ жилмаймасди. Сўнгра мендан ўша қизнинг расми бор-йўқлигини сўради. Мен телефондаги қизил палто кейиб тушган расмни кўрсатдим. У тикилиб қараб қолди ва “Нурли қиз экан, юзидан фариштаси бор-а! Уни эҳтиёт қилинг” – деди-да, бошқа у ҳақда оғиз очмади.

4

Белгиланган вақтда, у айтган жойга етиб келдим. Лобар анча озиб кетибди, кўзлари киртайиб қолганлигини билиб, юрагим зил кетди. У мен боришим билан ўрнидан турди ва жилмайганча салом берди. Ресторан гавжум эди. Шовқин-сурон авжида. Асосан ёш болалар бақир-чақир қилишарди. Рўпарамизда бир оила ўтирар, аёл бугун кечки овқат қилишдан қутилиб, ресторанга келиш нияти амалга ошганидан хурсанд, эри эса, олайган кўзлари билан хотининг гапларини беъэтибор эшитар, тез-тез телфонига қараб қўйар, аллақачон бундай ўтиришлардан безган, тезроқ бориб ухлашни мақсад қилган одамга ўхшарди.

Лобар билан сўрашгандай бўлдик. Гўё ҳар кун кўришиб тургандек, унга қандай гап топишга қийналардим. Шундоқ олдимизда кичкина аквариун ҳам бор экан. Унда миттигина, каттаси бармоқдай келадиган қизил, қора, оқ, яшил, сариқ, бинафша ранли балиқчалар сузиб юрарди. Лобар атайлаб шу ерга ўтирганлигини айтди. Лекин ўзи бирон марта балиқлар томонга қараб қўймади. У ҳам рўпарадаги оилани кузатарди.

Мен мусқаймоқ еяётиб, унинг нозик қўллари асабий титраётганлигини сездим. Лобарни бир дард эзаётганди. Лобар жиддий бўлиб кўринишга ҳаракат қилмас, боласини ёлғондан юмшоқ жойига ураётган бояги уй бекасига маъносиз қараб турарди. Тўсатдан менга ўткир нигоҳ билан тикилиб, ҳозир айтмаса ёрилиб кетадигандек гапира кетди.

— Жинни деб ўйлашингиз мумкин. Лекин сизга бир нималарни айтмасам бўлмайди.
— Айтинг, бемалол. Ўзи сизни эшитгани келдим.

— Менга нима муҳим эканлигини билолмай ҳалкаман. Биласиз, мен узоқ йиллардан бери кимнидир, “оқ отли шаҳзодамни” кутаман. Худди ёш қиз боладай.
— Ўзи ёш қизсиз-да.

— У келишига ишонаман. У! У! У, дейишдан чарчадим! Қачон унинг маълум номи бўлади, билмадим. Қердадир юргандир-да… Сандирағлаб… Лекин қай бири муҳимлигини эртароқ аниқлашим керак. Нима муҳим? Биз кўпинча шу биргина саволга жавоб бераолмай, уни танимай туриб нокерак жойларга бош суқиб кўрамиз. Натижада биз ҳақиқий бахтдан маҳрум бўламиз. Масалан, мана бу эркак, менга боятдан бир-икки марта ёмон қараб қўйди. Эътибор қилмадингиз-а? Кўзлари булоқ сувидек тиниқ қизчалари олдида-а! Меҳрибон хотинини қаранг, қаначалик бахтга ташна, бу кун тугашини у сира ҳам хоҳламаяпти. Эр эса муҳим нарса нималигини ҳали ҳам билмайди. Буни у ўйлаб кўрмагандир ҳам. Балки унақамасдир. Жуда яхши одамдир. Наҳот фақат қора рангларни кўзим кўраётган бўлса…

— Йўқ, Лобар!

— Мен кутган йигит, ёнимдан, шундоқ бурнимнинг тагидан ўтиб кетган бўлса, мен нима қиламан-а! Бутун умрим уни кутиш ва ўйлаш билан ўтсаю, у аллақачон эътиборсиз қолиб, кибр ошган бирон манзилимда қолиб кетган бўлса. Худо қайтариб берармикан уни!

— Лобар…
— Нималар деяпман. Чалкаштириб ташлаяпман..

У менга тикилиб турар экан, киприклари учар, сонялар алмашган сайин кўзларига маъюслик ва умидсизлик руҳи чўкарди.

— Ҳаммасини тушунарли. Уни мабода танийолмай қолган бўлсангиз, бир кун келиб, албатта, қайта учратасиз.

— Лекин бунга бу кўзлар билан боқишнинг асло иложи бўлмай қолсачи? Доим инсон бир хил яшайвермайди-ку! Ахир умр ҳам қисқа, қум доналари каби чексиз эмас, аслида, кум доналари ҳам чекланган. Инсон ўй-у орзулари, армонлари олдида-ку, у жуда қашшоқланиб қолади. Айтмоқчи, менинг фильмимни кўрдингизми, яқинда суратга олинди. Куни кеча премьерасини бўлди.

— Йўқ.
— Режиссёр Аҳмедов, биздан бир икки йил олдин, драматик режиссёрлик йўналишини тугатган. Танийсиз!

— Ҳа, бўлди, уни яхши танийман.

— Ўша фильмда бир қиз образи бор. Шу қизнинг пешонасидаги тақдир чизиғи менинг ҳаётимга жуда яқин. Балки ўша қиз мендирман. Ахир, фильм сценарийсини ўзим ёздим-ку. Ўша қаҳрамон қизнинг дўсти йўқ, муҳаббати йўқ, яқинлари ташлаб кетган, аммо орзулари ва армонлари чексиз. Худди менинг ўзим каби. Унинг шундай гаплари бор: “Соғлигим кўтарганда, мен спортчи бўлардим. Энг кучли спортчи, энг кучли. Шунда бундай кўнгил йўлларида айнимаган бўлармидим”. Ҳа…
— …

— Бошимда қадрдон касал бор. Эй, майли, биласизми, менинг исмимни ойим, аввалида Паризод қўймоқчи бўлган экан, кейин нимадир бўлиб Лобар қўйган. Буни аввал ҳам сизга айтмаганмидим?
— …

— Айтганмидим. Нега жим турасиз?
— Йўқ.

— Буни онам менга биринчи марта гап орасида шунчаки айтганда, кўзимдан ёш отилиб чиқиб кетай деган. Ўзимни зўрға ушлаб турганман. Худонинг қудратини қаранг, мен гўдаклигимдан шу номни орзу қилардим, шу сўзнинг мафтуни эдим. Паризод, пари…

— Париларга ўхшайсиз.

— О! … Тўғрисини айтсам, мен фильмни кўрмаганизни билардим. Ўзим учун яна бир ишонч ҳосил қилиб олдим-да. Демак ҳаммаси тўғри кетяпти. Хуллас, бир муҳаббат тарихи ҳақида гап кетади. Ишончсиздек туюлиши мумкин. Лекин бунинг бари ҳақиқат. Одамлар муҳаббатни маълум сўзгагина сингдирмоқчи бўлади. Муҳаббат бу чарағон манзара, табиатнинг чексиз ва қайтарилмас куйи, дунёнинг энг ёқимли ифоридир… У осмондаги булутлардан эркинроқ. Инсон кимнидир севиши эмас, ўзи севги деган туйғуга айланиши керак. Инсон туйғуга айланишига ишонасизми? Унда шакл йўқолиб кетиши мумкин деб ўйларсизми? Ўша ўз туйғуси унинг ўзи, яъни исми, борлиғи, тақдир ва ўлими бўлиши лозим.

