Бугун Владимир Висотский таваллуд топган куннинг 80 йиллиги
Исёнкор руҳимиз қўлга ўрганмайдиган бўрига ўхшайди. Бўрининг зўри эса Владимир Висотский (русча: Владимир Высоцкий) эди. Висоцкий тирик бўлганида бугун 80 ёшга кирган бўларди.
ТАН ОЛИНМАГАН МАШҲУР
ВЛАДИМИР ВИСОТСКИЙ
Тўра Мурод мақоласидан парча
Исёнкор руҳимиз қўлга ўрганмайдиган бўрига ўхшайди. Бўрининг зўри эса Владимир Висотский эди. Висотский тирик бўлганида бугун 80 ёшга кирган бўларди.
Болалиги
Владимир Висотский 1938 йил 25 январ куни Москвада туғилди. Болалиги коммунал уйда ўтган Висотский хотирлайди: «38 хонадон ва битта ҳожатхона». Висотскийнинг отаси ҳарбий алоқачи Семён Владимирович (1915-1996), Онаси Нина Максимовна (1912-2003) немис тили таржимони бўлган. 1947 йилда улар ажрашгач, хизматга юборилган отаси ва ўгай онаси Евгения билан Германияда икки йил яшади, ўша ерда пианино чалишни ўрганди.
1955 йилда мактабни тугатган Висотский Москва инженерлик қурилиш институтига кирди ва бир семестр ўқиди.
Ёшлиги
1956-1960 йилларда Висотский МХАТнинг актёрлик мактаби талабаси бўлди. 1959 йил «Жиноят ва жазо» ўқув театрида биринчи ролини ижро этди. Ўша йили кинода ҳам тушди («Тенгдошлар»да эпизодий роль).
1- курсда Висотский Иза Жукова билан танишиб, 1960 йилда унга уйланади. 1965 йилда «713-қўнишга рухсат сўрайди» фильми суратга олинаётганда Висотский Людмила Абрамова билан танишиб қолади ва унга уйланади.
Висотский 1- шеърини 1953 йилда яқинда ўлган Сталин хотирасига ёзган.
Қўшиқлари
Дастлабки қўшиқлари эса 1960 йилда пайдо бўлган. Биринчиси «Татуировка». Айнан Висотский қўшиқлари билан санъатда «Блатной қўшиқлар», яъни «Ўғриларнинг қўшиқлари» жанри пайдо бўлган. Шундан кейин театр ва кинода роллар ижро этса-да, шеър ёзиб, қўшиқ қилиб битта гитарада куйлаш, «Монолог-контсерт»лар бериш унинг ҳаётдаги асосий ишига айланди.
1964 йилда Владимир Висотский Юрий Любимовнинг комедия театрига ишга олинди ва умрининг охиригача шу театрда ишлади. Ўша йили биринчи марта Висотский кинофильм учун қўшиқлар ёзди.
1967 йил Висотский келиб чиқиши руслардан бўлган франтсуз актрисаси Марина Влади билан танишди ва 1970 йилда Марина Висотскийнинг учинчи хотинига айланди.
1968 йилда Висотскийнинг 1- пластинкаси сотувга чиқади.
1969 йилда биринчи марта ўлим хавфи Висотскийнинг ҳаётига чанг солади. Врачлар 18 соат томоғида қон томири ёрилиб кетган Висотскийнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашадилар.
1971 йилда Таганкада «Гамлет» спектакли намойиши бўлади ва Висотский ўзига машҳурлик келтирган Гамлет ролини ижро этади.
1972 йилда Эстония телевидениесида, «Таганкадан келган йигитча» кўрсатувида Висотский биринчи марта совет телеэкранида пайдо бўлади.
1975 йилда Висотский тириклик чоғида биринчи ва охирги марта унинг шеъри босилади. Йил адабий-бадиий тўпламига унинг «Йўлдаги кундаликдан» шеъри киритилган эди.
1978 йилда Висотскийга «Олий тоифали эстрада қўшиқчиси» мақоми берилади.
Висотский СССР ва чет элларда 1000 дан ортиқ контсертлар берди.
Сўнгги кунлари
Висотский ноҳақликлар ичра яшаб, ижод қилди. Уни ишга олишмас, роль беришмас, энг ёмони, қўшиқларини чиқаришмас, чет элга чиққани рухсат беришмас, кўп танқид қилишар, хуллас, эркин ижод қилгани қўйишмас эди. Бир қанча фильмларда у ролга тасдиқланар, аммо «тепа»дан уни олиб ташлашарди. Булар санъткорга салбий таъсир этмай қолмасди. Тушкунлик чоғларда Висотский ичкиликка берилди. Бунинг оқибатида эса баъзан буйраги, баъзан юраги «ушлаб қоладиган» Висотскийни ҳаётга қайтариш учун врачлар наркотикларни қўллашарди. Шундай қилиб, Висотскийнинг ҳаётида етмишинчи йилларнинг охирига келиб ароқнинг ўрнини морфий эгаллади ва унинг дозалари ҳам ортиб борди.
Марина Влади Висотскийни даволатиш учу кўп уринди, афсуски, самараси бўлмади. Висотский 1979 йилнинг 25-июлида Самарқандда, саҳнада «ўлиб қолди». Тўғридан-тўғри юрагига қилинган укол шарофати билан «тирилди».
