Ҳаётимизнинг энг қимматбаҳо лаҳзалари кўпинча оддий нарсаларга боғлиқ бўлади. Бу оқшом қолмаганимда, ойим билан бўлган бу суҳбат амалга ошмаган бўларди. Чордоқдан кета туриб мен охирги маротаба ойнага қарадим ва соямга ичимдан миннатдорчилик билдирдим. Соатни тунги соат учга қўйдим.
Марк Леви
СОЯ ЎҒРИСИ
Романнинг давоми
Кун ажойиб бўлди ва ойим кечки овқатни тайёрлагунича сайр қилиб келишимизни таклиф қилди. Мен у бошидан бу бошига минглаб маротаба бориб келган йўлдан юрдик, ҳеч нарса ўзгармабди. Мана, ғамгинлик хуружларидан бирида мен пичоқча билан ўйиб ёзганим – чинор. Тилинган жой аллақачон битган ва ўша пайтда мен беҳад ўзимдан фахрланиб ёзганим “Элизабет – ярамас” деган ёзувни бағрида олиб қолган.
Софи болалигим ҳақида айтиб беришимни сўради. Унинг ёшлиги пойтахтда ўтган ва шанба кунларидаги энг айтарли қувончимиз – супермаркетга боришимиз эканини эшитиб ҳайрон бўлди. Менинг кунларим нима билан банд бўлганини сўраганида, мен булкахона эшигини итариб очдим ва:
– Юр, сенга кўрсатаман, дедим.
Люкнинг ойиси касса ортида турарди. Бизни кўрди ва табуреткадан тушди, пештахтани айланиб ўтиб, мени қучоқлаб олди.
Қаранг-а, қанчалик ўсиб кетибман! Ҳамма билан шундай бўлади, ўсиш вақти ҳам келган. Лекин, нимагадир, унчалик яхши кўринмаяпман экан. Соқолим олинмагани учун бўлса керак. Қанчалик озиб кетибман! Катта шаҳар соғлиққа фойда келтирмаганга ўхшайди. Агар талабалар касал бўлиб қолса, ким одамларни даволайди?
Люкнинг ойиси истаган ширинлигимиз билан бизни меҳмон қилишга тайёр эди. У бир дақиқага Софига қараб қолди ва менга тушунган каби табассум қилди, Гўёки, омадинг бор экан, чиройли, деган каби. Мен Люк қандайлигини сўрадим. Менинг дўстим тепада ухлаётган экан. Талаба-медикнинг кун тартиби булкачи шогирдининг кун тартиби олдида ҳолва. Люкнинг ойиси уни чақириб келгунича булкахонага кўз-қулоқ бўлиб туришимизни тайинлади.
– Мижозга хизмат қилишни унутмадингми, – деди у кўзини қисиб, ва орқа эшикдан чиқиб кетди.
– Биз бу ерда нима қиляпмиз? – сўради Софи.
Мен пештахтага ортига ўтиб ўтирдим.
– Кофели эклер истайсанми?
Шу пайт сочлари ҳурпайган Люк келди. Ойиси ҳеч нарса демаган кўринади, чунки мени кўриб унинг кўзлари хонасидан чиқиб кетди. Мен унинг мендан ҳам қари кўринишига қасам ичишга тайёр эдим. У ҳам яхши кўринмас, ёноқларидаги ун излари сабабли бўлса керак. Ҳар биримиз керакли сўзларни излар эдик. Бизни бир неча йиллар ажратиб турар, кимдир биринчи қадамни қўйиши керак, лекин иккаламиз ҳам уялиб ўтирган эдик. Мен қўлимни чўздим, у эса бағрини очди.
– Қария, шу пайтгача қаерда эдинг? Мен булка пиширгунимча сен қанча беморни тинчитдинг?
Люк пешбандини ечди. Бироз муддат отаси усиз ишлайдиган бўлди.
Биз ҳаммамиз сайр қилгани кетдик, менинг оёқларим ўз-ўзидан Люк билан дўстлигимизнинг энг яхши дамлари кечган кечган йўлга бошлади. Панжара ортидан туриб, биз жимгина мактаб ҳовлисига қараб турардик. Баланд каштан остида баргларни беўхшов тўплаётган кичкина болакайнинг сояси кўзимга кўрингандек бўлди. Эски ўриндиқ бўш эди. Мен ичкарига кириб қоровулхонага боргим келди. Менинг болалигим шу ерда қолди. Каштанлар бунга гувоҳ, мен у билан хайрлашиш учун ҳамма ишни қилдим, август ойи осмонида учаётган юлдузни кўриб ҳар доим бир хил истак ўйлардим. Мен ҳаддан ташқари тор танадан тезроқ чиқишни истар эдим, лекин нега шу бугун Ивни қаттиқ соғиндим?
– Биз бу ерларда сув ва оловдан ўтганмиз, – деди Люк кулимсираб. – Қанчалик қувнар эдик, эслайсанми?
– Ҳамма вақт ҳам эмас, – жавоб бердим мен.
– Тўғри, ҳамма вақт эмас, лекин барибир…
Софи йўталиб қўйди. Бизнинг суҳбатимиздан зерикди, демайману, лекин боғдаги энг сўнгги қуёш нурларини кузатиш унинг учун мароқлироқ эди. У йўлни топишига ишончи комил эди, фақат тўғрига юриш керак, кета туриб менинг ойимнинг ёлғиз қолиб кетганини айтди. Люк уни кўзи билан кузатди ва тишлари орасидан ҳуштаксимон товуш чиқарди.
– Қария, сен вақтингни бекорга ўтказмаётганга ўхшайсан. Мен ҳам худди каруселни яна бир марта айланган каби ўқишни истар эдим.
– Биласанми, тиббиёт факультети Лунапарк эмас.
– Иш ҳам шундай. Ахир иккаламиз ҳам оқ халат киямиз – мана биздаги яна бир умумийлик.
– Сен бахтлимисан? – сўрадим мен.
– Мен отам билан ишлайман, бу ҳамма вақт ҳам осон эмас, лекин мен касб ўрганяпман. Пул тўплашни бошладим, яна синглим билан ҳам шуғулланаман, у ўсяпти. Булкахонадаги иш осон эмас, лекин мен нолимайман. Ҳа, ўйлайманки, мен бахтлиман.
Бироқ, Люкнинг кўзларида бир пайтлар ёниб турган олов сўнгандек, ва у мен ташлаб кетганим учун хафадек кўринди менга.
– Балким, оқшомни бирга ўтказармиз? – дедим мен.
– Ойинг сени бир неча ойдан бери кўрмаган, кейин сенинг ўртоғинг – уни қаерга юборасан? Сизлар анчадан буён биргамисизлар?
– Билмайман, – жавоб бердим мен.
– Сен у билан қачондан буён учрашиб юрганингни билмайсанми?
– Биз Софи билан дўстмиз, – тўнғилладим мен.
Ҳақиқатдан ҳам, биз биринчи марта қачон ўпишганимизни эслолмадим. Биз навбатчиликдан кейин хайрлашаётганимизда биринчи марта лабларим лабларига текканини эсладим, лекин биринчи ўпишишми ёки йўқми, ўзидан сўраб кўриш керак эди. Яна бир марта, паркда Софига музқаймоқ олиб берганимда, мен унинг лабидаги шоколад томчисини бармоғим билан артаётганимда, унинг ўзи мени ўпган эди. Балким, ўша куни бизнинг оддий дўстлигимиз каттароқ нарсага айлангандир. Биринчи маротабани эслаш шунчалик муҳимми?
– Сен у билан муносабат қилишни ўйлаяпсанми? – хижолат тортиб сўради Люк. – Нимадир жиддий туйғу демоқчи эдим, ножўя сўраганим учун узр, – дарҳол кечирим сўради у.
– Бизнинг тиғиз кун тартибимизда агар ҳафтада икки кечани бирга ўтказсак – бу катта ғалаба.
– Балки, лекин шундай тиғиз жадвалда у сенга вақтини бағишлаган, сен билан мана шу ерга келган бўлса: тан олгин, бу ниманидир англатади. У эски дўстинг билан валақлашиб ўтирганингда, сенинг ойинг билан вақт ўтказишдан кўра яхшироқ нарсаларга лойиқ. Мен ҳам ҳаётимда кимдир бўлишини истайман, лекин бизнинг гўзал синфдошларимиз аллақачон бу ерлардан қочиб кетишган. Ундан кейин, соат саккиздаёқ ухлаб қолиб, ярим кечаси туриб хамир қорадиган одам билан ким ҳам турмуш қурарди?
– Ахир ойинг булкачига турмушга чиққан-ку.
– Гарчи одамлар ҳали ҳам нон ейишса ҳам, замона ўзгариб кетди, дейди ойим.
– Люк, бугун кечқурун бизникига кел, эртага биз жўнаб кетамиз, ва мен истардимки…
– Боролмайман, биз соат учда бошлаймиз, мен ухлаб олишим керак, йўқса мен ишчи эмасман.
Люк, қария, нима бўлди сенга, қани бизнинг олдинги қайғусиз кулгуларимиз?
– Мэрияда ишлаш ҳақида ортиқ ўйламайсанми?
– Сиёсат учун оз-моз маълумот керак, – кулимсиради Люк.
Бизнинг сояларимиз тротуарда ёнма-ён турди. Мактаб пайтлари мен унинг соясини ўғирламасликка ҳаракат қилардим, агар баъзан ихтиёрсиз шундай бўлиб қолса ҳам, дарров қайтарардим. Болаликдаги ўртоқ – муқаддас нарса. Шу фикр билан мен олдинга қадам ташладим, чунки у менга очиқчасига айтолмайдиган нарсани эшитмаганга олиб билмас эдим, мен уни яхши кўрардим.
Люк ҳеч нарсани тушунмади. Остимдаги соя меники эмасди, лекин буни у қандай қилиб сеза оларди? Бизнинг сояларимиз энди бир хил узунликда эди.
Мен дўстим билан булкахона эшиги олдида хайрлашдим. Биз қучоқлашдик, у мени кўрганидан жуда ҳам хурсанд эканини яна бир бор айтди. Ҳеч бўлмаганда баъзан-баъзан қўнғироқ қилиб туришимиз керак, деди. Мен уйга бир қути пирожний билан келдим. Буни Люк берди. Эски қадрдонлигимиз хотираси учун, деди елкамга уриб.
Тушлик пайтида ойим Софи билан суҳбатлашиб кетди. Унга берилаётган саволлар бевосита менинг ҳаётимга ҳам тегишли эди – тўғридан-тўғри мендан сўрашга уялса керак. Софи ундан мен болалигимда қанақа бўлганимни сўради. Ҳар доим ўзингиз бўлганингизда сиз ҳақингизда гапиришлари ғалати туюлади. Ойим мен сокин болакай эканимни айтди – лекин ҳақиқий болалагим ҳақида у кўп нарсани билмас эди – қисқа танаффусдан кейин ҳеч қачон ихлосни қайтарадиган иш қилмаганимни қўшиб қўйди.
Мен унинг оғзи ва кўзи атрофига тушган ажинларини яхши кўраман. Ойимнинг ўзи ажинлардан нафратланиши биламан, лекин улар мени тинчлантиради. Мен унинг юзида умумий ҳаётимиз иўларини ўқийман. Бу ерга келиб болалигимни қўмсамадим, йўқ, лекин ойим билан ўтказган кунларимиз, яқинлигимиз, шанба кунлари супермаркет айланишларимиз, баъзан тўла жимликда ўтса-да, оламда биздан яқинроғи бўлмаган оқшом емакларимиз, тунда менинг хонамга келиб ёнимда ётиб, сочларимни силаганларини соғиндим. Бизга йиллар ўтиб кетаётгандек кўринади. Лекин энг оддий лаҳзалар бизда абадий муҳрланади.
Софи менга кичкина боланинг вафот этгани, уни қутқара олмагани, омадсизлик ва қайғудан ўзини чегаралаб, ишга кўнгил бериш қанчалик қийин эканини гапириб берди. Ойим, айниқса, болалар билан бўлган ҳолатлар оғирроқ бўлишини айтди. Баъзи врачлар кўнгли қаттиқлашиб кетади, лекин беморни йўқотиш ҳамма учун ҳам оғир бўлишига қасам ичиши мумкин. Мен баъзан, ҳаёт ойимга етказган зарба яраларини даволаш учун тиббиётни танладиммикан, деб ўйлаб қоламан.
Кечки овқатдан кейин ойим секингина чиқиб кетди, мен эса Софини уй орқасидаги боғга етакладим. Кеча илиқ эди, Софи бошини елкамга қўйди ва бир неча соатга бўлса ҳам касалхонадан олиб чиққанлигим учун миннатдорчилик билдирди. Мен ойимнинг кўп гапиргани учун узр сўрадим, бизнинг уик-эндимиз яна ҳам холироқ бўлиши мумкин эди.
– Нималар деяпсан, бу ердан ҳам холироқ жой борми? Мен юз марта ўзим ҳақимда гапириб бердим, сен ҳам юз марта тингладинг, лекин ўзинг ҳақингда гапирмагансан. Бугун мен шу камчиликни тўлдиргандек бўлдим.
Ой чиқди. Софи унга қараб, бугун ой тўлган кун экан, деди. Мен бошимни кўтардим ва томга қарадим. Том ярқирарди.
– Кетдик, – дедим мен, Софининг қўлидан тортиб, – Шовқин солмасликка ҳаракат қил ва мен билан юр.
Биз чордоқга чиққанимизда, Софининг том остида энгашиб, эмаклаб юришига тўғри келди. Чордоқ ойнаси олдида мен уни ўпдим. Бизни ўраб турган жим-житликка узоқ қулоқ тутиб ўтирдик. Софининг кўзлари юмилиб кетаётганди. У менинг бир ўзимни қолдирди ва агар каравотим кичиклик қилаётган бўлса, унинг ёнига ухлашга боришим мумкинлигини айтиб, люкни ёпиб кетди.
Уй жим-житликка чўмди. На товуш, на шитирлаш бор. Мен қутиларнинг бирини очдим, болалик хазиналарини титкилаб туриб, ногаҳон ўзимни ғалати сеза бошладим. Гўёки менинг қўлларим кичрайиб қолгандек, гўёки мен қолдириб кетган олам, яна мени ўраб олган каби бўлди. Ойнинг илк шуълалари чордоқ полларида кўринди. Мен қаддимни кўтардим, бошимни тўсинга уриб олгандан кейин ўзимга келдим. Лекин қалам чизгиси каби узун, юпқа соя пайдо бўлиб бўлган эди. У сандиққача чўзилди ва унинг ўстига ўтирганини аниқ кўрдим. Соя менинг биринчи бўлиб сўз бошлашимни кутиб турарди. Бу даъват эди, лекин мен жим турдим.
– Демак, барибир қайтибсан-да, – деди у. – Бу ерда бўлганингдан хурсандман, биз сени кутган эдик.
– Сизлар кутган эдингизлар?
– Албатта-да, ахир эртами-кечми қайтишингни билар эдик.
– Менинг ўзим кеча бу ерда бўлишимни билмас эдим.
– Тасодифан бу ердаман деб ўйлаяпсанми? Боғда ўйнаган қизча бизнинг элчимиз эди. Сен бизга лозимсан.
– Сен кимсан?
– Синф етакчисиман. Гарчи синф тарқалиб кетган бўлса ҳам, биз сизларни кузатишда давом этамиз. Ахир соялар бошқача қарайди.
– Мендан нима истайсизлар?
– Маркеснинг қўлидан неча марта сени ким қутқариб қолди? Қанчалик ёлғиз бўлганингни эслайсанми? Неча марта ёлғизлигингни билдирмай кулги ва ҳазиллари билан сенга ким ёрдам берган? Кечқурунлари мактабдан қайтаётиб неча соатларни бирга ўтказганинг ёдингдами? У сенинг энг яқин ўртоғинг эди, тўғрими?
– Буларни нега менга айтяпсан?
– Бир куни шу чордоқда, мен сенга совға қилган эски расмларни томоша қилаётганингда, “Бундай муҳаббат қаерга йўқолиб қолди?” дединг. Энди менинг савол бериш навбати келди: бу дўстлик – сен уни қаерга йўқотдинг?
– Сен Люкнинг соясимисан?
– Сенсираяпсан, демак, менинг кимлигимни биласан.
Ой ойнанинг ўнг тарафига оғди. Соя секингина сандиқ устидан пол устига сирғалиб тушди, яна ҳам юпқалашди.
– Тўхта, кетма! Мен нима қилишим керак?
– Ҳаётини ўзгартиришга ёрдам бер, уни ўзинг билан олиб кет. Эслаб кўр, иккалангиз орангиздан у врачликка ўқиши керак эди. Ҳали ҳам кеч эмас, агар яхши кўрсанг ҳеч ҳам кеч бўлмайди. У ўзи истаган кишига айланишига ёрдам бер. Ўзинг ҳам буни биласан. Сени тарк этаётганим учун кечир, лекин вақт ўтиб кетяпти, қолишга имконим йўқ. Хайр.
Ой шуъласи ойнани тарк этди ва соя ҳам икки қути орасида тарқалиб кетди.
Орқамдан люкни ёпиб мен Софининг олдига кетдим. Ёнига чўзилганимда у дарҳол пинжимга кирди ва дарров яна ухлаб қолди. Мен узоқ вақт кўзларим очиқ ҳолда қоронғуликка қараб ётдим. Ёмғир ёғди, мен томга тиқиллаб тушаётган ёмғир томчилари товушини, боғдаги наъматакларнинг шитирлашларини эшитиб ётдим. Бу уйда тунда эшитиладиган ҳар қандай товуш мен учун қадрли эди. Эрталаб тўққизларда Софи керишиб ўрнидан турди. Мен ҳам, у ҳам бир неча ойдан бери шундай мириқиб ухламаган эдик.
Биз ошхонага тушдик, у ерда бизни сюрприз кутаётган эди. Стол атрофида ойим билан Люк суҳбатлашиб ўтирар эди.
– Одатда бу соатда мен ухлайман, лекин сизлар жўнаб кетяпсизлар, сизлар билан хайрлашмасам бўлмас эди, – деди у. – Қара, мен сизларга бир нарса олиб келдим. Мен уларни эрталаб сиз ҳақингизда ўйлаб туриб пиширдим, бу махсус партия.
Люк бизга саватчани узатди, сават иссиққина круассан ва булкаларга тўла эди.
– Ширинми? – сўради у паққос тушираётган Софига қараб.
– Ҳаётимда бунақа мазалисини емаганман, – дея жавоб берди у.
Ойим кечирим сўраб, бизни ёлғиз қолдирди, унинг боғда юмуши бор эди. Софи круассанларни катта-катта тишлар, мен Люкнинг кўзларидан ўртоғимнинг иштаҳасидан мамнун эканини кўриб турардим.
– Менинг оғайним яхши дўхтирми? – сўради у Софидан.
– Фаришта деб бўлмайди-ю, аммо у яхши дўхтир бўлади, – деди у круассанга тўла оғзи билан.
Люк бизнинг касалхонадаги ҳар кунимиз ҳақида билишни истар, унга ҳамма нарса қизиқ эди. Софи унга гапириб берган сари, мен унинг бундай ҳаётни қанчалик орзу қилаётганини англар эдим.
Ўз навбатида Софи ундан кеча мактаб панжараси олдида айтилган “сув ва оловдан ўтилгани” ҳақида сўради. Менинг хўмрайиб қарашимга қарамасдан, Люк менинг Маркес билан урушганларимни, қандай қилиб менинг шкафчага қамаб қўйганини, қандай қилиб Люк ҳар йили синф етакчилиги учун курашда ёрдам берганларини, ҳатто қоровулхонадаги ёнғинни ҳам айтиб берди. Суҳбат асносида Люкнинг кулгуси самимийлашиб, яна аввалги ҳолига қайтди.
– Соат нечада қайтасизлар? – сўради у.
Софи ярим тунда, мен эса эртага эрталаб навбатчиликка ўтиришимиз керак эди. Биз тушликдан кейин чиқишни мўлжаллаб турган эдик. Люк бутун кучи билан чарчоққа қарши курашиб эснади. Софи биз иккаламизни қолдириб, ўзи нарсаларини йиғишга кетди.
– Сен яна келасанми? – сўради мендан Люк.
– Албатта, – дедим мен.
– Кейинги сафар душанба кунига келишга ҳаракат қил. Булкахона сешанба кунлари ёпилишини биласан-а? Биз сен билан бутун оқшом бирга бўлардик, маза бўларди! Вақтимиз жуда ҳам оз, мен ҳали ҳам у ерда қандай яшаётганларинг ҳақида билгим келяпти.
– Люк, мен билан бормайсанми? Бахтингни синаб кўрмайсанми? Ахир, дўхтирликка ўқишни орзу қилардинг-ку! Стипендия оласан, қўшимча пул топишинг учун сени санитар қилиб жойлаштираман, уй учун пул тўлаш шарт эмас, менинг хонам катта эмас, лекин иккаламиз сиғамиз.
– Сен ҳозир бориб ўқишимни тавсия қиляпсанми? Буни беш йил олдин қилиш керак эди, қария!
– Кечроқ бошлайсан – нима қилибди? Кабинетига кирганда ким дўхтирнинг ёшини сўрайди?
– Мен талабалар ўриндиғига ўзимдан кичиклар билан бирга ўтираманми, мен курснинг Маркеси бўлишни истамайман.
– Ўзинг ўйлаб кўр, Элизабетга ўхшаган қанча қизлар етуклигингни севиб қолишади.
– Албатта, – ўйлаб қолиб деди Люк, – агар бошқача олиб кўрсанг… Йўқ, қўй, мени орзулар билан алдама. Сен билан гаплашиш яхши, лекин сен кетадиган бўлсанг, менга яна ҳам ёмон бўлади.
– Сенга нима халақит беради? Ўйлаб кўр, ахир бу сенинг ҳаётинг!
– Дадам, ойим ва синглим. Мен уларга бу ерда керакман. Уч оёқли машина узоққа бормайди. Оила нима эканини сен тушунмайсан.
Люк кофега бурнини тиқадиган даражада бошини эгди.
– Кечир, – деди у чуқур хўрсиниб, – мен бунақа демоқчи эмасдим. Гап шундаки, оғайни, дадам мени ҳеч қачон қўйиб юбормайди. Мен унга керакман, мен унинг қаригандаги тиргагиман, у ярим кечаси тўшагидан туролмай қолганида мен булкахонада унинг ўрнини босаман.
– Йигирма йилдан кейин Люк! Сенинг даданг йигирма йилдан кейин қарийди, ундан кейин синглинг бор, ахир!
Люк кулди.
– Ҳа, дадам унга қандай ўргатаётганини тасаввур қиляпман. Дадам синглимнинг чизган чизиғидан чиқмайди-ю. У мени қаттиқ тутади, синглим эса дадамни истаган кўйига ўйната олади.
Люк ўрнидан турди ва эшикка равона бўлди.
– Сени кўрганимдан мамнун бўлдим. Бундай кейин узоқ қолиб кетма. Машҳур профессор бўлиб, ҳашаматли ҳудудда ҳашаматли уйларда яшасанг ҳам, сенинг уйинг бу ерда бўлиб қолади.
Люк хайрлашиб мени қучоқлади. У эшикка келганида мен унга дедим:
– Сен соат нечада иш бошлайсан?
– Нега сўраяпсан?
– Мен ҳам кечалари ишлайман, агар жадвалингни билсам, мен ҳам навбатчилигимда ёлғиз қолмайман. Соатга қарайман ва сенинг ишингни тасаввур қиламан.
Люк менга ғалати қараб қўйди.
– Сен касалхонада нима иш қилишимиз билан қизиқдинг-ку, сен ҳам печ олдида кунинг қандай ўтишини айтиб бер.
– Тунги соат учда биз хамир қорамиз: ун, сув, туз, хамиртуруш. Биринчи қорувдан кейин хамир етилишини кутиш керак. Соат тўртга яқин бизда танаффус. Иссиқ кунларда мен булкахонанинг орқа эшигини очаман, тор кўчага икки табуретка қўяман ва дадам билан кофе ичамиз. Биз деярли гаплашмаймиз, дадамнинг айтишича, хамир ортиқча шовқинни ёқтирмайди, умуман олганда у дам олиши керак. Кофени ичгач, мен табуреткада бир соатгина мизғиб олишни истайман, лекин туриб патнисларни ювгани, нон қўйиладиган каноп салфеткаларни ёйгани кетаман.
Кейин дадам менга қўшилади ва биз иккинчи қорувни амалга оширамиз. Хамирни бўлакларга бўламиз, шакл берамиз, пўсти ёрилмаслиги учун ҳар битта нонни пичоқ билан тилимлаб чиқамиз ва охири печга тиқамиз.
Ҳар кеча бир хилдек кўринади, лекин ҳар сафар ҳар хил бўлади, энг муҳими натижа. Совуқ кунлари хамир кечроқ етилади, унга иссиқ сув ва кўпроқ хамиртурурш қўшиш керак. Иссиқ кунлари, тескариси, тез қуриб қолмаслиги учун совуқ сув керак. Яхши нон пишириш учун ҳамма майда нарсаларга ҳам аҳамиятли, ҳаттоки ташқаридаги об-ҳаво ҳам. Булкачилар ёмғирни ёқтиришмайди, ёмон об-ҳавода кўпроқ ишлашга тўғри келади.
Соат олтида биз илк эрталабки нонни оламиз. Бир оз совутгач уни булкахонага олиб борамиз. Мана шунақа, қария, лекин агар сен бу ҳикояни эшитиб булкачи бўламан десанг, адашасан. Албатта, сенинг касалхона ҳақидаги ҳикояларинг ҳам мени дўхтир қилмайди. Бўлди энди, мен ухлагани кетишим керак, менинг номимдан ойингни ўп, севгилингни қаттиқроқ ўп. Унинг сенга қараши ёқади, сенинг омадинг бор экан, мен сен учун хурсандман. Гуллар ёмғир остида эгилиб қолгани учун, ҳар биттасини авайлаб кўтараётган эди.
– Тиззаларим оғрийди, – зорланди у ўрнидан тура солиб. – Кечагидан кўра кўринишинг яхши. Куч тўплаш учун яна бир неча кун қолсанг бўларди.
Мен унинг кулаётган кўзларига қараб ҳеч нарса жавоб бермадим. Ўша пайтлардаги каби, ҳатто дарсга бормаганим кунларда ҳам тушунтириш хати ёзиб беришингни қанчалар истар эдим.
– Яхши жуфтсизлар, – деди ойим менинг қўлимни ушлаб.
Мен ҳали ҳам жавоб бермасдим, у эса ўз монологини давом эттирарди:
– Йўқса, кеча кечаси сен уни чордоқга олиб борармидинг? Биласанми, мен бу уйда ҳамма нарсани эшитаман, илгари ҳам эшитганман. Сен кетганингдан кейин мен баъзан у ерга чиқар эдим. Сени қаттиқ соғинган пайтларимда у ерга чиқиб ойна рўпарасида ўтириб олардим. Нимагалигини билмайман, лекин хаёлимда шу ерда ўтирсам, сенга яқинроқ бўлиб қоладигандек эдим, гўё ойна шишасидан қараб, узоқларда сени кўргандек бўлардим. Қачондан бери у ёққа чиққаним йўқ. Айтдимку, менинг тиззаларим оғрийди, бутун бу эски-тускилар орасида энкайиб юриш оғир бўлган. О, бундай қарама, менга ишон, сенинг қутиларингни очганим йўқ. Ойингнинг камчиликлари бор, албатта, лекин андишасиз эмас.
– Мен сизни айблаётганим йўқ, – дедим мен.
Ойим менинг ёноғимни силаб қўйди.
– Ўзингга нисбатан, айниқса унга нисбатан ҳалол бўл; агар унга нисбатан туйғуларинг муҳаббат бўлмаса, унга бекорга умид берма, у яхши қиз.
– Нега буларни менга айтяпсиз?
– Чунки сен менинг ўғлимсан, сени мендан кўра ким яхшироқ билади?
Ойим Софининг олдига боришимни буюрди, ўзи эса атиргул шохларини кесиши керак экан. Мен хонамга кўтарилдим.
Софи дераза рафига суяниб, ойнадан қараб турарди.
– Бир ўзинг қайтишингга тўғри келса, хафа бўлмайсанми?
Софи қайрилиб қаради:
– Сен учун маърузаларни кўчириб олишим мумкин, лекин душанба кечқурун, адашмасам навбатчилигинг борга ўхшайди.
– Худди шундай, мен илтимос қилмоқчи бўлган иккинчи хизмат шу. Агар қила олсанг, бўлим мудирининг олдига кир, менинг касал бўлганимни, унчалик хавотирли эмаслигимни, оддий ангина эканини, уйда даволаниб, бошқаларга юқтиришни истамаганимни айт. Менга бор-йўғи бир кун керак.
– Йўқ, мен хафа бўлмайман, сен деярли ойинг билан бўлмадинг, яна бир оқшом сен билан бўлиш унга қувонч олиб келади. Мен бир ўзим қайтаман ва йўлда сен учун ҳақиқатга яқин бирор баҳона топишга ҳаракат қиламан.
Яна бир кун қолишимни эшитиб ойим қувониб кетди. Унинг машинасида мен Софини вокзалга олиб бориб қўйдим. Софи менинг ёноғимдан ўпди ва қувлик билан кулиб вагонга чиқди. Эндиликда поезднинг ойналари очилмайдиган бўлган, олдингидай “хайр” ҳам деёлмайсан. Поезд ўрнидан қўзғалди, Софи менга қўлини силкитди. Поезднинг охирги чироқлари кўздан йўқолмагунча мен перронда турдим.
– Бирор нарса бўлдими? – сўради ойим қайтганимда.
– Ҳаммаси жойида. Нима бўлибди?
– Сен фақат ойинг билан бир оқшомни ўтказиш учун поезддан қолиб, ўртоғингни бир ўзини жўнатдингми?
Мен ошхона столида унинг ёнида ўтирдим ва қўлларини қўлимга олдим.
– Мен сизни соғинганман, – дедим пешанасидан ўпиб.
Биз меҳмонхонада овқатландик. Ойим илгари мен севган овқат – ветчинали чиғаноқ-макарон пиширди. У менинг ёнимда диванда ўтирар, ўзининг овқатига қўл теккизмай, менинг паққос туширишимни томоша қилар эди. Мен дастурхонни йиғиштирмоқчи бўлдим, лекин ойим қўлларимни тутди ва идиш-товоқ кутиб туришини айтди. “Мени чордоқга таклиф қилмайсанми?” деб сўради. Мен ойим билан томга чиқдим, зинапояни туширдим, люкни очдим ва иккаламиз чордоқ ойнаси ёнида ўтириб олдик.
Бироз иккиланиб туриб, мен анчадан буён сўрамоқчи бўлган саволимни бердим:
– Дадам ўзи ҳақида ҳеч ҳам хабар бермадими?
Ойимнинг кўзлари қисилиб кетди. Мен илгари ҳақиқатдан касалманми ёки йўқми, ёхуд математикадан назорат ишидан қочаяпманми, деб текшираётган ҳамшира нигоҳини кўрдим.
– Сен ҳали ҳам у ҳақида тез-тез ўйлайсанми? – саволимга савол билан жавоб берди ойим.
– Унинг ёшидаги эркакни “Тез ёрдам” бўлимига олиб келсалар, ҳар доим даҳшатга тушаман: агар у бўлса-чи, у мени танимай қолса нима қилишим ҳақида ўйлайман.
– У сени дарров таниган бўларди.
– Нега у бир марта ҳам менинг олдимга келмади?
– Мен узоқ вақт уни кечира олмадим. Ҳаддан ташқари узоқ, шекилли. Мен жуда кўп нарса дедим, ҳозир буларни айтганимга пушаймонман, лекин буларнинг бари севганим учун бўлди. Мен ҳали ҳам дадангни яхши кўраман. Муҳаббат ва нафрат аралашган пайтда биз даҳшатли ишлар қиламиз, кейин бундан пушаймон бўламиз. Мени ташлаб кетгани учун уни айблаганим йўқ – бунинг жавобгарлиги қисман менинг ҳам бўйнимда. Унинг бошқа билан бахтли эканига чидаш қийин эди. Мен дадангни кечира олмадим, чунки уни қаттиқ яхши кўрардим. Сенга бир нарсани тан олиб айтишим керак. Ойинг кўзингга эскидан қолган бўлиб кўринса ҳам айтай: у менинг ҳаётимдаги ягона эркак. Агар биз ҳозир учрашганимизда, мен унга ажойиб совға – сени менга бергани учун ташаккур билдирган бўлардим.
