Xurshid Davron. Navoiynoma. VIII. Taxt emas, elu yurt xizmatida & Zuhriddin Isomiddinov. Navoiy Boyqaroni nimadan qaytarib qolgandi?

08_.png    Темурийларнинг йирик вакили бўлган Султон Ҳусайнга катта эътимод билан қараган Алишер Навоий унинг хайрли ишларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Унга атаб қасида ёзган, “Мажолисун нафойис” асарида, шунингдек муаззам “Хамса”нинг деярли ҳар бир достонида бу подшоҳга бағишлаган боблар бор. “Хазойинул маоний”нинг ҳар бир девонидаги талай ғазалларда ҳам Ҳусайн Бойқарони мадҳ этади…

Зуҳриддин Исомиддинов
НАВОИЙ БОЙҚАРОНИ НИМАДАН
ҚАЙТАРИБ ҚОЛГАНДИ?

Алломанинг уммат олдидаги буюк хизмати
005

Ashampoo_Snap_2016.08.23_17h03m38s_014_.pngЗаҳириддин Муҳаммад Бобур 1504 йили – йигирма бир ёшида Ҳисор тоғлари оша Афғонистонга ўтиб, Кобул ва Ғазни вилоятларини эгаллади. 1506 йилда эса Султон Ҳусайн Бойқаронинг таклифи билан Шайбонийхонга қарши курашиш маслаҳати учун Ҳиротга йўл олди, аммо етиб келгунича Хуросон подшоҳи вафот этган эди.

Бобур бу ерда Алишер Навоийнинг уйида бир қанча муддат яшади. Гарчи Ҳиротга келишидан асосий муддаоси Бадиуззамон мирзо ва унинг укаси Музаффар мирзо билан Шайбонийхонга қарши биргалашиб курашиш масаласида келишувга эришиш бўлса-да, ҳар бир масалада синчков бўлган Мирзо Бобур бу ойларда Ҳусайн Бойқаро салтанатининг ички ва ташқи сиёсати, шаҳзодалар ва сарой аъёнларининг тийнати, шаҳарнинг географияси, бу ердаги илмий ва адабий муҳит, хусусан Алишер Навоий ижоди билан чуқур танишди, улар ҳақида “Бобурнома”да қисқа-қисқа қайдлар битиб қолдирди. Бу қайдлар шаклан ихчам бўлишига қарамай, мана беш асрки, ҳамон ўз қийматини йўқотмай келаяпти.

Чунончи, Алишер Навоий ижодига баҳо бераркан, Бобур ёзади: “Алишербек назири йўқ киши эди. То туркий тил билан шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўб ва хўб айтқон эмас” (Алишербек ўхшаши йўқ киши эди. Туркий тилда шеър битиш пайдо бўлганидан бери, ҳеч ким Навоийчалик кўп ва чиройли бита олган эмас).

Очиғини айтганда, Мир Алишер Навоий ижодини ўрганишга умрини бағишлаган юзлаб олимлар, минг-минглаб мухлислар бўлгани ҳолда, ҳеч ким Навоий асарларининг қийматини Бобур мана шу икки жумлада баён қилгани қадар баҳолай олмаган. Бундан ташқари, Бобур туркий шеърият пайдо бўлганидан бери жами ижодкорларни кўзда тутган эди, кароматни қарангки, Навоийдан кейин ўтган яна беш асрлик тарихда ҳам бирон-бир туркий шоир ижодининг кўлами (“кўб”лиги) жиҳатидан ҳам, бадиий савиянинг юксаклиги (“хўб”лиги) жиҳатидан ҳам Навоий даражасига ета олмади.

“Бобурнома”да Алишер Навоийнинг яна бир хизмати ҳам гўё “шунчаки” эслаб ўтилади. Аммо унинг моҳияти шу қадар улуғки, Навоий шоир ва олим сифатида, давлат арбоби ва санъат ҳомийси сифатида, муҳтожлар мададкори ва ободончиликлар ташаббускори сифатида миллат ва тарих олдида нечоғли салмоқли хизмат қилган бўлса, Бобур қайд этган, аммо кўпчиликнинг эътиборига унчалик тушмай келаётган яна бир миссиясининг аҳамияти ҳам буларнинг ҳаммасидан кам эмас.

Гап шундаки, Бобурнинг ёзишича: (Султон Ҳусайн мирзо) аввал тахт олғонда хаёли бор экандурким, дувоздаҳ имомни хутбада ўқутғай. Алишербек ва баъзилар манъ қилибтурлар. Сўнгралар худ жамиъ иш-кучи суннат ва жамоат мазҳаби била мувофиқ эди”. (“Бобурнома”. Тошкент – 1960, 222-бет) (Тахтга ўтирганининг бошларида мамлакат элининг диний эътиқоди бўлган суннийликни бекор қилиб, ўн икки имомни хутбада ўқитиш – шиаликни давлат дини деб жорий қилиш ниятида бўлган экан. Алишербек ва яна баъзи бошқалар ман қилгач, ноилож қолади. Аммо кейинги барча иши ва хатти-ҳаракати аҳли сунна вал жамоат эътиқоди билан мувофиқ эди).