1980 йил Москвада Олимпиада бўлди. Шу сабабли наркотикларни топиш қийинлашди. 1980 йил 16 апрелда Висотский контсертларини сўнгги марта тасвирга олишган. Бу контсерт Ленинградда бўлган ва унда Висотский ўзининг машҳур «Асов отлар», «Гумбазлар», «Бўрилар ови» каби қўшиқларини ижро этган ва ўз ижоди ҳақида ҳикоя қилган. 1980 йил 2 июнда Калининграддаги сўнгги контсертларидан бирида саҳнада аҳволи ёмонлашган. 3- июлда Москва вилоятидаги контсертда аҳволи яхши бўлмаган, аммо бир ярим соат ўрнига икки соат контсерт берган. 14-июлда сўнгги қўшиқларидан бири «Менинг қайғум, менинг соғинчим»ни куйлаган. 18 июлда ўзининг севимли роли Гамлетни сўнгги бор ўйнаган.
Самарқанддаги “ўлими”дан роппа-роса бир йил ўтиб, 25 июль куни ўзининг Москвадаги уйида, уйқусида бу дунёни тарк этган. Ёнида, ўша, Самарқандда юрагига укол қилган дўсти, шахсий врачи Анатолий Федотов бўлган. Ўша куни Висотский дарддан қаттиқ азоб чеккан. Охирги сўзини онасига телефонда айтган: «Онажон, бугун мен ўламан!»
Уйқу дори билан зўрға ухлаган ва … тонгга яқин юраги тўхтаган.
Манба: www.fayzbog.uz
Владимир Висотский
ШЕЪРЛАР
Қоп-қора одам
Кулранг костюмдаги қоп-қора одам,
У вазир бўлгандир, бошлиқ, ҳарбий ҳам.
Масхарабоз янглиғ турқин юз туслаб.
Ўпкангга туширар, ногоҳ, бесабаб.
Совуқ табассум-ла қирқар қанотим,
Ҳайқириғим «дод»га ўхшар гоҳ шундан.
Мен эса азобдан тишлаб лабимни
Оҳиста инграйман: Шукур, тирикман.
Иримчи эдим мен, изладим таъбир.
Бир кун тугар дедим, барчаси бекор…
Ҳатто кабинетга юлқиниб кирдим,
Сўнгра қасам ичдим — келмайман такрор!
Мен ҳақимда кимдир гап ёйди гоҳ кез:
— Парижга қатнайди қўшни қишлоқдай,
Юртдан ҳайдаш керак бундайларни тез,
Тавба, бошлиқларнинг кўзи қаёқда?!
Ҳовлим, маошимдан сўзладилар сўнг,
Гўё пул домига кетганмиш муккам,
Олинглар, барчасин сизларга бердим,
Олинг уч хоналик зиндонимни ҳам!
Эл-юртга танилган шоир дўстларим,
Оҳиста ғурур-ла қоқиб елкамга
Менга насиҳатлар бердилар бари:
— Қофия қилмагин «одам»ни «ғам»га.
Баногоҳ тугади шунда бардошим,
Сенсираб қошига бордим ўлимнинг.
Ҳайқириқдан чўчиб, келолмай яқин
У кўпдан пойларди менинг йўлимни.
Ҳакам саволидан қочиб юрмасман,
Жавоб бергум зеро этсалар талаб.
Умримнинг энг сзшгги лаҳзасигача
Яшадим шу мўъжаз юким орқалаб.
Аммо ёлтон надир, нима муқаддас
Мен эрта англадим, бўлсам-да ғариб.
Менинг йўлим битта шу холос, дўстлар,
Бахт танлаш имкони этмаган насиб!
Ёқтирмасман
Жиним суймас нохуш якунни,
Ҳеч вақт яшаб толган эмасман.
Қандай фасл бўлса ҳам ғамгин
Куйга куни қолган эмасман.
Хуш кўрмасман олифталарни,
Ишончимга кирмаган мақтов.
Ёқтирмам ёт ўқиса хатни,
Кибр билан боқса гар биров.
Бўлинганда ёмон кўраман
Гуркираган авжида суҳбат.
Ўқ узишса қаршиман ортдан,
Манглайдан ҳам отишса албат.
Фаразона ғийбатлар янглиғ
Ғимирлаган шубҳа – душманим.
Шишага тош отилган каби
Азоб берган мен учун ғаним.
Мен қаршиман мутлақ ишончга,
Ўзга фикр сиғар жой мақбул.
“Шаън” поймоли зиддир қувончга,
Кир бўлса ҳам адолатбахш қўл.
Қайирилган қанотлар раҳмим
Келтирмайди – зўрлик, ожизлик.
Чорчўп узра михланган Исо
Фақат раҳмим келтиради лек.
Қўрқсам ортар ўзимга нафрат,
Беайбларни уришса – лолман.
Чидолмасман кўнглим топташса
Тупуришса бадтар – чидолмам!
Орзум эмас минбар, саҳналар,
Биламан, кўп уларга шайдо.
Солса ҳамки дилга раҳналар
Суймагайман уларни асло!