— Нима бўлди сизга, Лобар?

— Аслида, мен ҳам муҳаббатнинг мевасиман. Бу ҳис шу қадар ёруғ, шу қадар кенг ва шу қадар залворлики, кўп ҳолларда бу туйғуни пок сақламоқ учун кучимиз етмай қолади. Ўзимиз билмаган ҳолда шу юк билан сийланамиз ва бекор ортилган оғирликдан вақти келиб қутилишни истаб қоламиз. Бизга берилган бу нодир туйғуни биз тош сингари оғир ахлатга айлантириб қўямиз. Муҳаббатни ерга ётқизиб судрадик ва яна бўйнимизга олдик, яна ерга отдик ва яна судрадик, балчиққа отдик. Натижада туйғуларимиз қора балчиқ тубига мангу сингиб кетди…

— Лобар, кимнидир ниҳоят севиб қолибди? Ким у бахтли йигит? Расми борми, телефонизда?

— Муҳаббат энг ширин тамом, энг ширин мева … Масалан, мен шафтолини яхши кўраман, шафтолидан минг баробар ширин таъмини биласизми? Лекин, мен муҳаббатни ҳеч қачон таний олмаганман, у қандай ўзи? Муҳаббат дунёдаги ягона реал мўъжизадир, балки-а?!

— Ўзингизни гўлликка солманг! Ким у бахтли, шунча куттирган йигит, фото сурати борми? Мен танийманми?
— Негадир сиз билан кўришгим келди. Бугун.

— Нега? Қарашингиз ғалати? Мени севиб қолган бўлманг тағин. Ахир сиз менинг дўстимсиз? Сизни йўқотишни истамайман.
— Сиз ҳам менинг дўстимсиз.

Лобар узр сўраганча ўрнидан туриб, қаергадир кетди. Шунда яна кўзим балиқларга тушдию, улар кўзимга сохта махлуқлардек кўриниб кетди. Ундаги ҳамма нарса, дарҳақиқат, сохта? Овқатлари, ташқи дунё билан боғловчилари, тошлари, уйлари, балки ўзлари ҳам суний урчитилгандир. Қизиқ ва даҳшатли ҳаёт! Аквариун ичида битта сополдан ясалган кичкина кема ағнаб ётарди. Улкан кеманинг жуда майда шакли. Балиқлар унинг пубаларида улкан балиқ сифатида сузиб юрарди. Шунда аквариунда бир оқ балиқ ўлиб ётганинига кўзим тушди. Уни сариқ рангга бўялгандек товланувчи, ўзи жимитдек бўлсада кўзлари билан олайиб қарайдиган балиқча тумшуғи билан сарагардон қилиб, у ёдан бу ёққа коптокдек ўйнатарди. Оқ балиқнинг думи аллқачон тушиб кетган, танасининг ранги ҳам бироз ўзгарганди. Демак ўлганига кўп бўлган.

Лобар келиши билан менга, илтимос кетайлик, деди. Мен офиссиантни чақирдим ва ҳисоб-китоб қилдим. Чиқаётиб аквариунга қараб қўйдим. Жонсиз оқ балиқчани ҳамон сапсариқ маълун тумшуғи билан копток қилиб тепиб юрарди.

Ташқари анча салқин экан. Мен кастюмни Лобарнинг очиқ йилкаларига ташлаб қўйганимда, у менга мамнун кўзлари билан шундай дилбар қарадики, ўша онда уни мен ҳамон жонимдан ортиқ кўришимни ҳис қилдим. Кейин ресторандаги эркакдан фарқим йўқлигини ўйлаб, ўзимдан жаҳлим чиқиб кетди.

Йўқ, муҳаббат мўжиза эмас, буюк қўрқувдир.

Ўша куни юлдузлар осмонда порларди. Майин эсаётган шабада Лобарнинг тарқоқ сочларни сийпалар, уларни сочиб турли томонга етаклаб ўйнатар, намланган лабларини нозиклик билан қуритарди. У узун пошнали туфлиси билан, тик қадам ташлаб юрар, йилкасига ташланган кастюм йинглари ҳам у билан бирга олға қадам босаётгандек ҳавода ликкилларди. Узун пошналардан чиқаётган тақ-туқ овоз менга бир мусиқа дек эшитилар, бизга ҳамдам ёқимли муздек ҳаво унга рақсга тушарди..

— Пиёда кетгим келди. Сизни ҳам ўзимнинг ортиқча инжиқликларим билан жуда қийнаб қўйдим.
— Нимага, сиз билан пиёда юриб мазза қиляпман, кўпдан бери бундай юрмагандик.

— Яхши ҳам сиз борсиз!
— Нима бўлди…

— Ҳаммаси яхши…
— Ўхшамийди-ку? Яхши дам олиб чиқдингизми?

— Ҳа, даволандим. Эркалик қилдим-да, онамга. … Ҳозир эса нима қилишни билмай қолганман? Мен онамни жуда қийнаб қўйдим.
— Нимага?

— Мен онам ўйлаганидек бахтимни топа олмаяпман!
— Бир куни келиб, албатта, топасиз! Мен бунга ишонаман.

— Мен севмай ўтиб кетишим мумкинми? Сиз севгансиз-ку! Қанча қизлар шу муҳаббат оғусидан телбага айланишади-ку! Нега мен сева олмаяпман? Жуда оғир дард – бу, жуда оғир…Лекин энг ёмони, севган одамингни ўзимнг босиб ўтган йўлингдан анча фурсатлар қариб топиб олишингдир! Ҳа..

Биз ўша кун худди севишганлардек, манзилга элитувчи қадамларни қизғаниб секин юриб борардик. Унинг ширин бўйларидан мен маст эдим, дардларининг устунлиги олдида эса паст эдим.

Лобар мен билан хайрлашар экан, яна ўша мамнунлик ва меҳр кўзлари билан боқди. Кастум ичида ўзини жуда эркин ва кучли ҳис қилганлигини айтганда қўллари титраб кетди.

Биз хайрлашдик. Шунда у ҳаммаси жуда ўхшайди, дегандек гап қилди. Мен унинг нега унақа деганини сўраганимда, у шунчаки деб, жилмайиб қўя қолди.

5

Ўша кундан сўнг икки ой ўтиб тасодифан Лобар айтган фильм афишасига кўзим тушиб қолди ва ўзимдан уялиб кетдим. Ахир у шу фильмга тушушимни қанчалик хоҳлаганди. Ишларга шунғиб унутиб қўйибман.

