Бу шифохонада кундузлари ҳам жуда сокин кечади. Бу ерда асосан мартабали ва нишондор кишилар ётиб даволанишади ва улар кўпинча касал бўлганликлари учун эмас, касал бўлмаслик учун ҳар ярим йилда ўн-ўн беш кун ётиб, турли текширувлардан ўтишади, дам олишади. Уларнинг ўзлари ҳам, изидан келувчилар ҳам касалхона тартибларини жуда ҳурмат қилишади, унда-мунда йўлакка чиқиб қолишса ҳам юмшоққина шиппакларда оёққиналарининг учида оҳистагина юриб, бир-бирлари билан ярим овозда гаплашишади…
Жамила ЭРГАШЕВА
ИККИ ҲИКОЯ
Жамила Эргашева Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика куллиётини тугатиб, “Сурхон тонги ”, “Аёл ва замон”газеталарида ишлаган. “Изҳор”, “Интиқом”, “Таназзул”, “Аёл жодуси”, “Зулфизар”, “Қир устидаги аёл”, “Шом шафағи жилвалари ” номли қисса, ҳикоялар жамланган китоблари чоп этилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Бисмиллоҳи раҳмони раҳим
УЧРАШУВ
Шифохона бинолари қуюқ дарахтзорлар орасида жойлашгани учун туни билан чигирткаларнинг чириллашидан қулоқлар қоматга келади. Саҳарга яқин уларнинг овозини қушларнинг чуғурлаши босиб кетади. Йўлаклари сутдек оппоқ нурга чўмилиб ётган шифохона эса митти жониворларнинг бу шовқин-суронига бутунлай бепарво, мудраб тонгни кутади. Аслида бу шифохонада кундузлари ҳам жуда сокин кечади. Бу ерда асосан мартабали ва нишондор кишилар ётиб даволанишади ва улар кўпинча касал бўлганликлари учун эмас, касал бўлмаслик учун ҳар ярим йилда ўн-ўн беш кун ётиб, турли текширувлардан ўтишади, дам олишади. Уларнинг ўзлари ҳам, изидан келувчилар ҳам касалхона тартибларини жуда ҳурмат қилишади, унда-мунда йўлакка чиқиб қолишса ҳам юмшоққина шиппакларда оёққиналарининг учида оҳистагина юриб, бир-бирлари билан ярим овозда гаплашишади.
Узун ва ораста йўлаклар, одам бўйидан икки баравар баланд, доимо ёпиқ турадиган эшик ортидаги хоналар узра қалқиб турувчи бу сокинликни фақат бир одам – бош шифокорнинг биринчи ўринбосари гурсиллаган қадам товушлари билан бузиб, янчиб юраверарди. Ҳамшира қизлар берадиган гурунгларга қараганда унинг бу “тартибсиз”лиги шифохонанинг йиғилишларида жуда кўп марта муҳокама ҳам қилинган, бош шифокор “Ҳаким Сатторович, бу ер шифохона. Бу ерда қанақа контенгент ётиб, даволанишини яхши биласиз. Сал у ёқ- бу ёғингизга қараб юринг, эл қатори шиппак кийинг. Туфлингизнинг овози ҳамманинг тинчини бузаяпти” деб кўп марта айтган. У эса “хо-хо”лаб кулиб, “Даврон Бердиқулович! Мен мушук эмасман-ку овоз чиқармай юрадиган. Мен одамман, шифокорман. Беморларимнинг атрофида айланиб ётган инсу жинсларни ҳуркитиб юрмасам бўлмайди-да”, дер экан. Бош шифокор “Шиппак, шиппак…” деб минғирлайверган экан, охири “Ака, кет, десангиз, кетайин, лекин мен шим билан шиппак киймайман, бу менинг имиджимга тўғри келмайди”, дебди.
“Лекин Ҳаким Сатторовичнинг билими зўр. Ҳамма унга кўринишни истайди. Бош шифокоримиз ҳам ҳамма танишларини шу кишига кўрсатади”, дейишарди қизлар.
Бош шифокорнинг кўрсатмаси биланми, ёки шунчаки тасоддиф туфайлими, вилоятнинг машҳур гимнастикачи қизи, айни пайтда вилоят маданият бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган – Алия Шодиметова айнан шу хушсурат, ўктам шифокор йигит — Ҳаким Сатторович қарайдиган палатага тушиб қолди. Ким-кимлар бир марта кўринишга зор бўлган шифокор унинг ёнига кунига ўн марта киради: “Қани-и, Алияхоним, тузукмисиз?”. Ўзиям кун ора навбатчиликда туради, айни саҳар пайти, атай унга қараш учун келиб ётган онаси палатани бошига кўтарганча хуррак отиб, уйқуни ураётган пайти ҳам эшикни секингина очиб, кириб келади-да, бамайлихотир тунчироқни ёқиб, унинг қон босимини ўлчайди, юрагини эшитиб кўради, чойшабнинг бир четини кўтариб бутун аъзойи баданини эгаллаб олган тошмаларига қарайди. Кетаётиб, бемалол уйқусини давом эттираётган онасига бир қараб, сўнг Алияга ҳазилнамо кўз қисиб қўяди: “Сиз ҳам ухланг”.
У хонадан чиқиб кетгач, Алия — беш ёшидан буён ярим яланғоч ҳолда эл оралаб юрган сарвқомат гимнастикачи – анчагача қон босимини ўлчаётган пайт, юрагини эшитаётган пайт баданига теккан қўлларининг тафтини, ҳатто устига энгашган дам юзига урилган иссиқ нафасини ҳис этиб ётади. Унинг ортидан қоладиган атир ҳиди ажиб дашт гулларини ёдга солади, кўнгли ҳам бепоён даштлардек ҳувуллаб қолади. Сўнг беихтиёр эшикка тикилиб, уни яна кута бошлайди. Йўлакдан эшитилаётган гурсиллаган қадам товушлари, залворли эшикларнинг оғир ғийқиллаб очилиб-ёпилишлари бора-бора асабини буза бошлайди. Кейин ётган жойида ўзининг устидан кулади: “Ҳей, ўн саккиз яшар қизмисан? Бунча ҳаяжонланмасанг? У, шунчаки вазифасини бажараяпти, холос. Сенга бирон сўз деган, ёки бирон ишора қилган бўлмаса…
Қолаверса, шундай ақлли, билимли йигит уч боласини қўйиб, ёши ўттизга етган бир қари қиз билан ҳаётини қайтадан бошлармиди? Бу ивирсиқ ҳаётда шундан бошқа тузукроқ машғулот йўқми? Ўзи-чи, ўзи? Ўзи ҳам ҳеч қачон ҳеч кимнинг бундай қурбонлик беришига йўл қўярмиди? Ҳеч қачон!..”. Лекин унинг ихтиёри аллақачон ўзидан кетган, на тийиқсиз хаёллар тизгинини, на эшикка қараб мўлтираб тураверадиган кўнглини бошқара олмас эди. Ҳар қанча ўзини урушса ҳам, у йўқ пайти уни кутаверади, келган дам ҳаяжонини зўрға ичига ютади.
Йигити тушмагур ҳам атай қилгандек эрталаб уст-бошини ҳам алмаштирмасдан қиличдек бўлиб костюм-шимларда тўғри унинг хонасига кирар, кетгунича ҳам бир кириб, аҳвол сўраб кетар эди. Тўғри, Алиянинг аҳволи анча оғир эди. Шифохонага тушганига бир ҳафта бўлибди ҳамки, баданини босиб кетган тошманинг на асл сабабини топа олишди, на уни қайтара олишди. Текширишди, маслаҳатлар қилишди, бошқа шифохоналардан мутахассислар чақириб кўрсатишди, билган бор илму амалларини қилиб кўришди, аммо тирсагидан тангадеккина бўлиб бошланган тошма ҳамма жойини босиб, қулоқларининг ичи, тилининг учигача тошиб кетди, қайтмади. Қишлоқдаги момогинаси “бу эшак еми-ку, иримини қилмаса, қайтмайди”, деб отасини қистай-қистай, машинага бир эшакни юклаб, уч ҳовуч арпа бериб, шаҳарнинг қоқ ўртасида жойлашган касалхонага жўнатибди: “Арпани этагига солиб, эшакка едирсин”. Уни бир амаллаб аравачага ўтирғизиб, эшакнинг ёнига чиқаришди-ю, аммо машина устида 30-40 чақирим юриб ўзини йўқотиб қўйган эшак, иззат-икром билан этакларида тутган арпани ҳидлаб ҳам кўрмади. Тошма ҳам қайтмади.
Бир ҳафта ўтгач, Ҳаким Сатторович янги дори бошлатди: “Буям бир таваккал, ҳеч нарса қилмасдан қараб тура олмайман-ку, ахир. Лекин негадир ижобий самара беришига кўнглим ишониб турибди”. У энгашиб, Алиянинг қўлларини оҳистагина сиқиб қўйди: “Сиз ҳам ишонинг, албатта ҳаммаси яхши бўлади”.
Дард уни бутунлай ҳолдан тойдирган, қон босими пасайиб кетган, назарида юраги ҳам ярадор қушчадек зўрға уриб турарди. Унинг қароқларига ёш қалқди: Агар шу инсон қўлларидан тутса… жаҳаннамга ҳам боришга тайёр эди у. Ўлса, шу йигит учун, унинг қўлларидан тутган ҳолда ўлса!.. Яшаса, шу йигит учун, шу йигитнинг қўлларидан тутмоқ учун яшаса!..
Доктор унинг қўлларини қаттиқроқ сиқди: “Биргалашиб Аллоҳдан сўраймиз, ҳаммаси яхши бўлади. Сиз менга ишонинг”. Алиянинг назарида унинг овози титраб кетди, кўзлари ҳам намлангандек бўлди. У бошқа ҳеч нарса демади, тез-тез юриб хонадан чиқиб кетди.
Бир пасдан кейин бош шифокорнинг ўзи кирди. Даволовчи шифокор ҳар кирганида бир талаб чиқараётган онаси энди унга жовуллаб кетди: “Мен сизларни тушунмаяпман. Сизлар учун инсон ҳаёти ҳеч қандай қимматга эга эмасми? Кечагина иш бошлаган бир йигит менинг қизимнинг устида интуициясига ишониб, тажриба ўтказмоқчи. Сиз эса индамай қараб, томошабин бўлиб ўтирибсиз. Тиббиёт аниқ фан, аниқ илмга асосланган соҳа, унда интуиция эмас, илм, тажриба муҳим. Қўлларингдан келмаса, жавоб беринглар, Тошкентга олиб кетамиз”.
Бош шифокор юпатмоқчи бўлгандек унинг елкаларига қоқди: “Альфия опа! Мен сизни тушуниб турибман. Лекин сиз ҳам мени тушунинг ва ишонинг. Биринчидан, докторингиз жуда билимли мутахассис, иккинчидан бу касалликни ҳамма жойда, ҳатто Америкада ҳам биз даволаган усулда даволайди. Дунёда даво усуллари ҳеч қачон сир сақланмайди, бу мумкин эмас. Қўлимиздан келган ҳамма ишни қилаяпмиз. Худо хоҳласа, бугун-эрта ижобий натижаларга эришиб қолсак ажаб эмас”.
Альфия опа яна жовуллади: “Ана, кўрдингизми! Қилаётган ишингизнинг натижасига ўзингиз ҳам ишонмайсиз. “Эришиб қолсак, ажаб эмас” эмиш. Менга бундай мужмал гап керак эмас, менга “Албатта эришамиз” дейдиган доктор керак!”
Бош шифокор бир муддат жим қолди. Сўнг она-болага бир-бир қараб, ҳамон ёқасидан олишга ҳам тайёрдек хезланиб турган опага юзланди: “Опа, касалнинг бошида туриб бекордан бекорга паника қилманг. Сиз сўраётган гапни ҳеч қачон ҳеч қандай доктор айта олмайди. Энг улуғ шифокор Аллоҳнинг ўзи, бизлар бир сабабчилармиз, холос. Сабрли бўлиш керак”.
Янги муолажанинг фойдасини Алия кечга яқин ҳис қилди: аъзои баданидаги куйишиш бироз пасайгандек эди. Унгача юз марта унинг ёнига кириб, “Яхши-и-и”, деган доимий жавобидан руҳи тушиб кетган Ҳаким Сатторович унинг “Негадир тошмаларим куйишмаётгандек” деганини эшитиб, кўзлари чақнаб кетди: “Ростданми?!”. У дарҳол чойшабни тиззасигача кўтариб, диққат билан баданига разм солди, сўнг билакларини очиб кўрди: “Есть!”, суюнганидан ёш болалардек битта товонида туриб, паркет полда “чир” айланди ва деярли югурган ҳолатда ташқарига чиқиб кетди.
У ўша кеча навбатчи бўлмаса ҳам ярим тунда касалхонага Алияни кўргани келди. Йўлакда унинг гурсиллаган қадам товушларини эшитиб, Алиянинг юраги ҳапқириб кетди. У хонага димоғида қандайдир шўх куйни ҳиргойи қилганча кириб келди: “Сира ухлай олмадим. Сизни бир кўриб кетмасам бўлмас эди”.
У яна Алиянинг тошмаларини бир карра кўздан кечирди, қон босимини ўлчади, юракларини эшитиб кўрди, сўнг ўз-ўзидан мамнун бир ҳолатда хона четида турган стулни олиб, оёқларини чалкаштирганча ўтириб, Альфия опа билан дарвозаларининг олдига кимдир ташлаб кетган кичкинагина кучукча, унинг қанчалар ширинлиги, қандай овқатланиши, қандай югуриши, қандай думалаши, энди шу кучукчани ўзлари боқиб олишга қарор қилганликлари ҳақида гурунглашди. Кетаётиб, Алияни танқид қилиб қўйди: “Бу қизингизнинг луғатида “яхши” деган сўздан бошқа сўз йўқ, шекилли. Жуда зерикиб кетмадингизми у билан ётиб? Лекин менинг юракларим қон бўлиб кетди-ей. Ўзи ўлай деб ётибди, қандайсиз, десам, “яхши-и”, дейди. Уни деб бутун касалхона хавотирда оёққа турган, бунга қандайсиз, деса, яна “яхши-и-и”, дейди. Қойил-е!”
Қизининг аҳволи ўнглана бошлаганидан мамнун она ҳам кулимсираб унинг фикрини маъқуллайди: “Ҳа, рост айтасиз, бу билан бир соат бирга ўтирган одамнинг юраги “тарс” ёрилиб кетса керак. Она бўлганингиздан кейин чидар экансиз-да. Лекин унинг шундай бўлишига ўзим сабабчиман, мактабда ҳамма фанлардан бешга ўқирди, қайси институтга топширса ҳам кириб кетарди. Бу боғча ёшидан гимнастикага қатнади, қадди-қомати ҳам гимнастикага мос эди, гимнастикачи бўлади, деб туриб олдим. Момолари билан, дадаси билан талашиб-талашиб, гимнастикачи қилдим. Қайнонам “Тотарлигингга бординг”, деб хафа бўлди. Мен “Тотарлигимни юзимга солдингиз” деб хафа бўлдим. Барибир айтганимдан қайтмадим. Гимнастикачи қилиб-ку, ютқизганимиз йўқ. Касбининг ортидан дунё кезди, обрў-эътибор топди. Бугун ҳам вилоятда шу соҳа бўйича ягона мураббий. Аммо яна бир томони бор, гимнастикачилар, кўряпсиз, гапирмас экан, ичида нима гап бўлса, ҳаракат билан айтиб қўя қолади”. Ҳаким Сатторович кулади: “Яхши эмас. Унда-мунда гапириб ҳам туриш лозим, Алияхон”, “Албатта-да. Тумтайиб юриб, мана, ёши ўттизга етди. Аллақандай сочи паҳмоқ Барбелар “мен” деган йигитларнинг бурнидан ип ўтказиб, истаган жойига етаклаб юрибди. Бу бўлса, шунча ҳусни, шундай ақли билан!.. Оғзимнинг солиғи, қизимнинг қилиғи йўқ, деган хотин аслида менинг ўзимман”.
Онасининг бу хил ҳасратларини аввал ҳам кўп эшитган бўлса-да, Алия шифокор йигитнинг олдида жуда хижолат бўлди: “Она-а-а!”
Уч кун деганда ҳамма тошмалар қайтиб кетди, аммо уни яна уч кун олиб қолишди: “Мен ишонч ҳосил қилишим керак”. Кетаётган куни Ҳаким Сатторович шифохона ҳовлисида барқ уриб гуллаб ётган атиргуллардан катта бир гулдаста тайёрлаб, унга келтириб берди: “Уйга боргач, сувга солиб қўясиз”. Яна тайинлади: “Ўзингизни уринтирманг. Тошмалар сизни жуда чарчатган, ўзингизга келиб олгунча, эхтиёт бўлиб туринг. Яна қайталаб қолманг”, “Хўп, раҳмат…”
Алия кўз ёшларини яшира олмади. Шундай оғир ҳасталикдан тузалиб уйга қайтаётган одамнинг йиғлаши ғалати эди, лекин йигит ундан “Нега йиғлаяпсиз?” деб сўрамади. Унинг ҳам негадир кайфияти йўқ эди.
…Шу бўйи уларнинг йўллари ўттиз йиллар кесишмади. Бу орада Алия турмушга чиқди, фарзандли бўлди. Онаси ухлаб қолган пайтлар ухламасдан унинг бошида бедор тонг оттирган шифокор йигит баъзан-баъзан ёдига тушишини айтмаса, уни деярли унутиб юборди. Чунки йигит ҳам уни бирон марта бўлсин, изламади. Лекин Алиянинг ёдига тушган дам ўша пайтлар жону – жаҳонини ёндирган ҳис-туйғулари, касалхонадан чиқаётган пайт ўзини тўхтата олмай йиғлаганлари учун жуда-жуда хижолат тортар эди. Бир сафар қандайдир йиғинда қорамағиздан келган тиқмачоқдек бир аёл билан ёнма-ён ўтириб қолган эди, уни “Ҳаким Сатторовичнинг оиласи” деб таништиришди. Беихтиёр Алиянинг юзларига қон тепди, кўнглида кечган туйғуларни сездирмаслик учун “Эрингизни яхши биламан, жуда билимли, касбига садоқатли шифокор” деб, аёлга мулозамат қилган киши бўлди, у эса “Акангиз сиз билан фахрланиб юради, менинг синглим, дейди доим”, деб такаллуф қилди.
Кейинги вақтларда тез-тез Алиянинг юраги безовта қиладиган бўлиб қолди. Сал нарсага нафаси буғзига тиқилиб, қора терга тушиб қолаверади. Ўзи ҳам жонининг тинчини билиб ҳеч нарсага урунмайдиган бўлиб қолди. Камҳаракатлилик оқибатида анчагина вазн тўплади, бу эса ўз навбатида яна ҳаракатини чегаралаб қўйди. Баъзан ойнага қараб, қаршисида унга термулиб турган қовоқлари салқи, бақбақалари осилиб қолган, ранги захил кекса аёлни кўриб, ўзидан кўнгли қолиб кетарди. Бир замонлар комфирқа фаоллари шифохонаси бўлган жой “Кардиология маркази”га айлантирилган экан. Эри қўярда қўймай уни шу марказга олиб келиб ётқизди.
Тақдирнинг ҳазилини қарангки, унга яна ўша ўттиз йил аввал ётган хонани беришди. Деволнинг бир томонини эгаллаган деразасига қалин шойи парда тутилган ним қоронғу хонада ётиб, ўзи истамаган ҳолда хотираларга берилди. Эшикдан кирган ҳар бир одамга жовуллаб ёпишувчи онаси, эрта-ю кеч елкасига эшикбондан олган кўкиш халатни номигагина илган ҳолда кириб келувчи отаси… Ўшанда отасига қараб, одамзод овоз чиқармасдан, бир томчи ёш тўкмасдан ҳам йиғлай олиши мумкинлигини кўрган эди. Отаси ҳам жуда босиқ, камгап одам эди. Алиянинг олдига келар-кетар, келганида ҳам, кетганида ҳам қизининг бошини бир ҳидлаб қўяр, бошқа ҳеч сўз демас эди. Эҳ, одамзод шунчалар ҳам мўрт бўлмаса, одамнинг қўли билан ясалувчи эшик-дераза, жиҳозлар ҳам одамдан кўпроқ яшар экан. Онасининг овози қулоқлари остида жаранглаб турибди, аммо ўзи йўқ. Отаси ҳам… Аслида жону жаҳонини на қаёқдан келгани, на қачон кетиши номаълум бўлган дард ўртаб ётган бир пайтда ҳам ким аҳвол сўраса, жилмайиб, “ Яхши-и-и…” деб жавоб берадиган хушрўй, сарвқомат гимнастикачи қиз ҳам йўқ. Унинг ўрнини туриб-ўтиргандагина эмас, у ёнидан бу ёнига ағдарилганда ҳам малолланадиган бир кампир эгаллаган. Яна… гурсиллаган қадам товушлари билан беморлари атрофида айланиб юрган инсу-жинсларни ҳуркитувчи ўша ўктам шифокор йигит ҳам йўқлиги аниқ. Қизиқ, ҳозир у қаерда экан, нима иш билан шуғулланаётган экан? Ўшанда чамаси қирқларга кирган эди, ҳозир етмишдадир… Аллақачон нафақага ҳам чиқиб бўлгандир? Балки, ўтиб кетгандир… Докторлар узоқ яшамайди, дейишади-ку. Жуда ажойиб йигит эди. Ўшанда Алиянинг кўнглида эмас, йигитнинг қалбида ҳам Алияга нисбатан бир ўтли туйғулар уйғонгани аниқ. Бу унинг кўзларидан англашилиб турарди. Буни онаси ҳам сезган экан, кейинроқ бир гап очилганда айтган эди. Эҳтимол ўша туйғулар бўлмаганда таваккал қилишга журъат топа олмаган ва Алияни қутқариб қололмаган бўлармиди?
Ҳаммаси ўша-ўша, ўша хоналар, ўша узун йўлаклар… Фақат овоз кўп, шовқин кўп эди: тапир-тупур, шақир-шуқур. Бири-биридан шошиб, гурсиллаб юрадиган, баланд-баланд овозда гапирадиган шифокорлар, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа бошлаб кетаверадиган ҳамширалар… Алия эса кексайган, асаблари чарчаган. Кун бўйи унга тиним беришмади, бир дунё аппаратлардан ўтказишди, таҳлил учун қон, пешоб олишди. Соатлаб томчи уколлар қилишди. Кечгача у буткул ҳолдан тойди. Кечқурун ўғли билан келини олиб келган овқатдан номигагина тотинган бўлди-да, улар кетгач, шипдаги қандилни ўчирди, ёндеворга ўрнатилган бежирим тунчироқни ёқиб, ўрнига чўзилди. У жуда чарчаган эди, дарров кўзи илинди. Шу ётишда қанча вақт ётганини билмайди, аммо бир тиниқиб ухлаб олгани аниқ. Эшик оҳиста чертилиб, оғир ғийқиллаб очилганда, чарчоқлари анча тарқаган, сергаклик билан бошини кўтариб, эшикка қаради. Остонада шумшайиб турган оқ халатли кишини кўриб, аввалига ҳайрон қолди. Қария унга кимнидир, аниқроғи унга жуда қадрдон бўлган бир инсонни эслатди, аммо кўнглига келган фикрга унинг ишонгиси келмади, шундай бўлса-да, кекса кишининг ҳурмати учун ўрнидан туриб ўтирди. Келувчи эса уни кўриб, негадир хижолат тортди. Томоқ қириб, ичкарилаш учун ундан изн сўради: “Мумкинми, Алияхон?”. Алия беихтиёр ўрнидан туриб кетди, келувчи журъатсизгина ярим овозда гапирган бўлса-да, у бу овозни танимаслиги мумкин эмас эди: “Ассалому алайкум! Келинг, келаверинг, Ҳаким Сатторович!”
Алия хонанинг умумий чироғини ёқиб, унга стул қўйиб берди. Кейин ўзи ҳам каравотининг бир четига омонатгина ўтириб, ҳурмат билан ҳол-аҳвол сўради: “Қаранг-а, сиз шунча йилдан бери ҳалиям шу ерда ишлаяпсизми? Мен сизни аллақачон нафақага чиқиб кетган бўлсангиз керак, деб ўйлагандим”. Ҳаким Сатторвич ҳамон каловланарди: “А-а-а, йў-ў-қ, ишдан кетганим йўқ. Нафақага чиқдим, ўн йиллар бўп қолди, лекин ишлаб юрибман”. “Ҳа, энди сиздай илмли, фидойи мутахассисларга жавоб беришармиди? Ёшлар сиз эгаллаган малакани эгаллагунларича беморлар қийналиб қолмасликлари керак-да”, “Ҳа-а, йўғ-е, жуда-а унчалик эмас. Ҳозир ёшлар орасида ҳам зўрлари кўп, лекин миясида ҳеч нарса йўғ-у, худони худойбердичалик кўрмайдиганлари ҳам бор”, “Сизни ҳамми?”, ҳайрон сўради Алия. “Мен?.. Мен ким бўпман? Шундай ёшлар борки, ўзларидан бошқа ҳеч кимни танимайди ҳам, тан ҳам олмайди. Бизнинг давримизда бир мураккаб вазият туғилиб қолса, дарҳол мутахассислар йиғилиб, консилиум қилинарди. Ҳозир эса бир нарса десангиз, интернет орқали Америкадаги фалон-фалон профессорлар билан консилиум ўтказдим, деб осмондан келишади”. “Унда… Сизга нима зарил шуларнинг орасида хўрланиб юриб?”, бу гап Алиянинг оғзидан “лоп” этиб чиқиб кетди-куя, аммо дарҳол тилини тишлади: “Дилини оғритиб қўйдим-да…”. Аммо суҳбатдошининг юз-кўзларида ҳеч қандай ранж аломатини кўрмагач, бироз енгил тортди: “Ҳа, аллақачон кетишим керак эди. Ўзи соғлиғим ҳам йўқ. Бодим бор. Ўн беш йиллар бўлди, кўп азоб беради. Айниқса ҳаво бузиладиган бўлса, жуда мазам бўлмай қолади. Меникиям ноиложликдан-да. Биринчи аёлимиз ўтиб қолди. Иккинчи аёлдан туғилган болалар ҳали ёш. Нафақа билан уларни оёққа қўйишнинг иложи йўқ. Бирови контрактга ўқийди, бир йилда олти миллион тўлайман. Иккови репититорга қатнайди. Олти репититорга пул тўлашим керак. Шунинг учун амал-тақал қилиб, қимирлаб турибман-да. Бир ставка иш беришган, навбатчиликларим бор. Нафақага қўшимча-да. Бугун ҳам навбатчи эдим. “Касаллик тарихлари” билан танишаётиб, сизнинг исми-шарифингизга кўзим тушиб қолди…”.
