Go’zal Ro’ziyeva. Yangi she’rlar

Ashampoo_Snap_2018.03.14_17h14m09s_005_.png«Ижодда илк устозим деб отамни айтсам бўлади, — деб ёзади шоира, — чунки,айнан отамнинг йўналтиришлари билан биринчи бор, ўшанда биринчи ёки иккинчи синфда ўқирдим,”Момақалдироқ” номли бир нарса ёзгандим.Бугун ўйлаб қарасам, ҳикояга ҳам ўхшаб кетадиган бу “нарса”да табиат ҳақидаги илк болалик тасаввурларим ўз инъикосини топган экан». 

Гўзал РЎЗИЕВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
044

   Гўзал Рўзиева 1986 йил 31 октябрда Бухоро вилояти Жондор туманининг Тобагар қишлоғида туғилган.1993-2004 йилларда Жондор туманидаги 22-ўрта умумтаълим мактабини, 2004-2008 йилларда Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро давлат университети тарих факультетини тугатган.

044

ПОЕЗД – ОДАМЛАРМИЗ…

Поезд – инсонлармиз, тўқнашмас йўллар46613801.jpg
Мумкинмас энтикиб туташмоғи-да.
Бу йўллар иккимиз учратар, лекин
Айирар — тақдирлар кесишган чоғда…

Ҳаёт – узун рельсдир, айқаш ва уйқаш,
Перрон –қўзғоламиз сен, сўнгра мен ҳам.
Сен неларни олдинг, билмадим, аммо
Менга ортмоқланди изтироб..
Сўнг ғам…

Билмайман, бу юкнинг станциясини,
Қай бекатда ундан айрилмоғимни.
Бизга қайтмоқлик йўқ!
Бироқ, хоҳлайман
Ортимдан бир лаҳза қайрилмоғингни…

Биз одам эмасмиз… чунки одамлар
Севсалар ҳеч қачон айрилмайдилар.
Биз фақат поездмиз, афсус ортилган,
Поездлар…орқага қайрилмайдилар!

Кетяпман.
Юрагим йўловчи чиқмас
Вокзалдек бўм-бўшдир, ҳувиллаб қолган.
Йўлкўрсаткич, айтгин, борми ҳеч поезд
Бахтнинг манзилига йўлланма олган!

Бу йўллар туганмас, тугамас юклар,
Ортилар қалбингни пайҳонлаб, йиқиб.
Чарчадим, сезяпман мен бу кетишда
Бир куни бу рельсдан кетаман чиқиб…

***

“Севаман” де, қайта-қайта айт
Уммонларга айлансин юрак.
Кўксим ерга ботаётган пайт,
Юксакларга чорлар ишқ керак…

Ёлғонларга ишонмам, гарчи
Майли, ёлғон қасамлар ичгин.
Ишонтиргин, мени сен каби
Сева олмас дунёда ҳеч ким!

Бугун кўнглим уфқлардан паст,
Ботаётир замин ортига.
Юрагимда ерни кўтариб
Кетаяпман, билмайсан нега?..

Осмоним бўл, қуёшим бўлгин,
Тафтинг билан куйдиргин, майли.
Кўксим аро қорайган жой бор,
Кўзёшларнинг захи туфайли…

Сен ҳеч кимга ўхшамайсан де,
Солиштирма мени бировга.
Бугун мени ҳамма нарсага
Ишонгим, оҳ, келяпти жуда!..

“Севаман” де, қайта-қайта айт…

***

Кетдингми-
Кет, қайрилма ортга,
Чирқирасин майли нолон ишқ.
Ҳа, қўлингни силта барига,
Кечиш керак, баридан кечиш…

Ҳувиллаган қалб айвонига
Қарға, зоғлар майли ин қурсин.
Сен қайтмаган у кўчаларда,
Худо ҳаққи,
лолалар унсин..!

Кетдингми, кет,
ахир не керак,
Ёлғон зорлар, сохта қасамлар.
Биров учун яшаб бўлмайди,
Нима деса десин одамлар!