Бу гапларни мен ойимнинг соясидан эмас, унинг ўзидан эшитдим.
Мен уни маҳкам қучоқладим ва яхши кўришимни шивирлаб айтдим.
Ҳаётимизнинг энг қимматбаҳо лаҳзалари кўпинча оддий нарсаларга боғлиқ бўлади. Бу оқшом қолмаганимда, ойим билан бўлган бу суҳбат амалга ошмаган бўларди. Чордоқдан кета туриб мен охирги маротаба ойнага қарадим ва соямга ичимдан миннатдорчилик билдирдим. Соатни тунги соат учга қўйдим. Тунда кийиндим, уйдан чиқдим ва мактаб йўлига тушдим. Бу соатда шаҳарча бўм-бўш эди. Булкахона пештахтасини темир панжара тўсиб турарди. Мен уйни айланиб ўтдим ва тор кўчага бурилдим. У ерда, паст дарчадан эллик метрча узоқда, қоронғуликда туриб мен керакли лаҳзани кутиб турардим. Соат тўртда Люк ва унинг отаси новвойхонадан чиқишди. У, худди айтгани каби, девор тагига иккита стулни қўйди, ва унинг отаси биринчи бўлиб ўтирди. Люк унга кофе олиб келди, иккаласи ҳам жим ўтирарди. Люкнинг отаси ўз финжонини ичиб бўлди, уни ерга қўйди ва кўзларини юмди. Люк унга қаради, уҳ тортди, финжонни ердан олиб новвойхонага кириб кетди. Бу лаҳзани мен кутиб турган эдим. Жасоратимни тўплаб, олдинга қадам ташладим.
Люк – болалигим дўсти, энг яхши дўстим, аммо қизиқки, мен унинг отаси билан деярли таниш эмасман. Мен уларникида меҳмонда бўлганимда, доимо шовқин қилмасликка ҳаракат қилардик. Тунда ишлаб, кундузлари ухлайдиган бу одамдан қўрқар эдим. Мен уни дарсдан бошимни кўтарганимда тепада кезиб юрадиган арвоҳ сифатида тасаввур қилардим. Бу булкачига, унчалик таниш бўлмасам ҳам, мактаб даврларида сабр, қунт билан ўтириб дарс қилганим, мадам Шеффер тез-тез қўллайдиган жазолардан қутулиб қолганим учун қарздорман. Агар ундан қўрқмаганимда, кўп сонли уйга вазифалар ўз вақтида қилинмаган бўларди. Бу тун охир-оқибат у билан сўзлашишим керак эди, бошида эса – уни уйғотишим ва ўзимни таништиришим лозим эди. Фақатгина қаттиқ сесканиб Люкнинг диққатини тортмаса бўлди. Мен унинг елкасига қўл теккиздим. У киприк қоқди, унчалик ҳайрон бўлмаган каби кетма-кет гап қалаштириб ташлади:
– Люкнинг ўртоғисан-а? Мен сени танидим, гарчи бироз қариган бўлсанг ҳам. Ўртоғинг ичкарида. Бор, у билан кўриш, фақат кўп қолиб кетма, бизнинг ишимиз бошимиздан ошиб ётибди.
Мен Люкка эмас, унинг олдига келганим айтдим. У ўрнидан турди ва тор кўча бошида кутишимни қўли билан имо қилди. Новвойхона эшигини очиб, ўғлига оёқлари чигилини ёзиб келишини айтди ва мени қувиб етди. Люкнинг отаси гапимни бўлмасдан эшитди. Биз тор кўча охирига етганимизда у қўлимни маҳкам қисди ва деди:
– Энди тўрт томонинг қибла! – ундан кейин орқасига қарамасдан кетди.
Мен бошимни солинтириб уйга қайтдим, ўзимдан жаҳлим чиқарди: бўйнимга олган вазифамни уддалай олмадим. Бу биринчи маротаба бўлаётган эди.
Уйга қайтгач мен минг бир эҳтиёткорлик билан шовқинсиз қулфни очишга ҳаракат қилдим. Бефойда меҳнат: чироқ ёқилди ва мен ошхона эшигида халат кийган ойимни кўрдим.
– Биласанми, – деди, – сенинг ёшингда энди яширинча уйдан чиқиб кетишга ҳожат йўқ.
– Мен шунчаки айланишга чиқдим, уйқум қочиб кетди.
– Соат овозини эшитмадим, деб ўйлайсанми?
Ойим газ плитасини ёқди ва чой қўйди.
– Энди ухлашга кеч бўлди, – деди у, – мен сенга кофе қилиб бераман, сен эса нега яна бир кун қолганингни, энг асосийси, бу соатда қаерга кетганингни менга айтиб берасан.
Мен ўтирдим ва Люкнинг отасига қилган ташрифимни айтиб бердим.
Мен вазифамни уддалай олмаганимни айтиб берганимдан сўнг, ойим елкамга қўлини қўйди ва кўзларимга тўғри қаради.
– Бировнинг ҳаётига аралашиб бўлмайди, ҳатто яхши ниятда бўлса ҳам. Агар Люк унинг отаси билан гаплашганингни эшитса, хафа бўлиши мумкин. У, фақатгина у қандай яшашини ҳал этиши керак. Бунга кўнгин ва ниҳоят энди катта бўлгин. Сен ўз йўлингда учраган ҳар бир кишининг оғриғини қолдиришга мажбур эмассан. Агар сен дунёдаги энг яхши дўхтир бўлганингда ҳам буни амалга ошира олмасдинг.
– Сиз-чи.. Бир умр шундай қилишга ҳаракат қилмадингизми? Шунинг учун кечалари чарчаб келмасмидингиз?
– Менинг назаримда, азизим, сен ойингнинг соддалиги ва дадангнинг қайсарлигини мерос қилиб олибсан.
Мен эрталабки биринчи поезд билан жўнаб кетдим. Ойим мени вокзал олиб бориб қўйди. Перронда турганимизда тезроқ келишга ваъда бердим. Ойим кулди.
– Кичкиналигингда, ҳар доим чироғингни ўчиргани келганимда “Ойи эрта қачон келади?” деб сўрардинг. Мен “Яқинда” деб жавоб берардим. Ва ҳар сафар эшикни ёпа туриб, жавобим сени қониқтирмаганини ҳис қилардим. Энди ёшимиз ўзгариб, ролимиз алмашганга ўхшайди. Майли, яхши қол, азизим, ўзингни эҳтиёт қил.
Мен вагонга ўтирдим ва узоқ муддат ойимнинг шарпасига қараб турдим.
Ўн кундан кейин ойимдан биринчи мактуб келди. Ҳамма хатларидаги каби у жавоб хатига умид қилиб ишларим қанақалигини сўраган. Лекин мен куч тўплаб, уйга келиб ёзгунимча бир неча ҳафта ўтиб кетди. Катта бўлган болаларнинг ота-онасига нисбатан парвосизлиги худбинлик билан бир чегарада бўлади. Гўёки ойим ҳар доим мен билан бирга эканини ҳис қилгандек, унинг хатларини пастдаги рафда қутида сақлаганим туфайли яна ҳам ўзимни айбдорроқ ҳис қилардим.
Бориб келганимиздан кейин Софи билан деярли кўришмадик, бирор тунни ҳам бирга ўтказмадик. Болалигим кечган уйда бўлганимиздан кейин орамизда кўринмас бир чизиқ пайдо бўлди, энди уни на мен ва на у боса олмас эдик. Ойимга хат ёзишга ўтирганимда Софи уни ўпиб қўйишини ёздим. Бу ёлғонимнинг эртасига мен уни бўлимда топдим ва соғинганимни айтдим. У эртаси куни мен билан кинога боришга кўнди, лекин кино тугагандан кейин уйига қайтишга қарор қилди. Бир ойдан бери бир интерн-педиатр Софининг орқасидан юрарди, ва у иккаламизнинг ҳам қатъиятсизлигимизни ўзи ҳал қилишга қарор қилган эди. Тўғрироғи, менинг қатъиятсизлигимни бўлса керак. Мен эгаллашга қарор қилолмаётган нарсага бошқа бир эркак эгалик қилиши мумкинлигини билиб, ғазабга келдим. Мен унинг эътиборини қайта қозониш учун ҳамма ишни қилдим ва икки ҳафтадан кейин бизнинг таналаримиз бирлашди. Рақиб чиққан жойига қайтиб қувилган ва менинг юзимга кулги қайтган эди.
Сентябр ойи бошида, узоқ навбатчиликдан кейин уйга келганимда, зинапояда мени ажойиб совға кутаётган экан. Эшик олдида бироз гангиган, лекин хурсанд ҳолда, қўлида чамадонча билан Люк турарди.
– Мен сени кутиб қолдим, қария! – деди у ўрнидан туриб. – Ейишга бирон нарсанг борми, очимдан ўладиганга ўхшайман.
– Сен бу ерда нима қиляпсан, – дедим мен хонамни очиб.
– Дадам қувиб солди!
Люк курткасини ечди ва хонадаги ягона креслога ўтирди. Мен тунец банкасини очиб, менга столча хизматини ўтайдиган жомадон устига қўйгунимча, Люк тинмай жавради:
– Унга нима бўлганини билмай қолдим, қария. Биласанми, сен кетганингдан кейин, ҳайрон бўлдим, танаффусдан кейин новвойхонага келмади. Мен ҳали уйғонмагандир, деб ўйладим ва ҳатто бироз ташвишландим. Тор кўчага қараган эшикни очдим, қарасам – стулчада ўтириб йиғлаяпти. Нима бўлганини сўрадим, у айтмади, бироз чарчаганини айтди, кўрганимни ҳеч кимга, ойимга ҳам айтмасликка қасам ичтирди. Ўша тундан кейин бошқа одамга айланди-қолди. Одатда ишлаётганимизда у қаттиққўл бўлади, мен биламан, шундай қилиб у касбга ўргатади, мен ундан хафа бўла олмайман. Бобом ҳам шакар одам бўлмаган бўлса керак. Лекин дадам кундан кун меҳрибон бўлиб кетаверди. Бирон нарсани ўхшата олмасам, мени койимай қўйди, яна бир бор қандай қилиш кераклигини кўрсатади, ҳечқиси йўқ, ўзи билан ҳам шунақа бўлиши айтадиган бўлди. Онт ичаман, мен ҳеч нарсани тушунмай қолдим. Бир куни у ҳатто мени қучоқлади. Мен ақли жойида эмас, деб ўйладим. Мен хато қилмаган кўринаман, чунки ўтган куни у мени ишдан бўшатди, гўёки мен оддий ишчидек ҳисоб-китоб қилди. Эрталаб олтида кўзларимга қаради ва шунчалик ношуд эканман, новвойхона мен учун эмаслигини, вақтни бу ерда бекорга ўтказмаслигимни, яхшиси катта шаҳарда бахтимни синаб кўришимни айтди. Мен ўз йўлимни топишим керак экан, чунки бизнинг кунларимизда фақатгина шундай бахтли бўлиш мумкин экан. Буларнинг барини жаҳл билан айтди. Тушлик пайтида ойимга менинг кетишимни айтди ва куннинг қолган қисмида булкахонани ёпди. Кечки овқат пайти ҳеч ким ҳеч нарса демади, ойим эса йиғларди. Яъни, ошхонада кўзёши тўкар, ҳар сафар мен ошхонага чиққанимда ортимдан келиб, қучоқлаб, кўпдан бери бунчалик бахтли бўлмаганини қулоғимга айтарди. Қара-я, дадам мени қувиб чиқараётганидан ойим хурсанд! Айтдим-ку, менинг ота-онам жинни бўлиб қолишди. Мен бугун биринчи апрель эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун уч марта тақвимга қарадим. Эрталаб дадам хонамга келиб, кийинишимни буюрди. Биз унинг машинасига ўтирдик ва бир сўз қотмасдан саккиз соат йўл юрдик. Фақат бир марта, туш пайти оч қолган-қолмаганимни сўради. Биз кечга яқин бу ерга келдик, у мени машинадан туширди ва сенинг бу ерда яшашингни айтди. Буни қаердан билди экан? Буни ҳатто мен ҳам билмасдим! У юкхонадан сумкамни олди. Оёқларим остига қўйиб, конверт узатди, бу ерда кам эканини, лекин бундан ортиқ бера олмаслигини, бир оз муддатга менга етиб туришини айтди. Кейин машинага ўтириб жўнаб кетди.
– Бошқа ҳеч нарса демадими? – сўрадим мен.
– Айтди. Машина жойидан қўзғалаётганида: “Агар сендан ношуд врач чиқадиган бўлса, уйга қайтиб кел, шунда мен сенга касбни ҳақиқий қилиб ўргатаман”, деди. Сен бирон нарсани тушундингми?
Мен Софи совға қилган ва олиб келган оқшоми ичмаганимиз ягона вино шишасини очдим. Биз уни стаканларга қуйдик ва мен ҳеч нарсани тушунмаётганлигимни айтиб, Люк билан чўқинтириб ичдим.
Мен дўстимга тиббиёт факультетининг биринчи курсига қабул қилиниши учун керак бўладиган барча ҳужжатларни тўлдиришга ёрдам бердим, қабул комиссиясига етаклаб бордим, у ерда отаси бериб юборган пулнинг анча қисмини беришига тўғри келди.
Машғулотлар октябрда бошланар эди. Биз яна бирга ўқийдиган бўлдик. Бир партада ўтирмасак ҳам, касалхона боғчасида баъзан-баъзан кўришса бўлади. Каштансиз ва баскетбол саватисиз ҳам биз у ерни янги мактаб ҳовлисига айлантира оламиз.
Биринчи маротаба ўша ерда учрашганимизда, унинг соясига миннатдорчилик билдириш навбати менга келди.
Люк менинг уйимда яшай бошлади. Бир-бирига мос тушмайдиган кун тартибимизда бирга яшаш осон эди. Мен тунда навбатчиликда турганимда у менинг каравотимда ётарди. Мен уйга келганимда эса у дарсга кетарди. Хонани бўлишимизга тўғри келадиган камёб кунларда у тўшакни ойна тагига тўшаб, боши остига адёлни тўплаб қўяр ва суғур каби ухларди.
Ноябрда бир талаба қиз билан айланишиб қолганини айтиб қолди, улар тез-тез бирга дарс қилишар экан. Аннабель ундан беш ёшлар кичик эди, лекин Люкнинг эътироф этишича, аёл сифатида ёшига нисбатан катта эмиш.
Декабр бошида Люк менга бир илтимос қилди. Ўша куни мен Софиникига бориб ётдим. Ҳа, Люкнинг Аннабель билан бўлган ишқий муносабати мен ва Софини яқинлаштирди. Мен кўпинча Софиникида қоладиган, Аннабель эса менинг хонамда қоладиган бўлди. Якшанба кечқурунлари Люк барчамизни бизнинг хонамизга таклиф қилар, плита бошида туриб, ошпазлик ҳунарларини кўрсатар эди. Еган торт ва пирогларимизнинг саноғи йўқ. Кечки овқатдан кейин мен ва Софи Люк ҳамда Аннабельни “дарс тайёрлашлари” учун холи қолдириб кетардик.
Ойимни ёздан бери кўрмадим, кузда ҳам олдимга келмади. Ойим ўзини чарчаган каби ҳис қилаётганини ва шунинг учун йўлга тушишга юрак қилмаётганини ёзди. Хатдан билдимки, уйимиз ҳам унинг ўзи каби қариб кетаётган экан. Уйни таъмирлаш ишларини бошлаган, лекин бўёқ ҳидига чидай олмаётган экан. Телефонда у ташвишланадиган нарса йўқлигига ишонтирди. Бир неча ҳафта дам олса, ҳаммаси яхши бўлар экан. Рождествога келишга сўз бердим, Рождествога эса кам вақт қолди.
Мен ойимга совға олдим, поездга билет олдим, 24 декабр куни бўладиган навбатчилигимдан жавоб сўрадим. Автобус шофери ва муз қопланган йўл менинг режаларимни барбод қилди. Бошқариб бўлмайдиган ҳолат – гувоҳлар шунақа дейишди: автобус парапетга урилиб, ағдарилиб кетган. Ичкарида қирқ саккизта, тротуарда эса саккизта жабрланган бор. Мен энди йўлга ҳозирланаётган пайтимда пейжер жиринглаб қолди. Касалхонага қўнғироқ қилдим – барча экстернларни шошилинч чақиришган экан.
“Тез ёрдам” қабулхонасида ҳақиқий тўполон, ҳамширалар у ёқдан бу ёққа югурган, барча текширув хоналари банд, ходимлар оёқдан қоладиган даражада. Энг оғир беморларни операция блокига олиб кетишган, сал енгилроқлари коридорда, аравачаларда ўз навбатларини кутиб ётишарди. Люк замбилларни кўтариб “Тез ёрдам” машиналари орасига шўнғирди. Биз биринчи маротаба биргаликда ишлаётган эдик. Унинг ранги ўчган эди ва мен уни кўздан қочирмасликка ҳаракат қилдим.
Унинг замбилига сони очиқ синган эркакни ётқизишганида, кичик ва катта болдир суяклари тўғри бурчак остидан чиқиб турганида, у менга ўгирилди, ранги кўкариб кетди, эшик тамбуридан секин сирғалиб, полга ағанаб тушди. Мен у томонга югуриб кетдим, кўтардим ва ўзига сал-пал келиши учун креслога ўтирғиздим.
Бу тўполон бутун тун бўйи давом этди. Эрталабга яқин “Тез ёрдам” бўлими жанг бўлиб ўтган далага ўхшаб қолди. Қон беланган полда бинтлар ётарди. Сал тинчиб, навбатчи бригада тартибга келтиришга ҳаракат қилар эди.
Люк шундай қилиб мен уни қўйган креслодан турмади. Мен унинг ёнига ўтирдим. У тиззасига бошини тиқиб қотиб қолган эди. Мен уни тўғриланиб, менга қарашига мажбур қилдим.
– Мана бўлди, – дедим мен. – Сен жанговар қасам ичгансан, гарчи ўзинг бошқача ўйласанг ҳам, анча уддаладинг.
Люк уҳ тортди, атрофга қаради ва қусиш учун югуриб кетди. Уни қўллаш учун орқасидан бордим.
– Жанговар қасам деб нимани айтиб ётувдинг? – деди у деворга суяниб.
– Ҳа, шиддатли Рождество кечаси бўлди, лекин сени ишонтириб айтаманки, яхши чидаб бердинг.
– Мен қип-қизил аҳмоқ каби ўзимни тутдим, демоқчисан. Мен ҳушимдан кетдим, қусдим – тиббиёт талабаси учун ажойиб!
– Агар билсанг, биринчи маротаба анатомияга кирганимда мен ҳам ҳушимдан кетганман.
– Огоҳлантирганинг учун раҳмат, менинг анатомия бўйича биринчи дарсим кейинги душанба куни бўлади.
– Ҳаммаси яхши бўлади, мана кўрасан.
Люк кўзлари билан тешгудек бўлиб қаради.
– Йўқ, ҳеч нарса яхши эмас. Мен хамир қорганман, қонга беланган кўйлак-шим эмас, нон кесганман, энг асосийси – мен пичоқ тиққанимда ширин булканинг қичқирганини кўрмаганман. Қария, мен бу ишни эплолмайдиганга ўхшайман.
– Люк, кўпгина тиббиёт талабалари шунақа ҳолга тушади. Вақт ўтиб кўникиб кетасан. Сен бировни даволаш қанчалик қувонч олиб келишини ҳали билмайсан.
– Мен одамларни шоколадли ширинлик билан даволаганман, ва сени ишонтириб айтаманки, бу ҳамма вақт фойда берган, – деди Люк халатини ечиб.
Кейинроқ, эрталаб мен уни уйда учратдим. У жаҳл билан сумкасидаги нарсаларни олиб, унга ажратилган шкаф бўлмаларига жойлаштираётганди.
– Биринчи маротаба менинг синглим Рождествони менсиз ўтказди. Телефонда мен унга нима дейман, унга бормаганимни қандай тушунтираман?
– Ҳақиқатни қария. Бу тунни қандай ўтказганингни, ҳаммасини борича айтиб бер.
– Ўн бир ёшли синглимга-я? Сени қара-ю!
– Сен Рождество кечасини фалокатга учраган одамларга ёрдам беришга бағишладинг. Оиланг сени нимада айблаши мумкин? Кейин сенинг ўзинг ҳам ўша автобусда бўлишинг мумкин эди, нолишни бас қил.
– Уйда ҳам бўлишим мумкин эди! Мен бу ерда бўғиляпман, бу шаҳарда, аудиторияларда, кечаси-ю кундузи ютиш керак бўлган бу китоблар орасида бўғилиб кетяпман!
– Балки нима бўлаётганини айтарсан? – сўрадим мен Люкдан.
– Аннабель – мана нима бўлди. Мен ишқий саргузашт ҳақида орзу қилардим, сен тасаввур қилолмайсан, қанчалик орзу қилардим. Дадам кўп тартибга чақирар, осмонларда кўп учаётганимни айтарди, мен эса доим ўзимни қизлар билан тасаввур қилардим. Мана энди, бу иш амалга ошганидан кейин, менда битта истак бор – бўйдоқ қолиш истаги. Мен ахир Софи билан муносабатингни жиддийга олмаганингга сендан хафа бўлгандим. Ҳали биринчи марта ойингларникида Софини кўрганимда, сен унга лойиқ эмассан, деб ўйлагандим.
– Раҳмат.
– Кечирасан, лекин мен унга зўрға қараётганингни кўрдим-да. Шундай қизга қарамаслик, мен сени тушунмагандим!
– Сен Софига бефарқ эмаслигингни билдиряпсанми менга?
– Ахмоқлик қилма. Шундай бўлганида тўппадан-тўғри айтган бўлардим. Шунчаки мен ортиқ ҳеч нарсани англолмай қолдим. Мен Аннабель билан зерикяпман, ҳақиқатдан ҳам зерикяпман. У сенга жиддий қарайди, менга эса нописанд қарайди, чунки мен қишлоқданман.
– Қаердан келди бу хулосалар?
– У байрамни нишонлаш учун оиласи олдига кетди, мени олиб кетишини таклиф қилдим, лекин ота-онаси билан таништиришни истамаслигини тушундим. Биз у билан бошқа-бошқа доираданмиз.
– Сен ҳаддан ташқари бўрттирмаяпсанми? Балки, у бундай жиддий қадам қўйишдан қўрққандир? Йигитини оиласига таништириш – бу ҳазил иш эмас, бу кейинги муносабатлар янги босқичининг бошланиши демак.
– Сен Софини ойинг олдига олиб келганингда буларнинг барини ўйлаганмидинг?
Мен Люкка индамай қараб турдим. Йўқ, ўзим учун ҳам ногаҳон Софига бирга боришни таклиф қилганимда мен буларни ўйламаган эдим. Фақатгина энди булардан қандай хулоса чиқарган бўлиши мумкинлигини ўйлаб қолдим. Менинг худбинлигим ва аҳмоқлигим куз бошида менга бўлган муносабатидаги совуқликни оқлар эди. Мен ҳатто Рождествода ҳам ҳеч нарсани таклиф қилмадим. Бизнинг севги-дўстлигимиз сўлиб борар, фақатгина мен буни сезмаётган эдим. Люкни ғамгин хаёллари гирдобида қолдириб, мен телефонга югурдим ва Софига қўнғироқ қилдим. Ҳеч ким жавоб бермади. Балки менинг рақамимни кўргач, жавоб бергиси келмагандир?
Мен ойимга қўнғироқ қилдим ва кела олмаганим учун кечирим сўрадим. Ойим ташвиш тортмаслигимни, у ҳаммасини яхши тушунишини айтди. Совғаларимиз ҳам кутиб туради. Ойим бу сафар эртароқ келишини, баҳорда эмас, февралда келишга ҳаракат қилишини айтди.
Янги йил кечаси мен навбатчилик қилдим – Рождествони холи қолдириш учун ўрин алмашдим ва хато қилдим. Люк оиласига кетди. Софи эса ҳали ҳам хабар бермасди. Мен “Тез ёрдам” бўлимининг тамбуридаги креслода ўтирардим ва илк саёқлар келишини кутардим. Бу тунда менда кутилмаган ноодатий учрашув бўлди.
Ўт ўчириш бригадаси қари аёлни олиб келди. Уни замбилда олиб киришди, ва унинг порлаган юзи мени ажаблантирди.
– Мен унинг қон босимини ўлчаб туриб, нега бунчалик хурсандлигини сўрадим.
– Буни тушунтириш қийин, сиз тушунмайсиз, – ҳиринглади у.
– Барибир айтинг-чи!
– Сиз мени жинни деб ўйлайсиз.
Кампир бироз қаддини тик тутиб менга диққат билан қаради.
– Мен сизни танидим! – хитоб қилди у.
– Сиз адашаётган кўринасиз, – жавоб бердим мен, сканерлаштиришга жўнатсамми-йўқми деб ўйлаб.
– Сиз, албатта, ақли паст деб ўйлаб мени жиддий текширмоқчисиз. Иккимиздан ақли пасти эса сизсиз.
– Сиз биласиз!
– Сиз бешинчи қават ўнг тарафда турасиз, мен эса сизнинг устингизда яшайман. Хўш, йигитча, ким довдир экан?
Биринчи курсдан мен худди шундай шарт-шароитда дадам билан учрашишдан қўрқардим. Бугун тунда мен қўшнимни учратдим – подъездда ҳам, зинапояда ҳам эмас, “Тез ёрдам” бўлмасида. Бу уйда беш йил яшадим, беш йил тепамда қадам товушларини, эрталаблари чойнаги чийиллашини, ойналарининг тарақлашини эшитдим. Лекин ёнимда яшаб турган одам ҳақида ўйлаб кўрмадим. Люк тўғри гапиради. Катта шаҳарлар жинни қилади, улар одам руҳини сўриб олиб, пўчоғини туфлаб ташлайди.
– Уялманг йигитча. Сиз мендан қарздор эмассиз: мен ҳали бирор марта сизнинг номингизга келган посилка ёки мактубни олмадим, ушнинг учун сиз менинг уйимга киришга мажбур эмассиз. Биз бир неча марта зинада тўқнаш келдик, лекин сиз шунақа тез югурасизки, қаватлар орасида соянгизни йўқотиб қўйишингиз ҳеч гап эмас.
– Бу гапни менга айтаётганингиз қизиқ, – дедим мен унинг қорачиқларини кўриш учун чироққа тутиб.
– Нимаси қизиқ, – ҳайрон қолди у кўзини қисиб.
– Ҳеч нарса. Балким, нимадан қувонаётганингизни айтарсиз?
– Йўқ, сизнинг қўшни эканлигингизни билгандан кейин албатта айтмайман. Дарвоқе, сиздан бир нарсани илтимос қилмоқчи эдим.
– Нимани истасангиз.
– Агар сиз ўртоғингизга севгилиси билан кўнгилхушлик қилаётган пайтида овозни сал пасайтиришини айтиб қўйсангиз, сиздан миннатдор бўлардим. Мен ёшларнинг завқига қарши эмасман, лекин бизнинг ёшимизда уйқу сезгир бўлади.
– Сизга тасалли сифатида айтай, энди уларни эшитмасангиз ҳам керак, улар ажраладиганга ўхшайди.
– Ҳа, – деди ўйланиб кампир, – таассуфдаман. Хўш, ҳаммаси жойида бўлса, уйимга кетсам бўладими?
– Йўқ, сизни кузатув остида ушлаб туришим керак, мажбурман.
– Нимани кузатмоқчисиз?
– Сизни!
– Вақтингизни бекорга кеткизманг, ўзим ҳаммасини айтиб бераман. Мен ёши ўтган хотинман, ошхонада сирғалиб кетдим. Ҳеч нарсани кузатиш керак эмас, фақатгина тўпиғимни бойлаб қўйсангиз бўлди. Кўряпсизми, турган жойида шишиб кетяпти.
– Ҳозирча дам олинг, биз сизни рентген қиламиз, агар синиш бўлмаса, мен ўзим навбатчиликдан кейин уйингизга кузатиб қўяман.
– Қўшничилик ҳурмати, сизга уч соат бераман. Йўқса, ўзим туриб кетаман.
Мен рентгенга йўлланма ёзиб бердим, беморни санитарга топширдим ва ишимга қайтдим.
Янги йил кечаси “Тез ёрдам” бўлими учун ёмон давр, бир яримдан бошлаб беморлар кела бошлайди. Алкогол ва ҳаддан ташқари кўп ейиш – нимага байрам деганда шуни тушунишади одамлар, ҳайронман.
Қўшнимни эрталабга яқин пайтда кўрдим, у оёқчали креслода қўлида сумка ва оёқлари бинтланган ҳолда ўтирарди.
– Яхшиям тиббиётни танлаган экансиз, чунки сиздан шофер чиқмайди. Энди мени кузатиб қўясизми?
– Мен ярим соатдан кейин тугатаман. Оёқ оғрияптими?
– Чиқиб кетибди, бунда врач ҳам бўлиш шарт эмас. Илтимос сиздан, автоматдан менга кофе олиб келиб беринг, шунда мен сизни бироз бўлса ҳам кутишга розиман.
Мен югуриб бориб автоматдан кофе олиб келиб бердим. У ичимликка лабини теккизди, юзини бужмайтирди ва идишчани менга қайтариб, колонна ёнида турган ахлат қутисига имо қилди.
Қабулхона бўшаб қолди. Мен халатимни ечдим, гардеробдан пальтоимни олдим ва ғилдиракли аравачани кўчага олиб чиқдим.
Мен такси тутмоқчи бўлдим, “Тез ёрдам” ҳайдовчиси мени таниди ва қаерга боришимизни сўради. Унинг навбатчилиги ҳам тугади, у илтифот билан бизни олиб кетишини билдирди, ҳатто қўшнимни зинадан чиқаришимга ҳам ёрдам берди. Олтинчи қаватга чиққандан кейин иккаламиз кучдан қолдик. Кампир менга калитини чўзди. Ҳайдовчи бизни қолдириб кетди, мен эса кампирни креслога ўтирғиздим.
Мен унга нима керак бўлса олиб келиб беришга ваъда бердим, чиққан тўпиқ билан бир қанча вақт зинага ҳам чиқмаслик керак. Қоғозчага ўзимни телефон рақамимни ёзиб, столча устига қўйдим, бирор нарса керак бўлганда албатта телефон қилишини тайинлаб, ваъдасини олдим. Эшикка яқин борганимда, орқамдан хитоб қилди:
– Сиз қизиқувчан ҳам эмас экансиз: ҳатто менинг исмим нима эканлигини сўрамадингиз ҳам.
– Алиса, сизнинг исмингиз Алиса, тиббиёт картасида шундай деб ёзилган.
– Туғилган йилим ҳам ёзилганми?
– Ҳа.
– Афсус.
– Мен ёшингизни ҳисобламадим.
– Сиз илтифотлисиз, лекин мен сизга ишонаман. Ҳа, мен тўқсон икки ёшга тўлдим, лекин тўқсон ёш каби кўринаман!
– Ундан ҳам ёш кўринасиз, мен сизни…
– Жим туринг! Қайси ёшни айтсангиз ҳам кўп бўлади. Барибир қизиқувчан эмас экансиз, ахир мен сизга касалхонага келтиришганида нега кулганимни тушунтириб бермадим.
– Унутибман, – тан олдим мен.
– Ошхонага боринг-чи, кофе раковина устидаги шкафчада турибди. Кофе пиширадиганни ишлатишни биласизми?
– Уддалайман, деб ўйлайман.
– Ҳар ҳолда, сиз касалхонада менга олиб келган ичимлигингиздан яхшироқ чиқса керак.
Мен дуруст кофе дамлаб келтиришга ҳаракат қилдим ва меҳмонхонага патнис билан келдим. Алиса кофени финжонларга қуйиб чиқди ва ўзиникини шарҳламасдан ичди: мен синовдан ўтдим шекилли.
