Asqad Muxtor: Vaqt insonsiz hech narsa!

Ashampoo_Snap_2016.12.06_15h53m12s_002_.png    Дақиқа ва абадийлик, кун ва тун, ёруғлик ва зулмат, ҳаёт ва ўлим тазод-жуфтлиги Асқад Мухтор лирикасида алоҳида мазмун-моҳиятга эга. Ўтган, ўтаётган кунни сарҳисоб қилиш, ўз-ўзини мунтазам тафтиш этиш унинг қаҳрамонига хос хислатлардан.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
ВАҚТ ИНСОНСИЗ ҲЕЧ НАРСА!
Асқад Мухтор шеъриятида умр ва инсон моҳияти
005

Беҳзод Фазлиддин 1983 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган. “Муқаддас замин”, “Боғларингдан кетмасин баҳор”, “Онамнинг кўнглига кетамиз”, “Сен қачон гуллайсан”, “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.

005

сканирование0001.jpgЎзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор салмоқли қиссаю романлар, бадиий таржималар, кўплаб ўткир публицистик мақолалар баробарида шеъриятда ҳам етук асарлар яратди. Айниқса, ўзбек фалсафий-интеллектуал лирикаси тараққиётида унинг ҳиссаси катта бўлди.

Асқад Мухтор чинакам адиб даражасига етгунича мураккаб ижодий йўлни босиб ўтди. Биринчи шеъри 1935 йили – 15 ёшида чоп этилганига қарамай, илк китобгача бўлган давр чўзилиб кетди. Буни “мен узоқ вақт китобхон билан топиша олмаганимдан кўраман”, дея изоҳлайди унинг ўзи. Шоир “Ўзим ва шеър ҳақида” мақоласида поэзияни тушунишдаги беқарорлиги анча вақтгача давом этганини таъкидлаб ўтади. Гарчи ижодининг илк паллаларида битган шеърлари адабий жамоатчиликда ижобий баҳоланган эса-да, унинг ўз қиёфасини белгилаб берувчи шеърлари хийла кечроқ яратилди. Айниқса, ўтган асрнинг 60–70-йиллари Асқад Мухтор шоир сифатида юксак ижодий чўққига кўтарилди. “99 миниатюра” (1962), “Шеърлар” (1966), “Қуёш беланчаги” (1971), “Сизга айтар сўзим” (1978) каби бирин-кетин чоп этилган китоблари фалсафий-интеллектуал лириканинг ажойиб намуналарини ўз ичига олган. Мазкур тўпламларга киритилган шеърлар ўша давр шеърияти учун янгилик эди. Шоирнинг “вазн ва қофия қонун-қоидаларини бузиб юборган” шеърлари фавқулодда фикрнинг гўзал поэтик ифодаси, фалсафий, ўз навбатида, ҳаётийлиги билан кўнгилларга йўл топди. Бундай оригиналлик турли мавзу-мундарижада Асқад Мухторнинг кейинги китобларида, хусусан, “Йилларим” (1990) тўпламида давом этди.

Асқад Мухтор шеърларининг ўзига хос хусусиятларидан бири (умуман, бу унинг бутун ижодига хос хусусият) фалсафий мулоҳазаларга бой, оддий воқеалардан ҳам катта фикр, салмоқли хулосалар чиқарилганидадир. “Шеър – инжа туйғуларнинг нозик ифодаси, шеър – кўнгил рози, қалб кечинмалари” каби тушунчалар Асқад Мухтор шеъриятида ўзгачароқ моҳият касб этади. Шоир лирикаси мисолида айтадиган бўлсак, шеър – ҳиссий тафаккур, кўнгил фалсафаси, шеър – фикрнинг туйғуларга ўралган гўзал суврати.

Шоирнинг ўзи иқрор бўлганидек, йиллар давомида шеър, унинг ифода шакллари, воситалари, усуллари, руҳи ҳақидаги фикрлари жуда кўп ўзгарди. Асқад Мухтор ижодий такомилида унинг ушбу таърифларига мос кўплаб шеърлар яратилди. Аммо уларнинг барчасида – сюжетли воқеабанд шеърларида ҳам, мусиқий-оҳангдор, ва албатта, рационалистик шеърларида ҳам ФИКР юзага қалқиб чиқаверади. Бундан Асқад Мухтор шеърлари фақат фикр назмга солинган намуналардан иборат, деган хулосага келмаслик керак. Шоир таъкидлаганидек, фикрсиз поэзия йўқ. Таъбир жоиз бўлса, ҳар қандай шеър бағрида фикр юлдузи яшайди; бир шеърда бу юлдуз порлаб туради, қай биридадир милтиллайди, бошқасида элас-элас кўзга ташланади.

Фикр ва туйғу уйғунлиги лириканинг барқарор қонунларидан. Қуруқ фикрнинг ўзи шеър бўла олмаганидек, фақат ҳис-ҳаяжон ифодасини ҳам назм дея олмаймиз. “Бадиий асарда маънавийлик билан ҳиссийлик уйғунлашмоғи керак”, дейди немис файласуфи Фридрих Ҳегел. Энг асосийси, шеърда бу икки муҳим унсур орасидаги мувозанат йўқолмаслиги лозим. Шундай деймиз-у, аммо фалсафий-интеллектуал шеърларда тарози посангиси кўпроқ фикрга ён беришини ҳам инкор эта олмаймиз.

Бадиий асарда, инчунин, шеърда фикр ва ҳиссиёт ҳамиша бир-бирини тўлдиради: баъзан ақл туйғуларни йўлга бошлайди, гоҳида ҳиссиёт онг илғаб етмаган ҳодисотни англашга кўмаклашади. Чунки “туйғулар, ҳислар шундай хотирага ҳамда доноликка эгаки, кўпинча айни шу хотира ва донолик ақл-идрокимизга етишмай қолади” (Ирвинг Стоун).

