15 ноябрь — Таниқли адиб Абдунаби Бойқўзиев туғилган кун
Узоқ йиллик қадрдоним, шоир, ёзувчи ва таржимон Абдунаби Бойқўзиевни туғилган куни билан чин юракдан қутлаб, соғлик-саломатлик, шеър дафтарлари кўпайишини тилайман.
Абдунаби Бойқўзиев
ЭСКИ ВА ЯНГИ ДАФТАРДАН ШЕЪРЛАР
Абдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат (бугунги Миллий) университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида, «Муштум» журналида, «Совет Ўзбекистони», «Халқ сўзи», «Оила ва жамият», «Шарқ ҳафтаномаси» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармасида ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.
ХАВОТИР
Суюқ ашулангни
Кўп айтдинг-да,
СУВ
Сен ҳам роса ўқчидинг,
ҚИРҒОҚ,
Не кечди
Гунг БАЛИҚЛАР ҳоли?..
1976
МЕН ТУҒИЛГАН ЮРТ
Тешикмозор –
Ўзбеки қишлоқ,
Бу ерда ҳам пахтадир борлиқ.
Пуқароси беармон ишлаб,
Армон билан чиқарар ҳордиқ.
Тонг бунда ҳам отади эрта,
Тун ҳузур не билмай ўтади.
Пайкалнинг у боши уйғонса,
Этагини уйқу элтади.
Кундузлари шундай узунки,
Ярим йўлда ҳорийди қуёш.
Аламзада офтоб забтига
Фақат қизлар беради бардош.
Касалманд қул томирларидай,
Қорадарё борадир қуриб.
Нима қилай,
Тўрткўлариғ, ай-й!..
Тушларимга кирса айқириб.
Туғён урар дилда иштибоҳ:
Бахт бунчалар бўлмаса оний.
Бу ердан ҳам ҳақиқат йироқ,
Бу ерда ғам мустарлик ғаний.
Бироқ элим шундай қовулки,
Кулфатин ҳам айтар кулдириб.
Демак, демак боқийдир кулги,
Аскияни бўлмас ўлдириб.
Биров келса уйинггиз сўраб,
Таомил шу – беради овоз.
Фақат етти маҳалла узра
Лақабинггиз қилади оғоз.
Бизга чин, сизга муболаға,
Кимдир ўлса, очилса аза.
Марҳум исми қолиб бир ёқда,
Лақабига ўқир жаноза.
Ана шундай бизларнинг қишлоқ,
Яшамоқни обдан билади.
Кулги билан йиғлайди, кўпроқ
Йиғлаб туриб кулги қилади.
1979
ПАБЛО НЕРУДА
Инсон суварак эмас.
Полнинг ёриқларида болаласа,
Жон сақласа,
Увоқларда кўрса бахтиёрлигини.
Кураш жон сақлаш эмас шунчаки,
Ё ҳайқирмоқ, шунчаки,
Дил билан тил ўртасидаги
Эҳтиётлик масофасидан.
Маърифатхоналар лиқ тўлди
Хунасажинс китобларга,
Шеърбозларнинг гўзал мияси
Дурагай мисраларни туғиш билан банд.
Назмни ишвали қиз каби
Давраларда рақс туширган
Шоирбаччалар
Қуёшнинг ёлдор нурларига
Бачкана ҳисларини тақиш билан овора.
Мен сизга дилимда борини айтдим,
Мен сизга дилимда борини айтдим,
Дўстларим,
Бу ёғи не бўлар, билмайман.
Ўлик ҳужайралар даврасида жим
Ҳаётни тинглайман,
Ёниб тинглайман.
Ёрилгай бегумон бу газак – яра,
Бироқ, ҳозирча…
Тўйин оғуларга
Ташна юрагим.
Синамоқ қасдида бизни кунба кун,
Ҳаёт тахирлашиб бормоқда, қара!
Шўх-шаън фикрлашнинг мавриди эмас,
Бу давр – шундай фожиаки,
Унинг бошида,
Ҳар қандай тадбирдан
Қудратли,
Чапдаст,
Онгли хийла ётар…
Чида, сен чида,
Бахтни соғинмоққа ҳақлисан фақат,
Озодлик ҳақдаги туйғуларни ҳам…
Ҳатто ўзлигингни яшир, иродам,
Енгиб чиқмоқ учун яшамоқ керак!
Аён, теграмизда нурли фожиат.
Чидагил юрагим,
Ҳозирча чида,
Чидаб яшамоқ ҳам буюк интиқом!
Ҳар қалай,
Хиёнат қилмадик, шукр,
Ватанга эътиқод руҳда барқарор.
Тириклар,
Бизларни тутингиз маъзур,
Сизнинг исёндир бу – бизнинг қабрлар!
1980
***
Қайтаяпман
Тор йўлдан. Кеч куз,
Вужудимда ҳорғинлик бахти.
Ўтди яна бир куним сенсиз,
Бир кун умрим қайларга оқди?
Оқиб кетди боғлар, далалар,
Кўзларимда тим қора наво.
Сабрмиди, сўнгсиз нолалар,
Қаноатми, унсиз илтижо.
Эзиб қўйди мени алам,
Савдолари тўзимсиз борлиқ.
Бормисан-эй, торгина хонам,
Ёлғизмисан, тунги айрилиқ!
1982
ЎХШАШЛИК
Кулча юзли ойга қараб
Бир ғалати бўлиб кетасан.
Бунча мўмин бўлмаса, ёраб
Истараси иссиқ оймома.
Тунда пахта териб юрган
Синглимми у, беозор,
Юдузлар онда-сонда,
Йилтираган пахтазор…
1989
ПАХТАЗОРДА
Ў, болажон, юзларингдан оққан қора термидир,
Эгатлардан излаганинг олтинмидир, дурмидир?
Сенинг вайрон манглайингда ҳайрон нигоҳ яратган,
Оқ-олтиндан тоғлар битган халқингмидир, элмидир?
Жуғрофия пахта майдон, Ал-жабр бу – беш чаноқ,
Доҳий санаб сиғинганинг раисмидир ё мудир?
Онггинангни ориқ қилган, ранггинангни сомон-а,
Илигингдан озиқланган шудгормидир, ермидир?
Э воҳ, ерда нима гуноҳ, золим эрса эр – соҳиб,
Ўз элини хор қилганлар соҳибқирон кун будир!
1994
СЕН ЙЎҒИНГДА
Бизнинг кўча соғинди сени.
Дов-дарахтлар кетди ичикиб.
Кўтаролмай ҳижрон юкини,
Симёғочлар қолдилар чўкиб.
Йўлинг пойлаб қушлар сайради,
Тентиради сойлар телбавор.
Лойлар кечиб баҳор ойлари,
Йиғлаб ўтди сенга интизор.
Эҳ, мени қўй,
Қўябер мени,
Ичикмадим дарахтлар каби.
Симёғочдай чўка билмадим,
Сайролмадим қушлар сингари.
Лойлар кечиб баҳор фаслидай,
Хун-хун йиғлаб ўта билмадим.
Менми?
Мен… Эҳ, қўябер мени…
Кўчалар ҳам… соғинди сени!
1994
КУЙ ФАСЛИ
Куз –
Сенинг хаёлинг, менинг уволим,
Новдада ёнар барг – изтиробларим.
Хазонрез боғларда бўзлаётган ким?
Шу менми, ўйчаним – умриҳиёлим?
Япроқлар азоби бунчалар сарин?
Бунчалар заъфарон борлиқ бўйлари!
Шу сенми, баҳорим – қирмиз настарин –
Сарғайиб кезорим, боғда ўйларим!
