Мирзо Улуғбек астрономия мактаби вакилларининг тадқиқотлари натижаси бўлган буюк мерос — «Зижи жадиди Кўрагоний»дан кейинги юз йиллар мобайнида фақат Шарқ эмас, балки Ғарб мамлакатлари кўпгина йирик расадхоналарининг олимлари дастурул-амал сифатида кенг фойдаландилар.
МИРЗО УЛУҒБЕК ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ
М. Мамадазимов, профессор
Дунё астрономия фани тараққиётида ўрта аср Шарқ астрономияси, жумладан, Марказий Осиё олимларининг фаолияти алоҳида ўрин тутади. Бу даврда, айниқса, Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳаракат назарияси, амалий астрономиянинг вақт ва жойнинг географик координаталарини аниқлашга доир масалалари бўйича Ўрта Осиё, хусусан, ўзбек алломалари жуда бой мерос қолдирдилар. Бу даврда мусулмон мамлакатларининг юзлаб буюк мутафаккирлари астрономия, математика ва фалсафа фанлари бўйича тадқиқот ишлари билан машғул бўлдилар. Улар ичида Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср ал-Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Умар Хайём, Абу Маҳмуд Ҳамид ал-Хўжандий, Насируддин ат-Тусий, Маҳмуд ал-Чағминий, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Улуғбек каби машур сиймолар ўз ижодлари, илмий мерослари билан Марказий Осиё халқларининггина эмас, балки дунё халқларининг бойлигига айланиб, бугун жаҳоннинг барча эллари орасида ҳурмат билан тилга олинадилар.
Дастлаб халифа Маъмун замонасида (9 аср) ишга туширилган ва Ал-Хоразмий ишлаган Бағдод расадхонаси, сўнгра Умар Хайёмнинг Исфаҳондаги, Насируддин ат-Тусийнинг Мароғадаги ва Абу Маҳмуд Ҳамид ал-Хўжандийнинг расадхоналари ва, ниҳоят, булар ичида катталиги, бош астрономик асбобининг аниқлик даражаси юзасидан ҳаммасидан устун турадиган Улуғбек расадхонаси ва унинг мактабининг илмий мероси ўрта асрларда астрономиянинг фан сифатида шаклланишида муҳим бир босқични бошлаганлигини дунё олимлари тан оладилар.
Салкам етти аср давом этган Шарқ астрономиясининг жўшқин фаолияти Улуғбек ва унинг академиясининг бой илмий мероси билан якунланди. Мазкур расадхона ишга туширилганда унинг бош «телескоп»ининг аниқлик даражаси атиги бир неча ёй секундигача бориб, то оптик телескоплар ихтиро қилинган 17 асрга қадар унинг самаралари ўрта аср астрономлари учун астрономик кузатишларда эришилган рекорд натижа бўлиб хизмат қилди. Бу асбоб Қуёш, Ой ва сайёралар ҳаракат назарияларини янги босқичга кўтариш, тутилишлар назарияси ва амалий астрономиянинг асосий предметларидан бўлган вақтни ўлчаш ишларида юксак аниқликка эришиш имконини берди.
Улуғбек астрономия мактаби вакилларининг тадқиқотлари натижаси бўлган буюк мерос — «Зижи жадиди Кўрагоний»дан кейинги юз йиллар мобайнида фақат Шарқ эмас, балки Ғарб мамлакатлари кўпгина йирик расадхоналарининг олимлари дастурул-амал сифатида кенг фойдаландилар.
Расадхона қурилиши тарихи
Одатда, ўрта асрларда, ҳар бир подшоҳ саройида мунажжимлар бўлган. Мунажжимлар астрологик мақсадларда осмон жисмларини кузатиб, Ой, юлдуз ва сайёраларнинг ҳолатларини аниқ ўрганиш, шуларга кўра, сарой аъёнлари, мамлакат ҳамда подшоҳлик тақдири ҳақида «башорат» қилиш билан шуғулланганлар. Жумладан, Амир Темур саройида ҳам Мавлоно Аҳмад ва Мавлоно Абдуллоҳ каби мунажжимлар ишлагани тарихий манбалардан маълум. Шулардан саройда ҳакимлик ҳам қилган Мавлоно Аҳмад сайёраларнинг 200 йиллик ҳолатларини олдиндан белгилаб, улардан турли мақсадларда фойдаланиш учун жадваллар тайёрлаган. Бинобарин, ўрта асрларда мунажжимлар учун сайёраларнинг олдиндан ҳисобланган ҳолатлари билан кузатишдан олинган натижаларнинг мос келиши жуда муҳим аҳамият касб этган.
Шуни эътиборга олиб, 9-12 асрларда Шарқда ишга туширилган расадхоналарда олиб борилган кузатишларнинг натижалари асосида тузилган жадвалларни янгилашга эҳтиёж туғилди. Бу эса, ўз навбатида, янги, аниқ самаралар берадиган қувватли астрономик асбоблар билан жиҳозланган расадхоналар қурилишини тақозо этарди. Натижада Чингизхоннинг невараси Ҳулогухон саройининг мунажжими таниқли олим Насириддин ат-Тусий 13 асрда Озарбойжоннинг ҳозирги Табриз(Эрон) яқинидаги Мароға шаҳрида расадхона қурдирди. Кўпйиллик кузатишлар асосида Тусий янги астрономик жадваллар тайёрлади ва уни Ҳулогухонга бағишлаб, «Зижи Элхоний» деб атади. Бироқ, кўп ўтмай, яъни 14 асрнинг охирларига келиб Насириддин тузган жадвалларда келтирилган маълумотлар ҳам кузатиш натижаларидан сезиларли фарқ қила бошлагани маълум бўлди. Шу муносабат билан янада аниқ маълумотлар олиш имконини берадиган, олдингиларидан афзалроқ ва аниқроқ астрономик қурилмаларга эга бўлган расадхона бунйод этиш эҳтиёжи туғилди.
Шуларни эътиборга олиб, Улуғбекнинг отаси Шоҳрух ҳукмрон бўлган мамлакатнинг Кошон шаҳрида истиқомат қилаётган математик ва астроном Ғиёсиддин Жамшид «Зижи Хоқоний» дар такмил «Зижи Элхоний» («Хоқон зижи» — «Зижи Элхоний»нинг такомиллаштирилгани) деган машур рисоласини битди. 1413 йили ёзиб тугалланган бу асар Улуғбекнинг отаси Шоҳрухга бағишланган эди. «Хоқон Зижи»нинг назарий қисми ва астрономик жадваллари «Зижи Элхоний»нинг бундай қисмларидан бироз фарқ қилиб, янги маълумотлар билан бойитилган эди.
Бироқ мазкур тузатишлар Қуёш, Ой ва сайёраларнинг топилган ҳолатлари аниқлигини фақат бир неча йил мобайнидагина таъминлай оларди, холос. Қуёш, Ой ва сайёраларнинг бир неча ўн йилларга доир ҳолатларини олдиндан аниқ топиш учун эса, уларнинг орбита элементларини(Қуёшнинг йиллик кўринма йўли-эклиптикага оғмалигини, уларнинг даврларини, Ой ва планеталарнинг эклиптикани кесиб ўтиш онларини, эклиптиканинг осмон экваторига оғмалигини, кузатишлар учун муҳим бўлган баҳорги тенгкунлик нуқтасининг ўрнини аниқ белгилашни ва бошқа бир қанча астрономик катталикларни) янгидан аниқлаш талаб этиларди. Бу, ўз навбатида, Қуёш, Ой ва планеталарнинг координаталарини, шу асосда ерда жойнинг географик узунлама ва кенгламаларини, Қуёш ва Ой тутилишларининг вақтларини, астрологик толеъномалар тузиш учун Ой ва сайёраларнинг ўзаро яқинлашиш ва «қўшилиш» пайтларини, юлдуз йили ва тропик йил узунликларини, йил фаслларини аниқ белгилаш учун жуда муҳим ҳисобланарди. Айнан шу масалаларни ҳал қилиш учун кузатишлар ва ўлчашларга имкон берадиган аниқлик даражаси юқори астрономик асбобни ишга тушириш, яъни янги расадхона қуриш астрономлар учун долзарб муаммо эди.
Шоҳрух мамлакати ҳудудида янги расадхона қуриш нияти ўша пайтлари математика ва астрономия соҳасида бир неча эътиборли асар ёзиб танилган кошонлик Ғиёсиддин Жамшид Кошийни анчадан буён ўртаб келарди. Шу боисдан Коший Шоҳрухга бўлган ҳурматини унга бағишлаб битган «Зиж»и орқали изҳор этиш билан чегараланмай, унга янги расадхона қуриш режаси борлигини ҳам билдирган деб тахмин қилинади. Бироқ Амир Темур вафоти муносабати билан унинг авлодлари орасида тахт учун ихтилофларнинг бошланиб кетиши, жумладан, 1415 йили Кошон ва унинг атроф вилоятларининг волийси Саид Ваққос Шоҳрухга қарши кўтарган қўзғолон унга бундай хайрли ишларни бошлашга халал берди.
Темур фармони билан 1399 йили Умаршайх ўрнига Фарғонага ҳоким этиб тайинланган унинг ўғли Искандар(Шоҳрухнинг энг катта жияни), Саид Ваққоснинг Озарбойжон томон юришидан фойдаланиб, Жамшид Кошийнинг ватани Кошонга бостириб кириб, уни забт этади. Энди Искандар ҳукмронлик қилаётган юртда қолган Жамшид Коший 1415 йилнинг қишида расадхона қуриш режаси билан Искандарга мурожаат қилади. Искандарнинг розилигини олгач, академик Бартолднинг аниқлашича, 1416 йилнинг январида Коший расадхонани жиҳозлаш учун зарур бўлган астрономик асбобларнинг баёни акс этган «Астрономик асбобларга шарҳ» («Рисолаи дар шарҳи олати расад») рисоласини ёзиб Искандарга тақдим этади ва бу билан унинг олдига янги расадхона қуриш ҳақидаги таклифни қўяди. Бироқ Искандарнинг бевақт вафоти сабаб бўлиб, Кошийнинг режаси бу дафъа ҳам амалга ошмай қолади.
Форс тилида битилган мазкур асар 1918 йили Петроградда босилган академик В.Бартолднинг «Улуғбек ва унинг даври» асарига илова қилинган эди. 1940-йиллар бошида Кошийнинг эслатилган рисоласи шарқшунос, астроном олим Ғ. Жалолов томонидан биринчи марта таржима қилинганда расадхона учун таклиф этилаётган асбобларнинг бешинчиси Х асрда ҳамюртимиз — астроном Абу Маҳмуд Ҳамид ибн Хидр ал-Хўжандий томонидан ихтиро қилиниб, Эроннинг Рай шаҳри яқинидаги Таборак тоғи этагида қурилган ва «судси Фахрий» деб ном олган катта кузатиш асбоби бўлганлиги аниқланди («Судс»- арабча олтидан бир, яъни айлана ёйининг 1/6 қисми — секстант дегани). Ўша даврда Хўжандийнинг расадхонаси Фахр уд-давла салтанати ҳудудида бўлиб, унинг раҳнамолигида қурилганидан асбобга «Судси Фахрий» деб ном берилган.
Улуғбек мактабининг шаклланиши
Астроном Ғ.Жалоловнинг фикрича, Коший Искандар ўлимидан кейин, яъни 1416 йилнинг ёзидаёқ Улуғбек томонидан Самарқандга таклиф этилган. Шарқшунос олимлар Б.Розенфельд билан Г.Матвиэвская эса, Коший Самарқандга 1417 йили келган деб уқтиришади. Нима бўлганда ҳам, Коший Самарқандга келгач, бу ерда расадхона қурдириш нияти борлигини Улуғбекка билдириб, унга расадхона қурилиши учун мўлжалланган ва юқорида эслатилган «Астрономик асбобларга шарҳ» рисоласини топширади. Бундай илтимоснинг сабабини тарихчи Солиҳ Закий шундай баён қилади: «Улуғбек «Зижи Элхоний»да келтирилган маълумотлар энг сўнгги кузатишлар натижалари билан мос келмаслигини Ғиёсиддин Жамшиддан кўп марта эшитганини таъкидлайди…».
Оқибатда математика ва астрономиядан катта билимга эга бўлган Улуғбек расадхона қурилишига розилик беради. Шу муносабат билан Улуғбек кўп олимларни тўплаб, 1417 йили расадхонани қуришга бағишланган мажлис ҳам чақирган. Расадхона қурилиши бўйича Улуғбекнинг замондоши тарихчи Абдураззоқ Самарқандий бу мажлис ҳақида шундай ёзади: «Мажлис бўлажак расадхонани шундай қуриш керакки, оқибатда у вақт ўтиши билан тебранмасин, силжимасин, узоқ йиллар абадий турсин. Бунинг (расадхона қуриш) учун (йиғилиш) Самарқанднинг Шимоли-Шарқидан маъқул жой кўрсатди. Уни қуриш якунлангунга қадар қуйидагилар бажарилсин: расадхона бўлажак ходимларининг билимлари такомиллаштирилсин, қўшимча жадваллар тузилсин ва зарур (кузатиш) асбобларнинг узвлари тайёрлансин…».