Асқад Мухторнинг энг яхши шеърларида фикр ва туйғу синтези зуҳур топади. Шоирнинг икки банддангина иборат мана бу шеърида оний кайфиятдан илҳом олган лирик қаҳрамон лаҳзалик ҳолат-манзара (сарғайиб, сийраклашиб қолган япроқлар аро танга-танга бўлиб тушаётган нур) мисолида инсон умри ҳақида тасаввур беради (дарвоқе, шеърнинг ўзи ҳам “Умр” деб аталади):

Куни кеча шу сўрида ётганимда,
Ой шуъласи тушмас эди юзларимга:
Япроқларнинг титроқ, яшил шарпалари
Ором олиб келар эди кўзларимга.

Бугун бўлса танга-танга нур тушипти.
Мижжам ҳорғин, уйқу бермас ёруғ юлдуз.
Бирданига юрагим шув этиб кетди:
Куз келипти, куз…

Шеърдаги ички маънолар силсиласи шундайки, биров уни ўқиб, умр бебақо, инсон ҳаёти омонат экани ҳақида яна бир қур мулоҳаза қилади; бошқа ўқувчи уни ёшлик завқи ва кексалик оғиркарвонлиги орасидаги зиддиятга боғлайди; зийракроқ шеърхон ҳаёт (умр) – кеча тўп-тўп бўлиб, ҳатто ой шуъласини тўсиб турган, бугун эса заифлашиб, новдаларга видо сўзларини айтиб бандидан чирт-чирт узилаётган япроқлар сингари ғанимат экани ҳақида ўйга толади, шу боис умрни кўпроқ эзгу амал, эзгу сўз билан ўтказиш кераклигини такрор ҳис қилади. Айниқса, шеър сўнгида лирик қаҳрамоннинг юраги шув этиб кетиши ҳолати шоир назарда тутаётган фикр таъсирчанлигини оширади. Асқад Мухторнинг шу каби сатрларида шеър – унинг ўзи берган таърифлардан бири бўйича айтсак – “ярқ этган оний туйғу”, “шавқ туғёни” экани англашилади.

Ўтаётган лаҳзалар, кечаётган умр соатларини ёруғ юз билан яшаш, келажакка ёрқин из қолдириш инсон учун улуғ ҳаётий мақсадга айланиши лозим. Бу фикр шоир шеърларида турли поэтик усулда ифодаланади. Унинг “Вақт” шеърида фурсат ва инсон муносабати, зиддияти оригинал бадиий тажассум топади:

“Вақт” – ўз-ўзича ҳеч нарса эмас,
“Давр” десак – исмли, жисмли.
Вақт қаритади-чуритади, холос,
Давр – инсон каби, дардли, ҳуснли.

Вақт сўндиради эҳтиросларни,
Ёшликни юлқилаб қочар омонсиз.
Чангдек учар, инсон из солмаса;
Инсон ном бермаса – ўтади номсиз.

Вақтнинг ўз-ўзига қўйиб берилса борми, шоир айтмоқчи, шафқатсиз кечади, ҳаялламайди: “Ўзи тиклолмайди ўз қоматини, Ўзи келажакни тайёрламайди”. Шундай экан, Вақтга шакл ва мазмун беришга, уни зийнатлантиришга, лаҳзаларни мангуликка муҳрлашга интилиш керак.

Ушбу шеър ёзилишидан роппа-роса йигирма йил олдин (1945) аллома шоир Ғафур Ғулом вақт ҳақидаги шоҳ сатрларини битган эди. Шеърда бир лаҳза мазмунини бир бутун баҳорга жамлаган Ғафур Ғулом инсон қудратини вақт билан ўлчаса, Асқад Мухтор вақтни инсон измига топширади: вақт инсонсиз ҳеч нарса!

Асқад Мухторнинг кўплаб шеърларида лирик қаҳрамон – шоирнинг ўзи – донишманд, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрган, мулоҳазакор шахс. Унинг ўз ҳаёт фалсафаси бор. Эзгулик ва ҳақиқат учун кураш, азизу мукаррам хилқат ҳисобланган инсон номига муносиб иш тутиш, шахс маънавиятини юксалтириш йўлида бетиним ҳаракат шеърлардаги қаҳрамон эътиқоди негизини ташкил этади. Умуман, умр моҳияти, ҳаёт маъносини, инсоннинг макон ва замондаги ўрнини англаш, идрок этишга уриниш, бу борадаги фикрларни бадиий-фалсафий талқин қилиш фалсафий-интеллектуал лириканинг асосий хусусиятларидан ҳисобланади. Асқад Мухтор шеърларида эса бу жиҳат бўртиб кўринади.

Дақиқа ва абадийлик, кун ва тун, ёруғлик ва зулмат, ҳаёт ва ўлим тазод-жуфтлиги Асқад Мухтор лирикасида алоҳида мазмун-моҳиятга эга. Ўтган, ўтаётган кунни сарҳисоб қилиш, ўз-ўзини мунтазам тафтиш этиш унинг қаҳрамонига хос хислатлардан.

Орифу фозиллар инсон кун парчаларидан иборатлиги, ҳар куни унинг вужудидан бир парча кетиши, ҳар лаҳза ҳисобли экани ҳақида айтиб ўтадилар. Асқад Мухтор шеърлари инсон умрининг лаҳзаларга сочилиб ётган моҳияти ҳақида баҳс этади. Бу “Йилларим”, “Сирли нидо”, “Қайтаман кечирган куним…” каби шеърларида, айниқса, равшанроқ кўринади.

Ёш ўтгани сайин инсон феъли нозиклашиб, туйғулари ингичкалашиб боради. Чунки ортда қолган умри ҳақида ўйга толган киши учун “йил кузатиш – ғам”. “Янги йил сарҳадини бузиб ўтган нафис қор учқуни” эса уни баттар хавотирга солади. Ахир, умр ўтмоқда. Бу ҳолатни шоир, мана, қандай образли ифодалайди: “Қилт этиб узилган битта япроқ ҳам Нақ қалбимга тегиб ўтади...” (“Қалбим нозиклашди”). Шоирнинг бу туркумдаги шеърларида ижтимоий-фалсафий залворга эга жиддий фикр туйғулар ипини тортиб туради.

