Ibrohim Haqqulga bag’ishlov

021    Таниқли олим Иброҳим Ҳаққул таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан тақдим этилаётган бугунги саҳифада устоз шоирлар Рауф Парфи, Жамол Камол, Усмон Азим, Хуршид Даврон ва шоира Лайло Шарипованинг таниқли адабиётшунос олимга бағишлаб ёзилган шеърлари ва мақолаларини мутолаа қиласиз.

ИБРОҲИМ ҲАҚҚУЛГА БАҒИШЛОВЛАР
033

Рауф ПАРФИ
СИЁВУШ

Иброҳим Ҳаққулга

Эй қора юракли бойқуш, сенга қолғон
Вайронани қутламак учун келдим.
Абдурауф Фитрат (“Абулфайзхон”)

1. Эй сен сўқир қувваъ, эй сен чиркин тахт,015
Туғдирган тухмингнинг оқини ичдинг.
Мақтулнинг, олтуннинг фарёди бир бахт,
Қутурган нафсингнинг занжиринг ечдинг.

Маъбадлар тобламиш ўзига башар,
Онларин ичинда энг шуми шайтон,
Ўликлар устинда машварат, ҳашар,
Тоғ келбат ўғлонлар майити майдон.

Ирфоннинг қўлларин, қанотин кесдинг,
Ёвуз саодат сен, ёнглишқон кўлка,
Остингда ётқонни бағрингда эздинг,

Тепангга инганни ирғитдинг кўкка.
Борлиқни талатдинг, вабо таратдинг,
Яратганни писқиб ўзинг яратдинг.

2. Тириклик синчини, авом тинчини,
Синдирдинг – кўксимнинг синиқларини.
Эрларнинг сиртини, аёл ичини
Булғотдинг – сувларнинг тиниқлигини.

Қаламдан ўч олдинг, Сўзини ўйдинг,
Сенинг қўлингдами ойнинг ажали?!
Отанинг тийғи-ла ўғилни сўйдинг,
Санчилди отага ўғил ханжари.

Эртўнгадан тортиб то Раҳим тўнка,
Ҳаром хоин, варам сотқин туғилмиш.
Инсоннинг хаёли, ҳиддати тўнган.

Осмон нафас олмас, инсон бўғилмиш,
Ўзинг тобинтириб, ўзинг сўясан.
Ҳақиқат этига қачон тўясан?!

3. Нечун юракда тош, кўзларда ҳузун,
Нечун?! Хўрланган инсонлар фарёди? –
Нечун? Нечун ёлғоннинг умри узун?
Нечун? Тирилмасми ўтганлар ёди?

Нечун иймонини сотиб яшайдир,
Нечун қуллигидан бехабар ҳар қул,
Нечун зулм яшар, зулм ошайдир?!
Ҳақсиз оломоннинг тириклиги шул.

Инсонни таҳқирлаш йўллари кўпдир,
Бошида палаҳмон, жигарида ўқ.
Ютгани оғудир, топгани чўпдир.

Наҳот иймон ўчган, топталган ҳуқуқ,
Наҳот бу миллатнинг қаҳрамони йўқ,
Наҳот бу миллатнинг шоири йўқдир?!

4. Офтоб зулмин ютар зулмат аҳкоми,
Шоқолдек увлайсан, итдек ҳурасан,
Эй бойқуш қафаси, аждаҳо коми,
Бунёни дунёга токай урасан.

Инсонлик фитрати уйғонгунча тур,
Ич ҳақнинг қонини юҳо жомида.
Чорасиз Ҳақиқат, ул илоҳий нур,
Абад қолиб кетмас ваҳшат домида.

Қачон уйғонадир халоскор даҳо?
Бир жаҳон қуёшга чулғаниб келур!..
“Жаҳон ганжига шоҳ эрур аждаҳо,
Ки ўтлар сочар қаҳр ҳангомида,

Унинг коми бирла тирилмак эрур,
Маош айламак аждаҳо комида” .

3.09.2001

Жамол КАМОЛ
ҲАҚИҚАТ СЕВГИСИ

Иброҳим Ҳаққулга

Маълумки, оламнинг гавҳаридур ҳақ,
Ҳақиқат – кўздаги гавҳар, қорачиқ.
Гоҳида нисбийдир, гоҳида мутлақ,
Гоҳида шириндир, гоҳида аччиқ.