Ўттиз икки ёшида Ҳирот тахтига чиққан ва умрининг охиригача – ўттиз олти йил Хуросон подшоҳи бўлган Султон Ҳусайн мирзо бинни Мирзо Мансур бинни Мирзо Бойқаро бинни Мирзо Умаршайх бинни Амир Темурнинг муракаб шахсияти ҳақида тарихчи ва адабиётшунослар кўп фикр билдиришган. Дарҳақиқат, айнан унинг даврида Хуросон Темурийлар салтанатининг энг тараққий этган ҳудудига айланди, юртда нисбатан осойишталик ҳукм сурди, пойтахт Ҳирот ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида адабиёт, санъат, илм-фан ва маданият гуллаб-яшнади.

Султон Ҳусайн Бойқаро мелодий 1438 йилда туғилган бўлиб, Алишер Навоийдан икки-уч ёш катта эди. Вафоти санаси ҳам 1506 йилга тўғри келиб, Алишер Навоийдан кейин яна беш йил умр кўрди. Демак, Навоий олтмиш йил умр кўрган бўлса, Ҳусайн Бойқаро олтмиш саккиз ёшида вафот этган. Унинг даврида Хуросон мамлакати анча-мунча тараққиётга эришган ва атрофдаги хонликлар у билан ҳисоблашган.

Темурийларнинг йирик вакили бўлган Султон Ҳусайнга катта эътимод билан қараган Алишер Навоий унинг хайрли ишларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Унга атаб қасида ёзган, “Мажолисун нафойис” асарида, шунингдек муаззам “Хамса”нинг деярли ҳар бир достонида бу подшоҳга бағишлаган боблар бор. “Хазойинул маоний”нинг ҳар бир девонидаги талай ғазалларда ҳам Ҳусайн Бойқарони мадҳ этади. Чунончи:

Эй Навоий, дема розисенму умрунг истаса,
Юз менинг умрумча султонимда бўлғай, кошки…

Чунки Навоий Султон Ҳусайндай шоир ва шоҳ сиймосида одил ва фозил ҳукмдорни кўришни орзу қилар, у билан яхши муомалани сақлаб туриш орқали мамлакатнинг тинч-осойишталиги, ободлиги ва маъмурлигига ҳисса қўшиш ниятида бўлган.

Алишер Навоий умрининг охиригача Султон Ҳусайн Бойқаро салтанатини асраш ва унинг куч-қудратини тинимсиз юксалтиришга интилди. Ёш йигит чоғида шаҳзода Ёдгор фитнасини бартараф этиш учун ўлимдан қўрқмай, биринчи бўлиб ёв ичига кириб бориб, фитначиларни қўлга олишда жонбозлик қилган бўлса, вафотидан бир неча ой илгари ота-бола – Султон Ҳусайн Бойқаро билан унинг ўғли Бадиуззамон мирзони яраштириш учун бел боғлаб, бунга эришди.

Алишер Навоий Султон Ҳусайн Бойқаро ва хотинлари, у ва фарзандлари ўртасидаги муносабатларнинг яхши, ибратли томонларини қидириб топишга интилади, подшоҳнинг ўзига мактублар ёзиб, уларда ўгит бериб, маишатни камайтириш, халқ ва омма аҳволидан кўпроқ бохабар бўлишга даъват этса, унинг хотинларига эрнинг доно ва оқила маслаҳатгўйи бўлишни уқтириб, қадимда ўтган подшоҳларнинг номи тилларда достон бўлиб қолган умр йўлдошлари ҳақидаги нақлларни ибрат қилиб келтиради, фарзандларига эса Султон Ҳусайн Бойқародан гарчи хато ва янглишишлар ўтган бўлса ҳам, ота бўлгани боис, уни дилга олмасликка чақиради, насиҳатлар қилади:

Атодин келса хато, билма хато,
Савоб бил дағи хато қилса ато…

Алишер Навоийнинг бундай ташвишлари бежиз эмас эди: у Султон Ҳусайн Бойқаро салтанати ўзининг авж палласига чиқиб бўлгани ва аста-секин таназзулга қараб кетаётгани, бунга эса аввало замона подшоҳининг маишатпарастлиги, дўст билан душманни ажрата олмаслиги, бадкор душманлар сўзига кириб, энг вафодор, садоқатли одамларини маҳв этаётганини, охир-оқибат ўзи ҳам ана ўша бадкорлар томонига ўтиб қолаётганини аён кўриб-билиб турар ва бундан изтиробга тушар эди.

