Eshqobil Shukur. Qaldirg’ochning ko’z yoshlari & Shoir haqida & Yam-yashil qushlar

Ashampoo_Snap_2017.07.18_13h04m15s_001_.png20 июль — Шоир Эшқобил Шукурни туғилган куни билан қутлаймиз

Эшқобил Шукурнинг шеърлари баҳона шоир қисмати ҳақида ёзган атоқли шоир Шавкат Раҳмоннинг сўзи бундан ўн йилликлар аввал «Шарқ юлдузи» журналида (12/1986) босилган эди. Орада ўтган вақт Шавкат Раҳмоннинг ёш ижодкор дўстининг интилишнинг софлиги ва мустақиллигини маъқуллаб, унга билдирган ишончи асосли бўлганини кўрсатди. Шу ўринда Шавкат Раҳмоннинг 1995 йили чоп этилган бир суҳбатда Эшқобил Шукур авлодига мансуб ва улардан кейин адабиётга кирган 5 шоир ҳақида гапириб, уларга ишонишини айтар экан, шундай таъкидлаган эди: «Истардимки, бу беғараз авлод ўзлари сиғинган ғояларини, байроқларини нопокларга бериб қўймасин! Акс ҳолда, ҳар қандай баланд ғоя, ҳар қандай муқаддас байроқ кирланиб, инсонларни яхши амаллар йўлида бирлаштиришдай буюк қувватдан маҳрум бўлади. Бундан эса Худо асрасин!»

Бугун шеърият ва шоирликнинг асл мақсадига хизмат қилган, ёлғончи ғоялару ўткинчи ҳавасларга алданмаган Эшқобил Шукур ўзбек шеърияти боғида азим дарахт бўлиб юксалганини кўриб турибмиз. 30 йилча аввал шоир ва унинг қисмати ҳақида ёзилган Шавкат Раҳмон сўзлари бугун адабиётимизга кириб келаётган ёш ижодкорларга ҳам қаратилган деб ўйладим ва уларни сизга тақдим этишни маъқул кўрдим.

Хуршид Даврон

0_14cf37_3a3fb6c0_orig.png Шавкат РАҲМОН:

Шоир тиргович сўзларга, оний мақтовларга муҳтож эмас. Шоир ҳар куни ўзлигини инсоният пойига гулдай ташлайдиган фидойи кимса. Агар мақтовга муҳтож бўлса, демак шоир фидойилиги сохта, руҳи ёлғон ва зулмат қоришмасидан тўралган тошларга банд. Қадимги ҳинд файласуфлари: «Ҳар бир ижодкор интилган нарсасига эришади», демишлар. Демак, асосий фактор интилишда, интилишнинг қай даражада жиддийлиги ва давомийлигида экан-да. Қадимги ҳинд файласуфлари яна: «Ҳар бир болада даҳо яшайди», демишлар. Мен бу ҳикматга қаттиқ ишонаман. Камдан-кам одамдагина бу даҳо узоқроқ яшайди. Аксарият ҳолларда, бу даҳо, йиллар ўтган сайин ёлғон ва таъмалар ботқоғига ботиб бораётган оғир вужудлардан соф ва қушдай енгил вужудларга кўчиб ўтади. Демак, даҳолар фақат болаларда ва ёки бола табиатли одамларда яшайди. Демак, биз улуғлардан эмас, болалардан ўрганишимиз керак экан.

Қадимги афсоналардан бирида айтилишича, шоҳ вазирига мамлакатимда нечта шоир борлигини бил, деб буюрибди. Вазир аниқлаб, «Шоҳим, мамлакатингизда 1101 шоир бор экан», дебди. Шоҳ шоирларни зиндонбанд қилишни буюрибди. Йил ўткариб вазир, «Шоҳим, бир йилдан буён 1101 шоир зиндонда амрингизга мунтазир», дебди. Шоҳ эса, «Бориб билгин-чи, улар ҳалиям шеър ёзяптимикан!» дебди. Вазир зиндондан хабар олиб, «Шоҳим, мингта шоир шеър ёзишни ташлаган, қолган бир юз биттаси зиндон деворларига ёзиб, шеърни давом эттиришмоқда», дебди. Шунда шоҳ, «Мингта шоирни озод қил, бир юз бир шоирни эса боғимга кўчириб, фақат менга билдириладиган иззат-ҳурматни кўрсат, кўнгиллари тусаган нарсани муҳайё қилгин», деб буйруқ берибди. Яна йил ўткариб шоҳ вазирига, «Қани энди шоирлардан шеър эшитсак», дебди. Бир юз бир шоир шоҳ ҳузурида ҳозир бўлибди, аммо юзта шоирнинг боши эгилганмиш… Фақат битта шоиргина шоҳнинг кўзларига тик қараб имонсиз кимсаларнинг риёкорлиги, фуқаронинг оғир аҳволи ҳақида, ҳаёт ва муҳаббатнинг боқийлиги ҳақида ёниб шеър айтибди. Шоирнинг овозидан сарой равоқлари титраб кетибди.