Бахтга қарши, Улуғбек расадхонасининг қурилган вақти ҳақида тарихий манбалардан аниқ, ҳозиргача учрайдиган баҳсларга нуқта қўядиган маълумот ҳали-ҳануз топилгани йўқ. В.Бартолд «Улуғбек ва унинг даври» асарида 1420 йил воқэалари ҳақида тарихчи Абдураззоқ айтганларидан хулоса қилиб, мадраса ва обсерваториянинг қурилиш ишлари 1420 йили якунланган деган фикрга келади. Археолог В.Шишкин расадхона қолдиқларини қазиш пайтида унинг жануб томонидан топилган учта танга ҳақида гапириб, улардан иккитасининг четида 823 ҳижрий йил(мелод бўйича 1420 йил) деган ёзув бўлганини маълум қилади. Мирхонднинг «Равзат ус-сафо»да ёзишича, расадхона биноси жадал суръатлар билан қурилганини инобатга олинса, у 1420 ёхуд 1421 йили қурилганлиги аён бўлади. Солиҳ Закийнинг «Осор ал-Боқия» асарида «Улуғбек 824 ҳижрий йили(яъни 1420 йили) қурилган расадхонага Ғиёсиддин Жамшид ва Қозизода Румийни етакчи шахслар этиб тайинлади», — деб ёзади. «Зижи Гурагоний»нинг сўзбошисида: «Биз ёритғичларни кузатиш масаласини ҳал қилдик. Уларни Қозизода Румий ва Ғиёсиддин Жамшид ҳамкорлигида бажардик… Бунда муҳим иш(«Зиж»)ни ёзиш ва расмийлаштиришнинг (Ғ.Жалолов форсча «сохта ва пардохта» сўзларини шундай таржима қилиб, унга бир неча мисоллар келтиради) бошида Ғиёсиддин, кейинроқ Қозизода Румий вафот этди. Шундан сўнг ишни охиригача расмийлаштириш (Улуғбекнинг) қимматли ўғилхони Али ибн Муҳаммад Қушчи билан биргаликда амалга оширилди».
Юқоридаги суратда: Мирзо Улуғбекнинг Рига шаҳрида ўрнатилган ҳайкали
«Зижи Кўрагоний» — Улуғбек академиясидан ёдгорлик
Астроном Ғ.Жалолов собиқ иттифоқ ФА Астрономик кенгаши қошидаги астрономия тарихи бўйича комиссиянинг аъзоси сифатида 1950-йиллари Шарқ астрономияси тарихи, жумладан, Улуғбек астрономия мактаби тарихини ўрганишда қизғин қатнашиб, даврий равишда чоп этиладиган «Астрономия тарихидан тадқиқотлар» китобининг биринчи сонидаёқ «Зижи Кўрагоний»нинг шу каби бошқа бир қанча «Зиж»лардан фарқи ва афзалликларини етарлича тўла ёритган мақоласини эълон қилган эди.
Самарқанд расадхонаси тадқиқот ишларининг асосий маҳсули «Зижи Кўрагоний» сўзбоши, назарий қисм ва зиждан(жадваллардан) иборат бўлиб, жаъми 430 саҳифани эгаллайди. «Зиж»нинг жадвалларсиз матнли қисми 60 саҳифани, қолган 370 саҳифаси эса, астрономик, тригонометрик, географик ва астрологик жадвалларни ташкил қилади.
Сўзбоши атиги икки саҳифадан иборат. Унда расадхона ва «Зиж»ни тайёрлашда иштирок этган олимлар ҳақида гап боради. Назарий қисм эса тўрт бўлимдан(мақоладан) иборат бўлиб, биринчи бўлим ўша пайтда асосий тақвимлардан ҳисобланмиш — ҳижрий, Ездигирд, Жалолий (Умар Хайём лойиҳаси бўйича 11 асрда Маликшоҳ томонидан ислоҳ қилинган тақвим), хитой, уйғур ва бошқа бир қанча тақвимлар ҳамда уларнинг биридан иккинчисига ўтиш ҳақидаги ҳисоб-китобларни ўз ичига олади.
Иккинчи бўлим сферик ва амалий астрономия масалаларидан таркиб топиб, ёритгичларнинг азимутларини, Маккага томон йўналишни аниқлаш ҳамда ерда аҳоли пунктларининг географик узунлама ва кенгламаларини ҳисоблаш усулларини баён қилади. Бу ерда мазкур жадвалларнинг таркиби, уларнинг ишлатилишига доир методик кўрсатма ва маслаҳатлар берилади.
Учинчи бўлим Қуёш, Ой ва бошқа сайёраларнинг ҳаракат назариясига бағишланган. Уларнинг астрономик узунлама ва кенгламалар бўйича ўринларини аниқлаш ва у билан боғлиқ ҳодисалар, хусусан, Қуёш ва Ой тутилишлари ҳақида гап боради.
Ниҳоят, тўртинчи бўлим унча катта бўлмай, «бошқа астрономик ишлар ҳақида»ги маълумотларга, жумладан, бир неча саҳифаси астрологияга оид жадвалларга бағишланган.
Булар ичида Қуёшнинг юлдузлар фонидаги йиллик кўринма ҳаракати назарияси билан боғлиқ муҳим астрономик доимийлик-Қуёшнинг йиллик кўринма йўли текислигининг(эклиптиканинг) осмон экватори текислигига (Ер экватори текислигига параллел текислик) оғиш бурчагининг катталиги бўлиб, уни аниқлаш билан ўрта аср астрономларининг жуда катта кўпчилиги шуғулланган. Қуйида уларнинг айримларини таништириб, Улуғбек расадхонаси эришган натижа билан солиштирамиз:
Навоийнинг замондоши астроном Биржандий «Зижи Кўрагоний»га шарҳ»ида: «Фахрий секстанти ёрдамида (астрономик кузатишларни) ёй секундларигача аниқликда ўлчаш мумкин. Самарқандлик астрономлар эслатилган оғишни(эклиптиканинг осмон экваторига оғишини — М.М.) Фахрий секстанти ёрдамида ўлчадилар. Унда Қуёшнинг зенитдан узоқлиги унинг кульминацияси пайтида(яъни аниқ туш пайтида) аниқланади. Бу ёй масофани ўлчаш асосида вақт ўтиши билан мазкур оғмаликнинг катталиги ўзгариб боришини топдилар», — деб ёзади.
Биржандий яна эклиптика оғмалиги ҳақида «Астурлобга шарҳ» рисоласида шуларни баён қилади: «Эклиптиканинг оғмалиги турли даврда турлича катталикка эга бўлади… Бироқ ҳандаса илми олимларининг ичида энг билимдони Ғиёсиддин Жамшид Самарқанд расадхонасида 23о 30» 17″га тенг қийматни олишга муваффақ бўлди. Шуни эслатиш жоизки, эклиптиканинг экваторга оғиш бурчаги вақт ўтиши билан ўзгарувчи (ўрта асрларда камаювчи) характер касб этиб, Улуғбек замонаси учун аниқланган унинг қиймати 23о 30ъ 49″га тўғри келади. Бинобарин, Самарқанд олимларининг бу масалада хатоси атиги 32 ёй секундини ташкил этиб, жуда юқори аниқлик ҳисобланади.
Улуғбек расадхонасининг бош «телескопи» — секстантнинг текислиги аниқ меридиан текислиги бўйича ўрнатилиши, яъни азимути нолга тенг бўлиши зарур эди. Бу масала ўрта асрда қай даражада аниқ ҳал этилганини аниқлаш учун 1941 ва 1946 йиллари замонавий асбоблар ёрдамида ўлчаш ишлари олиб борилди. Натижада секстант ўқининг азимути(яъни Олам ўқи, зенит орқали ўтувчи осмон меридиани текислигига оғмалиги — М.М.) 7,5′ га тенг чиқди. Гарчи бу хатолик ёритғичларнинг меридиандаги баландликларининг қийматига деярли таъсир этмаса-да, бироқ туш пайтининг 30 секундгача хатолик билан аниқланишига олиб келарди.
Тошкент Астрономик обсерваториясининг директори, академик В.П.Шчеглов бу хатолик ҳақида ёзиб: «Улуғбек даврида асбоб меридиан бўйлаб аниқ ўрнатилган бўлиб, эҳтимол, беш аср давомида асбоб текислиги азимутининг ўзгариши, юз берган турли ҳодисалар(эр силкинишлари, асбобнинг чўкиши ва ҳоказо — М.М.) оқибатида қурилманинг деформацияси туфайли содир бўлган бўлиши мумкин. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Улуғбек расадхонаси секстанти учун меридиан йўналиши ўша давр учун энг юқори даражада аниқлик билан топилган Ердаги ягона ва қадимий қурилмадир».
Улуғбек мактаби олимлари расадхонанинг географик кенгламасини 39о 37′ 28″га тенг деб топишди. Бироқ В.П.Шчеглов томонидан бу катталикнинг қийматини қайта аниқлаш мақсадида 1940-йиллари аниқ оптик қурилмалар ёрдамида кузатиш ўтказилганда, у 39о 40′ 40″га тенг чиқди. Бошқача айтганда, ўрта асрларда Самарқанд расадхонасининг кенгламасини ўлчашда атиги 3,2ъ хатоликка йўл қўйилган экан, холос.
Араб ва форс Шарқи мамлакатлари чегарасида жойлашган кўплаб аҳоли пунктларининг географик координаталари астрономик кузатишлар асосида топилиб, «Зиж»да келтирилган халифаликдан ташқаридаги жойларнинг координаталари эса, афтидан, олдинги «Зиж»ларда келтирилган маълумотлар асосида берилган.
«Зижи Кўрагоний»нинг Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳолатларига тегишли жадваллари, мингдан ортиқ бевосита кўринадиган юлдузларнинг жадвали, аксарият ҳолларда, Самарқанд расадхонаси олимларининг бевосита кузатишлари натижалари бўлиб, ўрта аср астрономиясининг энг аниқ жадвалларидан ҳисобланарди. Шу боисдан «Зижи Кўрагоний» қўлёзмаси ўрта асрда турли жойларда катта тезлик билан кўчирилиб кўпайтирила бошланди.
Бобур «Улуғбек зижи» ҳақида гапириб, асар 16 асрда дунйода энг кенг тарқалган астрономик жадваллардан бўлганлигини таъкидлайди. Айниқса, кейинги асрларда «Улуғбек зижи»га тегишли юлдузлар каталоги аниқлиги билан кўп Ғарб астрономларида катта қизиқиш уйғотди.
Эрамиздан олдинги 20 асрда 1000 дан ортиқ юлдузнинг координаталари ва равшанликларини акс эттирган юлдузлар жадвали юнон астрономи Гиппарх томонидан тузилган эди. Бу каталог кейинчалик машур мисрлик астроном Птолемей (эрамизнинг 20 асри) томонидан муайян даражада аниқлаштирилиб, юлдузлар сони 1028 тага етказилди.
Райда яшаб, ижод этган Абу Ҳусайн ибн Умар ас-Сўфий (903-998) биринчилардан бўлиб Птолемейнинг «Ал-Мажистий» китобида келтирилган 1017 юлдузнинг координаталарини аниқлаштириб, равшанликларини белгилаб, юлдуз туркумларининг ўзаро жойлашишларининг аллегорик тасвири орқали юлдузлар атласини тузди.
«Зижи Кўрагоний»нинг юлдузлар каталогида 1018 юлдуз ўрин олган бўлиб, юлдуз туркумлари бўйича Берунийнинг юлдузлар каталогидаги каби жойлаштирилган эди. Мазкур жадвал ўзбек астрономи Ғ.Жалолов томонидан яхши ўрганилган. Олимнинг маълум қилишича, мазкур «Зиж»да юлдузларнинг равшанликларини характерловчи катталикларини аниқлашда Ас-Сўфий каталогидан кенг фойдаланилган.
Астроном Ғ.Жалолов «Зиж»дан яна шу сўзларни келтиради: «Биз ўз каталогимизда келтирган юлдузларнинг ўринларини ҳижрий 841 йилнинг бошига(яъни 1-муҳаррамига, у мелодий ҳисобда 1437 йилнинг 4 июлига тўғри келади — Ғ.Ж.) нисбатан аниқладик. Бироқ уларнинг тўғри чиқишлари (уларнинг баҳорги тенгкунликнинг ўрни билан боғлиқ координатаси) 70 Қуёш йилида 1 даража (тўғри чиқиш дейилувчи координата бўйича — М.М.) олдинга кетганлигини эътиборга олиб, исталган вақт учун уларнинг ҳар бирининг ўрнини аниқ топиш мумкин».
Шунга кўра, юлдузлар тўғри чиқишининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган ва астрономияда претсессия номи билан танилган бу ҳодисани (претсессия, бу — Ер ўқининг эклиптика ўқи атрофида 26 мингйиллик давр билан бир тўла айланиши туфайли рўй берадиган ва кичиклиги туфайли 5-10 йилда ҳам илғаш жуда қийин бўлган нозик ҳодиса) Самарқанд астрономлари яхши билибгина қолмай, жуда катта аниқлик билан топганликларини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Улар аниқлаган претсессия катталигини топиш учун 70 йилда топилган 1о га тенг силжишни 70 Қуёш йилига бўлиш зарур бўлади, яъни 1о : 70 = 3600″ : 70 = 51″,4 бўлади. Аслида, претсессия катталиги 50″,2 тенглигини эътиборга олсак, Улуғбек мактаби олимларининг бу масалада йўл қўйган хатоси атиги 1,2″ эканлиги ойдин бўлади. Бу — ўрта аср астрономияси учун жуда катта аниқлик эди.
