Maqsuda Ergasheva. She’rlar & Ibrohim G’afurov. Adir olmasi

Ashampoo_Snap_2016.12.02_21h47m00s_001_.png17 феврал — Шоира Мақсуда Эргашева таваллуд топган кун

    Мақсуданинг шеърлари ҳаёт – боғ-тупроқ фалсафасига тўла ва бу шоирона фалсафа нақ гулларнинг япроқларига ёзилганга ўхшайди. Мақсуданинг шеърлари боғ фалсафасини ўзига хос талқин қилган шеъриятдир, катта, умуммиллий шеъриятнинг ярашиқли давоми…

Иброҳим ҒАФУРОВ
АДИР ОЛМАСИ
001

   Фалсафа ва фалсафий фикр, ғоянинг қиммати ҳаётда билинади. У одамлар турмушини қандай ўзгартирганлигига қараб баҳоланади. Фиукру ғоя ҳаётнинг корига яраса, чигалликларга жавоб топа олса, жароҳатларга малҳам бўлолса, унинг қоғозда қолиб кетмагани шу. Бадиий сўз гоҳ кўп нарсаларга қодир. Гоҳо ҳаётда ҳамма нарсалардан ҳам ожизроқ.

…Мақсуда Эргашевани ўқиб ўтириб, у нега китобини “Кўнгил кишилари” деб номлаганлигини англаб етгандай бўлдим.Фарғоналикларни шоиранинг шу сўзи орқали билгандай эдим. Фарғоналиклар каттаю кичик — ҳаммалари чин маънода кўнгил кишилари.

Улар кўнгил измига, кўнглил амрига, кўнгил қарорига юрадилар, оламни Худо ато этган кўнгил ойнасида кўрадилар, бу ойна ноёб андеша ҳиссиёти билан сайқалланган, ҳеч ким андешанинг отни фарғоналикчалик авайлаб, ҳоритмай минолмайди.

Ў, бу жонузорликка эътибор тортаман десам, ният қилсам, Мақсуданинг бир шеърини келтирмасдан ўтолмайман:

Юксалди забаржад боғлар
Қўлтиғига қисиб гулларни.
Яратганга айтиб саловат
Кўкка чўзар зумрад қўлларин.

Кезиб юрар боди саболар
Ўсмир каби қўшиқлар айтиб.
Улар билан гулранг лаҳзалар
Ўтиб кетар, келмайди қайтиб.

Мен айланиб шу боғ ичинда,
Бармоқларим тупроқ ичинда
Жисму жоним титроғ ичинда…

Одам боққа кирса шунчалар титроққа тушади, одам тупроқни шунчалар теран ҳис қиладими, одам ҳаётдан боққа, боғдан ҳаёт ва умрнинг ўткинчилиги, лаҳзаларнинг такрорланмаслиги фалсафаси ичига шундай табиий ва гўзал бир тарзда ўтадими?!

Мақсуданинг шеърлари ҳаёт – боғ-тупроқ фалсафасига тўла ва бу шоирона фалсафа нақ гулларнинг япроқларига ёзилганга ўхшайди. Мақсуданинг шеърлари боғ фалсафасини ўзига хос талқин қилган шеъриятдир, катта, умуммиллий шеъриятнинг ярашиқли давоми.

Менинг гулзоримнинг шу туришида
Жамолинг шуъласи бордир, билурман.
Агар насиб этса, ҳар бир чечакнинг
Ҳар бир япроғига бир шеър қилурман…

Мақсуданинг шеърларини ўқиганда, бу чин ва ҳақ ваъда эканлиги ва шоира унинг уҳдасидан тамомила моҳирона бир қаламкаш каби чиқишига ишонч ҳосил қиласиз…

Ҳазратларимизни кўрмасак, йўқламасак, ҳасратларимиз ортади. Ҳазрат Ҳувайдо…

Ростми-ёлғонми. Ҳувайдо бир олма нави етиштирди. У буруннинг қонидан ҳам қизил, асалнинг болидан ҳам ширин, қуртламас, қуримас, ҳосил беришдан тўхтамас эди. Ҳувайдо ҳар кез шу қизил олма ғарқ пишганда бир этакка солиб баланд адир устига чиқар ва Марғилон, Риштон, Олтиариқ, Киткон, Водил томонларга қараб ирғитарди. Фарғонада шу олма кўпайсин ва авлодларга насиб этсин дерди. Марҳабо, Мақсуда, Энахон, матлуба, Зуҳра, Исмоил, Баҳодир, Ғулом, Тилаволди ва яна неча-нечалаб ижодкорлар бугун Фарғонада ҳазрат ҳувайдо сочган олмалар каби ўз ижод боғини обод этишяпти. Мақсуда таъбири билан айтганда, уларнинг оддий ўгитлари куйдай жаранглайди ва ўзига эътибор тортади.

Ўсган сари умр дарахти
Олтинланиб боради ботин…

– дейди яна Мақсуда. Фарғона азалдан шуъла таратувчи макон саналади. Шунинг учун у ерлик одамларнинг ички гўзаллик касб этишга интилишлари ғоятда табиийдир.

Манба: “Қалб садоси” газетаси,май, 2010 № 19 (208)

Мақсуда Эргашева
ШЕЪРЛАР
001

f294c604c141afe0631e72f68b898070.png Мақсуда Эргашева (Эргашева Мақсуда Муҳаммадсиддиқ қизи) 1951 йилнинг 17 февралида Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Оқбўйра қишлоғида туғилган. 1983 йилда Фарғона Давлат Педагогика институтининг филология факултетини тугатган. 1970 йилдан Олтиариқ туманидаги 19-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлаган. 1983 йилдан бошлаб она тили ва адабиёт фанидан дарс бера бошлаган. Бир қатор китоблар муаллифи ( «Баҳорни ахтариб», «Эзгу сўз», «Диёримга кўзинг тегмасин», «Кўнгил кишилари» ва бошқ.). Шоира 2014 йили вафот этди. Сўнгги “Тақдир ҳикоятлари” хотира-роман китоби вафотидан кейин (2015) чоп этилди.

001

Бу не элким…

Бу не элким, орифу олимлари бирлашмагай?
Золимлари бирлашгайу солимлари бирлашмагай?
Бирлашур ғамлар, вале ғамкашлари бирлашмагай,
«Миллатим!» — деб йиғлаюрлар, кўз ёшлари бирлашмагай?
Бу не элким, лоақалли бирлиги бирлашмагай?
Бирлашур қуллиги, лекин ҳурлиги бирлашмагай?
У- адиб, ёзувчи –бу, деб шоирлари бирлашмагай,
Дарду дунёси Ватанга доирлари бирлашмагай?!
Бу не элким боши узра якка бир байроғи йўқ!
Менга – оқ ранг, сенга – кўк ранг, деб талашмас чоғи йўқ,
Шул сабабми, бу Ватанда зоғ қўнмаган бир боғи йўқ!
Мунглиғу ожиз қизингман, эрку ҳурлик истадим,
Минг азоб чеккан, таланган юртимга бирлик истадим,
Биттасан, бирлик ато эт, халқимга, эй холиқ Худо!
Қўлларим очиб фалакка, Аллоҳга қуллик истадим.

Орзу

Истагим: мендаги жисму жон,
Бор юрак, бор туйғу, бор имон
Оқ қоғоз, бағрингга тўкилса.

Орзуим: ҳисларим ҳис билан
Куйлаган гулларим ис билан,
Дардларим дард билан ўқилса.

6.06.78.

Юрагимда…

Юрагимда ҳаётнинг ишқи
Чидаб бўлмас дард бўлиб қолса.
Гўзалликнинг сеҳри дилимга
Куйдиргувчи аланга солса.

Ёзаман деб тутаман қалам,
Ёзганимдан кулади олам.
Гўё дейди олам ҳусни-ла:
“Таърифимга инсонда сўз йўқ.

Ҳали ҳусним малоҳатимни
Ҳаммасини кўролган кўз йўқ”.
Кулсангиз ҳам илҳомкор олам,
Ташламайман сиз берган қалам.