– Хўш, нега хурсанд эдингиз? – сўрадим мен. – Йиқилиб тушдингиз, оёқ чиқди, бунинг нимаси кулгили?
Алиса паст столчага эгилди ва менга печеньели қутини сурди.
– Менинг болаларим – улар билан қанчалик қийинлигини сиз тасаввур қилолмайсиз! Уларнинг суҳбати менинг ғашимни келтиради, куёвим билан келинимни-ку умуман ҳазм қилолмайман. Улар фақат нолишни билишади, ўзларининг маънан қашшоқ ҳаётларидан бошқа ҳеч нарсага қизиқишмайди. Уларга ёмон тарбия беришгани учун эмас. Мен, тасаввур қилинг, нутқ маданияти ўқитувчиси эдим, лекин ўзимга ҳам, қизимга ҳам ҳар доим рақамлар ёққан. Мен Янги йилни келинимникида кутиб олишдан қочардим, сизга айтай, оғир айб, у умуман овқат пиширишни билмайди. Курка ўз-ўзидан қовурилса ҳам уникидан яхшироқ чиққан бўларди. Уларнинг шаҳар четидаги уйига бормаслик учун мен оёғим чиққанини айтдим. Улар чиндан ҳам хафа бўлишди, лекин беш дақиқага, кўп эмас.
– Улардан бирортаси машинада сизнинг олдингизга келганида нима бўларди?
– Бўлиши мумкин эмас. Ўғлим ва қизим худбинликда ўн олти ёшдан бошлаб мусобақа қилишади. Ҳозир улар қирқдан ошган, лекин ҳали ҳам ғолиб аниқлангани йўқ. Ошхонада бўлиб, уларнинг қайтиб келишига ҳақиқий кўриниши учун оёғимни боғлашим кераклигини ўйлаб турганимда – тасаввур қилинг, тойиб кетдим! Чорак кам ўн иккида ўт ўчирувчилар келишди ва мен ҳатто уларга эшикни очишни ҳам уддаладим. Келинимнинг бемаза куркасидан кўра олтита ёш, кўркам йигитларнинг меҳмонга келиши – бунақасини ҳатто орзу қилмаган эдим! Улар мени кўришди ва зиналардан олиб тушиш учун замбилга бойлашди. Худди шу пайт ўн иккига бонг урди ва мен уларнинг каттасини бироз кутишга кўндирдим. Улар кўнди, мен уларни шоколад билан меҳмон қилдим, ва биз керакли вақтгача кутдик…
– Нимани кутдингиз?
– Сиз нима деб ўйлайсиз? Телефон қўнғироғини! Бу йили менинг қушчаларим бир-бирига бас келмоқчи бўлади. Мен касалхонага келганимда, оёғимга қараб кулдим. У ҳали машинадаёқ шиша бошлади. Хўш, боғламни мен қонуний асосда олдим.
Мен Алисага тўшакда ётишига ёрдам бердим, телевизорни қўйдим ва уни дам олиши қўйиши учун тарк этдим. Ўз уйимга киргач, мен дарҳол ойимга телефон қилиш ҳаракатига тушдим.
Январда қаттиқ совуқ бўлди. Люк оиласи олдидан қайтиб келди ва катта ғайрат билан ўқишга киришди. Уйда дадаси асабига теккан, синглиси эса у билан кўп вақтини ўтказмай ўйинга берилиб кетибди. Илтимосимга кўра Люк менинг ойимдан хабар олди. У ойимнинг кўринишини унча яхши эмаслигини айтди. Ойим мен учун Рождество совғаси ва хат бериб юборибди.
“Қадрдоним,
иш билан жуда бандсан, биламан. Ҳеч нарсани ўйлама, Рождество кечаси мен толиққаним учун вақтлироқ ётиб олдим. Боғ, худди мен каби қишки қиров остида ухлаб ётибди. Буталар оққа бурканган, бу ажойиб манзара. Қўшни менга шунчалик кўп ўтин олиб келди-ки, қамал даврини бошдан кечириш мумкин. Оқшомлари мен камин ёқаман, оловга қарайман ва сен ҳақингда, сенинг нотинч ҳаётинг ҳақида ўйлайман. Бу қанча хотираларни уйғотади! Балким, сен энди мени яхшироқ тушунарсан, кўпинча кечалари уйга чарчаб келганларимни, ҳатто сен билан гаплашишга вақт топиа олмаганларимни англарсан. Мен сени соғинаман, сени тез-тез кўриб туришни хоҳлайман, лекин сенинг кўнглингга мос ишни топганингдан фахрланаман ва бундан бахтлиман. Мен баҳорнинг илк кунларида сени кўргани келаман. Биламан, февралда боришга ваъда берувдим, лекин совуқлар чўзиладиган кўринади ва мен ўзимни эҳтиёт қиламан. Чўлоқланиб, сенинг беморинг бўлишдан сақланаман. Агар сен бир-икки кун жавоб олишнинг уддасидан чиқсанг, гарчи бунинг имконсиз эканини ҳам биламан, – мен энг бахтли она бўлардим.
Ажойиб йил бошланяпти, июнда сен диплом оласан ва интернатурага кирасан. Буларнинг барини сен жуда яхши биласан, лекин бу сўзларни ёзишдан шунчалик завқ туяманки, уларни юз марталаб такрорлашга тайёрман.
Янги йилинг билан, ўғлим!
Сени яхши кўрувчи онанг.
П.С. Агар сенга бу шарфнинг ранги ёқмаса, ҳеч нарса қилолмаймиз, мен уни ўзим тўқиганман. У бироз қийшиқ кўриниши мумкин, бу табиий. Мен биринчи марта тўқияпман – умид қиламанки, охирги марта, бу машғулотни ёмон кўрдим”.
Мен шарфни ёйдим ва бўйнимга ўрадим. Люк кулгидан қотиб қолди. Шарф бинафша ранг бўлиб, бир томони иккинчи томонига қараганда кенгроқ эди. Лекин агар тугун қилиб ўрасангиз, ҳеч нарса билинмайди. Бутун қиш бўйи мен уни тақиб юрдим.
Январнинг биринчи ҳафтасида Софининг дараги чиқди. Мен ҳар кеча унинг бўлимига кирардим, лекин у йўқ эди. У қайтгач ўзи навбатчилигимга келди. Унинг юзида қуёшдан тобланганлик изи бор эди. У: бир шамоллаб келишим керак эди, деди. Уни касалхона рўпарасидаги кичкина кафега кечки овқатга олиб бордим.
– Қаерда эдинг?
– Билганинг каби қуёшда.
– Бир ўзингми?
– Қиз ўртоғим билан.
– Ким экан у?
– Менинг ҳам болалик ўртоқларим бор. Ойинг қандай?
У менинг гапимни бўлмасдан узоқ тинглади, кейин ногаҳон кафтимни ўз қўли билан ёпди ва менга диққат билан қаради.
– Биз қанча вақтдан бери биргамиз?
– Нега буни сўраяпсан?
– Жавоб бер. Қачон бошланди?
– Бизган лабларимиз учрашган кун, шекилли. Эслайсанми, мен навбатчилигингга келгандим? – иккиланмасдан дедим мен. Софи менга хафа бўлгандек қаради.
– Сенга паркда музқаймоқ олиб берганимда-ми? – тахмин қилдим мен.
Унинг қовоғи баттар солинди.
– Мен аниқ санани эшитмоқчиман.
Фикрлашим учун бир неча дақиқа керак бўлди, лекин у менга вақт бермади.
– Биз икки йил олдин худди шу кунда бирга бўлгандик. Сен буни ҳатто эслолмадинг ҳам. Биз икки ҳафта кўришмадик ва бу санани касалхона рўпарасидаги арзон қаҳвахонада нишонламоқдамиз, фақатгина навбатчилик олдидан бир нарса еб олиш учун. Мен сенга ортиқ яхши ўртоқ ҳам, севгили ҳам бўлолмайман. Сен дунёдаги ҳамма одамга хизмат қилишга, биринчи дуч келган одамга ўзингни бахшида қилишга тайёрсан, мен эса сен учун ёмон об-ҳаво ва бўронда йўл кўрсатувчи белгичаман, холос. Сен менга икки йил давомида кўрсатмаган ташвиш ва меҳрингни Люкка икки ой ичида кўрсатдинг. Тан оласанми ёки йўқми, биз ортиқ мактаб ҳовлисида эмасмиз. Мен сенинг ҳаётингда шунчаки сояман, сен эса менинг ҳаётимда бундан ортиқроқсан – бу менга оғриқ беряпти. Нега сен мени ойингнинг олдига олиб бординг, нега чордоқга чиқардинг? Нега сен мени ҳаётингга киргиздинг, агар мен шунчаки меҳмон бўлсам? Мен сени юз марота тарк этмоқчи бўлдим, лекин ўзимнинг қўлимдан келмайди. Илтимос сендан, менга бир ёрдам кўрсат, иккимиз учун шу ишни қил, ёхуд агар бизда умумий бир нарса бор деб ўйласанг, оз бўлса ҳам шу севгини яшашимизга имкон бер.
Софи ўрнидан турди ва кафедан чиқиб кетди. Витрина орқасидан мен унинг йўлакда яшил чироқ ёнишини кутиб турганини кўрдим; ёмғир томчилар, у курткасининг ёқасини кўтарди ва билмайман нега, лекин унга талпиндим. Мен ҳисобни тўлаш учун чўнтагимни ковладим ва орқасидан югурдим. Биз муздай ёмғир остида ўпишдик ва мен унга қилган зулмим учун кечирим сўрадим. Агар билганимда ҳали олдинда етказилажак зулм учун ҳам узр сўраган бўлардим, лекин ўша пайтда билмас эдим ва ҳисларим самимий эди.
Стакан ичидаги тиш чўткаси, шкафдаги бир неча кийим, тумбочка устидаги соат, бир неча китоб – мен хонамни Люкка қолдириб, ўзим Софиникига кўчиб ўтдим. Ҳар куни мен олдинги хонамга бир дақиқага келиб кетардим – денгизчи соҳилга боғланганини текшириш учун шундай қилади. Биратўла олтинчи қаватга ҳам ўтарилар эдим. Алиса ўзини ажойиб сезаётган эди. Биз озроқ гаплашишга ҳам улгурардик, у болаларининг даҳшатлари ҳақида гапириб берар, бу нарса уни кулдирарди. Мен йўқлигимда ҳаммаси жойидалигини кунора текшириш учун Люкка ҳам йўриқнома қолдириб келдим.
Бир куни кечқурун биз тасодифан зинапояда учрашиб қолдик, у менга кутилмаган фикрни айтиб қолди:
– Болаларни туғиш, ўстириш, тарбиялашдан кўра, яхшиси катта болаларни оталиққа олиш керак: ҳар ҳолда кимга дуч келишингни биласан. Сиз иккалангизни ҳам ўйлаб ўтирмасдан танлаган бўлардим.
Люк ҳайрон бўлиб менга қаради. Алиса эса қолдирган таассуротидан мамнун ҳолда давом этди:
– Иккиюзламачилик қилмайлик, ахир сен ҳам ота-онанг асабингга тегишини ўзинг айтгандинг. Ота-оналар ҳам ўз авлодига нисбатан шундай туйғуни ҳис қилишга ҳақлари йўқми?
Люкнинг жағи тушиб қолди. Мен уни ошхонага олиб бордим ва унга Алиса ўзига хос юмор эгаси эканини айтдим. Ундан хафа бўлиш керак эмас, уни ғам-андуҳ емоқда. У ушбу ҳужумга дош бериш учун ҳамма нарсани синаб кўрди, ҳатто болаларидан нафратланишга ҳам уриниб кўрди, лекин фойдаси йўқ, уларга бўлган севгиси ҳамма нарсадан кучли чиқди. Болалари ташлаб кетгандан кейин у ўлим азобини бошидан кечирмоқда.
Бу сирни менга Алисанинг ўзи очгани йўқ. Бир куни эрталаб, уникига бўлганимда, меҳмонхонага қуёш нури тушди ва бизнинг сояларимиз полда тўқнашди.
Март ойининг биринчи кунларида “Тез ёрдам” бўлими ходимларини умумий мажлисга чақиришди. Осма шифтларда асбаст топилибди. Уларни алмаштириш учун таъмирчилар бригадасини чақиришди. Таъмир ишлари уч кун ва уч тун давом этиши керак эди. Бу вақтда бўлим ёпилиб, беморларни бошқа касалхоналарга жўнатишди. Техник сабабларга кўра, ходимлар учун эркин вақт пайдо бўлди.
Мен дарҳол ойимга телефон қилдим, уни бориб кўришим мумкин эди, мен жума куни борадиган бўлдим. Ойим узоқ муддат жим турди, кейин эса афсусда эканини, анчадан буён ўртоғига жанубга юбориб дам олиб келишга ваъда берганини айтди, қиш қаттиқ келгани учун бир неча кун қуёшда тобланиш жуда яхши фикр эди. Улар бир неча ҳафта олдин саёҳатни режалаштирилган, меҳмонхоналар пули тўланган, самолетга билетларни эса қайтариб бўлмайди. Энди буларнинг барини бекор қилишни тасаввур қилиб бўлмайди. Ойим мени кўришни жуда ҳам хоҳлар, аҳмоқона иш бўлди, лекин менинг тушунишимга ва хафа бўлмаслигимга умид қилади. Унинг товуши шунчалик қайғули эдики, мен тинчлантиришга шошилдим: мен нафақат ҳаммасини тушунаман, балки унинг учун жуда ҳам хурсандман ва яшаш тарзини бироз бўлса-да ўзгартириши унга катта фойда келтиришидан қувоняпман. Баҳорнинг келишига ҳам оз қолди ва биз улгурмаган нарсаларимизнинг ҳаммасини ортиғи билан амалга оширамиз.
Ўша оқшом Софи навбатчиликда эди, мен эса – йўқ. Люк имтиҳонларга тайёрланар, унга ёрдам бериш керак эди. Бир товоқ макаронни еб олиб, биз ёзув столига ўтирдик, мен ўқитувчи, у эса ўқувчи бўлди. Ярим кечаси у биология дарслигини қоронғу бурчакка отиб юборди. Буларнинг барчасидан мен ўтиб бўлган эдим: биринчи курсда даҳшатли тарангликни ҳис қилиб, шубҳасиз сессиядан йиқилиш қўрқувидан ҳамма нарсани ташлаб кетгим келган эди. Мен китобни олдим ва ҳеч нарса бўлмагандай давом эттирдим. Лекин Люкда бошқача кўз ифодаси пайдо бўлди, бу эса мени ташвишга солди.
– Агар мен бу ердан ҳеч бўлмаса икки кунга қочиб кетмасам, ёрилиб ўламан, – деди у. – Мендан қолган барча нарсани тиббиётга васият қилиб қолдираман. Ичидан портлаган биринчи инкубатор-одам – тиббиётни бу қизиқтириши керак. Ўзимни талаба қизлар даврасида стол устида чўзилган ҳолда тасаввур қиляпман. Ҳар ҳолда, мени тупроққа кўмишдан олдин ёш қизлар танамни кўришади.
Бу гаплардан билдимки, дўстимга ҳақиқатдан ҳам тоза ҳаво зарур. Мен аҳволни ўйлаб кўрдим ва шаҳар ташқарисида бу машғулотларни давом эттиришни таклиф қилдим.
– Сигирларни ёмон кўраман, – деди хўмрайиб.
Жимлик чўкди. Мен Люкдан кўзимни узмасдим, у эса олдингидай бўм-бўш нигоҳи билан бўшлиққа қараб турарди.
–Денгиз, – деди у охири. – Мен денгизни, узоқ уфқни, чексиз кенглик, кўпикли қўйчаларни кўришни, балиқчи қушлар овозини эшитишни истайман…
–Ўйлайманки, мен тушундим, – жавоб бердим мен.
Энг яқин соҳил уч юз километр жойда бўлиб, у ерга ягона поезд бекатларда тўхтаб-тўхтаб олти соатда етиб борарди.
–Ижарага машина оламиз, санитарлик маошимга тупурдим, мен тўлайман. Фақат, илтимос қиламан, мени денгизга олиб бор.
Люк ўзининг дийдиёсини тугатаётган маҳал эшик очилиб Софи кириб келди.
–Эшик очиқ экан, – деди у. – Мен халақит бермадимми?
–Бугун навбатчисан деб ўйлагандим.
– Мен ҳам шундай деб ўйлагандим, бекорга шунча вақтим кетди. Мен кунни алиштирибман, бўлимда икки киши борлигини англагунимгача тўрт соат вақт кетибди. Бу оқшомни сен билан ўтказишим мумкинлигини ўйласам!
–Ҳа, тўғри, – бошимни силкидим мен.
Софи менга диққат билан қаради, унинг нигоҳи яхшиликдан дарак бермас эди. Мен ҳам нима бўлганини кўзим билан сўрагудек бўлиб, унга диққат билан қарадим.
– Сен дам олиш куни денгизга кетяпсан, мен тўғри тушундимми? Юзингни бунақа қилма, мен эшик тагида эшитиб ўтирганим йўқ. Люк шунчалик бақирдики, зинапояда ҳам эшитилди.
– Билмасам, – мен елкаларимни қисдим. – Агар сен бизнинг гапимизни эшитган бўлсанг, мен ҳали розилик бермаганимни ҳам билган бўлсанг керак.
Люк худди теннис матчини томоша қилаётган томошабин каби бизнинг гапларимизни кузатарди.
– Хоҳлаганингни қил. Агар сизлар дам олиш кунини бирга ўтказишга қарор қилган бўлсаларинг, мен ҳам ўзимга бирор иш топаман, ташвиш қилма.
Люк менинг олдимда кўндаланг турган танловни англади. У сакраб туриб, Софининг оёларига ўзини ташлади, тиззаларини қучиб ёлворишга тушди. Бир марта ҳам мадам Шеффердан жазо олмаслик учун шундай қилганини эсладим.
– Сенга ёлвораман, Софи, юр биз билан, жаҳлинг чиқмасин, уни айблама. Мен биламан, дам олиш кунларини у билан бирга ўтказмоқчи эдинг, лекин у менинг ҳаётимни қутқармоқда. Агар ёрдам истаган одамга қўл чўзмасанг, бундай тиббиётнинг нима кераги бор, айниқса ёрдамталаб мен бўлсам? Агар сизлар мени бу ерлардан олиб кетмасангиз, мен ўламан, китоблар орасида бўғилиб қоламан. Раҳминг келсин, бирга кетайлик, менга фақат пляж керак, сизлар мени кўрмайсизлар, мен кўринмас бўлиб оламан. Ваъда бераман, мен масофа сақлайман, бир сўз қотмайман, сен менинг мавжудлигимни сезмайсан ҳам. Икки кун денгизда, сизлар иккингиз ва менинг соям. Хўп деяқол, илтимос қиламан, мен машина ижарасини, бензин ва меҳмонхонани ўзим тўлайман. Менинг круассанларимни эслайсанми? Мен уларни сен учун пиширгандим. Мен сен билан таниш эмасдим, лекин келишиб кетишимизни билгандим. Агар сен “хўп” десанг, мен шунақа ширинликлар пишираманки, сен ҳаётингда бунақасини емагансан.
Софи пастга қаради ва ўта жиддий сўради:
– Биринчидан, ширинликлар нима?
– Бориш учун яна бир баҳона, — шошиб қолди Люк, — сен бу ширинликлар ёнидан шунчаки ўтиб кетолмайсан! Агар сен рад қилсанг, бу галварс ҳам кетмайди, мен ҳаво ололмайман, имтиҳонлардан ўтолмайман, умуман, менинг врачлик амалим сенинг қўлингда.
– Жиннилик қилма, – деди Софи унинг туришига ёрдамлашиб.
У бошини сарак-сарак қилди ва биз иккаламиз этикнинг икки пойи эканимизни айтди.
– Болалар! – деди у. – Майли, денгизга кетамиз, келганимиздан кейин ширинликлар албатта бўлсин!
Люк бизни олиб кетгани жума куни эрталаб келиши ҳақида келишиб, уни машғулотини шуғулланиши учун қолдириб кетдик.
Биз Софининг уйига яқинлашганимизда у менинг қўлимни қўлига олди.
– Ҳақиқатдан ҳам, агар мен рад қиладиган бўлсам, сен ҳам бормасмидинг?
– Сен рад қилармидинг?
Ўз уйини оча туриб у менга Люк ўз феъли билан ягона эканини айтди.
Люк шаҳардаги энг арзон машинани қидириб топганга ўхшайди. Бу қаноти камалакнинг барча рангларига бўялган эски “универсал” эди. Занглаган радиаторда панжара йўқ, олд фаралари эса қийшиқ эди.
Софи бу металлолом уюмига ўтиришга иккиланаётганини кўриб:
– Нима қиламиз, бироз қийшиқ, – деди. – Лекин мотор ишлайди ва тормозлари ҳам янгигина. Тиркамаси бироз бузуқ, лекин ҳеч қиси йўқ, у бизни мақсадга олиб келади. Ичи эса, кўриб турганингиздек, янгидай.
– Софи орқага ўтиришга қарор қилди.
– Сиз иккингиз олдинга ўтиринг, – деди эшикни қаттиқ ёпиб. Люк ёқиш калитини буради ва табассум билан бизга ўгирилди. У ҳақ эди, мотор ёқимли ва бир хил овоз билан ғириллай бошлади. Амортизаторлари эски эди, ҳар бир бурилишда биз ўзимизни арғимчоқда учаётгандек ҳис қилардик. Эллик километрлардан кейин Софи раҳм қилишимизни сўради, биз яқин-орадаги бензин қуйиш шохобчасида тўхтадик. У такаллуфсиз мени орқага ўтиришга мажбур қилди, орқада ҳар бир бурилишда денгиз касаллигидан азият чекиб, ойнадан ойнага ташланишдан кўра, олдинда ўтириб шаҳидликни бўйнига олишни афзал кўрди. Биз биратўла сэндвичдан еб олдик ва яна йўлимизни давом эттирдик. Қолган йўлни эслолмайман. Орқада чўзилиб, машина силкиниб, аллалаб, қаттиқ уйқуга кетибман. Баъзан кўзимни очсам, Софи ва Люкнинг қизғин суҳбат қилаётганига гувоҳ бўлардим. Уларнинг товушлари ҳам мени аллалар ва мен яна қайта ухлаб қолардим.
Беш соатдан кейин Люкн менинг елкамни турди: биз етиб келган эканмиз. У машинамиз каби эскигина меҳмонхона ёнида тўхтади.
– Албатта, беш юлдузли меҳмонхона эмас, лекин магарки ҳисобни мен тўлайдиган эканман, сизга бундан ортиғини таклиф қилолмайман, – деди Люк, юкхонадан сумкаларимизни ола туриб.
Биз ҳеч қандай изоҳсиз унинг кетидан юрдик. Меҳмонхона хўжайкаси ишини йигирма йил олдин бошлаганга ўхшайди, ҳозир эса элликдан ошган кўринади, унинг кўриниши ҳам меҳмонхона кўринишига мос эди. Мен мавсум бўлмаган ҳозирги пайтда бизлар ягона ташриф буюрувчилар бўлсак керак, деб ўйладим. Лекин йигирмадан ортиқ кишиларни кўрдим: улар балконга осилиб, янги келганларни томоша қилиб туришарди.
– Булар доимий мижозлар, – деди хўжайка елкаларини қисиб. – Маҳаллий қариялар уйи лицензиясидан маҳрум бўлди, шунда ушбу ажойиб компанияни оталиққа олишимга тўғри келди, ахир уларни кўчада қолдирмайсанку! Омадингиз бор экан, бизнинг доимий яшовчимиздан бири ўтган ҳафта вафот этди, унинг хонаси бўш, юринглар мен сизларни ўша ерга олиб бораман.
– Ҳа, нимасини айтасиз, ҳақиқатдан ҳм омадимиз бор экан! – тўнғиллади Софи зинага чиқатуриб. Хўжайка яшовчилардан биз ўтишимизга халақит қилмасликлари учун йўлакни бўшатиб қўйишларини илтимос қилди. Софи ҳаммага ёқимли табассум улашарди. Агар биз касалхонани соғиниб қолсак, деди у Люкка, бундан яхшироқ жойни топиб бўлмайди.
– Сенинг-ча, мен қаердан хабар топдим? – кулимсиради у. Бир ўртоғим биринчи курсдан бу манзилни берди, таътил пайтлари бу ерда қўшимча пул ишлашади. 11-рақамли эшик очилди ва иккита каравотли хона кўринди. Биз Софи билан Люкка қарадик.
– Иложи борича сезилмасликка ваъда бераман, ахир меҳмонхона ухлаш учун, шундайми? Кейин, агар холи қолмоқчи бўлсаларинг мен машинада ухлайман, тамом-вассалом.
Софи қўлини Люкнинг елкасига қўйди ва унга денгизни кўргани келганимизни, қолган нарсалар муҳим эмаслигини айтди. Тинчланган Люк бизга каравотни танлашни таклиф қилди.
– Унисиям, бунисиям эмас, – дедим мен биқинига туртиб.
Софи ойнадан узоқ, душга яқин каравотни танлади. Биз сумкаларни ташладик ва Софи бу ерда ортиқ қолмасликни таклиф қилди. У оч қолган ва тезроқ денгиз кенгликларини кўришни истар эди. Люкни ҳам узоқ кўндириш шарт бўлмади. Пляж олти юз метрлар узоқда эди. Хўжайка у ерга қандай боришни тушунтирди ва қоғозчада чизиб берди. Йўл устида, деди у, тамаддихона бор ва у танаффуссиз ишлайди.
– Мен сизларни меҳмон қиламан, – эълон қилди Софи, ҳалитдан денгиздан сачраётган кўпиклардан маст бўлгандек.
Биз кўчага чиққанимиздан кейин менда дежавю ҳодисаси юз берди. Мен бу ерларда бўлганимга қасам ичишга тайёр эдим. Мен елкаларимни қисдим – барча курорт шаҳарчалари бир-бирига ўхшаш, демак менинг тасаввурим яна мен билан ҳазил қиляпти. Оч қолган Люк ва Софи таомдан бош кўтармай ейишди, сахийлиги тутган Софи ҳаммага десерт, крем-карамель ҳам буюрди. Тамаддихонадан чиққанимизда оқшом чўккан эди. Денгизгача узоқ эмасди, нимқоронғида ҳеч нарса кўринмаса ҳам, пляжга боришга қарор қилдик.
Дамба зўрға ёритилган, учта эски фонар бир-биридан узоқ масофадан хира ёритар, тўлқинқайтаргич эса деярли қоронғулик қаърига чўккан эди.
– Сезяпсизларми? – хитоб қилди Люк қўлларини кериб. – Сезяпсизларми, йод ҳиди анқияпти. Охири мен касалхона ҳидидан қутулдим, санитар бўлиб ишлаётганимдан бери бурнимга дезинфекция ҳиди ўтириб қолган. Ҳатто бирда бурнимга тиш чўткасини тиқиб ювганман, бефойда. Лекин бу ерда – мўъжиза! Сувнинг шовуллашини эшитяпсизларми?
Жавобни кутмасдан Люк ботинкаларини ечди ва қирғоқ бўйлаб қумда югурди. Софи унинг изидан қаради, менга кўзини қисиб, у ҳам оёқ кийимини ечди ва унинг изидан кетди. Люк бор кучи билан бақириб тўлқинни қувларди. Кўп ўтмай мен ҳам югурдим. Ой тўлин эди ва менинг олдимда ўз соям пайдо бўлди. Кўлмак сувни айланиб ўтиб, қасам ичиб айтаманки, мен шўр сув шуъласида менга қараб турган кичкина қизча шарпасини кўргандек бўлдим. Мен ҳансираётган Софи ва Люкка етиб олдим. Оёқларимиз кўкарган, Софининг тишлари такиллай бошлаган эди. Мен унинг елкаларини қучдим ва иситиш учун ишқаладим. Қайтиш керак эди. Биз шаҳарча бўйлаб ботинкаларимиз қўлимизда юриб қайтдик. Меҳмонхонада яшовчиларнинг барчаси ухлаб ётар, биз зинапоядан оёқларимиз учи билан секин чиқдик.
Софи душ қабул қилди ва адёл остига кириб дарҳол ухлаб қолди. Люк ухлаб ётган Софига қаради ва менга бошини силкитиб, чироқни ўчирди.
Эрталаб нонушта ҳақидаги фикр бизни маъюс қилди. Залдаги аҳвол қувноқ эмас, овқат ейиш пайтидаги товушлар эса иштаҳани бўғар эди.
– Бу нархига киради, – кўндирмоқчи бўлди Люк. Лекин сариёғли тостларга қараб юзи ўзгарган Софига қараб, кутишимизни буюрди ва ошхонага кириб кетди. Ўн беш дақиқадан кейин стол атрофида ўтирган меҳмонхона яшовчилари ноодатий ҳиддан бошларини кўтардилар. Жимлик чўкди, қариялар ликопчаларини суриб, қизиқиш билан эшикка қараб туришарди.
Ниҳоят, унга беланган, оладья тўла сават билан Люк кўринди. У ҳамма столларни айланиб чиқди ва ҳаммага иккитадан оладья тарқатиб чиқди, қайтиб келиб Софининг ликопчасига учта оладья қўйди ва ўтирди.
– Нима топилса ўшандан пиширдим, – деди у. – Уч пакет ун ва шунча ёғ, шакар сотиб олишимиз керак, мен хўжайканинг бор-будини ишлатиб қўйдим шекилли.
Мазали, иссиқ оладьялар оғизда эрирди.
– Биласанми, менга шу нарса етмаётган экан, – хўрсинди Люк. – Мен эрталаб булкахонада биринчи мижозларни яхши иштаҳа билан кутиб олишни яхши кўрардим. Атрофга қара, улар қандай бахтли, тиббиётни бу ерда аҳамияти йўқ, бу нарса уларга фойда келтирадиган ўхшайди.
Мен бошимни кўтардим – пансиончилар маза қилиб тановул қилишарди. Жимлик кетиб, жонли суҳбат бошланиб кетган эди.
– Сенинг қўлларинг тилла, – деди Софи оғзини тўлдириб – охир-оқибат буям тиббиёт бўлса керак.
– Мана у, – деди Люк худди қозиқ ютгандек қаддини тик тутиб турган қарияни кўрсатиб, – бир неча йилдан кейин Маркес бўлиши мумкин.
Бизнинг барча қўшниларимиз энг камида биздан уч маротаба катта эдилар. Бу қувноқ юзлар орасида – дам у ерда, дам бу ерда ҳатто кулги ҳам эшитиларди – гўё синфдошларим қари ҳолда ўтирган мактаб ошхонасига қайтганим каби ғалати ҳис мени чулғаб олди.
– Юринглар, кундуз куни денгиз қанақа кўринади, – деб қолди Софи.
Биз хоналаримизга кўтарилдик, свитер ва пальтоларимизни кийиб меҳмонхонадан чиқдик.
Пляжда менинг кечаги ҳисларим тасдиқланди: бу кичкина курорт шаҳарчаси менга таниш эди. Дамба охирида эрталабки туманда менинг хотираларимга содиқ қолган маёқ, кичкина ташландиқ маёқча кўриниб турарди.
– Юрасанми? – сўради Люк.
– Нима?
– Нарироқда, пляжда кафе бор. Биз Софи билан ҳақиқий қаҳва истаяпмиз.
– Бораверинглар, мен сизларга етиб оламан, бир нарсани текширишим керак.
– Сен пляжда бирор нарсани текширмоқчимисан? Агар сен денгиз қочиб кетади, деб ўйлсанг, сенга ваъда бераман, у оқшом қайтиб келади.
– Сен бир хизмат кўрсатиб, мени аҳмоқ деб ўйлашдан тўхтарсан?
– Ҳали жаҳлари ҳам чиқади! Эшитаман, сизнинг содиқ қулингиз месье чиғаноқларни санаб тургунича мадамни кузатиб боради. Қайси сўзингизни етказай?
Люкнинг валдирашига қулоқ солмай, мен Софининг олдига бордим, уни бироз холи қолдираётганим учун узр сўраб, тезда қайтишимни маълум қилдим.