«Улуғбек зижи» юлдузларининг жадвалини америкалик шарқшунос олим Э.Нобл ҳар томонлама ўрганилиб, Самарқанд расадхонасида астрономик узунламаси бўйича 900, кенгламаси бўйича эса 878 юлдуз ўрганилганлигини, қолган юлдузларнинг координаталари эса, Ас-Сўфий юлдузлар каталогидан узунламаси бўйича тузатиш киритиб, аниқланганини маълум қилади.
430 саҳифали «Зижи Кўрагоний»нинг атиги 5 фоизи юлдузлар жадвалини ташкил этади. Шуни айтиш жоизки, Самарқанд расадхонаси астрономларининг ўз олдиларига қўйган асосий вазифалари, кўпчилик ўйлаганидек, юлдузлар каталогини тузиш бўлмай, балки Қуёш, Ой ҳамда сайёраларни(жумладан, Уторуд, Зуҳро, Миррих, Муштарий ва Зуҳални) системали кузатиш асосида, астрономия-даги асосий доимий катталикларни — эклиптиканинг экваторга оғмалигини, йиллик протсессияни, юлдуз йилининг узунлиги ва шу каби бир қанча бошқа астрономик катталикларнинг аниқ қийматларини топиш бўлган.
«Зижи Кўрагоний» жадвалларининг қарийб 80 фоизи Қуёш, Ой ва бешта сайёрага бағишланган. Бу жадвал маълумотлари асосида «Улуғбек зижи»нинг сўнгида астрология эҳтиёжи учун зарур бўлган бир неча жадваллар келтирилган. Шу муносабат билан Навоийнинг замондоши астроном Абд ал-Али Биржандий ўзининг «Зижи Кўрагоний»га шарҳ»ида: «Астрономлар олдида эслатилган етти ёритғичнинг ҳаракатини ўрганиш, уларга тегишли асосий доимий катталикларни аниқлаш вазифаси туради. Натижавий мақсад эса, бу катталикларга таянган ҳолда, уларнинг келажакдаги ўринларини аниқлаш ва Ерда уларнинг осмондаги ўринларига боғлиқ равишда рўй берадиган ҳодисаларни олдиндан айтишдир», — деб ёзади.
Турли астрономик ҳодисалар, айниқса, Қуёш ва Ой тутилишлари вақтини олдиндан аниқлаш мақсадида мазкур тутилишлар кузатиладиган шаҳарлар, аҳоли пунктларининг узунлама ва кенгламаларини аниқлаш зарурияти туғилади. «Зижи Кўрагоний»да 247 шаҳар ва аҳоли пунктларининг координаталари келтирилган. Расадхона олимлари томонидан қанча шаҳарнинг географик координаталари бевосита аниқланганини айтиш қийин. Чунки «Зиж»да келтирилган шаҳарларнинг муайян қисми Насириддин ат-Тусийнинг «Зижи Элхоний»сида ҳам келтирилган.
Самарқанд академияси олимлари «Зижи Кўрагоний» жадвалларини тузишда аниқ календар сифатида ой-ҳижрий календарини танлаганлар. Ой, Қуёш ва сайёраларнинг исталган пайтдаги ўринларини топиш учун ҳисоб боши қилиб(бу хилдаги жадваллар учун танланган бундай кунни астрономлар тенгкунлик деб юритишади) ҳижрий 841 йил муҳаррам ойининг бошини, бошқача айтганда, ўша йилнинг бошланиш — янги йил кириш кунини олишган эди. Бу кун милодий ҳисобда 1437 йилнинг 4 июл(пайшанба) кунига тўғри келади. Бу даврни юлдузлар каталогининг тенгкунлиги сифатида олиниши, биринчидан, бу кун Самарқанд расадхонасида астрономик кузатишлар ўтказилган даврнинг(1420-1450 йиллар), тахминан, ўрталарига тўғри келишидан бўлса; иккинчидан, мазкур тенгкунлик, ҳижрий йил ҳисобининг кабиса йилларини белгилаш учун қабул қилинган навбатдаги 30 йиллик цциклнинг(тартибга кўра, 29-цциклнинг) бошланишига тўғри келарди. «Зиж» жадвалларида Қуёш, Ой ҳолатларининг ўзгариши ва бошқа айрим маълумотлар 841-871 йиллар(яъни тўла 30 йиллик ццикл йиллари) учун берилган бўлиб, бундай ҳол мазкур жадваллардан фойдаланишда сезиларли қулайлиги билан муҳим эди.
Ян Гевелийнинг “Астрономия даракчиси” китобида берилган гравюра (18 аср).
Астрономия илоҳаси Урания ўртада. Унинг ўнг томонида Мирзо Улуғбек, Вилгелм 4 (немис олими), Ян Гевелий. Чап томонида Птоломей, Тихо Браге (даниялик астроном), Риччи Оле (италиялик олим).
Бундан салкам олти аср муқаддам азим шаҳар — Самарқанд этагида Улуғбек ва унинг сафдошлари томонидан ишга туширилган расадхонадан Коинот қаърига ташланган назар фақат Шарқдагина эмас, балки жаҳон фани, маданиятининг «очилмаган қўриғи»ни очиш — Коинотни ўрганишга қўйилган буюк бир қадам бўлди. Шу илк қадам сабаб бўлиб Европада бирин-кетин йирик, яхши жиҳозланган расадхоналар ишга туша бошлади. Полшада Олам тузилишининг гелиоццентрик назарияси(Н. Коперник томонидан), Миланда (Италия) Коинотнинг чексизлиги ва унда Қуёш системаси — оддий бир юлдузнинг йўлдошлари билан ташкил этган системаси эканлигини ғояси (Жордано Бруно томонидан), Германияда осмон жисмларининг ҳаракат қонунларини ифодаловчи осмон механикаси (И. Кеплер томонидан), Англияда осмон жисмларининг массаларини ҳисоблаш усули (И. Ниютон томонидан) каби муҳим кашфиётлар дарёсининг вужудга келишида Самарқанд астрономлари «кўзини очган булоқ» дастлабки ирмоқ бўлиб Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳаракатларини ўрганиш бўйича Улуғбек мактаби қўйган пойдевор — назарий астрономия дейилувчи махсус фаннинг шаклланишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшди.
Оламни ўрганиш, унинг сир-асрорларидан воқиф бўлиш — инсоннинг Ер юзига келишдан мақсадини аниқлаб беришдек дунёқараш вазифасини бажариши билан муҳим ҳисобланади. У инсонни чексиз Коинотнинг бир зарраси ва миллиардлаб йиллар давом этган унинг эволюциясининг маҳсули эканлигини, у яшаган умр Коинотнинг ёши олдида атиги бир дақиқа эканлигини, ҳар бир инсоннинг «бир зумлик» ҳаётга келиши мўъжизавий бир ҳоллигини ва бу «бир зумлик» умрни пала-партиш эмас, балки буюк мақсадларга қаратиб яшаш зарурлигини, бу улуғ номга доғ туширмай яшаш лозимлигини сездириши билан беқиёс аҳамият касб этади.
Бу эса, ўз навбатида, инсонни ўз ҳаётини, бошқалар тақдири ва шахсини қадрлашга, табиатнинг нодир инъоми — ҳаётга енгил-элпи қарамасликка, буюк эзгу мақсадларни кўзлаб иш тутишга, ўз ижобий фаолияти билан унинг мазмунини бойитишга, сермазмун қилишга ундайди.
Ашраф Аҳмедов
ВОЛЬТEР ВА УЛУҒБEК
Буюк француз маърифатпарвари ва инсонпарвар мутафаккири Вольтер (Мари Франсуа Аруэ, 1694—1778 йиллар) фикр доираси ниҳоятда кенг, фаннинг турли соҳалари бўйича билимдон одам эди. Мушоҳада кўлами фан тарихи, жумладан Шарқ фани тарихи масалаларини ҳам қамраб олганди. Унинг қадимги давр ва ўрта аср илм-фани тарихидан хабардорлиги ҳайратланарли даражада чуқур бўлган. Шуни ҳам айтиш керакки, умуман, XVII—XVIII асрлардаги француз маърифатпарварлигида Шарқ мавзуи жуда сезиларли бўлиб, ўша даврда кўплаб одамлар, маданият арбоблари, ёзувчилар ва композиторлар унга катта эътибор беришарди. Улар яратган асарларда албатта бирор «турк», «араб» ёки «форс» иштирок этар ва бу халқлар яшайдиган табиат манзаралари ёки уларга хос мусиқий оқимлар акс эттирилар эди.
Француз маърифатпарварлигининг буюк намояндаларидан бири бўлмиш Вольтер ҳам ўзининг қатор асарларида Шарқ мавзуига аҳамият берган. Бу жиҳатдан унинг «Задиг ёки Тақдир» номли фалсафий асаридаги «Саъдийнинг султон-бека Шераага аталган рисоласи» диққатга сазовордир. Вольтернинг бу «рисола»си ҳижрий 837 йилнинг 18 шавволи, яъни милодий 1434 йилнинг 28 майи билан саналанган. «Рисола»да Улуғбек номи тўрт марта эслатилади: уларда «Саъдий» Улуғбекни «машҳур султон Улуғбек», «Улуғбекка кўпроқ «Задиг» ёқарди», «доно Улуғ» ва «ҳақиқий Улуғ» дейди. «Рисола»нинг санасига келсак, албатта, буни ҳақиқий Улуғбекнинг ҳаётидаги бирор аниқ ҳодиса билан боғлаб бўлмайди. 1434 йилнинг май ойида Улуғбек укаси Бойсунқур мирзонинг вафоти муносабати билан Ҳиротда бўлади ва 30 майда Самарқандга қайтиб келади. Ўша йили эсда қоларлик бошқа ҳодиса рўй бермаган эди. «Султон-бека Шераа»ни ҳам Улуғбек ҳарамига алоқадор бирор аёл билан боғлаб бўлмайди. Бироқ «Саъдий»га келсак, Вольтер яратган бу образ учун Шарқнинг буюк шоири Саъдий Шерозий (1203—1292) прототип бўлгани эҳтимол.
Вольтер қиссасининг ўзи эса бизни Қадимги Бобил ва Эронга олиб кетади ва ҳаётий Улуғбекка тўғридан-тўғри алоқадор эмас. Аммо қиссанинг деярли бошдан-оёғи астрономик мотивлар билан йўғрилган. Чунончи, асарнинг бошида унинг асосий қаҳрамони Задиг «йил уч юз олтмиш беш-у чорак кундан иборат ва қуёш — олам марказида» эканлигидан хабардор деб таърифланади, яъни Задиг гелиоцентрик дунёқараш тарафдори эканлиги таъкидланади. Яна бир ерда Задиг ўз йўлини юлдузларга қараб танлайди ва Орион юлдуз (Шарқда Жаббор — ред.) туркуми билан «ярқираб турган Сириус (Шуъра) ёритқичи» уни тўғридан-тўғри Канопус (Суҳайл) юлдузига йўналтиради; бошқа жойда юлдузларнинг бош коҳини «Катта Айиқнинг катта ўғли Саврнинг акаси, Катта Итнинг холаваччаси» деб таърифланади ва ҳоказо. Ана шу тарзда Вольтер асарнинг сюжетига ўзига хос юмор ва маҳорат билан астрономик мотивларни киритади.
Албатта, Вольтер астрономик мавзуларни Қадимги Бобил фани тарихини ўрганишда XVIII асрда эришилган ютуқлардан руҳланиб олган бўлиши мумкин. Бироқ, шундай бўлса ҳам, бу қиссадаги «Задиг тарихи»ни қадимги холидий тилидан «машҳур султон Улуғбекнинг хурсандчилиги учун араб тилига» таржима этилиши тасодифий бўлмаса керак. «Машҳур султон Улуғбек»нинг астрономияга интилишлари нима сабабдан Вольтернинг диққатини ўзига жалб қилганлигини аниқлаш учун эса «Задиг» қиссасини тарихий ва илмий фактлар асосида таҳлил этиш мақсадга мувофиқ деб биламиз.
Маълумки, VIII аср бошларида араблар Европага ўтган, Пиреней ярим оролининг деярли ҳаммасини босиб олиб, тасарруфларидаги ерларни Андалусия деб атай бошлашган. Кейинчалик Қуртуба (ҳозирги Испаниянинг Кордова шаҳри)ни марказ қилиб олган мустақил халифалик ҳам вужудга келди. Лекин XI асрнинг охирги чорагида Кастилия ва Леон қироллари бирлашиб, Испаниянинг мусулмон ҳокимиятига қарши кураш бошлашди. Ана шу тариқа реконкиста (испанча сўз бўлиб, «аксилистило» маъносини англатади) ҳаракати туғилди. (Мусулмонларнинг Андалусиядаги 800 йиллик ҳукмронлиги XV аср охирида Ғарнат (ҳозирги Гренада шаҳри) амирлиги емирилиши билан барҳам топди.)