Алия минғир-минғир қилиб, тили билан танга санаб, арз-ҳол қилаётган суҳбатдошини тинглаб ўтириб, беихтиёр унинг лойи қотиб қолган кулранг резина шиппагининг тумшуғидан кўриниб турган тирноқлари ўсиб кетган бармоқларига кўзи тушди. Ҳам ишлик, ҳам кўчалик қилиб кийса бўладиган оч кулранг шими ҳам пича узун экан шекилли, почаси пойафзал пошнаси остида босилавериб, йиртилиб, шатмоқ бўлиб кетган эди: “Бечора, ростдан ҳам жуда мазаси йўққа ўхшайди. Бутунлай ҳафсаласиз бўлиб қолибди. Қаричилик, оиладаги йўқотишлар… Кейинги хотин ҳам уйига тилсиз-жағсиз хизматкор бўлиб кириб келмагандир… Ўгай она-болалар ўртасида қанча дилхираликлар ўтганлиги аниқ. Булар одамни хароб қилмай, нуратмай нима қилади? Шўрлик!..”
У аввалига юраклари ачишиб, қадрдон докторнинг ярим овозда бераётган гурунгларини жон қулоғи билан ҳеч бир малолсиз тинглаб, ўрни келганда далда бериб ўтирди. Аммо ҳар сафар кўзи резина шиппакнинг тумшуғидан мўралаб турган тирноғи олинмаган бармоқларга, шатмоқ бўлиб кетган почаларга кўзи тушганда мазаси қочиб кетарди. Қария эса вақт алламаҳал бўлиб қолганини ҳам, ўзининг навбатчилигини ҳам, қаршисида энсаси қотиб, эснаб ўтирган аёлнинг беморлигини, унинг дам олиши кераклигини ҳам буткул унутган ҳолда, ҳар иккаласига ҳам умуман алоқаси йўқ алланималар ҳақида минғир-минғир гап берарди. Навбатчи ҳамшира, уни кўриб, очиқдан очиқ зарда билан, беморлардан бири уни сўраётганини айтди-ю, Алия ундан қутулиб, енгил нафас олди: “Кексалик уни буткул хароб қилибди”. Аммо у чиқиб кетгач, бу одам соатлаб ўтириб, нималар ҳақида гапирганини эсламоқчи бўлиб ҳарчанд уринмасин, ҳеч нарсани эслай олмади. Юраги ториқди. Дераза ёнига бориб, ойсиз қорайиб турган куз осмонига қаради. У ер бу ерда хира милтиллаб турган юлдузлар жуда олислаб кетгандек эди.
Г А П
Милисада ишлайдиган Суюнбойнинг ўғли ҳуқуқшунослик институтига ўқишга кирибди. Эру-хотин қувончлари ичига сиғмай, бир қўзи сўйиб, қариндошларни уйга чақирди: ака-ука, опа-сингил, амма-хола, янгалар, келинлар…
Эркаклар ҳовлида ўтиришди, хотин-халаж бемалол ўтирсин деб, ичкарига жой қилишган экан. Катта конденционер ғувуллаб турган кенг, ҳашаматли меҳмонхонада роса маза қилишди. Таомлар бири-биридан тотли, дийдор ундан-да тотли. Ейишди-ичишди, сўнг келинларга дастурхонни йиғиштиртириб, битта-битта лўла болишни ёнбошларига олиб, гурунгни уришди. Ҳеч ким турай демасди, бирам маза, бирам маза…
Салқин хонада ҳам чиройли елпуғич билан ўзини елпиб ўтирган тошкентлик янга таклиф қилиб қолди: “Келинглар, қариндошлар йиғилишиб, “гап” ўйнайлик. Ҳозирги замонда бир сабаб бўлмаса, уйдан чиқиш қийин. “Гап” баҳона уйдан чиқасиз, чиройли дастурхонларда ўтириб, гурунглашасиз. Мазза қиласиз. 50 мингдан пул ташлаймиз, меҳмон чақирганни ҳам қуруқ қўймаймиз”. Ҳисоблаб кўришди: тўрт опа-сингил, тўрт янга, икки хола, икки амма. “Как раз! Ўн икки киши бўлсак – ҳар ойда бир киши чақиради. Ярим миллиондан ошиқ пул йиғилади. Ҳам қўлимизга бирдан бир дунё пул тушади, ҳам меҳмон бўламиз”.
Муяссар уйга қайтгач, эрига маслаҳат солган эди, “50 минг бўлса, ойлигингдан берарсан. Бир ойда бир марта қариндошлар билан ўтирсанг, ҳеч нарса эмас”, деб қўйди. Лекин ўзининг кўнглига ғам тушди, акасига ўхшаб, қўй сўймаса ҳам, дастурхонни яхшигина қилиши керак бўлади. Оғзи катта янгаларнинг олдида шумшайиб ўтирмаслиги керак-да. Буям йўқ жойдан бир чиқим.
Дийдор ҳам пулга чақиладиган бўлди.
Одатда у якшанба кунлари жуда эрта туради, уйдаги юмушлар эса қоронғу кечгача ҳам тугамайди. Саҳар туриб, нон учун хамир қоради, изидан сомса ёки манти учун алоҳида икки зувалагина хамир олади. Эри билан болалари уйғонгунча хамирларини тиндириш учун ёпиб қўйиб, бир парча гўштни қиймалагичдан ўтказиб, пиёзларини турғаб, баъзан нонуштага тўртта-тўртта пишириб ҳам қўяди. Нонушта қилиб бўлишгач, болалари дастурхонни йиғиштиради. Ўзи хамирнинг устини очиб, нонларни ясайди. Тандирни қизитиб, нонини ёпгач, кирмошинга иссиқ сув солиб, кирни бошлаб юборади. Кирнинг орасида уй йиғиштиради, ҳовли супиради, тушлик тайёрлайди. Тушликдан сўнг супир-сидирларини охиригача етказиб, кечки овқатга ҳозирлик кўра бошлайди. Хуллас, Муяссар эртадан кечгача эри билан ўғилларининг кўнглини олиб, якшанбани байрамга айлантириш учун куйиб-пишади. Ярим тунда якшанбанинг энг охирги юмушлари ҳисобланадиган тўрт эркакнинг ҳафта бўйи киядиган кийим-бошларини дазмоллаб, зўрға ювинади-да, ўзини тўшакка ташлайди. Кўпинча гапиришга ҳам ҳоли бўлмайди. Баъзан эри бошига келиб, “Ҳа, чарчадингми, онаси?” деса, кўзларини ҳам очмасдан “Эртага дам оларман”, деб қўяди. Ростдан ҳам маош олиб ишлайдиган ишида бунча чарчамайди, ҳатто у ерда дам олиш ҳам мумкин эди.
У ҳовлига чиққанда Зуҳро юлдузи майингина нур таратиб турган Ойнинг ёнида чарақлаб турарди. Бостирмага олиб борадиган йўлак четида қийғоч гуллаб ётган мойчечаклар, тонг қоронғусида ҳам барглар орасида оқариб турган олмалар, майда-чуйда қўйиладиган бостирмадаги саришталик, салқин тонг ҳавоси кўнглини ёриштирди. Бостирма тагидаги каттакон қутидан хамир тоғорани тўлдириб ун олди-да, ошхонага қайтди. Тонг анча салқин эди. Эшикни ёпиб, хамир учун сув қўйди. Супра ёйишдан аввал белини катта шол рўмол билан икки айлантириб қаттиқ боғлаб олди. Ҳар доим “ноним ҳафта охиригача етсин”, деб, бир дунё сув солади-да, кейин хамирни созиқтира олмай, қора терга тушади, шундай пайтда бу рўмолнинг яхшигина фойдаси тегади. Ун элаётиб, ўзича кулиб қўйди: “Дам олиш куни ҳам бошланди, Муяссар Холбоена! Энди мазза қилиб тандир-учоқнинг бошида дам оласиз”. Аёл кишининг ҳаёти шу экан-да, кўчада олим-у улома бўлса ҳам, уйга келганда оддийгина хизматкор. Аммо унга ҳеч қачон бу хизматлар малол келмаган. Онаси баъзан “Тўнғичинг қиз бўлганда ёрдамчи бўларди” деб қолади. У эса кулади: “Ўғил бўлса ҳам қўлидан талай иш келади, ўқишини ўқисин, одам бўлсин, дейман-да. Ҳадеб иш буюравермайман. Ҳозир ўзим эплаб турибман, куч-қувватдан қолгунимча келин оламан”.
Нонуштадан сўнг эри тўнғичини олиб бозорга кетди. Улар ҳам Муяссар қилиб берган рўйхатга қараб бир ҳафталик майда-чуйдани ғамлаб келишлари керак. Эгизаклар онасининг атрофида гирдикапалак, ҳуда-беҳуда саволлар бериб, ишга халал бериб завқланишади. Муяссар уларни нари қувиб ҳалак: “Барака топгурлар, сизлар ҳам мундай дарс-парс қилинглар, телевизор кўринглар. Бошимни оғритиб юбординглар-ку”. “Онажон, дарсларимизни кеча қилиб қўйганмиз. Телевизорда ҳеч нарса йўқ, телевизорчилар бир кино топса, ўн марталаб бериб ётишади, уларни деб биз ҳам ўн марталаб кўрмаймиз-ку”.
Тушликка яқин ошхонада куймаланиб ётган эди, кўчаларининг нариги бошида турадиган қўшниси Тошгул опа чиқди: “Муяссаржа-нув, шу десанг, ҳамсоялар маслаҳатлашиб, бир бинойи иш бошладик. 100 доллардан “гап” ўйнайдиган бўлдик. Одам ўзича рўзғоридан орттириб, ҳар ойда бир четга 100 долларни олиб қўя олмайди. Гап ўйнагандан кейин иложингиз йўқ, бировдан олдингми, беришинг керак, берасан. Ўн қўшни гапни бир жойга қўйиб, келишиб турибмиз. Агар ўн бир киши бўлса, ҳар ой уй эгасидан ташқари минг доллар йиғилар эди, шунга сени ҳам қўшил, деб келдим. Биринчи минг долларни мен олаяпман, ҳаражатларим бор. Иккинчисини Хосият опа оладиган бўлиб турибди, қизига мебель қилиши керак, учинчисини Норимхол олмоқчи, тўйи бор экан. Истасанг, сен тўртинчисини ола қол. Дастурхонни оддийгина қилишга келишдик. Биттагина ош бўлса, кифоя”.
Муяссар лаби-лабига тегмай, бидирлаётган қўшнининг бўёқлари чаплашиб кетган қош-у кўзига қараб, энсаси қотди: “Хўжайин келсин-чи, маслаҳатлашиб кўрамиз”. Қўшнининг ранги ўзгарди: “Вой-бў, шунинг нимасини эр билан маслаҳат қиласан. Қир ошиб, Қримга кетаётганинг йўқ-ку. Чиқсанг, шу кўчада яшайдиган қўшниникига чиқасан. Ё, пулини ўйлаяпсанми? Сендай дўхтир аёл учун 100 доллар муаммоми? А?..”, Муяссар хижолат ичра чайналди: “Энди… Тошгул опа, барибир, эр эр-да, у кишидан бемаслаҳат бир нарса дея олмайман. Келсинлар-чи? Йўқ-ку, демайдилар, шундай бўлса ҳам, бир олдиларидан ўтганим яхши-да”.
Қўшни опа дераза томон қиялаган қуёшдан паналаб, ўриндиғини нари суриб ўтирди: “Вақтнинг ўтишини қара. Боягина тонг отган эди, бир иш қилиб улгирганим йўқ, пешин бўп қопти. Уйда ўтириб, бир ишга улгирмайман, сен ишлаб туриб рўзғорни қандай эплаяпсан?”, “Шу-да!”. Тошгул опа шошиб ўрнидан турди, узалиб унинг елкаларига қоқди: “Худо куч-қувват берсин. Ҳали ёшсизлар. Еб тўймайдиган, ишлаб чарчамайдиган пайтларинг ҳозир. Болаларинг ҳам чаққонгина, хизматкоргина. Аммо лекин, бояги гапингга қойилман. Қанийди, ҳамма аёллар ҳам эрнинг шундай ҳурматини қилса! Э-э, баъзиларининг эри борлиги эсидан ҳам чиқиб кетади”. У бармоқлари билан оғзини тўсиб, шарақлаб кулди: “Бир кун аёллар йиғилиб бир жойга борадиган бўлиб қолдик. Анзиратхон, “Мен уйимга айтиб қўяй, кеч қолиб кетсак, хавотир олишмасин” деб уйига қўнғироқ қилди. Телефонни эри олиб, “Қаёққа бораяпсан?” деганми, “Нима бор у ёқда?” деганми, телефонни қўйгач, ёқасини ушлаб, қиқир-қиқир кулади: “Вой-й, менинг ҳам эрим бор экан-ей. Эрим борлиги эсимдан ҳам чиқиб кетган экан. Қаранг, менга ғудурлашини!..” дейди. Эри бечора қўйдеккина юввош одам, у уйда ҳеч қачон Анзиратхоннинг бирон гапи икки бўлмаган. Лекигин, нима бўлганда ҳам аёл ўзининг ўрнини билгани маъқул”. “Тўғри, опа”.
Тошгул опа яна мақсадга кўчди: “Энди қарасам, Муяссаржан, ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетаяпти. Ишга боради-келади, овқатини еб, телевизор ўлгурга термилиб ўтираверади. Кетма-кет сериал, дегин, завутингга ўт тушгур. Қўшни бўлиб, биров-бировникига чиқмаса, ҳолинг қандай, демаса, буям яхши эмас-да. Иссиқ жоннинг иситмаси бор, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам ёнингда биров туриб турса, яхши-да. Сизлар ҳали ёшсизлар. Қўшниларни бириктириб, тўғри йўлга бошқариш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Бир кун ўтиб кетсак, қўшничилик учун куйиб-пишиб юрарди шу опамиз, деб эслаб юрасизлар ҳали”. Муяссар кулди: “Қўйинг-е, опа, қўлингизга минг доллар келаман, деб турганда, ўлимдан гапирманг-э”, “Энди, келаси гапни келин гапиради, дейишади. Бу жаҳон айвонида неча жонсан, ҳамманг бир-бирингга меҳмонсан. Шунинг учун худойим имкон берганда, бир-биримизни излаб, иззатимизга етиб, меҳр-оқибатли бўлиб юрайлик. Бу долларлар ҳеч нарса эмас, жонгинам. Мақсад, қўшниларни бириктириш. Ҳа-а, шундай!”.
Оёқда тик турган ҳолида ҳам бир соат лақиллаган Тошгул опа чиқиб кетгач, Муяссар унинг айёр кўзларини эслаб, ўзича яна кулди: “Ундан кўра пул зарур бўлиб қолганди, ким ҳам шунча пулни бир йилга бериб туради, қўшнилардан 100 доллардан йиғайин, деб, шу“гап”ни ўйлаб топдим, деб қўя қолса-ку, яхши бўларди”. Лекин ўзининг кўзига ҳам уч ойдан сўнг келиши мумкин бўлган минг доллар пулнинг дийдори жуда иссиқ кўринди: “Бир ҳисобдан қўшни ҳақ, ўз бошича рўзғордан орттириб, шунча пулни йиғиш қийин. Йилда бир ош бўлса, ҳеч гап эмас-у, қиларман”.
Эри ҳам индамади: “Қўшнилар бўлса, майли, кўпнинг ёмони бўлиб ўтирма. Аммо гап пулида эмас, йиғаман десанг, уларсиз ўзинг ҳам йиғишинг мумкин”. “Шундай дейсиз-да, дадаси. Ойлик келиши билан қаердаги ҳаражатлар кўндаланг бўлиб, қандай ишлатиб қўйганимизни билмай қоламиз. Бировга беришимиз керак бўлиб турса, ўйлаб ҳаражат қиламиз”, “Ҳа-ей, билганингни қил”.
Уям билганини қилди, лекин “гап”лари кетма-кет тушиб қолди, икки ҳафта кетма-кет дам олиш кунида уйда бўлмади. Дадаси тугул, ҳар якшанба бирон тансиқ овқат бўлишига ўрганиб қолган болаларининг ҳам қовоғи осилди: “Яна макарон шўрвами? Уф-ф!”. У эри ва болаларига, ҳар якшанба куни бошдан оёқ қиртишлаб йиғиштириладиган бесаришта уйига хижолатли термилди. Кирларини ҳафта орасида ишдан қайтиб, кеча-кечаси ювиб олди. “Мантихўр” болалари учун бир кеча манти букиб, музлаткичга қўйди-да, иккинчи оқшом қайнатиб берди. Аммо болалари мантини мириқиб еган бўлса ҳам, барибир, якшанба куни кетишларидан норози бўлишди: “Биттагина якшанбада уйда бўлардингиз. Энди шу куни ҳам кетиб қоласизми?”
Унга қўйишса-ку… Катта янгаси уни ҳар доим “уй қизи” деб “танқид” қилар эди. Ростдан ҳам у ҳамиша — болалигида ҳам, кейин ҳам уйда бўлишни яхши кўрган. Унинг учун уй битмас туганмас ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик маскани эди. Не бир тўкин дастурхонлар устида ҳам иштаҳаси ғиппа буғилар, уйга келиб, қорни очганини ҳис қилгач, қуруқ нонни сувга бўктириб, еб ўтирарди. Энди-ку, болалари бор. Нимаики, тансиқроқ таом кўрса, оғзига олиб боришдан аввал болалари кўз олдига келади. Шундай пайтлари онаси айтиб берган бир гурунгни эслайди доим: Эмишки, эски замонларда эмизикли бир аёл ўртадаги товоқда турган ягона хуштаъм луқма – бир бўлак қуйруқни товоқ атрофида ўтирган қайнона-қайнотасига ҳам, эрига ҳам қарамасдан илиб олиб, оғзига солган-у, ютиб юборган. Қайнотанинг қовоғи уюлган, у дастурхон атрофида ўтирганлар орасида қуйруқ тенг тақсимланмаганидан жаҳлланган. Эр аёлининг баднафслиги учун ота-онаси олдида хижолат тортган. Аёл ҳам ўзини оқлаган: “Сутим йўқ, болам кечалари билан йиғлаб чиқаяпти, боламга сут бўлсин, дедим”. Қайнона индамаган. Эр баттар жаҳл отига минган: “Сенинг жиғилдонингга тушган қўйруқнинг сутга нима алоқаси бор, очкўз?”. Ва шартта ўрнидан туриб, деворда осиғлик турган қилични олиб, аёлнинг ёқасини “шир” эткизиб йиртади-да, тирсиллаб турган кўкрагининг тугмачасини кесиб юборади. Худди шу ерда боягина товоқда оқариб турган бир луқма қуйруқ бус-бутун ҳолда турарди. Аёл уни чайнамаган ҳам экан…
Муяссарга қолса-ку, бу “гап”ларнинг сира кераги йўқ-куя. Ҳа, майли… Буям керак экан шекилли.
Ўша куни ишдан кечроқ қайтиб, шошиб овқатга уннаган эди. Муюлишда яшайдиган синфдош ўртоғи келиб қолди. Кўришиб, сўрашишгач, ошхонадаги стулларнинг бирига одатдагидек қимтинибгина ўтирди: “Сен овқатингни қилавер. Бир пасга чиқувдим, кетаман”. “Ҳа, тинчликми?”. Меҳмон дугона бошини қийшайтириб, хижолатомуз жилмайди: “Тинчлик… Мени сенга қизлар элчи қилиб жўнатди”. “Қандай қизлар?”, “Синфдошлар-да. Шу-у, улар бир иш бошлашган. Ора узилиб кетмасин, ҳар ҳолда ўн йил бирга ўқиганмиз деб, бир ойда бир марта йиғилишиб туришади. Шунга… сени ҳам қўшилсин, биз билан бирга бўлсин, дейишаяпти”. Муяссар афтини буриштириб, газ ўчоққа норози суянди: “Во-о-ой, Мушши-и! (унинг исми Муштарий эди, гўдаклигида бобоси эркалаб “Мушши” деб чақирган, шу бўйи бир умр Мушшилигича қолиб кетган). Биласанми, ҳеч иложим йўғ-а. Биласан-ку, бизнинг ишимизни, ҳафта бўйи эртадан кечгача бандман. Болаларим ҳали ёш. Бир якшанба куни уйда бўламан. Мен ҳам аёлман, онаман, кир-чирим, супир-сидирим бор. Шусиз ҳам қўймай, иккита “гап”га қўшишди. Энди икки якшанбам йўқ, калавамнинг учини йўқотиб қўйдим. Мендан хафа бўлманглар, илтимос, мен ҳечам қатнаша олмайман”.
Қуёш юзини булутлар ортига беркитиб олди. Мушши ерга қаради. Муяссар жаҳл билан тақур-туқур қилиб, қозон ковлади. Сўнг дугонасининг муштипаргина бўлиб эгилган бошига қараб, хижолат тортди: “Сен мени тушун, Мушши. Болаларимнинг ҳаммаси ўғил, “ҳа-па” деб, қўл солишадиган қайнонам бўлмаса. Мен уйни, болаларимни ўз ҳолига ташлаб, бир умр кўчада юра олмайман-ку”. Мушши уни маъқуллагандек бош ирғади: “Тўғри. Мен-ку, сени тушунаман. Лекин анавилар тушунишмайди-да. Улар ҳали сен билан гаплашмай туриб, “У кишим қатнашмайди, чунки бизларни ўзига тенг кўрмайди, назар-писанд қилмайди”, дейишган эди. Мен эса, “Бекоргинани айтибсизлар. У сизлар ўйлагандек димоғдор аёл эмас”, деб сенинг олдингга келган эдим”. Муяссарнинг баттар жаҳли чиқди: “Тавба-а, ичагида ели туюлса ҳам, Муяссаржон, деб чопиб боришади ҳаммаси. Кимга тиббий кўрик керак, кимнинг пахтадан қолган боласига справка, кимга белльютен – ҳаммасига Муяссар балогардон. Олдимда “тюту-тюту”, ортимда ғийбат қилишади. Ўзи бу дунёда ҳеч қачон яхшилик қилиб, обрў топмайсан”. Мушши гуноҳкорона елка қисиб, ўрнидан турди: “Майли, Муясс, мен борай бўлмаса. Сенинг ҳам вақтингни олмай… Ўзи энди ишдан келган бўлсанг… Кайфиятингни ҳам буздим, кечирасан-да энди”. Муяссар унинг бўшашган сиёғига қараб, кулиб юборди: “Бу аблаҳлар, атайлаб сени юборишган. Муяссар талаб ташласа ҳам ерга қараб тураверасан, кейин рози бўлади, дейишган-да. Ҳали борайин, мен уларга димоғдорликни кўрсатиб қўяман. Майли, кўндирдинг, қатнашаман. Лекин якшанба эмас, доим бирон иш кунига, тушликка тўғирлаб ўтказасизлар. Соат 11ларда ишдан қочиб чиқсам, 2ларда бирон баҳона билан кечикиброқ қайтаман. Эримга ҳам айтиб ўтирмайман. Бўлдими?”. Мушши ҳар доимгидек хижолатомуз жилмайди: “Раҳмат. Улар ҳам якшанба куни ўтира олишмайди, ҳаммаси бозорчи-ку”, у қандай сассиз кириб келган бўлса, шундай чиқиб кетди: “Мени кузатма, дарвозангни ўзим ёпиб кетаман”.
Муяссарни димоғдор деб, унинг олдида мулзам бўлишни истамаган синфдош дугоналарнинг кўпчилиги ҳақиқатан ҳам бозорни бойлаган бойвуччалар эди. Биринчи “гап” ана шундай бойвуччаларнинг бириникида бўлди. Шунча йил салом-алик қилиб, бирон марта ҳам уйига бориб кўрмаган экан. Ана уй-у, мана уй! Жиҳозлари ҳам ҳаммаси четники. Дастурхони роса тўкин, унда анқонинг уруғи, қушнинг сутидан бўлак ҳамма нарса бор. Аммо бозорнинг энг гавжум ерида “Совғалар” дўкони очиб олган Салимага дастурхон ўртасида турган турли хил ичимликлар орасидаги бурама қопқоқли ароқлар ёқмади: “Тузукроғидан олсанг, ўласанми, зиқна? Жуда қизғончиқсан-да, ўзиям”. Мезбон ҳам уни аяб ўтирмади: “Сен билан менга ўхшаган пиёнисталарга шунақасиям бўлаверади, деб олган эдим-да. Кеча дўконингга кирганимда, ўзинг ҳам шунақасидан ичиб ўтирган эдинг-ку”. Даврада кулгу кўтарилди. Бозорда ўтираверганиданми, ўқувчилик пайтлари саси чиқмайдиган Салиманинг тили анча бурро бўлиб кетган эди: “Чарчаб турган пайтинг, айниқса ўзингнинг пулингга бўлса, ҳар қанақаси кетаверади. Лекин азза-базза қилиб, меҳмонга келганингда тузукроғидан ичиш керак-да. Тўғрими, Муяссар Холбоевна?”. У Муяссарга қараб кўз қисиб қўйди, Муяссар индамади. Салима “Бу қурумсоқдан бошқа нарса чиқмас экан, майли энди, кўр бўлиб шуни ичаверамиз”, деб овқат келмасдан, бир бошдан ҳаммага қуйиб чиқди: “Рухсатларинг билан, аввал ўзимни таништирсам: Салима Эшқувватова, мана шу давранинг самазванка раисаси. Хўш, энди биринчи сўзни бизга ҳадеб қўшилавермайдиган ҳурматли дўстимиз, азиз меҳмонимиз Муяссар Холбоевнага берамиз. Қани-и, марҳамат. Қадаҳни қўлга олиб-да, ўртоқжон. Ахир даврадошларнинг ҳурмати, дегандек… Э-э, раҳмат. Қани?”
Муяссарнинг димоғига ўткир спирт ҳиди урилди. У уч-тўрт оғиз гапирган киши бўлиб, қадаҳни дастурхоннинг бир четига қўйган эди. Салима “дод” деб юборди: “Ҳай-ҳай! Бунақаси кетмайди, Муяссар Холбоевна. Сўз исботи билан! Сурхонда сўйлаган ичади, қани-и, олинг, ерга қўймасдан олиш керак. Ирими шундай. Охиригача!”. Муяссарнинг жаҳли чиқиб кетди: “Қаердаги “иккичи” мени бошқараяптими? Аҳмоқ! Синфда ўтирар эдинг бир четда сочингни бит босиб, энди тўрт сўм топдим деб!..” Олдида турган қадаҳни жаҳл билан янада нарироқ суриб қўйди: “Мен ичмайман!”, деди у қовоқларини уйганча ҳеч кимга қарамай. “Мажбурлама”, деди қизлардан бири, “Ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Ҳали у ишга бориши керак, беморларнинг олдида оғзидан ароқ ҳиди келиб турса, яхши эмас-да”.