Зеро, агар халойиқ-қози,
Муҳаббатга ўқилса ҳукм.
Бунда севги ҳамиша азоб,
ишончсизлик,
хўрликка
маҳкум…

Кетдинг ахир, эшик дастагин
Қўйвор, нечун бунча кўп турмоқ?
Ким пояндоз қилса юракни,
Босмоқ керак
ва янчиб юрмоқ…

Зотан, ҳаёт-саҳнамас, аммо
Томошага одам тўлгайдир.
Ким ўйинчоқ қилса тақдирни,
Охир ўзи ўйин бўлгайдир!..

Наҳот, яна қайтдинг фикрингдан?!
Нега бунча чуқур олдинг тин?
Сезяпсанми, қайтишинг билан
Кўнглим сендан қолаётганин…

Нечун эди дилгир томоша,
Топталгач сўнг ишқ, ишонч ва шаън.
Маҳкам тутгин энди, қўйворма,
Мен кетсам…
…сўнг ортга қайтмайман!

***

Тушунаман, йўл олис бахтга,
Бу карвонга айри чиқдик биз.
Висол бизга бўлмади тақдир,
Демак, унга ғайри чиқдик биз…

Тушунаман, дийдор бу-бир туш,
У ҳам туннинг қаролиғича.
Умрим, бахтим ўша туш ва ҳуш
Аролиғича…

Қирлар аро кетиб борар Ой,
О, унингда ҳамдами йўқдир.
Ажабки, бу дунёйи дуннинг
Тўкисбахт бир одами йўқдир!..

Тушунаман, бахт-бир капалак,
Кўринмай кафтингга қўнадир.
Аммо, дил…Узилган умидтор,
Қачон бу фарёдга кўнадир?!

Карвонбоши,тўхтагил, шошма,
Шу манзилда қолгайман тушиб.
Бу йўлларда боримни тўкдим,
Чирқираб, дод солар жон қуши.

Тушунаман, англайман, аммо
Идрокимда зўр исён, гина.
Усиз ҳаёт-ўпқон, билганча
Қандай мумкин, кетмоқ жимгина?…

Тушунаман…
Тушунмоқ-азоб !..

***

Тун.Кўчада фонуслар сайли.
Шаҳар тинмай сочар ёғдулар.
Аммо,битта чироғини ҳам
Юрагимга ёқолмас улар…

Қоронғулик кирар бостириб,
Изтиробга тўлгандек дунё.
Чироқлардан хавфсираб,эй тун,
Кўксим узра беркиндингми,ё?

Дерлар,ёлғиз туғилмас шоир,
Унга қай бир туйғулар эгиз.
Она,менга азобми уйқаш
Ё дард билан туққанмидингиз…

Умримнинг энг ёрқин нурларин,
Олдинг дунё,яна жимсан,жим.
Тунд йўлларга ёғду ҳисларим
Улашмоқдан, ахир чарчадим!

Иркит ҳаёт,шунча ожизсан!
Лабларимда кўзёшнинг таъми.
Қуёш,наҳот бир сўнган қалбга
Нур бермоққа арзимайсанми…

ТАҚДИР

Меҳримдан шунчалар тўйганмидинг айт,
Зерикдингми ёки
туйғуларимдан?…
Сенга илинмадим изтиробимни,
Сени устун қўйдим қайғуларимдан…

Мени ўз ҳолимга қўйгин,
дегандинг
Юрагинг ҳам балки ўзича ҳақдир.
Мен сендан абадий кетмоғим мумкин,
Лекин,
Ўз ҳолингга қўймайди тақдир!

Учратарсан мендан яхшироғини-
Гуллар ҳам тутарсан кўзига боқиб.
Ишон,умр дарё,
Ўша сувларда
Ўтган хотиралар келади оқиб.

