19 ноябр — Давлат ва сиёсат арбоби Нуритдин Муҳитдинов таваллуд топган кун
1924 йилдан то 1991 йилгача бўлган собиқ иттифоқ давридаги Ўзбекистон раҳбарлари ичида энг довруқлиларидан бири, шунингдек ўзининг ақлу заковати, нотиқлиги ва ташаббускорлиги билан олдинги сафлардан бирида турувчи Нуритдин Акрамович Муҳитдинов эди…
Умид БЕКМУҲАММАД
МУҲИТДИНОВ ҚАНДАЙ МЕРОС ҚОЛДИРГАН ЭДИ?
1924 йилдан то 1991 йилгача бўлган собиқ иттифоқ давридаги Ўзбекистон раҳбарлари ичида энг довруқлиларидан бири, шунингдек ўзининг ақлу заковати, нотиқлиги ва ташаббускорлиги билан олдинги сафлардан бирида турувчи Нуритдин Акрамович Муҳитдинов эди.Гарчи Нуритдин Акрамович атиги 2 йил давомида-1955-57 йилларда Ўзбекистонга раҳбарлик қилган бўлсада (ундан олдин республика министрлар кенгашининг раиси, ўринбосари, ташқи ишлар министри,Тошкент ва Наманган вилоятлари раҳбари, Ўзкомпартия лектори бўлиб ишлаган), кейинчалик доимий равишда нигоҳи, эътибори,бутун қалби Ўзбекистонда бўлган ШАХСлардан бири бўлган.
Ўз даврида собиқ иттифоқдаги энг юқори мартабалардан бири-КПСС Марказий кенгашининг котиби, Сиёсий бюро аъзоси(1957-61 йиллар) ва бошқа мансабларда ишлаган Н.А.Муҳитдиновнинг ҳаёт фаолияти “Кремлда ўтган кунларим”(Тошкент-1994) ва “Вақт дарёси: Сталиндан Горбачёвгача” (Москва-1996) номли мемуарларида акс этган.
Бундан ташқари Нуритдин Акрамович ижтимоий ҳаётда фаол ШАХС сифатида “Фан ва турмуш”, “”Ёш ленинчи”, “Тафаккур”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” газетаси саҳифаларида ҳам кўплаб мақолаларини эълон қилиб борган.
Бугунги ислоҳотлар жараёни ва тарихимизда Н.А.Муҳитдиновнинг тутган ўриндан келиб чиқиб юқоридаги мақолаларни ҳам тўплаб нашр этиш лозим менимча. Негаки уларда юртимиз тарихининг янги даврига оид Нуритдин Акрамовичнинг қарашлари акс этган.Шунингдек, “Кремлда ўтган кунларим”, “Вақт дарёси” асарларини ҳам қайта этиш зарурати бор деб ўйлайман.
Шунингдек, Нуритдин Акрамовичнинг ўзбеклар орасидан етишиб чиққан ўз давридаги энг машҳур давлат ва жамоат арбоби бўлганлиги, юртимиз тараққиётида ўз ўрнига эга эканлигидан келиб чиқиб у кишининг номини абадийлаштириш ( у киши раҳбарлик қилган Наманган ва Тошкент вилоятлари кўчаларига номини қўйиш) (афсуски ўтган йили унинг 100 йиллиги деярли нишонламади), “Нуритдин Муҳитдинов замондошлари хотирасида” асарини нашрга тайёрлашни, ҳужжатли фильм ишлаш масаласини, ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий тадқиқот ишлари олиб боришни ҳам тезлаштириш керак.
Қуйида эътиборингизга Н.Муҳитдиновнинг ўз тенгдоши ва сафдоши Шароф Рашидов ҳақидаги мақоласини эълон қилишни маъқул кўрдик.
НУРИТДИН МУҲИТДИНОВ
1983 ЙИЛДАГИ ИККИ УЧРАШУВ
Нуриддин Акромович Муҳитдинов (1917-2008) — Давлат ва сиёсат арбоби, дипломат. Москвадаги савдо-кооператив институтини тугатиб (1938), турли лавозимларда ишлади. 2-жаҳон уруши қатнашчиси. 1946-йилдан унинг сиёсий фаолияти бошланди. Наманган вилоят партия қўмитаси котиби ва 1-котиби (1947-50), Ўзбекистон Компартияси МК котиби (1950-51), Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси (1951-53, 1954-55), Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири (1953-54), Ўзбекистон Компартияси МК 1-котиби (1955-57), КПСС МК котиби (1957-61). КПСС МК Президиуми аъзолигига номзод (1956-57), аъзо (1957-61). СССР Министрлар Совети Хорижий мамлакатлар билан маданий алоқалар комитети раисининг 1-ўринбосари (1966-68), СССРнинг Суриядаги элчиси (1968-77), СССР савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари (1977-85), Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг маслаҳатчиси (1986-87), “Ёдгорлик” тарихий маданий мерос жамияти раиси (1987-96), “Олтин мерос” Халқаро хайрия жамғармаси бош маслаҳатчиси (1996 йилдан).
1983 йил ноябр ойи бошида мен Женевада эдим. Бу ерга биз Швейцария томонининг таклифига биноан икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо алоқаларини янада ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун СССР савдо-саноат палатаси вакиллари сифатида келган эдик. Белгиланган вазифалар деярли бажарилгач, мезбонлар-швецариялик ҳамкасбларимиз Воок ва Веран жаноблари бизга Швейцариярия бўйлаб автомобилда сайёҳат қилишни таклиф этишди. Биз рози бўлдик. Мамлакатни айланиб чиққач, охирги куни Альп тоғларига кўтарилдик. Швейцариянинг гўзал табиат манзаралари бизни мафтун этди.
Оқшом тоғдан тушгач, швейцариялик ҳамкасбларимиз бизни Женева кўлидаги сузувчи ресторанда меҳмон қилишди.
Шунда дастурхондаги хуштаъм винолардан энди бир қадаҳдан ичганимизда совет бош консулхонасининг ходими Смирнов секин ёнимга келиб, “ Рашидов вафот этибди”, дея пичирлади. Мен ҳайрон бўлиб:
— Нима деяпсиз?!-дедим.
— Рашидов вафот этибди,-деди у яна секин,-радиодан ўз қулоғим билан эшитдим.
Менда қаттиқ безовталик бошланган бўлса ҳам, даврадагиларга билдирмасликка, уларнинг яхши кайфиятини бузмасликка ҳаракат қилдим. Лекин иложи бўлмади, улфатларим ўзгариб қолганлигимни сезишди. Мен уларга қайғули хабарни айтишга мажбур бўлдим. Даврадагиларга Рашидов ва Ўзбекистон, марҳум билан ишлашган йилларимиз ҳақида гапириб бердим.
Мезбонлардан бири аллақаердан қўлда кўтариб юрадиган кичик радиоприёмник топиб келди. Даврадагилар уни турли тўлқинларга олиб, Рашидов вафоти ҳақидаги хабарни радиодан эшитмоқчи бўлишди.
Рашидовнинг вафоти ҳақидаги хабарни Оврўпа ва Яқин Шарқдаги деярли радиостанциялар беришди. Аммо унинг вафоти сабаблари ҳақида турли радиостанциялар турлича хабар тарқатишди.Бири Рашидов ўзини-ўзи отди, деса, иккинчиси заҳар ичиб ўлди, учинчиси унга суиқасд қилишди, тўртинчиси автомобиль ҳалокатида ҳалок бўлди, дейишарди.
Кейин менга маълум бўлишича, Рашидовнинг ўлими тўғрисида бундай ҳар хил гап-сўзларнинг тарқалишига Ўзбекистон ва Москва матбуотларидаги хабарлар сабаб бўлган экан Рашидов вафоти ҳақида ёзилган таъзияномада “ тўсатдан, бевақт вафот этди”, деб ёзишган. Мана шу ноаниқлик чет элда ва мамлакатда ҳар хил миш-мишларнинг юзага келишига сабабчи бўлди.
Мен Женевада Рашидов вафоти сабаблари ҳақидаги турли-туман ахборотларни эшитиб хаёлим қочди. Ўша йили мен Шароф Рашидович билан икки марта-май ва август ойларида учрашган эдим. Сўнгги бор учрашганимизда у кўзимга жисмонан бардам кўринган, қиёфасида касаллик аломати сезилмаган эди. Ёш жиҳатидан ҳам ўртача ёшда эди. У нима бўлиб вафот этди экан, деган фикр хаёлимдан кетмай қолди.
Телефонда Париж орқали Тошкент билан боғландим. Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг навбатчиси мен билан сўзлашиб, Рашидов Қорақалпоғистонда вафот этганлигини, дафн маросими 2 ноябр соат 12 га белгиланганини айтди. Дафн маросимида қатнашиб, у билан видолашиш ҳақида ўйладим. Лекин бунинг иложи йўқ-Женевадан Тошкентга етиб бориш учун вақт оз қолган эди. Бунинг устига ҳали швейцариялик ҳамкасблар билан ҳамкорлик тўғрисидаги бир нечта битим ва протоколга имзо чекишимиз керак.
2 ноябрда самолётнинг тунги рейсида учиб, 3 ноябрь кундузи Москвага етиб келдим ва аэропортдан тўғри Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонасига бордим. Бу ерга келиб-кетаётган кишилар кўп эди. Ваколатхона бошлиғи Тошкентда экан. Мени унинг ўринбосари В.Тихомиров кутиб олди. У билан бошлашиб, ваколатхонанинг маросимлар зали тўрига қўйилган, гардиши қора лента билан ҳошияланган Шароф Рашидович портрети ёнига бориб турдим. Шунда беихтиёр у билан бирга ишлашган, юрган, турган, суҳбатлашган пайтларимиз кўз ўнгимдан ўта бошлади…
Ўзбекистон Коммунистик партияси ташкил этилгандан бери унинг Марказий Қўмитасига етти киши биринчи котиблик қилди: Владимир Иванов, Акмал Икромов, Усмон Юсупов, Амин Ниёзов, Нуриддин Муҳитдинов, Собир Камолов, Шароф Рашидов. Шароф Рашидович бу ҳамкасблари орасида энг узоқ ишлаган ва энг кўп эътиборга сазовор бўлган инсондир. Унга икки марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони берилди. Ленин мукофоти ва ўндан ортиқ Ленин ордени, яна бир қатор орден ва медаллар билан тақдирланди. Мана, энди бу одам йўқ.
Шароф Рашиович портрети ёнида қанча турганлигим ёдимда йўқ. Тихомиров секин тирсагимдан ушлаб : “Нуриддин Акрамович , одамлар кутиб қолишди”, деганидан кейин ўзимга келдим. Ёнимга қарасам, Рашидов портрети ёнида фахрий қоровулда туришни истаганлар навбат бўлиб қолишибди. Ўнгга бурилиб, эшик томон юрдим.
Уйга келсам, оиламдагилар ҳам воқеадан хабардор бўлишган экан. Рафиқам Мукаррам билан Тошкентга-Рашидовнинг уйига қўнғироқ қилиб, оиласига таъзия билдирдик. Унинг рафиқаси Хурсандой Шароф Рашидович қандай вафот этганлигини, ўлими арафасидаги аҳволини, айтган сўзларини гапириб берди. Жумҳурият раҳбарларига ҳам қўнғироқ қилиб, ўз таъзимни изҳор этдим.
Уйда ўтириб газеталарда кенг тарзда ёзилган хабарларни-Шароф Рашидовнинг фаолияти ва хизматлари тўғрисида илиқ гаплар ёзилган таъзияномани ўқидим. Таъзияномага КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси бюроси аъзолари, вилоят қўмиталарининг биринчи котиблари ва бошқа арбоблар-жами 52 киши қўл қўйган эди. Эртаси республика газеталарини олдик. Уларда Рашидов билан видолашув маросими кенг ёритилган эди.
“Совет Ўзбекистони” газетасида ёзилишича, дафн этиш комиссиясининг раиси Иномжон Усмонхўжаев мотам митингини очатуриб шундай деган:
“Доно ва катта тажриба эгаси бўлган улкан оғамиз, дўстимиз, ўртоғимиз энди йўқ, биз уни инқилоб ишига содиқлиги учун, мақсад йўлида ноб курашчи, маъсулиятни чуқур ҳис этувчи бўлганлиги, тенги йўқ камтарлиги учун илиқ севар эдик.
У оташин байналминалчи, содиқ коммунист-ленинчи эди. Унинг бутун ҳаёти партияга, халққа сидқидил билан хизмат қилиш намунасидир…”
Мотам митингида нутқ сўзлаганларнинг ҳаммаси шу руҳда гапирган. Марҳумни қабрга қўйиш олдидан Вазирлар Кенгаши раиси Н.Ж.Худойбердиев сўнгги бор видолашув нутқини сўзлаб шундай деган: “Биз доно раҳбаримиз, устозимиз, отамиз ва ўртоғимизнинг жасади олдида бошимизни эгамиз. Миннатдорлик билан тўлган қалбларимизда хотирангиз умрбод қолади, унутилмас, Шароф Рашидов!”
Уни шаҳар марказидаги В.И.Ленин музейи рўпарасидаги хиёбонга зўр тантана билан дафн этишди. Бу ер 1917 йилгача Туркистон бош ҳарбий губернаторининг ташқари ҳовлиси бўлган.
Дафн этиш комиссияси аъзолари шу жойни танглаганликларини маълум қилишганда дафн маросимида қатнашган КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзолигига номзод, КПСС МК котиби В.И.Долгих бунинг учун Москвадан рухсат олиш кераклигини айтган. Москвага қўнғироқ қилишганида:
— Тошкентда раҳбарлар дафн этиладиган қабристон борми?,-деб сўрашган.
— Ҳа, бор,-деб жавоб беришибди.
-Рашидовни ҳам ўша қабристонга дафн этиш маъқулдир.
Лекин Ўзбекистон раҳбарлари ўз қарорларини тўғри ҳисоблаб, Рашидовни Ленин музейи рўпарасидаги хиёбонга дафн этишди.
Илгари бу жойга Йўлдош Охунбобоевни ҳам, Усмон Юсуповни ҳам дафн этиш масаласи муҳокама этилган. Кейин шаҳарнинг ҳар жойида ҳар бир кишига алоҳида қабристон очавериш тўғри бўлмаса керак, деган мулоҳаза билан Йўлдош Охунбобоев Кафанов номидаги майдондаги Биродарлар қабристонига, Усмон Юсупов эса Фаробий номидаги ( Чиғатой) қабристонига дафн этилганлар.
. . . . .
Швейцарияда Альп тоғига чиққанимизда устим юпунроқ эди. Қорли чўққилар ёнига борганимизда ҳавонинг салқинлиги сезилиб, баданим бироз жунжиккан эди. Шунинг асорати бўлса керак, уйга келганимда кечаси бирдан ҳароратим кўтарилди. Уйдагилар “тез ёрдам”ни чақиришди. Дастлабки тиббий ёрдамдан кейин эрталаб ҳароратим бироз пасайди. Шундан кейин шифокорлар мени Мичурин кўчасидаги шифохонага олиб бориб ётқизишди. Бу ерда ўн тўрт кун даволандим.
Бир куни шифохона вестибюлига чиқсам, ўриндиқда ўтирган хушрўйгина , қора соч, қора кўз, ёш жувон ўрнидан туриб:
-Ассалому алайкум, Нуриддин Акромович!,-деди.
-Ваалайкум ассалом!
Жувон танишдай туюлди, лекин қаерда кўрганлигимни эслай олмадим. У буни пайқаб:
— Мени танимадингиз-а,-деди.
— Кўзимга таниш кўринаяпсиз. Лекин қаерда кўрганимни эслолмаяпман.
-Мен-Тамараман, Қаллимбек Камоловнинг қизи, Шароф Рашидовнинг келиниман.Қорақалпоғистонга борганингизда уйимизда меҳмон бўлгансиз. Ўшанда мен ёш қизча эдим…
— Бўлди, бўлди, ҳаммаси ёдимга тушди. Биз отангиз Қалимбек Камолович билан қадрдон дўст эдик. Отангиз, онангиз соғ-саломатмилар? Қайнотангиз вафот этиб, оилангиз бошига мусибат тушибди, таъзия билдираман.
-Раҳмат!
Тамара билан бироз суҳбатлашдик. У ақлли, маданиятли аёл экан, қайнотасининг сўнгги кунлари, ўлими ҳақида гапирди.
Олдиндан шуни айтишим мумкинки, Шароф Рашидович билан бирга ишлашган йилларимиз баъзи бир масалаларни ҳал этганимизда турлича фикр билдирган, анча тортишган пайтларимиз бўлган. Лекин ўзаро муомиламиздаги лутф, бир-биримизга эътибор, иззат-ҳурмат ҳеч қачон ўртамиздан кўтарилмаган.
Шароф Рашидов иккимиз тенгдошмиз- у 1917 йил 6 ноябрда Жиззах шаҳрида, мен ўша йили 19 ноябрда Тошкентда туғилганман. У билан 36 йил мобайнида мустаҳкам алоқада бўлганмиз. Шундан саккиз йил мобайнида республиканинг юқори раҳбар ташкилотларида ёнма ён ишлаганмиз.
КПСС Марказий Қўмитасига ишга ўтганлигим муносабати билан 1957 йилда оилам билан Москвага кетдим. Шундан бери қаерда бўлмай ва қандай лавозимда ишламай, байрамларда ва бошқа муҳим воқеалар муносабати билан иккимиз мунтазам бир-биримизга табрикномалар юбориб турганмиз. Мен ҳар гал командировка билан, йўл-йўлакай ёки меҳнат таътили олиб Тошкентга келганимда албатта у киши билан учрашардик.Ҳатто менинг ташрифим дам олиш кунига тўғри келган бўлса ҳам, у барибир учрашув учун вақт топарди.
Шароф Рашидович билан биринчи марта 1947 йил октябрда учрашганмиз. Ўшанда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг тарғибот бўлимида “Қизил Ўзбекистон” газетаси муҳарририятининг иши муҳокама қилинди. Газета бош муҳаррири Ш.Рашидов маъруза қилди, текширишда қатнашганлар ва таклиф этилганлар музокарада иштирок этишди. Мен ўз нутқимда ( бу пайтда Наманган вилоят партия қўмитасининг мафкура бўйича котиби бўлиб ишлардим) газета чиқишларининг ижобий томонларини, шунингдек айрим мақолалардаги камчиликлар ва бўш томонларини таъкидладим, бир қатор таклифлар киритдим. Маърузачи сўнгги сўзида фикрларимга қўшилганлигини маълум қилди.