Султон Ҳусайн мирзо, гарчи шахс сифатида мардона, жасур киши бўлса-да, давлат бошлиғи сифатида иродасиз, ҳокимиятни бошқаришдан кўра, у орқали келадиган айш-ишратни афзал кўрадиган шахс бўлган. Салтанат унинг учун истаган ишини қилиш, эл-улус олдида чексиз ҳокимиятга эга бўлиш, одамлар устидан, шаръийми ношаръийми, бундан қатъи назар, ҳукм чиқариш воситаси бўлган. Қолаверса, бунча узоқ муддат бутун бир мамлакат юкини елкасига олиш машаққати ҳам кишини чарчатади, албатта. Шу боис ҳам у йиллар ўтгани сари тождор сифатидаги ўз бурчи ҳамда вазифаларини унутиб, айш-ишратга, майхўрликка берилади: “Аввал тахт олғон маҳалда беш-олти йил тоиб эди. Андин сўнгра ичкуга тушди – қирқ йилга ёвуқким Хуросонда подшоҳ эди, ҳеч кун йўқ эдиким, намози пешиндан сўнг ичмагай” (“Бобурнома”, 222-бет).

Султон Ҳусайннинг ўз невараси Мўмин Мирзони қатл қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекиши бу таназзулнинг кульминацияси бўлса, Навоийни Астробод шаҳрига ҳоким қилиб жўнатиш баҳонаси билан уни Ҳиротдан бадарға қилиши эса бу таназзул орқага қайтмайдиган характерда эканини аён кўрсатди.

Мозий ҳақида, ўтмишда яшаб ўтган у ёки бу тарихий шахс тўғрисида фикр билдириш қалтис масала. Бунда, аввало Расули акрамнинг вафот этганлар ортидан ёмонлаб юрмасликка, мабодо эслаганда яхши жиҳатларини тилга олишга буюрганини ёдда тутиш лозим. Иккинчидан, биз ўша пайтда юз берган ва кишини шундай қарорга келишга мажбур қилган сабабларнинг ҳаммасидан воқиф бўла олмаймизки, бунинг оқибатида бирёқлама ҳукм чиқариб қўйиш мумкин. Аммо тарихни ўрганишдан мақсад – сабоқ олишдир, авлодларга ибрат қилиб кўрсатиш учун эса ўтмишда йўл қўйилган нуқсонларни ҳам таҳлилга тортиш лозим бўлади. Жумладан, Султон Ҳусайн Бойқаронинг салтанат устига келган кунларида шиаликни давлат дини деб эълон қилмоқчи бўлгани масаласини ҳам.

Шу орада мавзуга тааллуқли бир масалага тўхталиб ўтайлик. Баъзилар Султон Ҳусайн мирзонинг шиаликка рағбати бошқаларнинг қутқуси билан юзага келган, деб айтадилар ва унинг хотини Хадичабегим номини далил сифатида тилга оладилар.

Хадичабегим аслида подшоҳ Султон Абусайид мирзонинг хотини эди. 1469 йили Султон Абусайид урушда ўлдирилгач, тахтни эгаллаган Султон Ҳусайн мирзо 19 яшар гўзал Хадичабегимни кўриб қолади ва идда муддати ўтгач, унга уйланади. Кейинчалик Хадичабегим ноз-ишвалари, ўткир ақли ва булардан ҳам аввал мақсадга ўта интилувчан табиати боис, сарой маликаси даражасига етади. Хадичабегим эътиқодда шиа бўлиб, шиаликнинг ҳам энг ашаддий оқими бўлган рофизия эътиқодида эди.

Бобур ҳам буни алоҳида таъкидлайди: “ўзини оқила тутар эди, вале беақл ва пургўй (сергап) хотун эди, рофизия ҳам экандур” (231-бет).

Хадичабегимнинг тарихларда унутилмас мудҳиш ишлари кўп бўлган. Биргина мисол: у ўз ўғли Музаффар мирзо отасидан кейин тахтни эгаллашини истагани учун ҳам, подшоҳнинг аввалги хотинидан бўлган фарзанди Бадиуззамоннинг ўғлини – тахт вориси деб қаралаётган Мўмин мирзони қатл эттиришга эришган.

Аммо назаримизда, Султон Ҳусайннинг бояги нияти юзага келишига Хадичабегимнинг алоқаси йўқдай. Чунки Ҳусайн Бойқаро бу қарорини тахтни эгаллаган дастлабки кунлар ёки ҳафталарда (“аввал тахт олғонда”) амалга оширишга интилган, бу пайтда эса Хадичабегим унинг хотини эмас, бинобарин маслаҳатгўйи ҳам эмас эди. Султон Ҳусайн Бойқаро бу аёлга тахтга чиққанидан кейин камида беш ойдан сўнг уйланган. Эри ўлган аёл учун шаръий идда муддати – камида тўрт ойу ўн кундир. Демак, Хадичабегимнинг истакларини подшоҳ маъқул деб топадиган бўлгунигача бирон йил вақт керак бўлар эди…