Мен сендан абадий кетдим ўкиниб,
Кўз ёшим ичимга оқади тахир.
Гоҳида жонимни қийнар дил тилиб,
Мени ўз ҳолимга қўймади тақдир…

Учраштирсин бизни ҳаёт гоҳида,
Билганим-лаҳзалик дийдор ҳам бахтдир…
Қалбимга куз ҳамон тўкар хазонлар
Ҳали ҳамон мени қийнайди тақдир!…

К А Б А Л Ь Е Р О

Коррида. Трибуна тўлар одамга,
Севильяда яна қайнар оломон.
Жазава исташар, ҳаяжон истар
ва бош истак — сўзсиз тўкмок лозим қон…

Ҳавода айланар қайноқ нафаслар —
юрак дим тортгандек… Чанг, ғала-ғовур.
Сўнг жимлик. Майдонга чиқади эркак,
“Кабальеро” дерлар, жасур ва ёвқур.

Матадор тийраккўз, навқирон эди,
Вужудида чақнар куч-қудрат ва шаҳд
Сўнг занжир тортилар, сурилар тўсиқ
Ҳарс-ҳарс нафас олиб буқа чиқар вақт.

Шу дам тўхтагайдир ҳатто чанг, ғубор
Ҳаракатсиз қотар бўшлиқ аро жим.
Лаҳза-вақт, умрдир… Қизил матони
Трибунадан олиб берар аллаким.

Жондор кўзларида акс этар бу ранг,
Пишқирар, янчмоқчи у бу одамни.
Шохларига илиб, мато рангига
Бўягиси келар жумла оламни!

Матадор гарчи ёш, лек олқишга ўч
Неча жондорларнинг бошига етган.
Қонга ўч жамоа қийқирар, унинг
Бутун Севильяга шуҳрати кетган.

…Ниҳоят тугади буқанинг кучи,
Нигоҳлари сўниб, чўккалаб қолди.
Трибуна узра янграр ҳайқириқ,
Ғалаба барчани жунбушга солди.

Ғолиб матадорнинг ёнар кўзлари,
Бир қиз чўғ атиргул отганди унга.
Ажаб, атиргулнинг, ўлимнинг, қоннинг,
ва эҳтироснинг ранги бир хилдир нега?..

…Гулга чалғиди у биргина лаҳза,
Сезмай қолди рақиб қўзғолганини.
Жондор ўкирганча ташланди унга
Шохларига илиб олди танини.

Сўнг чирпирак қилиб отди рақибин,
Туёқлари аро топтамас, холос.
Ҳайвон кўзларида чақнайди бир ҳис,
Қасос…Ўлган туёқдошлар учун ол, қасос!

Барчани ўртади бир оҳ, бир фарёд
Фақат буқа турар сокин ва мағрур.
Замондош, эслагин унинг нигоҳин,
Фарёд солганларнинг бири эдинг-ку…

Ҳайвон ўлдиради ҳайвонни, зотан
Қорин тўйдирмоқчун, яшамоқ учун.
Эй, сиз, тўқ оломон, жазава аро
Вақтихушлик дея қон тўкмоқ нечун?

Нечун сизга ёқар ўлим саҳнаси,
Нега қон ҳидига шунчалар мастсиз?
Аммо, нечун ўзин ҳимоя қилган,
Қарши чиққанларни олқишламассиз?..

Унинг сокин тортган қарашларидан
Ушбу саволларни илғаб, дафъатан.
Илк бор одам деган номдан уялдим,
Замондош, қанчалар қийин олмоқ тан!

Кўз олдимда бирдан ўзгарар олам,
Трибунага дўнар ҳаётнинг ўзи.
Одамзод худкушга айланар тобор,
Жим боқар аллоҳнинг қасоскор кўзи…!

БЎРИ

“Гоҳ олов халқадан сакрайди йўлбарс,
Гоҳ устундек қотгай филнинг оёғи.
Бунда ҳар нарсага қодир сеҳргар-
Ҳайвон ўйнатувчи одам таёғи.

Ҳатто тимсоҳни ҳам тизгинлаш мумкин,
Қафас аро ювош боқгайдир арслон.
Фақат бўри деган бир жонзот борки,
Циркда роль ўргатиб бўлмас ҳеч қачон!..

