Abu Ali ibn Sino. “At-Tanbeh va-l-Ishorot»dan

001        Абу Али ибн Синонинг   «Ат-танбеҳ ва-л-ишорат» («Танбеҳлар ва ишоратлар») асарида тасаввуф фалсафасининг асосий масалалари қисқача бир тарзда баён этилган.

АБУ АЛИ ИБН СИНО
“АТ-ТАНБЕҲ ВА- Л- ИШОРАТ”ДАН
Абдусодиқ Ирисов таржимаси
ғ8

09Буюк даҳо Абу Али ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али ибн Сино ҳижрий 370 (милодий 980) йилда Бухоронинг Афшона, ҳозирги Исфана қишлоғида туғилган. Ибн Сино 1002 йилда Бухородан чиқиб кетади, Урганч, Обивард, Насо, Нишопур, Журжон, Рай, Исфаҳон, Ҳамадон каби шаҳарларда бўлади. У 1037 йилда (ҳижрий 428) 57 ёшида Ҳамадон шаҳрида вафот этади. Мутафаккирнинг турли фанларга оид 450 дан ортиқ илмий асарлар яратганлиги маълум. Бироқ бизгача Ибн Синонинг 242 та асари етиб келган. Шулардан 4 таси адабиётга, 5 таси мусиқага, ўндан ортиғи астрономияга оид  ва бошқа  йўналишдаги асарлардир.
Ибн Сино Шарқда «Шайхур-Раис», Ғарбда эса «Авиценна» номи билан машҳур. Унинг насрий асарлари араб тилида ёзилган. «Юсуф қиссаси» Қуръон сюжети асосида ёзилган биринчи асар бўлиб, рамзий-мажозий усулдадир. «Расолат — ат тайр» («Қуш рисоласи»), «Уйғоқ ўғли Тирик» («Ҳайй ибн Яқзон») каби асарлари ҳам рамзий-мажозий услубда, «Саломон ва Ибсол» эса ишқий-саргузашт асардир. Ибн Сино шоир сифатида достон, қасида, ғазал, рубоий, фардлар яратган.
Асарлари: «Китоб аш-шифо», «Донишнома», «Китоб ал-қонун фи-т-тиб» («Тиб қонунлари китоби», 5 китоб, 14 жилддан иборат бўлган), «Саломон ва Ибсол», «Юсуф қиссаси», «Рисолат ат-тайр» («Қуш рисоласи»), «Уйғоқ ўғли Тирик», «Тиббий уржуза», «Фаан аш-шеър» («Шеър санъати», шеър илми, юнон шеъриятининг тур ва шакллари ҳақида), «Мусиқа илмида катта тўплам» ва бошқ.

ғ8

Тўққизинчи нигоҳ. Дарвишлик даражалари ҳақида

Танбеҳ (яъни Огоҳ этиш, билдириш. ХДК изоҳи). Дарвишлар бу ҳаётий дунёда турли мақомларда ва даражаларда бўладилар. Уларнинг руҳи гўё ўз баданларининг қафасидан қутилиб (тухум пўчоғини ёриб чиққандай) илоҳий олам сари парвоз қиладилар. Уларнинг қалбида ботиний ҳислар ва хислатлар бор бўлиб, у хислатларни тушунмаганлар (уларга) қарамайдилар, тушунганлар эса таҳсин айтадилар. Биз ҳозир шу ҳақда ҳикоя қиламиз.

Агар сен мусаффо қалбларга роҳат бағишловчи “Саламон ва Ибсол”  қиссасини эшитиш бахтига мушарраф бўлсанг, билгилки, Саламон – сенинг бир ўхшашинг ва Ибсол сен тасаввуф тариқатида эришадиган юксак даражангдир. Агар сен дарвишлар аҳлидан бўлсанг, бу мажоз, масалнинг маъноларини тушуна оласан.

Танбеҳ. Бу дунё роҳатларидан воз кеча олган инсон — зоҳид, ибодатда намозни, рўзани ва бошқа фарзларни тугал адо қилувчи инсон — обид; Аллоҳнинг қудрат қудсияти ҳақида тафаккур денгизига ғаввос каби мустағрақ ва ҳақиқат сир-асрорининг анворига мунаввар бўлган инсон орифдир. Гоҳо бу сифатлар бир инсонда  бирлашган бўлиши мумкин.

Танбеҳ. Суфийликдан хабарсиз одамнинг зоҳидлиги риёдир. Бундай одам гўё бу дунё роҳатларини охиратдаги роҳат ва лаззатларга алмаштиришни ўйлаган кимсадир. Чин суфий эса пок ният билан, дини-иймонини, хаёли ва тасаввурларини кучайтириш мақсадида тинимсиз машаққатлар, риёзатлар чекади, ёлғондан, ужб-манманликдан, кибру ҳаводан қутилишга ҳаракат қилади, Ҳаққа, ҳақиқатга (инсоф-адолатга) интилади, шу риёзатлар самараси ўлароқ, унинг пок ниятлари, фикру зикри ҳақиқат нури билан ёришади, аммо бу нур мазҳади унинг кўзини қамаштирмайди. Унинг қалбида ҳақиқат асрори (сирлари) нур ёғдулари билан ёришади ва бу ҳол унга одат, малака бўлиб қолади. Ҳар гал у бирор сирли, маҳжуб (пардаланган) муаммони кашф этмоқчи бўлса, ўша муаммога ҳақиқат нурини йўналтиради. Бунда у айтарли куч-қувват cарфламайди, балки нур манбаидан фойдаланади. Шу тариқа у комилликка, илоҳий валоятға эришади, валийуллоҳларга қаторига киради.