1968 йил, октябрь.

Умрим орзуси

Одамлар бор: умридан нолир
Деб шалола сингари шошқин.
Шалола ҳам интилади-ку
Она ерни яшнатмоқ учун.

Қани эди халқимга зарра
Завқ беролса, шеърим – қалб созим.
Шалоладек шошқин бўлса ҳам,
Мен умримдан бўлардим рози.

20. 02.70.

Мажруҳ гул

Ранги тиниқ юрак қонидек
Йўлда ётар бир гул мунғайиб.
Кимдир босиб, янчиб ўтибди
Мажруҳ қалбдек у гул ҳам майиб.

Эҳтимолки, бу гулни биров
Севганига тақдим этгандир.
Бебурд йигит ё бевафо қиз
Ҳидлаб, сўлгач ташлаб кетгандир.

Гулни асрай олмас экансан
Нега уздинг уни қилиб хор?
Гўзалликни севмас экансан
Мен ошиқман, деганинг бекор.

20. 04. 70.

*  *  *

Чиндан менинг ташвишларим кўп
Етолмадим орзуларимга.
Қувонч истаб, ғамда яшадим
Йўқ ниҳоя қайғуларимга.

Бу дунёга қайғумни ташлаб,
Бўлганимда кетмоққа мажбур
Яшамоғим боиси бўлган
Ташвишимга дейман: “Мен-ла юр!”

12 июнь 1970.

*  *  *

Мени кўп қийнайди бир оташ
У дўзах ўтидан ёмонроқ.
Айт, сенга кераксиз бу ишқни
Мен қайга ташласам осонроқ.

Сен учун яралган бу жисмим,
Жонимни мен қайга қўюрман.
Ва лекин сен учун оғир юк —
Севгидан бетутун куюрман.

1970

*  *  *

Мен сени севгандим. Бу ёшлик
Хатоси эмасдир ва лекин,
Сен вафо қилмадинг, алдадинг
Бу армон, бу азоб — бир билгин.

Бу таъна эмасдир, мен фақат
Алданган қалбимга отгум тош.
Сен эса севгисан, севгига
Ҳар ким ҳам ҳар қачон эгар бош.

1972

*  *  *

Сени кута-кута сарғайди боғлар,
Беҳол узилмоқда бир-бир япроқлар.
Йўлингга термулиб сарғайди узум
Бағри қонга тўлиб анор турар жим.

Баргида қирову очилибди гул
Ҳазон бўлишидан бехабар буткул.
Интизор-интизор менинг қалбимдек
Ўша гул сўлгунча боғибони кел!

17 октябрь 1974

Боғларда баҳор

Новдалар бағрида куртаклар тугун
Очилмай, кимнидир кутмоқда нечун?
Сизга интизордир улар ҳам балки
Ул шайдо бизга ҳам эди деб, мафтун.

Бошин кўтарибоқ митти чечаклар
Жавдираб, кимнидир излаяптилар
Келсин, бир зум унга кулгу бўлайлик
Дея бир-бирига сўзлаяптилар.

Шаббода кезмоқда – девона ошиқ
Ўзин ҳар ён уриб сўроқлаяпти.
Шодлик диёрига бошлай деб сизни
Беқарор югуриб сўроқлаяпти.

Бунда ҳамма нарса Сизга интизор
Сиз мафтун бўлган бу боғларда баҳор.

1974 йил апрель

Одамлар яшайди

Ишонгум, одамлар яшайди
Оёқсиз, қўлсиз ҳам, тилсиз ҳам.
Ишонмам яшамоқ мумкинми
Ҳеч қачон юраксиз, дилсиз ҳам?

Ишонгум одамлар яшайди
Ҳаттоки қулоқсиз, кўзсиз ҳам.
Ишонмам яшамоқ мумкинми
Севгисиз, сезгисиз, ҳиссис ҳам?

Одамнинг тўрт мучи бут бўлиб,
Сезмаса, куз нима ё баҳор.
Бу гўзал дунёда уларга
Ҳайронман, дўстларим, нима бор?

1975 йил

Дунёнинг дарди

Эҳ, ким у, зориқиб кутмас баҳорни
Эҳ, ким у, сезмайди чечак имосин.
Ким экан бошидан сепилган қорни
Сезмас оқ оламнинг олтин жилосин?!

Ким экан, сарғайиб тўкилган баргни
Ўхшатмас юракнинг асл шаклига?!
Ким экан титрамас жажжи гўдаклар
Тамшаниб интилса ўз сут ҳаққига.

Ўшанинг йўлига гуллар экиб қўй
Гул бўйи юборсин ёриб димоғин.
Ўшанинг йўлига сутни тўкиб қўй
Ташналик қақшатсин қуриб томоғи.

Ўшанинг қўлига гўдак бериб қўй,
Қулоғин кар қилиб қўйсин фарёди.
Шунда ҳам у ҳиссиз қолса, билиб қўй:
Ўшадир, ўшадир дунёнинг дарди!

1976 йил

Инсон, сен дунёга келган онингда
Мева шарбатлари оққан қонингда.
Барглар чапак чалиб, қушлар чуғурлаб
Сени шарафлаган шундоқ ёнингда.

Балки йўлларингга қорлар пойандоз
Бўлган оқлигимдан олсин деб андоз.
Шаббода бошингда гиргиттон бўлиб,
Балки ҳароратин бахш айлаган ёз.

Инсон, сен дунёдан кетар онингда
Йиғлаб ариқчалар чопган ортингдан.
Рангларин заъфарон қилиб йиғлаган
Куз сени қабрдан топган онида.

Сени яратгандан она-табиат
Охир бўлмадими ўзи хижолат?
Озорлаб ҳавосин, қўшиқ, япроғин,
Инсон, қилмадингми унга хиёнат?!

1977 йил

Гуноҳ

Биламан малолдир маюс нигоҳим
Асабинг эговлар кўзларим ёши.
Армонли севгимдир ёлғиз гуноҳим
Биламан, ўзгадир қалбинг қуёши.

Айтгин-чи, қуёшга кулса-ю ғунча
Шамол гул баргларин узса тортқилаб.
Фалакнинг бу иши хато менимча,
Ажабким бу хато ишқимни оқлар.

13 апрель 1978 й.

*  *  *

Дилкашимсиз танҳо ва мунис,
Гуллар, менинг ҳолимга кулманг.
Учратганда паришон, маюс
Аччиғланиб, еллар, югурманг.

Меҳрлардан йироқлигидан
Сариқ бўлса, эҳтимолки, ой
Насибам бир фироқлигидан
Заъфарондир юзим ҳойнаҳой.

Мен севгига боримни бердим,
Сўрамадим ундан ҳеч нима.
Мен севгини мағрурлик дедим,
Пастга олиб тушмасми таъма.

18 апрель 1978 й.

*  *  *

Мен армон қилмайман агар йўлингда
Кузги гул сингари сарғайиб сўлсам.
Бахтлиман бир умр сенинг қўлингда
Ҳаётинг безатиб кўз юмар бўлсам.

Чунки сен хаёлдан яралган сиймо,
Нодира куйлаган ўтли қўшиқсан.
Сенинг армонингдир армонсиз дунё
Сен баҳор кўйида куйган ошиқсан.

1970-1978 йил декабрь.

*  *  *

Мен кузни севаман ҳатто баҳордан
Қалбимни титратар кузги сокинлик.
Барглар маюс-маюс тўккан оҳангда
Шикаста руҳимга бордир яқинлик.

Мен кузни севаман ҳатто баҳордан
Қалбимга шавқ солар кузги тўкинлик
Унинг сахийлиги, ўктамлигида
Халқимнинг феълига бордир яқинлик.

1970- 1978 й. октябрь.

“Оқ йўл”
(Устозим Муҳаммаджон Мадғозиевга)

Кимдир сенга “оқ йўл” тилайди
Оқ тилакларнинг оппоқларидан.
Тиламайди, балки излайди
Сомон йўлин пучмоқларидан.