Филм афишаси зангори рангда безатилган бўлиб, унда бир қиз, кўкка боққанча турар, кўзларидан дурдек ёш томчилар ерга юмаларди. Афишанинг ўзи бир санъат асари эди. Фильм номи ҳам ажойиб ва ҳам мунгли: “Юлдузини йўқотган Паризод”

Мен кино залда эдим. Мен у ерда гўё Лобар билан бирга ўтирардим, у билан кино кўрдим. Йўқ! Йўқ! Биз рол ижро этар этдик.

Фильм, ҳақиқатдан, унинг ҳаёти, Лобар оламнинг образли тасвири эди. Аммо фильмда мен ҳам бор эдим. Биз ўтган йўл, илк танишувимиз, илк қарашларим, ҳатто ҳозирги ҳолатим ҳам ҳам бор эди. Мен ўтирган жойимда йиғлардим, мени ўйнаётган актёр ҳам йиғларди. Актёр куларди, мен ҳам алам-ла кулардим. У қизни севиб, умидсиз қийналарди, мен эса куярдим. Сўнгра қаерда ўтирганлигимни ҳам билмай қолдим. Кўз олдимда Лобар мен билан ёруғ нур остида бирга эди. Нур кўрсатаётган тасвирлар бизнинг тақдир ойнаси эди. Бизнинг томирларимиздан нур – қон олиб, кўзларимизга армон ҳисларини қуярди.

Лобар худди сеҳргардек фильм ишлаган экан. У умуман адашмаган, мен у кўрган ва ҳис қилган аҳволда эдим. Фақат актёр бироз бўрттирарди, холос.

Кўпгина филм, ҳаётдан олинади, баъзилар шундоқ ҳаётдан кўчирилади, дейишади. Бунда эса филмдан ҳаёт қурилади. Фильмдаги қиз ўз бахтини узоқлардан излайди. Ҳаётини эдиаллаштириб ташлагани учун бирон инсон унинг зирхланган кўнгил деворга яқинлаша олмайди. Самимий туйғулар қиз инжиқликлари остида ҳалок бўлади. Қиз қаттиқ адашганди. Қиз турфа азоблар исканжасида телбага айланишдан олдин, бир фильм ишлайди. Унда ўзининг қисматини башорат қилади. Йигит эса қизнинг севгисини у оғир азоблар исканжасида жон берган куни, қиз ишлаган филм орқалигина билади. Аммо йигит жуда кечикиб чипта сотиб олганди.

Мен титрардим. Ўша экран очилсаю, мени ютиб кетишини истардим.

Йўқ! Муҳаббат буюк қўрқув эмас, дунёдаги энг катта жасоратдир.Фақат бу жасоратга ҳамма ҳам ҳақли эмас!

6

Кўчага отилдим…

Ҳайқиргим келар, аммо овозим чиқмасди.
Фақат, Лобарнинг ширин товушинигина эшитардим.

— “ Сиз юлдузларни яхши кўрасиз-а?
— Мен сенинг кўзларингни яхши кўраман

— Бунинг учун мен катта, энг ёруғ, енг сирли, энг жилвадор юлдузга қараб туришим керак экан-да, шунда кўзларимда ажиб юлдузлар томошасини кўрасиз. Энг ёруғ юлдуз! Ўша юлдуз бормикан-а? Келинг қидириб кўрайлик, топмагунча қидарамиз. Мен энг ёруғ, энг катта, энг жилвадор юлдузни излаб кетаяпман. Мен уни топаман ва сиз, албатта, менинг кўзларимда ўша юлдузларни кўрасиз!

Кинотеатр йўлагида одамларга урилиб-сурилиб чопиб кетар эканман, кимдир орқамдан чопиб келиб тўхтатди.

— Нима бўлди сизга, ака? Шунча чақирсам ҳам эшитмайсиз? Телефонингиз қолиб кетибди. Ўтирган жойингизда. Тинмай жиринглаяпти. Фильм кўраётганларга ҳалал бердингиз, ана яна қўнғиро қилишпти? Олинг! Эй…қанақа одамлар бор-а..?

— Алло, Алло,

— Болам, мен Лобарнинг онасиман…
— Ассалому… алай…

— Курсдошингни бериб қўйдик, болам. Лобарни бериб қўйдик, қизим энди йўқ, йўқ, бериб қўйдим уни. Бошидаги касаллик менда бўлмайдими, мен кетсам бўлмайдими…

Йўлакда қанча ўтирганлигимни билмайман, фильм томошасидан чиқаётган одамларнинг шовқин-суронидан ўзимга келдим. Қаердандир қулоғимга бир қизнинг ҳаяжонли сўзалари чалинди. “Фильм ҳаётийликдан узоқ экан, бўрттиришибди”. Ҳа, ҳақиқатан бўрттиришибди. У шунчаки пари эди, Паризод эди…
Ташқарига чиққанимда осмон тўла юлдузлар порларди. Олдга қадам ташлагандим, бир митти юлдузчани босиб олай дедим. Замин тўла юлдузлар эди. Улар шундай ёруғ, улар шундай чароғон эдики мен энди қадам босолмай қолдим.

7

— “Келинг, кўришайлик. Негадир, бугун… ким биландир дардалашгим келаяпти.
— Соат нечида?
— Ишдан чиққанда-да…

Компьютернинг соатига қарайман, иш тугашига ярим соат бор. Қўлимда телефон тутганча, ўтирғичга суянаман. Лобар бетоқат яна нималарнидир дейди. Деразадан кўзим қуёшга тушади. Қуёш қизғиш ранглар билан хайрлашиш тасвирини чизарди.”

08.06.2016

09

Javlon Jovliev
LOBAR, LOBAR, LOBARIM MENING
054

07 Jovliev Javlon (Jovliev Javlonbek Ortiqovich) – 1991 yil Qashqadaryo viloyati, Qamashi tumani, G’ishtli qishlog’ida tug’ilgan. 2010–2014 yillarda O’zbekiston davlat san’at va madaniyat institutining «San’atshunoslik jurnalistikasi» yo’nalishida tahsil olgan. 2015 yildan boshlab O’zbekiston davlat san’at va madaniyat instituti “San’atshunoslik va madaniyatshunoslik” kafedrasi, “San’at nazariyasi va tarixi” (Sahna va ekran dramaturgiyasi) yo’nalishi magistranti. Hozirgi kunda o’qish bilan birgalikda, Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasining «Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasi» nashriyotida muharrir sifatida faoliyat olib bormoqda. “Yoshlik”, “Teatr”, “Infolib” jurnallarida, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Hurriyat”, “Toshkent oqshomi” va boshqa matbuot nashrlarida ijodiy ishlari va maqolalari chop etilgan. Jovliev Javlon bugungi kunda ijodiy ishlari bilan birgalikda “Mustaqillik yillarida sahnada aks etgan mutafakkir ziyolilari obrazi” (O’zbek Milliy Akademik drama teatr misolida) mavzusida ilmiy ish ustida ishlamoqda.

054

03— “Keling,
ko’rishaylik. Negadir, bugun… kim bilandir dardlashgim kelayapti.

— Soat nechida?
— Ishdan chiqqan paytizda-da…

Qo’limda telefon tutgancha, o’tirg’ichga suyanaman. Lobar betoqat yana nimalardir deydi. Derazadan ko’zim quyoshga tushadi. Quyosh qizg’ish ranglar bilan xayrlashish tasvirini chizardi.

