«Qulagan devorni suvash» — «Oltin qalam» mukofoti kimlarga nima uchun berilmoqda?

Ashampoo_Snap_2017.05.06_00h49m36s_001_.png Куни-кеча «Туркистон» саройида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси таъсис этган «Олтин қалам» XII Миллий мукофотини топшириш маросими билан танишиб, ғолибларни аниқлаган ҳайъатда бугунги кундан узилган, мутлақо масъулиятсиз одамлар тўпланибди, деган ўйга бордим. Гап мукофот нима учун берилишидан, ғолибларни танлаш мезонларидан мутлақо  бехабар, хусусан, интернет журналистикаси ҳақида зиғирча тушунчаси бўлмаган ҳайъат аъзоларининг ҳалоллиги эмас, ўз вазифаларини нолойиқ адо этганлари ҳақида кетяпти. Албатта, аслида улар ҳеч нимани ҳал қилмаганлариниям,  аслида ҳал этувчи ким бўлганиниям кўпчилик  жуда яхши билади. Аммо,     кун ёришсаям, қўлчироқ ёқиб юришга ўрганган  айрим одамлар туфайли  бугун — кўнглимизда умид чироғи хирагина ёна бошлаган пайтда бундай қобилиятсиз ишлар бизни ташвишга солади. Очиғини айтаман, сизга тақдим этилаётган Беҳзод Қобуловнинг айни шу хусусдаги мақоласи ҳалиям анчагина андиша билан ёзилибди…

Хуршид Даврон

«ҚУЛАГАН ДЕВОРНИ СУВАШ» —
«Олтин қалам» мукофоти кимларга
нима учун берилмоқда?

09

  Беҳзод  Қобулов 1984 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Алихон қишлоғида туғилган. ЎзМУнинг журналистика факультетини тамомлаган. У интернет журналисти ҳам ҳисобланиб, «Кун» сайтида «Ўқитувчига осилмаган сен қолувдинг ўзи!», «Журналистлар учун яшил чироқ ёндими?», «Ўрта Чирчиқ деҳқон бозори»да: Тартибсизлик, терминал муаммоси ва мухбирни сотиб олишга уриниш», «Чемпион-2016. Бекобод шамоли Бразилияда эсди» ва «Ўқитувчи ён дафтаридан: Миллий ғоя фанини ўқитишда янгича ёндашув» каби мақолалари нашр этилган. Айни кунда «Тошкент ҳақиқати» газетаси масъул котиби бўлиб ишлайди Бир неча мақолалари «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтида эълон қилинган.

09

Аввали

soto3.jpgҲаммасини қайтариб ўтирмайман: ўша мукофот ҳақида соз-носоз гаплар кўпайди. Ўзимга савол бераман: эътирозлар ҳақлими? Шу, шу ва шу гаплар ростми?.. Бўлаётган гап-сўзларга кўра, вазият шундайки: билганларнинг оғзида талқон, биз каби билмасвойлар солди тўполон. “Хўш, бу мукофот ҳақида нималарни биласан ўзи?” дея ўзимга савол бердим. Кейин ушбуни ёздим…

Бошламада айтишим керак: “Олтин қалам”га ҳар йили, асосан оила аъзоларимнинг қистови билан ҳужжат топшираман. Улар телевидениедаги дабдабали, одамни курашларга чорлайдиган даъваткор рекламани кўришади ва ҳеч бўлмаса, журналистикада адолат борлигига негадир қаттиқ ишонишади. Мен эса уларга бу мулоҳазанинг зиддини уқтира олмайман, бор гапни айтишга тилим бормайди.

Айтганча, топшираман, дейишим хато, ҳеч қачон ўзим бориб ҳужжат топширмаганман. Аёлим қилади бу ишларни. Материалларимни эринмай йиғади, саралайди ва ҳ.к. Бу гал ўзим топширдим. Кутганимдек, мукофот олмадим. Биламанки, бу мукофотга эга чиқиш учун пишиқ-пухта мақолаларнинг ўзи етарли эмас. Тўғри, мутлоқ умидсиз эмасдим. Бироқ, қуруқ серия давом этишини тахмин-у тусмол қилардим, галдаги мағлубиятга ўзимни руҳан тайёрлаб борардим.

Биласизми-йўқми, танлов шартлари, саралаш усуллари антиқа. География, жинс, миллат, тил ва ҳ.к. Таниқли публицист Абдуқаҳҳор Иброҳимов танловга ҳужжат топширганда, йиғма жилдни елимлаб қўйган экан. Мукофот тегмагач, ўша жилдини қайтариб олиб кетишга келганда кўрсаки, унинг материаллари ҳатто очиб кўрилмаган, елимланган ҳолида турган экан!.. Демоқчиманки, менинг ишларим ҳам ақалли очиб кўрилмаганига ишонаман. Чунки, бу йил анча “шаккок”лик қилдим. Юртимда катта ўзгаришлар бошланганда, журналистларга ўз мавқеини тиклаш учун тарихий вазият етилган бир шароитда, Тоҳир Малик ибораси билан айтганда, “писта қилиб” ўтирмадим. Хусусан, ЎзА, ТВдаги айрим нуқсонлар, кулгига лойиқ ҳаракатлар ҳақидаги баъзи мулоҳазаларим, дадилликни янада кучайтириш ҳақидаги таклифларим, агарчи ОАВ ривожи, сўзнинг мутаборак мақоми йўлида изсиз кетмаган бўлса ҳам, кимларнингдир қитиқ-патига текканини тусмол қилардим. Эҳтимол, онг ости (подсознание) ички бир ўжарлик билан ғирром мукофотларга қарши шу тарз исён қилган, фикримни очиқ айтишга мажбурлагандир. Тасаввур қилингки, бир ишни бажарсангиз ижтимоий-сиёсий рағбат оласиз, бажармасангиз виждон ҳузурда бўлади. Бу ишнинг номи жим туриш эди. Минг шукрки, мен жим ўтира олмадим. Бунинг эвазига виждоним билан холи қолганимда мукофотлардан-да зиёда мукофот оламан – “Сен зўрсан, мағрурсан, икки кўзингни мўлтиратиб “тепа”га тикилмайсан, бировга ёқиш, очко олиш илинжида ёзмайсан, ялтоқи эмассан!” дейди у. Зиёли ва ижодкор одам учун ўзига ўзи чиқарган ҳукм, баҳодан зиёда баҳо йўқлигини тушунган-тушунади.

Бу гапларни айтишдан мурод шуки, ҳеч кимда сўзларимнинг мутлақо самимий эканига шубҳа бўлишини истамайман. Қуйида номлари келтириладиган дўстларда ҳам, танлов ҳайъатидаги танишларда ҳам. Улар билиб қўйишларини истардимки, менда аламзадалик кайфияти йўқ. Фикрларим мукофот олганларга нисбатан эътироз эмас, саралаш механизмининг танқидий таҳлили, холос.

Бош миллий мукофот

Жорий йил бу мукофот ардоқли журналимиз – “Тафаккур”га берилганида қандай мантиқ бор? Журнални мунтазам кузатиб борадиган зиёлилар бу хабарни эшитганида дастлаб: “Э, қойил, ҳақли эди!” қабилида ўйлаганми ёки “Ва ниҳоят беришибди-да, бор экан-ку, адолат” деганмикан? Саволнинг жавобини қалбингизга кўмиб, гапнинг давомини эшитинг.