1949 йилда Рашидов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлиб ишлаётганида Наманганга борди. Мен бу пайтда вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлардим. Уч кун мобайнида биргаликда туманларда, жамоа ва давлат хўжаликларида бўлдик, тоғдаги яйловга бориб қимизхўрлик қилдик, Катта Фарғона каналида чўмилдик, вилоятдаги ёзувчилар ва зиёлиларнинг вакиллари билан учрашдик.
Кечқурун вилоят ижроия қўмитаси боғида иккимиз ёлғиз ўтирдик. У вилоятда бўлиши ва таассуротлари тўғрисида ҳаяжонланиб гапирди, абадий дўстлигимиз ва биродарлигимиз учун қадаҳ кўтарди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси апрель ( 1950 йил) Пленумида иккимиз ҳам Марказий Қўмита бюро аъзоси этиб сайландик ва шу куни раҳбарлик лавозимини эгалладик: у жумҳурият Олий Кенгаши Раёсати раиси, мен Марказий Қўмита мафкура бўйича котиби бўлдим.
Ўша пайтда Москвада республика адабиёт ва санъати ўн кунлигини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётган эди. Ш.Р.Рашидов комиссия раиси, мен унинг муовини этиб тайинландим. Ўн кунлик муваффақиятли ўтди, республиканинг адабиёт ва санъатдаги ютуқлари юксак баҳо олди…
Баъзи масалаларда Шароф Рашидович билан қарашларимиз зид келган пайтлар ҳам бўлган. Мавриди келса, бу ҳақда кейинроқ яна ёзиш насиб этар, деб ўйлайман…
1956 йил 14-25 февраль кунлари КПСС 20 съезди бўлди. Бу тарихий съезд бўлиб, шахсга сиғинишнинг зарарли оқибатлари тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Шу съездда мен КПСС Марказий Қўмитаси Раёсатига ( Сиёсий бюро) аъзоликка номзод этиб сайландим.
Ўзбекистонга қайтгач, биз ғоят кескин масала-1937-38 йилларда қатағон қилинган ўртоқлар ишларини қайта кўриб чиқиш билан шуғулландик. Махсус комиссия тузилиб, у ҳар бир делони батафсил ўрганиб чиқди, тегишли таклифлар ва ҳужжатлар тайёрлади. Уларни аввал котибият кўриб чиқар, сўнг Марказий Қўмита бюросида тасдиқланар, ана шундан кейин Иттифоқ раҳбар ташкилотларига тақдим қилинарди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг ташаббуси ва бевосита иштироки билан 1956-58 йилларда илгари ўлкада ишлаб қатағон қилинган, турли миллатга мансуб бўлган талайгина партия, давлат ва жамоат ходимлари, зиёлиларнинг вакиллари оқландилар. Бир неча минг кишидан “халқ душмани” деган тамға олиб ташланиб, уларнинг қадр-қимматлари тикланди…
Мен Москвада бўлганимда , бош прокурор Р.А.Руденкога ва КПСС Марказий Қўмитасидаги масъул ўртоқларга Файзулла Хўжаевнинг ҳам пок номини тиклаш масаласига ижобий қарашимн айтдим.
Роман Андреевич Руденко ва Аверкий Борисович Аристов мени тушунишганини изҳор этиб, фикримга қўшилишди, ижобий қарор тайёрлашга ваъда беришди.
Файзулла Хўжаев ҳам А.Икромов сингари оқланди. Унинг онаси Райҳон опа ва рафиқаси Маликахон сургунда вафот этишган эди. Иккинчи хотини Фотима ва қизи Вилоят қайтиб келишди.
Абдулла Қодирийни оқлаш масаласида ҳам жуда қаттиқ тортишув бўлди. Баъзилар Абдулла Қодирийни оқлашга қаттиқ қаршилик кўрсатаётганлиги сабабли ҳам мен Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби бўлатуриб, 1956 йил 3 ноябрда Марказий Қўмитага хат ёздим. 1956 йил 6 ноябрда бу мактуб тўрт ярим соат муҳокама қилиниб, унда баён қилинган Абдулла Қодирийга берилган баҳо, хулоса ва таклифлар маъқулланди. Шундан кейин ёзувчи ва олимлардан иборат уч комиссия тузилди. Мазкур комиссияларга ёзувчининг асарларини нашрга тайёрлаш вазифаси топширилган эди, бу иш ўз вақтида амалга оширилди.
1957 йил 16 декабрда КПСС Марказий Қўмитаси Пленуми бўлди. Унда Хрушчёвнинг таклифи билан мени КПСС Марказий Қўмитаси котиби ва Раёсати ( Сиёсий бюро) аъзоси этиб сайлашди. Эртасига Марказий Қўмита Раёсати мажлисида Н.С.Хрушчёв менга Тошкентга учиб бориб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси раҳбариятини тузишда, жумладан, бошқа биринчи котибни сайлашда ёрдам беришни ва мунтазам яшаш ва ишлаш учунМосквага қайтиб келишни таклиф қилди. Кейин кимни Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби этиб сайлаш мумкин, деб қизиқди. Бу саволга тайёр эмасдим. Марказий Қўмита бюро аъзоларидан бир нечтасининг, шу жумладан Ш.Рашидовнинг ҳам номини айтиб, буларнинг ҳар бири ушбу лавозимда муваффақиятли ишлаши мумкин, дедим. Сўзимни тинглагач, Н.С.Хрушчёв шундай деди: “Мен шахсан Рашидовни биламан, бошқалар билан умумий тарзда танишман”.
Тошкентга 1957 йил 22 декабрь кечқурун келиб, аэропортдан тўғри Марказий Қўмитага бордик. Бюро аъзоларига Марказий Қўмита биринчи котиблигига кимни сайлаш кераклиги ҳақида ўзингиз ўйлаб кўринг, дедим. Эртага куннинг иккинчи ярмида бу масалани муҳокама қилишга тўпланишни таклиф қилдим. 28 декабрда Пленум чақиришга қарор қилинди. Биринчи котиб лавозимига номзод танлашга аралашмаслик учун ўша заҳоти Эски шаҳарда яшайдиган отамнинг олдига кетдим.
Эртаси куни соат 14 да Марказий Қўмитага бюро мажлисида қатнашиш учун келдим. Ўртоқлар ҳар томонлама муҳокама қилиб, Собир Камоловни Марказий Қўмита биринчи котиби, Мансур Мирзааҳмедовни эса республика Вазирлар Кенгаши Раиси этиб сайлаш тўғрисидаги таклифни Пленумда қараб чиқиш учун киритиш мақсадга мувофиқ, деб тан олинганини маълум қилишди. Ҳар икки номзод республикада таниқли арбоблар, раҳбарлик вазифаларида узоқ вақт ишлаганликларини ҳисобга олиб, бюро аъзолари фикрини қувватладим. Хрушчёвнинг Рашидов ҳақидаги луқмасини айтганимда, уни ўша вақтдаги юқори лавозими-республика Олий Кенгаши Раёсати раиси лавозимида ишлайвергани маъқул дейишди.
Собир Камолович Камолов КПСС Марказий Қўмитаси қошидаги Олий партия мактабини тамомлаган, Қорақалпоғистон ва Фарғона вилоятлари партия қўмиталари биринчи котиби, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси тармоқ котиби бўлиб ишлаганди, ўша пайтда республика Вазирлар Кенгаши раиси бўлиб ишлаётган эди.
Мансур Зиёевич Мирзааҳмедов эса партиядаги фаолиятини бошланғич партия ташкилотидан бошлаб, барча босқични босиб ўтган, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг кадрлар бўйича котиби, Андижон вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаганди. Ўша пайтда республика Вазирлар Кенгаши раиси биринчи ўринбосари эди.
Бюро мажлиси тугагач, Москвага қўнғироқ қилдик. Никита Сергеевич иш жойида йўқ экан, Раёсат аъзоси, ўша пайтда ташкилий ва ички партия ишлари билан шуғулланган КПСС Марказий Қўмитаси котиби А.И. Криченко билан боғландим. Унга Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси бюроси қарорини маълум қилдим. У менга Н.С.Хрушчёв грипп билан оғриб қолди, уни безовта қилиш керак эмас, деди. Кейин қўшимча қилди: “Ҳамон сенга топширилдими, ўзбекистонлик ўртоқларнинг фикрларига қулоқ солавер”.
27 декабрда республика партия-хўжалик активини ўтказиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва транспорт соҳасидаги 1957 йил якунларини муҳокама қилдик ва келгусидаги вазифаларни белгиладик.
Эртаси куни, 28 декабрда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси Пленуми бўлди. Уни Марказий Қўмита иккинчи котиби Р.А.Мельников очди ва у охиригача раислик қилди. КПСС Марказий Қўмитасига ишга ўтганлигим муносабати билан мени ЎЗбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби ва бюро аъзоси вазифасидан озод қилишди. Кейин Р.А.Мельников Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси котиби М.А. Абдураззоқовга сўз берди. У Марказий Қўмита Бюро мажлиси бўлганлигини унда ҳар томонлама муҳокама қилиб ва чамалаб кўриб, С.К. Камоловни Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби этиб сайлаш тўғрисидаги таклифни Пленумда қараб чиқиш учун киритишга қарор қилинганлигини маълум қилди. Кейин қисқача таржимаи ҳолини гапириб берди ва уни таърифлади. Овоз бериш йўли билан С.К.Камоловни сайлашди, ҳеч ким қарши чиқмади.
Шундан кейин М.А.Абдураззоқов С.К.камолов ўрнига М.З.Мирзааҳмедовни Вазирлар Кенгаши Раислигига тавсия этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги бюро фикрини маълум қилди. Бунга ҳам мулоҳаза, эътироз ёки бошқа бир номзодни айтишмади.
Пленум О.А.Алимов, Р.Ғ.Ғуломов, Т.Қ.Қамбаров ва С.Н. Нуриддинов ўртоқларни Марказий Қўмита Бюро аъзолари этиб сайлади.
Охирида , қисқача нутқ сўзлаб, биргаликда ишлаганлигимиз учун ташаккур билдирдим ва республика партия ташкилоти ва барча меҳнаткашлари олдида турган долзарб вазифаларга тўхталдим. Шу билан пленум ўз ишини тамомлади. Ўша заҳотиёқ Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси Пленуми қарори тўғрисида КПСС Марказий Қўмитасига ахборот юборишди. У ерда маъқул топишди.
Куннинг иккинчи ярмида бизнинг ҳаммамиз Тошкент шаҳрида янги аэровокзал очилишида иштирок этдик.
1958 йил 5 январь кечқурун Москвага кетгач, эртаси куни КПСС Марказий Қўмитасига ишга бордим. Хонамдан Н.С.Хрушчёвга қўнғироқ қилдим. У учрашувни соат 12.00 га белгилади. Ҳузурига кириб, Ўзбекистондаги кадрлар алмашуви тўғрисида гапира бошлагандим, сўзимни бўлиб, ахборотни ўқиганлигини айтиб, ўзининг айрим мулоҳазаларини билдирди. Кейин деди: “Яхшилаб жойлашинг, шароитга кўникинг, ҳозирча аппарат иши билан танишинг, бўлим мудирлари билан суҳбатлашинг, ким нима билан шуғулланишини билинг, кейин Сизнинг вазифаларингизни белгилаймиз”.
15 ойдан кейин чет эл командировкасидан қайтиб келиб, газетада Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси 11 пленуми бўлиб ўтганлиги ҳақидаги хабарни ўқидим. Пленумда етти йиллик режа бажарилишининг дастлабки якунлари қараб чиқилгач, С.К.Камоловни Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби вазифасидан озод қилиб, Ш.Р.Рашидовни Марказий Қўмита биринчи котиби этиб сайлашибди.
1959 йилда ССССР Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари К.Федин, А.Сурков КПСС Марказий Қўмитаси маданият бўлими мудири П.А. Поликарпов қабулида бўлишиб, асарлари Ленин мукофотига тақдим этилган ёзувчилар, шоирлар, драматурглар тўғрисида ахборот беришади. Улар Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти кимларни қўллаб-қувватлашни кўзда тутаётганлигини маълум қилишиб, Ўзбекистондан Ленин мукофотига Ш.Р.Рашидовнинг “Бўрондан кучли” романи тақдим этилганлигини таъкидлашибди. Асарни диққат билан ўрганиб чиқиб, бу роман юксак бадиий қимматга эга эмас, унга мукофот бериб бўлмайди, деган фикрга келишибди.
П.А.Поликарпов КПСС Марказий Қўмитаси котибияти мажлисида мана шуларни айтди.Марказий Қўмитанинг барча котиблари ва иштирок этаётганлар Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларининг Ленин мукфотини олиш учун номзодлари қайтарилиши сабабларига қўшилишди. Шу ернинг ўзида менга шахсан Рашидовга қўнғироқ қилишни ва романини мукофот олишга қўйилганлар рўйхатидан қайтариб олишни тавсия этишни топширдилар.
Шароф Рашидовичга қўнғироқ қилдим. Ёзувчилар уюшмаси правленияси ва КПСС Марказий Қўмитаси котибиятининг фикрларини очиқ айтмай, номзодини Ленин мукофоти лауреатлигига қўйиш тўғрисидаги материалларни қайтариб олишни тавсия қилдим.
Анча давом этган сукунатдан кейин Шароф Рашидович:
-Нима учун?,-деб сўради.
Унинг иззат-нафсига ортиқча тегмасликка ҳаракат қилдим:
— Ҳозирги мавқеингиз, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби эканлигингизни ҳисобга олганда шундай қилганингиз маъқул, деган фикр бор.
— Ёзувчилар ташкилотининг ўзи кўриб чиқсин.Ўшалар қандай қарорга келишса, шундай бўлади…-деди Шароф Рашидович.
КПСС Марказий Қўмитасидан ишдан кетишимнинг асосий сабаби шундаки, мен М.А.Суслов билан келишолмай қолган эдим. У КПСС Марказий Қўмитасининг мафкура комиссияси, мен эса унинг муовини эдим. Иккимиз СССР Олий Кенгаши икки палатаси-у Иттифоқ Кенгаши, мен Миллатлар Кенгаши ташқи ишлар бўйича комиссиялари раислари эдик. Иш жараёнида биз у билан турли хил, айрим вақтларда мафкура назария, сиёсатга доир принципиал масалалар юзасидан қарама-қарши фикрлар билдириб қолардик. Бундан ташқари, мен унинг иш услуби, фикрлаши, ақидапарастлигига кўникаолмасдим. Икки марта бундай тортишувларимиз Марказий Қўмита Раёсатида муҳокама қилинган эди. Шундан кейин мен Никита Сергеевичдан Ўзбекистонга қайтаришини сўраганман.Н.С.Хрушчёвни ҳурмат қилардим ва ҳозир ҳам ҳурмат қиламан. Унга катта ёшдаги ўртоғимиздай муносабатда бўлардим ва у менга-тақдирнинг тақозоси билан мамлакат раҳбариятининг олий табақаларига ишга келган, узоқ ўзбек қишлоғидан чиққан оддий бир кишига ёрдам берарди.
Н.С.Хрушчёвни ҳурмат қилиш билан бирга, турли вақтларда айрим йирик масалаларда шахсий фикримни билдирардим, бу унинг фикрига зид бўлар ёки ҳамиятига тегар эди.
Масалан, Хитой ва Албания билан муносабатлар, Жазоирга кўмак бериш, Сталинга нисбатан тадбирий чоралар кўриш, миллий сиёсат сингари муҳим масалалар МҚ Раёсатида муҳокама қилинганида қарор лойиҳаларини М.А.Суслов, А..Микоян, Ф.Р.Козлов тайёрлашган. Уларни Н.С.Хрушчёв маъқуллаган.
Раёсатда муҳокама вақтида мен шу ҳужжатларнинг айрим моддаларини ноўрин, деб топиб ўз фикримни айтдим. Икки-уч нафар Раёсат аъзолари ҳам танқидий фикрларни изҳор қилишди. Кенг муҳокама натижасида қисман ўзгартиришлар киритилди-ю, бироқ лойиҳалар қабул қилинди. Бу айниқса, ХХ11 съездга тайёгарлик ва съезд иши жараёнида кескин тус олди.
Съезднинг ҳужжатларини тайёрлаш учун бир неча комиссия тузилди. Шу жумладан, партиянинг Дастурини тайёрлаш билан бир гуруҳ кишилар шуғулланди. Булар орасида мен ҳам бор эдим. Суслов йигирма йилда коммуизм қурамиз, ҳамма миллатлар бирлашиб, ягона миллатга айланади, тил ҳам ягона бўлади, деган жумлани Дастур лойиҳасига киритди. Мен бу фикрга бутунлай қарши чиқдим. Айтдимки, СССРда 20 йилда коммунизм қуриб бўлмайди ва коммунизм қачон қурилишидан қаътий назар, миллатлар ва уларнинг тиллари қолади. Анча тортишув бўлди. Масалани коммиссия ҳал қилолмагач, Марказий Қўмита Раёсатида муҳокама қилишди. У ерда аввал Сусловни, кейин мени тинглашди. Кўп тортишувлардан кейин менинг миллатлар ва уларнинг тиллари ҳақидаги фикримни маъқуллаб, Суслов таклифи лойиҳадан олиб ташланди. Бироқ, Суслов, Козлов, Микоянлар қаердадир Хрушчёв билан бирга ўтиришганида ўзаро келишиб, “Совет фуқаролари энди бир халқ-яъни совет халқи бўлишди”, деган жумлани лойиҳага қўшишибди.
КПСС Марказий Қўмитасида ишлаган йилларимда сездимки, Раёсат аъзолари орасида буюк давлат шовинизми кучли экан. Шу руҳдаги ишларни ўша вақтда КПСС Марказий Қўмитаси Раёсатида масалаларни ҳал қилишда алоҳида имкониятларга эга бўлган кишилар Суслов, Микоян, Козловлар амалга оширишга ҳаракат қилишар ва уларни кўпчилик Раёсат аъзолари қўллаб-қувватлашар эди. Бундай шароитда улар билан ишлашни -нотўғри миллий сиёсатни амалга оширишда иштирок этишни истамадим. Бу ҳақда Хрушчёв билан иккинчи бор гаплашганимда у айтдики, бўлмаса, сени ҳозирги ишингдан озод қиламиз-да, СССР Вазирлар Кенгаши раисига муовин этиб тайинлаймиз, хоналаримиз Кремлда ёнма-ён бўлади, бирга ишлашда давом этамиз.
ХХ11 съезд кунларидан бирида Хрушчёв Ёдгор Насриддиновани ҳам Кремлдаги хонасига чақириб, “ Айрим сабабларга мувофиқ Муҳитдиновни Марказкомдан Вазирлар Кенгаши Раисига муовин қилиб ўтказиш ниятимиз бор”, дебди.