«Мана, кўриб қўй, — дебди шоҳ вазирига, — сен мамлакатда бир минг бир юз битта шоир бор деб, хато айтган эдинг. Мен, сенга, мамлакатда битта шоҳу битта шоир борлигини исбот қилдим. Мингта шоир эрмак учун шеър ёзарди, бир йилги машаққатга чидолмай шеър ёзишни бас қилди. Юзта шоир тақдирдан нолиб шеър ёзарди, шоҳона шароитга етишгандан кейин; улар ҳам, шеърдан қайтдилар. Фақат бир шоир гадолигида ҳам, зиндондалигида ҳам, шоҳ саройида ҳам шоирлигича қолаверди».
Мен ёдимга муҳрланиб кетган ушбу афсонани, бекор эслаганим йўқ. Катта мақсад билан яшаган ижодкор, бу ибратли афсонани, ҳар гал шеър ёзишдан аввал, бир эслаб қўйиши керак деб ўйлайман.

Ёш ижодкор дўстларимдан бири Эшқобил Шукурдаги интилишнинг софлиги ва мустақиллиги менга ёқди. Бу интилишнинг собитлиги ва давомийлиги кўп жиҳатдан Эшқобил Шукурнинг меҳнатига боғлиқ. Ахир, «Ҳар бир ижодкор интилган нарсасига эришади», демишлар-ку қадимги ҳинд файласуфлари (“Шарқ юлдузи” журналининг 1986 йил 12-сонида шоирга ёзган “Оқ йўл”идан).

ШОИР ҲАҚИДА
001

1112.jpgАбдулла ОРИПОВ
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

Иқтидорли шоиримиз Эшқобил Шукур шеъриятини кўп йиллардан буён ўқиб кузатиб келаман. Ҳар қандай ясамаликдан, ҳар қандай фикрбозликдан, ҳар қандай сохта оҳанглардан холи бўлган бу шеъриятда дилкашликни, самимиятни, меҳрни, куйинчакликни, теранликни, гўзалликни учратасиз. Шоирнинг гоҳо мунг ва ҳасратга тўла, гоҳо латиф, нозик қочиримларга бой сатрларини такрор ўқийман. Албатта, шеърият ихлосмандлари Эшқобил Шукур ижоди билан азалдан яхши танишдирлар, унинг овозини бехато тан оладилар.

fikrbazmda.jpgХуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири

Ўша таниш оҳанг – шоирни бошқалардан ажратиб “Бу Эшқобил Шукур шеъри” деб шивирлаган оҳанг янги рангин туйғулар, янги оҳанглар билан ўранган. Бу шеърлардан уфуриб турган ҳазинлик, ўша кўҳна – шеърни шеър қилиб келган, ҳеч қачон бақирмайдиган, фақат шивирлайдиган хазинлик, кишини тушкунликка эмас, ёруғликка чорлайдиган ҳазинлик ёрқин тус олгани ва тозалиги, Иброҳим муаллим айтмоқчи “жадидий” маъноси билан ажралиб туради… Мен бу шеърларни таҳлил қилишни истамайман. Зеро, баъзан шеърни таҳлил қилиш уни ўлдириш билан баробардир. Мен фақат бу шеърлар ўзбек шеърияти дафтарига ёзилган энг сара асарлар қаторига қўшилишига ишонаман.

Эшқобил Шукур ўзбек шеъриятида ўз ўрнига,бошқа ҳеч бир шоир билан адаштириб юбормайдиган овозга эга шоир.У фикр ва ҳаяжон шоири. У тажрибалар қилишни яхши кўради. У қоғоз тўлдириш учун эмас, юракларни тўлдириш учун ёзади.

202.jpgҚурдош ҚАҲРАМОНОВ
филология фанлари доктори

Эшқобил Шукур шеъриятидаги образ ва тимсолларнинг ифода кўламини тасаввур этиш учун унинг бутун ижоди билан таниш бўлиш лозим. Шоир кўнгил манзараларини турли поэтик ҳолатларда тасвирлайди. Анъанавий поэтик манзара ва ифодалар билан кутилмаган ноанъанавий тасвирлар ўзаро бирикиб уйғунлашиб кетади. Бироқ бу ифодаларда сохталик, зўракилик йўқ. Уларда худди тоғдан қуйига тошдан-тошга урилиб, елаётган сувнинг шиддати-ю, ўзига хос табиий мусиқасини ҳис этгандай бўласиз. Тасвирдаги шиддат ва мусиқавий оҳанг –Эшқобил Шукур шеъриятининг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Шунга кўра шоир шеърларида қўлланган поэтик сўз ва ташбеҳлар кўповозли, олмосдай товланувчан.