Хў-ў-ўш, билганим шуки, “Тафаккур”нинг энг зўр даврлари, дарҳақиқат, ҳар бир чиқиши жамият ҳаётида катта акс-садо берган йилларини эслайсизми? Адабиётшунос Шуҳрат Ризаевнинг таъбири билан айтганда, ўшанда ватанимиз зиёлилари иккига: “Тафаккур”ни ўқий оладиган ва ўқий олмайдиганларга бўлинар эди. Тўғри, журнал бугунги ҳолида ҳам имло ва иншо юзасидан бошқалардан бир эмас, икки-уч қадам олдинда. Демоқчимизки, адолат тақозосига кўра, уларга бу мукофот аллақачонлар топширилиши керак эди. Дарвоқе, Бош муҳаррирнинг тақдирлаш маросимида айтган сермаъно сўзларида ҳам баайни ҳодисага, дунёнинг ажаб ишларига таассуф бор эди. Демак, шуниси аёнки, “Тафаккур”чиларни мукофотлаш, яъни “кечиккан изҳор”нинг касрига, айни шу йилда жонини жабборга топширгудек ишлаган қайсидир қаламтутар дилтанг вазиятда қолган. У эҳтимол сиздирсиз, балки бошқадир, муҳими вазият шундай, оғайнилар.

Эркин Аъзам – мард ижодкор. “Бу менинггина мукофотим” деган гапни айтмади. Саҳнага жамоаси билан кўтарилди. Жамоавий мукофотни шахсан ўзиники санаган муҳаррирларни ҳам кўрган, кўп қатори “анинг андоғ қилғуликлариға” кулиб қўя қолган чиқарсиз. Қиёсан айтганда, Эркин Аъзамдек шахсияти бутун, иродаси метин ижодкорга аталмиш рағбатда кечикишдан бўлак жиҳат, ғирромлик йўқлигини ҳамма, жумладан, ижтимоий тармоқларда аламнок ёзаётганлар ҳам билиб, эътироф қилиб турибди.

Шунга қарамай, ушбуни ўқиётганларнинг виждонига ҳавола қилиб бир савол йўллайман: “Тафаккур”га айнан шу йили Бош миллий мукофот тақдим этилиши адолатданми? Яширмай айтаман, менинг жавобим: “Йўқ”. Ўтган йиллар, хизматлар учун бериладиган мукофотлар бошқа, даврийликдаги жонбозлик учун бериладиган мукофотлар бошқадир.

Эслатаман: “Олтин қалам” Миллий мукофоти ҳар йили 31 мартдан 31 мартгача бўлган оралиқда эълон қилинган материаллар учун берилади.

Матбуот

“Ёш куч”ни ўқийсизми? Дангал айтинг, улардаги креативлик, давр моҳиятини англаб, қолипларни парчинлаб сўз айтиш, ҳақиқатнинг кўзига тикка қараш, шакл ва мазмунни омихталаш яна қайси нашрда бор? “Ёшлик”ни-чи, гоҳида ўқиб турибсизми? Бу ихчамгина жамоа публицистларнинг янги авлодини кашф, жалб эта олганига нима дейсиз? Гоҳ-гоҳида ёш, жамоатчи публицистларни жамлаб мавзу, йўналиш бериб турадиган мамлакатимиздаги ягона нашр айнан “Ёшлик” эканини биласизми, дўстлар? Айтиб қўяйки, бу журналларга алоқам йўқ. “Ёшлик”да қачондир эълон қилинган мақолам эса бошқа мавзуда. Публицистларнинг янги авлоди деганда ўзимни назарда тутмадим.

Яна мулоҳазада давом этамиз: бугунги “Жамият” газетасининг журъати яна қайси нашрда бор? Давлат раҳбарининг ҳар бир иродасини қадамма-қадам тарғиб, таҳлил, тафаккур қилаётган шундай нашр борми яна? Ҳар чиқишида юзга яқин мавзуни қамраб олаётган расмий газета ҳам эҳтимол фақат шудир. Танқид тиғини таҳлилга қориштиришда байроқдор бўлаётган нашр ҳам “Жамият” эканини ўзаро гурунгларда очиқ-ойдин эътироф этамиз-ку! Аммо эътиборга келганда, вазият ўзгариб қолибди. Сабабини биласизми? Чунки, газета яқинда “Эътироф”ни олган, вассалом. Тушунтириб бўлмайдиган қоидаларга кўра, битта газетани, бордию у чиндан ҳам шунга арзиган тақдирда ҳам, қайта ва қайта эътироф этиш мумкин эмас.

“Даракчи” деган газетани сап-сариққа чиқариб қўйганмиз. Лекин ўйлаб кўрилса, улар кундалик ҳаётимизда нима билан тўқнаш келсак ўшаларни ёзади. Сариқ матбуот эса бошқа мавзу. Бизда сариқ матбуот шаклланиши учун вазият йўқ ҳали. Уларнинг ўқувчи топишга интилишини нохолис баҳолаш туфайли газета расмий назардан четда қолиб кетаяпти. Бугун катта газеталарда янгилик дея қулоч-қулоч мақолалар ёзилаётган мавзулар аллақачон “Даракчи”да муҳокама қилинган, танқидий-таҳлилий материаллар туркуми чоп этилган бўлиб чиқади. Яқин кунларда, дейлик, обуна масаласи кун тартибидан тушиб, барча нашрларга тенглик тақдим этилса, “Бор, ўз аравангни ўзинг торт, мажбурий обуна нимаси, шундай ёзки, керак бўлса, одамлар газетангни қидириб ўқисин”, дейилса, ишонаманки, бошқалар ҳам айнан “Даракчи”нинг йўлидан боради. Ўқувчи топиш, жалб қилиш учун одамларнинг тилидаги мавзуларни кўтаради. Истайсизми-йўқми, келажак шундай бўлади. Мажбурий обуна деганлари боқий жараён эмас. Тобора умри тугаб бораётган воқелик.

Чори Латипов – устозим, талаба йигитни “Маҳалла” газетасига ишга жалб қилиб, тўғри ёзишни ўргатган илк маънавий раҳнамом. Сирожиддин Саййид ўзбекнинг катта шоири, кўп, жуда кўп шеърларини ёд биламан. Аммо бу мавзуда гап кетганда, уларга бўлган шахсий симпатиямни четга суришга мажбурман: мени кечирсинлар.

Хуллас, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва “Қишлоқ ҳаёти” нашрларига мукофот тақдим этилганида эса авторитет, жами хизматларни инобатга олиш механизми бош ролни ўйнаганига шубҳам йўқ. Ҳа, рост – Чори Латипов ва Сирожиддин Саййид ўзбек публицистикасининг атоқли сиймоларидан. Бироқ, уларнинг шу ўтган бир йил давомида газета равишини янгилаш, ҳозиржавоблик борасидаги хизматлари инобатга олиниб, мукофот берилганига сиз ишонаверинг. Мен эса ўз ҳақиқатларим билан қолавераман.

Уйимда ЎзАСнинг 15 йиллик тахламлари бор. Газетани доим кузатиб бораман. Холис айтганда, “Торнинг чўмичдан фарқи”, “Залолатга далолат қилувчи китоблар”, “Онам дерман…”, “Адабиёт муаллими”, “Мутолаа санъати”, “Мирзакарим ва Мукаррама қиссаси”, “Арқон солиб учар турналар” каби публицистик (бадиий адабиётга дахли бўлмаган демоқчиман) мақолалар чиққан кечаги кунларни эслайсизми? Ишонишингизни истардимки, бу мақолаларнинг номларини хотирамдан ёзаяпман. Кейинги бир йилликда ана шундай эсда қоларли мақола ўқидикми? Жўрабек Жаҳоннинг “Дилрабосан бунчалар Ватан” деган эссесини эслаяпман. Эҳтимол, газетачиликни тушунмай қолаётгандирман. Лекин бошқа бирон мақола ёдимга келмаяпти. Ёдда қолмайдиган мақолалар сардафтарини мукофотлашда мантиқ борми? Бу ўринда гап адабиётшунослик, танқидий мақолалар эмас, журналистик материал, публицистика ҳақида кетаяпти.