Бироқ шундан кейин съезднинг ссўнгги кунларидан бирида бир воқеа бўлди. Съезднинг навбатдаги мажлиси тугагач, Хрушчёв Раёсат аъзоларидан Суслов, Козлов, Подгорний, Микоян, Шелепин ва мени ўз хонасига таклиф этиб: “Эртага Сталиннинг жасадини мавзолейдан олдириб, Новодевичье қабристонига кўмдириш тўғрисида съезд қарорини чиқарсак, нима дейсизлар?”, деди.
Шунда мен :
— Никита Сергеевич, Сталин вафот этганида Сиз дафн этиш комиссиясининг раиси бўлган эдингиз. Уни Ленин ёнига қўйиш тўғрисида КПСС Марказий Қўмитаси, СССР Олий Кенгаши Раёсати ва Вазирлар Кенгаши қарор қабул қилган. Энди уни Новодевичье қабристонига элтиб кўмсак, халқ бунга қандай қарар экан?-дедим.
Иккинчидан, бизнинг мусулмон ва умуман Шарқ халқлари одатида марҳумни ёмонлаш, унинг жасадини сарсон қилиш хунук иш саналади. Марҳумнинг нотўғри ишларини тузатиб, ишни давом эттириб кетавериш керак. Ҳатто бизда одамлар саҳрода кетаётган бўлсалар ҳам, нотаниш қабрни кўриб қолсалар тўхтаб, фотиҳа ўқийдилар. Сталиннинг жасадини Новодевичье қабристонига элтиб кўмиш яхши иш бўлмаса керак, дедим.
Гапга Микоян аралашди:
— Сен ҳозир, айниқса партия съезди бўлаётган бир пайтда мусулмонча урф-одатларингни тиқиштирма, Сталин-нажас, уни Лениннинг ёнидан олиш керак.
— Менимча ҳам Сталиннинг жасадини Новодевичье қабристонига олиб бориб кўмиш тўғри бўлмайди,-деди Шелепин.-У ердан унинг жасадини грузинлар ёки бошқа одамлар бир кечада махфий олиб кетишса, бутун дунёда шарманда бўламиз.
— Бўлмаса қаерга кўмамиз?,-деди Хрушчёв.
— Мавзолейнинг орқасида Сталин билан ишлаган кишилар-Калинин, Дзержинский, Жданов ва бошқалар ётибди.Ўшаларнинг ёнига кўмилса маъқул бўлар,-дедим мен.
Бу фикрга кўпчилик қўшилди.
Кечқурун уйга қайтиш олдидан Козлов қўнғироқ қилди. У билан қўшни эдик.
— Ишингни тамомладингми, уйга қайтасанми?
— Қайтаман.
— Пастга туш. Менинг машинамда бирга кетамиз.
Машина йўлга тушганида Козлов:
— Жуда чарчадим, истасанг, сен билан озгина ичгим бор,-деди.
Мен рози бўлдим:
— Жуда яхши, бизникига борамиз.Ичгандан кейин палов ейиш керак.
— Йўқ,-деди Козлов,-узоқ ўтираолмайман. Яхшиси, бизникига кирайлик, Катя бирон егулик тайёрлаб қўйгандир.
Унинг уйида ўтириб, бир қадаҳдан ичиб, тамадди қилганимиздан кейин, Козлов костюмининг ички чўнтагидан бир қоғоз олди-да, деди:
-Хрушчёв билан бир фикрга келдик.Эртага съездда Сталиннинг жасадини мавзолейдан олиш ҳақида Подгорний маъруза қилиб, съезд қарори лойиҳасини ўқиб беради. Уни муҳокама қилиш мўлжалланаяпти. Биринчи бўлиб сенга сўз берилади, Ўрта Осиё халқлари номидан гапириб, Сталиннинг жасадини мавзолейдан чиқариб ташлаш ҳақидаги таклифни маъқуллайсан. Кейин Кавказ халқлари номидан Мжанавадзе, рус халқи номидан Спиридинов, украин халқи номидан Кальченко ва бошқалар гапиришиб, қарор лойиҳасини маъқуллашади.
-Аввало, Ўрта Осиё халқлари номидан гапириш ваколатини менга ҳеч ким бермаган,-дедим мен,-Ўзинг ўйлагин, мен гапирсам-ку, залдан бирон-бир одам туриб :” Сизга ким ваколат берди?” деб қолса нима деб жавоб қиламан? Қолаверса, биласанки, ҳозир мен Марказқўмда Ўрта Осиё билан эмас, бошқа масалалар билан шуғулланаяпман. Бундан ташқари съездда гапирдим, раислик қилдим, учта комиссияга аъзо бўлиб, ишида иштирок этдим. Ана, Ўрта Осиёдан келиб, съездда иштирок этаётган делегатлар бор, ўшаларнинг бошлиқларидан биронтаси гапирса яхши бўларди.
— Айёрсан, Нуриддин,-деди Козлов жилмайиб.
— Сен мендан уч карра айёрроқсан,-дедим унга қараб.
— Фикрингни ҳозир телефонда Хрушчёвга айтаман,-деб у ўрнидан турди.
— Жуда яхши.
Шундан кейин мен Катяга раҳмат айтиб чиқиб кетдим.
Эртаси съезднинг эрталабки мажлиси очилиши билан кун тартибида бу масала бўлмаганига қарамасдан, раислик қилувчи Подгорнийга сўз берди. У юқорида айтганимиздек, 15-20 минутча гапирди ва Сталиннинг жасадини мавзолейдан олиш ҳақидаги қарор лойиҳасини ўқиб берди. Тўрт-беш киши сўзга чиқиб, уни маъқуллашди ва очиқ овоз билан Сталин ҳақидаги қарор қабул қилинди.
Сўзлаганлар орасида Мжаванадзе йўқ эди. Кейин билсам, шамоллаб, овози бўғилиб қолганлигини баҳона қилиб, сўзлашдан бош тортибди.
Соат 2да Пленум очилди. Унда Марказий Қўмитанинг биринчи котиби, МҚ котиблари, Раёсат аъзолари сайланди. Эски таркибдан беш киши-котиблар ва Раёсат аъзоларининг ,жумладан , менинг ҳам номимни Хрушчёв айтмади.Бу масала муҳокама ҳам қилинмади, мен ҳам Пленумда гапирганим йўқ.Пленум қарорларини эълон қилиш ва съездни якунлаш учун съезднинг охирги мажлиси очилди. Унга мен бормадим.
Ш.Рашидов Марказий Қўмита Раёсати аъзолигига номзод қилиб сайланди.
***
1983 йил 23 ноябрда КПСС Марказий Қўмитаси ва СССР Вазирлар Кенгашининг 1227-қарори эълон қилинди. Мазкур қарорда шундай дейилган эди:
“ 1. Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси ва Ўзбекистон СССр Вазирлар Кенгашига Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” кўчасини Шароф РАшидов номидаги шоҳ кўча деб қайта номлаш топширилсин.
Тошкент шаҳар Герман Лопатин кўчасидаги 68-уйга ва Самарқанд Давлат Дорилфунуни биносига Ш.Р.Рашидовнинг хотираси учун ёдгорлик лавҳалар ўрнатилсин.
Тошкент тўқимачилик комбинатига, Жиззах шаҳридаги вилоят кутубхонасига, Қорақалпоғистон АССР Қораўзак туманидаги “Маданият” давлат хўжалигига Ш.Р.Рашидов номи берилсин.
Ш.Р.Рашидов қабри устига ёдгорлик қурилсин.
2.СССР Денгиз флоти қурилаётган кемалардан бирига Ш.Рашидов номини бериш топширилсин.
КПСС МҚ Бош котиби Ю.Андропов ,
СССР Вазирлар Кенгашининг Раиси Н.Тихонов”
Бундан ташқари жойларда унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида кўплаб ҳар хил тадбирлар амалга оширилди.
Лекин орадан ярим йил ўтгач, бу қарор ҳам, Рашидов шаънига айтилган илиқ-иссиқ гаплар ҳам унутилди. Рашидовни тириклигида ҳам, вафот этганда алқаган, осмонга кўтариб мақтаганларнинг ўзи уни биринчи бўлиб ёмонлашни бошлаб беришди. Унга Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвонини бериш, Ленин мукфоти бериш тўғрисидаги фармон ва қарорлар бекор қилинди.
1984 йилнинг ёзида биз ( СССР Савдо-саноат палатаси вакиллари) Польшанинг Познань шаҳридаги халқаро кўргазмада бўлган эдик. Шу ерда “Правда”нинг янги сонини олиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг 16 Пленуми тўғрисидаги ҳисоботни ўқидим. Унда жумҳуриятдаги қонунчиликни қўпол равишда бузиш, кадрлар сиёсатини издан чиқариш, хизмат мақеини суиистеъмол қилиш, пахтачиликдаги қўшиб ёзиш, алдамчилик, порахўрлик каби нуқсонлар тўғрисида гапирилганди.
Кейинчалик мен Москвада шу пленумнинг стенографик ҳисоботи билан ҳам танишиб чиқдим. Унда нутқ сўзлаб, Рашидовни ёмонлаган 20 кишидан 14 нафари у ҳақдаги таъзиянома остига қўл қўйган, Рашидов билан бирга кўп йиллар қўлни қўлга бериб ишлаган кишилар эди. Ўйлаб туриб, ёқангни ушлагинг келади. Бу кишилардан ўн нафари кейинчалик пора олган ва пора берган деган туҳматлар билан қамалишди.
Кўп ўтмай Москвада КПСС МҚ да Ўзбекистонга бағишланган махсус йиғилиш бўлди. М.С.Горбачёв раислигида очилган бу йиғилишга Марказқўмнинг деярлик барча аъзолари, ҳукумат, иттифоқ вазирликлари, маҳкамалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ахборот воситаларининг раҳбарлари таклиф этилди. Кенгашда Е.К.Лигачёв маъруза қилиб, Ўзбекистондаги ишларга шундай ёмон таъриф бердики, ҳамманинг руҳи тушиб кетди. Жумладан, у жумҳуриятда кадрларни танлаш ва тарбиялаш тартиби издан чиққанлиги, порахўрлик, давлат хизматидаги одамларни сотиб олиш, лавозимга сотиш, қўшиб ёзиш, фирқа Уставини, Концтитуцияни бузиш ҳоллари одатий ҳодисага айланганлиги тўғрисида гапирди.
Лигачёв Марказқўм бўлимлари, вазирликлар, маҳкамалар раҳбарларини Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга эътиборсизлик билан ёндошганликда, келган шикоятларни оқибатсиз қолдирганликда айблади.
Шунда мен беихтиёр Рашидовни, у билан 1983 йилнинг майидаги учрашувимизни, ундан аввал ўзим гувоҳи бўлган воқеаларни ўйладим. Очиғи, 16 Пленумдаги ва ундан кейинги нохуш гапларнинг шабадаси менга бироз илгарироқ, Рашидов ҳаётлигида маълум бўлган эди.
1982 йилнинг бошида менга ўша пайтда СССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси раиси бўлиб ишлаётган Ю.В.Андропов қўнғироқ қилди. У соғлигимни, ишимни, оиламнинг аҳволини сўрагач:
— Нуриддин, эртага бир олдимга келиб кетолмайсанми? Сен билан суҳбатлашмоқчиман,-деди.
— Хўп, қай пайт борсам бўлади?
-Эрталаб соат тўққизда кутаман.
Юрий Владимирович билан биз эски қадрдон эдик. Мен КПСС Марказий Қўмитасига котиб бўлиб ишлаган йилларим Андропов Марказий Қўмита бўлим мудири эди, иш соҳасида бир-биримизга боғланган эдик. У ўша пайтдаёқ ишчанлиги, фикри кенглиги, узоқни кўра билиши билан ҳамкасбларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган эди.
Эртаси куни қабулига бордим. У мени самимий кутиб олиб, яна ҳол-аҳволимни сўради. Кейин ўйланиб туриб:
— Нуриддин, Ватанинг бетинч-ку, хабаринг борми?-деди.
-Йўқ, хабардор эмасман, нима бўлибди?
— У ерда аҳвол яхши эмас,-деди Юрий Владимирович. Кейин яна саволга тутди:
-Рашидов қанақа одам, мен уни яхши билмайман.
— Шароф Рашидович яхши одам. Кўп йиллардан бери Ўзбекистонни бошқариб келаётган тажрибали раҳбар. Жумҳуриятда анчагина яхши ишлар қилган, қиляпти.
— Ўз юртдошингни ҳимоя қиляпсан,-деди Юрий Владимирович жилмайиб.
-Бу чин сўзим,-дедим ишонч билан.
Юрий Владимрович селектр орқали бир кишига мурожаат қилиб, “Рашидов папкаси”ни олиб киринг, деди. Орадан икки-уч дақиқа ҳам ўтмай хонага чекка сочлари оқарган, ёши элликлардаги одам қўлида папка билан кириб келди. Биз билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, менинг рўпарамга ўтирди.
— Папкангиздаги ахборотлардан Нуриддин Акрамовичга ўқиб беринг,-деди Юрий Владимирович.
Ҳалиги одам папкадаги қоғозларни бирма-бир олиб, овоз чиқариб ўқий бошлади. Булар ҳаммаси Ўзбекистондан юборилган маълумотлар бўлиб, уларда гап жумҳуриятдаги раҳбарлик бўғинларида ишлаётган кадрларнинг порахўрлиги, қўшиб ёзиш билан шуғулланаётганликлари, давлат мулкини талон-тарож қилаётганликлари кабилар ҳақида борарди.
Ходим маълумотларни 25-30 минут ўқигач, Андропов : “Бас қилинг” деди. Кейин менга ўгирилди.
— Қалай, энди нима дейсан?
— Мен очиғи, Ўзбекистондаги ҳозирги аҳволни яхши биламан, деб айтолмайман. Лекин бу ердаги гаплар бирорта нуфузли комиссия аниқлаб, тасдиқлаган фактларга ўхшамайди. Ўзбек халқининг ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги, виждонлилиги, меҳмондшстлиги ҳаммага маълум. Иттифоқ олдидаги вазифаларини доим бажариб келган. Шунинг учун халқ устидан бундай салбий гаплар юргизилишини ҳақорат деб биламан. Рашидовга келсак, юқорида айтдим, унинг раҳбарлиги вақтида Ўзбекистонда барча соҳаларда кўп яхши ишлар қилинди. Шу билан бирга, иш жараёнида у ҳам ўзига хос камчиликларга йўл қўйган бўлиши мумкин.
Кейин араблар билан Исроил ўртасидаги можаро ҳақида суҳбатлашдик. Шу билан суҳбатни тамомлаб, хайрлашдик.
1982 йил 10 ноябрда Л.И.Брежнев вафот этди. КПСС МҚнинг 1982 йил 12 ноябрда бўлган навбатдан ташқари Пленуми Ю.В.Андроповни КПСС Марказий Қўмитасига Бош котиб этиб сайлади.
Орадан бир неча кун ўтгач, мен унга қўнғироқ қилиб, янги лавозим билан табрикладим. У саломлашиб, ҳол-аҳволимни сўради. Гапининг охирида: “ Биз сен билан яқинда учрашамиз, ўзим сени чақиртираман”, деди.
Ҳақиқатда, 1983 йил январ ойида Андропов мени ҳузурига чақирди. У билан анча вақт суҳбатлашиб ўтирдик. Кейин Юрий Владимирович қўлимга катта папкани тутқазиб:
— Илгари сен бошқа маълумотлар билан танишган эдинг, энди КПСС Марказий Қўмитасига келган шикоят хатларни кўриб чиқ,-деди.
— Материал кўп-ку, бу ерда ўтириб ўқисам. Сизнинг вақтингизни оламан.
-Бунинг иложини қиламиз.
Юрий Владимирович ўрнидан турди-да, мени тўрдаги дам олиш хонасига бошлади.
-Шу хона сенинг ихтиёрингда.Бемалол ўтириб ўқийвер.
Хатлар билан танишдим.Шикоятларни Ўзбекистонда турли соҳаларда меҳнат қилаётган айрим кишилар ёзишган экан. Гап яна ўғирликлар, порахўрликлар, оммавий қўшиб ёзишлар, оддий меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш ҳоллари ҳақида эди.
Хатлар билан танишиб бўлгач, Юрий Владимировичнинг олдига чиқдим.
-Таассуротларинг қандай?-деди у.
— Мен бу шикоятларнинг ҳаммаси ҳам тўғри деб ўйламайман. Сабаби , шикоят ёзган раҳбар ходимларни қисман танийман. Ўзбекистонда бу хатларда ёзилганидек даҳшатли фожиалар рўй беришига ишониб бўлмайди,-дедим.
— Хўш, сен нимани таклиф қиласан?
-Буни ўйлаб кўришим керак.
Андропов селектр орқали Лигачёвга деди:
-Олдимда Нуриддин Муҳитдинов ўтирибди. Анча суҳбатлашдик. Савдо палатасида шунча дам олгани етар, энди биз билан бирга ишласин. Червоненко ва бошқа ўртоқлар билан маслаҳатлашинглар-да, Муҳитдиновдан ўзига лойиқ лавозимларда фойдаланиш ҳақида таклиф киритинглар.
Юрий Владимирович шундан кейин дераза томонга қараб бироз жим турдида, деди:
— Мен мамлакатни жуда яхши биламан, деб айта олмайман. Лекин менга шу нарса аниққи, мамлакатда тартиб-интизом бўшашиб кетган. Шундан келиб чиқиб, бир иш қилмоқчиман, нима дейсан?
— Нима экан?
-Учта нарсани: тартибни, интизомни, қонунчиликка риоя қилишни маҳкам ушламоқчиман.
-Тўғри иш бўлади бу.
— Мен бу ҳақда халқ олдида сўзламоқчиман. В.В.Гришин мени бир заводга олиб бораман, деб қўймаяпти. Ўша заводга бориб, ишчилар олдида шу хусусда гапирмоқчиман.
Шундан кейин биз Юрий Владимирович билан хайрлашдик.Ҳақиқатда, у Лихачёв номидаги заводда бўлиб, ишчилар билан бўлган учрашувда нутқ сўзлади. Бу нутқ бутуниттифоқ телевидиенияси ва радиоси орқали эшиттирлди. Эртаси барча марказий рўзномаларда чоп этилди.
1983 йил май ойида Тошкентда Иттифоқ бўйича экспортга сотилаётган пахта сифати ҳақида кенгаши бўлди. Мен Ҳиндистондан қайтиб келаётиб, Тошкентда тўхтаб , шу анжуманда иштирок этиб, нутқ сўзладим.
Кенгаш тугагач, жумҳурият Савдо-саноат палатаси раиси Ж.Илҳомова билан бирга Ш.Р.Рашидов қабулида бўлдик. Расмий гаплар тугагач , Рашидов Илҳомовага рухсат берди. Менга эса “Сиз қолинг, гап бор”, деди. Хонада иккимиз қолганимизда, у:
— Нуриддин Акрамович, менинг аҳволим жуда оғир,-деди.