index.jpgАбдулла УЛУҒОВ
адабиётшунос олим

Эшқобил Шукурнинг шеърларида ҳаётнинг турфа муаммолари, бир-бирини инкор этувчи тушунчалари тўғрисида сўз юритилади. Аммо улар хусусида барчага аён гаплар эмас, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фикрлар айтилади. Бу теран хулосалар шунчаки нақл қилинмасдан, гўзал ташбеҳлар, кутилмаган қиёслашлар билан зийнатланади. “Кўз юмиб кўрганларим”даги шеърларда фавқулодда салмоқдор, чуқур маъноли фикрлар, ажойиб кузатишлар, бетакрор мисралар шунчалик тиғиз ва кўпки, бир-бирини тўлдириб, мантиқий давомига айланиб келадиган ушбу сатрларни ажратиб олишга кишининг кўзи қиймайди. Чунки улар бири биридан тиниқ ва жозибадор, бири иккинчисидан қамровдор. Шоирнинг туйғу, кечинмалари бўлган айни сўзлар бамисоли бир ҳовуч дур бўлиб ярқирайди

ЭШҚОБИЛ ШУКУР
ҚАЛДИРҒОЧНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ

Туркумдан
001

***

Мен09
Қабрда туғилган Гўрўғли эдим,
Икки жаҳон аро Йўлўғли эдим,
Зулмат йўргаклаган Нурўғли эдим…

Мен
Қизғин қизғалдоқлар кафтида ўсдим,
Ёнаётган музнинг тафтида ўсдим,
Бир жуфт кабутарнинг кифтида ўсдим…

Мен
Ризқ гуллаган дала бўйида эдим,
Қанот ёзган ялпиз бўйида эдим,
Висол ва Ҳижроннинг тўйида эдим…

Мен
Қалдирғоч қўрғонин меҳмони бўлдим,
Адашган мусофир армони бўлдим,
“Бор экан, йўқ экан” достони бўлдим…

Мен
Битта боларига толиб тушибман,
Кўҳна бир тандирга қолип тушибман,
Ўз-ўзимга мағлуб – ғолиб тушибман…

Мен
Махлуқдан малаклик изладим кўпроқ,
Қошимда Инсондай гуллади тупроқ,
Қўлим қанот бўлди, кўзларим чироқ…

Мен
Булбул ўқиётган китобни кўрдим,
Гўдак кулгусида хитобни кўрдим,
Шамолни ияртган шитобни кўрдим…

Мен
Қақраган чўл эдим, чин дарё бўлдим,
Бўм-бўш осмон эдим, ўзимга тўлдим,
Ерга жилғаларни етаклаб келдим…

Мен
Билдим руҳ рўёмас, қон ҳам эмас жон,
Кўз ёшлар сув эмас, нон эмас виждон,
Одам ҳеч эт эмас, ҳокмас бу жаҳон!

Мен…
Қизғин қизғалдоқлар кафтида ўсдим,
Ёнаётган музнинг тафтида ўсдим,
Бир жуфт кабутарнинг кифтида ўсдим…

***

Менга
Қандай дуч келдинг сен, ўн учинчи Моҳ,
Қолган ўн икки ой аҳволига воҳ…
Бутун ҳаётимнинг оғзи тўла: “оҳ “…

Менга
Сўнгги шеърмидинг сен, ё сўнгги китоб,
Сарғайган варақдай руҳим ҳам бетоб,
Шавқим шитобингга беролурми тоб…

Менга
Сирингни айт, жоним, ўн учинчи Моҳ,
Туйғу арзандаси, жон ўкинчи, Моҳ
Сен кимнинг қайғуси ва севинчи, Моҳ?

Менга
Биринчи сўзмидинг, васиятмидинг,
Видо қўшиғими, илк ниятмидинг,
Ё ҳаёт онаси шеъриятмидинг?..

Сирингни айт, жоним, ўн учинчи Моҳ…

***

Менда
Ер-у осмон, ой ва қуёш бор эди,
Томчи кулгу, кўза кўз ёш бор эди,
Юрак деган гултуғар тош бор эди…

Менда
Уч-тўрт сўм пул, бетоб виждон бор эди,
Мингта билиш, бир парча нон бор эди,
Қирқ бир қурбон ва битта жон бор эди…

Менда
Бир кўза сув, бир саҳро қум бор эди,
Мангуликдан адашган ЗУМ бор эди,
Ўзим ичра бошқа ЎЗИМ бор эди….

***

Мендан
Дашту-дала, тоғ ила дарёни топ,
Бу дунёга ўхшамас бир дунёни топ,
Ҳирот бирла Самарқанду Кўниёни топ.

Мендан
Бозор бирла дўконни излама ҳеч,
Сарву гулсиз маконни излама ҳеч
Безамонман, замонни излама ҳеч…

Мендан
Шошқин шамол-у, абри найсонни сўр,
Уйни қўй, кўчани қўй, осмонни сўр,
Булутга чақмоқлик берган онни сўр.