1085 йили араблардан дастлабки шаҳар Тулайтила (Толедо) тортиб олинди. Шундан кейин Пиреней ярим оролидаги мусулмон мулклари бирин-кетин Кастилия ва Леон қироллари қўлига ўтаверди. Лекин бу даврга келиб Кастилия ва Леон қиролларини Шарқда пайдо бўлган хавфли рақиб — Усмонли турк салтанати ташвишга сола бошлаган. Ўша пайтга келиб таназзулга юз тутган Византия империяси ва Болқон ярим оролидаги мамлакатларнинг усмонлилар томонидан босиб олинишидек даҳшатли бир хавф юзага келди. Усмонлилар салтанати айниқса султон Боязид Йилдирим (1389—1402) даврида ниҳоятда тажовузкор давлатга айланиб, Болқон ярим оролидаги кўпгина ерларни ўз мулкига қўшиб олган эди.
Боязиднинг Ғарбга интилиши очиқдан очиқ эди. Ундан қўрққан Венгрия қироли Сигизмунд усмонлиларга қарши салиб юришини уюштириш мақсадида Европа пойтахтларини беҳуда кезиб юрарди. Шарқ масаласи Кастилия ва Леон қироли Генрих III (Энрико) ни (1390—1407) қаттиқ ташвишга соларди. Боязиднинг келажакдаги режалари, юришини Европада давом эттириши ёки Африкага кўчириши масалалари уни ниҳоятда қизиқтирарди. Чунки буларнинг ҳаммаси қирол Генрих III нинг шахсий режаларига бевосита боғлиқ эди. Унда Пиреней ярим оролида реконкистани тезда тугатиб, Африкага ўтишга интилиш бўлганини ҳозирги Европа тарихчиларининг кўпчилиги тан олишади. Рим папаси ҳам реконкиста давом эттирилишининг қатъий тарафдори эди. Шуни айтиш керакки, испан қиролларининг юришларида Франция, Италия ва Германиядан кўплаб кўнгилли рицарлар иштирок этишарди. Ундан ташқари, генуялик ва венециялик қароқчилар Ўрта денгизнинг шарқида босқинчилик билан шуғулланишар, испан қироли эса уларнинг бу ҳаракати йирик ғалабага айланишидан ҳамда унинг режаларини бузиб юборишидан хавфсирарди.
Мана шунинг учун ҳам Шарқда амир Темурдек янада хавфлироқ жаҳонгир пайдо бўлиб, Боязидга қарши чиққанида Генрих III бу икки шарқлик ҳокимнинг ўзаро курашини катта диққат билан кузатиб борди. 1402 йили Анқара жангини кузатиш ва ғолиб билан дипломатик муносабат ўрнатиш учун Генрих икки элчини юборади. Боязид устидан ғалаба қозонганидан сўнг Темур элчиларни қабул қилади ва Руи Гонзалес де Клавихонинг айтишича, «буюк ҳоким Кастилия қиролига ҳурмати туфайли уларга катта илтифот билдиради» ва улар билан Испанияга ўз элчиси Муҳаммад ал-Қозини юборади. Қирол Генрихга Темурнинг бу илтифоти жуда қўл келади, чунки унга Боязиднинг ғолиби ўз дўстлигини билдираётган эди. Энди Генрих Шарқ масаласи бобида бир оз хотиржам бўлса ҳам бутунлай таскин топа олмайди. Шунинг учун у фурсатдан фойдаланиб, хавфли жаҳонгир билан дипломатик муносабат ўрнатиш мақсадида Темурнинг пойтахти Самарқандга ўз элчиси Руи Гонзалес де Клавихони юборади. Маълум бўлишича, Клавихо Самарқандга фақат элчи сифатидагина эмас, балки «Темурбек ҳақида бирор маълумот тўплаш ва унинг истаги қандай эканлигини текшириб кўрмоқ мақсадида», яъни жосус сифатида ҳам келади.
Шундай қилиб, Испаниядаги реконкиста кўп тарафдан Олд Осиёдаги ҳарбий-сиёсий вазиятга боғлиқ бўлиб, ўша даврда бу вазиятни Темурнинг фаолияти белгиларди. Лекин, ҳар ҳолда, шуниси шубҳасизки, Темурнинг Анқара остонасидаги ғалабаси турклар Болқон ярим ороли халқларини қулликка солишини бир неча ўн йилларга кечиктирди ва Европада реконкистани тезлаштирди. Бу муддат мобайнида эса Ғарб мамлакатлари турк юришига қарши тура оладиган даражада кучайдики, кейинчалик турклар Болқон ярим оролидан ғарбга ўтишолмади.
Клавихонинг Пиреней ярим ороли жанубидаги Кадис шаҳридан Самарқандгача саёҳати уч йил давом этди. У кўрган ва эшитганларини кундалик дафтарида ёзиб қолдирди.
Анқара жанги ва унда Темурнинг Боязид Йилдирим устидан қозонган ғалабаси ҳақидаги хабар тезда Европа бўйлаб тарқалиб кетди. Клавихонинг кундалик дафтари туфайли эса «Буюк Темурбеканинг номи Европа мамлакатларида донг таратди. Натижада кундаликка қизиқиш ниҳоятда кучаяди ва у 1582 йили Ишбилия (Севилья) да Молина Гонзало де Арготе томонидан нашр этилади. Ўз навбатида бу нашр тарихий ва адабий изланишларга катта туртки берди, мазкур йўналишлардаги асарларнинг муаллифлари Темурнинг ўзигагина эмас, балки унинг атрофидаги кишиларга, оила аъзоларига, хусусан, Улуғбекка ҳам аҳамият бера бошлашди.
1607 йили Парижда нашр этилган «Буюк Темурлангнинг тарихи» мана шундай асарлардан бири бўлиб, унда Темур ва унинг авлодлари ҳақида ўша давр учун тўлиқ маълумот берилади. Худди шундай ном билан 1678 йили Амстердамда Де Санкционнинг китоби нашр этилади. Саккиз бобдан иборат бу асарда Мовароуннаҳр ва Эроннинг XIV аср ўртасидан то XV аср ўртасигача бўлган тарихи муфассал баён этилади. Унда Улуғбекка давлат арбоби ва олим сифатида катта аҳамият берилади.
Мустафо ибн Ҳусайн ал-Жанобийнинг 1680 йили Венада лотин тилида нашр этилган «Темурланг ғалабалари» номли асарида ҳам Темур жанглари ҳақида ҳикоя қилинади. Муаллиф аслида турк бўлиб, араб, форс тилларидаги тарихий асарлардан яхши хабардор эди. У Улуғбек тўғрисида, унинг илмий ва сиёсий фаолияти ҳамда фожиали ҳалокати ҳақида муфассал баён қилади.
Ва ниҳоят, 1739 йили Парижда «Темурлангнинг тарихи» номли икки жилдлик китоб нашр этилди. Бу асарда Улуғбек ҳақида шундай жумла бор: «Мирзо Улуғбек Темурнинг Хитойга юришидан олдиноқ Тошкент, Сайрам шаҳарларининг ва бутун ўзбеклар ерининг ҳокими бўлди».
Юқорида эслатилган барча асарларнинг муаллифлари шарқшуносликка алоқадор бўлиб, Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»сидан ҳам фойдаланишган. «Зафарнома» эса 1722 йили Парижда Пети де ла Круа томонидан тўрт жилдда нашр этилган эди. Бинобарин, Ғарбий Европада яратилган тарихий асарлар туфайли Улуғбекнинг номи олим ва давлат арбоби сифатида Вольтердан анча илгарироқ кўпчиликка маълум бўлган.
Улардан ташқари, XVII асрнинг охирги чорагида Францияда иккита драматик асар пайдо бўлди: биринчиси — Жан Расиннинг (1639—1699) 1674 йили ёзилган «Боязид» номли беш актли фожиаси, иккинчиси — Никола Прадоннинг (1632—1698) 1679 йили яратилган «Темурланг ёки Боязиднинг ҳалокати» номли фожиаси эди. Вольтер даврида бу асарлар Париж саҳналарида қўйиларди. Темурга бағишланган тарихий асарларда ҳам, саҳна асарларида ҳам Улуғбек уларнинг қаҳрамони сифатида иштирок этар эди. Ана шу боис Вольтер тасаввурида Улуғбек Мовароуннаҳрнинг ҳокими сифатида гавдаланар эди.
Энди Вольтернинг Улуғбекни астроном сифатида билишига келсак, бу асосан Улуғбек «Зижи»нинг Европадаги тарихи билан боғлиқ. 1648 йили инглиз астрономи Жон Гривс Улуғбек «Зиж»ининг юлдузлар каталогини ўз ичига олган «Каникулярия» номли асарини нашр этади. Бу китобнинг номида «бир неча машҳур юлдузларнинг узунлама ва кенгламалари буюк Темурлангнинг набираси Улуғбекнинг астрономик кузатишларидан олинганлиги» таъкидланган. Ўша йили Гривс «Икки географик жадвал, бири Насриддин форсники, иккинчиси Улуғбек татарники» номли яна бир асарни нашр этади. У Ғарбий Европада ўша даврда ҳукм сурган, барча туркий халқларни татар деган анъанага кўра Улуғбекни татар деб биларди.
1650 йили Гривс Улуғбекнинг «Зиж»и асосида «Хитой, сурён-юнон, араб, хоразмлик астрономлар ва солномачилар томонидан умумий тарзда қабул қилинган энг муҳим саналар. Гангнинг бу тарафидаги ерларнинг ҳокими Улуғбекнинг анъанасига кўра, Жон Гривс томонидан биринчи марта нашр этилган, таҳрир қилинган ва изоҳлар билан баён этилган» номли учинчи асарини нашр этади. Бу уч асардан кейинги иккитаси икки йилдан сўнг қайта чоп қилинади.
Бошқа бир инглиз олими Томас Ҳайд 1665 йили Улуғбек «Зиж»идаги юлдузлар каталогини нашр этди. Бу нашрнинг номида «Жайҳуннинг у ёқ ва бу ёғининг қудратли ҳокими, буюк Темурлангнинг набираси Улуғбекнинг кузатишлари асосида» дейилган.
Бундан кўринадики, ҳатто XVII асрда нашр этилган астрономик асарларнинг номида ҳам Улуғбек астроном ва Темурнинг набираси бўлиб, Мовароуннаҳрнинг ҳокими эканлиги тасдиқланган.
Хуллас, Улуғбек Вольтерни «Задиг» қиссасини ёзишга руҳлантириб, XVIII асрнинг гениал мутафаккири ижодида муҳим роль ўйнаган.
Шунингдек, Петербург олимларининг илмий ишлари ҳам Вольтер учун Улуғбек ва унинг «Зиж»и ҳақидаги манба бўлиб хизмат этган. Вольтер XVIII асрнинг биринчи ярмидаги таниқли астроном Ж. Н. Делил (1688—1768) билан шахсан таниш эди. Бу олим Петербургга ишга таклиф этилади ва 1726 йили Париждан Россияга келади. У «Зиж» билан жиддий қизиқади ва 1711 йилдан бошлаб Улуғбек «Зижи»нинг Петербургда грузин тилига таржима этилишига раҳбарлик қилади. Кейинчалик у «Зиж»ни чуқурроқ таҳлил қилишга киришар экан, айни вақтда Париж билан, хусусан Вольтер билан узвий алоқада бўлади ва икковлари ўзаро фикр алмашиб туришади.
Юқорида айтилганлардан кўринадики, Улуғбек ўзининг машҳур астрономик асари «Зиж» туфайли фақат Шарқда эмас, Ғарбда ҳам катта шуҳрат қозонган ва Европанинг Вольтер каби йирик мутафаккирлари ижодида чуқур из қолдирган.
M: «Фан ва турмуш» журнали, 1989 йил 6-сон
Mirzo Ulug‘bek astronomiya maktabi vakillarining tadqiqotlari natijasi bo‘lgan buyuk meros — “Ziji jadidi Ko‘ragoniy”dan keyingi yuz yillar mobaynida faqat Sharq emas, balki G‘arb mamlakatlari ko‘pgina yirik rasadxonalarining olimlari dasturul-amal sifatida keng foydalandilar.