Қизларнинг деярли ҳаммаси ичди, пойгакроқда ўтирган Мушши, Ойнаобод, Ирисдан ташқари ҳамма… Муяссарнинг ёнида ўтирган мактаб директори бўлиб ишлайдиган Мақсуда ҳам. Салима бир бошдан ҳаммага сўз бериб чиқди, деярли ҳамма “сўзини исботлади”. Қуюқ-суюқлар орасида оёқ ёзиш учун ўйинга тушишди. Ўйинни маданият уйида ишлайдиган Майсарахон арабча рақс билан бошлаб берди. У илк бор биринчи синфдаги Алифбе байрамида ҳам киндикларини очиб, бутун аъзойи баданини дириллатиб, балиқдек билтанглаб арабча рақсга тушиб берганди. Ўшанда бу ҳаракатлар унга жуда ярашган, ҳамманинг ҳаваси келганди. Кейин синфдошлар йиғилганда ўйнаб берадиган бўлди. Энди эса ёши қирққа яқинлашиб қолган, бир қоп гўштга айланган аёл… Қадрдон куйни қўйиб, даврабоши Салимахон “Майсар-р!” дейиши билан ўрнидан туриб, осилибгина турган кенг-мўл юбкасини ечиб, бир четга отди, тор кофтасини кўкрагигача кўтариб қўйиб, белдан пастроғига қиялатиб попукли рўмол боғлаб олди. Кейин давранинг ўртасига чиқиб, напрамач(гиламдан қилинадиган сандиқ)дек думбаларини гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга учириб, лорсиллаган кўкракларини силкитиб, бир қилпилламоқлик қилди-ей, кулавериб, ҳамманинг ичаги узилди, ўтирган жойига думалаб қолди. Кейин “Мустахзод” янгради, унга зулукдек қилиб бўялган қошларини чимириб, қовоқлари осилиб қолган кўзларини ноз билан сузиб, Лаълихон чиқди. Ўйнамаган одам қолмади, уларнинг синфидаги қизларнинг ҳаммаси мактаб даврида Майсарага эргашиб, маданият уйидаги рақс тўгарагига қатнашган, мактабда ҳам уларга ҳамма қойил қоларди. Муяссарни ҳам ўйнатишди. Бир вақт қараса, соат ўнта кам икки: “Комиссия бор эди-я!..” У ҳамма билан шоша-пиша хайрлашиб, кўчага югурди. “Катта йўқлигимни билиб қолмасин-да” деб, тили танглайига ёпишганча югуриб бораркан, дастурхонда қўл урилмасдан қолиб кетган ноз-неъматлар кўз олдидан кетмасди. Ҳаммаси оғизда эриб кетадиган, бир-биридан тотли эди. Болалари учун тўрттагина ола олмади-да… Шунчалар олгиси келди!.. Лекин ёнидагилар чимирилиб ўтирган бир пайтда бу бировнинг дастурхонидан бирон нарса олиб сумкасига сола олармиди? На болаларига олди, на ўзи ёлчитиб еди, у-булардан бир-бир тотинган бўлди-ю, кейин иштаҳаси буғилиб, тўрсайганча ўтираверди. Ишхонасига кирар-кирмас қорни очди.
Кунни якунлаб, ўринга чўзилгач, хуррак отиб ухлаётган эрига қараб ётиб, ундан яширган базмни эслади. Ишдан қайтгунча, дўконга кириб болаларининг кўнглини олиш учун анча-мунча пишириқлар харид қилган, шу билан виждони ҳам ором топган эди. Энди базм тафсилотлари эслаб ётиб, беихтиёр кўнгли ёришганини ҳис қилди. У ҳақиқатан ҳам бозорчи синфдошларни ҳеч қачон ўзига тенг кўрмаган, гарча ҳамиша уларнинг илтимосларини бажариб юрган бўлса ҳам. Бу хотинлар ҳам Мушшига бежиз “Муяссар бизни писанд қилмайди”, дейишмаган, ахир улар ҳам ёш бола эмас, қирқни уриб қўйган кап-катта аёллар. Бозорда ўтириб кунига неча турфа одам билан муомила қилишади. Муяссарнинг кўзлариданми, сўзларининг оҳанггиданми, кўнглидаги беписандликни сезиб қолишгандирки, Мушшига шундай дейишипти. Лекин… бечоралар бошқа нима иш қилишсин. Ҳар ким қўлидан кетган ишни қилади-да. Биров доктор, биров бозорчи… Ҳаммаси ҳам бола-чақа деб югуриб юрган аёллар-да. Бунинг учун уларни айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тўрга ўтирғизиб, ҳурмат-иззатини қилиб ўтиришган бўлса!.. Ўйин-кулгу, ҳазил-мутойибаларни эслаб, мийиғида кулиб қўйди: “Қўшилганим яхши бўлди”.
У секин ўрнидан туриб, ўғиллари ётган хонага ўтди. Худди ўзи ўйлагандек болаларнинг усти очиқ, пардалари бир четга сурилиб, ланг очиқ қолган дераза ортидаги бир парча осмонда баркашдек ялтиллаб турган тўлин ой хонани сутдек оппоқ нурларига чўмиб ташлаганди. У оҳиста юриб, деразани ёпди, пардани тўғирлаб қўйди, сўнг беозоргина пишиллаб ухлаётган болаларининг ёнига бир-бир ўтиб, устларини ёпиб қўйди. Бир уйда яшаб туриб, унинг юраги бир умр соғинчдан симиллаб туради. Эрталаб ишга шошади, кечқурун ҳориб-толиб қайтган ҳолига бир дунё уй юмушларини бажаради: пишир-куйдир, йиғиштир, юв-чай, дазмол… Эгизаклари эртак эшитишни жуда яхши кўришади. Баъзан уларга эртак айтаётиб, улардан олдин ўзи ухлаб қолади. Эри ҳамиша “Бир ставка ишла, ўзингни қийнама. Болалар билан кўпроқ уйда бўласан”, дейди. У эса атрофидаги ҳамма ҳамкасблари иш талашиб, бир ярим ўрин ишлаб, яна тинмай навбатчиликларда ҳам туриб юрганига қараб, “Улгураяпман-ку. Болалар ҳам бир пасда улғайиб қолишади. Бир эмас, уч ўғил!..” деб, бир ярим ўринга икки-уч навбатчилик ҳам қўшиб олган. Пулнинг эса сира барори йўқ, кам бўлганда тежаб ишлатаркан одам, кўп бўлганда ҳам ишлатилиб кетавераркан. Айниқса манави “гап”ларга аралашиб қолди-ю, ҳам вақтининг, ҳам пулининг баракаси учди. Ҳар икки-уч куннинг бирида Тошгул опа “Муяссаржанув” деб кириб келади: “Жумагул ҳамсоянинг отаси ўтиб қолибди. Гапдошлар йиғилишиб, бир ўтиб келишимиз керак. Дастурхон учун 20 мингдан пул йиғаяпмиз”, “Ойдиннинг онаси минг ойнинг юзини кўрибди, акалари катта тўй қилиб беришаётган экан, регисторанда! Бизни ҳам шу кунларга етказсин. Худо хоҳласа, шанба куни бирга-бирга ўтамиз. Ҳар доимгидек дастурхонига 20 минг, шундай табаррук онахоннинг елкасига ҳам арзийдиган бирон нарса ташламасак, бўлмайди, дастурхондан дастурхонга ўтиб юрадиган исқирт материал бўлмасин, эслаб кийи-иб юрадиган бир нарса олайлик, деяпмиз. Унга ҳам 20 мингдан йиғаяпмиз”.
Баъзан Тошгул опа унинг энсаси қотаётганини сезиб қолиб, ранжиб ҳам қўяди: “Ҳай-ҳай, синглижоним, яхши-ёмон кунларингизда ёнингизда туриб берадиган қадрдонлар ҳамиша керак. Ҳали сиз ҳам тўйлар қиласиз, ўшанда бу пулларингиз албатта ўзингизга қайтиб келади”. Тошгул опа чиқиб кетгач, у ёпиқ дарвозага қараб, ошкора ғижинади: “Ўртадаги пулнинг бир қисми сизнинг жиғилдонингизга кетаётганини билмасам экан!”
Буёқда Мушши ўлгур ҳам қўймайди: “Майсар қизига тўй олаётган экан. Шунга бориш керак. 15 мингдан йиғиштираётган эдик”, “Ё, тавба! Тўй олаётган бўлса, тўй егани бормаймизми? Унга тўёна бериб нима қиламиз?”, “Билмасам… Салима шундай деди. Бечоранинг қўли юпқа, ёрдам берайлик, деди”. “Ҳа, майли. Тўй-пўйларга чиқмаяптимикин?”, кулади бу. “Нима деяпсан? Унинг нумири ўтиб бўлган, уни ким тўйга чиқиради?” Ҳафта ўтмай яна келади бошини қийшайтириб: “Ойнаобод қайнисинглисини чиқараётган экан. Шунга дастурхон учун…”, “Уф-ф!.. Ҳай, мен-ку, докторман, ойлигим яхши. Шундаям “дод” деб юборгим келади, сен бечора қандай қилаяпсан арзимаган маош билан?”. Мушши ҳар доимгидек нимадандир хижолат тортаётгандек аянчли илжаяди: “Хатга тушдинг, ўтга тушдинг, дейишган-ку, “гап” ҳам хатнинг бири экан. Бир амаллаяпман-да”. У баъзан Мушши учун ҳам тўлаб юборади: “Болаларинг ойликчи бўлиб, пулинг кўпайганда қайтарарсан…”
Тушлик пайти ҳаллослаб, ана шундай тадбирларнинг биридан келиб турган эди, ота ҳовлисидаги энг яқин қўшниларидан бири келиб қолди. Бу опанинг эри бир умр тумандаги энг катта автокорхонанинг бошлиғи бўлиб ишлаган, лекин ўзи каттага ҳам, кичикка ҳам бир хил муомила қиладиган ажойиб аёл. Шунинг учунми, Муяссарнинг онаси бу аёлни жуда яхши кўрарди. Ўша сафар Муяссар онасиникига борганда шу қўшни ҳам келиб ўтирган экан. Духтир эмасми, ёнидаги одамнинг ранг-рўйидаги ўзгариш ихтиёрсиз ҳолда назарига тушаверади. Икки юзи қип-қизил бўлиб юрадиган опанинг ранги сарғайиброқ турар, бунинг устига гап орасида тинимсиз “қув-қув” йўталар эди. Муяссар хайрон бўлди:”Опа, духтирга кўринмадингизми? Шамоллапсиз, шекилли?” Опа қўл силтади: “Э-э, акангиз кўрсатмаган духтир қолмади. Ичим дорихона бўлиб кетди. Бир ойдан бери шу йўтал ҳеч қолмади-қолмади”. Муяссар сумкасидан ускуналарини олиб, дарҳол опанинг ўпкасини эшитиб кўрди, уйига айттириб, ичган дорилари билан танишди ва “Йўталингиз аллергик характердаги йўталга ўхшаяпти, буни антибиотик билан даволаб бўлмайди” деб, аллергияга қарши дори-дармонлар ёзиб берди. Шундан буён бу аёл учун Муяссардан зўр дуктир йўқ. Ким касал бўлса, Муяссарни тавсия қилган, қаерга борса, уни мақтаган… Байрамларда йўқлаган… Муяссар ҳам бу аёлни олдингидан ҳам кўпроқ ҳурмат қиладиган бўлди. Ахир ҳамма беморлар ҳам қилган хизматларига шундай жавоб қайтаверишмайди-да.
Бу аёлнинг ёши аллақачон олтмишдан ошиб, бир вақтлари кулча юзларига ярашиб турадиган бақбақалари осилиб, буртиб чиққан ёноқлари қисиқ кўзларини янада қисиқроқ кўрсатиб турган бўлса-да, ёшига яраштириб кийган қимматбаҳо уст-боши, ловуллаб турган олмос кўзли тақинчоқлари, юриш-туриши, қарашларида англашилиб турган кибр кўрган одамни беихтиёр сергак торттирарди. Аммо у ўзи ёқтирган, ҳожатини чиқарадиган одамлар учун дунёдаги энг самимий, энг меҳрибон инсон бўла оладиган аёл эди.
Сўрашиб улгурмасдан яна йўтал тутиб қолди, опа ғужанак бўлиб, узоқ йўталди.
-Тинчлик, Қаноат опа! Яна йўталаяпсизми?
Опа қўл силтади:
-Э-э, куним қурсин менинг. Биров ёнимда туриб райхон эзғиласа ҳам нафасим буғилиб, йўтал тутиб қолаяпти. Акангиз ремонт бошлаган, шу красканинг ҳидини ёмон кўраман, эшик-деразалар буёқдан чиққунча, уч-тўрт кун онангизникигами, синглимникигами бориб турай, уйда ўзингиз бор, келин бор, десам, йўқ, уйда бўл, деб туриб олди. Мана энди, йигирма кундан буён йўтал тўхтамайди. Ичакларим ҳам буралиб қолгандек бўлаяпти. Ўғлим тоғдан асал олиб келган экан, тоза асал, ҳар наҳор оч қоринга бир қошиқдан енг, деган эди. Уч-тўрт кун есам, бутун аъзойи баданимга парча-парча қизил тошма тошиб кетди. Энди бу нимаси бўлди деб, ёнингизга келдим.
Муяссар бош чайқади:
-Вой, опажоним-эй, ўзингиз билмаган ҳолда вужудингизда ухлаб ётган касалликни уйғотиб юборибсиз-ку. Ахир асални асаларилар неча хил гулнинг хушбўй чангидан йиғиб олади, шунинг учун асал энг кучли аллерген ҳисобланади, райхон, бўёқ – булар ҳам ўткир аллергенлар. Энди беш-олти кун кучлироқ муолижа олишингиз керак. Иложи бўлса, ётиб даволанинг. Ўткир ҳидли нарсалардан узоқроқ юришингизга тўғри келади.
Қаноат опа касалхонада ётиб даволанишга рози бўлмади. Дориларни ҳамшира қизларга олиб келтириб, шу ерда биринчи кунги муолижани олиб қўя қолди. Муолижахонада озроқ ётиб, пича енгил тортгандек бўлдими, чеҳраси ёришиб, Муяссарнинг ёнига кирди. “Кучли таомлардан ўзингизни тийинг. Қатъий парҳезга риоя қилинг. Беш-олти кунда кўрмагандек бўлиб кетасиз”, тайинлади Муяссар. Қаноат опа кулиб бош чайқади: “Эртага “гап”имиз бор эди-я. Энди дастурхоннинг бошида кўрмак бор-у, емак йўқ, деб ўтирарканман-да”. “Опа, эхтиёт бўлганингиз яхши-да. Ҳозир сизда жуда ўткир жараён кетаяпти”.
Опа эшикдан чиқаётиб, изига қайтди: “Менга қаранг, Муяссархон! Сизни бир жойга таклиф қилсам, нима дейсиз? Масалан, дейлик, бизнинг даврамизга. Бир-биридан ажойиб хотинлар йиғилган, денг. Бири прокурорнинг онаси, бировининг ўғли ҳоким муовини, бировининг ўғли миллий ҳавфсизликда ишлайди. Бировининг ўзи катта тадбиркор, нечта дўкон, ресторанлари бор. Бировининг эри тадбиркор, нечта дорихоналари, тўйхоналари бор. Қайси соҳага юмушингиз чиқса, ўша соҳанинг калити ёнингизда бўлади. Орамизда дўхтир йўқ. Тўғрисини айтсам, дўхтир топиш ҳам қийин эмас, лекин бу даврага ҳар кимни ҳам қўшавермаймиз, деб келишганмиз. Бир сафар уларга сиз ҳақингизда гапирсам, синглингизни биздан қизғониб юрмасдан, даврамизга олиб келинг, биз билан ҳам таништиринг, дейишди. А-а, нима дейсиз? Сизга манаву касалларингиздан нима наф? Эшигингиздан чиқиши билан сизни унутиб юборади. Сиз ҳам бундоқ катта давраларга қўшилинг. Ўғилларингиз катта бўлаяпти, синаб-кўриб, биронтаси билан қуда бўлишингиз мумкин. Чиройли суҳбатлар бўлади, маза қиласиз”.
Муяссар жуда ноқулай аҳволга тушди. Бу аёлга “йўқ” дейиш қийин эди. “Хўп” деса… Шунча “гап”га улгириши ҳам осон эмас: “Опа, эрим пича инжиқроқ одам. Бир олдиларидан ўтишим керак”. “Йўқ, деса, ўзимга айтинг. У кишига ҳам калит топаман”, кулди опа. “Ўзим…”, “Эмасам, ғайрат қилинг”.
Эри ишдан кеч қайтди, чарчаганми, нимагадир кайфияти ҳам йўқ эди. Бошқа пайт бўлганда Муяссар индамай қўя қолган бўларди, аммо опаси тушмагур эртага эрталаб қўнғироқ қиламан, деган…
Эрига опанинг таклифи ёқмади: “Мен у даврани биламан, бизнинг каттанинг онаси ҳам шу даврада. Бир сафар бозорликларини қилиб берганман. Нохосдан оғзингдан бир гап чиқиб кетади-да, онаси орқали каттанинг қулоғига етса, балога қолиб кетаман. Тинчгина юр, хотин. Уй-жойимиз, бинойидек турмушимиз, болаларимиз бор. Икковимизнинг ҳам ишимиз яхши. Яна нима керак бизга?”, “Вой, дадаси! Одамзод янаям яхшироқ бўлишга интилиши керак, ҳеч қачон бир жойда қотиб қолмаслиги керак. Сув ҳам бир жойда туриб қолса, сасийди. Каттангизнинг онаси бўлса, янаям яхши. Кўнглини топсам, мартабангиз ошади. Шундай танишларим борки, казо-казолар билан “гап” ейиш учун ҳар ойда бир марта самолётда Тошкентга бориб келади! Сизни қаранг-у… Болаларингиз ўсаяпти, ўзлари билан бирга уларнинг ҳаражатлари, эхтиёжлари ҳам ўсаяпти. Фақат биз бир жойда депсиниб турибмиз. Эртага уларни ўқишга жойлаштириш, ишга жойлаштириш бор. Шундай пайтда бир қўллаб юборадиган танишга зориқиб қолади одам”. Хуллас, у деди, бу деди, эри бечора “Билганингни қил” деб терс бурилиб ётиб олди. Анчадан сўнг яна тўнғиллади: “Ҳайронман, ўша кампирлар билан нимани гаплашаркансан? Улар бир умр олдин эрининг, энди ўғилларининг топганини еб, уйда ўтирган аёллар бўлса”. “Бир гап бўлар”.
Бир пас ўтгач, эри ўрнидан туриб ўтирди: “Ҳай, менга қара!”. Муяссарнинг энсаси қотиб, унга томон ўгирилди: “Ҳа-а! Яна нима дейсиз?”. Эри лом-мим демасдан, анча пайт унга тикилиб турди. Муяссар жаҳл қилиб, яна орқа ўгириб олгач, “Сен хотин, жуда ўзгариб кетдинг. Билиб қўй, менга сен олиб берадиган мансаб умуман керак эмас. Болалар бўлса, соғ-омон, эсли-ҳушли бўлиб улғайишса, сен билан мен каби ҳаёт ўз йўлларини топиб кетишади”. Муяссар бир нарса деса, жанжал катта бўлиб кетишини билиб, индамай қўя қолди: “Тавба! Нима, у бузуқчиликка бораяптими? Шундай бообрў аёлларнинг давраси бўлса! Ёшлигида эркаклардан рашк қилиб куйдирган эди, энди кампирлардан рашк қилишни бошлади. Боради, барибир боради. Осиб ташласа ҳам боради. Кўчада бўл, куйда бўл. Эр келганда уйда бўл, дейишган. У ҳам эри ишдан қайтгунча уйда бўлади”.
Эртаси куни эри одатдагидек ҳаммадан аввал кетди. Унинг тезроқ кетишини пойлаб турган Муяссар кийинмасдан ҳали ошхонада, ҳали болалар хонасида куймаланиб юраверди. Чой дамлаб, дастурхонни тузаб қўйди-ю, аммо эрига гап қўшмади. Эри ҳам индамади. Бир оғиз гапирмасдан чойини ичди-да, хўшлашмасдан чиқиб кетди. Муяссарнинг юраги ғашланган бўлса-да, ич-ичида қаҳрланиб турган “мен”и қўл силтади: “Токайгача? Ўзи бир иш қилса, мендан маслаҳат сўраб ўтирмайди-ку”.
Шу кайфият билан болаларини ўқишга кузатди. Салонда ишлайдиган қўшни келинни чақириб сочини турмаклаттирди. Сўнг бисотидаги бор тақинчоқларни тақиб, яқинда олган у ер бу ерига тош қадалган қора кўйлагини кийиб борди. Ундаги ўзгаришни ҳамшираси дарҳол сезди: “Очилиб кетибсиз, Муяссар Холбоевна!”. Муяссар унга қараб, кўз қисиб қўйди: “Борадиган жойим бор эди. Соат ўн бирдан кейин бош врач сўраса, участкага чиқиб кетди, деб қўясиз”. “Хўп бўлади”.
Улар анча кечикиб боришибди. Катта дастурхоннинг гирдини тўлдириб ўтирган аёллларнинг ҳаммаси, Муяссарнинг назарида бироз малоллангандек ўринларидан туриб, улар билан бир-бир кўришишди. Кечикиб келиб, ёши бир жойга бориб қолган бой хотинларни қўзғаб қўйгани учун хижолат тортди. Беихтиёр тошбақага ўхшаб бошини ичкарига тортди. Шу ўтиришида ўзини Мушшига ўхшатиб юборди: “Шўрликкина”. Қаноат опа тўрдан бошлаб, даврадошларни таништириб чиқди: “Бу киши Салтанатхон, раҳматли хўжайинлари генерал бўлганлар, ҳозир ўзлари “генерал”. Олти ўғил-олти келин, тўрт қиз-тўрт куёвни ўзлари бошқарадилар. Икки ўғиллари прокурор. Бу киши ҳокимимизнинг оналари. Бу киши…”. Хуллас, ҳамма зўрлар йиғилган эди. Хонада қовурилган, қайнатилган, дудланган гўшт, янги узилган кўкатлар, антиқа пишириқлар ҳиди билан нафис атир-упалар ҳиди қўшилиб кетган, ҳар-ҳар замонда бир тотиниб қўяётган меҳмонлар қўлларини қовуштирганча, ёнидаги шериги билан ғивир-шивир гаплашиб ўтирарди. Фақат қуйироқда ўтирган бошқалардан нисбатан ёшроқ, афтидан мавқеи ҳам пастроқ бир аёл тинмай питир-питир қилиб, дам ўтирганларни таомга ундар, дам бирини қўйиб, бирини мақтар, ора-сира аскиялар айтиб, ҳеч ким кулмаса ҳам, ўзи ваҳа-халаб кулиб қўярди.
Бир вақт Муяссарнинг ёнида ўтирган аёл у томон хиёл эгилиб, ўзича дастурхонга таклиф қилган бўлди: “Нега ҳеч нарса емаяпсиз?” , у дастурхон нақшларига қаради: “Едим, опа, еяпман”. Сўнг аёл унга томон бироз сурилиб, ярим овозда арз-ҳол қилди: “Бир санчиғим бор, десангиз, ўн беш йилдан бери ҳали у еримда, ҳали бу еримда пайдо бўлиб, азоб беради. Кўринмаган дўхтирим қолмади. Қаноатхон сизни роса мақтади, менга ҳам бир маслаҳат бермайсизми?”. “Бажону дил”. Шундайин кибор даврада унга ҳам кимнингдир иши тушганидан севиниб кетди. “Фақат анализлар топшириб, бир-икки аппаратларимизнинг текширувидан ўтишингиз керак бўлади”, “Қачон борсам бўлади?”, “Истаган пайтингизда бораверинг, ҳар куни ишдаман. Фақат уйдан чиқишингиздан аввал бир қўнғироқ қилиб қўйсангиз, бўлди. Овора бўлиб борсангиз, бирон жойга бемор кўргани кетиб қолган бўлмай, дейман-да”.
Хуллас, душанба куни тўрт даврадош бирга-бирга Муяссарнинг қабулига борадиган бўлди. Очилиб-сочилиб ўтиришмаган бўлса ҳам Муяссар уйга кўнгли ёруғ орзу-хаёллар билан тўлиб қайтди. Ҳадеб бидир-бидир қилиб, ўзи гапириб, ўзи кулиб ўтирган сергап аёлни айтмаса, ҳаммаси оғир-босиқ, бамаъни аёллар эди. Сергап аёл ўзининг зиммасига ҳамма ташкилотчилик юмушларини ҳам олиб олган шекилли, ўртадаги пулни ҳам ўзи йиғиб олди, ундан ташқари яна бир дунё тадбирларни эълон қилди. “Шу ойнинг якшанбасида Муҳаббат опанинг 75 йиллик юбилейларини нишонлаймиз. Кейинги жума Маърифатнинг эрига маърака қилишар экан. Юзта сомса буюрсам, бўладими? Унга 20 сўмдан пул берасизлар. 25 нчида Гулнора опа неварасига ақиқа қилаётган экан. Бир маслаҳат қилиб, ҳаражатларини телефонда айтаман. Пайшанбада…”. Хуллас, Муяссар ҳар эҳтимолга қарши деб юз минг сўм олиб чиққан эди, ҳалиги аёл унга деди, бунга деди, ҳаммасини олди-қўйди. Ўртада айланадиган юз долларни унинг учун Қаноат опа берди… “Ҳа-а, катта давраларнинг ҳаражати ҳам катта бўлади-да. Чидаш керак. Навбатчиликларни кўпайтирсаммикин?..”. Бу фикр, албатта, эрига сира ёқмайди: “Бойларга қўшилиб, отимни чопдим. Отимдан йиқилиб, қумларни қопдим, дейишган экан. Ҳолингга қараб иш қилинг, хотинбой”. “Э-э, ёмон мижғов бўлди-да шу одам ҳам!.. Шунинг маслаҳати ҳам, ёрдами ҳам керак эмас, ўзим топаман. Кей-и-ин, вақти келганда айтаман. Ўша давраларга шундай ниятлар билан қўшилган эдим, сиз эса кўркундошдек бўлиб, еб қўйгандингиз, деб”.
У шу пайтгача сира ҳам беморларига таъмагирлик қилмаган, шундай бўлса ҳам баъзилар қўярда қўймай, чўнтагига озми-кўпми кўнглидан чиқарганини солиб кетишади. Ўша куни доимий мижозларидан бири келиб, кетаётганда “йўқ” деганига ҳам қўймай, чўнтагига пул тиқиб кетди. Хонада ҳеч ким йўқ эди. Бемор эшикдан чиқиб кетиши билан ташлаб кетилган пулни санаб кўрди: “Йигирма минг сўм. Қандай яхши! Кечгача яна ўн беш-ўн олти киши қабул қилса, инсофи борлар ўн мингдан ташлаб кетишса ҳам, пича пул йиғилиб қолади. Лекин баъзилар бездек бўлиб, индамай чиқиб кетаверишади. Ноинсофлар!”.