***

Шундай йиғлар саҳрода қумлар…
Лорка

Менда
Қандай сўзлар эди ҳарф ва товушлар,
Ҳасрат ва дуога тўлса ҳовучлар,
Товоним чўғидан ёнди ковушлар
Менда… менда… менда…

Менда
Қандай куйлар эди чопағон сувлар,
Нафасимда шошқин шамоллар увлар,
Қандай йиғлар эди етим қайғулар…

Мен сенга ҳеч ёлғон сўзлаганим йўқ,
Юракдай тирилар кўксимдаги ўқ,
йўқдан бори – ёлғон, бари Бордан – Йўқ.
Менда, менда, менда…

Мен сенга ёлғонни сўзламасман ҳеч,
Бошқа шоир келса, қасамларин ич,
Тилимда ялла-ю, бўғзимда қилич,
Менда… менда… менда…

САҲРОДАГИ САДО

Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси,
Йўлсизларни равон йўлга йўлловчиси,
Қоқ саҳрода соя берган, булоқ берган,
Қумда қолган қулунларнинг сўровчиси.

Суринганда тулпорларга мадад бўлган,
Аро йўлда қақшаганга қанот бўлган,
Қора бошнинг қоронғида қаровчиси,
Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси.

Манзил йироқ, умид сендан, нажот сендан,
Ўлимларнинг қуршовида ҳаёт сендан,
Жон риштасин Ҳақ руҳига уловчиси,
Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси.

ОЛИС БИР ХОТИРА

Сафма-саф тизилган дарахтлар қошида
“Қуръон” ўқир эди кекса бир Шамол
Осмон ҳилпирарди унинг бошида
ва мангу иқбол.

Минг йиллик йўлчидай ҳорғин дарёда
“Инжил”ни ичарди чанқаб қолган Сув,
Шунда туғиларди маъсум шаббода
ва дилбар қайғу.

Кўз ёшлар сочилиб ётган кечада
Отам мени, мен хаёлни етаклаб,
Жимгина борардик олис эртага
атак-чечаклаб.

Уч ёшда эдимми, тўрт ёшдами ё,
Томошо қилардим ерни, осмонни,
Худони томошо қилгандай гўё
ва гўзал имонни.

Тонготар қушлари бошларди зикр,
Мени уйғотарди шамол шеваси.
Мен меҳрга, менга тўларди меҳр
ва осмон меваси

Ўтиб боравердим ойдан ойларга
Кунларнинг кифтида ўйноқлаб масрур.
Етдим кўнглимдаги мавҳум жойларга
ва ажойиб сурур.

Сафма-саф тизилган дарахтлар қошида…

АРЗИ ҲОЛ

Юракда енгил бир шамол айланди,
Бошимда бошқа бир ҳилол айланди.
Шоирдан хабар ол, шу дамда менга
Билмасман заволми, камол айланди.

Аста қўлларингга суянсам дейман,
Қайғунинг ичидан қувонсам дейман.
Шоирдан хабар ол, кўнглим безовта,
Кимгадир руҳимни инонсам дейман.

Кечикиб қолдингми, синглим Қалдирғоч,
Сен-чи ҳиммат беги бек оғам, Оғоч.
Шамол қанотига узун хат ёздим,
Худойим кўнглимдан сўрганда хирож.

Юракда енгил бир шамол айланди,
Бошимда бошқа бир ҳилол айланди.
Шоирдан хабар ол, шу дамда менга
Билмасман заволми, камол айланди.

ОРЗУ

Даҳолар кўнглига чўғ ташлаган сир,
Осмон мактубларин мангу мавзуси.
Азал зулматларин кесиб ўтган нур –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.

Минг йиллар бери-ю, минг йиллар нари,
Юлдузлар остида, замин устида
Ўтди қанча жаҳон пайғамбарлари
Шу ният дастида, шу ўй қасдида.

Қанча тарихларни қум босганида,
Селларда қолганда эллар қайғуси,
Нишлайверди пирлар қабристонида –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.

Ўзинг асра бизни, эй қодир худо,
Пасткаш заволидан, аблах ҳолидан.
Разил кимсалардай қилмагил жудо
Инсонни инсонлик истиқболидан.

Яссавийни буюк чиллага солган,
Навоий қалбининг олий туйғуси.
Бухорий бошида ойдай юксалган –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.

Даҳолар кўнглига чўғ ташлаган сир,
Осмон мактубларин мангу мавзуси.
Азал зулматларин кесиб ўтган нур –
Инсонни инсондай кўрмак орзуси.

***

Ёз оқшоми… Шом шамолида
Шовуллайди олтин буғдойзор.
Бошоқларнинг ҳайрон ҳолида
Тўлиб кетган кўнглим рамзи бор.

Олислардан ой боқар хомуш,
Елдай эсар тирик мусиқа…
Эшитилар най каби нолиш:
“Арзим бордир фақат Ўзига”.