-Нима бўлди?
— Мени бир неча кун илгари Москвага чақиришди. Лигачёв олдимга Ўзбекистондан борган бир папка шикоят хатларни қўйиб: “Нега Ўзбекистонда бундай аҳвол юзага келди?” деди. Анча тортишдим. Охири, майли, ишимдан қаноатланмаётган бўлсанглар, пенсияга чиқиш учун ариза ёзишим мумкин, дедим. У рози бўлди. Кейин пахтанинг аҳволи яхши эмаслигини ўйлаб, икки ойга рухсат сўрадим. Шунга сиз нима дейсиз? Ҳеч дардлашадиган, юрагимни ёзадиган одамим йўқ. Ўй ўйлаб охирига етолмаяпман…
— Бу шикоят хатлари билан мен ҳам танишман. Андропов ҳузурига чақириб кўрсатган. Унга нима дейишимни билолмай қолганман. Сиз ҳамон ариза ёзишга ваъда берибсиз, демак, бу амалга ошадиган нарса. Менимча, Шароф Рашидович, Марказий Қўмита Пленумини ўзингиз ташаббус кўрсатиб чақиринг-да, барча камчилик ва нуқсонлар ҳақида ошкора гапиринг. Ахир, Сиз бу камчиликларни бир ўзингиз қилмагансиз-ку, атрофингизда Сиз билан бирга бир неча йиллардан бери ишлашиб келаётган кишилар бор…Сиз шу йўсинда фаолитингизга баҳо олинг. Ишонаманки, жумҳурият кадрлари орасида етук кишилар оз эмас, улар йўл қўйилган камчиликлар билан бирга, сиз қилган яхши ишларни ҳам гапиришар ва фаолитингизга одилона баҳо беришар.
— Таклифингиз яхши.Фақат бу ишни кузда, пахта плани тўлгандан сўнг қилсаммикан, деяпман.
— Буёғини ўзингиз биласиз.
Шундан кейин мен дедим:
— Жумҳуриятдаги ҳозирги аҳволга ўзингиз қандай баҳо берасиз?
— Камчиликларимиз бор, аммо айрим шахслар марказга ёзаётган даражада эмас.
— Шароф Рашидович ,ўртамизда дилдан суҳбат бўлаётгани учун баъзи бир нарсаларни сўрасам хафа бўлмайсизми?,-дедим.
— Йўқ, бажонидил эшитаман, барча саволларингизга жавоб беришга тайёрман.
— Эллигинчи йиларда мамлакатда ҳокимият тепасига Хрушчёв келганидан кейин, унинг олдига бир неча марта илтимос билан кириб, пахта, пилла, қоракўл тери ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари баҳосини анча оширган эдик. Нимага Сиз 1960 йилда КПСС Марказий Қўмитаси Президиумида Ўзбекистон деҳқонлари тўқ, фаравон турмуш кечиришаяпти, жамоа ва давлат хўжаликлари бойиб кетди. Энди Иттифоқ давлатига ёрдам бериш учун пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини бир неча миллиард сўмга арзонлаштирмоқчимиз, дедингиз? Бу фикрингизга Президиумда Косигин Игнатов ва мен қарши чиқдик, бошқалар эса маъқуллашди. Шунга қарамасдан, сиз бу таклифингизни Пленумда ҳам такрорладингиз, залдагилар қарсак чалишди, сизни байналминалчи, деб мақташди. Пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари баҳсини арзонлаштириш ҳақида қарор қабул қилинди. Натижада Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига зарар етказилди.
Рашидов шундай деди:
— Мени бунга Никита Сергеевич мажбур қилган. У, ҳозир Қозоғистон ва Россиянинг жанубидаги бўз ерларни ўзлаштираяпмиз. У ерлардан олинадиган ғалла ва гўштнинг бир қисми Ўзбекистонга берилади. Сизлар бой яшаяпсизлар, бизга ёрдам беринглар, деб қўймаган.
— иколай подшонинг даврида ҳам пахтакор ва қоракўлчиларга, уларни кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришга қизиқтириш учун ғалла, чой, қанд, газлама, ҳар хил қишлоқ хўжалик машина ва ускуналари биринчи навбатда берилган. Бундан ташқари пахта экилган майдонлардан ер солиғи олинмаган.
Совет давлатининг дастлабки йиллари шахсан Лениннинг назорати остида бу ишлар давом этдирилди. Уруш йиллари ва ундан кейин Сталиннинг буйруғи билан пахтакорлар ва чорвадорлар ўз маҳсулотлари эвазига ( отоваривание йўли билан) ғалла, газлама , ёғ, совун, қанд ва бошқа зарур маҳсулотлар билан кафолатли таъминлаб турилганлар. Нима учун Сиз Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасига биринчи котиб этиб сайланганингиздан кейин бир неча йил ўтгач, қишлоқда мол айрибошлашнинг энди кераги йўқ, жамоа ва давлат хўжаликлари бунга муҳтож эмас, деб КПСС МҚ га хат ёздингиз. Марказда бу ташаббусингизни ҳам мақташди. Сизга орден беришди. Хўжаликларга ва деҳқонларга эса катта моддий зарар етказилди.
-Тўғри, бу иш хато бўлди. Мен тажрибасизлик қилиб, ўзимиздаги мутахассисларнинг сўзига кирибман. Иттифоқ манфаатини кўп ўйлабман-у, ўз манфаатимизни ўйламабман.
Шароф Рашидович бу гапларни эзилиб, изтироб билан айтди ва узоқ жимиб қолди.
1956 йилда Мирзачўлда яна 300 минг гектар ер ўзлаштириш учун 4 миллиард 200 миллион сўм, кейин яна 600 миллион сўм олдик,-дедим мен.-Қозоғистон, Тожикистон раҳбарлари билан биргаликда Мирзачўлни ўзлаштиришнинг ягона дастурини туздик. Бундан асосий мақсад пахтачилик, чорвачилик, сабзавотчилик ва мевачиликни янада юксалтиришдан ва марказнинг хом ашё базаси бўлиб қолишга чек қўйиб, барча қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ўзимизда тўла қайта ишланишига эришишдан иборат эди. Бу мақсадимизни Хрушчёв, Косигин , Булганин, ўша пайтдаги иттифоқ Госплани раиси Байбаков, молия вазири А.Г.Зверьев маъқуллашган эди. Натижада 1956 йил 6 августда КПСС Марказий Қўмитаси ва СССР Вазирлар Кенгашининг Мирзачўл ерларини ўзлаштириш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Бу қарорда 34 та давлат хўжалиги ва 34 та завод қуриш белгиланган эди. Бунда давлат хўжалиги ва завод бир жамоа қўлида бўлиши, яъни жамоа ва давлат хўжаликлари ўзлари тайёрлаган маҳсулотга ўзлари ишлов бериб, тайёр маҳсулотни ўзлари сотишлари режалаштирилган эди. Масалан, пахта етиштирган хўжалик уни тола, чигит , кунжара ва ёққа айлантириб, бемалол сотавериши мумкин эди. Нега шу режа, Тожикистон ва Қозоғистон жумҳуриятлари билан маслаҳатлашмаган ҳолда бузилди? Оқибатда Ўзбекистон илгари қандай хом ашё базаси бўлган бўлса, шундайлигича қолиб келаяпти.
Рашидов яна оғир сукут сақлади-да , деди:
— Иттифоқ енгил саноат, қишлоқ хўжалик вазирликлари саноат ва қишлоқ хўжалигида шу пайтгача мавжуд бўлган тартиб ўзгармагани маъқул, акс ҳолда марказий шаҳарлардаги мавжуд ва қурилаётган саноат корхоналари хом ашёсиз қолиши мумкин ёки уларга чет элдан сарфлаб хом ашё сотиб олишга тўғри келади, деб туриб олишди. Биз, қарорни бажаринглар, десак заводлар қуриш учун асбоб-ускуналар етишмайди, дейишди. Шу билан бу масала қолиб кетди.Тушунаман, етарлича талабчанлик қилмадик. Энди эса бу хатоларни тузатиш керак, -деди.
( Шу ўринда бир нарсани айтиш керак. Ҳозир мустамлакачилик сиёсати ва марказ зуғуми ҳақида очиқ-ойдин гапирилаяпти. Ўзбекистонни хом ашё манбаига айлантириш ва шу ҳолда ушлаб туриш ўша даврнинг устамон сиёсати бўлган. Бу сиёсатга қарши бориш Рашидовнинг ҳам имкони даражасида бўлмаган. Шароф Рашидович гарчанд “талабчанлик қилмадик”, деб айбни ўз зиммасига олааётган бўлса ҳам марказ иродасига қарши бориш жуда мушкул эди).
— Нуриддин, дўстим,-деди Шароф Рашиидович,-Ўзбекистонга қайтиб келинг, фаолиятимизнинг охирида яна бирга бўлайлик…
— Бу гапни менга 1976 йилда ҳам айтгандингиз-ку. Мен Сизнинг гапингизга биноан элчиликдан озод этишлари ҳақида Брежневга ариза ёздим. Кейин эса бу масала амалга ошмади.
— Оғайни, мени ҳам тушунинг,-деди Шароф Рашидович ўйланиб,-иккимизнинг бирга ишлашимизга қарши кишилар Тошкентда ҳам, Москвада ҳам бор.
— Ҳозирги шароитда менинг Ўзбекистонга қайтиб келишимни ҳамма ҳам тўғри тушунмас,-дедим мен.-Бунинг устига, Марказий Қўмита Пленумини чақириб, барча камчилик ва нуқсонларни ошкора муҳокама қилсанглар, мен унда иштирок этиб нима ҳам дейишим мумкин? Жумҳуриятдан чиқиб кетганимга анча йиллар бўлди, бу ердаги аҳволни яхши билмайман, кўпгина кадрларни бевосита танимайман. Шунинг учун ўзингиз биринчи сиёсий раҳбар сифатида яна бир иродангизни кўрсатиб, юқоридан қарор ёки буйруқни кутиб ўтирмай, Марказий Қўмита Пленумини чақириб, ҳаммасини очиқ-ойдин гапириб, тегишли чора-тадбирларни белгилаш йўлига ўтсангиз маъқул бўларди. Раҳбар ходимлар йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни ўзлари тузата олишларига ишонаман.
— Раҳмат, дўстим Нуриддин, очиқ-ойдин айтган бу гапларингизни ўйлаб кўраман,-деди Шароф Рашидович. Кейин сўради:-Бу йил отпуска қилдингизми?
— Йўқ, августда чиқишни мўлжаллаяпман.
-Қаерда дам олмоқчисиз?
-Урушда яраланган оёғим тез-тез оғрияпти. Бирон-бир санаторияда оёқни даволатсамми деяпман.
— Ўзимизнинг Чортоқ яхши, болалар билан шу ёққа келинг.
-Шундай қилсам ҳам бўлади.
Рашидовнинг таклифига биноан августда оилам билан Чортоқда дам олишга қарор қилдим. Москвадан касаба уюшмалари орқали тўртта путёвка сотиб олиб, Тошкентга учдик. Бу ерга келгач, яна Шароф Рашидович билан учрашдим. Аммо бу галги суҳбатимиз қисқа бўлди. У менга, Сиз билан гаплашадиган гапим бор, уч-тўрт кундан кейин олдингизга-Чортоққа бораман, деди. Лекин иш билан овора бўлиб кетди чоғи, Чортоққа ўтолмади.
Тошкентга қайтиб келиб, унга қўнғироқ қилсам, котибаси Майя:
-Шароф Рашидович Жиззахдалар,-деди.- Тошкентда эканлигингизни ҳозир қўнғироқ қилиб айтаман.
Эртаси Майя уйимизга қўнғироқ қилиб шундай деди:
— Тошкентга келганингизни Шароф Рашидовичга маълум қилдим, у киши салом айтдилар. Аммо Тошкентга келолмас эканлар, зарур иш билан Самарқандга ўтар эканлар.
Эртаси мен оилам билан Москвага учиб кетдим. Афсус, Шароф Рашидович билан бошқа кўриша олмадик.
***
Мана жумҳуриятимиз жамоатчилиги Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллигини нишонлаяпти. Бу жуда ўринли тадбир бўлди.
Шароф Рашидов фаолиятини оддий педагогликдан бошлаб, ўзининг ақли, ташкилотчилик қобилияти билан энг юксак лавозимларга кўтарилди. У тўққиз йил Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсатига раис, йигирма уч йил Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасига биринчи котиб бўлди. У жумҳуриятда биринчи шахс бўлиб турган йилларда халқ хўжалигининг барча соҳаларида ,шубҳасиз, кўп ишлар қилинди. Амалда 1966 йилдаги зилзиладан кейин Тошкентда кўп бинолар қурилиши, турли вилоятларда бунёд этилган гўзал обидалар, илм масканлари Шароф Рашидовичдан ёрқин хотира бўлиб қолди. Унинг анчагина илм ва ижод аҳлининг бошини силагани, одамларга меҳр-мурувват кўрсатгани ҳақида мисоллар келтириш мумкин. Бундан кўз юмиш, инкор қилиш инсофдан эмас.
Аммо шу билан бирга у киши раҳбарлик қилган йилларда Ўзбекистонда пахта якка ҳокимлиги қарор топгани, жумҳуриятнинг Марказга иқтисодий қарамлиги кучайгани, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда экстенсив йўлдан борилиши оқибатида Орол денгизи ҳалокат ёқасига келиб қолгани, халқ хўжалиги, айниқса унинг етакчи тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигидаги қўшиб ёзишлар, кўзбўямачилик фактлари рўй берганлиги ҳам бор гап.
Лекин бунинг учун биргина Шароф Рашидовичга маломат тошлари отиш, Ўзбекистонни ёмон отлиқ қилиш тўғри эмас.
1986 йилда Ўзбекистонга қайтиб келгач, вилоятларни айланиб чиқдим, оддий меҳнаткашлар-пахтакорлар ва чорвадорлар, ишчилар ва зиёлилар, турли бўғиндаги раҳбарлар билан суҳбатлашдим. Жумҳуриятда юзага келган аҳвол билан танишгач, бу ҳақда КПСС Марказий Қўмитаси Бош котиби М.С.Горбачёвга уч марта мактуб ёздим( Бу хатларимнинг ҳар бирини Москвага жўнатишдан аввал Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби И.Б.Усмонхўжаев ва Вазирлар Кенгаши Раиси Ғ.Ҳ.Қодировга кўрсатдим). Шундан кейин мени Кремлга чақиришди. У ерда масъул ўртоқлар билан суҳбатда ўз мактубларимда баён қилган фикрларимни такрорладим. Фикрим шу бўлдики, “ўзбек иши” “пахта иши”, “ўзбек мафияси” деган иборалар жумҳурият халқи ва кадрларга нисбатан туҳмат, Ўзбекистонга Марказдан юборилган бир неча юз раҳбар ва уч юзга яқин терговчининг у ерда бўлишларига ҳожат йўқ. Бу биринчидан, Ўзбекистон партия ва совет ташкилотларига ишончсизлик туғдирса, иккинчидан, ўзбек миллатига қарши ҳаракат сифатида баҳоланиб, халқлар ўртасидаги дўстлик ва қардошликка путур етказади.
Мен 1991 йилда “Ёш ленинчи” рўзномасида ёзган “У кунлар энди қайтмасин” номли мақоламда, Москвада нашр этиладиган “Аргументи и факти” ҳафталигида чоп этилган суҳбатимда ва “Шарқ юлдузи” ойномасида босилган “Хрушчёв, Брежнев ва бошқалар”, “Усмон Юсупов” очеркларимда Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев ҳақида ёзган эдим. Яқин фурсатда Шароф Рашидов ҳақидаги барча гапларим ва материалларимни жамлаб, у ҳақда муфассал бир нарса ёзиш ҳарактидаман.
Шароф Рашидович Рашидов жуда мураккаб бир вазиятда Ўзбекистонга узоқ йиллар бошчилик қилган тарихий шахс сифатида халқ қалбида қолади.
Манба: “Шарқ юлдузи” журнали 1992 йил 11 сон.
19 NOYABR — DAVLAT VA SIYOSAT ARBOBI NURITDIN MUHITDINOV TAVALLUD TOPGAN KUN
1924 yildan to 1991 yilgacha boʻlgan sobiq ittifoq davridagi Oʻzbekiston rahbarlari ichida eng dovruqlilaridan biri, shuningdek oʻzining aqlu zakovati, notiqligi va tashabbuskorligi bilan oldingi saflardan birida turuvchi Nuritdin Akramovich Muhitdinov edi…
Umid BЕKMUHAMMAD
MUHITDINOV QANDAY MЕROS QOLDIRGAN EDI?
1924 yildan to 1991 yilgacha boʻlgan sobiq ittifoq davridagi Oʻzbekiston rahbarlari ichida eng dovruqlilaridan biri, shuningdek oʻzining aqlu zakovati, notiqligi va tashabbuskorligi bilan oldingi saflardan birida turuvchi Nuritdin Akramovich Muhitdinov edi.Garchi Nuritdin Akramovich atigi 2 yil davomida-1955-57 yillarda Oʻzbekistonga rahbarlik qilgan boʻlsada (undan oldin respublika ministrlar kengashining raisi, oʻrinbosari, tashqi ishlar ministri,Toshkent va Namangan viloyatlari rahbari, Oʻzkompartiya lektori boʻlib ishlagan), keyinchalik doimiy ravishda nigohi, eʼtibori,butun qalbi Oʻzbekistonda boʻlgan SHAXSlardan biri boʻlgan.
Oʻz davrida sobiq ittifoqdagi eng yuqori martabalardan biri-KPSS Markaziy kengashining kotibi, Siyosiy byuro aʼzosi(1957-61 yillar) va boshqa mansablarda ishlagan N.A.Muhitdinovning hayot faoliyati “Kremlda oʻtgan kunlarim”(Toshkent-1994) va “Vaqt daryosi: Stalindan Gorbachyovgacha” (Moskva-1996) nomli memuarlarida aks etgan.
Bundan tashqari Nuritdin Akramovich ijtimoiy hayotda faol SHAXS sifatida “Fan va turmush”, “”Yosh leninchi”, “Tafakkur”, “Sharq yulduzi”, “Jahon adabiyoti” gazetasi sahifalarida ham koʻplab maqolalarini eʼlon qilib borgan.
Bugungi islohotlar jarayoni va tariximizda N.A.Muhitdinovning tutgan oʻrindan kelib chiqib yuqoridagi maqolalarni ham toʻplab nashr etish lozim menimcha. Negaki ularda yurtimiz tarixining yangi davriga oid Nuritdin Akramovichning qarashlari aks etgan.Shuningdek, “Kremlda oʻtgan kunlarim”, “Vaqt daryosi” asarlarini ham qayta etish zarurati bor deb oʻylayman.
