Behzod Qobulov. Men odamlarni shunday ko’rgim keladi.

022
Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст тили, услуби билан ўзбек адабиёти ва киносига янги нафас олиб кирган ижодкорлардан саналади. Унинг асарларида қаҳрамонларнинг киноя-кесатиқ, қочирим ва нозик сўз ўйинлари борки, баъзилар чўчиб, дангал айта олмайдиган ҳақиқатларни мутлақо табиий йўсинда, битта тагдор жумла орқали ошкор этади. Биз Назар Яхшибоевлару Саидқул Мардон нутқларини шу боис ҳам ўзгача иштиёқ билан ўқиймиз.

0999

 

09
МЕН ОДАМЛАРНИ ШУНДАЙ КЎРГИМ КЕЛАДИ
Беҳзод Қобулов
011

015“Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан, “Ўзбекфильм” киностудиясида таниқли адиб Мурод Муҳаммад Дўст сценарийси асосида суратга олинган “Кўргим келади” номли бадиий фильм намойишидан сўнг, айни ўй кўнгилдан ўтди. Бинобарин, фильмни кўриб бўлгач, ирода, имкон топилган фурсатда одамийлик, меҳр-оқибат топилмаса-чи, ана унда нима қиласиз, деган хаёл томошабин қалбини безовта қилади. Ва яна муҳим бир хулоса шуки, мазкур киноасарда маъно серқатлам. Ёнма-ён ўтириб, томоша қилган икки киши ўз савияси ва дунёқарашига монанд мулоҳаза қилади.

Ўткинчи мавзулардан гурунг берадиган хашаки кинолар ҳақида боплаб танқиднамо бир нима ёзиш осон. Аммо мана бундай гўзал ижодий намунага келганда, сўз топиш, таассуротларни қоғозга тушириш қийин кечаркан. Чунки, ёмоннинг ёмонлиги бўртиб туради, яхшининг яхшилиги пинҳон бўлади. Унга моҳир синчи кўзи билан қараш керак. Яхши асарни ҳамма танийди, баҳо беради, аммо ўзича танийди, ўзича баҳо беради. Яхши асар бир қолипга тушмайди, камалакдек тусланади, қайта-қайта баҳраманд бўлгингиз келаверади: ҳамма гап шунда…

* * *

Эстрада хонандаси Зиёда тақдир зарбалари олдида бир зум ўзни ожиз сезади. Қизи оғир касал, эри эса бахт излаб дарбадар кетган, даволаш учун эса жуда катта маблағ даркор. Худди мана шу, бир қарашда соддагина сюжет моҳир сценарийнавис қўлида етук асарга айланган.

Фильмда бир жиҳат эътиборимни тортди – унда яққол салбий қаҳрамон йўқ. Биргина ўша Зиёданинг эри – “Ватан менга нима қилиб берди?”, дея яшаб турган уйини кредитга қўйиб, пулни тўлашниям хотинга ташлаб, номардларча чет элга қочган образни айтмаса, бошқалар вазият бандаси.

Ҳатто Зиёдани судраганча уйига тортиб, атир-упасини пулламоқчи бўлган қўшни аёлни ҳам бир қадар тушуниш мумкиндай. Шундоғам тақдир зарбалари олдида асаблари адои тамом бўлган Зиёданинг сабр косасини тўлдириб, ҳезланиб турганида фалокат юз беради. Деворга тақалиб қолган Зиёда бу хира аёлдан қутулиш мақсадида уни туртиб юборади. Орқада эса тош столча… Аёл оламдан ўтди! Воқелар янада аянчли тус олади. Зиёда қотиллик айблови билан ҳибсга олинади. Қамоқхона саҳнаси, айтиш жоизки, фильмнинг энг таъсирли қисмидир. Шунда кечагина мухлислар олқишлари остида жўшиб куйлаётган оқкўнгил бир санъаткорнинг тийнати намоён бўлади. Авжи навқиронлик палласи – 28 ёшини темир панжара ортида руҳсиз қаршилаётган Зиёда – номард эрини эсласа жаҳли чиқадиган муштипар аёлга ўктам бир йигит, шу маскан тиббий бўлимида ишлаётган Камол ёрдам қўлини чўзади. Эҳтимол ёрдам қўлини чўзади, дейиш бир оз тўғри келмас, боиси, йигит қалбида аллақачон олий бир ҳис туғён ура бошлаган эди.