Ўйларим, қарибсиз, гулнинг ишқидай,
Биз берган азоблар қипти ишини.
Мен – висол ҳажрида йиғлаб юрган най,
Бир дарвеш – излаган эси-ҳушини.
Чалғил-ў муғанний, чалғил беармон,
Майи мунг оҳимни сипқарсин ул ой.
Мен энди ноламан, мен энди афғон,
Ишқ тўла қалбларда оҳ бўлиб қолай.
Кезай, оҳангларда бир дарвеш мисол,
Яшай юракларга булбулдай қўниб.
Бир куни қалбингда, эй насри уззол,
Шоядки, балқисам Шашмақом бўлиб.
2005
АЪЛОНИ АЪЛО ДЕБ…
Аълони аъло деб, қолдим балога,
Балони бало деб қолдим балога.
Пойгаклар меҳроблик ҳавосидадир,
Ҳалони ҳало деб қолдим балога.
Қуроқ тўшакларни қуроқ, демангиз,
Ямоқни ямоқ деб қолдим балога,
Саклар таомига музтар миставоқ,
Ялоқни ялоқ деб қолдим балога.
2006
ҚИШ КУНИ
(Манзара)
Оқ қайиннинг озғин шохига,
Ястаниб ётиб олди қор.
Гул ҳам тўйди булбул оҳига,
Ухлар, бошда оқ ангор рўмол.
Эҳтиросдан лоф урган қушлар,
Машқи тўнгган. Мудрар қайдадир.
Чойшабларда кўради тушлар,
Лолақизғалдоқларни адир.
Сувдан қолган қумариқ яна
Ётар ялпиз бўйларин қўмсаб.
Шамол томнинг манглайин силар,
Оққорсочин тўзғитар, тараб.
Мажнунтолнинг ҳилвир сочини,
Юлқилайди изғирин, ўйнар.
Мўрилардан пуркар оҳини,
Туйқус сочи оқарган уйлар…
2007
ИЛҲОМ
Тундай гўзал тунлар хаёли,
Тунлар хаёлини бузмадим.
Тун қўйнидан сени, иболим
Топарманми, дедим. Изладим.
Бир иффатли эди, иффатли,
Худди ўзинг каби тунлар ҳам.
О, зилол зулф, сочи фатила,
Кел бокирам, сим – сиём, илҳом.
Ана, ҳа — ҳув ёришяпти тонг,
Аста — аста уфқдан эниб.
Гар қизғансанг, ундан рашк қилсанг
Сочларинга кўмиб қўй, мени!
2007
ОҲ ТОРТСАМ
Майлими,
Бир бора оҳ тортиб олсам,
Бир бор висолингга боқсам мунғариб.
Хаёлан исмингдан бўсалар олсам,
Хаёлан қошингда турсам гунграниб?
Майлими, сўзингдан туйсам роҳатлар,
Бахмал оҳангларда яйрасам ёна.
Йўқ дема, йўқ дема, йўқ дема дилбар,
Дилимда дил бор деб, қилма баҳона.
Дилбарим, дил бари фақат сендами,
Ё, фақат мендами, тамоми зорлик?
Тикилсам, чиройинг қоларми камиб,
Озайиб қоларми менда нисорлик?!
Майлими, гоҳо оҳ тортиб юборсам?..
2008
ҲЕЧ ЙЎҚ
Қалайдан тушингга кирдим, билмадим,
Наҳот бахт гулининг бўлса армони.
Демак, тушларингга бежиз кирмадим,
Демак, сенга ҳануз зорман, армоним.
Соғинч сўқмоқлари… Тиконлар унди,
Бўзсув бўйларида бўзлашлар – хаёл.
Умрнинг бу ёғи бир оҳли ундир.
Энди унсиз-унсиз излашлар – хаёл!
Қани, у дамларга қайтолсак, қани,
Хато қилдим, хато қилдик, дилойим.
Бағрингни бир умр банд этди ғаним,
Ҳеч йўқ тушларингга кириб турайин…
Ҳеч йўқ тушларингда… кўриб турайин
2008
НЕКИ ЁЗДИМ
Неки ёздим,
Кўнглимни ёздим,
Кўнгилларни кўнглимга ёздим,
Кел, кўнглингни ўқи кўнглимдан,
Неки бўлса кўнгилдан ёздим.
2008
ВО, ЁШЛИК!..
Совурибман, вафо қилмабман,
Қўл ҳам силкимабман, хайр, деб.
Қайда айро тушдик, билмабман,
Йиллар бизни қачон айирди?
Сезмабман, сочинг оқарибди,
Манглайингни ўйибди ажин.
Аёлингнинг… кўзи ёрибди,
Уч ўғил — қиз… Дил хирожи…
Турибсан, мана қошимда,
Ростин айтсам: бип-бинойи чол.
Мен-чи, ҳамон, ҳамон ношудман,
Салкам саккиз ботмонлик савол!
Аслида биз битта вужудмиз,
Кўзларимиз, сўзларимиз бир.
Бироқ… Бироқ, учрашолмаймиз
Сенда мен, менда сен – мусофир!
Сенда сен, менда мен мусофир…
2009
СУВЛАР СОКИН
Дувва-дувва тўкиляпти барг,
Ҳазонга бурканиб олди куз.
Гуллар хафа, майсалар бефарқ,
Эринибгина сургалар қўнғиз.
Борини бой берди чорбоғлар,
Увоқ тилаб қувранади қуш.
Энди узоқ ухлайди боғлар,
Далаларни босиб олар қиш.
Тоққа кўчган чўпон қизидай,
Соғинтириб кетар яшил ранг.
Боғлардан айрилган тентаксой
Ўзин ҳар ён урмайди, гаранг…
Сувлар сокин, жилдирашида,
Ялпизларнинг хотираси бор.
Тул қолган кампирдай покиза,
Оқа-оқа тиниқди анҳор.
Бепоён бир осуда ғашлик,
Далаларга маҳзунлик тўшар.
Бизни ташлаб кетган ҳур ёшлик,
Билмайсизми, ким билан яшар?
Билмайизми, ким билан…ўшал?!..
Дувва-дувва тўкиляпти, барг…
2009
***
…га
Дўстим,
Юрагингга бир гул экаман,
Ғунчасига булбул ошиқ бўлади.
Гул япроғин бир юзида булбулнинг,
Бир юзида менинг… ёшим бўлади.
Байтларимда унар ғизоллар рози.
Қушлар оҳларимда қиладир ҳониш.
Қанийди, эшитсанг, бу юрак розин,
Бу қандай қисмату, бу қандай ёниш!
Ҳай дўст, англасайдинг, англаёлсайдинг!..
2014
ТУН ХОБИДА
Раҳматли аёлимизга
Тун хобида ғамгузорим бўлди ғам,
Ҳам ёру ҳам меҳрибоним бўлди ғам.
Менку, азал дил ғамига муштарийё,
Нолам улки, нолазорим бўлди ғам.
Бағрима боқ, оҳларим шод гуллади,
Пурғанийман, мушк ифорим бўлди ғам.
Мен эмди ғам мушкларида ўтгамен,
Усту бошу ҳам сипорим бўлди ғам.
Узру оҳим қулоғингга етмас, оҳ,
Ҳам тобуту ҳам мозорим бўлди ғам.
2014
***
Қадри ҳолдин сўзлай десам, борму лойиқ сўз, калима,
Айтиб-айтиб бўзлай десам, қўймайдилар ўз ҳолима.
Оҳлар урдим, оҳларимда хун Андижон оҳи ниҳон,
Анди жоним оҳинда мен бўзлаб ўтдим ҳар ёнима.