Хуллас, газета жамоасига ҳурматимни сақлаган ҳолда айтаманки, айтайлик, ЎзАС ни кейинги ўн йиллик тахламларини варақлаб кўрсангиз, газетанинг энг зўр даврлари бу эмаслигини биласиз. Янги раҳбарият, янги муаллифлар жўрлигида қайнаётган газета секин-аста мавқеини мустаҳкамлаб бориши, кучайиши турган гап. Лекин:

Эслатаман, “Олтин қалам” Миллий мукофоти ҳар йили 31-мартдан 31-мартгача бўлган оралиқда эълон қилинган материаллар учун берилади.

Интернет журналистикаси

Бу мавзуда ўйлаганимда дастлаб, кимдир билмоқ учун, кимдир билинмоқ учун интилади, деган фикр хаёлимга келди.

Uznet да илгаритдан вазият шундайки, халқ журналистикаси бошқа, давлат журналистикаси бошқадир. Ижтимоий тармоқларда, блогингда машҳур бўлганлар, дангал ва таҳлилий фикрлари билан ўқувчи тўплаганлар бор. Интернетдаги uz сегментида тахминан йигирмага яқин таниқли шахслар, дейлик, ўз профилига битта гап ёзса ҳам камида беш мингта одам қисқа вақтда ўқийдиган, муносабат билдирадиган муаллифлар шаклланди. Мен бунда оғзига келганини алаҳсирайдиган, асоссиз танқид билан одамларни довдиратаётганларни эмас, жўяли фикрлари билан чиқаётганларни назарда тутаяпман. Ва улар билинмоқ учун эмас, ниманидир билмоқ, англамоқ, тушунмоқ учун ёзадилар, фикр айтадилар.

Яна бир очиқ-ойдин ҳақиқатни эътироф этиш керакки, бугун наинки Ўзбекистонда, бутун дунёда ҳам ижтимоий кайфиятни шакллантираётган асосий омил интернетдир. Бугун газеталар, радиолар, телевидение интернетдан мавзу, материал олади. Аччиқ ҳақиқат шуки, одамларимизнинг ОАВга бўлган ишончини интернет журналистика маълум маънода қайтара олди.

Агар ОАВ ўз иши билан шуғулланганда, давлатимиз шунча маблағ сарфлаб халқ қабулхоналарини очмаган бўларди. Одамларнинг арзу додини эшитадиган, давлат билан халқ ўртасида кўприк вазифасини бажариши лозим бўлган биз журналистлар оғир иқтисодий шароитни ўнглашга тиришаётган давлатимизга ростмана елка тутганимизда, она Ўзбекистоннинг оғриқларини унутганча, афсонавий Сусамбил, ердаги жаннат ҳақида оғиз кўпиртирмаганимизда халқ билан мулоқот бу қадар долзарб эҳтиёжга айланмас эди. Кимдир ичида тан олар, кимдир ошкора, аммо факт шуки, бугунги ОАВ ичида интернет сайтлари халққа энг яқин ижтимоий институтдир. Айнан интернет журналистикаси одамларнинг кайфиятини бошқараяпти.

Хўш, энди жараёнга боқайлик-чи, вазият қандай экан?

Давлатимиз таъсис этган мазкур мукофотда оммавийлик бош мезон эмаслиги аниққа ўхшайди. Шунга кўра, Жаҳон ва Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидан вакиллар мукофот олганида мантиқ бор. Боиси, уларнинг ёзганларини мукофот тақдирини ҳал қиладиган одамлар ўқийди.

Аммо…

Биз қайси мукофот ҳақида гаплашаяпмиз? Интернет журналистикаси. Бу эса, кечириб қўясиз, анъанавий журналистика эмас. Бу умуман бошқача жараён. Газеталарга ахборот узатадиган агентлик томонидан, газеталарга мослаб, турфа чиғириқлардан миллион марта ўтказиб тайёрланган мақоланинг, кечирасиз-у интернет журналистикасига дахли йўқ. ЎзА, «Жаҳон»да фалонча тилда ахборот узатилади, уни бутун дунё ўқийди, деган гаплар эса муаллифни интернет журналистикасига дахлдор қилиб қўёлмайди. Хабарлар оқими бутун дунёни қизиқтирадиган Хитой эмасмиз, ҳамма ёқни портлатаман деб кариллаётган, шунга кўра, мамлакатга доир энг кичик хабарлар ҳам эртасигаёқ “Дойче вилле”дан тортиб “Нью-Йорк таймс”да кўриниш берадиган Шимолий Корея ҳам эмасмиз. Гап шундаки, лотин тилида ахборот узатасизми, эсперанто тилидами, умуман олганда, бизнинг мақолаларимизга, баъзи истисноларни айтмаса, ҳозирги пайтда дунёда фақат битта тоифа тайинли харидор бор: ўзбек ва ёки ўзбекистонликлар. Уларга ахборотнинг арабча, хитойча, инглизча матни у қадар қизиқ эмас, ўзбек тилидаги мақолаларни ҳам топиб ўқий оладилар. Четдан туриб бизнинг сайтларимизга ташриф буюраётганларнинг сони эмас, салмоғига қарасангиз, дунё кезиб юрган ўзимизнинг қоракўзлар бўлиб чиқади.

Умид Яқубовни яхши танийман. Ақлли, мулоҳазали йигит. Ёзиш услубига кўра, таҳлилга, масштабли тафаккурга мойил муаллиф. Аммо… Интернет журналистикаси деганда муаллифнинг, номзоднинг интернетдаги фаоллиги инобатга олинмайдими?

Яна бир гап шуки, баъзи мавзуларда ёзиш учун маънавий ҳуқуқ керак. Айтайлик, Сайёра Рашидова билан таниқли блогер Жамшид Ниёзов ёки сигментнинг машҳур номларидан яна бири – Санжар Саид суҳбат қилишга ботина олмайди. Респондент ҳам бунга кўнмаса керак. Бундай мавзуни дастлаб расмийроқ нашрлар бошлаб бериши керак. Кейин бошқалар ундан руҳ олиб, ишни давом эттиради. Айтайлик, шундай эмин бир кун келганда тақдирда ҳам уларнинг суҳбати, интернет аудитория учун мўлжалланади ва умуман бошқача ракурсда, ўта қизиқарли, жонли суҳбат тарзида кечади. Ўқиб маза қиласиз. Айтмоқчиманки, ҳозирча, бундай мавзуларда ёзиш ҳуқуқи танланган нашрларга ва танланган одамларга берилаяпти. Тўғри, бу кечаги кунларнинг мантиғи, лекин бор гап. Ҳали-ҳамон йиқилмаган девор. Бу мантиқдан келиб чиқсак, халқ журналистикаси – чинакам интернет журналистикаси вакилларида совриндор бўлишга ҳеч қандай имконият йўқ… Шу кунларда анънавий тус олган қолиплар парчаланиб, журналистлар овози дадиллашаётган экан, “танланганлар” синдроми ҳам барҳам топар. Аммо бир ўқитувчи, қолаверса, журналист сифатида фикрим шундайки, барчада тенг имконият бўлиши керак. Истеъдодга баҳо бераётганда алоҳида буюртма билан ёзилган мақолалар мезон саналса, келгуси йили mtrk.uz сайти ходимлари “‘Ахборот’ни ўз вақтида интернетга жойлаб бораётгани учун” интернет йўналишида мукофотланса, ажаб эмас. Чунки, бу жуда зарур ишни бошқа ҳеч ким қилмаган, қила олмаган бўлиб чиқаверади. Қойилмисиз?

Умид Яқубов учун хурсандман. Бу гапларни ёзаяпман-у, у мени тўғри тушунармикин, деган андиша, иштибоҳ бор. Лекин унинг ўзи ҳам интернет журналистикасидан кўра, матбуот вакили эканини яхши билади, деб ўйлайман.