Сен ухлайсан ўтли хаёллар
Қийноғидан бир лаҳза толиб.
У шеърларинг қошида уйғоқ
Ўзлигидан бутунлай тониб.

Ғафлат уйқусида ётганни
Уйғотади шеърингдан сўзлаб.
Сенми шоир ё ўша “биров”
У намунча шеъринг деб бўзлар.

Чиндан сенинг шеърларинг эзгу
Ахир сени тан олди борлиқ.
Энди оппоқ йўлларинг мангу
Арши –аъло каби муаллақ.

Бошингни эг, таъзим бажо қил,
Шоир, бир дам тушгил аршингдан.
“Оқ йўл” тилаб сенга эзгулик
Пайғамбари турар қошингда.

1979 й.

Абдулла шеър айтганда…

Юлдузлар кипригин пирпиратганча,
Теракзор баргларин ҳилпиратганча,
Кеча қора кўзин ҳатто очганча,
Хасадгўй соянинг қути ўчганча
Тинглайди, Абдулла шеър айтаяпти.

Унинг кўзларида порлайди туйғу,
Унинг сўзларида портлайди туйғу,
Ўксиниб, дардлигин ҳис қилар қайғу,
Ғафлат ҳам бу лаҳза тарк этиб уйқу
Тинглайди, Абдулла шеър айтаяпти.

Уни тинглаяпти ошкору ниҳон,
Уни тинглаяпти шайдойи жаҳон.
Кўзингни юмсанг-чи, кичкина ўғлон,
Эй жўшқин шалола, эй Ой- саргардон
Эшитинг, Абдулла шеър айтаяпти.

18 июль 1979

Номаи узр

Севимли шеъримни бир куни
Оқ қоғоз бағрига жойладим.
Букладим конвертга елимлаб,
Почтага равона айладим.

Шеър кетди олисга, йўл билан,
Мен қолдим умидвор ўй билан.
Шеъримни бир ходим ўқибди
Мунгли деб, кўксига нуқибди.

Сўнг асир шеърларнинг сафига
Сургалаб келтириб тиркабди.
Муаллиф ва шеърнинг юзига
Қоп-қора бўёқни суркабди.

Розийдим ақал бир сатрингни
Одамлар ҳукмига ташласа,
Майлийди сўнг эса минг бора
Урса ҳам, сўкса ҳам, муштласа.

Асирликда тўккан ёшларинг
Ва ходимдан еган муштларинг
Учун шеърим тутасан маъзур,
Бу шеър сенга номаи узр.

1979 йил.

*  *  *

Мен — онамнинг армонлариман
Мен — онамнинг чеккан оҳлари.
Тунлар совуқ бешик қучоқлаб,
Алла айтган бедор чоғлари.

Мен – онамнинг орзулариман,
Мен – онамнинг ташна кўзлари.
Дилсизларнинг совуқ кўксига
Отолмаган ўтли сўзлари.

Мен- онамнинг бағрида кетган
Айтолмаган қўшиқлариман.
Мен яшайман унинг ҳаққини
Онам яшар қўшиқларимда.

Февраль 1980 йил.

*  *  *

Эй, дўсти азизим, жонимга жондош,
Умримни безатган гул қўлли наққош,
Менинг бир укам бор, девона, бебош,
Юринг, Баҳодирни кўриб келамиз.

Унингдек шоири овора йўқдир,
Соҳир қалби билан бечора йўқдир,
Дарвеш ҳаётига ҳеч чора йўқдир,
Юринг, Баҳодирни кўриб келамиз.

Бировлар Эронга савдога борар,
Биров Ҳинд, бировлар Румога борар.
Юринг, Рошидонга бориб келамиз,
Бориб Баҳодирни кўриб келамиз.

Дейдилар: бир дилни тавоб айламак
Каъба кўрганчалик савоб айламак.
Юринг, Баҳодирни кўриб келамиз,
Гўё биз ҳам ҳожи бўлиб келамиз.

26 декабрь 2003.

*  *  *

Дунёйи давворни айландик
Кўникдик эртаю кечига.
Аё дўст, юр энди кетайлик,
Кетайлик кўнгилнинг ичига.

Қаҳратон қишларда дийдираб,
Кўникдик аёзнинг кучига.
Бир илиқ илинжни ахтариб,
Кетайлик кўнгилнинг ичига.

Кўнгил ҳам чечаклар нафармон
Очилган илоҳий чамандир.
Менинг кўксимдаги шу қафас
Армон қушларига ватандир.

Аё дўст, юр энди кетайлик,
Дунёйи давворни айландик,
Юракнинг барлари дабдала,
Дунё итларига таландик.

Шоҳона либослар қошида
Эҳтимол, эгнимиз юпундир.
Яшамоқ ҳаққига берилган
Кунимиз фақат шу бугундир.

Эҳтимол, ҳаммадан фараҳли
Кунимиз шу кундир очунда.
Аё дўст, не бўлсак бўлдик биз
Шу қурғур кўнгилнинг ичинда.

27 декабрь 2003.

*  *  *

Бу дунёда мени ҳеч ким тушунмади,
Ҳасратларим тушунмаслар учунмиди?
Куз келмайин ҳазон бўлди райҳонларим,
Ҳайрон турар кунга қараб айвонларим,
Кўнгил узиб бу кулбаи вайронадан
Бошим олиб кетсаммикин Фарғонадан.

Мен йиғласам, ғанимларим кул дейдилар,
Кулар эсам “девона кўнгул” дейдилар,
Қайга учди булбул каби сайронларим,
Қайга қочди оҳуларим, жайронларим.
Кўнгил узиб бу кулбаи вайронадан
Бошим олиб кетсаммикин Фарғонадан.

Боғдан келсам ҳофизларим тоғдан келар,
Наво десам қарғалар “қағ-қағ”дан келар,
Куйди кўксим оташидан забонларим,
Ёқамдадир, ёнимдадир чаёнларим,
Кўнгил узиб бу кулбаи вайронадан
Бошим олиб кетсаммикин Фарғонадан.

Жон узсам ҳам сендан кўнгил узилмайди,
Жаннатлардан фарқинг сира сезилмайди,
Олам аро Мақсудадек ҳайрона йўқ,
Шоҳларда ҳам кулбам каби кошона йўқ,
Кўнглим каби ишқи билан сўзона йўқ,
Ўн саккиз минг олам ичра бир донадек
Бошим олиб кетолмадим Фарғонадан.

3 январь 2004.

Қутлов

Тошларнинг қатида ўсган митти гул,
Нозик япроқларинг муборак бўлсин.
Тириклик томига кўтариб чиққан
Қирмиз байроқларинг муборак бўлсин.

Чечакжон, миттижон, юр, мени бошла,
Борайлик оролнинг тузликларига,
Бостириб кирайлик халқини сотган
Хоин юракларнинг музликларига.

Ҳар йили туғилар Ўзбекистонда
Ўттиз уч минг дона митти тепалик
Тириклик тимсоли – туғингни тутиб
Уларнинг бошига йиғлаб борайлик.

Чечакжон, миттижон, қани йўл бошла,
Бетон қасрларнинг ораларига,
Буюк оғасидан тил сўраб турган
Ўзбекнинг ўзбеки болаларига.

Чечакжон, миттижон, қутлуғ келибсан,
Кўзимга суртайин оёқларингни.
Бошимга кўтарай сенинг чечакжон,
Шу нозик қирмизи байроқларингни.

1990 йил 27 март

Қирқ йил

Қирқ йилдирки остонангизда
Райҳон экиб ўлтирадирман.
Қирқ йилдирки, атрофингизни
Гуллар билан тўлдирадирман.

Юзларимнинг қизиллигини
Хиноларга бердим атайлаб.
Тушиб қолса кўзингиз, Сизга
Қарасинлар табассум айлаб.

Сўлмасин деб ниҳолларингиз,
Яшил япроқларимни бердим.
Устун қилиб кошонангизга
Тилло бармоқларимни бердим.

Боғингизда кўзларим булоқ,
Киприкларим гиёҳ бўлдилар.
Толмачадек эди қоматим,
Энди қуриб, қиёқ бўлдилар.