Ишорат (Ишқ манбаи ҳақидаги билимни сўзлар билан эмас, бошқа усулда англатмоқ.) . Инсон бир ўзи ёлғиз яшай олмайди, унинг ўзи каби инсонларга муҳтожлиги бор (иши тушади), чунки одамлар ўзаро ёрдамлашадилар, фикр алмашадилар, шу йўл билан бирор мушкул, оғир юмушни бажаришда бир-бирига ёрдам берадилар. Мушкул ишни бир одамнинг ўзи ҳал этишга қийналади, бунга бир ўзининг куч-қуввати ҳам етмайди. Шу сабабли одамлар ўртасида дўстона, яқин муносабатлар ўрнатилади. Бу муносабатлар адолатли, ҳаққоний бўлиши учун одамлар Ҳақ таолога амри маъруф қилган, заррача шак-шубҳа уйғотмайдиган қонунга амал қилишлари зарур. Ҳар замонда ва ҳар маконда мавжуд Вожиб таоло ҳар бир ҳалол, пок инсонга ва ҳар бир тубан, золим одамга, албатта, муносиб ажрини, жазо-мукофотини беради. Шундай экан, ҳар бир инсон жазо-мукофот Берувчини ва қонун, шариат аҳкомлари (ҳукмлари)ни ўрнатувчи Пайғамбарни яхши таниши керак. Ҳақ таолонинг амрини ва Пайғамбарнинг айтганлари (амри маъруф ва нахий-мункар)ни яхши билиш энг яхши билимдир. Барча яхшиликлар, эзгуликлрнинг сабаби – мана шу билим туфайлидир. Бу билимни қўлга киритганлар Аллоҳнинг амp-фармонларини унутмаслик учун ҳар бир инсон кунига бир неча марта (мусулмонларда — беш марта) Тангрига ибодат қилиши бу амр-фармонларни то абад ёдда сақлаш унутмаслик учундир. Шу тариқа абадий, шаксиз адолат тамойили бутун инсониятга (бани одамга) маълум ва маъруф қилинди. Умр бўйи мана шу адолатли қонунга амал қилувчиларга бу ҳаётий дунёда берилажак жуда кўп ноз-неъматлардан ташқари нариги дунё — охиратда сон-саноқсиз ажр- мукофотлар ато қилингай. Пок ниятларига, Ҳақ таолонинг барча амр-фармонларига амал қилувчи дарвишларга, суфийларга ҳам нимани тилаган бўлсалар, барчаси муҳайё қилинур.

Ҳақ таолонинг дониш ҳикматини кўрсанг, унинг марҳамати, меҳру мурувватини билсанг, ҳайратлар ёғдусига мустағриқ бўлгайсан. Шундай экан, Раббингни эъзозла ва Ҳақ йўлиға ўзингни созла!

Ишорат. Ориф Олий Ҳақиқатни тушунишга, Ҳаққа етишга интилади ва бунинг эвазига ҳеч нарса талаб қилмайди. Ва уни Ҳақиқатдан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди. У фақат Унга, ибодат қилишга энг муносиб Зотга сажда қиладилар, яъни суфий бошқа бирор инсон зотига сажда қилмайдилар. У Ҳаққа кўнглини ёзиш учун эмас, қўрққани учун эмас, фақат Ул Зот саждага муносиб бўлгани сабабли сажда қилади. У Ҳақ (адолатига) ташна, фақат Ундангина хавфсирайди ва фақат Ундан умид қилади. У олий мақсадга интилар экан, бу мақсад уни Олий Зотга яқин қилишини билади.

Ишорат. Кимдир ҳақиқатни бошқа бирор мақсадга етиш учун восита қилса, у ожиз ва тубандир, чунки у ҳақиқат барча неъматлардан азизроқ, барча роҳатлардан лазизроқ эканлигини билмайди. Бундай одам чин суфийнинг олдида бир гўдакка ўхшайди. Чунки ёши улуғлар болаларнинг арзимас ўйинларига ва ўйинчоқларига хурсанд бўлишини кўриб куладилар ҳамда уларга эътибор қилмай, жиддий ишлари билан шуғулланадилар. Ҳақ-ҳақиқатнинг юксак қадр-қимматини билмаган одамлар турли сохта лаззат, бойликларга бериладилар, ақли кирганида эса ўша нарсалардан нафратланиб, юз ўгирадилар. Чунки энди улар бу роҳатлардан минг чандон буюк неъматлар борлигини тушуниб қоладилар. Аммо бу одамларнинг асосий мақсади (Ҳаққа етишув эмас), бу дунёдаги неъматлар ва роҳатлардан яхшироқ неъматлар ва ширинроқ лазатлардан баҳраманд бўлишдир. Яхшилаб қаралса, бундай одамлар бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам нафсини ва эҳтиросини қондиришни (овқат ва шаҳватни) ўйлайдилар…

Фақат машаққатлар, риёзатлар, илоҳий кароматлар йўли билан борувчи инсонларгина ҳақиқий роҳат деб Ҳақ таолонинг ҳикматларини билдирганига шукргузорлик билан яшайдилар. Доноликка фақат ўз меҳнатлари ва Ҳақ таолонинг марҳамати билан етишганлари сабабли булар муносиб ажр-мукофотлар олғайлар.
07

Ишорат. Тасаввуф тариқатининг биринчи босқичи, поғонасини орифлар талаб, толиблик дейдилар. Бу поғонада эришиладиган Ҳақиқат сабр ва шукр фазилати бўлиб, булар ёрдамида мурид (толиб) ёки солик ҳотиржамликни ва иймонга содиқликни қўлга киритади. Бу муқаддас йўлда у шодлик ва ҳаловат топади. Бу поғонадаги одам мурид (ёки толиб) деб аталади.