Дарвоқе, интернет ва журналистика ҳақида бир факт. Адашмасам, 2014 йили эди. Ажойиб ижодкор, яхши ҳикоялари, публицистик мақолалари билан оғизга тушаётган Акмал Жумамуродов “Йилнинг энг фаол журналисти” танловида интернет йўналишида рағбатлантирувчи мукофот олди. Ўшанда у билан бир жамоада ишлардик. Сиз буни тасаввур қилолмайсиз: тақдирлашдан кейин Акмални табриклаш учун олдига бордим. Лекин кўз-кўзга тушганда ўртамизда ҳижолатпазлик туғилди. Чунки, у ҳам, мен ҳам яхши билардикки, Акмал Жумамуродов аслида газетада эълон қилинган мақолалари учун тақдирланган эди. Газетанинг сайти эса, тушунганлар айтсин, ОАВ ҳисобланмайди. У газетанинг интернет версияси ҳисобланади. Бундай вазиятда, яъни электрон нашр сифатида рўйхатда ўтмаган ОАВ вакилига интернет бўйича мукофот тақдим этилиши тактик ход, кўнгилпарастлик эканини сезаётгандирсиз.

Хуллас, ўшанда “Барибир жамоамиздан бир йигит тақдирланди-ку, яхши”, деган хулосани ясагандим. Аммо биз нетиб ўзимизни шу тарз алдашларига қоим қараб тураверамиз? Ўша йили Акмал матбуот йўналишида энг муносиб номзодлардан бири эди-ку! Номзоднинг дилини оғритмаслик учун бошқа йўналишдан кимнидир четга суриб, ўрнига бошқани тиқиштиришган бўлса, бундан хурсанд бўлишимиз керакми?.. Барчадан адолат талаб қилаётган журналистиканинг ўзида адолатнинг ечими шундай бўладими, жаноблар? Эҳтимол, “географик метод” тақозосига кўра, матбуот йўналиши банд бўлиб қолган бўлиши мумкин. Буни ҳам истисно қилиб бўлмайди.

Аввалги мавзуга қайтиб, шуни айтаманки, матбуот йўналиши интернет журналистикаси йўналишига чанг солмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Бу бошқа-бошқа жанрлар, йўналишлар. Матбуот – катта оқим, улкан карвон эканини назарда тутиб, бир йилда атиги учта номзодни саралаш мураккаблигини аввалроқ ўйлаб кўриш керак эди. Балки республика нашрлари, вилоят нашрлари, туман нашрлари кесимида рағбатлантириш адолатдан бўларди. Ўшанда мамлакатимидаги барча республика, вилоят ва туман газеталарининг хос рақобатига гувоҳ бўлардик.

Айтганча, ўтган йили “Бувайда кўзгуси” туман газетаси интернет йўналишида мукофотланган. Туман газетаси, кунлик аудиторияси икки-уч минг нари-берисида бўлган нашрни интернет журналистикаси бўйича тақдирлашлари ортидан uznet да истеҳзоли қаҳқаҳалар жаранглагани қолди, холос. Танлов кулгига қолган.

Хуллас, интернет журналистикаси деганда, афтидан бутун дунё олимлари, маҳаллий тақдқиқотчилар бошқа фикрда-ю, “Олтин қалам” миллий мукофоти ҳайъати бошқа фикрда, шекилли…

Kun.uz сайти вакилининг мукофот олиши эса адолатнинг хира жилваси, холос. Чунки, ушбу сайтда, кўриб турибмиз ахир, вилоят ҳокимлари билан суҳбатлар, таҳлилий мақолалар пешма-пеш чиқаяпти. Ҳали марказий каналларимизда вилоят ҳокимининг қиёфаси жонланмаган бир пайтда бу сайт ана ўша янгиликка қўл урди. Бу янгилик эмасми? Бу ахир бутун бошли лойиҳа-ку!

Рустам Раҳимовни эса умуман танимадим.

Ўтган йили maydon.uz, championat.asia, anhor.uz, sof.uz, tafsilot.uz каби сайтлар йил давомида қандай таҳлилий мақолалар эълон қилмади-я… Биратўла иккита рағбатлантирувчи мукофотга лойиқ кўрилган anhor.uz нашрининг зўрлигини нега чет элликлар билади-ю, бизникилар билмайди? Чунки, иккита мукофот тайин бўлгач, учинчисини ортиқча деб билишади, бошқа бировини кўнглини олишга тиришадилар. Эътиборингиз учун, дунё бўйича турли соҳаларда бўлаётган тақдирлашларга назар ташласангиз, битта фильм, маҳсулот, асар, ижодкор, лойиқ бўлса, битта танловнинг ўнлаб номинацияларида ғолиб чиқиши мумкин. Нимага? Чунки, андишанинг ҳисоб-китоби бўлмайди у жойда.

Эҳтимол баъзи сайтлар танловга ҳужжат тақдим этмагандир, лекин савол туғилади: энг зўрлар учун бериладиган мукофот таъсис этилганми ёки география, шахслар мувозанати, тушган аризаларга кўра тақдим қилинадиган мукофотми бу? Ўзи, умуман, йилнинг энг фаол, энг зўр журналистларини аниқлаш учун, албатта, улардан материал йиғиш керакми? Нима кераги бор бу қоғозбозликнинг? Танлов ҳайъати тегишлилиги бўйича ўзи материал сараласа маъқул эмасми?

Билмадим, билмадим… Бу саволлар кеча ёки бугун туғилган эмас. Бу саволлар жуда кўпларнинг тили учида турган бўлса эҳтимол. Айтган гапларим ҳам янгилик эмас. Ҳаммамиз биладиган эски гапларни бир жойга жамлаб чиқдим, холос.

Айтганча, “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови бошланди. Марҳамат, омадингизни синаб кўринг, азиз ҳамкасб! Омадингизни!..

Дарвоқе…

Мукофот бир марта берилади, такроран берилмайди деган гап ҳам эскирган, боз устига мантиқсиз. Зўр бўлинг, ишланг, меҳнат қилинг, марҳамат рағбатини ҳам кўринг! Ўзи сифатли нашрлар, кучли муаллифлар ноёб бўлиб турганда, уларни бир зарб билан сафдан чиқариш адолатдан эмас.

P/S. Тв журналистикаси, радио ҳақида бир нима деёлмайман. Анчадан бери Тв кўрмай қўйганман. Фақат “Ахборот” ва “Давр”ни мунтазам томоша қиламан. Тақдирланганларни танимадим ҳам. Наргис Қосимова, Шарофиддин Тўлаганов каби муаллифларни тақдирланганлар сафида кўришдан хурсанд бўлдим.

Биламан, аслида бу гаплар оммага айтиладиган фикрлар эмас. Барибир бу каби чиқишлар касбимизни эл аро ҳурматини зиёда қилишга хизмат қилмайди. Лекин, тўғри тушунинг, айнан шу мақоламни исталган нашр жон-жон деб қўлимга қайтариб беради. Журъатлироғи юмшатиб, қайта ишлаб беришимни сўраши мумкин. Бироқ буни истамадим. Таниш ва қадрдон сиймолардан рад жавобини олишдек кўнгилсизликни ҳис қилгим келмади. Шу важдан, ўзгаришларга муҳтож журналистикамиз ҳақидаги муҳокамаларимни эълон қилишга журъатландим.