Ишқ илашди Момо Ҳаводан,
Жаннатлардан тушдим атайлаб.
Қайтгин, деди Ҳаллоқи Олам,
Борган еринг муборак айлаб.

Қирқ йилдирки, остонангизда
Титраб турар шикаста кўнглим.
Остонага етдию йўлим,
Кўнглингизга етмади қўлим.

Райҳон

Райҳон билан тўлди бу кун остоналар,
Гулхонага бўйламасин бегоналар.
Бир-бирига суялишиб сир айтади
Нозли гиёҳ, барги сиёҳ райҳоналар.

Райҳонажон, сен жаннатнинг гулимисан?
Ё бегуноҳ фаришталар қўлимисан?
Сен ҳам мендек бир бедилнинг қулимисан?,
Нозли гиёҳ, барги сиёҳ райҳоналар.

Сиз дилимнинг боғларида қулф урасиз,
Юрагимнинг ўртасида ўлтирасиз.
Ерга жаннат бўйларини келтирасиз,
Нозли гиёҳ, барги сиёҳ райҳоналар.

Хуш бўйингиз мени қилди мастоналар,
Муқаддасдир райҳон ўсган остоналар,
Ҳидингизга тўлиб кетсин Фарғоналар,
Нозли гиёҳ, барги сиёҳ райҳоналар.

Ҳаёт Момо сўзлари

Ҳаёт Момо айтар силкиб енгини:
Ҳамма топар бу дунёда тенгини.
Оқартирса ёрнинг ёқа-енгини
Қиз болага ким қўйибди севгини.

Ҳам Худонинг ҳам бировнинг бандаси,
Қизга Ватан ёрнинг эски жандаси.
Ўзганики бўлар кўз, хандаси
Қиз болага ким қўйибди севгини.

Қиз кўнглини ўзига ҳам очмайди,
Ифорини шамолга ҳам сочмайди,
Шаънига бир ғубор қўнса, ўчмайди,
Қиз болага ким қўйибди севгини.

Не қиламиз: Ҳаёт Момо ҳақ экан,
Ҳамма авом, битта ўзи халқ экан,
У сўзласа, тақдиримиз ҳал экан:
“Қиз болага ким қўйибди севгини…”

Шеър ёзганимда

Мендан сира ўпкаламанглар,
Мен шоира бўлмасам, майли.
Беш-ўнта шеър ёзсам ёзибман,
Қалбимдаги армон туфайли.

Қараб турсам, шу бадбуруш тол
Кеча эди қуп-қуруқ, заранг.
Бир кечада сепибди кимдир
Шохларига пистамағиз ранг.

Мен шунчаки шеър ёзганимда
Тушунаман барглар тилини.
Илғайдирман тиллақўнғизлар
Япроқларга чизган “гули”ни.

Мен шунчаки шеър ёзганимда
Юракларим титраб туради.
Қалбимнинг қонталаш шуъласи
Қоғознинг юзига уради.

Ҳофиза қизлар

Авваллар гап кўп эди,
Гапчилар тўп-тўп эди.
Нон ўрнига гап ердик,
Ўшанда ҳам “хўп” дердик.

Энди қўшиқ замони,
Қўшиқ босди дунёни.
Қўшиқчилар керилган,
Булбулга дам берилган.

Қизлар қўшиқ куйлайди,
Куйлайди ё увлайди.
Тингловчи бечоралар
Тинглайди ё йиғлайди.

Ору номус дейсизми,
Бу гапларни қўйинг-чи.
Ман-ман деган йигитлар
Шу қизларга ўйинчи.

*  *  *

Майлига, ошно тутиб,
Бизни ҳурмат қилмангиз.
“Сизда йўқ асли кўнгил”, деб
Бизга туҳмат қилмангиз.

Асли шу кўнгилни деб
Шунчалар бечорамиз.
Ундан ўзгони десак,
Бизга шафқат қилмангиз.

Кўнглимиз обод эрур,
Унда бор рафторингиз.
Шул менинг бўлса гуноҳим,
Асло каффорат қилмангиз.

Бағримиз вайронлиги-
Кўнглимизнинг бўшлиги,
Айтади меъмор: “Бўш
Ерга иморат қилмангиз”.

Бу жаҳон бозорида
Жон бериб, жон олинар,
Шул сабаб, кўнгил ишин
Асло тижорат қилмангиз

Мендан кутманг нозу табассум….

Мендан кутманг нозу табассум,
Ярашади менга маҳзунлик.
Тўрт кунини яшаб қўйибман,
Дунё эса асли беш кунлик.

Биринчи кун роса яйрадим,
Мен онамнинг тор қурсоғида.
Кейин ундай кенг жой топмадим
Шундай катта дунё боғида.

Икинчи кун ёруғ дунёнинг
Чеҳрасига боқа бошладим.
Ҳаёт наҳрин ёйилмасида
Бир олмадек оқа бошладим.

Уч кунимни дунёга бердим,
Тўртинчи кун бордим камолга.
Ва дунёдан юзимни бурдим,
Ошиқ бўлдим буюк жамолга.

Мендан кутманг нозу табассум,
Энди унга йўқ сира асос.
Бешинчи кун –улуғ кун қолди,
Бешинчи кун –маҳшар ва қасос.

Орзу

Мен фанонинг кўйлагинимас,
Ҳаёт, сени кийгим келяпти.
Тупроқ менинг вужудимнимас,
Мен тупроқни суйгим келяпти.

Экиб қўйсам ерга қаламни,
Япроқлари ёзилиб кетса.
Майлига, шеър ёзолмасам ҳам,
Бўйи кўкка чўзилиб кетса.

Пойим узра гулгун ҳаётнинг
Дарёлари ёйилиб оқса.
Кундузлари нурга йўғрилсам,
Тунларда ой қайрилиб боқса.

Кўзим қаросига ботириб,
Бармоғимда ёзар эдим шеър.
Мен ҳаётни кийиб юрсаму
Мени сира соғинмаса ер.

Бу шунчаки орзу, эҳтимол,
Бу шунчаки кўнгил хоҳиши.
Орзу қилмоқ биздан ва лекин
Ва қолгани Худонинг иши.

Оғочидан узилган баргдай
Ёниб учсам куз осмонида.
Худди юрак шаклида порлаб
Учиб ўтсам ойнинг ёнидан.

Юлдузларнинг келса ҳаваси,
Атрофимни ўраб олсалар.
Учиб кетсам осмонни ўртаб,
Фаришталар қараб қолсалар.

Ўшал оғоч остида дилхун
Мени эслаб ўйга толсангиз.
Шитирлатиб хазон баргларни
Шеърларимни ёдга солса куз.

Мен қайтарман самони ташлаб,
Юлдузларнинг ўтиб баҳридан.
Пойингизга баргдек тўкилмоқ
Ва сарғармоқ афзал баридан.

Яхшиям бу кунлар

Яхшиям бу кунлар ўткинчи,
Бу кунлар ўтмаса нетардик.
Бир ёмон кун келса кетгунча,
Эҳтимол минг аср кутардик.

Яхшиям бу кунлар ўткинчи,
Қуёшга қараймиз умидвор.
Келгувчи кунларнинг бағрида,
Орзу бор , нажот бор , умид бор.

Бу кунлар ўтмаса майсалар
Баҳорни минг йиллар кутарди.
Тупроқнинг остида данаклар
Уйғонмай миллион йил ётарди.

Яхшиям ўткинчи бу кунлар
Ўтади ёмғирлар ёғдириб.
Силкиниб чиқади гиёҳлар
Ҳаммани эсидан оғдириб.

Олмалар гуллайди, олмалар.
Гул оқар жилғани тўлдириб.
Келади бўронлар карвони
Еру осмон билан бир бўлиб.

Яхшиям бу кунлар ўткинчи
Ой чиқар юлдузга ёндошиб
Дунёнинг бошидан нур ёғар
Кечалар кундузга алмашиб.

Бир гўзал ёғдулар ёприлиб
Тўлдирар самою саҳрони.
Ўткинчи кунларнинг наридан
Кўряпман ёғдули дунёни.