Эй менинг ардоқли укам Иброҳим,
Ҳақиқат кўйида изловчидирсан.
Гоҳида тунддирсан, гоҳи мулойим,
Гоҳида йиғловчи, бўзловчидирсан.

Шофиркон боғлари очганда чаман,
Ҳақиқат ўт бўлиб жонингга кирмиш.
Балки Қизилқумнинг қуёши билан,
Кўзиннгга сингмишу қонингга кирмиш.

Мунаққид адибсан, ҳақиқат шиор,
Мухлисларинг кўпдир шаҳарлик, кўйлик.
Дўстларинг оз эмас, рақиблар ҳам бор,
Осон эмас сенга ҳақиқатгўйлик.

Ҳақиқат товланур шу олам аро,
Гоҳида оқ эса, гоҳида яшил.
Гоҳида мусибат рангидек қора,
Гоҳида юракнинг рангидек қизил.

Офтобда етти ранг жило бор магар,
Етти ранг товланур сайёралар ҳам.
Майлига, не рангда бўлмасин ўшал,
Ҳақиқат излашдан чарчама, укам.

Осмонинг мусаффо, юлдузинг порлоқ,
Йиққан шу хазинанг мангу бор бўлсин.
Танинг тирик экан, идрокинг уйғоқ,
Ҳақиқат севгиси сенга ёр бўлсин.

Усмон АЗИМ
БУХОРОДА САЙР

Иброҳим Ҳаққулга

Қаср бобом,04
Қўрғон бобом.
Минор бобом,
Қилич бобом.
Қўрқинч бобом,
Қалқон бобом.
Ботир бобом,
Ўкинч бобом.
Асир бобом,
Сабр бобом.
Хор-зор бобом.
Гадо бобом.
Адо бобом.
Тупроқ бобом,
тупроқ бобом,
тупроқ бобом,
тупроқ бобом,
тупроқ, тупроқ,
тупроқ, тупроқ,
тупроқ…

Изли бобом,
Изсиз бобом.

Бухоронинг ўртасида
Лол турибман:
Ҳар гард – бобом,
Ҳар дард – бобом.
2007.

Лайло ШАРИПОВА,
ҚАЛДИРҒОЧНИНГ ЎТИНЧИ

Иброҳим Ҳаққулга

Сен-ку мудом уйғоқ эдинг, хоб элтгани йўқ эди,
Бойчиборинг жуда учқур, шундан кўнглинг тўқмиди,
Не ғафлатки, девлар бугун юрагинг қон айлади,
Ахир ёлғиз эмасдинг-ку, нажоткоринг қайдадир!
Не бўлса ҳам эгилмагин, ботир оғам, эгилма!

Барчинойнинг ол рўмоли оппоқ бўлиб тугилди,
Мунглар енгмиш сарвқомати ёй мисоли эгилди,
Осмон йиғлар, гўё дарди чок-чокидан сўкилди,
Девлар хурсанд айтаётир: “Ботир қадди букилди”,
Бўлгин бардам, эгилма, ҳей, ботир оғам, эгилма!

Алпомишни ўстирган эл кўкраги тоғ бўлади,
Алпомиши эгилса гар ўша улус ўлади,
Боғу роғлар булбул эмас, зоғлардан-да тўлади,
Сен эгилсанг гулгун юзим заъфарондай сўлади,
Алп оғам-ей, эгилмагин, ботир оғам, эгилма!

Мададкоринг борми, йўқми, ёвни енгар кучинг бор,
Оға, агар таслим бўлсанг, элинг учун дунё тор,
Бойчиборинг шайла, оғам, учсин қанот чиқариб,
Парвозингни кўриб боши осмон бўлай мен ғариб,
Қаддинг кўтар, эгилма, жон, ботир оғам, эгилма!

1989

Иброҳим ҲАҚҚУЛГА

Гоҳ жаҳони норасо, оғриган жоним билур,
Синмагай дол ҳақ эса, шу ҳалол ноним билур.
Гар амали илм эрур, илми амал бағриндадур,
Тил била дил бирлигин гувранар қоним билур.

Ҳақ деди ким ҳалқ деди шу заминга бош қўйиб,
Сарбаланд бўлди вале, шону арконим билур.
Мен улуғман деб замин кўксига тепганлар, билинг,
Ҳаққа қул бўлган улуғдир, нурли имоним билур.