Қаттол ҳайвонбозга ўхшар гоҳ ҳаёт,
Қамчиси аёвсиз, ололмайсан тин.
Ки инсонмиз, аммо қалбда ҳар лаҳза
Қамчига бўйсунмас бўри яшасин…

САБР ҲАҚИДА ШЕЪР

Жонга тўзим тиламоқ, барин ичга ютмоқми,
Ёки ўлиб қутулмоқ ўйла яшаш — сабрми?
Сабр нима, дилингни ўйган азобга чидаш,
Ё била туриб атай жонга қилмоқ жабрми?..

Бандаликда банданинг фарзи сабр тиламоқ,
Ёр эканин англатмоқ қайғу, ҳасрат, ғамида.
Аммо, дард адо қилган жонга чида, демоқлик —
Кўксингда юрак эмас, тош бўлгани камида…

Фарзандини йўқотган онага тўзим тилаш —
Ўша дардни қайтадан бермоқ билан баробар.
Қўлсиз одамга сабр тиламоқ-чи, бу энди
Юзига шапалоқлаб урмоқ билан баробар!

Қуёшнинг уфқ узра саждага бош қўйганин,
Кўролмас кўзга қандай сабр тиламоқ мумкин?..
Ноҳақлик ҳар қадамда эзиб турган жон учун
Чиройли сўзда қандай сабр тиламоқ мумкин…

Ва мана шу аламли ва зўр ситам шу эрур,
Ҳақсизлик кишанига чидасанг, бўйинсунсанг.
Кўзинг юмсанг — тушингга кирса бепоён қирлар,
Кўз очганда кишанлар бўғзингга панжа урса…

Мана шунга чидама, сабр қилма шунга ҳеч,
Сабрнинг шу хилига дилда сақла гина, кин —
Агар қафасда бўлсанг, уз, синдир, кишанларни,
Агар қафасда бўлсанг, қафасни олиб учгин!..

“НАВОИЙ “НИ СЎНГИГАЧА ЎҚИЁЛМАЙМАН…

Бирдан қора булут босди Ҳирот осмонин,
“Унсия”нинг у муаззам қуёши сўнди.
Бу улкан дард эди, улкан бир оғир мотам
Миллат йиғла, буюк шоир ўғлинг йўқ энди!..

Бир оғриқдир — изтиробки, шифоси ҳам йўқ,
Қалбдан зулмат пардасини кўтаролмас нур.
Мувозанат оғди бирдан, чайқалди олам,
Ахир…титроқ елкаларда тобут чайқалур!..

…Мутолаа гарчи завқли, аммо интиҳо…
Бўғзимга ёш бўлиб тўлар соғинч, оғриқ, шаън.
Вужудимни ўртаб йиғи келар ва ҳар гал
“Навоий”ни сўнгигача ўқиёлмайман…

Шууримда, у абадий яшайдир!
Гарчи,
азал ҳар бир пешонага қисматни ўйган.
У тиригу, гўё устоз Ойбек атайлаб…
хотимада қаҳрамонин ўлдириб қўйган!

Менга шундай туюлади, ҳазрат у боқий,
Ҳаёт деган карвондадир, қайдандир келар.
О, биламан бу ўйимдан ғазабда Худо,
Бу ўйимдан Ойбек домла руҳи чирқиллар…

Аммо, нетай, кўнолмасам тақдир измига,
Исёнли ўй чақин чақса умидли, маҳзун.
Дунё гўё беркинмачоқ ўйнар мен билан,
Навоийни кўрсатар у кунлардан бир кун…

Сўнг ёпаман чала қолган асарни ҳар гал,
Кўнглим айтар, аввал Тангри билгай ҳар нени,
Жаннат аро қўлтиқлашиб Навоий билан
Гўё устоз Ойбек ўйчан кечирар мени…

Пастдаги суратда ёш ижодкорлар  шоира Қутлибика Раҳимбоева билан.
12219487_1525287164452292_8748243837727493600_n.jpg
“Ijodda ilk ustozim deb otamni aytsam bo‘ladi, — deb yozadi shoira, — chunki,aynan otamning yo‘naltirishlari bilan birinchi bor, o‘shanda birinchi yoki ikkinchi sinfda o‘qirdim,”Momaqaldiroq” nomli bir narsa yozgandim.Bugun o‘ylab qarasam, hikoyaga ham o‘xshab ketadigan bu “narsa”da tabiat haqidagi ilk bolalik tasavvurlarim o‘z in’ikosini topgan ekan”.