“Ярим тундан кейин ўрнимга ётсам…” деб бошланувчи шеърида реал воқелик билан шоирнинг тасаввур олами, ўй-изтироблари тарозига қўйилади. Лирик қаҳрамон “Ярим тундан кейин ўрнига ётса, Қонининг уриши бермайди уйқу”. Эътибор қилинг-а, ўзи, шоир ярим тундан кейин ухламоқчи бўлди. Бунгача не-не ўй-хаёллар, безовта фикрлар банд этган экан уни. Кун бўйи турли ташвишлар, яхши-ёмон ҳислар оғушида юрган қаҳрамоннинг ўйлари марказида умр ва вақт, давр ва замон ҳақидаги мулоҳазалар, ўтмиш ва келажак хаёли бўлганини сезиш қийин эмас. Хўш, унга қон уриши нега тинчлик бермай қолди? Нима экан шоирни бу қадар туғёнга солаётган?

Шеърни ўқишда давом этамиз:

Узоқ аждодимнинг овозидир бу.

Ушбу даъваткор овоз шоирни ором чоғи ҳам тинч қўймайди:

Гапир,
гапир,
гапир,
ҳаётсан!

Мана унинг бизга бераётган саволлари:

– Борми ҳақиқатга ҳамон ташналар?
– Одам юлдузини кўкдан уздими?
– Боғлар кўкми?
– Тиниқми чашмалар?
– Қизларнинг ибоси эзгуми?

Саволларнинг салмоғи оғир. Шу ўринда Маяковскийча зинапояли шеър шакли ўзини оқлайди. Таъкидни кучайтириш билан бирга бу саволларнинг ҳар бири ўз ҳолича улкан ва жавоби оғир эканини англатади.

Аммо сўнгги саволга яна бир эътибор қилайлик. Биламизки, ибонинг ўзи эзгу фазилат. У “эзгу”сиз ҳам керакли маънони бера олади. Унда нега шоир бу сўз ёнига яна “эзгу” сўзини қўшиб тилга олаяпти? Бу билан нима демоқчи бўлган экан? “Қизларнинг ибоси беғаразми?”, соддароқ қилиб айтганда, “Гўзаллик сохталашиб кетмаяптими?” дегандай туюлмаяптими? Шеърдаги оригинал қофиялар (уздими – эзгуми) фикрнинг таъсир кучини оширишга хизмат қилган. Шеър бағридаги оҳангдор фикр, фикр қалбидаги туйғу-чи? Шоирнинг фикр ва туйғу уйғунлигидаги шу каби назмий намуналари унинг фалсафий-интеллектуал лирикаси даражасини белгилаб турибди.

Асқад Мухтор инсонни “кашфиёт ёлқини”, “асрий зулматларда бир ёруғ нуқта” деб атайди (“Инсон”). Шоир тасаввуридаги инсон маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук бўлиш билан бирга, замон ва давр дарду ташвишлари билан яшаши, ижтимоий фаол бўлиши шарт. Аммо бунинг учун ушоқдай жонга метиндай бардош, катта матонат керак. Булар йилларни йилларга улаб топиладиган неъматлар. Шу боис кўзни каттароқ очиш, ён-атрофга, дунёга идрок назари билан боқиш даркор. Асқад Мухтор шеърларидаги инсон “дамларни мисқол тарозида ўлчаётган”, кун, ойу йилларнинг пучу сарасини ҳисоблаётган, “Розилари борми йиллар орасида?” дея тинимсиз ўзини саволга тутаётган бедор ўйли одам; “руҳий долғалардан безиллаб қолган”, устига-устак, “янги дўзахлар” барпо этилаётганидан саросимага тушган, “қўл чўзиб илтижо қилаётган келажак”ни сақлаб қолишга бутун башариятни даъват этаётган замин кишиси; давр дардларидан мажруҳ бўлган қалб эгаси; дардим сукунатни чўчитмасин деб сокин боғларни айланиб ўтадиган, ширин тушларни ҳуркитмасин, жонлар оромини бузмасин, тунни уйғотмасин дея дардини ичига ютиб, оламнинг беғубор тонгини кутаётган нуроний; тун бўйи бешик узра бош эгиб, уйқунинг баҳридан кечиб гўдаги камоли учун жон куйдираётган муштипар она; ҳамма мўъжизалар ўрнини босадиган аёл; ортидан қоладиган гулу ниҳоли истиқболини ўйлаб, қалбини оғир ўй бурдалаётган бобо…

Шоир шу йўналишдаги шеърларида инсон камолоти, башарият саодати, курраи замин тинчлиги, элатлар бирлиги учун қайғуради ва бу пафос ўйчан, донишмандона, шу билан бирга, ички туғёнли сатрларида зуҳурланади.

Асқад Мухтор шеърларида некбинлик – оптимистик руҳ кучли. Ҳаётсеварлик – шоир лирик қаҳрамонининг асосий фазилатларидан. У ҳаётнинг безавол эканига ишонч билан шундай дейди: борлиқдаги барча чиройни “ҳаёт қалби”га қайтиб чиқмас қилиб киритиш керак. Шоир кўплаб шеърларида ҳаётнинг ёруғ томонларини кўрсатишга, умрнинг бебаҳо инъом эканини бадиий-фалсафий акс эттиришга эришади. Ёрқин, характерли деталлар топади.

Қор тагидан дадил бош сузар.
Умри қисқалигин яхши билади.
Аммо кўзи тиниқ, чунки дили сезар:
Баҳорга сўқмоқлар очиб ўлади.

“Бойчечак” деб аталган ушбу шеърдаги рамз ҳаётнинг нечоғлик беназир мўъжиза эканини англатиб турибди. Бойчечак – кўкламнинг умри бир тутам чечаги. Қор остидан дадил бош чиқариб, Қуёшга юз тутиш фақат шу гулнинг унча-мунча киши илғамайдиган жасорати. Аммо мақсад фақат кун ўтказиш эмас. Яшаш керак! Умрнинг қисқа ёки узунлиги – Яратганнинг тақдири. “Баҳорга сўқмоқлар очиб” – эзгуликларга йўл очиб ҳаёт кечириш лозим. Шоир танлаган рамз остидаги яширин маъно шуларга ишора қилаётир.