Ишорат. Бу поғонада толиб, мурид яна риёзат, қийинчиликларга чидаб, уч мақсадни кўзлайди: 1. Ҳақиқатга алоқаси бўлмаган барча ақидалардан воз кечиш. 2. Осий (исёнкор) руҳини хотиржам руҳга айлантириш. Чунки хотиржамликда фикрлаш, тафаккур қуввати зиёда, хаёл муносиб, савобли ишлар билан машғул бўлади ва тубан, гуноҳ ишлардан узоқлашади. 3. Муқаддас сирни англаш, мукошафат бошланади.

Бу уч мақсаддан биринчисида толиб чин зоҳидликка эришади. Иккинчи мақсад бир неча қисмдан иборат: мурид  фикру хаёли фақат Аллоҳ зикри билан машғул (бунда махсус вирд-дуолар вазифа қилиб олинади — тарж.). Кўнгилда фақат муқаддас куй, оҳанг жо бўлади. Таъсирли, нозик иборалар билан ваъз айтишга тайёрланиш. Учинчи мақсад — фикр нозиклиги, зарифлиги, муҳаббат шайдолиги, шаҳвоний истак билан эмас, балки кўнгил билан ёр жамолини ўйлаш.

Ишорат. Солик ўз риёзатларида маълум чегарага етганида унинг руҳи тўлиқ хотиржамликка эришади, бу унга одатий ҳол бўлиб қолади. Қалби йўлчи юлдуз — иймон нури билан ёришади. Иймон, эътиқоди қувватланиб, бундан ҳузурланади. Агар солик риёзатларни тўхтатиб қўйса, иймони зарар кўради ва бундан афсусланади.

Ишорат. Эҳтимол, мана шу чегарага етганида соликнинг кутган кашфиёти юз беради. У олий ҳақиқатга қанчалик яқинлашса, ўз менидан, ўзлигидан шунча узоқлашади. У ўзи йўқ жойда ҳозир бўлади, ўтирган жойида юксакларга интилади.

Ишорат. Солик бу даражага яқинлашганида илмлари гоҳида унинг ақлини ёритиб, нурлантиради, кейинчалик аста-секин у ўзи истаган вақтида ақлини нурлантира олади.

Ишорат. Солик шу даражага етганида ҳам тўхтаб қолмайди, у мақсад йўлида давом этади. У бирор нарсаларга (ёки одамга, воқеа, ҳодисага) қараганида бошқа кўра олмаган аломатларни кўради, гарчи бу аломатларни у ҳам тушуниб етмаган бўлса ҳам. Яъни у аста-секин ёлғонлар оламидан ҳақиқат оламига ўта бошлайди, гарчи атрофида билимсиз, маърифатсиз, жоҳил одамлар бўлса ҳам.

Ишорат. Солик ўз риёзатлари билан излаётган даражага етганида у (унинг кўнгли) моҳиятан кўзгуга айланади, бу ҳақиқат олдига қўйилган кўзгуга ўхшайди. Бу кўзгуда (кўнгил кўзгусида) ҳақиқатни кўраётганидан беҳад севинади, завқ-шавқ олади. У бир ҳақиқатга, бир кўзгуга қарайди.

Ишорат. Сўнг фақат илоҳий ҳақиқатга қарайдиган, ўз “мени”ни эсламайдиган бўлади. Гарчи у ўз кўнглига қараса ҳам у ерда ҳақиқатни кўради. Мана шу ҳолда у Ҳаққа етишган бўлади.

Ишорат. Соликнинг ўз кўнглини чиркинликлардан тозалаши, Ҳақ йўлга кириши – фаолият жараёнидир. Ўз кўнглининг айтганларини қилиш ожизликдир. (Вужудий) роҳат-фароғатга берилиш хато, янглишув бўлиб, Ҳаққа, ҳақиқатга чексиз садоқат билангина нажот топиши мумкин.

Ишорат. Илоҳий, ғайбий билимларга етишиш учун инсон (ўз менидан) узоқлашуви, (ёмонликлардан) воз кечиши ва (кибру ҳаво, шон-шуҳратни) рад этиш керак. Шундан сўнг у ҳақиқатнинг сифатлари бўлган барча сифатларни билишга чуқур шўнғиши зарур. Ғайбий билимларнинг сўнгги поғонаси, даражаси Ҳаққу ҳақиқат билан бирлашиб (унда йўқолиш), фано бўлишдир.

Ишорат. Ғайбий билимларни (илми ғайбни) ўрганишдан мақсад фақат уларни билиш бўлса, бу – риё, мунофиқликдир. Агар орифнинг мақсади ғайбий билимларни ўрганиш эмас, балки маъруф билимларни (табиатшунослик, физика, химия, математикани) ўрганиш бўлса, бундай одам Ҳақ билан бирлашув денгизида қолмайдиган фақат уни сузиб ўтадиган (ва мусобақада ғолиб чиқадиган) одамга ўхшайди (Яъни, бу одам томчининг денгизга қўшилиб, денгизга айланишини ўйламайди – тарж.).