Go‘zal RO‘ZIYEVA
YANGI SHE’RLAR
044

Go‘zal Ro‘ziyeva 1986 yil 31 oktyabrda Buxoro viloyati Jondor tumanining Tobagar qishlog‘ida tug‘ilgan.1993-2004 yillarda Jondor tumanidagi 22-o‘rta umumta’lim maktabini, 2004-2008 yillarda Fayzulla Xo‘jayev nomidagi Buxoro davlat universiteti tarix fakultetini tugatgan.

044

POYEZD – ODAMLARMIZ…

Poyezd – insonlarmiz, to‘qnashmas yo‘llar
Mumkinmas entikib tutashmog‘i-da.
Bu yo‘llar ikkimiz uchratar, lekin
Ayirar — taqdirlar kesishgan chog‘da…

Hayot – uzun relsdir, ayqash va uyqash,
Perron –qo‘zg‘olamiz sen, so‘ngra men ham.
Sen nelarni olding, bilmadim, ammo
Menga ortmoqlandi iztirob..
So‘ng g‘am…

Bilmayman, bu yukning stansiyasini,
Qay bekatda undan ayrilmog‘imni.
Bizga qaytmoqlik yo‘q!
Biroq, xohlayman
Ortimdan bir lahza qayrilmog‘ingni…

Biz odam emasmiz… chunki odamlar
Sevsalar hech qachon ayrilmaydilar.
Biz faqat poyezdmiz, afsus ortilgan,
Poyezdlar…orqaga qayrilmaydilar!

Ketyapman.
Yuragim yo‘lovchi chiqmas
Vokzaldek bo‘m-bo‘shdir, huvillab qolgan.
Yo‘lko‘rsatkich, aytgin, bormi hech poyezd
Baxtning manziliga yo‘llanma olgan!

Bu yo‘llar tuganmas, tugamas yuklar,
Ortilar qalbingni payhonlab, yiqib.
Charchadim, sezyapman men bu ketishda
Bir kuni bu relsdan ketaman chiqib…

***

“Sevaman” de, qayta-qayta aytc2508a18de637d9acc35a2dd4b09aa6e.jpg
Ummonlarga aylansin yurak.
Ko‘ksim yerga botayotgan payt,
Yuksaklarga chorlar ishq kerak…

Yolg‘onlarga ishonmam, garchi
Mayli, yolg‘on qasamlar ichgin.
Ishontirgin, meni sen kabi
Seva olmas dunyoda hech kim!

Bugun ko‘nglim ufqlardan past,
Botayotir zamin ortiga.
Yuragimda yerni ko‘tarib
Ketayapman, bilmaysan nega?..

Osmonim bo‘l, quyoshim bo‘lgin,
Tafting bilan kuydirgin, mayli.
Ko‘ksim aro qoraygan joy bor,
Ko‘zyoshlarning zaxi tufayli…

Sen hech kimga o‘xshamaysan de,
Solishtirma meni birovga.
Bugun meni hamma narsaga
Ishongim, oh, kelyapti juda!..

“Sevaman” de, qayta-qayta ayt…

***

Ketdingmi-
Ket, qayrilma ortga,
Chirqirasin mayli nolon ishq.
Ha, qo‘lingni silta bariga,
Kechish kerak, baridan kechish…

Huvillagan qalb ayvoniga
Qarg‘a, zog‘lar mayli in qursin.
Sen qaytmagan u ko‘chalarda,
Xudo haqqi,
lolalar unsin..!

Ketdingmi, ket,
axir ne kerak,
Yolg‘on zorlar, soxta qasamlar.
Birov uchun yashab bo‘lmaydi,
Nima desa desin odamlar!