Бошим эгик ўтаман бундан,
Тўкилади дилдан титроқлар
Ва жавдираб боқар изимдан
Олтин боши эгик бошоқлар…

20 iyul — Shoir Eshqobil Shukurni tug’ilgan kuni  bilan qutlaymiz

Eshqobil Shukurning she’rlari bahona shoir qismati haqida yozgan atoqli shoir Shavkat Rahmonning so‘zi bundan 28 yilcha avval «Sharq yulduzi» jurnalida (12/1986) bosilgan edi. Orada o‘tgan vaqt Shavkat Rahmonning yosh ijodkor do‘stining intilishning sofligi va mustaqilligini ma’qullab, unga bildirgan ishonchi asosli bo‘lganini ko‘rsatdi. Shu o‘rinda Shavkat Rahmonning 1995 yili chop etilgan bir suhbatda Eshqobil Shukur avlodiga mansub va ulardan keyin adabiyotga kirgan 5 shoir haqida gapirib, ularga ishonishini aytar ekan, shunday ta’kidlagan edi: «Istardimki, bu beg‘araz avlod o‘zlari sig‘ingan g‘oyalarini, bayroqlarini nopoklarga berib qo‘ymasin! Aks holda, har qanday baland g‘oya, har qanday muqaddas bayroq kirlanib, insonlarni yaxshi amallar yo‘lida birlashtirishday buyuk quvvatdan mahrum bo‘ladi. Bundan esa Xudo asrasin!»

Bugun she’riyat va shoirlikning asl maqsadiga xizmat qilgan, yolg‘onchi g‘oyalaru o‘tkinchi havaslarga aldanmagan Eshqobil Shukur o‘zbek she’riyati bog‘ida azim daraxt bo‘lib yuksalganini ko‘rib turibmiz. 30 yilcha avval shoir va uning qismati haqida yozilgan Shavkat Rahmon so‘zlari bugun adabiyotimizga kirib kelayotgan yosh ijodkorlarga ham qaratilgan deb o‘yladim va ularni sizga taqdim etishni ma’qul ko‘rdim.

Xurshid Davron

shavkat-rahmon1.jpgShavkat RAHMON:

Shoir tirgovich so‘zlarga, oniy maqtovlarga muhtoj emas. Shoir har kuni o‘zligini insoniyat poyiga gulday tashlaydigan fidoyi kimsa. Agar maqtovga muhtoj bo‘lsa, demak shoir fidoyiligi soxta, ruhi yolg‘on va zulmat qorishmasidan to‘ralgan toshlarga band. Qadimgi hind faylasuflari: «Har bir ijodkor intilgan narsasiga erishadi», demishlar. Demak, asosiy faktor intilishda, intilishning qay darajada jiddiyligi va davomiyligida ekan-da. Qadimgi hind faylasuflari yana: «Har bir bolada daho yashaydi», demishlar. Men bu hikmatga qattiq ishonaman. Kamdan-kam odamdagina bu daho uzoqroq yashaydi. Aksariyat hollarda, bu daho, yillar o‘tgan sayin yolg‘on va ta’malar botqog‘iga botib borayotgan og‘ir vujudlardan sof va qushday yengil vujudlarga ko‘chib o‘tadi. Demak, daholar faqat bolalarda va yoki bola tabiatli odamlarda yashaydi. Demak, biz ulug‘lardan emas, bolalardan o‘rganishimiz kerak ekan.

Qadimgi afsonalardan birida aytilishicha, shoh vaziriga mamlakatimda nechta shoir borligini bil, deb buyuribdi. Vazir aniqlab, «Shohim, mamlakatingizda 1101 shoir bor ekan», debdi. Shoh shoirlarni zindonband qilishni buyuribdi. Yil o‘tkarib vazir, «Shohim, bir yildan buyon 1101 shoir zindonda amringizga muntazir», debdi. Shoh esa, «Borib bilgin-chi, ular haliyam she’r yozyaptimikan!» debdi. Vazir zindondan xabar olib, «Shohim, mingta shoir she’r yozishni tashlagan, qolgan bir yuz bittasi zindon devorlariga yozib, she’rni davom ettirishmoqda», debdi. Shunda shoh, «Mingta shoirni ozod qil, bir yuz bir shoirni esa bog‘imga ko‘chirib, faqat menga bildiriladigan izzat-hurmatni ko‘rsat, ko‘ngillari tusagan narsani muhayyo qilgin», deb buyruq beribdi. Yana yil o‘tkarib shoh vaziriga, «Qani endi shoirlardan she’r eshitsak», debdi. Bir yuz bir shoir shoh huzurida hozir bo‘libdi, ammo yuzta shoirning boshi egilganmish… Faqat bitta shoirgina shohning ko‘zlariga tik qarab imonsiz kimsalarning riyokorligi, fuqaroning og‘ir ahvoli haqida, hayot va muhabbatning boqiyligi haqida yonib she’r aytibdi. Shoirning ovozidan saroy ravoqlari titrab ketibdi.

«Mana, ko‘rib qo‘y, — debdi shoh vaziriga, — sen mamlakatda bir ming bir yuz bitta shoir bor deb, xato aytgan eding. Men, senga, mamlakatda bitta shohu bitta shoir borligini isbot qildim. Mingta shoir ermak uchun she’r yozardi, bir yilgi mashaqqatga chidolmay she’r yozishni bas qildi. Yuzta shoir taqdirdan nolib she’r yozardi, shohona sharoitga yetishgandan keyin; ular ham, she’rdan qaytdilar. Faqat bir shoir gadoligida ham, zindondaligida ham, shoh saroyida ham shoirligicha qolaverdi».
Men yodimga muhrlanib ketgan ushbu afsonani, bekor eslaganim yo‘q. Katta maqsad bilan yashagan ijodkor, bu ibratli afsonani, har gal she’r yozishdan avval, bir eslab qo‘yishi kerak deb o‘ylayman.