Биз юқорида мухтасар баён қилган тариқат мақомлари, даражаларидан бошқа яна муҳим мақомлар борки, уларни сўз билан тушунтириш мумкин эмас. У мақомларга фақат теран тафаккур қилиш билан етишиш мумкин. У мақомларга сўзлаш ва эшитиш билан эмас, балки ўйлаш, мушоҳада қилиш (ҳаётни кузатиш) билан эришиш мумкин.

Танбеҳ. Орифлар камтарин, очиқ чеҳрали, хайрихоҳ (барчага яхшилик тиловчи), кулиб турувчи, каттани ҳам, кичикни ҳам, машҳурни ҳам, нотанишни ҳам бирдай ҳурматловчи инсондир. У ҳақиқатга етишганига севинади. У ҳаммага бир хил муомала қилишининг сабаби Унинг олдида барча тенглигидир. Баъзи одамлар тирикчилик учун ўзини ўтга-чўққа ураётган бўлса-да, суфий барчасига меҳру шафқат, раҳмдиллик билан қарайди.

Танбеҳ. Ориф – тафаккурга шўнғиган вақтида бировларнинг шивирлаб гапириши ҳам унга ёқмайди, у Ҳақиқатга шўнғиган вақтида ҳалақит берувчиларни яхши кўрмайди. Чунки руҳи Ҳақиқатга етиб, унга қўшилиши олдидан сирлар пардаси очилади ва унга асл Ҳақиқат кўринади. Аммо унинг руҳи Ҳаққа етишгач, яна аввалгидай, ҳаётий дунё ташвишларини кўриб яшаса ҳам, энди бу дунё ташвишлари унга аҳамиятсиз кўринади. Шу сабабли у Ҳаққа етишганидан севиниб яшайди, ўзини Аллоҳнинг назари тушган бандаси эканлигини ҳақиқий бахт-саодат, деб билади.

Танбеҳ. Ориф турли ғийбатлар ва мишмишларга парво қилмайди, У тубан, жирканч одамни кўрса, ундан нафратланмайди, балки унга ачинади, чунки у Аллоҳнинг қадар (қисмат), тақдир ҳақидаги сир-асрорни билади. У хайр-эҳсон қилса, бирор мақсад, ғараз билан қилмайди, бировларга танбеҳ-насиҳат қилса ҳам қўполлик билан дилини оғритмайди. У ҳатто номуносиб одамларга ҳам буюк яхшилик қила олади.

Танбеҳ. Ориф жасур одамдир, чунки у ўлимдан қўрқмайди. У фозил (фазилатли)дир, чунки у ўткинчи мол-дунёга ҳирс қўймаган. У бошқалардан озор топса, интиқом олишни ўйламайди, тез унутиб юборади. Унинг руҳи шу қадар қувватлики, анча-мунча гапларга, бировларнинг ёмонлигига парво қилмайди. Унинг кўнгли бундай нарсалардан юксакдир. Чунки унинг ақл-идроки, фикру зикри Ҳақ билан машғулдир.

Танбеҳ. Орифлар ҳам бошқа одамлар каби феъл-атворига кўра турлича бўладилар. Уларнинг ақлий қобилиятлари, воқеа-ҳодисаларга қараши ҳам турлича бўлиши мумкин. Баъзи ҳодисалар бадавлат орифга бошқача, фақир орифга бошқача кўриниши мумкин. Баъзи ишлар фақат фақир орифга ёқади (масалан, бирор мажнун, жинни одамнинг қилиғи – тарж.). Лекин барча орифлар учун бировларнинг мақтови ёки ҳақорати аҳамиятсиздир. Баъзи орифлар (ростгўй одамнинг) ҳақоратини ёқтиради, чунки унинг учун Ҳақ ва ҳақиқатдан бошқаси муҳим эмасдир. Баъзи орифлар гўзалликни севади, чиройли буюмларни ёқтиради, бу ноз-неъматларни унга Тангри ато қилганини ўйлайди. Баъзи орифларга бир нарса аввал яхши, кейин ёмон кўриниши ҳам мумкин.

Танбеҳ. Агар ориф ўзининг нима учун мавжудлигини, бурчлари, вазифаларини унутиб қўйса, у бошқа беғам, бепарво одамларга ўхшаб қолади. Чунки унга бошқа одамларга берилганидан кўпроқ бурчлар, вазифалар юкланганини билади. Шу сабабли бу вазифа ва бурчларни унутиш катта гуноҳ ҳисобланади.