Shuningdek, Nuritdin Akramovichning oʻzbeklar orasidan yetishib chiqqan oʻz davridagi eng mashhur davlat va jamoat arbobi boʻlganligi, yurtimiz taraqqiyotida oʻz oʻrniga ega ekanligidan kelib chiqib u kishining nomini abadiylashtirish ( u kishi rahbarlik qilgan Namangan va Toshkent viloyatlari koʻchalariga nomini qoʻyish) (afsuski oʻtgan yili uning 100 yilligi deyarli nishonlamadi), “Nuritdin Muhitdinov zamondoshlari xotirasida” asarini nashrga tayyorlashni, hujjatli film ishlash masalasini, hayoti va faoliyati haqida ilmiy tadqiqot ishlari olib borishni ham tezlashtirish kerak.
Quyida eʼtiboringizga N.Muhitdinovning oʻz tengdoshi va safdoshi Sharof Rashidov haqidagi maqolasini eʼlon qilishni maʼqul koʻrdik.
NURITDIN MUHITDINOV
1983 YILDAGI IKKI UCHRASHUV
Nuriddin Akromovich Muhitdinov (1917-2008) — Davlat va siyosat arbobi, diplomat. Moskvadagi savdo-kooperativ institutini tugatib (1938), turli lavozimlarda ishladi. 2-jahon urushi qatnashchisi. 1946-yildan uning siyosiy faoliyati boshlandi. Namangan viloyat partiya qoʻmitasi kotibi va 1-kotibi (1947-50), Oʻzbekiston Kompartiyasi MK kotibi (1950-51), Oʻzbekiston SSR Ministrlar Soveti raisi (1951-53, 1954-55), Oʻzbekiston Tashqi ishlar vaziri (1953-54), Oʻzbekiston Kompartiyasi MK 1-kotibi (1955-57), KPSS MK kotibi (1957-61). KPSS MK Prezidiumi aʼzoligiga nomzod (1956-57), aʼzo (1957-61). SSSR Ministrlar Soveti Xorijiy mamlakatlar bilan madaniy aloqalar komiteti raisining 1-oʻrinbosari (1966-68), SSSRning Suriyadagi elchisi (1968-77), SSSR savdo-sanoat palatasi raisining oʻrinbosari (1977-85), Oʻzbekiston SSR Ministrlar Sovetining maslahatchisi (1986-87), “Yodgorlik” tarixiy madaniy meros jamiyati raisi (1987-96), “Oltin meros” Xalqaro xayriya jamgʻarmasi bosh maslahatchisi (1996 yildan).
1983 yil noyabr oyi boshida men Jenevada edim. Bu yerga biz Shveysariya tomonining taklifiga binoan ikki mamlakat oʻrtasida oʻzaro savdo aloqalarini yanada rivojlantirish bilan bogʻliq masalalarni hal qilish uchun SSSR savdo-sanoat palatasi vakillari sifatida kelgan edik. Belgilangan vazifalar deyarli bajarilgach, mezbonlar-shvetsariyalik hamkasblarimiz Vook va Veran janoblari bizga Shveysariyariya boʻylab avtomobilda sayyohat qilishni taklif etishdi. Biz rozi boʻldik. Mamlakatni aylanib chiqqach, oxirgi kuni Alp togʻlariga koʻtarildik. Shveysariyaning goʻzal tabiat manzaralari bizni maftun etdi.
Oqshom togʻdan tushgach, shveysariyalik hamkasblarimiz bizni Jeneva koʻlidagi suzuvchi restoranda mehmon qilishdi.
Shunda dasturxondagi xushtaʼm vinolardan endi bir qadahdan ichganimizda sovet bosh konsulxonasining xodimi Smirnov sekin yonimga kelib, “ Rashidov vafot etibdi”, deya pichirladi. Men hayron boʻlib:
— Nima deyapsiz?!-dedim.
— Rashidov vafot etibdi,-dedi u yana sekin,-radiodan oʻz qulogʻim bilan eshitdim.
Menda qattiq bezovtalik boshlangan boʻlsa ham, davradagilarga bildirmaslikka, ularning yaxshi kayfiyatini buzmaslikka harakat qildim. Lekin iloji boʻlmadi, ulfatlarim oʻzgarib qolganligimni sezishdi. Men ularga qaygʻuli xabarni aytishga majbur boʻldim. Davradagilarga Rashidov va Oʻzbekiston, marhum bilan ishlashgan yillarimiz haqida gapirib berdim.
Mezbonlardan biri allaqayerdan qoʻlda koʻtarib yuradigan kichik radiopriyomnik topib keldi. Davradagilar uni turli toʻlqinlarga olib, Rashidov vafoti haqidagi xabarni radiodan eshitmoqchi boʻlishdi.
Rashidovning vafoti haqidagi xabarni Ovroʻpa va Yaqin Sharqdagi deyarli radiostansiyalar berishdi. Ammo uning vafoti sabablari haqida turli radiostansiyalar turlicha xabar tarqatishdi.Biri Rashidov oʻzini-oʻzi otdi, desa, ikkinchisi zahar ichib oʻldi, uchinchisi unga suiqasd qilishdi, toʻrtinchisi avtomobil halokatida halok boʻldi, deyishardi.
Keyin menga maʼlum boʻlishicha, Rashidovning oʻlimi toʻgʻrisida bunday har xil gap-soʻzlarning tarqalishiga Oʻzbekiston va Moskva matbuotlaridagi xabarlar sabab boʻlgan ekan Rashidov vafoti haqida yozilgan taʼziyanomada “ toʻsatdan, bevaqt vafot etdi”, deb yozishgan. Mana shu noaniqlik chet elda va mamlakatda har xil mish-mishlarning yuzaga kelishiga sababchi boʻldi.
Men Jenevada Rashidov vafoti sabablari haqidagi turli-tuman axborotlarni eshitib xayolim qochdi. Oʻsha yili men Sharof Rashidovich bilan ikki marta-may va avgust oylarida uchrashgan edim. Soʻnggi bor uchrashganimizda u koʻzimga jismonan bardam koʻringan, qiyofasida kasallik alomati sezilmagan edi. Yosh jihatidan ham oʻrtacha yoshda edi. U nima boʻlib vafot etdi ekan, degan fikr xayolimdan ketmay qoldi.
Telefonda Parij orqali Toshkent bilan bogʻlandim. Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasining navbatchisi men bilan soʻzlashib, Rashidov Qoraqalpogʻistonda vafot etganligini, dafn marosimi 2 noyabr soat 12 ga belgilanganini aytdi. Dafn marosimida qatnashib, u bilan vidolashish haqida oʻyladim. Lekin buning iloji yoʻq-Jenevadan Toshkentga yetib borish uchun vaqt oz qolgan edi. Buning ustiga hali shveysariyalik hamkasblar bilan hamkorlik toʻgʻrisidagi bir nechta bitim va protokolga imzo chekishimiz kerak.
2 noyabrda samolyotning tungi reysida uchib, 3 noyabr kunduzi Moskvaga yetib keldim va aeroportdan toʻgʻri Oʻzbekistonning doimiy vakolatxonasiga bordim. Bu yerga kelib-ketayotgan kishilar koʻp edi. Vakolatxona boshligʻi Toshkentda ekan. Meni uning oʻrinbosari V.Tixomirov kutib oldi. U bilan boshlashib, vakolatxonaning marosimlar zali toʻriga qoʻyilgan, gardishi qora lenta bilan hoshiyalangan Sharof Rashidovich portreti yoniga borib turdim. Shunda beixtiyor u bilan birga ishlashgan, yurgan, turgan, suhbatlashgan paytlarimiz koʻz oʻngimdan oʻta boshladi…
Oʻzbekiston Kommunistik partiyasi tashkil etilgandan beri uning Markaziy Qoʻmitasiga yetti kishi birinchi kotiblik qildi: Vladimir Ivanov, Akmal Ikromov, Usmon Yusupov, Amin Niyozov, Nuriddin Muhitdinov, Sobir Kamolov, Sharof Rashidov. Sharof Rashidovich bu hamkasblari orasida eng uzoq ishlagan va eng koʻp eʼtiborga sazovor boʻlgan insondir. Unga ikki marta Sotsialistik Mehnat Qahramoni unvoni berildi. Lenin mukofoti va oʻndan ortiq Lenin ordeni, yana bir qator orden va medallar bilan taqdirlandi. Mana, endi bu odam yoʻq.
Sharof Rashiovich portreti yonida qancha turganligim yodimda yoʻq. Tixomirov sekin tirsagimdan ushlab : “Nuriddin Akramovich , odamlar kutib qolishdi”, deganidan keyin oʻzimga keldim. Yonimga qarasam, Rashidov portreti yonida faxriy qorovulda turishni istaganlar navbat boʻlib qolishibdi. Oʻngga burilib, eshik tomon yurdim.
Uyga kelsam, oilamdagilar ham voqeadan xabardor boʻlishgan ekan. Rafiqam Mukarram bilan Toshkentga-Rashidovning uyiga qoʻngʻiroq qilib, oilasiga taʼziya bildirdik. Uning rafiqasi Xursandoy Sharof Rashidovich qanday vafot etganligini, oʻlimi arafasidagi ahvolini, aytgan soʻzlarini gapirib berdi. Jumhuriyat rahbarlariga ham qoʻngʻiroq qilib, oʻz taʼzimni izhor etdim.
Uyda oʻtirib gazetalarda keng tarzda yozilgan xabarlarni-Sharof Rashidovning faoliyati va xizmatlari toʻgʻrisida iliq gaplar yozilgan taʼziyanomani oʻqidim. Taʼziyanomaga KPSS Markaziy Qoʻmitasi Siyosiy byurosi, Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi byurosi aʼzolari, viloyat qoʻmitalarining birinchi kotiblari va boshqa arboblar-jami 52 kishi qoʻl qoʻygan edi. Ertasi respublika gazetalarini oldik. Ularda Rashidov bilan vidolashuv marosimi keng yoritilgan edi.
“Sovet Oʻzbekistoni” gazetasida yozilishicha, dafn etish komissiyasining raisi Inomjon Usmonxoʻjayev motam mitingini ochaturib shunday degan:
“Dono va katta tajriba egasi boʻlgan ulkan ogʻamiz, doʻstimiz, oʻrtogʻimiz endi yoʻq, biz uni inqilob ishiga sodiqligi uchun, maqsad yoʻlida nob kurashchi, maʼsuliyatni chuqur his etuvchi boʻlganligi, tengi yoʻq kamtarligi uchun iliq sevar edik.
U otashin baynalminalchi, sodiq kommunist-leninchi edi. Uning butun hayoti partiyaga, xalqqa sidqidil bilan xizmat qilish namunasidir…”
Motam mitingida nutq soʻzlaganlarning hammasi shu ruhda gapirgan. Marhumni qabrga qoʻyish oldidan Vazirlar Kengashi raisi N.J.Xudoyberdiyev soʻnggi bor vidolashuv nutqini soʻzlab shunday degan: “Biz dono rahbarimiz, ustozimiz, otamiz va oʻrtogʻimizning jasadi oldida boshimizni egamiz. Minnatdorlik bilan toʻlgan qalblarimizda xotirangiz umrbod qoladi, unutilmas, Sharof Rashidov!”
Uni shahar markazidagi V.I.Lenin muzeyi roʻparasidagi xiyobonga zoʻr tantana bilan dafn etishdi. Bu yer 1917 yilgacha Turkiston bosh harbiy gubernatorining tashqari hovlisi boʻlgan.
Dafn etish komissiyasi aʼzolari shu joyni tanglaganliklarini maʼlum qilishganda dafn marosimida qatnashgan KPSS Markaziy Qoʻmitasi Siyosiy byurosi aʼzoligiga nomzod, KPSS MK kotibi V.I.Dolgix buning uchun Moskvadan ruxsat olish kerakligini aytgan. Moskvaga qoʻngʻiroq qilishganida:
— Toshkentda rahbarlar dafn etiladigan qabriston bormi?,-deb soʻrashgan.
— Ha, bor,-deb javob berishibdi.
-Rashidovni ham oʻsha qabristonga dafn etish maʼquldir.
Lekin Oʻzbekiston rahbarlari oʻz qarorlarini toʻgʻri hisoblab, Rashidovni Lenin muzeyi roʻparasidagi xiyobonga dafn etishdi.
Ilgari bu joyga Yoʻldosh Oxunboboyevni ham, Usmon Yusupovni ham dafn etish masalasi muhokama etilgan. Keyin shaharning har joyida har bir kishiga alohida qabriston ochaverish toʻgʻri boʻlmasa kerak, degan mulohaza bilan Yoʻldosh Oxunboboyev Kafanov nomidagi maydondagi Birodarlar qabristoniga, Usmon Yusupov esa Farobiy nomidagi ( Chigʻatoy) qabristoniga dafn etilganlar.
. . . . .
Shveysariyada Alp togʻiga chiqqanimizda ustim yupunroq edi. Qorli choʻqqilar yoniga borganimizda havoning salqinligi sezilib, badanim biroz junjikkan edi. Shuning asorati boʻlsa kerak, uyga kelganimda kechasi birdan haroratim koʻtarildi. Uydagilar “tez yordam”ni chaqirishdi. Dastlabki tibbiy yordamdan keyin ertalab haroratim biroz pasaydi. Shundan keyin shifokorlar meni Michurin koʻchasidagi shifoxonaga olib borib yotqizishdi. Bu yerda oʻn toʻrt kun davolandim.
Bir kuni shifoxona vestibyuliga chiqsam, oʻrindiqda oʻtirgan xushroʻygina , qora soch, qora koʻz, yosh juvon oʻrnidan turib:
-Assalomu alaykum, Nuriddin Akromovich!,-dedi.
-Vaalaykum assalom!
Juvon tanishday tuyuldi, lekin qayerda koʻrganligimni eslay olmadim. U buni payqab:
— Meni tanimadingiz-a,-dedi.
— Koʻzimga tanish koʻrinayapsiz. Lekin qayerda koʻrganimni eslolmayapman.
-Men-Tamaraman, Qallimbek Kamolovning qizi, Sharof Rashidovning keliniman.Qoraqalpogʻistonga borganingizda uyimizda mehmon boʻlgansiz. Oʻshanda men yosh qizcha edim…
— Boʻldi, boʻldi, hammasi yodimga tushdi. Biz otangiz Qalimbek Kamolovich bilan qadrdon doʻst edik. Otangiz, onangiz sogʻ-salomatmilar? Qaynotangiz vafot etib, oilangiz boshiga musibat tushibdi, taʼziya bildiraman.
-Rahmat!
Tamara bilan biroz suhbatlashdik. U aqlli, madaniyatli ayol ekan, qaynotasining soʻnggi kunlari, oʻlimi haqida gapirdi.
Oldindan shuni aytishim mumkinki, Sharof Rashidovich bilan birga ishlashgan yillarimiz baʼzi bir masalalarni hal etganimizda turlicha fikr bildirgan, ancha tortishgan paytlarimiz boʻlgan. Lekin oʻzaro muomilamizdagi lutf, bir-birimizga eʼtibor, izzat-hurmat hech qachon oʻrtamizdan koʻtarilmagan.
Sharof Rashidov ikkimiz tengdoshmiz- u 1917 yil 6 noyabrda Jizzax shahrida, men oʻsha yili 19 noyabrda Toshkentda tugʻilganman. U bilan 36 yil mobaynida mustahkam aloqada boʻlganmiz. Shundan sakkiz yil mobaynida respublikaning yuqori rahbar tashkilotlarida yonma yon ishlaganmiz.
KPSS Markaziy Qoʻmitasiga ishga oʻtganligim munosabati bilan 1957 yilda oilam bilan Moskvaga ketdim. Shundan beri qayerda boʻlmay va qanday lavozimda ishlamay, bayramlarda va boshqa muhim voqealar munosabati bilan ikkimiz muntazam bir-birimizga tabriknomalar yuborib turganmiz. Men har gal komandirovka bilan, yoʻl-yoʻlakay yoki mehnat taʼtili olib Toshkentga kelganimda albatta u kishi bilan uchrashardik.Hatto mening tashrifim dam olish kuniga toʻgʻri kelgan boʻlsa ham, u baribir uchrashuv uchun vaqt topardi.
Sharof Rashidovich bilan birinchi marta 1947 yil oktyabrda uchrashganmiz. Oʻshanda Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasining targʻibot boʻlimida “Qizil Oʻzbekiston” gazetasi muharririyatining ishi muhokama qilindi. Gazeta bosh muharriri Sh.Rashidov maʼruza qildi, tekshirishda qatnashganlar va taklif etilganlar muzokarada ishtirok etishdi. Men oʻz nutqimda ( bu paytda Namangan viloyat partiya qoʻmitasining mafkura boʻyicha kotibi boʻlib ishlardim) gazeta chiqishlarining ijobiy tomonlarini, shuningdek ayrim maqolalardagi kamchiliklar va boʻsh tomonlarini taʼkidladim, bir qator takliflar kiritdim. Maʼruzachi soʻnggi soʻzida fikrlarimga qoʻshilganligini maʼlum qildi.
1949 yilda Rashidov Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi boʻlib ishlayotganida Namanganga bordi. Men bu paytda viloyat partiya qoʻmitasining birinchi kotibi boʻlib ishlardim. Uch kun mobaynida birgalikda tumanlarda, jamoa va davlat xoʻjaliklarida boʻldik, togʻdagi yaylovga borib qimizxoʻrlik qildik, Katta Fargʻona kanalida choʻmildik, viloyatdagi yozuvchilar va ziyolilarning vakillari bilan uchrashdik.
Kechqurun viloyat ijroiya qoʻmitasi bogʻida ikkimiz yolgʻiz oʻtirdik. U viloyatda boʻlishi va taassurotlari toʻgʻrisida hayajonlanib gapirdi, abadiy doʻstligimiz va birodarligimiz uchun qadah koʻtardi.
Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi aprel ( 1950 yil) Plenumida ikkimiz ham Markaziy Qoʻmita byuro aʼzosi etib saylandik va shu kuni rahbarlik lavozimini egalladik: u jumhuriyat Oliy Kengashi Rayosati raisi, men Markaziy Qoʻmita mafkura boʻyicha kotibi boʻldim.