Яхшиям бу кунлар ўткинчи
Бу кунлар ўтса не ишим бор
Келгуси кунларнинг бағрида
Ўзинг бор ва дил хоҳишим бор.

6SDARm5CbYA.jpgIbrohim G’AFUROV
ADIR OLMASI
001

Falsafa va falsafiy fikr, g‘oyaning qimmati hayotda bilinadi. U odamlar turmushini qanday o‘zgartirganligiga qarab baholanadi. Fiukru g‘oya hayotning koriga yarasa, chigalliklarga javob topa olsa, jarohatlarga malham bo‘lolsa, uning qog‘ozda qolib ketmagani shu. Badiiy so‘z goh ko‘p narsalarga qodir. Goho hayotda hamma narsalardan ham ojizroq.

…Maqsuda Ergashevani o‘qib o‘tirib, u nega kitobini “Ko‘ngil kishilari” deb nomlaganligini anglab yetganday bo‘ldim.Farg‘onaliklarni shoiraning shu so‘zi orqali bilganday edim. Farg‘onaliklar kattayu kichik — hammalari chin ma’noda ko‘ngil kishilari.

Ular ko‘ngil izmiga, ko‘nglil amriga, ko‘ngil qaroriga yuradilar, olamni Xudo ato etgan ko‘ngil oynasida ko‘radilar, bu oyna noyob andesha hissiyoti bilan sayqallangan, hech kim andeshaning otni farg‘onalikchalik avaylab, horitmay minolmaydi.

O‘, bu jonuzorlikka e’tibor tortaman desam, niyat qilsam, Maqsudaning bir she’rini keltirmasdan o‘tolmayman:

Yuksaldi zabarjad bog‘lar
Qo‘ltig‘iga qisib gullarni.
Yaratganga aytib salovat
Ko‘kka cho‘zar zumrad qo‘llarin.

Kezib yurar bodi sabolar
O‘smir kabi qo‘shiqlar aytib.
Ular bilan gulrang lahzalar
O‘tib ketar, kelmaydi qaytib.

Men aylanib shu bog‘ ichinda,
Barmoqlarim tuproq ichinda
Jismu jonim titrog‘ ichinda…

Odam boqqa kirsa shunchalar titroqqa tushadi, odam tuproqni shunchalar teran his qiladimi, odam hayotdan boqqa, bog‘dan hayot va umrning o‘tkinchiligi, lahzalarning takrorlanmasligi falsafasi ichiga shunday tabiiy va go‘zal bir tarzda o‘tadimi?!

Maqsudaning she’rlari hayot – bog‘-tuproq falsafasiga to‘la va bu shoirona falsafa naq gullarning yaproqlariga yozilganga o‘xshaydi. Maqsudaning she’rlari bog‘ falsafasini o‘ziga xos talqin qilgan she’riyatdir, katta, umummilliy she’riyatning yarashiqli davomi.

Mening gulzorimning shu turishida
Jamoling shu’lasi bordir, bilurman.
Agar nasib etsa, har bir chechakning
Har bir yaprog‘iga bir she’r qilurman…

Maqsudaning she’rlarini o‘qiganda, bu chin va haq va’da ekanligi va shoira uning uhdasidan tamomila mohirona bir qalamkash kabi chiqishiga ishonch hosil qilasiz…

Hazratlarimizni ko‘rmasak, yo‘qlamasak, hasratlarimiz ortadi. Hazrat Huvaydo…

Rostmi-yolg‘onmi. Huvaydo bir olma navi yetishtirdi. U burunning qonidan ham qizil, asalning bolidan ham shirin, qurtlamas, qurimas, hosil berishdan to‘xtamas edi. Huvaydo har kez shu qizil olma g‘arq pishganda bir etakka solib baland adir ustiga chiqar va Marg‘ilon, Rishton, Oltiariq, Kitkon, Vodil tomonlarga qarab irg‘itardi. Farg‘onada shu olma ko‘paysin va avlodlarga nasib etsin derdi. Marhabo, Maqsuda, Enaxon, matluba, Zuhra, Ismoil, Bahodir, G‘ulom, Tilavoldi va yana necha-nechalab ijodkorlar bugun Farg‘onada hazrat huvaydo sochgan olmalar kabi o‘z ijod bog‘ini obod etishyapti. Maqsuda ta’biri bilan aytganda, ularning oddiy o‘gitlari kuyday jaranglaydi va o‘ziga e’tibor tortadi.

O‘sgan sari umr daraxti
Oltinlanib boradi botin…

– deydi yana Maqsuda. Farg‘ona azaldan shu’la taratuvchi makon sanaladi. Shuning uchun u yerlik odamlarning ichki go‘zallik kasb etishga intilishlari g‘oyatda tabiiydir.

Manba: “Qalb sadosi” gazetasi,may, 2010 № 19 (208)

Maqsuda Ergasheva
SHE’RLAR
001

065 Maqsuda Ergasheva (Ergasheva Maqsuda Muhammadsiddiq qizi) 1951 yilning 17 fevralida Farg’ona viloyati Oltiariq tumani Oqbo’yra qishlog’ida tug’ilgan. 1983 yilda Farg’ona Davlat Pedagogika institutining filologiya fakultetini tugatgan. 1970 yildan Oltiariq tumanidagi 19-maktabda boshlang’ich sinf o’qituvchisi bo’lib ishlay boshlagan. 1983 yildan boshlab ona tili va adabiyot fanidan dars bera boshlagan. Bir qator kitoblar muallifi ( «Bahorni axtarib», «Ezgu so’z», «Diyorimga ko’zing tegmasin», «Ko’ngil kishilari» va boshq.). Shoira 2014 yili vafot etdi. So’nggi “Taqdir hikoyatlari” xotira-roman kitobi vafotidan keyin (2015) chop etildi.

001

Bu ne elkim…

Bu ne elkim, orifu olimlari birlashmagay?
Zolimlari birlashgayu solimlari birlashmagay?
Birlashur g’amlar, vale g’amkashlari birlashmagay,
«Millatim!» — deb yig’layurlar, ko’z yoshlari birlashmagay?
Bu ne elkim, loaqalli birligi birlashmagay?
Birlashur qulligi, lekin hurligi birlashmagay?
U- adib, yozuvchi –bu, deb shoirlari birlashmagay,
Dardu dunyosi Vatanga doirlari birlashmagay?!
Bu ne elkim boshi uzra yakka bir bayrog’i yo’q!
Menga – oq rang, senga – ko’k rang, deb talashmas chog’i yo’q,
Shul sababmi, bu Vatanda zog’ qo’nmagan bir bog’i yo’q!
Munglig’u ojiz qizingman, erku hurlik istadim,
Ming azob chekkan, talangan yurtimga birlik istadim,
Bittasan, birlik ato et, xalqimga, ey xoliq Xudo!
Qo’llarim ochib falakka, Allohga qullik istadim.

Orzu

Istagim: mendagi jismu jon,
Bor yurak, bor tuyg’u, bor imon
Oq qog’oz, bag’ringga to’kilsa.

Orzuim: hislarim his bilan
Kuylagan gullarim is bilan,
Dardlarim dard bilan o’qilsa.

6.06.78.
Yuragimda…

Yuragimda hayotning ishqi
Chidab bo’lmas dard bo’lib qolsa.
Go’zallikning sehri dilimga
Kuydirguvchi alanga solsa.

Yozaman deb tutaman qalam,
Yozganimdan kuladi olam.
Go’yo deydi olam husni-la:
“Ta’rifimga insonda so’z yo’q.

Hali husnim malohatimni
Hammasini ko’rolgan ko’z yo’q”.
Kulsangiz ham ilhomkor olam,
Tashlamayman siz bergan qalam.

1968 yil, oktyabr`.
Umrim orzusi

Odamlar bor: umridan nolir
Deb shalola singari shoshqin.
Shalola ham intiladi-ku
Ona yerni yashnatmoq uchun.