MIRZO ULUG’BEK VA ILMIY MEROSI
M. Mamadazimov, professor
Dunyo astronomiya fani taraqqiyotida o‘rta asr Sharq astronomiyasi, jumladan, Markaziy Osiyo olimlarining faoliyati alohida o‘rin tutadi. Bu davrda, ayniqsa, Quyosh, Oy va sayyoralarning harakat nazariyasi, amaliy astronomiyaning vaqt va joyning geografik koordinatalarini aniqlashga doir masalalari bo‘yicha O‘rta Osiyo, xususan, o‘zbek allomalari juda boy meros qoldirdilar. Bu davrda musulmon mamlakatlarining yuzlab buyuk mutafakkirlari astronomiya, matematika va falsafa fanlari bo‘yicha tadqiqot ishlari bilan mashg‘ul bo‘ldilar. Ular ichida Muhammad al-Xorazmiy, Ahmad al-Farg‘oniy, Abu Nasr al-Forobiy, Abu Rayhon Beruniy, Abu Ali ibn Sino, Umar Xayyom, Abu Mahmud Hamid al-Xo‘jandiy, Nasiruddin at-Tusiy, Mahmud al-Chag‘miniy, Qozizoda Rumiy, G‘iyosiddin Jamshid Koshiy, Ulug‘bek kabi mashur siymolar o‘z ijodlari, ilmiy meroslari bilan Markaziy Osiyo xalqlarininggina emas, balki dunyo xalqlarining boyligiga aylanib, bugun jahonning barcha ellari orasida hurmat bilan tilga olinadilar.
Dastlab xalifa Ma’mun zamonasida (9 asr) ishga tushirilgan va Al-Xorazmiy ishlagan Bag‘dod rasadxonasi, so‘ngra Umar Xayyomning Isfahondagi, Nasiruddin at-Tusiyning Marog‘adagi va Abu Mahmud Hamid al-Xo‘jandiyning rasadxonalari va, nihoyat, bular ichida kattaligi, bosh astronomik asbobining aniqlik darajasi yuzasidan hammasidan ustun turadigan Ulug‘bek rasadxonasi va uning maktabining ilmiy merosi o‘rta asrlarda astronomiyaning fan sifatida shakllanishida muhim bir bosqichni boshlaganligini dunyo olimlari tan oladilar.
Salkam yetti asr davom etgan Sharq astronomiyasining jo‘shqin faoliyati Ulug‘bek va uning akademiyasining boy ilmiy merosi bilan yakunlandi. Mazkur rasadxona ishga tushirilganda uning bosh “teleskop”ining aniqlik darajasi atigi bir necha yoy sekundigacha borib, to optik teleskoplar ixtiro qilingan 17 asrga qadar uning samaralari o‘rta asr astronomlari uchun astronomik kuzatishlarda erishilgan rekord natija bo‘lib xizmat qildi. Bu asbob Quyosh, Oy va sayyoralar harakat nazariyalarini yangi bosqichga ko‘tarish, tutilishlar nazariyasi va amaliy astronomiyaning asosiy predmetlaridan bo‘lgan vaqtni o‘lchash ishlarida yuksak aniqlikka erishish imkonini berdi.
Ulug‘bek astronomiya maktabi vakillarining tadqiqotlari natijasi bo‘lgan buyuk meros — “Ziji jadidi Ko‘ragoniy”dan keyingi yuz yillar mobaynida faqat Sharq emas, balki G‘arb mamlakatlari ko‘pgina yirik rasadxonalarining olimlari dasturul-amal sifatida keng foydalandilar.
Rasadxona qurilishi tarixi
Odatda, o‘rta asrlarda, har bir podshoh saroyida munajjimlar bo‘lgan. Munajjimlar astrologik maqsadlarda osmon jismlarini kuzatib, Oy, yulduz va sayyoralarning holatlarini aniq o‘rganish, shularga ko‘ra, saroy ayonlari, mamlakat hamda podshohlik taqdiri haqida “bashorat” qilish bilan shug‘ullanganlar. Jumladan, Amir Temur saroyida ham Mavlono Ahmad va Mavlono Abdulloh kabi munajjimlar ishlagani tarixiy manbalardan ma’lum. Shulardan saroyda hakimlik ham qilgan Mavlono Ahmad sayyoralarning 200 yillik holatlarini oldindan belgilab, ulardan turli maqsadlarda foydalanish uchun jadvallar tayyorlagan. Binobarin, o‘rta asrlarda munajjimlar uchun sayyoralarning oldindan hisoblangan holatlari bilan kuzatishdan olingan natijalarning mos kelishi juda muhim ahamiyat kasb etgan.
Shuni e’tiborga olib, 9-12 asrlarda Sharqda ishga tushirilgan rasadxonalarda olib borilgan kuzatishlarning natijalari asosida tuzilgan jadvallarni yangilashga ehtiyoj tug‘ildi. Bu esa, o‘z navbatida, yangi, aniq samaralar beradigan quvvatli astronomik asboblar bilan jihozlangan rasadxonalar qurilishini taqozo etardi. Natijada Chingizxonning nevarasi Huloguxon saroyining munajjimi taniqli olim Nasiriddin at-Tusiy 13 asrda Ozarboyjonning hozirgi Tabriz(Eron) yaqinidagi Marog‘a shahrida rasadxona qurdirdi. Ko‘pyillik kuzatishlar asosida Tusiy yangi astronomik jadvallar tayyorladi va uni Huloguxonga bag‘ishlab, “Ziji Elxoniy” deb atadi. Biroq, ko‘p o‘tmay, ya’ni 14 asrning oxirlariga kelib Nasiriddin tuzgan jadvallarda keltirilgan ma’lumotlar ham kuzatish natijalaridan sezilarli farq qila boshlagani ma’lum bo‘ldi. Shu munosabat bilan yanada aniq ma’lumotlar olish imkonini beradigan, oldingilaridan afzalroq va aniqroq astronomik qurilmalarga ega bo‘lgan rasadxona bunyod etish ehtiyoji tug‘ildi.
Shularni e’tiborga olib, Ulug‘bekning otasi Shohrux hukmron bo‘lgan mamlakatning Koshon shahrida istiqomat qilayotgan matematik va astronom G‘iyosiddin Jamshid “Ziji Xoqoniy” dar takmil “Ziji Elxoniy” (“Xoqon ziji” — “Ziji Elxoniy”ning takomillashtirilgani) degan mashur risolasini bitdi. 1413 yili yozib tugallangan bu asar Ulug‘bekning otasi Shohruxga bag‘ishlangan edi. “Xoqon Ziji”ning nazariy qismi va astronomik jadvallari “Ziji Elxoniy”ning bunday qismlaridan biroz farq qilib, yangi ma’lumotlar bilan boyitilgan edi.
Biroq mazkur tuzatishlar Quyosh, Oy va sayyoralarning topilgan holatlari aniqligini faqat bir necha yil mobaynidagina ta’minlay olardi, xolos. Quyosh, Oy va sayyoralarning bir necha o‘n yillarga doir holatlarini oldindan aniq topish uchun esa, ularning orbita elementlarini(Quyoshning yillik ko‘rinma yo‘li-ekliptikaga og‘maligini, ularning davrlarini, Oy va planetalarning ekliptikani kesib o‘tish onlarini, ekliptikaning osmon ekvatoriga og‘maligini, kuzatishlar uchun muhim bo‘lgan bahorgi tengkunlik nuqtasining o‘rnini aniq belgilashni va boshqa bir qancha astronomik kattaliklarni) yangidan aniqlash talab etilardi. Bu, o‘z navbatida, Quyosh, Oy va planetalarning koordinatalarini, shu asosda yerda joyning geografik uzunlama va kenglamalarini, Quyosh va Oy tutilishlarining vaqtlarini, astrologik tole’nomalar tuzish uchun Oy va sayyoralarning o‘zaro yaqinlashish va “qo‘shilish” paytlarini, yulduz yili va tropik yil uzunliklarini, yil fasllarini aniq belgilash uchun juda muhim hisoblanardi. Aynan shu masalalarni hal qilish uchun kuzatishlar va o‘lchashlarga imkon beradigan aniqlik darajasi yuqori astronomik asbobni ishga tushirish, ya’ni yangi rasadxona qurish astronomlar uchun dolzarb muammo edi.
Shohrux mamlakati hududida yangi rasadxona qurish niyati o‘sha paytlari matematika va astronomiya sohasida bir necha e’tiborli asar yozib tanilgan koshonlik G‘iyosiddin Jamshid Koshiyni anchadan buyon o‘rtab kelardi. Shu boisdan Koshiy Shohruxga bo‘lgan hurmatini unga bag‘ishlab bitgan “Zij”i orqali izhor etish bilan chegaralanmay, unga yangi rasadxona qurish rejasi borligini ham bildirgan deb taxmin qilinadi. Biroq Amir Temur vafoti munosabati bilan uning avlodlari orasida taxt uchun ixtiloflarning boshlanib ketishi, jumladan, 1415 yili Koshon va uning atrof viloyatlarining voliysi Said Vaqqos Shohruxga qarshi ko‘targan qo‘zg‘olon unga bunday xayrli ishlarni boshlashga xalal berdi.
Temur farmoni bilan 1399 yili Umarshayx o‘rniga Farg‘onaga hokim etib tayinlangan uning o‘g‘li Iskandar(Shohruxning eng katta jiyani), Said Vaqqosning Ozarboyjon tomon yurishidan foydalanib, Jamshid Koshiyning vatani Koshonga bostirib kirib, uni zabt etadi. Endi Iskandar hukmronlik qilayotgan yurtda qolgan Jamshid Koshiy 1415 yilning qishida rasadxona qurish rejasi bilan Iskandarga murojaat qiladi. Iskandarning roziligini olgach, akademik Bartoldning aniqlashicha, 1416 yilning yanvarida Koshiy rasadxonani jihozlash uchun zarur bo‘lgan astronomik asboblarning bayoni aks etgan “Astronomik asboblarga sharh” (“Risolai dar sharhi olati rasad”) risolasini yozib Iskandarga taqdim etadi va bu bilan uning oldiga yangi rasadxona qurish haqidagi taklifni qo‘yadi. Biroq Iskandarning bevaqt vafoti sabab bo‘lib, Koshiyning rejasi bu daf’a ham amalga oshmay qoladi.
Fors tilida bitilgan mazkur asar 1918 yili Petrogradda bosilgan akademik V.Bartoldning “Ulug‘bek va uning davri” asariga ilova qilingan edi. 1940-yillar boshida Koshiyning eslatilgan risolasi sharqshunos, astronom olim G‘. Jalolov tomonidan birinchi marta tarjima qilinganda rasadxona uchun taklif etilayotgan asboblarning beshinchisi X asrda hamyurtimiz — astronom Abu Mahmud Hamid ibn Xidr al-Xo‘jandiy tomonidan ixtiro qilinib, Eronning Ray shahri yaqinidagi Taborak tog‘i etagida qurilgan va “sudsi Faxriy” deb nom olgan katta kuzatish asbobi bo‘lganligi aniqlandi (“Suds”- arabcha oltidan bir, ya’ni aylana yoyining 1/6 qismi — sekstant degani). O‘sha davrda Xo‘jandiyning rasadxonasi Faxr ud-davla saltanati hududida bo‘lib, uning rahnamoligida qurilganidan asbobga “Sudsi Faxriy” deb nom berilgan.
Ulug‘bek maktabining shakllanishi
Astronom G‘.Jalolovning fikricha, Koshiy Iskandar o‘limidan keyin, ya’ni 1416 yilning yozidayoq Ulug‘bek tomonidan Samarqandga taklif etilgan. Sharqshunos olimlar B.Rozenfeld bilan G.Matvievskaya esa, Koshiy Samarqandga 1417 yili kelgan deb uqtirishadi. Nima bo‘lganda ham, Koshiy Samarqandga kelgach, bu yerda rasadxona qurdirish niyati borligini Ulug‘bekka bildirib, unga rasadxona qurilishi uchun mo‘ljallangan va yuqorida eslatilgan “Astronomik asboblarga sharh” risolasini topshiradi. Bunday iltimosning sababini tarixchi Solih Zakiy shunday bayon qiladi: “Ulug‘bek ”Ziji Elxoniy“da keltirilgan ma’lumotlar eng so‘nggi kuzatishlar natijalari bilan mos kelmasligini G‘iyosiddin Jamshiddan ko‘p marta eshitganini ta’kidlaydi…”.
Oqibatda matematika va astronomiyadan katta bilimga ega bo‘lgan Ulug‘bek rasadxona qurilishiga rozilik beradi. Shu munosabat bilan Ulug‘bek ko‘p olimlarni to‘plab, 1417 yili rasadxonani qurishga bag‘ishlangan majlis ham chaqirgan. Rasadxona qurilishi bo‘yicha Ulug‘bekning zamondoshi tarixchi Abdurazzoq Samarqandiy bu majlis haqida shunday yozadi: “Majlis bo‘lajak rasadxonani shunday qurish kerakki, oqibatda u vaqt o‘tishi bilan tebranmasin, siljimasin, uzoq yillar abadiy tursin. Buning (rasadxona qurish) uchun (yig‘ilish) Samarqandning Shimoli-Sharqidan ma’qul joy ko‘rsatdi. Uni qurish yakunlangunga qadar quyidagilar bajarilsin: rasadxona bo‘lajak xodimlarining bilimlari takomillashtirilsin, qo‘shimcha jadvallar tuzilsin va zarur (kuzatish) asboblarning uzvlari tayyorlansin…”.
