Go’zal Ro’ziyeva. Bir surat tarixi & Ikki hikoya: Shamollar makoni & Ko’k bo’ri

007    Бу воқеани қачондир, кимгадир гапириб бераман деб ўйламагандим. Тўғри, орадан анча йиллар ўтди; ўшанда эндигина тўртинчи синфни тугатган бола бўлсам, мана бугун ёши қирққа қараб бораётган кап-катта одамман. Орадан қарийб ўттиз йил вақт ўтиб, болалик давримдаги воқеани икир-чикиригача эслашим мумкин бўлмаган ҳолат, бунинг устига хотира кучим билан унчалик ҳам мақтана оладиган одам бўлмаганим ҳолда, ўша олис болалик давримдаги воқеани майда-чуйда қисмларигача эслай олишим ўзимни ҳам ҳайратда қолдиради баъзан…

Гўзал РЎЗИЕВА
БИР СУРАТ ТАРИХИ
08

044   Гўзал Рўзиева 1986 йил 31 октябрда Бухоро вилояти Жондор туманининг Тобагар қишлоғида туғилган.1993-2004 йилларда Жондор туманидаги 22-ўрта умумтаълим мактабини, 2004-2008 йилларда Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро давлат университети тарих факультетини тугатган.

Кеча расм албомларни кўраётиб, мана шу суратларни топиб олдим. Роппа-роса бир мучал ёшини яшашибди ўзиям. 2004 йилда Зоминда, ёш ижодкорларнинг VII-семинарида қатнашганимда тушган эканман. Уларни томоша қилаётиб, ўша кунларнинг ҳаяжонли хотиралари қалбимда уйғонди.

Кўкка ўрлаган тоғлар бағридан шаршара бўлиб оқиб тушувчи зилол сув тоғлар пойини зерзавқ сойга айланиб ювиб ўтар, бу каттагина сойни маҳаллий халқ Ўриклисой деб аташаркан. Атроф табиат шунчалар мафтункор ва унинг гўзаллигини кўзларимга шу қадар жойлаб олган эдимки, мана ўн икки йил ўтиб ҳам кеча кўргандекман, гўё. Аммо, бу жозибани ифодалаш учун ҳозир ҳам муносиб таъриф топа олмайман.

Ана шу Ўриклисойнинг икки қирғоғи бўйлаб семинарда қатнашувчилар учун палатка шаклидаги уйчалар тикланган, ҳамхонам Моҳидил опа иккимиз жойлашган уйчанинг рўпарасида – сойнинг нариги томонида Абдулла Ориповнинг каттагина “палатка”си жойлашганди.

Тадбирнинг иккинчи куни кечга яқин тоғ сайридан қайтгач, Моҳидил опа икковимиз деразадан шундоққина кўриниб турган шоирнинг қўноқгоҳига бормоқчи, суҳбатини олмоқчи бўлдик. Аммо, буюк шоирнинг хаёлан ҳам салобати шунчалар босар эдики, бир муддат қандай борамиз, нима деймиз каби саволлар билан тараддудланиб қолганимиз ҳали-ҳали эсимда. Сўнг бир амаллаб журъат йиғиб олдикда, сойнинг нариги бетига ўтдик.

Абдулла бобо бу пайтда икки ўнг оёғи ярмигача сувга кириб турган сўри тиргагига суяниб ўтирганча қуёш аста ботиб, олис чўққилар узра сўнгги шуълалар рақс тушаётган манзарага тикилиб қолган, хаёл билан бўлиб бизнинг у тарафга ўтганимизни ҳам пайқамаган эди. “Шоирнинг ўйини бузма, балки шу лаҳзада қалби ва онгининг туташ бир ерида янги бир шоҳ асарнинг тарҳи чизилаётгандир!” (Ойбек, “Навоий” романи) деган ўй миямда чақиндек чақнади-ю, менимча Моҳидил опада ҳам шу ўй кечди, тўхтаб қолдик.

Бир лаҳза хаёлимдан “ортга қайтсакчи” деган ўй ўтди ва шу ўй таъсирида ҳаракатимни ҳам ўзгартирган бўлсам керак, Моҳидил опа биқинимдан чимчилаб, “Ўзи базўр шу ергача келдик, энди қайтмаймиз!” деб шивирлади. Сўнг мендан нажот йўқлигини сезгач, ўзи аста томоқ қирди-ю, салом берди. Мана шунда шоир биз томонга ўгирилди-ю, хаёлчан анча тикилиб қолди. Кейин тадбирда кўргани ёдига тушдими, алик олганча, бизни сўрига таклиф қилди.

-Келинглар, ўтиринглар. Мен ҳозир елкамга бирор нарса илиб чиқай, сал салқин тушди, назаримда,- Абдулла бобо шундай деркан ичкарига кириб кетди.

Кўп ўтмай, эгнига қалин жемфер кийиб чиқди. Сўрида ўтирибмиз, дам Моҳидил опа менга, дам мен унга, дам иккимиз шоир бобога, дам ўртадаги ноқулай жимликка ўз шовқини билан халал беришга уринаётгандек кўринаётган сойнинг асов тўлқинларига қараб қўямиз.

Устоз шоирнинг қаршисида сўридан оёғимни осилтириб ўтиришга ўзимда ноқулайлик сезиб, ўртароқ сурилиб ўтирдим, аммо қаники руҳимдаги диққатпазлик тарқаса!

-Хўш, қизларим, қаердансизлар?

– Бухородан,-иккимиз ҳам баробар жавоб берибмиз.

Шоирнинг бояги бироз тунддек кўринган хаёлчан чеҳраси ёришди.

-Пирлар юртидан экансизларда! Икковингиз ҳам назм бўйичами?

-Ҳа,- яна бирваракайига гапирдик.

– Хўш, сен ўқи-чи бирор нарса,– бояги хаёлчанлик билан менга қаради. Сўнг бошидаги такясини қўлига олиб, қайта кияркан, яхши бир нарса эшитишга тайёрлангандек, кўзларини юмиб, сўри тиргагига суянди.

Мен ўзимча Абдулла Ориповга шеъримдан ўқиб бериш илинжида шеър дафтаримни қўлтиқлаб, сойдан ўтган бўлсамда, буни кутмагандек довдираб қолдим. Қўлим титраганча, дафтаримни варақларканман, ўзимнинг назаримда зўр бўлган шеърларимдан эмас, бутунлай бошқа шеърни ўқий бошладим. Тўрт бандлик шеърни ўқиб бўлгунча, шу кўриниб турган тоғлардан бирини ағдариб, орқалаб келгандек қора терга ботдим.

– Ҳм… Шеър ёзаётганда, умуман ижод қилаётганда нимани ҳис қиласан? – Шеърим тугаб, орада бирон дақиқалик жимлик ҳукмрон бўлгач, кўзларини очмай, сўради.

Мен ҳайрон бўлиб, Моҳидил опага қараб қўйдим. У ҳам тушунмагандек қараб турар, қийин саволга жавоб излаган талабадек қўлидаги қоғозларни ковлаштирарди. (Ўшанда чиндан ҳам Моҳидил Пўлатова БухДУда филология факультетининг иккинчи курс талабаси, мен эса мактабни тугатиш арафасидаги ўсмир қиз эдим).

Ҳарчанд уринмай, шеър ёзаётганимда нимани ҳис қилишим шу тобда хотиримга келақолмас, миямдаги хаёлларим алғов-далғов эди. Аксига олгандек, келганимдан бери мени мафтун қилган бу тиниқ сувли сой бетизгин шовуллаши билан шу дамда умуман ёқмай қолганди. Нима бўлса-бўлар дедим-у, миямга келган фикрни айтдим.

– Мана шу сой каби тўлганликни, тизгинсизликни, гоҳида ўзимни ҳам ҳалок қилишга қодир пўртанани ҳис қиламан.

Абдулла бобо шу дамда кўзларини очди, менга бир муддат тикилиб қолдида, сўнг узоқ қорли чўққига қараганча, давом этди.

-Ана ўша пўртананинг номи дарддир. Ана ўша тўлганлик ижодкорни қўлига қалам олишга ундайди. Аммо, сен ўша лаҳзада ўзингдан ўтиб турган дардни шундай тасвирлашинг, шундай ифодалашинг керакки, сенинг ўқувчинг ёзганингни ўқиётиб, ўша оғриқни ҳис қилсин. Ўшанда ёзганларинг инсонлар қалбига етиб боради.

Кейин шеригим ўз шеърларидан ўқиб берди. Унга ҳам шу каби маслаҳатлар бўлди.Сўнг устоз бугунги адабий жараён, жамият ривожида унинг ўрни ҳақида бир қанча фикрларни айтди. Бу пайтда кеч тушиб қолган, қаерлардандир узоқ-узоқлардан ёввойи қушларнинг ғалати сайрашлари эшитиларди. Сойнинг нариги тарафидаги уйчаларнинг барчасининг чироқлари ёнган, кечки ҳаёт қайнашни бошлаганди. Қайсидир бирида магнитофондан шўх бир қўшиқнинг садоси эшитиларди.

Сўнг устоз билан хайрлашиб, ортимизга қайтдик. Ҳа-я, ундан олдин бизни “чегара”нинг нариги тарафига юришимиздан руҳланган бир неча тенгдош қатнашчилар аллақачон бу ёққа ўтишиб, сўри атрофини эгаллаб олган, биз бошлаб берган шеърхонлик ўз-ўзидан адабий гурунгга айланиб кетганди. Сўнг ушбу лаҳзаларни тарихга муҳрлаш учун расмга тушгач, хонамизга қайтдик.

Абдулла Ориповнинг ўша сўзлари тадбир якунигача, ундан кейин то шу кунгача қулоғимда ҳамон жаранглаган каби туюлади. Гоҳида ўзимни мажбурлаб бирор қатор ёзмоқчи бўлганимда ёки тузган қаторларим ўзим учун ғайритабиий, носамимий туюлганида негадир сой бўйидаги ўша суҳбат бот-бот ёдимга тушаверади…

2016

025Суратда: Устоз Абдулла Орипов, чапда Моҳидил Пўлатова ва ўнгда мен — Гўзал Рўзиева

ИККИ ҲИКОЯ
08

ШАМОЛЛАР МАКОНИ

056Буваси доимги жойида — ҳовлининг кунгай тарафидаги, шамолгоҳдаги ўрик дарахти тагида ўтирарди. Нигоҳлари сокин, қарашлари хотиржам, бароқ қошлари доимгидек бироз чимирилган. Эгнида ўша доимги оҳори кетган, ранги униққан кўкимтир яктаги, бошида ўша — бир четида тирноқча катталикдаги қўнғир доғи бор дўпписи. У бўлса, бобосининг соқолини тутамлаб ўйнаб ўтирарди. Бобоси доимгидек индамас, неварасининг ўйлаб топган ўйинига парво қилмасмиш…

Содиқ ўртача бўйли, кенг елкали, оқ-сариққа мойил, қўйкўз, қирра бурун йигит бўлиб, кўзлари хаёлчан боқар, қарашларидан сермулоҳаза йигит экани билиниб турарди. У гарчи тушида чўчитувчи бирор кўнгилсиз нарсани кўрмаган бўлса-да, негадир ногаҳон сесканиб уйғониб кетди. Гарангсираб ён-атрофига аланглади, сабабини ўзиям билмади — бобосини қидирди, гўё. Кейин шоша-пиша ўрнидан қўзғалди, кўйлагининг бир-икки эшилиб қолган тугмаларини жойига ўтказиб, ўзини тартибга солди, пешонасида реза-реза юмалаган терини артди. Шу лаҳзада ётган уйининг олис қоронғу бурчагидан кимдир хўрсингандек туюлди унга. Ҳайрон бўлиб, разм солиб қаради, ҳеч ким йўқ эди. Сўнг яна кўрган туши эсига тушди… Қизиқ, бир неча ўн йил аввалги хотираларни эсга солган бу тушнинг таъбири нима бўлса экан? Деразадан намозшом қуёшининг сўнгги нурлари тушиб турар, уфқ гўё темирчининг босқонидек чўғ бўлиб ланғилларди. Тавба, намозшомдаям ухлайдими, бунақа пайтдаги уйқуни бехосият бўлади, дегувчи эди бобоси. Бобоси… Қизиқ нега кирдийкан унинг тушига? Ҳаёт ташвишларига ўралиб, уни унутиб қўйган набирасига ўзининг қачонлардир бу дунёда, унинг ёнида яшаб ўтганини эслатдими ёки? Ёки ғафлат уйқусида ётганинг етар, уйғон демоқчи бўлдими? Содиқ учи-кети йўқ саволлар гирдобига шўнғиганча, бир-бир қадам босиб уйдан чиқди. Куни кечагина 26 ёшни уриб қўйган, икки боланинг отаси бўлишга ҳам улгурган бўлсада, ҳали-ҳануз бобосини соғинишини, унинг тиззасига чиқиб эркалик қиладиган дамларини олис бир энтикиш билан хотирлашини ўйлади. Мактабдан боши оғриб келганининг дами ҳали тарқамаганими ёки раҳматли буваси айтганидек, бехосият пайтда ухлагани учунми, боши зил-замбил эди. Шунинг учун ланжлиги тарқамай, ҳовлига чиқди.

Кун ботиб бораётганига қарамай, қуёшнинг тафти ҳали сўнай демас, аксинча “қилт” этган шамол сезилмас, томорқа этагидаги дарахтлар иссиқдан гарангсирагандек турарди. Тавба, бирор йил баҳор бундай иссиқ келмаган эди, ўйлади Содиқ. Тўғри, баҳор оёқлаб бўлди, ҳадемай ёз этагини ёяди табиатга. Аммо, бу йилги баҳорнинг шашти олдинги йилларнинг бир неча ёзидан ўтаман, дерди. Аксига олгандек, салқинлатиш учун сепилган сув бетон ҳовлининг иссиғини баттар чиқариб юборган, ердан кўтарилган ҳовурда това қўйиб, тухум қовуриб олса бўларди. Содиқ хаёлидан ўтган ўхшатишга ичида кулиб қўйди; минг қилсаям одам ўз касбидан келиб чиқиб фикрларкан-да. Янги фикрми, оҳори тўкилмаган бирор ташбеҳми хаёлидан ўтгудай бўлса адабиётчилигидан, аниқроғи она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси эканидан ичида ғурурланиб қўярди. Шу ўйлар билан бироз ҳаво ва озгина бўлса ҳам тоза ел қидириб, шамолмаконга йўналди. Ҳовлининг эни-ю, бўйига қаратиб уйлар солинган бўлса-да, дарвозахонанинг чап томонида бир неча катта метрча жой очиқ қолган, кўчадан бошланиб, қиялаб томорқага туташиб кетадиган мана шу ерда шамол эркин айлангани учун баҳаво бўларди аксари вақтда. Одатда уй катталари кун димиқиб кетганда ёки шунчаки салқинлаб ўтириш учун ҳам мана шу ерга келиб қўр тўкишар, шу ерда озгина нафас ростлашарди кун қизиган маҳалларда. Бу ер уй эгалари томонидан шамолгоҳ ёки шамолмакон номи билан аталар, бу номни эса бир маҳаллар раҳматли буваси берганди бу жойга. Сиддиқ бува қуюқ, қора соқолини тутамлаб – Содиқ жажжи болакай бўлган ўша маҳалларда бу басавлат одамнинг соқоли қоп-қора эди ҳали, мана шу ерда ўтирар, ўзи ўтиришни яхши кўрган жойнинг янада салқин ва баҳаво бўлиши учун ўрик дарахти ҳам экканди шамолмаконга. У мана шу ерда ўтириб нафас ростлагач, яна катта томорқасига тушиб кетар, кетмонни ҳар кўтариб етга урганда унинг зарбидан ер зириллаб кетгандек туюларди болага. Бола бобосининг ишлашини кузатиб ўтирар, гоҳо кичкина кетмончасини кўтариб, далага тушиб кетар, буваси очиб қўйган жўяклар тупроғини олиб, уларни кенгайтирарди. Мана шундай пайтларда Сиддиқ бува неварасига меҳр билан тикилар, бири-биридан катта, бири-биридан кўп чўнтакларидан болага конфетми, туршакми олиб берарди, одатда ҳар доим уларда набира учун албатта бирор егулик бўларди. Содиқ ҳозир шуни эслади-ю, миясининг ланжлиги тарқагандек туюлди беихтиёр; ўша болалик туршагини қўмсаб, оғзига сув югурди. Аммо, хотинининг бирдан эшитилган товуши болалик хаёлларини тўзитиб, оғзига югурган тамшанишни ҳам қочириб юборди. Холида ҳовлига боягина ўзи сув сепганини ҳам унутиб, жаҳл билан челакнинг сувини тўрт тарафга сачратиб, сепаркан шу баробар шанғиллаганча кимнидир сўкар, орада сўккан одамига лаънат ёғдириб, қаттиқ қарғаниб ҳам оларди. Шу пайт меҳмонхона ёнидаги кичкина уйдан опаси Сарвигул югуриб чиқди. Унинг рўмоли бошидан сирғалиб елкасига тушган, чамаси буни ўзи ҳам сезмасди. Сарпойчан чиққанини ҳам унутиб, қўллари титраганча, келинига қараб, йиғламсираб гапирди.

— Худодан қўрқинг, келин. Болам бировнинг нарсасини олмайди, ахир…

— Худони ўртага қўшманг, опа – Холида атига бир неча қадам нарида эри кузатиб турганини кўрмай, жазава аралаш ўшқирди. – Худонинг таёғи бўлади, индамай-индамай ўзингизга кўрсатмай, солади бошингизга.

— Бу…бу нима деганингиз ахир? – Сарвигул юпқа лаблари пир-пир учиб, мажолсиз овозда ўшқирди. Аммо, бу овоз ўшқиришдан кўра чинқиришга, зорланишга ўхшаб кетарди.

— Бу деганим — болангизни ўзингизга ўхшатиб шумоёқ қилманг, деганим. Шу қизингиз кириб чиққан уйдан албатта бирор нарса йўқолади, деганим!
Холида шанғилларкан, Содиқнинг боягина тўхтаган миясидаги оғриқ янги жазаба билан куч олди. Хотинининг кесиб, кесиб гапириши шу тобда унга кимдир қаттиқ тахтага атайлаб тўмтоқ учли михни қоқаётгандек, кейин ўша тахтани нарига олиб қўйиб, ўрнига унинг миясига қоқишаётгандек туюлди. Шу туйғу билан икки қадамда хотини ва опасининг ўртасига тушиб қолганини, Холиданинг юз-кўзи аралаш шанғиллаган овозини ўчирадиган тарсакини туширганини ҳам сезмай қолди. Қилган ишидан бир лаҳзага уялиб кетган бўлса-да, кеч бўлиб бўлганди. Отилган ўқни қайтариб олиб бўлмагандек, қўйворилган шапалоқни ҳам қайтиб олиб бўлмасди. Опасининг йиғиси бирданига ўчган бўлса-да, елкаси ҳалиям титраб турар, унинг учиб-учиб қўйишидан ичига қамаган йиғисининг кучини кўриш мумкин эди.

— Сен…сен оғзингга қараб гапиргин! – У ўйлаб турган нарсаси қолиб, бошқа нарсани гапирди. – Қайтиб бунақа шанғиллаганингни кўрмай!

Шу гапларни гапираркан, шаҳд билан юриб, молхона тарафга ўтиб кетди. Икки аёл – бири ночорликдан, бири алам ва жаҳлдан бўзариб туришар, Сарвигулнинг қизи кўзининг ёши бурнининг суви аралаш юзидан оққанча, уй эшигидан мўралаб қараб тураркан, янгасининг ёлғон гапириб, бундай рост йиғлаётганига бола ақли тушуниб етмасди. Тушуниб тургани – бу каби ойиси ва янгаси ўртасида тез-тез бўлиб турадиган жанжаллардан кейин онасининг ичкари уйга кириб, анча пайтдан кейин кўзлари янаям қизариб қайтиб чиқиши эди. Чиндан ҳам, ҳар галгидек ойиси касал буваси ётган нариги уйга кириб кетди. Рўмоли энди белида, кўйлагининг қайсидир бурмасига илашиб, осилиб қолган, бир учи ерни супуриб изидан кириб кетаётган бўлса-да, ойиси буни кўрмасди, сезмасди.

Содиқ боши, юраги, қалби оғриганини, оғригандаям қаттиқ оғриганини ҳис қилганча, молхона остонасида ўтирар, ола сигир кавш қайтарганча, унга маъюс қараб қўярди. Содиқ опасининг, онасидан ёдгор опасининг кўзига қаролмади ҳозир; хотинига хўрлатиб қўйганидан, унинг ноҳақ таъналари юки остига ташлаб қўйгани учун ҳам қаролмади, балки. Яна шу уй можароси кўтариляпти. Холида қайинопасининг ота уйида юришига, ўз тили билан айтганда “ўз уйида хон – кўланкаси майдон” бўлишига қайсидир маънода Сарвигулнинг шу ерда эканлиги ҳам соя солишига сира кўнолмасди, кўниколмасди. Холида боя “шумоёқ” деб қарғанганида поччасининг автоҳалокатга учраб, вафот этгани, қуда хола икки ой ўтар-ўтмас опасини қўлида беш ойлик боласи билан ота уйига келтириб қўйганига шама қилганди. Сарвигул дунёдаги барча ҳақоратга чидаши мумкин эди-ю, аммо боласини ноҳақ айблашларига, оқ-қорани танитиб тарбиялаётган норасида қизини ўғрига, шумоёққа чиқаришларига жим қулоқ сололмасди.

Холида ҳовли ўртасида, бир қўлида суви яримлаган челак билан турди, турди-да, кейин баногоҳ кўзи шамолгоҳдаги ўрик сояси остига, ундан ўтиб сояда ўрнатилган ёғоч сўри устидаги сават ичига юмалоқлаб қўйилган қурутларни уй эгаларининг ўз-ўзи билан андармонлигидан фойдаланиб наридан-бери чўқиётган товуқларга тушди.

— Кишт! Вой, отинг ўчгурлар! Вой, бўйингинанг узилгурлар, кишт дейман! – У тарақлатиб челакни ерга қўяркан, аламини шу паррандаларга сочди; унинг бор аламлари – қайин опасининг унинг ошига шерик бўлаётганию, ундан қутулолмаётганига, камига у сабаб мана бугун эридан еган биринчи тарсакисига, ҳамма-ҳаммасига шу товуқлар сабабчидек уларни қарғашга тушди. – Товуқ бўлмай бало бўлгур, қирчингингдан қийилгурлар! Тутиб олсам, нақ товага босаман ҳозир, ҳаромилар! Кишт!

Ҳалиям молхона остонасида ўтирганча, аччиқ хаёлларга чўмган Содиқ ўзи суюб уйланган, бир вақтлар қишлоқнинг олди гўзали бўлган, уйлангунича тушларида кафтидан сув ичиб юргани шу қиз — ўша Холида эканлигига илк бор шубҳаланди. Париқиз қачон ялмоғизга айланди ўзи? Дафъатан хаёлидан шу фикр кечди унинг. Аслида, бу хаёллар миясининг юзасида айланар, онгининг, шуурининг ич-ичида қандай қилса, опасига яхши бўлишини, сўлғин чеҳрасига қувонч қайтишини, ўз укасининг уйида бегона жойда юргандек эҳтиёт бўлиб юрмаслигини ўйларди. Беихтиёр шамолмакондаги ўрикка, унинг учларида енгил шабада ўйнаётган шохларига қарадию, миясига келган ўйдан сергак тортди. Хаёлида пайдо бўлган ҳозирги режани чамалаш мақсадида ўрнидан туриб, ўша томонга йўналди. Бу пайтда хотини дунёнинг бор қарғишини товуқларга сочиб, бор ёмонликни шу онгсиз мавжудотларга тилаб бўлиб, енгил тортганми, шашти босилганми ҳовли юзасида кўринмасди. Содиқ келасолиб шамолмаконнинг энини қадамлай бошлади. Пичирлаб санаркан, қадам босган сари чеҳраси ёришар, чеҳраси ёришган сари миясидаги бояги фикр пишиб бораётганди. Ҳа, худди ўзи! Мана шу ерга опасига уй қуради! Бемалол бир чоқроқ уй ва бир даҳлиз солгулик жой бўларкан! Ҳам дарвозахонадан нариги тарафда, яъни шанғи келинидан икки-уч хона бўлса-да узоқда, ҳам ўзи учун алоҳида кириб-чиқадиган эшикли уй бўлади. Токи, Содиқ тирик экан, опасини ҳеч кимга хўрлатиб қўймайди, ҳатто у Холида бўлса ҳам. Шу ўйлар шууридан кечаркан, кўнгли сал-пал ёришганини ҳис қилди. Ўйини отаси билан маслаҳатлашиб олиш мақсадида отаси ётган уйга кирди.

Бу хона кўчага қараган, ўша томон деворида икки қўштавақали дераза, рўпарасидаги деворига гилам осилган, отаси мана шу гилам осилган девор ёнидаги кроватда ётарди. У орқа ўгирилиб ётар, дард уни қасди-бастига олгани кейинги пайтда озиб-тўзиб қолган вужудидан яққол сезилади. Хона тўрида китоб жавони, унинг тепасида эса раҳматли онасининг сурати жилмайиб қараб турарди. Онаси ўртача бўйли, оқ юзли, юз-кўзидан нур ёғилувчи, истараси иссиқ аёл эди. Ўқитувчи эди у ҳам, мактабдаги собиқ устозлар тахтасида ҳалигача унинг расми бор. У деярли буваси билан изма-из бу дунёни тарк этишди, орада қирқ кун фарқ билан. Буваси келинини ўғлидан, Содиқнинг отасидан ҳам кўра кўпроқ қадрларди Содиқнинг наздида. Онаси ювош, мулойим, қайнотасининг кўнглини оғритмаган келин бўлганигами, ёки кампири вақтли ўтиб, еган-ичгани келинининг қўлига қолганигами Сиддиқ бува унга суяниб қолганди. Умуман унга кўпчилик суяниб қолган экан… Айниқса отаси! Мана онасининг вафот этганига тўрт йилдан ошиб қолган бўлса-да, ҳали – ҳамон унинг номини тилдан қўймасди у. Бунга Содиқнинг ўзи гувоҳ. Онаси вафот этгач, бир йилдан сўнг, гарчи, ўзи хоҳламаса-да, амакисининг, қолаверса бир-икки қўшниларининг маслаҳати билан “фарзандлик бурчи”ни бажаришга уннамоқчи бўлди. Ўшанда отаси уни уялтирди, қаттиқ уялтирди. Хуллас, ўшанда эндигина ишга киргани – мактабидан қайтаётган, эрта баҳорнинг сархуш ҳавоси одамни карахт қилар даражада турли гулгун ҳидларга тўлган, дарвоза яқинидаги жийда дарахти ёнидан ўтган одамнинг димоғига гуп этиб, ўткир ҳид уриларди. У шуни ўйлаганча, энди дарвозанинг кичик эшигини очган эди, орқасидан кимдир чақирди. Ўгирилиб, офтобрўяда тобланиб ўтирган, қўшни Толиб акага кўзи тушди. Ёнгинасидаги жийда дарахтининг гулидан беҳузур бўлаётган, қолаверса бугун олти соат дарс ўтиб, лўлининг эшагидан баттар чарчаган бўлса-да, қўшнининг ҳурмати учун девор бўйлаб юриб, унинг томонга ўтди. Салом бериб, эски ўриндиққа ўтирди. Толиб ака семизлигидан бақбақаси осилган, икки юзи қип-қизил, мўйловли, семиз одам бўлиб, юзининг қизили эмас, семизликдан ялтираб туриши одамнинг эътиборини тортар, Содиқ ҳар гал унинг юзидан чертиб кўргиси келар, кўзи тушганда хаёлан шундай қилиб кўриб, кулгиси қистарди. Мана ҳозир ҳам, гарчи бурнидан тортса йиқилгудай бўлиб, чарчаб келган бўлса-да, яна ҳар галги хаёл миясидан ўтиб, юзига табассум югурди. Толиб ака қассоб бўлиб, ҳар бир кишидан касбидан келиб чиқиб, сўрашарди.

— Ҳа, Содиқбой, қандайсан? Тишларинг қандай? – Бу “яхшимисан, соғлигинг қандай” дегани бўларди одатда. Қассоблар молнинг соғ ё касаллигини кўпинча тишларига қараб, аниқлашади. Толиб қассоб мол билан кўп ишлагани учунми, ё ўзи молфаҳмроқ одам эдими, хуллас унинг бу сўрашиши уни танийдиганларнинг кўнглига тегмайдиган бўлиб кетган бўлсада, Содиқнинг ҳали-ҳануз бу каби кўнгил сўрашдан энсаси қотарди.

— Раҳмат, яхши. Шукур, ўзингиз, янгамлар яхшими? – Содиқ сўрашаркан, қўшни янганинг қандайлигини кунда-кунора, айниқса эри ичиб келган кунларда бу уйдан эшитиладиган бақир-чақирлар, гоҳида учиб кетиб, қанот чиқаролмаган — ерга тушиб кетган идишлар синиғи сасидан билса-да, йўлига сўраган бўлди. Толиб қассоб эриниб, қўл силкиб қўйди.

— Ҳа, янганг ҳам юрибди… – У гапининг давомини четга чиқиб, уй пойдевори ёнига носини туфлаб келаётиб, айтгани учун Содиқ нима деганини тушунолмади. Аслида, у бунга қизиқмаётганди ҳам эди – ёлғиз истаги тезроқ уйга киришу, дам олиш эди.

— Ҳа, яхши…

— Янгани вафотларига ҳам бир йил бўлди, адашмасам. Бу, отангнинг кўнглига қўл солиб кўрдингми? – ўсмоқчилади Толиб қассоб.

— Нима масалада? – Содиқ ҳайрон бўлди.

— Ҳали уйланмагансан-да, укам – беўхшов кулди қассоб. – Эркак одам хотинсиз яшолмайди, буни унутма. Отангни уйлантириб қўйишинг керак энди…бу фарзандлик бурчинг!

Содиқ ғалати бўлиб кетди, онасининг хотирасини топташаётгандек, “ўлдинг – буткул ўчдинг” дейишаётгандек туюлди. Боягидан кўра боши ғувиллаб қайтди уйга.

Кейин амакилари ҳам шунга ўхшаш гап айта бошлашгач, бу ҳақда жиддий ўйлашга мажбур бўлди у. Опаларига маслаҳат солган эди, икки катта опаси дунёни бошларига кўтариб, уввос солишди. Айниқса, Салима опаси Толиб қассобни, умуман аёли ўтганига бир йил бўлиб-бўлмай кўнгли янги хотин тусайдиган эркак зотининг барчасининг гўрига ғишт қалаб, қарғанди. Сарвигул эса индамас, ўша кезлари ота уйига қайтиб яшаётганига энди бир йилча бўлиб қолган, ўзини бу ерда сиғиндидек ҳис қилганигами, овозини кўтариб гапирмасди деярли. Аммо, у ҳам буни кўтаролмагани қизарган кўзлари, йиғидан кепчиб кетган юзидан кўриниб турарди. Барибир охирида оталарига маслаҳат соладиган бўлишди, ҳарқалай ўйлаб-ўйлаб қассобнинг ва амакиларининг фикри бир ҳисобда тўғридек туюлди уларга.