Бу ҳиснинг номи, агарчи, фильмнинг бошидан охирига қадар айтилмаса-да, сиз буни қалбдан сезасиз, айнан мана шу меҳрли муносабат адоси бўлгингиз келади. “Бундай йигит ноёб, Зиёда. Камолга ўхшаганлар асл туйғуларини қалбида сақлайди. Улар севаман деб ҳеч қачон айтмайдилар”, дейди ҳар доим ўқиб юрган китобини аста ёпганча Рохила опа. Мана шу ихчамгина образ, Ўзбекистон халқ артисти Малика Иброҳимова талқинидаги оқила аёл ўзининг ёқимли табассуми, “Буям тўғри-уям тўғри – ҳаммаси тўғри”, деган содда ҳаётий ақидасию юмшоқ феъл-атвори, “Ёмғир ёғар шиғалаб ёғар” дея ҳазин оҳангда шеър ўқиши билан томошабин қалбига муҳрланади. Ким эди бу аёл? Нима сабабдан ҳибсхонага тушиб қолган, дея ўйлайсиз, аммо унинг олижаноб феъл-атвори бадбин хаёлларга берилишингизга йўл қўймайди. Бунда недир хатолик, англашилмовчилик ўтган, аёлнинг киши молига ёхуд жонига қасд қилгулик шашти йўқ, буям Зиёда каби бир тасодифнинг қурбонидир-да, дейсиз, ачиниш билан. Умуман, фильмда ҳар бир образнинг ижтимоий келиб чиқиши, касбу кори ҳақида батафсил саҳна қарийб йўқ. Фақат қаҳрамонларнинг характери, гап-сўзлари орқали муайян хулосага келасиз.

Кейинги саҳналарда Камол Зиёданинг таъсирида янада баркамол шахсга айланади. Энг асосийси, бу жараён табиий равишда кечади. Улар бир-бирига ундай қилинг-бундай қилинг қабилида, бирон манфаат илинжида муомала қилмайдилар. Бу фильмда доктор докторлигини, ҳомий ҳомийлигини, она оналигини, адвокат адвокатлигини, фарзанд фарзандлигини, пировардида, инсон инсонлигини қилади.

“Ўзбекистон тўйлар мамлакати”, дейди иззатли ҳомийнинг ёрдамчиси отарчилик қилиб пул топишни ўзига эп кўрмаган Зиёдага қараб. Шу биргина жумла замирида азалий удумни кимўзарга айлантириб олган тўйпарастлар, ўша муқаддас кунни бизнесга айлантирган яллачилар, фалончи-пистончилар келмаса даврага чиқмайман, деяётган серзарда ёшлар кўз олдингизга келади. Дарҳақиқат, бир кунлик шодиёна учун на даркор шунча машмаша? Қанийди, қанийди…

Фильм ниҳоясида ҳақиқат тантанасини кўрамиз. Ҳаммаси яхшилик билан тугайди. Аммо ана ўша саҳналар – жажжи қизалоқнинг дарддан, онасининг эса мусибатдан халос бўлиши фонида одамлар қалбида эзгулик ва ёвузлик кураши мудом кечишини, алалоқибат, ҳаёт майдони софдил одамларнинг табаррук гўшаси эканлигини теран англайсиз. Суд залидан мағрур чиққан Зиёда эмас, сизнинг умидингиз, меҳр-муҳаббатингиз эди. Зиёдага раҳми келган маклер аёлнинг уйни қимматроққа сотиб беришга чоғлангани ҳам бу пулпараст каснинг қалбида эзгулик куртаклари йўқолмаганини намоён этади.

* * *

Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст тили, услуби билан ўзбек адабиёти ва киносига янги нафас олиб кирган ижодкорлардан саналади. Унинг асарларида қаҳрамонларнинг киноя-кесатиқ, қочирим ва нозик сўз ўйинлари борки, баъзилар чўчиб, дангал айта олмайдиган ҳақиқатларни мутлақо табиий йўсинда, битта тагдор жумла орқали ошкор этади. Биз Назар Яхшибоевлару Саидқул Мардон нутқларини шу боис ҳам ўзгача иштиёқ билан ўқиймиз.

Премъераолди кўрикда актёрлар бир овоздан айтганидек, ушбу киноасар ёзувчининг сўзи, ғояси асл ҳолича сақланган, ижро этилган кам сонли ижод намуналари сирасига киради. Ёш режиссёр Жавоҳир Қосимовнинг эътирофича, фильмда биронта сўз, жумла ўзгартирилмаган. Ёзувчи мавзуни, ғояни жуда яхши танлагани асарнинг биринчи ютуғи бўлса, истеъдодли актёрлар ансамблининг йиғилгани иккинчи ютуқдир.

Ёқуб Аҳмедов, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Сайёра Юнусова, Малика Иброҳимова, Ҳусан Жўраев, Отабек Маҳкамов каби актёрлар ижроси, характер яратиш маҳорати томошабин завқини келтиради.

Таниқли актриса Дилноза Кубаева ижроси эса алоҳида мавзу. Тажрибали санъатшунослар ҳали бу асар ва унинг бош рол ижрочиси ҳақида илиқ ва тўлиқ фикрларини айтадилар. Зиёда образи ўз табиатига кўра, бир томондан виқор, салобат, машҳурлик, ўзига ишонган юксак истеъдод соҳибасини намоён қилса, яна бир жиҳатига кўра, мушфиқлик, чорасизлик, айбсиз айбдорлик чангалида турган аёл қиёфасини ифодалайди. Актриса мана шу мураккаб саҳналарни табиий тарзда ижро этган. Саҳнада зўр илҳом, ҳаяжон билан қўшиқ куйлаш, касалхонада фарзанди дардидан изтироб чекиш, ҳибсхонада ҳам ўша дилдорлигу малоҳатини сақлаб қолган саҳналар Дилноза ижросида қалбингизга чуқур кириб боради. Актриса шу кунгача яратган образларнинг энг етуги, безаги мана шу Зиёда образи, десак, муболаға бўлмайди.

