Gulhayo Anorova. She’rlar

044    Бугунги саҳифамизда Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилган шоира қизим Гулҳаё Анорова шеърларини мутолаа қилишингиз мумкин.

ГУЛҲАЁ АНОРОВА
ШЕЪРЛАР
07

***

Сенинг тушинг бўлак, тушларинг бўлак,05
Қанотлари мовий қушларинг бўлак.
Адирдай керилган кўкрагингдаги
Дулдулга яқининг, хушларинг бўлак.

Келиб кўр, болишим симирган тушда
Руҳинг кафтимдаги дуодай нафис.
Ҳар саҳар билқиллаб пишган қуёшда
Сен борсан, сен борсан, сен борсан ёлғиз.

Мен ҳам бир битикман, ёзуғи мубҳам.
Барчиной қонида тепчиган исён.
Кафтингга тўкилиб турган пешонанг
Мени сиғдиролмас, жоним, ҳеч қачон.

Мен бир қушча эдим, вужуди титроқ,
Кўзларида ҳадик, қанотлари ҳўл.
Мени қай куйларга алданиб қолиб,
Учирма қилдинг, эй қуш уя кўнгил?!

***

Яқинлашиб келар ноябрь
Дарахт яшил қушлардан айро.
Киприкларим санайди кимдир
Мўлтираган юлдузлар аро.

Тун қўйнида тўлғонар сукун,
Тўлғонади шамоллар карахт.
Тол титрайди танаси юпун
Мудроғида уйғонар фараҳ.

Ва ёдимга тушади бирдан
Дарё каби ўша мовий кўз.
Виктор Цойнинг куйлари билан
Жилмайганча қоламан ёлғиз.

Регистоннинг осмони эгик.
Суяр титроқ тўла елкамни.
Эй дарё қалб, севиб бўларми
Қирқта ямоқ бўлган елканни?!

Жуда яқин келар ноябрь.
Дарахт яшил қушлардан холи.
Сен қаердан билардинг, ахир,
Кетаётган қушнинг аҳволин.

Сен қаердан билардинг, ахир…

***

Бугун ёруғ ой тўлган кеча,
Тўкилмоқда юлдузлар руҳи.
Булут сузиб борар, соҳилга
Тўшин урган тўлқинлар каби.

О, бу замин асов денгиздир.
Улкан шаҳар макридан безор
Отланаман кўксида майса
Унган адир, қишлоғимга зор.

Мени енгиб бормоқда, жоним,
Сени асир этолмаган ҳис.
Кўзларингдек ўйчан термулиб,
Кузатади ортимдан фонус.

Йўқолса гар улкан кеманинг
Боши узра елкан парвона.
Қара, унда қолмагай қудрат,
Ё шафқатли бўлмас пўртана.

Бугун ёруғ ой тўлган кеча.
О, ёнимда бўлсайдинг шу он.
Сева олсанг менга жўр бўлиб,
Сен – аввалим-охирим дебон.
Бугун ёруғ ой тўлган кеча

***

Булутлар – куралган қордай шалаббо,
Сизиб тўкилмоқда кўк панжасидан,
Сизиб тўкилмоқда чақмоқ, гулдирак
Осмоннинг мовийранг паранжисидан.

Елкалашиб турган қадрдон тоғлар
Бошида айланган бургутга қара.
Кўтарсин руҳида озод қуш исён,
Ташлаб кетолмагай масканин сира.

Гўдак нафасидай беғубор ҳаво,
Ўз роҳати учун куйлайди тўрғай.
Ғовғалар ичинда, сукут ичинда
Тўлқинлар тўлғониб қўлимни сўргай.

Ғужум капалакка кўмилган бодом
Керишиб уйғонар, илдизи яғир.
Шундай нафис чоғда ҳисдан мосуво,
Ғоялар бағрида яшамоқ оғир.

***

Ой пайвандлаб борар нурларин,
Ҳисларимни қилади тафтиш.
Соғинч билан яшамоқ мушкул,
Жуда оғир сени соғиниш.
Ойга панжа ботирар дарахт,
Занглаган арава — ғичирлаб.
Тўлқин-тўлқин шамол ёллари
Ненидир эслатар пичирлаб…
Жон борича эшилди эшкак.
Мен кемаман. Юрагим – елкан.
Қайда эрур номсиз соҳилим,
Қайда умид – лангар қадалган?
Тутилмоқда менинг ҳилолим,
Энди менинг осмоним якто.
Энди сенга гулламоқ они,
Энди сенга ёр бўлсин наво.

Ҳовучингдан кетарман оқиб.
Мен- ки, қумдан яралган бино.
Титроқ тўлган елкалар учун,
Суянмоққа чинор бўл, чинор!