“Асқад Мухтор ижодиёти кўзгусида авлиё Зардўштий, Конфуций, Дао, Муҳаммад алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом, Баҳовуддин Нақшбанд таълимотларининг бадиий савлати юз кўрсатади, – деб ёзади шоир Рауф Парфи. – Бу инъикос у ёки бу даражада бўлишидан қатъи назар, Инсон ва инсонийлик, Инсон бахти учун кураш ғояси билан суғорилгандир”.

“Адабиёт фан-техника инқилоби даврида ҳам инсон билан иш кўриши керак, – дейди Асқад Мухторнинг ўзи. – Экзюпери мақтаган самолётлар ҳозир ҳеч нарсага ярамай қолди. Лекин Митти Шаҳзодаси ҳали узоқ яшайди”.

Асқад Мухтор қаҳрамони авлодлар, ворислар, уларнинг келажаги ҳақида кўп ўйга толади. Авлодлар тақдирига масъуллик ва жиндек хавотир шоир шеърларига ўзига хос тарзда кўчиб ўтади:

Қўрқсак, биз бегуноҳ норасидалар,
Уруш кўрмаганлар учун қўрқамиз.
Аччиқ ёш томмаган кўзи осудалар
Ўлик кўммаганлар учун қўрқамиз.

Шоир баъзан даҳшатли йиллар суронидан анча олисда яшаётган авлодлар орасида эканини ҳис қилиб, улардан беозор узр сўраб ҳам қўяди:

Кечиринг, тунд бўлиб қолсам бир зумга,
Бу менга на одат, на ҳунар.
Шунчаки сарғайиб қалқар юзимга
Ўша йиллардаги уйқусиз тунлар…

Бу мисралар шоир умрининг сўнгги дамларида “Тундаликлар”ида ёзган “Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди” деган сўзларига уйғундир.

Асқад Мухторнинг шеърлари анча сокин, шоирнинг ўзи каби оғир-вазмин. Аммо мана шу босиқлик замиридаги туғён, ноҳақлик, адолатсизлик, лоқайдликка исён пўртанаси юракларни тўлқинлантиради. Унинг шеърларида шавқ (экстаз) ҳолати ҳис-туйғуларда эмас, кўпроқ онгу шуурда рўй беради. Ушбу фалсафий-интеллектуал шеърлар маънавий бедор шахснинг онгу шуури, зеҳну идрокидаги туғёнлар ҳосиласидир. Шу ўринда Миртемирнинг шоир ижоди ҳақидаги мана бу фикрларини келтириб ўтиш жоиз: “Асқад шеърлари тинч ва лиммо-лим, лекин таги туғёнли кўклам сойларидек табиий, пурҳикмат, кучли ва жозибали. Асқад шеърларида образлар сийқалик иллатидан холи, Асқад тили чинакам поэзия тили… Чертиб-чертиб, чиннидай жаранг берган сўзлардан силлиқ ва ҳар қайсиси ўз ўрнида зарур ғишт қўя олади”.

Билгир шоирнинг оригинал қофиялари (эшикдан – эшитган, худди – ўтди, ўнғай – кунгай, ҳамон мен – ёмонми, хислатинг – эслатдинг, соҳилга – соғинган) шеърларига ўзгача оҳор беради. Ҳатто поэзия тилига кўп ҳам уйқаш келавермайдиган сўзларни учратамиз: материалист, планета, спутник, неандертал, орбита, радар, озон… Аммо шоир уларни мисраларга шундай сингдириб юборадики, натижада шеърдан бу термин-сўзларни “узиб” олиб бўлмайди. Ёки “кўнгил радарлари” деган чиройли ибора топади. Шу тарзда Асқад Мухторнинг фалсафий-интеллектуал шеърларида олим, ёзувчи, шоир, санъаткор, умуман, зиёли шахснинг нигоҳи синтези акс этади.

Шеърда муаллиф-шоирнинг характери, ботиний-зоҳирий дунёси аксланиши бор гап. Асқад Мухтор айтмоқчи, ҳақиқий шеърларга шоир шахсининг муҳри босилган бўлади. Шу боисдан ҳам унинг шеъриятига хос фалсафий-интеллектуаллик, донишмандлик сифатларини, давр ва объектив сабабларни инкор этмаган ҳолда, кўпроқ шоир шахсияти билан боғлиқ ҳолда тушуниш мумкин.

Даврдаги ўзгаришлар, замонасининг муаммолари Асқад Мухтор ижодини ҳам четлаб ўтмади. Агар сиёсий-ғоявий жиҳатдан таҳлил этиладиган бўлса, шоирнинг кўп шеърлари “ғалвирдан тушиб қолиши” аниқ. Шоир ижодига кўчиб ўтган “умумманфаатлар, ижтимоий мотивлар, замон чақириқлари, миллионлар онгини банд этган порлоқ ғоялар” узоқ умр кўрмади. Йилларнинг ўзи унинг бундай асарлари ҳақида ҳукм чиқариб бўлди. Бироқ адабиётда бош мезон асар бадиияти, тили ва услуби эканини инобатга оладиган бўлсак, унинг ҳали узоқ яшайдиган шеърлари оз эмас. Хусусан, бир пайтлар шоирнинг ўзи писанд қилмагандек бўлган “шахсий руҳий ҳолатларни кавлаштираверадиган интим мунглар”, “қантарилган кўнгил созлари”дан таралган сатрлар ҳамон умргузаронлик қилмоқда.

reWalls.com-57412.jpgBehzod FAZLIDDIN
VAQT INSONSIZ HECH NARSA!
Asqad Muxtor she’riyatida umr va inson mohiyati
005

Behzod Fazliddin 1983 yili tug’ilgan. O’zbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakul`tetini tamomlagan. “Muqaddas zamin”, “Bog’laringdan  ketmasin bahor”, “Onamning ko’ngliga ketamiz”, “Sen qachon gullaysan”, “Kutmagan kunlarim, kutgan kunlarim” nomli she’riy to’plamlari chop etilgan.