2009

Хуршид ДАВРОН
ЙЎЛДОШИМ
033

Ҳар бир инсон умри бамисоли йўл. Йўл бўлгандаям, охири номаълум, неча машаққатли довон, қанча масофа борлиги ноаниқ йўл. Бу йўлни инсон бир ўзи босиб ўтмайди. Илк қадамларидан бошлаб йўлдошлар унга ҳамроҳ бўлади. Олди-ю кетида дастлаб ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, кейинчалик умр йўлдоши, фарзанду набиралари қадам ташлайди. Бу йўлда у кўнглига яқин, фикрдош дўсту жўралар орттиради. Бу инсонлар нафақат йўлдош, шу билан баробар йўлчининг сафдошларига айланади. Мабодо йўлчи ижодкор бўлса, бу сафдошлари унинг маънавий, яъни умрини маъно билан бойитган ва мақсад сари интилишига мададкор бўлган ғоядошу маслакдошларига айланади. Иброҳим Ҳаққул менинг айни шундай маслакдош йўлдошимдир.

07Иброҳим Ҳаққул камина мансуб бўлган авлоднинг вакили. “80-йиллар авлоди” номи билан адабиётимиз тарихида қолган тенгдошларимнинг ижодий шаклланишида унинг салмоқли хизмати бор. Мумтоз адабий меросни тадқиқ этиш баробарида фаол ижтимоий шахс сифатида ўз тенгдошлари ижодини сезгирлик билан кузатди, ёлғоннинг ёлғонлигини, холис сўзни мақтовдан устунлигини ҳар бир мақоласида намоён этди. Унинг ўзбек адабиёти тараққиётида муҳим ўрин олган янги наслнинг адабий қарашлари-ю, ўзига хос ютуқ ва камчиликларига бағишланган, айниқса, ўша йилларда Москва аксирганда ўша заҳоти рўмолчасини олиб, бурнини артадиган бир гуруҳ шўровий адабиёт ақидапарастлари бу авлод вакилларини тузумга қарши фикр юритишда айблаганда, уларга қарши ёзилган мақолаларини ҳозиргача ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди.

Сўнгги чорак асрда Иброҳим Ҳаққулнинг адабий қарашлари янада кенгайди. Бу олимнинг Аҳмад Дониш, Садриддин Айний, Абдулла Қаҳҳорга бағишланган эсселарида намоён бўлди.

Ярим асрга яқин ҳамнафаслик туфайли Иброҳим акадан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Бу ўрганиш ҳалигача тўхтагани йўқ. Энг ажойиб жиҳати шундаки, шу узоқ вақт давомида Иброҳим Ҳаққул деган шахс сийратини тўла-тўкис билиб олдим, десам, ёлғон айтган бўламан. Бунинг сабаблари кўп. Энг бошланғич сабаби Иброҳим ака шахсияти бир мақомда қолиб кетмасдан, ҳамиша бойиб борганида, ўзгарганида бўлса керак. Бу тўхтовсиз жараён, энг аввало, Иброҳим аканинг ҳазрат Алишер Навоий олами иқлимида яшаб келаётгани билан боғлиқ бўлса керак, деб ўйлайман.

Навоийшунослик ҳақидаги ҳар қандай гапни “Бисмиллоҳ” деб бошлаш нечоғлик мувофиқ бўлса, давомини “Бу майдон ичра турмоқ” машаққатини англаган ҳолдагина давом эттириш керак, деб ўйлайман. Зеро, Навоийни англаш ва билиш учун ёлғиз билимнинг ўзи кифоя эмас; фаҳму фаросат, ички ҳис этиш қобилияти мавжуд бўлиши, Қуръони карим, Илми калом, Ислом тарихи ва маърифатига оид, тасаввуф ирфони, тариқатлар маслакларидан, маълум маънода илми ғайбдан, хуллас, қирқ бир синоатдан хабардорлик керак. Навоийшунослик фақат Ҳазрат Навоийни эмас, бобомиздан асрлар олдин қалам сурган Кошғарийдан бошлаб то бугунги кун ҳали нафаси кетмаган Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон меросидан ҳам огоҳ бўлиш керак. Иброҳим ака ўзидан олдинги айни шу амалларга риоя қилган устозлари йўлидан бораётган олимдир.