***

Бўғзимда улув бор, кўзимда ғулу,
Мезон ипларида рақс этган дорбоз.
Қайларда тупроқни кўпчитган сурув,
Қаерга кетмишдир боғларим қийғос?
Енгларим намланган, почаларим нам,
Бу хазон фаслидан томган кўз ёшми?
Ёқамни шалаббо қилдими шабнам?
Асраб қололмадим бир ёмғирпўшни.
О, шўрлик умримнинг узайган фасли,
Кўксимда ярадор тўлғонган сурон.
Бевақт қулатилган ниҳолман асли,
Бўронда тўнкалар топажак омон.
Мен қафас ичинда сайраган булбул,
Сен наво ичига яширган қафас.
Менга англаттиргин, менга тушунтир,
Қушман.
Нега эрким ўзимда эмас?
Бўғзимда улув бор, кўзимда ғулу.

***

Кўзларинг қиймади бўсага,
Лабларимдан сут ҳиди анқир.
Туйғуларим тугунларидан
Йигирилар тасбеҳлар бир-бир.
Ҳаволанар бошқоронғи ой,
Ўз гирдига тортмоқлаб ўров.
Ташқарида ёғади ёмғир,
Ташқарида тўкилар қиров.
Гарчи, сенга етмайди ҳаддим,
Гарчи, жуда ёлғизсан бу кеч.
Елканг узра қўймоққа бошим,
На шафқат бор, на-да бирор куч.
Пайқамайсан ғуссаларимни,
Мен ҳисларни этмам ялонғоч.
Томирингдан ҳайдалган қушлар,
Кўзларимга қўнар, симёғоч.
Ҳалинчакман – пастман, баландман.
О, нақадар ёлғизман бу кеч.
Сенга аён бўлса-да бари,
Ўтинаман, чорламагин ҳеч.
Гарчи, сенга етмайди ҳаддим…

***

Оқдарёлик эдим, ҳозир ҳам шундай.
Қоғоз кемаларга ортилган орзу.
Саҳарда кўрилган тушингиз тинглаб,
Юзингиз ювгани ошиқади сув.
Қирғоқман – қовжираб кетган нигоҳи,
Соҳилман – лаблари обига ташна.
Боғча боласидай эрка юрагим
Рангли туйғуларга бўлган ошино.
Тақдири очилар қадим минорнинг,
Регистон манглайин ўпмоқда само.
Руҳобод олдида чўккаладим тиз,
Тарихни билмасам жиддий муаммо.
Ёшлар хиёбони. Хаёл сураман
Кўзингиз қаърига чўккан осмонни.
Уйғотиб юборар ҳайбати бирдан
Юзларин терс бурган Соҳибқироннинг.
Кечир, гумбазлари ярашган шаҳар,
Не қилай, қалбимда муҳаббат бисёр?!
Не қилай дарёни севаман жуда,
Унинг ҳам юртида “дарё” сўзи бор.
Асолман тонглари денгизга боққан,
Қизил елканларни кутган неча йил.
Йигирмага етмай, муддати ўтган,
Иссиқда таъмини йўқотган кўнгил.
Биз ўша, ишқ томон талпинган тўлқин.
Дарёнинг мавжига монанд феълимиз.
Сендан қандай олис кетсин, Самарқанд
Остонасин хатлаб ўтолмаган қиз.
Оқдарёлик эдим, ҳозир ҳам шундай…

***

Юлдуз қирраларин санчар кўзимга,
Ёш жувон кўксидек тарангдир осмон.
Отам елкасига миниб ўтказган
Умрини тушида кўради кетмон.
Пиллага ем бўлган қари тут ухлар –
Ҳар ёғи кесилган нимкала Широқ.
Уйғонар қалтираб, титраб, қовжираб
Хазонрез чоғларни туш кўрган япроқ.
Ҳой увлаб кезувчи тиллари кесик,
Ичимда тўзғиб кет, гар шамол бўлсанг.
Сенга оғирлиги тушган юракни
Бандидан узиб кет, гар малол бўлса.
Сиғиниб яшадим туйғуларимга,
Ишқсиз ҳар ўтказган сониям – Қазо.
Менга адоғи йўқ дардингни бергин,
Сени ҳар нафасда йўқлайман, Худо.
Юлдуз қирраларин санчар кўзимга.
Қароққа тўлдириб қўйдим осмонни.
Ва ичиб кетаман сўнги манзилга
УНДАН жудо бўлган сўнгги ҳавони!

***

Гўшакдан томчилаб тўкилар
Соғинчранг сўзларнинг йиғиси.
Наҳотки шу митти вужуднинг
Ўзидан улканроқ қайғуси?
Бағримга босаман гўшакни,
Қучоғим тўлдирар овозинг.
Тушига кирибсан у куни
Ухлолмас мой босган жувозинг.
Сени ҳам йўқларми якуни
Уйқуга айланган эртаклар?
Аямнинг ёшига чўмилар
Бурнимизни артган этаклар.
Сен эккан дарахтлар улғайган,
Синглингга ясаб бер ҳалинчак.
Дунёдан кенг экан қучоғи,
Оромга лиммо-лим беланчак.
Акам- ай, топиб бер қаерда
Шиннилари қотган пиёла?
Чўнтагида ноннинг увоғин
Чумолига ем қилган бола?
Сўрайсан: порлоқми умидлар,
Ҳали ҳам тозами кўзларинг?
Акажон, наҳотки бир бора
келмайди кўнглимни сўрагинг?!
Нима ҳам қилардинг, кечиргин,
Ўзимни оқлашга асос йўқ.
Синглингнинг муштчалик юраги
Улғайиб қўйибди бесўроқ.