Қўшиқларим таъқиқ этилган…
Қўшиқларим таъқиқ этилган,
Ҳазили йўқ, имоним бутун.
Қирқ кунча оч яшаса бўлар,
Сувсиз — етти, менсиз-чи — беш кун.
Замин ҳақида қўшиқ
«Уруғ ташлаб оввора бўлманг,
Замин тамом куйди» деган ким?
Ким — Заминни ўлди деб айтган, —
У фақат бир лаҳза қолди жим.
Оналиги — Ернинг туганмас,
Бўлганидек денгизга сув хос.
Ким ишонди Замин куйди деб,
У андуҳдан қорайди холос.
Ўйиқ ўхшар дардбахш ярага,
Бу хандақлар — чавақланган тан.
Замин биздек сезгир жисми-ла,
Дардларни ҳис қилар дафъатан.
Ногиронлар сафига қўшманг
Барчасига мағрур чидар у,
Ер куйламас дея ким айтди,
Ким айтди: Ер сукутда мангу?
Йўқ, ўлмаган, Она Ер сўзсиз,
Вужудидан артмоқда қонни.
Замин, ахир, бизнинг жонимиз,
Ахир топтаб бўларми жонни?!
Замин ўлди дея айтар ким?
Бир муддатга қолгандир у жим.
Чўққи сари
М.И.Хергиане хотирасига
Музликлар четидан одимлайсан сен,
Чўққидан нигоҳинг узмайсан бир пас.
Тоғлар булут ютиб ухлайди эзгин,
Кўчкилар шаклида чиқарар нафас.
Бироқ ҳеч нигоҳин узолмас сендан,
Гўё мангу ором этгандек ваъда,
Ҳар гал ҳушёр этар тош кўчки билан
Гоҳ юҳо ёриқлар иржайиши-ла.
Тоғлар фалокатни сезишар олдин,
Довонлар туманда қолди қисиниб,
Сен ҳали фикрига бормасдинг, лекин
Ёприлиш нимадир, тош кўчкиси не?
Ёрдамга чақириб ҳайқирсанг, тикка
Қояларни тутди оҳинг нидоси.
Шамоллар овозинг ёйди кенгликка,
Радиодаъватдек тоғлар садоси.
Довон-чун жанг борган ҳар лаҳза, ҳар он,
Сенга тушмасин деб душман нигоҳи,
Ҳар бир тош кўксини айлади қалқон,
Қоялар елкасин тутдилар гоҳи.
«Оқил тоққа чиқмас» деган гап бекор,
Измига солмади сени бу гумон.
Харсанглар юмшади, эриди музлар,
Оёғинг остида пар бўлди туман.
Мангу қор бағрида ётсанг абадий
Энг яқин кишингдек мунғайиб таъби,
Қоялар эгилиб боқар, дунёда
Энг собит ёдгорлик лавҳаси каби…
Туганмас ғам
Ҳар бир кимса гина-кудратин
Вақти келиб айлар фаромуш.
Менинг ғамим қор каби мангу
Хотирамга урар совуқ мушт.
Эримагай ёз чилласида
Вақт зарбаси қўйгандай силаб.
Биламан мен қайғу-соғинчим
Умрим бўйи ўтгум опичлаб.
У пок эди мисли оппоқ қор
У пок эди мисли оппоқ қор,
Қундуздек лой… Бу не синоат?
Қўл куйдирар унинг мактуби
Ҳақиқатга дуч келар тоқат.
Изтироб не, ғам не билмасман,
Кўз ёшимни қуритар шамол.
Изим кўма олмас изғирин,
Отимга дард келтирмас малол.
Сохталигин билмасдим бу юз,
Ғалат ўйин топмай интиҳо.
Мағлуб бўлдим дилдан ишониб
Умидимга сўнгги имтиҳон.
Изтироб не, ғам не, билмасман,
Кўз ёшимни қуритар шамол.
Изим кўма олмас изғирин,
Отимга дард келтирмас малол.
Қолдираман энди ортимда
Бу оч осмон остида эзгин
Кўз ёш билан қорга кўмилган
Бинафшаю, чиннигул атрин.
Изтироб не, ғам не, билмасман,
Кўз ёшимни қуритар шамол.
Изим кўма олмас изғирин,
Отимга дард келтирмас малол.
Ишониб чопмадим сароблар сари
Ишониб чопмадим сароблар сари
Биҳиштни кўрмадим тушимда ухлаб.
Ёлғон баҳри ютди муаллимларни,
Магадан ёнида ташлади туфлаб.
Юксакдан боқдим дуч келса жирканч иш,
Нопокликдан холи бўлмадим лекин.
Ларзага солмади мени Будапешт,
Прага дилимни айламади хун.
Ҳаёту саҳнада ҳайқирдик гоҳо,
— Дўстларим, адашган бандага ёрмиз!
Ҳадемай сезишар, беришар баҳо.
— Ким қарши? — Жонингдан умидинг боми?
Хавфни ҳис этмоқни билардик ахир,
Аёзлар келмасдан анча илгари.
Сурбетлик кетидан кирарди ақл,
Тақа-тақ ёпарди дил эшикларин.
Алафдек қирмаса ҳамки шум ўқлар,
Юракни ҳовучлаб кун кечирдик биз.