Манба: Kun.uz сайти

Ashampoo_Snap_2016.02.25_16h53m53s_002_.png  Куни-кеча «Туркистон» саройида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси таъсис этган «Олтин қалам» XII Миллий мукофотини топшириш маросими билан танишиб, ғолибларни аниқлаган ҳайъатда бугунги кундан узилган, мутлақо масъулиятсиз одамлар тўпланибди, деган ўйга бордим. Гап мукофот нима учун берилишидан, ғолибларни танлаш мезонларидан мутлақо бехабар, хусусан, интернет журналистикаси ҳақида зиғирча тушунчаси бўлмаган ҳайъат аъзоларининг ҳалоллиги эмас, ўз вазифаларини нолойиқ адо этганлари ҳақида кетяпти. Албатта, аслида улар ҳеч нимани ҳал қилмаганлариниям, аслида ҳал этувчи ким бўлганиниям кўпчилик жуда яхши билади. Аммо, кун ёришсаям, қўлчироқ ёқиб юришга ўрганган айрим одамлар туфайли бугун — кўнглимизда умид чироғи хирагина ёна бошлаган пайтда бундай қобилиятсиз ишлар бизни ташвишга солади. Очиғини айтаман, сизга тақдим этилаётган Беҳзод Қобуловнинг айни шу хусусдаги мақоласи ҳалиям анчагина андиша билан ёзилибди…

Xurshid Davron

“QULAGAN DЕVORNI SUVASH” —
«Oltin qalam» mukofoti kimlarga
nima uchun berilmoqda?
09

Behzod Qobulov 1984 yilda Namangan viloyatining Chortoq tumanidagi Alixon qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zMUning jurnalistika fakultetini tamomlagan. U internet jurnalisti ham hisoblanib, «Kun» saytida «O‘qituvchiga osilmagan sen qoluvding o‘zi!», «Jurnalistlar uchun yashil chiroq yondimi?», «O‘rta Chirchiq dehqon bozori»da: Tartibsizlik, terminal muammosi va muxbirni sotib olishga urinish», «Chempion-2016. Bekobod shamoli Braziliyada esdi» va «O‘qituvchi yon daftaridan: Milliy g‘oya fanini o‘qitishda yangicha yondashuv» kabi maqolalari nashr etilgan. Ayni kunda «Toshkent haqiqati» gazetasi mas’ul kotibi bo‘lib ishlaydi Bir necha maqolalari “Xurshid Davron kutubxonasi” saytida e’lon qilingan.

09

Avvali

5ef004fbef3709a0a342a3c6bceea4ca.jpgHammasini qaytarib o‘tirmayman: o‘sha mukofot haqida soz-nosoz gaplar ko‘paydi. O‘zimga savol beraman: e’tirozlar haqlimi? Shu, shu va shu gaplar rostmi?.. Bo‘layotgan gap-so‘zlarga ko‘ra, vaziyat shundayki: bilganlarning og‘zida talqon, biz kabi bilmasvoylar soldi to‘polon. “Xo‘sh, bu mukofot haqida nimalarni bilasan o‘zi?” deya o‘zimga savol berdim. Keyin ushbuni yozdim…

Boshlamada aytishim kerak: “Oltin qalam”ga har yili, asosan oila a’zolarimning qistovi bilan hujjat topshiraman. Ular televideniyedagi dabdabali, odamni kurashlarga chorlaydigan da’vatkor reklamani ko‘rishadi va hech bo‘lmasa, jurnalistikada adolat borligiga negadir qattiq ishonishadi. Men esa ularga bu mulohazaning ziddini uqtira olmayman, bor gapni aytishga tilim bormaydi.

Aytgancha, topshiraman, deyishim xato, hech qachon o‘zim borib hujjat topshirmaganman. Ayolim qiladi bu ishlarni. Materiallarimni erinmay yig‘adi, saralaydi va h.k. Bu gal o‘zim topshirdim. Kutganimdek, mukofot olmadim. Bilamanki, bu mukofotga ega chiqish uchun pishiq-puxta maqolalarning o‘zi yetarli emas. To‘g‘ri, mutloq umidsiz emasdim. Biroq, quruq seriya davom etishini taxmin-u tusmol qilardim, galdagi mag‘lubiyatga o‘zimni ruhan tayyorlab borardim.

Bilasizmi-yo‘qmi, tanlov shartlari, saralash usullari antiqa. Geografiya, jins, millat, til va h.k. Taniqli publitsist Abduqahhor Ibrohimov tanlovga hujjat topshirganda, yig‘ma jildni yelimlab qo‘ygan ekan. Mukofot tegmagach, o‘sha jildini qaytarib olib ketishga kelganda ko‘rsaki, uning materiallari hatto ochib ko‘rilmagan, yelimlangan holida turgan ekan!.. Demoqchimanki, mening ishlarim ham aqalli ochib ko‘rilmaganiga ishonaman. Chunki, bu yil ancha “shakkok”lik qildim. Yurtimda katta o‘zgarishlar boshlanganda, jurnalistlarga o‘z mavqeini tiklash uchun tarixiy vaziyat yetilgan bir sharoitda, Tohir Malik iborasi bilan aytganda, “pista qilib” o‘tirmadim. Xususan, O‘zA, TVdagi ayrim nuqsonlar, kulgiga loyiq harakatlar haqidagi ba’zi mulohazalarim, dadillikni yanada kuchaytirish haqidagi takliflarim, agarchi OAV rivoji, so‘zning mutaborak maqomi yo‘lida izsiz ketmagan bo‘lsa ham, kimlarningdir qitiq-patiga tekkanini tusmol qilardim. Ehtimol, ong osti (podsoznaniye) ichki bir o‘jarlik bilan g‘irrom mukofotlarga qarshi shu tarz isyon qilgan, fikrimni ochiq aytishga majburlagandir. Tasavvur qilingki, bir ishni bajarsangiz ijtimoiy-siyosiy rag‘bat olasiz, bajarmasangiz vijdon huzurda bo‘ladi. Bu ishning nomi jim turish edi. Ming shukrki, men jim o‘tira olmadim. Buning evaziga vijdonim bilan xoli qolganimda mukofotlardan-da ziyoda mukofot olaman – “Sen zo‘rsan, mag‘rursan, ikki ko‘zingni mo‘ltiratib “tepa”ga tikilmaysan, birovga yoqish, ochko olish ilinjida yozmaysan, yaltoqi emassan!” deydi u. Ziyoli va ijodkor odam uchun o‘ziga o‘zi chiqargan hukm, bahodan ziyoda baho yo‘qligini tushungan-tushunadi.

Bu gaplarni aytishdan murod shuki, hech kimda so‘zlarimning mutlaqo samimiy ekaniga shubha bo‘lishini istamayman. Quyida nomlari keltiriladigan do‘stlarda ham, tanlov hay’atidagi tanishlarda ham. Ular bilib qo‘yishlarini istardimki, menda alamzadalik kayfiyati yo‘q. Fikrlarim mukofot olganlarga nisbatan e’tiroz emas, saralash mexanizmining tanqidiy tahlili, xolos.

Bosh milliy mukofot

Joriy yil bu mukofot ardoqli jurnalimiz – “Tafakkur”ga berilganida qanday mantiq bor? Jurnalni muntazam kuzatib boradigan ziyolilar bu xabarni eshitganida dastlab: “E, qoyil, haqli edi!” qabilida o‘ylaganmi yoki “Va nihoyat berishibdi-da, bor ekan-ku, adolat” deganmikan? Savolning javobini qalbingizga ko‘mib, gapning davomini eshiting.

Xo‘-o‘-o‘sh, bilganim shuki, “Tafakkur”ning eng zo‘r davrlari, darhaqiqat, har bir chiqishi jamiyat hayotida katta aks-sado bergan yillarini eslaysizmi? Adabiyotshunos Shuhrat Rizayevning ta’biri bilan aytganda, o‘shanda vatanimiz ziyolilari ikkiga: “Tafakkur”ni o‘qiy oladigan va o‘qiy olmaydiganlarga bo‘linar edi. To‘g‘ri, jurnal bugungi holida ham imlo va insho yuzasidan boshqalardan bir emas, ikki-uch qadam oldinda. Demoqchimizki, adolat taqozosiga ko‘ra, ularga bu mukofot allaqachonlar topshirilishi kerak edi. Darvoqe, Bosh muharrirning taqdirlash marosimida aytgan serma’no so‘zlarida ham baayni hodisaga, dunyoning ajab ishlariga taassuf bor edi. Demak, shunisi ayonki, “Tafakkur”chilarni mukofotlash, ya’ni “kechikkan izhor”ning kasriga, ayni shu yilda jonini jabborga topshirgudek ishlagan qaysidir qalamtutar diltang vaziyatda qolgan. U ehtimol sizdirsiz, balki boshqadir, muhimi vaziyat shunday, og‘aynilar.