Baxtga qarshi, Ulug‘bek rasadxonasining qurilgan vaqti haqida tarixiy manbalardan aniq, hozirgacha uchraydigan bahslarga nuqta qo‘yadigan ma’lumot hali-hanuz topilgani yo‘q. V.Bartold “Ulug‘bek va uning davri” asarida 1420 yil voqealari haqida tarixchi Abdurazzoq aytganlaridan xulosa qilib, madrasa va observatoriyaning qurilish ishlari 1420 yili yakunlangan degan fikrga keladi. Arxeolog V.Shishkin rasadxona qoldiqlarini qazish paytida uning janub tomonidan topilgan uchta tanga haqida gapirib, ulardan ikkitasining chetida 823 hijriy yil(melod bo‘yicha 1420 yil) degan yozuv bo‘lganini ma’lum qiladi. Mirxondning “Ravzat us-safo”da yozishicha, rasadxona binosi jadal sur’atlar bilan qurilganini inobatga olinsa, u 1420 yoxud 1421 yili qurilganligi ayon bo‘ladi. Solih Zakiyning “Osor al-Boqiya” asarida “Ulug‘bek 824 hijriy yili(ya’ni 1420 yili) qurilgan rasadxonaga G‘iyosiddin Jamshid va Qozizoda Rumiyni yetakchi shaxslar etib tayinladi”, — deb yozadi. “Ziji Guragoniy”ning so‘zboshisida: “Biz yoritg‘ichlarni kuzatish masalasini hal qildik. Ularni Qozizoda Rumiy va G‘iyosiddin Jamshid hamkorligida bajardik… Bunda muhim ish(”Zij“)ni yozish va rasmiylashtirishning (G‘.Jalolov forscha ”soxta va pardoxta“ so‘zlarini shunday tarjima qilib, unga bir necha misollar keltiradi) boshida G‘iyosiddin, keyinroq Qozizoda Rumiy vafot etdi. Shundan so‘ng ishni oxirigacha rasmiylashtirish (Ulug‘bekning) qimmatli o‘g‘ilxoni Ali ibn Muhammad Qushchi bilan birgalikda amalga oshirildi”.
“Ziji Ko‘ragoniy” — Ulug‘bek akademiyasidan yodgorlik
Astronom G‘.Jalolov sobiq ittifoq FA Astronomik kengashi qoshidagi astronomiya tarixi bo‘yicha komissiyaning a’zosi sifatida 1950-yillari Sharq astronomiyasi tarixi, jumladan, Ulug‘bek astronomiya maktabi tarixini o‘rganishda qizg‘in qatnashib, davriy ravishda chop etiladigan “Astronomiya tarixidan tadqiqotlar” kitobining birinchi sonidayoq “Ziji Ko‘ragoniy”ning shu kabi boshqa bir qancha “Zij”lardan farqi va afzalliklarini yetarlicha to‘la yoritgan maqolasini e’lon qilgan edi.
Samarqand rasadxonasi tadqiqot ishlarining asosiy mahsuli “Ziji Ko‘ragoniy” so‘zboshi, nazariy qism va zijdan(jadvallardan) iborat bo‘lib, ja’mi 430 sahifani egallaydi. “Zij”ning jadvallarsiz matnli qismi 60 sahifani, qolgan 370 sahifasi esa, astronomik, trigonometrik, geografik va astrologik jadvallarni tashkil qiladi.
So‘zboshi atigi ikki sahifadan iborat. Unda rasadxona va “Zij”ni tayyorlashda ishtirok etgan olimlar haqida gap boradi. Nazariy qism esa to‘rt bo‘limdan(maqoladan) iborat bo‘lib, birinchi bo‘lim o‘sha paytda asosiy taqvimlardan hisoblanmish — hijriy, Yezdigird, Jaloliy (Umar Xayyom loyihasi bo‘yicha 11 asrda Malikshoh tomonidan isloh qilingan taqvim), xitoy, uyg‘ur va boshqa bir qancha taqvimlar hamda ularning biridan ikkinchisiga o‘tish haqidagi hisob-kitoblarni o‘z ichiga oladi.
Ikkinchi bo‘lim sferik va amaliy astronomiya masalalaridan tarkib topib, yoritgichlarning azimutlarini, Makkaga tomon yo‘nalishni aniqlash hamda yerda aholi punktlarining geografik uzunlama va kenglamalarini hisoblash usullarini bayon qiladi. Bu yerda mazkur jadvallarning tarkibi, ularning ishlatilishiga doir metodik ko‘rsatma va maslahatlar beriladi.
Uchinchi bo‘lim Quyosh, Oy va boshqa sayyoralarning harakat nazariyasiga bag‘ishlangan. Ularning astronomik uzunlama va kenglamalar bo‘yicha o‘rinlarini aniqlash va u bilan bog‘liq hodisalar, xususan, Quyosh va Oy tutilishlari haqida gap boradi.
Nihoyat, to‘rtinchi bo‘lim uncha katta bo‘lmay, “boshqa astronomik ishlar haqida”gi ma’lumotlarga, jumladan, bir necha sahifasi astrologiyaga oid jadvallarga bag‘ishlangan.
Bular ichida Quyoshning yulduzlar fonidagi yillik ko‘rinma harakati nazariyasi bilan bog‘liq muhim astronomik doimiylik-Quyoshning yillik ko‘rinma yo‘li tekisligining(ekliptikaning) osmon ekvatori tekisligiga (Yer ekvatori tekisligiga parallel tekislik) og‘ish burchagining kattaligi bo‘lib, uni aniqlash bilan o‘rta asr astronomlarining juda katta ko‘pchiligi shug‘ullangan. Quyida ularning ayrimlarini tanishtirib, Ulug‘bek rasadxonasi erishgan natija bilan solishtiramiz:
Navoiyning zamondoshi astronom Birjandiy “Ziji Ko‘ragoniy»ga sharh”ida: “Faxriy sekstanti yordamida (astronomik kuzatishlarni) yoy sekundlarigacha aniqlikda o‘lchash mumkin. Samarqandlik astronomlar eslatilgan og‘ishni(ekliptikaning osmon ekvatoriga og‘ishini — M.M.) Faxriy sekstanti yordamida o‘lchadilar. Unda Quyoshning zenitdan uzoqligi uning kulminatsiyasi paytida(ya’ni aniq tush paytida) aniqlanadi. Bu yoy masofani o‘lchash asosida vaqt o‘tishi bilan mazkur og‘malikning kattaligi o‘zgarib borishini topdilar”, — deb yozadi.
Birjandiy yana ekliptika og‘maligi haqida “Asturlobga sharh” risolasida shularni bayon qiladi: “Ekliptikaning og‘maligi turli davrda turlicha kattalikka ega bo‘ladi… Biroq handasa ilmi olimlarining ichida eng bilimdoni G‘iyosiddin Jamshid Samarqand rasadxonasida 23o 30” 17“ga teng qiymatni olishga muvaffaq bo‘ldi. Shuni eslatish joizki, ekliptikaning ekvatorga og‘ish burchagi vaqt o‘tishi bilan o‘zgaruvchi (o‘rta asrlarda kamayuvchi) xarakter kasb etib, Ulug‘bek zamonasi uchun aniqlangan uning qiymati 23o 30’ 49”ga to‘g‘ri keladi. Binobarin, Samarqand olimlarining bu masalada xatosi atigi 32 yoy sekundini tashkil etib, juda yuqori aniqlik hisoblanadi.
Ulug‘bek rasadxonasining bosh “teleskopi” — sekstantning tekisligi aniq meridian tekisligi bo‘yicha o‘rnatilishi, ya’ni azimuti nolga teng bo‘lishi zarur edi. Bu masala o‘rta asrda qay darajada aniq hal etilganini aniqlash uchun 1941 va 1946 yillari zamonaviy asboblar yordamida o‘lchash ishlari olib borildi. Natijada sekstant o‘qining azimuti(ya’ni Olam o‘qi, zenit orqali o‘tuvchi osmon meridiani tekisligiga og‘maligi — M.M.) 7,5′ ga teng chiqdi. Garchi bu xatolik yoritg‘ichlarning meridiandagi balandliklarining qiymatiga deyarli ta’sir etmasa-da, biroq tush paytining 30 sekundgacha xatolik bilan aniqlanishiga olib kelardi.
Toshkent Astronomik observatoriyasining direktori, akademik V.P.Shcheglov bu xatolik haqida yozib: “Ulug‘bek davrida asbob meridian bo‘ylab aniq o‘rnatilgan bo‘lib, ehtimol, besh asr davomida asbob tekisligi azimutining o‘zgarishi, yuz bergan turli hodisalar(er silkinishlari, asbobning cho‘kishi va hokazo — M.M.) oqibatida qurilmaning deformatsiyasi tufayli sodir bo‘lgan bo‘lishi mumkin. Shuni alohida qayd etish lozimki, Ulug‘bek rasadxonasi sekstanti uchun meridian yo‘nalishi o‘sha davr uchun eng yuqori darajada aniqlik bilan topilgan Yerdagi yagona va qadimiy qurilmadir”.
Ulug‘bek maktabi olimlari rasadxonaning geografik kenglamasini 39o 37′ 28“ga teng deb topishdi. Biroq V.P.Shcheglov tomonidan bu kattalikning qiymatini qayta aniqlash maqsadida 1940-yillari aniq optik qurilmalar yordamida kuzatish o‘tkazilganda, u 39o 40′ 40”ga teng chiqdi. Boshqacha aytganda, o‘rta asrlarda Samarqand rasadxonasining kenglamasini o‘lchashda atigi 3,2’ xatolikka yo‘l qo‘yilgan ekan, xolos.
Arab va fors Sharqi mamlakatlari chegarasida joylashgan ko‘plab aholi punktlarining geografik koordinatalari astronomik kuzatishlar asosida topilib, “Zij”da keltirilgan xalifalikdan tashqaridagi joylarning koordinatalari esa, aftidan, oldingi “Zij”larda keltirilgan ma’lumotlar asosida berilgan.
“Ziji Ko‘ragoniy”ning Quyosh, Oy va sayyoralarning holatlariga tegishli jadvallari, mingdan ortiq bevosita ko‘rinadigan yulduzlarning jadvali, aksariyat hollarda, Samarqand rasadxonasi olimlarining bevosita kuzatishlari natijalari bo‘lib, o‘rta asr astronomiyasining eng aniq jadvallaridan hisoblanardi. Shu boisdan “Ziji Ko‘ragoniy” qo‘lyozmasi o‘rta asrda turli joylarda katta tezlik bilan ko‘chirilib ko‘paytirila boshlandi.
Bobur “Ulug‘bek ziji” haqida gapirib, asar 16 asrda dunyoda eng keng tarqalgan astronomik jadvallardan bo‘lganligini ta’kidlaydi. Ayniqsa, keyingi asrlarda “Ulug‘bek ziji”ga tegishli yulduzlar katalogi aniqligi bilan ko‘p G‘arb astronomlarida katta qiziqish uyg‘otdi.
Eramizdan oldingi 20 asrda 1000 dan ortiq yulduzning koordinatalari va ravshanliklarini aks ettirgan yulduzlar jadvali yunon astronomi Gipparx tomonidan tuzilgan edi. Bu katalog keyinchalik mashur misrlik astronom Ptolemey (eramizning 20 asri) tomonidan muayyan darajada aniqlashtirilib, yulduzlar soni 1028 taga yetkazildi.
Rayda yashab, ijod etgan Abu Husayn ibn Umar as-So‘fiy (903-998) birinchilardan bo‘lib Ptolemeyning “Al-Majistiy” kitobida keltirilgan 1017 yulduzning koordinatalarini aniqlashtirib, ravshanliklarini belgilab, yulduz turkumlarining o‘zaro joylashishlarining allegorik tasviri orqali yulduzlar atlasini tuzdi.
“Ziji Ko‘ragoniy”ning yulduzlar katalogida 1018 yulduz o‘rin olgan bo‘lib, yulduz turkumlari bo‘yicha Beruniyning yulduzlar katalogidagi kabi joylashtirilgan edi. Mazkur jadval o‘zbek astronomi G‘.Jalolov tomonidan yaxshi o‘rganilgan. Olimning ma’lum qilishicha, mazkur “Zij”da yulduzlarning ravshanliklarini xarakterlovchi kattaliklarini aniqlashda As-So‘fiy katalogidan keng foydalanilgan.
Astronom G‘.Jalolov “Zij”dan yana shu so‘zlarni keltiradi: “Biz o‘z katalogimizda keltirgan yulduzlarning o‘rinlarini hijriy 841 yilning boshiga(ya’ni 1-muharramiga, u melodiy hisobda 1437 yilning 4 iyuliga to‘g‘ri keladi — G‘.J.) nisbatan aniqladik. Biroq ularning to‘g‘ri chiqishlari (ularning bahorgi tengkunlikning o‘rni bilan bog‘liq koordinatasi) 70 Quyosh yilida 1 daraja (to‘g‘ri chiqish deyiluvchi koordinata bo‘yicha — M.M.) oldinga ketganligini e’tiborga olib, istalgan vaqt uchun ularning har birining o‘rnini aniq topish mumkin”.