Oʻsha paytda Moskvada respublika adabiyot va sanʼati oʻn kunligini oʻtkazishga tayyorgarlik koʻrilayotgan edi. Sh.R.Rashidov komissiya raisi, men uning muovini etib tayinlandim. Oʻn kunlik muvaffaqiyatli oʻtdi, respublikaning adabiyot va sanʼatdagi yutuqlari yuksak baho oldi…
Baʼzi masalalarda Sharof Rashidovich bilan qarashlarimiz zid kelgan paytlar ham boʻlgan. Mavridi kelsa, bu haqda keyinroq yana yozish nasib etar, deb oʻylayman…
1956 yil 14-25 fevral kunlari KPSS 20 syezdi boʻldi. Bu tarixiy syezd boʻlib, shaxsga sigʻinishning zararli oqibatlari toʻgʻrisidagi qaror qabul qilindi. Shu syezdda men KPSS Markaziy Qoʻmitasi Rayosatiga ( Siyosiy byuro) aʼzolikka nomzod etib saylandim.
Oʻzbekistonga qaytgach, biz gʻoyat keskin masala-1937-38 yillarda qatagʻon qilingan oʻrtoqlar ishlarini qayta koʻrib chiqish bilan shugʻullandik. Maxsus komissiya tuzilib, u har bir deloni batafsil oʻrganib chiqdi, tegishli takliflar va hujjatlar tayyorladi. Ularni avval kotibiyat koʻrib chiqar, soʻng Markaziy Qoʻmita byurosida tasdiqlanar, ana shundan keyin Ittifoq rahbar tashkilotlariga taqdim qilinardi.
Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasining tashabbusi va bevosita ishtiroki bilan 1956-58 yillarda ilgari oʻlkada ishlab qatagʻon qilingan, turli millatga mansub boʻlgan talaygina partiya, davlat va jamoat xodimlari, ziyolilarning vakillari oqlandilar. Bir necha ming kishidan “xalq dushmani” degan tamgʻa olib tashlanib, ularning qadr-qimmatlari tiklandi…
Men Moskvada boʻlganimda , bosh prokuror R.A.Rudenkoga va KPSS Markaziy Qoʻmitasidagi masʼul oʻrtoqlarga Fayzulla Xoʻjayevning ham pok nomini tiklash masalasiga ijobiy qarashimn aytdim.
Roman Andreyevich Rudenko va Averkiy Borisovich Aristov meni tushunishganini izhor etib, fikrimga qoʻshilishdi, ijobiy qaror tayyorlashga vaʼda berishdi.
Fayzulla Xoʻjayev ham A.Ikromov singari oqlandi. Uning onasi Rayhon opa va rafiqasi Malikaxon surgunda vafot etishgan edi. Ikkinchi xotini Fotima va qizi Viloyat qaytib kelishdi.
Abdulla Qodiriyni oqlash masalasida ham juda qattiq tortishuv boʻldi. Baʼzilar Abdulla Qodiriyni oqlashga qattiq qarshilik koʻrsatayotganligi sababli ham men Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi birinchi kotibi boʻlaturib, 1956 yil 3 noyabrda Markaziy Qoʻmitaga xat yozdim. 1956 yil 6 noyabrda bu maktub toʻrt yarim soat muhokama qilinib, unda bayon qilingan Abdulla Qodiriyga berilgan baho, xulosa va takliflar maʼqullandi. Shundan keyin yozuvchi va olimlardan iborat uch komissiya tuzildi. Mazkur komissiyalarga yozuvchining asarlarini nashrga tayyorlash vazifasi topshirilgan edi, bu ish oʻz vaqtida amalga oshirildi.
1957 yil 16 dekabrda KPSS Markaziy Qoʻmitasi Plenumi boʻldi. Unda Xrushchyovning taklifi bilan meni KPSS Markaziy Qoʻmitasi kotibi va Rayosati ( Siyosiy byuro) aʼzosi etib saylashdi. Ertasiga Markaziy Qoʻmita Rayosati majlisida N.S.Xrushchyov menga Toshkentga uchib borib, Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi rahbariyatini tuzishda, jumladan, boshqa birinchi kotibni saylashda yordam berishni va muntazam yashash va ishlash uchunMoskvaga qaytib kelishni taklif qildi. Keyin kimni Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi birinchi kotibi etib saylash mumkin, deb qiziqdi. Bu savolga tayyor emasdim. Markaziy Qoʻmita byuro aʼzolaridan bir nechtasining, shu jumladan Sh.Rashidovning ham nomini aytib, bularning har biri ushbu lavozimda muvaffaqiyatli ishlashi mumkin, dedim. Soʻzimni tinglagach, N.S.Xrushchyov shunday dedi: “Men shaxsan Rashidovni bilaman, boshqalar bilan umumiy tarzda tanishman”.
Toshkentga 1957 yil 22 dekabr kechqurun kelib, aeroportdan toʻgʻri Markaziy Qoʻmitaga bordik. Byuro aʼzolariga Markaziy Qoʻmita birinchi kotibligiga kimni saylash kerakligi haqida oʻzingiz oʻylab koʻring, dedim. Ertaga kunning ikkinchi yarmida bu masalani muhokama qilishga toʻplanishni taklif qildim. 28 dekabrda Plenum chaqirishga qaror qilindi. Birinchi kotib lavozimiga nomzod tanlashga aralashmaslik uchun oʻsha zahoti Eski shaharda yashaydigan otamning oldiga ketdim.
Ertasi kuni soat 14 da Markaziy Qoʻmitaga byuro majlisida qatnashish uchun keldim. Oʻrtoqlar har tomonlama muhokama qilib, Sobir Kamolovni Markaziy Qoʻmita birinchi kotibi, Mansur Mirzaahmedovni esa respublika Vazirlar Kengashi Raisi etib saylash toʻgʻrisidagi taklifni Plenumda qarab chiqish uchun kiritish maqsadga muvofiq, deb tan olinganini maʼlum qilishdi. Har ikki nomzod respublikada taniqli arboblar, rahbarlik vazifalarida uzoq vaqt ishlaganliklarini hisobga olib, byuro aʼzolari fikrini quvvatladim. Xrushchyovning Rashidov haqidagi luqmasini aytganimda, uni oʻsha vaqtdagi yuqori lavozimi-respublika Oliy Kengashi Rayosati raisi lavozimida ishlayvergani maʼqul deyishdi.
Sobir Kamolovich Kamolov KPSS Markaziy Qoʻmitasi qoshidagi Oliy partiya maktabini tamomlagan, Qoraqalpogʻiston va Fargʻona viloyatlari partiya qoʻmitalari birinchi kotibi, Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi tarmoq kotibi boʻlib ishlagandi, oʻsha paytda respublika Vazirlar Kengashi raisi boʻlib ishlayotgan edi.
Mansur Ziyoyevich Mirzaahmedov esa partiyadagi faoliyatini boshlangʻich partiya tashkilotidan boshlab, barcha bosqichni bosib oʻtgan, Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasining kadrlar boʻyicha kotibi, Andijon viloyat partiya qoʻmitasining birinchi kotibi boʻlib ishlagandi. Oʻsha paytda respublika Vazirlar Kengashi raisi birinchi oʻrinbosari edi.
Byuro majlisi tugagach, Moskvaga qoʻngʻiroq qildik. Nikita Sergeyevich ish joyida yoʻq ekan, Rayosat aʼzosi, oʻsha paytda tashkiliy va ichki partiya ishlari bilan shugʻullangan KPSS Markaziy Qoʻmitasi kotibi A.I. Krichenko bilan bogʻlandim. Unga Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi byurosi qarorini maʼlum qildim. U menga N.S.Xrushchyov gripp bilan ogʻrib qoldi, uni bezovta qilish kerak emas, dedi. Keyin qoʻshimcha qildi: “Hamon senga topshirildimi, oʻzbekistonlik oʻrtoqlarning fikrlariga quloq solaver”.
27 dekabrda respublika partiya-xoʻjalik aktivini oʻtkazib, sanoat, qishloq xoʻjaligi, qurilish va transport sohasidagi 1957 yil yakunlarini muhokama qildik va kelgusidagi vazifalarni belgiladik.
Ertasi kuni, 28 dekabrda Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi Plenumi boʻldi. Uni Markaziy Qoʻmita ikkinchi kotibi R.A.Melnikov ochdi va u oxirigacha raislik qildi. KPSS Markaziy Qoʻmitasiga ishga oʻtganligim munosabati bilan meni OʻZbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi birinchi kotibi va byuro aʼzosi vazifasidan ozod qilishdi. Keyin R.A.Melnikov Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi kotibi M.A. Abdurazzoqovga soʻz berdi. U Markaziy Qoʻmita Byuro majlisi boʻlganligini unda har tomonlama muhokama qilib va chamalab koʻrib, S.K. Kamolovni Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi birinchi kotibi etib saylash toʻgʻrisidagi taklifni Plenumda qarab chiqish uchun kiritishga qaror qilinganligini maʼlum qildi. Keyin qisqacha tarjimai holini gapirib berdi va uni taʼrifladi. Ovoz berish yoʻli bilan S.K.Kamolovni saylashdi, hech kim qarshi chiqmadi.
Shundan keyin M.A.Abdurazzoqov S.K.kamolov oʻrniga M.Z.Mirzaahmedovni Vazirlar Kengashi Raisligiga tavsiya etishning maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisidagi byuro fikrini maʼlum qildi. Bunga ham mulohaza, eʼtiroz yoki boshqa bir nomzodni aytishmadi.
Plenum O.A.Alimov, R.Gʻ.Gʻulomov, T.Q.Qambarov va S.N. Nuriddinov oʻrtoqlarni Markaziy Qoʻmita Byuro aʼzolari etib sayladi.
Oxirida , qisqacha nutq soʻzlab, birgalikda ishlaganligimiz uchun tashakkur bildirdim va respublika partiya tashkiloti va barcha mehnatkashlari oldida turgan dolzarb vazifalarga toʻxtaldim. Shu bilan plenum oʻz ishini tamomladi. Oʻsha zahotiyoq Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi Plenumi qarori toʻgʻrisida KPSS Markaziy Qoʻmitasiga axborot yuborishdi. U yerda maʼqul topishdi.
Kunning ikkinchi yarmida bizning hammamiz Toshkent shahrida yangi aerovokzal ochilishida ishtirok etdik.
1958 yil 5 yanvar kechqurun Moskvaga ketgach, ertasi kuni KPSS Markaziy Qoʻmitasiga ishga bordim. Xonamdan N.S.Xrushchyovga qoʻngʻiroq qildim. U uchrashuvni soat 12.00 ga belgiladi. Huzuriga kirib, Oʻzbekistondagi kadrlar almashuvi toʻgʻrisida gapira boshlagandim, soʻzimni boʻlib, axborotni oʻqiganligini aytib, oʻzining ayrim mulohazalarini bildirdi. Keyin dedi: “Yaxshilab joylashing, sharoitga koʻniking, hozircha apparat ishi bilan tanishing, boʻlim mudirlari bilan suhbatlashing, kim nima bilan shugʻullanishini biling, keyin Sizning vazifalaringizni belgilaymiz”.
15 oydan keyin chet el komandirovkasidan qaytib kelib, gazetada Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi 11 plenumi boʻlib oʻtganligi haqidagi xabarni oʻqidim. Plenumda yetti yillik reja bajarilishining dastlabki yakunlari qarab chiqilgach, S.K.Kamolovni Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi birinchi kotibi vazifasidan ozod qilib, Sh.R.Rashidovni Markaziy Qoʻmita birinchi kotibi etib saylashibdi.
1959 yilda SSSSR Yozuvchilar uyushmasi rahbarlari K.Fedin, A.Surkov KPSS Markaziy Qoʻmitasi madaniyat boʻlimi mudiri P.A. Polikarpov qabulida boʻlishib, asarlari Lenin mukofotiga taqdim etilgan yozuvchilar, shoirlar, dramaturglar toʻgʻrisida axborot berishadi. Ular Yozuvchilar uyushmasi rahbariyati kimlarni qoʻllab-quvvatlashni koʻzda tutayotganligini maʼlum qilishib, Oʻzbekistondan Lein mukofotiga Sh.R.Rashidovning “Boʻrondan kuchli” romani taqdim etilganligini taʼkidlashibdi. Asarni diqqat bilan oʻrganib chiqib, bu roman yuksak badiiy qimmatga ega emas, unga mukofot berib boʻlmaydi, degan fikrga kelishibdi.
P.A.Polikarpov KPSS Markaziy Qoʻmitasi kotibiyati majlisida mana shularni aytdi.Markaziy Qoʻmitaning barcha kotiblari va ishtirok etayotganlar Yozuvchilar uyushmasi rahbarlarining Lenin mukfotini olish uchun nomzodlari qaytarilishi sabablariga qoʻshilishdi. Shu yerning oʻzida menga shaxsan Rashidovga qoʻngʻiroq qilishni va romanini mukofot olishga qoʻyilganlar roʻyxatidan qaytarib olishni tavsiya etishni topshirdilar.
Sharof Rashidovichga qoʻngʻiroq qildim. Yozuvchilar uyushmasi pravleniyasi va KPSS Markaziy Qoʻmitasi kotibiyatining fikrlarini ochiq aytmay, nomzodini Lenin mukofoti laureatligiga qoʻyish toʻgʻrisidagi materiallarni qaytarib olishni tavsiya qildim.
Ancha davom etgan sukunatdan keyin Sharof Rashidovich:
-Nima uchun?,-deb soʻradi.
Uning izzat-nafsiga ortiqcha tegmaslikka harakat qildim:
— Hozirgi mavqeingiz, Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi birinchi kotibi ekanligingizni hisobga olganda shunday qilganingiz maʼqul, degan fikr bor.
— Yozuvchilar tashkilotining oʻzi koʻrib chiqsin.Oʻshalar qanday qarorga kelishsa, shunday boʻladi…-dedi Sharof Rashidovich.
KPSS Markaziy Qoʻmitasidan ishdan ketishimning asosiy sababi shundaki, men M.A.Suslov bilan kelisholmay qolgan edim. U KPSS Markaziy Qoʻmitasining mafkura komissiyasi, men esa uning muovini edim. Ikkimiz SSSR Oliy Kengashi ikki palatasi-u Ittifoq Kengashi, men Millatlar Kengashi tashqi ishlar boʻyicha komissiyalari raislari edik. Ish jarayonida biz u bilan turli xil, ayrim vaqtlarda mafkura nazariya, siyosatga doir prinsipial masalalar yuzasidan qarama-qarshi fikrlar bildirib qolardik. Bundan tashqari, men uning ish uslubi, fikrlashi, aqidaparastligiga koʻnikaolmasdim. Ikki marta bunday tortishuvlarimiz Markaziy Qoʻmita Rayosatida muhokama qilingan edi. Shundan keyin men Nikita Sergeyevichdan Oʻzbekistonga qaytarishini soʻraganman.N.S.Xrushchyovni hurmat qilardim va hozir ham hurmat qilaman. Unga katta yoshdagi oʻrtogʻimizday munosabatda boʻlardim va u menga-taqdirning taqozosi bilan mamlakat rahbariyatining oliy tabaqalariga ishga kelgan, uzoq oʻzbek qishlogʻidan chiqqan oddiy bir kishiga yordam berardi.
N.S.Xrushchyovni hurmat qilish bilan birga, turli vaqtlarda ayrim yirik masalalarda shaxsiy fikrimni bildirardim, bu uning fikriga zid boʻlar yoki hamiyatiga tegar edi.
Masalan, Xitoy va Albaniya bilan munosabatlar, Jazoirga koʻmak berish, Stalinga nisbatan tadbiriy choralar koʻrish, milliy siyosat singari muhim masalalar MQ Rayosatida muhokama qilinganida qaror loyihalarini M.A.Suslov, A..Mikoyan, F.R.Kozlov tayyorlashgan. Ularni N.S.Xrushchyov maʼqullagan.
Rayosatda muhokama vaqtida men shu hujjatlarning ayrim moddalarini nooʻrin, deb topib oʻz fikrimni aytdim. Ikki-uch nafar Rayosat aʼzolari ham tanqidiy fikrlarni izhor qilishdi. Keng muhokama natijasida qisman oʻzgartirishlar kiritildi-yu, biroq loyihalar qabul qilindi. Bu ayniqsa, XX11 syezdga tayyogarlik va syezd ishi jarayonida keskin tus oldi.
Syezdning hujjatlarini tayyorlash uchun bir necha komissiya tuzildi. Shu jumladan, partiyaning Dasturini tayyorlash bilan bir guruh kishilar shugʻullandi. Bular orasida men ham bor edim. Suslov yigirma yilda kommuizm quramiz, hamma millatlar birlashib, yagona millatga aylanadi, til ham yagona boʻladi, degan jumlani Dastur loyihasiga kiritdi. Men bu fikrga butunlay qarshi chiqdim. Aytdimki, SSSRda 20 yilda kommunizm qurib boʻlmaydi va kommunizm qachon qurilishidan qaʼtiy nazar, millatlar va ularning tillari qoladi. Ancha tortishuv boʻldi. Masalani kommissiya hal qilolmagach, Markaziy Qoʻmita Rayosatida muhokama qilishdi. U yerda avval Suslovni, keyin meni tinglashdi. Koʻp tortishuvlardan keyin mening millatlar va ularning tillari haqidagi fikrimni maʼqullab, Suslov taklifi loyihadan olib tashlandi. Biroq, Suslov, Kozlov, Mikoyanlar qayerdadir Xrushchyov bilan birga oʻtirishganida oʻzaro kelishib, “Sovet fuqarolari endi bir xalq-yaʼni sovet xalqi boʻlishdi”, degan jumlani loyihaga qoʻshishibdi.
KPSS Markaziy Qoʻmitasida ishlagan yillarimda sezdimki, Rayosat aʼzolari orasida buyuk davlat shovinizmi kuchli ekan. Shu ruhdagi ishlarni oʻsha vaqtda KPSS Markaziy Qoʻmitasi Rayosatida masalalarni hal qilishda alohida imkoniyatlarga ega boʻlgan kishilar Suslov, Mikoyan, Kozlovlar amalga oshirishga harakat qilishar va ularni koʻpchilik Rayosat aʼzolari qoʻllab-quvvatlashar edi. Bunday sharoitda ular bilan ishlashni -notoʻgʻri milliy siyosatni amalga oshirishda ishtirok etishni istamadim. Bu haqda Xrushchyov bilan ikkinchi bor gaplashganimda u aytdiki, boʻlmasa, seni hozirgi ishingdan ozod qilamiz-da, SSSR Vazirlar Kengashi raisiga muovin etib tayinlaymiz, xonalarimiz Kremlda yonma-yon boʻladi, birga ishlashda davom etamiz.
XX11 syezd kunlaridan birida Xrushchyov Yodgor Nasriddinovani ham Kremldagi xonasiga chaqirib, “ Ayrim sabablarga muvofiq Muhitdinovni Markazkomdan Vazirlar Kengashi Raisiga muovin qilib oʻtkazish niyatimiz bor”, debdi.