005

asqad_muxtorsher.jpgO‘zbekiston xalq yozuvchisi Asqad Muxtor salmoqli qissayu romanlar, badiiy tarjimalar, ko‘plab o‘tkir publitsistik maqolalar barobarida she’riyatda ham yetuk asarlar yaratdi. Ayniqsa, o‘zbek falsafiy-intellektual lirikasi taraqqiyotida uning hissasi katta bo‘ldi.

Asqad Muxtor chinakam adib darajasiga yetgunicha murakkab ijodiy yo‘lni bosib o‘tdi. Birinchi she’ri 1935 yili – 15 yoshida chop etilganiga qaramay, ilk kitobgacha bo‘lgan davr cho‘zilib ketdi. Buni “men uzoq vaqt kitobxon bilan topisha olmaganimdan ko‘raman”, deya izohlaydi uning o‘zi. Shoir “O‘zim va she’r haqida” maqolasida poeziyani tushunishdagi beqarorligi ancha vaqtgacha davom etganini ta’kidlab o‘tadi. Garchi ijodining ilk pallalarida bitgan she’rlari adabiy jamoatchilikda ijobiy baholangan esa-da, uning o‘z qiyofasini belgilab beruvchi she’rlari xiyla kechroq yaratildi. Ayniqsa, o‘tgan asrning 60–70-yillari Asqad Muxtor shoir sifatida yuksak ijodiy cho‘qqiga ko‘tarildi. “99 miniatyura” (1962), “She’rlar” (1966), “Quyosh belanchagi” (1971), “Sizga aytar so‘zim” (1978) kabi birin-ketin chop etilgan kitoblari falsafiy-intellektual lirikaning ajoyib namunalarini o‘z ichiga olgan. Mazkur to‘plamlarga kiritilgan she’rlar o‘sha davr she’riyati uchun yangilik edi. Shoirning “vazn va qofiya qonun-qoidalarini buzib yuborgan” she’rlari favqulodda fikrning go‘zal poetik ifodasi, falsafiy, o‘z navbatida, hayotiyligi bilan ko‘ngillarga yo‘l topdi. Bunday originallik turli mavzu-mundarijada Asqad Muxtorning keyingi kitoblarida, xususan, “Yillarim” (1990) to‘plamida davom etdi.

Asqad Muxtor she’rlarining o‘ziga xos xususiyatlaridan biri (umuman, bu uning butun ijodiga xos xususiyat) falsafiy mulohazalarga boy, oddiy voqealardan ham katta fikr, salmoqli xulosalar chiqarilganidadir. “She’r – inja tuyg‘ularning nozik ifodasi, she’r – ko‘ngil rozi, qalb kechinmalari” kabi tushunchalar Asqad Muxtor she’riyatida o‘zgacharoq mohiyat kasb etadi. Shoir lirikasi misolida aytadigan bo‘lsak, she’r – hissiy tafakkur, ko‘ngil falsafasi, she’r – fikrning tuyg‘ularga o‘ralgan go‘zal suvrati.

Shoirning o‘zi iqror bo‘lganidek, yillar davomida she’r, uning ifoda shakllari, vositalari, usullari, ruhi haqidagi fikrlari juda ko‘p o‘zgardi. Asqad Muxtor ijodiy takomilida uning ushbu ta’riflariga mos ko‘plab she’rlar yaratildi. Ammo ularning barchasida – syujetli voqeaband she’rlarida ham, musiqiy-ohangdor, va albatta, ratsionalistik she’rlarida ham FIKR yuzaga qalqib chiqaveradi. Bundan Asqad Muxtor she’rlari faqat fikr nazmga solingan namunalardan iborat, degan xulosaga kelmaslik kerak. Shoir ta’kidlaganidek, fikrsiz poeziya yo‘q. Ta’bir joiz bo‘lsa, har qanday she’r bag‘rida fikr yulduzi yashaydi; bir she’rda bu yulduz porlab turadi, qay biridadir miltillaydi, boshqasida elas-elas ko‘zga tashlanadi.

Fikr va tuyg‘u uyg‘unligi lirikaning barqaror qonunlaridan. Quruq fikrning o‘zi she’r bo‘la olmaganidek, faqat his-hayajon ifodasini ham nazm deya olmaymiz. “Badiiy asarda ma’naviylik bilan hissiylik uyg‘unlashmog‘i kerak”, deydi nemis faylasufi Fridrix Hegel. Eng asosiysi, she’rda bu ikki muhim unsur orasidagi muvozanat yo‘qolmasligi lozim. Shunday deymiz-u, ammo falsafiy-intellektual she’rlarda tarozi posangisi ko‘proq fikrga yon berishini ham inkor eta olmaymiz.

Badiiy asarda, inchunin, she’rda fikr va hissiyot hamisha bir-birini to‘ldiradi: ba’zan aql tuyg‘ularni yo‘lga boshlaydi, gohida hissiyot ong ilg‘ab yetmagan hodisotni anglashga ko‘maklashadi. Chunki “tuyg‘ular, hislar shunday xotiraga hamda donolikka egaki, ko‘pincha ayni shu xotira va donolik aql-idrokimizga yetishmay qoladi” (Irving Stoun).

Asqad Muxtorning eng yaxshi she’rlarida fikr va tuyg‘u sintezi zuhur topadi. Shoirning ikki banddangina iborat mana bu she’rida oniy kayfiyatdan ilhom olgan lirik qahramon lahzalik holat-manzara (sarg‘ayib, siyraklashib qolgan yaproqlar aro tanga-tanga bo‘lib tushayotgan nur) misolida inson umri haqida tasavvur beradi (darvoqe, she’rning o‘zi ham “Umr” deb ataladi):

Kuni kecha shu so‘rida yotganimda,
Oy shu’lasi tushmas edi yuzlarimga:
Yaproqlarning titroq, yashil sharpalari
Orom olib kelar edi ko‘zlarimga.