Навбатдаги бемор очган эшикдан қаттиқ-қаттиқ овоз эшитилди. Бу ҳар доимги шовқинлардан бошқачароқ эди. У ҳайрон бўлди. Бир пасдан кейин ранги қумдек оқарган ҳамшира қиз кириб келди: “Муяссар Холбоевна!.. Жасур Тиловмуротовични ЭСНБ олиб кетди”. “Нега?”, Муяссарнинг юраги “шув” этиб кетди. “Ногиронликка чиқиши керак бўлган бир касалга 50 минг берсанг, беллютен қилиб бераман, деган экан.. Ҳалиги киши 20 минг берайин, деб роса ялинса ҳам кўнмабди. Бечора қўли юпқароқ экан. Пул топа олмагандан кейин ЭСНБга борибди”.
Муяссар беихтиёр қўлини чўнтагига солиб, ҳалиги йигирма мингни ушлаб, қаттиқ ғижимлади: “Ё Худойим, энди нима қиламан?!”. Ҳозир эшиги очилиб, унинг хонасига ҳам Жасур Тиловмуротовични ушлаганлар кириб келадигандек бўлаверди. “Шарманда! Ер ёрилса-ю, ернинг тагига кириб кетсам!..”. Ҳа, фалончининг қизи, ёки фалончининг онаси пора билан қўлга тушиб, қамалиб кетибди”, деган исноддан кўра ернинг тагига кириб кетиш, ўлим минг, миллион марта афзалроқ эди. Унинг нафаси буғзига тиқилиб қолгандай бўлди. Ўрнидан туриб, дераза томон ўтди, ортига қараб, ҳамширадан бир пиёла сув сўради. Ҳамшира бурчакдаги стол устида турган челакдан пиёлага сув олиб, унинг ёнига келгунча учунчи қаватдан пастга бир назар ташлади-да, ҳамон қўли билан қаттиқ ғижимлаб турган пулни олиб, пастга ташлаб юборди. Сўнг ҳамшира узатган сувдан бир ҳўплаб, жойига ўтди. Аммо ўзига келолмади. Пешонасига тепчиган муздек тер доналарини кафти билан сидириб, унга анқайиб қараб қолган беморга юзланди. Худди кўнглидаги фикру хаёллар кўзларидан англашилиб тургандек хижолат тортди: “Бечоранинг бир уй боласи бор эди-да”. Бемор аёлнинг лўнжи осилиб турган сарғимтил юзи буришди: “Бола-чақа кимда йўқ, синглим? Шўрлик хасталаниб, ишга ярамай, бир сўмга зор бўлиб юрган бўлса, ўзини идора қила олмай қолгандир-да”. “Балки…”
Шу топда унинг кимнингдир ёнини олиб, ким биландир тортишадиган ҳоли йўқ эди. Бемор аёлдан нималарни сўради, у нимадан шикоят қилди, эслай олмайди, уч-тўрт йўналиш бўйича таҳлилга йўлланма ёзиб берди-да, жўнатиб юборди.
Шу билан икки-уч кун ўзига кела олмай юрди. Худди пул берган бемор бориб шикоят қилган-у, ҳали замон эшикдан текширувчилар кириб келадигандек бўлаверарди. Бутунлай ҳаловатини йўқотди. Бу орада Қаноат опа икки марта қўнғироқ қилди, пулини сўрамаган бўлса ҳам, Муяссар хижолат тортди. Миллиард-миллиард одам сиққан кенг дунё унинг кўзига тор кўриниб қолган эди: “Э-э, қайси гўрданам шу “гап”ларга қўшилдим”. Тўғри, олдин ҳам миннатдор бўлган беморлари чўнтагига пул солишган, совға-саломлар ҳам келтиришган, байрамларда излашган. Аммо унда ҳаммаси бошқача эди, у ҳеч қачон беморнинг юзига қараб, “Беш-олти сўм ташлаб кетармикин?” деб ўйламаган. Қўярда қўймай беришса, раҳмат деган, беришмаса ҳам хафа бўлмаган. “Ўзлари касал бўлса, соғ-саломат бўла туриб, буларнинг нимасидан умидвор бўламан”, деб ўйларди доим. Харажатлари кўпайганидан буён эшикдан кирган ҳар бир бемор кўзига пул бўлиб кўринадиган бўлиб қолди. Иш тугагандан кейин ҳам “Балки биров-ярим келиб қолар”, деб ўтираверади…
Илгари маошдан ташқари бир-икки сўм пул тушса, ишдан қайтгунча дўконга кириб, болаларининг оғзига ёқадиган бирон нарса харид қилиб қайтарди. Энди кун ора бир йиғин, унча-мунча пул Чамбилга чироқ ҳам бўлмайди, емай-ичмай йиғиб қўяди
Бой хотинларнинг бирининг юбилейига айтишган эди, негадир сира оёғи тортмади: “Мазам бўлмай турибди, иш ҳам кўп” деб, айтилган пулни бериб, қутулиб қўя қолмоқчи бўлди.
Қаноат опа қўймади: “Барака топгур, ҳозир юрмасангиз, қачон юрасиз. Яхши кишиларнинг тўйларини кўринг, шундай тўйлар қилайин деб, ҳавас қилинг. Худо орзуингизга етказади. Салқин опа хафа бўлади”.
“Уф-ф!”. Бу йиғинларга боришнинг ўзи бўлса экан… Ҳамма кўйлакларини неча мартадан кийиб борган. Бу аёлларнинг даврасида бир кўйлакни қайта-қайта кийиш жуда ноқулай. Ҳар сафар фалон сўмга соч турмаклатиши керак. Уям текин эмас. Тўғриси, у бу чопа чоплардан чарчадими, зерикдими, аввалги ҳафсаласини йўқотган эди.
Эрини ишга кузатгач, “салон”чи келинни уйга чақирди: “Сочимни бир нарса қилиб қўйинг, бир тўйим бор эди”. Келин нақ ярим соат уриниб, бошида ажабтовур муъжиза яратди. Иши тугагач, уни гир айланиб, ўзининг ишидан ўзи мамнун жилмайди: “Жуда очилиб кетдингиз. Ўзингизга ҳам ёқдими?”, “Жуда ҳам! Қўлингиз дард кўрмасин”.
Уйдан чиқаётган пайт онаси қўнғироқ қилди, овози жуда хаста эди: “Муяс, қизижоним, менинг бўлса жуда мазам йўқ. Чап кўкрагимнинг таги санчгани санчган. Ҳеч нафас олишга бермаяпти. Ёнбош ёта олмаяпман, бир зайлда чалқанча ётишга қийналаяпман. Бугун ишингдан жавоб сўраб, мени Термизнинг катта духтирларига кўрсатиб, ренгенга, компьютерга тушириб кел, болам”. Муяссар бир зум жим қолди, онасини хафа қилишни истамади. Аммо онаси ҳам ёши ўтган сайин жуда инжиқ бўлиб бораяпти. Агар ўзи шифокор бўлмаганида ҳам майли эди… Онаси эса тумандаги духтирларнинг ҳаммасини саводсизга чиқариб, ўзига ўзи ташҳис қўяди, йўлланмалар беради. Хуллас, ўзи ҳам тинмайди, атрофидагиларни ҳам, айниқса Муяссарни тинчитмайди. Не ҳасратда қилдирган турмагини беихтиёр силаб қўйди: “Шу онасиям!.. Онажон, одам бир кунда туғилгани билан бир кунда ўлмайди, бугун у ери оғрийди, эрта бу ери оғрийди, ўлимни бўйнига олган банда шукр қилиши керак. Тўқсонга бораётган одам бўлсангиз, деб айта олмайди. Юбилей ўлгур бўлмаганда ҳам майли эди”. “Муяс, Муясс!”, онасининг бетоқат овози эшитилди. “Ҳа, она?”, “Мени эшитаяпсанми?”, “Ҳа,она”, “Олиб борасанми, жуда мазам йўқ-да, болам. Акангга айтсам ҳам бўлар эди, менинг ишим кўп, қизингизга айтинг, ҳамкасбларига кўрсатади, дейди. Шунинг учун…”, “Хўп, она, ишдан жавоб оламан-да, бир такси ушлаб, ёнингизга ўтаман”. Сўнг ўзини тинчитди: “Битта томография билан рентген бўлса, юбилейга бемалол улгураман”.
Осмоннинг бир четида қорайиб турган булут то манзилга етиб олгунларича бутун осмонни қоплаб олди. Чарақлаб турган қуёшнинг юзи беркилиб, ҳамма ёққа булутнинг сояси тушди. Машинанинг очиқ деразаларидан муздек совуқ ҳаво ва нам тупроқ ҳиди урилди. Кўп ўтмай, шаррос ёмғир қўйиб юборди. “Ойналарингизни ёпинг-е”, зорланди момо. Ҳайдовчи хижолат бўлди: “Кечирасиз, моможон. Мана, мана, ёпдим. Ё, тавба! Ҳозиргина қуёш чарақлаб турган эди-ку? Одамни шошириб қўйди-ей”.
Муяссар ҳайдовчидан илтимос қилиб, машинани рентгенхонанинг остонасигача ҳайдатди. Рентген суратларини олиб чиқишганда ёмғирнинг шашти анча пасайган, аммо ҳамон тинимсиз шивалаб ёғиб турарди. Томография эса касалхонанинг нариги бошида жойлашган. Муяссар ичкаридан ногиронлар аравачаси сўраган эди, елка қисишди: “Бизда ундай нарса ҳеч қачон бўлмаган”. Томографияга етиб боришгунча оёқларини судраб зўрға илгарилаётган кампир ҳам, эрталабдан ҳаммани, ҳатто эгасини ҳам ҳайратга солган соч турмаги ҳам ёмғирда ивиб, адойи тамом бўлди. Муяссар аввалига сумкасидан битта газета чиқариб, бир қўлида газета билан бошини пана қилиб, иккинчи қўли билан онасининг тирсагидан ушлаб, юришига кўмаклашмоқчи бўлди, эплай олмагач, қўлидаги жиққа хўл газетани йўл четидаги ариққа улоқтирди. Эрталаб “салон”чи келин сепган шиширувчи, қотирувчи, ялтиратувчи химиявий концентрациялар ёмғир сувида эриб, алланечук шилимшиқ моддага айланиб, пешонаси, чеккаларидан оқар, унга сари кекса онанинг юриши тобора секинлашар эди: “Уф-ф! Одамзод бунча ўзини яхши кўрмаса?! Бу кишим духтирма-духтир юриб, қайтадан 18 яшар бўладилар!”.
Барибир бўлмади. Кимнидир кутиб, йўлак четида машинасини тўхтатиб турган бир йигитдан илтимос қилиб, томография бўлимининг остонасигача машинада боришди. Томография хулосаси тайёр бўлгач, онаси бўлим мудирининг хонасида ўтириб буюраверди, Муяссар у бўлимдан бу бўлимга чопиб, кампиршо сўраган мутахассисларни олиб келаверди. Энг охирида чақирилган дўхтир томоқ, бурун, қулоқ бўйича мутахассис эди. У ўрта ёшлардаги тепакал киши экан, юмшоққина диваннинг бир четида қаққайиб ўтирган кампирга қараб, унинг кенг юзларига табассум ёйилди. Қўлидаги кичкинагина чамадонини столнинг бир четига қўйиб, момонинг қаршисига ўтирди: “Хўш, моможон, дамлигинамисиз? Сизни нима безовта қилаяпти? Хўш, қулоқ жойида, бурун жойида, томоқдан овқат ўтиб турибди. Бизга яна қандай шикоятингиз бор?”. Ёмғирдан пана, илиққина, юмшоқ жойда ўтириб, озроқ нафас ростлаб олган кампирга дўхтир йигитнинг очиққина муомиласи хуш ёқди: “Энди, ука, тўғрисини очиқ-очиқ айтсам, айбситманг. Бурним билан бир йилда бир шимгирмайман, лекин томоғимнинг йўлидан аллақандай шилимшиқ нарса келади, вақт-бевақт қоқиришга тўғри келади. Баъзан ёнимда меҳмон-пеҳмон бўлиб қолади, жуда уяламан. Жойи келганда ўзингнинг бола-чақангнинг олдида ҳам хижолат тортиб қолар экансан. Шу-у, буруннинг тешиги битиб қолганми, дейман, агар шундай бўлса, беш-олти кун қийналсам ҳам тештирсам, девдим”. Дўхтир Муяссарга қараб, кўзини қисиб қўйди-да, бош чайқаб, чамадончасини очди: “Аҳвол жиддийга ўхшайди-ку. Қани, бир яхшилаб текшириб кўрайлик-чи”. Кўриб-кўриб, яна кулди: “Хўш, моможон, сизга бир воқеани айтиб берай. Икки киши дўстлашиб, бири бирини меҳмонга чақирибди. Мезбоннинг болалари жуда ёш экан, қўшни хонада роса шовқин-сурон қилиб, суҳбатга ҳалал берибди. У бундан хижолат бўлиб, “Кечирасиз, дўстим, болаларим ёш, бизники доим шундай, бақириқ билан ҳайқириқ”, дебди. Меҳмон эса унга ҳавас билан тикилиб ўтирган эмиш: “Қандай ажойиб! Сиз жуда бахтли одам экансиз. Бизникига борсангиз, қоқириқ билан тукурик. Аёлимдан ташқари бир кекса онамдан бошқа ҳеч ким йўқ. Эру-хотин учрамаган табибимиз қолмади. Бир тирноққа зормиз”, деган экан. Бу билан нима демоқчиман, инсон ҳаётида бақирадиган ҳам, тупурадиган ҳам фасл бўлади. Буни табиий жараён сифатида қабул қилиш керак холос. Сизда даволаниши керак бўлган ҳеч нарса топмадим. Биттагина потология — юрагингиз нотекис ураяпти. Буни қизингизнинг ўзи даволаб ташлайди, сизга бегона духтирнинг умуман кераги йўқ”. Сертабассум дўхтирнинг бақамти келиб, кулиб-кулдириб текширгани, гурунглашганидан яйраб ўтирган момо бирдан сўлиб қолди: “Унда… нега менинг бу қадар мазам йўқ?”. Дўхтирнинг чўнтагидаги телефон жиринглаб қолди, телефонни қўлига олиб бир қаради-да, ўчириб қўйди: “Момо, руҳни кўтаринг. Шунда ҳаммаси яхши бўлади. Нечада бўлдингиз? 86да?! Эҳ-ҳе! Қани, менга бир дуо беринг бўлмаса, биз ҳам сизнинг ёшингизга етиб юрайлик”. У эшикнинг ёнига етганда изига қайтиб келиб, шалпайиб ўтирган момонинг қулоғига энгашиб, шивирлади: “Мен сизга эмас, сиз менга маслаҳат беришингиз керак, аслида. Масалан, одам қандай яшаса, 86 ёшга киради? Буни мен билмайман, сиз эса биласиз. Яшанг!”
Муяссар кўчадан машина тутиб келди. Келишаётганда ҳаммани оғзига қаратиб, ҳеч кимга гап бермай келган момо машинага жуда эзғин кайфиятда ўтирди: “Руҳни кўтаринг, эмиш! Жоним оғриб, азоб кўриб ётган бўлсам, руҳимни қандай кўтараман?! Бугунги духтирларга ҳам ҳайрон қоласан. Ҳаммаси ғирт саводсиз! Ренгениям, компьютери ҳам бир пул экан!”
Арзимаган санчиқ учун бир кунлик режасини чиппакка чиқарди. Яна дод-вой қилишини! Йўқ, бу кампирнинг ҳеч қаери оғримайди, ҳаммаси баҳона, доимо атрофида кимдир парвона бўлиб туришини истайди: “Ҳозирги дориларни ҳам худо уриб кетган, бугун ичсангиз, яхшисиз. Эртага ичмасангиз, яна касалсиз. Одам бир умр дори ичиб юрмайди-ку ахир!”
Муяссарнинг тоқати тоқ бўлди: “Онажон, тинчгина кетайлик, илтимос. Ҳайдовчи йигитга ҳам ҳалал бераяпсиз. Мен сизга айтдим, сизники шунчаки санчиқ, кўчиб юрадиган оддийгина санчиқ! Сиз суринган бўлмасангиз, йиқилган бўлмасангиз, сизга рентген нимага керак, томография нимага керак? Шу рентген ўзимизда ҳам бор эди. Бекордан бекорга ёмғирда ивиб, шунча вақт йўқотдик, сарсон-саргардон бўлганимиз қолди. Илтимос, онажон, тинчгина кетайлик, мазам қочаяпти”.
У ҳақиқатан ҳам жуда чарчаган эди. Кўзларини юмиб, бошини ўриндиқнинг суянчиғига ташлади. Шу билан онаси ҳам жим бўла қолди. Уйга етиб келгунча бир оғиз ҳам гаплашишмади. Баъзан кўз қири билан ўриндиқнинг бир четида шумшайибгина кетаётган онасига қараб-қараб қўяди, ёмғирга ивиган бугунги кун учун “тинч ўтирмайдиган” онасидан қанча қаҳрланса, унинг айни дамдаги бечора сиёғига қараб, шунча раҳми келарди. Ўзиям ноинсоф бўлиб кетган, иш-у йиғинларидан вақт орттириб, онасини излашни ҳам йиғиштириб қўйди. Бир ойларда бир излаб боради. Қаёқданам шу телефон ўлгур чиққан, ҳар куни бир марта “алё-алё, яхши ўтирибсизми, нима камчиликларингиз бор?” дейди, тамом вассалом, шу билан она ва қизнинг ораси очиқ.
Бир сафар борса, ўзига тенгдош қўшни хола билан ўтиришган экан. Гурунг орасида онаси Муяссарга “Оёқларим ёмон оғрияпти” деб, шикоят қилган бўлди. Қўшни “Биров Азроилга бир оғиз огоҳлантириб келсанг, мен ҳам тараддудимни кўриб қўйсам бўлар эди-ку, деса, Азроил оёғингдан қувват кетди, билмадингми, белингдан мадор кетди, билмадингми, кўзларингни хира қилиб қўйдим, билмадингми, сени яна қанча огоҳлантиришим керак эди, деган экан. Энди, дўсим, бу ёғи шу. Ҳозирлигингизни кўриб қўяверинг. Билмадингми, билмадингми, деганда, билмапман-эй, деб ўтирманг”, деб кулди. Онаси унга қараб, “Э-э, ҳамсоя, энди кўриладиган ҳозирлигимиз нима бўларди? Одамзод бир умр шу ҳозирлик ташвиши билан яшайди-ку аслида. Яна билмадим…” деди. Онаси билмайдими? Онаси-я?! Ҳаммасини балодек билади, билгани учун болаларининг меҳрига тўймай кетаяпти…
Ота ҳовлисига етиб келгач, машинага жавоб бергиси келмади: “Духтир деди, мана олиб бориб кўрсатиб келдим. Бир кун вақтим, қанча пулим кетди. Бошқа сафар келиб, ўтириб кетарман”. У онасини ичкарига киритиб қўйиб, тайёр машинада уйига етиб олмоқчи эди: “Кетмай туринг, мен ҳозир чиқаман”, деди ҳайдовчи йигитга. Инқиллаб-синқиллаб машинадан тушган онаси “ялт” этиб, унинг юзига қаради. Бошқа пайт бўлганда, “Кетасанми?” дер эди. Аммо ҳозир йўлда эшитган даккининг алами тарқагани йўқ, шу боис бир нарса демай, дарвозага қараб юрди.
Муяссарнинг ич-ичидан нимадир узилиб, оёқлари учига тушгандек бўлди, шошиб сумкасидан йўлкира олиб, ҳайдовчига узатди-да, боши билан “бораверинг” ишорасини қилди. Ўзи онасининг изидан югурди: “Қоқилиб-суриниб юрмасин яна, чарчаб келаяпти”.
Укаси энди ишдан келиб турган экан. Онасини ўрнига ётқизгач, эрталаб уйдан юбилейга атаб олиб чиққан бир даста пулни укага тутқазди: “Бозорга бориб, икки кило юмшоққина қўй гўшти олиб келсанг. Сен келгунча келин билан қатпатир қилиб ўтирамиз”. Ука бир опасига, бир қўлидаги пулга қаради: “Бу… кўп-у?”, “Сен олавер. Олма, банан, майиз… Онамнинг оғзига ёқадиган бир нарсалар оласан-да. Қайтгунча поччанг билан жиянларингни ҳам ола қайт. Сизларни бир безор қилайлик”. Ука кулиб, елка қисди: “Ҳар сафар шунча пул берадиган бўлсангиз, ҳар кун безор қилсангиз ҳам майли”.
Йигирма минг сўм бериб, ярим соат қадалиб ўтириб қилинган “лайлак уя”ни бузиб, сочларини ўзи билганча қайтадан турмаклаб, бўёқлар чаплашиб кетган юзларини ювиб, онасининг ёнида ўтирган эди, эри қўнғироқ қилиб қолди: “Ҳа, тинчликми?”
Анчадан бери эри билан иккисининг орасида ёқимсиз бир бўшлиқ пайдо бўлганини сезиб юрар, бу ҳолатдан баъзан сиқилса ҳам, ўзи биринчи бўлиб, қўл узатишни истамас, баъзан эса шу чегаранинг мавжудлиги ҳам унга алланечук маъқул тушиб бораётганини ҳис қилар ва бундан қўрқиб кетар эди.
Бугун ана шу чегарани ўзи ҳатлаб ўтди: “Дадажониси, болаларни олиб бир келсангиз. Онамнинг бироз тоби йўқ экан. Қайнингиз билан келинингиз поччамни бир меҳмон қилайлик, дейишаяпти”.
Эртаси куни Мушши келди. Мушшининг қийшайиб кириб келишига қараб, дарров билди: “Бу яна бир гап топиб келган”.
Тўрга ўтқазиб, олдига дастурхон ёзди. Чой дамлади. “Ҳай-ҳай”лашига қарамасдан, ярим коса овқат сузиб қўйди. Кейин хонтахтанинг иккинчи томонига ўтириб, тараддудланганча, коса ковлаб ўтирган Мушшига тикилди: “Мушши, мен сени жуда яхши кўраман. Рост айтаяпман. Ҳаммаларингни яхши кўраман. Лекин мен шу бугундан бошлаб, “гап”дан чиқдим. Фақат синфдошларнинг “гап”идан эмас, ҳамма “гап”лардан чиқдим. Умр ўзи бир тутам, қимматли вақтимни онажонимга, болаларимга, эримга сарфласам, дейман. Кеча ҳисоблаб қарасам, онамни кўргани бормаганимга бир ойдан ошиб кетибди. Болаларимни ҳам ёнимга олиб, бағримга босиб, тузукроқ эркалатмай қўйганимга ҳам анча бўлди. Кейинги пайтларда шунчалик чарчаяпманки, эримни ҳам кўргим келмай қолган. “Гап”, “йиғин” деб, унга пул топай, вақт топай деб, ўзимни чарчатиб юбордим. Ўликни зўрласанг, кафанни булғар, дейишади. Нимага керак бу ошиқча зўриқишлар? Бу яхши эмас-ку ахир. Онам бечора мени кўргиси келганидан турли-туман касалликларни ўйлаб топадиган бўлиб қолди. Неча кунликлари бор-йўқ… Бир ёлчитиб хизматларини ҳам қилганим йўқ…”.
Мушши индамай ерга қаради: “Майли-куя, лекин навбатинг келиб турган эди-да. Ҳаммага пул бериб-бериб, навбат келганда индамай чиқиб кетаверасанми?”. Муяссар қўл силтади: “Қўй, менинг бошимни оғритма. Кечдим ўша пулдан ҳам. Истасанг, ана, сен ола қол”. Мушши яна ерга қаради: “Мен олтинчи “игра”ни олган эдим, олти “игра” қарз бўлиб турибман. Агар менга пулларингни беришинг рост бўлса, ўша пуллар билан қарзимни қоплаб юборардим-да, мен ҳам шу ўйиндан чиқиб қўя қолардим”.
Муяссар кулиб юборди: “Тўғри қиласан, бу ишлар сен билан мен учун эмас экан”.
Jamila ERGASHЕVA
IKKI HIKOYA
Jamila Ergasheva Surxondaryo viloyatining Jarqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetining jurnalistika kulliyotini tugatib, “Surxon tongi ”, “Ayol va zamon”gazetalarida ishlagan. “Izhor”, “Intiqom”, “Tanazzul”, “Ayol jodusi”, “Zulfizar”, “Qir ustidagi ayol”, “Shom shafag‘i jilvalari ” nomli qissa, hikoyalar jamlangan kitoblari chop etilgan. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi.
Bismillohi rahmoni rahim
UCHRASHUV
Shifoxona binolari quyuq daraxtzorlar orasida joylashgani uchun tuni bilan chigirtkalarning chirillashidan quloqlar qomatga keladi. Saharga yaqin ularning ovozini qushlarning chug‘urlashi bosib ketadi. Yo‘laklari sutdek oppoq nurga cho‘milib yotgan shifoxona esa mitti jonivorlarning bu shovqin-suroniga butunlay beparvo, mudrab tongni kutadi. Aslida bu shifoxonada kunduzlari ham juda sokin kechadi. Bu yerda asosan martabali va nishondor kishilar yotib davolanishadi va ular ko‘pincha kasal bo‘lganliklari uchun emas, kasal bo‘lmaslik uchun har yarim yilda o‘n-o‘n besh kun yotib, turli tekshiruvlardan o‘tishadi, dam olishadi. Ularning o‘zlari ham, izidan keluvchilar ham kasalxona tartiblarini juda hurmat qilishadi, unda-munda yo‘lakka chiqib qolishsa ham yumshoqqina shippaklarda oyoqqinalarining uchida ohistagina yurib, bir-birlari bilan yarim ovozda gaplashishadi.