– Қаерга кетяпсан?
– Бир нарсани эслаб қолдим. Мен чорак соатга кетаман, кўпга эмас.
– Нимани эслаб қолдинг?
– Қачондир бу ерга ойим билан бир неча кунга келганга ўхшайман, бу кунлар ҳаётим учун жуда муҳим кунлар бўлган.
– Сен буни энди тушундингми?
– Бу ўн тўрт йил олдин бўлганди, ўшандан буён бу ерга қайтиб келмаганман.
Софи ўгирилди ва Люкнинг тирсагидан тутиб кетди, мен эса дамбага қайтдим.
Занглаган ёрлиқ ҳали ҳам занжирда осилиб турарди. “Кириш мумкин эмас” деган ёзувдан бир-икки ҳарфлар бутун қолибди. Мен занжирдан сакраб ўтдим, эшикни итардим – туз емириб ташлаган қулф энди йўқ эди – ва зинапоя бўйича кўриш майдончасига кўтарилдим. Зиналар кичрайиб қолгандек, илгари улар баланд каби кўринган эди. Мен гумбаз остигача чиқдим, шишалар бутун, лекин кирдан қорайиб кетган экан. Мен уларни қўлим билан артдим ва пайдо бўлган икки доирадан қарадим. Бу икки доира гўёки мени ўтмишимга йўналтирилган бинокль эди. Менинг оёғимга нимадир илакишди. Полда, чанг қавати остида мен ёғоч қутича кўрдим. Мен эгилиб уни очдим. Ичида эски варрак ётарди. Каркас бутун, лекин қанотлари деярли чириган эди. Мен қушни қўлимга олдим, жуда эҳтиётлик билан силадим, ана-мана сочиладиганга ўхшаб кўринди. Кейин мен қутичага қарадим ва нафасим тўхтаб қолгандек бўлди. Қум йўлакчаси юрак шаклида қайрилган эди. Ёнида эса ўралган қоғоз парчаси бор эди. Мен уни тўғрилаб ўқидим:
“Мен сени тўрт ёз кутдим, сен ваъдангни бажармадинг ва келмадинг. Варрак ўлди, мен уни шу ерга кўмдим. Ким билади, балки қачондир сен уни топиб оларсан”. Пастида имзо турган эди: “Клеа”.
Қирқ метр. Ғалтак яхшилаб ўраб қўйилган экан. Мен пляжга тушдим, қум устига варракни ёйдим, тахтакачларини бирлаштирдим. Тугун маҳкамлигини текширдим, ипнинг беш метрини очдим ва шамолга қарши югурдим.
Бургутнинг қанотлари тикланди, улар чапга, ўнгга отилиб, охири тепага кўтарилди. Мен ҳавода илонизи ва саккиз шаклини қилмоқчи бўлдим, лекин эски варрак бўйсунмас эди. Мен ипни бўшатдим ва у яна ҳам баландроққа чиқди. Унинг сояси қумда ўйнарди, бу рақс мени маст қилар эди. Мен кулги овозини эшитдим, бу виолончель товушига ўхшаб жаранглаган кулги товуши болалигим тубидан келарди.
Бир ёзни бирга ўтказганимиз, у эшитмагани учун ҳамма сиримни қўрқувсиз ишонганим ўша қизча қани? Мен кўзимни юмдим, биз иккаламиз олдинда учаётган бургутга қараб ҳаллослаб югурардик. Сен уни усталик билан бошқарардинг, кўпинча ўткинчилар сенинг маҳоратингдан завқланиш учун тўхтаб ҳам қолар эдилар. Шу ерда мен неча марта қўлингдан тутган эдим? Сенга нима бўлди? Қаерда яшаяпсан? Ёз кунларини қайси пляжда ўтказяпсан?
– Бу нима ўйин?
Мен Люкнинг келганини сезмай қолибман.
– У варрак билан ўйнаяпти, – деди Софи. – Мен ҳам учирсам бўладими? – деб сўради ва ғалтакка қўлини чўзди. У дарров қўлга олгани учун мен эътироз ҳам билдиролмай қолдим. Варрак ҳавода пируэт ҳосил қилди ва пастга шўнғиди. Қумга урилиб синиб қолди.
– Вой, кечирасан! – деди Софи, мен эплолмас эканман.
Мен ерга тушган варрак томон отилдим. Иплари узилган, синган қанотлари кучсиз осилиб қолибди. Варракнинг аҳволи ёмон эди. Мен ўтирдим ва уни қўлимга олдим.
– Юзингни бунақа қилма, ҳозир йиғлайдиганга ўхшайсан, – деди Софи. – Ахир бу шунчаки варрак. Агар хоҳласанг ҳозир сенга янгисини сотиб оламиз.
Мен ҳеч нарса деб жавоб бермадим. Балки, Клеа ҳақида гапириш хиёнаткорлик бўлгани учундир. Болалик муҳаббати – муқаддас нарса, уни ҳеч кимга ишониб бўлмайди. У бизнинг юрагимиздаги энг сирли бурчакларда яшайди. Баъзан хотираларгина уни ёруғликка олиб чиқиши мумкин, ҳатто қанотлари синган бўлса ҳам. Мен варракни йиғдим ва ғалтакни ўрадим. Кейин Люк ва Софига мени кутиб туришларини айтиб, уни маёққа олиб кетдим. Минорачага чиқиб мен варракни жойига қўйдим ва кечирим сўрадим. Биламан, варрак билан сўзлашиш ахмоқлик, лекин шундай бўлиб қолди. Мен қутини ёпдим ва аҳмоқона тарзда йиғлаб юбордим – ўзимни тутолмадим.
Софи мени пляжда кутарди, лекин мен у билан гаплашадиган ҳолда эмасдим.
– Кўзларинг қизариб кетибди, – деди секингина ва мени қучоқлади. – мен уни синдирмоқчи эмасдим, ногаҳон шундай бўлиб қолди…
– Биламан, – деб жавоб бердим мен. – Бу тепада жимгина ётган хотира эди, уни уйғотиш керак эмасди.
– Гап нимадалигини билмайман, лекин бу сени жиддий хафа қилганга ўхшайди. Агар менга айтиб бермоқчи бўлсанг, биз иккаламиз бироз юрайлик, фақат сен ва мен. Шу пляжга келганимиздан кейин худди сени йўқотиб қўйгандек ҳис қиляпман ва сен қаердадир узоқларда кабисан.
Мен Софини ўпдим ва кечирим сўрадим. Биз денгиз бўйлаб, то Люк бизни қувиб етмагунича қўлма-қўл ушлаб иккимиз юрдик. Биз уни узоқдан кўрдик, у узоқдан бизга қўл силкитар, бизни кутиб туришимизни айтиб бор овозича бақирарди. Люк – менинг энг яхши ўртоғим, ўша эрталаб мен бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. У қўлини орқасига қилиб бизга яқин келди.
– Велосипеддан қандай йиқилганингни эслайсанми? – сўради у мендан. – Майли, хотирингга солай, ношукур банда. Сенинг ойинг сенга сариқ велосипед олиб берди. Биз иккаламиз – сен ўзингникида ва мен эски велосипедимда қабристон орқасидаги қияликда учишга кетдик. Биз четан олдидан ўтиб кетаётганимизда, билмадим сен нимани ўйладинг, балки арвоҳ орқамиздан қувмаётмаганмикан деб кўрмоқчи бўлдингми, хуллас орқангга қарадинг – ва олдиндаги чуқурга тушиб кетдинг.
– Сен буларни менга нимага айтяпсан?
– Жим ўтир, ҳозир биласан. Олд ғилдирак қийшайиб кетди, бу эса шилинган тиззангдан ҳам кўра сени қаттиқроқ хафа қилди. Сен фақат ойинг ўлдиришини айтардинг. Велосипед олинганига ҳали энди уч кун бўлган, агар сен шу ҳолатда уйга борадиган бўлсанг, ойинг сени ҳеч қачон кечирмаслигини уқтирардинг. У сенга сотиб олиб бериш учун уйга қўшимча иш олганини айтувдинг. Қисқаси, бу даҳшат эди.
Мен ўша кунни эсладим. Люк ўшанда маҳкамланган сумкачадан асбобларни олиб, ғилдиракни алмаштирувди. Унинг велосипеди ғилдираги меникига мос тушганди. Уни қўйиб, ойим ҳеч нарсани сезмаслигини айтган эди. Люкнинг дадаси велосипеднинг ғилдирагини тўғрилади ва эртаси куни биз яна ғилдиракларимизни алмаштирувдик. Ҳақиқатдан ҳам, ойим ҳеч нарсани сезмаган эди.
– Хайрият, эсладинг! Майли, огоҳлантираман, бу охирги марта, энди катта бўлиш вақти келди!
Люк орқасида яшириб турган янгигина варракни менга узатди.
– Пляж магазинидан топганим шу. Омадинг бор экан, сотувчининг айтишича, улар бунақа нарса сотмас экан ортиқ. Бу бойўғли, бургут эмас, лекин инжиқлик қилма, нима бўлсаям қуш, ундан ташқари кечалари учади. Энди хурсандмисан?
Софи варракни йиғди, менга арқонни узатди ва қўйиб юборишимни ишора қилди. Мен ўзимни бироз ўнғайсиз сездим, лекин қўлини кўкрагида чалиштирб, оёғини ерга ураётган Люкни кўриб, мени синашаётганини тушундим. Мен югурдим ва варрак осмонга учди.
У ажойиб учарди. Варрак – худди велосипедга ўхшайди: узоқ йиллар қўлингни теккизмаган бўлсанг ҳам, учириш эсингдан чиқмайди. Бойўғли ҳавода илонизи ёки саккиз чизганида Софи қарсак чалар, мен ҳам ҳар сафар бироз алдоқчи каби ҳис қилардим.
Люк тишлари орасидан ҳуштак чалди ва менга дамбани кўрсатди. Бизнинг ўн бешта қарияларимизнинг бари тош тўсиқ устида ўтириб, варрак учишини томоша қилишарди. Биз улар билан биргаликда меҳмонхонага қайтдик, қайтиб кетиш соатлари яқинлашмоқда эди. Люк ва Софи нарсаларини йиғиш учун чиққанларидан фойдаланиб, мен эрталаб ошхонани бўшатиб қўйганимиз учун ҳисоб тўладим. Хўжайка кўзини пирпиратмасдан пулни олди ва овозини пастлатиб ўша оладьялар рецептини олиб беришимни илтимос қилди. У Люкдан сўраган экан, лекин Люк бермабди. Мен бу даҳшатли сирни билиб, почта орқали жўнатишга ваъда бердим. Шу пайт менинг олдимга Люк Маркеснинг қариган чоғига ўхшатган қария келди.
– Болагинам, пляжда ажойиб учирдинг, – деди у. Мен унга илтифот учун миннатдорчилик билдирдим.
– Мен нима ҳақида гапираётганимни яхши биламан, бир умр варрак сотганман. Бир пайтлар пляжда дўкончам бор эди. Нега арвоҳни кўргандек менга бунақа қараяпсан?
– Қачонлардир сиз менга варрак совға қилгансиз десам, ишонасизми?
– Ўртоғингга ёрдам керакка ўхшаяпти, – деди қария, зинапояни кўрсатиб. Софи зиналардан ўзининг ва менинг сумкаларимизни кўтариб тушаётганди. Мен қўлидан сумкаларни олдим ва машина юкхонасига олиб бордим. Люк рулга ўтирди. Софи унинг ёнига.
– Кетдикми? – деди у.
– Бир дақиқа мени кутинглар, ҳозир келаман.
Мен орқамга қайтдим. Қария меҳмонхона залида ўз крселосида, телевизор қаршисида ўтирарди.
– Соқов қизча… Эслайсизми?
Машина уч марта сигнал берди.
– Сенинг дўстларинг шошаётганга ўхшайди. Яна келинглар, биз жуда хурсанд бўламиз, айниқса дўстингга: унинг оладьялари жуда лаззатли.
Машина яна узун чалди, ва мен иккинчи маротаба бу кичкина шаҳарчага қайтиб келишни ўзимга ваъда бериб, юрагимни тимдалаб кетдим. Софи минғирлаб ашула айтарди. Люк унинг ашуласини илиб олиб баланд овозда жўр бўларди. У аразлаб йигирма маротаба уларга қўшилишимни сўрар, Софи ҳам йигирма маротаба мени тинч қўйишини айтарди. Тўрт соатдан кейин Люк ташвишланиб қолди: бензин кўрсаткичи шиддат билан чап томонга кетган эди.
– Иккаласидан биттаси, – ташвишланиб деди у, – ёки кўрсаткич бузилган, ёки бироздан кейин машинани итаришимизга тўғри келади. Яна йигирма километрлардан кейин мотор йўталиб, бензин қуйиш жойига бир неча метр қолганда ўчиб қолди. Люк машинадан чиқди ва машинанинг капотини шапатилаб, машинанинг қаҳрамонлигини мақтади.
– Мен бакни тўлдирдим. Люк сув ва печенье сотиб олишга кетганида Софи менга яқинлашди ва белимдан қучди.
– Насос билан жозибали кўриняпсан, – деди у кулиб ва энсамдан ўпиб қўйди. У Люк билан бирга магазинга кетди.
– Кофе ичасанми? – деди у ўгирилиб. Мен жавоб бергунимча, табассум қилиб:
– Агар бирор нарсани айтмоқчи бўлсанг, мен шу ердаман, ҳар доим ёнингдаман, гарчи сен унчалик буни сезмасанг ҳам.
Биз ёмғирли йўлга чиқиб олдик. Машинанинг эски ойна артгичлари зўрға ғижирлаб ишларди. Шаҳарга қоронғу тушганда кириб келдик. Софи қаттиқ уйқуга кетган, Люк уни уйғотишни истамади.
– Нима қиламиз? – шивирлади у.
– Билмайман, кел бир жойда тўхтаймиз ва унинг уйғонишини кутамиз.
– Жиннилик қилманглар, яхшиси мени уйимга этинглар, – минғирлади Софи кўзини очмасдан. Лекин Люк бизнинг уйимизга кетди. Якшанба оқшомининг ғамгинлигига тушмаслик, айниқса ёмғирда ҳушёрликни йўқотмаслик керак, деди у. Биз учаламиз дам олиш якунидаги пессимизмга қарши тура оламиз. У биз ҳали ҳаётимизда ҳам емаган макарон пиширишни ваъда қилди.
Софи туриб ўтирди ва кўзларини ишқалади.
– Майли, макаронга розиман, лекин кейин мени уйимга олиб борасизлар.
Бизлар гиламга чордона қуриб ўтириб кечки овқатимизни едик. Люк менинг каравотимда ухлаб қолди, мен эса Софи билан унинг уйига кетдим. Уйғонганимда Софи кетиб бўлган экан. Ошхонада мен нонушта қўйилган стол устида, сткан остида қўйиб кетилган хатни топиб олдим.
Мени денгизга олиб кетганинг, мана шу ногаҳоний икки кун учун раҳмат. Мен бахтли эканимни айтиб ёлғон гапирмоқчи бўляпман, сен ҳам бунга ишонган бўлар эдинг, лекин мен буни қилолмайман. Мен сен билан бирга бўлган дамларда ҳам сенинг ўзингни ёлғиз ҳис қилаётганингни билиш мен учун оғир. Мен сендан хафа эмасман, лекин эшикдан ташқарида тутиб турилишга лойиқманми? Иккаламиз шунчаки дўст бўлганимизда сен менга кўпроқ ёқардинг. Мен энг яхши дўстимни йўқотишни истамайман, унинг самимийлиги, нафосати менга керак. Сен менга олдинги ҳолатингда кераксан.
Кейинроқ, ошхонада сен менга ўтаётган кунларинг ҳақида, мен ҳам ўзимнинг кунларим ҳақида бир-биримизга гапириб берамиз. Бизнинг дўстлигимиз тугаган жойигача қайта жонланади. Лекин бу нарса сал кейинроқ содир бўлади… Биз уддалаймиз, мана кўрасан. Кетаётганингда калитни столга қўйиб кет.
Ўпиб қоламан.
Софи
Мен хатни икки букладим ва чўнтагимга солиб қўйдим. Тортмадан бир нечта кийимларимни олдим, фақат Софи қоғозчани нина билан санчиб қўйган кўйлагимни олмадим. Унда: “Буни олма, бу энди меники”, деган ёзув бор эди.
Хонасининг калитини ўзи айтган жойга қўйиб, мен охирги аҳмоқ, балки илк аҳмоқ эканлигимни тан олган ҳолда чиқиб кетдим.
Кечқурун ойимга телефон қилишга уриндим, мен унинг овозини эшитишим, гаплашишим керак эди. Ҳеч ким телефонни кўтармади. У менга кетишини айтган эди. Қачон келишини ҳам айтган эди, лекин мен вақтини унутган эдим.
Уч ҳафта ўтди. Касалхонада учрашиб қолганимизда гарчи иккаламиз ҳам ўзимизни ҳеч нарса бўлмагандек тутишга уринсак ҳам, мен ва Софи ўзимизни ноқулай ҳис қилардик. Аҳмоқона ва қаттиқ кулги дўстлигимизнинг қайта туғилишига сабабчи бўлди. Биз касалхона боғида ўриндиқда ўтирардик ва Софи менга Люк билан содир бўлган бахтсизлик ҳақида гапириб берди. Тез ёрдам бўлимига иккита беморни бир пайтнинг ўзида олиб келишибди. Люк замбилни кўтариб улардан бирини жарроҳлик хонасига тезроқ олиб боришга шошаётган экан. Коридор бурилишида бош ҳамшира билан тўқнашиб қолмаслик учун кескин ҳаракат қилибди. Шу пайт бемор замбилдан тушиб кетибди. Люк унинг тушишини енгиллатиш учун ўзини ташлабди, лекин замбил тўғри келиб унинг бошига тушибди. Люкнинг пешанаси йиртилиб учта чок тушибди.
– Дўстинг ўзини мардонавор тутмоқда. Сен прозектор хонасида қўлингни скальпель билан кесиб олганингдан кўра яхшироқ.
Мен биринчи курсда содир бўлган бу воқеани унутаёзибман. Кеча мен кўрганим Люкнинг жароҳати қандай бўлганини энди англадим. У айланма-эшик юзига урилгани ҳақида ёлғон тўқибди. Софи унга айтмаслигим ҳақида қасам ичтирди. Ахир у мижози бўлган, Софининг ўзига чок солибди, шунинг учун врачлик сирини сақлаши керак экан. Мен сир сақлашга ваъда бердим. Софи ўрнидан турди, унинг навбатчилик вақти бўлган эди. Люк ҳақида бир нима дейиш учун орқасидан чақирдим.
– У сенга бефарқ эмас, биласанми?
– Биламан, – деди у кетатуриб.
Қуёш ёқимли иситар, менинг танаффусим ҳали тугамаган эди ва мен яна қолишга аҳд қилдим. Боғга ўша қизча келди. Ойна ортида унинг ота-онаси гематология бўлими мудири билан гаплашиб туришарди. Қизча ўша ўйини каби бир қадам олдинга, бир қадам ёнга сакраб мен тарафга юрарди. У менинг диққатимни тортишни истаётганини сезиб қолдим. Кичкинтой менга нимадир демоқчи эди.
– Мен соғайдим, – мағрур хабар берди у.
Қизчани неча марта боғда кўрган бўлсам ҳам, нима билан оғришига қизиқмабман.
– Мени уйга жўнатишади.
– Мен сен учун хурсандман, лекин сени соғиниб қоламан. Мен сени шу боғда кўришга ўрганиб қолибман.
– Сени ҳам уйга жавоб беришадими?
Шундай деб қизча кулиб юборди. Унинг кулгуси виолончель овозига ўхшаб жарангларди. Шундай бир нарсалар борки, биз уларни ортда қолдирамиз, булар вақт чангига ёпишиб қолган умр лаҳзаларидир. Албатта, уларни унутишга ҳаракат қилиш мумкин, лекин бир-бири билан боғланган майда-чуйдалар бизни мустаҳкам занжир билан ўтмишга боғлаб қўяди.
Люк кечки овқатни тайёрлаб, креслода ўтириб мени кутарди. Кира солиб мен унинг жароҳатига эгилдим.
– Бўлди, бўлди, ўзингдан доктор ясама, билишингни биламан, – деди у қўлимни итариб. Майли атрофимга гиргиттон бўлишинг учун беш дақиқа вақт бераман, бўлди энди, кел бирор бошқа нарса ҳақида гапирайлик.
– Биз денгизга борганимиз ўша машинани, сен мен учун яна ижарага олиб биласанми?
– Қаерга отланяпсан?
– Ўша ерга, денгизга.
– Очмисан?
– Ҳа.
– Бу яхши, чунки агар сен овқат тайёрлашимни истасанг, у ерга қайтишингга сабаб нималигини айтиб беришингга тўғри келади. Агар алдамоқчи бўлсанг, бензин қуйиш жойидаги тамаддихона очиқ. Агар омадинг келса, бу соатда сэндвич олиб ейишинг мумкин.
– Сенга айтиб беришимни истаяпсанми?
– Пляжда нима бўлди? Энг яқин дўстимни қўмсаяпман. Сен ҳар доим, айтайлик, осмонларда учиб юрардинг, ва мен бунга кўнардим. Лекин ҳозир, ишонтириб айтаманки, умуман чидаб бўлмаяпти. Оламда тенги йўқ қизга эга бўлдинг, сен эса аҳмоқлик қилдинг, ўша уик-энддан кейин у ҳам қаердадир осмонларда учиб юрибди.
– Бир пайтлар ойим билан таътилда денгизга кетганимизни эслайсанми?
– Ҳа.
– Клеани эслайсанми?
– Қайтганингдан кейин, энди Элизабетга тупурганингни, жонажон бир қалбни учратганингни, ва у бирор кун сенинг аёлингга айланишини айтгандинг. Лекин биз бола эдик – буни биларсан? Сен шу курорт шаҳарчасида сени кутган деб ўйладингми? Ерга туш, қария. Сен Софи билан ўзингни аҳмоқона тутдинг.
– Сени бу хурсанд қилиши керак, тўғрими?
– Сен мен билан урушмоқчимисан?
– Мен шунчаки ижарага машина олишга ёрдам беришингни сўрадим.
– Сен уни жума куни подъездда кўрасан, калитини стол устидан оласан. Музлаткичда запеканка бор, истиб ейишинг мумкин. Хайрли тун, мен озгина юриб келай.
Эшик ёпилди. Мен Люкни чақириш ва кечирим сўраш учун ойнага қарадим. Бир неча марта исмини айтиб чақирдим, лекин у ўгирилиб қарамади ва бурчакка қайрилиб кетди. Мен шанба эрталаб бўш бўлиш учун жума куни навбатчилик олдим. Эрталабга яқин уйга келганимда Люк ваъда қилганидек, стол устидан “универсал” калитини олдим. Дарров душ қабул қилиб кийиндим ва ўн бирларда чиқиб кетдим. Йўлда фақат овқатланиш учун тўхтадим. Бензин кўрсаткичи узоқ яшашни буюрарди, ва бензин қуйиш жойига ўз вақтида бурилиш учун ёқилғини ҳисоб-китоб қилишимга тўғри келди. Бу ҳам яхшиликка: ҳисоб-китоблар бошни банд қилди. Йўлга тушишимданоқ менда нохуш ҳис бор эди: орқа ўриндиқда Люк ва Софи ўтиргандек бўлаверди.
Соат бешга яқин мен оилавий пансионга келдим. Хўжайка менинг келганимдан ҳайрон бўлди ва узру кечиримларни қалаштириб ташлади: биз ётган хона банд экан ва бошқа бўш ўрин ҳам йўқ экан. Мен ҳам бу ерда тунамоқчи эмасдим. Мен кўпга келмаганимни, шу ерда истиқомат қилаётганлардан бирига бир саволим борлигини тушунтирмоқчи бўлдим.
– Сиз битта саволни деб шунча йўлга келдингизми? Телефонимиз борлигини билармидингиз? Месье Мортон бутун умр пештахтада турган. Шунинг учун қаддини шундай тик тутиб ўтиради. Сиз уни меҳмонхонада топасиз, у ҳар куни ўша ерда, деярли чиқмайди. Мен хўжайкага миннатдорчилик билдирдим, месье Мортонни топдим ва унинг рўпарасида ўтирдим.
– Хайрли кун, йигитча, сизга бирон нима керакми?
– Сиз мени эслайсизми? Мен бу ерга яқинда келгандим, бир ўртоғим ва бир қиз билан келгандим.
– Йўқ, эслолмайман. Қачон келувдим дедингиз?
– Уч ҳафта олдин. Люк сизларга нонуштага оладья пиширди, ҳаммага ёқди.
– Мен оладьяни яхши кўраман, умуман ширинликни яхши кўраман. Сиз кимсиз?
– Эслайсизми, мен пляжда варрак учирдим, сиз яхши учиряпсан, дедингиз.
– Варраклар… Қачонлардир сотганман уларни. Биласизми, пляжда дўкончам бор эди. Мен яна пуфланадиган доиралар, қармоқлар сотардим.. Бу ерда балиқ йўқ, лекин барибир сотиб олишарди. Тобланиш кремлари ҳам… Ҳаётим давомида ҳар хил дам олувчиларни кўрдим… Хайрли кун йигитча, бирор нарса керакми?
– Кичкиналигимда шу ерда ўн кун бўлганман. Мен билан бир қизча ўйнарди, бу қизча ҳар ёз бу ерга келишини билар эдим, бу қизча ҳеч кимга ўхшамас эди…соқов эди.
– Мен яна соябонлар ва откриткалар сотардим, уларни кўп ўғирлашарди, откриткаларни, мен қўл силтардим. Болалар олиб қочарди… Хайрли кун, йигитча! Сизга бирон нарса керакми?
Мен бирор маънили гап чиқишидан умидсизланган эдимки, ёнимизга ёши катта бир аёл келди.
– Сиз бугун ундан ҳеч нарса билолмайсиз. Бугун унинг учун ёмон кун. Кеча бирозгина боши ишлаётган эди. Биласизми, унинг боши яхши ишламайди – дам яхши, дам ёмон. Сиз қайси қизча ҳақида гапираётганингизни мен яхши биламан, менинг хотирам яхши. Сиз кичкина Клеа ҳақида гапиряпсиз, мен уни яхши билардим, лекин у гаранг эмасди.
Мен ҳайрон бўлиб оғзимни очдим, аёл эса давом этди:
– Мен сизга буни айтиб берардиму, лекин қорним оч қолди, бўш ошқозонда эса суҳбат унча қизимайди. Агар сиз мени ширинликхонага чой ичишга таклиф қилсангиз, ўша ерда гаплашиб олардик. Мен бориб пальтоимни олиб келаман, қарши эмасмисиз?
Мен қари аёлга пальтосини кийишга ёрдамлашдим, унинг қадамига мослашиб ширинликхонага олиб бордим. Террасага ўтириб олиб у мендан чекишга сўради. Менда сигарет йўқ эди. Қўлини кўксида бирлаштириб аёл қарама-қарши томондаги тамаки дўконига маъноли қаради.
– Оч ранглисидан олиб келинг, – деди у.
Мен бир пачка сигарет ва гурурт билан қайтиб келдим. – Ярим йилдан кейин врач бўламан, – дедим мен, унга узатиб. – Агар менинг ўқитувчиларим сизга нима бераётганимни кўрса, кунимни кўрсатарди.
– Агар ўқитувчиларингиз мана шу ерда ҳам устимиздан назорат ўтказишдан бошқа иши бўлмаса, мен сизга институтни алмаштиришни тавсия қиламан, – деди у гугуртни ёқиб. – Менга унчалик кўп қолмади. Нега ҳамма биздан охирги ҳузур-ҳаловатимизни тортиб олмоқчи бўлади? Ичиш мумкин эмас, чекиш мумкин эмас, ёғли ва ширинлик мумкин эмас, бизнинг кўп яшашимизни исташади, лекин ҳаётга бўлган истагимизни олиб қўйишади, бизнинг ўрнимизга ўйлайдиган ақллилар. Эҳ, сизнинг ёшингизда биз қанчалик эркин эдик, ўлимимизни тезлаштирардик, бу аниқ, лекин яшардик. Сизнинг ёқимли суҳбатингиз орасида тиббиётингизга тупуришимга ижозат беринг, қаршилигингиз бўлмаса мен яхшигина ромли баба емоқчиман.
Мен ромли баба, кофели эклер ва икки финжон иссиқ шоколад ичимлиги буюрдим.
– Ҳа, кичкина Клеа, албатта эслайман. Ўшанда менда китоб дўкони бор эди. Савдогарлар билан нима бўлишини кўрдингизми? Одамлар хизматида бўлганлар нафақага чиққанидан кейин ҳеч ким эсламас экан. Одамлар олдида қанчалик тўкилиб-сочилдим – ассалом, хайр, раҳмат. Ишимни ташлаганимдан кейин икки йил ичида ҳеч ким йўқламай ҳам қўйди. Бизнинг хилват ерларда… Сизнингча, улар мени Ойга учиб кетган деб ўйлашадими? У шундай ёқимли эди, кичкина Клеа. Мен ҳар хил болаларни кўрганман, тарбиясизларни ҳам, шуни билинг, олма олманинг тагига тушади. У “раҳмат” демасаям бўларди, чунки демасликка сабаб бор эди, лекин у ҳар доим “раҳмат” деб ёзарди. У кўпинча дўконга келар, китобларни кўрар, бирортасини танлар ва бурчакка ўтириб ўқирди. Менинг эрим ҳам бу кичкинтойни яхши кўрарди, унинг учун махсус китоблардан олиб қўярди. Кетаётганда албатта чўнтагидан қоғозча чиқарарди, унда ўз қўли билан “раҳмат мадам, раҳмат месье” деб ёзилган бўларди. Қизиқ, лекин тасаввур қилинг, у соқов ҳам, кар ҳам эмасди. Ҳа, ҳа, кичкина Клеа аутизмнинг ноёб шаклига учраган, унинг бошида нимадир ўчиб қолган эди. У ҳамма нарсани эшитарди, лекин айтолмасди. Уни бу қамоқдан нима озод қилганини биласизми? Мусиқа. Сиз балки, мен буларнинг ҳаммасини ромли баба ва сигарета учун тўқиб чиқарди, деб ўйларсиз? Тинчланинг, мен ҳали бу даражага етиб борганим йўқ. Балки бир неча йиллардан кейин шунақа бўларман, лекин Худо менинг жонимни олдинроқ олишини истайман. Мен пляждаги савдогарга ўхшаб қолишни истамайман. Нима қиласиз, бу унинг айби эмас, мен ҳам унинг ўрнида бўлсам ақлдан озиб қолардим. Бутун умрингизни болаларингизни ўстиришга бағишласангиз, ва бирорта ҳам болангиз сизни йўқламаса, ҳатто қўнғироқ ҳам қилмаса, ақлдан озишингиз тайин – ҳамма нарсани топ-тоза қилиб ўчириб ташлашни хоҳлайсиз. Лекин сизга у эмас, балки кичкина Клеа қизиқ. Мен мижозларнинг нонкўрлигидан шикоят қилдим, мен бутун умр хизмат қилган буларнинг барчасидан, улар энди кўчада сени гўё танимаганга олишади – барибир нотўғри умумлаштиряпман. Эримни тупроққа қўйган кун у маросимга келди. Ҳа-ҳа, ўзи келди. Мен уни танимадим, ўзимни оқлаш учун айтаманки, у ҳам сизга ўхшаб катта бўлибди. Ахир мен биламан, сиз ўша варракли болакайсиз! Биламан, чунки ҳар йили кичкина Клеа бу ерларга келганида менинг олдимга келиб савол ёзилган қоғозчани узатарди: варракли бола келмадими? Бу сиз, тўғрими? Эримнинг дафн маросимида у сафнинг охирида борарди, шундай камтарин, шундай сарвқомат. Мен унинг кимлигини эслолмай бошим қотиб турарди, менинг ажабланганимни тасаввур қилинг, у менинг олдимга келди ва қулоғимга: “Бу мен Клеаман, афсусдаман, мадам Пушар, мен эрингизни ҳурмат қилардим, у менга нисбатан жуда марҳаматли эди”. Шусиз ҳам менинг кўзларим нам эди, шундан кейин эса кўзёшларим булоқ бўлиб оқди. Оҳ, буларни сизга айтиб ҳам йиғлашимга сал қоляпти.