***

Мовий сўз тўкилар мовий кенгликдан.
Мовий йўл изладим денгизлар томон.
Исмимни, жисмимни тамом унутдим
Мовий кўзларингга боққаним ҳамон.
Ўзанинг ўзгадир, ўзагинг ўзга.
Сен бошқа дарёсан, мен бошқа дарё.
Ишқ отли қуюнлар келган паллада
Адашган менми ё, кўнгилмиди ё.
Кимлар билан бандсан, кимларга банди,
Сени чарчатдими мендаги тахмин?!
Мен тортиб яшайман фурсат юкини,
Сен тотиб яшайсан рашкимнинг захмин.
Мен севаман ахир сенданам кўпроқ
Оқ мавжлар тўзғиган дарёларимни.
Биламан, менга ҳеч кўрмайсан раво
Қашқирлар изғиган дарёларингни.
Ўзаним ўзгадир, ўзагим ўзга.

***

Қишлоқ – онамнинг қовоғи каби сўлган ой.
Қуш уясин асраш чун ёғоч
Зангор фасллардан кечган, ҳойнаҳой.
Ёмғир — ризқ тўла ҳовучлар, кафтлар.
Осмон ёшларини симириб,
Боши оғирлашган дарахтлар.
Қай елкадан йиқилган томчи –
Ҳисларим мунғайган, маъсума.
Кетаётган қадамлар намчил…
Менинг умрим ёмғир қўйнида.
Шу хазонлар ҳаққи, қўлларим
Сени олиб кетган Кузнинг бўйнида.
Шундай дилбар Кузнинг бўйнида.

ОҚСОЧНИНГ БИР КУНИ

Қуёшнинг зар кокилларидан
Мавжлар тўқий бошлар сўзана.
Осмоннинг тўрт томони уфқ —
Сўйилган туйғулар бўзарган.
Чанқаб ётган гулларни кўриб,
Халоватсиз қолади оқсоч.
Кокилларин эзган рўмолга
Ин қурганга ўхшар қалдирғоч.
Тўшагида ухлар хавотир.
Дард ёпишган лой ковушига.
Чаннаб ётган хазонйўлакдан
Кириб борар дарахт тушига.
Ҳар сарғайиб йиқилган барглар
Боласидай кўринар майиб.
Ва ваъдабоз, қасамхўр эрга
Хаёлида қўяр жилмайиб.
Тоғорада кир ювар аёл,
Тиш остида йиғлар ёриқ лаб.
Хўжайиндан олар аламин
Кийимларин эзиб, тепкилаб.
Оқсоч сиғмас замин бағрига.
Кеч. Осмонга қолар термулиб.
Энтикади тун рўмолидан
Юлдузларни термоқчи бўлиб.

***

Ибодат деб тизилган сафга
Учиб борар турналар шодон.
Муаззиннинг куйидек сокин
Кишнаб девин қувар тўражон.
Айтмайсанми менга, тўражон?!
Йўқотилган тушларин излаб,
Шамол кезар телба, сар-сари.
Пучуқ бурни намланган қизча
Ўйнаб юрар уфқдан нари.
Қайтмайсанми энди, тўражон?!
Синглим дегин, эгачим дегин,
Дунё, мени қўйма ёлғизлаб.
Қўрғошиндек қуйилар бирдан
«ХАЙР» деган симоб сизиллаб.
Кетяпсанми мендан, тўражон?!
Бу симоб-ки вулқон бўғзидан
Сачраб чиққан энг сўнги нидо.
Нидо эрур қақнус қаноти
Каби олов қўйнида пайдо.
Куймайсанми, шўрлик тўражон?!
Илтижолар қиламан тинмай,
Эътиқодим, чидаб бер абад.
Мен жангчиман! Жангларда ўлса
Бўлмасмиди орсиз муҳаббат?!
Жангсиз ўлмайсанми, тўражон?!

***

Нилий осмон ёруғ кўзини
Уфқ ортига қилади дафн.
Баҳоргача аллалар дарахт
Йўргакка ўралган куртагин.
Хуш келсин!
Тушларимда ухлаган ранглар
Кўзларимга пуркайди ҳовур.
Кутмоқ оғир, кутмоқлигим бахт
Қондан қўрқмас қилични ёвқур.
Хуш келсин!
Қутқу солар денгиз гурунги,
О, нақадар зангори қудрат?!
Тинглагандим балиқлар оҳин –
“Мутелигим Худога фақат
Хуш келсин”!