Uzun va orasta yo‘laklar, odam bo‘yidan ikki baravar baland, doimo yopiq turadigan eshik ortidagi xonalar uzra qalqib turuvchi bu sokinlikni faqat bir odam – bosh shifokorning birinchi o‘rinbosari gursillagan qadam tovushlari bilan buzib, yanchib yuraverardi. Hamshira qizlar beradigan gurunglarga qaraganda uning bu “tartibsiz”ligi shifoxonaning yig‘ilishlarida juda ko‘p marta muhokama ham qilingan, bosh shifokor “Hakim Sattorovich, bu yer shifoxona. Bu yerda qanaqa kontengent yotib, davolanishini yaxshi bilasiz. Sal u yoq- bu yog‘ingizga qarab yuring, el qatori shippak kiying. Tuflingizning ovozi hammaning tinchini buzayapti” deb ko‘p marta aytgan. U esa “xo-xo”lab kulib, “Davron Berdiqulovich! Men mushuk emasman-ku ovoz chiqarmay yuradigan. Men odamman, shifokorman. Bemorlarimning atrofida aylanib yotgan insu jinslarni hurkitib yurmasam bo‘lmaydi-da”, der ekan. Bosh shifokor “Shippak, shippak…” deb ming‘irlayvergan ekan, oxiri “Aka, ket, desangiz, ketayin, lekin men shim bilan shippak kiymayman, bu mening imidjimga to‘g‘ri kelmaydi”, debdi.
“Lekin Hakim Sattorovichning bilimi zo‘r. Hamma unga ko‘rinishni istaydi. Bosh shifokorimiz ham hamma tanishlarini shu kishiga ko‘rsatadi”, deyishardi qizlar.
Bosh shifokorning ko‘rsatmasi bilanmi, yoki shunchaki tasoddif tufaylimi, viloyatning mashhur gimnastikachi qizi, ayni paytda viloyat madaniyat boshqarmasi boshlig‘ining birinchi o‘rinbosari bo‘lib ishlayotgan – Aliya Shodimetova aynan shu xushsurat, o‘ktam shifokor yigit — Hakim Sattorovich qaraydigan palataga tushib qoldi. Kim-kimlar bir marta ko‘rinishga zor bo‘lgan shifokor uning yoniga kuniga o‘n marta kiradi: “Qani-i, Aliyaxonim, tuzukmisiz?”. O‘ziyam kun ora navbatchilikda turadi, ayni sahar payti, atay unga qarash uchun kelib yotgan onasi palatani boshiga ko‘targancha xurrak otib, uyquni urayotgan payti ham eshikni sekingina ochib, kirib keladi-da, bamaylixotir tunchiroqni yoqib, uning qon bosimini o‘lchaydi, yuragini eshitib ko‘radi, choyshabning bir chetini ko‘tarib butun a’zoyi badanini egallab olgan toshmalariga qaraydi. Ketayotib, bemalol uyqusini davom ettirayotgan onasiga bir qarab, so‘ng Aliyaga hazilnamo ko‘z qisib qo‘yadi: “Siz ham uxlang”.
U xonadan chiqib ketgach, Aliya — besh yoshidan buyon yarim yalang‘och holda el oralab yurgan sarvqomat gimnastikachi – anchagacha qon bosimini o‘lchayotgan payt, yuragini eshitayotgan payt badaniga tekkan qo‘llarining taftini, hatto ustiga engashgan dam yuziga urilgan issiq nafasini his etib yotadi. Uning ortidan qoladigan atir hidi ajib dasht gullarini yodga soladi, ko‘ngli ham bepoyon dashtlardek huvullab qoladi. So‘ng beixtiyor eshikka tikilib, uni yana kuta boshlaydi. Yo‘lakdan eshitilayotgan gursillagan qadam tovushlari, zalvorli eshiklarning og‘ir g‘iyqillab ochilib-yopilishlari bora-bora asabini buza boshlaydi. Keyin yotgan joyida o‘zining ustidan kuladi: “Hey, o‘n sakkiz yashar qizmisan? Buncha hayajonlanmasang? U, shunchaki vazifasini bajarayapti, xolos. Senga biron so‘z degan, yoki biron ishora qilgan bo‘lmasa…
Qolaversa, shunday aqlli, bilimli yigit uch bolasini qo‘yib, yoshi o‘ttizga yetgan bir qari qiz bilan hayotini qaytadan boshlarmidi? Bu ivirsiq hayotda shundan boshqa tuzukroq mashg‘ulot yo‘qmi? O‘zi-chi, o‘zi? O‘zi ham hech qachon hech kimning bunday qurbonlik berishiga yo‘l qo‘yarmidi? Hech qachon!..”. Lekin uning ixtiyori allaqachon o‘zidan ketgan, na tiyiqsiz xayollar tizginini, na eshikka qarab mo‘ltirab turaveradigan ko‘nglini boshqara olmas edi. Har qancha o‘zini urushsa ham, u yo‘q payti uni kutaveradi, kelgan dam hayajonini zo‘rg‘a ichiga yutadi.
Yigiti tushmagur ham atay qilgandek ertalab ust-boshini ham almashtirmasdan qilichdek bo‘lib kostyum-shimlarda to‘g‘ri uning xonasiga kirar, ketgunicha ham bir kirib, ahvol so‘rab ketar edi. To‘g‘ri, Aliyaning ahvoli ancha og‘ir edi. Shifoxonaga tushganiga bir hafta bo‘libdi hamki, badanini bosib ketgan toshmaning na asl sababini topa olishdi, na uni qaytara olishdi. Tekshirishdi, maslahatlar qilishdi, boshqa shifoxonalardan mutaxassislar chaqirib ko‘rsatishdi, bilgan bor ilmu amallarini qilib ko‘rishdi, ammo tirsagidan tangadekkina bo‘lib boshlangan toshma hamma joyini bosib, quloqlarining ichi, tilining uchigacha toshib ketdi, qaytmadi. Qishloqdagi momoginasi “bu eshak yemi-ku, irimini qilmasa, qaytmaydi”, deb otasini qistay-qistay, mashinaga bir eshakni yuklab, uch hovuch arpa berib, shaharning qoq o‘rtasida joylashgan kasalxonaga jo‘natibdi: “Arpani etagiga solib, eshakka yedirsin”. Uni bir amallab aravachaga o‘tirg‘izib, eshakning yoniga chiqarishdi-yu, ammo mashina ustida 30-40 chaqirim yurib o‘zini yo‘qotib qo‘ygan eshak, izzat-ikrom bilan etaklarida tutgan arpani hidlab ham ko‘rmadi. Toshma ham qaytmadi.
Bir hafta o‘tgach, Hakim Sattorovich yangi dori boshlatdi: “Buyam bir tavakkal, hech narsa qilmasdan qarab tura olmayman-ku, axir. Lekin negadir ijobiy samara berishiga ko‘nglim ishonib turibdi”. U engashib, Aliyaning qo‘llarini ohistagina siqib qo‘ydi: “Siz ham ishoning, albatta hammasi yaxshi bo‘ladi”.
Dard uni butunlay holdan toydirgan, qon bosimi pasayib ketgan, nazarida yuragi ham yarador qushchadek zo‘rg‘a urib turardi. Uning qaroqlariga yosh qalqdi: Agar shu inson qo‘llaridan tutsa… jahannamga ham borishga tayyor edi u. O‘lsa, shu yigit uchun, uning qo‘llaridan tutgan holda o‘lsa!.. Yashasa, shu yigit uchun, shu yigitning qo‘llaridan tutmoq uchun yashasa!..
Doktor uning qo‘llarini qattiqroq siqdi: “Birgalashib Allohdan so‘raymiz, hammasi yaxshi bo‘ladi. Siz menga ishoning”. Aliyaning nazarida uning ovozi titrab ketdi, ko‘zlari ham namlangandek bo‘ldi. U boshqa hech narsa demadi, tez-tez yurib xonadan chiqib ketdi.
Bir pasdan keyin bosh shifokorning o‘zi kirdi. Davolovchi shifokor har kirganida bir talab chiqarayotgan onasi endi unga jovullab ketdi: “Men sizlarni tushunmayapman. Sizlar uchun inson hayoti hech qanday qimmatga ega emasmi? Kechagina ish boshlagan bir yigit mening qizimning ustida intuitsiyasiga ishonib, tajriba o‘tkazmoqchi. Siz esa indamay qarab, tomoshabin bo‘lib o‘tiribsiz. Tibbiyot aniq fan, aniq ilmga asoslangan soha, unda intuitsiya emas, ilm, tajriba muhim. Qo‘llaringdan kelmasa, javob beringlar, Toshkentga olib ketamiz”.
Bosh shifokor yupatmoqchi bo‘lgandek uning yelkalariga qoqdi: “Alfiya opa! Men sizni tushunib turibman. Lekin siz ham meni tushuning va ishoning. Birinchidan, doktoringiz juda bilimli mutaxassis, ikkinchidan bu kasallikni hamma joyda, hatto Amerikada ham biz davolagan usulda davolaydi. Dunyoda davo usullari hech qachon sir saqlanmaydi, bu mumkin emas. Qo‘limizdan kelgan hamma ishni qilayapmiz. Xudo xohlasa, bugun-erta ijobiy natijalarga erishib qolsak ajab emas”.
Alfiya opa yana jovulladi: “Ana, ko‘rdingizmi! Qilayotgan ishingizning natijasiga o‘zingiz ham ishonmaysiz. “Erishib qolsak, ajab emas” emish. Menga bunday mujmal gap kerak emas, menga “Albatta erishamiz” deydigan doktor kerak!”
Bosh shifokor bir muddat jim qoldi. So‘ng ona-bolaga bir-bir qarab, hamon yoqasidan olishga ham tayyordek xezlanib turgan opaga yuzlandi: “Opa, kasalning boshida turib bekordan bekorga panika qilmang. Siz so‘rayotgan gapni hech qachon hech qanday doktor ayta olmaydi. Eng ulug‘ shifokor Allohning o‘zi, bizlar bir sababchilarmiz, xolos. Sabrli bo‘lish kerak”.
Yangi muolajaning foydasini Aliya kechga yaqin his qildi: a’zoi badanidagi kuyishish biroz pasaygandek edi. Ungacha yuz marta uning yoniga kirib, “Yaxshi-i-i”, degan doimiy javobidan ruhi tushib ketgan Hakim Sattorovich uning “Negadir toshmalarim kuyishmayotgandek” deganini eshitib, ko‘zlari chaqnab ketdi: “Rostdanmi?!”. U darhol choyshabni tizzasigacha ko‘tarib, diqqat bilan badaniga razm soldi, so‘ng bilaklarini ochib ko‘rdi: “Yest!”, suyunganidan yosh bolalardek bitta tovonida turib, parket polda “chir” aylandi va deyarli yugurgan holatda tashqariga chiqib ketdi.
U o‘sha kecha navbatchi bo‘lmasa ham yarim tunda kasalxonaga Aliyani ko‘rgani keldi. Yo‘lakda uning gursillagan qadam tovushlarini eshitib, Aliyaning yuragi hapqirib ketdi. U xonaga dimog‘ida qandaydir sho‘x kuyni hirgoyi qilgancha kirib keldi: “Sira uxlay olmadim. Sizni bir ko‘rib ketmasam bo‘lmas edi”.
U yana Aliyaning toshmalarini bir karra ko‘zdan kechirdi, qon bosimini o‘lchadi, yuraklarini eshitib ko‘rdi, so‘ng o‘z-o‘zidan mamnun bir holatda xona chetida turgan stulni olib, oyoqlarini chalkashtirgancha o‘tirib, Alfiya opa bilan darvozalarining oldiga kimdir tashlab ketgan kichkinagina kuchukcha, uning qanchalar shirinligi, qanday ovqatlanishi, qanday yugurishi, qanday dumalashi, endi shu kuchukchani o‘zlari boqib olishga qaror qilganliklari haqida gurunglashdi. Ketayotib, Aliyani tanqid qilib qo‘ydi: “Bu qizingizning lug‘atida “yaxshi” degan so‘zdan boshqa so‘z yo‘q, shekilli. Juda zerikib ketmadingizmi u bilan yotib? Lekin mening yuraklarim qon bo‘lib ketdi-yey. O‘zi o‘lay deb yotibdi, qandaysiz, desam, “yaxshi-i”, deydi. Uni deb butun kasalxona xavotirda oyoqqa turgan, bunga qandaysiz, desa, yana “yaxshi-i-i”, deydi. Qoyil-ye!”
Qizining ahvoli o‘nglana boshlaganidan mamnun ona ham kulimsirab uning fikrini ma’qullaydi: “Ha, rost aytasiz, bu bilan bir soat birga o‘tirgan odamning yuragi “tars” yorilib ketsa kerak. Ona bo‘lganingizdan keyin chidar ekansiz-da. Lekin uning shunday bo‘lishiga o‘zim sababchiman, maktabda hamma fanlardan beshga o‘qirdi, qaysi institutga topshirsa ham kirib ketardi. Bu bog‘cha yoshidan gimnastikaga qatnadi, qaddi-qomati ham gimnastikaga mos edi, gimnastikachi bo‘ladi, deb turib oldim. Momolari bilan, dadasi bilan talashib-talashib, gimnastikachi qildim. Qaynonam “Totarligingga bording”, deb xafa bo‘ldi. Men “Totarligimni yuzimga soldingiz” deb xafa bo‘ldim. Baribir aytganimdan qaytmadim. Gimnastikachi qilib-ku, yutqizganimiz yo‘q. Kasbining ortidan dunyo kezdi, obro‘-e’tibor topdi. Bugun ham viloyatda shu soha bo‘yicha yagona murabbiy. Ammo yana bir tomoni bor, gimnastikachilar, ko‘ryapsiz, gapirmas ekan, ichida nima gap bo‘lsa, harakat bilan aytib qo‘ya qoladi”. Hakim Sattorovich kuladi: “Yaxshi emas. Unda-munda gapirib ham turish lozim, Aliyaxon”, “Albatta-da. Tumtayib yurib, mana, yoshi o‘ttizga yetdi. Allaqanday sochi pahmoq Barbelar “men” degan yigitlarning burnidan ip o‘tkazib, istagan joyiga yetaklab yuribdi. Bu bo‘lsa, shuncha husni, shunday aqli bilan!.. Og‘zimning solig‘i, qizimning qilig‘i yo‘q, degan xotin aslida mening o‘zimman”.
Onasining bu xil hasratlarini avval ham ko‘p eshitgan bo‘lsa-da, Aliya shifokor yigitning oldida juda xijolat bo‘ldi: “Ona-a-a!”
Uch kun deganda hamma toshmalar qaytib ketdi, ammo uni yana uch kun olib qolishdi: “Men ishonch hosil qilishim kerak”. Ketayotgan kuni Hakim Sattorovich shifoxona hovlisida barq urib gullab yotgan atirgullardan katta bir guldasta tayyorlab, unga keltirib berdi: “Uyga borgach, suvga solib qo‘yasiz”. Yana tayinladi: “O‘zingizni urintirmang. Toshmalar sizni juda charchatgan, o‘zingizga kelib olguncha, extiyot bo‘lib turing. Yana qaytalab qolmang”, “Xo‘p, rahmat…”
Aliya ko‘z yoshlarini yashira olmadi. Shunday og‘ir hastalikdan tuzalib uyga qaytayotgan odamning yig‘lashi g‘alati edi, lekin yigit undan “Nega yig‘layapsiz?” deb so‘ramadi. Uning ham negadir kayfiyati yo‘q edi.
…Shu bo‘yi ularning yo‘llari o‘ttiz yillar kesishmadi. Bu orada Aliya turmushga chiqdi, farzandli bo‘ldi. Onasi uxlab qolgan paytlar uxlamasdan uning boshida bedor tong ottirgan shifokor yigit ba’zan-ba’zan yodiga tushishini aytmasa, uni deyarli unutib yubordi. Chunki yigit ham uni biron marta bo‘lsin, izlamadi. Lekin Aliyaning yodiga tushgan dam o‘sha paytlar jonu – jahonini yondirgan his-tuyg‘ulari, kasalxonadan chiqayotgan payt o‘zini to‘xtata olmay yig‘laganlari uchun juda-juda xijolat tortar edi. Bir safar qandaydir yig‘inda qoramag‘izdan kelgan tiqmachoqdek bir ayol bilan yonma-yon o‘tirib qolgan edi, uni “Hakim Sattorovichning oilasi” deb tanishtirishdi. Beixtiyor Aliyaning yuzlariga qon tepdi, ko‘nglida kechgan tuyg‘ularni sezdirmaslik uchun “Eringizni yaxshi bilaman, juda bilimli, kasbiga sadoqatli shifokor” deb, ayolga mulozamat qilgan kishi bo‘ldi, u esa “Akangiz siz bilan faxrlanib yuradi, mening singlim, deydi doim”, deb takalluf qildi.
Keyingi vaqtlarda tez-tez Aliyaning yuragi bezovta qiladigan bo‘lib qoldi. Sal narsaga nafasi bug‘ziga tiqilib, qora terga tushib qolaveradi. O‘zi ham jonining tinchini bilib hech narsaga urunmaydigan bo‘lib qoldi. Kamharakatlilik oqibatida anchagina vazn to‘pladi, bu esa o‘z navbatida yana harakatini chegaralab qo‘ydi. Ba’zan oynaga qarab, qarshisida unga termulib turgan qovoqlari salqi, baqbaqalari osilib qolgan, rangi zaxil keksa ayolni ko‘rib, o‘zidan ko‘ngli qolib ketardi. Bir zamonlar komfirqa faollari shifoxonasi bo‘lgan joy “Kardiologiya markazi”ga aylantirilgan ekan. Eri qo‘yarda qo‘ymay uni shu markazga olib kelib yotqizdi.
Taqdirning hazilini qarangki, unga yana o‘sha o‘ttiz yil avval yotgan xonani berishdi. Devolning bir tomonini egallagan derazasiga qalin shoyi parda tutilgan nim qorong‘u xonada yotib, o‘zi istamagan holda xotiralarga berildi. Eshikdan kirgan har bir odamga jovullab yopishuvchi onasi, erta-yu kech yelkasiga eshikbondan olgan ko‘kish xalatni nomigagina ilgan holda kirib keluvchi otasi… O‘shanda otasiga qarab, odamzod ovoz chiqarmasdan, bir tomchi yosh to‘kmasdan ham yig‘lay olishi mumkinligini ko‘rgan edi. Otasi ham juda bosiq, kamgap odam edi. Aliyaning oldiga kelar-ketar, kelganida ham, ketganida ham qizining boshini bir hidlab qo‘yar, boshqa hech so‘z demas edi. Eh, odamzod shunchalar ham mo‘rt bo‘lmasa, odamning qo‘li bilan yasaluvchi eshik-deraza, jihozlar ham odamdan ko‘proq yashar ekan. Onasining ovozi quloqlari ostida jaranglab turibdi, ammo o‘zi yo‘q. Otasi ham… Aslida jonu jahonini na qayoqdan kelgani, na qachon ketishi noma’lum bo‘lgan dard o‘rtab yotgan bir paytda ham kim ahvol so‘rasa, jilmayib, “ Yaxshi-i-i…” deb javob beradigan xushro‘y, sarvqomat gimnastikachi qiz ham yo‘q. Uning o‘rnini turib-o‘tirgandagina emas, u yonidan bu yoniga ag‘darilganda ham malollanadigan bir kampir egallagan. Yana… gursillagan qadam tovushlari bilan bemorlari atrofida aylanib yurgan insu-jinslarni hurkituvchi o‘sha o‘ktam shifokor yigit ham yo‘qligi aniq. Qiziq, hozir u qayerda ekan, nima ish bilan shug‘ullanayotgan ekan? O‘shanda chamasi qirqlarga kirgan edi, hozir yetmishdadir… Allaqachon nafaqaga ham chiqib bo‘lgandir? Balki, o‘tib ketgandir… Doktorlar uzoq yashamaydi, deyishadi-ku. Juda ajoyib yigit edi. O‘shanda Aliyaning ko‘nglida emas, yigitning qalbida ham Aliyaga nisbatan bir o‘tli tuyg‘ular uyg‘ongani aniq. Bu uning ko‘zlaridan anglashilib turardi. Buni onasi ham sezgan ekan, keyinroq bir gap ochilganda aytgan edi. Ehtimol o‘sha tuyg‘ular bo‘lmaganda tavakkal qilishga jur’at topa olmagan va Aliyani qutqarib qololmagan bo‘larmidi?
Hammasi o‘sha-o‘sha, o‘sha xonalar, o‘sha uzun yo‘laklar… Faqat ovoz ko‘p, shovqin ko‘p edi: tapir-tupur, shaqir-shuqur. Biri-biridan shoshib, gursillab yuradigan, baland-baland ovozda gapiradigan shifokorlar, hali u yoqqa, hali bu yoqqa boshlab ketaveradigan hamshiralar… Aliya esa keksaygan, asablari charchagan. Kun bo‘yi unga tinim berishmadi, bir dunyo apparatlardan o‘tkazishdi, tahlil uchun qon, peshob olishdi. Soatlab tomchi ukollar qilishdi. Kechgacha u butkul holdan toydi. Kechqurun o‘g‘li bilan kelini olib kelgan ovqatdan nomigagina totingan bo‘ldi-da, ular ketgach, shipdagi qandilni o‘chirdi, yondevorga o‘rnatilgan bejirim tunchiroqni yoqib, o‘rniga cho‘zildi. U juda charchagan edi, darrov ko‘zi ilindi. Shu yotishda qancha vaqt yotganini bilmaydi, ammo bir tiniqib uxlab olgani aniq. Eshik ohista chertilib, og‘ir g‘iyqillab ochilganda, charchoqlari ancha tarqagan, sergaklik bilan boshini ko‘tarib, eshikka qaradi. Ostonada shumshayib turgan oq xalatli kishini ko‘rib, avvaliga hayron qoldi. Qariya unga kimnidir, aniqrog‘i unga juda qadrdon bo‘lgan bir insonni eslatdi, ammo ko‘ngliga kelgan fikrga uning ishongisi kelmadi, shunday bo‘lsa-da, keksa kishining hurmati uchun o‘rnidan turib o‘tirdi. Keluvchi esa uni ko‘rib, negadir xijolat tortdi. Tomoq qirib, ichkarilash uchun undan izn so‘radi: “Mumkinmi, Aliyaxon?”. Aliya beixtiyor o‘rnidan turib ketdi, keluvchi jur’atsizgina yarim ovozda gapirgan bo‘lsa-da, u bu ovozni tanimasligi mumkin emas edi: “Assalomu alaykum! Keling, kelavering, Hakim Sattorovich!”
Aliya xonaning umumiy chirog‘ini yoqib, unga stul qo‘yib berdi. Keyin o‘zi ham karavotining bir chetiga omonatgina o‘tirib, hurmat bilan hol-ahvol so‘radi: “Qarang-a, siz shuncha yildan beri haliyam shu yerda ishlayapsizmi? Men sizni allaqachon nafaqaga chiqib ketgan bo‘lsangiz kerak, deb o‘ylagandim”. Hakim Sattorvich hamon kalovlanardi: “A-a-a, yo‘-o‘-q, ishdan ketganim yo‘q. Nafaqaga chiqdim, o‘n yillar bo‘p qoldi, lekin ishlab yuribman”. “Ha, endi sizday ilmli, fidoyi mutaxassislarga javob berisharmidi? Yoshlar siz egallagan malakani egallagunlaricha bemorlar qiynalib qolmasliklari kerak-da”, “Ha-a, yo‘g‘-ye, juda-a unchalik emas. Hozir yoshlar orasida ham zo‘rlari ko‘p, lekin miyasida hech narsa yo‘g‘-u, xudoni xudoyberdichalik ko‘rmaydiganlari ham bor”, “Sizni hammi?”, hayron so‘radi Aliya. “Men?.. Men kim bo‘pman? Shunday yoshlar borki, o‘zlaridan boshqa hech kimni tanimaydi ham, tan ham olmaydi. Bizning davrimizda bir murakkab vaziyat tug‘ilib qolsa, darhol mutaxassislar yig‘ilib, konsilium qilinardi. Hozir esa bir narsa desangiz, internet orqali Amerikadagi falon-falon professorlar bilan konsilium o‘tkazdim, deb osmondan kelishadi”. “Unda… Sizga nima zaril shularning orasida xo‘rlanib yurib?”, bu gap Aliyaning og‘zidan “lop” etib chiqib ketdi-kuya, ammo darhol tilini tishladi: “Dilini og‘ritib qo‘ydim-da…”. Ammo suhbatdoshining yuz-ko‘zlarida hech qanday ranj alomatini ko‘rmagach, biroz yengil tortdi: “Ha, allaqachon ketishim kerak edi. O‘zi sog‘lig‘im ham yo‘q. Bodim bor. O‘n besh yillar bo‘ldi, ko‘p azob beradi. Ayniqsa havo buziladigan bo‘lsa, juda mazam bo‘lmay qoladi. Menikiyam noilojlikdan-da. Birinchi ayolimiz o‘tib qoldi. Ikkinchi ayoldan tug‘ilgan bolalar hali yosh. Nafaqa bilan ularni oyoqqa qo‘yishning iloji yo‘q. Birovi kontraktga o‘qiydi, bir yilda olti million to‘layman. Ikkovi repititorga qatnaydi. Olti repititorga pul to‘lashim kerak. Shuning uchun amal-taqal qilib, qimirlab turibman-da. Bir stavka ish berishgan, navbatchiliklarim bor. Nafaqaga qo‘shimcha-da. Bugun ham navbatchi edim. “Kasallik tarixlari” bilan tanishayotib, sizning ismi-sharifingizga ko‘zim tushib qoldi…”.
Aliya ming‘ir-ming‘ir qilib, tili bilan tanga sanab, arz-hol qilayotgan suhbatdoshini tinglab o‘tirib, beixtiyor uning loyi qotib qolgan kulrang rezina shippagining tumshug‘idan ko‘rinib turgan tirnoqlari o‘sib ketgan barmoqlariga ko‘zi tushdi. Ham ishlik, ham ko‘chalik qilib kiysa bo‘ladigan och kulrang shimi ham picha uzun ekan shekilli, pochasi poyafzal poshnasi ostida bosilaverib, yirtilib, shatmoq bo‘lib ketgan edi: “Bechora, rostdan ham juda mazasi yo‘qqa o‘xshaydi. Butunlay hafsalasiz bo‘lib qolibdi. Qarichilik, oiladagi yo‘qotishlar… Keyingi xotin ham uyiga tilsiz-jag‘siz xizmatkor bo‘lib kirib kelmagandir… O‘gay ona-bolalar o‘rtasida qancha dilxiraliklar o‘tganligi aniq. Bular odamni xarob qilmay, nuratmay nima qiladi? Sho‘rlik!..”