Мадам Пушар кўзини қўли билан артди. Мен унга дастрўмолча узатдим.
– У мени маҳкам қучди ва кетди. Менинг эрим билан хайрлашиш учун уч юз километр йўл босиб келибди. Мен бир нарсадан иккинчисига сакраб кетяпман, мени кечиринг. Тўхтанг, фикрларимни тўплаб олай. Хўш, сиз келмаган ёз ойларида кичкина Клеа ота-онасидан имконсиз нарсани сўрабди: у вилончелда чалишни ўрганишни истабди. Онасининг юзини тасаввур қилинг! У нимани ҳис қилганини англадингизми? Сизнинг кар-соқов болангиз мусиқани ўрганишни истаяпти, бу худди оёқсиз одамнинг дорбоз бўлишни истаганидай гап. Энди фақат мусиқа ҳақидаги китобларни олар, унинг орқасидан келган ота-онаси ҳар доим таъби хира бўлиб кетишарди. Клеанинг отаси хотинига: “Агар бу нарсани ҳақиқатдан ҳам қаттиқ истаса, буни амалга оширишнинг йўлини топиш керак”. Улар Клеани махсус мактабга беришди. У ерда бир ўқитувчи қулоқликни бўйнига осиб, тебранишни сезиш йўлларини ўргатар экан. Ҳақиқатдан, тараққиётнинг чегараси йўқ! Умуман олганда, мен буларнинг барига қаршиман, лекин бу ҳолатда машғулотлар унга фойда берди. Ўқитувчи Клеага партитуралар билан ноталарни ўргатаётган пайтда мўъжиза рўй берди. Ҳеч қачон гапирмаган Клеа нота номларини: “До, ре, ми, фа, соль..” деб айта бошлабди! Худди туннель ичидан поезд чиққани каби унинг оғзидан гаммалар чиқа бошлабди. Энди ота-онаси тилдан қолгудек бўлибди. Клеа мусиқани ўрганди, у ашула айта бошлади, нотага сўзларни қўя бошлади. Виолончель туфайли у қамоқдан чиқди. Виолончель билан қамоқдан қочиш – ҳаммагаям насиб қилавермайди!
Мадам Пушар шоколадни қошиқча билан аралаштирди, финжонга лабини теккизди ва ликопчасига қўйди. Биз иккаламиз ҳам хотиралар қаърига тушиб жимиб қолдик.
– У Давлат консерваториясига ўқишга кирди, ўша ерда ўқийди. Агар сиз уни топмоқчи бўлсангиз, аввал ўша ерга боришингизни маслаҳат берган бўлардим. Мен мадам Пушарга печенье ва шоколаддан кўпроқ олдим, биз кўчани кесиб ўтдик, бир блок сигарет сотиб олдик ва мен уни пансионга кузатиб қўйдим. Хайрлаша туриб, мен ёзда келишга ва уни пляжга айлантиришга олиб боришга ваъда бердим. Қари аёл менга машинани эҳтиёт бўлиб бошқаришимни, камарни тақиб олишимни маслаҳат берди. Менинг йилларимда ҳали одам ўзини асраши керак, деди.
Мен қоронғи аралаш пайтда йўлга чиқдим. Кечанинг кўп қисмини йўлда ўтказдим ва айни навбатчиликка тушишим керак бўлганда етиб келдим.
Навбатчиликдан чиққанимдан кейин дарҳол оқ халатимни детектив костюмига алиштирдим. Консерватория касалхонадан анча узоқ эди, Опера майдонида бўлиб, у ерга икки марта қайта ўтириб метрода борса бўларди. Консерватория биноси шундоққина театр орқасида эди. Муаммо ҳар доимгидай менинг бандлигимда эди. Сессия яқинлашаётган эди, машғулотлар ва навбатчилик орасида бўш соатни фақат кеч бўлганда топишим мумкин эди. Фақат ўн кундан кейин мен консерваторияга ёпилишигача келишга улгурдим, унда ҳам ёпилай деб турганди. Қоровул менга эртага келишни маслаҳат берди. Лекин мен унга киритишини илтимос қилдим. Мен котибиятга киришим шарт эди.
– Бу соатда ҳеч ким йўқ. Агар ҳужжат топширмоқчи бўлсангиз, бешгача келинг.
Мен бунинг учун келмаганимни айтдим. Мен талабаман, бу ерга эса мени мусиқа ҳаётида муҳим ўринга эга бўлган бир қизни қидириб келганимни айтдим. Консерватория – ягона из бўлиб, мен албатта маълумот олишим керак эди.
– Қайси курсда ўқийсиз? – сўради қоровул.
– Интернатурага бир неча ой қолди.
– Унда томоғимни кўриб қўйишингиз мумкин. Икки кундан бери ютинганимда оғрийди, врачга боришга вақт ҳам йўқ, пул ҳам йўқ.
Мен жон деб кўндим. У мени киргизди ва мен уни хоначасида кўриб қўйдим. Мен ярим дақиқада ташхис қўйдим: “ангина”. Мен унга эртага “Тез ёрдам” бўлимига келишини ва рецепт ёзиб беришимни айтдим, дориларни касалхона дорихонасидан сотиб олиши мумкин. Хизматимга миннатдор бўлган қоровул мен излаётган қизнинг номини сўради.
– Клеа, – жавоб бердим мен.
– Клеа, кейин-чи?
– Мен фақат исмини биламан.
– Ҳазиллашяпсиз деб ўйлайман.
Менинг юз ифодам эса тескарисини айтиб турарди.
– Қулоқ солинг, доктор, сиз менга ёрдам бердингиз, мен ҳам сизга ёрдам бермоқчиман, лекин сиз ҳам тушунинг, консерваторияга ҳар йили икки юзтача талаба ўқишга киради, баъзилари бир неча ой ўқийди, баъзилари йиллаб ўқийди, бошқа ўқув юртларига, консерватория филиалларига ўқишини кўчирадиганлари ҳам бор. Энг охирги беш йилда бизга беш мингдан ортиқ одам ёзилган, яна исми билан эмас, шарифи билан. Сизнинг қизингизни қидириш гўё Золушканинг меҳнати каби бўлади, оти нима эди…
– Клеа.
– Ҳа, аммо шарифсиз Клеа… сизга ҳеч қанақасига ёрдам беролмайман, кечирасиз мени.
Қоровул мени киргизганида қанча хурсанд бўлсам, шунча хафа бўлиб орқамга қайтдим. Шарифсиз Клеа. Мана сен ким эдинг ҳаётимда, болаликдан келган қизча, бугун катта бўлган, қимматли хотира, вақт амалга ошира олмаган қасам. Мен метро бекатларида юриб, дамба бўйлаб мендан олдинг бошинг устида варрак учириб, югураётганингни кўриб юрардим. Шарифсиз Клеа, лекин ҳавода чиройли саккиз шакли ёки илонизи қила олган қизча. Кулгусининг овози виолончельга ўхшаган, ўз сирини ошкор қилмай туриб, мени ёрдамга чақирган қиз сояси. Шарифсиз Клеа, менга: “Мен сени тўрт йил кутдим, сен ваъдангда турмадинг, келмадинг”, деб ёзган қиз.
Уйда ҳали ҳам мендан аразлаб ўтирган Люкни кўрдим. У мендан нега рангим оқарганини сўради. Мен унга консерваторияга борганимни ва нега бундай қайтганимни тушунтириб бердим.
– Агар шундай давом этадиган бўлса, сен сессиядан йиқиласан. Ахир сен фақат у ҳақида ўйлаяпсан. Арвоҳ кетидан югуриб хароб бўласан, қария.
Мен бўшашибгина, бўрттираётганини айтиб эътироз билдирдим.
– Сен вақтингни бекорга ўтказиб юрган пайтингда мен бироз бу ерларни йиғиштирдим. Биласанми, саватдаги қанча қоғозни қоқиб ташладим? Ўнлаб варақлар, булар маъруза ёки кимёвий формулалар эмас, балки расмлар, айнан бир хил юз расми. Сен қалам билан яхши чизасан, бу қобилиятингни анатомия бўйича эскиз чизишга сарфласанг яхши бўларди. Сен бу қоровулга Клеа виолончель чалишини айтдингми, ҳеч бўлмаса?
– Йўқ, қандайдир хаёлимга келмабди.
– Устига-устак тўнкаям! – деди Люк креслога ўтира туриб.
– Сен Клеа виолончель чалишини қаердан билдинг, мен бу ҳақида сенга айтмагандим.
– Ўн кундан бери мен Ростропович мусиқаси остида ухлайман, Ростропович мусиқаси остида кечки овқатни ейман, шу мусиқа остида ухлайман. Биз сен билан ортиқ гаплашмаймиз, виолончель суҳбатнинг ўрнини босган, сен яна қаердан билдинг, дейсан! Айтмоқчи, сен бу Клеани қидириб ҳам топдинг дейлик, у сени таниб қолади, деб ким айтди сенга?
– Агар у мени танимаса, ҳечқиси йўқ.
Люк менга диққат билан қаради ва бирдан гумбурлатиб столга бир мушт туширди.
– Қасам ич! Бошинг билан қасам ич…йўқ, яхшиси дўстлигимиз ҳаққи қасам ич, агар учрашсаларинг ва у сени танимаса, сен бу қизнинг номини абадул-абад ўчириб ташлайсан ва мен билган олдинги одамга айланасан.
Мен жимгина бош силкидим.
– Эртага мен ишламайман, касалхонага антибиотиклар олишга кираман, уларни қоровулга олиб бораман ва қизинг ҳақида бирор нарса билишга ҳаракат қиламан.
Мен унга миннатдорчилик билдирдим ва уни кечки овқатга таклиф қилдим. Пулимиз кам эди ва бу ғариб ресторанда виолончель чалиши ҳам амримаҳол эди. Биз яқиндаги бистрога ўтирдик ва кечки овқат пайтида бироз ортиқча ичиб қўйдик, шекилли. Қайтиб келаёганимизда Люк боши айланишини бошқаролмай ўриндиқда ўтирди ва ўзидаги қийинчиликлар ҳақида гапирди. У ўйламай-нетмай бир иш қилиб қўйганини айтди, лекин кетидан дарҳол қасддан қилмагани ҳақида қасам ича бошлади.
– Нима қилдинг?
– Ўтган куни мен ошхонага тушлик қилдим, у ерда Софи ҳам бор эди, мен унинг ёнига бориб ўтирдим.
– Хўш?
– У мендан сен ҳақингда сўради.
– Сен нима дединг?
– Мен ёмон яшаётганингни айтдим. У ташвишлана бошлаганида мен уни тинчлантирдим. Тўғриси, сенинг ташвишларинг ҳақида бир-икки оғиз гап оғзимдан чиқиб кетди.
– Клеа ҳақида гапирмадингми, ишқилиб?
– Номини айтмадим, лекин тилимдан чиқиб кетганини сезиб қолдим. Мен ўзингга яқин кўрган бирини қидириш билан овора эканингни айтиб қўйдим. Тўғриси, кетидан дарҳол уни учратганингда ёшинг ўн иккида бўлганини ҳам қўшиб қўйдим.
– Софи нима деди?
– Софининг қандай акс-таъсир кўрсатишини сен мендан кўра яхшироқ билишинг керак. Айтдики, сенинг бахтингни топишингга умид қилади, сен бунга лойиқсан, чунки сен ажойибсан. Кечир, бекор қилдим. Фақат, бошқа нарсаларни ўйлаб, қасддан айтган деб ўйлама. Мен бу даражада ақлли эмасман. Мен шунчаки сендан жаҳлим чиқиб турганди, шунинг учун оғзимдан чиқиб кетди.
– Нега мендан жаҳлинг чиқди?
– Чунки Софи буларни самимий айтди.
Мен Люкка елкамни тутиб, зинадан кўтарилишига ёрдам бердим. У ўлгудай маст эди, уни каравотга ётқиздим, ўзим эса ойна олдидаги ер тўшагига жойлашиб олдим.
Люк ваъдасида турди. Кўп ичиб, эрталабги бош оғриғига қарамай, у касалхонага келиб, дорихонадан антибиотиклар олди ва консерваторияга жўнади. Агар бирор кишидан бирор нарсани кутаётган бўлса буткул ёқимтой бўлади, буни қандай уддалайди – мен учун сир. Ҳамма унинг олдида эрийди.
Люк қоровулга дориларни берибди, иши ҳақида гаплашибди, ҳаёти хусусидаги бир неча воқеани эшитибди ва бир соат ичида консерваториядаги талабалар рўйхатини кўриб чиқишга рухсат олибди. Қоровул уни столга ўтирғизибди, Люк синчков жосус каби битталаб кўриб чиқибди.
У Клеа ўқишга кириши мумкин бўлган тахминий йиллар рўйхатини олибди. У чизғични сатрларга қўйиб, битталаб кўрибди. Оқшомга яқин у қуйидаги ёзув ёзилган сатрда тўхтабди: Клеа Норман, биринчи курс, анъанавий мусиқа бўлими, асбоб – виолончель.
Қоровул унинг шахсий делосини ҳам кўриб чиқишга рухсат берибди, Люк эса, ўз навбатида, агар томоғи бир неча кунда яхши бўлмаса яна дори олиб келишга ваъда қилибди.
Кун охирлаб қолай деганда, мен бўлимдаги тинчликдан фойдаланиб, касалхона рўпарасидаги кафега овқатланишга бордим. Люк келди ва менинг ёнимда ўтирди. У қўлига менюни олди ва ҳатто саломлашмасдан газак, асосий таом ва десерт буюрди.
– Сен меҳмон қиласан, – деди у, менюни официантга бера туриб.
– Нимага энди? – деб сўрадим мен.
– Чунки бошқа мендай дўстни тополмайсан, менга ишонавер.
– Сен бирон нима топдингми?
– Агар мен чўнтагимда шанба куни футболга иккита билет бор десам, сен йўқ лейсан, тўғрими? Тўғри қиласан, чунки шанба куни сенинг Клеанг мэрияда концерт беради. Дворжак, вилончель учун концерт, саккизинчи симфония. Сен учун учинчи қаторга билет олишга муваффақ бўлдим, сен уни яқиндан кўра оласан. Сен билан бирга боролмайман, кечир, яқин юз йилга виолончельдан тўйиб кетдим.
Мен шкафга кириб олдим, бу оқшом учун нимани кийишни ҳал қилиш керак эди. Концертга яшил шим ва оқ халатда бормайманку!
Универмагдаги сотувчи аёл менга фланел шимимга мос келадиган мовий кўйлак ва тўқ рангли пиджакни таклиф қилди. Мэрия театри кичкина экан, залда юзтадан камроқ сонли ўриндиқлар ярим доира шаклида жойлашган, саҳна ҳам бор-йўғи йигирма метр узунлигида. Бу оқшом ансамблда соз чаладиган мусиқачилар сони ҳам ҳаминқадар. Дирижёр олқишларга жавобан таъзим қилди, ўнг томондан ижрочилар гуруҳ бўлиб чиқдилар. Менинг юрагим қаттиқ ура бошлади, ҳатто икки чаккамдаги томирлар ҳам урар эди. Бир дақиқадан камроқ вақт ичида ҳамма ўрнига ўтирди – мен қидираётган кишини кўриш учун жуда кам вақт.
Зал қоронғулик қаърига чўкди, дирижёр таёқчасини кўтарди ва дастлабки ноталар жаранглай бошлади. Ансамблнинг иккинчи қаторида саккизта аёл ўтирарди, фақатгина бир аёлнинг юзи менинг эътиборимни тортди.
Сен менинг тасаввуримдагидек эдинг – олдингидан ҳам чиройлироқ аёл. Сенинг сочларинг елкаларингга тушар, менимча сен виолончель камончасини кўтарганингда бироз халақит ҳам берарди. Мен концертда сенинг партиянгни аниқлай олмадим. Кейин соло навбатинг келди, камончанинг бир неча марта кўтарилиши, мен соддаларча менга аталган деб ўйлаганим бир нечта нота янгради. Бир соат ўтди, мен бир лаҳзага ҳам кўзимни узмай сенга қараб ўтирдим. Зал ўрнидан туриб қарсак чалганида, мен ҳаммадан баландроқ “браво” деб бақирдим.
Сенинг кўзинг менинг кўзим билан тўқнашгандек бўлди, назаримда. Сен ҳамма мусиқачилар билан баравар таъзим қилдинг ва парда туширилди. Шиддат билан ураётган юрак билан мен сени кутиб олиш учун эшикка бордим. Панада туриб, темир эшик очилишини сабрсизлик билан кутардим.
Сен пайдо бўлдинг – қора кўйлак, сочлар қизил тасма билан боғланган. Қандайдир эркак сенинг белингни қучар ва сен унга табассум қилардинг. Мен ҳеч қачон инсон ўзини бунчалик парчалангандек ҳис қилиши мумкинлигини билмас эдим. Мен сени бу эркак билан кўрдим, сенинг унга боққан нигоҳинг, мен орзу қилганим – менга қараганингдаги нигоҳдек эди. У сенинг олдингда шунақа катта кўринарди, мен эса бу коридорчада жуда кичкина кўринардим. Мен бу эркакнинг ўрнида бўлиш учун ҳамма нарсамни берардим, бироқ мен шунчаки ўзим эдим, болалигимизда сен севган одамнинг сояси, катта бўлганимдаги менлигимнинг сояси эдим.
Мен билан тенглашганингда сен менга қарадинг. “Биз танишмизми?” – сўрадинг сен. Сенинг товушинг, сен гапира олмаган пайтлардагидек, кўп йиллар олдин сенинг соянг ёрдамга чақирганидаги каби тоза ва жарангли эди. Мен шунчаки сени тинглаш учун келганимни айтдим. Бироз уялинқираб, сен дастхат керак-керакмаслигини сўрадинг. Мен нимадир деб минғирладим, сенинг дўстингдан ручка сўрадинг. Қоғоз парчасига исмингни ёздинг, мен миннатдорчилик билдирдим ва сен унинг қўлидан ушлаб кетдинг. Кетаётиб, сен биринчи мухлисинг пайдо бўлганини айтдинг, ва бу фикрдан ўзинг завқландинг. Коридор охиридан келган сенинг кулгинг виолончель овозига ўхшаб кетди.
Мен қайтиб келганимда Люк мени подъезд олдида кутиб турарди.
– Мен келганингда ойнадан қараб тургандим, сенинг юзингни кўриб, яхшиси бир ўзинг зинапоядан чиқмаганинг маъқул, деган фикрга келдим. Афсусдаман, лекин биласанми, бу иш бошдан омадсиз иш эди. Ғам чекма, қария. Кетдик, бундай турма, юр айланиб келамиз, енгилроқ тортасан. Гапириш шарт эмас, лекин гапириш истагинг бўлса, мен шу ердаман. Эртага, мана кўрасан, оғриқ чекинади, индинга эса у ҳақида ўйлашни ҳам унутасан. Менга ишон, муҳаббат ғами фақат биринчи-иккинчи кунда оғир келади, кейин эса яхшими-ёмонми вақт даволайди. Юр, қария, бекорга ўзингни қийнама. Эртагаёқ ажойиб врач бўласан. У ҳали кимнинг олдидан ўтиб кетганини билмайди, лекин мана кўрасан, ҳаётинг аёлини ҳали топасан. Бу дунёда фақат Элизабет ёки Клеа эмас, сен улардан ҳам яхшиларига лойиқсан.
Мен Люкка берган ваъдамнинг устидан чиқдим, болалигим устидан чизиқ тортдим ва бошим билан ўқишга шўнғиб кетдим. Оқшомлари биз учаламиз – Люк, Софи ва мен бирга тўпланардик, мен ва Софи интернатурага, Люк эса ёзги сессияга. Имтиҳонларни учаламиз ҳам аъло топширдик ва буни қоидага кўра нишонлаётган эдик. Бу ёз мен ва Софида таътил йўқ эди. Люк икки ҳафтага оиласи ёнига кетди. У бир неча килога семириб, аъло кўринишда келди.
Кузда мени кўргани ойим келди. У янги кўйлаклар тўла жомадон олиб келди ва тепага, хонамни тартибга солишга чиқа олмаслигини айтди. Зиналардан кўтарилиш унинг учун оғир, тиззалар оғриғи кучайиб кетган эди. Биз иккаламиз соҳил бўйлаб айланиб юрганимизда оғир нафас олаётганини кўриб ташвишландим. У менинг ёноғимни силади ва қариётганини ва бунга кўникишим кераклигини айтди.
– Бир куни сен ҳам қарийсан, – деди у, у севган ресторанчада кечки овқат еяётганимизда. – Ҳозирча ёшлик гаштини суриб қол. Қанчалик тезлик билан ўтиб кетишини билсанг эди!
Ҳар доимгидек мен қўлимни чўзгунимгача ҳисоб қоғозчасини шартта олди. У қўнган меҳмонхонага бораётганимизда у менга уй ҳақида гапириб берди. Ойим таъмирлаш ишларини бошлабди, гарчи унинг назарида қаттиқ чарчатса ҳам, бу ишлар уни зериктирмаётган экан. Яна унинг айтишича, чордоқниям тартибга солибди ва менга бир қути топиб қўйибди. Кейинги гал борганимда мен чордоқга чиқишим керак экан. Мен кўпроқ нарса билмоқчи бўлдим, лекин ойим айтмади.
– Келганингда ўзинг кўрасан, – деди у фақатгина, меҳмонхона эшигини ёнида пешанамдан ўпа туриб.
Кейинги кун мен уни вокзалга кузатиб қўйдим. Шаҳар унинг ҳиқилдоғига келган ва у тезроқ қайтишни истаётган эди.
Дўстлар баъзи бир нарсаларни айтмайдилар, улар фаҳмланади. Люк ва Софи кўп вақтларини бирга ўтказаётган эдилар. Бу худди Элизабет кундан кун Маркесга яқинроқ жойларга ўтириб, охири синфнинг орқасига, Маркеснинг ёнига ўтириб олганга ўхшайди. Лекин, бу сафар мен ҳаммасини англаб турардим. Люк биз учун овқат пиширган кунларини айтмаса, мен уни борган сари камроқ кўрардим. Интернатурага бошим билан шўнғиб кетдим, у эса ўқишига тўлаш учун яна ҳам кўпроқ санитарлик ишини қилар эди. Баъзан биз бир-биримизга стол устига хайрли кун ёки хайрли тун тилаб хатча қолдирардик. Люк тез-тез тепадаги қўшнимиздан хабар олиб турарди. Бир кунпи у тепасида қаттиқ тўқиллаган товушни эшитиб, йиқилиб тушди деб ўйлаб, югуриб чиқибди. Алиса ўзини яхши сезаётганмиш, шунчаки ўтмишини эслатиб турган ҳар қандай нарсадан қутулиш учун уйни тозалаётган экан. Уй бурчагига расмли альбомлар, папкалар, бутун умр давомида тўпланган турли-туман сувенирлар отилаётган экан – ҳаммаси йўқолсин!
– Мен буларни ўзим билан гўримга олиб кетолмайман, – дебди у Люкка эшикни очаркан, қувноқ табассум билан.
Хонада ҳукм сураётган тартибсизлик устидан кулиб, Люк ярим кун қўшни аёлга ёрдам берибди. У елим халталарни тўлдириб берибди, Люк эса уларни бакка ташлаб келибди.
– Йўқ-йўқ, мен болаларимга бундай завқни раво кўрмайман, мен ўлгандан кейин мени яхши кўришлари керак эмас, олдинроқ ўйлаш керак эди!
Ўша ғалати кундан кейин уларнинг дўстлиги бошланди. Ҳар сафар, зинапояда қўшнимни кўриб саломлашганимдан кейин Люкка салом айтишимни сўрарди. Люк унинг кучли феълидан ҳайратда қолиб, кўпинча у кечки суҳбат учун мени тарк этарди.
Рождество яқин эди. Мен ойимни кўриб келиш учун бир неча кун таътил олмоқчи бўлдим, лекин бўлим мудири рад этди.
– “Интерн” сўзининг маъносини биласизми? – деди илтимосимга жавобан. – Ҳақиқий врач бўлганингиздан кейин байрамларда дам олишингиз мумкин, кейин худди мен каби ўрнингизга интернларни тайинласангиз бўлади, – кейин насиҳатомуз оҳангда қўшиб қўйди, – яна бир неча йил меҳнат қилганингиздан кейин оила даврасида курка гўштини еб, байрамни нишонлайсиз.
Мен ойимга айтдим, у эса албатта, мени кечирди. Интернатуранинг ҳамма қийинчиликларини ундан бошқа ким ҳам яхши тушунарди? Айниқса, сизнинг бошлиғингиз кибрли ва ўзига бино қўйган бўлса. Ҳар доимгидек, ойим мени тинчлантириш учун сўз топди.
– Мактабда сени тақдирлашганида боролмаганимда нима деганинг эсингдами?
– Кейинги йил ҳам тақдирлаш маросими бўлади, – дедим мен.
– Рождество ҳам албатта бўлади, ўшанда ҳам бошлиғинг сенга жавоб бермаса, биз Рождествони январда нишонлаймиз.
Байрамга бир неча кун қолганда, Люк жомадонини йиға бошлади ва негадир одатдагидан кўпроқ нарса жойлади. Мен орқамни ўгирганим заҳоти у шошиб свитерлар, кийимлар ва шимларни, шу жумладан мавсумга мос келмаганларини ҳам тиқа бошларди. Охири мен буни сездим, унинг юз ифодаси ҳам бошқача эди.
– Сен қаерга ҳозирландинг?
– Уйга.
– Бир неча кун таътил учун сенга шунча кийим керакми?
Люк креслога ўтириб олди.
– Ҳаётимга нимадир етишмаяпти.
– Нима етишмаяпти?
– Ўзимнинг ҳаётим етишмаяпти.
У қўлларини кўкрагида чалиштирди ва менга қараб давом эттирди:
– Бу ерда менга бахт йўқ, қария. Мен ўйловдимки, врач бўлиб ўзимнинг устимдан ҳоким бўламан ва ота-онам мен билан фахрланишади. Булкачининг ўғли – доктор, тасаввур қил! Фақат, биласанми, қачонлардир буюк хирург бўлганимда ҳам дадамдай бўлолмайман. Дадам шунчаки нон пиширади, лекин эрта саҳарда нонга келганларнинг қанчалик бахтли эканини кўрсанг эди. Денгиз бўйидаги меҳмонхонада оладья пиширганимда қарияларнинг юзи эсингдами? У эса бундай мўъжизани ҳар куни амалга оширади. У жуда камтар, шу билан бирга кам гапирадиган одам, лекин унинг кўзлари ҳамма нарсани айтиб туради. Мен у билан печ олдида ишлаганимда тун бўйи бир оғиз гаплашмас эдик, лекин ўша пайтларда биздан яқин одам йўқ эди. Мен унга, фақат унга ўхшашни истайман. У мени ўргатмоқчи бўлган касб – мен шу билан шуғулланмоқчиман. Менинг ҳам бир куни болаларим бўлар, агар мен ҳам яхши булкачи бўлсам, ҳозир мен фахрланганим каби менинг болаларим ҳам мен билан фахрланишини биламан. Мендан хафа бўлма, лекин Рождестводан кейин мен қайтмайман ва тиббиётни тўхтатаман. Тўхтаб тур, ҳеч нарса демай тур, мен ҳали тугатганим йўқ. Сенинг ишинг эканини, сен дадам билан гаплашганингни биламан. У менга буни айтмади, буни ойим оғзидан гуллаб қўйди. Мен бу ерда яшаган ҳар бир кунимда, ҳатто сен жиддий жонимга теккан пайтларда ҳам, мен хаёлан сенга раҳмат айтардим, хаёлан ўқишга имконият берганинг учун миннатдорчилик билдирардим. Сен туфайли мен ҳозир нима билан шуғулланишим кераклигини аниқ биламан. Сен уйга келганингда мен сен учун шоколадли булочка ва кофели эклерлар пишираман, ва биз уларни олдинги вақтлардагидек биродарлар каби бўлишиб еймиз. Йўқ, яхшиси биз уларни келажакдаги каби татиб кўрамиз. Сен ўйлама, мен сенга “алвидо” демайман, бу шунчаки “кўришгунча”, қария.
Люк мени маҳкам қучоқлади. У йиғлаётган каби кўринди менга, мен ҳам кўз ёши тўкдим шекилли. Икки эркакнинг қучоқлашиб йиғлаши тентаклик. Балки бундай эмасдир, агар улар ўртоқ бўлсалар ва бир-бирларини биродарлардек яхши кўрсалар.
Кетиш олдидан Люк яна бир нарсани айтди. Мен унинг нарсаларини эски “универсал” юкхонасига жойлашига ёрдам бердим, у рулга ўтирди, эшикни ёпганидан кейин менга бир нарсани айтиш учун машина ойнасини туширди:
– Биласанми, бу ҳақида сўрамоқчи эмасдим, лекин энди, Софи билан муносабатингиз аниқ бўлса, айтмоқчиманки, фақат дўст эканингизни у билса, баъзан унга қўнғироқ қилиб турсам хафа бўлмайсанми? Балки сен сезмагандирсан, лекин ўша денгизга борганимизда, сен маёқ қўриқчиси ролини ўйнаб, осмонга варрак учирганингда биз кўп гаплашдик. Балки мен адашаётгандирман, лекин ўша пайтда орамиздан учқун ўтгандек бўлди… Нима демоқчи эканимни тушундингми? Агар қарши бўлмасанг, мен сени кўргани бирор кун келаман ва уни ҳам кечки овқатга таклиф қиламан.
– Шунча қиз турганда айнан Софига ишқинг кетиши керакми?
– Қарши бўлмасанг, деб айтдимку. Яна нима қилишим мумкин?
Машина ўрнидан қўзғалди ва Люк ойна ортидан менга қўлини силкиди. Ишга шўнғиб, ойлар ўтиб кетганини сезмай қолдим. Чоршанба кунлари биз Софи билан дўстона кечки овқатлар уюштирардик, баъзан кинога борардик, зал қоронғулигида бизнинг ёлғизлигимиз бирлашарди. Люк унга ҳар ҳафта хат ёзарди. Отаси табуреткада мудраган пайтлари у қисқагина хат ёзишга улгурарди. Ҳар сафар Софи ундан саломлар етказарди, Люк дўстига хат ёзолмаётгани учун кечирим сўрарди. Ўйлайманки, у шундай тарзда Софи билан ёзишмалари ҳақида хабардор қилиб турарди.
Хонамда тинчлик ҳукм сурар, менимча ҳаддан ташқари кучли тинчлик эди. Баъзан мен бу хонага кўз югуртирардим, учаламиз оқшомларни ўтказганларимизни эслардим, ошхона эшигига қараб, ҳозир у ердан Люк қўлида мазали макарони ёки запеканкаси билан чиқиб келаётгандек кўринарди. Мен унга ваъда бердим ва уни бажаришга ҳаракат қилардим. Сешанба ва шанба кунлари мен қўшнимиздан хабар олгани чиқардим ва бир соат у ерда қолардим. Бу ойлар давомида мен унинг болаларидан кўра кўпроқ ҳаёти ҳақида маълумотга эга бўлдим – унинг ўзи шунақа деб айтарди. Бу хабар олишлар фойда келтирди – дори ичишни истамайдиган Алиса врач обрўсига ён берарди.
Бир куни, душанба куни кечқурун, мени ҳайратда қолдириб, орзуларимдан бири ушалди. Мен зинага кўтарилаётган маҳал уйимдан таниш ҳидлар келаётганини сезиб қолдим. Эшикни очиб, мен фартук тақиб олган Люкни ва ерда турган учта идишни кўриб қолдим.
– Ҳа-да, мен сенга калитни қайтариб беришни унутибман! Зинада кутиб ўтирмайманку! Сен севган овқатни тайёрладим, макаронли запеканка, бармоқларингни қўшиб ейсан. Кўрганингдек, бу ерда учта ликопча, мен Софини таклиф қилдим. Агар қўлингдан келса, овқатга қараб тур, мен душ қабул қилишим керак, у ярим соатдан кейин келади, мен эса ҳали кийимимни алмаштиришга улгурмадим.