Bugun bo‘lsa tanga-tanga nur tushipti.
Mijjam horg‘in, uyqu bermas yorug‘ yulduz.
Birdaniga yuragim shuv etib ketdi:
Kuz kelipti, kuz…

She’rdagi ichki ma’nolar silsilasi shundayki, birov uni o‘qib, umr bebaqo, inson hayoti omonat ekani haqida yana bir qur mulohaza qiladi; boshqa o‘quvchi uni yoshlik zavqi va keksalik og‘irkarvonligi orasidagi ziddiyatga bog‘laydi; ziyrakroq she’rxon hayot (umr) – kecha to‘p-to‘p bo‘lib, hatto oy shu’lasini to‘sib turgan, bugun esa zaiflashib, novdalarga vido so‘zlarini aytib bandidan chirt-chirt uzilayotgan yaproqlar singari g‘animat ekani haqida o‘yga toladi, shu bois umrni ko‘proq ezgu amal, ezgu so‘z bilan o‘tkazish kerakligini takror his qiladi. Ayniqsa, she’r so‘ngida lirik qahramonning yuragi shuv etib ketishi holati shoir nazarda tutayotgan fikr ta’sirchanligini oshiradi. Asqad Muxtorning shu kabi satrlarida she’r – uning o‘zi bergan ta’riflardan biri bo‘yicha aytsak – “yarq etgan oniy tuyg‘u”, “shavq tug‘yoni” ekani anglashiladi.

O‘tayotgan lahzalar, kechayotgan umr soatlarini yorug‘ yuz bilan yashash, kelajakka yorqin iz qoldirish inson uchun ulug‘ hayotiy maqsadga aylanishi lozim. Bu fikr shoir she’rlarida turli poetik usulda ifodalanadi. Uning “Vaqt” she’rida fursat va inson munosabati, ziddiyati original badiiy tajassum topadi:

“Vaqt” – o‘z-o‘zicha hech narsa emas,
“Davr” desak – ismli, jismli.
Vaqt qaritadi-churitadi, xolos,
Davr – inson kabi, dardli, husnli.

Vaqt so‘ndiradi ehtiroslarni,
Yoshlikni yulqilab qochar omonsiz.
Changdek uchar, inson iz solmasa;
Inson nom bermasa – o‘tadi nomsiz.

Vaqtning o‘z-o‘ziga qo‘yib berilsa bormi, shoir aytmoqchi, shafqatsiz kechadi, hayallamaydi: “O‘zi tiklolmaydi o‘z qomatini, O‘zi kelajakni tayyorlamaydi”. Shunday ekan, Vaqtga shakl va mazmun berishga, uni ziynatlantirishga, lahzalarni mangulikka muhrlashga intilish kerak.

Ushbu she’r yozilishidan roppa-rosa yigirma yil oldin (1945) alloma shoir G‘afur G‘ulom vaqt haqidagi shoh satrlarini bitgan edi. She’rda bir lahza mazmunini bir butun bahorga jamlagan G‘afur G‘ulom inson qudratini vaqt bilan o‘lchasa, Asqad Muxtor vaqtni inson izmiga topshiradi: vaqt insonsiz hech narsa!

Asqad Muxtorning ko‘plab she’rlarida lirik qahramon – shoirning o‘zi – donishmand, hayotning achchiq-chuchugini tatib ko‘rgan, mulohazakor shaxs. Uning o‘z hayot falsafasi bor. Ezgulik va haqiqat uchun kurash, azizu mukarram xilqat hisoblangan inson nomiga munosib ish tutish, shaxs ma’naviyatini yuksaltirish yo‘lida betinim harakat she’rlardagi qahramon e’tiqodi negizini tashkil etadi. Umuman, umr mohiyati, hayot ma’nosini, insonning makon va zamondagi o‘rnini anglash, idrok etishga urinish, bu boradagi fikrlarni badiiy-falsafiy talqin qilish falsafiy-intellektual lirikaning asosiy xususiyatlaridan hisoblanadi. Asqad Muxtor she’rlarida esa bu jihat bo‘rtib ko‘rinadi.

Daqiqa va abadiylik, kun va tun, yorug‘lik va zulmat, hayot va o‘lim tazod-juftligi Asqad Muxtor lirikasida alohida mazmun-mohiyatga ega. O‘tgan, o‘tayotgan kunni sarhisob qilish, o‘z-o‘zini muntazam taftish etish uning qahramoniga xos xislatlardan.

Orifu fozillar inson kun parchalaridan iboratligi, har kuni uning vujudidan bir parcha ketishi, har lahza hisobli ekani haqida aytib o‘tadilar. Asqad Muxtor she’rlari inson umrining lahzalarga sochilib yotgan mohiyati haqida bahs etadi. Bu “Yillarim”, “Sirli nido”, “Qaytaman kechirgan kunim…” kabi she’rlarida, ayniqsa, ravshanroq ko‘rinadi.

Yosh o‘tgani sayin inson fe’li noziklashib, tuyg‘ulari ingichkalashib boradi. Chunki ortda qolgan umri haqida o‘yga tolgan kishi uchun “yil kuzatish – g‘am”. “Yangi yil sarhadini buzib o‘tgan nafis qor uchquni” esa uni battar xavotirga soladi. Axir, umr o‘tmoqda. Bu holatni shoir, mana, qanday obrazli ifodalaydi: “Qilt etib uzilgan bitta yaproq ham Naq qalbimga tegib o‘tadi...” (“Qalbim noziklashdi”). Shoirning bu turkumdagi she’rlarida ijtimoiy-falsafiy zalvorga ega jiddiy fikr tuyg‘ular ipini tortib turadi.