Erkin A’zam – mard ijodkor. “Bu meninggina mukofotim” degan gapni aytmadi. Sahnaga jamoasi bilan ko‘tarildi. Jamoaviy mukofotni shaxsan o‘ziniki sanagan muharrirlarni ham ko‘rgan, ko‘p qatori “aning andog‘ qilg‘uliklarig‘a” kulib qo‘ya qolgan chiqarsiz. Qiyosan aytganda, Erkin A’zamdek shaxsiyati butun, irodasi metin ijodkorga atalmish rag‘batda kechikishdan bo‘lak jihat, g‘irromlik yo‘qligini hamma, jumladan, ijtimoiy tarmoqlarda alamnok yozayotganlar ham bilib, e’tirof qilib turibdi.

Shunga qaramay, ushbuni o‘qiyotganlarning vijdoniga havola qilib bir savol yo‘llayman: “Tafakkur”ga aynan shu yili Bosh milliy mukofot taqdim etilishi adolatdanmi? Yashirmay aytaman, mening javobim: “Yo‘q”. O‘tgan yillar, xizmatlar uchun beriladigan mukofotlar boshqa, davriylikdagi jonbozlik uchun beriladigan mukofotlar boshqadir.

Eslataman: “Oltin qalam” Milliy mukofoti har yili 31 martdan 31 martgacha bo‘lgan oraliqda e’lon qilingan materiallar uchun beriladi.

Matbuot

“Yosh kuch”ni o‘qiysizmi? Dangal ayting, ulardagi kreativlik, davr mohiyatini anglab, qoliplarni parchinlab so‘z aytish, haqiqatning ko‘ziga tikka qarash, shakl va mazmunni omixtalash yana qaysi nashrda bor? “Yoshlik”ni-chi, gohida o‘qib turibsizmi? Bu ixchamgina jamoa publitsistlarning yangi avlodini kashf, jalb eta olganiga nima deysiz? Goh-gohida yosh, jamoatchi publitsistlarni jamlab mavzu, yo‘nalish berib turadigan mamlakatimizdagi yagona nashr aynan “Yoshlik” ekanini bilasizmi, do‘stlar? Aytib qo‘yayki, bu jurnallarga aloqam yo‘q. “Yoshlik”da qachondir e’lon qilingan maqolam esa boshqa mavzuda. Publitsistlarning yangi avlodi deganda o‘zimni nazarda tutmadim.

Yana mulohazada davom etamiz: bugungi “Jamiyat” gazetasining jur’ati yana qaysi nashrda bor? Davlat rahbarining har bir irodasini qadamma-qadam targ‘ib, tahlil, tafakkur qilayotgan shunday nashr bormi yana? Har chiqishida yuzga yaqin mavzuni qamrab olayotgan rasmiy gazeta ham ehtimol faqat shudir. Tanqid tig‘ini tahlilga qorishtirishda bayroqdor bo‘layotgan nashr ham “Jamiyat” ekanini o‘zaro gurunglarda ochiq-oydin e’tirof etamiz-ku! Ammo e’tiborga kelganda, vaziyat o‘zgarib qolibdi. Sababini bilasizmi? Chunki, gazeta yaqinda “E’tirof”ni olgan, vassalom. Tushuntirib bo‘lmaydigan qoidalarga ko‘ra, bitta gazetani, bordiyu u chindan ham shunga arzigan taqdirda ham, qayta va qayta e’tirof etish mumkin emas.

“Darakchi” degan gazetani sap-sariqqa chiqarib qo‘yganmiz. Lekin o‘ylab ko‘rilsa, ular kundalik hayotimizda nima bilan to‘qnash kelsak o‘shalarni yozadi. Sariq matbuot esa boshqa mavzu. Bizda sariq matbuot shakllanishi uchun vaziyat yo‘q hali. Ularning o‘quvchi topishga intilishini noxolis baholash tufayli gazeta rasmiy nazardan chetda qolib ketayapti. Bugun katta gazetalarda yangilik deya quloch-quloch maqolalar yozilayotgan mavzular allaqachon “Darakchi”da muhokama qilingan, tanqidiy-tahliliy materiallar turkumi chop etilgan bo‘lib chiqadi. Yaqin kunlarda, deylik, obuna masalasi kun tartibidan tushib, barcha nashrlarga tenglik taqdim etilsa, “Bor, o‘z aravangni o‘zing tort, majburiy obuna nimasi, shunday yozki, kerak bo‘lsa, odamlar gazetangni qidirib o‘qisin”, deyilsa, ishonamanki, boshqalar ham aynan “Darakchi”ning yo‘lidan boradi. O‘quvchi topish, jalb qilish uchun odamlarning tilidagi mavzularni ko‘taradi. Istaysizmi-yo‘qmi, kelajak shunday bo‘ladi. Majburiy obuna deganlari boqiy jarayon emas. Tobora umri tugab borayotgan voqelik.

Chori Latipov – ustozim, talaba yigitni “Mahalla” gazetasiga ishga jalb qilib, to‘g‘ri yozishni o‘rgatgan ilk ma’naviy rahnamom. Sirojiddin Sayyid o‘zbekning katta shoiri, ko‘p, juda ko‘p she’rlarini yod bilaman. Ammo bu mavzuda gap ketganda, ularga bo‘lgan shaxsiy simpatiyamni chetga surishga majburman: meni kechirsinlar.

Xullas, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” va “Qishloq hayoti” nashrlariga mukofot taqdim etilganida esa avtoritet, jami xizmatlarni inobatga olish mexanizmi bosh rolni o‘ynaganiga shubham yo‘q. Ha, rost – Chori Latipov va Sirojiddin Sayyid o‘zbek publitsistikasining atoqli siymolaridan. Biroq, ularning shu o‘tgan bir yil davomida gazeta ravishini yangilash, hozirjavoblik borasidagi xizmatlari inobatga olinib, mukofot berilganiga siz ishonavering. Men esa o‘z haqiqatlarim bilan qolaveraman.

Uyimda O‘zASning 15 yillik taxlamlari bor. Gazetani doim kuzatib boraman. Xolis aytganda, “Torning cho‘michdan farqi”, “Zalolatga dalolat qiluvchi kitoblar”, “Onam derman…”, “Adabiyot muallimi”, “Mutolaa san’ati”, “Mirzakarim va Mukarrama qissasi”, “Arqon solib uchar turnalar” kabi publitsistik (badiiy adabiyotga daxli bo‘lmagan demoqchiman) maqolalar chiqqan kechagi kunlarni eslaysizmi? Ishonishingizni istardimki, bu maqolalarning nomlarini xotiramdan yozayapman. Keyingi bir yillikda ana shunday esda qolarli maqola o‘qidikmi? Jo‘rabek Jahonning “Dilrabosan bunchalar Vatan” degan essesini eslayapman. Ehtimol, gazetachilikni tushunmay qolayotgandirman. Lekin boshqa biron maqola yodimga kelmayapti. Yodda qolmaydigan maqolalar sardaftarini mukofotlashda mantiq bormi? Bu o‘rinda gap adabiyotshunoslik, tanqidiy maqolalar emas, jurnalistik material, publitsistika haqida ketayapti.

Xullas, gazeta jamoasiga hurmatimni saqlagan holda aytamanki, aytaylik, O‘zAS ni keyingi o‘n yillik taxlamlarini varaqlab ko‘rsangiz, gazetaning eng zo‘r davrlari bu emasligini bilasiz. Yangi rahbariyat, yangi mualliflar jo‘rligida qaynayotgan gazeta sekin-asta mavqeini mustahkamlab borishi, kuchayishi turgan gap. Lekin:

Eslataman, “Oltin qalam” Milliy mukofoti har yili 31-martdan 31-martgacha bo‘lgan oraliqda e’lon qilingan materiallar uchun beriladi.