– Биринчидан, салом, – дедим мен.
– Фақат газ печини очма! Сенга ишонаман, мен беш дақиқада чиқаман. Сен менга кўйлак бериб турасанми? Мана, – у шкафни титкилади, – кўк ранглиси бўлади. Агар билсанг, булкахона сешанба кунлари ишламайди, мен шундан фойдаландим. Поездда ухлаб олдим, энди янги узилган мевадайман. Барибир бу ерга қайтиш жуда ёқимли экан.
– Мен ҳам сени кўрганимдан жуда хурсандман.
– Ҳа, охири айтдинг, мен айтишингни кутиб ўтирган эдим! Шим-чи? Сенда мен учун шим топиладими?
Люк менинг халатимни каравотга ташлади, танланган шимни кийди ва ойнага қараб сочини таради.
– Сочимни олдиришим керак экан, тўғрими? Сочим тўкиляпти, сезяпсанми? Ирсиятдан бўлса керак. Дадамнинг ҳам бошида пашшалар учун кенг аэродром очилган, менда эса яқинда пешанамда қўниш майдончаси ҳосил бўлади. Қандай кўриняпман? – деб сўради у менга ўгирилиб.
– Унга ёқасан, агар шуни билмоқчи бўлсанг. Софи сени менинг кийимимда жуда жозибали деб қабул қилади.
– Нималарни ўйлайсан-а? Шунчаки, мен кўп вақт фартукда бўламан, бир марта чиройли кийимда бўлиш ёқимли, шу.
Софи эшик қўнғироғини чалди ва Люк уни кутиб олиш учун югурди. Унинг кўзлари ёшлигимизда Маркесга қитмирлик қилган пайтларимиздан ҳам кўпроқ чақнаб кетди.
Софи тўқ кўк рангли свитер ва тиззасигача келадиган катак-катак юбка кийиб олган эди. У ўша куни арзон сотувдан сотиб олган ва ретро услубидаги янги кийимлари ярашган-ярашмаганини биздан сўради.
– Сенга жуда ярашибди, – деди Люк.
Софи унинг жавобидан қониқди шекилли, менинг жавобимни кутмасдан унинг орқасидан ошхонага кетди.
Кечки овқат пайтида Люк талабалик ҳаётини қўмсашини, лекин прозекторлик хонаси, касалхона йўлаклари, айниқса “Тез ёрдам” бўлимини эмас, балки мана шундай оқшомларни соғинишини айтди.
Кечки овқатдан кейин мен ёлғиз қолдим. Бу сафар Люк Софи билан бирга унинг уйига кетди. Кетаётганида баҳор охиригача яна мени кўргани келишини айтди. Лекин тақдир бошқача қарор қилган экан.
Ойим март ойининг биринчи кунларида келишини ёзган эди. Унинг келишига атаб мен ресторанда жой буюртма қилдим ва бўлим мудиридан зўрға бир кунга жавоб олдим. Ўша куни, чоршанба эрталаб, мен уни кутиб олгани вокзалга чиқдим. Пассажирлар вагондан чиқар, лекин уларнинг орасида ойим йўқ эди. Ногаҳон перронда Люкни кўриб қолдим. Юксиз, қўллари бўм-бўш, у менга қимирламай қараб турарди. Мен унинг кўзларида ёш кўрдим ва дунё остин-устун бўлганини, энди ҳеч нарса олдингидай бўлмаслигини англадим.
Люк секин мен томонга юриб кела бошлади. Мен унинг етиб келмаслигини, менга аталган сўзларини айтмаслигини истар эдим. Мени чиқишга шошилаётган пассажирлар тўдаси ўраб олган эди. Мен учун ер айланишдан тўхтаб қолган эди, шу топда ер одатий айланадиган бўлиб қолишни истардим.
Люк: “Ойинг вафот этди, қария”, — деди ва ўткир пичоқ ич-ичимга санчилиб кетди. Люк мени ушлади, қучоқлади, мен эса ўкириб йиғлардим. Шу перронда мендан узоқ болалигимдан келувчи узун ўкирик чиқди. Люк йиқилиб кетмаслигим учун мени маҳкамроқ сиқди ва шивирлади: “Бақир, хоҳлаганча бақир, қария, мен шунинг учун бу ердаман”.
Мен ортиқ сени кўрмайман, овозингни эшитмайман, энди эрталаблари чақирганинг каби ҳеч қачон мени чақирмайсан, сени ўраб турган амбра ҳидини ортиқ туймайман. Энди мен қувонч ва қайғуларимни ҳеч ким билан бўлишолмайман, энди биз бир-биримизга ҳеч нарсани айтиб беролмаймиз. Мен январ охирида сенга олиб келтирган мимозаларни ортиқ меҳмонхонага вазага қўймайсан. Энди ортиқ ёзда сомон шляпа, биринчи кузнинг биринчи совуқларида елкангга ўрайдиган кашемир палантинни бошқа киймайсан. Энди декабр қори боғни ўраган пайтда каминни ёқмайсан. Сен баҳор келгунча кетдинг, мени огоҳлантирмасдан кетдинг, ва ҳеч қачон вокзал перронида, сенинг ортиқ йўқлигингни билганим лаҳзадагидек каби ўзимни ёлғиз ҳис этмаганман.
“Бугун менинг ойим вафот этди” – бу жумлани юз марталаб такрорладим, аммо барибир ишонолмадим. Ойим вафот этганида юзага келган бўшлиқ абадул-абад ичимда, мен билан қолди.
Перронда Люк менга нима бўлганини айтиб берди. Ўшандан бир кун олдин у ойимга вокзалга кузатиб қўйишини таклиф қилибди. У ойимни эшик ҳолда узала тушган кўйи кўрибди. Люк “Тез ёрдам” чақирибди, лекин жуда кеч бўлган экан, кечадаёқ жони узилган экан. Дарча эшигини ёпиш учун чиқиб йиқилиб қолган шекилли, юраги шу заҳоти тўхтаган. Ойим ўзининг энг охирги тунини осмондаги юлдузларга қараган очиқ кўзлари билан ерда, ўзининг боғида ўтказибди. Биз иккаламиз бирга поездга ўтирдик. Люк жим туриб менга қараб турар, мен эса липиллаётган манзарага қарардим ва ойим менинг олдимга келаётганида неча марта шунақа манзарани томоша қилган экан, деб ўйлардим. Мен у севган ресторандаги стол буюртмасини бекор қилишни унутдим.
У мени жаноза залида кутиб турарди. Ойим ҳар доим жуда жонкуяр эди, жаноза хизматчиси ойим ҳаммасини олдиндан тайёрлаб қўйганини айтди. У мени тобутда чўзилган кўйи кутиб турарди. Ранги оқарган, бир пайтлар мактабдаги илк машғулотларим кунида ҳаммаси яхши бўлади, қабилидаги тинчлантирувчи табассуми билан ётарди. Мен дудоқларимни ойимнинг ёноғига теккиздим. Охирги ўпич – худди болалик саҳнасига якуний ва қайтариб бўлмайдиган парда туширилгани каби. Мен унинг тинчлигини қўриб, илгари менинг ёнимда неча тунларни бедор ўтказгани каби ёнида тунни ўтказдим.
Болалигимизда қачондир бир куни ота-онамизни тарк этишни орзу қиламиз, лекин ота-онамиз бизни тарк қиладиган кун етиб келади. Ўшанда биз бошқа нарсани орзу қиламиз: уларнинг қаноти остида яшайдиган бола бўлишни, уларни қучиш, уялмасдан яхши кўришимизни айтишни, улар бизни яна бир тинчлантириши учун маҳкам қучишини истаймиз.
Мен руҳонийнинг ойим қабри устида айтган ваъзини тингладим. “Биз ота-онамизни йўқотмаймиз, вафот этганидан кейин ҳам улар бизда яшашни давом эттирадилар. Бизга ҳаёт берган, бутун муҳаббатини тақдим этган кишилар изсиз кетиши мумкин эмас”.
Руҳоний ҳақ эди, лекин ортиқ ойимнинг ер юзида мавжуд эмаслиги, овозини ортиқ эшитмаслигим, болалик уйининг дераза тўсинлари ортиқ очилмаслиги фикри шундай ёлғизликка маҳкум этадики, бу ҳатто Худо учун ҳам оғир ҳолат.
Мен ҳеч қачон ойим ҳақида ўйлашдан тўхтаган эмасман. У ҳаётимнинг ҳар бир лаҳзасида мен билан бирга. Баъзан мен фильм кўраётганимда ойимга ёқмаса керак, деган хаёлга бораман, қачондир хиргойи қилган қўшиғини айтиб қоламан, баъзан эса ёнимдан ўтиб кетган аёлдан ойимни хотирлатувчи таниш амбра ҳидини туйиб қоламан. Баъзан мен минғирлаб ойим билан гаплашиб қоламан. Руҳоний ҳақ эди: Худога ишонасанми-йўқми, ойим вафот этиши мумкин эмас, унинг абадийлиги шу ерда, уни севган болакай юрагида. Мен ҳам ўз навбатида ўзим тарбиялайдиган фарзандим юрагида абадият парчасини эгаллашга умид қиламан.
Деярли бутун шаҳарча жанозага келди. Ҳатто мени ҳайратда қолдириб, кўкрагида уч хил рангли шарф билан Маркес ҳам келди. Бу тўнка барибир мэрияга киришга муваффақ бўлибди. Люкнинг отаси жанозага келиш учун булкахонасини ёпди. Ҳатто мактаб директори – хоним ҳам келди, у ҳаммадан кўпроқ йиғлади ва мени “менинг кичкинам” деб атади. Софи ҳам келди: Люк унга қўнғироқ қилди, у ҳам дастлабки эрталабки поезд билан етиб келди. Нимагалигини билмадиму, уларни қўлма-қўл ушлаб тургани менга таскин берди. Ҳамма тарқаб кетганидан кейин қабр бошида ёлғиз қолдим. Мен кармоним ичидан дадам менинг қўлимдан ушлаб тургани туширилган расмни чиқардим, бу расм ҳар доим ёнимда юрарди. Мен бу расмни ойимнинг қабрига қўйдим, бугун охирги маротаба учаламиз бирга йиғилгандек бўлдик.
Маросимдан кейин Люк мени ўзининг эски “универсал”ида мени уйимга олиб бориб қўйди. Охири ижарага берган одамдан Люк бу машинани сотиб олибди.
– Сен билан борайми?
– Йўқ, раҳмат, Софи билан қол.
– Қандай қилиб сени бу оқшом ёлғиз қолдирамиз?
– Айнан шу нарсани хоҳлаяпман. Мен бир неча ойдан бери уйда бўлмаганман, кейин, мен ҳали ҳам ойимнинг руҳи уйим деворларида борлигини ҳис қиляпман. Сени ишонтириб айтаманки, гарчи қабрда ётган бўлса ҳам, бу охирги кеча ойим билан уйда бўламан.
Ҳалиям кетиш-кетмаслиги билмай турган Люк жилмайди ва айтди:
– Биласанми, мактаб пайти ҳаммамиз ойингни яхши кўрардик.
– Мен буни билмас эдим.
– У синфимиздаги ҳамма ойилардан чиройлироқ эди, ҳатто ўша овсар Маркес ҳам унга бошқача қарарди.
Қадрдон дўстим барибир мени кулдиришнинг уддасидан чиқди. Мен машинадан чиқдим, уни кўзим билан кузатиб, уйга кирдим.
Мен ойим уйни таъмир этмаганини билдим. Унинг тиббиёт картаси меҳмонхонадаги пастак стол устида ётарди. Мен уни варақладим, охирги кардиограмма натижаларини кўриб ҳаммасини тушундим. Гўёки ўртоғи билан таътилга кетган кунлари аслида касалхонада бўлган. Январ охирида унда юрак хуружи бўлган, мен, Люк ва Софи денгиз бўйига борганимизда у касалхонада текширувга ётган. Менинг ташвишланишимни истамагани учун таътил воқеасини ўйлаб чиқарган. Мен ойимни турли касалликлардан асраш учун тиббиётда ўқидим – унинг касал эканини ҳатто билмаган эканман.
Мен ошхонага ўтиб музлатгични очдим, у ерда ўлимидан олдин тайёрлаб қўйган овқатни кўрдим…
Мен эшиги очиқ турган музлатгич ёнида қаққайиб турар ва кўз ёшларимни тўхтата олмасдим. Мен жаноза маросимида йиғламадим, гўёки одамлар олдида ўзимни қўлга олишимни кераклигини ойим айтган каби бўлди. Лекин мана шундай майда-чуйда нарсаларда яхши кўрган одамингни йўқотганингни ўткир ҳис қиласан. Чиқиллашда давом этаётган, тумбочка устидаги соат, ғижим тўшак, стакан ичидаги тиш чўткаси, “боғни томоша қилиши учун” тумшуғи ойнага қаратиб қўйилган чойнак, столда эса заранг сиропли олмали пирог қолдиқлари.
Менинг болалигим бу ерда, хотиралар тўла, ойим билан бирга яшаган пайтимиз хотираларига тўлган шу уйда яшар эди. Мен чордоқда ойим қолдирган қути ҳақида эслаб қолдим. Ой тўлин эди ва мен чордоққа чиқдим.
Қути полда, кўзга кўринадиган жойда турарди. Қопқоғи остида ойим ёзган хатни топиб олдим.
“Қадрдоним!
Охирги келганингда чордоқга чиққанингни билдим. Мен бу ерга яна келишингни билардим, шунинг учун охирги учрашувни шу ерда тайинладим. Ҳали соялар билан гаплашадиган вақтинг бўлишига ишончим комил. Мен сенинг устингдан кулмаяпман, бунақа деб ўйлама, шунчаки бу менга болалигингни хотирлатади. Сен мактабга кетганингда мен хонангни йиғиштириш учун борардим, ҳидингни туйиш учун ёстиғингни қўлимга олиб ҳидлардим. Сен уйдан эллик метрча нарида эдинг, лекин мен ҳалитдан сени соғина бошлардим. Биласанми, она оддий тузилган, у ҳар доим болалари ҳақида ўйлайди. Сизларнинг кўзларингиз очилган лаҳзадан бошлаб бутун фикр-хаёлларимизни эгаллаб оласизлар. Бизлар учун бундан ортиқ бахт йўқ. Мен яхши она бўлиш учун кўп ҳаракат қилдим – лекин сен кутганимдан ҳам ортиқ яхши фарзанд бўлдинг. Сен ажойиб врач бўласан.
Бу қути сенга тегишли. У мавжуд бўлмаслиги керак эди. Кечир.
Сени ҳар доим яхши кўрувчи онанг”.
Мен қутини очдим, ичида дадам менга жўнатган хатлар, ҳар Рождествода, ҳар туғилган кунимда жўнатган хатлари бор эди. Мен ойнак олдида ўтирардим ва осмонга кўтарилаётган тўлин ойни томоша қилардим. Дадамнинг хатларимни кўкрагимга босиб: “Ойи, ойи, нега бундай қилдингиз?” дердим.
Шу пайт полда менинг соям чўзилди, унинг ёнида эса ойимнинг сояси пайдо бўлди. У бир вақтнинг ўзида ҳам менга жилмаяр, ҳам йиғларди. Ой ўзининг ҳаракатини давом эттирди ва ойимнинг сояси йўқолди.
Мен ухлай олмадим. Хона тинч, девор ортида шитирлаган товуш эшитилмас эди. Мен кўниккан товушлар ўчган, пардалар бурмаси қимирламай қотиб қолган эди. Мен соатга қарадим. Тунги соат учда Люк танаффус қилади, мен эса уни кўришни истаб қолдим. Шу хаёл билан мен оёқларим қаерга олиб кетишини тасаввур ҳам қилмасдан, орқамдан уй эшиги ёпдим.
Тун қоронғусида деярли кўринмаётган тор кўчага қараб бурилдим. Менинг қадрдон дўстим, стулда ўтириб, отаси билан суҳбат қилаётган эди. Мен уларга халақит бермадим, бурилиб қайтиб кетдим. Қаерга бораётганимни билмай мактаб тўсинигача қадам қўйдим. Мактаб эшиклари очиқ экан, мен табақасини итариб ичкарига кирдим. Мактаб ҳовлиси жим-жит ва бўш эди – ҳарҳолда менга шундай кўринди. Бироқ, каштанга яқин бори, мени чақирган овозни эшитиб қолдим.
– Мен сени бу ерда учратаман деб ўйламагандим.
Мен сесканиб кетдим ва ўгирилдим. Ўриндиқда Ив менга қараб турарди.
– Кел бу ёққа, мен билан ўтир. Шунча вақт ўтиб кетди, бир-биримизга айтадиган гапларимиз бордир.
Мен унинг ёнига ўтирдим ва бу ерда нима қилаётганини сўрадим.
– Мен ойингнинг жанозасига бордим. Худо раҳмат қилсин, ажойиб аёл эди. Мен бироз кеч қолдим ва маросим охирига етиб бордим.
Мен Ив ойимнинг жанозасига келганидан таъсирландим.
– Сен бу ерга, мактаб ҳовлисига нега келдинг? – сўради у мендан.
– Ўзим ҳам билмайман, қийин кун бўлгани учундир.
– Келишингни билардим. Нафақат ойингнинг дафн маросими, балки менинг истагим ҳам сени бу ерга чақирган, бу ерга келишингни хоҳлагандим. Сенинг нигоҳинг ҳали ҳам ўша-ўша, мен буни билардим, лекин барибир ишонч ҳосил қилмоқчи эдим.
– Нега?
– Чунки, ўйлайманки, иккаламиз ҳам хотира қидирамиз, улар йўқолиб қолмасидан топишга шошамиз.
– Ҳозир қандай яшаяпсиз?
– Мен ҳам сендай бошқа осмонлар остига бориб қолганман, янги ҳаёт қурганман. Лекин сен мактаб ўқувчиси бўлгансанку, бу деворлар ва шаҳарчани тарк этганингдан кейин нималар қилдинг?
– Мен врачман, тўғрироғи… деярли врачман. Мен ҳатто онам касал эканини аниқлай олмадим. Мен бошқалар кўра олмайдиган нарсаларни кўра оламан, деб ўйлаган эдим, лекин улардан ҳам баттар кўр эканман.
– Мен сенга бир куни нимани ваъда қилгандим, эслайсанми? Агар қалбингда бирор нарса бўлса, бу нарсани айтиш учун ироданг камлик қилса, менга ишонишинг мумкин, мен сени сотмайман. Ўйлайманки, ҳозир айни вақти…
– Кеча мен ойимни кўмдим, у ўзининг касал экани ҳақида ҳеч нарса айтмаган эди, кечқурун эса уйимиз чордоғидан ойим яшириб қўйган, дадамдан келган хатларни топиб олдим. Мана шунақа қилиб, ҳаммаси кичкина ёлғондан бошланади, кейин ўзингни тўхтатолмайсан.
– Даданг нима деб ёзган экан? Ёки бу такаллуфсиз саволми?
– У мактабда бўладиган, мукофотлаш маросимига ҳар йили мени кўриш учун келган экан. Тўсиқ ортида четда туриб кузатган экан. Шундай яқин ва шу билан бирга жуда узоқ.
– Бошқа нарса йўқми?
– Яна у охири чекинганини ёзибди. Ойимни уни деб ташлаб кетган ўша аёл ҳам унга ўғил туғиб берибди. Менинг ўгай укам бор. Дадамнинг сўзларига қараганда, у менга ўхшар экан. Бу сафар менинг ҳақиқий соям пайдо бўлди. Қизиқ-а?
– Нима қилмоқчисан?
– Билмайман. Охирги хатида дадам ўзининг иродасизлигини, янги оиласининг келажагини таъминлаш учун ўтмишини орқада қолдирганини айтган. Бунчалик муҳаббат қаерга кетганини энди биламан.
– Сен кичкина бўлганингда, нафақат ўзингнинг, балки бошқаларнинг ҳам бахтсизлигини ҳис қила олишинг сени ҳеч кимга ўхшамаслигингни кўрсатарди. Сен шунчаки катта бўлдинг. – Ив менга жилмайди ва такаллуф қилмасдан савол берди: – Агар кичкиналигинг ҳозирги катта эркаклигингни учратиб қолса, нима деб ўйлайсан, улар келишиб кетармиди, дўстлашармиди?
– Сиз кимсиз? – дедим мен.
– Мен катта бўлишни истамаган мактаб қоровули, сен унга озодлигини қайтариб берган ёки сенга дўст керак бўлганда ўзинг ўйлаб топган сояман – хоҳлаганингни танла. Мен сенинг олдингда қарздорман, ўйлайманки шу кечаси қарзни узиш пайти келди. Ҳа, керакли вақт… Икки кишининг учрашиши ҳақида нима деганим эсингдами? Эслашимча, сен ўшанда биринчи маротаба муҳаббатдан яраланган эдинг.
– Ҳа, эслайман, мен ўша куни бироз бахтсиз эдим.
– Биласанми, керакли вақт – айрилиқдан кейинги учрашувга ҳам таалуқли. Менинг қоровулхонам орқасини қидир, мен у ерда сен учун бир нарса қолдирганман. Борақол! Мен сени бу ерда кутаман.
Мен ўрнимдан турдим ва тахта уйча орқасига ўтдим, лекин шунча қидириб, ҳеч нарса тополмадим.
– Яхшилаб қидир! – Ивнинг овозини эшитдим.
Мен тиззалаб ўтирдим, ой ёрқин нур сочар, худди кундуз каби кўринар, лекин барибир ҳеч нарса йўқ эди. Шамол турди, чанг кўтарилди ва юзимга келиб урилди. Кўзимни қисиб, кўзимни артиш ва бироз бўлса ҳам кўриш мақсадида дастрўмолча қидириб қолдим. Мен концертга борганда кийганим пиджак чўнтагидан бир парча қоғоз чиқди – бу виолончель чаладиган аёлнинг дастхати эди.
Мен ўриндиққа қайтдим, лекин Ив йўқ эди, ҳовли яна бўшаб қолган эди. У ўтирган жойда устига тошча қўйилган конверт бор эди. Мен уни очдим – вақт ўтиб бироз сарғайган бўлса ҳам жуда яхши қоғозга кўчирилган нусха бор эди.
Ўриндиқда битта ўзим ўтириб мен хатни ўқидим. Ойимнинг энг буюк орзуси – ҳақиқий инсон бўлиб етишишим, ўз касбимни топишим, бахтли бўлишим, ҳаёт бўйича танловим қанақа бўлишидан қатъий назар, агар мен севган ва севилган бўлсам, унинг умидлари оқланиши ҳақида ёзган сатрлари мени болаликка маҳкам боғлаб турган занжирлардан озод қилгандир.
Эртасига мен ойна тўсинларини ёпиб, Люк билан хайрлашгани бордим. Ойимнинг эски машинасида кун бўйи юриб, кечга яқин кичкина курорт шаҳарчага етиб бордим. Мен машинани дамба яқинига қўйдим, эски маёқни ўраб турган занжирдан сакраб ўтдим, гумбазга кўтарилдим ва варракни эски жойидан топиб олдим.
Оилавий пансион хўжайкаси мени олдингидан ҳам пушаймонлик ифодаси билан кутиб олди.
– Ҳали ҳам бўш хонамиз йўқ, – оҳ билан деди у.
– Бу муҳим эмас, мен фақат бир қарияни кўргани келдим, унинг қаердалигини биламан. Креслосида ўтирган мадам Пушар ўрнидан туриб мени қаршилади.
– Сиз ваъдангизда турасиз, деб ўйламагандим. Қандай ёқимли сюрприз!
Мен унинг олдига келмаганимни айтдим. У кўзини пастга қаратди, қўлимдаги сумкага ва бошқа қўлимдаги варракка қаради.
– Омадингиз бор экан, бугун мияси жойида деб айтолмайман, лекин бугун анча яхши. У ўзининг хонасида ҳозир, юринг мен сизни кузатаман.
Биз иккаламиз зинадан кўтарилдик, мадам эшикни тақиллатди ва биз пляждаги дўкончининг хонасига кирдик. У ўқиётган экан.
– Сизга меҳмон келди, Леон, – деди мадам Пушар.
– Шунақами? Мен ҳеч кимни кутаётганим йўқ, – деди қария китобни тумбочкага қўйиб.
Мен яқинлашдим ва ғариб аҳволга тушиб қолган варрагимни унга кўрсатдим. У жуда узоқ кўрди, ва ногаҳон юзида табассум ўйнади.
– Буни қаранг-а, қачонлардир мен худди шунақасини битта болакайга совға қилгандим, унинг ойиси шунчалик хасис экан-ки, туғилган кунига совға қилмабди. Ойиси билиб қолмаслиги учун ҳар оқшом болакай менга олиб келиб берар, эрталаб эса олиб кетарди.
– Мен сизни алдагандим, ойим дунёдаги энг сахий одам эди, мен сўрасам дунёдаги барча варракларни берадиган даражада сахий эди.
– Аслида у менга эртак тўқиди, деб ўйлайман, – давом этди қария мени эшитмай. – Лекин болакайнинг юзида шунақа бахтсиз ифода бор эдики, мен ўзимни тўхтатолмадим ва унга варракни совға қилдим. Ҳа, менинг дўконим олдига келганда кўзлари ёниб турган болакайларни кўп кўрдим.
– Сиз уни тузата оласизми? – юрагимни ҳовучлаб сўрадим мен.
– Уни тузатиш керак, – деди у гўё менинг сўзларимни эшитмагандек. – Бу ҳолатда учолмайди.
– Йигитча айнан шуни сўраяпти, Леон. Сиз нима деётганимизни эшитсангиз бўларди, бунақа эмасда, ахир.
– Мадам Пушар, менга ўргатгандан кўра варракка керак бўладиган нарсаларни сотиб олиб келсангиз бўларди, йигитча шу мақсадда келган экан, мен ишни бошлаган бўлардим.
Леон қоғозчага ҳамма керакли нарсаларни ёзиб чиқди. Мен рўйхатни олдим дўконга қараб югуриб кетдим. Мадам Пушар мени эшиккача кузатиди ва йўл-йўлакай тамаки дўконига кирсам, ундан бахтлироқ одам бўлмаслигини шипшиди. Мен иккала топшириқни ҳам бажариб, бир соат деганда қайтдим. Қари сотувчи эртага кун ярмида пляжга келишимни буюрди, у ҳеч нарсага ваъда бермади, лекин ҳаракат қилишини айтди. Мен мадам Пушарни кечки овқатга таклиф қилдим. Биз Клеа ҳақида гаплашдик, мен унга ҳамма нарсани айтиб бердим. Мен уни пансионга кузатганимда у менга бир таклиф айтди.
Мен шаҳарча марказида кичкина меҳмонхонага жойлашдим. Бошим ёстиққа теккани заҳотиёқ ухлаб қолдим. Қоқ тушда мен соҳил бўйида эдим. Қари сотувчи мадам Пушар билан бирга кеч қолмасдан келди. У варракни очди ва фахр билан менга узатди. Қанотлари тузатилган, каркаси елимланган, менинг бургутим, яраланган бўлса ҳам, яна озод қушга ўхшарди.
– Уни синаш учун қўйворишинг мумкин, лекин эҳтиёт бўл, нима бўлса ҳам у янги эмас.
Икки кичкина илонизи ва битта катта саккиз шакли. Биринчи шамолдаёқ варрак учди. Арқон шиддат билан ечилар, Леон ҳам бор кучи билан олқишларди. Мадам Пушар унинг қўлтиғидан олиб елкасига бошини қўйди. У қизариб кетди, мадам Пушар кечирим сўради, лекин бошини елкасидан олмади.
– Нима қилибди тул бўлсак, – деди у, – ҳамма ёқимли сўз гадоси.
Мен уларнинг иккаласига ҳам миннатдорчилик билдирдим ва пляжнинг ўзида хайрлашдим. Мен узоқ йўлга чиқишим керак эди, Парижга қайтишни сабрсизлик билан кутаётгандим. Мен бўлим мудирига қўнғироқ қилдим ва ойимнинг жанозаси туфайли яна бир-икки кун қолиб кетишимни, яна икки кундан кейин ишга чиқишимни айтдим.
Ҳа, биламан, кичкина ёлғондан бошлайсан ва кейин ўзингни тўхтатолмайсан, майли, ҳамманинг ўз сабаби бор, менинг ҳам бу сафар ўз сабабларим, жиддий сабабларим бор эди.
Консерваторияга мен кун охирида етиб келдим. Қоровул дарров мени таниди. Унинг томоғи яхши бўлган экан. Мен ундан ёрдам беришини сўрадим. Бу сафар мен Клеа Норман шу яқинларда қаерда ва қачон саҳнага чиқишини билишим керак эди.
– Тасаввур қилолмайман, агар уни кўрмоқчи бўлсангиз, у бир юз бешинчи аудиторияда, биринчи қаватда, коридор охирида. Бирозгина кутишингизга тўғри келади, у ҳозир дарс беряпти, дарс соат тўртда тугайди.
Мен керакли равишда кийинмаган, сочларим таралмаган, соқолим олинмаган эди – умуман, менда мингта баҳона топилди. Мен ҳали тайёр эмасдим. Лекин уни кўриш истагига қарши боролмадим.
Аудитория эшиги ойнали эди, мен коридордан туриб Клеага бироз қараб турдим. У кичкина болаларга дарс бераётганди. Мен тирсагим билан ойнага тиралдим, ўқувчиларнинг бири мени кўриб қолди ва чалишдан тўхтади. Мен дарҳол ерга чўкдим ва охирги аҳмоқ каби эмаклаб кетдим. Мен Клеани кўчада кутиб турдим. Консерваториядан чиқиб у сочини йиғиб олди, қўлида портфель билан автобус бекати томон юрди. Мен қуёш орқадан ёнритиб турган пайтда ўз соямни таъқиб қилгандек унинг изидан кетдим. Ўша кун менинг ягона шуълам Клеа эди ва у мендан бир неча қадам олдинда юриб кетаётган эди.
Унинг кетидан автобусга чиқдим, биринчи қаторга ўтириб, бошимни ойнага буриб ўтирдим. Клеа орқа ўриндиқда ўтирди. Ҳар бир бекатда менинг юрагим уришдан тўхтаётгандек бўлиб кўринарди. Олти бекатдан кейин Клеа тушди. У кўча тепасига қараб юрди, бир мартаям орқасига қарамади ва кичикроқ уйнинг эшигини итариб кирди. Икки дақиқадан кейин охирги тўртинчи қаватда икки ойна чироғи ёнди. Мен унинг ошхонадан меҳмонхонага ўтиб турувчи қоматини кўриб турдим, ётоқхона ойнаси ҳовлига қараган бўлса керак.
Мен узоқ вақт бу ойналардан кўз узмай ўриндиқда ўтирдим. Соат олтида уйга жуфтлик кирди ва учинчи қават ойналари чироғи ёнди, соат еттида иккинчи қаватда яшайдиган қария кўринди. Соат ўнда Клеанинг чироқлари ўчди. Мен яна бироз ўтирдим ва қувончли ҳапқириш билан кетдим: Клеа бир ўзи яшарди.
Мен эрталабдан келдим. Енгилгина саҳар шамоли эсарди. Мен ўзим билан варрагимни олиб келгандим. Қанотларини ёйдим, шамол шу заҳотиёқ уфурди ва бургут осмонга учди. Баъзан пиёдалар тўхтаб қолар, қизиқиш билан қараб қолар ва яна йўлида давом этарди. Ямоқланган қуш девор бўйлаб ҳаракат қилиб борди ва тўртинчи қават ойнасида шакллар чиза бошлади.
Ошхонада чой ичаётган Клеа бургутимни кўриб қолди. У кўзларига ишонмади, финжон унинг қўлидан тушиб кетиб чил-чил синди. Икки дақиқадан кейин уйнинг эшиклари очилиб Клеа чиқиб келди, унинг кўзлари менга қаратилган эди. У менга жилмайди ва қўлларини менинг кафтимга қўйди – йўқ, менинг қўлимдан тутмади, балки варрак ғалтагини олди.