Кечқурун овқатланиб бўлишгач, Содиқ отасининг ёнига ўтирди, аммо гапни нимадан бошлашни, қандай бошлашни билмасди. Ўша кезларда олийгоҳда учинчи курсда ўқир, бу мавзуда гаплашишга ёшлик қиларди ўзининг назарида. Шунинг учун бир ҳолатда сўради бояги саволни.

— Болам, онанг кўз очиб кўрганим эди, яхшими-ёмонми ўттиз йил умргузаронлик қилдик у билан. Олтита фарзанд кўрдик, икки аканг болалигидаёқ бирин-кетин дунёдан ўтиб, бизни куйдирди. Майли, бу учун ҳам эмас… У тириклигида бошқа аёлнинг қўлини тутиш тугул, кўзига тик боқиб қарамаганман, энди ўлгач бу ишни қиламанми? У дунёда онангга нима дейман?

Содиқ бир сўз деёлмади. Ўрнидан туриб, нариги уйга ўтди. Чиқаётиб, эшик орқасида пиқ-пиқ йиғлаб ўтирган Сарвигул опасига кўзи тушди, у чамаси отасининг гапини эшитиб қолганди. Шундан кейин бу мавзуга бошқа қайтишмади.

Ҳозир у онасининг жилмайиб боқиб турган суратига қараб, шуларни хаёлидан ўтказди. Отаси бу пайтда одам шарпасини сезиб, ўгирилиб олган, ўғлининг гап бошлашини кутарди. Собир ака бундан атиги икки-уч йил аввал ҳам бақувват, гавдали, сал семизликка мойил, юз-кўзларидан ҳаёт нафаси уфуриб турган соғлом киши эди. Аммо, қанд касалига чалинди-ю, ўша соғлом кўринишининг соясига айланди – қолди. Ич-ичига чуқур ботган кўзларию, юзига ўрнатиб қўйилгандек сўппайиб қолган бурни қолди чеҳрасида. Чамаси ҳовлидаги жанжални у ҳам эшитган, унга ёмон таъсир қилган кўринарди.

— Ота, бир масалада маслаҳатингиз керак бўляпти.

— Хўш, гапирчи ўғлим – Собир ака инқиллаб ўрнидан қўзғаларкан, темир каравот унинг оғирлигидан ғичирлаб кетди. Содиқ унинг тикланишига кўмаклашди, сўнг қаршисидаги кўрпачага чўккалади.

— Шу… бувамнинг шамолмаконига опам учун уй солсамми дегандим… Ўзи учун алоҳида уй бўлса яхши-да – у негадир ҳозирги фикрини оқламоқчидек, тез-тез гапира бошлади.–Кўряпсиз, келинингиз билан кўп жанжаллашишяпти, ўзи учун алоҳида кириб-чиқадиган эшик бўлса, яхши бўларди, менимча.

— Болам, бувангнинг хотираси ўрнига уй солаётгандек сезмаяпсанми ўзингни? – Собир ака синчиклаб унга тикилди.

Собирнинг кўкси кўтарилиб тушди, отаси у боя ҳозирги режасини ўйлаш пайтида кўнглининг четидан ўтган фикрни ўқиган эди.

— Қачон ўша ерга қарасам, айниқса ўрик соясидаги сўрига кўзим тушса, отамни кўргандек бўламан – Собир ака деразадан кўриниб турган, қуёш ботиб, қоронғулик чўка бошлаган кўчага қараб, ўйчан гапирди. – Бир пайтлар мен ҳам ўша ерга уй солмоқчи бўлгандим, айни сен туғилган пайт эди ўшанда. Отамнинг ўша пайтдаги гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди: “Одамнинг хаёлида доим ҳурлик, эркинлик, ҳаётнинг биқиқ бурчакларидан қочиб қаергадир кетгиси кетадиган жойи бўлади, ҳатто умрида бир марта бўлса ҳам шу хоҳиш хаёлингдан ўтади. Мана шундай пайтда кўксига шамол тегадиган, ўша эркинлик ўрнини маълум даражада босадиган жой керак одамга, бир қарич бўлса ҳам. Бу ер мен учун мана шундай жой, ўғлим. Бу ерда шамол доим эркин ҳаракат қилади. Мен мана шу ерда ўзимни шамоллар орасида, оёқ-қўлимни боғлаган ҳаёт занжирларидан эркин, қўлимдан ҳамма нарса келадигандек ҳис қиламан. Ташқи эркинлик жамият учун, одам учун керак бўлганидек, жисм учун ички эркинлик – руҳ эркинлиги ҳам керак бўлади. Қўй, шу ерга тегма, болам…” деганди буванг.

Содиқ ўйга толди, отасидан шунга ўхшаш гап чиқишини тахминан биларди. Аслида, бу икки қарич тупроқ буваси учун қанчалар қадрли бўлганини уни яхши кўргани, унинг хотирасини қадрлагани учун ҳам у отасидан-да кўпроқ билар, аммо бошқа бир йўл йўқ эди айни дамда. Сарвигул опаси мана деярли беш йилдирки ота уйида яшар, шу вақт мобайнида уни узатса бўладиган яхшироқ одам ҳам чиқмаганди, аксига олиб. Бу йиллар давомида эса у билан келини ўртасида не-не жанжаллар чиқмаган, шуни касрига бир неча марта Холида аразлаб кетиб ҳам қолганди. Аслида бу жанжалларнинг кўпига Холиданинг ўзи сабабчи бўлишини, Сарвигул опалари ичида энг ювоши, беозори эканини, унга кўнглига тегишмаса атайлаб ўлақолсаям бировга озор бермаслигини, инсон зотининг дилини ноҳақ оғритмаслигини Содиқ яхши биларди. Аммо, у хотинини ҳам тушунарди қайсидир маънода. Аёл зоти эрининг уйида қайин эгачиси билан у фаришта бўлган тақдирда ҳам осонликча келишиб яшолмаслигини яхши англарди.

— Лекин, нима қил дейсиз, ота? Опам билан хотинимнинг ўртасига тушавериб, чарчадим. Опамнинг айби йўқлигини биламан, кўпинча. Айб хотинимдалигини ҳам, биламан, аммо…

— Хотинингни айблайверма кўп, у яхши аёл. Қўяверчи, опангга бирор харидор чиқиб қолар…

— Беш йилдан бери кутамиз-ку, ота. Йўқ эмас, одам чиқаяпти, лекин ишониб узатса бўладиган бирорта йўқ-да ҳозирча…

Отаси индамади, яна қанақадир хаёлларга берилди. Содиқ унинг оғзини пойлаб бир муддат кутди-ю, ундан бошқа гап чиқмаслигига кўзи етгач, ўрнидан қўзғалди.

***

Нима қилса экан? Уй соламан деяпти-ю, лекин қайси пулга? Маошининг аҳволи ўзига маълум, сичқон кемирса-бўкиб қолар, мушук еса-тўймас даражада. Бу пул билан уйга керакли ёғочу-цементни олиш учун бир йиллик ойлигини емай-ичмай, киймай тўпласа, ўшанда етаркан. Уста ҳақи майли, бир гап бўлар, мактабдаги бир-икки ҳамкасбларини чақирса, таътилда ҳашар билан кўтариб олишади. Аммо, цементу-ёғочини тезлаштириши керак. Россияга ишлагани кетсамикан?

Содиқ шу хаёлларга берилиб, кўзига уйқу келмади. Ёнида пишиллаб ухлаб ётган хотинига қараб, илк бор аёл бўлиб туғилгиси келди, ҳарқалай аёлларнинг уй солиш ташвиши бўлмайди, ўйлади аламангиз. Шу хаёл билан тунчироқ ёнидаги телефонини олди. Телефон рўйхатларини кўра бошлади, синфдоши Нодирнинг рақамини қидирди. 7 рақами билан бошланадиган Россия рақамини кўргач, чақирув тугмасини босди. Бу орада ўрнидан аста қўзғалиб, ҳовлига чиқди. Эшикни ёпиб, шамолмаконга борди. Сўрига ўрнашиб ўтираркан бир нечта узун гудокдан кейин, гўшакнинг нариги томонидан эркак кишининг овози эшитилди.

— Алло, эшитаман!
— Алло, Нодир, яхшимисан оғайни?

— Салом, ким бу? Э, Содиқ, яхшимисан дўстим? – Синфдош ўртоғининг овози қувноқ эшитилди. – Уй ичларинг яхшими, соғлигинг, ишларинг зўрми?
Икки йигит бир мунча сўрашиб бўлишгач, Содиқ мақсадини билдирди.

— Ие, мактабингда ишинг бор эди, шекилли ўртоқ? – Гўшакдаги овоз жиддий тортди.
— Ҳа, четга чиқиб ишлаш керак бўлиб қолди. Уй тиклашим керак, ўқитувчининг маошини биласан-ку, Нодир…
— Ҳа, шунақа дегин… Яхши, мен суриштириб кўрайчи, узоғи билан икки кунда сенга аниғини айтаман.

Хайрлашиб гўшакни қўяркан, маъюс тортиб, сўрига суянди. Шу пайт, этини яйратиб шамол эсди. Уйдаги дим ҳаво, ҳовлидаги қилт этмаган шабададан кейин бу ердаги эпкин танига хуш ёқди. Шамол шивирлаб эсар, узоқ-узоқлардан қандайдир намхуш исларни, ўзи билан яна қишлоқ этагидаги зовур томондан қурбақаларнинг овози ва қамишлар шовурини олиб келди; бу осойишта овоз эса чарчаган асабларини аллаларди. Сўнг хаёллари билан уйга кирди; ухлаш керак – эртага сўнгги қўнғироқ. Унинг синфи бу йил мактабни битиряпти.

***

Кунлар кетидан кунлар ўтиб борар, Содиқнинг бу тунд ва совуқ ўлкага келганига ҳам уч-тўрт ой бўлиб қолди. У бу ерга келгунича ёмғирни яхши кўрарди, аммо бу ерда кунда ёмғир ёғавериши меъдасига урди. Қолаверса, нам ҳаво соғлиқ учун кони зарар эканини ҳам, белида боди борлигини ҳам шу ерга келиб билди. Айрим кунлар эрталабдан белоғриғи азоб берар, ўрмон ичидаги ёғоч кулба бурчагидаги, ёз бўлгани учун ишлатилмаётган печга ўтин ташлаб, унга орқасини тутиб ётгиси келарди Содиқнинг. Аммо, бу ерга печга орқасини бериб ётиш учун келмагани ёдига тушар, оғриқ забтига олган вақтларда ҳам, тишини-тишини қўйиб ишлашга ҳаракат қиларди. Уни ўша Нодир синфдоши ёнига чақириб олган, улар қиладиган иш – ўрмонда дарахт кесиш эди. Уч-қуроғи йўқ ўрмонзордаги кичкинагина ёғоч кулбада у, Нодир ва яна бир водийлик Акром исмли йигит бирга яшаб, ишлашарди. Ёғоч тилиш фабрикасининг хўжайини, ёши тахминан ўттизларда бўлган арман йигити Ренис Саркесян ҳар ҳафтанинг бошида келиб ишчилардан хабар олар, озиқ-овқат ва бошқа керакли хўжалик буюмларини ташлаб кетарди. Улар кесган ёғочларни эса ҳафта охирида бир нечта юк машиналари ташиб кетишарди. Ишчилар улкан-улкан эманларни, яна Содиқ номини билмайдиган бир неча хил баланд дарахтларни кесишар, кун бўйи ёғоч кесувчи арранинг шовқинидан чарчаб, кулбага қайтгач қулоқлари битиб қолар, чарчаган миясига “тиқ” этган товуш ҳам ёқмасди.

Умуман олганда, ишнинг оғирлигини айтмаса, Содиқ ҳаётидан рози эди айни пайтда. Энг асосийси, у бу ерга мўлжаллаб келганидан кўпроқ пул топаётганди; “эшовига қараб – тушови” деганларидек шунга қараб унинг нияти ўзгарганди энди: у шамолмаконга тегмасликка қарор қилди. Ҳақиқатдан ҳам ҳаммадан ҳам унга кўпроқ қадрли бўлган бувасини эслатиб турувчи манзарасини бузгиси келмас, шамолмакон унинг назарида бувасининг ёди учун табиатнинг ўзи барпо қилган хотира майдони эди. Унда янги ғоя туғилган, кўча бошидаги анчадан бери ҳеч ким яшамаётган, қолаверса эгаси ҳам шаҳарга кўчиб кетган, эскироқ бунинг устига кичик ҳовлини сотиб олишни, сўнгра уйни яхшилаб ремонт қилиб, опасини шу уйга кўчиришни мўлжаллаётганди. Бу янги фикр унга янгича куч берган, унинг шаҳд билан ишлашига синфдоши ҳам қойил қоларди баъзан.

— Содиқ, сени нуқул ўқишга зўр бериб, қолаверса уч-тўрт йилни шаҳарда ўтказиб, қишлоқнинг ишини ҳам, ўзини қишлоқнинг боласи эканини ҳам унутган десам, балодай ишларкансан-ку, оғайни – деди бир куни Нодир унинг ишини кузата туриб. Содиқ индамади, ўрнига кулиб қўя қолди-ю, дарахтга чиқиб кетди. Катта дарахтни кесишга тўғри келса йигитлар дастлаб унинг катта, йўғон шохларини кесиб чиқишарди, йўқса уни кесиб, қулатиш қийин бўларди.
Бир куни кечқурун унинг тушига буваси кирди. У невараси ишлайдиган ўрмон этагида турганмиш, қарашлари эса қандайдир жиддий ва қаҳрли эмиш. Содиқ уни бу ерда кўриб, ҳайрон бўлса-да ишига бориши кераклиги эсига тушиб, кулбадан чиқиб келаётганмиш. У оғир асбоб-анжомларини кўтариб олган, иш жойига бормоқчи эмиш-у, буваси нуқул қўлидан тутиб, уни қайтармоқчи бўлармиш…

У сесканиб уйғониб кетди, лаблари қуриганини сезиб, шоша-пиша ўрнидан туриб, чойнакда совуб қолган чойдан ҳўплади. Бироз ўрнида ўтириб, тушига таъбир изламоқчи бўлди-ю, аммо кунузун чарчагани учун, яна ёстиққа бошини ташлади.

Руҳлар баъзи бир нарсаларни олдиндан кўришлари рост экан. Тириклар мудроқ, ўликлар уйғоқ, дегани ҳақ экан! Ўша куни ўзи кесган дарахт унинг ўзини босиб қолди-ю, ҳаммаси чаппасига кетди. Кўзини очганда касалхонада ётар, ўнг оёғининг оғригига эса чидаб бўлмасди. Тиззасидан паст қисмида бир қанча суяклари синган, оёқни тиззага нозик бир нечта томирларгина улаб турарди, холос. У шу ётганича қарийб бир ой касалхонада, кейин яна бир ой ўрмондаги кулбада ётди. Бу пайтга келиб, куз ўрталаб қолган, Ўзбекистонда танга хуш ёқадиган илиқ ҳаволи октябрь ойи бу ерда анча-мунча совуқ эди. Бу совуқда эса оёғининг оғриғига чидаб бўлмасди. Касал бўлгани учун уйидагиларга телефон қилмай қўйган, аммо уларни ўйлаб ҳам кўп безовта бўларди у. Одамнинг кимлиги мусофирчиликда билинади, дейишади. Тўққиз йил бир синфда ўқишган бўлишса-да, мактабда кўпам жон ўртоқ бўлмаган Нодир унинг кунига яради. Аввал касалхонада,кейин ўрмондаги кулбада ўзи унга қаради, Содиқнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилди. Бу орада унинг жисмини емириб қўйган дард руҳига ҳам ҳужум қила бошлаган, у сўкиниб гапиришни одат қилган, бошқа пайтларда эса соатлаб бир нуқтага термилиб ўтирар, ҳеч нарсага ҳафсала қилмас, Нодир олиб қўймаса соқолига ҳам қарамасди. Оёғи эса аксига олгандек тузалай демас, суяклар битишидан дарак йўқ, ҳаракат эса деярли сезилмасди. Унинг оёғида сезилаётган ягона нарса бу – совуқ кунларда фақат оғриқ эди. Йигитлар ишга чиқиб кетган айрим кунларда у ҳужранинг эшигини ичкаридан қулфлаб олиб, ўкириб йиғлар, ҳозир фақат шунга кучи етаётганидан хўрлиги келарди. Шундай кунларнинг бирида қайсидир ускунани ҳужрада унутиб қолдириб, уни олишга келган Нодир ўртоғининг ўкиригини эшитиб, кўнгли эзилди. Эшикни очишга юраги бетламай, изига қайтиб кетди.

— Содиқ, биз Акром билан сени уйга жўнатиб юборишга қарор қилдик – ўша кечқурун овқатланиб бўлиб, идишларни йиғиштириб олишаркан, Нодир сўз қотди. Содиқ бу пайтда бурчакда ўрнатилган телевизорга маъносиз қараб турар, эфирда берилаётган кўрсатувнинг қайсидир нуқтасида кўзлари қотиб қолганди. Ўртоғининг гапини эшитиб, қорачиқлари бир жонлангандек бўлдию, аммо унинг ўрнини алам ва қайғу эгаллади яна.

Шундан кейин йигитлар пул йиғиб, камига хўжайиндан ҳам қарз олишиб, Содиқни уйга кузатишди. Содиқ жуда тушкунликка тушган, бошини деворга уриб, мажақлагиси келди ўша куни. Йигитлар қўлтиқтаёққа суянган ҳамхоналарини учоққа миндириб, кузатиб қолишди.

***

— Қўй, укажон. Ўзингни бунча қийнамасанг ахир! Мени деб кўп қийналдинг шундоғам… Мен хотининг билан келишиб яшаяпман, сен ўзингни бунча азобга қўймагин, илтимос – Сарвигул уйга келганига ҳафта бўлар-бўлмас мактабга ишга қайтмоқчи бўлган, аммо соғлиги туфайли эски иш жойига қабул қилинмай, ғам-ғуссага берилиб, деворга орқа ўгириб ётган Содиқнинг елкасидан қучиб йиғлар, қайноқ кўзёшлари укасининг елкасига томчилаб куйдирарди уни гўё. – Укажон, яхшиям бу оламда сен бор экансан! Сен бор экансан яшагани бошпанам, егани иссиқ-совуғим бор… Мен бирор марта келиндан нолиганим йўқ-ку сенга? Қаердан бошингга мени алоҳида уйли қилиш ташвиши келди-ю, шуни касрига соғлигингни йўқотдинг…

У бошқа гапирмай, яна пиқиллаб йиғлашга тушди. Содиқ уни жимгина тинглаб ётар, унинг бу аччиқ сукунатида опасининг йиғисиданда кўпроқ фарёд бор эди шу дамда.

Орадан икки ой вақт ўтди. Мактабга қайтолмаслиги ойдинлашгач, у тирикчиликнинг бошқа ташвишини қилишга мажбур эди энди. Аксига олиб, январнинг изғирин совуқлари кўзни очирмай қўйган, Россиядан юборган пулининг бир қисмига омборга ғамлаб қўйилган ун ва бошқа маҳсулотларнинг ҳам таги кўриниб қолган, вазият шу тахлит кетадиган бўлса, қолган пулиниям еб-ичишга ишлатиб юбориши аниқ бўлиб қолганди. Шундан кейин ўзбек тили ва адабиётидан пуллик курс ўтишни бошлашга мажбур бўлди. Жиянларини чақириб, ҳовли этагидаги темир-терсагу, ортиқча қақир-қуқирлар сақланадиган хонани бўшаттирди, уни тозалашди, сўнгра ўт ёқиш учун хона бурчагига печка қуришди. Парта ва стол-стул топиш қийин бўлгани учун, полга эски гилам ташлаб, уй ўртасига узун хонтахта қўйиб, дарсхонасини ўзига мослаб олди. Бу пайтга келиб, унинг собиқ ўқувчилари — ўқишга киролмаган бир неча абитуриентлар, қолаверса қишлоқдаги бошқа ўзбек тили ва адабиётидан тайёрлов курсига бормоқчи бўлганлар “Содиқ муаллим она тили курсини бошлабди” деган гапни эшитишди-ю, хонтахта атрофи икки ойга қолмай ўн-ўн беш бола билан тўлиб қолди. У завқ билан яна ишга киришиб кетган, ҳали-ҳануз симиллаб безовта қиладиган оёқоғриғиниям унутиб қўярди гоҳида. Уззукун бу дарсхона гавжум бўлар, хоҳловчилар кўпая бошлагач, ўқувчиларни икки маҳалга тақсимлаб, дарс ўтишга мажбур бўла бошлади. Ўқувчиларнинг бирдан бундай кўпайиб кетишининг сабаблари бор эди албатта. Биринчидан, Содиқ ўз фанини яхши кўрар, шунинг учун курсни яхши ўтар, ўқувчиларни қизиқтирган саволлар юзасидан эринмай улар билан ишлар, камига тунлари бедор ўтириб, фани юзасидан қўшимча қўлланмалар, мустаҳкамловчи тестлар тузарди. Иккинчи сабаб эса, унинг курс ўтиш пули бошқа ўқитувчиларникидан, айниқса туман марказида турли ўқув маркази очиб, дарс ўтадиган ўқитувчиларникидан анча-мунча арзон эди. Болалари учун қиммат пул тўлаб, яна узоққа дарсга юборадиган қишлоқ ота-оналари учун бу айни муддао бўлди. Абитуриентларнинг кўпайиб кетишига асосий сабаб ҳам шундадир, балки.

Дарс ўтиш, болалар билан вақтини ўтказиш Содиқни яна ҳаётга қайтарди. Бу пайтга келиб, жуда секинлик билан бўлса-да, оёқлари ҳам тузала бошлади, ҳарқалай синган суяклар битаётган эди.

Вақт эса учқур отдек елиб борар, Содиқнинг ва абитуриентларнинг ҳаяжонини ошириб, биринчи август яқинлашмоқда эди. Содиқнинг ўн бешта ўқувчиси бу йил ўқишга ҳужжат топширган, уларнинг деярли барчасида она тили имтиҳон варақасининг биринчи ёки иккинчи фани эди.

Мана бугун ўттиз биринчи июл. Содиқнинг дарсхонасида ўн беш нафар қиз-йигит кўзлари ёниб ўтиришар, Содиқ уларга қараб бир ғайрати ўн бўлаётганди.

— Укаларим, олти-етти ой давомида сиз билан бирга бўлдим. Сиз менга ҳаётга куч бердингиз, яшашга, курашишга ундадингиз. Сиз туфайли дардимни унутдим, кейинроқ эса дардим мени унутди… – У бир дақиқа тин олиб, аста-секин бўлса-да ўзи ҳаракатланаётган оёқларига ишора қилди. – Шуларнинг барчаси учун сизларга раҳмат. Шу вақт давомида сизларга бирон нима беролган бўлсам, буни кўрсатиш вақти келди. Эртага имтиҳонга кириб, менинг ва ўзингизнинг юзингизни ёруғ қиласизлар деб ишонаман…

У товуши титраб, бошқа гапиролмади. Болалар жимлик ва ҳаяжон билан уни тинглашар, яна ва яна сўзлашини кутишарди.

— Боринглар, сизларни имтиҳон кутяпти. Унутманглар, бу – ҳаёт аслида катта университет. Эртага эса… унинг биринчи имтиҳони бўлади!

Йигитлар уни қучиб, хайрлашишди, қизлар ҳам “раҳмат” айтиб, чиқа бошлашди. Содиқ уларнинг ортидан чиқиб, кузатгач, шамолмаконга келди. Қўлтиқтаёғини ўрик танасига суяб, аста сўрига чўккалади. Кўксини шамолга тутгиси, ўпкасини тўлдириб ҳаво олгиси келди. Ўрик дарахти барглари ажойиб шовуллар, унинг ҳисларига шерик бўлаётганини англатмоқчига ўхшарди. Содиқ шамолгоҳда пешингача, қуёш нурлари тепага келгунча хаёл суриб ўтирди.

Эртаси куни, 1 август куни тушгача ҳам шу ердан жилмади. Сўрига чиқиб, узоқ-узоқларга, қаршисидаги томорқа, ундан нарида кўзга ташланиб турган олмазорга тикилиб узоқ ўтирди. Назарида шу тобда унга ҳаво етмас, у қидирган ҳаво фақат ва фақат шу ерда – шамолмаконда бор эди. У шу туришида Сиддиқ бувани эслатар, кўзлари ўйга толган, бароқ қошлари бироз чимирилган эди. Ўзи ўтирган уйнинг деразасидан ўғлини кузатиб турган Собир аканинг хаёлидан шу ўйлар кечди.

Олти-етти ойлик тайёргарлик бир томону, имтиҳонни топшириб бўлиб, унинг жавобларини кутиш бир томон. Буни умрида бир маротаба бўлсин ўқишга имтиҳон топшириб кўрган одам яхши билади. Аммо, узоқ кутилган кун ниҳоят келди. Содиқни хушхабар устига хушхабар кутарди. У тайёрлаган ўн беш ўқувчидан ўн уч нафари юқори баллар билан олий даргоҳ талабаси бўлишган эди. Яна она тилидан энг юқори кўрсаткичлар билан. Унинг қувончи ичига сиғмас, жавоблар чиққан кундан бошлаб қарийб бир ҳафтагача унинг уйи тин олмади. Ҳали кечагина абитуриент бўлган эндиги талабалар, ҳали уларнинг ота-оналари уни қутлаб келишар, барча-барчалари Содиқдан миннатдор эдилар. Содиқ ҳатто шу кунлар ичида бир марта дарсхонасига кириб, устидан қулфлаб йиғлаб ҳам олди. Шу бир йил мобайнида бу унинг илк бор қувонч кўз ёшлари эди…

Шафақ ол рангда товланар, қуёш осмонга олтин косасидан қип-қизил май қуйиб узатар, бутун табиат сархуш бўлган каби қизарган эди. Шамоллар ўрик барглари билан сирли шивирлашар, дарахтни макон қилган митти чумчуқларнинг эрта тонгги қўшиқлари қулоққа хуш ёқарди. Содиқ доимгидай тонг саҳардан туриб олган, шамолмакондаги сўри устида ўтирар, бироз салқин бўлгани учун эгнига юпқа чопонини ташлаб олганди. Шу пайт дарвоза қаттиқ тақиллади. У хаёлларига берилиб кетгани учун дастлаб буни эшитмади, аммо тақиллаш иккинчи марта такрорлангач, ҳайрон бўлди. “Тонг саҳардан чақириб келган ким бўлди?”, хаёлидан шу ўй кечаркан оёқларини авайлаб сўридан тушириб, қўлтиқтаёқларини қўлига тутди. Оёғининг оғриғи камайган бўлса-да, у ҳали ҳам қўлтиқтаёқда юрар, чамаси шунга ўрганиб қолганди. Бир-бир ҳаккалаб юриб бориб, дарвозанинг кичик эшигини очди. Ташқарида тахминан ўттиз беш ёшлардаги буғдойранг, истараси иссиқ, новча йигит қараб турар, кўринишидан бу қишлоқнинг одамига ўхшамасди, ҳарқалай Содиқ уни қишлоқдошига ўхшатолмади.

— Ассалом алайкум, келинг, меҳмон.

— Ваалайкум салом, иним. Яхшимисиз? – Меҳмон қўл узатиб кўришди. – Содиқ муаллимнинг уйлари шу бўладими?

— Ҳа, шу. Содиқ менман.

— Аҳа, шунақами? – Ҳалиги киши қайтадан қўл ушлаб, кўришди. – Қайтадан кўришиб қўяйлик бўлмаса, Содиқжон. Мен сиз ишлаган собиқ мактабнинг янги директориман, исмим Туробжон, фамилиям Қўзиев. Иш бошлаганимга ўн беш кунча бўлиб қолди.

— Ҳа, яхши. Уйга киринг унда, ака – Содиқ унинг мақсад-муддаосини билмаётган бўлса-да, ўзи гап очар деб, сўрамади.

— Йўқ, иним. Уйингизга бошқа маҳал кираман, худо хоҳласа. Мен бу ерга бир-икки масалалар билан келдим. Она тили фанидан тайёрлов курслари ўтган экансиз, муваффақиятини ҳам эшитдик. Табриклайман, ука, бундай ютуқларингиз кўп бўлсин!

— Раҳмат, ака!

— Энди муддаога ўтсам. Янги ўқув йилидан мактабга ишга қайтсангиз, дегандим. Тўлиқ иш соати ва тайёрлов курсини олиб бориш шарти билан – директор кулди.

— Майлию, ака. Соғлиғимни бироз мазаси…

— Соғлигингизга нима бўпти, ука. Соппа-соғлом иккита ўқитувчи қилолмаган ишни уддалабсиз, шунча ўқувчингиз ўқишга кирибди бир йилда! Бўлди-да, шу-да соғлик!

— Майли, ака. Ўйлаб кўрайин бироз.

— Хўп. Эртагача яхшилаб ўйлаб, қарорингизни айтгани мактабга ўтарсиз. Кейин, яна бир масалада келганман… – Директор чайналди, шу баробарида қизариб кетганини Содиқ сезиб, ҳайрон бўлди. – Шу… мен совчи ҳам бўлиб келгандим.

— Совчи? – Содиқ ҳайрон бўлди.
— Опангиз Сарвигулга…

— Ҳа. Шундайми, ким экан совчи қўйдираётган? Кейин бу масалада гаплашгани зўр пайтни топиб келибсизда, ака – бу одам кўнглига хуш ўтирганини сезаркан, Содиқ кулиб юборди.

— Ҳа… Яхши иш учун эрта тонгдан, яхши кайфият бўлган пайтда келган яхшида, ука – директор жиддий тортиб, томоғини қирди. – Шу… бир неча йилдан бери сўққабошман, уйланганимни иккинчи йили хотиним вафот этди, туғруқ пайтида. Афсуски, фарзандни ҳам тирик кўролмадим… Шу пайтгача иш деб, мактаб деб юраверибман. Қарасам ёш ўтиб боряпти… Кеча ўқитувчилар сизнинг ютуқларингиз ҳақида айтишганда, оилангиз ҳақида ҳам гапиришди. Опангиз ҳам яхши аёл экан, айтишларича бўйича. Шунга туни билан ўйладим, қандай қилиб бу ҳақида гапиришни билолмадим. Кейин, “кел, Содиқжон билан дангал, эркакчасига гаплашиб оламан, мендан нима кетди” деб келавердим – у гапини тугатаркан, чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, пешонасини артди.