Неча авлодлар Ҳазрат Навоийдан бехабар ўтдилар. Афсуски, бу бехабарлик ҳамон давом этмоқда. Яқинда интернет тармоғида мамлакат ёшлари ташкилотининг бир одами томонидан ёйинланган “Навоий светофор ҳақида ёзганми?» деб номланган видеолавҳани кўриб қолдим. Лавҳадаги йигитча ҳаяжон билан аввал дунёдаги биринчи светофор илк бор 1868 йилда Лондонда ўрнатилгани ва унинг ихтирочиси кимлиги ҳақида маълумот беради. Шундай кейин: “Ушбу светафор ранглари ҳақида эса Алишер Навоий ўз даврида шундай ёзади” деб Ҳазратнинг сўфиёна маънолар мужассам этилган “Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ яшил, Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил” матлали ғазалини қироат билан ўқиб беради.

Мен бу ҳолатни айтиш билан дод-вой қилишдан йироқман. Фақат бугун ҳам Иброҳим Ҳаққул ва бошқа навоийшунослар фаолиятига яна кўпроқ диққат қилиш заруратини айтишни истайман, холос.

Тўғри, Ҳазрат ижодий оламини англаш ҳаммагаям насиб этмайди. Шу пайтгача “Мен Навоийни биламан” деб айтган ҳар қандай одамга ишонмаганман. Аммо, улуғвор мероснинг маълум қисмидан баҳра олиш талаби ҳар биримизда мавжуд бўлишини истайман. Энг даҳшати, бобомеросимизни тарғиб қилишда учрайдиган чаламуллалигу фаросатсизлик билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатга кучим борича қарши боришни бурчим деб биламан. Бу истак ҳам муайян маънода Иброҳим Ҳаққул ва унинг адабий мақолалари туфайли шаклланганини алоҳида таъкидлайман.

2019

033Taniqli olim Ibrohim Haqqul tavalludining 70 yilligi munosabati bilan taqdim etilayotgan bugungi sahifada Xalq shoirlari Rauf Parfi, Jamol Kamol, Usmon Azim, Xurshid Davron va shoira Laylo Sharipovaning taniqli adabiyotshunos olimga bagʻishlab yozilgan sheʼrlari va maqolalarini mutolaa qilasiz.

IBROHIM HAQQULGA BAGʻISHLOVLAR
033

Rauf PARFI
SIYOVUSH

Ibrohim Haqqulga

Ey qora yurakli boyqush, senga qolgʻon04
Vayronani qutlamak uchun keldim.
Abdurauf Fitrat (“Abulfayzxon”)

1. Ey sen soʻqir quvvaʼ, ey sen chirkin taxt,
Tugʻdirgan tuxmingning oqini ichding.
Maqtulning, oltunning faryodi bir baxt,
Quturgan nafsingning zanjiring yechding.

Maʼbadlar toblamish oʻziga bashar,
Onlarin ichinda eng shumi shayton,
Oʻliklar ustinda mashvarat, hashar,
Togʻ kelbat oʻgʻlonlar mayiti maydon.

Irfonning qoʻllarin, qanotin kesding,
Yovuz saodat sen, yonglishqon koʻlka,
Ostingda yotqonni bagʻringda ezding,

Tepangga inganni irgʻitding koʻkka.
Borliqni talatding, vabo taratding,
Yaratganni pisqib oʻzing yaratding.

2. Tiriklik sinchini, avom tinchini,
Sindirding – koʻksimning siniqlarini.
Erlarning sirtini, ayol ichini
Bulgʻotding – suvlarning tiniqligini.

Qalamdan oʻch olding, Soʻzini oʻyding,
Sening qoʻlingdami oyning ajali?!
Otaning tiygʻi-la oʻgʻilni soʻyding,
Sanchildi otaga oʻgʻil xanjari.

Ertoʻngadan tortib to Rahim toʻnka,
Harom xoin, varam sotqin tugʻilmish.
Insonning xayoli, hiddati toʻngan.

Osmon nafas olmas, inson boʻgʻilmish,
Oʻzing tobintirib, oʻzing soʻyasan.
Haqiqat etiga qachon toʻyasan?!

3. Nechun yurakda tosh, koʻzlarda huzun,
Nechun?! Xoʻrlangan insonlar faryodi? –
Nechun? Nechun yolgʻonning umri uzun?
Nechun? Tirilmasmi oʻtganlar yodi?

Nechun iymonini sotib yashaydir,
Nechun qulligidan bexabar har qul,
Nechun zulm yashar, zulm oshaydir?!
Haqsiz olomonning tirikligi shul.