Биз ҳам Россиянинг мудҳиш кунлари
Ароққа ўргатган болаларимиз.
Мен севдим, ғам чекдим…
Шундай бўлди, севдим, чекдим ғам.
Орзу эди унинг висоли.
Оппоқ отда фаришта мисол
Тушларимга кирарди холи.
Доноларнинг сўзин унутиб,
Изларини босдим лабимга.
Эй, дилрабо гуноҳ малаги,
Эй сароб бахт, қисматинг нима?
Кўнглимизда яшнаб баҳорлар,
Бегонадек эди дарду ғам.
Ишқ ўтида сармаст бошларга
Ётдек эди ҳатто соғинч ҳам.
Энди қўзда ёш-ла куламан,
Кафан бичиб солгум жонимни.
Зеро қўрқув, ўлим нафаси
Музлатади қайноқ қонимни.
Билдим, энди айтмасман қўшиқ,
Билдим, энди тушлар кўрмасман.
Кечирганим барчаси сароб,
Рўёлардан кунлар ўрмасман.
Ийд либосин қолдиғин ўтга
Отиб, созим торин юламан.
Сохта умид қули бўлгунча
Лофга тобе бўлмай ўламан!
Амирқул Карим таржималари
САЙЁРАГА АЙЛАНГАН ИНСОН
Таржимондан
Ўтган аср якунида Қрим астрофизика обсерваторияси ходимлари янги топилган сайёрага “Владивисотский” деган ном беришди.
Яқинда интернет орқали берилган “ХХ аср виждони” деб кимни айта оласиз?” деган саволга турли миллат ва мамлакатлар вакилларининг кўпчилиги ”Владимир Висотский” дея жавоб беришди.
Владимир 1938 йил 25 январда Москвада ҳарбий хизматчи оиласида туғилди.Уруш йиллари онаси Нина Максимовна билан Оренбургга эвакуация қилинди. Москвага қайтишгач, 1945 йилдан ўрта мактабда ўқий бошлади.1947 йили оиласи билан отасининг хизмат вазифаси боис Германияда яшаб, таҳсилни давом эттирди, икки йилдан сўнг яна Москвага қайтди.
Мактабни тугутгач, Москва Муҳандис-қурувчилар интситутига ўқишга кирди. Аммо, орадан бир йил ўтмай, бу институт ўз мақсад-муддаолари билан боғлиқ эмаслигини англаб етади ва 1956 йили Немирович-Данченко номидаги МХАТ мактаб-студиясига актёрлик ихтисослиги бўйича ўқишга кирди.
Ўтган асрнинг 60-йиллари бошларида у дастлаб Россия пойтахтидаги Драма театри, сўнгра Миниатюралар театрида фаолият бошлади.Унинг илк қўшиқлари мана шу даврда томошабинлар эътиборига тушди.
В.Висотский 1964 йилда Таганкадаги Драма ва комедия театрига ишга кириб, умрининг охиригача шу театрда ишлади. Шу вақтларда кинофильмларда суратга тушишга киришди.
1968 йилда ”Вертикал” фильмида ижро этган қўшиқлари илк бор юмшоқ пластинка тарзида мухлисларга бориб тегди. Орадан бир неча йил ўтиб ”Мелодия” фирмаси унинг қўшиқлари ижро этилган “Алиса мўжизалар мамлакатида” спектакли дискини чиқарди, шунингдек, Францияда ёзилган учта муаллифлик қўшиқлари диски дунё юзини кўрди.
Владимир Висотскийнинг қўшиқчи сифатидаги илк расмий дебюти 1967 йилда Ленинградда бўлган эди. ”Восток” клуби аъзолари таклифига кўра ўтган бу концерт унинг учун юксалиш пиллапояси бўлди. Шундан сўнг унинг қўшиқлари дунё бўйлаб тарқала бошлади. ГФР, Канада, АҚШ, собиқ иттифоқининг барча йирик шаҳарлари, жумладан, Тошкент ва Навоийда у мухлислар даврасида қўшиқлар куйлади.
Адолатсизликка нафрат, озодлик истаги, инсоний муҳаббат тараннуми, шафқатсизликка, тўрачиликка муросасизлик, жамиятдаги энг оддий шахс ҳиссиётларининг самимий баёни унинг қўшиқларига ўзига хос жозиба бахш этарди.
В.Висотский шеърларидаги озод руҳ шўро мафкурачиларни тезда ҳушёр торттирди.Унинг суратга тушган киноларини ўтказмасликка, у суратга тушган киноларни чиқармасликка интилдилар, китоблари нашр қилишдан тўхтатиб қўйилди.
Жумладан, Владимир Висотский алоҳида меҳр билан эслаган ”Хизматдош икки ўртоқ” (1968) фильмида ижро этган бош ролни фильмни аёвсиз қисқартириш натижасида иккинчи даражали рол қилиб қўйишди. “Қисқа учрашувлар” фильми орадан 20 йил ўтиб,1987 йилда экранларга чиқарилди. ”Интервенция” фильми эса 19 йил архивда туриб қолди.Ўлимидан сўнг нашр этилган ”Асаб” шеърий тўплами учун 1987 йилда Давлат мукофоти берилганини кўролмади ҳам.