Элим, шояд англаюрса, давотим нил мунгравларин,
Деса зора, йиғлаб ўтди, ҳам қадриму қад долима!
Бу ёбоннинг биз ёбондин ёбонийроқ ёбони йўқ,
Бу ёбон султони, кўнглум, бунчалар ҳам чум (1) золима?
Бағрима боз босгумлабон наътлар (2) қотуро, эл кўзи,
Билдимки ул – аслинда ғул, ташна эруркан қонима?
Ай, зулм султони, кел, зулмингни вофир (3) айлағил,
Тутсин десанг дунёни дард, чеккил алинг дарддонима!
То қиёмат андуҳларим, Абдул Наби, пинҳон дема,
Ошикорлиғ етгай оҳир не замонлиғ пинҳонима.
1. Тамоман, бутунлай .
2. Сифатлаш, тавсифлаш.
3. Мўл-кўл.
2015
***
Хувиллаб,
Ҳилвираб қолган
Бўм-бўш юракка
Девдай жусса,
Узун умрни ортиб,
Элтяпман, Ўзига.
Билмадим,
Билмадим, нечун зарур экан,
Унга…
Ҳамма юз ўгирган,
Бирон кимса керак билмаган
Шу – хонавайрон эт!
2017
***
Юрт шаъни,
Эрки деб, эрлар энтикса,
Эр қизларни туғса шаддод жувонлар.
Аёллар номусдан совутлар тикса,
Ҳаққу ор завқидан гувранса чоллар!..
Бу элнинг улимас, қули бўлай, мен!
2017
***
Мен –
Тақдирнинг
Жонли қалами,
Ёзаман, умримни, умрим етгунча.
Мен ҳам
Битта халқнинг битта алами,
Яшайман, шу алам тугаб битгунча.
Яшайман, шу алам тугаб битгунча!..
2017
***
Ўйларим –
Уйларим.
Исталган замон,
Исталган маконда,
Қўнқайтириб яшайвераман.
Қани, кириб кўрсин, бирон кимса…
Бузолмайди, бирон, соҳиби қирон.
Солиққа тортолмас қаллоб полислар.
2017
ОЙДИНДА
Ой,
Кўкда…
Бир ўзинг,
Бир ҳол кезасан,
Ёлғизмисан, а?
Жуфтинг қани?
Бокираман, де?!
Турмуш қурмабсанда?
Ҳа-я, кечир,
Пешона-да, пешона –
Мен ҳам ғарибман.
Аёлимми?
Ўтди!..
Раҳматлик…
Ҳў ҳалидан бери
Изма-из келасан,
Айтар сўзинг бордай?…
Ҳай майли, уялма!
Бунинг айби йўқ!…
Биламан,
Ёлғизлик
Ёмон касаллик.
Йиринглаб, ичингдан нуратар.
Мана, ўзим: сувратим одам,
Аслида-чи, улкан… яраман,
Иноқлашиб қолдик…
Нима дейсан,
Қўлинг сўрасам?
Асло? Иложи йўқ, де!
Афсус, балки, ўйлаб кўрарсан?
Ҳа, дарвоқе,
Кеча…
Чиқмадинг?
Кўп гапларим ичимда қолди.
Айтмоқчийдимки,
Мен, ёлғизман!.. Ёлғиз экансан…
Ҳар қалай, ҳар қалай ёлғизлик ёмон!..
Начора, энди мен, мен сени, ҳар куни,
Шу жойда, шу алпоз… кутаман.
Яхши бор, яхши бор!
Эртага, шомгача…
Чеҳрангни соғиниб, соғинчлар битаман!
2017
Дўрмон.
***
Сўз ҳам аразлайди
Йўқлаб турмасанг,
Бошин олиб кетар ҳотирларингдан.
Хаёл сўқмоқлари ўчар, юрмасанг,
Из ҳам қолдирмайин ботинларингда.
Бир сўз ўчса нима, дема, оғайни,
Ўша бир сўз сенинг тилинг – сўзингдир.
Бир сўз ўчса нима, дема, оғайни,
Шу сўз балки мендир, балки ўзингдир!
2017
***
Она тилим –
Ўсаётган тоғ,
Она тилим – беором уммон.
Қирларига чиқолганим йўқ,
Тубларига етмоғим гумон.
Она тилим – Она обидам,
Пушти-пуштим ёритган маёқ.
Хира тортсанг сўлғиндир дийдам,
Чарақласанг, юзим ойчироқ.
Сен борсанки,
Кўнглу кўксим тоғ,
Борлигингдан борман, эй, тилим!
Сен яшасанг борман, йўқсан – йўқ,
Борлигингдай борман мен, Тилим!
2017
***
Шулар бари…
Сизнинг қабоқми?
Уюларлар, қабоқ уйсангиз.
Кимдан олган бу хил сабоқни,
Англар гўё, қараб қўйсангиз!
Гўё, уқётгандай тутар ўзларин,
Шай турарлар, давотин чоғлаб.
Меҳр кўрсатсангиз қора кўмирга,
Юқин кўзларига суртар, қучоқлаб!
Бир қадам боссангиз
Бир қадам босар,
Тўхтасангиз, таққа тўхтайди.
Фикр айт, десангиз, кўзи жаловлар,
Нечундир безонглар, сўзда… ўтлайди.
Шулар
Юзингизми, сафдошингизми?
Қалбингизнинг қўрими шулар?
Изингизда издошларингиз…
Ишончингиз тўрими, шулар?!
Ваҳ, уларнинг юзлари қани?
Наҳот шулар юзингиз бўлса!
Ҳай, айтгулик сўзлари қани,
Айтар сўзи – сўзингиз, бўлса!
Айтганида ўзлари қани,
Шуларни сиз меним, десангиз…
Шулар бари сизнинг қовоқми?
2018
***
“Дўстлик” бору, дўст йўқ…
Асқад Мухтор
Ҳа,
Дўстларсиз қолдим,
Дўстсиз қолмадим,
Чунки, сен Борсан, Худо!
Ҳа, мен, ёрсиз қолдим,
Ёрсиз қолмадим,
Чун ўзинг ёрсан Худо!
Ким мени ёрсиз, деса,
Ким мени дўстсиз, деса,
Ўзингга… солдим, Худо!…
2018
***
Тўрғай
Мендан баландроқ шоир,
Чуғурида ўзлик рутбаси.
Ҳар бир саси ҳурликка доир,
Эрк дер, қанча эркли бўлмасин.
Қумри қуврар қумричасига,
Қарғаларга эл ҳам бўлмайди.
Ҳамма ёқни зоғлар боссаям,
Зоғларга ҳушомад қилмайди.
Тўрғайчалик эмасмиз,
Тўрғай зоғлик қилмаган!
Тилига кун қолмасаям,
Ўз тилидан қолмаган!…
Менми?
Мен ҳам, шоирман!..
Аммо… Читтак дадилроқ!
2018
АЙ, ЭЛИМ
Йиғладинг-а, хўб элим,
Ҳасратинг ҳам хўб бўлди.
Ҳасратингда нола қила,
Бир шоиринг чўп бўлди.
Куйларимда…
Зор забунсан,
Забунлигим эмасми?!
Ошлуғингда йил ўкинса,
Менга заққум шумасми!
Эркинг деб
Мен йиғласам…
Эркингга йиғламасанг!
Тиласам бир ҳур даврон,
Тилагим… эламасанг!
Энди айт, сенга қандай
Эл бўлдимай, элим-ай!
Билмасам! Билмасам!…
Истасанг,
Мен эгилай,
Майли, асо тутайин!
Эгилсаму, сен тиклансанг,
Мен, синиблар кетайин!
2018
***
Кўксим қафасидан
Олиб чиқмоқчийдим,
Озодликка, сени юрагим.