Yosh ijodkor do‘stlarimdan biri Eshqobil Shukurdagi intilishning sofligi va mustaqilligi menga yoqdi. Bu intilishning sobitligi va davomiyligi ko‘p jihatdan Eshqobil Shukurning mehnatiga bog‘liq. Axir, «Har bir ijodkor intilgan narsasiga erishadi», demishlar-ku qadimgi hind faylasuflari (“Sharq yulduzi” jurnalining 1986 yil 12-sonida shoirga yozgan “Oq yo‘l”idan).

SHOIR HAQIDA
001

images.jpgAbdulla ORIPOV
O‘zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri

Iqtidorli shoirimiz Eshqobil Shukur she’riyatini ko‘p yillardan buyon o‘qib kuzatib kelaman. Har qanday yasamalikdan, har qanday fikrbozlikdan, har qanday soxta ohanglardan xoli bo‘lgan bu she’riyatda dilkashlikni, samimiyatni, mehrni, kuyinchaklikni, teranlikni, go‘zallikni uchratasiz. Shoirning goho mung va hasratga to‘la, goho latif, nozik qochirimlarga boy satrlarini takror o‘qiyman. Albatta, she’riyat ixlosmandlari Eshqobil Shukur ijodi bilan azaldan yaxshi tanishdirlar, uning ovozini bexato tan oladilar.

xurshid_davron.jpgXurshid DAVRON
O‘zbekiston xalq shoiri

O‘sha tanish ohang – shoirni boshqalardan ajratib “Bu Eshqobil Shukur she’ri” deb shivirlagan ohang yangi rangin tuyg‘ular, yangi ohanglar bilan o‘rangan. Bu she’rlardan ufurib turgan hazinlik, o‘sha ko‘hna – she’rni she’r qilib kelgan, hech qachon baqirmaydigan, faqat shivirlaydigan xazinlik, kishini tushkunlikka emas, yorug‘likka chorlaydigan hazinlik yorqin tus olgani va tozaligi, Ibrohim muallim aytmoqchi “jadidiy” ma’nosi bilan ajralib turadi… Men bu she’rlarni tahlil qilishni istamayman. Zero, ba’zan she’rni tahlil qilish uni o‘ldirish bilan barobardir. Men faqat bu she’rlar o‘zbek she’riyati daftariga yozilgan eng sara asarlar qatoriga qo‘shilishiga ishonaman.

Eshqobil Shukur o‘zbek she’riyatida o‘z o‘rniga,boshqa hech bir shoir bilan adashtirib yubormaydigan ovozga ega shoir.U fikr va hayajon shoiri. U tajribalar qilishni yaxshi ko‘radi. U qog‘oz to‘ldirish uchun emas, yuraklarni to‘ldirish uchun yozadi.

202.jpgQurdosh QAHRAMONOV
filologiya fanlari doktori

Eshqobil Shukur she’riyatidagi obraz va timsollarning ifoda ko‘lamini tasavvur etish uchun uning butun ijodi bilan tanish bo‘lish lozim. Shoir ko‘ngil manzaralarini turli poetik holatlarda tasvirlaydi. An’anaviy poetik manzara va ifodalar bilan kutilmagan noan’anaviy tasvirlar o‘zaro birikib uyg‘unlashib ketadi. Biroq bu ifodalarda soxtalik, zo‘rakilik yo‘q. Ularda xuddi tog‘dan quyiga toshdan-toshga urilib, yelayotgan suvning shiddati-yu, o‘ziga xos tabiiy musiqasini his etganday bo‘lasiz. Tasvirdagi shiddat va musiqaviy ohang –Eshqobil Shukur she’riyatining o‘ziga xos xususiyatlaridan biridir. Shunga ko‘ra shoir she’rlarida qo‘llangan poetik so‘z va tashbehlar ko‘povozli, olmosday tovlanuvchan.

abdulla_ulugov-171x200.jpgAbdulla ULUG‘OV
adabiyotshunos olim

Eshqobil Shukurning she’rlarida hayotning turfa muammolari, bir-birini inkor etuvchi tushunchalari to‘g‘risida so‘z yuritiladi. Ammo ular xususida barchaga ayon gaplar emas, hech kimning xayoliga kelmagan fikrlar aytiladi. Bu teran xulosalar shunchaki naql qilinmasdan, go‘zal tashbehlar, kutilmagan qiyoslashlar bilan ziynatlanadi. “Ko‘z yumib ko‘rganlarim”dagi she’rlarda favqulodda salmoqdor, chuqur ma’noli fikrlar, ajoyib kuzatishlar, betakror misralar shunchalik tig‘iz va ko‘pki, bir-birini to‘ldirib, mantiqiy davomiga aylanib keladigan ushbu satrlarni ajratib olishga kishining ko‘zi qiymaydi. Chunki ular biri biridan tiniq va jozibador, biri ikkinchisidan qamrovdor. Shoirning tuyg‘u, kechinmalari bo‘lgan ayni so‘zlar bamisoli bir hovuch dur bo‘lib yarqiraydi