Qani edi xalqimga zarra
Zavq berolsa, she’rim – qalb sozim.
Shaloladek shoshqin bo’lsa ham,
Men umrimdan bo’lardim rozi.

20. 02.70.
Majruh gul

Rangi tiniq yurak qonidek
Yo’lda yotar bir gul mung’ayib.
Kimdir bosib, yanchib o’tibdi
Majruh qalbdek u gul ham mayib.

Ehtimolki, bu gulni birov
Sevganiga taqdim etgandir.
Beburd yigit yo bevafo qiz
Hidlab, so’lgach tashlab ketgandir.

Gulni asray olmas ekansan
Nega uzding uni qilib xor?
Go’zallikni sevmas ekansan
Men oshiqman, deganing bekor.

20. 04. 70.

* * *

Chindan mening tashvishlarim ko’p
Yetolmadim orzularimga.
Quvonch istab, g’amda yashadim
Yo’q nihoya qayg’ularimga.

Bu dunyoga qayg’umni tashlab,
Bo’lganimda ketmoqqa majbur
Yashamog’im boisi bo’lgan
Tashvishimga deyman: “Men-la yur!”

12 iyun` 1970.

* * *

Meni ko’p qiynaydi bir otash
U do’zax o’tidan yomonroq.
Ayt, senga keraksiz bu ishqni
Men qayga tashlasam osonroq.

Sen uchun yaralgan bu jismim,
Jonimni men qayga qo’yurman.
Va lekin sen uchun og’ir yuk —
Sevgidan betutun kuyurman.

1970

* * *

Men seni sevgandim. Bu yoshlik
Xatosi emasdir va lekin,
Sen vafo qilmading, aldading
Bu armon, bu azob — bir bilgin.

Bu ta’na emasdir, men faqat
Aldangan qalbimga otgum tosh.
Sen esa sevgisan, sevgiga
Har kim ham har qachon egar bosh.

1972

* * *

Seni kuta-kuta sarg’aydi bog’lar,
Behol uzilmoqda bir-bir yaproqlar.
Yo’lingga termulib sarg’aydi uzum
Bag’ri qonga to’lib anor turar jim.

Bargida qirovu ochilibdi gul
Hazon bo’lishidan bexabar butkul.
Intizor-intizor mening qalbimdek
O’sha gul so’lguncha bog’iboni kel!

17 oktyabr` 1974
Bog’larda bahor

Novdalar bag’rida kurtaklar tugun
Ochilmay, kimnidir kutmoqda nechun?
Sizga intizordir ular ham balki
Ul shaydo bizga ham edi deb, maftun.

Boshin ko’tariboq mitti chechaklar
Javdirab, kimnidir izlayaptilar
Kelsin, bir zum unga kulgu bo’laylik
Deya bir-biriga so’zlayaptilar.

Shabboda kezmoqda – devona oshiq
O’zin har yon urib so’roqlayapti.
Shodlik diyoriga boshlay deb sizni
Beqaror yugurib so’roqlayapti.

Bunda hamma narsa Sizga intizor
Siz maftun bo’lgan bu bog’larda bahor.

1974 yil aprel`
Odamlar yashaydi

Ishongum, odamlar yashaydi
Oyoqsiz, qo’lsiz ham, tilsiz ham.
Ishonmam yashamoq mumkinmi
Hech qachon yuraksiz, dilsiz ham?

Ishongum odamlar yashaydi
Hattoki quloqsiz, ko’zsiz ham.
Ishonmam yashamoq mumkinmi
Sevgisiz, sezgisiz, hissis ham?

Odamning to’rt muchi but bo’lib,
Sezmasa, kuz nima yo bahor.
Bu go’zal dunyoda ularga
Hayronman, do’stlarim, nima bor?

1975 yil
Dunyoning dardi

Eh, kim u, zoriqib kutmas bahorni
Eh, kim u, sezmaydi chechak imosin.
Kim ekan boshidan sepilgan qorni
Sezmas oq olamning oltin jilosin?!

Kim ekan, sarg’ayib to’kilgan bargni
O’xshatmas yurakning asl shakliga?!
Kim ekan titramas jajji go’daklar
Tamshanib intilsa o’z sut haqqiga.

O’shaning yo’liga gullar ekib qo’y
Gul bo’yi yuborsin yorib dimog’in.
O’shaning yo’liga sutni to’kib qo’y
Tashnalik qaqshatsin qurib tomog’i.

O’shaning qo’liga go’dak berib qo’y,
Qulog’in kar qilib qo’ysin faryodi.
Shunda ham u hissiz qolsa, bilib qo’y:
O’shadir, o’shadir dunyoning dardi!

1976 yil

Inson, sen dunyoga kelgan oningda
Meva sharbatlari oqqan qoningda.
Barglar chapak chalib, qushlar chug’urlab
Seni sharaflagan shundoq yoningda.

Balki yo’llaringga qorlar poyandoz
Bo’lgan oqligimdan olsin deb andoz.
Shabboda boshingda girgitton bo’lib,
Balki haroratin baxsh aylagan yoz.

Inson, sen dunyodan ketar oningda
Yig’lab ariqchalar chopgan ortingdan.
Ranglarin za’faron qilib yig’lagan
Kuz seni qabrdan topgan onida.

Seni yaratgandan ona-tabiat
Oxir bo’lmadimi o’zi xijolat?
Ozorlab havosin, qo’shiq, yaprog’in,
Inson, qilmadingmi unga xiyonat?!

1977 yil
Gunoh

Bilaman maloldir mayus nigohim
Asabing egovlar ko’zlarim yoshi.
Armonli sevgimdir yolg’iz gunohim
Bilaman, o’zgadir qalbing quyoshi.

Aytgin-chi, quyoshga kulsa-yu g’uncha
Shamol gul barglarin uzsa tortqilab.
Falakning bu ishi xato menimcha,
Ajabkim bu xato ishqimni oqlar.

13 aprel` 1978 y.

* * *

Dilkashimsiz tanho va munis,
Gullar, mening holimga kulmang.
Uchratganda parishon, mayus
Achchig’lanib, yellar, yugurmang.

Mehrlardan yiroqligidan
Sariq bo’lsa, ehtimolki, oy
Nasibam bir firoqligidan
Za’farondir yuzim hoynahoy.

Men sevgiga borimni berdim,
So’ramadim undan hech nima.
Men sevgini mag’rurlik dedim,
Pastga olib tushmasmi ta’ma.

18 aprel` 1978 y.

* * *

Men armon qilmayman agar yo’lingda
Kuzgi gul singari sarg’ayib so’lsam.
Baxtliman bir umr sening qo’lingda
Hayoting bezatib ko’z yumar bo’lsam.

Chunki sen xayoldan yaralgan siymo,
Nodira kuylagan o’tli qo’shiqsan.
Sening armoningdir armonsiz dunyo
Sen bahor ko’yida kuygan oshiqsan.

1970-1978 yil dekabr`.

* * *

Men kuzni sevaman hatto bahordan
Qalbimni titratar kuzgi sokinlik.
Barglar mayus-mayus to’kkan ohangda
Shikasta ruhimga bordir yaqinlik.

Men kuzni sevaman hatto bahordan
Qalbimga shavq solar kuzgi to’kinlik
Uning saxiyligi, o’ktamligida
Xalqimning fe’liga bordir yaqinlik.

1970- 1978 y. oktyabr`.

“Oq yo’l”
(Ustozim Muhammadjon Madg’ozievga)

Kimdir senga “oq yo’l” tilaydi
Oq tilaklarning oppoqlaridan.
Tilamaydi, balki izlaydi
Somon yo’lin puchmoqlaridan.

Sen uxlaysan o’tli xayollar
Qiynog’idan bir lahza tolib.
U she’rlaring qoshida uyg’oq
O’zligidan butunlay tonib.

G’aflat uyqusida yotganni
Uyg’otadi she’ringdan so’zlab.
Senmi shoir yo o’sha “birov”
U namuncha she’ring deb bo’zlar.

Chindan sening she’rlaring ezgu
Axir seni tan oldi borliq.
Endi oppoq yo’llaring mangu
Arshi –a’lo kabi muallaq.