Содиқ уни кузатаркан, яратганнинг ишларига қойил қолди. “Аллоҳ бўл деса, Ер пайдо бўлган экан… Сен ва опангнинг тақдири нима экан унинг иродаси олдида!…” У шуларни ўйларкан, Туробжоннинг елкасига самимий қўл ташлади.

— Туробжон ака, эртагача ўйлаб олишга кўплик қиладиган масалалар билан келибсиз-да! Индингача ўйлаб олсам, майлими?

— Майли… Қарасам, тушунадиган йигитга ўхшайсиз – Директор жилмайди. – Ҳар икки илтимосни ҳам ижобий… – У ёғини гапирмай, томоқ қириб қўйди хижолат аралаш.

Содиқ эрталабдан бундай таклиф билан келган бу ғалати кишини кузатиб қўяркан, хаёлчан ҳолда яна сўри ёнига қайтди. Бир пас туриб-туриб қўлтиқтаёғини сўрига суяб қўйди, сўнг эҳтиётлик билан битта-битта қадам босди-да, ўрик дарахтига яқинлашди. Ундан ўтиб, қўлини икки томонга ёйди, кўксини тонгги хуш ҳаво билан тўлдирди.

— Ўзингга шукр, Худойим…ўзингга шукр! Бувамнинг шамолмаконига уй соладиган бўлсам, нариги дунёда унинг кўзига қандай қарар эдим…мушкулимни осон қилдинг…

КЎК БЎРИ

Бу воқеани қачондир, кимгадир гапириб бераман деб ўйламагандим. Тўғри, орадан анча йиллар ўтди; ўшанда эндигина тўртинчи синфни тугатган бола бўлсам, мана бугун ёши қирққа қараб бораётган кап-катта одамман. Орадан қарийб ўттиз йил вақт ўтиб, болалик давримдаги воқеани икир-чикиригача эслашим мумкин бўлмаган ҳолат, бунинг устига хотира кучим билан унчалик ҳам мақтана оладиган одам бўлмаганим ҳолда, ўша олис болалик давримдаги воқеани майда-чуйда қисмларигача эслай олишим ўзимни ҳам ҳайратда қолдиради баъзан. Маъна бугун яхши бир соҳанинг юқори даражадаги илмий ходими бўлган одам қачонлардир шу ишни мен қилганман деса, ҳеч ким ишонмаса керак, аммо Худо гувоҳки шу бугун ўша ишни қилишим учун менда ўша тўққиз-ўн ёшлардаги боладаги журъат йўқ, деб ўйлайман. Бу нарса биргина журъатга ҳам боғлиқ эмас, унда улғайгач, ич-ичидан ўша жонзотга ўхшаш истаги гоҳ-гоҳида бош кўтарадиган, аммо ҳаёт тушовларини кемириб ташлашга ё куч, ёинки журъат тополмайдиган, топса ҳам буни бажаришга иродаси етмайдиган одамнинг ожизлигига боғлиқмикан, деб ўйлаб қоламан. Боши-кети йўқ хаёлларим билан сизни зериктирганим бўлсам узр сўрайман. Илк бор сизга ўша воқеани гапириб бермоқчиман…

Хуллас, ўшанда май ойининг сўнгги ҳафтаси бўлиб, мактаб деган бўйинтуруқнинг бўйнимиздан олиб ташланганини билдириб, икки ўқишсиз кун ўтган, мен тоққа кетишга тайёрланганча, оёғи куйган товуқдек у ёқдан бу ёққа чопар, ёшгина бошимга катталарнинг инжиқлигидан ҳам ошириб, онам ва бувимга нарсаларимни тайёрлатардим. Ҳа, ўқиш ўшанда мен учун чин маънодаги бўйинтуруқ эди; китоб ё дафтарга мук тушиб дарс тайёрлаш иқим суймайдиган машғулот эди. Бунинг ўрнига мендан ўзимизнинг боғимизда бўлатуриб, қўшнининг томорқасидан мева ўғирлашни, ола сигиримизнинг шохига пахтани пиликка солиб, боғлаб гугурт чақиб одамларни қўрқитишни, айниқса сигирнинг бундан жазава тушишини, думини хода қилиб, сакрашию-марашини томоша қилишни ва ёки бирор фойдали юмушни, масалан ҳеч бўлмаса қўйларни боқишни, эртадан-кечгача далама-дала, қирма-қир чопиб уларни ҳайдашни, кечқурун қўтонга қамашни сўрашганида жон деб бажарган бўлардим. Фақат ўқиш билан келишолмасдим. Ҳозир қўлимга қизиқроқ китоб тушиб қолса, бир ўтирганда ўқиб чиқадиган, ёки илмга берилиб, сочимга эрта оқ тушган кунларимда ўша болаликдаги ўжарлигимни эсласам, юрагим қанақадир ғалати орзиқиб кетади. Эплаб бўлмас бир бало бўлган эдим-да ўзим ҳам. Шундай қилиб, ўша ғалати бола, яъни мен ўқув йили тугагани учун қирга, азалдан чўпон бўлган аждодларимнинг муносиб давомчилари — бобом, дадам ва амакимнинг ёнига кетишга тайёргарлик кўрар, товонимни чатнатиб, қирма-қирма сакраб юрганимни тасаввур қиларканман, ҳалитдан оғзимнинг суви келаётганди. Бу пайтда қирдан тушган чўпонлардан бири – Жасур чўпоннинг бугун-эрта қирга қайтиши дарагини эшитиб, ичим қизигандан қизир, назаримда дадам тайинлаганига қарамай, у мени барибир ташлаб кетадигандай туюлаверарди. Шундай қилиб, жўнайдиган кунимиздан олдинги кечани ухламасдан ўтказдим ҳисоби, гўё ухлаб қолсам Жасур чўпон мени уйғонишимни кутмай кетиб қоладигандек эди. Эрталаб қуёш уйғонмай, сафар тадоригини кўрарканман, онам ва бувимдан ичи қизималигим учун бир талай тергашни эшитиб олдим, аммо буларнинг бари менга таъсир қилмасди. Шунинг учун онам элтиб қўйишини ҳам кутмай, уй остонасиданоқ гапни калта қилдим-да, ойим ва бувимга “меҳрқучоқ” қолдириб, уларнинг ҳай-ҳайига эътибор бермай, уйдан чиқдим. Меҳрқучоқ деб, энди-энди тилим чиқа бошлаган, туйғуларимни кўрсата бошлаган пайтларимда менинг ойим, дадам, бобом ёки бувимни қаттиқ қучиш одатимни аташган, “қани битта меҳрқучоқ бўлсин” деб эркалашса, кемшик тишимни кўрсатганча, алпанг-талпанг қадам ташлаб, ўша одамни қучар, сўнг яна ўйинга чалғиб кетарканман. Ҳозир, яъни ўша тўртинчини энди битирган кезларимда ўзимни кап-катта бола деб ҳис қилган бўлсам керак, шу сўзни айтишса энсам қотишини ҳис қила бошлагандим. Аммо, ҳозир минг энсам қотмасин, уларнинг бири олиб, бири қўйиб “қирда кечалари салқин бўлади, иссиқ кийиниб ёт”, “оёғингга бирор нарса кириб қолади, оёқ кийимсиз юрма”, “ ҳар тош, ҳар кавакка қўлингни суқма, қирда илон-чаён бўлиши мумкин” каби илҳом билан бошланадиган тергашларини тезроқ тугатиш учун ҳам “меҳрқучоқ” қилдимда, Жасур аканинг уйи томонга ғизилладим. Ойим мени урушга кузатаётгандек, кўзида ёш билан қолди. Менинг ҳам кўнглим тўлиб кетган бўлсада, катта бола бўлганим ёдимга тушди-ю, қадамимни тезлаштирдим.

Чўпонниг уйига етиб келганимда, унинг ҳовлисидан қадам товуши эшитилмас, уй худди эгалари ташлаб кетгандек сокин эди. Йўқ, янглишибман, уйни эгалари ташлаб кетмаган, аксинча улар ҳаммаси шунчаки ҳали уйғонмаган экан. Хавотир билан дарвозани даранглатганимдан кейин бир нафас ютиб-чиқаргулик фурсат ўтиб, томорқа томондан чўпоннинг бўрибосар итининг йўғон овоз билан ҳургани, ундан сўнг уй эшиги очилиб, кимдир шиппакда шапиллаб юриб келаётган қадам товуши эшитилди. Темир дарвоза илгаги даранглаб сурилиб, очилдида, энг аввал чўпоннинг пахмоқ сочи, кейин соқол босган юзи, ундан сўнг қорнида тешиги бор майкали жун босган кўкраги кўринди.

— Ие, сенмисан? – У саломимга алик оларкан, сарғайган тишларини кўрсатиб эснади ва бу эснаш билан шу қадар оғзини очди, шу қадар кўп ҳавони ичига тортдики, икки қадам узоқда бўлмаганимда ўрадек катта оғзига кириб кетадигандек туюлди менга. – Кириб тур, ҳозир тайёр бўламан.

Мен дарвозахонага кириб, девор ёнидаги ўриндиққа чўнқайдим. Шу билан бирга “ҳозир тайёр бўламан” деган гапини қандай тушунишни билмасдим. Эҳ, бу катталар, бунчаям бепарво бўлишмаса, қирга боришдаям шунчалар ҳафсаласиз бўлишадими, деб ўйлардим унинг ортидан кузатарканман. Хуллас, Жасур чўпоннинг “ҳозир тайёр бўлишига” қарийб тўрт соатча вақт кетиб, бу орада мен кечқурун чала бўлган уйқумни ўтирган жойимда вадаванг давом эттиришгаям улгурдим. Чўпоннинг соқоли олиниб, бироз пўрим бўлган ва ўткир атир сепилган юзи менга яқинлашиб, турткилаганида кўзимни очдим ва қуёшнинг анча-мунча тепага келиб қолганини кўрдим.

— Кетдик! – Бу унинг қирга етиб боргунимизча айтган ягона сўзи бўлди. Аслида мен учун бирор гапнинг қизиғи йўқ эди, айни дамда кўзимни тўғри йўлларнинг секин-аста юқорилаб боришидан олмас, ўзингни текис йўлда кетаётгандек сезсангда, вақт ўтиб машина деразасидан орқага қараганингда тоғнинг қайсидир баландлигига келиб қолганингни, боягина бир текис кўринган йўллар буралиб-буралиб орқангда қолганини ҳис қилиш қувончини қандайдир гапларни гаплашиб кетиш эвазига йўқотишни истамасдим. Шундай қилиб, қўналғага етиб келганимизда ҳалитдан қувончим ичимга сиғмай борар, ўзимни катта одамлардек муҳим деб ҳис қилаётгандим. Аммо, бу ерга етиб келдигу, айни ташвишли хабарнинг устига тушдик. Отарга бўрилар галаси ҳужум қилган, бир неча қўйни бўғизлаб кетишган эди. Қўналғада эса бобом, дадам, амаким ва Жасур чўпондан ташқари яна қандайдир нотаниш келишган одам ҳам бўлиб, у ҳам чўпонга ўхшар, ҳам ўхшамас, киноларда кўрганим актёрларни эслатарди, у ҳатто бошқалардан фарқ қилиб, елкасида яп-янги қўшотар милтиғи ҳам бор эди. Тан олишим керак, ҳали уни танимай туриб, милтиғи сабабли менда унга нисбатан ҳурмат уйғонди. Бошига кўргулик тушганига қарамай, дадам ва бобом мени кўриб хурсанд бўлишди, амаким эса негадир кўринмасди ҳозир. Аммо, кўп ўтмай у ҳам етиб келди. Мени кўргач, у ҳаммадан ҳам кўп қувонди. Салом берсам, алик оларкан, мени кўтариб осмонга итқитди.

— Эй, полвон, келдингми ниҳоят! – Бу кўришиш, гарчанд меҳрни ифодаласада ёш болани эркалашнинг бошқа хил кўриниши ҳам эди айни дамда. Шуни ўйладиму, уни кўрганимдаги менинг ҳам қувончим ўрнини тумтайиш эгаллаб олди бир дақиқа. Бироқ, ҳозир қўйларга офат оралаб, ташвиш туғилгани учун, менинг кайфиятимни катталар сезишмади. Аксинча, отам келишим биланоқ иш буюрди.

— Полвон, нарсаларингни чодирга киритиб қўйгину, ғизиллаб анави булоқдан сув келтиргин!

Бошланди! Ахир бу ерга бояги нотаниш милтиқли одамга ўхшаб йиртқичларни қийратгани, майли, ҳеч бўлмаганда чўпон таёғига суяниб қўйларга қарагани келганман, булоқдан сув ташигани эмас, дегим келди-ю, келасолиб буни гапирмай, деб ўзимни босдим. Тўнғиллаганимни зўр-базўр яшириб, чодирга кирдим. Бурчакда тўрт-бешта кир тўшак йиғиб қўйилган, иккинчи бурчакда чойнак-товоқ, коса ва банка каби қақир-қуқурлар турарди. Тўшаклар бор биринчи бурчакка тўрвамни итқитдиму, чодирдан чиқдим. Сал нарироқда турган қумғонни олиб, тарс-турс юриб, булоқни излаб кетдим. Аксига олгандек, у ғазабим тарқашга етгулик узоқ масофада ҳам эмас, чодирдан бироз узоқликдаги, унча баланд бўлмаган қоялар туртиб чиққан жойда экан. Сувни олиб, қайтиб борсам, амаким чодирнинг нариги тарафидаги ёнғоқ соясида куймаланиб, ниманидир қилар, яқинроқ борганда эса милтиғини тозалаётганини кўрдим. У аслиям новча бўлса-да бу ерда қорайиб, озганига янаям бўйи чўзилгандек туюлар, баҳорнинг бераҳм офтобида қорайган юзида тишлари оппоқ бўлиб кўринарди.

— Полвон, келгунча қийналмадингми?

— Отарга бўрилар оралабдими? – Катталарнинг бола эканимни эслатиб, катталарча ҳомийлик тариқасида гапиришларини ёқтирмасамда, амакимни яхши кўрганим учун бу ҳол сўраши энсамни қотирганини сездирмай, унинг саволини эшитмаганга олиб, савол бердим.

— Ҳа… Гала эмас, шунчаки битта ёки иккита кўк бўри – у шундай деркан стволни чиқариб, мойлай бошлади.

— Ие, бу ерда кўк бўрилар бўлмасдику одатда?! – Бувамнинг қишда — бу пайтда у воҳада, уйда бўларди – узун оқшомларда айтиб берган хилма-хил ҳикоялари ёдимга тушди. У кўк бўрилар ҳақида айиқ, чиябўри ва умуман йиртқич ёввойи ҳайвонлар ҳақида эмас, аллақандай яхши ҳайвон ҳақида сўзлаётгандек меҳр билан сўзлашини сезгандим. Шундай кечалардан бирида у кўк бўри билан боғлиқ ғалати афсонани айтиб берганди. Бу афсонани деярли ёддан билардим.

— Шундай. Бўлса ҳам жуда кам қолишган. Битта-иккита бўри бўлса, одатда отарга ҳужум қилишмайди. Бўрилар гала бўлиб ов қилишади. Бунга сабаб бўлса керак…

— Қандай сабаб, амаки? – Унинг жиддийлик билан милтиғини тозалашини ҳавас аралаш кузатарканман, сўрадим.

— Бу тоғ-қирларимизда чиябўрилару, сиртлонлар бўларди, аммо бўри учрамасди. Аммо, буванг “Бўрилар илгаридан ҳам бор эди, фақат каламушу-қуёнлар билан ов қилишарди, қўйларга ҳужум қилмаган шу пайтгача” деяптилар. Одатда бўри номи биланоқ одамни ваҳимага соладиган жонзот бўлса ҳам, унга тегишмаса – уясини бузишмаса, ўзига ёки боласига тегишмаса, одамларга ва уларга тегишли нарсаларга яқин йўламайди. Менимча, кимдир унинг тинчини бузган…

Унинг гапларини ўйлаганча, пастга – паст-баланд чимлар оралаб, ҳеч нарсани ўйламай, эмин-эркин ўт чимдиб юрган қўй-қўзиларга қарадим. Шу пайт ўтовдан дадам чиқиб келди.

— Сардор, биз дадам билан қўшни отарга бориб келайлик-чи. Қани, уларда нима гаплар экан! Қўйлардан икковларинг бохабар бўлинглар.

Бу пайтда Жасур чўпон билан ҳалиги кўринишидан чўпондан кўра киноактёрларини эслатадиган чиройли одам иккаласи ҳам пастга эниб кетишган, Жасур чўпоннинг отари биздан бир қир пастда ўтлаб юрарди. Шундай қилиб, шоша-пиша кийимларини алмаштирдим. Ойим сумкамга боғлаб жойлаган, эскириб қолган курткамни, қулоқчинимни кийдим. Тоғ ҳавоси бўлгани учун ҳам бу ерлар анча салқин эди. Оёғимга ўтган йил олганим — ҳали анча оҳорли бўлган этигимни кийдим. Хуллас, мен энди жанговар ҳолатга тайёр эдим. Бу бобомнинг гапи эди, у қайтгач кулиб, шундай деганди. Бу пайтда амаким қуролини тозалаб бўлган, унинг қўндоғини осмонга қаратиб, дарахтга суяб қўйгану, ўзи негадир кўринмасди. Эски бўлсада, тепкисига нақшинкор гуллар солинган, ғалати кўринишли бу матоҳни қўлимга олиб кўргим келди. Шартта унга яқинлашдиму, қўлимга олдим, аммо зўр-базўр кўтаролдим, чунки анчагина оғир экан. Шу пайт амаким ўтов орқасидан чиқиб келди.

— Жиян, ўйнашма у билан – деди жиддий овозда. – Ўқини жойлаб қўйганман, отилиб кетиши мумкин…

— Хўп…
— Тайёрмисан, пастга тушамиз.

У шундай деркан, офтобда ранги униққан спорт кийимининг тугмаларини қадай бошлади. Сўнг дарахтга суянган милтиқни олдида, елкасига илди. Иккимиз қиялик сўқмоқ бўйлаб пастга туша бошладик. Қўйлар нарироқдаги сой бўйига довур чўзилиб кетишган, тушарканмиз айримлари ўт юлишдан тўхтаб, бошини кўтариб бизга қарашди, сўнгра яна давом этишди. Кун тушга яқин бўлгани учун қуёш қарийб тиккага келиб қолган, сой устидаги сув устида иссиқ ҳовур жимирларди. Бизнинг отар бу қирдаги энг каттаси ҳисобланар, тахминан икки юз эллик атрофида қўйларимиз бўлиб, бу йил баҳорда яна кўпчилиги болалаган эди. Қарийб йигирма – ўттизтача қўйнинг атрофида улоқчалари ўтлаб юришар, гоҳо онасининг семиз думбасига ёки биқинига суйкалиб, оҳиста маъраб қўярди. Улоқчалардан бири жуда чиройли, жуни ҳозиргина ювиб қўйилгандек тоза ва ғалати тарзда кулранг ва жигаррангнинг аралашмаси эди. У жуда яқинда туғилган бўлса керак, онасидан бир қадам нари жилмас, гоҳо кичик харсангга қоқилиб, оёқлари майишиб ҳам кетарди.

— Ҳув, анави учтасини кўряпсанми, ўт чимдиб-чимдиб сойгача боришган қарийб. Ҳозир сойга тушиб кетишиям ҳеч гап эмас… Ўшаларни бу тарафга қайтаргин.
Мен қийшайиб ўсган эски саксовул танасидан каттагина шохини синдириб олдим-да, ўзим учун ўнғай таёқ ясаб олдим. Сўнг ҳайтлаганча, сой томонга югурдим. Оёқ остига майда-катта ҳар хил тошлар ботар, баъзиларининг ўткир қирраси этигимнинг пошнасидан ҳам билиниб турарди. Қўйлар норози маъраб, тўдага қўшилишди.

Сўнг отарни нарироқдаги қўтонга ҳайдай бошладик. Бу катта-катта олти-етти ёнғоқ дарахтининг соясида қурилган бўлиб, дарахтлар сим тўсинлар билан бир-бирига уланган, қуёш тушадиган жойларига қамиш тўшамалар маҳкам боғланган бўлиб, каттагина жойни ўраб олганди. Қўйларни шу ерга, катта, урушқоқ бўлган бир неча – ўн қўчқорни алоҳида бошқа қўрага қамадик. Чунки, бундай қилинмаса, улар гоҳо шох уруштиришга берилиб кетиб, ёнидаги қўйларга, улоқларга шикаст етказиши мумкин.

Ҳар икки қўтонга қўйларни бир-бир киритгунимизча, бир соатча вақт ўтди-ёв! Бу пайтда кўп ҳаракат қилганимданми, ёки қуёш қоқ тиккага кўтарилиб, туш бўлгани, шунинг учун ҳаво қизиб кетганигами ёмон иссиқ бўлдим. Шу сабаб ўзимни жуда беҳол сезар, тезроқ салқин ўтовга қайтгим келарди. Амаким менинг ҳолатимни сезди, шекилли, оппоқ тишларини кўрсатиб, жилмайди.

— Полвон, чарчадингми дарров?
— Йўқ, кўп иссиқ кийиниб олибман.

— Яхши, сен анови сояроқ жойда ўтириб тур. Қўйларни санаб чиқай, сўнг ўтовга қайтамиз. Салқингина сузма тайёрлаб қўйганман, боргач ичиб оласан.

Жон-дилим билан нарироқдаги ёввойи шумурт соясига ўтирдим. Бу дарахт айни дамда қийғос гуллаган, кичик-кичик, гилосга ўхшаб кетадиган мевалари ҳам куртаклар орасидан кўрина бошлаганди. Оёғим юришга мослашган пайтдан бошлаб тоғ-тошда кўп юрганим учун бу ерларда ўсадиган дарахтларни бир-биридан яхши ажратар, шумурт эса одатда, ўрмонлар ва чўлларда бутасимон бўлиб ўсишини ҳам билардим. Бу ерда кўриб, ҳайрон бўлдим.

— Амаки, бу ерга қандай келиб қолган бу?

У қўтоннинг эшигини арқон билан боғлаб, тамбаларкан, мен ишора қилган дарахтга қараб қўйди.

— Ҳа, шумуртни айтасанми? Олдин бўлмасди, билмадим ёввойи тарзда келиб қолганми, икки-уч йилдан бери ўсяпти шу ерда.

У ишини тугатгач, яна милтиғини елкасига илди. Мен ҳам таёғимни елкамга ташлаб, ортидан тепага қараб, юра бошладим. Ўтовга кириб, этигимни ҳам ечмай, намат устига таппа ташладим ўзимни. Воҳада юрган боланинг тоғ-тошдаги биринчи куни мана шундай қийин ва чарчоқли кечади одатда. Қўлимни бошимга ёстиқ қилиб, тепага қараб ётарканман, эшик вазифасини ўтайдиган қалин матонинг бир учини кўтариб, амаким кирди. Қўлидаги катта, мис товоқдаги айронни ёнимга, наматга қўйди.

— Мана, ичиб ол, ичингга кирган чанг-ғуборни ювади; унгача қумғондаги чой ҳам қайнайди, тагига ўт қалаб келдим.

Амакимнинг ёши йигирмаларда, мактабини тугатганига икки йил бўлганди. Тугатганининг биринчи йили шоир бўламан деб, пойтахтдаги қайсидир катта мактабга имтиҳон топширган, аммо киролмади шекилли, қайтиб келгач анча пайт уйга қамалиб ўтирганди. Кейин бувам уни юпатибми, урушибми “Шоирлик ҳам касбми; на одамнинг, на эркакнинг қиладиган ишига ўхшайди? Телбизорга чиқиб, аёллардек сузилиб шеър ўқийдиганларни кўрсам, қоним қайнайди; чўпон таёғим билан росманасига савалагим келади. Йиғиштир обидийдангни!” деганди жиддий ўтириб. Амаким шундан кейин отар кетидан тоғу-тошларга чиқиб кетган, аммо барибир орзусидан воз кечмаганини билардим, чунки доим ёнида аллақандай шеър китобчаларини кўтариб юрар, отарни ўтлагани қўйиб юборгач, қайсидир тошга суяниб, нуқул ўшанақа китобчаларни варақларди. Гоҳида, қўлида коғоз ва қалам ҳам бўлар, ўша шеърларини қоғозга кўчириб юрса керак, десам ёзаётган пайтида умуман китобга қарамасди. Буни ўша пайтда тушунмасдим, аммо улғайгач, қолаверса китобга ошно бўлгач, амакимнинг пана-панада шеърлар қоралаб юришини, аммо машқларини ҳеч кимга кўрсатмагани англадим.

Айрон жудаям мазали бўлган, бир кўтарганда катта товоқни бўшатган бўлсам ҳам, яна ичгим келарди. Унинг нордон ва мазали таъмининг таъсиридами иштаҳам очилиб кетган, қишлоқда, уйда пиёладай косадаги овқатни емай, ойимни ялинтириб юрадиган бола, катта косадаги сариёғ солинган сутга қаттиқ нонни тўғраб ивитиб, охиригача еб-ялаб қўйдим. Маза, бундай роҳатни қишлоқда юрган, қизлардай нозик бўлиб кетган синфдошларим қайдан билишсин, деб ўйладим.

Амаким дастурхонни йиғиштиргач, кўзим кетибди шекилли, бир пайт ташқаридаги ғўнғир-ғўнғир товушдан уйғониб кетдим. Шоша-пиша ўрнимдан туриб, ташқарига чиқдим, дарахт тагидаги челакнинг иссиқ таъсирида илиган сувидан юз-қўлимни чайиб олдим-да, овоз келаётган томонга, ўтовнинг орқа тарафидаги сояда ўтирган бобом ва дадам, кейин яна бир нотаниш эркак ўтирган жойга келиб, салом бердим. Улар саломимга алик олишаркан, гапларини тўхтатишди. Бобом қўлини чўзиб, мени тортдида, тиззасига ўтқазди.

— Қалай, полвон, уйқу зўр бўлдими салқин ўтовда?
— Ҳа – унинг қучоғида ўтирганимга хижолат бўлиб, секингина сирғалиб тушиб, ёнига чўнқайдим.

— Майли, Абсамат ота, мен борай. Бунга қарши бирор чора кўрмасак, энди бўрилардан қутулмаймиз – нотаниш киши ўтирган тошидан туриб, чопонининг чангини қоқиб туширган бўлди-да, хайрлашди. Дадам уни кузатгани кетди.

— Бува, бу киши ким?
— Ҳа, уми? Норқул чўпон, қўшни қирда қўйларини ўтлатяпти.

— Нимага кепти?
— Бўрилардан қутулиш учун маслаҳат сўраб келган.

— Бува, қўйларимизга ҳужум қилган – кўк бўрилар экани ростми?
— Ҳа, болам. Шунақага ўхшаяпти…- У чуқур “уҳ” тортди.
— Энди…энди уларни ўлдирасизларми?

Бувам буғдойранг юзли, қошлари ўртача қалинликда, кўзлари катта-катта бўлса-да тоғу-тошнинг қуёшу шамолида кўп юравериб қисилиб қолган, соқол-мўйлови мошгуручдан кўра оқ рангга айлана бошлаган, шунда ҳам ҳалиям бардам, бақувват одам бўлиб, ҳув, англаб бўлмас узоқларгача узун чўзилган тоғнинг қаршимиздаги энг баланд қорли чўққисига, унга етай деб эниб бораётган қуёш таъсирида қизариб кўринаётган баланд-паст чўққиларнинг учларига қараб ўтираркан, нима дейишини билмагандек, каловланди.

— Билмадим, Рустам, билмадим…

Катталарнинг “билмадим” деган жавоби одатда икки маънони англатишини аллақачон англаб олгандим. Биринчиси, берилган саволга жавобни чинданам билмаганда айтилса, иккинчи “билмадим” кўпинча кўнглидаги гапини очиқ айтгиси келмаганда, берилган саволга жавобан нимадир дейиш керак бўлгани учун ҳам айтиларди. Ҳозир бувам айтган сўз иккинчисини эслатди менга. Унинг аслида қўнғир бўлгану, кейин негадир ранги қорайган телпаги ва елкаси оша асабий ғўнғиллаб учиб юрган боларини қўлим билан ҳайдадим-у, белбоғининг нақш солинган учини ўйнай бошладим. Бобомнинг кайфияти йўқлигини кўриб турар, шунинг учун ортиқча гапга солишни хоҳламаётгандим. Бу пайтга келиб, қуёш ғарбга қараб эниб борар, ҳаво тоғ иқлимига монанд равишда совуй бошлаганди. Бобом бўлса ҳалиям индамас, нимадир уни қийнаётгани бир нуқтага қаттиқ тикилган кўзларидан кўриниб турарди. Кўп ўтмай, у аста қўзғалиб ўрнидан турди, кейин мени етаклаб, ўтовнинг олд тарафига олиб ўтди. Бу пайтда амаким ўтовдан ўн қадамча нарида ўт ёқиб, қозон осган, қизиган ёғга эндигина ташланган ва қовурмага айланаётган барра гўштнинг ҳиди одамнинг иштаҳасини қитиқларди. Қорним очқаганини ҳис қилдим. Ярим соатми, бир соатча ўтгач барчамиз ўтов қаршисига тўшалган наматда кечки овқатга ўтирган, бобом ва дадам дастурхон атрофида чордона қуриб ўтиришар, овқат келишини кутиб, қумғонда дамланган чойдан ҳўплашарди. Мен амакимга ёрдамлашдим, битта-битта бўлса-да, оёғим остидаги майда шағалларга депиниб, йиқилмасликка ҳаракат қилиб, овқат ҳовуридан исиб қолган косаларни ташиб турдим. Кейин ҳаммамиз овқатландик, овқатдан сўнг дастурхон олингач эса бобом болишга аста ёнбошлади. Бу пайтга келиб қуёш ҳақиқатда ботиб бўлган, юлдузлар катта-катта бўлиб тиниқ осмондан кўриниб турар, яхшироқ ҳаракат қилсанг қўлинг тегадигандек туюларди. Ой эса ҳув баланд чўққилар орасидан жилмайиб қараб турар, уларнинг эрта-индин ёз келаётган бўлсада, сира эримас асрий музларини ўз нурларига чайиб қўяётгандек оппоқ кўринишарди. Бувамнинг ёнига ўтириб, тиззасига суяндим.

— Бува, кўк бўри эртагини айтиб беринг.

— Рустам, шу пайт эртак айтадиган пайтми? – Сал нарироқда сигарет тутатаётган дадам жеркигандек гапирди. – Бувангнинг кайфиятини кўрмаяпсанми, ўғлим? Қолаверса, у эртак эмас, афсона бўлади.