— Kelishdik.
— Ey…Faqat, o’tgan safargidagiday kechikmang.

— Xo’p.
— Aniq! Kechikmang, kutaman”

Telefonni qo’yib, o’tirgan joyimda toshdek qotaman. Tanam titrab ketadi. Burnim achishib, ko’zim negadir namlanadi. Bu na anduh, na armon, na hayrat ko’z yoshlari… Bu mening xotiram, bu umrimning ajib va nurli yoshlaridir. Men orzuyim osmoniga sochilgan yulduzdek yoshlarimni izlab yo’lga tushaman…

— Lobar, Lobar, Lobarjonginam

2

U farishtali, oppoqqina qiz. Bu oqlikka qastlangan qosh-ko’zlar zulmat suviga mangu cho’kkandek, qopqora. Chehrasida fayz, silliq yuzlarida nafis kulgichi bor. Na-da yanoqlar, qavoqlar ham tаbassum qiladi, bunga shaydo kipriklari ham unga qo’shilib birdek to’lqillanadi. Jigarrang ko’zlar tubi cheksizlikka tutashganday sirli, tarovatli, ohangli va yana allambalo.

Men uni ilk bor ko’rganimda oppoq ko’ylakda, serqatnov yo’lda onasining qo’llariga qo’lini chalishtirgancha turar, hozirgina kuchli hayajonli voqeani boshidan kechirganligi shundoq sezilib turardi. U topshirgan imtihoni haqida tinmay gapirar, onasi faqat savol berishga, tez-tez qisqa ifodalar bilan tasdiqlashgagina fursat topardi. Men unga telbalarcha tikilib qolgandim. Bunga avvalida e’tibor bermagan ona-bola, biroz vaqt o’tib savol nazarida menga boqishdi. Keyin Lobar onasidan qo’llarini uzmagan holda oldinga intildi va menga biroz boshini ekkancha, chap qo’li bilan quyosh tig’laridan yuzini pana qilib so’z qotdi.

— Siz ham mening yo’nalishimga topshirdingiz-a? Boya imtihonda sizni ko’rganday bo’ldim!
— Nega sizning?
— Uzr, hayajondaman-da, uzr, uzr…

U biroz oldinga yurib menga yaqinlashdi. O’sha onda uning ko’zlari bor xazinasini menga ochdi. Bu ko’zlardan boshqa dunyoni unutib qo’ydim. Hozirgina o’qishga kirish uchun muhim sinovdan o’tganimni, buning uchun qaerdan, qanday qiyinchiliklar bilan kelganimni ham bir dam esdan chiqargandim. Quyosh tig’ida kuygan yuz, uzun orriq qo’llar, allaqachon shahar urfidan chiqib ketgan va kecha yo’lga chiqayotib onam yedirgan qovun hidi urib qolgan ust-boshim bilan, oppoq, harir ko’ylak keygan shaharlik suluv yonida garang qotgandim. Qiz esa, beparvo so’zlar, keskin kurashlar bilan o’tgan imtihon tahliliga tushib ketgandi. Undan taralayotgan xushtam atr ifori hali ham meni dilgir hislarga chorlaydi.

Uning nigohlari o’tkir edi. Birdan xayolimga bu shaharlik qiz qaydayu, men qayda degan o’y keldi va undan ko’zlarimni olib qochdim. Yuragimda qo’rquv paydo bo’ldi. U sepgan hushbo’y atrlar qaydayu, mening chala-chalpa qaychilangan sochlarimda yaltillayotgan ter qayda. Uning ko’ngli qaydayu, mening xayolparastligim qayda… Lekin g’o’rlik xayollari meni bu sirli va ajoyib muhabbat olamiga qandaydir katta kuch bilan itarardi. Qizning xayolidan bunday manzaralar o’tmayotganligi, u boshqa olamdan kelib qolgan qizga aylanishini juda istardim. O’sha onda diqqatim uning gaplarida emas, jigarrang ko’zlar sehriga mag’lub edi, bir notavon mahbus edi.

— Sizni bilmadim-u, men ko’pgina savollarning javobini ko’nglimga qo’yib berdim. Ko’nglimga yoqqanini belgiladim. Yuragim shuni byurdi, men shuni qildim. Nega indamay turasiz? Nima, xato qilibmanmi?

— Yo’q!
— Siz ham o’qishga kiring. Sizlarni Xudo qo’llasin!

Bu so’zlardan Lobarningg ortida bizga quvonch va hayrat ila boqib turgan ayol, onasi borligini yodimga keldi. Bo’yi yetgan qizi bor barcha o’zbek onalari kabi jigarbandini juda noziq va qimmatli yaratiqdek asrashi shundoq ko’zlaridan bilinib turardi.

— Biz, albatta, kursdosh bo’lamiz, to’xtang, sizlarda janjal bo’lib ketdimi? Negadir menga hamma badqavoq odamlardek ko’rindi. Axir, hammaga nasib qilgani bo’ladi-ku!

Uning savollariga javob berishda ham o’zimni nochor, g’arib va notovon his qilardim. Ha, men qaydayu, u qayda…

Onaning niyatlari amalga oshdi. Ikkimiz ham talaba bo’ldik. Kursdosh bo’ldik. O’shanda u haqdagi fikrlarim bekor emasligini, Lobarning o’ziga xos va go’zal dunyosi borligini angladim. Lobar doim to’lqinlanuvchi qirg’oqqa o’xshardi. To’lqinlanib so’zlar, tez hayratlanar, o’ta ta’sirchan edi. Ovozi ham aniq va shirali, xuddi radioning murakkab texnik qurilmalari orqali jilo berilgan kabi… To’g’ri, u qizning chidash mushkul tomonlari ham bor edi. Bu uning haddan tashqari ehtiyotkorligida edi. Buning sababi keyinchalik ma’lum bo’ldi. Onasi uni yolg’iz katta qilgan ekan. O’zi yolg’on qurboni bo’lgan bu javokash ayol yolg’iz farzandini go’daklikdan har narsaga shubhalanib boqishga urgatgandi. Shuning uchun u bolalikdan yaqinlar bilan chegaralangan doira ichida o’sdi, ular bilangina sirlashdi, ular bilangina o’ynadi. Natijada U begona odamlarga tez qo’shilib ketaolmas, hammaga o’z sirlarini ochavermasdi. Lekin uning shunday to’lqinlangan paytlari bo’lardiki, dengizdek qirg’og’idan toshar, o’sha onda har kimni yaqin olar, u bilan sirlashib, yig’lab olishi ham mumkin edi.