Boshingni eg, ta’zim bajo qil,
Shoir, bir dam tushgil arshingdan.
“Oq yo’l” tilab senga ezgulik
Payg’ambari turar qoshingda.

1979 y.
Abdulla she’r aytganda…

Yulduzlar kiprigin pirpiratgancha,
Terakzor barglarin hilpiratgancha,
Kecha qora ko’zin hatto ochgancha,
Xasadgo’y soyaning quti o’chgancha
Tinglaydi, Abdulla she’r aytayapti.

Uning ko’zlarida porlaydi tuyg’u,
Uning so’zlarida portlaydi tuyg’u,
O’ksinib, dardligin his qilar qayg’u,
G’aflat ham bu lahza tark etib uyqu
Tinglaydi, Abdulla she’r aytayapti.

Uni tinglayapti oshkoru nihon,
Uni tinglayapti shaydoyi jahon.
Ko’zingni yumsang-chi, kichkina o’g’lon,
Ey jo’shqin shalola, ey Oy- sargardon
Eshiting, Abdulla she’r aytayapti.

18 iyul` 1979
Nomai uzr

Sevimli she’rimni bir kuni
Oq qog’oz bag’riga joyladim.
Bukladim konvertga yelimlab,
Pochtaga ravona ayladim.

She’r ketdi olisga, yo’l bilan,
Men qoldim umidvor o’y bilan.
She’rimni bir xodim o’qibdi
Mungli deb, ko’ksiga nuqibdi.

So’ng asir she’rlarning safiga
Surgalab keltirib tirkabdi.
Muallif va she’rning yuziga
Qop-qora bo’yoqni surkabdi.

Roziydim aqal bir satringni
Odamlar hukmiga tashlasa,
Mayliydi so’ng esa ming bora
Ursa ham, so’ksa ham, mushtlasa.

Asirlikda to’kkan yoshlaring
Va xodimdan yegan mushtlaring
Uchun she’rim tutasan ma’zur,
Bu she’r senga nomai uzr.

1979 yil.

* * *

Men — onamning armonlariman
Men — onamning chekkan ohlari.
Tunlar sovuq beshik quchoqlab,
Alla aytgan bedor chog’lari.

Men – onamning orzulariman,
Men – onamning tashna ko’zlari.
Dilsizlarning sovuq ko’ksiga
Otolmagan o’tli so’zlari.

Men- onamning bag’rida ketgan
Aytolmagan qo’shiqlariman.
Men yashayman uning haqqini
Onam yashar qo’shiqlarimda.

Fevral` 1980 yil.

* * *

Ey, do’sti azizim, jonimga jondosh,
Umrimni bezatgan gul qo’lli naqqosh,
Mening bir ukam bor, devona, bebosh,
Yuring, Bahodirni ko’rib kelamiz.

Uningdek shoiri ovora yo’qdir,
Sohir qalbi bilan bechora yo’qdir,
Darvesh hayotiga hech chora yo’qdir,
Yuring, Bahodirni ko’rib kelamiz.

Birovlar Eronga savdoga borar,
Birov Hind, birovlar Rumoga borar.
Yuring, Roshidonga borib kelamiz,
Borib Bahodirni ko’rib kelamiz.

Deydilar: bir dilni tavob aylamak
Ka’ba ko’rganchalik savob aylamak.
Yuring, Bahodirni ko’rib kelamiz,
Go’yo biz ham hoji bo’lib kelamiz.

26 dekabr` 2003.

* * *

Dunyoyi davvorni aylandik
Ko’nikdik ertayu kechiga.
Ayo do’st, yur endi ketaylik,
Ketaylik ko’ngilning ichiga.

Qahraton qishlarda diydirab,
Ko’nikdik ayozning kuchiga.
Bir iliq ilinjni axtarib,
Ketaylik ko’ngilning ichiga.

Ko’ngil ham chechaklar nafarmon
Ochilgan ilohiy chamandir.
Mening ko’ksimdagi shu qafas
Armon qushlariga vatandir.

Ayo do’st, yur endi ketaylik,
Dunyoyi davvorni aylandik,
Yurakning barlari dabdala,
Dunyo itlariga talandik.

Shohona liboslar qoshida
Ehtimol, egnimiz yupundir.
Yashamoq haqqiga berilgan
Kunimiz faqat shu bugundir.

Ehtimol, hammadan farahli
Kunimiz shu kundir ochunda.
Ayo do’st, ne bo’lsak bo’ldik biz
Shu qurg’ur ko’ngilning ichinda.

27 dekabr` 2003.

* * *

Bu dunyoda meni hech kim tushunmadi,
Hasratlarim tushunmaslar uchunmidi?
Kuz kelmayin hazon bo’ldi rayhonlarim,
Hayron turar kunga qarab ayvonlarim,
Ko’ngil uzib bu kulbai vayronadan
Boshim olib ketsammikin Farg’onadan.

Men yig’lasam, g’animlarim kul deydilar,
Kular esam “devona ko’ngul” deydilar,
Qayga uchdi bulbul kabi sayronlarim,
Qayga qochdi ohularim, jayronlarim.
Ko’ngil uzib bu kulbai vayronadan
Boshim olib ketsammikin Farg’onadan.

Bog’dan kelsam hofizlarim tog’dan kelar,
Navo desam qarg’alar “qag’-qag’”dan kelar,
Kuydi ko’ksim otashidan zabonlarim,
Yoqamdadir, yonimdadir chayonlarim,
Ko’ngil uzib bu kulbai vayronadan
Boshim olib ketsammikin Farg’onadan.

Jon uzsam ham sendan ko’ngil uzilmaydi,
Jannatlardan farqing sira sezilmaydi,
Olam aro Maqsudadek hayrona yo’q,
Shohlarda ham kulbam kabi koshona yo’q,
Ko’nglim kabi ishqi bilan so’zona yo’q,
O’n sakkiz ming olam ichra bir donadek
Boshim olib ketolmadim Farg’onadan.

3 yanvar` 2004.
Qutlov

Toshlarning qatida o’sgan mitti gul,
Nozik yaproqlaring muborak bo’lsin.
Tiriklik tomiga ko’tarib chiqqan
Qirmiz bayroqlaring muborak bo’lsin.

Chechakjon, mittijon, yur, meni boshla,
Boraylik orolning tuzliklariga,
Bostirib kiraylik xalqini sotgan
Xoin yuraklarning muzliklariga.

Har yili tug’ilar O’zbekistonda
O’ttiz uch ming dona mitti tepalik
Tiriklik timsoli – tug’ingni tutib
Ularning boshiga yig’lab boraylik.

Chechakjon, mittijon, qani yo’l boshla,
Beton qasrlarning oralariga,
Buyuk og’asidan til so’rab turgan
O’zbekning o’zbeki bolalariga.

Chechakjon, mittijon, qutlug’ kelibsan,
Ko’zimga surtayin oyoqlaringni.
Boshimga ko’taray sening chechakjon,
Shu nozik qirmizi bayroqlaringni.

1990 yil 27 mart
Qirq yil

Qirq yildirki ostonangizda
Rayhon ekib o’ltiradirman.
Qirq yildirki, atrofingizni
Gullar bilan to’ldiradirman.

Yuzlarimning qizilligini
Xinolarga berdim ataylab.
Tushib qolsa ko’zingiz, Sizga
Qarasinlar tabassum aylab.

So’lmasin deb nihollaringiz,
Yashil yaproqlarimni berdim.
Ustun qilib koshonangizga
Tillo barmoqlarimni berdim.

Bog’ingizda ko’zlarim buloq,
Kipriklarim giyoh bo’ldilar.
Tolmachadek edi qomatim,
Endi qurib, qiyoq bo’ldilar.

Ishq ilashdi Momo Havodan,
Jannatlardan tushdim ataylab.
Qaytgin, dedi Halloqi Olam,
Borgan yering muborak aylab.