Shunga ko‘ra, yulduzlar to‘g‘ri chiqishining o‘zgarishi bilan bog‘liq bo‘lgan va astronomiyada pretsessiya nomi bilan tanilgan bu hodisani (pretsessiya, bu — Yer o‘qining ekliptika o‘qi atrofida 26 mingyillik davr bilan bir to‘la aylanishi tufayli ro‘y beradigan va kichikligi tufayli 5-10 yilda ham ilg‘ash juda qiyin bo‘lgan nozik hodisa) Samarqand astronomlari yaxshi bilibgina qolmay, juda katta aniqlik bilan topganliklarini ham alohida ta’kidlash lozim. Ular aniqlagan pretsessiya kattaligini topish uchun 70 yilda topilgan 1o ga teng siljishni 70 Quyosh yiliga bo‘lish zarur bo‘ladi, ya’ni 1o : 70 = 3600“ : 70 = 51”,4 bo‘ladi. Aslida, pretsessiya kattaligi 50“,2 tengligini e’tiborga olsak, Ulug‘bek maktabi olimlarining bu masalada yo‘l qo‘ygan xatosi atigi 1,2” ekanligi oydin bo‘ladi. Bu — o‘rta asr astronomiyasi uchun juda katta aniqlik edi.
“Ulug‘bek ziji” yulduzlarining jadvalini amerikalik sharqshunos olim E.Nobl har tomonlama o‘rganilib, Samarqand rasadxonasida astronomik uzunlamasi bo‘yicha 900, kenglamasi bo‘yicha esa 878 yulduz o‘rganilganligini, qolgan yulduzlarning koordinatalari esa, As-So‘fiy yulduzlar katalogidan uzunlamasi bo‘yicha tuzatish kiritib, aniqlanganini ma’lum qiladi.
430 sahifali “Ziji Ko‘ragoniy”ning atigi 5 foizi yulduzlar jadvalini tashkil etadi. Shuni aytish joizki, Samarqand rasadxonasi astronomlarining o‘z oldilariga qo‘ygan asosiy vazifalari, ko‘pchilik o‘ylaganidek, yulduzlar katalogini tuzish bo‘lmay, balki Quyosh, Oy hamda sayyoralarni(jumladan, Utorud, Zuhro, Mirrix, Mushtariy va Zuhalni) sistemali kuzatish asosida, astronomiya-dagi asosiy doimiy kattaliklarni — ekliptikaning ekvatorga og‘maligini, yillik protsessiyani, yulduz yilining uzunligi va shu kabi bir qancha boshqa astronomik kattaliklarning aniq qiymatlarini topish bo‘lgan.
“Ziji Ko‘ragoniy” jadvallarining qariyb 80 foizi Quyosh, Oy va beshta sayyoraga bag‘ishlangan. Bu jadval ma’lumotlari asosida “Ulug‘bek ziji”ning so‘ngida astrologiya ehtiyoji uchun zarur bo‘lgan bir necha jadvallar keltirilgan. Shu munosabat bilan Navoiyning zamondoshi astronom Abd al-Ali Birjandiy o‘zining “Ziji Ko‘ragoniy»ga sharh”ida: “Astronomlar oldida eslatilgan yetti yoritg‘ichning harakatini o‘rganish, ularga tegishli asosiy doimiy kattaliklarni aniqlash vazifasi turadi. Natijaviy maqsad esa, bu kattaliklarga tayangan holda, ularning kelajakdagi o‘rinlarini aniqlash va Yerda ularning osmondagi o‘rinlariga bog‘liq ravishda ro‘y beradigan hodisalarni oldindan aytishdir”, — deb yozadi.
Turli astronomik hodisalar, ayniqsa, Quyosh va Oy tutilishlari vaqtini oldindan aniqlash maqsadida mazkur tutilishlar kuzatiladigan shaharlar, aholi punktlarining uzunlama va kenglamalarini aniqlash zaruriyati tug‘iladi. “Ziji Ko‘ragoniy”da 247 shahar va aholi punktlarining koordinatalari keltirilgan. Rasadxona olimlari tomonidan qancha shaharning geografik koordinatalari bevosita aniqlanganini aytish qiyin. Chunki “Zij”da keltirilgan shaharlarning muayyan qismi Nasiriddin at-Tusiyning “Ziji Elxoniy”sida ham keltirilgan.
Samarqand akademiyasi olimlari “Ziji Ko‘ragoniy” jadvallarini tuzishda aniq kalendar sifatida oy-hijriy kalendarini tanlaganlar. Oy, Quyosh va sayyoralarning istalgan paytdagi o‘rinlarini topish uchun hisob boshi qilib(bu xildagi jadvallar uchun tanlangan bunday kunni astronomlar tengkunlik deb yuritishadi) hijriy 841 yil muharram oyining boshini, boshqacha aytganda, o‘sha yilning boshlanish — yangi yil kirish kunini olishgan edi. Bu kun milodiy hisobda 1437 yilning 4 iyul(payshanba) kuniga to‘g‘ri keladi. Bu davrni yulduzlar katalogining tengkunligi sifatida olinishi, birinchidan, bu kun Samarqand rasadxonasida astronomik kuzatishlar o‘tkazilgan davrning(1420-1450 yillar), taxminan, o‘rtalariga to‘g‘ri kelishidan bo‘lsa; ikkinchidan, mazkur tengkunlik, hijriy yil hisobining kabisa yillarini belgilash uchun qabul qilingan navbatdagi 30 yillik ssiklning(tartibga ko‘ra, 29-ssiklning) boshlanishiga to‘g‘ri kelardi. “Zij” jadvallarida Quyosh, Oy holatlarining o‘zgarishi va boshqa ayrim ma’lumotlar 841-871 yillar(ya’ni to‘la 30 yillik ssikl yillari) uchun berilgan bo‘lib, bunday hol mazkur jadvallardan foydalanishda sezilarli qulayligi bilan muhim edi.
Bundan salkam olti asr muqaddam azim shahar — Samarqand etagida Ulug‘bek va uning safdoshlari tomonidan ishga tushirilgan rasadxonadan Koinot qa’riga tashlangan nazar faqat Sharqdagina emas, balki jahon fani, madaniyatining “ochilmagan qo‘rig‘i”ni ochish — Koinotni o‘rganishga qo‘yilgan buyuk bir qadam bo‘ldi. Shu ilk qadam sabab bo‘lib Yevropada birin-ketin yirik, yaxshi jihozlangan rasadxonalar ishga tusha boshladi. Polshada Olam tuzilishining geliossentrik nazariyasi(N. Kopernik tomonidan), Milanda (Italiya) Koinotning cheksizligi va unda Quyosh sistemasi — oddiy bir yulduzning yo‘ldoshlari bilan tashkil etgan sistemasi ekanligini g‘oyasi (Jordano Bruno tomonidan), Germaniyada osmon jismlarining harakat qonunlarini ifodalovchi osmon mexanikasi (I. Kepler tomonidan), Angliyada osmon jismlarining massalarini hisoblash usuli (I. Niyuton tomonidan) kabi muhim kashfiyotlar daryosining vujudga kelishida Samarqand astronomlari “ko‘zini ochgan buloq” dastlabki irmoq bo‘lib Quyosh, Oy va sayyoralarning harakatlarini o‘rganish bo‘yicha Ulug‘bek maktabi qo‘ygan poydevor — nazariy astronomiya deyiluvchi maxsus fanning shakllanishida o‘zining ulkan hissasini qo‘shdi.
Olamni o‘rganish, uning sir-asrorlaridan voqif bo‘lish — insonning Yer yuziga kelishdan maqsadini aniqlab berishdek dunyoqarash vazifasini bajarishi bilan muhim hisoblanadi. U insonni cheksiz Koinotning bir zarrasi va milliardlab yillar davom etgan uning evolyutsiyasining mahsuli ekanligini, u yashagan umr Koinotning yoshi oldida atigi bir daqiqa ekanligini, har bir insonning “bir zumlik” hayotga kelishi mo‘’jizaviy bir holligini va bu “bir zumlik” umrni pala-partish emas, balki buyuk maqsadlarga qaratib yashash zarurligini, bu ulug‘ nomga dog‘ tushirmay yashash lozimligini sezdirishi bilan beqiyos ahamiyat kasb etadi.
Bu esa, o‘z navbatida, insonni o‘z hayotini, boshqalar taqdiri va shaxsini qadrlashga, tabiatning nodir in’omi — hayotga yengil-elpi qaramaslikka, buyuk ezgu maqsadlarni ko‘zlab ish tutishga, o‘z ijobiy faoliyati bilan uning mazmunini boyitishga, sermazmun qilishga undaydi.
Ashraf Ahmedov
VOLTER VA ULUG‘BEK
Buyuk frantsuz ma’rifatparvari va insonparvar mutafakkiri Volter (Mari Fransua Arue, 1694—1778 yillar) fikr doirasi nihoyatda keng, fanning turli sohalari bo‘yicha bilimdon odam edi. Mushohada ko‘lami fan tarixi, jumladan Sharq fani tarixi masalalarini ham qamrab olgandi. Uning qadimgi davr va o‘rta asr ilm-fani tarixidan xabardorligi hayratlanarli darajada chuqur bo‘lgan. Shuni ham aytish kerakki, umuman, XVII—XVIII asrlardagi frantsuz ma’rifatparvarligida Sharq mavzui juda sezilarli bo‘lib, o‘sha davrda ko‘plab odamlar, madaniyat arboblari, yozuvchilar va kompozitorlar unga katta e’tibor berishardi. Ular yaratgan asarlarda albatta biror «turk», «arab» yoki «fors» ishtirok etar va bu xalqlar yashaydigan tabiat manzaralari yoki ularga xos musiqiy oqimlar aks ettirilar edi.
Frantsuz ma’rifatparvarligining buyuk namoyandalaridan biri bo‘lmish Volter ham o‘zining qator asarlarida Sharq mavzuiga ahamiyat bergan. Bu jihatdan uning «Zadig yoki Taqdir» nomli falsafiy asaridagi «Sa’diyning sulton-beka Sheraaga atalgan risolasi» diqqatga sazovordir. Volterning bu «risola»si hijriy 837 yilning 18 shavvoli, ya’ni milodiy 1434 yilning 28 mayi bilan sanalangan. «Risola»da Ulug‘bek nomi to‘rt marta eslatiladi: ularda «Sa’diy» Ulug‘bekni «mashhur sulton Ulug‘bek», «Ulug‘bekka ko‘proq «Zadig» yoqardi», «dono Ulug‘» va «haqiqiy Ulug‘» deydi. «Risola»ning sanasiga kelsak, albatta, buni haqiqiy Ulug‘bekning hayotidagi biror aniq hodisa bilan bog‘lab bo‘lmaydi. 1434 yilning may oyida Ulug‘bek ukasi Boysunqur mirzoning vafoti munosabati bilan Hirotda bo‘ladi va 30 mayda Samarqandga qaytib keladi. O‘sha yili esda qolarlik boshqa hodisa ro‘y bermagan edi. «Sulton-beka Sheraa»ni ham Ulug‘bek haramiga aloqador biror ayol bilan bog‘lab bo‘lmaydi. Biroq «Sa’diy»ga kelsak, Volter yaratgan bu obraz uchun Sharqning buyuk shoiri Sa’diy Sheroziy (1203—1292) prototip bo‘lgani ehtimol.
Volter qissasining o‘zi esa bizni Qadimgi Bobil va Eronga olib ketadi va hayotiy Ulug‘bekka to‘g‘ridan-to‘g‘ri aloqador emas. Ammo qissaning deyarli boshdan-oyog‘i astronomik motivlar bilan yo‘g‘rilgan. Chunonchi, asarning boshida uning asosiy qahramoni Zadig «yil uch yuz oltmish besh-u chorak kundan iborat va quyosh — olam markazida» ekanligidan xabardor deb ta’riflanadi, ya’ni Zadig geliotsentrik dunyoqarash tarafdori ekanligi ta’kidlanadi. Yana bir yerda Zadig o‘z yo‘lini yulduzlarga qarab tanlaydi va Orion yulduz (Sharqda Jabbor — red.) turkumi bilan «yarqirab turgan Sirius (Shu’ra) yoritqichi» uni to‘g‘ridan-to‘g‘ri Kanopus (Suhayl) yulduziga yo‘naltiradi; boshqa joyda yulduzlarning bosh kohini «Katta Ayiqning katta o‘g‘li Savrning akasi, Katta Itning xolavachchasi» deb ta’riflanadi va hokazo. Ana shu tarzda Volter asarning syujetiga o‘ziga xos yumor va mahorat bilan astronomik motivlarni kiritadi.
Albatta, Volter astronomik mavzularni Qadimgi Bobil fani tarixini o‘rganishda XVIII asrda erishilgan yutuqlardan ruhlanib olgan bo‘lishi mumkin. Biroq, shunday bo‘lsa ham, bu qissadagi «Zadig tarixi»ni qadimgi xolidiy tilidan «mashhur sulton Ulug‘bekning xursandchiligi uchun arab tiliga» tarjima etilishi tasodifiy bo‘lmasa kerak. «Mashhur sulton Ulug‘bek»ning astronomiyaga intilishlari nima sababdan Volterning diqqatini o‘ziga jalb qilganligini aniqlash uchun esa «Zadig» qissasini tarixiy va ilmiy faktlar asosida tahlil etish maqsadga muvofiq deb bilamiz.