Biroq shundan keyin syezdning ssoʻnggi kunlaridan birida bir voqea boʻldi. Syezdning navbatdagi majlisi tugagach, Xrushchyov Rayosat aʼzolaridan Suslov, Kozlov, Podgorniy, Mikoyan, Shelepin va meni oʻz xonasiga taklif etib: “Ertaga Stalinning jasadini mavzoleydan oldirib, Novodevichye qabristoniga koʻmdirish toʻgʻrisida syezd qarorini chiqarsak, nima deysizlar?”, dedi.
Shunda men :
— Nikita Sergeyevich, Stalin vafot etganida Siz dafn etish komissiyasining raisi boʻlgan edingiz. Uni Lenin yoniga qoʻyish toʻgʻrisida KPSS Markaziy Qoʻmitasi, SSSR Oliy Kengashi Rayosati va Vazirlar Kengashi qaror qabul qilgan. Endi uni Novodevichye qabristoniga eltib koʻmsak, xalq bunga qanday qarar ekan?-dedim.
Ikkinchidan, bizning musulmon va umuman Sharq xalqlari odatida marhumni yomonlash, uning jasadini sarson qilish xunuk ish sanaladi. Marhumning notoʻgʻri ishlarini tuzatib, ishni davom ettirib ketaverish kerak. Hatto bizda odamlar sahroda ketayotgan boʻlsalar ham, notanish qabrni koʻrib qolsalar toʻxtab, fotiha oʻqiydilar. Stalinning jasadini Novodevichye qabristoniga eltib koʻmish yaxshi ish boʻlmasa kerak, dedim.
Gapga Mikoyan aralashdi:
— Sen hozir, ayniqsa partiya syezdi boʻlayotgan bir paytda musulmoncha urf-odatlaringni tiqishtirma, Stalin-najas, uni Leninning yonidan olish kerak.
— Menimcha ham Stalinning jasadini Novodevichye qabristoniga olib borib koʻmish toʻgʻri boʻlmaydi,-dedi Shelepin.-U yerdan uning jasadini gruzinlar yoki boshqa odamlar bir kechada maxfiy olib ketishsa, butun dunyoda sharmanda boʻlamiz.
— Boʻlmasa qayerga koʻmamiz?,-dedi Xrushchyov.
— Mavzoleyning orqasida Stalin bilan ishlagan kishilar-Kalinin, Dzerjinskiy, Jdanov va boshqalar yotibdi.Oʻshalarning yoniga koʻmilsa maʼqul boʻlar,-dedim men.
Bu fikrga koʻpchilik qoʻshildi.
Kechqurun uyga qaytish oldidan Kozlov qoʻngʻiroq qildi. U bilan qoʻshni edik.
— Ishingni tamomladingmi, uyga qaytasanmi?
— Qaytaman.
— Pastga tush. Mening mashinamda birga ketamiz.
Mashina yoʻlga tushganida Kozlov:
— Juda charchadim, istasang, sen bilan ozgina ichgim bor,-dedi.
Men rozi boʻldim:
— Juda yaxshi, biznikiga boramiz.Ichgandan keyin palov yeyish kerak.
— Yoʻq,-dedi Kozlov,-uzoq oʻtiraolmayman. Yaxshisi, biznikiga kiraylik, Katya biron yegulik tayyorlab qoʻygandir.
Uning uyida oʻtirib, bir qadahdan ichib, tamaddi qilganimizdan keyin, Kozlov kostyumining ichki choʻntagidan bir qogʻoz oldi-da, dedi:
-Xrushchyov bilan bir fikrga keldik.Ertaga syezdda Stalinning jasadini mavzoleydan olish haqida Podgorniy maʼruza qilib, syezd qarori loyihasini oʻqib beradi. Uni muhokama qilish moʻljallanayapti. Birinchi boʻlib senga soʻz beriladi, Oʻrta Osiyo xalqlari nomidan gapirib, Stalinning jasadini mavzoleydan chiqarib tashlash haqidagi taklifni maʼqullaysan. Keyin Kavkaz xalqlari nomidan Mjanavadze, rus xalqi nomidan Spiridinov, ukrain xalqi nomidan Kalchenko va boshqalar gapirishib, qaror loyihasini maʼqullashadi.
-Avvalo, Oʻrta Osiyo xalqlari nomidan gapirish vakolatini menga hech kim bermagan,-dedim men,-Oʻzing oʻylagin, men gapirsam-ku, zaldan biron-bir odam turib :” Sizga kim vakolat berdi?” deb qolsa nima deb javob qilaman? Qolaversa, bilasanki, hozir men Markazqoʻmda Oʻrta Osiyo bilan emas, boshqa masalalar bilan shugʻullanayapman. Bundan tashqari syezdda gapirdim, raislik qildim, uchta komissiyaga aʼzo boʻlib, ishida ishtirok etdim. Ana, Oʻrta Osiyodan kelib, syezdda ishtirok etayotgan delegatlar bor, oʻshalarning boshliqlaridan birontasi gapirsa yaxshi boʻlardi.
— Ayyorsan, Nuriddin,-dedi Kozlov jilmayib.
— Sen mendan uch karra ayyorroqsan,-dedim unga qarab.
— Fikringni hozir telefonda Xrushchyovga aytaman,-deb u oʻrnidan turdi.
— Juda yaxshi.
Shundan keyin men Katyaga rahmat aytib chiqib ketdim.
Ertasi syezdning ertalabki majlisi ochilishi bilan kun tartibida bu masala boʻlmaganiga qaramasdan, raislik qiluvchi Podgorniyga soʻz berdi. U yuqorida aytganimizdek, 15-20 minutcha gapirdi va Stalinning jasadini mavzoleydan olish haqidagi qaror loyihasini oʻqib berdi. Toʻrt-besh kishi soʻzga chiqib, uni maʼqullashdi va ochiq ovoz bilan Stalin haqidagi qaror qabul qilindi.
Soʻzlaganlar orasida Mjavanadze yoʻq edi. Keyin bilsam, shamollab, ovozi boʻgʻilib qolganligini bahona qilib, soʻzlashdan bosh tortibdi.
Soat 2da Plenum ochildi. Unda Markaziy Qoʻmitaning birinchi kotibi, MQ kotiblari, Rayosat aʼzolari saylandi. Eski tarkibdan besh kishi-kotiblar va Rayosat aʼzolarining ,jumladan , mening ham nomimni Xrushchyov aytmadi.Bu masala muhokama ham qilinmadi, men ham Plenumda gapirganim yoʻq.Plenum qarorlarini eʼlon qilish va syezdni yakunlash uchun syezdning oxirgi majlisi ochildi. Unga men bormadim.
Sh.Rashidov Markaziy Qoʻmita Rayosati aʼzoligiga nomzod qilib saylandi.
***
1983 yil 23 noyabrda KPSS Markaziy Qoʻmitasi va SSSR Vazirlar Kengashining 1227-qarori eʼlon qilindi. Mazkur qarorda shunday deyilgan edi:
“ 1. Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi va Oʻzbekiston SSSr Vazirlar Kengashiga Toshkent shahridagi “Oʻzbekiston” koʻchasini Sharof RAshidov nomidagi shoh koʻcha deb qayta nomlash topshirilsin.
Toshkent shahar German Lopatin koʻchasidagi 68-uyga va Samarqand Davlat Dorilfununi binosiga Sh.R.Rashidovning xotirasi uchun yodgorlik lavhalar oʻrnatilsin.
Toshkent toʻqimachilik kombinatiga, Jizzax shahridagi viloyat kutubxonasiga, Qoraqalpogʻiston ASSR Qoraoʻzak tumanidagi “Madaniyat” davlat xoʻjaligiga Sh.R.Rashidov nomi berilsin.
Sh.R.Rashidov qabri ustiga yodgorlik qurilsin.
2.SSSR Dengiz floti qurilayotgan kemalardan biriga Sh.Rashidov nomini berish topshirilsin.
KPSS MQ Bosh kotibi Yu.Andropov ,
SSSR Vazirlar Kengashining Raisi N.Tixonov”
Bundan tashqari joylarda uning xotirasini abadiylashtirish maqsadida koʻplab har xil tadbirlar amalga oshirildi.
Lekin oradan yarim yil oʻtgach, bu qaror ham, Rashidov shaʼniga aytilgan iliq-issiq gaplar ham unutildi. Rashidovni tirikligida ham, vafot etganda alqagan, osmonga koʻtarib maqtaganlarning oʻzi uni birinchi boʻlib yomonlashni boshlab berishdi. Unga Sotsialistik Mehnat Qahramoni unvonini berish, Lenin mukfoti berish toʻgʻrisidagi farmon va qarorlar bekor qilindi.
1984 yilning yozida biz ( SSSR Savdo-sanoat palatasi vakillari) Polshaning Poznan shahridagi xalqaro koʻrgazmada boʻlgan edik. Shu yerda “Pravda”ning yangi sonini olib, Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasining 16 Plenumi toʻgʻrisidagi hisobotni oʻqidim. Unda jumhuriyatdagi qonunchilikni qoʻpol ravishda buzish, kadrlar siyosatini izdan chiqarish, xizmat maqeini suiisteʼmol qilish, paxtachilikdagi qoʻshib yozish, aldamchilik, poraxoʻrlik kabi nuqsonlar toʻgʻrisida gapirilgandi.
Keyinchalik men Moskvada shu plenumning stenografik hisoboti bilan ham tanishib chiqdim. Unda nutq soʻzlab, Rashidovni yomonlagan 20 kishidan 14 nafari u haqdagi taʼziyanoma ostiga qoʻl qoʻygan, Rashidov bilan birga koʻp yillar qoʻlni qoʻlga berib ishlagan kishilar edi. Oʻylab turib, yoqangni ushlaging keladi. Bu kishilardan oʻn nafari keyinchalik pora olgan va pora bergan degan tuhmatlar bilan qamalishdi.
Koʻp oʻtmay Moskvada KPSS MQ da Oʻzbekistonga bagʻishlangan maxsus yigʻilish boʻldi. M.S.Gorbachyov raisligida ochilgan bu yigʻilishga Markazqoʻmning deyarlik barcha aʼzolari, hukumat, ittifoq vazirliklari, mahkamalari, huquqni muhofaza qilish organlari va axborot vositalarining rahbarlari taklif etildi. Kengashda Ye.K.Ligachyov maʼruza qilib, Oʻzbekistondagi ishlarga shunday yomon taʼrif berdiki, hammaning ruhi tushib ketdi. Jumladan, u jumhuriyatda kadrlarni tanlash va tarbiyalash tartibi izdan chiqqanligi, poraxoʻrlik, davlat xizmatidagi odamlarni sotib olish, lavozimga sotish, qoʻshib yozish, firqa Ustavini, Konstitutsiyani buzish hollari odatiy hodisaga aylanganligi toʻgʻrisida gapirdi.
Ligachyov Markazqoʻm boʻlimlari, vazirliklar, mahkamalar rahbarlarini Oʻzbekistonda boʻlayotgan voqealarga eʼtiborsizlik bilan yondoshganlikda, kelgan shikoyatlarni oqibatsiz qoldirganlikda aybladi.
Shunda men beixtiyor Rashidovni, u bilan 1983 yilning mayidagi uchrashuvimizni, undan avval oʻzim guvohi boʻlgan voqealarni oʻyladim. Ochigʻi, 16 Plenumdagi va undan keyingi noxush gaplarning shabadasi menga biroz ilgariroq, Rashidov hayotligida maʼlum boʻlgan edi.
1982 yilning boshida menga oʻsha paytda SSSR Davlat xavfsizligi qoʻmitasi raisi boʻlib ishlayotgan Yu.V.Andropov qoʻngʻiroq qildi. U sogʻligimni, ishimni, oilamning ahvolini soʻragach:
— Nuriddin, ertaga bir oldimga kelib ketolmaysanmi? Sen bilan suhbatlashmoqchiman,-dedi.
— Xoʻp, qay payt borsam boʻladi?
-Ertalab soat toʻqqizda kutaman.
Yuriy Vladimirovich bilan biz eski qadrdon edik. Men KPSS Markaziy Qoʻmitasiga kotib boʻlib ishlagan yillarim Andropov Markaziy Qoʻmita boʻlim mudiri edi, ish sohasida bir-birimizga bogʻlangan edik. U oʻsha paytdayoq ishchanligi, fikri kengligi, uzoqni koʻra bilishi bilan hamkasblarining hurmat-eʼtiboriga sazovor boʻlgan edi.
Ertasi kuni qabuliga bordim. U meni samimiy kutib olib, yana hol-ahvolimni soʻradi. Keyin oʻylanib turib:
— Nuriddin, Vataning betinch-ku, xabaring bormi?-dedi.
-Yoʻq, xabardor emasman, nima boʻlibdi?
— U yerda ahvol yaxshi emas,-dedi Yuriy Vladimirovich. Keyin yana savolga tutdi:
-Rashidov qanaqa odam, men uni yaxshi bilmayman.
— Sharof Rashidovich yaxshi odam. Koʻp yillardan beri Oʻzbekistonni boshqarib kelayotgan tajribali rahbar. Jumhuriyatda anchagina yaxshi ishlar qilgan, qilyapti.
— Oʻz yurtdoshingni himoya qilyapsan,-dedi Yuriy Vladimirovich jilmayib.
-Bu chin soʻzim,-dedim ishonch bilan.
Yuriy Vladimrovich selektr orqali bir kishiga murojaat qilib, “Rashidov papkasi”ni olib kiring, dedi. Oradan ikki-uch daqiqa ham oʻtmay xonaga chekka sochlari oqargan, yoshi elliklardagi odam qoʻlida papka bilan kirib keldi. Biz bilan koʻrishib, hol-ahvol soʻrashgach, mening roʻparamga oʻtirdi.
— Papkangizdagi axborotlardan Nuriddin Akramovichga oʻqib bering,-dedi Yuriy Vladimirovich.
Haligi odam papkadagi qogʻozlarni birma-bir olib, ovoz chiqarib oʻqiy boshladi. Bular hammasi Oʻzbekistondan yuborilgan maʼlumotlar boʻlib, ularda gap jumhuriyatdagi rahbarlik boʻgʻinlarida ishlayotgan kadrlarning poraxoʻrligi, qoʻshib yozish bilan shugʻullanayotganliklari, davlat mulkini talon-taroj qilayotganliklari kabilar haqida borardi.
Xodim maʼlumotlarni 25-30 minut oʻqigach, Andropov : “Bas qiling” dedi. Keyin menga oʻgirildi.
— Qalay, endi nima deysan?
— Men ochigʻi, Oʻzbekistondagi hozirgi ahvolni yaxshi bilaman, deb aytolmayman. Lekin bu yerdagi gaplar birorta nufuzli komissiya aniqlab, tasdiqlagan faktlarga oʻxshamaydi. Oʻzbek xalqining halolligi, mehnatsevarligi, vijdonliligi, mehmondshstligi hammaga maʼlum. Ittifoq oldidagi vazifalarini doim bajarib kelgan. Shuning uchun xalq ustidan bunday salbiy gaplar yurgizilishini haqorat deb bilaman. Rashidovga kelsak, yuqorida aytdim, uning rahbarligi vaqtida Oʻzbekistonda barcha sohalarda koʻp yaxshi ishlar qilindi. Shu bilan birga, ish jarayonida u ham oʻziga xos kamchiliklarga yoʻl qoʻygan boʻlishi mumkin.
Keyin arablar bilan Isroil oʻrtasidagi mojaro haqida suhbatlashdik. Shu bilan suhbatni tamomlab, xayrlashdik.
1982 yil 10 noyabrda L.I.Brejnev vafot etdi. KPSS MQning 1982 yil 12 noyabrda boʻlgan navbatdan tashqari Plenumi Yu.V.Andropovni KPSS Markaziy Qoʻmitasiga Bosh kotib etib sayladi.
Oradan bir necha kun oʻtgach, men unga qoʻngʻiroq qilib, yangi lavozim bilan tabrikladim. U salomlashib, hol-ahvolimni soʻradi. Gapining oxirida: “ Biz sen bilan yaqinda uchrashamiz, oʻzim seni chaqirtiraman”, dedi.
Haqiqatda, 1983 yil yanvar oyida Andropov meni huzuriga chaqirdi. U bilan ancha vaqt suhbatlashib oʻtirdik. Keyin Yuriy Vladimirovich qoʻlimga katta papkani tutqazib:
— Ilgari sen boshqa maʼlumotlar bilan tanishgan eding, endi KPSS Markaziy Qoʻmitasiga kelgan shikoyat xatlarni koʻrib chiq,-dedi.
— Material koʻp-ku, bu yerda oʻtirib oʻqisam. Sizning vaqtingizni olaman.
-Buning ilojini qilamiz.
Yuriy Vladimirovich oʻrnidan turdi-da, meni toʻrdagi dam olish xonasiga boshladi.
-Shu xona sening ixtiyoringda.Bemalol oʻtirib oʻqiyver.
Xatlar bilan tanishdim.Shikoyatlarni Oʻzbekistonda turli sohalarda mehnat qilayotgan ayrim kishilar yozishgan ekan. Gap yana oʻgʻirliklar, poraxoʻrliklar, ommaviy qoʻshib yozishlar, oddiy mehnatkashlarning haq-huquqlarini poymol qilish hollari haqida edi.
Xatlar bilan tanishib boʻlgach, Yuriy Vladimirovichning oldiga chiqdim.
-Taassurotlaring qanday?-dedi u.
— Men bu shikoyatlarning hammasi ham toʻgʻri deb oʻylamayman. Sababi , shikoyat yozgan rahbar xodimlarni qisman taniyman. Oʻzbekistonda bu xatlarda yozilganidek dahshatli fojialar roʻy berishiga ishonib boʻlmaydi,-dedim.
— Xoʻsh, sen nimani taklif qilasan?
-Buni oʻylab koʻrishim kerak.
Andropov selektr orqali Ligachyovga dedi:
-Oldimda Nuriddin Muhitdinov oʻtiribdi. Ancha suhbatlashdik. Savdo palatasida shuncha dam olgani yetar, endi biz bilan birga ishlasin. Chervonenko va boshqa oʻrtoqlar bilan maslahatlashinglar-da, Muhitdinovdan oʻziga loyiq lavozimlarda foydalanish haqida taklif kiritinglar.
Yuriy Vladimirovich shundan keyin deraza tomonga qarab biroz jim turdida, dedi:
— Men mamlakatni juda yaxshi bilaman, deb ayta olmayman. Lekin menga shu narsa aniqqi, mamlakatda tartib-intizom boʻshashib ketgan. Shundan kelib chiqib, bir ish qilmoqchiman, nima deysan?
— Nima ekan?