U avvaliga yuraklari achishib, qadrdon doktorning yarim ovozda berayotgan gurunglarini jon qulog‘i bilan hech bir malolsiz tinglab, o‘rni kelganda dalda berib o‘tirdi. Ammo har safar ko‘zi rezina shippakning tumshug‘idan mo‘ralab turgan tirnog‘i olinmagan barmoqlarga, shatmoq bo‘lib ketgan pochalarga ko‘zi tushganda mazasi qochib ketardi. Qariya esa vaqt allamahal bo‘lib qolganini ham, o‘zining navbatchiligini ham, qarshisida ensasi qotib, esnab o‘tirgan ayolning bemorligini, uning dam olishi kerakligini ham butkul unutgan holda, har ikkalasiga ham umuman aloqasi yo‘q allanimalar haqida ming‘ir-ming‘ir gap berardi. Navbatchi hamshira, uni ko‘rib, ochiqdan ochiq zarda bilan, bemorlardan biri uni so‘rayotganini aytdi-yu, Aliya undan qutulib, yengil nafas oldi: “Keksalik uni butkul xarob qilibdi”. Ammo u chiqib ketgach, bu odam soatlab o‘tirib, nimalar haqida gapirganini eslamoqchi bo‘lib harchand urinmasin, hech narsani eslay olmadi. Yuragi toriqdi. Deraza yoniga borib, oysiz qorayib turgan kuz osmoniga qaradi. U yer bu yerda xira miltillab turgan yulduzlar juda olislab ketgandek edi.
G A P
Milisada ishlaydigan Suyunboyning o‘g‘li huquqshunoslik institutiga o‘qishga kiribdi. Eru-xotin quvonchlari ichiga sig‘may, bir qo‘zi so‘yib, qarindoshlarni uyga chaqirdi: aka-uka, opa-singil, amma-xola, yangalar, kelinlar…
Erkaklar hovlida o‘tirishdi, xotin-xalaj bemalol o‘tirsin deb, ichkariga joy qilishgan ekan. Katta kondensioner g‘uvullab turgan keng, hashamatli mehmonxonada rosa maza qilishdi. Taomlar biri-biridan totli, diydor undan-da totli. Yeyishdi-ichishdi, so‘ng kelinlarga dasturxonni yig‘ishtirtirib, bitta-bitta lo‘la bolishni yonboshlariga olib, gurungni urishdi. Hech kim turay demasdi, biram maza, biram maza…
Salqin xonada ham chiroyli yelpug‘ich bilan o‘zini yelpib o‘tirgan toshkentlik yanga taklif qilib qoldi: “Kelinglar, qarindoshlar yig‘ilishib, “gap” o‘ynaylik. Hozirgi zamonda bir sabab bo‘lmasa, uydan chiqish qiyin. “Gap” bahona uydan chiqasiz, chiroyli dasturxonlarda o‘tirib, gurunglashasiz. Mazza qilasiz. 50 mingdan pul tashlaymiz, mehmon chaqirganni ham quruq qo‘ymaymiz”. Hisoblab ko‘rishdi: to‘rt opa-singil, to‘rt yanga, ikki xola, ikki amma. “Kak raz! O‘n ikki kishi bo‘lsak – har oyda bir kishi chaqiradi. Yarim milliondan oshiq pul yig‘iladi. Ham qo‘limizga birdan bir dunyo pul tushadi, ham mehmon bo‘lamiz”.
Muyassar uyga qaytgach, eriga maslahat solgan edi, “50 ming bo‘lsa, oyligingdan berarsan. Bir oyda bir marta qarindoshlar bilan o‘tirsang, hech narsa emas”, deb qo‘ydi. Lekin o‘zining ko‘ngliga g‘am tushdi, akasiga o‘xshab, qo‘y so‘ymasa ham, dasturxonni yaxshigina qilishi kerak bo‘ladi. Og‘zi katta yangalarning oldida shumshayib o‘tirmasligi kerak-da. Buyam yo‘q joydan bir chiqim.
Diydor ham pulga chaqiladigan bo‘ldi.
Odatda u yakshanba kunlari juda erta turadi, uydagi yumushlar esa qorong‘u kechgacha ham tugamaydi. Sahar turib, non uchun xamir qoradi, izidan somsa yoki manti uchun alohida ikki zuvalagina xamir oladi. Eri bilan bolalari uyg‘onguncha xamirlarini tindirish uchun yopib qo‘yib, bir parcha go‘shtni qiymalagichdan o‘tkazib, piyozlarini turg‘ab, ba’zan nonushtaga to‘rtta-to‘rtta pishirib ham qo‘yadi. Nonushta qilib bo‘lishgach, bolalari dasturxonni yig‘ishtiradi. O‘zi xamirning ustini ochib, nonlarni yasaydi. Tandirni qizitib, nonini yopgach, kirmoshinga issiq suv solib, kirni boshlab yuboradi. Kirning orasida uy yig‘ishtiradi, hovli supiradi, tushlik tayyorlaydi. Tushlikdan so‘ng supir-sidirlarini oxirigacha yetkazib, kechki ovqatga hozirlik ko‘ra boshlaydi. Xullas, Muyassar ertadan kechgacha eri bilan o‘g‘illarining ko‘nglini olib, yakshanbani bayramga aylantirish uchun kuyib-pishadi. Yarim tunda yakshanbaning eng oxirgi yumushlari hisoblanadigan to‘rt erkakning hafta bo‘yi kiyadigan kiyim-boshlarini dazmollab, zo‘rg‘a yuvinadi-da, o‘zini to‘shakka tashlaydi. Ko‘pincha gapirishga ham holi bo‘lmaydi. Ba’zan eri boshiga kelib, “Ha, charchadingmi, onasi?” desa, ko‘zlarini ham ochmasdan “Ertaga dam olarman”, deb qo‘yadi. Rostdan ham maosh olib ishlaydigan ishida buncha charchamaydi, hatto u yerda dam olish ham mumkin edi.
U hovliga chiqqanda Zuhro yulduzi mayingina nur taratib turgan Oyning yonida charaqlab turardi. Bostirmaga olib boradigan yo‘lak chetida qiyg‘och gullab yotgan moychechaklar, tong qorong‘usida ham barglar orasida oqarib turgan olmalar, mayda-chuyda qo‘yiladigan bostirmadagi sarishtalik, salqin tong havosi ko‘nglini yorishtirdi. Bostirma tagidagi kattakon qutidan xamir tog‘orani to‘ldirib un oldi-da, oshxonaga qaytdi. Tong ancha salqin edi. Eshikni yopib, xamir uchun suv qo‘ydi. Supra yoyishdan avval belini katta shol ro‘mol bilan ikki aylantirib qattiq bog‘lab oldi. Har doim “nonim hafta oxirigacha yetsin”, deb, bir dunyo suv soladi-da, keyin xamirni soziqtira olmay, qora terga tushadi, shunday paytda bu ro‘molning yaxshigina foydasi tegadi. Un elayotib, o‘zicha kulib qo‘ydi: “Dam olish kuni ham boshlandi, Muyassar Xolboyena! Endi mazza qilib tandir-uchoqning boshida dam olasiz”. Ayol kishining hayoti shu ekan-da, ko‘chada olim-u uloma bo‘lsa ham, uyga kelganda oddiygina xizmatkor. Ammo unga hech qachon bu xizmatlar malol kelmagan. Onasi ba’zan “To‘ng‘iching qiz bo‘lganda yordamchi bo‘lardi” deb qoladi. U esa kuladi: “O‘g‘il bo‘lsa ham qo‘lidan talay ish keladi, o‘qishini o‘qisin, odam bo‘lsin, deyman-da. Hadeb ish buyuravermayman. Hozir o‘zim eplab turibman, kuch-quvvatdan qolgunimcha kelin olaman”.
Nonushtadan so‘ng eri to‘ng‘ichini olib bozorga ketdi. Ular ham Muyassar qilib bergan ro‘yxatga qarab bir haftalik mayda-chuydani g‘amlab kelishlari kerak. Egizaklar onasining atrofida girdikapalak, huda-behuda savollar berib, ishga xalal berib zavqlanishadi. Muyassar ularni nari quvib halak: “Baraka topgurlar, sizlar ham munday dars-pars qilinglar, televizor ko‘ringlar. Boshimni og‘ritib yubordinglar-ku”. “Onajon, darslarimizni kecha qilib qo‘yganmiz. Televizorda hech narsa yo‘q, televizorchilar bir kino topsa, o‘n martalab berib yotishadi, ularni deb biz ham o‘n martalab ko‘rmaymiz-ku”.
Tushlikka yaqin oshxonada kuymalanib yotgan edi, ko‘chalarining narigi boshida turadigan qo‘shnisi Toshgul opa chiqdi: “Muyassarja-nuv, shu desang, hamsoyalar maslahatlashib, bir binoyi ish boshladik. 100 dollardan “gap” o‘ynaydigan bo‘ldik. Odam o‘zicha ro‘zg‘oridan orttirib, har oyda bir chetga 100 dollarni olib qo‘ya olmaydi. Gap o‘ynagandan keyin ilojingiz yo‘q, birovdan oldingmi, berishing kerak, berasan. O‘n qo‘shni gapni bir joyga qo‘yib, kelishib turibmiz. Agar o‘n bir kishi bo‘lsa, har oy uy egasidan tashqari ming dollar yig‘ilar edi, shunga seni ham qo‘shil, deb keldim. Birinchi ming dollarni men olayapman, harajatlarim bor. Ikkinchisini Xosiyat opa oladigan bo‘lib turibdi, qiziga mebel qilishi kerak, uchinchisini Norimxol olmoqchi, to‘yi bor ekan. Istasang, sen to‘rtinchisini ola qol. Dasturxonni oddiygina qilishga kelishdik. Bittagina osh bo‘lsa, kifoya”.
Muyassar labi-labiga tegmay, bidirlayotgan qo‘shnining bo‘yoqlari chaplashib ketgan qosh-u ko‘ziga qarab, ensasi qotdi: “Xo‘jayin kelsin-chi, maslahatlashib ko‘ramiz”. Qo‘shnining rangi o‘zgardi: “Voy-bo‘, shuning nimasini er bilan maslahat qilasan. Qir oshib, Qrimga ketayotganing yo‘q-ku. Chiqsang, shu ko‘chada yashaydigan qo‘shninikiga chiqasan. Yo, pulini o‘ylayapsanmi? Senday do‘xtir ayol uchun 100 dollar muammomi? A?..”, Muyassar xijolat ichra chaynaldi: “Endi… Toshgul opa, baribir, er er-da, u kishidan bemaslahat bir narsa deya olmayman. Kelsinlar-chi? Yo‘q-ku, demaydilar, shunday bo‘lsa ham, bir oldilaridan o‘tganim yaxshi-da”.
Qo‘shni opa deraza tomon qiyalagan quyoshdan panalab, o‘rindig‘ini nari surib o‘tirdi: “Vaqtning o‘tishini qara. Boyagina tong otgan edi, bir ish qilib ulgirganim yo‘q, peshin bo‘p qopti. Uyda o‘tirib, bir ishga ulgirmayman, sen ishlab turib ro‘zg‘orni qanday eplayapsan?”, “Shu-da!”. Toshgul opa shoshib o‘rnidan turdi, uzalib uning yelkalariga qoqdi: “Xudo kuch-quvvat bersin. Hali yoshsizlar. Yeb to‘ymaydigan, ishlab charchamaydigan paytlaring hozir. Bolalaring ham chaqqongina, xizmatkorgina. Ammo lekin, boyagi gapingga qoyilman. Qaniydi, hamma ayollar ham erning shunday hurmatini qilsa! E-e, ba’zilarining eri borligi esidan ham chiqib ketadi”. U barmoqlari bilan og‘zini to‘sib, sharaqlab kuldi: “Bir kun ayollar yig‘ilib bir joyga boradigan bo‘lib qoldik. Anziratxon, “Men uyimga aytib qo‘yay, kech qolib ketsak, xavotir olishmasin” deb uyiga qo‘ng‘iroq qildi. Telefonni eri olib, “Qayoqqa borayapsan?” deganmi, “Nima bor u yoqda?” deganmi, telefonni qo‘ygach, yoqasini ushlab, qiqir-qiqir kuladi: “Voy-y, mening ham erim bor ekan-yey. Erim borligi esimdan ham chiqib ketgan ekan. Qarang, menga g‘udurlashini!..” deydi. Eri bechora qo‘ydekkina yuvvosh odam, u uyda hech qachon Anziratxonning biron gapi ikki bo‘lmagan. Lekigin, nima bo‘lganda ham ayol o‘zining o‘rnini bilgani ma’qul”. “To‘g‘ri, opa”.
Toshgul opa yana maqsadga ko‘chdi: “Endi qarasam, Muyassarjan, hamma o‘zi bilan o‘zi bo‘lib ketayapti. Ishga boradi-keladi, ovqatini yeb, televizor o‘lgurga termilib o‘tiraveradi. Ketma-ket serial, degin, zavutingga o‘t tushgur. Qo‘shni bo‘lib, birov-birovnikiga chiqmasa, holing qanday, demasa, buyam yaxshi emas-da. Issiq jonning isitmasi bor, yaxshi kunda ham, yomon kunda ham yoningda birov turib tursa, yaxshi-da. Sizlar hali yoshsizlar. Qo‘shnilarni biriktirib, to‘g‘ri yo‘lga boshqarish biz uchun ham qarz, ham farz. Bir kun o‘tib ketsak, qo‘shnichilik uchun kuyib-pishib yurardi shu opamiz, deb eslab yurasizlar hali”. Muyassar kuldi: “Qo‘ying-ye, opa, qo‘lingizga ming dollar kelaman, deb turganda, o‘limdan gapirmang-e”, “Endi, kelasi gapni kelin gapiradi, deyishadi. Bu jahon ayvonida necha jonsan, hammang bir-biringga mehmonsan. Shuning uchun xudoyim imkon berganda, bir-birimizni izlab, izzatimizga yetib, mehr-oqibatli bo‘lib yuraylik. Bu dollarlar hech narsa emas, jonginam. Maqsad, qo‘shnilarni biriktirish. Ha-a, shunday!”.
Oyoqda tik turgan holida ham bir soat laqillagan Toshgul opa chiqib ketgach, Muyassar uning ayyor ko‘zlarini eslab, o‘zicha yana kuldi: “Undan ko‘ra pul zarur bo‘lib qolgandi, kim ham shuncha pulni bir yilga berib turadi, qo‘shnilardan 100 dollardan yig‘ayin, deb, shu“gap”ni o‘ylab topdim, deb qo‘ya qolsa-ku, yaxshi bo‘lardi”. Lekin o‘zining ko‘ziga ham uch oydan so‘ng kelishi mumkin bo‘lgan ming dollar pulning diydori juda issiq ko‘rindi: “Bir hisobdan qo‘shni haq, o‘z boshicha ro‘zg‘ordan orttirib, shuncha pulni yig‘ish qiyin. Yilda bir osh bo‘lsa, hech gap emas-u, qilarman”.
Eri ham indamadi: “Qo‘shnilar bo‘lsa, mayli, ko‘pning yomoni bo‘lib o‘tirma. Ammo gap pulida emas, yig‘aman desang, ularsiz o‘zing ham yig‘ishing mumkin”. “Shunday deysiz-da, dadasi. Oylik kelishi bilan qayerdagi harajatlar ko‘ndalang bo‘lib, qanday ishlatib qo‘yganimizni bilmay qolamiz. Birovga berishimiz kerak bo‘lib tursa, o‘ylab harajat qilamiz”, “Ha-yey, bilganingni qil”.
Uyam bilganini qildi, lekin “gap”lari ketma-ket tushib qoldi, ikki hafta ketma-ket dam olish kunida uyda bo‘lmadi. Dadasi tugul, har yakshanba biron tansiq ovqat bo‘lishiga o‘rganib qolgan bolalarining ham qovog‘i osildi: “Yana makaron sho‘rvami? Uf-f!”. U eri va bolalariga, har yakshanba kuni boshdan oyoq qirtishlab yig‘ishtiriladigan besarishta uyiga xijolatli termildi. Kirlarini hafta orasida ishdan qaytib, kecha-kechasi yuvib oldi. “Mantixo‘r” bolalari uchun bir kecha manti bukib, muzlatkichga qo‘ydi-da, ikkinchi oqshom qaynatib berdi. Ammo bolalari mantini miriqib yegan bo‘lsa ham, baribir, yakshanba kuni ketishlaridan norozi bo‘lishdi: “Bittagina yakshanbada uyda bo‘lardingiz. Endi shu kuni ham ketib qolasizmi?”
Unga qo‘yishsa-ku… Katta yangasi uni har doim “uy qizi” deb “tanqid” qilar edi. Rostdan ham u hamisha — bolaligida ham, keyin ham uyda bo‘lishni yaxshi ko‘rgan. Uning uchun uy bitmas tuganmas huzur-halovat, xotirjamlik maskani edi. Ne bir to‘kin dasturxonlar ustida ham ishtahasi g‘ippa bug‘ilar, uyga kelib, qorni ochganini his qilgach, quruq nonni suvga bo‘ktirib, yeb o‘tirardi. Endi-ku, bolalari bor. Nimaiki, tansiqroq taom ko‘rsa, og‘ziga olib borishdan avval bolalari ko‘z oldiga keladi. Shunday paytlari onasi aytib bergan bir gurungni eslaydi doim: Emishki, eski zamonlarda emizikli bir ayol o‘rtadagi tovoqda turgan yagona xushta’m luqma – bir bo‘lak quyruqni tovoq atrofida o‘tirgan qaynona-qaynotasiga ham, eriga ham qaramasdan ilib olib, og‘ziga solgan-u, yutib yuborgan. Qaynotaning qovog‘i uyulgan, u dasturxon atrofida o‘tirganlar orasida quyruq teng taqsimlanmaganidan jahllangan. Er ayolining badnafsligi uchun ota-onasi oldida xijolat tortgan. Ayol ham o‘zini oqlagan: “Sutim yo‘q, bolam kechalari bilan yig‘lab chiqayapti, bolamga sut bo‘lsin, dedim”. Qaynona indamagan. Er battar jahl otiga mingan: “Sening jig‘ildoningga tushgan qo‘yruqning sutga nima aloqasi bor, ochko‘z?”. Va shartta o‘rnidan turib, devorda osig‘lik turgan qilichni olib, ayolning yoqasini “shir” etkizib yirtadi-da, tirsillab turgan ko‘kragining tugmachasini kesib yuboradi. Xuddi shu yerda boyagina tovoqda oqarib turgan bir luqma quyruq bus-butun holda turardi. Ayol uni chaynamagan ham ekan…
Muyassarga qolsa-ku, bu “gap”larning sira keragi yo‘q-kuya. Ha, mayli… Buyam kerak ekan shekilli.
O‘sha kuni ishdan kechroq qaytib, shoshib ovqatga unnagan edi. Muyulishda yashaydigan sinfdosh o‘rtog‘i kelib qoldi. Ko‘rishib, so‘rashishgach, oshxonadagi stullarning biriga odatdagidek qimtinibgina o‘tirdi: “Sen ovqatingni qilaver. Bir pasga chiquvdim, ketaman”. “Ha, tinchlikmi?”. Mehmon dugona boshini qiyshaytirib, xijolatomuz jilmaydi: “Tinchlik… Meni senga qizlar elchi qilib jo‘natdi”. “Qanday qizlar?”, “Sinfdoshlar-da. Shu-u, ular bir ish boshlashgan. Ora uzilib ketmasin, har holda o‘n yil birga o‘qiganmiz deb, bir oyda bir marta yig‘ilishib turishadi. Shunga… seni ham qo‘shilsin, biz bilan birga bo‘lsin, deyishayapti”. Muyassar aftini burishtirib, gaz o‘choqqa norozi suyandi: “Vo-o-oy, Mushshi-i! (uning ismi Mushtariy edi, go‘dakligida bobosi erkalab “Mushshi” deb chaqirgan, shu bo‘yi bir umr Mushshiligicha qolib ketgan). Bilasanmi, hech ilojim yo‘g‘-a. Bilasan-ku, bizning ishimizni, hafta bo‘yi ertadan kechgacha bandman. Bolalarim hali yosh. Bir yakshanba kuni uyda bo‘laman. Men ham ayolman, onaman, kir-chirim, supir-sidirim bor. Shusiz ham qo‘ymay, ikkita “gap”ga qo‘shishdi. Endi ikki yakshanbam yo‘q, kalavamning uchini yo‘qotib qo‘ydim. Mendan xafa bo‘lmanglar, iltimos, men hecham qatnasha olmayman”.
Quyosh yuzini bulutlar ortiga berkitib oldi. Mushshi yerga qaradi. Muyassar jahl bilan taqur-tuqur qilib, qozon kovladi. So‘ng dugonasining mushtipargina bo‘lib egilgan boshiga qarab, xijolat tortdi: “Sen meni tushun, Mushshi. Bolalarimning hammasi o‘g‘il, “ha-pa” deb, qo‘l solishadigan qaynonam bo‘lmasa. Men uyni, bolalarimni o‘z holiga tashlab, bir umr ko‘chada yura olmayman-ku”. Mushshi uni ma’qullagandek bosh irg‘adi: “To‘g‘ri. Men-ku, seni tushunaman. Lekin anavilar tushunishmaydi-da. Ular hali sen bilan gaplashmay turib, “U kishim qatnashmaydi, chunki bizlarni o‘ziga teng ko‘rmaydi, nazar-pisand qilmaydi”, deyishgan edi. Men esa, “Bekorginani aytibsizlar. U sizlar o‘ylagandek dimog‘dor ayol emas”, deb sening oldingga kelgan edim”. Muyassarning battar jahli chiqdi: “Tavba-a, ichagida yeli tuyulsa ham, Muyassarjon, deb chopib borishadi hammasi. Kimga tibbiy ko‘rik kerak, kimning paxtadan qolgan bolasiga spravka, kimga bellyuten – hammasiga Muyassar balogardon. Oldimda “tyutu-tyutu”, ortimda g‘iybat qilishadi. O‘zi bu dunyoda hech qachon yaxshilik qilib, obro‘ topmaysan”. Mushshi gunohkorona yelka qisib, o‘rnidan turdi: “Mayli, Muyass, men boray bo‘lmasa. Sening ham vaqtingni olmay… O‘zi endi ishdan kelgan bo‘lsang… Kayfiyatingni ham buzdim, kechirasan-da endi”. Muyassar uning bo‘shashgan siyog‘iga qarab, kulib yubordi: “Bu ablahlar, ataylab seni yuborishgan. Muyassar talab tashlasa ham yerga qarab turaverasan, keyin rozi bo‘ladi, deyishgan-da. Hali borayin, men ularga dimog‘dorlikni ko‘rsatib qo‘yaman. Mayli, ko‘ndirding, qatnashaman. Lekin yakshanba emas, doim biron ish kuniga, tushlikka to‘g‘irlab o‘tkazasizlar. Soat 11larda ishdan qochib chiqsam, 2larda biron bahona bilan kechikibroq qaytaman. Erimga ham aytib o‘tirmayman. Bo‘ldimi?”. Mushshi har doimgidek xijolatomuz jilmaydi: “Rahmat. Ular ham yakshanba kuni o‘tira olishmaydi, hammasi bozorchi-ku”, u qanday sassiz kirib kelgan bo‘lsa, shunday chiqib ketdi: “Meni kuzatma, darvozangni o‘zim yopib ketaman”.
Muyassarni dimog‘dor deb, uning oldida mulzam bo‘lishni istamagan sinfdosh dugonalarning ko‘pchiligi haqiqatan ham bozorni boylagan boyvuchchalar edi. Birinchi “gap” ana shunday boyvuchchalarning birinikida bo‘ldi. Shuncha yil salom-alik qilib, biron marta ham uyiga borib ko‘rmagan ekan. Ana uy-u, mana uy! Jihozlari ham hammasi chetniki. Dasturxoni rosa to‘kin, unda anqoning urug‘i, qushning sutidan bo‘lak hamma narsa bor. Ammo bozorning eng gavjum yerida “Sovg‘alar” do‘koni ochib olgan Salimaga dasturxon o‘rtasida turgan turli xil ichimliklar orasidagi burama qopqoqli aroqlar yoqmadi: “Tuzukrog‘idan olsang, o‘lasanmi, ziqna? Juda qizg‘onchiqsan-da, o‘ziyam”. Mezbon ham uni ayab o‘tirmadi: “Sen bilan menga o‘xshagan piyonistalarga shunaqasiyam bo‘laveradi, deb olgan edim-da. Kecha do‘koningga kirganimda, o‘zing ham shunaqasidan ichib o‘tirgan eding-ku”. Davrada kulgu ko‘tarildi. Bozorda o‘tiraverganidanmi, o‘quvchilik paytlari sasi chiqmaydigan Salimaning tili ancha burro bo‘lib ketgan edi: “Charchab turgan payting, ayniqsa o‘zingning pulingga bo‘lsa, har qanaqasi ketaveradi. Lekin azza-bazza qilib, mehmonga kelganingda tuzukrog‘idan ichish kerak-da. To‘g‘rimi, Muyassar Xolboyevna?”. U Muyassarga qarab ko‘z qisib qo‘ydi, Muyassar indamadi. Salima “Bu qurumsoqdan boshqa narsa chiqmas ekan, mayli endi, ko‘r bo‘lib shuni ichaveramiz”, deb ovqat kelmasdan, bir boshdan hammaga quyib chiqdi: “Ruxsatlaring bilan, avval o‘zimni tanishtirsam: Salima Eshquvvatova, mana shu davraning samazvanka raisasi. Xo‘sh, endi birinchi so‘zni bizga hadeb qo‘shilavermaydigan hurmatli do‘stimiz, aziz mehmonimiz Muyassar Xolboyevnaga beramiz. Qani-i, marhamat. Qadahni qo‘lga olib-da, o‘rtoqjon. Axir davradoshlarning hurmati, degandek… E-e, rahmat. Qani?”
Muyassarning dimog‘iga o‘tkir spirt hidi urildi. U uch-to‘rt og‘iz gapirgan kishi bo‘lib, qadahni dasturxonning bir chetiga qo‘ygan edi. Salima “dod” deb yubordi: “Hay-hay! Bunaqasi ketmaydi, Muyassar Xolboyevna. So‘z isboti bilan! Surxonda so‘ylagan ichadi, qani-i, oling, yerga qo‘ymasdan olish kerak. Irimi shunday. Oxirigacha!”. Muyassarning jahli chiqib ketdi: “Qayerdagi “ikkichi” meni boshqarayaptimi? Ahmoq! Sinfda o‘tirar eding bir chetda sochingni bit bosib, endi to‘rt so‘m topdim deb!..” Oldida turgan qadahni jahl bilan yanada nariroq surib qo‘ydi: “Men ichmayman!”, dedi u qovoqlarini uygancha hech kimga qaramay. “Majburlama”, dedi qizlardan biri, “Har kimning ixtiyori o‘zida. Hali u ishga borishi kerak, bemorlarning oldida og‘zidan aroq hidi kelib tursa, yaxshi emas-da”.