Аммо шуниси аниқки, ўша даврда Хуросонда суннийлик ва шиалик мазҳаблари ўртасидаги кураш ниҳоятда кескинлашиб, таҳликали тус олган. 1510 йилда Ҳиротни қўлга киритган Исмоил Сафавий мамлакатда шиаликни давлат дини деб эълон қилишга қарши курашган Алишер Навоийнинг ёнидаги “баъзилар”дан бири бўлган Мавлоно Абдураҳмон Жомийни таҳқирлаш учун “Жомий” тахаллусини ўзгартириб, “Хомий” деб аташни буюради, унинг қабрини очиш ва суякларини сочиб ташлашга фармон беради (тўғри, бир қанча йиллардан сўнг бу ишига афсусланиб, “Мен фариштанинг қабрини буздирибман”, дея бир ғазалида гуноҳини бўйнига олган).

Маълум бўладики, Навоий юрт ичида шиаликни мажбуран жорий эттиришга кескин қарши чиққан. Турган гап, подшоҳнинг амрига қарши туришнинг оқибатини шоир жуда яхши билган. Аммо эътиқодда қатъийлик устун келади, Навоий бутун қадр-қиммати, обрў-эътиборини ўртага тикиб, подшоҳни бу бемаъни қарордан қайтаришга муваффақ бўлади.

…Мактабда ўқитувчиларимиз “Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг ҳаммактаб дўсти бўлган, Бойқаро тахтга чиққанида Навоийни ўзига муҳрдор қилиб олган, муҳрдорлик эса – юксак мартаба: подшоҳ бирон ишга фармон берса, муҳрдор истаса унга муҳр қўйган, муҳр босмаса, фармон йўққа чиққан”, деб ўқитишган эди. Албатта, муаллимларимизнинг бу фикрлари бизга гўзал эртакдай туйилар, нафақат Навоийга, балки ўша бағри кенг замона подшоҳига ҳам ихлосимиз ортар эди. Аммо кейинчалик, дорилфунунда ўқир эканмиз, муҳрдорлик – девонхона мудири дегандай гап, кимнинг ҳадди бор султонга қарши чиқиб, унинг фармонига муҳр босмасликка, деб уқтиришди. Эҳтимол, бу тўғрироқдир, аммо нима учундир, ҳатто ҳозир ҳам мактабдаги ўша гапларга ишонгим келади. Ким билади, “муқаррибус султон” (султоннинг энг яқин кишиси) унвонини олган Навоийда подшоҳнинг у ёки бу фармонини ман қилиш ҳуқуқи бўлгандир. Зеро Султон Ҳусайн Бойқаронинг табиатида ана шундай жўмардлик ҳам бор эди: қийин вақтларда ёнида бўлган Музаффар барлос деган содиқ бир амирга нимаики мол-мулкни қўлга киритса, учдан бир қисмини беришга шартлашгани ва унга амал қилгани маълум. Болаликдан ҳаммактаб дўсти бўлган Навоийнинг ақлу заковатига эътимоди туфайли султон унга шундай ваколат берган бўлса, не ажаб?

Хуллас, Алишер Навоий ва унингш сафида бўлган фидойи инсонларнинг жиддий қаршилигидан сўнг Султон Ҳусайн мирзо фикридан қайтади. Шу билан мамлакат аҳлинининг аксар қисмини бошқа мазҳабга ўтказиш асносида эл ичида чиқадиган ғулу ва қўзғалонларнинг олди олинади, минг-минглаб кишиларнинг ўзаро тўқнашуви оқибатида юз берадиган можаролар бартараф бўлади.

Башарти, Темурийлардан бири идора қилаётган йирик давлатда шиаликнинг жорий бўлса, ён-атрофдаги бошқа мамлакатлар, хусусан Мовароуннаҳр билан тинч-осойишта муносабатда бўлиш имконияти ҳам йўққа чиқар эди. Демак, амир Алишер Навоий нафақат бир мамлакат одамлари ичидаги ҳамда давлат билан раият орасидаги, балки мамлакатлараро урушларнинг олдини олишга ҳам жидду жаҳд қилади. Мутафаккир шоирнинг шу хизмати билан халқнинг бир қисми бу, иккинчи қисми эса бошқа эътиқодга амал қилиб, бунинг орқасида доимий можаролашишдан ҳам эмин бўлди. Маълум бўладики, ҳозирда аҳамияти унча сезилмайдиган, аммо бениҳоя улуғ шу саъй-ҳаракати билан Алишер Навоий туркий (ўзбек) халқининг ва шу заминда азалдан истиқомат қилиб келаётган бошқа халқларни ҳам охири кўринмайдиган урушлар ва хунрезликларнинг олдини олган, халқ халоскори бўла олган арбобдир.