***

Томирлаб бормоқда ойнинг нурлари.
Ушала бошлайди увада булут.
Қуёш кутавериб қийналган қушлар
Бўғзида дон каби бус-бутун сукут.
Менга куйлаб беринг, эмраниб куйланг.
Тангри нафасига чайилсин бахтим.
Ажинлари асрий ғуборга тўла,
Йиғланг, илдузлари чуқур дарахтим.
Тубанлашиб борар фаришта руҳим.
Менман бўғзин тиғга қадаган оҳу.
Қай хислатим учун, кўзгудаги қиз,
Мени англамоққа этилдинг маҳкум?

***

Ҳайдовчига боқдим мунғайиб,
Манзилимни сўрди дафъатан.
«Тол кўча», деб айта олмадим,
Тол чақмоқда ёниблар кетган.
«Қаерда тушасиз?», яна шу савол.
Нима деб атайман шип-шийдам йўлни.
Кўринди на ҳайвон, на зоғ кўринди,
Тутақиб қарғайман ўнг-у сўлимни.
Бирдан хотирамга қуйилди ойдин,
Бирдан ёдга тушди оқшомлар ўша.
Тўхтатинг, тўхтатинг, менинг манзилим
Ошиқлар макони – куйган тол .

***

Зарбга айланар нигоҳ,
Сўз демоққа оғиз берк.
— Ҳад билмаган чекловлар
Ва ҳаддидан ошган эрк.
Мушт бўлиб тугилган лаб
Қонталаш ишқ хотири.
Шамол эсар дарғазаб,
Босолмайин ҳовурин.
Заха тортган юракнинг
тубларида дийдираб,
Дулдул кезар, қонлари
Товонида сирқираб.
Йўлдаги ёлғиз қабр
Зор бир ҳовуч дуога.
Ўша қабрдайин ҳис,
Илинжинг қай маъвода?!
Ўпкадан чиққан дудда
Чизасан бахт суратин.
Сенга келганда камдек
Худонинг муруввати.
Зарбга айланар нигоҳ,
Сўз демоққа оғиз берк.
— Ҳад билмаган чекловлар
Ва ҳаддидан ошган эрк.

***

Ака, соғинасанми сен ҳам
қишлоқнинг қиши,
совуқдан қочган тафтларнинг сандал атрофига йиғилиши,
дадамнинг сомон ҳиди анқиган болиши?
Фақат, фақат дадам ётар эди ўз жойида —
ўз каравотида.
Балки совқатмаган,
Балки ўт ўйнаган ҳароратида.
Ака, соғинасанми яна
айвондаги мусичанинг товшин,
Аямнинг ёмғир сувига кир ювишин?
Қанча чумолини кўмар эдик
остона тупроқларини ўйиб.
Устига гуллар қадаб қўярдик.
Опам чарчамасди бизларни койиб.
Бугун тарқаб кетдик, тўзғиб кетдик.
Қарашлар, қаричлар ўзгарди анча.
Юзларни ёруғ, юзларни оқ қилиш учун йўлга чиққанмиз.
Фақат, фақат ўйлайман ўша
ёмғир ювган лойқа деворни,
Шам қорайтган уйнинг бурчини
қачон оҳлаб қўямиз, ака,
Қачон оқлаб қўямиз, ака?!
Сен билмайсан кузатганимни
йиғлаганинг пана-панада.
Мушт урса муштчалик чиқмаган,
Мовий ҳисларини йиқмаган
юрагимиз қайси танада?!

ТУШ

Сен кемадай чайқалар эдинг,
Вужудингга урилар тўлқин.
Қўлларимни тутиб, «муз», дединг,
О, кўзларинг бахмалдек майин.

Юзларингга солмишдир нақш
Болишларнинг бўртган томири.
Қора кийган киприклар уйқаш,
Саждасида ҳислар хотири.

Тушларингда бўлсам намоён,
Менга ошкор бўлади тафтинг.
Тушларингда ўпарман тўйиб,
Иккимиз-чун очилган кафтинг.

Мен кемадай чайқалар эдим,
Вужудимга урилар тўлқин.
Чала ёнган суратлар каби,
Бу туш ёдда қолмади ёрқин.

Ва тумандек тарқади бари,
Бу куй аро йўқолган нота.
Ана, кўкда қуёш кўринди,
Хўрсиниқлар учар ҳавода.

***

Мен ёввойи ўтман.
Шарт эмас
кимнингдир экиши ё парвариши.
Қуёшни кўрсам бас,
Етарли яна
ёмғирнинг мўлжалга олмай ёғиши.

Мен ёввойи ўтман.
Қайтадан чиқаман беаёв янчсанг.
Мени ошёнимдан жудо этолмас
кирланган панжанг.

Мен ёввойи ўтман —
Заминдан бошқа ҳаммага…

02Bugungi sahifamizda Samarqand viloyatining Oqdaryo tumanida tugʻilgan shoira qizim Gulhayo Anorova sheʼrlarini mutolaa qilishingiz mumkin.

GULHAYO ANOROVA
SHEʼRLAR
07

***

Sening tushing boʻlak, tushlaring boʻlak,022
Qanotlari moviy qushlaring boʻlak.
Adirday kerilgan koʻkragingdagi
Duldulga yaqining, xushlaring boʻlak.