Zero, agar xaloyiq-qozi,
Muhabbatga o‘qilsa hukm.
Bunda sevgi hamisha azob,
ishonchsizlik,
xo‘rlikka
mahkum…

Ketding axir, eshik dastagin
Qo‘yvor, nechun buncha ko‘p turmoq?
Kim poyandoz qilsa yurakni,
Bosmoq kerak
va yanchib yurmoq…

Zotan, hayot-sahnamas, ammo
Tomoshaga odam to‘lgaydir.
Kim o‘yinchoq qilsa taqdirni,
Oxir o‘zi o‘yin bo‘lgaydir!..

Nahot, yana qaytding fikringdan?!
Nega buncha chuqur olding tin?
Sezyapsanmi, qaytishing bilan
Ko‘nglim sendan qolayotganin…

Nechun edi dilgir tomosha,
Toptalgach so‘ng ishq, ishonch va sha’n.
Mahkam tutgin endi, qo‘yvorma,
Men ketsam…
…so‘ng ortga qaytmayman!

***

Tushunaman, yo‘l olis baxtga,
Bu karvonga ayri chiqdik biz.
Visol bizga bo‘lmadi taqdir,
Demak, unga g‘ayri chiqdik biz…

Tushunaman, diydor bu-bir tush,
U ham tunning qarolig‘icha.
Umrim, baxtim o‘sha tush va hush
Arolig‘icha…

Qirlar aro ketib borar Oy,
O, uningda hamdami yo‘qdir.
Ajabki, bu dunyoyi dunning
To‘kisbaxt bir odami yo‘qdir!..

Tushunaman, baxt-bir kapalak,
Ko‘rinmay kaftingga qo‘nadir.
Ammo, dil…Uzilgan umidtor,
Qachon bu faryodga ko‘nadir?!

Karvonboshi,to‘xtagil, shoshma,
Shu manzilda qolgayman tushib.
Bu yo‘llarda borimni to‘kdim,
Chirqirab, dod solar jon qushi.

Tushunaman, anglayman, ammo
Idrokimda zo‘r isyon, gina.
Usiz hayot-o‘pqon, bilgancha
Qanday mumkin, ketmoq jimgina?…

Tushunaman…
Tushunmoq-azob !..

***

Tun.Ko‘chada fonuslar sayli.
Shahar tinmay sochar yog‘dular.
Ammo,bitta chirog‘ini ham
Yuragimga yoqolmas ular…

Qorong‘ulik kirar bostirib,
Iztirobga to‘lgandek dunyo.
Chiroqlardan xavfsirab,ey tun,
Ko‘ksim uzra berkindingmi,yo?

Derlar,yolg‘iz tug‘ilmas shoir,
Unga qay bir tuyg‘ular egiz.
Ona,menga azobmi uyqash
Yo dard bilan tuqqanmidingiz…

Umrimning eng yorqin nurlarin,
Olding dunyo,yana jimsan,jim.
Tund yo‘llarga yog‘du hislarim
Ulashmoqdan, axir charchadim!

Irkit hayot,shuncha ojizsan!
Lablarimda ko‘zyoshning ta’mi.
Quyosh,nahot bir so‘ngan qalbga
Nur bermoqqa arzimaysanmi…

TAQDIR

Mehrimdan shunchalar to‘yganmiding ayt,
Zerikdingmi yoki
tuyg‘ularimdan?…
Senga ilinmadim iztirobimni,
Seni ustun qo‘ydim qayg‘ularimdan…

Meni o‘z holimga qo‘ygin,
deganding
Yuraging ham balki o‘zicha haqdir.
Men sendan abadiy ketmog‘im mumkin,
Lekin,
O‘z holingga qo‘ymaydi taqdir!

Uchratarsan mendan yaxshirog‘ini-
Gullar ham tutarsan ko‘ziga boqib.
Ishon,umr daryo,
O‘sha suvlarda
O‘tgan xotiralar keladi oqib.