Манба: www.tafsilot.uz

Zuhriddin Isomiddinov
NAVOIY BOYQARONI NIMADAN
QAYTARIB QOLGANDI?
Allomaning ummat oldidagi buyuk xizmati
005

0-143.jpgZahiriddin Muhammad Bobur 1504 yili – yigirma bir yoshida Hisor tog‘lari osha Afg‘onistonga o‘tib, Kobul va G‘azni viloyatlarini egalladi. 1506 yilda esa Sulton Husayn Boyqaroning taklifi bilan Shayboniyxonga qarshi kurashish maslahati uchun Hirotga yo‘l oldi, ammo yetib kelgunicha Xuroson podshohi vafot etgan edi.

Bobur bu yerda Alisher Navoiyning uyida bir qancha muddat yashadi. Garchi Hirotga kelishidan asosiy muddaosi Badiuzzamon mirzo va uning ukasi Muzaffar mirzo bilan Shayboniyxonga qarshi birgalashib kurashish masalasida kelishuvga erishish bo‘lsa-da, har bir masalada sinchkov bo‘lgan Mirzo Bobur bu oylarda Husayn Boyqaro saltanatining ichki va tashqi siyosati, shahzodalar va saroy ayonlarining tiynati, shaharning geografiyasi, bu yerdagi ilmiy va adabiy muhit, xususan Alisher Navoiy ijodi bilan chuqur tanishdi, ular haqida “Boburnoma”da qisqa-qisqa qaydlar bitib qoldirdi. Bu qaydlar shaklan ixcham bo‘lishiga qaramay, mana besh asrki, hamon o‘z qiymatini yo‘qotmay kelayapti.

Chunonchi, Alisher Navoiy ijodiga baho berarkan, Bobur yozadi: “Alisherbek naziri yo‘q kishi edi. To turkiy til bilan she’r aytibdurlar, hech kim oncha ko‘b va xo‘b aytqon emas” (Alisherbek o‘xshashi yo‘q kishi edi. Turkiy tilda she’r bitish paydo bo‘lganidan beri, hech kim Navoiychalik ko‘p va chiroyli bita olgan emas).

Ochig‘ini aytganda, Mir Alisher Navoiy ijodini o‘rganishga umrini bag‘ishlagan yuzlab olimlar, ming-minglab muxlislar bo‘lgani holda, hech kim Navoiy asarlarining qiymatini Bobur mana shu ikki jumlada bayon qilgani qadar baholay olmagan. Bundan tashqari, Bobur turkiy she’riyat paydo bo‘lganidan beri jami ijodkorlarni ko‘zda tutgan edi, karomatni qarangki, Navoiydan keyin o‘tgan yana besh asrlik tarixda ham biron-bir turkiy shoir ijodining ko‘lami (“ko‘b”ligi) jihatidan ham, badiiy saviyaning yuksakligi (“xo‘b”ligi) jihatidan ham Navoiy darajasiga yeta olmadi.

“Boburnoma”da Alisher Navoiyning yana bir xizmati ham go‘yo “shunchaki” eslab o‘tiladi. Ammo uning mohiyati shu qadar ulug‘ki, Navoiy shoir va olim sifatida, davlat arbobi va san’at homiysi sifatida, muhtojlar madadkori va obodonchiliklar tashabbuskori sifatida millat va tarix oldida nechog‘li salmoqli xizmat qilgan bo‘lsa, Bobur qayd etgan, ammo ko‘pchilikning e’tiboriga unchalik tushmay kelayotgan yana bir missiyasining ahamiyati ham bularning hammasidan kam emas.

Gap shundaki, Boburning yozishicha: (Sulton Husayn mirzo) avval taxt olg‘onda xayoli bor ekandurkim, duvozdah imomni xutbada o‘qutg‘ay. Alisherbek va ba’zilar man’ qilibturlar. So‘ngralar xud jami’ ish-kuchi sunnat va jamoat mazhabi bila muvofiq edi”. (“Boburnoma”. Toshkent – 1960, 222-bet) (Taxtga o‘tirganining boshlarida mamlakat elining diniy e’tiqodi bo‘lgan sunniylikni bekor qilib, o‘n ikki imomni xutbada o‘qitish – shialikni davlat dini deb joriy qilish niyatida bo‘lgan ekan. Alisherbek va yana ba’zi boshqalar man qilgach, noiloj qoladi. Ammo keyingi barcha ishi va xatti-harakati ahli sunna val jamoat e’tiqodi bilan muvofiq edi).

O‘ttiz ikki yoshida Hirot taxtiga chiqqan va umrining oxirigacha – o‘ttiz olti yil Xuroson podshohi bo‘lgan Sulton Husayn mirzo binni Mirzo Mansur binni Mirzo Boyqaro binni Mirzo Umarshayx binni Amir Temurning murakab shaxsiyati haqida tarixchi va adabiyotshunoslar ko‘p fikr bildirishgan. Darhaqiqat, aynan uning davrida Xuroson Temuriylar saltanatining eng taraqqiy etgan hududiga aylandi, yurtda nisbatan osoyishtalik hukm surdi, poytaxt Hirot va mamlakatning boshqa shaharlarida adabiyot, san’at, ilm-fan va madaniyat gullab-yashnadi.