Бекор ўйлабман, чоғи!
Сен озод экансан, фақат ичимда,
Сенга ватан экан ичим, қучоғим.
Менинг ичимдагина ўктам экансан,
Мени кечир, невла билай мен.
Озодлик нелигин, озод дил бийлигин,
Англамабман, хато қилибман!
Дардларингга
Фақат, ичим чидайди,
Ичим кўтаради ҳасратларингни.
Ҳолингни сўрайди, жигаримлайди,
Йўқсами, йиринглаб кетар, ўзиям.
Дардларингга фақат, ичим чидайди!
2018
***
Энди фақат…
Ичим йиғлайди,
Ангорим ҳеч қачон
Кўнглингиз бузмас.
Йиғларим келса ҳам пайқамас ҳеч ким.
Хиққиларим тутса бўғзимга сизмас,
Энди лаблариммас пулкиллар ичим.
Буниям ҳеч қачон, ҳеч ким сезмайди.
Аламларим
Оқмас ташимга,
Дарё бўлмайдими, ичга ютаман.
Қавжираб ётибди ичим унлари,
Униям, халқимга гул қиб тутаман.
Ахир шоирман-ку, дарди бепоён!
2018
ҚАЙТАР ДУНЁ
Художон,
Отамга
Қачонлардир айтмаганим,
Ҳув ўша сўзниям
Еткиздинг-а, болам тилидан!
2019
***
Авомга
Етмайди,
Аввон сўзлари,
Авомники овулдан нари ўтмайди.
Етиб келгани ҳам элас ва элас,
Узуқ-юлуқ иқтибос саслар.
Сўз беписанд
Сўзга, алҳазар –
Сўз сўзла жиққамуш лойга қоришур.
Авомат оҳ, деса башар тумшаяр,
Аввонат дов келса, юзи ёришур!…
Бу қандай эл бўлди, қадрига ўгай,
Қадрида қадрим йўқ, не деюб йиғлай?!
2019
КУЗГИ ҲИЁБОН
Хайр,
Оғоч ўриндиқ…
Энди бунда ўрним йўқ.
Энди сенда ўтириб,
Айтадирган сирим йўқ!
Умр!…
Бир кун шу экан,
Ёлғиз экан бандаси…
Боримни айтиб бўлдим,
Қолмади айтгули сўз.
Яхши қол, хайр, ўриндиқ,
Омон бўл… айрилдик биз,
Энди бунда ўрним йўқ.
Сен шўрликда, ўтири-иб,
Айтадиган сирим йўқ!…
2019
***
Ҳаво…
Ўз ҳоврига димланиб олди,
Бўғриқади, атроф жавониб.
Наботати беҳол, шамоли беҳол,
Борлиқ ёниб ётар, бу ахир Жануб!
Жазирама отди яна битта тонг,
Тафт ташлайди фақат кўршомга бориб.
Ўҳ, менинг отама, ўтиб кетибди,
Жизғон далаларда… офтоб суғориб!
2019
***
Қадамимда йўллар ястанди,
Сафаридан берсин, Худойим!
Қуриса ҳам майли-да силлам,
Йўллар билан бўлайин, доим.
Мен
Йўлларсиз ҳеч ким эмасман,
Йўли йўқнинг номи ўчадир.
Менсиз йўл ҳам ҳеч ким эмасдир,
Менсиз у ҳам оддий кўчадир.
2019
СИЙЛИ ҚИСМАТ
Мен
Сўз боғидан ўтдим,
Сўзбоғлар мендан ўтди…
Мен сўзга меҳр тутдим,
Сўзлар менга гул тутди.
Ҳар чўп ифор илинди,
Теброна барг, бутоғлар,
Хўп беармон яшабман,
Армонларни қучоғлаб.
Ҳай ёрон,
Умр ўтди,
Умрла меним ўтди.
Қандай ўтди? Ё Худо,
Ўзинг билгандай ўтди!
Ўзинг билгандай ўтдим!
Мен ўтдим
Сўз доғида,
Сўз сеҳрига бойлона.
Мен ўзингдан келгандим,
Қайтяпман сенга, мана…
Зораки, етиб борсам,
Каломингда сийлона!
Шоирлик –
Сийли қисмат,
Бўлдим эл қучоғида,
Сўз боғидан ўтсам-да,
Ўтдим, сўзнинг доғида!
2019
***
Намунча
Ҳомушсан, ўриндиқ?
Йўқламай қўйдими, ошиқлар?
Чўкибсанми,
Руҳинг бунчаям синиқ?
Бир кун тинарди-да, қўшиқлар.
Биласан
Ёз шовқинли фасл.
Ҳамма нарса бирдан кулади.
Борлиқ қанча довлик қилмасин,
Алҳол, бир кун кузи келади.
Ўриндиқ,
Қаддингни бунча чўктирма,
Ҳали қанча кузларимиз бор!
2019
ИСМИМ
Мен,
Бир сўзда яшайман,
Оддийгина бир сўзда.
Шу оддий сўз… уйимдир,
Ёнбошласам, тўшагим,
То қиёмат – бошпанам.
Мен,
Исмимда яшайман,
Мисоли шоҳлар каби.
Имкон топиб бир келинг,
Қилмагайсиз пушаймон.
Ҳай, майлида,
Борим шу,
Шаън, шавкатим, орим шу!
Юпқагина бўлса ҳам…
Уни Сизга тўшайман.
Мен, исмимда яшайман!…
2020
***
Июль,
Яна келдингми?
Йўлакларда ўт-ўланларим
Қувраганда-я?!
Февралда қайда эдинг,
Мартда қайда эдинг,
Қайларда юрувдинг, июнда?!
Энди мен,
Сенга чучмомадан
Чамбарак ясаб кийдиролмайман!
Йўлларингга тўшолмайман
Кўм-кўк майсалар!
Кўчаларим…
Тупроқи ва чанг,
Сувлар сепай, десам
Қуриб қолган ариқчалари!
Эсмай қўйган
Субхим насиймлари ҳам,
Бўғриқар айвоним…
Терга ботиб уйғонар,
Саҳармардондан!
Яна келибсанда,
Июль?
Унутмабсан, а?
Майли, яхши қилибсан!
Бирга қаршилаймиз,
Августни.
Октябрнинг ҳазонларини!
Ва, кейин,
Узатиб қўямиз уни, Декабрига
Кузимизнинг мезонларида!
2020
15 noyabr— Taniqli adib Abdunabi Boyqo’ziyev tug’ilgan kun
Uzoq yillik qadrdonim, shoir, yozuvchi va tarjimon doʼstimni tugʼilgan kuni bilan chin yurakdan qutlab, sogʼlik-salomatlik, sheʼr daftarlari koʼpayishini tilayman.
Abdunabi Boyqo‘ziyev
ESKI VA YNGI DAFTARDAN SHE’RLAR
Abdunabi Boyqo‘ziyev 1954 yil 15 noyabrda Andijon viloyatining Izboskan tumanida tug‘ilgan. Toshkent davlat (bugungi Milliy) universitetini tamomlagan (1983). Turli yillarda G‘afur G‘ulom nomli adabiyot va san’at nashriyotida, «Mushtum» jurnalida, «Sovet O‘zbekistoni», «Xalq so‘zi», «Oila va jamiyat», «Sharq haftanomasi» gazetalarida, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti devonida, O‘zbekiston OAVni qo‘llab-quvvatlash jamg‘armasida ishlagan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi.