Qizlarning deyarli hammasi ichdi, poygakroqda o‘tirgan Mushshi, Oynaobod, Irisdan tashqari hamma… Muyassarning yonida o‘tirgan maktab direktori bo‘lib ishlaydigan Maqsuda ham. Salima bir boshdan hammaga so‘z berib chiqdi, deyarli hamma “so‘zini isbotladi”. Quyuq-suyuqlar orasida oyoq yozish uchun o‘yinga tushishdi. O‘yinni madaniyat uyida ishlaydigan Maysaraxon arabcha raqs bilan boshlab berdi. U ilk bor birinchi sinfdagi Alifbe bayramida ham kindiklarini ochib, butun a’zoyi badanini dirillatib, baliqdek biltanglab arabcha raqsga tushib bergandi. O‘shanda bu harakatlar unga juda yarashgan, hammaning havasi kelgandi. Keyin sinfdoshlar yig‘ilganda o‘ynab beradigan bo‘ldi. Endi esa yoshi qirqqa yaqinlashib qolgan, bir qop go‘shtga aylangan ayol… Qadrdon kuyni qo‘yib, davraboshi Salimaxon “Maysar-r!” deyishi bilan o‘rnidan turib, osilibgina turgan keng-mo‘l yubkasini yechib, bir chetga otdi, tor koftasini ko‘kragigacha ko‘tarib qo‘yib, beldan pastrog‘iga qiyalatib popukli ro‘mol bog‘lab oldi. Keyin davraning o‘rtasiga chiqib, napramach(gilamdan qilinadigan sandiq)dek dumbalarini goh u tomonga, goh bu tomonga uchirib, lorsillagan ko‘kraklarini silkitib, bir qilpillamoqlik qildi-yey, kulaverib, hammaning ichagi uzildi, o‘tirgan joyiga dumalab qoldi. Keyin “Mustaxzod” yangradi, unga zulukdek qilib bo‘yalgan qoshlarini chimirib, qovoqlari osilib qolgan ko‘zlarini noz bilan suzib, La’lixon chiqdi. O‘ynamagan odam qolmadi, ularning sinfidagi qizlarning hammasi maktab davrida Maysaraga ergashib, madaniyat uyidagi raqs to‘garagiga qatnashgan, maktabda ham ularga hamma qoyil qolardi. Muyassarni ham o‘ynatishdi. Bir vaqt qarasa, soat o‘nta kam ikki: “Komissiya bor edi-ya!..” U hamma bilan shosha-pisha xayrlashib, ko‘chaga yugurdi. “Katta yo‘qligimni bilib qolmasin-da” deb, tili tanglayiga yopishgancha yugurib borarkan, dasturxonda qo‘l urilmasdan qolib ketgan noz-ne’matlar ko‘z oldidan ketmasdi. Hammasi og‘izda erib ketadigan, bir-biridan totli edi. Bolalari uchun to‘rttagina ola olmadi-da… Shunchalar olgisi keldi!.. Lekin yonidagilar chimirilib o‘tirgan bir paytda bu birovning dasturxonidan biron narsa olib sumkasiga sola olarmidi? Na bolalariga oldi, na o‘zi yolchitib yedi, u-bulardan bir-bir totingan bo‘ldi-yu, keyin ishtahasi bug‘ilib, to‘rsaygancha o‘tiraverdi. Ishxonasiga kirar-kirmas qorni ochdi.
Kunni yakunlab, o‘ringa cho‘zilgach, xurrak otib uxlayotgan eriga qarab yotib, undan yashirgan bazmni esladi. Ishdan qaytguncha, do‘konga kirib bolalarining ko‘nglini olish uchun ancha-muncha pishiriqlar xarid qilgan, shu bilan vijdoni ham orom topgan edi. Endi bazm tafsilotlari eslab yotib, beixtiyor ko‘ngli yorishganini his qildi. U haqiqatan ham bozorchi sinfdoshlarni hech qachon o‘ziga teng ko‘rmagan, garcha hamisha ularning iltimoslarini bajarib yurgan bo‘lsa ham. Bu xotinlar ham Mushshiga bejiz “Muyassar bizni pisand qilmaydi”, deyishmagan, axir ular ham yosh bola emas, qirqni urib qo‘ygan kap-katta ayollar. Bozorda o‘tirib kuniga necha turfa odam bilan muomila qilishadi. Muyassarning ko‘zlaridanmi, so‘zlarining ohanggidanmi, ko‘nglidagi bepisandlikni sezib qolishgandirki, Mushshiga shunday deyishipti. Lekin… bechoralar boshqa nima ish qilishsin. Har kim qo‘lidan ketgan ishni qiladi-da. Birov doktor, birov bozorchi… Hammasi ham bola-chaqa deb yugurib yurgan ayollar-da. Buning uchun ularni ayblashga hech kimning haqqi yo‘q. To‘rga o‘tirg‘izib, hurmat-izzatini qilib o‘tirishgan bo‘lsa!.. O‘yin-kulgu, hazil-mutoyibalarni eslab, miyig‘ida kulib qo‘ydi: “Qo‘shilganim yaxshi bo‘ldi”.
U sekin o‘rnidan turib, o‘g‘illari yotgan xonaga o‘tdi. Xuddi o‘zi o‘ylagandek bolalarning usti ochiq, pardalari bir chetga surilib, lang ochiq qolgan deraza ortidagi bir parcha osmonda barkashdek yaltillab turgan to‘lin oy xonani sutdek oppoq nurlariga cho‘mib tashlagandi. U ohista yurib, derazani yopdi, pardani to‘g‘irlab qo‘ydi, so‘ng beozorgina pishillab uxlayotgan bolalarining yoniga bir-bir o‘tib, ustlarini yopib qo‘ydi. Bir uyda yashab turib, uning yuragi bir umr sog‘inchdan simillab turadi. Ertalab ishga shoshadi, kechqurun horib-tolib qaytgan holiga bir dunyo uy yumushlarini bajaradi: pishir-kuydir, yig‘ishtir, yuv-chay, dazmol… Egizaklari ertak eshitishni juda yaxshi ko‘rishadi. Ba’zan ularga ertak aytayotib, ulardan oldin o‘zi uxlab qoladi. Eri hamisha “Bir stavka ishla, o‘zingni qiynama. Bolalar bilan ko‘proq uyda bo‘lasan”, deydi. U esa atrofidagi hamma hamkasblari ish talashib, bir yarim o‘rin ishlab, yana tinmay navbatchiliklarda ham turib yurganiga qarab, “Ulgurayapman-ku. Bolalar ham bir pasda ulg‘ayib qolishadi. Bir emas, uch o‘g‘il!..” deb, bir yarim o‘ringa ikki-uch navbatchilik ham qo‘shib olgan. Pulning esa sira barori yo‘q, kam bo‘lganda tejab ishlatarkan odam, ko‘p bo‘lganda ham ishlatilib ketaverarkan. Ayniqsa manavi “gap”larga aralashib qoldi-yu, ham vaqtining, ham pulining barakasi uchdi. Har ikki-uch kunning birida Toshgul opa “Muyassarjanuv” deb kirib keladi: “Jumagul hamsoyaning otasi o‘tib qolibdi. Gapdoshlar yig‘ilishib, bir o‘tib kelishimiz kerak. Dasturxon uchun 20 mingdan pul yig‘ayapmiz”, “Oydinning onasi ming oyning yuzini ko‘ribdi, akalari katta to‘y qilib berishayotgan ekan, registoranda! Bizni ham shu kunlarga yetkazsin. Xudo xohlasa, shanba kuni birga-birga o‘tamiz. Har doimgidek dasturxoniga 20 ming, shunday tabarruk onaxonning yelkasiga ham arziydigan biron narsa tashlamasak, bo‘lmaydi, dasturxondan dasturxonga o‘tib yuradigan isqirt material bo‘lmasin, eslab kiyi-ib yuradigan bir narsa olaylik, deyapmiz. Unga ham 20 mingdan yig‘ayapmiz”.
Ba’zan Toshgul opa uning ensasi qotayotganini sezib qolib, ranjib ham qo‘yadi: “Hay-hay, singlijonim, yaxshi-yomon kunlaringizda yoningizda turib beradigan qadrdonlar hamisha kerak. Hali siz ham to‘ylar qilasiz, o‘shanda bu pullaringiz albatta o‘zingizga qaytib keladi”. Toshgul opa chiqib ketgach, u yopiq darvozaga qarab, oshkora g‘ijinadi: “O‘rtadagi pulning bir qismi sizning jig‘ildoningizga ketayotganini bilmasam ekan!”
Buyoqda Mushshi o‘lgur ham qo‘ymaydi: “Maysar qiziga to‘y olayotgan ekan. Shunga borish kerak. 15 mingdan yig‘ishtirayotgan edik”, “Yo, tavba! To‘y olayotgan bo‘lsa, to‘y yegani bormaymizmi? Unga to‘yona berib nima qilamiz?”, “Bilmasam… Salima shunday dedi. Bechoraning qo‘li yupqa, yordam beraylik, dedi”. “Ha, mayli. To‘y-po‘ylarga chiqmayaptimikin?”, kuladi bu. “Nima deyapsan? Uning numiri o‘tib bo‘lgan, uni kim to‘yga chiqiradi?” Hafta o‘tmay yana keladi boshini qiyshaytirib: “Oynaobod qaynisinglisini chiqarayotgan ekan. Shunga dasturxon uchun…”, “Uf-f!.. Hay, men-ku, doktorman, oyligim yaxshi. Shundayam “dod” deb yuborgim keladi, sen bechora qanday qilayapsan arzimagan maosh bilan?”. Mushshi har doimgidek nimadandir xijolat tortayotgandek ayanchli iljayadi: “Xatga tushding, o‘tga tushding, deyishgan-ku, “gap” ham xatning biri ekan. Bir amallayapman-da”. U ba’zan Mushshi uchun ham to‘lab yuboradi: “Bolalaring oylikchi bo‘lib, puling ko‘payganda qaytararsan…”
Tushlik payti halloslab, ana shunday tadbirlarning biridan kelib turgan edi, ota hovlisidagi eng yaqin qo‘shnilaridan biri kelib qoldi. Bu opaning eri bir umr tumandagi eng katta avtokorxonaning boshlig‘i bo‘lib ishlagan, lekin o‘zi kattaga ham, kichikka ham bir xil muomila qiladigan ajoyib ayol. Shuning uchunmi, Muyassarning onasi bu ayolni juda yaxshi ko‘rardi. O‘sha safar Muyassar onasinikiga borganda shu qo‘shni ham kelib o‘tirgan ekan. Duxtir emasmi, yonidagi odamning rang-ro‘yidagi o‘zgarish ixtiyorsiz holda nazariga tushaveradi. Ikki yuzi qip-qizil bo‘lib yuradigan opaning rangi sarg‘ayibroq turar, buning ustiga gap orasida tinimsiz “quv-quv” yo‘talar edi. Muyassar xayron bo‘ldi:”Opa, duxtirga ko‘rinmadingizmi? Shamollapsiz, shekilli?” Opa qo‘l siltadi: “E-e, akangiz ko‘rsatmagan duxtir qolmadi. Ichim dorixona bo‘lib ketdi. Bir oydan beri shu yo‘tal hech qolmadi-qolmadi”. Muyassar sumkasidan uskunalarini olib, darhol opaning o‘pkasini eshitib ko‘rdi, uyiga ayttirib, ichgan dorilari bilan tanishdi va “Yo‘talingiz allergik xarakterdagi yo‘talga o‘xshayapti, buni antibiotik bilan davolab bo‘lmaydi” deb, allergiyaga qarshi dori-darmonlar yozib berdi. Shundan buyon bu ayol uchun Muyassardan zo‘r duktir yo‘q. Kim kasal bo‘lsa, Muyassarni tavsiya qilgan, qayerga borsa, uni maqtagan… Bayramlarda yo‘qlagan… Muyassar ham bu ayolni oldingidan ham ko‘proq hurmat qiladigan bo‘ldi. Axir hamma bemorlar ham qilgan xizmatlariga shunday javob qaytaverishmaydi-da.
Bu ayolning yoshi allaqachon oltmishdan oshib, bir vaqtlari kulcha yuzlariga yarashib turadigan baqbaqalari osilib, burtib chiqqan yonoqlari qisiq ko‘zlarini yanada qisiqroq ko‘rsatib turgan bo‘lsa-da, yoshiga yarashtirib kiygan qimmatbaho ust-boshi, lovullab turgan olmos ko‘zli taqinchoqlari, yurish-turishi, qarashlarida anglashilib turgan kibr ko‘rgan odamni beixtiyor sergak torttirardi. Ammo u o‘zi yoqtirgan, hojatini chiqaradigan odamlar uchun dunyodagi eng samimiy, eng mehribon inson bo‘la oladigan ayol edi.
So‘rashib ulgurmasdan yana yo‘tal tutib qoldi, opa g‘ujanak bo‘lib, uzoq yo‘taldi.
-Tinchlik, Qanoat opa! Yana yo‘talayapsizmi?
Opa qo‘l siltadi:
-E-e, kunim qursin mening. Birov yonimda turib rayxon ezg‘ilasa ham nafasim bug‘ilib, yo‘tal tutib qolayapti. Akangiz remont boshlagan, shu kraskaning hidini yomon ko‘raman, eshik-derazalar buyoqdan chiqquncha, uch-to‘rt kun onangiznikigami, singlimnikigami borib turay, uyda o‘zingiz bor, kelin bor, desam, yo‘q, uyda bo‘l, deb turib oldi. Mana endi, yigirma kundan buyon yo‘tal to‘xtamaydi. Ichaklarim ham buralib qolgandek bo‘layapti. O‘g‘lim tog‘dan asal olib kelgan ekan, toza asal, har nahor och qoringa bir qoshiqdan yeng, degan edi. Uch-to‘rt kun yesam, butun a’zoyi badanimga parcha-parcha qizil toshma toshib ketdi. Endi bu nimasi bo‘ldi deb, yoningizga keldim.
Muyassar bosh chayqadi:
-Voy, opajonim-ey, o‘zingiz bilmagan holda vujudingizda uxlab yotgan kasallikni uyg‘otib yuboribsiz-ku. Axir asalni asalarilar necha xil gulning xushbo‘y changidan yig‘ib oladi, shuning uchun asal eng kuchli allergen hisoblanadi, rayxon, bo‘yoq – bular ham o‘tkir allergenlar. Endi besh-olti kun kuchliroq muolija olishingiz kerak. Iloji bo‘lsa, yotib davolaning. O‘tkir hidli narsalardan uzoqroq yurishingizga to‘g‘ri keladi.
Qanoat opa kasalxonada yotib davolanishga rozi bo‘lmadi. Dorilarni hamshira qizlarga olib keltirib, shu yerda birinchi kungi muolijani olib qo‘ya qoldi. Muolijaxonada ozroq yotib, picha yengil tortgandek bo‘ldimi, chehrasi yorishib, Muyassarning yoniga kirdi. “Kuchli taomlardan o‘zingizni tiying. Qat’iy parhezga rioya qiling. Besh-olti kunda ko‘rmagandek bo‘lib ketasiz”, tayinladi Muyassar. Qanoat opa kulib bosh chayqadi: “Ertaga “gap”imiz bor edi-ya. Endi dasturxonning boshida ko‘rmak bor-u, yemak yo‘q, deb o‘tirarkanman-da”. “Opa, extiyot bo‘lganingiz yaxshi-da. Hozir sizda juda o‘tkir jarayon ketayapti”.
Opa eshikdan chiqayotib, iziga qaytdi: “Menga qarang, Muyassarxon! Sizni bir joyga taklif qilsam, nima deysiz? Masalan, deylik, bizning davramizga. Bir-biridan ajoyib xotinlar yig‘ilgan, deng. Biri prokurorning onasi, birovining o‘g‘li hokim muovini, birovining o‘g‘li milliy havfsizlikda ishlaydi. Birovining o‘zi katta tadbirkor, nechta do‘kon, restoranlari bor. Birovining eri tadbirkor, nechta dorixonalari, to‘yxonalari bor. Qaysi sohaga yumushingiz chiqsa, o‘sha sohaning kaliti yoningizda bo‘ladi. Oramizda do‘xtir yo‘q. To‘g‘risini aytsam, do‘xtir topish ham qiyin emas, lekin bu davraga har kimni ham qo‘shavermaymiz, deb kelishganmiz. Bir safar ularga siz haqingizda gapirsam, singlingizni bizdan qizg‘onib yurmasdan, davramizga olib keling, biz bilan ham tanishtiring, deyishdi. A-a, nima deysiz? Sizga manavu kasallaringizdan nima naf? Eshigingizdan chiqishi bilan sizni unutib yuboradi. Siz ham bundoq katta davralarga qo‘shiling. O‘g‘illaringiz katta bo‘layapti, sinab-ko‘rib, birontasi bilan quda bo‘lishingiz mumkin. Chiroyli suhbatlar bo‘ladi, maza qilasiz”.
Muyassar juda noqulay ahvolga tushdi. Bu ayolga “yo‘q” deyish qiyin edi. “Xo‘p” desa… Shuncha “gap”ga ulgirishi ham oson emas: “Opa, erim picha injiqroq odam. Bir oldilaridan o‘tishim kerak”. “Yo‘q, desa, o‘zimga ayting. U kishiga ham kalit topaman”, kuldi opa. “O‘zim…”, “Emasam, g‘ayrat qiling”.
Eri ishdan kech qaytdi, charchaganmi, nimagadir kayfiyati ham yo‘q edi. Boshqa payt bo‘lganda Muyassar indamay qo‘ya qolgan bo‘lardi, ammo opasi tushmagur ertaga ertalab qo‘ng‘iroq qilaman, degan…
Eriga opaning taklifi yoqmadi: “Men u davrani bilaman, bizning kattaning onasi ham shu davrada. Bir safar bozorliklarini qilib berganman. Noxosdan og‘zingdan bir gap chiqib ketadi-da, onasi orqali kattaning qulog‘iga yetsa, baloga qolib ketaman. Tinchgina yur, xotin. Uy-joyimiz, binoyidek turmushimiz, bolalarimiz bor. Ikkovimizning ham ishimiz yaxshi. Yana nima kerak bizga?”, “Voy, dadasi! Odamzod yanayam yaxshiroq bo‘lishga intilishi kerak, hech qachon bir joyda qotib qolmasligi kerak. Suv ham bir joyda turib qolsa, sasiydi. Kattangizning onasi bo‘lsa, yanayam yaxshi. Ko‘nglini topsam, martabangiz oshadi. Shunday tanishlarim borki, kazo-kazolar bilan “gap” yeyish uchun har oyda bir marta samolyotda Toshkentga borib keladi! Sizni qarang-u… Bolalaringiz o‘sayapti, o‘zlari bilan birga ularning harajatlari, extiyojlari ham o‘sayapti. Faqat biz bir joyda depsinib turibmiz. Ertaga ularni o‘qishga joylashtirish, ishga joylashtirish bor. Shunday paytda bir qo‘llab yuboradigan tanishga zoriqib qoladi odam”. Xullas, u dedi, bu dedi, eri bechora “Bilganingni qil” deb ters burilib yotib oldi. Anchadan so‘ng yana to‘ng‘illadi: “Hayronman, o‘sha kampirlar bilan nimani gaplasharkansan? Ular bir umr oldin erining, endi o‘g‘illarining topganini yeb, uyda o‘tirgan ayollar bo‘lsa”. “Bir gap bo‘lar”.
Bir pas o‘tgach, eri o‘rnidan turib o‘tirdi: “Hay, menga qara!”. Muyassarning ensasi qotib, unga tomon o‘girildi: “Ha-a! Yana nima deysiz?”. Eri lom-mim demasdan, ancha payt unga tikilib turdi. Muyassar jahl qilib, yana orqa o‘girib olgach, “Sen xotin, juda o‘zgarib ketding. Bilib qo‘y, menga sen olib beradigan mansab umuman kerak emas. Bolalar bo‘lsa, sog‘-omon, esli-hushli bo‘lib ulg‘ayishsa, sen bilan men kabi hayot o‘z yo‘llarini topib ketishadi”. Muyassar bir narsa desa, janjal katta bo‘lib ketishini bilib, indamay qo‘ya qoldi: “Tavba! Nima, u buzuqchilikka borayaptimi? Shunday boobro‘ ayollarning davrasi bo‘lsa! Yoshligida erkaklardan rashk qilib kuydirgan edi, endi kampirlardan rashk qilishni boshladi. Boradi, baribir boradi. Osib tashlasa ham boradi. Ko‘chada bo‘l, kuyda bo‘l. Er kelganda uyda bo‘l, deyishgan. U ham eri ishdan qaytguncha uyda bo‘ladi”.
Ertasi kuni eri odatdagidek hammadan avval ketdi. Uning tezroq ketishini poylab turgan Muyassar kiyinmasdan hali oshxonada, hali bolalar xonasida kuymalanib yuraverdi. Choy damlab, dasturxonni tuzab qo‘ydi-yu, ammo eriga gap qo‘shmadi. Eri ham indamadi. Bir og‘iz gapirmasdan choyini ichdi-da, xo‘shlashmasdan chiqib ketdi. Muyassarning yuragi g‘ashlangan bo‘lsa-da, ich-ichida qahrlanib turgan “men”i qo‘l siltadi: “Tokaygacha? O‘zi bir ish qilsa, mendan maslahat so‘rab o‘tirmaydi-ku”.
Shu kayfiyat bilan bolalarini o‘qishga kuzatdi. Salonda ishlaydigan qo‘shni kelinni chaqirib sochini turmaklattirdi. So‘ng bisotidagi bor taqinchoqlarni taqib, yaqinda olgan u yer bu yeriga tosh qadalgan qora ko‘ylagini kiyib bordi. Undagi o‘zgarishni hamshirasi darhol sezdi: “Ochilib ketibsiz, Muyassar Xolboyevna!”. Muyassar unga qarab, ko‘z qisib qo‘ydi: “Boradigan joyim bor edi. Soat o‘n birdan keyin bosh vrach so‘rasa, uchastkaga chiqib ketdi, deb qo‘yasiz”. “Xo‘p bo‘ladi”.
Ular ancha kechikib borishibdi. Katta dasturxonning girdini to‘ldirib o‘tirgan ayolllarning hammasi, Muyassarning nazarida biroz malollangandek o‘rinlaridan turib, ular bilan bir-bir ko‘rishishdi. Kechikib kelib, yoshi bir joyga borib qolgan boy xotinlarni qo‘zg‘ab qo‘ygani uchun xijolat tortdi. Beixtiyor toshbaqaga o‘xshab boshini ichkariga tortdi. Shu o‘tirishida o‘zini Mushshiga o‘xshatib yubordi: “Sho‘rlikkina”. Qanoat opa to‘rdan boshlab, davradoshlarni tanishtirib chiqdi: “Bu kishi Saltanatxon, rahmatli xo‘jayinlari general bo‘lganlar, hozir o‘zlari “general”. Olti o‘g‘il-olti kelin, to‘rt qiz-to‘rt kuyovni o‘zlari boshqaradilar. Ikki o‘g‘illari prokuror. Bu kishi hokimimizning onalari. Bu kishi…”. Xullas, hamma zo‘rlar yig‘ilgan edi. Xonada qovurilgan, qaynatilgan, dudlangan go‘sht, yangi uzilgan ko‘katlar, antiqa pishiriqlar hidi bilan nafis atir-upalar hidi qo‘shilib ketgan, har-har zamonda bir totinib qo‘yayotgan mehmonlar qo‘llarini qovushtirgancha, yonidagi sherigi bilan g‘ivir-shivir gaplashib o‘tirardi. Faqat quyiroqda o‘tirgan boshqalardan nisbatan yoshroq, aftidan mavqei ham pastroq bir ayol tinmay pitir-pitir qilib, dam o‘tirganlarni taomga undar, dam birini qo‘yib, birini maqtar, ora-sira askiyalar aytib, hech kim kulmasa ham, o‘zi vaha-xalab kulib qo‘yardi.
Bir vaqt Muyassarning yonida o‘tirgan ayol u tomon xiyol egilib, o‘zicha dasturxonga taklif qilgan bo‘ldi: “Nega hech narsa yemayapsiz?” , u dasturxon naqshlariga qaradi: “Yedim, opa, yeyapman”. So‘ng ayol unga tomon biroz surilib, yarim ovozda arz-hol qildi: “Bir sanchig‘im bor, desangiz, o‘n besh yildan beri hali u yerimda, hali bu yerimda paydo bo‘lib, azob beradi. Ko‘rinmagan do‘xtirim qolmadi. Qanoatxon sizni rosa maqtadi, menga ham bir maslahat bermaysizmi?”. “Bajonu dil”. Shundayin kibor davrada unga ham kimningdir ishi tushganidan sevinib ketdi. “Faqat analizlar topshirib, bir-ikki apparatlarimizning tekshiruvidan o‘tishingiz kerak bo‘ladi”, “Qachon borsam bo‘ladi?”, “Istagan paytingizda boravering, har kuni ishdaman. Faqat uydan chiqishingizdan avval bir qo‘ng‘iroq qilib qo‘ysangiz, bo‘ldi. Ovora bo‘lib borsangiz, biron joyga bemor ko‘rgani ketib qolgan bo‘lmay, deyman-da”.
Xullas, dushanba kuni to‘rt davradosh birga-birga Muyassarning qabuliga boradigan bo‘ldi. Ochilib-sochilib o‘tirishmagan bo‘lsa ham Muyassar uyga ko‘ngli yorug‘ orzu-xayollar bilan to‘lib qaytdi. Hadeb bidir-bidir qilib, o‘zi gapirib, o‘zi kulib o‘tirgan sergap ayolni aytmasa, hammasi og‘ir-bosiq, bama’ni ayollar edi. Sergap ayol o‘zining zimmasiga hamma tashkilotchilik yumushlarini ham olib olgan shekilli, o‘rtadagi pulni ham o‘zi yig‘ib oldi, undan tashqari yana bir dunyo tadbirlarni e’lon qildi. “Shu oyning yakshanbasida Muhabbat opaning 75 yillik yubileylarini nishonlaymiz. Keyingi juma Ma’rifatning eriga ma’raka qilishar ekan. Yuzta somsa buyursam, bo‘ladimi? Unga 20 so‘mdan pul berasizlar. 25 nchida Gulnora opa nevarasiga aqiqa qilayotgan ekan. Bir maslahat qilib, harajatlarini telefonda aytaman. Payshanbada…”. Xullas, Muyassar har ehtimolga qarshi deb yuz ming so‘m olib chiqqan edi, haligi ayol unga dedi, bunga dedi, hammasini oldi-qo‘ydi. O‘rtada aylanadigan yuz dollarni uning uchun Qanoat opa berdi… “Ha-a, katta davralarning harajati ham katta bo‘ladi-da. Chidash kerak. Navbatchiliklarni ko‘paytirsammikin?..”. Bu fikr, albatta, eriga sira yoqmaydi: “Boylarga qo‘shilib, otimni chopdim. Otimdan yiqilib, qumlarni qopdim, deyishgan ekan. Holingga qarab ish qiling, xotinboy”. “E-e, yomon mijg‘ov bo‘ldi-da shu odam ham!.. Shuning maslahati ham, yordami ham kerak emas, o‘zim topaman. Key-i-in, vaqti kelganda aytaman. O‘sha davralarga shunday niyatlar bilan qo‘shilgan edim, siz esa ko‘rkundoshdek bo‘lib, yeb qo‘ygandingiz, deb”.