Кичкина шаҳарча осмонида бургут катта илонизилар ва саккиз шаклини чизарди. Клеа олдингидек ҳаво шеъриятига бўлган иқтидорини йўқотмаган экан. Охири, унинг ҳавода ёзаётганини ўқидим: “Мен сени соғинган эдим”. Варрак билан ҳавода “Мен сени соғинган эдим” деб ёза оладиган қиз – бунақасини унутиш қийин.
Қуёш чиқаётган эди. Йўлакда иккаламизнинг соямиз чўзилди. Бирдан менинг соям эгилиб Клеанинг соясини ўпганини кўриб қолдим. Шунда мен ўзимдаги уятчанликни енгиб, кўзойнагимни олдим ва унинг ишини такрорладим – яна нима қилишим мумкин эди?
Ўша куни эрталаб денгиз бўйида кимсасиз ташландиқ маёқнинг чироқлари қўққисдан ёнди, бу ҳақида эса менга хотиралар сояси гапириб берди.
Аслиятдан Лола Фаттоева таржимаси
Таржимон ҳақида: Лола Фаттоева 1974 йил 25 октябрда Бухоро вилоятининг Бухоро туманида туғилган. Бухоро Давлат университетининг Ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. Хозирги кунда «Узбекистон» нашриётида муҳаррир.
Hayotimizning eng qimmatbaho lahzalari ko’pincha oddiy narsalarga bog’liq bo’ladi. Bu oqshom qolmaganimda, oyim bilan bo’lgan bu suhbat amalga oshmagan bo’lardi. Chordoqdan keta turib men oxirgi marotaba oynaga qaradim va soyamga ichimdan minnatdorchilik bildirdim. Soatni tungi soat uchga qo’ydim.
Mark Levi
SOYA O’G’RISI
Romanning davomi
Kun ajoyib bo’ldi va oyim kechki ovqatni tayyorlagunicha sayr qilib kelishimizni taklif qildi. Men u boshidan bu boshiga minglab marotaba borib kelgan yo’ldan yurdik, hech narsa o’zgarmabdi. Mana, g’amginlik xurujlaridan birida men pichoqcha bilan o’yib yozganim – chinor. Tilingan joy allaqachon bitgan va o’sha paytda men behad o’zimdan faxrlanib yozganim “Elizabet – yaramas” degan yozuvni bag’rida olib qolgan.
Sofi bolaligim haqida aytib berishimni so’radi. Uning yoshligi poytaxtda o’tgan va shanba kunlaridagi eng aytarli quvonchimiz – supermarketga borishimiz ekanini eshitib hayron bo’ldi. Mening kunlarim nima bilan band bo’lganini so’raganida, men bulkaxona eshigini itarib ochdim va:
– Yur, senga ko’rsataman, dedim.
Lyukning oyisi kassa ortida turardi. Bizni ko’rdi va taburetkadan tushdi, peshtaxtani aylanib o’tib, meni quchoqlab oldi.
Qarang-a, qanchalik o’sib ketibman! Hamma bilan shunday bo’ladi, o’sish vaqti ham kelgan. Lekin, nimagadir, unchalik yaxshi ko’rinmayapman ekan. Soqolim olinmagani uchun bo’lsa kerak. Qanchalik ozib ketibman! Katta shahar sog’liqqa foyda keltirmaganga o’xshaydi. Agar talabalar kasal bo’lib qolsa, kim odamlarni davolaydi?
Lyukning oyisi istagan shirinligimiz bilan bizni mehmon qilishga tayyor edi. U bir daqiqaga Sofiga qarab qoldi va menga tushungan kabi tabassum qildi, Go’yoki, omading bor ekan, chiroyli, degan kabi. Men Lyuk qandayligini so’radim. Mening do’stim tepada uxlayotgan ekan. Talaba-medikning kun tartibi bulkachi shogirdining kun tartibi oldida holva. Lyukning oyisi uni chaqirib kelgunicha bulkaxonaga ko’z-quloq bo’lib turishimizni tayinladi.
– Mijozga xizmat qilishni unutmadingmi, – dedi u ko’zini qisib, va orqa eshikdan chiqib ketdi.
– Biz bu yerda nima qilyapmiz? – so’radi Sofi.
Men peshtaxtaga ortiga o’tib o’tirdim.
– Kofeli ekler istaysanmi?
Shu payt sochlari hurpaygan Lyuk keldi. Oyisi hech narsa demagan ko’rinadi, chunki meni ko’rib uning ko’zlari xonasidan chiqib ketdi. Men uning mendan ham qari ko’rinishiga qasam ichishga tayyor edim. U ham yaxshi ko’rinmas, yonoqlaridagi un izlari sababli bo’lsa kerak. Har birimiz kerakli so’zlarni izlar edik. Bizni bir necha yillar ajratib turar, kimdir birinchi qadamni qo’yishi kerak, lekin ikkalamiz ham uyalib o’tirgan edik. Men qo’limni cho’zdim, u esa bag’rini ochdi.
– Qariya, shu paytgacha qayerda eding? Men bulka pishirgunimcha sen qancha bemorni tinchitding?
Lyuk peshbandini yechdi. Biroz muddat otasi usiz ishlaydigan bo’ldi.
Biz hammamiz sayr qilgani ketdik, mening oyoqlarim o’z-o’zidan Lyuk bilan do’stligimizning eng yaxshi damlari kechgan kechgan yo’lga boshladi. Panjara ortidan turib, biz jimgina maktab hovlisiga qarab turardik. Baland kashtan ostida barglarni beo’xshov to’playotgan kichkina bolakayning soyasi ko’zimga ko’ringandek bo’ldi. Eski o’rindiq bo’sh edi. Men ichkariga kirib qorovulxonaga borgim keldi. Mening bolaligim shu yerda qoldi. Kashtanlar bunga guvoh, men u bilan xayrlashish uchun hamma ishni qildim, avgust oyi osmonida uchayotgan yulduzni ko’rib har doim bir xil istak o’ylardim. Men haddan tashqari tor tanadan tezroq chiqishni istar edim, lekin nega shu bugun Ivni qattiq sog’indim?
– Biz bu yerlarda suv va olovdan o’tganmiz, – dedi Lyuk kulimsirab. – Qanchalik quvnar edik, eslaysanmi?
– Hamma vaqt ham emas, – javob berdim men.
– To’g’ri, hamma vaqt emas, lekin baribir…
Sofi yo’talib qo’ydi. Bizning suhbatimizdan zerikdi, demaymanu, lekin bog’dagi eng so’nggi quyosh nurlarini kuzatish uning uchun maroqliroq edi. U yo’lni topishiga ishonchi komil edi, faqat to’g’riga yurish kerak, keta turib mening oyimning yolg’iz qolib ketganini aytdi. Lyuk uni ko’zi bilan kuzatdi va tishlari orasidan hushtaksimon tovush chiqardi.
– Qariya, sen vaqtingni bekorga o’tkazmayotganga o’xshaysan. Men ham xuddi karuselni yana bir marta aylangan kabi o’qishni istar edim.
– Bilasanmi, tibbiyot fakulьteti Lunapark emas.
– Ish ham shunday. Axir ikkalamiz ham oq xalat kiyamiz – mana bizdagi yana bir umumiylik.
– Sen baxtlimisan? – so’radim men.
– Men otam bilan ishlayman, bu hamma vaqt ham oson emas, lekin men kasb o’rganyapman. Pul to’plashni boshladim, yana singlim bilan ham shug’ullanaman, u o’syapti. Bulkaxonadagi ish oson emas, lekin men nolimayman. Ha, o’ylaymanki, men baxtliman.
Biroq, Lyukning ko’zlarida bir paytlar yonib turgan olov so’ngandek, va u men tashlab ketganim uchun xafadek ko’rindi menga.
– Balkim, oqshomni birga o’tkazarmiz? – dedim men.
– Oying seni bir necha oydan beri ko’rmagan, keyin sening o’rtog’ing – uni qayerga yuborasan? Sizlar anchadan buyon birgamisizlar?
– Bilmayman, – javob berdim men.
– Sen u bilan qachondan buyon uchrashib yurganingni bilmaysanmi?
– Biz Sofi bilan do’stmiz, – to’ng’illadim men.
Haqiqatdan ham, biz birinchi marta qachon o’pishganimizni eslolmadim. Biz navbatchilikdan keyin xayrlashayotganimizda birinchi marta lablarim lablariga tekkanini esladim, lekin birinchi o’pishishmi yoki yo’qmi, o’zidan so’rab ko’rish kerak edi. Yana bir marta, parkda Sofiga muzqaymoq olib berganimda, men uning labidagi shokolad tomchisini barmog’im bilan artayotganimda, uning o’zi meni o’pgan edi. Balkim, o’sha kuni bizning oddiy do’stligimiz kattaroq narsaga aylangandir. Birinchi marotabani eslash shunchalik muhimmi?
– Sen u bilan munosabat qilishni o’ylayapsanmi? – xijolat tortib so’radi Lyuk. – Nimadir jiddiy tuyg’u demoqchi edim, nojo’ya so’raganim uchun uzr, – darhol kechirim so’radi u.
– Bizning tig’iz kun tartibimizda agar haftada ikki kechani birga o’tkazsak – bu katta g’alaba.
– Balki, lekin shunday tig’iz jadvalda u senga vaqtini bag’ishlagan, sen bilan mana shu yerga kelgan bo’lsa: tan olgin, bu nimanidir anglatadi. U eski do’sting bilan valaqlashib o’tirganingda, sening oying bilan vaqt o’tkazishdan ko’ra yaxshiroq narsalarga loyiq. Men ham hayotimda kimdir bo’lishini istayman, lekin bizning go’zal sinfdoshlarimiz allaqachon bu yerlardan qochib ketishgan. Undan keyin, soat sakkizdayoq uxlab qolib, yarim kechasi turib xamir qoradigan odam bilan kim ham turmush qurardi?
– Axir oying bulkachiga turmushga chiqqan-ku.
– Garchi odamlar hali ham non yeyishsa ham, zamona o’zgarib ketdi, deydi oyim.
– Lyuk, bugun kechqurun biznikiga kel, ertaga biz jo’nab ketamiz, va men istardimki…
– Borolmayman, biz soat uchda boshlaymiz, men uxlab olishim kerak, yo’qsa men ishchi emasman.
Lyuk, qariya, nima bo’ldi senga, qani bizning oldingi qayg’usiz kulgularimiz?
– Meriyada ishlash haqida ortiq o’ylamaysanmi?
– Siyosat uchun oz-moz ma’lumot kerak, – kulimsiradi Lyuk.
Bizning soyalarimiz trotuarda yonma-yon turdi. Maktab paytlari men uning soyasini o’g’irlamaslikka harakat qilardim, agar ba’zan ixtiyorsiz shunday bo’lib qolsa ham, darrov qaytarardim. Bolalikdagi o’rtoq – muqaddas narsa. Shu fikr bilan men oldinga qadam tashladim, chunki u menga ochiqchasiga aytolmaydigan narsani eshitmaganga olib bilmas edim, men uni yaxshi ko’rardim.
Lyuk hech narsani tushunmadi. Ostimdagi soya meniki emasdi, lekin buni u qanday qilib seza olardi? Bizning soyalarimiz endi bir xil uzunlikda edi.
Men do’stim bilan bulkaxona eshigi oldida xayrlashdim. Biz quchoqlashdik, u meni ko’rganidan juda ham xursand ekanini yana bir bor aytdi. Hech bo’lmaganda ba’zan-ba’zan qo’ng’iroq qilib turishimiz kerak, dedi. Men uyga bir quti pirojniy bilan keldim. Buni Lyuk berdi. Eski qadrdonligimiz xotirasi uchun, dedi yelkamga urib.
Tushlik paytida oyim Sofi bilan suhbatlashib ketdi. Unga berilayotgan savollar bevosita mening hayotimga ham tegishli edi – to’g’ridan-to’g’ri mendan so’rashga uyalsa kerak. Sofi undan men bolaligimda qanaqa bo’lganimni so’radi. Har doim o’zingiz bo’lganingizda siz haqingizda gapirishlari g’alati tuyuladi. Oyim men sokin bolakay ekanimni aytdi – lekin haqiqiy bolalagim haqida u ko’p narsani bilmas edi – qisqa tanaffusdan keyin hech qachon ixlosni qaytaradigan ish qilmaganimni qo’shib qo’ydi.
Men uning og’zi va ko’zi atrofiga tushgan ajinlarini yaxshi ko’raman. Oyimning o’zi ajinlardan nafratlanishi bilaman, lekin ular meni tinchlantiradi. Men uning yuzida umumiy hayotimiz io’larini o’qiyman. Bu yerga kelib bolaligimni qo’msamadim, yo’q, lekin oyim bilan o’tkazgan kunlarimiz, yaqinligimiz, shanba kunlari supermarket aylanishlarimiz, ba’zan to’la jimlikda o’tsa-da, olamda bizdan yaqinrog’i bo’lmagan oqshom yemaklarimiz, tunda mening xonamga kelib yonimda yotib, sochlarimni silaganlarini sog’indim. Bizga yillar o’tib ketayotgandek ko’rinadi. Lekin eng oddiy lahzalar bizda abadiy muhrlanadi.
Sofi menga kichkina bolaning vafot etgani, uni qutqara olmagani, omadsizlik va qayg’udan o’zini chegaralab, ishga ko’ngil berish qanchalik qiyin ekanini gapirib berdi. Oyim, ayniqsa, bolalar bilan bo’lgan holatlar og’irroq bo’lishini aytdi. Ba’zi vrachlar ko’ngli qattiqlashib ketadi, lekin bemorni yo’qotish hamma uchun ham og’ir bo’lishiga qasam ichishi mumkin. Men ba’zan, hayot oyimga yetkazgan zarba yaralarini davolash uchun tibbiyotni tanladimmikan, deb o’ylab qolaman.
Kechki ovqatdan keyin oyim sekingina chiqib ketdi, men esa Sofini uy orqasidagi bog’ga yetakladim. Kecha iliq edi, Sofi boshini yelkamga qo’ydi va bir necha soatga bo’lsa ham kasalxonadan olib chiqqanligim uchun minnatdorchilik bildirdi. Men oyimning ko’p gapirgani uchun uzr so’radim, bizning uik-endimiz yana ham xoliroq bo’lishi mumkin edi.
– Nimalar deyapsan, bu yerdan ham xoliroq joy bormi? Men yuz marta o’zim haqimda gapirib berdim, sen ham yuz marta tinglading, lekin o’zing haqingda gapirmagansan. Bugun men shu kamchilikni to’ldirgandek bo’ldim.
Oy chiqdi. Sofi unga qarab, bugun oy to’lgan kun ekan, dedi. Men boshimni ko’tardim va tomga qaradim. Tom yarqirardi.
– Ketdik, – dedim men, Sofining qo’lidan tortib, – Shovqin solmaslikka harakat qil va men bilan yur.
Biz chordoqga chiqqanimizda, Sofining tom ostida engashib, emaklab yurishiga to’g’ri keldi. Chordoq oynasi oldida men uni o’pdim. Bizni o’rab turgan jim-jitlikka uzoq quloq tutib o’tirdik. Sofining ko’zlari yumilib ketayotgandi. U mening bir o’zimni qoldirdi va agar karavotim kichiklik qilayotgan bo’lsa, uning yoniga uxlashga borishim mumkinligini aytib, lyukni yopib ketdi.
Uy jim-jitlikka cho’mdi. Na tovush, na shitirlash bor. Men qutilarning birini ochdim, bolalik xazinalarini titkilab turib, nogahon o’zimni g’alati seza boshladim. Go’yoki mening qo’llarim kichrayib qolgandek, go’yoki men qoldirib ketgan olam, yana meni o’rab olgan kabi bo’ldi. Oyning ilk shu’lalari chordoq pollarida ko’rindi. Men qaddimni ko’tardim, boshimni to’singa urib olgandan keyin o’zimga keldim. Lekin qalam chizgisi kabi uzun, yupqa soya paydo bo’lib bo’lgan edi. U sandiqqacha cho’zildi va uning o’stiga o’tirganini aniq ko’rdim. Soya mening birinchi bo’lib so’z boshlashimni kutib turardi. Bu da’vat edi, lekin men jim turdim.
– Demak, baribir qaytibsan-da, – dedi u. – Bu yerda bo’lganingdan xursandman, biz seni kutgan edik.
– Sizlar kutgan edingizlar?
– Albatta-da, axir ertami-kechmi qaytishingni bilar edik.
– Mening o’zim kecha bu yerda bo’lishimni bilmas edim.
– Tasodifan bu yerdaman deb o’ylayapsanmi? Bog’da o’ynagan qizcha bizning elchimiz edi. Sen bizga lozimsan.
– Sen kimsan?
– Sinf yetakchisiman. Garchi sinf tarqalib ketgan bo’lsa ham, biz sizlarni kuzatishda davom etamiz. Axir soyalar boshqacha qaraydi.
– Mendan nima istaysizlar?
– Markesning qo’lidan necha marta seni kim qutqarib qoldi? Qanchalik yolg’iz bo’lganingni eslaysanmi? Necha marta yolg’izligingni bildirmay kulgi va hazillari bilan senga kim yordam bergan? Kechqurunlari maktabdan qaytayotib necha soatlarni birga o’tkazganing yodingdami? U sening eng yaqin o’rtog’ing edi, to’g’rimi?
– Bularni nega menga aytyapsan?
– Bir kuni shu chordoqda, men senga sovg’a qilgan eski rasmlarni tomosha qilayotganingda, “Bunday muhabbat qayerga yo’qolib qoldi?” deding. Endi mening savol berish navbati keldi: bu do’stlik – sen uni qayerga yo’qotding?
– Sen Lyukning soyasimisan?
– Sensirayapsan, demak, mening kimligimni bilasan.
Oy oynaning o’ng tarafiga og’di. Soya sekingina sandiq ustidan pol ustiga sirg’alib tushdi, yana ham yupqalashdi.
– To’xta, ketma! Men nima qilishim kerak?
– Hayotini o’zgartirishga yordam ber, uni o’zing bilan olib ket. Eslab ko’r, ikkalangiz orangizdan u vrachlikka o’qishi kerak edi. Hali ham kech emas, agar yaxshi ko’rsang hech ham kech bo’lmaydi. U o’zi istagan kishiga aylanishiga yordam ber. O’zing ham buni bilasan. Seni tark etayotganim uchun kechir, lekin vaqt o’tib ketyapti, qolishga imkonim yo’q. Xayr.
Oy shu’lasi oynani tark etdi va soya ham ikki quti orasida tarqalib ketdi.
Orqamdan lyukni yopib men Sofining oldiga ketdim. Yoniga cho’zilganimda u darhol pinjimga kirdi va darrov yana uxlab qoldi. Men uzoq vaqt ko’zlarim ochiq holda qorong’ulikka qarab yotdim. Yomg’ir yog’di, men tomga tiqillab tushayotgan yomg’ir tomchilari tovushini, bog’dagi na’mataklarning shitirlashlarini eshitib yotdim. Bu uyda tunda eshitiladigan har qanday tovush men uchun qadrli edi. Ertalab to’qqizlarda Sofi kerishib o’rnidan turdi. Men ham, u ham bir necha oydan beri shunday miriqib uxlamagan edik.
Biz oshxonaga tushdik, u yerda bizni syurpriz kutayotgan edi. Stol atrofida oyim bilan Lyuk suhbatlashib o’tirar edi.
– Odatda bu soatda men uxlayman, lekin sizlar jo’nab ketyapsizlar, sizlar bilan xayrlashmasam bo’lmas edi, – dedi u. – Qara, men sizlarga bir narsa olib keldim. Men ularni ertalab siz haqingizda o’ylab turib pishirdim, bu maxsus partiya.
Lyuk bizga savatchani uzatdi, savat issiqqina kruassan va bulkalarga to’la edi.
– Shirinmi? – so’radi u paqqos tushirayotgan Sofiga qarab.
– Hayotimda bunaqa mazalisini yemaganman, – deya javob berdi u.
Oyim kechirim so’rab, bizni yolg’iz qoldirdi, uning bog’da yumushi bor edi. Sofi kruassanlarni katta-katta tishlar, men Lyukning ko’zlaridan o’rtog’imning ishtahasidan mamnun ekanini ko’rib turardim.
– Mening og’aynim yaxshi do’xtirmi? – so’radi u Sofidan.
– Farishta deb bo’lmaydi-yu, ammo u yaxshi do’xtir bo’ladi, – dedi u kruassanga to’la og’zi bilan.
Lyuk bizning kasalxonadagi har kunimiz haqida bilishni istar, unga hamma narsa qiziq edi. Sofi unga gapirib bergan sari, men uning bunday hayotni qanchalik orzu qilayotganini anglar edim.
O’z navbatida Sofi undan kecha maktab panjarasi oldida aytilgan “suv va olovdan o’tilgani” haqida so’radi. Mening xo’mrayib qarashimga qaramasdan, Lyuk mening Markes bilan urushganlarimni, qanday qilib mening shkafchaga qamab qo’yganini, qanday qilib Lyuk har yili sinf yetakchiligi uchun kurashda yordam berganlarini, hatto qorovulxonadagi yong’inni ham aytib berdi. Suhbat asnosida Lyukning kulgusi samimiylashib, yana avvalgi holiga qaytdi.
– Soat nechada qaytasizlar? – so’radi u.
Sofi yarim tunda, men esa ertaga ertalab navbatchilikka o’tirishimiz kerak edi. Biz tushlikdan keyin chiqishni mo’ljallab turgan edik. Lyuk butun kuchi bilan charchoqqa qarshi kurashib esnadi. Sofi biz ikkalamizni qoldirib, o’zi narsalarini yig’ishga ketdi.
– Sen yana kelasanmi? – so’radi mendan Lyuk.
– Albatta, – dedim men.
– Keyingi safar dushanba kuniga kelishga harakat qil. Bulkaxona seshanba kunlari yopilishini bilasan-a? Biz sen bilan butun oqshom birga bo’lardik, maza bo’lardi! Vaqtimiz juda ham oz, men hali ham u yerda qanday yashayotganlaring haqida bilgim kelyapti.
– Lyuk, men bilan bormaysanmi? Baxtingni sinab ko’rmaysanmi? Axir, do’xtirlikka o’qishni orzu qilarding-ku! Stipendiya olasan, qo’shimcha pul topishing uchun seni sanitar qilib joylashtiraman, uy uchun pul to’lash shart emas, mening xonam katta emas, lekin ikkalamiz sig’amiz.
– Sen hozir borib o’qishimni tavsiya qilyapsanmi? Buni besh yil oldin qilish kerak edi, qariya!
– Kechroq boshlaysan – nima qilibdi? Kabinetiga kirganda kim do’xtirning yoshini so’raydi?
– Men talabalar o’rindig’iga o’zimdan kichiklar bilan birga o’tiramanmi, men kursning Markesi bo’lishni istamayman.
– O’zing o’ylab ko’r, Elizabetga o’xshagan qancha qizlar yetukligingni sevib qolishadi.
– Albatta, – o’ylab qolib dedi Lyuk, – agar boshqacha olib ko’rsang… Yo’q, qo’y, meni orzular bilan aldama. Sen bilan gaplashish yaxshi, lekin sen ketadigan bo’lsang, menga yana ham yomon bo’ladi.
– Senga nima xalaqit beradi? O’ylab ko’r, axir bu sening hayoting!
– Dadam, oyim va singlim. Men ularga bu yerda kerakman. Uch oyoqli mashina uzoqqa bormaydi. Oila nima ekanini sen tushunmaysan.
Lyuk kofega burnini tiqadigan darajada boshini egdi.
– Kechir, – dedi u chuqur xo’rsinib, – men bunaqa demoqchi emasdim. Gap shundaki, og’ayni, dadam meni hech qachon qo’yib yubormaydi. Men unga kerakman, men uning qarigandagi tirgagiman, u yarim kechasi to’shagidan turolmay qolganida men bulkaxonada uning o’rnini bosaman.
– Yigirma yildan keyin Lyuk! Sening dadang yigirma yildan keyin qariydi, undan keyin singling bor, axir!
Lyuk kuldi.
– Ha, dadam unga qanday o’rgatayotganini tasavvur qilyapman. Dadam singlimning chizgan chizig’idan chiqmaydi-yu. U meni qattiq tutadi, singlim esa dadamni istagan ko’yiga o’ynata oladi.
Lyuk o’rnidan turdi va eshikka ravona bo’ldi.
– Seni ko’rganimdan mamnun bo’ldim. Bunday keyin uzoq qolib ketma. Mashhur professor bo’lib, hashamatli hududda hashamatli uylarda yashasang ham, sening uying bu yerda bo’lib qoladi.
Lyuk xayrlashib meni quchoqladi. U eshikka kelganida men unga dedim:
– Sen soat nechada ish boshlaysan?
– Nega so’rayapsan?
– Men ham kechalari ishlayman, agar jadvalingni bilsam, men ham navbatchiligimda yolg’iz qolmayman. Soatga qarayman va sening ishingni tasavvur qilaman.
Lyuk menga g’alati qarab qo’ydi.
– Sen kasalxonada nima ish qilishimiz bilan qiziqding-ku, sen ham pech oldida kuning qanday o’tishini aytib ber.
– Tungi soat uchda biz xamir qoramiz: un, suv, tuz, xamirturush. Birinchi qoruvdan keyin xamir yetilishini kutish kerak. Soat to’rtga yaqin bizda tanaffus. Issiq kunlarda men bulkaxonaning orqa eshigini ochaman, tor ko’chaga ikki taburetka qo’yaman va dadam bilan kofe ichamiz. Biz deyarli gaplashmaymiz, dadamning aytishicha, xamir ortiqcha shovqinni yoqtirmaydi, umuman olganda u dam olishi kerak. Kofeni ichgach, men taburetkada bir soatgina mizg’ib olishni istayman, lekin turib patnislarni yuvgani, non qo’yiladigan kanop salfetkalarni yoygani ketaman.
Keyin dadam menga qo’shiladi va biz ikkinchi qoruvni amalga oshiramiz. Xamirni bo’laklarga bo’lamiz, shakl beramiz, po’sti yorilmasligi uchun har bitta nonni pichoq bilan tilimlab chiqamiz va oxiri pechga tiqamiz.
Har kecha bir xildek ko’rinadi, lekin har safar har xil bo’ladi, eng muhimi natija. Sovuq kunlari xamir kechroq yetiladi, unga issiq suv va ko’proq xamirturursh qo’shish kerak. Issiq kunlari, teskarisi, tez qurib qolmasligi uchun sovuq suv kerak. Yaxshi non pishirish uchun hamma mayda narsalarga ham ahamiyatli, hattoki tashqaridagi ob-havo ham. Bulkachilar yomg’irni yoqtirishmaydi, yomon ob-havoda ko’proq ishlashga to’g’ri keladi.
Soat oltida biz ilk ertalabki nonni olamiz. Bir oz sovutgach uni bulkaxonaga olib boramiz. Mana shunaqa, qariya, lekin agar sen bu hikoyani eshitib bulkachi bo’laman desang, adashasan. Albatta, sening kasalxona haqidagi hikoyalaring ham meni do’xtir qilmaydi. Bo’ldi endi, men uxlagani ketishim kerak, mening nomimdan oyingni o’p, sevgilingni qattiqroq o’p. Uning senga qarashi yoqadi, sening omading bor ekan, men sen uchun xursandman. Gullar yomg’ir ostida egilib qolgani uchun, har bittasini avaylab ko’tarayotgan edi.
– Tizzalarim og’riydi, – zorlandi u o’rnidan tura solib. – Kechagidan ko’ra ko’rinishing yaxshi. Kuch to’plash uchun yana bir necha kun qolsang bo’lardi.
Men uning kulayotgan ko’zlariga qarab hech narsa javob bermadim. O’sha paytlardagi kabi, hatto darsga bormaganim kunlarda ham tushuntirish xati yozib berishingni qanchalar istar edim.
– Yaxshi juftsizlar, – dedi oyim mening qo’limni ushlab.
Men hali ham javob bermasdim, u esa o’z monologini davom ettirardi:
– Yo’qsa, kecha kechasi sen uni chordoqga olib borarmiding? Bilasanmi, men bu uyda hamma narsani eshitaman, ilgari ham eshitganman. Sen ketganingdan keyin men ba’zan u yerga chiqar edim. Seni qattiq sog’ingan paytlarimda u yerga chiqib oyna ro’parasida o’tirib olardim. Nimagaligini bilmayman, lekin xayolimda shu yerda o’tirsam, senga yaqinroq bo’lib qoladigandek edim, go’yo oyna shishasidan qarab, uzoqlarda seni ko’rgandek bo’lardim. Qachondan beri u yoqqa chiqqanim yo’q. Aytdimku, mening tizzalarim og’riydi, butun bu eski-tuskilar orasida enkayib yurish og’ir bo’lgan. O, bunday qarama, menga ishon, sening qutilaringni ochganim yo’q. Oyingning kamchiliklari bor, albatta, lekin andishasiz emas.
– Men sizni ayblayotganim yo’q, – dedim men.
Oyim mening yonog’imni silab qo’ydi.
– O’zingga nisbatan, ayniqsa unga nisbatan halol bo’l; agar unga nisbatan tuyg’ularing muhabbat bo’lmasa, unga bekorga umid berma, u yaxshi qiz.
– Nega bularni menga aytyapsiz?
– Chunki sen mening o’g’limsan, seni mendan ko’ra kim yaxshiroq biladi?
Oyim Sofining oldiga borishimni buyurdi, o’zi esa atirgul shoxlarini kesishi kerak ekan. Men xonamga ko’tarildim.
Sofi deraza rafiga suyanib, oynadan qarab turardi.
– Bir o’zing qaytishingga to’g’ri kelsa, xafa bo’lmaysanmi?
Sofi qayrilib qaradi:
– Sen uchun ma’ruzalarni ko’chirib olishim mumkin, lekin dushanba kechqurun, adashmasam navbatchiliging borga o’xshaydi.
– Xuddi shunday, men iltimos qilmoqchi bo’lgan ikkinchi xizmat shu. Agar qila olsang, bo’lim mudirining oldiga kir, mening kasal bo’lganimni, unchalik xavotirli emasligimni, oddiy angina ekanini, uyda davolanib, boshqalarga yuqtirishni istamaganimni ayt. Menga bor-yo’g’i bir kun kerak.
– Yo’q, men xafa bo’lmayman, sen deyarli oying bilan bo’lmading, yana bir oqshom sen bilan bo’lish unga quvonch olib keladi. Men bir o’zim qaytaman va yo’lda sen uchun haqiqatga yaqin biror bahona topishga harakat qilaman.
Yana bir kun qolishimni eshitib oyim quvonib ketdi. Uning mashinasida men Sofini vokzalga olib borib qo’ydim. Sofi mening yonog’imdan o’pdi va quvlik bilan kulib vagonga chiqdi. Endilikda poyezdning oynalari ochilmaydigan bo’lgan, oldingiday “xayr” ham deyolmaysan. Poyezd o’rnidan qo’zg’aldi, Sofi menga qo’lini silkitdi. Poyezdning oxirgi chiroqlari ko’zdan yo’qolmaguncha men perronda turdim.
– Biror narsa bo’ldimi? – so’radi oyim qaytganimda.
– Hammasi joyida. Nima bo’libdi?
– Sen faqat oying bilan bir oqshomni o’tkazish uchun poyezddan qolib, o’rtog’ingni bir o’zini jo’natdingmi?
Men oshxona stolida uning yonida o’tirdim va qo’llarini qo’limga oldim.
– Men sizni sog’inganman, – dedim peshanasidan o’pib.
Biz mehmonxonada ovqatlandik. Oyim ilgari men sevgan ovqat – vetchinali chig’anoq-makaron pishirdi. U mening yonimda divanda o’tirar, o’zining ovqatiga qo’l tekkizmay, mening paqqos tushirishimni tomosha qilar edi. Men dasturxonni yig’ishtirmoqchi bo’ldim, lekin oyim qo’llarimni tutdi va idish-tovoq kutib turishini aytdi. “Meni chordoqga taklif qilmaysanmi?” deb so’radi. Men oyim bilan tomga chiqdim, zinapoyani tushirdim, lyukni ochdim va ikkalamiz chordoq oynasi yonida o’tirib oldik.
Biroz ikkilanib turib, men anchadan buyon so’ramoqchi bo’lgan savolimni berdim:
– Dadam o’zi haqida hech ham xabar bermadimi?