Асарнинг концепцияси, ёзувчининг мақсад-муддаоси сиз кинони кўриб бўлгач, экранда кечган воқеликларни қайта мушоҳада қилиш, шу аснода хулоса қилиш жараёнида туйқус онгингизни ишғол қилади.
Ҳа, санъат майдонидаги ҳар бир хонандада Зиёда каби софдиллик, поклик, олижаноблик туйғуларини кўргингиз келади, шундай эмасми? Қани энди, барча йигитлар Камол каби жўшқин, меҳрли-оқибатли, мард бўлса? Адвокат, судья, прокурорлар ҳам одиллик борасида ҳамиша шу каби ибрат бўлаверсин, дейсиз. Докторларнинг чин кўнгилдан меҳр кўргизишлари, улардаги беморларга дардкашлик ҳисси сизнинг ҳам қалбингиздан мустаҳкам ўрин олади. Фильм ҳақидаги мулоҳазаларингизни жамлаб, хулоса қиласиз ва секин такрорлайсиз:
Мен одамларни, оламни шундай кўргим келади!..

011

Мурод Муҳаммад Дўст:

088   – Бу сценарий ғояси ўн-ўн беш йил аввал хаёлимда пайдо бўлган. Ва яна бунда эътибор бердимки, асл инсоний туйғуларни ҳадеб такрорлаб, унинг қадрини пасайтиргандан кўра, ана шу туйғуларни қалбида сақлаб юрган инсонлар тақдири мени кўпроқ ўйлантирди.
Яна бир гап. Авваллари кинода кўп нарса ёзувчининг – сценарийнависнинг маҳоратига боғлиқ деб ўйлардим. Аммо бугун фикрим ўзгарди. Масалан, Дилноза Кубаеванинг ижроси фильмни очган. Шундай маҳоратли актриса бўлмаганида, эҳтимол асар сизга маъқул келмасди. Ёки оператор Музаффар Юсуповнинг меҳнатларисиз бу кино шундай ҳолатга келмас эди. Албатта, режиссёр Жавоҳир Қосимовнинг тиришқоқлигини, асар ғоясини, сўзини бузмасдан, аслиятга путур етказмасдан ишлашга уриниши жуда катта фазилат. Бир сўз билан айтганда, сиз кўраётган ушбу фильм ажойиб бир ижодий жамоанинг фидокорона меҳнати маҳсулидир.
Эътибор қилган бўлсангиз, фильмда муҳаббат ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ. Чунки, энг яхши туйғулар ёруғликдан қўрқади…

Дилноза Кубаева, актриса:

08 – Фильм воқелари ҳақиқатдан мураккаб, одамни мулоҳазага ундайди. Мана шундай етук сценарийни яратгани учун муаллифга раҳмат. Очиғи, фильмда бемор қизчанинг ҳолати менга бегона эмас. Яқин инсоним бетоб ётганида Республика Гематология ва қон қуйиш институтида чорасиз бир аҳволда турганим сира ёдимдан чиқмайди. Ўша кутиш соатлари, коридорларда изтиробга ботганча ўтирган кунларимни, чеккан изтиробларимни фильмни суратга олиш асносида яна бошдан ўтказдим. Айни шу сабабли ҳам ижроим жонли, табиий чиқди, назаримда. Ҳақиқий баҳони эса томошабин беради, албатта.

Ҳусан Жўраев, актёр:

96– Мен талқин этган қаҳрамон жуда мураккаб инсон. Аммо у Зиёдани яхши кўриб қолгани учун эмас, аввало инсон сифатида, ўз ақидаларига содиқ зиёли сифатида уларга ёрдам қўлини чўзади. Унинг пок муҳаббатида бирон таъма ёки илинж йўқ. Камол образини талқин этишда ана шу ғояга суяндим. Сценарийда ҳам унинг қиёфаси айни мана шундай тасвирланган. Болалар бу келажак, эртанги кун, шундай экан, нима бўлган тақдирда ҳам ҳар бир инсон уларга бефарқ қарамаслиги, имкони бўлса, кўмак бериши зарур…

 

012    Мақола муаллифи ҳақида

09   Беҳзод Қобулов 1984 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Алихон қишлоғида туғилган. ЎзМУнинг журналистика факультетини тамомлаган. Айни пайтда, “Карвон қўнғироғи” газетасида Бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлайди.
Саҳифамизда унинг «Чапакчилар пешвосига» номли мақоласи эълон қилинган. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин.

033

(Tashriflar: umumiy 215, bugungi 1)

Izoh qoldiring