Biz to’rt yillik ta’lim davomida faqat do’st bo’ldik. Faqat do’stmi?! Ammo mendagi tuyg’ularni do’stlik desam, bu sharafli so’zga xiyonat qilgan bo’laman. Rosti…
Bir kun unga dil daftarimni ochishim uchun qulay imkoniyat bo’ldi. Bu kun sira yodimdan chiqmasa kerak. Teatr tomoshasidan so’ng uni kuzatib qo’ymoqchi bo’ldim va biz katta yo’l adog’ida yolg’iz edik. Qalbimni qiynayotgan barcha hislarni ochiq-oydin aytishning, og’ir va azobli yukdan qutilshning ayni payti ekanligini his qilib turardim. Lekin shu his meni oyog’imga tushov solganday bo’lib, qadamlarimni og’irlashtirib qo’ymoqda edi. Yuragim esa betoqat, boshi bilan ko’kragimni yorishga tayyor azamatdek tepaga sapchirdi. Lobar esa tinmay teatrdagi chol obrazi haqida to’lqinlanib gapirardi. Uning aytishicha aktyor juda bo’rttirib yuboribdi. Qulog’imga hech nima kirmas, uning to’satadan berib qolgan savollariga ham garangga o’xshab javob bermay qo’yaqolardim. Men jur’atsizlarcha qadam tashlar, borgan sari butun vujudim titroqqa aylanayotganini his qilib turardim. Hatto, olayotgan nafasim ham vujudimga yuk bo’alyotganday bo’lar, qadamim sekinlashardi. Shunda, Tangrimga yolvordim, umid bilan ko’kka boqdim. Bolalik chog’larimdagi kabi ko’kdagi do’stlarimni, ya’ni yulduzlarni qidirdim. Xira bo’lsa-da, bitta bo’lsa-da. Ular mening bolalikdagi “jimitday” do’stlarim edi. Dadam mast bo’lib, uxlab qolgan kunlari, tunda dala qoravulligiga onam meni yuborardi. O’zimga o’xshagan shalpanquloq eshagimni minib yo’lga otlanardim. Eshak ham mendan battar qurqoq, shap ko’r edi. Oysiz qora tunlari, eshak ustida osmondagi minglab yulduzlarni kuzatishdan boshqa nima ham qilardim. Chayla tepasida onam bergan choponimga o’ranib yotarkanman, butun borlig’im yulduzlar sehriga aylanardi. O’sha paytlarda barcha qo’rquvni yengib, yulduzlarday porlovchi kelajak haqida o’y surardim. Shunda yulduzlar bilan o’ratmizdagi masofa yaqinlashganday tuyular, huddi osmon biroz egilib o’zida bo’layotgan tomoshalarni ulkan ekranda menga namoyish etayotgandek bo’lardi.

Hozir esa menda qo’rquv bor edi. Ammo men endi qorong’ulikdan emas, ko’zlarda yulduz berkingan qizdan, uning menga beradigan javobidan qo’rqardim. Turli achchiq tutunlar, hayot chiqindilarining iflos uvadalariga to’lib ketgan osmon bag’ridan yuduz qidarardim. Shunda orqa tarafda bir xira yulduzga ko’zim tushdi. Keyin uning oldida yana bittasi ko’rindi. Ular menga kuch berganday bo’ldi. Tangriga yolvordim. Joyimda birdan to’xtab qoldim. Lobar ham hayron.

— Nima bo’ldi, yuring, yuring, oyim kutvotti…
— Lobar!

— Bunaqa qaramang, iltimos sizdan, voy buni….nima sevib qoldim deb atmoqchimisiz, jinnivoy. E, o’rtamizda sevgi bo’lishi mumkin emas. Sizday do’stimni yo’qotmoqchimasman.
— …

— Jinnilik qilmang, siz mening edialimdagi yigit emassiz.
— Kim sizni sevaman demoqchi, o’zingizni xursand qilyapsizmi…

— Ha, qarashingiz g’alati-da. Kechirasiz…Ha, to’xtang sevsangiz nima bo’pti?
— Quribdimi boshqa qiz… Qishloq to’la qiz.

— Yey, men ham qishloq ishlarini uddalayman. Faqat men sevgan odam bo’lsa bo’ldi.
— Yaxshi…

Sonyalik zulmat qaridan, ko’z oldimda minglab yulduzlar paydo bo’ldi. Ular juda yorug’, lekin juda kichkina edi. Yo’lmiz yoritayotgan tunggi chiroqlar bilan birga mening ko’zlarimda charaqlardi. Lekin bular mening yulduzlarim, ular ko’zlarimdan oqib, milt-milt yonayotgan yurakim tubiga yomg’ir bo’lib tomchilardi.

3

Shu voqeadan so’ng men na Lobarga do’st, na oshiq bo’ldim. Lekin u meni juda yaqin do’st deb bilar, menga esa bu maqomni ko’tarib yurish juda og’ir edi. Yillar o’tdi. U hech o’zgarmadi. Tinmay o’qir, izlanardi. Bu uning kursda ajaralib qolishga olib keldi. Qizlar uni yoqtirmas, yigitlar sergap va erta qarigan sohibjamolga chiqarib qo’yishdi. Buning ustiga ko’p o’qigani uchunmi, boshi tez-tez og’rib turar, o’sha paytlarda bir oylab o’qishga kelmay qo’yardi. Shunda men uni ko’rgani shifoxonaga borib turardim. U bilan o’sha joyda qilgan suhbatlarimizning o’zi bir jahon edi. Lobar menga o’sha onlarda o’zining qalbida yotgan va javohirdek saqlayotgan niyatlarini do’stona o’rtoqlashardi.

U orzusidagi yorni intiqlik bilan, kutish yillari qancha cho’zilishini bilmay umid va ishonch bilan kutardi. Orzu qilgan o’sha noma’lum yigit, uning eng yorug’ yulduzi edi. Ammo Lobar juda sodda, ishonuvchan, ta’sirchan qiz edi. Menga uning orzusidagi o’sha yigit sifatlarini stsenariyga tushursamu, kimdir bu rolni o’ynasa, Lobar uninng qo’lida qo’g’irchoq bo’lib raqs tushadiganday tuyulardi. Shuning uchun undan xavotirlanardim.

Lobar o’qishni tugatib, tezda muvaffaqiyat qozona boshladi. Ilk yozgan stsenariysi suratga olinib, unga kutilmagan shuhrat olib keldi. Uning keyimlari, gap-so’zlari biroz o’zgardli. Shundan so’ng qator fil`mlari uning shuhratiga shuhrat qo’shdi. Uning oldida turli rejissyorlar, operatorlar parvona bo’lardi. Men bularni eshitib xursand bo’ldim. Chunki u bilan muomilaga kirishib, hamma ham ishlay olmasdi. U ishiga juda talabchan, ish bitmaguncha necha kunlab mijja qoqmaydigan, sheriklarini ham tindirmaydigan javokash san’atkor edi. Bundan tashqari zig’ircha adolatsizlik, ozgina manfaatparastlik-u nohaqlikka ham chidab tarolmas, o’sha inson bilan barcha hamkorlikni to’xtatib qo’yardi. Meni bunday odamlarga doim qiyin bo’lishini anglardim. Shuning uchun uning erishgan muvaffaqiyatlaridan, o’zini tushunadigan odamlar davrasida ekanligidan cheksiz baxtiyor edim. Biroq u hamon qalban yolg’iz edi. Yillar uning asablariga, sabriga ta’sir o’tkazmay qolmasdi. Ammo hamon sadoqat bilan qalbidagi o’sha, eng yorug’ yulduzni kutardi. Yuragidagi eng nurli insonni… Biroq u kim edi? U qachon keladi?