Men sendan abadiy ketdim o‘kinib,
Ko‘z yoshim ichimga oqadi taxir.
Gohida jonimni qiynar dil tilib,
Meni o‘z holimga qo‘ymadi taqdir…

Uchrashtirsin bizni hayot gohida,
Bilganim-lahzalik diydor ham baxtdir…
Qalbimga kuz hamon to‘kar xazonlar
Hali hamon meni qiynaydi taqdir!…

KABALYERO

Korrida. Tribuna to‘lar odamga,
Sevilyada yana qaynar olomon.
Jazava istashar, hayajon istar
va bosh istak — so‘zsiz to‘kmok lozim qon…

Havoda aylanar qaynoq nafaslar —
yurak dim tortgandek… Chang, g‘ala-g‘ovur.
So‘ng jimlik. Maydonga chiqadi erkak,
“Kabalyero” derlar, jasur va yovqur.

Matador tiyrakko‘z, navqiron edi,
Vujudida chaqnar kuch-qudrat va shahd
So‘ng zanjir tortilar, surilar to‘siq
Hars-hars nafas olib buqa chiqar vaqt.

Shu dam to‘xtagaydir hatto chang, g‘ubor
Harakatsiz qotar bo‘shliq aro jim.
Lahza-vaqt, umrdir… Qizil matoni
Tribunadan olib berar allakim.

Jondor ko‘zlarida aks etar bu rang,
Pishqirar, yanchmoqchi u bu odamni.
Shoxlariga ilib, mato rangiga
Bo‘yagisi kelar jumla olamni!

Matador garchi yosh, lek olqishga o‘ch
Necha jondorlarning boshiga yetgan.
Qonga o‘ch jamoa qiyqirar, uning
Butun Sevilyaga shuhrati ketgan.

…Nihoyat tugadi buqaning kuchi,
Nigohlari so‘nib, cho‘kkalab qoldi.
Tribuna uzra yangrar hayqiriq,
G‘alaba barchani junbushga soldi.

G‘olib matadorning yonar ko‘zlari,
Bir qiz cho‘g‘ atirgul otgandi unga.
Ajab, atirgulning, o‘limning, qonning,
va ehtirosning rangi bir xildir nega?..

…Gulga chalg‘idi u birgina lahza,
Sezmay qoldi raqib qo‘zg‘olganini.
Jondor o‘kirgancha tashlandi unga
Shoxlariga ilib oldi tanini.

So‘ng chirpirak qilib otdi raqibin,
Tuyoqlari aro toptamas, xolos.
Hayvon ko‘zlarida chaqnaydi bir his,
Qasos…O‘lgan tuyoqdoshlar uchun ol, qasos!

Barchani o‘rtadi bir oh, bir faryod
Faqat buqa turar sokin va mag‘rur.
Zamondosh, eslagin uning nigohin,
Faryod solganlarning biri eding-ku…

Hayvon o‘ldiradi hayvonni, zotan
Qorin to‘ydirmoqchun, yashamoq uchun.
Ey, siz, to‘q olomon, jazava aro
Vaqtixushlik deya qon to‘kmoq nechun?

Nechun sizga yoqar o‘lim sahnasi,
Nega qon hidiga shunchalar mastsiz?
Ammo, nechun o‘zin himoya qilgan,
Qarshi chiqqanlarni olqishlamassiz?..

Uning sokin tortgan qarashlaridan
Ushbu savollarni ilg‘ab, daf’atan.
Ilk bor odam degan nomdan uyaldim,
Zamondosh, qanchalar qiyin olmoq tan!

Ko‘z oldimda birdan o‘zgarar olam,
Tribunaga do‘nar hayotning o‘zi.
Odamzod xudkushga aylanar tobor,
Jim boqar allohning qasoskor ko‘zi…!

BO‘RI

“Goh olov xalqadan sakraydi yo‘lbars,
Goh ustundek qotgay filning oyog‘i.
Bunda har narsaga qodir sehrgar-
Hayvon o‘ynatuvchi odam tayog‘i.

Hatto timsohni ham tizginlash mumkin,
Qafas aro yuvosh boqgaydir arslon.
Faqat bo‘ri degan bir jonzot borki,
Sirkda rol o‘rgatib bo‘lmas hech qachon!..