Ишорат. Олий ҳақиқат шу қадар буюк, улуғворки, тариқатга кирганларнинг ҳаммаси ҳам унга етишолмайдилар. Шу сабабли тасаввуф илми йўлдаги машаққатлар, риёзатларни тортиш жоҳил, илмсиз одамларга кулгули кўринади. Агар кимдир Ҳақиқатга, Ҳаққа етишувнинг моҳияти ҳақида илм олсаю, лекин бундан юз ўгирса, у (менинг кўнглим Ҳаққа етишишга номуносиб деб) ўз кўнглига туҳмат қилган бўлади. Ҳар ким нима учун туғилган бўлса, ўша иш билан шуғулланиши зарур.

kover_uzbek3B.jpgABU ALI IBN SINO
“AT-TANBEH VA- L- ISHORAT”DAN
Abdusodiq Irisov tarjimasi
g'8

09Buyuk daho Abu Ali al-Husayn ibn Abdulloh ibn al-Hasan ibn Ali ibn Sino hijriy 370 (milodiy 980) yilda Buxoroning Afshona, hozirgi Isfana qishlog’ida tug’ilgan. Ibn Sino 1002 yilda Buxorodan chiqib ketadi, Urganch, Obivard, Naso, Nishopur, Jurjon, Ray, Isfahon, Hamadon kabi shaharlarda bo’ladi. U 1037 yilda (hijriy 428) 57 yoshida Hamadon shahrida vafot etadi. Mutafakkirning turli fanlarga oid 450 dan ortiq ilmiy asarlar yaratganligi ma’lum. Biroq bizgacha Ibn Sinoning 242 ta asari yetib kelgan. Shulardan 4 tasi adabiyotga, 5 tasi musiqaga, o’ndan ortig’i astronomiyaga oid va boshqa yo’nalishdagi asarlardir.
Ibn Sino Sharqda «Shayxur-Rais», G’arbda esa «Avitsenna» nomi bilan mashhur. Uning nasriy asarlari arab tilida yozilgan. «Yusuf qissasi» Qur’on syujeti asosida yozilgan birinchi asar bo’lib, ramziy-majoziy usuldadir. «Rasolat — at tayr» («Qush risolasi»), «Uyg’oq o’g’li Tirik» («Hayy ibn Yaqzon») kabi asarlari ham ramziy-majoziy uslubda, «Salomon va Ibsol» esa ishqiy-sarguzasht asardir. Ibn Sino shoir sifatida doston, qasida, g’azal, ruboiy, fardlar yaratgan.
Asarlari: «Kitob ash-shifo», «Donishnoma», «Kitob al-qonun fi-t-tib» («Tib qonunlari kitobi», 5 kitob, 14 jilddan iborat bo’lgan), «Salomon va Ibsol», «Yusuf qissasi», «Risolat at-tayr» («Qush risolasi»), «Uyg’oq o’g’li Tirik», «Tibbiy urjuza», «Faan ash-she’r» («She’r san’ati», she’r ilmi, yunon she’riyatining tur va shakllari haqida), «Musiqa ilmida katta to’plam» va boshq.

g'8

To’qqizinchi nigoh. Darvishlik darajalari haqida

Tanbeh (ya’ni Ogoh etish, bildirish. XDK izohi). Darvishlar bu hayotiy dunyoda turli maqomlarda va darajalarda bo’ladilar. Ularning ruhi go’yo o’z badanlarining qafasidan qutilib (tuxum po’chog’ini yorib chiqqanday) ilohiy olam sari parvoz qiladilar. Ularning qalbida botiniy hislar va xislatlar bor bo’lib, u xislatlarni tushunmaganlar (ularga) qaramaydilar, tushunganlar esa tahsin aytadilar. Biz hozir shu haqda hikoya qilamiz.

Agar sen musaffo qalblarga rohat bag’ishlovchi “Salamon va Ibsol” qissasini eshitish baxtiga musharraf bo’lsang, bilgilki, Salamon – sening bir o’xshashing va Ibsol sen tasavvuf tariqatida erishadigan yuksak darajangdir. Agar sen darvishlar ahlidan bo’lsang, bu majoz, masalning ma’nolarini tushuna olasan.

Tanbeh. Bu dunyo rohatlaridan voz kecha olgan inson — zohid, ibodatda namozni, ro’zani va boshqa farzlarni tugal ado qiluvchi inson — obid; Allohning qudrat qudsiyati haqida tafakkur dengiziga g’avvos kabi mustag’raq va haqiqat sir-asrorining anvoriga munavvar bo’lgan inson orifdir. Goho bu sifatlar bir insonda birlashgan bo’lishi mumkin.

Tanbeh. Sufiylikdan xabarsiz odamning zohidligi riyodir. Bunday odam go’yo bu dunyo rohatlarini oxiratdagi rohat va lazzatlarga almashtirishni o’ylagan kimsadir. Chin sufiy esa pok niyat bilan, dini-iymonini, xayoli va tasavvurlarini kuchaytirish maqsadida tinimsiz mashaqqatlar, riyozatlar chekadi, yolg’ondan, ujb-manmanlikdan, kibru havodan qutilishga harakat qiladi, Haqqa, haqiqatga (insof-adolatga) intiladi, shu riyozatlar samarasi o’laroq, uning pok niyatlari, fikru zikri haqiqat nuri bilan yorishadi, ammo bu nur mazhadi uning ko’zini qamashtirmaydi. Uning qalbida haqiqat asrori (sirlari) nur yog’dulari bilan yorishadi va bu hol unga odat, malaka bo’lib qoladi. Har gal u biror sirli, mahjub (pardalangan) muammoni kashf etmoqchi bo’lsa, o’sha muammoga haqiqat nurini yo’naltiradi. Bunda u aytarli kuch-quvvat carflamaydi, balki nur manbaidan foydalanadi. Shu tariqa u komillikka, ilohiy valoyatg’a erishadi, valiyullohlarga qatoriga kiradi.