Bu orada mening hayotimda yangilik bo’ldi. Qishlog’imizda bir qiz bilan unashtirildim. Uni sinfdosh do’stimning to’yiga borganda ko’rib qolgandim. U juda chiroyli, ohulardan ham chiroyli ko’zlari bor edi. U qiz ota-onam orzusidagi mehnatkash, farosatli va eng muhimi oilasi namunali xonadondan edi.

Bu xabardan Lobarning xursand bo’lishini kutgandim. Ammo u unashtirilganligimni eshitganda ko’zlarini ko’zimdani olib qochdi. Bema’no jilmaydi. U hech qachon bunaqa quruq jilmaymasdi. So’ngra mendan o’sha qizning rasmi bor-yo’qligini so’radi. Men telefondagi qizil palto keyib tushgan rasmni ko’rsatdim. U tikilib qarab qoldi va “Nurli qiz ekan, yuzidan farishtasi bor-a! Uni ehtiyot qiling” – dedi-da, boshqa u haqda og’iz ochmadi.

4

Belgilangan vaqtda, u aytgan joyga yetib keldim. Lobar ancha ozib ketibdi, ko’zlari kirtayib qolganligini bilib, yuragim zil ketdi. U men borishim bilan o’rnidan turdi va jilmaygancha salom berdi. Restoran gavjum edi. Shovqin-suron avjida. Asosan yosh bolalar baqir-chaqir qilishardi. Ro’paramizda bir oila o’tirar, ayol bugun kechki ovqat qilishdan qutilib, restoranga kelish niyati amalga oshganidan xursand, eri esa, olaygan ko’zlari bilan xotining gaplarini be’etibor eshitar, tez-tez telfoniga qarab qo’yar, allaqachon bunday o’tirishlardan bezgan, tezroq borib uxlashni maqsad qilgan odamga o’xshardi.

Lobar bilan so’rashganday bo’ldik. Go’yo har kun ko’rishib turgandek, unga qanday gap topishga qiynalardim. Shundoq oldimizda kichkina akvariun ham bor ekan. Unda mittigina, kattasi barmoqday keladigan qizil, qora, oq, yashil, sariq, binafsha ranli baliqchalar suzib yurardi. Lobar ataylab shu yerga o’tirganligini aytdi. Lekin o’zi biron marta baliqlar tomonga qarab qo’ymadi. U ham ro’paradagi oilani kuzatardi.

Men musqaymoq yeyayotib, uning nozik qo’llari asabiy titrayotganligini sezdim. Lobarni bir dard ezayotgandi. Lobar jiddiy bo’lib ko’rinishga harakat qilmas, bolasini yolg’ondan yumshoq joyiga urayotgan boyagi uy bekasiga ma’nosiz qarab turardi. To’satdan menga o’tkir nigoh bilan tikilib, hozir aytmasa yorilib ketadigandek gapira ketdi.

— Jinni deb o’ylashingiz mumkin. Lekin sizga bir nimalarni aytmasam bo’lmaydi.
— Ayting, bemalol. O’zi sizni eshitgani keldim.

— Menga nima muhim ekanligini bilolmay halkaman. Bilasiz, men uzoq yillardan beri kimnidir, “oq otli shahzodamni” kutaman. Xuddi yosh qiz boladay.
— O’zi yosh qizsiz-da.

— U kelishiga ishonaman. U! U! U, deyishdan charchadim! Qachon uning ma’lum nomi bo’ladi, bilmadim. Qerdadir yurgandir-da… Sandirag’lab… Lekin qay biri muhimligini ertaroq aniqlashim kerak. Nima muhim? Biz ko’pincha shu birgina savolga javob beraolmay, uni tanimay turib nokerak joylarga bosh suqib ko’ramiz. Natijada biz haqiqiy baxtdan mahrum bo’lamiz. Masalan, mana bu erkak, menga boyatdan bir-ikki marta yomon qarab qo’ydi. E’tibor qilmadingiz-a? Ko’zlari buloq suvidek tiniq qizchalari oldida-a! Mehribon xotinini qarang, qanachalik baxtga tashna, bu kun tugashini u sira ham xohlamayapti. Er esa muhim narsa nimaligini hali ham bilmaydi. Buni u o’ylab ko’rmagandir ham. Balki unaqamasdir. Juda yaxshi odamdir. Nahot faqat qora ranglarni ko’zim ko’rayotgan bo’lsa…

— Yo’q, Lobar!

— Men kutgan yigit, yonimdan, shundoq burnimning tagidan o’tib ketgan bo’lsa, men nima qilaman-a! Butun umrim uni kutish va o’ylash bilan o’tsayu, u allaqachon e’tiborsiz qolib, kibr oshgan biron manzilimda qolib ketgan bo’lsa. Xudo qaytarib berarmikan uni!

— Lobar…
— Nimalar deyapman. Chalkashtirib tashlayapman..

U menga tikilib turar ekan, kipriklari uchar, sonyalar almashgan sayin ko’zlariga ma’yuslik va umidsizlik ruhi cho’kardi.

— Hammasini tushunarli. Uni maboda taniyolmay qolgan bo’lsangiz, bir kun kelib, albatta, qayta uchratasiz.

— Lekin bunga bu ko’zlar bilan boqishning aslo iloji bo’lmay qolsachi? Doim inson bir xil yashayvermaydi-ku! Axir umr ham qisqa, qum donalari kabi cheksiz emas, aslida, kum donalari ham cheklangan. Inson o’y-u orzulari, armonlari oldida-ku, u juda qashshoqlanib qoladi. Aytmoqchi, mening fil`mimni ko’rdingizmi, yaqinda suratga olindi. Kuni kecha prem`erasini bo’ldi.

— Yo’q.
— Rejissyor Ahmedov, bizdan bir ikki yil oldin, dramatik rejissyorlik yo’nalishini tugatgan. Taniysiz!

— Ha, bo’ldi, uni yaxshi taniyman.

— O’sha fil`mda bir qiz obrazi bor. Shu qizning peshonasidagi taqdir chizig’i mening hayotimga juda yaqin. Balki o’sha qiz mendirman. Axir, fil`m stsenariysini o’zim yozdim-ku. O’sha qahramon qizning do’sti yo’q, muhabbati yo’q, yaqinlari tashlab ketgan, ammo orzulari va armonlari cheksiz. Xuddi mening o’zim kabi. Uning shunday gaplari bor: “Sog’ligim ko’targanda, men sportchi bo’lardim. Eng kuchli sportchi, eng kuchli. Shunda bunday ko’ngil yo’llarida aynimagan bo’larmidim”. Ha…
— …

— Boshimda qadrdon kasal bor. Ey, mayli, bilasizmi, mening ismimni oyim, avvalida Parizod qo’ymoqchi bo’lgan ekan, keyin nimadir bo’lib Lobar qo’ygan. Buni avval ham sizga aytmaganmidim?
— …

— Aytganmidim. Nega jim turasiz?
— Yo’q.

— Buni onam menga birinchi marta gap orasida shunchaki aytganda, ko’zimdan yosh otilib chiqib ketay degan. O’zimni zo’rg’a ushlab turganman. Xudoning qudratini qarang, men go’dakligimdan shu nomni orzu qilardim, shu so’zning maftuni edim. Parizod, pari…

— Parilarga o’xshaysiz.