“Қўшиқларим таъқиқ этилган,
Ҳазили йўқ, имоним бутун.
Қирқ кунча оч яшаса бўлар,
Сувсиз — етти, менсизчи — беш кун”, —
дея ёзган эди шоир тузумнинг темир исканжаси ўз овозини бўғолмаслигига ишонч билан.
У умри давомида ҳақиқатни куйлади, у каби жаҳд ва жасорат билан ҳеч ким куйлай олмаган, ўшанда. ”Гап шундаки, куйлаётган қўшиқларимни барчаси матни ва куйини ўзим ёзаман, ўзим ижро этаман, қўлдан келганча гитарада куй чаламан. Шу боис мен асло эстрада қўшиқчилари сирасига кирмайман.Бу муаллифлик қўшиғи жанри, ижрочилик жанри. Буни куйлаш ҳам, маънони етказиш ҳам деса бўлади,” – деган эди ўз ижоди ҳақида В.Висотский 1973 йил 20 сентябр куни Тошкентда концерт бераётиб.
В.Висотский умри давомида 600 дан зиёд шеър ва қўшиқлар ёзди, теар саҳнасида 20 дан кинокартина ва телефилъмларда 30 дан ортиқ, радиоспектаклларда 8 та рол ижро этди.
Эркпарвар шоирнинг шеър ва қўшиқларини ўз она тилимизда ўқиш истиқлолимиз қадрига етишда барчамизга яқиндан ёрдам беради, деб ўйлайман. Шу боис 2005 йили шоирнинг ўттизга яқин шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, ”Тақиқланган қўшиқлар” номи билан “Янги аср авлоди”нашриётида чоп эттиргандим. Китоб 2007 йилда Польшада ўтган кўргазмада намойиш этилди.МДҲ давлатлари орасида Висотский китоблари Белоруссдан сўнг иккинчи бўлиб Ўзбекистонда чоп этилишига дахлдор бўлганимдан хурсандман.
Орадан 10 йил ўтиб унинг 50дан ортиқ шеърларини “Тақиқланган қўшиқлар” номини сақлаган ҳолда нашр эттиришни ният қилдим…Бугун 2018 йил 25 январда шоир таваллудининг 80 йиллиги дунё бўйлаб кенг нишонланади. В.Висотскийнинг мамлакатимиздаги ихлосмандлари ҳам ҳар йили ўтказилаётган концерт ва кечаларда уни хотирлайдилар. Аминман, ўша давраларнинг бирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ”Русская песня” биринчи халқаро фестивал лауреати Марат Ҳакимов В.Висотский қўшиқларини куйлайди. Қуйида В.Висотскийнинг “Тақиқланган қўшиқлар “ китобига киритилган шеърларидан тақдим этишга журъат қилдим.
BUGUN VLADIMIR VISOTSKIY TAVALLUD TOPGAN KUNNING 80 YILLIGI
Isyonkor ruhimiz qo‘lga o‘rganmaydigan bo‘riga o‘xshaydi. Bo‘rining zo‘ri esa Vladimir Visotskiy (ruscha: Vladimir Vыsoskiy) edi. Visoskiy tirik bo‘lganida bugun 80 yoshga kirgan bo‘lardi.
TAN OLIMAGAN MASHHUR
VLADIMIR VISOTSKIY
To‘ra Murod maqolasidan parcha
Isyonkor ruhimiz qo‘lga o‘rganmaydigan bo‘riga o‘xshaydi. Bo‘rining zo‘ri esa Vladimir Visotskiy edi. Visotskiy tirik bo‘lganida bugun 80 yoshga kirgan bo‘lardi.
Bolaligi
Vladimir Visotskiy 1938 yil 25 yanvar kuni Moskvada tug‘ildi. Bolaligi kommunal uyda o‘tgan Visotskiy xotirlaydi: “38 xonadon va bitta hojatxona”. Visotskiyning otasi harbiy aloqachi Semyon Vladimirovich (1915-1996), Onasi Nina Maksimovna (1912-2003) nemis tili tarjimoni bo‘lgan. 1947 yilda ular ajrashgach, xizmatga yuborilgan otasi va o‘gay onasi Yevgeniya bilan Germaniyada ikki yil yashadi, o‘sha yerda pianino chalishni o‘rgandi.
1955 yilda maktabni tugatgan Visotskiy Moskva injenerlik qurilish institutiga kirdi va bir semestr o‘qidi.
Yoshligi
1956-1960 yillarda Visotskiy MXATning aktyorlik maktabi talabasi bo‘ldi. 1959 yil “Jinoyat va jazo” o‘quv teatrida birinchi rolini ijro etdi. O‘sha yili kinoda ham tushdi (“Tengdoshlar”da epizodiy rol).
1- kursda Visotskiy Iza Jukova bilan tanishib, 1960 yilda unga uylanadi. 1965 yilda “713-qo‘nishga ruxsat so‘raydi” filmi suratga olinayotganda Visotskiy Lyudmila Abramova bilan tanishib qoladi va unga uylanadi.
Visotskiy 1- she’rini 1953 yilda yaqinda o‘lgan Stalin xotirasiga yozgan.