Qirq yildirki, ostonangizda
Titrab turar shikasta ko’nglim.
Ostonaga yetdiyu yo’lim,
Ko’nglingizga yetmadi qo’lim.
Rayhon

Rayhon bilan to’ldi bu kun ostonalar,
Gulxonaga bo’ylamasin begonalar.
Bir-biriga suyalishib sir aytadi
Nozli giyoh, bargi siyoh rayhonalar.

Rayhonajon, sen jannatning gulimisan?
YO begunoh farishtalar qo’limisan?
Sen ham mendek bir bedilning qulimisan?,
Nozli giyoh, bargi siyoh rayhonalar.

Siz dilimning bog’larida qulf urasiz,
Yuragimning o’rtasida o’ltirasiz.
Yerga jannat bo’ylarini keltirasiz,
Nozli giyoh, bargi siyoh rayhonalar.

Xush bo’yingiz meni qildi mastonalar,
Muqaddasdir rayhon o’sgan ostonalar,
Hidingizga to’lib ketsin Farg’onalar,
Nozli giyoh, bargi siyoh rayhonalar.
Hayot Momo so’zlari

Hayot Momo aytar silkib yengini:
Hamma topar bu dunyoda tengini.
Oqartirsa yorning yoqa-yengini
Qiz bolaga kim qo’yibdi sevgini.

Ham Xudoning ham birovning bandasi,
Qizga Vatan yorning eski jandasi.
O’zganiki bo’lar ko’z, xandasi
Qiz bolaga kim qo’yibdi sevgini.

Qiz ko’nglini o’ziga ham ochmaydi,
Iforini shamolga ham sochmaydi,
Sha’niga bir g’ubor qo’nsa, o’chmaydi,
Qiz bolaga kim qo’yibdi sevgini.

Ne qilamiz: Hayot Momo haq ekan,
Hamma avom, bitta o’zi xalq ekan,
U so’zlasa, taqdirimiz hal ekan:
“Qiz bolaga kim qo’yibdi sevgini…”
She’r yozganimda

Mendan sira o’pkalamanglar,
Men shoira bo’lmasam, mayli.
Besh-o’nta she’r yozsam yozibman,
Qalbimdagi armon tufayli.

Qarab tursam, shu badburush tol
Kecha edi qup-quruq, zarang.
Bir kechada sepibdi kimdir
Shoxlariga pistamag’iz rang.

Men shunchaki she’r yozganimda
Tushunaman barglar tilini.
Ilg’aydirman tillaqo’ng’izlar
Yaproqlarga chizgan “guli”ni.

Men shunchaki she’r yozganimda
Yuraklarim titrab turadi.
Qalbimning qontalash shu’lasi
Qog’ozning yuziga uradi.
Hofiza qizlar

Avvallar gap ko’p edi,
Gapchilar to’p-to’p edi.
Non o’rniga gap yerdik,
O’shanda ham “xo’p” derdik.

Endi qo’shiq zamoni,
Qo’shiq bosdi dunyoni.
Qo’shiqchilar kerilgan,
Bulbulga dam berilgan.

Qizlar qo’shiq kuylaydi,
Kuylaydi yo uvlaydi.
Tinglovchi bechoralar
Tinglaydi yo yig’laydi.

Oru nomus deysizmi,
Bu gaplarni qo’ying-chi.
Man-man degan yigitlar
Shu qizlarga o’yinchi.

* * *

Mayliga, oshno tutib,
Bizni hurmat qilmangiz.
“Sizda yo’q asli ko’ngil”, deb
Bizga tuhmat qilmangiz.

Asli shu ko’ngilni deb
Shunchalar bechoramiz.
Undan o’zgoni desak,
Bizga shafqat qilmangiz.

Ko’nglimiz obod erur,
Unda bor raftoringiz.
Shul mening bo’lsa gunohim,
Aslo kafforat qilmangiz.

Bag’rimiz vayronligi-
Ko’nglimizning bo’shligi,
Aytadi me’mor: “Bo’sh
Yerga imorat qilmangiz”.

Bu jahon bozorida
Jon berib, jon olinar,
Shul sabab, ko’ngil ishin
Aslo tijorat qilmangiz
Mendan kutmang nozu tabassum….

Mendan kutmang nozu tabassum,
Yarashadi menga mahzunlik.
To’rt kunini yashab qo’yibman,
Dunyo esa asli besh kunlik.

Birinchi kun rosa yayradim,
Men onamning tor qursog’ida.
Keyin unday keng joy topmadim
Shunday katta dunyo bog’ida.

Ikinchi kun yorug’ dunyoning
Chehrasiga boqa boshladim.
Hayot nahrin yoyilmasida
Bir olmadek oqa boshladim.

Uch kunimni dunyoga berdim,
To’rtinchi kun bordim kamolga.
Va dunyodan yuzimni burdim,
Oshiq bo’ldim buyuk jamolga.

Mendan kutmang nozu tabassum,
Endi unga yo’q sira asos.
Beshinchi kun –ulug’ kun qoldi,
Beshinchi kun –mahshar va qasos.
Orzu

Men fanoning ko’ylaginimas,
Hayot, seni kiygim kelyapti.
Tuproq mening vujudimnimas,
Men tuproqni suygim kelyapti.

Ekib qo’ysam yerga qalamni,
Yaproqlari yozilib ketsa.
Mayliga, she’r yozolmasam ham,
Bo’yi ko’kka cho’zilib ketsa.

Poyim uzra gulgun hayotning
Daryolari yoyilib oqsa.
Kunduzlari nurga yo’g’rilsam,
Tunlarda oy qayrilib boqsa.

Ko’zim qarosiga botirib,
Barmog’imda yozar edim she’r.
Men hayotni kiyib yursamu
Meni sira sog’inmasa yer.

Bu shunchaki orzu, ehtimol,
Bu shunchaki ko’ngil xohishi.
Orzu qilmoq bizdan va lekin
Va qolgani Xudoning ishi.

Og’ochidan uzilgan bargday
Yonib uchsam kuz osmonida.
Xuddi yurak shaklida porlab
Uchib o’tsam oyning yonidan.

Yulduzlarning kelsa havasi,
Atrofimni o’rab olsalar.
Uchib ketsam osmonni o’rtab,
Farishtalar qarab qolsalar.

O’shal og’och ostida dilxun
Meni eslab o’yga tolsangiz.
Shitirlatib xazon barglarni
She’rlarimni yodga solsa kuz.

Men qaytarman samoni tashlab,
Yulduzlarning o’tib bahridan.
Poyingizga bargdek to’kilmoq
Va sarg’armoq afzal baridan.
Yaxshiyam bu kunlar

Yaxshiyam bu kunlar o’tkinchi,
Bu kunlar o’tmasa netardik.
Bir yomon kun kelsa ketguncha,
Ehtimol ming asr kutardik.

Yaxshiyam bu kunlar o’tkinchi,
Quyoshga qaraymiz umidvor.
Kelguvchi kunlarning bag’rida,
Orzu bor , najot bor , umid bor.

Bu kunlar o’tmasa maysalar
Bahorni ming yillar kutardi.
Tuproqning ostida danaklar
Uyg’onmay million yil yotardi.

Yaxshiyam o’tkinchi bu kunlar
O’tadi yomg’irlar yog’dirib.
Silkinib chiqadi giyohlar
Hammani esidan og’dirib.

Olmalar gullaydi, olmalar.
Gul oqar jilg’ani to’ldirib.
Keladi bo’ronlar karvoni
Yeru osmon bilan bir bo’lib.

Yaxshiyam bu kunlar o’tkinchi
Oy chiqar yulduzga yondoshib
Dunyoning boshidan nur yog’ar
Kechalar kunduzga almashib.

Bir go’zal yog’dular yoprilib
To’ldirar samoyu sahroni.
O’tkinchi kunlarning naridan
Ko’ryapman yog’duli dunyoni.

Yaxshiyam bu kunlar o’tkinchi
Bu kunlar o’tsa ne ishim bor
Kelgusi kunlarning bag’rida
O’zing bor va dil xohishim bor.

045

(Tashriflar: umumiy 476, bugungi 1)

Izoh qoldiring