Sulton Husayn Boyqaro melodiy 1438 yilda tug‘ilgan bo‘lib, Alisher Navoiydan ikki-uch yosh katta edi. Vafoti sanasi ham 1506 yilga to‘g‘ri kelib, Alisher Navoiydan keyin yana besh yil umr ko‘rdi. Demak, Navoiy oltmish yil umr ko‘rgan bo‘lsa, Husayn Boyqaro oltmish sakkiz yoshida vafot etgan. Uning davrida Xuroson mamlakati ancha-muncha taraqqiyotga erishgan va atrofdagi xonliklar u bilan hisoblashgan.

Temuriylarning yirik vakili bo‘lgan Sulton Husaynga katta e’timod bilan qaragan Alisher Navoiy uning xayrli ishlarini har jihatdan qo‘llab-quvvatlagan. Unga atab qasida yozgan, “Majolisun nafoyis” asarida, shuningdek muazzam “Xamsa”ning deyarli har bir dostonida bu podshohga bag‘ishlagan boblar bor. “Xazoyinul maoniy”ning har bir devonidagi talay g‘azallarda ham Husayn Boyqaroni madh etadi. Chunonchi:

Ey Navoiy, dema rozisenmu umrung istasa,
Yuz mening umrumcha sultonimda bo‘lg‘ay, koshki…

Chunki Navoiy Sulton Husaynday shoir va shoh siymosida odil va fozil hukmdorni ko‘rishni orzu qilar, u bilan yaxshi muomalani saqlab turish orqali mamlakatning tinch-osoyishtaligi, obodligi va ma’murligiga hissa qo‘shish niyatida bo‘lgan.

Alisher Navoiy umrining oxirigacha Sulton Husayn Boyqaro saltanatini asrash va uning kuch-qudratini tinimsiz yuksaltirishga intildi. Yosh yigit chog‘ida shahzoda Yodgor fitnasini bartaraf etish uchun o‘limdan qo‘rqmay, birinchi bo‘lib yov ichiga kirib borib, fitnachilarni qo‘lga olishda jonbozlik qilgan bo‘lsa, vafotidan bir necha oy ilgari ota-bola – Sulton Husayn Boyqaro bilan uning o‘g‘li Badiuzzamon mirzoni yarashtirish uchun bel bog‘lab, bunga erishdi.

Alisher Navoiy Sulton Husayn Boyqaro va xotinlari, u va farzandlari o‘rtasidagi munosabatlarning yaxshi, ibratli tomonlarini qidirib topishga intiladi, podshohning o‘ziga maktublar yozib, ularda o‘git berib, maishatni kamaytirish, xalq va omma ahvolidan ko‘proq boxabar bo‘lishga da’vat etsa, uning xotinlariga erning dono va oqila maslahatgo‘yi bo‘lishni uqtirib, qadimda o‘tgan podshohlarning nomi tillarda doston bo‘lib qolgan umr yo‘ldoshlari haqidagi naqllarni ibrat qilib keltiradi, farzandlariga esa Sulton Husayn Boyqarodan garchi xato va yanglishishlar o‘tgan bo‘lsa ham, ota bo‘lgani bois, uni dilga olmaslikka chaqiradi, nasihatlar qiladi:

Atodin kelsa xato, bilma xato,
Savob bil dag‘i xato qilsa ato…

Alisher Navoiyning bunday tashvishlari bejiz emas edi: u Sulton Husayn Boyqaro saltanati o‘zining avj pallasiga chiqib bo‘lgani va asta-sekin tanazzulga qarab ketayotgani, bunga esa avvalo zamona podshohining maishatparastligi, do‘st bilan dushmanni ajrata olmasligi, badkor dushmanlar so‘ziga kirib, eng vafodor, sadoqatli odamlarini mahv etayotganini, oxir-oqibat o‘zi ham ana o‘sha badkorlar tomoniga o‘tib qolayotganini ayon ko‘rib-bilib turar va bundan iztirobga tushar edi.