— O! … To’g’risini aytsam, men fil`mni ko’rmaganizni bilardim. O’zim uchun yana bir ishonch hosil qilib oldim-da. Demak hammasi to’g’ri ketyapti. Xullas, bir muhabbat tarixi haqida gap ketadi. Ishonchsizdek tuyulishi mumkin. Lekin buning bari haqiqat. Odamlar muhabbatni ma’lum so’zgagina singdirmoqchi bo’ladi. Muhabbat bu charag’on manzara, tabiatning cheksiz va qaytarilmas kuyi, dunyoning eng yoqimli iforidir… U osmondagi bulutlardan erkinroq. Inson kimnidir sevishi emas, o’zi sevgi degan tuyg’uga aylanishi kerak. Inson tuyg’uga aylanishiga ishonasizmi? Unda shakl yo’qolib ketishi mumkin deb o’ylarsizmi? O’sha o’z tuyg’usi uning o’zi, ya’ni ismi, borlig’i, taqdir va o’limi bo’lishi lozim.

— Nima bo’ldi sizga, Lobar?

— Aslida, men ham muhabbatning mevasiman. Bu his shu qadar yorug’, shu qadar keng va shu qadar zalvorliki, ko’p hollarda bu tuyg’uni pok saqlamoq uchun kuchimiz yetmay qoladi. O’zimiz bilmagan holda shu yuk bilan siylanamiz va bekor ortilgan og’irlikdan vaqti kelib qutilishni istab qolamiz. Bizga berilgan bu nodir tuyg’uni biz tosh singari og’ir axlatga aylantirib qo’yamiz. Muhabbatni yerga yotqizib sudradik va yana bo’ynimizga oldik, yana yerga otdik va yana sudradik, balchiqqa otdik. Natijada tuyg’ularimiz qora balchiq tubiga mangu singib ketdi…

— Lobar, kimnidir nihoyat sevib qolibdi? Kim u baxtli yigit? Rasmi bormi, telefonizda?

— Muhabbat eng shirin tamom, eng shirin meva … Masalan, men shaftolini yaxshi ko’raman, shaftolidan ming barobar shirin ta’mini bilasizmi? Lekin, men muhabbatni hech qachon taniy olmaganman, u qanday o’zi? Muhabbat dunyodagi yagona real mo»jizadir, balki-a?!

— O’zingizni go’llikka solmang! Kim u baxtli, shuncha kuttirgan yigit, foto surati bormi? Men taniymanmi?
— Negadir siz bilan ko’rishgim keldi. Bugun.

— Nega? Qarashingiz g’alati? Meni sevib qolgan bo’lmang tag’in. Axir siz mening do’stimsiz? Sizni yo’qotishni istamayman.
— Siz ham mening do’stimsiz.

Lobar uzr so’ragancha o’rnidan turib, qaergadir ketdi. Shunda yana ko’zim baliqlarga tushdiyu, ular ko’zimga soxta maxluqlardek ko’rinib ketdi. Undagi hamma narsa, darhaqiqat, soxta? Ovqatlari, tashqi dunyo bilan bog’lovchilari, toshlari, uylari, balki o’zlari ham suniy urchitilgandir. Qiziq va dahshatli hayot! Akvariun ichida bitta sopoldan yasalgan kichkina kema ag’nab yotardi. Ulkan kemaning juda mayda shakli. Baliqlar uning pubalarida ulkan baliq sifatida suzib yurardi. Shunda akvariunda bir oq baliq o’lib yotganiniga ko’zim tushdi. Uni sariq rangga bo’yalgandek tovlanuvchi, o’zi jimitdek bo’lsada ko’zlari bilan olayib qaraydigan baliqcha tumshug’i bilan saragardon qilib, u yodan bu yoqqa koptokdek o’ynatardi. Oq baliqning dumi allqachon tushib ketgan, tanasining rangi ham biroz o’zgargandi. Demak o’lganiga ko’p bo’lgan.

Lobar kelishi bilan menga, iltimos ketaylik, dedi. Men ofissiantni chaqirdim va hisob-kitob qildim. Chiqayotib akvariunga qarab qo’ydim. Jonsiz oq baliqchani hamon sapsariq ma’lun tumshug’i bilan koptok qilib tepib yurardi.

Tashqari ancha salqin ekan. Men kastyumni Lobarning ochiq yilkalariga tashlab qo’yganimda, u menga mamnun ko’zlari bilan shunday dilbar qaradiki, o’sha onda uni men hamon jonimdan ortiq ko’rishimni his qildim. Keyin restorandagi erkakdan farqim yo’qligini o’ylab, o’zimdan jahlim chiqib ketdi.

Yo’q, muhabbat mo’jiza emas, buyuk qo’rquvdir.

O’sha kuni yulduzlar osmonda porlardi. Mayin esayotgan shabada Lobarning tarqoq sochlarni siypalar, ularni sochib turli tomonga yetaklab o’ynatar, namlangan lablarini noziklik bilan quritardi. U uzun poshnali tuflisi bilan, tik qadam tashlab yurar, yilkasiga tashlangan kastyum yinglari ham u bilan birga olg’a qadam bosayotgandek havoda likkillardi. Uzun poshnalardan chiqayotgan taq-tuq ovoz menga bir musiqa dek eshitilar, bizga hamdam yoqimli muzdek havo unga raqsga tushardi..

— Piyoda ketgim keldi. Sizni ham o’zimning ortiqcha injiqliklarim bilan juda qiynab qo’ydim.
— Nimaga, siz bilan piyoda yurib mazza qilyapman, ko’pdan beri bunday yurmagandik.

— Yaxshi ham siz borsiz!
— Nima bo’ldi…

— Hammasi yaxshi…
— O’xshamiydi-ku? Yaxshi dam olib chiqdingizmi?

— Ha, davolandim. Erkalik qildim-da, onamga. … Hozir esa nima qilishni bilmay qolganman? Men onamni juda qiynab qo’ydim.
— Nimaga?

— Men onam o’ylaganidek baxtimni topa olmayapman!
— Bir kuni kelib, albatta, topasiz! Men bunga ishonaman.

— Men sevmay o’tib ketishim mumkinmi? Siz sevgansiz-ku! Qancha qizlar shu muhabbat og’usidan telbaga aylanishadi-ku! Nega men seva olmayapman? Juda og’ir dard – bu, juda og’ir…Lekin eng yomoni, sevgan odamingni o’zimng bosib o’tgan yo’lingdan ancha fursatlar qarib topib olishingdir! Ha..

Biz o’sha kun xuddi sevishganlardek, manzilga elituvchi qadamlarni qizg’anib sekin yurib borardik. Uning shirin bo’ylaridan men mast edim, dardlarining ustunligi oldida esa past edim.

Lobar men bilan xayrlashar ekan, yana o’sha mamnunlik va mehr ko’zlari bilan boqdi. Kastum ichida o’zini juda erkin va kuchli his qilganligini aytganda qo’llari titrab ketdi.

Biz xayrlashdik. Shunda u hammasi juda o’xshaydi, degandek gap qildi. Men uning nega unaqa deganini so’raganimda, u shunchaki deb, jilmayib qo’ya qoldi.