Insonni tahqirlash yoʻllari koʻpdir,
Boshida palahmon, jigarida oʻq.
Yutgani ogʻudir, topgani choʻpdir.

Nahot iymon oʻchgan, toptalgan huquq,
Nahot bu millatning qahramoni yoʻq,
Nahot bu millatning shoiri yoʻqdir?!

4. Oftob zulmin yutar zulmat ahkomi,
Shoqoldek uvlaysan, itdek hurasan,
Ey boyqush qafasi, ajdaho komi,
Bunyoni dunyoga tokay urasan.

Insonlik fitrati uygʻonguncha tur,
Ich haqning qonini yuho jomida.
Chorasiz Haqiqat, ul ilohiy nur,
Abad qolib ketmas vahshat domida.

Qachon uygʻonadir xaloskor daho?
Bir jahon quyoshga chulgʻanib kelur!..
“Jahon ganjiga shoh erur ajdaho,
Ki oʻtlar sochar qahr hangomida,

Uning komi birla tirilmak erur,
Maosh aylamak ajdaho komida” .

3.09.2001

Jamol KAMOL
HAQIQAT SЕVGISI

Ibrohim Haqqulga

Maʼlumki, olamning gavharidur haq,
Haqiqat – koʻzdagi gavhar, qorachiq.
Gohida nisbiydir, gohida mutlaq,
Gohida shirindir, gohida achchiq.

Ey mening ardoqli ukam Ibrohim,
Haqiqat koʻyida izlovchidirsan.
Gohida tunddirsan, gohi muloyim,
Gohida yigʻlovchi, boʻzlovchidirsan.

Shofirkon bogʻlari ochganda chaman,
Haqiqat oʻt boʻlib joningga kirmish.
Balki Qizilqumning quyoshi bilan,
Koʻzinngga singmishu qoningga kirmish.

Munaqqid adibsan, haqiqat shior,
Muxlislaring koʻpdir shaharlik, koʻylik.
Doʻstlaring oz emas, raqiblar ham bor,
Oson emas senga haqiqatgoʻylik.

Haqiqat tovlanur shu olam aro,
Gohida oq esa, gohida yashil.
Gohida musibat rangidek qora,
Gohida yurakning rangidek qizil.

Oftobda yetti rang jilo bor magar,
Yetti rang tovlanur sayyoralar ham.
Mayliga, ne rangda boʻlmasin oʻshal,
Haqiqat izlashdan charchama, ukam.

Osmoning musaffo, yulduzing porloq,
Yiqqan shu xazinang mangu bor boʻlsin.
Taning tirik ekan, idroking uygʻoq,
Haqiqat sevgisi senga yor boʻlsin.

Usmon AZIM
BUXORODA SAYR

Ibrohim Haqqulga

Qasr bobom,03
Qoʻrgʻon bobom.
Minor bobom,
Qilich bobom.
Qoʻrqinch bobom,
Qalqon bobom.
Botir bobom,
Oʻkinch bobom.
Asir bobom,
Sabr bobom.
Xor-zor bobom.
Gado bobom.
Ado bobom.
Tuproq bobom,
tuproq bobom,
tuproq bobom,
tuproq bobom,
tuproq, tuproq,
tuproq, tuproq,
tuproq…

Izli bobom,
Izsiz bobom.

Buxoroning oʻrtasida
Lol turibman:
Har gard – bobom,
Har dard – bobom.
2007.

Laylo SHARIPOVA,
QALDIRGʻOCHNING OʻTINCHI

Ibrohim Haqqulga

Sen-ku mudom uygʻoq eding, xob eltgani yoʻq edi,
Boychiboring juda uchqur, shundan koʻngling toʻqmidi,
Ne gʻaflatki, devlar bugun yuraging qon ayladi,
Axir yolgʻiz emasding-ku, najotkoring qaydadir!
Ne boʻlsa ham egilmagin, botir ogʻam, egilma!

Barchinoyning ol roʻmoli oppoq boʻlib tugildi,
Munglar yengmish sarvqomati yoy misoli egildi,
Osmon yigʻlar, goʻyo dardi chok-chokidan soʻkildi,
Devlar xursand aytayotir: “Botir qaddi bukildi”,
Boʻlgin bardam, egilma, hey, botir ogʻam, egilma!