Sulton Husayn mirzo, garchi shaxs sifatida mardona, jasur kishi bo‘lsa-da, davlat boshlig‘i sifatida irodasiz, hokimiyatni boshqarishdan ko‘ra, u orqali keladigan aysh-ishratni afzal ko‘radigan shaxs bo‘lgan. Saltanat uning uchun istagan ishini qilish, el-ulus oldida cheksiz hokimiyatga ega bo‘lish, odamlar ustidan, shar’iymi noshar’iymi, bundan qat’i nazar, hukm chiqarish vositasi bo‘lgan. Qolaversa, buncha uzoq muddat butun bir mamlakat yukini yelkasiga olish mashaqqati ham kishini charchatadi, albatta. Shu bois ham u yillar o‘tgani sari tojdor sifatidagi o‘z burchi hamda vazifalarini unutib, aysh-ishratga, mayxo‘rlikka beriladi: “Avval taxt olg‘on mahalda besh-olti yil toib edi. Andin so‘ngra ichkuga tushdi – qirq yilga yovuqkim Xurosonda podshoh edi, hech kun yo‘q edikim, namozi peshindan so‘ng ichmagay” (“Boburnoma”, 222-bet).

Sulton Husaynning o‘z nevarasi Mo‘min Mirzoni qatl qilish to‘g‘risidagi farmonga imzo chekishi bu tanazzulning kulminatsiyasi bo‘lsa, Navoiyni Astrobod shahriga hokim qilib jo‘natish bahonasi bilan uni Hirotdan badarg‘a qilishi esa bu tanazzul orqaga qaytmaydigan xarakterda ekanini ayon ko‘rsatdi.

Moziy haqida, o‘tmishda yashab o‘tgan u yoki bu tarixiy shaxs to‘g‘risida fikr bildirish qaltis masala. Bunda, avvalo Rasuli akramning vafot etganlar ortidan yomonlab yurmaslikka, mabodo eslaganda yaxshi jihatlarini tilga olishga buyurganini yodda tutish lozim. Ikkinchidan, biz o‘sha paytda yuz bergan va kishini shunday qarorga kelishga majbur qilgan sabablarning hammasidan voqif bo‘la olmaymizki, buning oqibatida biryoqlama hukm chiqarib qo‘yish mumkin. Ammo tarixni o‘rganishdan maqsad – saboq olishdir, avlodlarga ibrat qilib ko‘rsatish uchun esa o‘tmishda yo‘l qo‘yilgan nuqsonlarni ham tahlilga tortish lozim bo‘ladi. Jumladan, Sulton Husayn Boyqaroning saltanat ustiga kelgan kunlarida shialikni davlat dini deb e’lon qilmoqchi bo‘lgani masalasini ham.

Shu orada mavzuga taalluqli bir masalaga to‘xtalib o‘taylik. Ba’zilar Sulton Husayn mirzoning shialikka rag‘bati boshqalarning qutqusi bilan yuzaga kelgan, deb aytadilar va uning xotini Xadichabegim nomini dalil sifatida tilga oladilar.

Xadichabegim aslida podshoh Sulton Abusayid mirzoning xotini edi. 1469 yili Sulton Abusayid urushda o‘ldirilgach, taxtni egallagan Sulton Husayn mirzo 19 yashar go‘zal Xadichabegimni ko‘rib qoladi va idda muddati o‘tgach, unga uylanadi. Keyinchalik Xadichabegim noz-ishvalari, o‘tkir aqli va bulardan ham avval maqsadga o‘ta intiluvchan tabiati bois, saroy malikasi darajasiga yetadi. Xadichabegim e’tiqodda shia bo‘lib, shialikning ham eng ashaddiy oqimi bo‘lgan rofiziya e’tiqodida edi.

Bobur ham buni alohida ta’kidlaydi: “o‘zini oqila tutar edi, vale beaql va purgo‘y (sergap) xotun edi, rofiziya ham ekandur” (231-bet).

Xadichabegimning tarixlarda unutilmas mudhish ishlari ko‘p bo‘lgan. Birgina misol: u o‘z o‘g‘li Muzaffar mirzo otasidan keyin taxtni egallashini istagani uchun ham, podshohning avvalgi xotinidan bo‘lgan farzandi Badiuzzamonning o‘g‘lini – taxt vorisi deb qaralayotgan Mo‘min mirzoni qatl ettirishga erishgan.

Ammo nazarimizda, Sulton Husaynning boyagi niyati yuzaga kelishiga Xadichabegimning aloqasi yo‘qday. Chunki Husayn Boyqaro bu qarorini taxtni egallagan dastlabki kunlar yoki haftalarda (“avval taxt olg‘onda”) amalga oshirishga intilgan, bu paytda esa Xadichabegim uning xotini emas, binobarin maslahatgo‘yi ham emas edi. Sulton Husayn Boyqaro bu ayolga taxtga chiqqanidan keyin kamida besh oydan so‘ng uylangan. Eri o‘lgan ayol uchun shar’iy idda muddati – kamida to‘rt oyu o‘n kundir. Demak, Xadichabegimning istaklarini podshoh ma’qul deb topadigan bo‘lgunigacha biron yil vaqt kerak bo‘lar edi…

Ammo shunisi aniqki, o‘sha davrda Xurosonda sunniylik va shialik mazhablari o‘rtasidagi kurash nihoyatda keskinlashib, tahlikali tus olgan. 1510 yilda Hirotni qo‘lga kiritgan Ismoil Safaviy mamlakatda shialikni davlat dini deb e’lon qilishga qarshi kurashgan Alisher Navoiyning yonidagi “ba’zilar”dan biri bo‘lgan Mavlono Abdurahmon Jomiyni tahqirlash uchun “Jomiy” taxallusini o‘zgartirib, “Xomiy” deb atashni buyuradi, uning qabrini ochish va suyaklarini sochib tashlashga farmon beradi (to‘g‘ri, bir qancha yillardan so‘ng bu ishiga afsuslanib, “Men farishtaning qabrini buzdiribman”, deya bir g‘azalida gunohini bo‘yniga olgan).