Ishorat (Ishq manbai haqidagi bilimni so’zlar bilan emas, boshqa usulda anglatmoq.) . Inson bir o’zi yolg’iz yashay olmaydi, uning o’zi kabi insonlarga muhtojligi bor (ishi tushadi), chunki odamlar o’zaro yordamlashadilar, fikr almashadilar, shu yo’l bilan biror mushkul, og’ir yumushni bajarishda bir-biriga yordam beradilar. Mushkul ishni bir odamning o’zi hal etishga qiynaladi, bunga bir o’zining kuch-quvvati ham yetmaydi. Shu sababli odamlar o’rtasida do’stona, yaqin munosabatlar o’rnatiladi. Bu munosabatlar adolatli, haqqoniy bo’lishi uchun odamlar Haq taologa amri ma’ruf qilgan, zarracha shak-shubha uyg’otmaydigan qonunga amal qilishlari zarur. Har zamonda va har makonda mavjud Vojib taolo har bir halol, pok insonga va har bir tuban, zolim odamga, albatta, munosib ajrini, jazo-mukofotini beradi. Shunday ekan, har bir inson jazo-mukofot Beruvchini va qonun, shariat ahkomlari (hukmlari)ni o’rnatuvchi Payg’ambarni yaxshi tanishi kerak. Haq taoloning amrini va Payg’ambarning aytganlari (amri ma’ruf va naxiy-munkar)ni yaxshi bilish eng yaxshi bilimdir. Barcha yaxshiliklar, ezguliklrning sababi – mana shu bilim tufaylidir. Bu bilimni qo’lga kiritganlar Allohning amp-farmonlarini unutmaslik uchun har bir inson kuniga bir necha marta (musulmonlarda — besh marta) Tangriga ibodat qilishi bu amr-farmonlarni to abad yodda saqlash unutmaslik uchundir. Shu tariqa abadiy, shaksiz adolat tamoyili butun insoniyatga (bani odamga) ma’lum va ma’ruf qilindi. Umr bo’yi mana shu adolatli qonunga amal qiluvchilarga bu hayotiy dunyoda berilajak juda ko’p noz-ne’matlardan tashqari narigi dunyo — oxiratda son-sanoqsiz ajr- mukofotlar ato qilingay. Pok niyatlariga, Haq taoloning barcha amr-farmonlariga amal qiluvchi darvishlarga, sufiylarga ham nimani tilagan bo’lsalar, barchasi muhayyo qilinur.

Haq taoloning donish hikmatini ko’rsang, uning marhamati, mehru muruvvatini bilsang, hayratlar yog’dusiga mustag’riq bo’lgaysan. Shunday ekan, Rabbingni e’zozla va Haq yo’lig’a o’zingni sozla!

Ishorat. Orif Oliy Haqiqatni tushunishga, Haqqa yetishga intiladi va buning evaziga hech narsa talab qilmaydi. Va uni Haqiqatdan boshqa hech narsa qiziqtirmaydi. U faqat Unga, ibodat qilishga eng munosib Zotga sajda qiladilar, ya’ni sufiy boshqa biror inson zotiga sajda qilmaydilar. U Haqqa ko’nglini yozish uchun emas, qo’rqqani uchun emas, faqat Ul Zot sajdaga munosib bo’lgani sababli sajda qiladi. U Haq (adolatiga) tashna, faqat Undangina xavfsiraydi va faqat Undan umid qiladi. U oliy maqsadga intilar ekan, bu maqsad uni Oliy Zotga yaqin qilishini biladi.

Ishorat. Kimdir haqiqatni boshqa biror maqsadga yetish uchun vosita qilsa, u ojiz va tubandir, chunki u haqiqat barcha ne’matlardan azizroq, barcha rohatlardan lazizroq ekanligini bilmaydi. Bunday odam chin sufiyning oldida bir go’dakka o’xshaydi. Chunki yoshi ulug’lar bolalarning arzimas o’yinlariga va o’yinchoqlariga xursand bo’lishini ko’rib kuladilar hamda ularga e’tibor qilmay, jiddiy ishlari bilan shug’ullanadilar. Haq-haqiqatning yuksak qadr-qimmatini bilmagan odamlar turli soxta lazzat, boyliklarga beriladilar, aqli kirganida esa o’sha narsalardan nafratlanib, yuz o’giradilar. Chunki endi ular bu rohatlardan ming chandon buyuk ne’matlar borligini tushunib qoladilar. Ammo bu odamlarning asosiy maqsadi (Haqqa yetishuv emas), bu dunyodagi ne’matlar va rohatlardan yaxshiroq ne’matlar va shirinroq lazatlardan bahramand bo’lishdir. Yaxshilab qaralsa, bunday odamlar bu dunyoda ham, u dunyoda ham nafsini va ehtirosini qondirishni (ovqat va shahvatni) o’ylaydilar…

Faqat mashaqqatlar, riyozatlar, ilohiy karomatlar yo’li bilan boruvchi insonlargina haqiqiy rohat deb Haq taoloning hikmatlarini bildirganiga shukrguzorlik bilan yashaydilar. Donolikka faqat o’z mehnatlari va Haq taoloning marhamati bilan yetishganlari sababli bular munosib ajr-mukofotlar olg’aylar.
07

Ishorat. Tasavvuf tariqatining birinchi bosqichi, pog’onasini oriflar talab, toliblik deydilar. Bu pog’onada erishiladigan Haqiqat sabr va shukr fazilati bo’lib, bular yordamida murid (tolib) yoki solik hotirjamlikni va iymonga sodiqlikni qo’lga kiritadi. Bu muqaddas yo’lda u shodlik va halovat topadi. Bu pog’onadagi odam murid (yoki tolib) deb ataladi.