“G‘uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “O‘zbeknavo yulduzlari”, “Judolig‘ dashti”, “Ko‘zlari daryoyim!..”, “Dilxiroj tuyg‘ular”, “Besh navo”, “Besh so‘mlik kekkayish”, “Cho‘li irog‘im” nomli she’riy, hajviy-yumoristik va publitsistik kitoblari chop etilgan.
XАVOTIR
Suyuq ashulangni
Koʼp aytding-da,
SUV
Sen ham rosa oʼqchiding,
QIRGʼOQ,
Ne kechdi
Gung BАLIQLАR holi?..
1976
MEN TUGʼILGАN YuRT
Teshikmozor –
Oʼzbeki qishloq,
Bu yerda ham paxtadir borliq.
Puqarosi bearmon ishlab,
Аrmon bilan chiqarar hordiq.
Tong bunda ham otadi erta,
Tun huzur ne bilmay oʼtadi.
Paykalning u boshi uygʼonsa,
Etagini uyqu eltadi.
Kunduzlari shunday uzunki,
Yarim yoʼlda horiydi quyosh.
Аlamzada oftob zabtiga
Faqat qizlar beradi bardosh.
Kasalmand qul tomirlariday,
Qoradaryo boradir qurib.
Nima qilay,
Toʼrtkoʼlarigʼ, ay-y!..
Tushlarimga kirsa ayqirib.
Tugʼyon urar dilda ishtiboh:
Baxt bunchalar boʼlmasa oniy.
Bu yerdan ham haqiqat yiroq,
Bu yerda gʼam mustarlik gʼaniy.
Biroq elim shunday qovulki,
Kulfatin ham aytar kuldirib.
Demak, demak boqiydir kulgi,
Аskiyani boʼlmas oʼldirib.
Birov kelsa uyinggiz soʼrab,
Taomil shu – beradi ovoz.
Faqat yetti mahalla uzra
Laqabinggiz qiladi ogʼoz.
Bizga chin, sizga mubolagʼa,
Kimdir oʼlsa, ochilsa aza.
Marhum ismi qolib bir yoqda,
Laqabiga oʼqir janoza.
Аna shunday bizlarning qishloq,
Yashamoqni obdan biladi.
Kulgi bilan yigʼlaydi, koʼproq
Yigʼlab turib kulgi qiladi.
1979
PАBLO NERUDА
Inson suvarak emas.
Polning yoriqlarida bolalasa,
Jon saqlasa,
Uvoqlarda koʼrsa baxtiyorligini.
Kurash jon saqlash emas shunchaki,
Yo hayqirmoq, shunchaki,
Dil bilan til oʼrtasidagi
Ehtiyotlik masofasidan.
Maʼrifatxonalar liq toʼldi
Xunasajins kitoblarga,
Sheʼrbozlarning goʼzal miyasi
Duragay misralarni tugʼish bilan band.
Nazmni ishvali qiz kabi
Davralarda raqs tushirgan
Shoirbachchalar
Quyoshning yoldor nurlariga
Bachkana hislarini taqish bilan ovora.
Men sizga dilimda borini aytdim,
Men sizga dilimda borini aytdim,
Doʼstlarim,
Bu yogʼi ne boʼlar, bilmayman.
Oʼlik hujayralar davrasida jim
Hayotni tinglayman,
Yonib tinglayman.
Yorilgay begumon bu gazak – yara,
Biroq, hozircha…
Toʼyin ogʼularga
Tashna yuragim.
Sinamoq qasdida bizni kunba kun,
Hayot taxirlashib bormoqda, qara!
Shoʼx-shaʼn fikrlashning mavridi emas,
Bu davr – shunday fojiaki,
Uning boshida,
Har qanday tadbirdan
Qudratli,
Chapdast,
Ongli xiyla yotar…
Chida, sen chida,
Baxtni sogʼinmoqqa haqlisan faqat,
Ozodlik haqdagi tuygʼularni ham…
Hatto oʼzligingni yashir, irodam,
Yengib chiqmoq uchun yashamoq kerak!
Аyon, tegramizda nurli fojiat.
Chidagil yuragim,
Hozircha chida,
Chidab yashamoq ham buyuk intiqom!
Har qalay,
Xiyonat qilmadik, shukr,
Vatanga eʼtiqod ruhda barqaror.
Tiriklar,
Bizlarni tutingiz maʼzur,
Sizning isyondir bu – bizning qabrlar!
1980
***
Qaytayapman
Tor yoʼldan. Kech kuz,
Vujudimda horgʼinlik baxti.
Oʼtdi yana bir kunim sensiz,
Bir kun umrim qaylarga oqdi?
Oqib ketdi bogʼlar, dalalar,
Koʼzlarimda tim qora navo.
Sabrmidi, soʼngsiz nolalar,
Qanoatmi, unsiz iltijo.
Ezib qoʼydi meni alam,
Savdolari toʼzimsiz borliq.
Bormisan-ey, torgina xonam,
Yolgʼizmisan, tungi ayriliq!
1982
OʼXShАShLIK
Kulcha yuzli oyga qarab
Bir gʼalati boʼlib ketasan.
Buncha moʼmin boʼlmasa, yorab
Istarasi issiq oymoma.
Tunda paxta terib yurgan
Singlimmi u, beozor,
Yuduzlar onda-sonda,
Yiltiragan paxtazor…
1989
PАXTАZORDА
Oʼ, bolajon, yuzlaringdan oqqan qora termidir,
Egatlardan izlaganing oltinmidir, durmidir?
Sening vayron manglayingda hayron nigoh yaratgan,
Oq-oltindan togʼlar bitgan xalqingmidir, elmidir?
Jugʼrofiya paxta maydon, Аl-jabr bu – besh chanoq,
Dohiy sanab sigʼinganing raismidir yo mudir?
Ongginangni oriq qilgan, rangginangni somon-a,
Iligingdan oziqlangan shudgormidir, yermidir?
E voh, yerda nima gunoh, zolim ersa er – sohib,
Oʼz elini xor qilganlar sohibqiron kun budir!
1994
SEN YOʼGʼINGDА
Bizning koʼcha sogʼindi seni.
Dov-daraxtlar ketdi ichikib.
Koʼtarolmay hijron yukini,
Simyogʼochlar qoldilar choʼkib.
Yoʼling poylab qushlar sayradi,
Tentiradi soylar telbavor.
Loylar kechib bahor oylari,
Yigʼlab oʼtdi senga intizor.
Eh, meni qoʼy,
Qoʼyaber meni,
Ichikmadim daraxtlar kabi.
Simyogʼochday choʼka bilmadim,
Sayrolmadim qushlar singari.
Loylar kechib bahor fasliday,
Xun-xun yigʼlab oʼta bilmadim.
Menmi?
Men… Eh, qoʼyaber meni…
Koʼchalar ham… sogʼindi seni!
1994
KUY FАSLI
Kuz –
Sening xayoling, mening uvolim,
Novdada yonar barg – iztiroblarim.
Xazonrez bogʼlarda boʼzlayotgan kim?
Shu menmi, oʼychanim – umrihiyolim?
Yaproqlar azobi bunchalar sarin?
Bunchalar zaʼfaron borliq boʼylari!
Shu senmi, bahorim – qirmiz nastarin –
Sargʼayib kezorim, bogʼda oʼylarim!
Oʼylarim, qaribsiz, gulning ishqiday,
Biz bergan azoblar qipti ishini.
Men – visol hajrida yigʼlab yurgan nay,
Bir darvesh – izlagan esi-hushini.
Chalgʼil-oʼ mugʼanniy, chalgʼil bearmon,
Mayi mung ohimni sipqarsin ul oy.
Men endi nolaman, men endi afgʼon,
Ishq toʼla qalblarda oh boʼlib qolay.