Kelib koʻr, bolishim simirgan tushda
Ruhing kaftimdagi duoday nafis.
Har sahar bilqillab pishgan quyoshda
Sen borsan, sen borsan, sen borsan yolgʻiz.

Men ham bir bitikman, yozugʻi mubham.
Barchinoy qonida tepchigan isyon.
Kaftingga toʻkilib turgan peshonang
Meni sigʻdirolmas, jonim, hech qachon.

Men bir qushcha edim, vujudi titroq,
Koʻzlarida hadik, qanotlari hoʻl.
Meni qay kuylarga aldanib qolib,
Uchirma qilding, ey qush uya koʻngil?!

***

Yaqinlashib kelar noyabr
Daraxt yashil qushlardan ayro.
Kipriklarim sanaydi kimdir
Moʻltiragan yulduzlar aro.

Tun qoʻynida toʻlgʻonar sukun,
Toʻlgʻonadi shamollar karaxt.
Tol titraydi tanasi yupun
Mudrogʻida uygʻonar farah.

Va yodimga tushadi birdan
Daryo kabi oʻsha moviy koʻz.
Viktor Soyning kuylari bilan
Jilmaygancha qolaman yolgʻiz.

Registonning osmoni egik.
Suyar titroq toʻla yelkamni.
Ey daryo qalb, sevib boʻlarmi
Qirqta yamoq boʻlgan yelkanni?!

Juda yaqin kelar noyabr.
Daraxt yashil qushlardan xoli.
Sen qayerdan bilarding, axir,
Ketayotgan qushning ahvolin.

Sen qayerdan bilarding, axir…

***

Bugun yorugʻ oy toʻlgan kecha,
Toʻkilmoqda yulduzlar ruhi.
Bulut suzib borar, sohilga
Toʻshin urgan toʻlqinlar kabi.

O, bu zamin asov dengizdir.
Ulkan shahar makridan bezor
Otlanaman koʻksida maysa
Ungan adir, qishlogʻimga zor.

Meni yengib bormoqda, jonim,
Seni asir etolmagan his.
Koʻzlaringdek oʻychan termulib,
Kuzatadi ortimdan fonus.

Yoʻqolsa gar ulkan kemaning
Boshi uzra yelkan parvona.
Qara, unda qolmagay qudrat,
Yo shafqatli boʻlmas poʻrtana.

Bugun yorugʻ oy toʻlgan kecha.
O, yonimda boʻlsayding shu on.
Seva olsang menga joʻr boʻlib,
Sen – avvalim-oxirim debon.
Bugun yorugʻ oy toʻlgan kecha

***

Bulutlar – kuralgan qorday shalabbo,
Sizib toʻkilmoqda koʻk panjasidan,
Sizib toʻkilmoqda chaqmoq, guldirak
Osmonning moviyrang paranjisidan.

Yelkalashib turgan qadrdon togʻlar
Boshida aylangan burgutga qara.
Koʻtarsin ruhida ozod qush isyon,
Tashlab ketolmagay maskanin sira.

Goʻdak nafasiday begʻubor havo,
Oʻz rohati uchun kuylaydi toʻrgʻay.
Gʻovgʻalar ichinda, sukut ichinda
Toʻlqinlar toʻlgʻonib qoʻlimni soʻrgay.

Gʻujum kapalakka koʻmilgan bodom
Kerishib uygʻonar, ildizi yagʻir.
Shunday nafis chogʻda hisdan mosuvo,
Gʻoyalar bagʻrida yashamoq ogʻir.

***

Oy payvandlab borar nurlarin,
Hislarimni qiladi taftish.
Sogʻinch bilan yashamoq mushkul,
Juda ogʻir seni sogʻinish.
Oyga panja botirar daraxt,
Zanglagan arava — gʻichirlab.
Toʻlqin-toʻlqin shamol yollari
Nenidir eslatar pichirlab…
Jon boricha eshildi eshkak.
Men kemaman. Yuragim – yelkan.
Qayda erur nomsiz sohilim,
Qayda umid – langar qadalgan?
Tutilmoqda mening hilolim,
Endi mening osmonim yakto.
Endi senga gullamoq oni,
Endi senga yor boʻlsin navo.

Hovuchingdan ketarman oqib.
Men- ki, qumdan yaralgan bino.
Titroq toʻlgan yelkalar uchun,
Suyanmoqqa chinor boʻl, chinor!

***

Boʻgʻzimda uluv bor, koʻzimda gʻulu,
Mezon iplarida raqs etgan dorboz.
Qaylarda tuproqni koʻpchitgan suruv,
Qayerga ketmishdir bogʻlarim qiygʻos?
Yenglarim namlangan, pochalarim nam,
Bu xazon faslidan tomgan koʻz yoshmi?
Yoqamni shalabbo qildimi shabnam?
Asrab qololmadim bir yomgʻirpoʻshni.
O, shoʻrlik umrimning uzaygan fasli,
Koʻksimda yarador toʻlgʻongan suron.
Bevaqt qulatilgan niholman asli,
Boʻronda toʻnkalar topajak omon.
Men qafas ichinda sayragan bulbul,
Sen navo ichiga yashirgan qafas.
Menga anglattirgin, menga tushuntir,
Qushman.
Nega erkim oʻzimda emas?
Boʻgʻzimda uluv bor, koʻzimda gʻulu.