— Қўйсанг-чи, уни нега уришяпсан? – Бувам дадамга қараб қўйди. – Ўғлинг бўриларни яхши кўради, наҳотки сезмаган бўлсанг? Сўнг ўзига гапираётгандек оҳиста қўшиб қўйди – Бўрини яхши кўрадиган одам озодликни, эркни яхши кўради… Бўри – эркин мавжудот. Қафасни, қулликни ёқтирмайди, балки шунинг учун ҳам циркда бўрини олиб чиқишмас…

Менинг киприк қоқмай қараб турганимни кўриб, соқолини тутамлаб гап бошлади.

— Ҳаҳ, болам-ей, ёд бўлиб кетган бўлсаям ҳеч эшитиб чарчамайсан-да шу афсонани… – Ним табассум аралаш шундай деркан, сокин товушда сўзлашда давом этди. — Биз ўзбеклар туркий халқларнинг бир бўлагимиз ва асосий катта бўлагимиз деса ҳам бўлади, болам… Қадим-қадим замонда туркийлар узундан узоқ чўзилган катта ҳудудларда яшашган. Бу ерлар шундай катта бўлганки, унинг тоғу-тоши ҳам, саҳрою-денгизи ҳам бўлган. Боболаримиз яшаган жойлар яшашга ҳар томонлама қулай бўлгани учун ҳам қўшни халқлар тез-тез улар яшаган ерларга ҳужум қилишган. Мана шу ҳужумларнинг бирида жуда қаттиқ жанглар бўлиб, туркийлар тамоман қирилиб кетган. Фақатгина бир бола, худди сен тенгги бир бола омон қолган экан. Афсоналарда айтилишича, ўша боланинг тирик қолишига бир кўк бўри сабабчи бўлган… У болани тоғу-тошга олиб қочиб, душмандан пана ғорларда асраган. Сўнг вақт ўтавериб, бўри одам боласига, одам боласи эса бўрига ўрганиб қолган. Кейин кўк бўри ўнта бола туққан…бу болалар эса ўша тирик қолган турк боласига ўхшар экан. Шундай қилиб, турк миллати – бўри авлодлари бўлиб, қайта дунёга тарқалишган экан…

Гарчи, бу афсонани қайта-қайта эшитган, бувам уни кўп айтиб берганидан афсонанинг қандай бошланиши-ю, қандай тугашини, ҳатто бувам қаерда тин олиб, қаерда гапида давом этишигача билсам-да, уни бувамдан эшитишни яхши кўрардим. Уни тингларканман, кўз олдимда бўйи мен тенгги бола ва у билан тоғу-тошлар ва даралар оралаб ҳамроҳ бўлиб юрувчи катта кўк бўри гавдаланар, бўрининг югурганда шамолда учгувчи кулранг ёлини, оловдек ёниб турган кўзларини, ўткир тирноқлари бор баҳайбат панжаларини ёнимда тасаввур қилиб, ғалати титроққа тушардим. Бу титроқ қўрқув эмасди асло. Ундан қўрқувдан юксак алланимадир бор эди. Ўша алланима таъсирида бу афсонани қайта ва қайта тинглашни яхши кўрардим.

Бу пайтда амаким ҳам келиб ёнимизга ўтирган, у келтириб қўйган фонус оқшом шабадасида енгилгина титраганча, бувамнинг ўктам қиёфаси ва томирлари бўртиб чиққан қўлларини, дадамнинг афсона таъсирида бир нуқтада тош қотган нигоҳлари ва соқоли ўсган чарчоқли юзини, амакимнинг пешонасига тушган сочлари ва хаёлчан қўнғир кўзларини ожиз ёритиб турарди. Уларнинг юзларига қарарканман, менинг тасаввуримдаги бола ва улкан кўк бўри уларнинг кўз олдидан ўтаётганигаям ишончим комил эди айни дамда. Худди шу пайт бу сукунатни бузиб, пастдаги сўқмоқдан от дупури эшитилди, туёқларнинг шовқинига қараганда икки ёки уч одам от чоптириб келарди. Бу Жасур чўпон ва унинг бояги ҳамроҳи бўлиб, улар, чамаси, ён-атрофни текшириб юришар, узоқдан фонус ёруғини кўриб, шу томонга йўл солишганди. Улар ўтов яқиндаги ёнғоқ дарахтига отларни боғлашгач, келиб наматга чўкка тушишди.

— Ҳа, неварангизга яна кўк бўри эртагини айтиб беряпсиз, шекилли, Абсамат ота? – Жасур чўпон пихиллаб кулди. Унинг мана шу кулгусини ёмон кўрардим, негадир. Бу кулги гўёки масхаралашга ўхшарди. Ҳамроҳи эса кулмаган бўлса-да, аммо лабини ғалати учириб қўйди.

Бувам чўпоннинг кулгусига эътибор бермасаям, ўрнидан бир қимирлаб қўйди.

— Хўш, Жасурбой, гапиринг. Нима гаплар?
— Ҳозир қопқонларни қараб келяпмиз. Тинчлик, айни дамда…
— Албатта, тинчлик бўлади-да. Қопқонга тушса, тинчлик бўлмайди…

Кўнглим ёмон бир нарсани сеза бошлади. Жасур чўпоннинг гапига қараганда, улар бўриларга қопқон қўйиб тутмоқчига ўхшашарди. У ўзини бепарво кўрсатишга уриниб, тишини бемалол ковлаб ўтирса-да, асабий титраётган қўлларидан бемалол ўтирганга ўхшамасди. Шу пайтгача беун ўтирган ҳамроҳи ниҳоят тилга кирди.
— Жасур ака, қопқонга тушади, деб ўйлаяпсизми? Яхшиси милтиқ олиб, овга чиққан маъқулмасми? – Унинг савлатли кўринишига ярашмайдиган, хотинларга ўхшаш овозини эшитиб, энди менинг кулгим қистади. Овозини чиқармаслиги шунга эканда, деб ўйладим.

— Бу қирда бўрининг изига тушиб, уни топаман десангиз, вақтни беҳуда ўтказасиз… Яхшиси энди кутиш керак – бувам чойини ҳўпларкан, норози томоқ қириб қўйди.

Шундан кейин ўртага ноқулай жимлик чўкди. Бувам кўзларии олис чўққилардан олмас, дадам бўлса намат четида ўтирганча ҳалиям тамаки кетидан тамаки тутатарди. Бир неча қир наридан бургутнинг товуши, ундан кейин аллақандай тунги қушларнинг сайрашлари эшитилди. Ёнғоқ дарахти тагидан қитирлаб, қандайдир қора нарса ковлаб чиқди, юмронқозиқ бўлса керак. Қоронғуда бўлса-да, очлик ва ҳайвонлик инстикти билан ўт топиб еяётган отлардан бири уни кўриб, чўчиб кетди ва норози кишнаб юборди. Амаким қўйлардан хабар олгани кетган шекилли, даврада кўринмаётганини энди пайқадим. Қўноқлар зерикишдими, бирин-кетин ўринларидан қўзғалишди.

Дадам уларни кузатиб қайтаркан, бувам норози тўнғиллаганини эшитдим.

— Ўзи ҳамма балога Жасур чўпоннинг манманлиги-ю, мечкайлиги сабабчи! Падарига лаънат! Бўрига озор бермаса, уясини бузмаса, унинг инсонга қарши бормаслигини – отарга ҳужум қилмаслигини ёш бола ҳам билади! Э, калла деб кўтариб юрганингга сени…

Бувам ёмон сўкиниб, ғудранаркан, эгнидаги камзулига яхшилаб ўранди. Чунки, бу пайтда ҳаво анча-мунча совуқ қотган, тоғу-тошларда бўлмаган одамни бу совуқда илк бор мана шу ерда ўтқазиб, кундузи силлани қуритадиган иссиқ бўлади, десанг ўлсаям ишонмаслиги аниқ. Мен эса унинг сўкинишини илк бора эшитганим учун ҳам, ҳайрон бўлдим. Жасур чўпон, Ҳайдар чўпон, умуман мен билган кўпчилик тоғ одамлари – чўпонлардан фарқ қилиб, у сира сўкинмасди. Бувам оғир-босиқ, ҳар гапини етти ўлчаб, бир гапирадиган, бунинг устига сўконғич бўлмагани учун ҳам кўпчилик ҳурмат қилишини билардим. Мана шу сабаб ҳам унинг жуда ёмон жаҳли чиққанини сездим.

Шундан кейин орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Бу пайтда дадам, амаким ва мен ҳар куни отарни қўрир, қўйларни гоҳ қир, гоҳ сой ёқалари бўйлаб ҳайдардик. Июнь ўз жазирамаси билан кириб келган, туш пайтлари ҳаво димиқиб кетар, тоғу-тош бўлса-да, адашиб келиб қолган шабада ҳам учрамасди кўпинча. Бир ҳафтада қишлоқдаги бир ёзга етгулик қорайдим. Бу орада амакимдан бўриларнинг отарга ҳужум қилиш сабабларини ҳам билдим. Унинг айтишича, Жасур чўпон ким биландир гаров ўйнаб, бўри боласини отган, сўнг шаҳарга тушиб, унинг териси ва тирноқларини жуда катта пулга сотиб ҳам келган экан. Мана шундан кейин бўриларнинг жаҳли чиққан бўлса керак, икки куннинг ичида бешта отарга оралашди ўша кунларда, деди амаким ўйчан ўтираркан. Мен бўрилар сони бор-йўғи иккита эканлигини ҳам, отилган бўри боласи уларнинг ёлғиз боласи эканлигини ҳам амакимдан билдим. Менинг уларга раҳмим келар, боласи ўлдирилган ҳайвоннинг бунчалик қутуришини энди билгандим.

Хуллас, ўша ҳафта ҳеч қандай воқеа содир бўлмади. Бу орада бўриларга қопқон қўйилганини ҳам унутиб юборибман. Аммо, бир оқшомда ўтовда дадамнинг папирос ҳиди ўрнашиб қолган чопонига ўралганча ухлаб ётарканман, милтиқнинг гумбурлаган овози ва ортидан эшитилган аянчли чинқириқдан уйғониб кетдим. Қарасам дадам ва бобом ҳам сарпойчан ҳолда ташқарига чиқишаётган экан. Бобом шошганидан қоронғуда яктагини роса қидирган бўлса керак, чала-ярим эгнига ташлаб чиққанди. У овоз келган томонга хавотир аралаш қараркан, этигини кияётган дадамга сўз қотди.

— Жасур чўпон жасур одамнинг ишини қилмаяпти яна! Қопқон қўйиб қўйиб, яна милтиқ билан овлагани нимаси! Битта ўзи қолган бўри мана энди ашаддий ваҳшийга айланмаса яхши эди…

Бувамнинг тахмини тўғри чиқди. Чўпонлар ва отар учун икки кунгина тинч ўтди, холос. Ана шундан кейин қиёмат қўпди, гўё. Ҳар кеча дам бизнинг, дам Жасур чўпоннинг, дам Ҳайдар чўпоннинг дам бошқаларнинг отарига бўри оралар, ҳар ҳужумида икки-уч қўйни ёриб кетар, чўпонлар эса минг пойлашмасин ҳеч нима қилишолмасди. Бу орада биз ҳам яна беш бош қўйимизни йўқотдик. Бувам ва дадам ғазабда, амаким ҳам нима қилишини билмас, учовлари бирлашиб, ўйлаган тадбирлари шуки, ҳар кечқурун навбат билан отарни қўриқлашарди. Бошқа чўпонлар ҳам шундай йўл қилишарди, чамамда. Аммо, эгаси минг пойласин, ўғри бир пойласин, дейишади. Қанчалик сергак бўлишмасин, туннинг қайсидир қисмида, пойланаётган отарда кучли ваҳима қўпар ва қўйлар яна камаярди. Шундан кейин ҳар қадамга тузоқ ва қопқонлар қўйиб ташлашди. Бобом ёки дадам қопқонга тушган жонивор азобда жим ўтирмаслигини билишса ҳам, барибир ҳар тонгда уларни текшириб чиқишарди. Менинг ҳам оромим йўқолган, алоқ-чалоқ тушлар кўра бошлагандим. Тушимга эса кўпинча кўзлари чўғдек ёниб турган бўри ва у билан ёнма-ён келаётган бола кирар, кўриниши тахминан мендек, сочлари ўсиб елкасига тушган боланинг кўзлари бўридан-да қаҳрли боқарди. Шундай кезлар қора терга ботиб уйғониб кетар, шоша-пиша ёнимда ётган дадамнинг пинжига кирар, ўтов бурчагидан эса икки жуфт кўз боқиб тургандек туюларди. Мен бувам бошлчилигидаги чўпонларнинг қилаётган ишларини қоралай олмас, айни дамда бўрининг ҳолатини ҳам жуда яхши тушанадигандек эдим. Ҳарқалай, унинг ўрнига ўзимни қўйиб кўриб, бу ишларни оқлайдиган бир неча сабабни топгандим.

Шундай кунларнинг бирида ярим тунда норози увиллаш аралаш чинқириқ қулоқни қоматга келтирди. Бу пайтда июнь ўрталай бошлаган, тунлар эса сутдек оппоқ эди. Ниҳоят қопқон ўз вазифасини бажарганга ўхшарди. Овоз эса кучайгандан кучаяр, тун сукунатида унинг ваҳимаси одамнинг этини жунжиктирарди. Бувам ва дадам кийиниб овоз келаётган томонга йўлга тушишди, қанчалик қаршилик кўрсатишмасин мен ҳам кийиниб уларга ҳамроҳ бўлдим. Дадам елкасига қўшотар милтиғини осиб олган, мен пешонасида қашқаси бор от устида унинг олдида борардим. Бувам ҳам ўз отида, ёнимизда йўрттириб келарди. Отлар бўрининг нохуш улишидан безовта бўлишган, уловни маҳкам тутиб бошқариб борилмаса, йўлни бошқа томонга буриб кетишни кўзлашарди. Ниҳоят кўп ўтмай, ўз ишини бажарган қопқонни топиб келдик. Яқинлашарканмиз, унинг тикандек панжасига оёғини илиб олиб, норози ғингшиётган жониворга кўзим тушди. Бувам фонарини унга тутди. Бу катталиги бўрибосар итимизча келадиган, кўриниши қаҳрли кулранг бўри эди. Олдинги ўнг оёғи қопқонга тушган, ундан оққан қон фонар ёруғида қоп-қора бўлиб, кафтдек жойда йилтираб турарди. Қонни кўриб, кўнглим ағдарилиб кетди. Нега бундай бўлганини билмайман, бўлмаса қўй сўйишганини кўрганман ва ҳечам қўрқмаганман бундан. Аммо, ҳозир ўзимга ўхшамасдим, назаримда.

— Қара-чи, уканг келяптими? – Бувам дадамга ўгирилди. У сўзини тугатар-тугатмас, узоқдан мотоциклнинг патиллаган овози эшитилди. Кўп ўтмай кажавали мотоциклни минган амаким етиб келди. Уни нега олиб келишганини тушундим – бўрини унга солиб олиб кетишмоқчига ўхшашарди. Аммо, жонивор бунга йўл бермас, қайси томондан яқинлашишса, ириллаб ўша томондан ҳамла қилмоқчи бўларди. Сўнг бобом унга милтиқни тўғрилаб тургач, дадам ва амаким қопқонни мотоцикл кажавасига тортиб чиқаришди. Қопқон тортилгани сари жони азобланаётган жониворнинг улиши кучайгандан-кучайган, овози пармалаётган асбобнинг тиғидек тўғри миянгга уриларди. Бу овозга чидолмай, бошимни отнинг биқинига ботирдим. От бечора ҳам роса қўрққан шекилли, сағрини дир-дир титрарди. Шундай қилиб, бир амаллаб уни ортиб бўлишгач, ортга қайтдик. Бўрининг бу пайтда овози ўчиб қолган, мотоцикл паст-баланд йўлда юраётиб, сакраб кетганда норози инграб қўярди. Шу тариқа ўтовга қайтганимизда, тунги осмоннинг юлдузлари бир-бир сўна бошлаган, бошланаётган куннинг ташвишларга бой бўлишидан дарак бериб, шафақнинг қип-қизил учи осмон четида пайдо бўлди. Бўрини қопқони билан ўтов орқасидаги дарахт остига келтирдик. Тонг ғира-ширасида уни энди яхшилаб кўриб олиш мумкин эди. Мени ажаблантирган нарса кўк бўри дейишгани, рангидан сира кўкка ўхшамас, кўпроқ кулрангга тортарди. Бобомга шуни айтсам, “Одатда бизда кулранг бўрини кўк бўри дейишади кўпинча” деди. Менинг саволимга хаёлпаришон жавоб қиларкан, белбоғидан носқовоғини олиб, кафтида юмалоқлаб, тили тагига ташлади. Бундан унинг асабийлашаётганини тушундим, чунки бувам кўпинча чекмас, аҳён-аҳёнда ўта ташвишланса ёки асабийлашса, шундай қиларди.

Кўп ўтмай, сўқмоқда икки отлиқ кўринди. Энсам қотди, бу яна Жасур чўпон билан унинг нотаниш ҳамроҳи эди. Улар овозни эшитибоқ, қўл-бетиниям ювмай, уни излашга чиққанга ўхшашарди. Келиб, отдан тушишаркан, ёнғоқ дарахти тагидаги қопқонга, ундан сўнг бўрига юзма-юз бўришдию, икковининг ҳам, айниқса Жасур чўпоннинг чеҳраси хурсандчиликдан ёришиб кетди.

— Ассалом алайкум, акалар! Абсамат ота, тутибсизлар-да ниҳоят! – У ўзини қовоғини осиб қараб турган бобомнинг кайфиятини сезмагандек тутиб, хушчақчақ ҳолатда гапирди.

— Ҳа, шундай бўлди.

— Яхши бўпти-ю, лекин нега ўша ернинг ўзида “пақ” этиб, дегандек а…? – У аввал бувам, кейин дадам ва амаким билан қўллашиб кўришаркан, пихиллаб кулди. Шериги ҳам ҳамма билан қўллашиб кўришаркан, кўзларини жонивордан узолмасди.

— Биз уни отмоқчи эмасмиз – бувам носини нарироққа бориб, туфлаб келаркан, ўтов ёнидаги тошга ўтирди. Жасур аканинг юзидаги хуш табассум бир пасда йўқолди.

— Ие, бу нима деганингиз, ота? Ёки анави эртагингиз бирдан ёдингизга тушдими? – У яна пихилларкан, заҳархандалик билан ёнида ўтирган ҳамроҳини туртиб қўйди.

— Жасурбой, шунча машмашани бошладингиз, индамадим! Мени бувамнинг буваси ҳам бу ерларда отарини боққан, бирор марта бўри ораламаган қўйларига. Чунки, бўри ва одамзод ўртасида ёзилмаган келишув ўрнатилган эди. Инсон унга озор бермаса, у ҳам одамга ташвиш туғдирмасди. Аммо, сиз мана шу деярли бир асрлик анъанани буздингиз, тушуняпсизми? Бу афсонага эса, тил текизманг! Бу қадим тарих сиз каби ювуқсизлар учун яратилмаган!

Чўпоннинг ранги ажобтовур газариб кетди. У бобомни урмоқчи бўлгандек, бир хезланди-ю, кейин ниманидир ўйлаб, қайтиб тош устига ўтирди.

— Зўр-ку, отам! Бу гапингизни шу икки-уч ҳафтада ўнлаб қўйини йўқотган Нурқул чўпон эшитса нима деркан, Ҳайдарали чўпон эшитса нима деркин! – У ўзини кулганга солмоқчи эди, ўхшатолмади.

— Менинг айтган гапларимни бориб биттаям қолдирмай етказинг, нима дейишса эшитасиз – бувам бамайлихотир жавоб қилди.

— Акалар, келинглар тортишмайлик. Аслида ҳар икки томон ҳам отарни тинчлигини ўйлаб, ҳаракат қилса, ҳаммага яхши бўлади – бу суҳбатни жим тинглаб ўтирган чўпоннинг ҳамроҳи хотинчалиш овозда, муросасозлик йўсинида гапга суқилди.

— Мен ўйлаб қўйдим, уни ҳайвонот боғига топшираман – бувам дарахт остига қараб қўйиб, жавоб берди.

— Ўйлаб гапиряпсизми, Абсамат ота?! Султон ака, бир нима десангизчи бу одамга? – Жасур чўпон хуноби чиқиб, дадамга юзланди.

— Отам нима деса шу бўлади – дадам “чирт” эттириб ерга туфлади-да, сўнг жавоб берди.

— Вей, бутунлай томларинг кетибди сенларни! Бу бўри бу қирлардаги нечта отарга ҳужум қилса-ю, нечалаб бош қўйларнинг гумини кўрса-ю, яна буни боқиб семиртириш учун, ҳайвонот боғига топширишаркан! Бекорларни айтибсиз, бу қир бувангиздан қолмаган! Кейин бу каби ваҳший жониворлар ўлдириш ва қийнаш учун яратилган, тушуняпсизларми, қийнаш учун! Қолаверса, умрида бир марта бўри ўлдирмаган овчи, овчи эмас. Бўри билан курашиб, керак бўлса ўлмаган чўпон, чўпон эмас! – Жасур чўпон шундай деркан, гап орасида кўзлари қонга тўлиб, бўрига қаради. Унинг бу туришида жониворни нимталаб ташлайдиган важоҳати бор эди ҳозир.
Шу пайт кутилмаганда бувам сапчиб туриб, ўтовга кириб кетди-ю, лаҳзада қўлида милтиқ билан қайтиб чиқди. Сўнг уни Жасур чўпонга тўғрилади.

— Ёмон асабимга тегяпсан, бола! Ё кет, ё анави сен отиб ташлаган бўридек, сениям асфаласофилинга жўнатаман ҳозир!

Ҳаммамиз қотиб қолдик, чунки ҳеч ким ундан бундай ҳаракатни кутмаганди. Чўпоннинг тишлари ғижирлаб кетганини анча узоқда турган бўлсам ҳам аниқ эшитдим. Ҳамроҳининг эса лабини ғалати учириб қўйишга журъати етмади ҳозир. Улар орқага тисарила-тисарила отларига минишди. Сўнг бирин-кетин чоптириб кетишди, сўқмоқда улар қолдирган чанг анчагача босилмади.

Кейин ҳаммамиз нонушта қилдик. Ҳеч кимнинг иштаҳаси йўқ, шу ишни қилиш керак бўлгани учун ҳам ўтирардик худди. Ундан сўнг аввал дадам, сўнгра амаким пастга эниб кетишди. Қўйларни қўтонидан чиқариб юбориш керак эди. Бобом эса отига миниб қаергадир кетди. Икки қадам нарида бўри бўлса ҳам негадир қўрқмасдим, аввало у қопқонда эди ва қўрқиш учун сабаб ҳам йўқ эди. Ўтовнинг орқа томонига ўтиб, уни кузата бошладим. У бошини қўйган жойидан қўзғалиб, мен томонга қаради — шарпамни сезди. Ё тавба, кўзлари бунча маъюс!.. Бўри деган жонзотни тасаввур қилганимда нуқул кўзлари тўла мудҳиш ҳис билан кўз олдимда гавдалантирган бўлсам керак, шуни ўйлаб кулгим келди бирдан. Сўнг қопқонга тушган панжасига қарадим, у чайналган эди. Чамаси, у оёғини чайнаб ташлаб бўлса ҳам қочишни кўзларди. Шунда бувамнинг “Бўри – эркин мавжудот. Қафасни, қулликни ёқтирмайди, балки шунинг учун ҳам циркда бўрини олиб чиқишмас” деган гапи ёдимга тушди. Тушларим кўз олдимга келди, ундаги кўзлари ғазабга тўлган бола ва катта кўк бўрини эсладим. Кейин бувам отига миниб жўнаганини ўйладим. Ва бирдан… хаёлимга келган ўйдан ўзим қўрқиб кетдим. Уни озод қилишни ўйлаган эдим, чунки… Аммо, назаримда энг тўғри йўл шу эди. Афсонавий кўк бўри хаёлларимни сира тинч қўймас, дарахт остидаги оғир ва оғриқли қопқондан чиқиб кетолмаётган бўри унинг айни дамдаги ночор авлоди бўлса, мен туркий боболаримнинг ночор авлоди эдим. Бироқ, шу ҳолатимда ҳам қўлимдан нимадир иш келарди ҳозир. Шу хаёл билан ўтовга югурдим. Аввал тахмонга яширинган дадамнинг қўшотарини, сўнг бурчакдаги темир-терсаклар солинадиган катта темир қутидан омбурни топдим. Ёпарканман, қути ағдарилиб, ичидаги темир-терсаклар ерга сочилиб кетди. Уларни тартибга келтиришга эса вақтим йўқ эди, чунки мен шошардим. Мақсадимни амалга оширгунимча бобом ёки дадам келиб қолишларидан чўчирдим.

Ўтовдан чиқиб, дарахт тагига югурдим. Бўри қўлимда милтиқ билан кўриб, тишларини иржайтириб, ириллай бошлади. Унинг бу туришида унинг ёнгинасида туриб, қопқонни очолмаслигим аниқ. Шунинг учун иккиланиб ўтирмай, милтиқни ўқладимда, қопқоннинг буровини мўлжалга олдим. Кўзимни чирт юмиб, тепкини босдим. Ўқ гумбурлаб отилгани, темир қопқоннинг бурагичлари шарақлаб очилиб, отрофга отилиб кетганини эшитдим ва кўзимни очарканман порохнинг аччиқ ҳиди бурнимга урилди. Бўри оёғини очиқликда кўриб, ўрнидан сакраб турди. Бу пайтда эса қўлимда ҳалиям милтиқ билан турардим. Унинг бояги ириллаши йўқолган, кўзлари эса маъносиз боқарди.

— Кет! – Шундай дедим-у, лекин уни қандай ҳайдашни билмасдим. Дадам ва амакимнинг ўқ овозини эшитганлари аниқ, ҳадемай бу ерга келишади. Шу ўй менга куч берди, унга яқинлашиб, милтиқ қўндоғи билан нари итардим. Бўри ниҳоят мени тушунди, аммо бир лаҳза менга тикилиб турди-да, сўнг орқасига ўгирилиб, аввал юриб, кейин чўлоқланганча югуриб кетди.

— Югур! …Ва ҳеч қачон бу ерларга қайтма! – Ўпкам тўлиб, бақирдим. Сўнг кўзларимдан қуюлаётган қайноқ ёшларни артиш учун милтиқни ташладим.

Ўйлаганимдек, ўқ овозидан хавотирланган дадам ва амаким бир пасда етиб келишди. Аммо, мени бу ҳолатда кўришди-ю, ҳаммасига тушунишди. Дадам урушиб беришини кутар, ўзимни шунга тайёрлардим, бироқ у ҳеч нима демади. Милтиқни олди-ю, ичкари кириб кетди. Қайтиб чиққач эса сўради:

— Бўридан қўрқмадингми?
— Йўқ…

Ўша куни намозшомда бобом нотаниш икки одам билан деразаларига чамбара ўрнатилган, ўртача катталикдаги юк машинасида етиб келишди. Лекин, бўлган воқеани эшитган бобом нима дейишини билмай қолди. Ҳамроҳлари эса елка қисишди-ю, қайтиб кетишди. Мен ҳам улар билан ортга, қишлоққа қайтдим, илтимос қилган эдим, мени уйгача ташлаб қўядиган бўлишди. Бу кенгликлар, бу тоғлар ва қирлар энди кўнглимга сиғмай қолганди. Чўпонлик ва милтиқ ҳам энди мени қизиқтирмай қолганди. Шу-шу ҳеч қачон отар қўришга қайтмадим.

Амакимнинг айтишича, бўри қайтиб қўйларга ҳужум қилмай қўйибди. Нариги қирларга ўтиб кетган бўлса керак, кечалари улиши ҳам эшитилмай қолди, деди у.

Жасур чўпонга эса бўрилар билан курашиб, ўлиш бахти насиб этмади. Ичиб отига миниб, дарадан йиқилиб, бўйни синди. Сўнг тўшакка михланиб, ит азобида ўлди.

Ўша катта бўри ва бола эса ҳали–ҳануз тушларимга киришади. Аммо, энди уларнинг кўзларида ғазаб йўқ…

022Bu voqeani qachondir, kimgadir gapirib beraman deb oʻylamagandim. Toʻgʻri, oradan ancha yillar oʻtdi; oʻshanda endigina toʻrtinchi sinfni tugatgan bola boʻlsam, mana bugun yoshi qirqqa qarab borayotgan kap-katta odamman. Oradan qariyb oʻttiz yil vaqt oʻtib, bolalik davrimdagi voqeani ikir-chikirigacha eslashim mumkin boʻlmagan holat, buning ustiga xotira kuchim bilan unchalik ham maqtana oladigan odam boʻlmaganim holda, oʻsha olis bolalik davrimdagi voqeani mayda-chuyda qismlarigacha eslay olishim oʻzimni ham hayratda qoldiradi baʼzan…

Goʻzal ROʻZIYEVA
BIR SURAT TARIXI
08

008Goʻzal Roʻziyeva 1986 yil 31 oktyabrda Buxoro viloyati Jondor tumanining Tobagar qishlogʻida tugʻilgan.1993-2004 yillarda Jondor tumanidagi 22-oʻrta umumtaʼlim maktabini, 2004-2008 yillarda Fayzulla Xoʻjayev nomidagi Buxoro davlat universiteti tarix fakultetini tugatgan.

Kecha rasm albomlarni koʻrayotib, mana shu suratlarni topib oldim. Roppa-rosa bir muchal yoshini yashashibdi oʻziyam. 2004 yilda Zominda, yosh ijodkorlarning VII-seminarida qatnashganimda tushgan ekanman. Ularni tomosha qilayotib, oʻsha kunlarning hayajonli xotiralari qalbimda uygʻondi.

Koʻkka oʻrlagan togʻlar bagʻridan sharshara boʻlib oqib tushuvchi zilol suv togʻlar poyini zerzavq soyga aylanib yuvib oʻtar, bu kattagina soyni mahalliy xalq Oʻriklisoy deb atasharkan. Atrof tabiat shunchalar maftunkor va uning goʻzalligini koʻzlarimga shu qadar joylab olgan edimki, mana oʻn ikki yil oʻtib ham kecha koʻrgandekman, goʻyo. Ammo, bu jozibani ifodalash uchun hozir ham munosib taʼrif topa olmayman.

Ana shu Oʻriklisoyning ikki qirgʻogʻi boʻylab seminarda qatnashuvchilar uchun palatka shaklidagi uychalar tiklangan, hamxonam Mohidil opa ikkimiz joylashgan uychaning roʻparasida – soyning narigi tomonida Abdulla Oripovning kattagina “palatka”si joylashgandi.