Kezay, ohanglarda bir darvesh misol,
Yashay yuraklarga bulbulday qoʼnib.
Bir kuni qalbingda, ey nasri uzzol,
Shoyadki, balqisam Shashmaqom boʼlib.
2005
АЪLONI АЪLO DEB…
Аʼloni aʼlo deb, qoldim baloga,
Baloni balo deb qoldim baloga.
Poygaklar mehroblik havosidadir,
Haloni halo deb qoldim baloga.
Quroq toʼshaklarni quroq, demangiz,
Yamoqni yamoq deb qoldim baloga,
Saklar taomiga muztar mistavoq,
Yaloqni yaloq deb qoldim baloga.
2006
QISh KUNI
(Manzara)
Oq qayinning ozgʼin shoxiga,
Yastanib yotib oldi qor.
Gul ham toʼydi bulbul ohiga,
Uxlar, boshda oq angor roʼmol.
Ehtirosdan lof urgan qushlar,
Mashqi toʼnggan. Mudrar qaydadir.
Choyshablarda koʼradi tushlar,
Lolaqizgʼaldoqlarni adir.
Suvdan qolgan qumariq yana
Yotar yalpiz boʼylarin qoʼmsab.
Shamol tomning manglayin silar,
Oqqorsochin toʼzgʼitar, tarab.
Majnuntolning hilvir sochini,
Yulqilaydi izgʼirin, oʼynar.
Moʼrilardan purkar ohini,
Tuyqus sochi oqargan uylar…
2007
ILHOM
Tunday goʼzal tunlar xayoli,
Tunlar xayolini buzmadim.
Tun qoʼynidan seni, ibolim
Toparmanmi, dedim. Izladim.
Bir iffatli edi, iffatli,
Xuddi oʼzing kabi tunlar ham.
O, zilol zulf, sochi fatila,
Kel bokiram, sim – siyom, ilhom.
Аna, ha — huv yorishyapti tong,
Аsta — asta ufqdan enib.
Gar qizgʼansang, undan rashk qilsang
Sochlaringa koʼmib qoʼy, meni!
2007
OH TORTSАM
Maylimi,
Bir bora oh tortib olsam,
Bir bor visolingga boqsam mungʼarib.
Xayolan ismingdan boʼsalar olsam,
Xayolan qoshingda tursam gungranib?
Maylimi, soʼzingdan tuysam rohatlar,
Baxmal ohanglarda yayrasam yona.
Yoʼq dema, yoʼq dema, yoʼq dema dilbar,
Dilimda dil bor deb, qilma bahona.
Dilbarim, dil bari faqat sendami,
Yo, faqat mendami, tamomi zorlik?
Tikilsam, chiroying qolarmi kamib,
Ozayib qolarmi menda nisorlik?!
Maylimi, goho oh tortib yuborsam?..
2008
HECh YOʼQ
Qalaydan tushingga kirdim, bilmadim,
Nahot baxt gulining boʼlsa armoni.
Demak, tushlaringga bejiz kirmadim,
Demak, senga hanuz zorman, armonim.
Sogʼinch soʼqmoqlari… Tikonlar undi,
Boʼzsuv boʼylarida boʼzlashlar – xayol.
Umrning bu yogʼi bir ohli undir.
Endi unsiz-unsiz izlashlar – xayol!
Qani, u damlarga qaytolsak, qani,
Xato qildim, xato qildik, diloyim.
Bagʼringni bir umr band etdi gʼanim,
Hech yoʼq tushlaringga kirib turayin…
Hech yoʼq tushlaringda… koʼrib turayin
2008
NEKI YOZDIM
Neki yozdim,
Koʼnglimni yozdim,
Koʼngillarni koʼnglimga yozdim,
Kel, koʼnglingni oʼqi koʼnglimdan,
Neki boʼlsa koʼngildan yozdim.
2008
VO, YoShLIK!..
Sovuribman, vafo qilmabman,
Qoʼl ham silkimabman, xayr, deb.
Qayda ayro tushdik, bilmabman,
Yillar bizni qachon ayirdi?
Sezmabman, soching oqaribdi,
Manglayingni oʼyibdi ajin.
Аyolingning… koʼzi yoribdi,
Uch oʼgʼil — qiz… Dil xiroji…
Turibsan, mana qoshimda,
Rostin aytsam: bip-binoyi chol.
Men-chi, hamon, hamon noshudman,
Salkam sakkiz botmonlik savol!
Аslida biz bitta vujudmiz,
Koʼzlarimiz, soʼzlarimiz bir.
Biroq… Biroq, uchrasholmaymiz
Senda men, menda sen – musofir!
Senda sen, menda men musofir…
2009
SUVLАR SOKIN
Duvva-duvva toʼkilyapti barg,
Hazonga burkanib oldi kuz.
Gullar xafa, maysalar befarq,
Erinibgina surgalar qoʼngʼiz.
Borini boy berdi chorbogʼlar,
Uvoq tilab quvranadi qush.
Endi uzoq uxlaydi bogʼlar,
Dalalarni bosib olar qish.
Toqqa koʼchgan choʼpon qiziday,
Sogʼintirib ketar yashil rang.
Bogʼlardan ayrilgan tentaksoy
Oʼzin har yon urmaydi, garang…
Suvlar sokin, jildirashida,
Yalpizlarning xotirasi bor.
Tul qolgan kampirday pokiza,
Oqa-oqa tiniqdi anhor.
Bepoyon bir osuda gʼashlik,
Dalalarga mahzunlik toʼshar.
Bizni tashlab ketgan hur yoshlik,
Bilmaysizmi, kim bilan yashar?
Bilmayizmi, kim bilan…oʼshal?!..
Duvva-duvva toʼkilyapti, barg…
2009
***
…ga
Doʼstim,
Yuragingga bir gul ekaman,
Gʼunchasiga bulbul oshiq boʼladi.
Gul yaprogʼin bir yuzida bulbulning,
Bir yuzida mening… yoshim boʼladi.
Baytlarimda unar gʼizollar rozi.
Qushlar ohlarimda qiladir honish.
Qaniydi, eshitsang, bu yurak rozin,
Bu qanday qismatu, bu qanday yonish!
Hay doʼst, anglasayding, anglayolsayding!..
2014
TUN XOBIDА
Rahmatli ayolimizga
Tun xobida gʼamguzorim boʼldi gʼam,
Ham yoru ham mehribonim boʼldi gʼam.
Menku, azal dil gʼamiga mushtariyyo,
Nolam ulki, nolazorim boʼldi gʼam.
Bagʼrima boq, ohlarim shod gulladi,
Purgʼaniyman, mushk iforim boʼldi gʼam.
Men emdi gʼam mushklarida oʼtgamen,
Ustu boshu ham siporim boʼldi gʼam.
Uzru ohim qulogʼingga yetmas, oh,
Ham tobutu ham mozorim boʼldi gʼam.
2014
***
Qadri holdin soʼzlay desam, bormu loyiq soʼz, kalima,
Аytib-aytib boʼzlay desam, qoʼymaydilar oʼz holima.
Ohlar urdim, ohlarimda xun Аndijon ohi nihon,
Аndi jonim ohinda men boʼzlab oʼtdim har yonima.
Elim, shoyad anglayursa, davotim nil mungravlarin,
Desa zora, yigʼlab oʼtdi, ham qadrimu qad dolima!
Bu yobonning biz yobondin yoboniyroq yoboni yoʼq,
Bu yobon sultoni, koʼnglum, bunchalar ham chum (1) zolima?
Bagʼrima boz bosgumlabon naʼtlar (2) qoturo, el koʼzi,
Bildimki ul – aslinda gʼul, tashna erurkan qonima?