Qo‘shiqlari
Dastlabki qo‘shiqlari esa 1960 yilda paydo bo‘lgan. Birinchisi “Tatuirovka”. Aynan Visotskiy qo‘shiqlari bilan san’atda “Blatnoy qo‘shiqlar”, ya’ni “O‘g‘rilarning qo‘shiqlari” janri paydo bo‘lgan. Shundan keyin teatr va kinoda rollar ijro etsa-da, she’r yozib, qo‘shiq qilib bitta gitarada kuylash, “Monolog-kontsert”lar berish uning hayotdagi asosiy ishiga aylandi.
1964 yilda Vladimir Visotskiy Yuriy Lyubimovning komediya teatriga ishga olindi va umrining oxirigacha shu teatrda ishladi. O‘sha yili birinchi marta Visotskiy kinofilm uchun qo‘shiqlar yozdi.
1967 yil Visotskiy kelib chiqishi ruslardan bo‘lgan frantsuz aktrisasi Marina Vladi bilan tanishdi va 1970 yilda Marina Visotskiyning uchinchi xotiniga aylandi.
1968 yilda Visotskiyning 1- plastinkasi sotuvga chiqadi.
1969 yilda birinchi marta o‘lim xavfi Visotskiyning hayotiga chang soladi. Vrachlar 18 soat tomog‘ida qon tomiri yorilib ketgan Visotskiyning hayotini saqlab qolish uchun kurashadilar.
1971 yilda Tagankada “Gamlet” spektakli namoyishi bo‘ladi va Visotskiy o‘ziga mashhurlik keltirgan Gamlet rolini ijro etadi.
1972 yilda Estoniya televideniyesida, “Tagankadan kelgan yigitcha” ko‘rsatuvida Visotskiy birinchi marta sovet teleekranida paydo bo‘ladi.
1975 yilda Visotskiy tiriklik chog‘ida birinchi va oxirgi marta uning she’ri bosiladi. Yil adabiy-badiiy to‘plamiga uning “Yo‘ldagi kundalikdan” she’ri kiritilgan edi.
1978 yilda Visotskiyga “Oliy toifali estrada qo‘shiqchisi” maqomi beriladi.
Visotskiy SSSR va chet ellarda 1000 dan ortiq kontsertlar berdi.
So‘nggi kunlari
Visotskiy nohaqliklar ichra yashab, ijod qildi. Uni ishga olishmas, rol berishmas, eng yomoni, qo‘shiqlarini chiqarishmas, chet elga chiqqani ruxsat berishmas, ko‘p tanqid qilishar, xullas, erkin ijod qilgani qo‘yishmas edi. Bir qancha filmlarda u rolga tasdiqlanar, ammo “tepa”dan uni olib tashlashardi. Bular san’tkorga salbiy ta’sir etmay qolmasdi. Tushkunlik chog‘larda Visotskiy ichkilikka berildi. Buning oqibatida esa ba’zan buyragi, ba’zan yuragi “ushlab qoladigan” Visotskiyni hayotga qaytarish uchun vrachlar narkotiklarni qo‘llashardi. Shunday qilib, Visotskiyning hayotida yetmishinchi yillarning oxiriga kelib aroqning o‘rnini morfiy egalladi va uning dozalari ham ortib bordi.
Marina Vladi Visotskiyni davolatish uchu ko‘p urindi, afsuski, samarasi bo‘lmadi. Visotskiy 1979 yilning 25-iyulida Samarqandda, sahnada “o‘lib qoldi”. To‘g‘ridan-to‘g‘ri yuragiga qilingan ukol sharofati bilan “tirildi”.
1980 yil Moskvada Olimpiada bo‘ldi. Shu sababli narkotiklarni topish qiyinlashdi. 1980 yil 16 aprelda Visotskiy kontsertlarini so‘nggi marta tasvirga olishgan. Bu kontsert Leningradda bo‘lgan va unda Visotskiy o‘zining mashhur “Asov otlar”, “Gumbazlar”, “Bo‘rilar ovi” kabi qo‘shiqlarini ijro etgan va o‘z ijodi haqida hikoya qilgan. 1980 yil 2 iyunda Kaliningraddagi so‘nggi kontsertlaridan birida sahnada ahvoli yomonlashgan. 3- iyulda Moskva viloyatidagi kontsertda ahvoli yaxshi bo‘lmagan, ammo bir yarim soat o‘rniga ikki soat kontsert bergan. 14-iyulda so‘nggi qo‘shiqlaridan biri “Mening qayg‘um, mening sog‘inchim”ni kuylagan. 18 iyulda o‘zining sevimli roli Gamletni so‘nggi bor o‘ynagan.
Samarqanddagi “o‘limi”dan roppa-rosa bir yil o‘tib, 25 iyul kuni o‘zining Moskvadagi uyida, uyqusida bu dunyoni tark etgan. Yonida, o‘sha, Samarqandda yuragiga ukol qilgan do‘sti, shaxsiy vrachi Anatoliy Fedotov bo‘lgan. O‘sha kuni Visotskiy darddan qattiq azob chekkan. Oxirgi so‘zini onasiga telefonda aytgan: “Onajon, bugun men o‘laman!”
Uyqu dori bilan zo‘rg‘a uxlagan va … tongga yaqin yuragi to‘xtagan.