Tadbirning ikkinchi kuni kechga yaqin togʻ sayridan qaytgach, Mohidil opa ikkovimiz derazadan shundoqqina koʻrinib turgan shoirning qoʻnoqgohiga bormoqchi, suhbatini olmoqchi boʻldik. Ammo, buyuk shoirning xayolan ham salobati shunchalar bosar ediki, bir muddat qanday boramiz, nima deymiz kabi savollar bilan taraddudlanib qolganimiz hali-hali esimda. Soʻng bir amallab jurʼat yigʻib oldikda, soyning narigi betiga oʻtdik.

Abdulla bobo bu paytda ikki oʻng oyogʻi yarmigacha suvga kirib turgan soʻri tirgagiga suyanib oʻtirgancha quyosh asta botib, olis choʻqqilar uzra soʻnggi shuʼlalar raqs tushayotgan manzaraga tikilib qolgan, xayol bilan boʻlib bizning u tarafga oʻtganimizni ham payqamagan edi. “Shoirning oʻyini buzma, balki shu lahzada qalbi va ongining tutash bir yerida yangi bir shoh asarning tarhi chizilayotgandir!” (Oybek, “Navoiy” romani) degan oʻy miyamda chaqindek chaqnadi-yu, menimcha Mohidil opada ham shu oʻy kechdi, toʻxtab qoldik.

Bir lahza xayolimdan “ortga qaytsakchi” degan oʻy oʻtdi va shu oʻy taʼsirida harakatimni ham oʻzgartirgan boʻlsam kerak, Mohidil opa biqinimdan chimchilab, “Oʻzi bazoʻr shu yergacha keldik, endi qaytmaymiz!” deb shivirladi. Soʻng mendan najot yoʻqligini sezgach, oʻzi asta tomoq qirdi-yu, salom berdi. Mana shunda shoir biz tomonga oʻgirildi-yu, xayolchan ancha tikilib qoldi. Keyin tadbirda koʻrgani yodiga tushdimi, alik olgancha, bizni soʻriga taklif qildi.

-Kelinglar, oʻtiringlar. Men hozir yelkamga biror narsa ilib chiqay, sal salqin tushdi, nazarimda,- Abdulla bobo shunday derkan ichkariga kirib ketdi.

Koʻp oʻtmay, egniga qalin jemfer kiyib chiqdi. Soʻrida oʻtiribmiz, dam Mohidil opa menga, dam men unga, dam ikkimiz shoir boboga, dam oʻrtadagi noqulay jimlikka oʻz shovqini bilan xalal berishga urinayotgandek koʻrinayotgan soyning asov toʻlqinlariga qarab qoʻyamiz.

Ustoz shoirning qarshisida soʻridan oyogʻimni osiltirib oʻtirishga oʻzimda noqulaylik sezib, oʻrtaroq surilib oʻtirdim, ammo qaniki ruhimdagi diqqatpazlik tarqasa!

-Xoʻsh, qizlarim, qayerdansizlar?

– Buxorodan,-ikkimiz ham barobar javob beribmiz.

Shoirning boyagi biroz tunddek koʻringan xayolchan chehrasi yorishdi.

-Pirlar yurtidan ekansizlarda! Ikkovingiz ham nazm boʻyichami?

-Ha,- yana birvarakayiga gapirdik.

– Xoʻsh, sen oʻqi-chi biror narsa,– boyagi xayolchanlik bilan menga qaradi. Soʻng boshidagi takyasini qoʻliga olib, qayta kiyarkan, yaxshi bir narsa eshitishga tayyorlangandek, koʻzlarini yumib, soʻri tirgagiga suyandi.

Men oʻzimcha Abdulla Oripovga sheʼrimdan oʻqib berish ilinjida sheʼr daftarimni qoʻltiqlab, soydan oʻtgan boʻlsamda, buni kutmagandek dovdirab qoldim. Qoʻlim titragancha, daftarimni varaqlarkanman, oʻzimning nazarimda zoʻr boʻlgan sheʼrlarimdan emas, butunlay boshqa sheʼrni oʻqiy boshladim. Toʻrt bandlik sheʼrni oʻqib boʻlguncha, shu koʻrinib turgan togʻlardan birini agʻdarib, orqalab kelgandek qora terga botdim.

– Hm… Sheʼr yozayotganda, umuman ijod qilayotganda nimani his qilasan? – Sheʼrim tugab, orada biron daqiqalik jimlik hukmron boʻlgach, koʻzlarini ochmay, soʻradi.

Men hayron boʻlib, Mohidil opaga qarab qoʻydim. U ham tushunmagandek qarab turar, qiyin savolga javob izlagan talabadek qoʻlidagi qogʻozlarni kovlashtirardi. (Oʻshanda chindan ham Mohidil Poʻlatova BuxDUda filologiya fakultetining ikkinchi kurs talabasi, men esa maktabni tugatish arafasidagi oʻsmir qiz edim).

Harchand urinmay, sheʼr yozayotganimda nimani his qilishim shu tobda xotirimga kelaqolmas, miyamdagi xayollarim algʻov-dalgʻov edi. Aksiga olgandek, kelganimdan beri meni maftun qilgan bu tiniq suvli soy betizgin shovullashi bilan shu damda umuman yoqmay qolgandi. Nima boʻlsa-boʻlar dedim-u, miyamga kelgan fikrni aytdim.

– Mana shu soy kabi toʻlganlikni, tizginsizlikni, gohida oʻzimni ham halok qilishga qodir poʻrtanani his qilaman.

Abdulla bobo shu damda koʻzlarini ochdi, menga bir muddat tikilib qoldida, soʻng uzoq qorli choʻqqiga qaragancha, davom etdi.

-Ana oʻsha poʻrtananing nomi darddir. Ana oʻsha toʻlganlik ijodkorni qoʻliga qalam olishga undaydi. Ammo, sen oʻsha lahzada oʻzingdan oʻtib turgan dardni shunday tasvirlashing, shunday ifodalashing kerakki, sening oʻquvching yozganingni oʻqiyotib, oʻsha ogʻriqni his qilsin. Oʻshanda yozganlaring insonlar qalbiga yetib boradi.

Keyin sherigim oʻz sheʼrlaridan oʻqib berdi. Unga ham shu kabi maslahatlar boʻldi.Soʻng ustoz bugungi adabiy jarayon, jamiyat rivojida uning oʻrni haqida bir qancha fikrlarni aytdi. Bu paytda kech tushib qolgan, qayerlardandir uzoq-uzoqlardan yovvoyi qushlarning gʻalati sayrashlari eshitilardi. Soyning narigi tarafidagi uychalarning barchasining chiroqlari yongan, kechki hayot qaynashni boshlagandi. Qaysidir birida magnitofondan shoʻx bir qoʻshiqning sadosi eshitilardi.

Soʻng ustoz bilan xayrlashib, ortimizga qaytdik. Ha-ya, undan oldin bizni “chegara”ning narigi tarafiga yurishimizdan ruhlangan bir necha tengdosh qatnashchilar allaqachon bu yoqqa oʻtishib, soʻri atrofini egallab olgan, biz boshlab bergan sheʼrxonlik oʻz-oʻzidan adabiy gurungga aylanib ketgandi. Soʻng ushbu lahzalarni tarixga muhrlash uchun rasmga tushgach, xonamizga qaytdik.

Abdulla Oripovning oʻsha soʻzlari tadbir yakunigacha, undan keyin to shu kungacha qulogʻimda hamon jaranglagan kabi tuyuladi. Gohida oʻzimni majburlab biror qator yozmoqchi boʻlganimda yoki tuzgan qatorlarim oʻzim uchun gʻayritabiiy, nosamimiy tuyulganida negadir soy boʻyidagi oʻsha suhbat bot-bot yodimga tushaveradi…

2016

(Suratda: Ustoz Abdulla Oripov, chapda Mohidil Poʻlatova va oʻngda men — Goʻzal Roʻziyeva

IKKI HIKOYA
08

SHAMOLLAR MAKONI

Buvasi doimgi joyida — hovlining kungay tarafidagi, shamolgohdagi oʻrik daraxti tagida oʻtirardi. Nigohlari sokin, qarashlari xotirjam, baroq qoshlari doimgidek biroz chimirilgan. Egnida oʻsha doimgi ohori ketgan, rangi uniqqan koʻkimtir yaktagi, boshida oʻsha — bir chetida tirnoqcha kattalikdagi qoʻngʻir dogʻi bor doʻppisi. U boʻlsa, bobosining soqolini tutamlab oʻynab oʻtirardi. Bobosi doimgidek indamas, nevarasining oʻylab topgan oʻyiniga parvo qilmasmish…

Sodiq oʻrtacha boʻyli, keng yelkali, oq-sariqqa moyil, qoʻykoʻz, qirra burun yigit boʻlib, koʻzlari xayolchan boqar, qarashlaridan sermulohaza yigit ekani bilinib turardi. U garchi tushida choʻchituvchi biror koʻngilsiz narsani koʻrmagan boʻlsa-da, negadir nogahon seskanib uygʻonib ketdi. Garangsirab yon-atrofiga alangladi, sababini oʻziyam bilmadi — bobosini qidirdi, goʻyo. Keyin shosha-pisha oʻrnidan qoʻzgʻaldi, koʻylagining bir-ikki eshilib qolgan tugmalarini joyiga oʻtkazib, oʻzini tartibga soldi, peshonasida reza-reza yumalagan terini artdi. Shu lahzada yotgan uyining olis qorongʻu burchagidan kimdir xoʻrsingandek tuyuldi unga. Hayron boʻlib, razm solib qaradi, hech kim yoʻq edi. Soʻng yana koʻrgan tushi esiga tushdi… Qiziq, bir necha oʻn yil avvalgi xotiralarni esga solgan bu tushning taʼbiri nima boʻlsa ekan? Derazadan namozshom quyoshining soʻnggi nurlari tushib turar, ufq goʻyo temirchining bosqonidek choʻgʻ boʻlib langʻillardi. Tavba, namozshomdayam uxlaydimi, bunaqa paytdagi uyquni bexosiyat boʻladi, deguvchi edi bobosi. Bobosi… Qiziq nega kirdiykan uning tushiga? Hayot tashvishlariga oʻralib, uni unutib qoʻygan nabirasiga oʻzining qachonlardir bu dunyoda, uning yonida yashab oʻtganini eslatdimi yoki? Yoki gʻaflat uyqusida yotganing yetar, uygʻon demoqchi boʻldimi? Sodiq uchi-keti yoʻq savollar girdobiga shoʻngʻigancha, bir-bir qadam bosib uydan chiqdi. Kuni kechagina 26 yoshni urib qoʻygan, ikki bolaning otasi boʻlishga ham ulgurgan boʻlsada, hali-hanuz bobosini sogʻinishini, uning tizzasiga chiqib erkalik qiladigan damlarini olis bir entikish bilan xotirlashini oʻyladi. Maktabdan boshi ogʻrib kelganining dami hali tarqamaganimi yoki rahmatli buvasi aytganidek, bexosiyat paytda uxlagani uchunmi, boshi zil-zambil edi. Shuning uchun lanjligi tarqamay, hovliga chiqdi.

Kun botib borayotganiga qaramay, quyoshning tafti hali soʻnay demas, aksincha “qilt” etgan shamol sezilmas, tomorqa etagidagi daraxtlar issiqdan garangsiragandek turardi. Tavba, biror yil bahor bunday issiq kelmagan edi, oʻyladi Sodiq. Toʻgʻri, bahor oyoqlab boʻldi, hademay yoz etagini yoyadi tabiatga. Ammo, bu yilgi bahorning shashti oldingi yillarning bir necha yozidan oʻtaman, derdi. Aksiga olgandek, salqinlatish uchun sepilgan suv beton hovlining issigʻini battar chiqarib yuborgan, yerdan koʻtarilgan hovurda tova qoʻyib, tuxum qovurib olsa boʻlardi. Sodiq xayolidan oʻtgan oʻxshatishga ichida kulib qoʻydi; ming qilsayam odam oʻz kasbidan kelib chiqib fikrlarkan-da. Yangi fikrmi, ohori toʻkilmagan biror tashbehmi xayolidan oʻtguday boʻlsa adabiyotchiligidan, aniqrogʻi ona tili va adabiyoti fani oʻqituvchisi ekanidan ichida gʻururlanib qoʻyardi. Shu oʻylar bilan biroz havo va ozgina boʻlsa ham toza yel qidirib, shamolmakonga yoʻnaldi. Hovlining eni-yu, boʻyiga qaratib uylar solingan boʻlsa-da, darvozaxonaning chap tomonida bir necha katta metrcha joy ochiq qolgan, koʻchadan boshlanib, qiyalab tomorqaga tutashib ketadigan mana shu yerda shamol erkin aylangani uchun bahavo boʻlardi aksari vaqtda. Odatda uy kattalari kun dimiqib ketganda yoki shunchaki salqinlab oʻtirish uchun ham mana shu yerga kelib qoʻr toʻkishar, shu yerda ozgina nafas rostlashardi kun qizigan mahallarda. Bu yer uy egalari tomonidan shamolgoh yoki shamolmakon nomi bilan atalar, bu nomni esa bir mahallar rahmatli buvasi bergandi bu joyga. Siddiq buva quyuq, qora soqolini tutamlab – Sodiq jajji bolakay boʻlgan oʻsha mahallarda bu basavlat odamning soqoli qop-qora edi hali, mana shu yerda oʻtirar, oʻzi oʻtirishni yaxshi koʻrgan joyning yanada salqin va bahavo boʻlishi uchun oʻrik daraxti ham ekkandi shamolmakonga. U mana shu yerda oʻtirib nafas rostlagach, yana katta tomorqasiga tushib ketar, ketmonni har koʻtarib yetga urganda uning zarbidan yer zirillab ketgandek tuyulardi bolaga. Bola bobosining ishlashini kuzatib oʻtirar, goho kichkina ketmonchasini koʻtarib, dalaga tushib ketar, buvasi ochib qoʻygan joʻyaklar tuprogʻini olib, ularni kengaytirardi. Mana shunday paytlarda Siddiq buva nevarasiga mehr bilan tikilar, biri-biridan katta, biri-biridan koʻp choʻntaklaridan bolaga konfetmi, turshakmi olib berardi, odatda har doim ularda nabira uchun albatta biror yegulik boʻlardi. Sodiq hozir shuni esladi-yu, miyasining lanjligi tarqagandek tuyuldi beixtiyor; oʻsha bolalik turshagini qoʻmsab, ogʻziga suv yugurdi. Ammo, xotinining birdan eshitilgan tovushi bolalik xayollarini toʻzitib, ogʻziga yugurgan tamshanishni ham qochirib yubordi. Xolida hovliga boyagina oʻzi suv sepganini ham unutib, jahl bilan chelakning suvini toʻrt tarafga sachratib, separkan shu barobar shangʻillagancha kimnidir soʻkar, orada soʻkkan odamiga laʼnat yogʻdirib, qattiq qargʻanib ham olardi. Shu payt mehmonxona yonidagi kichkina uydan opasi Sarvigul yugurib chiqdi. Uning roʻmoli boshidan sirgʻalib yelkasiga tushgan, chamasi buni oʻzi ham sezmasdi. Sarpoychan chiqqanini ham unutib, qoʻllari titragancha, keliniga qarab, yigʻlamsirab gapirdi.

— Xudodan qoʻrqing, kelin. Bolam birovning narsasini olmaydi, axir…

— Xudoni oʻrtaga qoʻshmang, opa – Xolida atiga bir necha qadam narida eri kuzatib turganini koʻrmay, jazava aralash oʻshqirdi. – Xudoning tayogʻi boʻladi, indamay-indamay oʻzingizga koʻrsatmay, soladi boshingizga.

— Bu…bu nima deganingiz axir? – Sarvigul yupqa lablari pir-pir uchib, majolsiz ovozda oʻshqirdi. Ammo, bu ovoz oʻshqirishdan koʻra chinqirishga, zorlanishga oʻxshab ketardi.

— Bu deganim — bolangizni oʻzingizga oʻxshatib shumoyoq qilmang, deganim. Shu qizingiz kirib chiqqan uydan albatta biror narsa yoʻqoladi, deganim!
Xolida shangʻillarkan, Sodiqning boyagina toʻxtagan miyasidagi ogʻriq yangi jazaba bilan kuch oldi. Xotinining kesib, kesib gapirishi shu tobda unga kimdir qattiq taxtaga ataylab toʻmtoq uchli mixni qoqayotgandek, keyin oʻsha taxtani nariga olib qoʻyib, oʻrniga uning miyasiga qoqishayotgandek tuyuldi. Shu tuygʻu bilan ikki qadamda xotini va opasining oʻrtasiga tushib qolganini, Xolidaning yuz-koʻzi aralash shangʻillagan ovozini oʻchiradigan tarsakini tushirganini ham sezmay qoldi. Qilgan ishidan bir lahzaga uyalib ketgan boʻlsa-da, kech boʻlib boʻlgandi. Otilgan oʻqni qaytarib olib boʻlmagandek, qoʻyvorilgan shapaloqni ham qaytib olib boʻlmasdi. Opasining yigʻisi birdaniga oʻchgan boʻlsa-da, yelkasi haliyam titrab turar, uning uchib-uchib qoʻyishidan ichiga qamagan yigʻisining kuchini koʻrish mumkin edi.

— Sen…sen ogʻzingga qarab gapirgin! – U oʻylab turgan narsasi qolib, boshqa narsani gapirdi. – Qaytib bunaqa shangʻillaganingni koʻrmay!

Shu gaplarni gapirarkan, shahd bilan yurib, molxona tarafga oʻtib ketdi. Ikki ayol – biri nochorlikdan, biri alam va jahldan boʻzarib turishar, Sarvigulning qizi koʻzining yoshi burnining suvi aralash yuzidan oqqancha, uy eshigidan moʻralab qarab turarkan, yangasining yolgʻon gapirib, bunday rost yigʻlayotganiga bola aqli tushunib yetmasdi. Tushunib turgani – bu kabi oyisi va yangasi oʻrtasida tez-tez boʻlib turadigan janjallardan keyin onasining ichkari uyga kirib, ancha paytdan keyin koʻzlari yanayam qizarib qaytib chiqishi edi. Chindan ham, har galgidek oyisi kasal buvasi yotgan narigi uyga kirib ketdi. Roʻmoli endi belida, koʻylagining qaysidir burmasiga ilashib, osilib qolgan, bir uchi yerni supurib izidan kirib ketayotgan boʻlsa-da, oyisi buni koʻrmasdi, sezmasdi.

Sodiq boshi, yuragi, qalbi ogʻriganini, ogʻrigandayam qattiq ogʻriganini his qilgancha, molxona ostonasida oʻtirar, ola sigir kavsh qaytargancha, unga maʼyus qarab qoʻyardi. Sodiq opasining, onasidan yodgor opasining koʻziga qarolmadi hozir; xotiniga xoʻrlatib qoʻyganidan, uning nohaq taʼnalari yuki ostiga tashlab qoʻygani uchun ham qarolmadi, balki. Yana shu uy mojarosi koʻtarilyapti. Xolida qayinopasining ota uyida yurishiga, oʻz tili bilan aytganda “oʻz uyida xon – koʻlankasi maydon” boʻlishiga qaysidir maʼnoda Sarvigulning shu yerda ekanligi ham soya solishiga sira koʻnolmasdi, koʻnikolmasdi. Xolida boya “shumoyoq” deb qargʻanganida pochchasining avtohalokatga uchrab, vafot etgani, quda xola ikki oy oʻtar-oʻtmas opasini qoʻlida besh oylik bolasi bilan ota uyiga keltirib qoʻyganiga shama qilgandi. Sarvigul dunyodagi barcha haqoratga chidashi mumkin edi-yu, ammo bolasini nohaq ayblashlariga, oq-qorani tanitib tarbiyalayotgan norasida qizini oʻgʻriga, shumoyoqqa chiqarishlariga jim quloq sololmasdi.

Xolida hovli oʻrtasida, bir qoʻlida suvi yarimlagan chelak bilan turdi, turdi-da, keyin banogoh koʻzi shamolgohdagi oʻrik soyasi ostiga, undan oʻtib soyada oʻrnatilgan yogʻoch soʻri ustidagi savat ichiga yumaloqlab qoʻyilgan qurutlarni uy egalarining oʻz-oʻzi bilan andarmonligidan foydalanib naridan-beri choʻqiyotgan tovuqlarga tushdi.

— Kisht! Voy, oting oʻchgurlar! Voy, boʻyinginang uzilgurlar, kisht deyman! – U taraqlatib chelakni yerga qoʻyarkan, alamini shu parrandalarga sochdi; uning bor alamlari – qayin opasining uning oshiga sherik boʻlayotganiyu, undan qutulolmayotganiga, kamiga u sabab mana bugun eridan yegan birinchi tarsakisiga, hamma-hammasiga shu tovuqlar sababchidek ularni qargʻashga tushdi. – Tovuq boʻlmay balo boʻlgur, qirchingingdan qiyilgurlar! Tutib olsam, naq tovaga bosaman hozir, haromilar! Kisht!

Haliyam molxona ostonasida oʻtirgancha, achchiq xayollarga choʻmgan Sodiq oʻzi suyub uylangan, bir vaqtlar qishloqning oldi goʻzali boʻlgan, uylangunicha tushlarida kaftidan suv ichib yurgani shu qiz — oʻsha Xolida ekanligiga ilk bor shubhalandi. Pariqiz qachon yalmogʻizga aylandi oʻzi? Dafʼatan xayolidan shu fikr kechdi uning. Aslida, bu xayollar miyasining yuzasida aylanar, ongining, shuurining ich-ichida qanday qilsa, opasiga yaxshi boʻlishini, soʻlgʻin chehrasiga quvonch qaytishini, oʻz ukasining uyida begona joyda yurgandek ehtiyot boʻlib yurmasligini oʻylardi. Beixtiyor shamolmakondagi oʻrikka, uning uchlarida yengil shabada oʻynayotgan shoxlariga qaradiyu, miyasiga kelgan oʻydan sergak tortdi. Xayolida paydo boʻlgan hozirgi rejani chamalash maqsadida oʻrnidan turib, oʻsha tomonga yoʻnaldi. Bu paytda xotini dunyoning bor qargʻishini tovuqlarga sochib, bor yomonlikni shu ongsiz mavjudotlarga tilab boʻlib, yengil tortganmi, shashti bosilganmi hovli yuzasida koʻrinmasdi. Sodiq kelasolib shamolmakonning enini qadamlay boshladi. Pichirlab sanarkan, qadam bosgan sari chehrasi yorishar, chehrasi yorishgan sari miyasidagi boyagi fikr pishib borayotgandi. Ha, xuddi oʻzi! Mana shu yerga opasiga uy quradi! Bemalol bir choqroq uy va bir dahliz solgulik joy boʻlarkan! Ham darvozaxonadan narigi tarafda, yaʼni shangʻi kelinidan ikki-uch xona boʻlsa-da uzoqda, ham oʻzi uchun alohida kirib-chiqadigan eshikli uy boʻladi. Toki, Sodiq tirik ekan, opasini hech kimga xoʻrlatib qoʻymaydi, hatto u Xolida boʻlsa ham. Shu oʻylar shuuridan kecharkan, koʻngli sal-pal yorishganini his qildi. Oʻyini otasi bilan maslahatlashib olish maqsadida otasi yotgan uyga kirdi.

Bu xona koʻchaga qaragan, oʻsha tomon devorida ikki qoʻshtavaqali deraza, roʻparasidagi devoriga gilam osilgan, otasi mana shu gilam osilgan devor yonidagi krovatda yotardi. U orqa oʻgirilib yotar, dard uni qasdi-bastiga olgani keyingi paytda ozib-toʻzib qolgan vujudidan yaqqol seziladi. Xona toʻrida kitob javoni, uning tepasida esa rahmatli onasining surati jilmayib qarab turardi. Onasi oʻrtacha boʻyli, oq yuzli, yuz-koʻzidan nur yogʻiluvchi, istarasi issiq ayol edi. Oʻqituvchi edi u ham, maktabdagi sobiq ustozlar taxtasida haligacha uning rasmi bor. U deyarli buvasi bilan izma-iz bu dunyoni tark etishdi, orada qirq kun farq bilan. Buvasi kelinini oʻgʻlidan, Sodiqning otasidan ham koʻra koʻproq qadrlardi Sodiqning nazdida. Onasi yuvosh, muloyim, qaynotasining koʻnglini ogʻritmagan kelin boʻlganigami, yoki kampiri vaqtli oʻtib, yegan-ichgani kelinining qoʻliga qolganigami Siddiq buva unga suyanib qolgandi. Umuman unga koʻpchilik suyanib qolgan ekan… Ayniqsa otasi! Mana onasining vafot etganiga toʻrt yildan oshib qolgan boʻlsa-da, hali – hamon uning nomini tildan qoʻymasdi u. Bunga Sodiqning oʻzi guvoh. Onasi vafot etgach, bir yildan soʻng, garchi, oʻzi xohlamasa-da, amakisining, qolaversa bir-ikki qoʻshnilarining maslahati bilan “farzandlik burchi”ni bajarishga unnamoqchi boʻldi. Oʻshanda otasi uni uyaltirdi, qattiq uyaltirdi. Xullas, oʻshanda endigina ishga kirgani – maktabidan qaytayotgan, erta bahorning sarxush havosi odamni karaxt qilar darajada turli gulgun hidlarga toʻlgan, darvoza yaqinidagi jiyda daraxti yonidan oʻtgan odamning dimogʻiga gup etib, oʻtkir hid urilardi. U shuni oʻylagancha, endi darvozaning kichik eshigini ochgan edi, orqasidan kimdir chaqirdi. Oʻgirilib, oftobroʻyada toblanib oʻtirgan, qoʻshni Tolib akaga koʻzi tushdi. Yonginasidagi jiyda daraxtining gulidan behuzur boʻlayotgan, qolaversa bugun olti soat dars oʻtib, loʻlining eshagidan battar charchagan boʻlsa-da, qoʻshnining hurmati uchun devor boʻylab yurib, uning tomonga oʻtdi. Salom berib, eski oʻrindiqqa oʻtirdi. Tolib aka semizligidan baqbaqasi osilgan, ikki yuzi qip-qizil, moʻylovli, semiz odam boʻlib, yuzining qizili emas, semizlikdan yaltirab turishi odamning eʼtiborini tortar, Sodiq har gal uning yuzidan chertib koʻrgisi kelar, koʻzi tushganda xayolan shunday qilib koʻrib, kulgisi qistardi. Mana hozir ham, garchi burnidan tortsa yiqilguday boʻlib, charchab kelgan boʻlsa-da, yana har galgi xayol miyasidan oʻtib, yuziga tabassum yugurdi. Tolib aka qassob boʻlib, har bir kishidan kasbidan kelib chiqib, soʻrashardi.

— Ha, Sodiqboy, qandaysan? Tishlaring qanday? – Bu “yaxshimisan, sogʻliging qanday” degani boʻlardi odatda. Qassoblar molning sogʻ yo kasalligini koʻpincha tishlariga qarab, aniqlashadi. Tolib qassob mol bilan koʻp ishlagani uchunmi, yo oʻzi molfahmroq odam edimi, xullas uning bu soʻrashishi uni taniydiganlarning koʻngliga tegmaydigan boʻlib ketgan boʻlsada, Sodiqning hali-hanuz bu kabi koʻngil soʻrashdan ensasi qotardi.

— Rahmat, yaxshi. Shukur, oʻzingiz, yangamlar yaxshimi? – Sodiq soʻrasharkan, qoʻshni yanganing qandayligini kunda-kunora, ayniqsa eri ichib kelgan kunlarda bu uydan eshitiladigan baqir-chaqirlar, gohida uchib ketib, qanot chiqarolmagan — yerga tushib ketgan idishlar sinigʻi sasidan bilsa-da, yoʻliga soʻragan boʻldi. Tolib qassob erinib, qoʻl silkib qoʻydi.

— Ha, yangang ham yuribdi… – U gapining davomini chetga chiqib, uy poydevori yoniga nosini tuflab kelayotib, aytgani uchun Sodiq nima deganini tushunolmadi. Aslida, u bunga qiziqmayotgandi ham edi – yolgʻiz istagi tezroq uyga kirishu, dam olish edi.

— Ha, yaxshi…

— Yangani vafotlariga ham bir yil boʻldi, adashmasam. Bu, otangning koʻngliga qoʻl solib koʻrdingmi? – oʻsmoqchiladi Tolib qassob.

— Nima masalada? – Sodiq hayron boʻldi.

— Hali uylanmagansan-da, ukam – beoʻxshov kuldi qassob. – Erkak odam xotinsiz yasholmaydi, buni unutma. Otangni uylantirib qoʻyishing kerak endi…bu farzandlik burching!

Sodiq gʻalati boʻlib ketdi, onasining xotirasini toptashayotgandek, “oʻlding – butkul oʻchding” deyishayotgandek tuyuldi. Boyagidan koʻra boshi gʻuvillab qaytdi uyga.

Keyin amakilari ham shunga oʻxshash gap ayta boshlashgach, bu haqda jiddiy oʻylashga majbur boʻldi u. Opalariga maslahat solgan edi, ikki katta opasi dunyoni boshlariga koʻtarib, uvvos solishdi. Ayniqsa, Salima opasi Tolib qassobni, umuman ayoli oʻtganiga bir yil boʻlib-boʻlmay koʻngli yangi xotin tusaydigan erkak zotining barchasining goʻriga gʻisht qalab, qargʻandi. Sarvigul esa indamas, oʻsha kezlari ota uyiga qaytib yashayotganiga endi bir yilcha boʻlib qolgan, oʻzini bu yerda sigʻindidek his qilganigami, ovozini koʻtarib gapirmasdi deyarli. Ammo, u ham buni koʻtarolmagani qizargan koʻzlari, yigʻidan kepchib ketgan yuzidan koʻrinib turardi. Baribir oxirida otalariga maslahat soladigan boʻlishdi, harqalay oʻylab-oʻylab qassobning va amakilarining fikri bir hisobda toʻgʻridek tuyuldi ularga.

Kechqurun ovqatlanib boʻlishgach, Sodiq otasining yoniga oʻtirdi, ammo gapni nimadan boshlashni, qanday boshlashni bilmasdi. Oʻsha kezlarda oliygohda uchinchi kursda oʻqir, bu mavzuda gaplashishga yoshlik qilardi oʻzining nazarida. Shuning uchun bir holatda soʻradi boyagi savolni.

— Bolam, onang koʻz ochib koʻrganim edi, yaxshimi-yomonmi oʻttiz yil umrguzaronlik qildik u bilan. Oltita farzand koʻrdik, ikki akang bolaligidayoq birin-ketin dunyodan oʻtib, bizni kuydirdi. Mayli, bu uchun ham emas… U tirikligida boshqa ayolning qoʻlini tutish tugul, koʻziga tik boqib qaramaganman, endi oʻlgach bu ishni qilamanmi? U dunyoda onangga nima deyman?