Ishorat. Bu pog’onada tolib, murid yana riyozat, qiyinchiliklarga chidab, uch maqsadni ko’zlaydi: 1. Haqiqatga aloqasi bo’lmagan barcha aqidalardan voz kechish. 2. Osiy (isyonkor) ruhini xotirjam ruhga aylantirish. Chunki xotirjamlikda fikrlash, tafakkur quvvati ziyoda, xayol munosib, savobli ishlar bilan mashg’ul bo’ladi va tuban, gunoh ishlardan uzoqlashadi. 3. Muqaddas sirni anglash, mukoshafat boshlanadi.

Bu uch maqsaddan birinchisida tolib chin zohidlikka erishadi. Ikkinchi maqsad bir necha qismdan iborat: murid fikru xayoli faqat Alloh zikri bilan mashg’ul (bunda maxsus vird-duolar vazifa qilib olinadi — tarj.). Ko’ngilda faqat muqaddas kuy, ohang jo bo’ladi. Ta’sirli, nozik iboralar bilan va’z aytishga tayyorlanish. Uchinchi maqsad — fikr nozikligi, zarifligi, muhabbat shaydoligi, shahvoniy istak bilan emas, balki ko’ngil bilan yor jamolini o’ylash.

Ishorat. Solik o’z riyozatlarida ma’lum chegaraga yetganida uning ruhi to’liq xotirjamlikka erishadi, bu unga odatiy hol bo’lib qoladi. Qalbi yo’lchi yulduz — iymon nuri bilan yorishadi. Iymon, e’tiqodi quvvatlanib, bundan huzurlanadi. Agar solik riyozatlarni to’xtatib qo’ysa, iymoni zarar ko’radi va bundan afsuslanadi.

Ishorat. Ehtimol, mana shu chegaraga yetganida solikning kutgan kashfiyoti yuz beradi. U oliy haqiqatga qanchalik yaqinlashsa, o’z menidan, o’zligidan shuncha uzoqlashadi. U o’zi yo’q joyda hozir bo’ladi, o’tirgan joyida yuksaklarga intiladi.

Ishorat. Solik bu darajaga yaqinlashganida ilmlari gohida uning aqlini yoritib, nurlantiradi, keyinchalik asta-sekin u o’zi istagan vaqtida aqlini nurlantira oladi.

Ishorat. Solik shu darajaga yetganida ham to’xtab qolmaydi, u maqsad yo’lida davom etadi. U biror narsalarga (yoki odamga, voqea, hodisaga) qaraganida boshqa ko’ra olmagan alomatlarni ko’radi, garchi bu alomatlarni u ham tushunib yetmagan bo’lsa ham. Ya’ni u asta-sekin yolg’onlar olamidan haqiqat olamiga o’ta boshlaydi, garchi atrofida bilimsiz, ma’rifatsiz, johil odamlar bo’lsa ham.

Ishorat. Solik o’z riyozatlari bilan izlayotgan darajaga yetganida u (uning ko’ngli) mohiyatan ko’zguga aylanadi, bu haqiqat oldiga qo’yilgan ko’zguga o’xshaydi. Bu ko’zguda (ko’ngil ko’zgusida) haqiqatni ko’rayotganidan behad sevinadi, zavq-shavq oladi. U bir haqiqatga, bir ko’zguga qaraydi.

Ishorat. So’ng faqat ilohiy haqiqatga qaraydigan, o’z “meni”ni eslamaydigan bo’ladi. Garchi u o’z ko’ngliga qarasa ham u yerda haqiqatni ko’radi. Mana shu holda u Haqqa yetishgan
bo’ladi.

Ishorat. Solikning o’z ko’nglini chirkinliklardan tozalashi, Haq yo’lga kirishi – faoliyat jarayonidir. O’z ko’nglining aytganlarini qilish ojizlikdir. (Vujudiy) rohat-farog’atga berilish xato, yanglishuv bo’lib, Haqqa, haqiqatga cheksiz sadoqat bilangina najot topishi mumkin.

Ishorat. Ilohiy, g’aybiy bilimlarga yetishish uchun inson (o’z menidan) uzoqlashuvi, (yomonliklardan) voz kechishi va (kibru havo, shon-shuhratni) rad etish kerak. Shundan so’ng u
haqiqatning sifatlari bo’lgan barcha sifatlarni bilishga chuqur sho’ng’ishi zarur. G’aybiy bilimlarning so’nggi pog’onasi, darajasi Haqqu haqiqat bilan birlashib (unda yo’qolish), fano bo’lishdir.

Ishorat. G’aybiy bilimlarni (ilmi g’aybni) o’rganishdan maqsad faqat ularni bilish bo’lsa, bu – riyo, munofiqlikdir. Agar orifning maqsadi g’aybiy bilimlarni o’rganish emas, balki ma’ruf bilimlarni (tabiatshunoslik, fizika, ximiya, matematikani) o’rganish bo’lsa, bunday odam Haq bilan birlashuv dengizida qolmaydigan faqat uni suzib o’tadigan (va musobaqada g’olib chiqadigan) odamga o’xshaydi (Ya’ni, bu odam tomchining dengizga qo’shilib, dengizga aylanishini o’ylamaydi – tarj.).