Manba: www.fayzbog.uz
Vladimir Visotskiy
SHE’RLAR
Qop-qora odam
Kulrang kostyumdagi qop-qora odam,
U vazir bo‘lgandir, boshliq, harbiy ham.
Masxaraboz yanglig‘ turqin yuz tuslab.
O‘pkangga tushirar, nogoh, besabab.
Sovuq tabassum-la qirqar qanotim,
Hayqirig‘im “dod”ga o‘xshar goh shundan.
Men esa azobdan tishlab labimni
Ohista ingrayman: Shukur, tirikman.
Irimchi edim men, izladim ta’bir.
Bir kun tugar dedim, barchasi bekor…
Hatto kabinetga yulqinib kirdim,
So‘ngra qasam ichdim — kelmayman takror!
Men haqimda kimdir gap yoydi goh kez:
— Parijga qatnaydi qo‘shni qishloqday,
Yurtdan haydash kerak bundaylarni tez,
Tavba, boshliqlarning ko‘zi qayoqda?!
Hovlim, maoshimdan so‘zladilar so‘ng,
Go‘yo pul domiga ketganmish mukkam,
Olinglar, barchasin sizlarga berdim,
Oling uch xonalik zindonimni ham!
El-yurtga tanilgan shoir do‘stlarim,
Ohista g‘urur-la qoqib yelkamga
Menga nasihatlar berdilar bari:
— Qofiya qilmagin “odam”ni “g‘am”ga.
Banogoh tugadi shunda bardoshim,
Sensirab qoshiga bordim o‘limning.
Hayqiriqdan cho‘chib, kelolmay yaqin
U ko‘pdan poylardi mening yo‘limni.
Hakam savolidan qochib yurmasman,
Javob bergum zero etsalar talab.
Umrimning eng szshggi lahzasigacha
Yashadim shu mo‘jaz yukim orqalab.
Ammo yolton nadir, nima muqaddas
Men erta angladim, bo‘lsam-da g‘arib.
Mening yo‘lim bitta shu xolos, do‘stlar,
Baxt tanlash imkoni etmagan nasib!
Yoqtirmasman
Jinim suymas noxush yakunni,
Hech vaqt yashab tolgan emasman.
Qanday fasl bo‘lsa ham g‘amgin
Kuyga kuni qolgan emasman.
Xush ko‘rmasman oliftalarni,
Ishonchimga kirmagan maqtov.
Yoqtirmam yot o‘qisa xatni,
Kibr bilan boqsa gar birov.
Bo‘linganda yomon ko‘raman
Gurkiragan avjida suhbat.
O‘q uzishsa qarshiman ortdan,
Manglaydan ham otishsa albat.
Farazona g‘iybatlar yanglig‘
G‘imirlagan shubha – dushmanim.
Shishaga tosh otilgan kabi
Azob bergan men uchun g‘anim.
Men qarshiman mutlaq ishonchga,
O‘zga fikr sig‘ar joy maqbul.
“Sha’n” poymoli ziddir quvonchga,
Kir bo‘lsa ham adolatbaxsh qo‘l.
Qayirilgan qanotlar rahmim
Keltirmaydi – zo‘rlik, ojizlik.
Chorcho‘p uzra mixlangan Iso
Faqat rahmim keltiradi lek.
Qo‘rqsam ortar o‘zimga nafrat,
Beayblarni urishsa – lolman.
Chidolmasman ko‘nglim toptashsa
Tupurishsa badtar – chidolmam!
Orzum emas minbar, sahnalar,
Bilaman, ko‘p ularga shaydo.
Solsa hamki dilga rahnalar
Suymagayman ularni aslo!
Qo‘shiqlarim ta’qiq etilgan…
Qo‘shiqlarim ta’qiq etilgan,
Hazili yo‘q, imonim butun.
Qirq kuncha och yashasa bo‘lar,
Suvsiz — yetti, mensiz-chi — besh kun.
Zamin haqida qo‘shiq
«Urug‘ tashlab ovvora bo‘lmang,
Zamin tamom kuydi» degan kim?
Kim — Zaminni o‘ldi deb aytgan, —
U faqat bir lahza qoldi jim.
Onaligi — Yerning tuganmas,
Bo‘lganidek dengizga suv xos.
Kim ishondi Zamin kuydi deb,
U anduhdan qoraydi xolos.
O‘yiq o‘xshar dardbaxsh yaraga,
Bu xandaqlar — chavaqlangan tan.
Zamin bizdek sezgir jismi-la,
Dardlarni his qilar daf’atan.
Nogironlar safiga qo‘shmang
Barchasiga mag‘rur chidar u,
Yer kuylamas deya kim aytdi,
Kim aytdi: Yer sukutda mangu?
Yo‘q, o‘lmagan, Ona Yer so‘zsiz,
Vujudidan artmoqda qonni.
Zamin, axir, bizning jonimiz,
Axir toptab bo‘larmi jonni?!
Zamin o‘ldi deya aytar kim?
Bir muddatga qolgandir u jim.
Cho‘qqi sari
M.I.Xergiane xotirasiga
Muzliklar chetidan odimlaysan sen,
Cho‘qqidan nigohing uzmaysan bir pas.