Sodiq bir soʻz deyolmadi. Oʻrnidan turib, narigi uyga oʻtdi. Chiqayotib, eshik orqasida piq-piq yigʻlab oʻtirgan Sarvigul opasiga koʻzi tushdi, u chamasi otasining gapini eshitib qolgandi. Shundan keyin bu mavzuga boshqa qaytishmadi.

Hozir u onasining jilmayib boqib turgan suratiga qarab, shularni xayolidan oʻtkazdi. Otasi bu paytda odam sharpasini sezib, oʻgirilib olgan, oʻgʻlining gap boshlashini kutardi. Sobir aka bundan atigi ikki-uch yil avval ham baquvvat, gavdali, sal semizlikka moyil, yuz-koʻzlaridan hayot nafasi ufurib turgan sogʻlom kishi edi. Ammo, qand kasaliga chalindi-yu, oʻsha sogʻlom koʻrinishining soyasiga aylandi – qoldi. Ich-ichiga chuqur botgan koʻzlariyu, yuziga oʻrnatib qoʻyilgandek soʻppayib qolgan burni qoldi chehrasida. Chamasi hovlidagi janjalni u ham eshitgan, unga yomon taʼsir qilgan koʻrinardi.

— Ota, bir masalada maslahatingiz kerak boʻlyapti.

— Xoʻsh, gapirchi oʻgʻlim – Sobir aka inqillab oʻrnidan qoʻzgʻalarkan, temir karavot uning ogʻirligidan gʻichirlab ketdi. Sodiq uning tiklanishiga koʻmaklashdi, soʻng qarshisidagi koʻrpachaga choʻkkaladi.

— Shu… buvamning shamolmakoniga opam uchun uy solsammi degandim… Oʻzi uchun alohida uy boʻlsa yaxshi-da – u negadir hozirgi fikrini oqlamoqchidek, tez-tez gapira boshladi.–Koʻryapsiz, keliningiz bilan koʻp janjallashishyapti, oʻzi uchun alohida kirib-chiqadigan eshik boʻlsa, yaxshi boʻlardi, menimcha.

— Bolam, buvangning xotirasi oʻrniga uy solayotgandek sezmayapsanmi oʻzingni? – Sobir aka sinchiklab unga tikildi.

Sobirning koʻksi koʻtarilib tushdi, otasi u boya hozirgi rejasini oʻylash paytida koʻnglining chetidan oʻtgan fikrni oʻqigan edi.

— Qachon oʻsha yerga qarasam, ayniqsa oʻrik soyasidagi soʻriga koʻzim tushsa, otamni koʻrgandek boʻlaman – Sobir aka derazadan koʻrinib turgan, quyosh botib, qorongʻulik choʻka boshlagan koʻchaga qarab, oʻychan gapirdi. – Bir paytlar men ham oʻsha yerga uy solmoqchi boʻlgandim, ayni sen tugʻilgan payt edi oʻshanda. Otamning oʻsha paytdagi gapi hech yodimdan chiqmaydi: “Odamning xayolida doim hurlik, erkinlik, hayotning biqiq burchaklaridan qochib qayergadir ketgisi ketadigan joyi boʻladi, hatto umrida bir marta boʻlsa ham shu xohish xayolingdan oʻtadi. Mana shunday paytda koʻksiga shamol tegadigan, oʻsha erkinlik oʻrnini maʼlum darajada bosadigan joy kerak odamga, bir qarich boʻlsa ham. Bu yer men uchun mana shunday joy, oʻgʻlim. Bu yerda shamol doim erkin harakat qiladi. Men mana shu yerda oʻzimni shamollar orasida, oyoq-qoʻlimni bogʻlagan hayot zanjirlaridan erkin, qoʻlimdan hamma narsa keladigandek his qilaman. Tashqi erkinlik jamiyat uchun, odam uchun kerak boʻlganidek, jism uchun ichki erkinlik – ruh erkinligi ham kerak boʻladi. Qoʻy, shu yerga tegma, bolam…” degandi buvang.

Sodiq oʻyga toldi, otasidan shunga oʻxshash gap chiqishini taxminan bilardi. Aslida, bu ikki qarich tuproq buvasi uchun qanchalar qadrli boʻlganini uni yaxshi koʻrgani, uning xotirasini qadrlagani uchun ham u otasidan-da koʻproq bilar, ammo boshqa bir yoʻl yoʻq edi ayni damda. Sarvigul opasi mana deyarli besh yildirki ota uyida yashar, shu vaqt mobaynida uni uzatsa boʻladigan yaxshiroq odam ham chiqmagandi, aksiga olib. Bu yillar davomida esa u bilan kelini oʻrtasida ne-ne janjallar chiqmagan, shuni kasriga bir necha marta Xolida arazlab ketib ham qolgandi. Aslida bu janjallarning koʻpiga Xolidaning oʻzi sababchi boʻlishini, Sarvigul opalari ichida eng yuvoshi, beozori ekanini, unga koʻngliga tegishmasa ataylab oʻlaqolsayam birovga ozor bermasligini, inson zotining dilini nohaq ogʻritmasligini Sodiq yaxshi bilardi. Ammo, u xotinini ham tushunardi qaysidir maʼnoda. Ayol zoti erining uyida qayin egachisi bilan u farishta boʻlgan taqdirda ham osonlikcha kelishib yasholmasligini yaxshi anglardi.

— Lekin, nima qil deysiz, ota? Opam bilan xotinimning oʻrtasiga tushaverib, charchadim. Opamning aybi yoʻqligini bilaman, koʻpincha. Ayb xotinimdaligini ham, bilaman, ammo…

— Xotiningni ayblayverma koʻp, u yaxshi ayol. Qoʻyaverchi, opangga biror xaridor chiqib qolar…

— Besh yildan beri kutamiz-ku, ota. Yoʻq emas, odam chiqayapti, lekin ishonib uzatsa boʻladigan birorta yoʻq-da hozircha…

Otasi indamadi, yana qanaqadir xayollarga berildi. Sodiq uning ogʻzini poylab bir muddat kutdi-yu, undan boshqa gap chiqmasligiga koʻzi yetgach, oʻrnidan qoʻzgʻaldi.

***

Nima qilsa ekan? Uy solaman deyapti-yu, lekin qaysi pulga? Maoshining ahvoli oʻziga maʼlum, sichqon kemirsa-boʻkib qolar, mushuk yesa-toʻymas darajada. Bu pul bilan uyga kerakli yogʻochu-sementni olish uchun bir yillik oyligini yemay-ichmay, kiymay toʻplasa, oʻshanda yetarkan. Usta haqi mayli, bir gap boʻlar, maktabdagi bir-ikki hamkasblarini chaqirsa, taʼtilda hashar bilan koʻtarib olishadi. Ammo, sementu-yogʻochini tezlashtirishi kerak. Rossiyaga ishlagani ketsamikan?

Sodiq shu xayollarga berilib, koʻziga uyqu kelmadi. Yonida pishillab uxlab yotgan xotiniga qarab, ilk bor ayol boʻlib tugʻilgisi keldi, harqalay ayollarning uy solish tashvishi boʻlmaydi, oʻyladi alamangiz. Shu xayol bilan tunchiroq yonidagi telefonini oldi. Telefon roʻyxatlarini koʻra boshladi, sinfdoshi Nodirning raqamini qidirdi. 7 raqami bilan boshlanadigan Rossiya raqamini koʻrgach, chaqiruv tugmasini bosdi. Bu orada oʻrnidan asta qoʻzgʻalib, hovliga chiqdi. Eshikni yopib, shamolmakonga bordi. Soʻriga oʻrnashib oʻtirarkan bir nechta uzun gudokdan keyin, goʻshakning narigi tomonidan erkak kishining ovozi eshitildi.

— Allo, eshitaman!
— Allo, Nodir, yaxshimisan ogʻayni?

— Salom, kim bu? E, Sodiq, yaxshimisan doʻstim? – Sinfdosh oʻrtogʻining ovozi quvnoq eshitildi. – Uy ichlaring yaxshimi, sogʻliging, ishlaring zoʻrmi?
Ikki yigit bir muncha soʻrashib boʻlishgach, Sodiq maqsadini bildirdi.

— Ie, maktabingda ishing bor edi, shekilli oʻrtoq? – Goʻshakdagi ovoz jiddiy tortdi.
— Ha, chetga chiqib ishlash kerak boʻlib qoldi. Uy tiklashim kerak, oʻqituvchining maoshini bilasan-ku, Nodir…
— Ha, shunaqa degin… Yaxshi, men surishtirib koʻraychi, uzogʻi bilan ikki kunda senga anigʻini aytaman.

Xayrlashib goʻshakni qoʻyarkan, maʼyus tortib, soʻriga suyandi. Shu payt, etini yayratib shamol esdi. Uydagi dim havo, hovlidagi qilt etmagan shabadadan keyin bu yerdagi epkin taniga xush yoqdi. Shamol shivirlab esar, uzoq-uzoqlardan qandaydir namxush islarni, oʻzi bilan yana qishloq etagidagi zovur tomondan qurbaqalarning ovozi va qamishlar shovurini olib keldi; bu osoyishta ovoz esa charchagan asablarini allalardi. Soʻng xayollari bilan uyga kirdi; uxlash kerak – ertaga soʻnggi qoʻngʻiroq. Uning sinfi bu yil maktabni bitiryapti.

***

Kunlar ketidan kunlar oʻtib borar, Sodiqning bu tund va sovuq oʻlkaga kelganiga ham uch-toʻrt oy boʻlib qoldi. U bu yerga kelgunicha yomgʻirni yaxshi koʻrardi, ammo bu yerda kunda yomgʻir yogʻaverishi meʼdasiga urdi. Qolaversa, nam havo sogʻliq uchun koni zarar ekanini ham, belida bodi borligini ham shu yerga kelib bildi. Ayrim kunlar ertalabdan belogʻrigʻi azob berar, oʻrmon ichidagi yogʻoch kulba burchagidagi, yoz boʻlgani uchun ishlatilmayotgan pechga oʻtin tashlab, unga orqasini tutib yotgisi kelardi Sodiqning. Ammo, bu yerga pechga orqasini berib yotish uchun kelmagani yodiga tushar, ogʻriq zabtiga olgan vaqtlarda ham, tishini-tishini qoʻyib ishlashga harakat qilardi. Uni oʻsha Nodir sinfdoshi yoniga chaqirib olgan, ular qiladigan ish – oʻrmonda daraxt kesish edi. Uch-qurogʻi yoʻq oʻrmonzordagi kichkinagina yogʻoch kulbada u, Nodir va yana bir vodiylik Akrom ismli yigit birga yashab, ishlashardi. Yogʻoch tilish fabrikasining xoʻjayini, yoshi taxminan oʻttizlarda boʻlgan arman yigiti Renis Sarkesyan har haftaning boshida kelib ishchilardan xabar olar, oziq-ovqat va boshqa kerakli xoʻjalik buyumlarini tashlab ketardi. Ular kesgan yogʻochlarni esa hafta oxirida bir nechta yuk mashinalari tashib ketishardi. Ishchilar ulkan-ulkan emanlarni, yana Sodiq nomini bilmaydigan bir necha xil baland daraxtlarni kesishar, kun boʻyi yogʻoch kesuvchi arraning shovqinidan charchab, kulbaga qaytgach quloqlari bitib qolar, charchagan miyasiga “tiq” etgan tovush ham yoqmasdi.

Umuman olganda, ishning ogʻirligini aytmasa, Sodiq hayotidan rozi edi ayni paytda. Eng asosiysi, u bu yerga moʻljallab kelganidan koʻproq pul topayotgandi; “eshoviga qarab – tushovi” deganlaridek shunga qarab uning niyati oʻzgargandi endi: u shamolmakonga tegmaslikka qaror qildi. Haqiqatdan ham hammadan ham unga koʻproq qadrli boʻlgan buvasini eslatib turuvchi manzarasini buzgisi kelmas, shamolmakon uning nazarida buvasining yodi uchun tabiatning oʻzi barpo qilgan xotira maydoni edi. Unda yangi gʻoya tugʻilgan, koʻcha boshidagi anchadan beri hech kim yashamayotgan, qolaversa egasi ham shaharga koʻchib ketgan, eskiroq buning ustiga kichik hovlini sotib olishni, soʻngra uyni yaxshilab remont qilib, opasini shu uyga koʻchirishni moʻljallayotgandi. Bu yangi fikr unga yangicha kuch bergan, uning shahd bilan ishlashiga sinfdoshi ham qoyil qolardi baʼzan.

— Sodiq, seni nuqul oʻqishga zoʻr berib, qolaversa uch-toʻrt yilni shaharda oʻtkazib, qishloqning ishini ham, oʻzini qishloqning bolasi ekanini ham unutgan desam, baloday ishlarkansan-ku, ogʻayni – dedi bir kuni Nodir uning ishini kuzata turib. Sodiq indamadi, oʻrniga kulib qoʻya qoldi-yu, daraxtga chiqib ketdi. Katta daraxtni kesishga toʻgʻri kelsa yigitlar dastlab uning katta, yoʻgʻon shoxlarini kesib chiqishardi, yoʻqsa uni kesib, qulatish qiyin boʻlardi.
Bir kuni kechqurun uning tushiga buvasi kirdi. U nevarasi ishlaydigan oʻrmon etagida turganmish, qarashlari esa qandaydir jiddiy va qahrli emish. Sodiq uni bu yerda koʻrib, hayron boʻlsa-da ishiga borishi kerakligi esiga tushib, kulbadan chiqib kelayotganmish. U ogʻir asbob-anjomlarini koʻtarib olgan, ish joyiga bormoqchi emish-u, buvasi nuqul qoʻlidan tutib, uni qaytarmoqchi boʻlarmish…

U seskanib uygʻonib ketdi, lablari quriganini sezib, shosha-pisha oʻrnidan turib, choynakda sovub qolgan choydan hoʻpladi. Biroz oʻrnida oʻtirib, tushiga taʼbir izlamoqchi boʻldi-yu, ammo kunuzun charchagani uchun, yana yostiqqa boshini tashladi.

Ruhlar baʼzi bir narsalarni oldindan koʻrishlari rost ekan. Tiriklar mudroq, oʻliklar uygʻoq, degani haq ekan! Oʻsha kuni oʻzi kesgan daraxt uning oʻzini bosib qoldi-yu, hammasi chappasiga ketdi. Koʻzini ochganda kasalxonada yotar, oʻng oyogʻining ogʻrigiga esa chidab boʻlmasdi. Tizzasidan past qismida bir qancha suyaklari singan, oyoqni tizzaga nozik bir nechta tomirlargina ulab turardi, xolos. U shu yotganicha qariyb bir oy kasalxonada, keyin yana bir oy oʻrmondagi kulbada yotdi. Bu paytga kelib, kuz oʻrtalab qolgan, Oʻzbekistonda tanga xush yoqadigan iliq havoli oktyabr oyi bu yerda ancha-muncha sovuq edi. Bu sovuqda esa oyogʻining ogʻrigʻiga chidab boʻlmasdi. Kasal boʻlgani uchun uyidagilarga telefon qilmay qoʻygan, ammo ularni oʻylab ham koʻp bezovta boʻlardi u. Odamning kimligi musofirchilikda bilinadi, deyishadi. Toʻqqiz yil bir sinfda oʻqishgan boʻlishsa-da, maktabda koʻpam jon oʻrtoq boʻlmagan Nodir uning kuniga yaradi. Avval kasalxonada,keyin oʻrmondagi kulbada oʻzi unga qaradi, Sodiqning koʻnglini koʻtarishga harakat qildi. Bu orada uning jismini yemirib qoʻygan dard ruhiga ham hujum qila boshlagan, u soʻkinib gapirishni odat qilgan, boshqa paytlarda esa soatlab bir nuqtaga termilib oʻtirar, hech narsaga hafsala qilmas, Nodir olib qoʻymasa soqoliga ham qaramasdi. Oyogʻi esa aksiga olgandek tuzalay demas, suyaklar bitishidan darak yoʻq, harakat esa deyarli sezilmasdi. Uning oyogʻida sezilayotgan yagona narsa bu – sovuq kunlarda faqat ogʻriq edi. Yigitlar ishga chiqib ketgan ayrim kunlarda u hujraning eshigini ichkaridan qulflab olib, oʻkirib yigʻlar, hozir faqat shunga kuchi yetayotganidan xoʻrligi kelardi. Shunday kunlarning birida qaysidir uskunani hujrada unutib qoldirib, uni olishga kelgan Nodir oʻrtogʻining oʻkirigini eshitib, koʻngli ezildi. Eshikni ochishga yuragi betlamay, iziga qaytib ketdi.

— Sodiq, biz Akrom bilan seni uyga joʻnatib yuborishga qaror qildik – oʻsha kechqurun ovqatlanib boʻlib, idishlarni yigʻishtirib olisharkan, Nodir soʻz qotdi. Sodiq bu paytda burchakda oʻrnatilgan televizorga maʼnosiz qarab turar, efirda berilayotgan koʻrsatuvning qaysidir nuqtasida koʻzlari qotib qolgandi. Oʻrtogʻining gapini eshitib, qorachiqlari bir jonlangandek boʻldiyu, ammo uning oʻrnini alam va qaygʻu egalladi yana.

Shundan keyin yigitlar pul yigʻib, kamiga xoʻjayindan ham qarz olishib, Sodiqni uyga kuzatishdi. Sodiq juda tushkunlikka tushgan, boshini devorga urib, majaqlagisi keldi oʻsha kuni. Yigitlar qoʻltiqtayoqqa suyangan hamxonalarini uchoqqa mindirib, kuzatib qolishdi.

***

— Qoʻy, ukajon. Oʻzingni buncha qiynamasang axir! Meni deb koʻp qiynalding shundogʻam… Men xotining bilan kelishib yashayapman, sen oʻzingni buncha azobga qoʻymagin, iltimos – Sarvigul uyga kelganiga hafta boʻlar-boʻlmas maktabga ishga qaytmoqchi boʻlgan, ammo sogʻligi tufayli eski ish joyiga qabul qilinmay, gʻam-gʻussaga berilib, devorga orqa oʻgirib yotgan Sodiqning yelkasidan quchib yigʻlar, qaynoq koʻzyoshlari ukasining yelkasiga tomchilab kuydirardi uni goʻyo. – Ukajon, yaxshiyam bu olamda sen bor ekansan! Sen bor ekansan yashagani boshpanam, yegani issiq-sovugʻim bor… Men biror marta kelindan noliganim yoʻq-ku senga? Qayerdan boshingga meni alohida uyli qilish tashvishi keldi-yu, shuni kasriga sogʻligingni yoʻqotding…

U boshqa gapirmay, yana piqillab yigʻlashga tushdi. Sodiq uni jimgina tinglab yotar, uning bu achchiq sukunatida opasining yigʻisidanda koʻproq faryod bor edi shu damda.

Oradan ikki oy vaqt oʻtdi. Maktabga qaytolmasligi oydinlashgach, u tirikchilikning boshqa tashvishini qilishga majbur edi endi. Aksiga olib, yanvarning izgʻirin sovuqlari koʻzni ochirmay qoʻygan, Rossiyadan yuborgan pulining bir qismiga omborga gʻamlab qoʻyilgan un va boshqa mahsulotlarning ham tagi koʻrinib qolgan, vaziyat shu taxlit ketadigan boʻlsa, qolgan puliniyam yeb-ichishga ishlatib yuborishi aniq boʻlib qolgandi. Shundan keyin oʻzbek tili va adabiyotidan pullik kurs oʻtishni boshlashga majbur boʻldi. Jiyanlarini chaqirib, hovli etagidagi temir-tersagu, ortiqcha qaqir-quqirlar saqlanadigan xonani boʻshattirdi, uni tozalashdi, soʻngra oʻt yoqish uchun xona burchagiga pechka qurishdi. Parta va stol-stul topish qiyin boʻlgani uchun, polga eski gilam tashlab, uy oʻrtasiga uzun xontaxta qoʻyib, darsxonasini oʻziga moslab oldi. Bu paytga kelib, uning sobiq oʻquvchilari — oʻqishga kirolmagan bir necha abituriyentlar, qolaversa qishloqdagi boshqa oʻzbek tili va adabiyotidan tayyorlov kursiga bormoqchi boʻlganlar “Sodiq muallim ona tili kursini boshlabdi” degan gapni eshitishdi-yu, xontaxta atrofi ikki oyga qolmay oʻn-oʻn besh bola bilan toʻlib qoldi. U zavq bilan yana ishga kirishib ketgan, hali-hanuz simillab bezovta qiladigan oyoqogʻrigʻiniyam unutib qoʻyardi gohida. Uzzukun bu darsxona gavjum boʻlar, xohlovchilar koʻpaya boshlagach, oʻquvchilarni ikki mahalga taqsimlab, dars oʻtishga majbur boʻla boshladi. Oʻquvchilarning birdan bunday koʻpayib ketishining sabablari bor edi albatta. Birinchidan, Sodiq oʻz fanini yaxshi koʻrar, shuning uchun kursni yaxshi oʻtar, oʻquvchilarni qiziqtirgan savollar yuzasidan erinmay ular bilan ishlar, kamiga tunlari bedor oʻtirib, fani yuzasidan qoʻshimcha qoʻllanmalar, mustahkamlovchi testlar tuzardi. Ikkinchi sabab esa, uning kurs oʻtish puli boshqa oʻqituvchilarnikidan, ayniqsa tuman markazida turli oʻquv markazi ochib, dars oʻtadigan oʻqituvchilarnikidan ancha-muncha arzon edi. Bolalari uchun qimmat pul toʻlab, yana uzoqqa darsga yuboradigan qishloq ota-onalari uchun bu ayni muddao boʻldi. Abituriyentlarning koʻpayib ketishiga asosiy sabab ham shundadir, balki.

Dars oʻtish, bolalar bilan vaqtini oʻtkazish Sodiqni yana hayotga qaytardi. Bu paytga kelib, juda sekinlik bilan boʻlsa-da, oyoqlari ham tuzala boshladi, harqalay singan suyaklar bitayotgan edi.

Vaqt esa uchqur otdek yelib borar, Sodiqning va abituriyentlarning hayajonini oshirib, birinchi avgust yaqinlashmoqda edi. Sodiqning oʻn beshta oʻquvchisi bu yil oʻqishga hujjat topshirgan, ularning deyarli barchasida ona tili imtihon varaqasining birinchi yoki ikkinchi fani edi.

Mana bugun oʻttiz birinchi iyul. Sodiqning darsxonasida oʻn besh nafar qiz-yigit koʻzlari yonib oʻtirishar, Sodiq ularga qarab bir gʻayrati oʻn boʻlayotgandi.

— Ukalarim, olti-yetti oy davomida siz bilan birga boʻldim. Siz menga hayotga kuch berdingiz, yashashga, kurashishga undadingiz. Siz tufayli dardimni unutdim, keyinroq esa dardim meni unutdi… – U bir daqiqa tin olib, asta-sekin boʻlsa-da oʻzi harakatlanayotgan oyoqlariga ishora qildi. – Shularning barchasi uchun sizlarga rahmat. Shu vaqt davomida sizlarga biron nima berolgan boʻlsam, buni koʻrsatish vaqti keldi. Ertaga imtihonga kirib, mening va oʻzingizning yuzingizni yorugʻ qilasizlar deb ishonaman…

U tovushi titrab, boshqa gapirolmadi. Bolalar jimlik va hayajon bilan uni tinglashar, yana va yana soʻzlashini kutishardi.

— Boringlar, sizlarni imtihon kutyapti. Unutmanglar, bu – hayot aslida katta universitet. Ertaga esa… uning birinchi imtihoni boʻladi!

Yigitlar uni quchib, xayrlashishdi, qizlar ham “rahmat” aytib, chiqa boshlashdi. Sodiq ularning ortidan chiqib, kuzatgach, shamolmakonga keldi. Qoʻltiqtayogʻini oʻrik tanasiga suyab, asta soʻriga choʻkkaladi. Koʻksini shamolga tutgisi, oʻpkasini toʻldirib havo olgisi keldi. Oʻrik daraxti barglari ajoyib shovullar, uning hislariga sherik boʻlayotganini anglatmoqchiga oʻxshardi. Sodiq shamolgohda peshingacha, quyosh nurlari tepaga kelguncha xayol surib oʻtirdi.

Ertasi kuni, 1 avgust kuni tushgacha ham shu yerdan jilmadi. Soʻriga chiqib, uzoq-uzoqlarga, qarshisidagi tomorqa, undan narida koʻzga tashlanib turgan olmazorga tikilib uzoq oʻtirdi. Nazarida shu tobda unga havo yetmas, u qidirgan havo faqat va faqat shu yerda – shamolmakonda bor edi. U shu turishida Siddiq buvani eslatar, koʻzlari oʻyga tolgan, baroq qoshlari biroz chimirilgan edi. Oʻzi oʻtirgan uyning derazasidan oʻgʻlini kuzatib turgan Sobir akaning xayolidan shu oʻylar kechdi.

Olti-yetti oylik tayyorgarlik bir tomonu, imtihonni topshirib boʻlib, uning javoblarini kutish bir tomon. Buni umrida bir marotaba boʻlsin oʻqishga imtihon topshirib koʻrgan odam yaxshi biladi. Ammo, uzoq kutilgan kun nihoyat keldi. Sodiqni xushxabar ustiga xushxabar kutardi. U tayyorlagan oʻn besh oʻquvchidan oʻn uch nafari yuqori ballar bilan oliy dargoh talabasi boʻlishgan edi. Yana ona tilidan eng yuqori koʻrsatkichlar bilan. Uning quvonchi ichiga sigʻmas, javoblar chiqqan kundan boshlab qariyb bir haftagacha uning uyi tin olmadi. Hali kechagina abituriyent boʻlgan endigi talabalar, hali ularning ota-onalari uni qutlab kelishar, barcha-barchalari Sodiqdan minnatdor edilar. Sodiq hatto shu kunlar ichida bir marta darsxonasiga kirib, ustidan qulflab yigʻlab ham oldi. Shu bir yil mobaynida bu uning ilk bor quvonch koʻz yoshlari edi…

Shafaq ol rangda tovlanar, quyosh osmonga oltin kosasidan qip-qizil may quyib uzatar, butun tabiat sarxush boʻlgan kabi qizargan edi. Shamollar oʻrik barglari bilan sirli shivirlashar, daraxtni makon qilgan mitti chumchuqlarning erta tonggi qoʻshiqlari quloqqa xush yoqardi. Sodiq doimgiday tong sahardan turib olgan, shamolmakondagi soʻri ustida oʻtirar, biroz salqin boʻlgani uchun egniga yupqa choponini tashlab olgandi. Shu payt darvoza qattiq taqilladi. U xayollariga berilib ketgani uchun dastlab buni eshitmadi, ammo taqillash ikkinchi marta takrorlangach, hayron boʻldi. “Tong sahardan chaqirib kelgan kim boʻldi?”, xayolidan shu oʻy kecharkan oyoqlarini avaylab soʻridan tushirib, qoʻltiqtayoqlarini qoʻliga tutdi. Oyogʻining ogʻrigʻi kamaygan boʻlsa-da, u hali ham qoʻltiqtayoqda yurar, chamasi shunga oʻrganib qolgandi. Bir-bir hakkalab yurib borib, darvozaning kichik eshigini ochdi. Tashqarida taxminan oʻttiz besh yoshlardagi bugʻdoyrang, istarasi issiq, novcha yigit qarab turar, koʻrinishidan bu qishloqning odamiga oʻxshamasdi, harqalay Sodiq uni qishloqdoshiga oʻxshatolmadi.

— Assalom alaykum, keling, mehmon.

— Vaalaykum salom, inim. Yaxshimisiz? – Mehmon qoʻl uzatib koʻrishdi. – Sodiq muallimning uylari shu boʻladimi?

— Ha, shu. Sodiq menman.

— Aha, shunaqami? – Haligi kishi qaytadan qoʻl ushlab, koʻrishdi. – Qaytadan koʻrishib qoʻyaylik boʻlmasa, Sodiqjon. Men siz ishlagan sobiq maktabning yangi direktoriman, ismim Turobjon, familiyam Qoʻziyev. Ish boshlaganimga oʻn besh kuncha boʻlib qoldi.

— Ha, yaxshi. Uyga kiring unda, aka – Sodiq uning maqsad-muddaosini bilmayotgan boʻlsa-da, oʻzi gap ochar deb, soʻramadi.

— Yoʻq, inim. Uyingizga boshqa mahal kiraman, xudo xohlasa. Men bu yerga bir-ikki masalalar bilan keldim. Ona tili fanidan tayyorlov kurslari oʻtgan ekansiz, muvaffaqiyatini ham eshitdik. Tabriklayman, uka, bunday yutuqlaringiz koʻp boʻlsin!

— Rahmat, aka!

— Endi muddaoga oʻtsam. Yangi oʻquv yilidan maktabga ishga qaytsangiz, degandim. Toʻliq ish soati va tayyorlov kursini olib borish sharti bilan – direktor kuldi.

— Mayliyu, aka. Sogʻligʻimni biroz mazasi…

— Sogʻligingizga nima boʻpti, uka. Soppa-sogʻlom ikkita oʻqituvchi qilolmagan ishni uddalabsiz, shuncha oʻquvchingiz oʻqishga kiribdi bir yilda! Boʻldi-da, shu-da sogʻlik!

— Mayli, aka. Oʻylab koʻrayin biroz.

— Xoʻp. Ertagacha yaxshilab oʻylab, qaroringizni aytgani maktabga oʻtarsiz. Keyin, yana bir masalada kelganman… – Direktor chaynaldi, shu barobarida qizarib ketganini Sodiq sezib, hayron boʻldi. – Shu… men sovchi ham boʻlib kelgandim.

— Sovchi? – Sodiq hayron boʻldi.
— Opangiz Sarvigulga…

— Ha. Shundaymi, kim ekan sovchi qoʻydirayotgan? Keyin bu masalada gaplashgani zoʻr paytni topib kelibsizda, aka – bu odam koʻngliga xush oʻtirganini sezarkan, Sodiq kulib yubordi.

— Ha… Yaxshi ish uchun erta tongdan, yaxshi kayfiyat boʻlgan paytda kelgan yaxshida, uka – direktor jiddiy tortib, tomogʻini qirdi. – Shu… bir necha yildan beri soʻqqaboshman, uylanganimni ikkinchi yili xotinim vafot etdi, tugʻruq paytida. Afsuski, farzandni ham tirik koʻrolmadim… Shu paytgacha ish deb, maktab deb yuraveribman. Qarasam yosh oʻtib boryapti… Kecha oʻqituvchilar sizning yutuqlaringiz haqida aytishganda, oilangiz haqida ham gapirishdi. Opangiz ham yaxshi ayol ekan, aytishlaricha boʻyicha. Shunga tuni bilan oʻyladim, qanday qilib bu haqida gapirishni bilolmadim. Keyin, “kel, Sodiqjon bilan dangal, erkakchasiga gaplashib olaman, mendan nima ketdi” deb kelaverdim – u gapini tugatarkan, choʻntagidan roʻmolchasini chiqarib, peshonasini artdi.