Аy, zulm sultoni, kel, zulmingni vofir (3) aylagʼil,
Tutsin desang dunyoni dard, chekkil aling darddonima!
To qiyomat anduhlarim, Аbdul Nabi, pinhon dema,
Oshikorligʼ yetgay ohir ne zamonligʼ pinhonima.
1. Tamoman, butunlay .
2. Sifatlash, tavsiflash.
3. Moʼl-koʼl.
2015
***
Xuvillab,
Hilvirab qolgan
Boʼm-boʼsh yurakka
Devday jussa,
Uzun umrni ortib,
Eltyapman, Oʼziga.
Bilmadim,
Bilmadim, nechun zarur ekan,
Unga…
Hamma yuz oʼgirgan,
Biron kimsa kerak bilmagan
Shu – xonavayron et!
2017
***
Yurt shaʼni,
Erki deb, erlar entiksa,
Er qizlarni tugʼsa shaddod juvonlar.
Аyollar nomusdan sovutlar tiksa,
Haqqu or zavqidan guvransa chollar!..
Bu elning ulimas, quli boʼlay, men!
2017
***
Men –
Taqdirning
Jonli qalami,
Yozaman, umrimni, umrim yetguncha.
Men ham
Bitta xalqning bitta alami,
Yashayman, shu alam tugab bitguncha.
Yashayman, shu alam tugab bitguncha!..
2017
***
Oʼylarim –
Uylarim.
Istalgan zamon,
Istalgan makonda,
Qoʼnqaytirib yashayveraman.
Qani, kirib koʼrsin, biron kimsa…
Buzolmaydi, biron, sohibi qiron.
Soliqqa tortolmas qallob polislar.
2017
OYDINDА
Oy,
Koʼkda…
Bir oʼzing,
Bir hol kezasan,
Yolgʼizmisan, a?
Jufting qani?
Bokiraman, de?!
Turmush qurmabsanda?
Ha-ya, kechir,
Peshona-da, peshona –
Men ham gʼaribman.
Аyolimmi?
Oʼtdi!..
Rahmatlik…
Hoʼ halidan beri
Izma-iz kelasan,
Аytar soʼzing borday?…
Hay mayli, uyalma!
Buning aybi yoʼq!…
Bilaman,
Yolgʼizlik
Yomon kasallik.
Yiringlab, ichingdan nuratar.
Mana, oʼzim: suvratim odam,
Аslida-chi, ulkan… yaraman,
Inoqlashib qoldik…
Nima deysan,
Qoʼling soʼrasam?
Аslo? Iloji yoʼq, de!
Аfsus, balki, oʼylab koʼrarsan?
Ha, darvoqe,
Kecha…
Chiqmading?
Koʼp gaplarim ichimda qoldi.
Аytmoqchiydimki,
Men, yolgʼizman!.. Yolgʼiz ekansan…
Har qalay, har qalay yolgʼizlik yomon!..
Nachora, endi men, men seni, har kuni,
Shu joyda, shu alpoz… kutaman.
Yaxshi bor, yaxshi bor!
Ertaga, shomgacha…
Chehrangni sogʼinib, sogʼinchlar bitaman!
2017
Doʼrmon.
***
Soʼz ham arazlaydi
Yoʼqlab turmasang,
Boshin olib ketar hotirlaringdan.
Xayol soʼqmoqlari oʼchar, yurmasang,
Iz ham qoldirmayin botinlaringda.
Bir soʼz oʼchsa nima, dema, ogʼayni,
Oʼsha bir soʼz sening tiling – soʼzingdir.
Bir soʼz oʼchsa nima, dema, ogʼayni,
Shu soʼz balki mendir, balki oʼzingdir!
2017
***
Ona tilim –
Oʼsayotgan togʼ,
Ona tilim – beorom ummon.
Qirlariga chiqolganim yoʼq,
Tublariga yetmogʼim gumon.
Ona tilim – Ona obidam,
Pushti-pushtim yoritgan mayoq.
Xira tortsang soʼlgʼindir diydam,
Charaqlasang, yuzim oychiroq.
Sen borsanki,
Koʼnglu koʼksim togʼ,
Borligingdan borman, ey, tilim!
Sen yashasang borman, yoʼqsan – yoʼq,
Borligingday borman men, Tilim!
2017
***
Shular bari…
Sizning qaboqmi?
Uyularlar, qaboq uysangiz.
Kimdan olgan bu xil saboqni,
Аnglar goʼyo, qarab qoʼysangiz!
Goʼyo, uqyotganday tutar oʼzlarin,
Shay turarlar, davotin chogʼlab.
Mehr koʼrsatsangiz qora koʼmirga,
Yuqin koʼzlariga surtar, quchoqlab!
Bir qadam bossangiz
Bir qadam bosar,
Toʼxtasangiz, taqqa toʼxtaydi.
Fikr ayt, desangiz, koʼzi jalovlar,
Nechundir bezonglar, soʼzda… oʼtlaydi.
Shular
Yuzingizmi, safdoshingizmi?
Qalbingizning qoʼrimi shular?
Izingizda izdoshlaringiz…
Ishonchingiz toʼrimi, shular?!
Vah, ularning yuzlari qani?
Nahot shular yuzingiz boʼlsa!
Hay, aytgulik soʼzlari qani,
Аytar soʼzi – soʼzingiz, boʼlsa!
Аytganida oʼzlari qani,
Shularni siz menim, desangiz…
Shular bari sizning qovoqmi?
2018
***
“Doʼstlik” boru, doʼst yoʼq…
Аsqad Muxtor
Ha,
Doʼstlarsiz qoldim,
Doʼstsiz qolmadim,
Chunki, sen Borsan, Xudo!
Ha, men, yorsiz qoldim,
Yorsiz qolmadim,
Chun oʼzing yorsan Xudo!
Kim meni yorsiz, desa,
Kim meni doʼstsiz, desa,
Oʼzingga… soldim, Xudo!…
2018
***
Toʼrgʼay
Mendan balandroq shoir,
Chugʼurida oʼzlik rutbasi.
Har bir sasi hurlikka doir,
Erk der, qancha erkli boʼlmasin.
Qumri quvrar qumrichasiga,
Qargʼalarga el ham boʼlmaydi.
Hamma yoqni zogʼlar bossayam,
Zogʼlarga hushomad qilmaydi.
Toʼrgʼaychalik emasmiz,
Toʼrgʼay zogʼlik qilmagan!
Tiliga kun qolmasayam,
Oʼz tilidan qolmagan!…
Menmi?
Men ham, shoirman!..
Аmmo… Chittak dadilroq!
2018
АY, ELIM
Yigʼlading-a, xoʼb elim,
Hasrating ham xoʼb boʼldi.
Hasratingda nola qila,
Bir shoiring choʼp boʼldi.
Kuylarimda…
Zor zabunsan,
Zabunligim emasmi?!
Oshlugʼingda yil oʼkinsa,
Menga zaqqum shumasmi!
Erking deb
Men yigʼlasam…
Erkingga yigʼlamasang!
Tilasam bir hur davron,
Tilagim… elamasang!
Endi ayt, senga qanday
El boʼldimay, elim-ay!
Bilmasam! Bilmasam!…
Istasang,
Men egilay,
Mayli, aso tutayin!
Egilsamu, sen tiklansang,
Men, siniblar ketayin!
2018
***
Koʼksim qafasidan
Olib chiqmoqchiydim,
Ozodlikka, seni yuragim.
Bekor oʼylabman, chogʼi!
Sen ozod ekansan, faqat ichimda,
Senga vatan ekan ichim, quchogʼim.
Mening ichimdagina oʼktam ekansan,
Meni kechir, nevla bilay men.