ESHQOBIL SHUKUR
QALDIRG‘OCHNING KO‘Z YoSHLARI
Turkumdan
001

***

Men0e.jpg
Qabrda tug‘ilgan Go‘ro‘g‘li edim,
Ikki jahon aro Yo‘lo‘g‘li edim,
Zulmat yo‘rgaklagan Nuro‘g‘li edim…

Men
Qizg‘in qizg‘aldoqlar kaftida o‘sdim,
Yonayotgan muzning taftida o‘sdim,
Bir juft kabutarning kiftida o‘sdim…

Men
Rizq gullagan dala bo‘yida edim,
Qanot yozgan yalpiz bo‘yida edim,
Visol va Hijronning to‘yida edim…

Men
Qaldirg‘och qo‘rg‘onin mehmoni bo‘ldim,
Adashgan musofir armoni bo‘ldim,
“Bor ekan, yo‘q ekan” dostoni bo‘ldim…

Men
Bitta bolariga tolib tushibman,
Ko‘hna bir tandirga qolip tushibman,
O‘z-o‘zimga mag‘lub – g‘olib tushibman…

Men
Maxluqdan malaklik izladim ko‘proq,
Qoshimda Insonday gulladi tuproq,
Qo‘lim qanot bo‘ldi, ko‘zlarim chiroq…

Men
Bulbul o‘qiyotgan kitobni ko‘rdim,
Go‘dak kulgusida xitobni ko‘rdim,
Shamolni iyartgan shitobni ko‘rdim…

Men
Qaqragan cho‘l edim, chin daryo bo‘ldim,
Bo‘m-bo‘sh osmon edim, o‘zimga to‘ldim,
Yerga jilg‘alarni yetaklab keldim…

Men
Bildim ruh ro‘yomas, qon ham emas jon,
Ko‘z yoshlar suv emas, non emas vijdon,
Odam hech et emas, hokmas bu jahon!

Men…
Qizg‘in qizg‘aldoqlar kaftida o‘sdim,
Yonayotgan muzning taftida o‘sdim,
Bir juft kabutarning kiftida o‘sdim…

***

Menga
Qanday duch kelding sen, o‘n uchinchi Moh,
Qolgan o‘n ikki oy ahvoliga voh…
Butun hayotimning og‘zi to‘la: “oh “…

Menga
So‘nggi she’rmiding sen, yo so‘nggi kitob,
Sarg‘aygan varaqday ruhim ham betob,
Shavqim shitobingga berolurmi tob…

Menga
Siringni ayt, jonim, o‘n uchinchi Moh,
Tuyg‘u arzandasi, jon o‘kinchi, Moh
Sen kimning qayg‘usi va sevinchi, Moh?

Menga
Birinchi so‘zmiding, vasiyatmiding,
Vido qo‘shig‘imi, ilk niyatmiding,
Yo hayot onasi she’riyatmiding?..

Siringni ayt, jonim, o‘n uchinchi Moh…

***

Menda
Yer-u osmon, oy va quyosh bor edi,
Tomchi kulgu, ko‘za ko‘z yosh bor edi,
Yurak degan gultug‘ar tosh bor edi…

Menda
Uch-to‘rt so‘m pul, betob vijdon bor edi,
Mingta bilish, bir parcha non bor edi,
Qirq bir qurbon va bitta jon bor edi…

Menda
Bir ko‘za suv, bir sahro qum bor edi,
Mangulikdan adashgan ZUM bor edi,
O‘zim ichra boshqa O‘ZIM bor edi….

***

Mendan
Dashtu-dala, tog‘ ila daryoni top,
Bu dunyoga o‘xshamas bir dunyoni top,
Hirot birla Samarqandu Ko‘niyoni top.

Mendan
Bozor birla do‘konni izlama hech,
Sarvu gulsiz makonni izlama hech
Bezamonman, zamonni izlama hech…

Mendan
Shoshqin shamol-u, abri naysonni so‘r,
Uyni qo‘y, ko‘chani qo‘y, osmonni so‘r,
Bulutga chaqmoqlik bergan onni so‘r.

***

Shunday yig‘lar sahroda qumlar…
Lorka

Menda
Qanday so‘zlar edi harf va tovushlar,
Hasrat va duoga to‘lsa hovuchlar,
Tovonim cho‘g‘idan yondi kovushlar
Menda… menda… menda…

Menda
Qanday kuylar edi chopag‘on suvlar,
Nafasimda shoshqin shamollar uvlar,
Qanday yig‘lar edi yetim qayg‘ular…

Men senga hech yolg‘on so‘zlaganim yo‘q,
Yurakday tirilar ko‘ksimdagi o‘q,
yo‘qdan bori – yolg‘on, bari Bordan – Yo‘q.
Menda, menda, menda…

Men senga yolg‘onni so‘zlamasman hech,
Boshqa shoir kelsa, qasamlarin ich,
Tilimda yalla-yu, bo‘g‘zimda qilich,
Menda… menda… menda…

SAHRODAGI SADO

Yo‘lda qolgan yo‘lovchining qo‘llovchisi,
Yo‘lsizlarni ravon yo‘lga yo‘llovchisi,
Qoq sahroda soya bergan, buloq bergan,
Qumda qolgan qulunlarning so‘rovchisi.