Sodiq uni kuzatarkan, yaratganning ishlariga qoyil qoldi. “Alloh boʻl desa, Yer paydo boʻlgan ekan… Sen va opangning taqdiri nima ekan uning irodasi oldida!…” U shularni oʻylarkan, Turobjonning yelkasiga samimiy qoʻl tashladi.

— Turobjon aka, ertagacha oʻylab olishga koʻplik qiladigan masalalar bilan kelibsiz-da! Indingacha oʻylab olsam, maylimi?

— Mayli… Qarasam, tushunadigan yigitga oʻxshaysiz – Direktor jilmaydi. – Har ikki iltimosni ham ijobiy… – U yogʻini gapirmay, tomoq qirib qoʻydi xijolat aralash.

Sodiq ertalabdan bunday taklif bilan kelgan bu gʻalati kishini kuzatib qoʻyarkan, xayolchan holda yana soʻri yoniga qaytdi. Bir pas turib-turib qoʻltiqtayogʻini soʻriga suyab qoʻydi, soʻng ehtiyotlik bilan bitta-bitta qadam bosdi-da, oʻrik daraxtiga yaqinlashdi. Undan oʻtib, qoʻlini ikki tomonga yoydi, koʻksini tonggi xush havo bilan toʻldirdi.

— Oʻzingga shukr, Xudoyim…oʻzingga shukr! Buvamning shamolmakoniga uy soladigan boʻlsam, narigi dunyoda uning koʻziga qanday qarar edim…mushkulimni oson qilding…

KOʻK BOʻRI

05Bu voqeani qachondir, kimgadir gapirib beraman deb oʻylamagandim. Toʻgʻri, oradan ancha yillar oʻtdi; oʻshanda endigina toʻrtinchi sinfni tugatgan bola boʻlsam, mana bugun yoshi qirqqa qarab borayotgan kap-katta odamman. Oradan qariyb oʻttiz yil vaqt oʻtib, bolalik davrimdagi voqeani ikir-chikirigacha eslashim mumkin boʻlmagan holat, buning ustiga xotira kuchim bilan unchalik ham maqtana oladigan odam boʻlmaganim holda, oʻsha olis bolalik davrimdagi voqeani mayda-chuyda qismlarigacha eslay olishim oʻzimni ham hayratda qoldiradi baʼzan. Maʼna bugun yaxshi bir sohaning yuqori darajadagi ilmiy xodimi boʻlgan odam qachonlardir shu ishni men qilganman desa, hech kim ishonmasa kerak, ammo Xudo guvohki shu bugun oʻsha ishni qilishim uchun menda oʻsha toʻqqiz-oʻn yoshlardagi boladagi jurʼat yoʻq, deb oʻylayman. Bu narsa birgina jurʼatga ham bogʻliq emas, unda ulgʻaygach, ich-ichidan oʻsha jonzotga oʻxshash istagi goh-gohida bosh koʻtaradigan, ammo hayot tushovlarini kemirib tashlashga yo kuch, yoinki jurʼat topolmaydigan, topsa ham buni bajarishga irodasi yetmaydigan odamning ojizligiga bogʻliqmikan, deb oʻylab qolaman. Boshi-keti yoʻq xayollarim bilan sizni zeriktirganim boʻlsam uzr soʻrayman. Ilk bor sizga oʻsha voqeani gapirib bermoqchiman…

Xullas, oʻshanda may oyining soʻnggi haftasi boʻlib, maktab degan boʻyinturuqning boʻynimizdan olib tashlanganini bildirib, ikki oʻqishsiz kun oʻtgan, men toqqa ketishga tayyorlangancha, oyogʻi kuygan tovuqdek u yoqdan bu yoqqa chopar, yoshgina boshimga kattalarning injiqligidan ham oshirib, onam va buvimga narsalarimni tayyorlatardim. Ha, oʻqish oʻshanda men uchun chin maʼnodagi boʻyinturuq edi; kitob yo daftarga muk tushib dars tayyorlash iqim suymaydigan mashgʻulot edi. Buning oʻrniga mendan oʻzimizning bogʻimizda boʻlaturib, qoʻshnining tomorqasidan meva oʻgʻirlashni, ola sigirimizning shoxiga paxtani pilikka solib, bogʻlab gugurt chaqib odamlarni qoʻrqitishni, ayniqsa sigirning bundan jazava tushishini, dumini xoda qilib, sakrashiyu-marashini tomosha qilishni va yoki biror foydali yumushni, masalan hech boʻlmasa qoʻylarni boqishni, ertadan-kechgacha dalama-dala, qirma-qir chopib ularni haydashni, kechqurun qoʻtonga qamashni soʻrashganida jon deb bajargan boʻlardim. Faqat oʻqish bilan kelisholmasdim. Hozir qoʻlimga qiziqroq kitob tushib qolsa, bir oʻtirganda oʻqib chiqadigan, yoki ilmga berilib, sochimga erta oq tushgan kunlarimda oʻsha bolalikdagi oʻjarligimni eslasam, yuragim qanaqadir gʻalati orziqib ketadi. Eplab boʻlmas bir balo boʻlgan edim-da oʻzim ham. Shunday qilib, oʻsha gʻalati bola, yaʼni men oʻquv yili tugagani uchun qirga, azaldan choʻpon boʻlgan ajdodlarimning munosib davomchilari — bobom, dadam va amakimning yoniga ketishga tayyorgarlik koʻrar, tovonimni chatnatib, qirma-qirma sakrab yurganimni tasavvur qilarkanman, halitdan ogʻzimning suvi kelayotgandi. Bu paytda qirdan tushgan choʻponlardan biri – Jasur choʻponning bugun-erta qirga qaytishi daragini eshitib, ichim qizigandan qizir, nazarimda dadam tayinlaganiga qaramay, u meni baribir tashlab ketadiganday tuyulaverardi. Shunday qilib, joʻnaydigan kunimizdan oldingi kechani uxlamasdan oʻtkazdim hisobi, goʻyo uxlab qolsam Jasur choʻpon meni uygʻonishimni kutmay ketib qoladigandek edi. Ertalab quyosh uygʻonmay, safar tadorigini koʻrarkanman, onam va buvimdan ichi qizimaligim uchun bir talay tergashni eshitib oldim, ammo bularning bari menga taʼsir qilmasdi. Shuning uchun onam eltib qoʻyishini ham kutmay, uy ostonasidanoq gapni kalta qildim-da, oyim va buvimga “mehrquchoq” qoldirib, ularning hay-hayiga eʼtibor bermay, uydan chiqdim. Mehrquchoq deb, endi-endi tilim chiqa boshlagan, tuygʻularimni koʻrsata boshlagan paytlarimda mening oyim, dadam, bobom yoki buvimni qattiq quchish odatimni atashgan, “qani bitta mehrquchoq boʻlsin” deb erkalashsa, kemshik tishimni koʻrsatgancha, alpang-talpang qadam tashlab, oʻsha odamni quchar, soʻng yana oʻyinga chalgʻib ketarkanman. Hozir, yaʼni oʻsha toʻrtinchini endi bitirgan kezlarimda oʻzimni kap-katta bola deb his qilgan boʻlsam kerak, shu soʻzni aytishsa ensam qotishini his qila boshlagandim. Ammo, hozir ming ensam qotmasin, ularning biri olib, biri qoʻyib “qirda kechalari salqin boʻladi, issiq kiyinib yot”, “oyogʻingga biror narsa kirib qoladi, oyoq kiyimsiz yurma”, “ har tosh, har kavakka qoʻlingni suqma, qirda ilon-chayon boʻlishi mumkin” kabi ilhom bilan boshlanadigan tergashlarini tezroq tugatish uchun ham “mehrquchoq” qildimda, Jasur akaning uyi tomonga gʻizilladim. Oyim meni urushga kuzatayotgandek, koʻzida yosh bilan qoldi. Mening ham koʻnglim toʻlib ketgan boʻlsada, katta bola boʻlganim yodimga tushdi-yu, qadamimni tezlashtirdim.

Choʻponnig uyiga yetib kelganimda, uning hovlisidan qadam tovushi eshitilmas, uy xuddi egalari tashlab ketgandek sokin edi. Yoʻq, yanglishibman, uyni egalari tashlab ketmagan, aksincha ular hammasi shunchaki hali uygʻonmagan ekan. Xavotir bilan darvozani daranglatganimdan keyin bir nafas yutib-chiqargulik fursat oʻtib, tomorqa tomondan choʻponning boʻribosar itining yoʻgʻon ovoz bilan hurgani, undan soʻng uy eshigi ochilib, kimdir shippakda shapillab yurib kelayotgan qadam tovushi eshitildi. Temir darvoza ilgagi daranglab surilib, ochildida, eng avval choʻponning paxmoq sochi, keyin soqol bosgan yuzi, undan soʻng qornida teshigi bor maykali jun bosgan koʻkragi koʻrindi.

— Ie, senmisan? – U salomimga alik olarkan, sargʻaygan tishlarini koʻrsatib esnadi va bu esnash bilan shu qadar ogʻzini ochdi, shu qadar koʻp havoni ichiga tortdiki, ikki qadam uzoqda boʻlmaganimda oʻradek katta ogʻziga kirib ketadigandek tuyuldi menga. – Kirib tur, hozir tayyor boʻlaman.

Men darvozaxonaga kirib, devor yonidagi oʻrindiqqa choʻnqaydim. Shu bilan birga “hozir tayyor boʻlaman” degan gapini qanday tushunishni bilmasdim. Eh, bu kattalar, bunchayam beparvo boʻlishmasa, qirga borishdayam shunchalar hafsalasiz boʻlishadimi, deb oʻylardim uning ortidan kuzatarkanman. Xullas, Jasur choʻponning “hozir tayyor boʻlishiga” qariyb toʻrt soatcha vaqt ketib, bu orada men kechqurun chala boʻlgan uyqumni oʻtirgan joyimda vadavang davom ettirishgayam ulgurdim. Choʻponning soqoli olinib, biroz poʻrim boʻlgan va oʻtkir atir sepilgan yuzi menga yaqinlashib, turtkilaganida koʻzimni ochdim va quyoshning ancha-muncha tepaga kelib qolganini koʻrdim.

— Ketdik! – Bu uning qirga yetib borgunimizcha aytgan yagona soʻzi boʻldi. Aslida men uchun biror gapning qizigʻi yoʻq edi, ayni damda koʻzimni toʻgʻri yoʻllarning sekin-asta yuqorilab borishidan olmas, oʻzingni tekis yoʻlda ketayotgandek sezsangda, vaqt oʻtib mashina derazasidan orqaga qaraganingda togʻning qaysidir balandligiga kelib qolganingni, boyagina bir tekis koʻringan yoʻllar buralib-buralib orqangda qolganini his qilish quvonchini qandaydir gaplarni gaplashib ketish evaziga yoʻqotishni istamasdim. Shunday qilib, qoʻnalgʻaga yetib kelganimizda halitdan quvonchim ichimga sigʻmay borar, oʻzimni katta odamlardek muhim deb his qilayotgandim. Ammo, bu yerga yetib keldigu, ayni tashvishli xabarning ustiga tushdik. Otarga boʻrilar galasi hujum qilgan, bir necha qoʻyni boʻgʻizlab ketishgan edi. Qoʻnalgʻada esa bobom, dadam, amakim va Jasur choʻpondan tashqari yana qandaydir notanish kelishgan odam ham boʻlib, u ham choʻponga oʻxshar, ham oʻxshamas, kinolarda koʻrganim aktyorlarni eslatardi, u hatto boshqalardan farq qilib, yelkasida yap-yangi qoʻshotar miltigʻi ham bor edi. Tan olishim kerak, hali uni tanimay turib, miltigʻi sababli menda unga nisbatan hurmat uygʻondi. Boshiga koʻrgulik tushganiga qaramay, dadam va bobom meni koʻrib xursand boʻlishdi, amakim esa negadir koʻrinmasdi hozir. Ammo, koʻp oʻtmay u ham yetib keldi. Meni koʻrgach, u hammadan ham koʻp quvondi. Salom bersam, alik olarkan, meni koʻtarib osmonga itqitdi.

— Ey, polvon, keldingmi nihoyat! – Bu koʻrishish, garchand mehrni ifodalasada yosh bolani erkalashning boshqa xil koʻrinishi ham edi ayni damda. Shuni oʻyladimu, uni koʻrganimdagi mening ham quvonchim oʻrnini tumtayish egallab oldi bir daqiqa. Biroq, hozir qoʻylarga ofat oralab, tashvish tugʻilgani uchun, mening kayfiyatimni kattalar sezishmadi. Aksincha, otam kelishim bilanoq ish buyurdi.

— Polvon, narsalaringni chodirga kiritib qoʻyginu, gʻizillab anavi buloqdan suv keltirgin!

Boshlandi! Axir bu yerga boyagi notanish miltiqli odamga oʻxshab yirtqichlarni qiyratgani, mayli, hech boʻlmaganda choʻpon tayogʻiga suyanib qoʻylarga qaragani kelganman, buloqdan suv tashigani emas, degim keldi-yu, kelasolib buni gapirmay, deb oʻzimni bosdim. Toʻngʻillaganimni zoʻr-bazoʻr yashirib, chodirga kirdim. Burchakda toʻrt-beshta kir toʻshak yigʻib qoʻyilgan, ikkinchi burchakda choynak-tovoq, kosa va banka kabi qaqir-ququrlar turardi. Toʻshaklar bor birinchi burchakka toʻrvamni itqitdimu, chodirdan chiqdim. Sal nariroqda turgan qumgʻonni olib, tars-turs yurib, buloqni izlab ketdim. Aksiga olgandek, u gʻazabim tarqashga yetgulik uzoq masofada ham emas, chodirdan biroz uzoqlikdagi, uncha baland boʻlmagan qoyalar turtib chiqqan joyda ekan. Suvni olib, qaytib borsam, amakim chodirning narigi tarafidagi yongʻoq soyasida kuymalanib, nimanidir qilar, yaqinroq borganda esa miltigʻini tozalayotganini koʻrdim. U asliyam novcha boʻlsa-da bu yerda qorayib, ozganiga yanayam boʻyi choʻzilgandek tuyular, bahorning berahm oftobida qoraygan yuzida tishlari oppoq boʻlib koʻrinardi.

— Polvon, kelguncha qiynalmadingmi?

— Otarga boʻrilar oralabdimi? – Kattalarning bola ekanimni eslatib, kattalarcha homiylik tariqasida gapirishlarini yoqtirmasamda, amakimni yaxshi koʻrganim uchun bu hol soʻrashi ensamni qotirganini sezdirmay, uning savolini eshitmaganga olib, savol berdim.

— Ha… Gala emas, shunchaki bitta yoki ikkita koʻk boʻri – u shunday derkan stvolni chiqarib, moylay boshladi.

— Ie, bu yerda koʻk boʻrilar boʻlmasdiku odatda?! – Buvamning qishda — bu paytda u vohada, uyda boʻlardi – uzun oqshomlarda aytib bergan xilma-xil hikoyalari yodimga tushdi. U koʻk boʻrilar haqida ayiq, chiyaboʻri va umuman yirtqich yovvoyi hayvonlar haqida emas, allaqanday yaxshi hayvon haqida soʻzlayotgandek mehr bilan soʻzlashini sezgandim. Shunday kechalardan birida u koʻk boʻri bilan bogʻliq gʻalati afsonani aytib bergandi. Bu afsonani deyarli yoddan bilardim.

— Shunday. Boʻlsa ham juda kam qolishgan. Bitta-ikkita boʻri boʻlsa, odatda otarga hujum qilishmaydi. Boʻrilar gala boʻlib ov qilishadi. Bunga sabab boʻlsa kerak…

— Qanday sabab, amaki? – Uning jiddiylik bilan miltigʻini tozalashini havas aralash kuzatarkanman, soʻradim.

— Bu togʻ-qirlarimizda chiyaboʻrilaru, sirtlonlar boʻlardi, ammo boʻri uchramasdi. Ammo, buvang “Boʻrilar ilgaridan ham bor edi, faqat kalamushu-quyonlar bilan ov qilishardi, qoʻylarga hujum qilmagan shu paytgacha” deyaptilar. Odatda boʻri nomi bilanoq odamni vahimaga soladigan jonzot boʻlsa ham, unga tegishmasa – uyasini buzishmasa, oʻziga yoki bolasiga tegishmasa, odamlarga va ularga tegishli narsalarga yaqin yoʻlamaydi. Menimcha, kimdir uning tinchini buzgan…

Uning gaplarini oʻylagancha, pastga – past-baland chimlar oralab, hech narsani oʻylamay, emin-erkin oʻt chimdib yurgan qoʻy-qoʻzilarga qaradim. Shu payt oʻtovdan dadam chiqib keldi.

— Sardor, biz dadam bilan qoʻshni otarga borib kelaylik-chi. Qani, ularda nima gaplar ekan! Qoʻylardan ikkovlaring boxabar boʻlinglar.

Bu paytda Jasur choʻpon bilan haligi koʻrinishidan choʻpondan koʻra kinoaktyorlarini eslatadigan chiroyli odam ikkalasi ham pastga enib ketishgan, Jasur choʻponning otari bizdan bir qir pastda oʻtlab yurardi. Shunday qilib, shosha-pisha kiyimlarini almashtirdim. Oyim sumkamga bogʻlab joylagan, eskirib qolgan kurtkamni, quloqchinimni kiydim. Togʻ havosi boʻlgani uchun ham bu yerlar ancha salqin edi. Oyogʻimga oʻtgan yil olganim — hali ancha ohorli boʻlgan etigimni kiydim. Xullas, men endi jangovar holatga tayyor edim. Bu bobomning gapi edi, u qaytgach kulib, shunday degandi. Bu paytda amakim qurolini tozalab boʻlgan, uning qoʻndogʻini osmonga qaratib, daraxtga suyab qoʻyganu, oʻzi negadir koʻrinmasdi. Eski boʻlsada, tepkisiga naqshinkor gullar solingan, gʻalati koʻrinishli bu matohni qoʻlimga olib koʻrgim keldi. Shartta unga yaqinlashdimu, qoʻlimga oldim, ammo zoʻr-bazoʻr koʻtaroldim, chunki anchagina ogʻir ekan. Shu payt amakim oʻtov orqasidan chiqib keldi.

— Jiyan, oʻynashma u bilan – dedi jiddiy ovozda. – Oʻqini joylab qoʻyganman, otilib ketishi mumkin…

— Xoʻp…
— Tayyormisan, pastga tushamiz.

U shunday derkan, oftobda rangi uniqqan sport kiyimining tugmalarini qaday boshladi. Soʻng daraxtga suyangan miltiqni oldida, yelkasiga ildi. Ikkimiz qiyalik soʻqmoq boʻylab pastga tusha boshladik. Qoʻylar nariroqdagi soy boʻyiga dovur choʻzilib ketishgan, tusharkanmiz ayrimlari oʻt yulishdan toʻxtab, boshini koʻtarib bizga qarashdi, soʻngra yana davom etishdi. Kun tushga yaqin boʻlgani uchun quyosh qariyb tikkaga kelib qolgan, soy ustidagi suv ustida issiq hovur jimirlardi. Bizning otar bu qirdagi eng kattasi hisoblanar, taxminan ikki yuz ellik atrofida qoʻylarimiz boʻlib, bu yil bahorda yana koʻpchiligi bolalagan edi. Qariyb yigirma – oʻttiztacha qoʻyning atrofida uloqchalari oʻtlab yurishar, goho onasining semiz dumbasiga yoki biqiniga suykalib, ohista maʼrab qoʻyardi. Uloqchalardan biri juda chiroyli, juni hozirgina yuvib qoʻyilgandek toza va gʻalati tarzda kulrang va jigarrangning aralashmasi edi. U juda yaqinda tugʻilgan boʻlsa kerak, onasidan bir qadam nari jilmas, goho kichik xarsangga qoqilib, oyoqlari mayishib ham ketardi.

— Huv, anavi uchtasini koʻryapsanmi, oʻt chimdib-chimdib soygacha borishgan qariyb. Hozir soyga tushib ketishiyam hech gap emas… Oʻshalarni bu tarafga qaytargin.
Men qiyshayib oʻsgan eski saksovul tanasidan kattagina shoxini sindirib oldim-da, oʻzim uchun oʻngʻay tayoq yasab oldim. Soʻng haytlagancha, soy tomonga yugurdim. Oyoq ostiga mayda-katta har xil toshlar botar, baʼzilarining oʻtkir qirrasi etigimning poshnasidan ham bilinib turardi. Qoʻylar norozi maʼrab, toʻdaga qoʻshilishdi.

Soʻng otarni nariroqdagi qoʻtonga hayday boshladik. Bu katta-katta olti-yetti yongʻoq daraxtining soyasida qurilgan boʻlib, daraxtlar sim toʻsinlar bilan bir-biriga ulangan, quyosh tushadigan joylariga qamish toʻshamalar mahkam bogʻlangan boʻlib, kattagina joyni oʻrab olgandi. Qoʻylarni shu yerga, katta, urushqoq boʻlgan bir necha – oʻn qoʻchqorni alohida boshqa qoʻraga qamadik. Chunki, bunday qilinmasa, ular goho shox urushtirishga berilib ketib, yonidagi qoʻylarga, uloqlarga shikast yetkazishi mumkin.

Har ikki qoʻtonga qoʻylarni bir-bir kiritgunimizcha, bir soatcha vaqt oʻtdi-yov! Bu paytda koʻp harakat qilganimdanmi, yoki quyosh qoq tikkaga koʻtarilib, tush boʻlgani, shuning uchun havo qizib ketganigami yomon issiq boʻldim. Shu sabab oʻzimni juda behol sezar, tezroq salqin oʻtovga qaytgim kelardi. Amakim mening holatimni sezdi, shekilli, oppoq tishlarini koʻrsatib, jilmaydi.

— Polvon, charchadingmi darrov?
— Yoʻq, koʻp issiq kiyinib olibman.

— Yaxshi, sen anovi soyaroq joyda oʻtirib tur. Qoʻylarni sanab chiqay, soʻng oʻtovga qaytamiz. Salqingina suzma tayyorlab qoʻyganman, borgach ichib olasan.

Jon-dilim bilan nariroqdagi yovvoyi shumurt soyasiga oʻtirdim. Bu daraxt ayni damda qiygʻos gullagan, kichik-kichik, gilosga oʻxshab ketadigan mevalari ham kurtaklar orasidan koʻrina boshlagandi. Oyogʻim yurishga moslashgan paytdan boshlab togʻ-toshda koʻp yurganim uchun bu yerlarda oʻsadigan daraxtlarni bir-biridan yaxshi ajratar, shumurt esa odatda, oʻrmonlar va choʻllarda butasimon boʻlib oʻsishini ham bilardim. Bu yerda koʻrib, hayron boʻldim.

— Amaki, bu yerga qanday kelib qolgan bu?

U qoʻtonning eshigini arqon bilan bogʻlab, tambalarkan, men ishora qilgan daraxtga qarab qoʻydi.

— Ha, shumurtni aytasanmi? Oldin boʻlmasdi, bilmadim yovvoyi tarzda kelib qolganmi, ikki-uch yildan beri oʻsyapti shu yerda.

U ishini tugatgach, yana miltigʻini yelkasiga ildi. Men ham tayogʻimni yelkamga tashlab, ortidan tepaga qarab, yura boshladim. Oʻtovga kirib, etigimni ham yechmay, namat ustiga tappa tashladim oʻzimni. Vohada yurgan bolaning togʻ-toshdagi birinchi kuni mana shunday qiyin va charchoqli kechadi odatda. Qoʻlimni boshimga yostiq qilib, tepaga qarab yotarkanman, eshik vazifasini oʻtaydigan qalin matoning bir uchini koʻtarib, amakim kirdi. Qoʻlidagi katta, mis tovoqdagi ayronni yonimga, namatga qoʻydi.

— Mana, ichib ol, ichingga kirgan chang-gʻuborni yuvadi; ungacha qumgʻondagi choy ham qaynaydi, tagiga oʻt qalab keldim.

Amakimning yoshi yigirmalarda, maktabini tugatganiga ikki yil boʻlgandi. Tugatganining birinchi yili shoir boʻlaman deb, poytaxtdagi qaysidir katta maktabga imtihon topshirgan, ammo kirolmadi shekilli, qaytib kelgach ancha payt uyga qamalib oʻtirgandi. Keyin buvam uni yupatibmi, urushibmi “Shoirlik ham kasbmi; na odamning, na erkakning qiladigan ishiga oʻxshaydi? Telbizorga chiqib, ayollardek suzilib sheʼr oʻqiydiganlarni koʻrsam, qonim qaynaydi; choʻpon tayogʻim bilan rosmanasiga savalagim keladi. Yigʻishtir obidiydangni!” degandi jiddiy oʻtirib. Amakim shundan keyin otar ketidan togʻu-toshlarga chiqib ketgan, ammo baribir orzusidan voz kechmaganini bilardim, chunki doim yonida allaqanday sheʼr kitobchalarini koʻtarib yurar, otarni oʻtlagani qoʻyib yuborgach, qaysidir toshga suyanib, nuqul oʻshanaqa kitobchalarni varaqlardi. Gohida, qoʻlida kogʻoz va qalam ham boʻlar, oʻsha sheʼrlarini qogʻozga koʻchirib yursa kerak, desam yozayotgan paytida umuman kitobga qaramasdi. Buni oʻsha paytda tushunmasdim, ammo ulgʻaygach, qolaversa kitobga oshno boʻlgach, amakimning pana-panada sheʼrlar qoralab yurishini, ammo mashqlarini hech kimga koʻrsatmagani angladim.

Ayron judayam mazali boʻlgan, bir koʻtarganda katta tovoqni boʻshatgan boʻlsam ham, yana ichgim kelardi. Uning nordon va mazali taʼmining taʼsiridami ishtaham ochilib ketgan, qishloqda, uyda piyoladay kosadagi ovqatni yemay, oyimni yalintirib yuradigan bola, katta kosadagi sariyogʻ solingan sutga qattiq nonni toʻgʻrab ivitib, oxirigacha yeb-yalab qoʻydim. Maza, bunday rohatni qishloqda yurgan, qizlarday nozik boʻlib ketgan sinfdoshlarim qaydan bilishsin, deb oʻyladim.

Amakim dasturxonni yigʻishtirgach, koʻzim ketibdi shekilli, bir payt tashqaridagi gʻoʻngʻir-gʻoʻngʻir tovushdan uygʻonib ketdim. Shosha-pisha oʻrnimdan turib, tashqariga chiqdim, daraxt tagidagi chelakning issiq taʼsirida iligan suvidan yuz-qoʻlimni chayib oldim-da, ovoz kelayotgan tomonga, oʻtovning orqa tarafidagi soyada oʻtirgan bobom va dadam, keyin yana bir notanish erkak oʻtirgan joyga kelib, salom berdim. Ular salomimga alik olisharkan, gaplarini toʻxtatishdi. Bobom qoʻlini choʻzib, meni tortdida, tizzasiga oʻtqazdi.

— Qalay, polvon, uyqu zoʻr boʻldimi salqin oʻtovda?
— Ha – uning quchogʻida oʻtirganimga xijolat boʻlib, sekingina sirgʻalib tushib, yoniga choʻnqaydim.

— Mayli, Absamat ota, men boray. Bunga qarshi biror chora koʻrmasak, endi boʻrilardan qutulmaymiz – notanish kishi oʻtirgan toshidan turib, choponining changini qoqib tushirgan boʻldi-da, xayrlashdi. Dadam uni kuzatgani ketdi.

— Buva, bu kishi kim?
— Ha, umi? Norqul choʻpon, qoʻshni qirda qoʻylarini oʻtlatyapti.

— Nimaga kepti?
— Boʻrilardan qutulish uchun maslahat soʻrab kelgan.

— Buva, qoʻylarimizga hujum qilgan – koʻk boʻrilar ekani rostmi?
— Ha, bolam. Shunaqaga oʻxshayapti…- U chuqur “uh” tortdi.
— Endi…endi ularni oʻldirasizlarmi?

Buvam bugʻdoyrang yuzli, qoshlari oʻrtacha qalinlikda, koʻzlari katta-katta boʻlsa-da togʻu-toshning quyoshu shamolida koʻp yuraverib qisilib qolgan, soqol-moʻylovi moshguruchdan koʻra oq rangga aylana boshlagan, shunda ham haliyam bardam, baquvvat odam boʻlib, huv, anglab boʻlmas uzoqlargacha uzun choʻzilgan togʻning qarshimizdagi eng baland qorli choʻqqisiga, unga yetay deb enib borayotgan quyosh taʼsirida qizarib koʻrinayotgan baland-past choʻqqilarning uchlariga qarab oʻtirarkan, nima deyishini bilmagandek, kalovlandi.

— Bilmadim, Rustam, bilmadim…

Kattalarning “bilmadim” degan javobi odatda ikki maʼnoni anglatishini allaqachon anglab olgandim. Birinchisi, berilgan savolga javobni chindanam bilmaganda aytilsa, ikkinchi “bilmadim” koʻpincha koʻnglidagi gapini ochiq aytgisi kelmaganda, berilgan savolga javoban nimadir deyish kerak boʻlgani uchun ham aytilardi. Hozir buvam aytgan soʻz ikkinchisini eslatdi menga. Uning aslida qoʻngʻir boʻlganu, keyin negadir rangi qoraygan telpagi va yelkasi osha asabiy gʻoʻngʻillab uchib yurgan bolarini qoʻlim bilan haydadim-u, belbogʻining naqsh solingan uchini oʻynay boshladim. Bobomning kayfiyati yoʻqligini koʻrib turar, shuning uchun ortiqcha gapga solishni xohlamayotgandim. Bu paytga kelib, quyosh gʻarbga qarab enib borar, havo togʻ iqlimiga monand ravishda sovuy boshlagandi. Bobom boʻlsa haliyam indamas, nimadir uni qiynayotgani bir nuqtaga qattiq tikilgan koʻzlaridan koʻrinib turardi. Koʻp oʻtmay, u asta qoʻzgʻalib oʻrnidan turdi, keyin meni yetaklab, oʻtovning old tarafiga olib oʻtdi. Bu paytda amakim oʻtovdan oʻn qadamcha narida oʻt yoqib, qozon osgan, qizigan yogʻga endigina tashlangan va qovurmaga aylanayotgan barra goʻshtning hidi odamning ishtahasini qitiqlardi. Qornim ochqaganini his qildim. Yarim soatmi, bir soatcha oʻtgach barchamiz oʻtov qarshisiga toʻshalgan namatda kechki ovqatga oʻtirgan, bobom va dadam dasturxon atrofida chordona qurib oʻtirishar, ovqat kelishini kutib, qumgʻonda damlangan choydan hoʻplashardi. Men amakimga yordamlashdim, bitta-bitta boʻlsa-da, oyogʻim ostidagi mayda shagʻallarga depinib, yiqilmaslikka harakat qilib, ovqat hovuridan isib qolgan kosalarni tashib turdim. Keyin hammamiz ovqatlandik, ovqatdan soʻng dasturxon olingach esa bobom bolishga asta yonboshladi. Bu paytga kelib quyosh haqiqatda botib boʻlgan, yulduzlar katta-katta boʻlib tiniq osmondan koʻrinib turar, yaxshiroq harakat qilsang qoʻling tegadigandek tuyulardi. Oy esa huv baland choʻqqilar orasidan jilmayib qarab turar, ularning erta-indin yoz kelayotgan boʻlsada, sira erimas asriy muzlarini oʻz nurlariga chayib qoʻyayotgandek oppoq koʻrinishardi. Buvamning yoniga oʻtirib, tizzasiga suyandim.