***

Koʻzlaring qiymadi boʻsaga,
Lablarimdan sut hidi anqir.
Tuygʻularim tugunlaridan
Yigirilar tasbehlar bir-bir.
Havolanar boshqorongʻi oy,
Oʻz girdiga tortmoqlab oʻrov.
Tashqarida yogʻadi yomgʻir,
Tashqarida toʻkilar qirov.
Garchi, senga yetmaydi haddim,
Garchi, juda yolgʻizsan bu kech.
Yelkang uzra qoʻymoqqa boshim,
Na shafqat bor, na-da biror kuch.
Payqamaysan gʻussalarimni,
Men hislarni etmam yalongʻoch.
Tomiringdan haydalgan qushlar,
Koʻzlarimga qoʻnar, simyogʻoch.
Halinchakman – pastman, balandman.
O, naqadar yolgʻizman bu kech.
Senga ayon boʻlsa-da bari,
Oʻtinaman, chorlamagin hech.
Garchi, senga yetmaydi haddim…

***

Oqdaryolik edim, hozir ham shunday.
Qogʻoz kemalarga ortilgan orzu.
Saharda koʻrilgan tushingiz tinglab,
Yuzingiz yuvgani oshiqadi suv.
Qirgʻoqman – qovjirab ketgan nigohi,
Sohilman – lablari obiga tashna.
Bogʻcha bolasiday erka yuragim
Rangli tuygʻularga boʻlgan oshino.
Taqdiri ochilar qadim minorning,
Registon manglayin oʻpmoqda samo.
Ruhobod oldida choʻkkaladim tiz,
Tarixni bilmasam jiddiy muammo.
Yoshlar xiyoboni. Xayol suraman
Koʻzingiz qaʼriga choʻkkan osmonni.
Uygʻotib yuborar haybati birdan
Yuzlarin ters burgan Sohibqironning.
Kechir, gumbazlari yarashgan shahar,
Ne qilay, qalbimda muhabbat bisyor?!
Ne qilay daryoni sevaman juda,
Uning ham yurtida “daryo” soʻzi bor.
Asolman tonglari dengizga boqqan,
Qizil yelkanlarni kutgan necha yil.
Yigirmaga yetmay, muddati oʻtgan,
Issiqda taʼmini yoʻqotgan koʻngil.
Biz oʻsha, ishq tomon talpingan toʻlqin.
Daryoning mavjiga monand feʼlimiz.
Sendan qanday olis ketsin, Samarqand
Ostonasin xatlab oʻtolmagan qiz.
Oqdaryolik edim, hozir ham shunday…

***

Yulduz qirralarin sanchar koʻzimga,
Yosh juvon koʻksidek tarangdir osmon.
Otam yelkasiga minib oʻtkazgan
Umrini tushida koʻradi ketmon.
Pillaga yem boʻlgan qari tut uxlar –
Har yogʻi kesilgan nimkala Shiroq.
Uygʻonar qaltirab, titrab, qovjirab
Xazonrez chogʻlarni tush koʻrgan yaproq.
Hoy uvlab kezuvchi tillari kesik,
Ichimda toʻzgʻib ket, gar shamol boʻlsang.
Senga ogʻirligi tushgan yurakni
Bandidan uzib ket, gar malol boʻlsa.
Sigʻinib yashadim tuygʻularimga,
Ishqsiz har oʻtkazgan soniyam – Qazo.
Menga adogʻi yoʻq dardingni bergin,
Seni har nafasda yoʻqlayman, Xudo.
Yulduz qirralarin sanchar koʻzimga.
Qaroqqa toʻldirib qoʻydim osmonni.
Va ichib ketaman soʻngi manzilga
UNDAN judo boʻlgan soʻnggi havoni!

***

Goʻshakdan tomchilab toʻkilar
Sogʻinchrang soʻzlarning yigʻisi.
Nahotki shu mitti vujudning
Oʻzidan ulkanroq qaygʻusi?
Bagʻrimga bosaman goʻshakni,
Quchogʻim toʻldirar ovozing.
Tushiga kiribsan u kuni
Uxlolmas moy bosgan juvozing.
Seni ham yoʻqlarmi yakuni
Uyquga aylangan ertaklar?
Ayamning yoshiga choʻmilar
Burnimizni artgan etaklar.
Sen ekkan daraxtlar ulgʻaygan,
Singlingga yasab ber halinchak.
Dunyodan keng ekan quchogʻi,
Oromga limmo-lim belanchak.
Akam- ay, topib ber qayerda
Shinnilari qotgan piyola?
Choʻntagida nonning uvogʻin
Chumoliga yem qilgan bola?
Soʻraysan: porloqmi umidlar,
Hali ham tozami koʻzlaring?
Akajon, nahotki bir bora
kelmaydi koʻnglimni soʻraging?!
Nima ham qilarding, kechirgin,
Oʻzimni oqlashga asos yoʻq.
Singlingning mushtchalik yuragi
Ulgʻayib qoʻyibdi besoʻroq.