Internet jurnalistikasi

Bu mavzuda o‘ylaganimda dastlab, kimdir bilmoq uchun, kimdir bilinmoq uchun intiladi, degan fikr xayolimga keldi.

Uznet da ilgaritdan vaziyat shundayki, xalq jurnalistikasi boshqa, davlat jurnalistikasi boshqadir. Ijtimoiy tarmoqlarda, blogingda mashhur bo‘lganlar, dangal va tahliliy fikrlari bilan o‘quvchi to‘plaganlar bor. Internetdagi uz segmentida taxminan yigirmaga yaqin taniqli shaxslar, deylik, o‘z profiliga bitta gap yozsa ham kamida besh mingta odam qisqa vaqtda o‘qiydigan, munosabat bildiradigan mualliflar shakllandi. Men bunda og‘ziga kelganini alahsiraydigan, asossiz tanqid bilan odamlarni dovdiratayotganlarni emas, jo‘yali fikrlari bilan chiqayotganlarni nazarda tutayapman. Va ular bilinmoq uchun emas, nimanidir bilmoq, anglamoq, tushunmoq uchun yozadilar, fikr aytadilar.

Yana bir ochiq-oydin haqiqatni e’tirof etish kerakki, bugun nainki O‘zbekistonda, butun dunyoda ham ijtimoiy kayfiyatni shakllantirayotgan asosiy omil internetdir. Bugun gazetalar, radiolar, televideniye internetdan mavzu, material oladi. Achchiq haqiqat shuki, odamlarimizning OAVga bo‘lgan ishonchini internet jurnalistika ma’lum ma’noda qaytara oldi.

Agar OAV o‘z ishi bilan shug‘ullanganda, davlatimiz shuncha mablag‘ sarflab xalq qabulxonalarini ochmagan bo‘lardi. Odamlarning arzu dodini eshitadigan, davlat bilan xalq o‘rtasida ko‘prik vazifasini bajarishi lozim bo‘lgan biz jurnalistlar og‘ir iqtisodiy sharoitni o‘nglashga tirishayotgan davlatimizga rostmana yelka tutganimizda, ona O‘zbekistonning og‘riqlarini unutgancha, afsonaviy Susambil, yerdagi jannat haqida og‘iz ko‘pirtirmaganimizda xalq bilan muloqot bu qadar dolzarb ehtiyojga aylanmas edi. Kimdir ichida tan olar, kimdir oshkora, ammo fakt shuki, bugungi OAV ichida internet saytlari xalqqa eng yaqin ijtimoiy institutdir. Aynan internet jurnalistikasi odamlarning kayfiyatini boshqarayapti.

Xo‘sh, endi jarayonga boqaylik-chi, vaziyat qanday ekan?

Davlatimiz ta’sis etgan mazkur mukofotda ommaviylik bosh mezon emasligi aniqqa o‘xshaydi. Shunga ko‘ra, Jahon va O‘zbekiston milliy axborot agentligidan vakillar mukofot olganida mantiq bor. Boisi, ularning yozganlarini mukofot taqdirini hal qiladigan odamlar o‘qiydi.

Ammo…

Biz qaysi mukofot haqida gaplashayapmiz? Internet jurnalistikasi. Bu esa, kechirib qo‘yasiz, an’anaviy jurnalistika emas. Bu umuman boshqacha jarayon. Gazetalarga axborot uzatadigan agentlik tomonidan, gazetalarga moslab, turfa chig‘iriqlardan million marta o‘tkazib tayyorlangan maqolaning, kechirasiz-u internet jurnalistikasiga daxli yo‘q. O‘zA, “Jahon”da faloncha tilda axborot uzatiladi, uni butun dunyo o‘qiydi, degan gaplar esa muallifni internet jurnalistikasiga daxldor qilib qo‘yolmaydi. Xabarlar oqimi butun dunyoni qiziqtiradigan Xitoy emasmiz, hamma yoqni portlataman deb karillayotgan, shunga ko‘ra, mamlakatga doir eng kichik xabarlar ham ertasigayoq “Doyche ville”dan tortib “Nyu-York tayms”da ko‘rinish beradigan Shimoliy Koreya ham emasmiz. Gap shundaki, lotin tilida axborot uzatasizmi, esperanto tilidami, umuman olganda, bizning maqolalarimizga, ba’zi istisnolarni aytmasa, hozirgi paytda dunyoda faqat bitta toifa tayinli xaridor bor: o‘zbek va yoki o‘zbekistonliklar. Ularga axborotning arabcha, xitoycha, inglizcha matni u qadar qiziq emas, o‘zbek tilidagi maqolalarni ham topib o‘qiy oladilar. Chetdan turib bizning saytlarimizga tashrif buyurayotganlarning soni emas, salmog‘iga qarasangiz, dunyo kezib yurgan o‘zimizning qorako‘zlar bo‘lib chiqadi.

Umid Yaqubovni yaxshi taniyman. Aqlli, mulohazali yigit. Yozish uslubiga ko‘ra, tahlilga, masshtabli tafakkurga moyil muallif. Ammo… Internet jurnalistikasi deganda muallifning, nomzodning internetdagi faolligi inobatga olinmaydimi?

Yana bir gap shuki, ba’zi mavzularda yozish uchun ma’naviy huquq kerak. Aytaylik, Sayyora Rashidova bilan taniqli bloger Jamshid Niyozov yoki sigmentning mashhur nomlaridan yana biri – Sanjar Said suhbat qilishga botina olmaydi. Respondent ham bunga ko‘nmasa kerak. Bunday mavzuni dastlab rasmiyroq nashrlar boshlab berishi kerak. Keyin boshqalar undan ruh olib, ishni davom ettiradi. Aytaylik, shunday emin bir kun kelganda taqdirda ham ularning suhbati, internet auditoriya uchun mo‘ljallanadi va umuman boshqacha rakursda, o‘ta qiziqarli, jonli suhbat tarzida kechadi. O‘qib maza qilasiz. Aytmoqchimanki, hozircha, bunday mavzularda yozish huquqi tanlangan nashrlarga va tanlangan odamlarga berilayapti. To‘g‘ri, bu kechagi kunlarning mantig‘i, lekin bor gap. Hali-hamon yiqilmagan devor. Bu mantiqdan kelib chiqsak, xalq jurnalistikasi – chinakam internet jurnalistikasi vakillarida sovrindor bo‘lishga hech qanday imkoniyat yo‘q… Shu kunlarda an’naviy tus olgan qoliplar parchalanib, jurnalistlar ovozi dadillashayotgan ekan, “tanlanganlar” sindromi ham barham topar. Ammo bir o‘qituvchi, qolaversa, jurnalist sifatida fikrim shundayki, barchada teng imkoniyat bo‘lishi kerak. Iste’dodga baho berayotganda alohida buyurtma bilan yozilgan maqolalar mezon sanalsa, kelgusi yili mtrk.uz sayti xodimlari “‘Axborot’ni o‘z vaqtida internetga joylab borayotgani uchun” internet yo‘nalishida mukofotlansa, ajab emas. Chunki, bu juda zarur ishni boshqa hech kim qilmagan, qila olmagan bo‘lib chiqaveradi. Qoyilmisiz?

Umid Yaqubov uchun xursandman. Bu gaplarni yozayapman-u, u meni to‘g‘ri tushunarmikin, degan andisha, ishtiboh bor. Lekin uning o‘zi ham internet jurnalistikasidan ko‘ra, matbuot vakili ekanini yaxshi biladi, deb o‘ylayman.