Biz yuqorida muxtasar bayon qilgan tariqat maqomlari, darajalaridan boshqa yana muhim maqomlar borki, ularni so’z bilan tushuntirish mumkin emas. U maqomlarga faqat teran tafakkur qilish bilan yetishish mumkin. U maqomlarga so’zlash va eshitish bilan emas, balki o’ylash, mushohada qilish (hayotni kuzatish) bilan erishish mumkin.

Tanbeh. Oriflar kamtarin, ochiq chehrali, xayrixoh (barchaga yaxshilik tilovchi), kulib turuvchi, kattani ham, kichikni ham, mashhurni ham, notanishni ham birday hurmatlovchi insondir. U haqiqatga yetishganiga sevinadi. U hammaga bir xil muomala qilishining sababi Uning oldida barcha tengligidir. Ba’zi odamlar tirikchilik uchun o’zini o’tga-cho’qqa urayotgan bo’lsa-da, sufiy barchasiga mehru shafqat, rahmdillik bilan qaraydi.

Tanbeh. Orif – tafakkurga sho’ng’igan vaqtida birovlarning shivirlab gapirishi ham unga yoqmaydi, u Haqiqatga sho’ng’igan vaqtida halaqit beruvchilarni yaxshi ko’rmaydi. Chunki ruhi Haqiqatga yetib, unga qo’shilishi oldidan sirlar pardasi ochiladi va unga asl Haqiqat ko’rinadi. Ammo uning ruhi Haqqa yetishgach, yana avvalgiday, hayotiy dunyo tashvishlarini ko’rib yashasa ham, endi bu dunyo tashvishlari unga ahamiyatsiz ko’rinadi. Shu sababli u Haqqa yetishganidan sevinib yashaydi, o’zini Allohning nazari tushgan bandasi ekanligini haqiqiy baxt-saodat, deb biladi.

Tanbeh. Orif turli g’iybatlar va mishmishlarga parvo qilmaydi, U tuban, jirkanch odamni ko’rsa, undan nafratlanmaydi, balki unga achinadi, chunki u Allohning qadar (qismat), taqdir haqidagi sir-asrorni biladi. U xayr-ehson qilsa, biror maqsad, g’araz bilan qilmaydi, birovlarga tanbeh-nasihat qilsa ham qo’pollik bilan dilini og’ritmaydi. U hatto nomunosib odamlarga ham buyuk yaxshilik qila oladi.

Tanbeh. Orif jasur odamdir, chunki u o’limdan qo’rqmaydi. U fozil (fazilatli)dir, chunki u o’tkinchi mol-dunyoga hirs qo’ymagan. U boshqalardan ozor topsa, intiqom olishni o’ylamaydi, tez unutib yuboradi. Uning ruhi shu qadar quvvatliki, ancha-muncha gaplarga, birovlarning yomonligiga parvo qilmaydi. Uning ko’ngli bunday narsalardan yuksakdir. Chunki uning aql-idroki, fikru zikri Haq bilan mashg’uldir.

Tanbeh. Oriflar ham boshqa odamlar kabi fe’l-atvoriga ko’ra turlicha bo’ladilar. Ularning aqliy qobiliyatlari, voqea-hodisalarga qarashi ham turlicha bo’lishi mumkin. Ba’zi hodisalar badavlat orifga boshqacha, faqir orifga boshqacha ko’rinishi mumkin. Ba’zi ishlar faqat faqir orifga yoqadi (masalan, biror majnun, jinni odamning qilig’i – tarj.). Lekin barcha oriflar uchun birovlarning maqtovi yoki haqorati ahamiyatsizdir. Ba’zi oriflar (rostgo’y odamning) haqoratini yoqtiradi, chunki uning uchun Haq va haqiqatdan boshqasi muhim emasdir. Ba’zi oriflar go’zallikni sevadi, chiroyli buyumlarni yoqtiradi, bu noz-ne’matlarni unga Tangri ato qilganini o’ylaydi. Ba’zi oriflarga bir narsa avval yaxshi, keyin yomon ko’rinishi ham mumkin.

Tanbeh. Agar orif o’zining nima uchun mavjudligini, burchlari, vazifalarini unutib qo’ysa, u boshqa beg’am, beparvo odamlarga o’xshab qoladi. Chunki unga boshqa odamlarga berilganidan ko’proq burchlar, vazifalar yuklanganini biladi. Shu sababli bu vazifa va burchlarni unutish katta gunoh hisoblanadi.

Ishorat. Oliy haqiqat shu qadar buyuk, ulug’vorki, tariqatga kirganlarning hammasi ham unga yetisholmaydilar. Shu sababli tasavvuf ilmi yo’ldagi mashaqqatlar, riyozatlarni tortish johil, ilmsiz odamlarga kulguli ko’rinadi. Agar kimdir Haqiqatga, Haqqa yetishuvning mohiyati haqida ilm olsayu, lekin bundan yuz o’girsa, u (mening ko’nglim Haqqa yetishishga nomunosib deb) o’z ko’ngliga tuhmat qilgan bo’ladi. Har kim nima uchun tug’ilgan bo’lsa, o’sha ish bilan shug’ullanishi zarur.

012

(Tashriflar: umumiy 1 171, bugungi 1)

Izoh qoldiring