Ma’lum bo‘ladiki, Navoiy yurt ichida shialikni majburan joriy ettirishga keskin qarshi chiqqan. Turgan gap, podshohning amriga qarshi turishning oqibatini shoir juda yaxshi bilgan. Ammo e’tiqodda qat’iylik ustun keladi, Navoiy butun qadr-qimmati, obro‘-e’tiborini o‘rtaga tikib, podshohni bu bema’ni qarordan qaytarishga muvaffaq bo‘ladi.

…Maktabda o‘qituvchilarimiz “Alisher Navoiy Husayn Boyqaroning hammaktab do‘sti bo‘lgan, Boyqaro taxtga chiqqanida Navoiyni o‘ziga muhrdor qilib olgan, muhrdorlik esa – yuksak martaba: podshoh biron ishga farmon bersa, muhrdor istasa unga muhr qo‘ygan, muhr bosmasa, farmon yo‘qqa chiqqan”, deb o‘qitishgan edi. Albatta, muallimlarimizning bu fikrlari bizga go‘zal ertakday tuyilar, nafaqat Navoiyga, balki o‘sha bag‘ri keng zamona podshohiga ham ixlosimiz ortar edi. Ammo keyinchalik, dorilfununda o‘qir ekanmiz, muhrdorlik – devonxona mudiri deganday gap, kimning haddi bor sultonga qarshi chiqib, uning farmoniga muhr bosmaslikka, deb uqtirishdi. Ehtimol, bu to‘g‘riroqdir, ammo nima uchundir, hatto hozir ham maktabdagi o‘sha gaplarga ishongim keladi. Kim biladi, “muqarribus sulton” (sultonning eng yaqin kishisi) unvonini olgan Navoiyda podshohning u yoki bu farmonini man qilish huquqi bo‘lgandir. Zero Sulton Husayn Boyqaroning tabiatida ana shunday jo‘mardlik ham bor edi: qiyin vaqtlarda yonida bo‘lgan Muzaffar barlos degan sodiq bir amirga nimaiki mol-mulkni qo‘lga kiritsa, uchdan bir qismini berishga shartlashgani va unga amal qilgani ma’lum. Bolalikdan hammaktab do‘sti bo‘lgan Navoiyning aqlu zakovatiga e’timodi tufayli sulton unga shunday vakolat bergan bo‘lsa, ne ajab?

Xullas, Alisher Navoiy va uningsh safida bo‘lgan fidoyi insonlarning jiddiy qarshiligidan so‘ng Sulton Husayn mirzo fikridan qaytadi. Shu bilan mamlakat ahlinining aksar qismini boshqa mazhabga o‘tkazish asnosida el ichida chiqadigan g‘ulu va qo‘zg‘alonlarning oldi olinadi, ming-minglab kishilarning o‘zaro to‘qnashuvi oqibatida yuz beradigan mojarolar bartaraf bo‘ladi.

Basharti, Temuriylardan biri idora qilayotgan yirik davlatda shialikning joriy bo‘lsa, yon-atrofdagi boshqa mamlakatlar, xususan Movarounnahr bilan tinch-osoyishta munosabatda bo‘lish imkoniyati ham yo‘qqa chiqar edi. Demak, amir Alisher Navoiy nafaqat bir mamlakat odamlari ichidagi hamda davlat bilan raiyat orasidagi, balki mamlakatlararo urushlarning oldini olishga ham jiddu jahd qiladi. Mutafakkir shoirning shu xizmati bilan xalqning bir qismi bu, ikkinchi qismi esa boshqa e’tiqodga amal qilib, buning orqasida doimiy mojarolashishdan ham emin bo‘ldi. Ma’lum bo‘ladiki, hozirda ahamiyati uncha sezilmaydigan, ammo benihoya ulug‘ shu sa’y-harakati bilan Alisher Navoiy turkiy (o‘zbek) xalqining va shu zaminda azaldan istiqomat qilib kelayotgan boshqa xalqlarni ham oxiri ko‘rinmaydigan urushlar va xunrezliklarning oldini olgan, xalq xaloskori bo‘la olgan arbobdir.

Manba: www.tafsilot.uz

003

(Tashriflar: umumiy 592, bugungi 1)

Izoh qoldiring