Alpomishni oʻstirgan el koʻkragi togʻ boʻladi,
Alpomishi egilsa gar oʻsha ulus oʻladi,
Bogʻu rogʻlar bulbul emas, zogʻlardan-da toʻladi,
Sen egilsang gulgun yuzim zaʼfaronday soʻladi,
Alp ogʻam-yey, egilmagin, botir ogʻam, egilma!

Madadkoring bormi, yoʻqmi, yovni yengar kuching bor,
Ogʻa, agar taslim boʻlsang, eling uchun dunyo tor,
Boychiboring shayla, ogʻam, uchsin qanot chiqarib,
Parvozingni koʻrib boshi osmon boʻlay men gʻarib,
Qadding koʻtar, egilma, jon, botir ogʻam, egilma!

1989

Ibrohim HAQQULGA

Goh jahoni noraso, ogʻrigan jonim bilur,
Sinmagay dol haq esa, shu halol nonim bilur.
Gar amali ilm erur, ilmi amal bagʻrindadur,
Til bila dil birligin guvranar qonim bilur.

Haq dedi kim halq dedi shu zaminga bosh qoʻyib,
Sarbaland boʻldi vale, shonu arkonim bilur.
Men ulugʻman deb zamin koʻksiga tepganlar, biling,
Haqqa qul boʻlgan ulugʻdir, nurli imonim bilur.

2009

Xurshid DAVRON
YOʻLDOSHIM
033

031Har bir inson umri bamisoli yoʻl. Yoʻl boʻlgandayam, oxiri nomaʼlum, necha mashaqqatli dovon, qancha masofa borligi noaniq yoʻl. Bu yoʻlni inson bir oʻzi bosib oʻtmaydi. Ilk qadamlaridan boshlab yoʻldoshlar unga hamroh boʻladi. Oldi-yu ketida dastlab ota-onasi, aka-ukalari, opa-singillari, keyinchalik umr yoʻldoshi, farzandu nabiralari qadam tashlaydi. Bu yoʻlda u koʻngliga yaqin, fikrdosh doʻstu joʻralar orttiradi. Bu insonlar nafaqat yoʻldosh, shu bilan barobar yoʻlchining safdoshlariga aylanadi. Mabodo yoʻlchi ijodkor boʻlsa, bu safdoshlari uning maʼnaviy, yaʼni umrini maʼno bilan boyitgan va maqsad sari intilishiga madadkor boʻlgan gʻoyadoshu maslakdoshlariga aylanadi. Ibrohim Haqqul mening ayni shunday maslakdosh yoʻldoshimdir.

Ibrohim Haqqul kamina mansub boʻlgan avlodning vakili. “80-yillar avlodi” nomi bilan adabiyotimiz tarixida qolgan tengdoshlarimning ijodiy shakllanishida uning salmoqli xizmati bor. Mumtoz adabiy merosni tadqiq etish barobarida faol ijtimoiy shaxs sifatida oʻz tengdoshlari ijodini sezgirlik bilan kuzatdi, yolgʻonning yolgʻonligini, xolis soʻzni maqtovdan ustunligini har bir maqolasida namoyon etdi. Uning oʻzbek adabiyoti taraqqiyotida muhim oʻrin olgan yangi naslning adabiy qarashlari-yu, oʻziga xos yutuq va kamchiliklariga bagʻishlangan, ayniqsa, oʻsha yillarda Moskva aksirganda oʻsha zahoti roʻmolchasini olib, burnini artadigan bir guruh shoʻroviy adabiyot aqidaparastlari bu avlod vakillarini tuzumga qarshi fikr yuritishda ayblaganda, ularga qarshi yozilgan maqolalarini hozirgacha hayajonsiz oʻqib boʻlmaydi.

Soʻnggi chorak asrda Ibrohim Haqqulning adabiy qarashlari yanada kengaydi. Bu olimning Ahmad Donish, Sadriddin Ayniy, Abdulla Qahhorga bagʻishlangan esselarida namoyon boʻldi.

Yarim asrga yaqin hamnafaslik tufayli Ibrohim akadan juda koʻp narsalarni oʻrgandim. Bu oʻrganish haligacha toʻxtagani yoʻq. Eng ajoyib jihati shundaki, shu uzoq vaqt davomida Ibrohim Haqqul degan shaxs siyratini toʻla-toʻkis bilib oldim, desam, yolgʻon aytgan boʻlaman. Buning sabablari koʻp. Eng boshlangʻich sababi Ibrohim aka shaxsiyati bir maqomda qolib ketmasdan, hamisha boyib borganida, oʻzgarganida boʻlsa kerak. Bu toʻxtovsiz jarayon, eng avvalo, Ibrohim akaning hazrat Alisher Navoiy olami iqlimida yashab kelayotgani bilan bogʻliq boʻlsa kerak, deb oʻylayman.