“Yarim tundan keyin o‘rnimga yotsam…” deb boshlanuvchi she’rida real voqelik bilan shoirning tasavvur olami, o‘y-iztiroblari taroziga qo‘yiladi. Lirik qahramon “Yarim tundan keyin o‘rniga yotsa, Qonining urishi bermaydi uyqu”. E’tibor qiling-a, o‘zi, shoir yarim tundan keyin uxlamoqchi bo‘ldi. Bungacha ne-ne o‘y-xayollar, bezovta fikrlar band etgan ekan uni. Kun bo‘yi turli tashvishlar, yaxshi-yomon hislar og‘ushida yurgan qahramonning o‘ylari markazida umr va vaqt, davr va zamon haqidagi mulohazalar, o‘tmish va kelajak xayoli bo‘lganini sezish qiyin emas. Xo‘sh, unga qon urishi nega tinchlik bermay qoldi? Nima ekan shoirni bu qadar tug‘yonga solayotgan?

She’rni o‘qishda davom etamiz:

Uzoq ajdodimning ovozidir bu.

Ushbu da’vatkor ovoz shoirni orom chog‘i ham tinch qo‘ymaydi:

Gapir,
gapir,
gapir,
hayotsan!

Mana uning bizga berayotgan savollari:

– Bormi haqiqatga hamon tashnalar?
– Odam yulduzini ko‘kdan uzdimi?
– Bog‘lar ko‘kmi?
– Tiniqmi chashmalar?
– Qizlarning ibosi ezgumi?

Savollarning salmog‘i og‘ir. Shu o‘rinda Mayakovskiycha zinapoyali she’r shakli o‘zini oqlaydi. Ta’kidni kuchaytirish bilan birga bu savollarning har biri o‘z holicha ulkan va javobi og‘ir ekanini anglatadi.

Ammo so‘nggi savolga yana bir e’tibor qilaylik. Bilamizki, iboning o‘zi ezgu fazilat. U “ezgu”siz ham kerakli ma’noni bera oladi. Unda nega shoir bu so‘z yoniga yana “ezgu” so‘zini qo‘shib tilga olayapti? Bu bilan nima demoqchi bo‘lgan ekan? “Qizlarning ibosi beg‘arazmi?”, soddaroq qilib aytganda, “Go‘zallik soxtalashib ketmayaptimi?” deganday tuyulmayaptimi? She’rdagi original qofiyalar (uzdimi – ezgumi) fikrning ta’sir kuchini oshirishga xizmat qilgan. She’r bag‘ridagi ohangdor fikr, fikr qalbidagi tuyg‘u-chi? Shoirning fikr va tuyg‘u uyg‘unligidagi shu kabi nazmiy namunalari uning falsafiy-intellektual lirikasi darajasini belgilab turibdi.

Asqad Muxtor insonni “kashfiyot yolqini”, “asriy zulmatlarda bir yorug‘ nuqta” deb ataydi (“Inson”). Shoir tasavvuridagi inson ma’naviy-intellektual jihatdan yetuk bo‘lish bilan birga, zamon va davr dardu tashvishlari bilan yashashi, ijtimoiy faol bo‘lishi shart. Ammo buning uchun ushoqday jonga metinday bardosh, katta matonat kerak. Bular yillarni yillarga ulab topiladigan ne’matlar. Shu bois ko‘zni kattaroq ochish, yon-atrofga, dunyoga idrok nazari bilan boqish darkor. Asqad Muxtor she’rlaridagi inson “damlarni misqol tarozida o‘lchayotgan”, kun, oyu yillarning puchu sarasini hisoblayotgan, “Rozilari bormi yillar orasida?” deya tinimsiz o‘zini savolga tutayotgan bedor o‘yli odam; “ruhiy dolg‘alardan bezillab qolgan”, ustiga-ustak, “yangi do‘zaxlar” barpo etilayotganidan sarosimaga tushgan, “qo‘l cho‘zib iltijo qilayotgan kelajak”ni saqlab qolishga butun bashariyatni da’vat etayotgan zamin kishisi; davr dardlaridan majruh bo‘lgan qalb egasi; dardim sukunatni cho‘chitmasin deb sokin bog‘larni aylanib o‘tadigan, shirin tushlarni hurkitmasin, jonlar oromini buzmasin, tunni uyg‘otmasin deya dardini ichiga yutib, olamning beg‘ubor tongini kutayotgan nuroniy; tun bo‘yi beshik uzra bosh egib, uyquning bahridan kechib go‘dagi kamoli uchun jon kuydirayotgan mushtipar ona; hamma mo‘’jizalar o‘rnini bosadigan ayol; ortidan qoladigan gulu niholi istiqbolini o‘ylab, qalbini og‘ir o‘y burdalayotgan bobo…

Shoir shu yo‘nalishdagi she’rlarida inson kamoloti, bashariyat saodati, kurrai zamin tinchligi, elatlar birligi uchun qayg‘uradi va bu pafos o‘ychan, donishmandona, shu bilan birga, ichki tug‘yonli satrlarida zuhurlanadi.

Asqad Muxtor she’rlarida nekbinlik – optimistik ruh kuchli. Hayotsevarlik – shoir lirik qahramonining asosiy fazilatlaridan. U hayotning bezavol ekaniga ishonch bilan shunday deydi: borliqdagi barcha chiroyni “hayot qalbi”ga qaytib chiqmas qilib kiritish kerak. Shoir ko‘plab she’rlarida hayotning yorug‘ tomonlarini ko‘rsatishga, umrning bebaho in’om ekanini badiiy-falsafiy aks ettirishga erishadi. Yorqin, xarakterli detallar topadi.

Qor tagidan dadil bosh suzar.
Umri qisqaligin yaxshi biladi.
Ammo ko‘zi tiniq, chunki dili sezar:
Bahorga so‘qmoqlar ochib o‘ladi.

“Boychechak” deb atalgan ushbu she’rdagi ramz hayotning nechog‘lik benazir mo‘’jiza ekanini anglatib turibdi. Boychechak – ko‘klamning umri bir tutam chechagi. Qor ostidan dadil bosh chiqarib, Quyoshga yuz tutish faqat shu gulning uncha-muncha kishi ilg‘amaydigan jasorati. Ammo maqsad faqat kun o‘tkazish emas. Yashash kerak! Umrning qisqa yoki uzunligi – Yaratganning taqdiri. “Bahorga so‘qmoqlar ochib” – ezguliklarga yo‘l ochib hayot kechirish lozim. Shoir tanlagan ramz ostidagi yashirin ma’no shularga ishora qilayotir.