Qattol hayvonbozga o‘xshar goh hayot,
Qamchisi ayovsiz, ololmaysan tin.
Ki insonmiz, ammo qalbda har lahza
Qamchiga bo‘ysunmas bo‘ri yashasin…

SABR HAQIDA SHE’R

Jonga to‘zim tilamoq, barin ichga yutmoqmi,
Yoki o‘lib qutulmoq o‘yla yashash — sabrmi?
Sabr nima, dilingni o‘ygan azobga chidash,
Yo bila turib atay jonga qilmoq jabrmi?..

Bandalikda bandaning farzi sabr tilamoq,
Yor ekanin anglatmoq qayg‘u, hasrat, g‘amida.
Ammo, dard ado qilgan jonga chida, demoqlik —
Ko‘ksingda yurak emas, tosh bo‘lgani kamida…

Farzandini yo‘qotgan onaga to‘zim tilash —
O‘sha dardni qaytadan bermoq bilan barobar.
Qo‘lsiz odamga sabr tilamoq-chi, bu endi
Yuziga shapaloqlab urmoq bilan barobar!

Quyoshning ufq uzra sajdaga bosh qo‘yganin,
Ko‘rolmas ko‘zga qanday sabr tilamoq mumkin?..
Nohaqlik har qadamda ezib turgan jon uchun
Chiroyli so‘zda qanday sabr tilamoq mumkin…

Va mana shu alamli va zo‘r sitam shu erur,
Haqsizlik kishaniga chidasang, bo‘yinsunsang.
Ko‘zing yumsang — tushingga kirsa bepoyon qirlar,
Ko‘z ochganda kishanlar bo‘g‘zingga panja ursa…

Mana shunga chidama, sabr qilma shunga hech,
Sabrning shu xiliga dilda saqla gina, kin —
Agar qafasda bo‘lsang, uz, sindir, kishanlarni,
Agar qafasda bo‘lsang, qafasni olib uchgin!..

“NAVOIY “NI SO‘NGIGACHA O‘QIYOLMAYMAN…

Birdan qora bulut bosdi Hirot osmonin,
“Unsiya”ning u muazzam quyoshi so‘ndi.
Bu ulkan dard edi, ulkan bir og‘ir motam
Millat yig‘la, buyuk shoir o‘g‘ling yo‘q endi!..

Bir og‘riqdir — iztirobki, shifosi ham yo‘q,
Qalbdan zulmat pardasini ko‘tarolmas nur.
Muvozanat og‘di birdan, chayqaldi olam,
Axir…titroq yelkalarda tobut chayqalur!..

…Mutolaa garchi zavqli, ammo intiho…
Bo‘g‘zimga yosh bo‘lib to‘lar sog‘inch, og‘riq, sha’n.
Vujudimni o‘rtab yig‘i kelar va har gal
“Navoiy”ni so‘ngigacha o‘qiyolmayman…

Shuurimda, u abadiy yashaydir!
Garchi,
azal har bir peshonaga qismatni o‘ygan.
U tirigu, go‘yo ustoz Oybek ataylab…
xotimada qahramonin o‘ldirib qo‘ygan!

Menga shunday tuyuladi, hazrat u boqiy,
Hayot degan karvondadir, qaydandir kelar.
O, bilaman bu o‘yimdan g‘azabda Xudo,
Bu o‘yimdan Oybek domla ruhi chirqillar…

Ammo, netay, ko‘nolmasam taqdir izmiga,
Isyonli o‘y chaqin chaqsa umidli, mahzun.
Dunyo go‘yo berkinmachoq o‘ynar men bilan,
Navoiyni ko‘rsatar u kunlardan bir kun…

So‘ng yopaman chala qolgan asarni har gal,
Ko‘nglim aytar, avval Tangri bilgay har neni,
Jannat aro qo‘ltiqlashib Navoiy bilan
Go‘yo ustoz Oybek o‘ychan kechirar meni…

04

(Tashriflar: umumiy 855, bugungi 1)

Izoh qoldiring