— Buva, koʻk boʻri ertagini aytib bering.

— Rustam, shu payt ertak aytadigan paytmi? – Sal nariroqda sigaret tutatayotgan dadam jerkigandek gapirdi. – Buvangning kayfiyatini koʻrmayapsanmi, oʻgʻlim? Qolaversa, u ertak emas, afsona boʻladi.

— Qoʻysang-chi, uni nega urishyapsan? – Buvam dadamga qarab qoʻydi. – Oʻgʻling boʻrilarni yaxshi koʻradi, nahotki sezmagan boʻlsang? Soʻng oʻziga gapirayotgandek ohista qoʻshib qoʻydi – Boʻrini yaxshi koʻradigan odam ozodlikni, erkni yaxshi koʻradi… Boʻri – erkin mavjudot. Qafasni, qullikni yoqtirmaydi, balki shuning uchun ham sirkda boʻrini olib chiqishmas…

Mening kiprik qoqmay qarab turganimni koʻrib, soqolini tutamlab gap boshladi.

— Hah, bolam-yey, yod boʻlib ketgan boʻlsayam hech eshitib charchamaysan-da shu afsonani… – Nim tabassum aralash shunday derkan, sokin tovushda soʻzlashda davom etdi. — Biz oʻzbeklar turkiy xalqlarning bir boʻlagimiz va asosiy katta boʻlagimiz desa ham boʻladi, bolam… Qadim-qadim zamonda turkiylar uzundan uzoq choʻzilgan katta hududlarda yashashgan. Bu yerlar shunday katta boʻlganki, uning togʻu-toshi ham, sahroyu-dengizi ham boʻlgan. Bobolarimiz yashagan joylar yashashga har tomonlama qulay boʻlgani uchun ham qoʻshni xalqlar tez-tez ular yashagan yerlarga hujum qilishgan. Mana shu hujumlarning birida juda qattiq janglar boʻlib, turkiylar tamoman qirilib ketgan. Faqatgina bir bola, xuddi sen tenggi bir bola omon qolgan ekan. Afsonalarda aytilishicha, oʻsha bolaning tirik qolishiga bir koʻk boʻri sababchi boʻlgan… U bolani togʻu-toshga olib qochib, dushmandan pana gʻorlarda asragan. Soʻng vaqt oʻtaverib, boʻri odam bolasiga, odam bolasi esa boʻriga oʻrganib qolgan. Keyin koʻk boʻri oʻnta bola tuqqan…bu bolalar esa oʻsha tirik qolgan turk bolasiga oʻxshar ekan. Shunday qilib, turk millati – boʻri avlodlari boʻlib, qayta dunyoga tarqalishgan ekan…

Garchi, bu afsonani qayta-qayta eshitgan, buvam uni koʻp aytib berganidan afsonaning qanday boshlanishi-yu, qanday tugashini, hatto buvam qayerda tin olib, qayerda gapida davom etishigacha bilsam-da, uni buvamdan eshitishni yaxshi koʻrardim. Uni tinglarkanman, koʻz oldimda boʻyi men tenggi bola va u bilan togʻu-toshlar va daralar oralab hamroh boʻlib yuruvchi katta koʻk boʻri gavdalanar, boʻrining yugurganda shamolda uchguvchi kulrang yolini, olovdek yonib turgan koʻzlarini, oʻtkir tirnoqlari bor bahaybat panjalarini yonimda tasavvur qilib, gʻalati titroqqa tushardim. Bu titroq qoʻrquv emasdi aslo. Undan qoʻrquvdan yuksak allanimadir bor edi. Oʻsha allanima taʼsirida bu afsonani qayta va qayta tinglashni yaxshi koʻrardim.

Bu paytda amakim ham kelib yonimizga oʻtirgan, u keltirib qoʻygan fonus oqshom shabadasida yengilgina titragancha, buvamning oʻktam qiyofasi va tomirlari boʻrtib chiqqan qoʻllarini, dadamning afsona taʼsirida bir nuqtada tosh qotgan nigohlari va soqoli oʻsgan charchoqli yuzini, amakimning peshonasiga tushgan sochlari va xayolchan qoʻngʻir koʻzlarini ojiz yoritib turardi. Ularning yuzlariga qararkanman, mening tasavvurimdagi bola va ulkan koʻk boʻri ularning koʻz oldidan oʻtayotganigayam ishonchim komil edi ayni damda. Xuddi shu payt bu sukunatni buzib, pastdagi soʻqmoqdan ot dupuri eshitildi, tuyoqlarning shovqiniga qaraganda ikki yoki uch odam ot choptirib kelardi. Bu Jasur choʻpon va uning boyagi hamrohi boʻlib, ular, chamasi, yon-atrofni tekshirib yurishar, uzoqdan fonus yorugʻini koʻrib, shu tomonga yoʻl solishgandi. Ular oʻtov yaqindagi yongʻoq daraxtiga otlarni bogʻlashgach, kelib namatga choʻkka tushishdi.

— Ha, nevarangizga yana koʻk boʻri ertagini aytib beryapsiz, shekilli, Absamat ota? – Jasur choʻpon pixillab kuldi. Uning mana shu kulgusini yomon koʻrardim, negadir. Bu kulgi goʻyoki masxaralashga oʻxshardi. Hamrohi esa kulmagan boʻlsa-da, ammo labini gʻalati uchirib qoʻydi.

Buvam choʻponning kulgusiga eʼtibor bermasayam, oʻrnidan bir qimirlab qoʻydi.

— Xoʻsh, Jasurboy, gapiring. Nima gaplar?
— Hozir qopqonlarni qarab kelyapmiz. Tinchlik, ayni damda…
— Albatta, tinchlik boʻladi-da. Qopqonga tushsa, tinchlik boʻlmaydi…

Koʻnglim yomon bir narsani seza boshladi. Jasur choʻponning gapiga qaraganda, ular boʻrilarga qopqon qoʻyib tutmoqchiga oʻxshashardi. U oʻzini beparvo koʻrsatishga urinib, tishini bemalol kovlab oʻtirsa-da, asabiy titrayotgan qoʻllaridan bemalol oʻtirganga oʻxshamasdi. Shu paytgacha beun oʻtirgan hamrohi nihoyat tilga kirdi.
— Jasur aka, qopqonga tushadi, deb oʻylayapsizmi? Yaxshisi miltiq olib, ovga chiqqan maʼqulmasmi? – Uning savlatli koʻrinishiga yarashmaydigan, xotinlarga oʻxshash ovozini eshitib, endi mening kulgim qistadi. Ovozini chiqarmasligi shunga ekanda, deb oʻyladim.

— Bu qirda boʻrining iziga tushib, uni topaman desangiz, vaqtni behuda oʻtkazasiz… Yaxshisi endi kutish kerak – buvam choyini hoʻplarkan, norozi tomoq qirib qoʻydi.

Shundan keyin oʻrtaga noqulay jimlik choʻkdi. Buvam koʻzlarii olis choʻqqilardan olmas, dadam boʻlsa namat chetida oʻtirgancha haliyam tamaki ketidan tamaki tutatardi. Bir necha qir naridan burgutning tovushi, undan keyin allaqanday tungi qushlarning sayrashlari eshitildi. Yongʻoq daraxti tagidan qitirlab, qandaydir qora narsa kovlab chiqdi, yumronqoziq boʻlsa kerak. Qorongʻuda boʻlsa-da, ochlik va hayvonlik instikti bilan oʻt topib yeyayotgan otlardan biri uni koʻrib, choʻchib ketdi va norozi kishnab yubordi. Amakim qoʻylardan xabar olgani ketgan shekilli, davrada koʻrinmayotganini endi payqadim. Qoʻnoqlar zerikishdimi, birin-ketin oʻrinlaridan qoʻzgʻalishdi.

Dadam ularni kuzatib qaytarkan, buvam norozi toʻngʻillaganini eshitdim.

— Oʻzi hamma baloga Jasur choʻponning manmanligi-yu, mechkayligi sababchi! Padariga laʼnat! Boʻriga ozor bermasa, uyasini buzmasa, uning insonga qarshi bormasligini – otarga hujum qilmasligini yosh bola ham biladi! E, kalla deb koʻtarib yurganingga seni…

Buvam yomon soʻkinib, gʻudranarkan, egnidagi kamzuliga yaxshilab oʻrandi. Chunki, bu paytda havo ancha-muncha sovuq qotgan, togʻu-toshlarda boʻlmagan odamni bu sovuqda ilk bor mana shu yerda oʻtqazib, kunduzi sillani quritadigan issiq boʻladi, desang oʻlsayam ishonmasligi aniq. Men esa uning soʻkinishini ilk bora eshitganim uchun ham, hayron boʻldim. Jasur choʻpon, Haydar choʻpon, umuman men bilgan koʻpchilik togʻ odamlari – choʻponlardan farq qilib, u sira soʻkinmasdi. Buvam ogʻir-bosiq, har gapini yetti oʻlchab, bir gapiradigan, buning ustiga soʻkongʻich boʻlmagani uchun ham koʻpchilik hurmat qilishini bilardim. Mana shu sabab ham uning juda yomon jahli chiqqanini sezdim.

Shundan keyin oradan bir haftacha vaqt oʻtdi. Bu paytda dadam, amakim va men har kuni otarni qoʻrir, qoʻylarni goh qir, goh soy yoqalari boʻylab haydardik. Iyun oʻz jaziramasi bilan kirib kelgan, tush paytlari havo dimiqib ketar, togʻu-tosh boʻlsa-da, adashib kelib qolgan shabada ham uchramasdi koʻpincha. Bir haftada qishloqdagi bir yozga yetgulik qoraydim. Bu orada amakimdan boʻrilarning otarga hujum qilish sabablarini ham bildim. Uning aytishicha, Jasur choʻpon kim bilandir garov oʻynab, boʻri bolasini otgan, soʻng shaharga tushib, uning terisi va tirnoqlarini juda katta pulga sotib ham kelgan ekan. Mana shundan keyin boʻrilarning jahli chiqqan boʻlsa kerak, ikki kunning ichida beshta otarga oralashdi oʻsha kunlarda, dedi amakim oʻychan oʻtirarkan. Men boʻrilar soni bor-yoʻgʻi ikkita ekanligini ham, otilgan boʻri bolasi ularning yolgʻiz bolasi ekanligini ham amakimdan bildim. Mening ularga rahmim kelar, bolasi oʻldirilgan hayvonning bunchalik quturishini endi bilgandim.

Xullas, oʻsha hafta hech qanday voqea sodir boʻlmadi. Bu orada boʻrilarga qopqon qoʻyilganini ham unutib yuboribman. Ammo, bir oqshomda oʻtovda dadamning papiros hidi oʻrnashib qolgan choponiga oʻralgancha uxlab yotarkanman, miltiqning gumburlagan ovozi va ortidan eshitilgan ayanchli chinqiriqdan uygʻonib ketdim. Qarasam dadam va bobom ham sarpoychan holda tashqariga chiqishayotgan ekan. Bobom shoshganidan qorongʻuda yaktagini rosa qidirgan boʻlsa kerak, chala-yarim egniga tashlab chiqqandi. U ovoz kelgan tomonga xavotir aralash qararkan, etigini kiyayotgan dadamga soʻz qotdi.

— Jasur choʻpon jasur odamning ishini qilmayapti yana! Qopqon qoʻyib qoʻyib, yana miltiq bilan ovlagani nimasi! Bitta oʻzi qolgan boʻri mana endi ashaddiy vahshiyga aylanmasa yaxshi edi…

Buvamning taxmini toʻgʻri chiqdi. Choʻponlar va otar uchun ikki kungina tinch oʻtdi, xolos. Ana shundan keyin qiyomat qoʻpdi, goʻyo. Har kecha dam bizning, dam Jasur choʻponning, dam Haydar choʻponning dam boshqalarning otariga boʻri oralar, har hujumida ikki-uch qoʻyni yorib ketar, choʻponlar esa ming poylashmasin hech nima qilisholmasdi. Bu orada biz ham yana besh bosh qoʻyimizni yoʻqotdik. Buvam va dadam gʻazabda, amakim ham nima qilishini bilmas, uchovlari birlashib, oʻylagan tadbirlari shuki, har kechqurun navbat bilan otarni qoʻriqlashardi. Boshqa choʻponlar ham shunday yoʻl qilishardi, chamamda. Ammo, egasi ming poylasin, oʻgʻri bir poylasin, deyishadi. Qanchalik sergak boʻlishmasin, tunning qaysidir qismida, poylanayotgan otarda kuchli vahima qoʻpar va qoʻylar yana kamayardi. Shundan keyin har qadamga tuzoq va qopqonlar qoʻyib tashlashdi. Bobom yoki dadam qopqonga tushgan jonivor azobda jim oʻtirmasligini bilishsa ham, baribir har tongda ularni tekshirib chiqishardi. Mening ham oromim yoʻqolgan, aloq-chaloq tushlar koʻra boshlagandim. Tushimga esa koʻpincha koʻzlari choʻgʻdek yonib turgan boʻri va u bilan yonma-yon kelayotgan bola kirar, koʻrinishi taxminan mendek, sochlari oʻsib yelkasiga tushgan bolaning koʻzlari boʻridan-da qahrli boqardi. Shunday kezlar qora terga botib uygʻonib ketar, shosha-pisha yonimda yotgan dadamning pinjiga kirar, oʻtov burchagidan esa ikki juft koʻz boqib turgandek tuyulardi. Men buvam boshlchiligidagi choʻponlarning qilayotgan ishlarini qoralay olmas, ayni damda boʻrining holatini ham juda yaxshi tushanadigandek edim. Harqalay, uning oʻrniga oʻzimni qoʻyib koʻrib, bu ishlarni oqlaydigan bir necha sababni topgandim.

Shunday kunlarning birida yarim tunda norozi uvillash aralash chinqiriq quloqni qomatga keltirdi. Bu paytda iyun oʻrtalay boshlagan, tunlar esa sutdek oppoq edi. Nihoyat qopqon oʻz vazifasini bajarganga oʻxshardi. Ovoz esa kuchaygandan kuchayar, tun sukunatida uning vahimasi odamning etini junjiktirardi. Buvam va dadam kiyinib ovoz kelayotgan tomonga yoʻlga tushishdi, qanchalik qarshilik koʻrsatishmasin men ham kiyinib ularga hamroh boʻldim. Dadam yelkasiga qoʻshotar miltigʻini osib olgan, men peshonasida qashqasi bor ot ustida uning oldida borardim. Buvam ham oʻz otida, yonimizda yoʻrttirib kelardi. Otlar boʻrining noxush ulishidan bezovta boʻlishgan, ulovni mahkam tutib boshqarib borilmasa, yoʻlni boshqa tomonga burib ketishni koʻzlashardi. Nihoyat koʻp oʻtmay, oʻz ishini bajargan qopqonni topib keldik. Yaqinlasharkanmiz, uning tikandek panjasiga oyogʻini ilib olib, norozi gʻingshiyotgan jonivorga koʻzim tushdi. Buvam fonarini unga tutdi. Bu kattaligi boʻribosar itimizcha keladigan, koʻrinishi qahrli kulrang boʻri edi. Oldingi oʻng oyogʻi qopqonga tushgan, undan oqqan qon fonar yorugʻida qop-qora boʻlib, kaftdek joyda yiltirab turardi. Qonni koʻrib, koʻnglim agʻdarilib ketdi. Nega bunday boʻlganini bilmayman, boʻlmasa qoʻy soʻyishganini koʻrganman va hecham qoʻrqmaganman bundan. Ammo, hozir oʻzimga oʻxshamasdim, nazarimda.

— Qara-chi, ukang kelyaptimi? – Buvam dadamga oʻgirildi. U soʻzini tugatar-tugatmas, uzoqdan mototsiklning patillagan ovozi eshitildi. Koʻp oʻtmay kajavali mototsiklni mingan amakim yetib keldi. Uni nega olib kelishganini tushundim – boʻrini unga solib olib ketishmoqchiga oʻxshashardi. Ammo, jonivor bunga yoʻl bermas, qaysi tomondan yaqinlashishsa, irillab oʻsha tomondan hamla qilmoqchi boʻlardi. Soʻng bobom unga miltiqni toʻgʻrilab turgach, dadam va amakim qopqonni mototsikl kajavasiga tortib chiqarishdi. Qopqon tortilgani sari joni azoblanayotgan jonivorning ulishi kuchaygandan-kuchaygan, ovozi parmalayotgan asbobning tigʻidek toʻgʻri miyangga urilardi. Bu ovozga chidolmay, boshimni otning biqiniga botirdim. Ot bechora ham rosa qoʻrqqan shekilli, sagʻrini dir-dir titrardi. Shunday qilib, bir amallab uni ortib boʻlishgach, ortga qaytdik. Boʻrining bu paytda ovozi oʻchib qolgan, mototsikl past-baland yoʻlda yurayotib, sakrab ketganda norozi ingrab qoʻyardi. Shu tariqa oʻtovga qaytganimizda, tungi osmonning yulduzlari bir-bir soʻna boshlagan, boshlanayotgan kunning tashvishlarga boy boʻlishidan darak berib, shafaqning qip-qizil uchi osmon chetida paydo boʻldi. Boʻrini qopqoni bilan oʻtov orqasidagi daraxt ostiga keltirdik. Tong gʻira-shirasida uni endi yaxshilab koʻrib olish mumkin edi. Meni ajablantirgan narsa koʻk boʻri deyishgani, rangidan sira koʻkka oʻxshamas, koʻproq kulrangga tortardi. Bobomga shuni aytsam, “Odatda bizda kulrang boʻrini koʻk boʻri deyishadi koʻpincha” dedi. Mening savolimga xayolparishon javob qilarkan, belbogʻidan nosqovogʻini olib, kaftida yumaloqlab, tili tagiga tashladi. Bundan uning asabiylashayotganini tushundim, chunki buvam koʻpincha chekmas, ahyon-ahyonda oʻta tashvishlansa yoki asabiylashsa, shunday qilardi.

Koʻp oʻtmay, soʻqmoqda ikki otliq koʻrindi. Ensam qotdi, bu yana Jasur choʻpon bilan uning notanish hamrohi edi. Ular ovozni eshitiboq, qoʻl-betiniyam yuvmay, uni izlashga chiqqanga oʻxshashardi. Kelib, otdan tushisharkan, yongʻoq daraxti tagidagi qopqonga, undan soʻng boʻriga yuzma-yuz boʻrishdiyu, ikkovining ham, ayniqsa Jasur choʻponning chehrasi xursandchilikdan yorishib ketdi.

— Assalom alaykum, akalar! Absamat ota, tutibsizlar-da nihoyat! – U oʻzini qovogʻini osib qarab turgan bobomning kayfiyatini sezmagandek tutib, xushchaqchaq holatda gapirdi.

— Ha, shunday boʻldi.

— Yaxshi boʻpti-yu, lekin nega oʻsha yerning oʻzida “paq” etib, degandek a…? – U avval buvam, keyin dadam va amakim bilan qoʻllashib koʻrisharkan, pixillab kuldi. Sherigi ham hamma bilan qoʻllashib koʻrisharkan, koʻzlarini jonivordan uzolmasdi.

— Biz uni otmoqchi emasmiz – buvam nosini nariroqqa borib, tuflab kelarkan, oʻtov yonidagi toshga oʻtirdi. Jasur akaning yuzidagi xush tabassum bir pasda yoʻqoldi.

— Ie, bu nima deganingiz, ota? Yoki anavi ertagingiz birdan yodingizga tushdimi? – U yana pixillarkan, zaharxandalik bilan yonida oʻtirgan hamrohini turtib qoʻydi.

— Jasurboy, shuncha mashmashani boshladingiz, indamadim! Meni buvamning buvasi ham bu yerlarda otarini boqqan, biror marta boʻri oralamagan qoʻylariga. Chunki, boʻri va odamzod oʻrtasida yozilmagan kelishuv oʻrnatilgan edi. Inson unga ozor bermasa, u ham odamga tashvish tugʻdirmasdi. Ammo, siz mana shu deyarli bir asrlik anʼanani buzdingiz, tushunyapsizmi? Bu afsonaga esa, til tekizmang! Bu qadim tarix siz kabi yuvuqsizlar uchun yaratilmagan!

Choʻponning rangi ajobtovur gazarib ketdi. U bobomni urmoqchi boʻlgandek, bir xezlandi-yu, keyin nimanidir oʻylab, qaytib tosh ustiga oʻtirdi.

— Zoʻr-ku, otam! Bu gapingizni shu ikki-uch haftada oʻnlab qoʻyini yoʻqotgan Nurqul choʻpon eshitsa nima derkan, Haydarali choʻpon eshitsa nima derkin! – U oʻzini kulganga solmoqchi edi, oʻxshatolmadi.

— Mening aytgan gaplarimni borib bittayam qoldirmay yetkazing, nima deyishsa eshitasiz – buvam bamaylixotir javob qildi.

— Akalar, kelinglar tortishmaylik. Aslida har ikki tomon ham otarni tinchligini oʻylab, harakat qilsa, hammaga yaxshi boʻladi – bu suhbatni jim tinglab oʻtirgan choʻponning hamrohi xotinchalish ovozda, murosasozlik yoʻsinida gapga suqildi.

— Men oʻylab qoʻydim, uni hayvonot bogʻiga topshiraman – buvam daraxt ostiga qarab qoʻyib, javob berdi.

— Oʻylab gapiryapsizmi, Absamat ota?! Sulton aka, bir nima desangizchi bu odamga? – Jasur choʻpon xunobi chiqib, dadamga yuzlandi.

— Otam nima desa shu boʻladi – dadam “chirt” ettirib yerga tufladi-da, soʻng javob berdi.

— Vey, butunlay tomlaring ketibdi senlarni! Bu boʻri bu qirlardagi nechta otarga hujum qilsa-yu, nechalab bosh qoʻylarning gumini koʻrsa-yu, yana buni boqib semirtirish uchun, hayvonot bogʻiga topshirisharkan! Bekorlarni aytibsiz, bu qir buvangizdan qolmagan! Keyin bu kabi vahshiy jonivorlar oʻldirish va qiynash uchun yaratilgan, tushunyapsizlarmi, qiynash uchun! Qolaversa, umrida bir marta boʻri oʻldirmagan ovchi, ovchi emas. Boʻri bilan kurashib, kerak boʻlsa oʻlmagan choʻpon, choʻpon emas! – Jasur choʻpon shunday derkan, gap orasida koʻzlari qonga toʻlib, boʻriga qaradi. Uning bu turishida jonivorni nimtalab tashlaydigan vajohati bor edi hozir.
Shu payt kutilmaganda buvam sapchib turib, oʻtovga kirib ketdi-yu, lahzada qoʻlida miltiq bilan qaytib chiqdi. Soʻng uni Jasur choʻponga toʻgʻriladi.

— Yomon asabimga tegyapsan, bola! Yo ket, yo anavi sen otib tashlagan boʻridek, seniyam asfalasofilinga joʻnataman hozir!

Hammamiz qotib qoldik, chunki hech kim undan bunday harakatni kutmagandi. Choʻponning tishlari gʻijirlab ketganini ancha uzoqda turgan boʻlsam ham aniq eshitdim. Hamrohining esa labini gʻalati uchirib qoʻyishga jurʼati yetmadi hozir. Ular orqaga tisarila-tisarila otlariga minishdi. Soʻng birin-ketin choptirib ketishdi, soʻqmoqda ular qoldirgan chang anchagacha bosilmadi.

Keyin hammamiz nonushta qildik. Hech kimning ishtahasi yoʻq, shu ishni qilish kerak boʻlgani uchun ham oʻtirardik xuddi. Undan soʻng avval dadam, soʻngra amakim pastga enib ketishdi. Qoʻylarni qoʻtonidan chiqarib yuborish kerak edi. Bobom esa otiga minib qayergadir ketdi. Ikki qadam narida boʻri boʻlsa ham negadir qoʻrqmasdim, avvalo u qopqonda edi va qoʻrqish uchun sabab ham yoʻq edi. Oʻtovning orqa tomoniga oʻtib, uni kuzata boshladim. U boshini qoʻygan joyidan qoʻzgʻalib, men tomonga qaradi — sharpamni sezdi. Yo tavba, koʻzlari buncha maʼyus!.. Boʻri degan jonzotni tasavvur qilganimda nuqul koʻzlari toʻla mudhish his bilan koʻz oldimda gavdalantirgan boʻlsam kerak, shuni oʻylab kulgim keldi birdan. Soʻng qopqonga tushgan panjasiga qaradim, u chaynalgan edi. Chamasi, u oyogʻini chaynab tashlab boʻlsa ham qochishni koʻzlardi. Shunda buvamning “Boʻri – erkin mavjudot. Qafasni, qullikni yoqtirmaydi, balki shuning uchun ham sirkda boʻrini olib chiqishmas” degan gapi yodimga tushdi. Tushlarim koʻz oldimga keldi, undagi koʻzlari gʻazabga toʻlgan bola va katta koʻk boʻrini esladim. Keyin buvam otiga minib joʻnaganini oʻyladim. Va birdan… xayolimga kelgan oʻydan oʻzim qoʻrqib ketdim. Uni ozod qilishni oʻylagan edim, chunki… Ammo, nazarimda eng toʻgʻri yoʻl shu edi. Afsonaviy koʻk boʻri xayollarimni sira tinch qoʻymas, daraxt ostidagi ogʻir va ogʻriqli qopqondan chiqib ketolmayotgan boʻri uning ayni damdagi nochor avlodi boʻlsa, men turkiy bobolarimning nochor avlodi edim. Biroq, shu holatimda ham qoʻlimdan nimadir ish kelardi hozir. Shu xayol bilan oʻtovga yugurdim. Avval taxmonga yashiringan dadamning qoʻshotarini, soʻng burchakdagi temir-tersaklar solinadigan katta temir qutidan omburni topdim. Yoparkanman, quti agʻdarilib, ichidagi temir-tersaklar yerga sochilib ketdi. Ularni tartibga keltirishga esa vaqtim yoʻq edi, chunki men shoshardim. Maqsadimni amalga oshirgunimcha bobom yoki dadam kelib qolishlaridan choʻchirdim.

Oʻtovdan chiqib, daraxt tagiga yugurdim. Boʻri qoʻlimda miltiq bilan koʻrib, tishlarini irjaytirib, irillay boshladi. Uning bu turishida uning yonginasida turib, qopqonni ocholmasligim aniq. Shuning uchun ikkilanib oʻtirmay, miltiqni oʻqladimda, qopqonning burovini moʻljalga oldim. Koʻzimni chirt yumib, tepkini bosdim. Oʻq gumburlab otilgani, temir qopqonning buragichlari sharaqlab ochilib, otrofga otilib ketganini eshitdim va koʻzimni ocharkanman poroxning achchiq hidi burnimga urildi. Boʻri oyogʻini ochiqlikda koʻrib, oʻrnidan sakrab turdi. Bu paytda esa qoʻlimda haliyam miltiq bilan turardim. Uning boyagi irillashi yoʻqolgan, koʻzlari esa maʼnosiz boqardi.

— Ket! – Shunday dedim-u, lekin uni qanday haydashni bilmasdim. Dadam va amakimning oʻq ovozini eshitganlari aniq, hademay bu yerga kelishadi. Shu oʻy menga kuch berdi, unga yaqinlashib, miltiq qoʻndogʻi bilan nari itardim. Boʻri nihoyat meni tushundi, ammo bir lahza menga tikilib turdi-da, soʻng orqasiga oʻgirilib, avval yurib, keyin choʻloqlangancha yugurib ketdi.

— Yugur! …Va hech qachon bu yerlarga qaytma! – Oʻpkam toʻlib, baqirdim. Soʻng koʻzlarimdan quyulayotgan qaynoq yoshlarni artish uchun miltiqni tashladim.

Oʻylaganimdek, oʻq ovozidan xavotirlangan dadam va amakim bir pasda yetib kelishdi. Ammo, meni bu holatda koʻrishdi-yu, hammasiga tushunishdi. Dadam urushib berishini kutar, oʻzimni shunga tayyorlardim, biroq u hech nima demadi. Miltiqni oldi-yu, ichkari kirib ketdi. Qaytib chiqqach esa soʻradi:

— Boʻridan qoʻrqmadingmi?
— Yoʻq…

Oʻsha kuni namozshomda bobom notanish ikki odam bilan derazalariga chambara oʻrnatilgan, oʻrtacha kattalikdagi yuk mashinasida yetib kelishdi. Lekin, boʻlgan voqeani eshitgan bobom nima deyishini bilmay qoldi. Hamrohlari esa yelka qisishdi-yu, qaytib ketishdi. Men ham ular bilan ortga, qishloqqa qaytdim, iltimos qilgan edim, meni uygacha tashlab qoʻyadigan boʻlishdi. Bu kengliklar, bu togʻlar va qirlar endi koʻnglimga sigʻmay qolgandi. Choʻponlik va miltiq ham endi meni qiziqtirmay qolgandi. Shu-shu hech qachon otar qoʻrishga qaytmadim.

Amakimning aytishicha, boʻri qaytib qoʻylarga hujum qilmay qoʻyibdi. Narigi qirlarga oʻtib ketgan boʻlsa kerak, kechalari ulishi ham eshitilmay qoldi, dedi u.

Jasur choʻponga esa boʻrilar bilan kurashib, oʻlish baxti nasib etmadi. Ichib otiga minib, daradan yiqilib, boʻyni sindi. Soʻng toʻshakka mixlanib, it azobida oʻldi.

Oʻsha katta boʻri va bola esa hali–hanuz tushlarimga kirishadi. Ammo, endi ularning koʻzlarida gʻazab yoʻq…

03

(Tashriflar: umumiy 717, bugungi 1)

Izoh qoldiring