U shu paytgacha sira ham bemorlariga ta’magirlik qilmagan, shunday bo‘lsa ham ba’zilar qo‘yarda qo‘ymay, cho‘ntagiga ozmi-ko‘pmi ko‘nglidan chiqarganini solib ketishadi. O‘sha kuni doimiy mijozlaridan biri kelib, ketayotganda “yo‘q” deganiga ham qo‘ymay, cho‘ntagiga pul tiqib ketdi. Xonada hech kim yo‘q edi. Bemor eshikdan chiqib ketishi bilan tashlab ketilgan pulni sanab ko‘rdi: “Yigirma ming so‘m. Qanday yaxshi! Kechgacha yana o‘n besh-o‘n olti kishi qabul qilsa, insofi borlar o‘n mingdan tashlab ketishsa ham, picha pul yig‘ilib qoladi. Lekin ba’zilar bezdek bo‘lib, indamay chiqib ketaverishadi. Noinsoflar!”.
Navbatdagi bemor ochgan eshikdan qattiq-qattiq ovoz eshitildi. Bu har doimgi shovqinlardan boshqacharoq edi. U hayron bo‘ldi. Bir pasdan keyin rangi qumdek oqargan hamshira qiz kirib keldi: “Muyassar Xolboyevna!.. Jasur Tilovmurotovichni ESNB olib ketdi”. “Nega?”, Muyassarning yuragi “shuv” etib ketdi. “Nogironlikka chiqishi kerak bo‘lgan bir kasalga 50 ming bersang, bellyuten qilib beraman, degan ekan.. Haligi kishi 20 ming berayin, deb rosa yalinsa ham ko‘nmabdi. Bechora qo‘li yupqaroq ekan. Pul topa olmagandan keyin ESNBga boribdi”.
Muyassar beixtiyor qo‘lini cho‘ntagiga solib, haligi yigirma mingni ushlab, qattiq g‘ijimladi: “Yo Xudoyim, endi nima qilaman?!”. Hozir eshigi ochilib, uning xonasiga ham Jasur Tilovmurotovichni ushlaganlar kirib keladigandek bo‘laverdi. “Sharmanda! Yer yorilsa-yu, yerning tagiga kirib ketsam!..”. Ha, falonchining qizi, yoki falonchining onasi pora bilan qo‘lga tushib, qamalib ketibdi”, degan isnoddan ko‘ra yerning tagiga kirib ketish, o‘lim ming, million marta afzalroq edi. Uning nafasi bug‘ziga tiqilib qolganday bo‘ldi. O‘rnidan turib, deraza tomon o‘tdi, ortiga qarab, hamshiradan bir piyola suv so‘radi. Hamshira burchakdagi stol ustida turgan chelakdan piyolaga suv olib, uning yoniga kelguncha uchunchi qavatdan pastga bir nazar tashladi-da, hamon qo‘li bilan qattiq g‘ijimlab turgan pulni olib, pastga tashlab yubordi. So‘ng hamshira uzatgan suvdan bir ho‘plab, joyiga o‘tdi. Ammo o‘ziga kelolmadi. Peshonasiga tepchigan muzdek ter donalarini kafti bilan sidirib, unga anqayib qarab qolgan bemorga yuzlandi. Xuddi ko‘nglidagi fikru xayollar ko‘zlaridan anglashilib turgandek xijolat tortdi: “Bechoraning bir uy bolasi bor edi-da”. Bemor ayolning lo‘nji osilib turgan sarg‘imtil yuzi burishdi: “Bola-chaqa kimda yo‘q, singlim? Sho‘rlik xastalanib, ishga yaramay, bir so‘mga zor bo‘lib yurgan bo‘lsa, o‘zini idora qila olmay qolgandir-da”. “Balki…”
Shu topda uning kimningdir yonini olib, kim bilandir tortishadigan holi yo‘q edi. Bemor ayoldan nimalarni so‘radi, u nimadan shikoyat qildi, eslay olmaydi, uch-to‘rt yo‘nalish bo‘yicha tahlilga yo‘llanma yozib berdi-da, jo‘natib yubordi.
Shu bilan ikki-uch kun o‘ziga kela olmay yurdi. Xuddi pul bergan bemor borib shikoyat qilgan-u, hali zamon eshikdan tekshiruvchilar kirib keladigandek bo‘laverardi. Butunlay halovatini yo‘qotdi. Bu orada Qanoat opa ikki marta qo‘ng‘iroq qildi, pulini so‘ramagan bo‘lsa ham, Muyassar xijolat tortdi. Milliard-milliard odam siqqan keng dunyo uning ko‘ziga tor ko‘rinib qolgan edi: “E-e, qaysi go‘rdanam shu “gap”larga qo‘shildim”. To‘g‘ri, oldin ham minnatdor bo‘lgan bemorlari cho‘ntagiga pul solishgan, sovg‘a-salomlar ham keltirishgan, bayramlarda izlashgan. Ammo unda hammasi boshqacha edi, u hech qachon bemorning yuziga qarab, “Besh-olti so‘m tashlab ketarmikin?” deb o‘ylamagan. Qo‘yarda qo‘ymay berishsa, rahmat degan, berishmasa ham xafa bo‘lmagan. “O‘zlari kasal bo‘lsa, sog‘-salomat bo‘la turib, bularning nimasidan umidvor bo‘laman”, deb o‘ylardi doim. Xarajatlari ko‘payganidan buyon eshikdan kirgan har bir bemor ko‘ziga pul bo‘lib ko‘rinadigan bo‘lib qoldi. Ish tugagandan keyin ham “Balki birov-yarim kelib qolar”, deb o‘tiraveradi…
Ilgari maoshdan tashqari bir-ikki so‘m pul tushsa, ishdan qaytguncha do‘konga kirib, bolalarining og‘ziga yoqadigan biron narsa xarid qilib qaytardi. Endi kun ora bir yig‘in, uncha-muncha pul Chambilga chiroq ham bo‘lmaydi, yemay-ichmay yig‘ib qo‘yadi
Boy xotinlarning birining yubileyiga aytishgan edi, negadir sira oyog‘i tortmadi: “Mazam bo‘lmay turibdi, ish ham ko‘p” deb, aytilgan pulni berib, qutulib qo‘ya qolmoqchi bo‘ldi.
Qanoat opa qo‘ymadi: “Baraka topgur, hozir yurmasangiz, qachon yurasiz. Yaxshi kishilarning to‘ylarini ko‘ring, shunday to‘ylar qilayin deb, havas qiling. Xudo orzuingizga yetkazadi. Salqin opa xafa bo‘ladi”.
“Uf-f!”. Bu yig‘inlarga borishning o‘zi bo‘lsa ekan… Hamma ko‘ylaklarini necha martadan kiyib borgan. Bu ayollarning davrasida bir ko‘ylakni qayta-qayta kiyish juda noqulay. Har safar falon so‘mga soch turmaklatishi kerak. Uyam tekin emas. To‘g‘risi, u bu chopa choplardan charchadimi, zerikdimi, avvalgi hafsalasini yo‘qotgan edi.
Erini ishga kuzatgach, “salon”chi kelinni uyga chaqirdi: “Sochimni bir narsa qilib qo‘ying, bir to‘yim bor edi”. Kelin naq yarim soat urinib, boshida ajabtovur mu’jiza yaratdi. Ishi tugagach, uni gir aylanib, o‘zining ishidan o‘zi mamnun jilmaydi: “Juda ochilib ketdingiz. O‘zingizga ham yoqdimi?”, “Juda ham! Qo‘lingiz dard ko‘rmasin”.
Uydan chiqayotgan payt onasi qo‘ng‘iroq qildi, ovozi juda xasta edi: “Muyas, qizijonim, mening bo‘lsa juda mazam yo‘q. Chap ko‘kragimning tagi sanchgani sanchgan. Hech nafas olishga bermayapti. Yonbosh yota olmayapman, bir zaylda chalqancha yotishga qiynalayapman. Bugun ishingdan javob so‘rab, meni Termizning katta duxtirlariga ko‘rsatib, rengenga, kompyuterga tushirib kel, bolam”. Muyassar bir zum jim qoldi, onasini xafa qilishni istamadi. Ammo onasi ham yoshi o‘tgan sayin juda injiq bo‘lib borayapti. Agar o‘zi shifokor bo‘lmaganida ham mayli edi… Onasi esa tumandagi duxtirlarning hammasini savodsizga chiqarib, o‘ziga o‘zi tashhis qo‘yadi, yo‘llanmalar beradi. Xullas, o‘zi ham tinmaydi, atrofidagilarni ham, ayniqsa Muyassarni tinchitmaydi. Ne hasratda qildirgan turmagini beixtiyor silab qo‘ydi: “Shu onasiyam!.. Onajon, odam bir kunda tug‘ilgani bilan bir kunda o‘lmaydi, bugun u yeri og‘riydi, erta bu yeri og‘riydi, o‘limni bo‘yniga olgan banda shukr qilishi kerak. To‘qsonga borayotgan odam bo‘lsangiz, deb ayta olmaydi. Yubiley o‘lgur bo‘lmaganda ham mayli edi”. “Muyas, Muyass!”, onasining betoqat ovozi eshitildi. “Ha, ona?”, “Meni eshitayapsanmi?”, “Ha,ona”, “Olib borasanmi, juda mazam yo‘q-da, bolam. Akangga aytsam ham bo‘lar edi, mening ishim ko‘p, qizingizga ayting, hamkasblariga ko‘rsatadi, deydi. Shuning uchun…”, “Xo‘p, ona, ishdan javob olaman-da, bir taksi ushlab, yoningizga o‘taman”. So‘ng o‘zini tinchitdi: “Bitta tomografiya bilan rentgen bo‘lsa, yubileyga bemalol ulguraman”.
Osmonning bir chetida qorayib turgan bulut to manzilga yetib olgunlaricha butun osmonni qoplab oldi. Charaqlab turgan quyoshning yuzi berkilib, hamma yoqqa bulutning soyasi tushdi. Mashinaning ochiq derazalaridan muzdek sovuq havo va nam tuproq hidi urildi. Ko‘p o‘tmay, sharros yomg‘ir qo‘yib yubordi. “Oynalaringizni yoping-ye”, zorlandi momo. Haydovchi xijolat bo‘ldi: “Kechirasiz, momojon. Mana, mana, yopdim. Yo, tavba! Hozirgina quyosh charaqlab turgan edi-ku? Odamni shoshirib qo‘ydi-yey”.
Muyassar haydovchidan iltimos qilib, mashinani rentgenxonaning ostonasigacha haydatdi. Rentgen suratlarini olib chiqishganda yomg‘irning shashti ancha pasaygan, ammo hamon tinimsiz shivalab yog‘ib turardi. Tomografiya esa kasalxonaning narigi boshida joylashgan. Muyassar ichkaridan nogironlar aravachasi so‘ragan edi, yelka qisishdi: “Bizda unday narsa hech qachon bo‘lmagan”. Tomografiyaga yetib borishguncha oyoqlarini sudrab zo‘rg‘a ilgarilayotgan kampir ham, ertalabdan hammani, hatto egasini ham hayratga solgan soch turmagi ham yomg‘irda ivib, adoyi tamom bo‘ldi. Muyassar avvaliga sumkasidan bitta gazeta chiqarib, bir qo‘lida gazeta bilan boshini pana qilib, ikkinchi qo‘li bilan onasining tirsagidan ushlab, yurishiga ko‘maklashmoqchi bo‘ldi, eplay olmagach, qo‘lidagi jiqqa xo‘l gazetani yo‘l chetidagi ariqqa uloqtirdi. Ertalab “salon”chi kelin sepgan shishiruvchi, qotiruvchi, yaltiratuvchi ximiyaviy konsentratsiyalar yomg‘ir suvida erib, allanechuk shilimshiq moddaga aylanib, peshonasi, chekkalaridan oqar, unga sari keksa onaning yurishi tobora sekinlashar edi: “Uf-f! Odamzod buncha o‘zini yaxshi ko‘rmasa?! Bu kishim duxtirma-duxtir yurib, qaytadan 18 yashar bo‘ladilar!”.
Baribir bo‘lmadi. Kimnidir kutib, yo‘lak chetida mashinasini to‘xtatib turgan bir yigitdan iltimos qilib, tomografiya bo‘limining ostonasigacha mashinada borishdi. Tomografiya xulosasi tayyor bo‘lgach, onasi bo‘lim mudirining xonasida o‘tirib buyuraverdi, Muyassar u bo‘limdan bu bo‘limga chopib, kampirsho so‘ragan mutaxassislarni olib kelaverdi. Eng oxirida chaqirilgan do‘xtir tomoq, burun, quloq bo‘yicha mutaxassis edi. U o‘rta yoshlardagi tepakal kishi ekan, yumshoqqina divanning bir chetida qaqqayib o‘tirgan kampirga qarab, uning keng yuzlariga tabassum yoyildi. Qo‘lidagi kichkinagina chamadonini stolning bir chetiga qo‘yib, momoning qarshisiga o‘tirdi: “Xo‘sh, momojon, damliginamisiz? Sizni nima bezovta qilayapti? Xo‘sh, quloq joyida, burun joyida, tomoqdan ovqat o‘tib turibdi. Bizga yana qanday shikoyatingiz bor?”. Yomg‘irdan pana, iliqqina, yumshoq joyda o‘tirib, ozroq nafas rostlab olgan kampirga do‘xtir yigitning ochiqqina muomilasi xush yoqdi: “Endi, uka, to‘g‘risini ochiq-ochiq aytsam, aybsitmang. Burnim bilan bir yilda bir shimgirmayman, lekin tomog‘imning yo‘lidan allaqanday shilimshiq narsa keladi, vaqt-bevaqt qoqirishga to‘g‘ri keladi. Ba’zan yonimda mehmon-pehmon bo‘lib qoladi, juda uyalaman. Joyi kelganda o‘zingning bola-chaqangning oldida ham xijolat tortib qolar ekansan. Shu-u, burunning teshigi bitib qolganmi, deyman, agar shunday bo‘lsa, besh-olti kun qiynalsam ham teshtirsam, devdim”. Do‘xtir Muyassarga qarab, ko‘zini qisib qo‘ydi-da, bosh chayqab, chamadonchasini ochdi: “Ahvol jiddiyga o‘xshaydi-ku. Qani, bir yaxshilab tekshirib ko‘raylik-chi”. Ko‘rib-ko‘rib, yana kuldi: “Xo‘sh, momojon, sizga bir voqeani aytib beray. Ikki kishi do‘stlashib, biri birini mehmonga chaqiribdi. Mezbonning bolalari juda yosh ekan, qo‘shni xonada rosa shovqin-suron qilib, suhbatga halal beribdi. U bundan xijolat bo‘lib, “Kechirasiz, do‘stim, bolalarim yosh, bizniki doim shunday, baqiriq bilan hayqiriq”, debdi. Mehmon esa unga havas bilan tikilib o‘tirgan emish: “Qanday ajoyib! Siz juda baxtli odam ekansiz. Biznikiga borsangiz, qoqiriq bilan tukurik. Ayolimdan tashqari bir keksa onamdan boshqa hech kim yo‘q. Eru-xotin uchramagan tabibimiz qolmadi. Bir tirnoqqa zormiz”, degan ekan. Bu bilan nima demoqchiman, inson hayotida baqiradigan ham, tupuradigan ham fasl bo‘ladi. Buni tabiiy jarayon sifatida qabul qilish kerak xolos. Sizda davolanishi kerak bo‘lgan hech narsa topmadim. Bittagina potologiya — yuragingiz notekis urayapti. Buni qizingizning o‘zi davolab tashlaydi, sizga begona duxtirning umuman keragi yo‘q”. Sertabassum do‘xtirning baqamti kelib, kulib-kuldirib tekshirgani, gurunglashganidan yayrab o‘tirgan momo birdan so‘lib qoldi: “Unda… nega mening bu qadar mazam yo‘q?”. Do‘xtirning cho‘ntagidagi telefon jiringlab qoldi, telefonni qo‘liga olib bir qaradi-da, o‘chirib qo‘ydi: “Momo, ruhni ko‘taring. Shunda hammasi yaxshi bo‘ladi. Nechada bo‘ldingiz? 86da?! Eh-he! Qani, menga bir duo bering bo‘lmasa, biz ham sizning yoshingizga yetib yuraylik”. U eshikning yoniga yetganda iziga qaytib kelib, shalpayib o‘tirgan momoning qulog‘iga engashib, shivirladi: “Men sizga emas, siz menga maslahat berishingiz kerak, aslida. Masalan, odam qanday yashasa, 86 yoshga kiradi? Buni men bilmayman, siz esa bilasiz. Yashang!”
Muyassar ko‘chadan mashina tutib keldi. Kelishayotganda hammani og‘ziga qaratib, hech kimga gap bermay kelgan momo mashinaga juda ezg‘in kayfiyatda o‘tirdi: “Ruhni ko‘taring, emish! Jonim og‘rib, azob ko‘rib yotgan bo‘lsam, ruhimni qanday ko‘taraman?! Bugungi duxtirlarga ham hayron qolasan. Hammasi g‘irt savodsiz! Rengeniyam, kompyuteri ham bir pul ekan!”
Arzimagan sanchiq uchun bir kunlik rejasini chippakka chiqardi. Yana dod-voy qilishini! Yo‘q, bu kampirning hech qayeri og‘rimaydi, hammasi bahona, doimo atrofida kimdir parvona bo‘lib turishini istaydi: “Hozirgi dorilarni ham xudo urib ketgan, bugun ichsangiz, yaxshisiz. Ertaga ichmasangiz, yana kasalsiz. Odam bir umr dori ichib yurmaydi-ku axir!”
Muyassarning toqati toq bo‘ldi: “Onajon, tinchgina ketaylik, iltimos. Haydovchi yigitga ham halal berayapsiz. Men sizga aytdim, sizniki shunchaki sanchiq, ko‘chib yuradigan oddiygina sanchiq! Siz suringan bo‘lmasangiz, yiqilgan bo‘lmasangiz, sizga rentgen nimaga kerak, tomografiya nimaga kerak? Shu rentgen o‘zimizda ham bor edi. Bekordan bekorga yomg‘irda ivib, shuncha vaqt yo‘qotdik, sarson-sargardon bo‘lganimiz qoldi. Iltimos, onajon, tinchgina ketaylik, mazam qochayapti”.
U haqiqatan ham juda charchagan edi. Ko‘zlarini yumib, boshini o‘rindiqning suyanchig‘iga tashladi. Shu bilan onasi ham jim bo‘la qoldi. Uyga yetib kelguncha bir og‘iz ham gaplashishmadi. Ba’zan ko‘z qiri bilan o‘rindiqning bir chetida shumshayibgina ketayotgan onasiga qarab-qarab qo‘yadi, yomg‘irga ivigan bugungi kun uchun “tinch o‘tirmaydigan” onasidan qancha qahrlansa, uning ayni damdagi bechora siyog‘iga qarab, shuncha rahmi kelardi. O‘ziyam noinsof bo‘lib ketgan, ish-u yig‘inlaridan vaqt orttirib, onasini izlashni ham yig‘ishtirib qo‘ydi. Bir oylarda bir izlab boradi. Qayoqdanam shu telefon o‘lgur chiqqan, har kuni bir marta “alyo-alyo, yaxshi o‘tiribsizmi, nima kamchiliklaringiz bor?” deydi, tamom vassalom, shu bilan ona va qizning orasi ochiq.
Bir safar borsa, o‘ziga tengdosh qo‘shni xola bilan o‘tirishgan ekan. Gurung orasida onasi Muyassarga “Oyoqlarim yomon og‘riyapti” deb, shikoyat qilgan bo‘ldi. Qo‘shni “Birov Azroilga bir og‘iz ogohlantirib kelsang, men ham taraddudimni ko‘rib qo‘ysam bo‘lar edi-ku, desa, Azroil oyog‘ingdan quvvat ketdi, bilmadingmi, belingdan mador ketdi, bilmadingmi, ko‘zlaringni xira qilib qo‘ydim, bilmadingmi, seni yana qancha ogohlantirishim kerak edi, degan ekan. Endi, do‘sim, bu yog‘i shu. Hozirligingizni ko‘rib qo‘yavering. Bilmadingmi, bilmadingmi, deganda, bilmapman-ey, deb o‘tirmang”, deb kuldi. Onasi unga qarab, “E-e, hamsoya, endi ko‘riladigan hozirligimiz nima bo‘lardi? Odamzod bir umr shu hozirlik tashvishi bilan yashaydi-ku aslida. Yana bilmadim…” dedi. Onasi bilmaydimi? Onasi-ya?! Hammasini balodek biladi, bilgani uchun bolalarining mehriga to‘ymay ketayapti…
Ota hovlisiga yetib kelgach, mashinaga javob bergisi kelmadi: “Duxtir dedi, mana olib borib ko‘rsatib keldim. Bir kun vaqtim, qancha pulim ketdi. Boshqa safar kelib, o‘tirib ketarman”. U onasini ichkariga kiritib qo‘yib, tayyor mashinada uyiga yetib olmoqchi edi: “Ketmay turing, men hozir chiqaman”, dedi haydovchi yigitga. Inqillab-sinqillab mashinadan tushgan onasi “yalt” etib, uning yuziga qaradi. Boshqa payt bo‘lganda, “Ketasanmi?” der edi. Ammo hozir yo‘lda eshitgan dakkining alami tarqagani yo‘q, shu bois bir narsa demay, darvozaga qarab yurdi.
Muyassarning ich-ichidan nimadir uzilib, oyoqlari uchiga tushgandek bo‘ldi, shoshib sumkasidan yo‘lkira olib, haydovchiga uzatdi-da, boshi bilan “boravering” ishorasini qildi. O‘zi onasining izidan yugurdi: “Qoqilib-surinib yurmasin yana, charchab kelayapti”.
Ukasi endi ishdan kelib turgan ekan. Onasini o‘rniga yotqizgach, ertalab uydan yubileyga atab olib chiqqan bir dasta pulni ukaga tutqazdi: “Bozorga borib, ikki kilo yumshoqqina qo‘y go‘shti olib kelsang. Sen kelguncha kelin bilan qatpatir qilib o‘tiramiz”. Uka bir opasiga, bir qo‘lidagi pulga qaradi: “Bu… ko‘p-u?”, “Sen olaver. Olma, banan, mayiz… Onamning og‘ziga yoqadigan bir narsalar olasan-da. Qaytguncha pochchang bilan jiyanlaringni ham ola qayt. Sizlarni bir bezor qilaylik”. Uka kulib, yelka qisdi: “Har safar shuncha pul beradigan bo‘lsangiz, har kun bezor qilsangiz ham mayli”.
Yigirma ming so‘m berib, yarim soat qadalib o‘tirib qilingan “laylak uya”ni buzib, sochlarini o‘zi bilgancha qaytadan turmaklab, bo‘yoqlar chaplashib ketgan yuzlarini yuvib, onasining yonida o‘tirgan edi, eri qo‘ng‘iroq qilib qoldi: “Ha, tinchlikmi?”
Anchadan beri eri bilan ikkisining orasida yoqimsiz bir bo‘shliq paydo bo‘lganini sezib yurar, bu holatdan ba’zan siqilsa ham, o‘zi birinchi bo‘lib, qo‘l uzatishni istamas, ba’zan esa shu chegaraning mavjudligi ham unga allanechuk ma’qul tushib borayotganini his qilar va bundan qo‘rqib ketar edi.
Bugun ana shu chegarani o‘zi hatlab o‘tdi: “Dadajonisi, bolalarni olib bir kelsangiz. Onamning biroz tobi yo‘q ekan. Qayningiz bilan keliningiz pochchamni bir mehmon qilaylik, deyishayapti”.
Ertasi kuni Mushshi keldi. Mushshining qiyshayib kirib kelishiga qarab, darrov bildi: “Bu yana bir gap topib kelgan”.
To‘rga o‘tqazib, oldiga dasturxon yozdi. Choy damladi. “Hay-hay”lashiga qaramasdan, yarim kosa ovqat suzib qo‘ydi. Keyin xontaxtaning ikkinchi tomoniga o‘tirib, taraddudlangancha, kosa kovlab o‘tirgan Mushshiga tikildi: “Mushshi, men seni juda yaxshi ko‘raman. Rost aytayapman. Hammalaringni yaxshi ko‘raman. Lekin men shu bugundan boshlab, “gap”dan chiqdim. Faqat sinfdoshlarning “gap”idan emas, hamma “gap”lardan chiqdim. Umr o‘zi bir tutam, qimmatli vaqtimni onajonimga, bolalarimga, erimga sarflasam, deyman. Kecha hisoblab qarasam, onamni ko‘rgani bormaganimga bir oydan oshib ketibdi. Bolalarimni ham yonimga olib, bag‘rimga bosib, tuzukroq erkalatmay qo‘yganimga ham ancha bo‘ldi. Keyingi paytlarda shunchalik charchayapmanki, erimni ham ko‘rgim kelmay qolgan. “Gap”, “yig‘in” deb, unga pul topay, vaqt topay deb, o‘zimni charchatib yubordim. O‘likni zo‘rlasang, kafanni bulg‘ar, deyishadi. Nimaga kerak bu oshiqcha zo‘riqishlar? Bu yaxshi emas-ku axir. Onam bechora meni ko‘rgisi kelganidan turli-tuman kasalliklarni o‘ylab topadigan bo‘lib qoldi. Necha kunliklari bor-yo‘q… Bir yolchitib xizmatlarini ham qilganim yo‘q…”.
Mushshi indamay yerga qaradi: “Mayli-kuya, lekin navbating kelib turgan edi-da. Hammaga pul berib-berib, navbat kelganda indamay chiqib ketaverasanmi?”. Muyassar qo‘l siltadi: “Qo‘y, mening boshimni og‘ritma. Kechdim o‘sha puldan ham. Istasang, ana, sen ola qol”. Mushshi yana yerga qaradi: “Men oltinchi “igra”ni olgan edim, olti “igra” qarz bo‘lib turibman. Agar menga pullaringni berishing rost bo‘lsa, o‘sha pullar bilan qarzimni qoplab yuborardim-da, men ham shu o‘yindan chiqib qo‘ya qolardim”.
Muyassar kulib yubordi: “To‘g‘ri qilasan, bu ishlar sen bilan men uchun emas ekan”.
Jamila Ergasheva. Zulfizar. Qissa by Khurshid Davron on Scribd
Ҳикоянгиз жуда яхши чиқибди. Сизга катта раҳмат. Ҳеч қачон толманг, қаламингиз доимо ўткир бўлсин!
Сизнинг ўзингиз ва ижодингизга ҳурмат ила Гулшода