5

O’sha kundan so’ng ikki oy o’tib tasodifan Lobar aytgan film afishasiga ko’zim tushib qoldi va o’zimdan uyalib ketdim. Axir u shu filmga tushushimni qanchalik xohlagandi. Ishlarga shung’ib unutib qo’yibman.

Film afishasi zangori rangda bezatilgan bo’lib, unda bir qiz, ko’kka boqqancha turar, ko’zlaridan durdek yosh tomchilar yerga yumalardi. Afishaning o’zi bir san’at asari edi. Film nomi ham ajoyib va ham mungli: “Yulduzini yo’qotgan Parizod”

Men kino zalda edim. Men u yerda go’yo Lobar bilan birga o’tirardim, u bilan kino ko’rdim. Yo’q! Yo’q! Biz rol ijro etar etdik.

Film, haqiqatdan, uning hayoti, Lobar olamning obrazli tasviri edi. Ammo filmda men ham bor edim. Biz o’tgan yo’l, ilk tanishuvimiz, ilk qarashlarim, hatto hozirgi holatim ham ham bor edi. Men o’tirgan joyimda yig’lardim, meni o’ynayotgan aktyor ham yig’lardi. Aktyor kulardi, men ham alam-la kulardim. U qizni sevib, umidsiz qiynalardi, men esa kuyardim. So’ngra qaerda o’tirganligimni ham bilmay qoldim. Ko’z oldimda Lobar men bilan yorug’ nur ostida birga edi. Nur ko’rsatayotgan tasvirlar bizning taqdir oynasi edi. Bizning tomirlarimizdan nur – qon olib, ko’zlarimizga armon hislarini quyardi.

Lobar xuddi sehrgardek fil`m ishlagan ekan. U umuman adashmagan, men u ko’rgan va his qilgan ahvolda edim. Faqat aktyor biroz bo’rttirardi, xolos.

Ko’pgina film, hayotdan olinadi, ba’zilar shundoq hayotdan ko’chiriladi, deyishadi. Bunda esa filmdan hayot quriladi. Fil`mdagi qiz o’z baxtini uzoqlardan izlaydi. Hayotini ediallashtirib tashlagani uchun biron inson uning zirxlangan ko’ngil devorga yaqinlasha olmaydi. Samimiy tuyg’ular qiz injiqliklari ostida halok bo’ladi. Qiz qattiq adashgandi. Qiz turfa azoblar iskanjasida telbaga aylanishdan oldin, bir fil`m ishlaydi. Unda o’zining qismatini bashorat qiladi. Yigit esa qizning sevgisini u og’ir azoblar iskanjasida jon bergan kuni, qiz ishlagan film orqaligina biladi. Ammo yigit juda kechikib chipta sotib olgandi.

Men titrardim. O’sha ekran ochilsayu, meni yutib ketishini istardim.

Yo’q! Muhabbat buyuk qo’rquv emas, dunyodagi eng katta jasoratdir.Faqat bu jasoratga hamma ham haqli emas!

6

Ko’chaga otildim…

Hayqirgim kelar, ammo ovozim chiqmasdi.
Faqat, Lobarning shirin tovushinigina eshitardim.

— “ Siz yulduzlarni yaxshi ko’rasiz-a?
— Men sening ko’zlaringni yaxshi ko’raman

— Buning uchun men katta, eng yorug’, yeng sirli, eng jilvador yulduzga qarab turishim kerak ekan-da, shunda ko’zlarimda ajib yulduzlar tomoshasini ko’rasiz. Eng yorug’ yulduz! O’sha yulduz bormikan-a? Keling qidiribko’raylik, topmaguncha qidaramiz. Men eng yorug’, eng katta, eng jilvador yulduzni izlab ketayapman. Men uni topaman va siz, albatta, mening ko’zlarimda o’sha yulduzlarni ko’rasiz!

Kinoteatr yo’lagida odamlarga urilib-surilib chopib ketar ekanman, kimdir orqamdan chopib kelib to’xtatdi.

— Nima bo’ldi sizga, aka? Shuncha chaqirsam ham eshitmaysiz? Telefoningiz qolib ketibdi. O’tirgan joyingizda. Tinmay jiringlayapti. Film ko’rayotganlarga halal berdingiz, ana yana qo’ng’iro qilishpti? Oling!
Ey…qanaqa odamlar bor-a..?

— Allo, Allo,

— Bolam, men Lobarning onasiman…
— Assalomu… alay…

— Kursdoshingni berib qo’ydik, bolam. Lobarni berib qo’ydik, qizim endi yo’q, yo’q, berib qo’ydim uni. Boshidagi kasallik menda bo’lmaydimi, men ketsam bo’lmaydimi…

Yo’lakda qancha o’tirganligimni bilmayman, fil`m tomoshasidan chiqayotgan odamlarning shovqin-suronidan o’zimga keldim. Qaerdandir qulog’imga bir qizning hayajonli so’zalari chalindi. “Film hayotiylikdan uzoq ekan, bo’rttirishibdi”. Ha, haqiqatan bo’rttirishibdi. U shunchaki pari edi, Parizod edi…
Tashqariga chiqqanimda osmon to’la yulduzlar porlardi. Oldga qadam tashlagandim, bir mitti yulduzchani bosib olay dedim. Zamin to’la yulduzlar edi. Ular shunday yorug’, ular shunday charog’on ediki men endi qadam bosolmay qoldim.

7

— “Keling, ko’rishaylik. Negadir, bugun… kim bilandir dardalashgim kelayapti.
— Soat nechida?
— Ishdan chiqqanda-da…

Kompyuterning soatiga qarayman, ish tugashiga yarim soat bor. Qo’limda telefon tutgancha, o’tirg’ichga suyanaman. Lobar betoqat yana nimalarnidir deydi. Derazadan ko’zim quyoshga tushadi. Quyosh qizg’ish ranglar bilan xayrlashish tasvirini chizardi.”

08.06.2016

09

(Tashriflar: umumiy 2 390, bugungi 2)

9 izoh

  1. Juda zor chiqibti.menga juda yoqdi ozizdi hayotizdan olinganmi.lekin oxiri yoqmadi yaxwilik bn tugamabti yana ham bilmadim.men ham Lobar ismli qizni sevaman u ham xuddi siz tasvirlagandek juda go’zal…

  2. Салом менинг исмим хам Лобар менгахам ёкди

  3. Salom mening ham ismim Lobar bu ismni menga onam qo’yganlar. Bu hikoyani men o’qib, shu hikoya asar qahramonlari bilan birga yashaganday bo’ldim. Raxmat!!!

  4. Mening ismim ham Lobar to’g’risi Lobar ismini ishlatganingizni ko’rib ko’zimga yosh keldi chunki hali hech bir qo’shib yoki she’rlarda Lobar ismi ishlatilmagan edi..

  5. Salom,bu hikoya haqida bir doʻstim aytdi,ismim Lobar boʻlgani uchun qidirib topdim,hikoyada Lobar ismi yanada chiroyli chiqqan,faqat oxiri biroz qaygʻuli yakun topdi

Izoh qoldiring