***

Moviy soʻz toʻkilar moviy kenglikdan.
Moviy yoʻl izladim dengizlar tomon.
Ismimni, jismimni tamom unutdim
Moviy koʻzlaringga boqqanim hamon.
Oʻzaning oʻzgadir, oʻzaging oʻzga.
Sen boshqa daryosan, men boshqa daryo.
Ishq otli quyunlar kelgan pallada
Adashgan menmi yo, koʻngilmidi yo.
Kimlar bilan bandsan, kimlarga bandi,
Seni charchatdimi mendagi taxmin?!
Men tortib yashayman fursat yukini,
Sen totib yashaysan rashkimning zaxmin.
Men sevaman axir sendanam koʻproq
Oq mavjlar toʻzgʻigan daryolarimni.
Bilaman, menga hech koʻrmaysan ravo
Qashqirlar izgʻigan daryolaringni.
Oʻzanim oʻzgadir, oʻzagim oʻzga.

***

Qishloq – onamning qovogʻi kabi soʻlgan oy.
Qush uyasin asrash chun yogʻoch
Zangor fasllardan kechgan, hoynahoy.
Yomgʻir — rizq toʻla hovuchlar, kaftlar.
Osmon yoshlarini simirib,
Boshi ogʻirlashgan daraxtlar.
Qay yelkadan yiqilgan tomchi –
Hislarim mungʻaygan, maʼsuma.
Ketayotgan qadamlar namchil…
Mening umrim yomgʻir qoʻynida.
Shu xazonlar haqqi, qoʻllarim
Seni olib ketgan Kuzning boʻynida.
Shunday dilbar Kuzning boʻynida.

OQSOCHNING BIR KUNI

Quyoshning zar kokillaridan
Mavjlar toʻqiy boshlar soʻzana.
Osmonning toʻrt tomoni ufq —
Soʻyilgan tuygʻular boʻzargan.
Chanqab yotgan gullarni koʻrib,
Xalovatsiz qoladi oqsoch.
Kokillarin ezgan roʻmolga
In qurganga oʻxshar qaldirgʻoch.
Toʻshagida uxlar xavotir.
Dard yopishgan loy kovushiga.
Channab yotgan xazonyoʻlakdan
Kirib borar daraxt tushiga.
Har sargʻayib yiqilgan barglar
Bolasiday koʻrinar mayib.
Va vaʼdaboz, qasamxoʻr erga
Xayolida qoʻyar jilmayib.
Togʻorada kir yuvar ayol,
Tish ostida yigʻlar yoriq lab.
Xoʻjayindan olar alamin
Kiyimlarin ezib, tepkilab.
Oqsoch sigʻmas zamin bagʻriga.
Kech. Osmonga qolar termulib.
Entikadi tun roʻmolidan
Yulduzlarni termoqchi boʻlib.

***

Ibodat deb tizilgan safga
Uchib borar turnalar shodon.
Muazzinning kuyidek sokin
Kishnab devin quvar toʻrajon.
Aytmaysanmi menga, toʻrajon?!
Yoʻqotilgan tushlarin izlab,
Shamol kezar telba, sar-sari.
Puchuq burni namlangan qizcha
Oʻynab yurar ufqdan nari.
Qaytmaysanmi endi, toʻrajon?!
Singlim degin, egachim degin,
Dunyo, meni qoʻyma yolgʻizlab.
Qoʻrgʻoshindek quyilar birdan
“XAYR” degan simob sizillab.
Ketyapsanmi mendan, toʻrajon?!
Bu simob-ki vulqon boʻgʻzidan
Sachrab chiqqan eng soʻngi nido.
Nido erur qaqnus qanoti
Kabi olov qoʻynida paydo.
Kuymaysanmi, shoʻrlik toʻrajon?!
Iltijolar qilaman tinmay,
Eʼtiqodim, chidab ber abad.
Men jangchiman! Janglarda oʻlsa
Boʻlmasmidi orsiz muhabbat?!
Jangsiz oʻlmaysanmi, toʻrajon?!

***

Niliy osmon yorugʻ koʻzini
Ufq ortiga qiladi dafn.
Bahorgacha allalar daraxt
Yoʻrgakka oʻralgan kurtagin.
Xush kelsin!
Tushlarimda uxlagan ranglar
Koʻzlarimga purkaydi hovur.
Kutmoq ogʻir, kutmoqligim baxt
Qondan qoʻrqmas qilichni yovqur.
Xush kelsin!
Qutqu solar dengiz gurungi,
O, naqadar zangori qudrat?!
Tinglagandim baliqlar ohin –
“Muteligim Xudoga faqat
Xush kelsin”!