Ma’lumki, VIII asr boshlarida arablar Yevropaga o‘tgan, Pireney yarim orolining deyarli hammasini bosib olib, tasarruflaridagi yerlarni Andalusiya deb atay boshlashgan. Keyinchalik Qurtuba (hozirgi Ispaniyaning Kordova shahri)ni markaz qilib olgan mustaqil xalifalik ham vujudga keldi. Lekin XI asrning oxirgi choragida Kastiliya va Leon qirollari birlashib, Ispaniyaning musulmon hokimiyatiga qarshi kurash boshlashdi. Ana shu tariqa rekonkista (ispancha so‘z bo‘lib, «aksilistilo» ma’nosini anglatadi) harakati tug‘ildi. (Musulmonlarning Andalusiyadagi 800 yillik hukmronligi XV asr oxirida G‘arnat (hozirgi Grenada shahri) amirligi yemirilishi bilan barham topdi.)
1085 yili arablardan dastlabki shahar Tulaytila (Toledo) tortib olindi. Shundan keyin Pireney yarim orolidagi musulmon mulklari birin-ketin Kastiliya va Leon qirollari qo‘liga o‘taverdi. Lekin bu davrga kelib Kastiliya va Leon qirollarini Sharqda paydo bo‘lgan xavfli raqib — Usmonli turk saltanati tashvishga sola boshlagan. O‘sha paytga kelib tanazzulga yuz tutgan Vizantiya imperiyasi va Bolqon yarim orolidagi mamlakatlarning usmonlilar tomonidan bosib olinishidek dahshatli bir xavf yuzaga keldi. Usmonlilar saltanati ayniqsa sulton Boyazid Yildirim (1389—1402) davrida nihoyatda tajovuzkor davlatga aylanib, Bolqon yarim orolidagi ko‘pgina yerlarni o‘z mulkiga qo‘shib olgan edi.
Boyazidning G‘arbga intilishi ochiqdan ochiq edi. Undan qo‘rqqan Vengriya qiroli Sigizmund usmonlilarga qarshi salib yurishini uyushtirish maqsadida Yevropa poytaxtlarini behuda kezib yurardi. Sharq masalasi Kastiliya va Leon qiroli Genrix III (Enriko) ni (1390—1407) qattiq tashvishga solardi. Boyazidning kelajakdagi rejalari, yurishini Yevropada davom ettirishi yoki Afrikaga ko‘chirishi masalalari uni nihoyatda qiziqtirardi. Chunki bularning hammasi qirol Genrix III ning shaxsiy rejalariga bevosita bog‘liq edi. Unda Pireney yarim orolida rekonkistani tezda tugatib, Afrikaga o‘tishga intilish bo‘lganini hozirgi Yevropa tarixchilarining ko‘pchiligi tan olishadi. Rim papasi ham rekonkista davom ettirilishining qat’iy tarafdori edi. Shuni aytish kerakki, ispan qirollarining yurishlarida Frantsiya, Italiya va Germaniyadan ko‘plab ko‘ngilli ritsarlar ishtirok etishardi. Undan tashqari, genuyalik va venetsiyalik qaroqchilar O‘rta dengizning sharqida bosqinchilik bilan shug‘ullanishar, ispan qiroli esa ularning bu harakati yirik g‘alabaga aylanishidan hamda uning rejalarini buzib yuborishidan xavfsirardi.
Mana shuning uchun ham Sharqda amir Temurdek yanada xavfliroq jahongir paydo bo‘lib, Boyazidga qarshi chiqqanida Genrix III bu ikki sharqlik hokimning o‘zaro kurashini katta diqqat bilan kuzatib bordi. 1402 yili Anqara jangini kuzatish va g‘olib bilan diplomatik munosabat o‘rnatish uchun Genrix ikki elchini yuboradi. Boyazid ustidan g‘alaba qozonganidan so‘ng Temur elchilarni qabul qiladi va Rui Gonzales de Klavixoning aytishicha, «buyuk hokim Kastiliya qiroliga hurmati tufayli ularga katta iltifot bildiradi» va ular bilan Ispaniyaga o‘z elchisi Muhammad al-Qozini yuboradi. Qirol Genrixga Temurning bu iltifoti juda qo‘l keladi, chunki unga Boyazidning g‘olibi o‘z do‘stligini bildirayotgan edi. Endi Genrix Sharq masalasi bobida bir oz xotirjam bo‘lsa ham butunlay taskin topa olmaydi. Shuning uchun u fursatdan foydalanib, xavfli jahongir bilan diplomatik munosabat o‘rnatish maqsadida Temurning poytaxti Samarqandga o‘z elchisi Rui Gonzales de Klavixoni yuboradi. Ma’lum bo‘lishicha, Klavixo Samarqandga faqat elchi sifatidagina emas, balki «Temurbek haqida biror ma’lumot to‘plash va uning istagi qanday ekanligini tekshirib ko‘rmoq maqsadida», ya’ni josus sifatida ham keladi.
Shunday qilib, Ispaniyadagi rekonkista ko‘p tarafdan Old Osiyodagi harbiy-siyosiy vaziyatga bog‘liq bo‘lib, o‘sha davrda bu vaziyatni Temurning faoliyati belgilardi. Lekin, har holda, shunisi shubhasizki, Temurning Anqara ostonasidagi g‘alabasi turklar Bolqon yarim oroli xalqlarini qullikka solishini bir necha o‘n yillarga kechiktirdi va Yevropada rekonkistani tezlashtirdi. Bu muddat mobaynida esa G‘arb mamlakatlari turk yurishiga qarshi tura oladigan darajada kuchaydiki, keyinchalik turklar Bolqon yarim orolidan g‘arbga o‘tisholmadi.
Klavixoning Pireney yarim oroli janubidagi Kadis shahridan Samarqandgacha sayohati uch yil davom etdi. U ko‘rgan va eshitganlarini kundalik daftarida yozib qoldirdi.
Anqara jangi va unda Temurning Boyazid Yildirim ustidan qozongan g‘alabasi haqidagi xabar tezda Yevropa bo‘ylab tarqalib ketdi. Klavixoning kundalik daftari tufayli esa «Buyuk Temurbekaning nomi Yevropa mamlakatlarida dong taratdi. Natijada kundalikka qiziqish nihoyatda kuchayadi va u 1582 yili Ishbiliya (Sevilya) da Molina Gonzalo de Argote tomonidan nashr etiladi. O‘z navbatida bu nashr tarixiy va adabiy izlanishlarga katta turtki berdi, mazkur yo‘nalishlardagi asarlarning mualliflari Temurning o‘zigagina emas, balki uning atrofidagi kishilarga, oila a’zolariga, xususan, Ulug‘bekka ham ahamiyat bera boshlashdi.
1607 yili Parijda nashr etilgan «Buyuk Temurlangning tarixi» mana shunday asarlardan biri bo‘lib, unda Temur va uning avlodlari haqida o‘sha davr uchun to‘liq ma’lumot beriladi. Xuddi shunday nom bilan 1678 yili Amsterdamda De Sanktsionning kitobi nashr etiladi. Sakkiz bobdan iborat bu asarda Movarounnahr va Eronning XIV asr o‘rtasidan to XV asr o‘rtasigacha bo‘lgan tarixi mufassal bayon etiladi. Unda Ulug‘bekka davlat arbobi va olim sifatida katta ahamiyat beriladi.
Mustafo ibn Husayn al-Janobiyning 1680 yili Venada lotin tilida nashr etilgan «Temurlang g‘alabalari» nomli asarida ham Temur janglari haqida hikoya qilinadi. Muallif aslida turk bo‘lib, arab, fors tillaridagi tarixiy asarlardan yaxshi xabardor edi. U Ulug‘bek to‘g‘risida, uning ilmiy va siyosiy faoliyati hamda fojiali halokati haqida mufassal bayon qiladi.
Va nihoyat, 1739 yili Parijda «Temurlangning tarixi» nomli ikki jildlik kitob nashr etildi. Bu asarda Ulug‘bek haqida shunday jumla bor: «Mirzo Ulug‘bek Temurning Xitoyga yurishidan oldinoq Toshkent, Sayram shaharlarining va butun o‘zbeklar yerining hokimi bo‘ldi».
Yuqorida eslatilgan barcha asarlarning mualliflari sharqshunoslikka aloqador bo‘lib, Sharafiddin Ali Yazdiyning «Zafarnoma»sidan ham foydalanishgan. «Zafarnoma» esa 1722 yili Parijda Peti de la Krua tomonidan to‘rt jildda nashr etilgan edi. Binobarin, G‘arbiy Yevropada yaratilgan tarixiy asarlar tufayli Ulug‘bekning nomi olim va davlat arbobi sifatida Volterdan ancha ilgariroq ko‘pchilikka ma’lum bo‘lgan.
Ulardan tashqari, XVII asrning oxirgi choragida Frantsiyada ikkita dramatik asar paydo bo‘ldi: birinchisi — Jan Rasinning (1639—1699) 1674 yili yozilgan «Boyazid» nomli besh aktli fojiasi, ikkinchisi — Nikola Pradonning (1632—1698) 1679 yili yaratilgan «Temurlang yoki Boyazidning halokati» nomli fojiasi edi. Volter davrida bu asarlar Parij sahnalarida qo‘yilardi. Temurga bag‘ishlangan tarixiy asarlarda ham, sahna asarlarida ham Ulug‘bek ularning qahramoni sifatida ishtirok etar edi. Ana shu bois Volter tasavvurida Ulug‘bek Movarounnahrning hokimi sifatida gavdalanar edi.
Endi Volterning Ulug‘bekni astronom sifatida bilishiga kelsak, bu asosan Ulug‘bek «Ziji»ning Yevropadagi tarixi bilan bog‘liq. 1648 yili ingliz astronomi Jon Grivs Ulug‘bek «Zij»ining yulduzlar katalogini o‘z ichiga olgan «Kanikulyariya» nomli asarini nashr etadi. Bu kitobning nomida «bir necha mashhur yulduzlarning uzunlama va kenglamalari buyuk Temurlangning nabirasi Ulug‘bekning astronomik kuzatishlaridan olinganligi» ta’kidlangan. O‘sha yili Grivs «Ikki geografik jadval, biri Nasriddin forsniki, ikkinchisi Ulug‘bek tatarniki» nomli yana bir asarni nashr etadi. U G‘arbiy Yevropada o‘sha davrda hukm surgan, barcha turkiy xalqlarni tatar degan an’anaga ko‘ra Ulug‘bekni tatar deb bilardi.
1650 yili Grivs Ulug‘bekning «Zij»i asosida «Xitoy, suryon-yunon, arab, xorazmlik astronomlar va solnomachilar tomonidan umumiy tarzda qabul qilingan eng muhim sanalar. Gangning bu tarafidagi yerlarning hokimi Ulug‘bekning an’anasiga ko‘ra, Jon Grivs tomonidan birinchi marta nashr etilgan, tahrir qilingan va izohlar bilan bayon etilgan» nomli uchinchi asarini nashr etadi. Bu uch asardan keyingi ikkitasi ikki yildan so‘ng qayta chop qilinadi.
Boshqa bir ingliz olimi Tomas Hayd 1665 yili Ulug‘bek «Zij»idagi yulduzlar katalogini nashr etdi. Bu nashrning nomida «Jayhunning u yoq va bu yog‘ining qudratli hokimi, buyuk Temurlangning nabirasi Ulug‘bekning kuzatishlari asosida» deyilgan.
Bundan ko‘rinadiki, hatto XVII asrda nashr etilgan astronomik asarlarning nomida ham Ulug‘bek astronom va Temurning nabirasi bo‘lib, Movarounnahrning hokimi ekanligi tasdiqlangan.
Xullas, Ulug‘bek Volterni «Zadig» qissasini yozishga ruhlantirib, XVIII asrning genial mutafakkiri ijodida muhim rol o‘ynagan.
Shuningdek, Peterburg olimlarining ilmiy ishlari ham Volter uchun Ulug‘bek va uning «Zij»i haqidagi manba bo‘lib xizmat etgan. Volter XVIII asrning birinchi yarmidagi taniqli astronom J. N. Delil (1688—1768) bilan shaxsan tanish edi. Bu olim Peterburgga ishga taklif etiladi va 1726 yili Parijdan Rossiyaga keladi. U «Zij» bilan jiddiy qiziqadi va 1711 yildan boshlab Ulug‘bek «Ziji»ning Peterburgda gruzin tiliga tarjima etilishiga rahbarlik qiladi. Keyinchalik u «Zij»ni chuqurroq tahlil qilishga kirishar ekan, ayni vaqtda Parij bilan, xususan Volter bilan uzviy aloqada bo‘ladi va ikkovlari o‘zaro fikr almashib turishadi.
Yuqorida aytilganlardan ko‘rinadiki, Ulug‘bek o‘zining mashhur astronomik asari «Zij» tufayli faqat Sharqda emas, G‘arbda ham katta shuhrat qozongan va Yevropaning Volter kabi yirik mutafakkirlari ijodida chuqur iz qoldirgan.
Manba: «Fan va turmush» jurnali, 1989 yil 6-son
Ashraf Ahmedov. Ulug’Bek (Hayoti Va Faoliyati) by Khurshid Davron on Scribd
Rahmat barcha malumotlar uchun
Uning matematikaga ham hissasi bormi