“Asqad Muxtor ijodiyoti ko‘zgusida avliyo Zardo‘shtiy, Konfutsiy, Dao, Muhammad alayhissalom, Iso alayhissalom, Bahovuddin Naqshband ta’limotlarining badiiy savlati yuz ko‘rsatadi, – deb yozadi shoir Rauf Parfi. – Bu in’ikos u yoki bu darajada bo‘lishidan qat’i nazar, Inson va insoniylik, Inson baxti uchun kurash g‘oyasi bilan sug‘orilgandir”.

“Adabiyot fan-texnika inqilobi davrida ham inson bilan ish ko‘rishi kerak, – deydi Asqad Muxtorning o‘zi. – Ekzyuperi maqtagan samolyotlar hozir hech narsaga yaramay qoldi. Lekin Mitti Shahzodasi hali uzoq yashaydi”.

Asqad Muxtor qahramoni avlodlar, vorislar, ularning kelajagi haqida ko‘p o‘yga toladi. Avlodlar taqdiriga mas’ullik va jindek xavotir shoir she’rlariga o‘ziga xos tarzda ko‘chib o‘tadi:

Qo‘rqsak, biz begunoh norasidalar,
Urush ko‘rmaganlar uchun qo‘rqamiz.
Achchiq yosh tommagan ko‘zi osudalar
O‘lik ko‘mmaganlar uchun qo‘rqamiz.

Shoir ba’zan dahshatli yillar suronidan ancha olisda yashayotgan avlodlar orasida ekanini his qilib, ulardan beozor uzr so‘rab ham qo‘yadi:

Kechiring, tund bo‘lib qolsam bir zumga,
Bu menga na odat, na hunar.
Shunchaki sarg‘ayib qalqar yuzimga
O‘sha yillardagi uyqusiz tunlar…

Bu misralar shoir umrining so‘nggi damlarida “Tundaliklar”ida yozgan “Shunday yillarni ko‘rdikki, baxtli bo‘lish uyat edi” degan so‘zlariga uyg‘undir.

Asqad Muxtorning she’rlari ancha sokin, shoirning o‘zi kabi og‘ir-vazmin. Ammo mana shu bosiqlik zamiridagi tug‘yon, nohaqlik, adolatsizlik, loqaydlikka isyon po‘rtanasi yuraklarni to‘lqinlantiradi. Uning she’rlarida shavq (ekstaz) holati his-tuyg‘ularda emas, ko‘proq ongu shuurda ro‘y beradi. Ushbu falsafiy-intellektual she’rlar ma’naviy bedor shaxsning ongu shuuri, zehnu idrokidagi tug‘yonlar hosilasidir. Shu o‘rinda Mirtemirning shoir ijodi haqidagi mana bu fikrlarini keltirib o‘tish joiz: “Asqad she’rlari tinch va limmo-lim, lekin tagi tug‘yonli ko‘klam soylaridek tabiiy, purhikmat, kuchli va jozibali. Asqad she’rlarida obrazlar siyqalik illatidan xoli, Asqad tili chinakam poeziya tili… Chertib-chertib, chinniday jarang bergan so‘zlardan silliq va har qaysisi o‘z o‘rnida zarur g‘isht qo‘ya oladi”.

Bilgir shoirning original qofiyalari (eshikdan – eshitgan, xuddi – o‘tdi, o‘ng‘ay – kungay, hamon men – yomonmi, xislating – eslatding, sohilga – sog‘ingan) she’rlariga o‘zgacha ohor beradi. Hatto poeziya tiliga ko‘p ham uyqash kelavermaydigan so‘zlarni uchratamiz: materialist, planeta, sputnik, neandertal, orbita, radar, ozon… Ammo shoir ularni misralarga shunday singdirib yuboradiki, natijada she’rdan bu termin-so‘zlarni “uzib” olib bo‘lmaydi. Yoki “ko‘ngil radarlari” degan chiroyli ibora topadi. Shu tarzda Asqad Muxtorning falsafiy-intellektual she’rlarida olim, yozuvchi, shoir, san’atkor, umuman, ziyoli shaxsning nigohi sintezi aks etadi.

She’rda muallif-shoirning xarakteri, botiniy-zohiriy dunyosi akslanishi bor gap. Asqad Muxtor aytmoqchi, haqiqiy she’rlarga shoir shaxsining muhri bosilgan bo‘ladi. Shu boisdan ham uning she’riyatiga xos falsafiy-intellektuallik, donishmandlik sifatlarini, davr va obyektiv sabablarni inkor etmagan holda, ko‘proq shoir shaxsiyati bilan bog‘liq holda tushunish mumkin.

Davrdagi o‘zgarishlar, zamonasining muammolari Asqad Muxtor ijodini ham chetlab o‘tmadi. Agar siyosiy-g‘oyaviy jihatdan tahlil etiladigan bo‘lsa, shoirning ko‘p she’rlari “g‘alvirdan tushib qolishi” aniq. Shoir ijodiga ko‘chib o‘tgan “umummanfaatlar, ijtimoiy motivlar, zamon chaqiriqlari, millionlar ongini band etgan porloq g‘oyalar” uzoq umr ko‘rmadi. Yillarning o‘zi uning bunday asarlari haqida hukm chiqarib bo‘ldi. Biroq adabiyotda bosh mezon asar badiiyati, tili va uslubi ekanini inobatga oladigan bo‘lsak, uning hali uzoq yashaydigan she’rlari oz emas. Xususan, bir paytlar shoirning o‘zi pisand qilmagandek bo‘lgan “shaxsiy ruhiy holatlarni kavlashtiraveradigan intim munglar”, “qantarilgan ko‘ngil sozlari”dan taralgan satrlar hamon umrguzaronlik qilmoqda.

09

(Tashriflar: umumiy 5 292, bugungi 1)

Izoh qoldiring