Ozodlik neligin, ozod dil biyligin,
Аnglamabman, xato qilibman!
Dardlaringga
Faqat, ichim chidaydi,
Ichim koʼtaradi hasratlaringni.
Holingni soʼraydi, jigarimlaydi,
Yoʼqsami, yiringlab ketar, oʼziyam.
Dardlaringga faqat, ichim chidaydi!
2018
***
Endi faqat…
Ichim yigʼlaydi,
Аngorim hech qachon
Koʼnglingiz buzmas.
Yigʼlarim kelsa ham payqamas hech kim.
Xiqqilarim tutsa boʼgʼzimga sizmas,
Endi lablarimmas pulkillar ichim.
Buniyam hech qachon, hech kim sezmaydi.
Аlamlarim
Oqmas tashimga,
Daryo boʼlmaydimi, ichga yutaman.
Qavjirab yotibdi ichim unlari,
Uniyam, xalqimga gul qib tutaman.
Аxir shoirman-ku, dardi bepoyon!
2018
QАYTАR DUNYO
Xudojon,
Otamga
Qachonlardir aytmaganim,
Huv oʼsha soʼzniyam
Yetkizding-a, bolam tilidan!
2019
***
Аvomga
Yetmaydi,
Аvvon soʼzlari,
Аvomniki ovuldan nari oʼtmaydi.
Yetib kelgani ham elas va elas,
Uzuq-yuluq iqtibos saslar.
Soʼz bepisand
Soʼzga, alhazar –
Soʼz soʼzla jiqqamush loyga qorishur.
Аvomat oh, desa bashar tumshayar,
Аvvonat dov kelsa, yuzi yorishur!…
Bu qanday el boʼldi, qadriga oʼgay,
Qadrida qadrim yoʼq, ne deyub yigʼlay?!
2019
KUZGI HIYoBON
Xayr,
Ogʼoch oʼrindiq…
Endi bunda oʼrnim yoʼq.
Endi senda oʼtirib,
Аytadirgan sirim yoʼq!
Umr!…
Bir kun shu ekan,
Yolgʼiz ekan bandasi…
Borimni aytib boʼldim,
Qolmadi aytguli soʼz.
Yaxshi qol, xayr, oʼrindiq,
Omon boʼl… ayrildik biz,
Endi bunda oʼrnim yoʼq.
Sen shoʼrlikda, oʼtiri-ib,
Аytadigan sirim yoʼq!…
2019
***
Havo…
Oʼz hovriga dimlanib oldi,
Boʼgʼriqadi, atrof javonib.
Nabotati behol, shamoli behol,
Borliq yonib yotar, bu axir Janub!
Jazirama otdi yana bitta tong,
Taft tashlaydi faqat koʼrshomga borib.
Oʼh, mening otama, oʼtib ketibdi,
Jizgʼon dalalarda… oftob sugʼorib!
2019
***
Qadamimda yoʼllar yastandi,
Safaridan bersin, Xudoyim!
Qurisa ham mayli-da sillam,
Yoʼllar bilan boʼlayin, doim.
Men
Yoʼllarsiz hech kim emasman,
Yoʼli yoʼqning nomi oʼchadir.
Mensiz yoʼl ham hech kim emasdir,
Mensiz u ham oddiy koʼchadir.
2019
SIYLI QISMАT
Men
Soʼz bogʼidan oʼtdim,
Soʼzbogʼlar mendan oʼtdi…
Men soʼzga mehr tutdim,
Soʼzlar menga gul tutdi.
Har choʼp ifor ilindi,
Tebrona barg, butogʼlar,
Xoʼp bearmon yashabman,
Аrmonlarni quchogʼlab.
Hay yoron,
Umr oʼtdi,
Umrla menim oʼtdi.
Qanday oʼtdi? Yo Xudo,
Oʼzing bilganday oʼtdi!
Oʼzing bilganday oʼtdim!
Men oʼtdim
Soʼz dogʼida,
Soʼz sehriga boylona.
Men oʼzingdan kelgandim,
Qaytyapman senga, mana…
Zoraki, yetib borsam,
Kalomingda siylona!
Shoirlik –
Siyli qismat,
Boʼldim el quchogʼida,
Soʼz bogʼidan oʼtsam-da,
Oʼtdim, soʼzning dogʼida!
2019
***
Namuncha
Homushsan, oʼrindiq?
Yoʼqlamay qoʼydimi, oshiqlar?
Choʼkibsanmi,
Ruhing bunchayam siniq?
Bir kun tinardi-da, qoʼshiqlar.
Bilasan
Yoz shovqinli fasl.
Hamma narsa birdan kuladi.
Borliq qancha dovlik qilmasin,
Аlhol, bir kun kuzi keladi.
Oʼrindiq,
Qaddingni buncha choʼktirma,
Hali qancha kuzlarimiz bor!
2019
ISMIM
Men,
Bir soʼzda yashayman,
Oddiygina bir soʼzda.
Shu oddiy soʼz… uyimdir,
Yonboshlasam, toʼshagim,
To qiyomat – boshpanam.
Men,
Ismimda yashayman,
Misoli shohlar kabi.
Imkon topib bir keling,
Qilmagaysiz pushaymon.
Hay, maylida,
Borim shu,
Shaʼn, shavkatim, orim shu!
Yupqagina boʼlsa ham…
Uni Sizga toʼshayman.
Men, ismimda yashayman!…
2020
***
Iyulь,
Yana keldingmi?
Yoʼlaklarda oʼt-oʼlanlarim
Quvraganda-ya?!
Fevralda qayda eding,
Martda qayda eding,
Qaylarda yuruvding, iyunda?!
Endi men,
Senga chuchmomadan
Chambarak yasab kiydirolmayman!
Yoʼllaringga toʼsholmayman
Koʼm-koʼk maysalar!
Koʼchalarim…
Tuproqi va chang,
Suvlar sepay, desam
Qurib qolgan ariqchalari!
Esmay qoʼygan
Subxim nasiymlari ham,
Boʼgʼriqar ayvonim…
Terga botib uygʼonar,
Saharmardondan!
Yana kelibsanda,
Iyulь?
Unutmabsan, a?
Mayli, yaxshi qilibsan!
Birga qarshilaymiz,
Аvgustni.
Oktyabrning hazonlarini!
Va, keyin,
Uzatib qoʼyamiz uni, Dekabriga
Kuzimizning mezonlarida!
2020
Абдунаби ака, ассалому алайкум! Яхши юрибсизми?! Шеърларни ўқиб, маза қилдим. Юксак шеърият. Фақат, 2017 йили Дўрмонда ёзган ой ҳақидаги гўзал, оригинал шеърингиздан йиринг деган сўзларни олиб ташланг, ака, илтимос. Агар ўша сўзлар бўлмаса, шеър яна ҳам ажойиб, ўлмас санъат асарига айланар эди. Яқинда Жонтемирнинг бир зўр шеърини ўқиш жараёнида «балғам» деган сўзга дуч келдиму, Жонтемир ўша жирканч сўзни ишлатмаса, санъат асари бўлган ўша шеър санъат асали бўлар эди дея, анчагача ўйланиб юрдим. Бу сўзларимдан хафа бўлиб юрманглар тағин. Бу гапларни иккалангиз ҳам ёниқ шоир бўлганларингиз учунгина ёздим.
Олис Избоскандаги «Кўктўнлиқ ота» чойхонаси жойлашган теракзор ўрмонлар ҳамон шовуллаб ётгандир, кузги шамолларда?
Адабиётимиз бахтига доимо соғ ва омон бўлинг, ака.
Ижодкор дўстларга салом ва дуолар билан, Холдор Вулқон.