***

Tomirlab bormoqda oyning nurlari.
Ushala boshlaydi uvada bulut.
Quyosh kutaverib qiynalgan qushlar
Boʻgʻzida don kabi bus-butun sukut.
Menga kuylab bering, emranib kuylang.
Tangri nafasiga chayilsin baxtim.
Ajinlari asriy gʻuborga toʻla,
Yigʻlang, ilduzlari chuqur daraxtim.
Tubanlashib borar farishta ruhim.
Menman boʻgʻzin tigʻga qadagan ohu.
Qay xislatim uchun, koʻzgudagi qiz,
Meni anglamoqqa etilding mahkum?

***

Haydovchiga boqdim mungʻayib,
Manzilimni soʻrdi dafʼatan.
“Tol koʻcha”, deb ayta olmadim,
Tol chaqmoqda yoniblar ketgan.
“Qayerda tushasiz?”, yana shu savol.
Nima deb atayman ship-shiydam yoʻlni.
Koʻrindi na hayvon, na zogʻ koʻrindi,
Tutaqib qargʻayman oʻng-u soʻlimni.
Birdan xotiramga quyildi oydin,
Birdan yodga tushdi oqshomlar oʻsha.
Toʻxtating, toʻxtating, mening manzilim
Oshiqlar makoni – kuygan tol .

***

Zarbga aylanar nigoh,
Soʻz demoqqa ogʻiz berk.
— Had bilmagan cheklovlar
Va haddidan oshgan erk.
Musht boʻlib tugilgan lab
Qontalash ishq xotiri.
Shamol esar dargʻazab,
Bosolmayin hovurin.
Zaxa tortgan yurakning
tublarida diydirab,
Duldul kezar, qonlari
Tovonida sirqirab.
Yoʻldagi yolgʻiz qabr
Zor bir hovuch duoga.
Oʻsha qabrdayin his,
Ilinjing qay maʼvoda?!
Oʻpkadan chiqqan dudda
Chizasan baxt suratin.
Senga kelganda kamdek
Xudoning muruvvati.
Zarbga aylanar nigoh,
Soʻz demoqqa ogʻiz berk.
— Had bilmagan cheklovlar
Va haddidan oshgan erk.

***

Aka, sogʻinasanmi sen ham
qishloqning qishi,
sovuqdan qochgan taftlarning sandal atrofiga yigʻilishi,
dadamning somon hidi anqigan bolishi?
Faqat, faqat dadam yotar edi oʻz joyida —
oʻz karavotida.
Balki sovqatmagan,
Balki oʻt oʻynagan haroratida.
Aka, sogʻinasanmi yana
ayvondagi musichaning tovshin,
Ayamning yomgʻir suviga kir yuvishin?
Qancha chumolini koʻmar edik
ostona tuproqlarini oʻyib.
Ustiga gullar qadab qoʻyardik.
Opam charchamasdi bizlarni koyib.
Bugun tarqab ketdik, toʻzgʻib ketdik.
Qarashlar, qarichlar oʻzgardi ancha.
Yuzlarni yorugʻ, yuzlarni oq qilish uchun yoʻlga chiqqanmiz.
Faqat, faqat oʻylayman oʻsha
yomgʻir yuvgan loyqa devorni,
Sham qoraytgan uyning burchini
qachon ohlab qoʻyamiz, aka,
Qachon oqlab qoʻyamiz, aka?!
Sen bilmaysan kuzatganimni
yigʻlaganing pana-panada.
Musht ursa mushtchalik chiqmagan,
Moviy hislarini yiqmagan
yuragimiz qaysi tanada?!

TUSH

Sen kemaday chayqalar eding,
Vujudingga urilar toʻlqin.
Qoʻllarimni tutib, “muz”, deding,
O, koʻzlaring baxmaldek mayin.

Yuzlaringga solmishdir naqsh
Bolishlarning boʻrtgan tomiri.
Qora kiygan kipriklar uyqash,
Sajdasida hislar xotiri.

Tushlaringda boʻlsam namoyon,
Menga oshkor boʻladi tafting.
Tushlaringda oʻparman toʻyib,
Ikkimiz-chun ochilgan kafting.

Men kemaday chayqalar edim,
Vujudimga urilar toʻlqin.
Chala yongan suratlar kabi,
Bu tush yodda qolmadi yorqin.

Va tumandek tarqadi bari,
Bu kuy aro yoʻqolgan nota.
Ana, koʻkda quyosh koʻrindi,
Xoʻrsiniqlar uchar havoda.

***

Men yovvoyi oʻtman.
Shart emas
kimningdir ekishi yo parvarishi.
Quyoshni koʻrsam bas,
Yetarli yana
yomgʻirning moʻljalga olmay yogʻishi.

Men yovvoyi oʻtman.
Qaytadan chiqaman beayov yanchsang.
Meni oshyonimdan judo etolmas
kirlangan panjang.

Men yovvoyi oʻtman —

Zamindan boshqa hammaga…

22

(Tashriflar: umumiy 603, bugungi 1)

Izoh qoldiring