-Uchta narsani: tartibni, intizomni, qonunchilikka rioya qilishni mahkam ushlamoqchiman.
-Toʻgʻri ish boʻladi bu.
— Men bu haqda xalq oldida soʻzlamoqchiman. V.V.Grishin meni bir zavodga olib boraman, deb qoʻymayapti. Oʻsha zavodga borib, ishchilar oldida shu xususda gapirmoqchiman.
Shundan keyin biz Yuriy Vladimirovich bilan xayrlashdik.Haqiqatda, u Lixachyov nomidagi zavodda boʻlib, ishchilar bilan boʻlgan uchrashuvda nutq soʻzladi. Bu nutq butunittifoq televidiyeniyasi va radiosi orqali eshittirldi. Ertasi barcha markaziy roʻznomalarda chop etildi.
1983 yil may oyida Toshkentda Ittifoq boʻyicha eksportga sotilayotgan paxta sifati haqida kengashi boʻldi. Men Hindistondan qaytib kelayotib, Toshkentda toʻxtab , shu anjumanda ishtirok etib, nutq soʻzladim.
Kengash tugagach, jumhuriyat Savdo-sanoat palatasi raisi J.Ilhomova bilan birga Sh.R.Rashidov qabulida boʻldik. Rasmiy gaplar tugagach , Rashidov Ilhomovaga ruxsat berdi. Menga esa “Siz qoling, gap bor”, dedi. Xonada ikkimiz qolganimizda, u:
— Nuriddin Akramovich, mening ahvolim juda ogʻir,-dedi.
-Nima boʻldi?
— Meni bir necha kun ilgari Moskvaga chaqirishdi. Ligachyov oldimga Oʻzbekistondan borgan bir papka shikoyat xatlarni qoʻyib: “Nega Oʻzbekistonda bunday ahvol yuzaga keldi?” dedi. Ancha tortishdim. Oxiri, mayli, ishimdan qanoatlanmayotgan boʻlsanglar, pensiyaga chiqish uchun ariza yozishim mumkin, dedim. U rozi boʻldi. Keyin paxtaning ahvoli yaxshi emasligini oʻylab, ikki oyga ruxsat soʻradim. Shunga siz nima deysiz? Hech dardlashadigan, yuragimni yozadigan odamim yoʻq. Oʻy oʻylab oxiriga yetolmayapman…
— Bu shikoyat xatlari bilan men ham tanishman. Andropov huzuriga chaqirib koʻrsatgan. Unga nima deyishimni bilolmay qolganman. Siz hamon ariza yozishga vaʼda beribsiz, demak, bu amalga oshadigan narsa. Menimcha, Sharof Rashidovich, Markaziy Qoʻmita Plenumini oʻzingiz tashabbus koʻrsatib chaqiring-da, barcha kamchilik va nuqsonlar haqida oshkora gapiring. Axir, Siz bu kamchiliklarni bir oʻzingiz qilmagansiz-ku, atrofingizda Siz bilan birga bir necha yillardan beri ishlashib kelayotgan kishilar bor…Siz shu yoʻsinda faolitingizga baho oling. Ishonamanki, jumhuriyat kadrlari orasida yetuk kishilar oz emas, ular yoʻl qoʻyilgan kamchiliklar bilan birga, siz qilgan yaxshi ishlarni ham gapirishar va faolitingizga odilona baho berishar.
— Taklifingiz yaxshi.Faqat bu ishni kuzda, paxta plani toʻlgandan soʻng qilsammikan, deyapman.
— Buyogʻini oʻzingiz bilasiz.
Shundan keyin men dedim:
— Jumhuriyatdagi hozirgi ahvolga oʻzingiz qanday baho berasiz?
— Kamchiliklarimiz bor, ammo ayrim shaxslar markazga yozayotgan darajada emas.
— Sharof Rashidovich ,oʻrtamizda dildan suhbat boʻlayotgani uchun baʼzi bir narsalarni soʻrasam xafa boʻlmaysizmi?,-dedim.
— Yoʻq, bajonidil eshitaman, barcha savollaringizga javob berishga tayyorman.
— Elliginchi yilarda mamlakatda hokimiyat tepasiga Xrushchyov kelganidan keyin, uning oldiga bir necha marta iltimos bilan kirib, paxta, pilla, qorakoʻl teri va boshqa qishloq xoʻjalik mahsulotlari bahosini ancha oshirgan edik. Nimaga Siz 1960 yilda KPSS Markaziy Qoʻmitasi Prezidiumida Oʻzbekiston dehqonlari toʻq, faravon turmush kechirishayapti, jamoa va davlat xoʻjaliklari boyib ketdi. Endi Ittifoq davlatiga yordam berish uchun paxta va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlari narxini bir necha milliard soʻmga arzonlashtirmoqchimiz, dedingiz? Bu fikringizga Prezidiumda Kosigin Ignatov va men qarshi chiqdik, boshqalar esa maʼqullashdi. Shunga qaramasdan, siz bu taklifingizni Plenumda ham takrorladingiz, zaldagilar qarsak chalishdi, sizni baynalminalchi, deb maqtashdi. Paxta va boshqa qishloq xoʻjalik mahsulotlari bahsini arzonlashtirish haqida qaror qabul qilindi. Natijada Oʻzbekiston qishloq xoʻjaligiga zarar yetkazildi.
Rashidov shunday dedi:
— Meni bunga Nikita Sergeyevich majbur qilgan. U, hozir Qozogʻiston va Rossiyaning janubidagi boʻz yerlarni oʻzlashtirayapmiz. U yerlardan olinadigan gʻalla va goʻshtning bir qismi Oʻzbekistonga beriladi. Sizlar boy yashayapsizlar, bizga yordam beringlar, deb qoʻymagan.
— ikolay podshoning davrida ham paxtakor va qorakoʻlchilarga, ularni koʻproq mahsulot ishlab chiqarishga qiziqtirish uchun gʻalla, choy, qand, gazlama, har xil qishloq xoʻjalik mashina va uskunalari birinchi navbatda berilgan. Bundan tashqari paxta ekilgan maydonlardan yer soligʻi olinmagan.
Sovet davlatining dastlabki yillari shaxsan Leninning nazorati ostida bu ishlar davom etdirildi. Urush yillari va undan keyin Stalinning buyrugʻi bilan paxtakorlar va chorvadorlar oʻz mahsulotlari evaziga ( otovarivaniye yoʻli bilan) gʻalla, gazlama , yogʻ, sovun, qand va boshqa zarur mahsulotlar bilan kafolatli taʼminlab turilganlar. Nima uchun Siz Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasiga birinchi kotib etib saylanganingizdan keyin bir necha yil oʻtgach, qishloqda mol ayriboshlashning endi keragi yoʻq, jamoa va davlat xoʻjaliklari bunga muhtoj emas, deb KPSS MQ ga xat yozdingiz. Markazda bu tashabbusingizni ham maqtashdi. Sizga orden berishdi. Xoʻjaliklarga va dehqonlarga esa katta moddiy zarar yetkazildi.
-Toʻgʻri, bu ish xato boʻldi. Men tajribasizlik qilib, oʻzimizdagi mutaxassislarning soʻziga kiribman. Ittifoq manfaatini koʻp oʻylabman-u, oʻz manfaatimizni oʻylamabman.
Sharof Rashidovich bu gaplarni ezilib, iztirob bilan aytdi va uzoq jimib qoldi.
1956 yilda Mirzachoʻlda yana 300 ming gektar yer oʻzlashtirish uchun 4 milliard 200 million soʻm, keyin yana 600 million soʻm oldik,-dedim men.-Qozogʻiston, Tojikiston rahbarlari bilan birgalikda Mirzachoʻlni oʻzlashtirishning yagona dasturini tuzdik. Bundan asosiy maqsad paxtachilik, chorvachilik, sabzavotchilik va mevachilikni yanada yuksaltirishdan va markazning xom ashyo bazasi boʻlib qolishga chek qoʻyib, barcha qishloq xoʻjalik mahsulotlarining oʻzimizda toʻla qayta ishlanishiga erishishdan iborat edi. Bu maqsadimizni Xrushchyov, Kosigin , Bulganin, oʻsha paytdagi ittifoq Gosplani raisi Baybakov, moliya vaziri A.G.Zveryev maʼqullashgan edi. Natijada 1956 yil 6 avgustda KPSS Markaziy Qoʻmitasi va SSSR Vazirlar Kengashining Mirzachoʻl yerlarini oʻzlashtirish toʻgʻrisidagi qarori eʼlon qilindi. Bu qarorda 34 ta davlat xoʻjaligi va 34 ta zavod qurish belgilangan edi. Bunda davlat xoʻjaligi va zavod bir jamoa qoʻlida boʻlishi, yaʼni jamoa va davlat xoʻjaliklari oʻzlari tayyorlagan mahsulotga oʻzlari ishlov berib, tayyor mahsulotni oʻzlari sotishlari rejalashtirilgan edi. Masalan, paxta yetishtirgan xoʻjalik uni tola, chigit , kunjara va yoqqa aylantirib, bemalol sotaverishi mumkin edi. Nega shu reja, Tojikiston va Qozogʻiston jumhuriyatlari bilan maslahatlashmagan holda buzildi? Oqibatda Oʻzbekiston ilgari qanday xom ashyo bazasi boʻlgan boʻlsa, shundayligicha qolib kelayapti.
Rashidov yana ogʻir sukut saqladi-da , dedi:
— Ittifoq yengil sanoat, qishloq xoʻjalik vazirliklari sanoat va qishloq xoʻjaligida shu paytgacha mavjud boʻlgan tartib oʻzgarmagani maʼqul, aks holda markaziy shaharlardagi mavjud va qurilayotgan sanoat korxonalari xom ashyosiz qolishi mumkin yoki ularga chet eldan sarflab xom ashyo sotib olishga toʻgʻri keladi, deb turib olishdi. Biz, qarorni bajaringlar, desak zavodlar qurish uchun asbob-uskunalar yetishmaydi, deyishdi. Shu bilan bu masala qolib ketdi.Tushunaman, yetarlicha talabchanlik qilmadik. Endi esa bu xatolarni tuzatish kerak, -dedi.
( Shu oʻrinda bir narsani aytish kerak. Hozir mustamlakachilik siyosati va markaz zugʻumi haqida ochiq-oydin gapirilayapti. Oʻzbekistonni xom ashyo manbaiga aylantirish va shu holda ushlab turish oʻsha davrning ustamon siyosati boʻlgan. Bu siyosatga qarshi borish Rashidovning ham imkoni darajasida boʻlmagan. Sharof Rashidovich garchand “talabchanlik qilmadik”, deb aybni oʻz zimmasiga olaayotgan boʻlsa ham markaz irodasiga qarshi borish juda mushkul edi).
— Nuriddin, doʻstim,-dedi Sharof Rashiidovich,-Oʻzbekistonga qaytib keling, faoliyatimizning oxirida yana birga boʻlaylik…
— Bu gapni menga 1976 yilda ham aytgandingiz-ku. Men Sizning gapingizga binoan elchilikdan ozod etishlari haqida Brejnevga ariza yozdim. Keyin esa bu masala amalga oshmadi.
— Ogʻayni, meni ham tushuning,-dedi Sharof Rashidovich oʻylanib,-ikkimizning birga ishlashimizga qarshi kishilar Toshkentda ham, Moskvada ham bor.
— Hozirgi sharoitda mening Oʻzbekistonga qaytib kelishimni hamma ham toʻgʻri tushunmas,-dedim men.-Buning ustiga, Markaziy Qoʻmita Plenumini chaqirib, barcha kamchilik va nuqsonlarni oshkora muhokama qilsanglar, men unda ishtirok etib nima ham deyishim mumkin? Jumhuriyatdan chiqib ketganimga ancha yillar boʻldi, bu yerdagi ahvolni yaxshi bilmayman, koʻpgina kadrlarni bevosita tanimayman. Shuning uchun oʻzingiz birinchi siyosiy rahbar sifatida yana bir irodangizni koʻrsatib, yuqoridan qaror yoki buyruqni kutib oʻtirmay, Markaziy Qoʻmita Plenumini chaqirib, hammasini ochiq-oydin gapirib, tegishli chora-tadbirlarni belgilash yoʻliga oʻtsangiz maʼqul boʻlardi. Rahbar xodimlar yoʻl qoʻyilgan kamchilik va nuqsonlarni oʻzlari tuzata olishlariga ishonaman.
— Rahmat, doʻstim Nuriddin, ochiq-oydin aytgan bu gaplaringizni oʻylab koʻraman,-dedi Sharof Rashidovich. Keyin soʻradi:-Bu yil otpuska qildingizmi?
— Yoʻq, avgustda chiqishni moʻljallayapman.
-Qayerda dam olmoqchisiz?
-Urushda yaralangan oyogʻim tez-tez ogʻriyapti. Biron-bir sanatoriyada oyoqni davolatsammi deyapman.
— Oʻzimizning Chortoq yaxshi, bolalar bilan shu yoqqa keling.
-Shunday qilsam ham boʻladi.
Rashidovning taklifiga binoan avgustda oilam bilan Chortoqda dam olishga qaror qildim. Moskvadan kasaba uyushmalari orqali toʻrtta putyovka sotib olib, Toshkentga uchdik. Bu yerga kelgach, yana Sharof Rashidovich bilan uchrashdim. Ammo bu galgi suhbatimiz qisqa boʻldi. U menga, Siz bilan gaplashadigan gapim bor, uch-toʻrt kundan keyin oldingizga-Chortoqqa boraman, dedi. Lekin ish bilan ovora boʻlib ketdi chogʻi, Chortoqqa oʻtolmadi.
Toshkentga qaytib kelib, unga qoʻngʻiroq qilsam, kotibasi Mayya:
-Sharof Rashidovich Jizzaxdalar,-dedi.- Toshkentda ekanligingizni hozir qoʻngʻiroq qilib aytaman.
Ertasi Mayya uyimizga qoʻngʻiroq qilib shunday dedi:
— Toshkentga kelganingizni Sharof Rashidovichga maʼlum qildim, u kishi salom aytdilar. Ammo Toshkentga kelolmas ekanlar, zarur ish bilan Samarqandga oʻtar ekanlar.
Ertasi men oilam bilan Moskvaga uchib ketdim. Afsus, Sharof Rashidovich bilan boshqa koʻrisha olmadik.
***
Mana jumhuriyatimiz jamoatchiligi Sharof Rashidov tavalludining 75 yilligini nishonlayapti. Bu juda oʻrinli tadbir boʻldi.
Sharof Rashidov faoliyatini oddiy pedagoglikdan boshlab, oʻzining aqli, tashkilotchilik qobiliyati bilan eng yuksak lavozimlarga koʻtarildi. U toʻqqiz yil Oʻzbekiston SSR Oliy Kengashi Rayosatiga rais, yigirma uch yil Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasiga birinchi kotib boʻldi. U jumhuriyatda birinchi shaxs boʻlib turgan yillarda xalq xoʻjaligining barcha sohalarida ,shubhasiz, koʻp ishlar qilindi. Amalda 1966 yildagi zilziladan keyin Toshkentda koʻp binolar qurilishi, turli viloyatlarda bunyod etilgan goʻzal obidalar, ilm maskanlari Sharof Rashidovichdan yorqin xotira boʻlib qoldi. Uning anchagina ilm va ijod ahlining boshini silagani, odamlarga mehr-muruvvat koʻrsatgani haqida misollar keltirish mumkin. Bundan koʻz yumish, inkor qilish insofdan emas.
Ammo shu bilan birga u kishi rahbarlik qilgan yillarda Oʻzbekistonda paxta yakka hokimligi qaror topgani, jumhuriyatning Markazga iqtisodiy qaramligi kuchaygani, qishloq xoʻjaligini rivojlantirishda ekstensiv yoʻldan borilishi oqibatida Orol dengizi halokat yoqasiga kelib qolgani, xalq xoʻjaligi, ayniqsa uning yetakchi tarmogʻi boʻlgan qishloq xoʻjaligidagi qoʻshib yozishlar, koʻzboʻyamachilik faktlari roʻy berganligi ham bor gap.
Lekin buning uchun birgina Sharof Rashidovichga malomat toshlari otish, Oʻzbekistonni yomon otliq qilish toʻgʻri emas.
1986 yilda Oʻzbekistonga qaytib kelgach, viloyatlarni aylanib chiqdim, oddiy mehnatkashlar-paxtakorlar va chorvadorlar, ishchilar va ziyolilar, turli boʻgʻindagi rahbarlar bilan suhbatlashdim. Jumhuriyatda yuzaga kelgan ahvol bilan tanishgach, bu haqda KPSS Markaziy Qoʻmitasi Bosh kotibi M.S.Gorbachyovga uch marta maktub yozdim( Bu xatlarimning har birini Moskvaga joʻnatishdan avval Oʻzbekiston Kompartiyasi Markaziy Qoʻmitasi birinchi kotibi I.B.Usmonxoʻjayev va Vazirlar Kengashi Raisi Gʻ.H.Qodirovga koʻrsatdim). Shundan keyin meni Kremlga chaqirishdi. U yerda masʼul oʻrtoqlar bilan suhbatda oʻz maktublarimda bayon qilgan fikrlarimni takrorladim. Fikrim shu boʻldiki, “oʻzbek ishi” “paxta ishi”, “oʻzbek mafiyasi” degan iboralar jumhuriyat xalqi va kadrlarga nisbatan tuhmat, Oʻzbekistonga Markazdan yuborilgan bir necha yuz rahbar va uch yuzga yaqin tergovchining u yerda boʻlishlariga hojat yoʻq. Bu birinchidan, Oʻzbekiston partiya va sovet tashkilotlariga ishonchsizlik tugʻdirsa, ikkinchidan, oʻzbek millatiga qarshi harakat sifatida baholanib, xalqlar oʻrtasidagi doʻstlik va qardoshlikka putur yetkazadi.
Men 1991 yilda “Yosh leninchi” roʻznomasida yozgan “U kunlar endi qaytmasin” nomli maqolamda, Moskvada nashr etiladigan “Argumenti i fakti” haftaligida chop etilgan suhbatimda va “Sharq yulduzi” oynomasida bosilgan “Xrushchyov, Brejnev va boshqalar”, “Usmon Yusupov” ocherklarimda Akmal Ikromov, Fayzulla Xoʻjayev haqida yozgan edim. Yaqin fursatda Sharof Rashidov haqidagi barcha gaplarim va materiallarimni jamlab, u haqda mufassal bir narsa yozish haraktidaman.
Sharof Rashidovich Rashidov juda murakkab bir vaziyatda Oʻzbekistonga uzoq yillar boshchilik qilgan tarixiy shaxs sifatida xalq qalbida qoladi.
Manba: “Sharq yulduzi” jurnali 1992 yil 11 son.