Navoiyshunoslik haqidagi har qanday gapni “Bismilloh” deb boshlash nechogʻlik muvofiq boʻlsa, davomini “Bu maydon ichra turmoq” mashaqqatini anglagan holdagina davom ettirish kerak, deb oʻylayman. Zero, Navoiyni anglash va bilish uchun yolgʻiz bilimning oʻzi kifoya emas; fahmu farosat, ichki his etish qobiliyati mavjud boʻlishi, Qurʼoni karim, Ilmi kalom, Islom tarixi va maʼrifatiga oid, tasavvuf irfoni, tariqatlar maslaklaridan, maʼlum maʼnoda ilmi gʻaybdan, xullas, qirq bir sinoatdan xabardorlik kerak. Navoiyshunoslik faqat Hazrat Navoiyni emas, bobomizdan asrlar oldin qalam surgan Koshgʻariydan boshlab to bugungi kun hali nafasi ketmagan Rauf Parfi, Shavkat Rahmon merosidan ham ogoh boʻlish kerak. Ibrohim aka oʻzidan oldingi ayni shu amallarga rioya qilgan ustozlari yoʻlidan borayotgan olimdir.

Necha avlodlar Hazrat Navoiydan bexabar oʻtdilar. Afsuski, bu bexabarlik hamon davom etmoqda. Yaqinda internet tarmogʻida mamlakat yoshlari tashkilotining bir odami tomonidan yoyinlangan “Navoiy svetofor haqida yozganmi?» deb nomlangan videolavhani koʻrib qoldim. Lavhadagi yigitcha hayajon bilan avval dunyodagi birinchi svetofor ilk bor 1868 yilda Londonda oʻrnatilgani va uning ixtirochisi kimligi haqida maʼlumot beradi. Shunday keyin: “Ushbu svetafor ranglari haqida esa Alisher Navoiy oʻz davrida shunday yozadi” deb Hazratning soʻfiyona maʼnolar mujassam etilgan “Xilʼatin to aylamish jonon qizil, sorigʻ yashil, Shuʼlayi ohim chiqar har yon qizil, sorigʻ, yashil” matlali gʻazalini qiroat bilan oʻqib beradi.

Men bu holatni aytish bilan dod-voy qilishdan yiroqman. Faqat bugun ham Ibrohim Haqqul va boshqa navoiyshunoslar faoliyatiga yana koʻproq diqqat qilish zaruratini aytishni istayman, xolos.

Toʻgʻri, Hazrat ijodiy olamini anglash hammagayam nasib etmaydi. Shu paytgacha “Men Navoiyni bilaman” deb aytgan har qanday odamga ishonmaganman. Ammo, ulugʻvor merosning maʼlum qismidan bahra olish talabi har birimizda mavjud boʻlishini istayman. Eng dahshati, bobomerosimizni targʻib qilishda uchraydigan chalamullaligu farosatsizlik bilan bogʻliq har qanday holatga kuchim boricha qarshi borishni burchim deb bilaman. Bu istak ham muayyan maʼnoda Ibrohim Haqqul va uning adabiy maqolalari tufayli shakllanganini alohida taʼkidlayman.

2019

03

(Tashriflar: umumiy 341, bugungi 1)

1 izoh

  1. Иброхим Хаққул — Устоз, мен учун ҳар қанча таҳсин ва қутловларга муносиб зот. Самарқандда айрим сухбатларига катта аудиторияларда мушарраф бўла олган онларни энг қизиқарли ва пурмазмун дамлар, деб биламан. Айниқса, домланинг сўнгги йиллардаги миллий адабиётимиз ҳолати, замонавий адабий жараёнда субьектларнинг роли, фалсафасиз матнлар борасидаги фикрлари, назаримда адабий жараён учун ўта муҳим ва зарур гаплардир. Биз бу зотни фақат қадрлашимиз ва улуғлашимиз лозим. Акс ҳолда шунчаки қарсакчилар қаторида ўтиб кетаверамиз… Устоз омон бўлинг, улкан эҳтиром билан Эшқобил Вали

Izoh qoldiring