Suringanda tulporlarga madad bo‘lgan,
Aro yo‘lda qaqshaganga qanot bo‘lgan,
Qora boshning qorong‘ida qarovchisi,
Yo‘lda qolgan yo‘lovchining qo‘llovchisi.

Manzil yiroq, umid sendan, najot sendan,
O‘limlarning qurshovida hayot sendan,
Jon rishtasin Haq ruhiga ulovchisi,
Yo‘lda qolgan yo‘lovchining qo‘llovchisi.

OLIS BIR XOTIRA

Safma-saf tizilgan daraxtlar qoshida
“Qur’on” o‘qir edi keksa bir Shamol
Osmon hilpirardi uning boshida
va mangu iqbol.

Ming yillik yo‘lchiday horg‘in daryoda
“Injil”ni ichardi chanqab qolgan Suv,
Shunda tug‘ilardi ma’sum shabboda
va dilbar qayg‘u.

Ko‘z yoshlar sochilib yotgan kechada
Otam meni, men xayolni yetaklab,
Jimgina borardik olis ertaga
atak-chechaklab.

Uch yoshda edimmi, to‘rt yoshdami yo,
Tomosho qilardim yerni, osmonni,
Xudoni tomosho qilganday go‘yo
va go‘zal imonni.

Tongotar qushlari boshlardi zikr,
Meni uyg‘otardi shamol shevasi.
Men mehrga, menga to‘lardi mehr
va osmon mevasi

O‘tib boraverdim oydan oylarga
Kunlarning kiftida o‘ynoqlab masrur.
Yetdim ko‘nglimdagi mavhum joylarga
va ajoyib surur.

Safma-saf tizilgan daraxtlar qoshida…

ARZI HOL

Yurakda yengil bir shamol aylandi,
Boshimda boshqa bir hilol aylandi.
Shoirdan xabar ol, shu damda menga
Bilmasman zavolmi, kamol aylandi.

Asta qo‘llaringga suyansam deyman,
Qayg‘uning ichidan quvonsam deyman.
Shoirdan xabar ol, ko‘nglim bezovta,
Kimgadir ruhimni inonsam deyman.

Kechikib qoldingmi, singlim Qaldirg‘och,
Sen-chi himmat begi bek og‘am, Og‘och.
Shamol qanotiga uzun xat yozdim,
Xudoyim ko‘nglimdan so‘rganda xiroj.

Yurakda yengil bir shamol aylandi,
Boshimda boshqa bir hilol aylandi.
Shoirdan xabar ol, shu damda menga
Bilmasman zavolmi, kamol aylandi.

ORZU

Daholar ko‘ngliga cho‘g‘ tashlagan sir,
Osmon maktublarin mangu mavzusi.
Azal zulmatlarin kesib o‘tgan nur –
Insonni insonday ko‘rmak orzusi.

Ming yillar beri-yu, ming yillar nari,
Yulduzlar ostida, zamin ustida
O‘tdi qancha jahon payg‘ambarlari
Shu niyat dastida, shu o‘y qasdida.

Qancha tarixlarni qum bosganida,
Sellarda qolganda ellar qayg‘usi,
Nishlayverdi pirlar qabristonida –
Insonni insonday ko‘rmak orzusi.

O‘zing asra bizni, ey qodir xudo,
Pastkash zavolidan, ablax holidan.
Razil kimsalarday qilmagil judo
Insonni insonlik istiqbolidan.

Yassaviyni buyuk chillaga solgan,
Navoiy qalbining oliy tuyg‘usi.
Buxoriy boshida oyday yuksalgan –
Insonni insonday ko‘rmak orzusi.

Daholar ko‘ngliga cho‘g‘ tashlagan sir,
Osmon maktublarin mangu mavzusi.
Azal zulmatlarin kesib o‘tgan nur –
Insonni insonday ko‘rmak orzusi.

***

Yoz oqshomi… Shom shamolida
Shovullaydi oltin bug‘doyzor.
Boshoqlarning hayron holida
To‘lib ketgan ko‘nglim ramzi bor.

Olislardan oy boqar xomush,
Yelday esar tirik musiqa…
Eshitilar nay kabi nolish:
“Arzim bordir faqat O‘ziga”.

Boshim egik o‘taman bundan,
To‘kiladi dildan titroqlar
Va javdirab boqar izimdan
Oltin boshi egik boshoqlar…

Eshqobil Shukur. Yashil Qushlar (1995) by Khurshid Davron on Scribd

07

(Tashriflar: umumiy 773, bugungi 1)

Izoh qoldiring