Darvoqe, internet va jurnalistika haqida bir fakt. Adashmasam, 2014 yili edi. Ajoyib ijodkor, yaxshi hikoyalari, publitsistik maqolalari bilan og‘izga tushayotgan Akmal Jumamurodov “Yilning eng faol jurnalisti” tanlovida internet yo‘nalishida rag‘batlantiruvchi mukofot oldi. O‘shanda u bilan bir jamoada ishlardik. Siz buni tasavvur qilolmaysiz: taqdirlashdan keyin Akmalni tabriklash uchun oldiga bordim. Lekin ko‘z-ko‘zga tushganda o‘rtamizda hijolatpazlik tug‘ildi. Chunki, u ham, men ham yaxshi bilardikki, Akmal Jumamurodov aslida gazetada e’lon qilingan maqolalari uchun taqdirlangan edi. Gazetaning sayti esa, tushunganlar aytsin, OAV hisoblanmaydi. U gazetaning internet versiyasi hisoblanadi. Bunday vaziyatda, ya’ni elektron nashr sifatida ro‘yxatda o‘tmagan OAV vakiliga internet bo‘yicha mukofot taqdim etilishi taktik xod, ko‘ngilparastlik ekanini sezayotgandirsiz.

Xullas, o‘shanda “Baribir jamoamizdan bir yigit taqdirlandi-ku, yaxshi”, degan xulosani yasagandim. Ammo biz netib o‘zimizni shu tarz aldashlariga qoim qarab turaveramiz? O‘sha yili Akmal matbuot yo‘nalishida eng munosib nomzodlardan biri edi-ku! Nomzodning dilini og‘ritmaslik uchun boshqa yo‘nalishdan kimnidir chetga surib, o‘rniga boshqani tiqishtirishgan bo‘lsa, bundan xursand bo‘lishimiz kerakmi?.. Barchadan adolat talab qilayotgan jurnalistikaning o‘zida adolatning yechimi shunday bo‘ladimi, janoblar? Ehtimol, “geografik metod” taqozosiga ko‘ra, matbuot yo‘nalishi band bo‘lib qolgan bo‘lishi mumkin. Buni ham istisno qilib bo‘lmaydi.

Avvalgi mavzuga qaytib, shuni aytamanki, matbuot yo‘nalishi internet jurnalistikasi yo‘nalishiga chang solmasligi kerak, deb hisoblayman. Bu boshqa-boshqa janrlar, yo‘nalishlar. Matbuot – katta oqim, ulkan karvon ekanini nazarda tutib, bir yilda atigi uchta nomzodni saralash murakkabligini avvalroq o‘ylab ko‘rish kerak edi. Balki respublika nashrlari, viloyat nashrlari, tuman nashrlari kesimida rag‘batlantirish adolatdan bo‘lardi. O‘shanda mamlakatimidagi barcha respublika, viloyat va tuman gazetalarining xos raqobatiga guvoh bo‘lardik.

Aytgancha, o‘tgan yili “Buvayda ko‘zgusi” tuman gazetasi internet yo‘nalishida mukofotlangan. Tuman gazetasi, kunlik auditoriyasi ikki-uch ming nari-berisida bo‘lgan nashrni internet jurnalistikasi bo‘yicha taqdirlashlari ortidan uznet da istehzoli qahqahalar jaranglagani qoldi, xolos. Tanlov kulgiga qolgan.

Xullas, internet jurnalistikasi deganda, aftidan butun dunyo olimlari, mahalliy taqdqiqotchilar boshqa fikrda-yu, “Oltin qalam” milliy mukofoti hay’ati boshqa fikrda, shekilli…

Kun.uz sayti vakilining mukofot olishi esa adolatning xira jilvasi, xolos. Chunki, ushbu saytda, ko‘rib turibmiz axir, viloyat hokimlari bilan suhbatlar, tahliliy maqolalar peshma-pesh chiqayapti. Hali markaziy kanallarimizda viloyat hokimining qiyofasi jonlanmagan bir paytda bu sayt ana o‘sha yangilikka qo‘l urdi. Bu yangilik emasmi? Bu axir butun boshli loyiha-ku!

Rustam Rahimovni esa umuman tanimadim.

O‘tgan yili maydon.uz, championat.asia, anhor.uz, sof.uz, tafsilot.uz kabi saytlar yil davomida qanday tahliliy maqolalar e’lon qilmadi-ya… Birato‘la ikkita rag‘batlantiruvchi mukofotga loyiq ko‘rilgan anhor.uz nashrining zo‘rligini nega chet elliklar biladi-yu, biznikilar bilmaydi? Chunki, ikkita mukofot tayin bo‘lgach, uchinchisini ortiqcha deb bilishadi, boshqa birovini ko‘nglini olishga tirishadilar. E’tiboringiz uchun, dunyo bo‘yicha turli sohalarda bo‘layotgan taqdirlashlarga nazar tashlasangiz, bitta film, mahsulot, asar, ijodkor, loyiq bo‘lsa, bitta tanlovning o‘nlab nominatsiyalarida g‘olib chiqishi mumkin. Nimaga? Chunki, andishaning hisob-kitobi bo‘lmaydi u joyda.

Ehtimol ba’zi saytlar tanlovga hujjat taqdim etmagandir, lekin savol tug‘iladi: eng zo‘rlar uchun beriladigan mukofot ta’sis etilganmi yoki geografiya, shaxslar muvozanati, tushgan arizalarga ko‘ra taqdim qilinadigan mukofotmi bu? O‘zi, umuman, yilning eng faol, eng zo‘r jurnalistlarini aniqlash uchun, albatta, ulardan material yig‘ish kerakmi? Nima keragi bor bu qog‘ozbozlikning? Tanlov hay’ati tegishliligi bo‘yicha o‘zi material saralasa ma’qul emasmi?

Bilmadim, bilmadim… Bu savollar kecha yoki bugun tug‘ilgan emas. Bu savollar juda ko‘plarning tili uchida turgan bo‘lsa ehtimol. Aytgan gaplarim ham yangilik emas. Hammamiz biladigan eski gaplarni bir joyga jamlab chiqdim, xolos.

Aytgancha, “Yilning eng faol jurnalisti” tanlovi boshlandi. Marhamat, omadingizni sinab ko‘ring, aziz hamkasb! Omadingizni!..

Darvoqe…

Mukofot bir marta beriladi, takroran berilmaydi degan gap ham eskirgan, boz ustiga mantiqsiz. Zo‘r bo‘ling, ishlang, mehnat qiling, marhamat rag‘batini ham ko‘ring! O‘zi sifatli nashrlar, kuchli mualliflar noyob bo‘lib turganda, ularni bir zarb bilan safdan chiqarish adolatdan emas.

P/S. Tv jurnalistikasi, radio haqida bir nima deyolmayman. Anchadan beri Tv ko‘rmay qo‘yganman. Faqat “Axborot” va “Davr”ni muntazam tomosha qilaman. Taqdirlanganlarni tanimadim ham. Nargis Qosimova, Sharofiddin To‘laganov kabi mualliflarni taqdirlanganlar safida ko‘rishdan xursand bo‘ldim.

Bilaman, aslida bu gaplar ommaga aytiladigan fikrlar emas. Baribir bu kabi chiqishlar kasbimizni el aro hurmatini ziyoda qilishga xizmat qilmaydi. Lekin, to‘g‘ri tushuning, aynan shu maqolamni istalgan nashr jon-jon deb qo‘limga qaytarib beradi. Jur’atlirog‘i yumshatib, qayta ishlab berishimni so‘rashi mumkin. Biroq buni istamadim. Tanish va qadrdon siymolardan rad javobini olishdek ko‘ngilsizlikni his qilgim kelmadi. Shu vajdan, o‘zgarishlarga muhtoj jurnalistikamiz haqidagi muhokamalarimni e’lon qilishga jur’atlandim.

Manba: Kun.uz sayti

007

(Tashriflar: umumiy 600, bugungi 1)

Izoh qoldiring