Tog‘lar bulut yutib uxlaydi ezgin,
Ko‘chkilar shaklida chiqarar nafas.
Biroq hech nigohin uzolmas sendan,
Go‘yo mangu orom etgandek va’da,
Har gal hushyor etar tosh ko‘chki bilan
Goh yuho yoriqlar irjayishi-la.
Tog‘lar falokatni sezishar oldin,
Dovonlar tumanda qoldi qisinib,
Sen hali fikriga bormasding, lekin
Yoprilish nimadir, tosh ko‘chkisi ne?
Yordamga chaqirib hayqirsang, tikka
Qoyalarni tutdi ohing nidosi.
Shamollar ovozing yoydi kenglikka,
Radioda’vatdek tog‘lar sadosi.
Dovon-chun jang borgan har lahza, har on,
Senga tushmasin deb dushman nigohi,
Har bir tosh ko‘ksini ayladi qalqon,
Qoyalar yelkasin tutdilar gohi.
“Oqil toqqa chiqmas” degan gap bekor,
Izmiga solmadi seni bu gumon.
Xarsanglar yumshadi, eridi muzlar,
Oyog‘ing ostida par bo‘ldi tuman.
Mangu qor bag‘rida yotsang abadiy
Eng yaqin kishingdek mung‘ayib ta’bi,
Qoyalar egilib boqar, dunyoda
Eng sobit yodgorlik lavhasi kabi…
Tuganmas g‘am
Har bir kimsa gina-kudratin
Vaqti kelib aylar faromush.
Mening g‘amim qor kabi mangu
Xotiramga urar sovuq musht.
Erimagay yoz chillasida
Vaqt zarbasi qo‘yganday silab.
Bilaman men qayg‘u-sog‘inchim
Umrim bo‘yi o‘tgum opichlab.
U pok edi misli oppoq qor
U pok edi misli oppoq qor,
Qunduzdek loy… Bu ne sinoat?
Qo‘l kuydirar uning maktubi
Haqiqatga duch kelar toqat.
Iztirob ne, g‘am ne bilmasman,
Ko‘z yoshimni quritar shamol.
Izim ko‘ma olmas izg‘irin,
Otimga dard keltirmas malol.
Soxtaligin bilmasdim bu yuz,
G‘alat o‘yin topmay intiho.
Mag‘lub bo‘ldim dildan ishonib
Umidimga so‘nggi imtihon.
Iztirob ne, g‘am ne, bilmasman,
Ko‘z yoshimni quritar shamol.
Izim ko‘ma olmas izg‘irin,
Otimga dard keltirmas malol.
Qoldiraman endi ortimda
Bu och osmon ostida ezgin
Ko‘z yosh bilan qorga ko‘milgan
Binafshayu, chinnigul atrin.
Iztirob ne, g‘am ne, bilmasman,
Ko‘z yoshimni quritar shamol.
Izim ko‘ma olmas izg‘irin,
Otimga dard keltirmas malol.
Ishonib chopmadim saroblar sari
Ishonib chopmadim saroblar sari
Bihishtni ko‘rmadim tushimda uxlab.
Yolg‘on bahri yutdi muallimlarni,
Magadan yonida tashladi tuflab.
Yuksakdan boqdim duch kelsa jirkanch ish,
Nopoklikdan xoli bo‘lmadim lekin.
Larzaga solmadi meni Budapesht,
Praga dilimni aylamadi xun.
Hayotu sahnada hayqirdik goho,
— Do‘stlarim, adashgan bandaga yormiz!
Hademay sezishar, berishar baho.
— Kim qarshi? — Joningdan umiding bomi?
Xavfni his etmoqni bilardik axir,
Ayozlar kelmasdan ancha ilgari.
Surbetlik ketidan kirardi aql,
Taqa-taq yopardi dil eshiklarin.
Alafdek qirmasa hamki shum o‘qlar,
Yurakni hovuchlab kun kechirdik biz.
Biz ham Rossiyaning mudhish kunlari
Aroqqa o‘rgatgan bolalarimiz.
Men sevdim, g‘am chekdim…
Shunday bo‘ldi, sevdim, chekdim g‘am.
Orzu edi uning visoli.
Oppoq otda farishta misol
Tushlarimga kirardi xoli.
Donolarning so‘zin unutib,
Izlarini bosdim labimga.
Ey, dilrabo gunoh malagi,
Ey sarob baxt, qismating nima?
Ko‘nglimizda yashnab bahorlar,
Begonadek edi dardu g‘am.
Ishq o‘tida sarmast boshlarga
Yotdek edi hatto sog‘inch ham.
Endi qo‘zda yosh-la kulaman,
Kafan bichib solgum jonimni.
Zero qo‘rquv, o‘lim nafasi
Muzlatadi qaynoq qonimni.
Bildim, endi aytmasman qo‘shiq,
Bildim, endi tushlar ko‘rmasman.
Kechirganim barchasi sarob,
Ro‘yolardan kunlar o‘rmasman.
Iyd libosin qoldig‘in o‘tga
Otib, sozim torin yulaman.
Soxta umid quli bo‘lguncha
Lofga tobe bo‘lmay o‘laman!
Amirqul Karim tarjimalari