Oyimning ko’zlari qisilib ketdi. Men ilgari haqiqatdan kasalmanmi yoki yo’qmi, yoxud matematikadan nazorat ishidan qochayapmanmi, deb tekshirayotgan hamshira nigohini ko’rdim.
– Sen hali ham u haqida tez-tez o’ylaysanmi? – savolimga savol bilan javob berdi oyim.
– Uning yoshidagi erkakni “Tez yordam” bo’limiga olib kelsalar, har doim dahshatga tushaman: agar u bo’lsa-chi, u meni tanimay qolsa nima qilishim haqida o’ylayman.
– U seni darrov tanigan bo’lardi.
– Nega u bir marta ham mening oldimga kelmadi?
– Men uzoq vaqt uni kechira olmadim. Haddan tashqari uzoq, shekilli. Men juda ko’p narsa dedim, hozir bularni aytganimga pushaymonman, lekin bularning bari sevganim uchun bo’ldi. Men hali ham dadangni yaxshi ko’raman. Muhabbat va nafrat aralashgan paytda biz dahshatli ishlar qilamiz, keyin bundan pushaymon bo’lamiz. Meni tashlab ketgani uchun uni ayblaganim yo’q – buning javobgarligi qisman mening ham bo’ynimda. Uning boshqa bilan baxtli ekaniga chidash qiyin edi. Men dadangni kechira olmadim, chunki uni qattiq yaxshi ko’rardim. Senga bir narsani tan olib aytishim kerak. Oying ko’zingga eskidan qolgan bo’lib ko’rinsa ham aytay: u mening hayotimdagi yagona erkak. Agar biz hozir uchrashganimizda, men unga ajoyib sovg’a – seni menga bergani uchun tashakkur bildirgan bo’lardim.
Bu gaplarni men oyimning soyasidan emas, uning o’zidan eshitdim.
Men uni mahkam quchoqladim va yaxshi ko’rishimni shivirlab aytdim.
Hayotimizning eng qimmatbaho lahzalari ko’pincha oddiy narsalarga bog’liq bo’ladi. Bu oqshom qolmaganimda, oyim bilan bo’lgan bu suhbat amalga oshmagan bo’lardi. Chordoqdan keta turib men oxirgi marotaba oynaga qaradim va soyamga ichimdan minnatdorchilik bildirdim. Soatni tungi soat uchga qo’ydim. Tunda kiyindim, uydan chiqdim va maktab yo’liga tushdim. Bu soatda shaharcha bo’m-bo’sh edi. Bulkaxona peshtaxtasini temir panjara to’sib turardi. Men uyni aylanib o’tdim va tor ko’chaga burildim. U yerda, past darchadan ellik metrcha uzoqda, qorong’ulikda turib men kerakli lahzani kutib turardim. Soat to’rtda Lyuk va uning otasi novvoyxonadan chiqishdi. U, xuddi aytgani kabi, devor tagiga ikkita stulni qo’ydi, va uning otasi birinchi bo’lib o’tirdi. Lyuk unga kofe olib keldi, ikkalasi ham jim o’tirardi. Lyukning otasi o’z finjonini ichib bo’ldi, uni yerga qo’ydi va ko’zlarini yumdi. Lyuk unga qaradi, uh tortdi, finjonni yerdan olib novvoyxonaga kirib ketdi. Bu lahzani men kutib turgan edim. Jasoratimni to’plab, oldinga qadam tashladim.
Lyuk – bolaligim do’sti, eng yaxshi do’stim, ammo qiziqki, men uning otasi bilan deyarli tanish emasman. Men ularnikida mehmonda bo’lganimda, doimo shovqin qilmaslikka harakat qilardik. Tunda ishlab, kunduzlari uxlaydigan bu odamdan qo’rqar edim. Men uni darsdan boshimni ko’targanimda tepada kezib yuradigan arvoh sifatida tasavvur qilardim. Bu bulkachiga, unchalik tanish bo’lmasam ham, maktab davrlarida sabr, qunt bilan o’tirib dars qilganim, madam Sheffer tez-tez qo’llaydigan jazolardan qutulib qolganim uchun qarzdorman. Agar undan qo’rqmaganimda, ko’p sonli uyga vazifalar o’z vaqtida qilinmagan bo’lardi. Bu tun oxir-oqibat u bilan so’zlashishim kerak edi, boshida esa – uni uyg’otishim va o’zimni tanishtirishim lozim edi. Faqatgina qattiq seskanib Lyukning diqqatini tortmasa bo’ldi. Men uning yelkasiga qo’l tekkizdim. U kiprik qoqdi, unchalik hayron bo’lmagan kabi ketma-ket gap qalashtirib tashladi:
– Lyukning o’rtog’isan-a? Men seni tanidim, garchi biroz qarigan bo’lsang ham. O’rtog’ing ichkarida. Bor, u bilan ko’rish, faqat ko’p qolib ketma, bizning ishimiz boshimizdan oshib yotibdi.
Men Lyukka emas, uning oldiga kelganim aytdim. U o’rnidan turdi va tor ko’cha boshida kutishimni qo’li bilan imo qildi. Novvoyxona eshigini ochib, o’g’liga oyoqlari chigilini yozib kelishini aytdi va meni quvib yetdi. Lyukning otasi gapimni bo’lmasdan eshitdi. Biz tor ko’cha oxiriga yetganimizda u qo’limni mahkam qisdi va dedi:
– Endi to’rt tomoning qibla! – undan keyin orqasiga qaramasdan ketdi.
Men boshimni solintirib uyga qaytdim, o’zimdan jahlim chiqardi: bo’ynimga olgan vazifamni uddalay olmadim. Bu birinchi marotaba bo’layotgan edi.
Uyga qaytgach men ming bir ehtiyotkorlik bilan shovqinsiz qulfni ochishga harakat qildim. Befoyda mehnat: chiroq yoqildi va men oshxona eshigida xalat kiygan oyimni ko’rdim.
– Bilasanmi, – dedi, – sening yoshingda endi yashirincha uydan chiqib ketishga hojat yo’q.
– Men shunchaki aylanishga chiqdim, uyqum qochib ketdi.
– Soat ovozini eshitmadim, deb o’ylaysanmi?
Oyim gaz plitasini yoqdi va choy qo’ydi.
– Endi uxlashga kech bo’ldi, – dedi u, – men senga kofe qilib beraman, sen esa nega yana bir kun qolganingni, eng asosiysi, bu soatda qayerga ketganingni menga aytib berasan.
Men o’tirdim va Lyukning otasiga qilgan tashrifimni aytib berdim.
Men vazifamni uddalay olmaganimni aytib berganimdan so’ng, oyim yelkamga qo’lini qo’ydi va ko’zlarimga to’g’ri qaradi.
– Birovning hayotiga aralashib bo’lmaydi, hatto yaxshi niyatda bo’lsa ham. Agar Lyuk uning otasi bilan gaplashganingni eshitsa, xafa bo’lishi mumkin. U, faqatgina u qanday yashashini hal etishi kerak. Bunga ko’ngin va nihoyat endi katta bo’lgin. Sen o’z yo’lingda uchragan har bir kishining og’rig’ini qoldirishga majbur emassan. Agar sen dunyodagi eng yaxshi do’xtir bo’lganingda ham buni amalga oshira olmasding.
– Siz-chi.. Bir umr shunday qilishga harakat qilmadingizmi? Shuning uchun kechalari charchab kelmasmidingiz?
– Mening nazarimda, azizim, sen oyingning soddaligi va dadangning qaysarligini meros qilib olibsan.
Men ertalabki birinchi poyezd bilan jo’nab ketdim. Oyim meni vokzal olib borib qo’ydi. Perronda turganimizda tezroq kelishga va’da berdim. Oyim kuldi.
– Kichkinaligingda, har doim chirog’ingni o’chirgani kelganimda “Oyi erta qachon keladi?” deb so’rarding. Men “Yaqinda” deb javob berardim. Va har safar eshikni yopa turib, javobim seni qoniqtirmaganini his qilardim. Endi yoshimiz o’zgarib, rolimiz almashganga o’xshaydi. Mayli, yaxshi qol, azizim, o’zingni ehtiyot qil.
Men vagonga o’tirdim va uzoq muddat oyimning sharpasiga qarab turdim.
O’n kundan keyin oyimdan birinchi maktub keldi. Hamma xatlaridagi kabi u javob xatiga umid qilib ishlarim qanaqaligini so’ragan. Lekin men kuch to’plab, uyga kelib yozgunimcha bir necha hafta o’tib ketdi. Katta bo’lgan bolalarning ota-onasiga nisbatan parvosizligi xudbinlik bilan bir chegarada bo’ladi. Go’yoki oyim har doim men bilan birga ekanini his qilgandek, uning xatlarini pastdagi rafda qutida saqlaganim tufayli yana ham o’zimni aybdorroq his qilardim.
Borib kelganimizdan keyin Sofi bilan deyarli ko’rishmadik, biror tunni ham birga o’tkazmadik. Bolaligim kechgan uyda bo’lganimizdan keyin oramizda ko’rinmas bir chiziq paydo bo’ldi, endi uni na men va na u bosa olmas edik. Oyimga xat yozishga o’tirganimda Sofi uni o’pib qo’yishini yozdim. Bu yolg’onimning ertasiga men uni bo’limda topdim va sog’inganimni aytdim. U ertasi kuni men bilan kinoga borishga ko’ndi, lekin kino tugagandan keyin uyiga qaytishga qaror qildi. Bir oydan beri bir intern-pediatr Sofining orqasidan yurardi, va u ikkalamizning ham qat’iyatsizligimizni o’zi hal qilishga qaror qilgan edi. To’g’rirog’i, mening qat’iyatsizligimni bo’lsa kerak. Men egallashga qaror qilolmayotgan narsaga boshqa bir erkak egalik qilishi mumkinligini bilib, g’azabga keldim. Men uning e’tiborini qayta qozonish uchun hamma ishni qildim va ikki haftadan keyin bizning tanalarimiz birlashdi. Raqib chiqqan joyiga qaytib quvilgan va mening yuzimga kulgi qaytgan edi.
Sentyabr oyi boshida, uzoq navbatchilikdan keyin uyga kelganimda, zinapoyada meni ajoyib sovg’a kutayotgan ekan. Eshik oldida biroz gangigan, lekin xursand holda, qo’lida chamadoncha bilan Lyuk turardi.
– Men seni kutib qoldim, qariya! – dedi u o’rnidan turib. – Yeyishga biron narsang bormi, ochimdan o’ladiganga o’xshayman.
– Sen bu yerda nima qilyapsan, – dedim men xonamni ochib.
– Dadam quvib soldi!
Lyuk kurtkasini yechdi va xonadagi yagona kresloga o’tirdi. Men tunets bankasini ochib, menga stolcha xizmatini o’taydigan jomadon ustiga qo’ygunimcha, Lyuk tinmay javradi:
– Unga nima bo’lganini bilmay qoldim, qariya. Bilasanmi, sen ketganingdan keyin, hayron bo’ldim, tanaffusdan keyin novvoyxonaga kelmadi. Men hali uyg’onmagandir, deb o’yladim va hatto biroz tashvishlandim. Tor ko’chaga qaragan eshikni ochdim, qarasam – stulchada o’tirib yig’layapti. Nima bo’lganini so’radim, u aytmadi, biroz charchaganini aytdi, ko’rganimni hech kimga, oyimga ham aytmaslikka qasam ichtirdi. O’sha tundan keyin boshqa odamga aylandi-qoldi. Odatda ishlayotganimizda u qattiqqo’l bo’ladi, men bilaman, shunday qilib u kasbga o’rgatadi, men undan xafa bo’la olmayman. Bobom ham shakar odam bo’lmagan bo’lsa kerak. Lekin dadam kundan kun mehribon bo’lib ketaverdi. Biron narsani o’xshata olmasam, meni koyimay qo’ydi, yana bir bor qanday qilish kerakligini ko’rsatadi, hechqisi yo’q, o’zi bilan ham shunaqa bo’lishi aytadigan bo’ldi. Ont ichaman, men hech narsani tushunmay qoldim. Bir kuni u hatto meni quchoqladi. Men aqli joyida emas, deb o’yladim. Men xato qilmagan ko’rinaman, chunki o’tgan kuni u meni ishdan bo’shatdi, go’yoki men oddiy ishchidek hisob-kitob qildi. Ertalab oltida ko’zlarimga qaradi va shunchalik noshud ekanman, novvoyxona men uchun emasligini, vaqtni bu yerda bekorga o’tkazmasligimni, yaxshisi katta shaharda baxtimni sinab ko’rishimni aytdi. Men o’z yo’limni topishim kerak ekan, chunki bizning kunlarimizda faqatgina shunday baxtli bo’lish mumkin ekan. Bularning barini jahl bilan aytdi. Tushlik paytida oyimga mening ketishimni aytdi va kunning qolgan qismida bulkaxonani yopdi. Kechki ovqat payti hech kim hech narsa demadi, oyim esa yig’lardi. Ya’ni, oshxonada ko’zyoshi to’kar, har safar men oshxonaga chiqqanimda ortimdan kelib, quchoqlab, ko’pdan beri bunchalik baxtli bo’lmaganini qulog’imga aytardi. Qara-ya, dadam meni quvib chiqarayotganidan oyim xursand! Aytdim-ku, mening ota-onam jinni bo’lib qolishdi. Men bugun birinchi aprelь emasligiga ishonch hosil qilish uchun uch marta taqvimga qaradim. Ertalab dadam xonamga kelib, kiyinishimni buyurdi. Biz uning mashinasiga o’tirdik va bir so’z qotmasdan sakkiz soat yo’l yurdik. Faqat bir marta, tush payti och qolgan-qolmaganimni so’radi. Biz kechga yaqin bu yerga keldik, u meni mashinadan tushirdi va sening bu yerda yashashingni aytdi. Buni qayerdan bildi ekan? Buni hatto men ham bilmasdim! U yukxonadan sumkamni oldi. Oyoqlarim ostiga qo’yib, konvert uzatdi, bu yerda kam ekanini, lekin bundan ortiq bera olmasligini, bir oz muddatga menga yetib turishini aytdi. Keyin mashinaga o’tirib jo’nab ketdi.
– Boshqa hech narsa demadimi? – so’radim men.
– Aytdi. Mashina joyidan qo’zg’alayotganida: “Agar sendan noshud vrach chiqadigan bo’lsa, uyga qaytib kel, shunda men senga kasbni haqiqiy qilib o’rgataman”, dedi. Sen biron narsani tushundingmi?
Men Sofi sovg’a qilgan va olib kelgan oqshomi ichmaganimiz yagona vino shishasini ochdim. Biz uni stakanlarga quydik va men hech narsani tushunmayotganligimni aytib, Lyuk bilan cho’qintirib ichdim.
Men do’stimga tibbiyot fakulьtetining birinchi kursiga qabul qilinishi uchun kerak bo’ladigan barcha hujjatlarni to’ldirishga yordam berdim, qabul komissiyasiga yetaklab bordim, u yerda otasi berib yuborgan pulning ancha qismini berishiga to’g’ri keldi.
Mashg’ulotlar oktyabrda boshlanar edi. Biz yana birga o’qiydigan bo’ldik. Bir partada o’tirmasak ham, kasalxona bog’chasida ba’zan-ba’zan ko’rishsa bo’ladi. Kashtansiz va basketbol savatisiz ham biz u yerni yangi maktab hovlisiga aylantira olamiz.
Birinchi marotaba o’sha yerda uchrashganimizda, uning soyasiga minnatdorchilik bildirish navbati menga keldi.
Lyuk mening uyimda yashay boshladi. Bir-biriga mos tushmaydigan kun tartibimizda birga yashash oson edi. Men tunda navbatchilikda turganimda u mening karavotimda yotardi. Men uyga kelganimda esa u darsga ketardi. Xonani bo’lishimizga to’g’ri keladigan kamyob kunlarda u to’shakni oyna tagiga to’shab, boshi ostiga adyolni to’plab qo’yar va sug’ur kabi uxlardi.
Noyabrda bir talaba qiz bilan aylanishib qolganini aytib qoldi, ular tez-tez birga dars qilishar ekan. Annabelь undan besh yoshlar kichik edi, lekin Lyukning e’tirof etishicha, ayol sifatida yoshiga nisbatan katta emish.
Dekabr boshida Lyuk menga bir iltimos qildi. O’sha kuni men Sofinikiga borib yotdim. Ha, Lyukning Annabelь bilan bo’lgan ishqiy munosabati men va Sofini yaqinlashtirdi. Men ko’pincha Sofinikida qoladigan, Annabelь esa mening xonamda qoladigan bo’ldi. Yakshanba kechqurunlari Lyuk barchamizni bizning xonamizga taklif qilar, plita boshida turib, oshpazlik hunarlarini ko’rsatar edi. Yegan tort va piroglarimizning sanog’i yo’q. Kechki ovqatdan keyin men va Sofi Lyuk hamda Annabelьni “dars tayyorlashlari” uchun xoli qoldirib ketardik.
Oyimni yozdan beri ko’rmadim, kuzda ham oldimga kelmadi. Oyim o’zini charchagan kabi his qilayotganini va shuning uchun yo’lga tushishga yurak qilmayotganini yozdi. Xatdan bildimki, uyimiz ham uning o’zi kabi qarib ketayotgan ekan. Uyni ta’mirlash ishlarini boshlagan, lekin bo’yoq hidiga chiday olmayotgan ekan. Telefonda u tashvishlanadigan narsa yo’qligiga ishontirdi. Bir necha hafta dam olsa, hammasi yaxshi bo’lar ekan. Rojdestvoga kelishga so’z berdim, Rojdestvoga esa kam vaqt qoldi.
Men oyimga sovg’a oldim, poyezdga bilet oldim, 24 dekabr kuni bo’ladigan navbatchiligimdan javob so’radim. Avtobus shoferi va muz qoplangan yo’l mening rejalarimni barbod qildi. Boshqarib bo’lmaydigan holat – guvohlar shunaqa deyishdi: avtobus parapetga urilib, ag’darilib ketgan. Ichkarida qirq sakkizta, trotuarda esa sakkizta jabrlangan bor. Men endi yo’lga hozirlanayotgan paytimda peyjer jiringlab qoldi. Kasalxonaga qo’ng’iroq qildim – barcha eksternlarni shoshilinch chaqirishgan ekan.
“Tez yordam” qabulxonasida haqiqiy to’polon, hamshiralar u yoqdan bu yoqqa yugurgan, barcha tekshiruv xonalari band, xodimlar oyoqdan qoladigan darajada. Eng og’ir bemorlarni operatsiya blokiga olib ketishgan, sal yengilroqlari koridorda, aravachalarda o’z navbatlarini kutib yotishardi. Lyuk zambillarni ko’tarib “Tez yordam” mashinalari orasiga sho’ng’irdi. Biz birinchi marotaba birgalikda ishlayotgan edik. Uning rangi o’chgan edi va men uni ko’zdan qochirmaslikka harakat qildim.
Uning zambiliga soni ochiq singan erkakni yotqizishganida, kichik va katta boldir suyaklari to’g’ri burchak ostidan chiqib turganida, u menga o’girildi, rangi ko’karib ketdi, eshik tamburidan sekin sirg’alib, polga ag’anab tushdi. Men u tomonga yugurib ketdim, ko’tardim va o’ziga sal-pal kelishi uchun kresloga o’tirg’izdim.
Bu to’polon butun tun bo’yi davom etdi. Ertalabga yaqin “Tez yordam” bo’limi jang bo’lib o’tgan dalaga o’xshab qoldi. Qon belangan polda bintlar yotardi. Sal tinchib, navbatchi brigada tartibga keltirishga harakat qilar edi.
Lyuk shunday qilib men uni qo’ygan kreslodan turmadi. Men uning yoniga o’tirdim. U tizzasiga boshini tiqib qotib qolgan edi. Men uni to’g’rilanib, menga qarashiga majbur qildim.
– Mana bo’ldi, – dedim men. – Sen jangovar qasam ichgansan, garchi o’zing boshqacha o’ylasang ham, ancha uddalading.
Lyuk uh tortdi, atrofga qaradi va qusish uchun yugurib ketdi. Uni qo’llash uchun orqasidan bordim.
– Jangovar qasam deb nimani aytib yotuvding? – dedi u devorga suyanib.
– Ha, shiddatli Rojdestvo kechasi bo’ldi, lekin seni ishontirib aytamanki, yaxshi chidab berding.
– Men qip-qizil ahmoq kabi o’zimni tutdim, demoqchisan. Men hushimdan ketdim, qusdim – tibbiyot talabasi uchun ajoyib!
– Agar bilsang, birinchi marotaba anatomiyaga kirganimda men ham hushimdan ketganman.
– Ogohlantirganing uchun rahmat, mening anatomiya bo’yicha birinchi darsim keyingi dushanba kuni bo’ladi.
– Hammasi yaxshi bo’ladi, mana ko’rasan.
Lyuk ko’zlari bilan teshgudek bo’lib qaradi.
– Yo’q, hech narsa yaxshi emas. Men xamir qorganman, qonga belangan ko’ylak-shim emas, non kesganman, eng asosiysi – men pichoq tiqqanimda shirin bulkaning qichqirganini ko’rmaganman. Qariya, men bu ishni eplolmaydiganga o’xshayman.
– Lyuk, ko’pgina tibbiyot talabalari shunaqa holga tushadi. Vaqt o’tib ko’nikib ketasan. Sen birovni davolash qanchalik quvonch olib kelishini hali bilmaysan.
– Men odamlarni shokoladli shirinlik bilan davolaganman, va seni ishontirib aytamanki, bu hamma vaqt foyda bergan, – dedi Lyuk xalatini yechib.
Keyinroq, ertalab men uni uyda uchratdim. U jahl bilan sumkasidagi narsalarni olib, unga ajratilgan shkaf bo’lmalariga joylashtirayotgandi.
– Birinchi marotaba mening singlim Rojdestvoni mensiz o’tkazdi. Telefonda men unga nima deyman, unga bormaganimni qanday tushuntiraman?
– Haqiqatni qariya. Bu tunni qanday o’tkazganingni, hammasini boricha aytib ber.
– O’n bir yoshli singlimga-ya? Seni qara-yu!
– Sen Rojdestvo kechasini falokatga uchragan odamlarga yordam berishga bag’ishlading. Oilang seni nimada ayblashi mumkin? Keyin sening o’zing ham o’sha avtobusda bo’lishing mumkin edi, nolishni bas qil.
– Uyda ham bo’lishim mumkin edi! Men bu yerda bo’g’ilyapman, bu shaharda, auditoriyalarda, kechasi-yu kunduzi yutish kerak bo’lgan bu kitoblar orasida bo’g’ilib ketyapman!
– Balki nima bo’layotganini aytarsan? – so’radim men Lyukdan.
– Annabelь – mana nima bo’ldi. Men ishqiy sarguzasht haqida orzu qilardim, sen tasavvur qilolmaysan, qanchalik orzu qilardim. Dadam ko’p tartibga chaqirar, osmonlarda ko’p uchayotganimni aytardi, men esa doim o’zimni qizlar bilan tasavvur qilardim. Mana endi, bu ish amalga oshganidan keyin, menda bitta istak bor – bo’ydoq qolish istagi. Men axir Sofi bilan munosabatingni jiddiyga olmaganingga sendan xafa bo’lgandim. Hali birinchi marta oyinglarnikida Sofini ko’rganimda, sen unga loyiq emassan, deb o’ylagandim.
– Rahmat.
– Kechirasan, lekin men unga zo’rg’a qarayotganingni ko’rdim-da. Shunday qizga qaramaslik, men seni tushunmagandim!
– Sen Sofiga befarq emasligingni bildiryapsanmi menga?
– Axmoqlik qilma. Shunday bo’lganida to’ppadan-to’g’ri aytgan bo’lardim. Shunchaki men ortiq hech narsani anglolmay qoldim. Men Annabelь bilan zerikyapman, haqiqatdan ham zerikyapman. U senga jiddiy qaraydi, menga esa nopisand qaraydi, chunki men qishloqdanman.
– Qayerdan keldi bu xulosalar?
– U bayramni nishonlash uchun oilasi oldiga ketdi, meni olib ketishini taklif qildim, lekin ota-onasi bilan tanishtirishni istamasligini tushundim. Biz u bilan boshqa-boshqa doiradanmiz.
– Sen haddan tashqari bo’rttirmayapsanmi? Balki, u bunday jiddiy qadam qo’yishdan qo’rqqandir? Yigitini oilasiga tanishtirish – bu hazil ish emas, bu keyingi munosabatlar yangi bosqichining boshlanishi demak.
– Sen Sofini oying oldiga olib kelganingda bularning barini o’ylaganmiding?
Men Lyukka indamay qarab turdim. Yo’q, o’zim uchun ham nogahon Sofiga birga borishni taklif qilganimda men bularni o’ylamagan edim. Faqatgina endi bulardan qanday xulosa chiqargan bo’lishi mumkinligini o’ylab qoldim. Mening xudbinligim va ahmoqligim kuz boshida menga bo’lgan munosabatidagi sovuqlikni oqlar edi. Men hatto Rojdestvoda ham hech narsani taklif qilmadim. Bizning sevgi-do’stligimiz so’lib borar, faqatgina men buni sezmayotgan edim. Lyukni g’amgin xayollari girdobida qoldirib, men telefonga yugurdim va Sofiga qo’ng’iroq qildim. Hech kim javob bermadi. Balki mening raqamimni ko’rgach, javob bergisi kelmagandir?
Men oyimga qo’ng’iroq qildim va kela olmaganim uchun kechirim so’radim. Oyim tashvish tortmasligimni, u hammasini yaxshi tushunishini aytdi. Sovg’alarimiz ham kutib turadi. Oyim bu safar ertaroq kelishini, bahorda emas, fevralda kelishga harakat qilishini aytdi.
Yangi yil kechasi men navbatchilik qildim – Rojdestvoni xoli qoldirish uchun o’rin almashdim va xato qildim. Lyuk oilasiga ketdi. Sofi esa hali ham xabar bermasdi. Men “Tez yordam” bo’limining tamburidagi kresloda o’tirardim va ilk sayoqlar kelishini kutardim. Bu tunda menda kutilmagan noodatiy uchrashuv bo’ldi.
O’t o’chirish brigadasi qari ayolni olib keldi. Uni zambilda olib kirishdi, va uning porlagan yuzi meni ajablantirdi.
– Men uning qon bosimini o’lchab turib, nega bunchalik xursandligini so’radim.
– Buni tushuntirish qiyin, siz tushunmaysiz, – hiringladi u.
– Baribir ayting-chi!
– Siz meni jinni deb o’ylaysiz.
Kampir biroz qaddini tik tutib menga diqqat bilan qaradi.
– Men sizni tanidim! – xitob qildi u.
– Siz adashayotgan ko’rinasiz, – javob berdim men, skanerlashtirishga jo’natsammi-yo’qmi deb o’ylab.
– Siz, albatta, aqli past deb o’ylab meni jiddiy tekshirmoqchisiz. Ikkimizdan aqli pasti esa sizsiz.
– Siz bilasiz!
– Siz beshinchi qavat o’ng tarafda turasiz, men esa sizning ustingizda yashayman. Xo’sh, yigitcha, kim dovdir ekan?
Birinchi kursdan men xuddi shunday shart-sharoitda dadam bilan uchrashishdan qo’rqardim. Bugun tunda men qo’shnimni uchratdim – pod’ezdda ham, zinapoyada ham emas, “Tez yordam” bo’lmasida. Bu uyda besh yil yashadim, besh yil tepamda qadam tovushlarini, ertalablari choynagi chiyillashini, oynalarining taraqlashini eshitdim. Lekin yonimda yashab turgan odam haqida o’ylab ko’rmadim. Lyuk to’g’ri gapiradi. Katta shaharlar jinni qiladi, ular odam ruhini so’rib olib, po’chog’ini tuflab tashlaydi.
– Uyalmang yigitcha. Siz mendan qarzdor emassiz: men hali biror marta sizning nomingizga kelgan posilka yoki maktubni olmadim, ushning uchun siz mening uyimga kirishga majbur emassiz. Biz bir necha marta zinada to’qnash keldik, lekin siz shunaqa tez yugurasizki, qavatlar orasida soyangizni yo’qotib qo’yishingiz hech gap emas.
– Bu gapni menga aytayotganingiz qiziq, – dedim men uning qorachiqlarini ko’rish uchun chiroqqa tutib.
– Nimasi qiziq, – hayron qoldi u ko’zini qisib.
– Hech narsa. Balkim, nimadan quvonayotganingizni aytarsiz?
– Yo’q, sizning qo’shni ekanligingizni bilgandan keyin albatta aytmayman. Darvoqe, sizdan bir narsani iltimos qilmoqchi edim.
– Nimani istasangiz.
– Agar siz o’rtog’ingizga sevgilisi bilan ko’ngilxushlik qilayotgan paytida ovozni sal pasaytirishini aytib qo’ysangiz, sizdan minnatdor bo’lardim. Men yoshlarning zavqiga qarshi emasman, lekin bizning yoshimizda uyqu sezgir bo’ladi.
– Sizga tasalli sifatida aytay, endi ularni eshitmasangiz ham kerak, ular ajraladiganga o’xshaydi.
– Ha, – dedi o’ylanib kampir, – taassufdaman. Xo’sh, hammasi joyida bo’lsa, uyimga ketsam bo’ladimi?
– Yo’q, sizni kuzatuv ostida ushlab turishim kerak, majburman.
– Nimani kuzatmoqchisiz?
– Sizni!
– Vaqtingizni bekorga ketkizmang, o’zim hammasini aytib beraman. Men yoshi o’tgan xotinman, oshxonada sirg’alib ketdim. Hech narsani kuzatish kerak emas, faqatgina to’pig’imni boylab qo’ysangiz bo’ldi. Ko’ryapsizmi, turgan joyida shishib ketyapti.
– Hozircha dam oling, biz sizni rentgen qilamiz, agar sinish bo’lmasa, men o’zim navbatchilikdan keyin uyingizga kuzatib qo’yaman.
– Qo’shnichilik hurmati, sizga uch soat beraman. Yo’qsa, o’zim turib ketaman.
Men rentgenga yo’llanma yozib berdim, bemorni sanitarga topshirdim va ishimga qaytdim.
Yangi yil kechasi “Tez yordam” bo’limi uchun yomon davr, bir yarimdan boshlab bemorlar kela boshlaydi. Alkogol va haddan tashqari ko’p yeyish – nimaga bayram deganda shuni tushunishadi odamlar, hayronman.
Qo’shnimni ertalabga yaqin paytda ko’rdim, u oyoqchali kresloda qo’lida sumka va oyoqlari bintlangan holda o’tirardi.
– Yaxshiyam tibbiyotni tanlagan ekansiz, chunki sizdan shofer chiqmaydi. Endi meni kuzatib qo’yasizmi?
– Men yarim soatdan keyin tugataman. Oyoq og’riyaptimi?
– Chiqib ketibdi, bunda vrach ham bo’lish shart emas. Iltimos sizdan, avtomatdan menga kofe olib kelib bering, shunda men sizni biroz bo’lsa ham kutishga roziman.
Men yugurib borib avtomatdan kofe olib kelib berdim. U ichimlikka labini tekkizdi, yuzini bujmaytirdi va idishchani menga qaytarib, kolonna yonida turgan axlat qutisiga imo qildi.
Qabulxona bo’shab qoldi. Men xalatimni yechdim, garderobdan palьtoimni oldim va g’ildirakli aravachani ko’chaga olib chiqdim.
Men taksi tutmoqchi bo’ldim, “Tez yordam” haydovchisi meni tanidi va qayerga borishimizni so’radi. Uning navbatchiligi ham tugadi, u iltifot bilan bizni olib ketishini bildirdi, hatto qo’shnimni zinadan chiqarishimga ham yordam berdi. Oltinchi qavatga chiqqandan keyin ikkalamiz kuchdan qoldik. Kampir menga kalitini cho’zdi. Haydovchi bizni qoldirib ketdi, men esa kampirni kresloga o’tirg’izdim.
Men unga nima kerak bo’lsa olib kelib berishga va’da berdim, chiqqan to’piq bilan bir qancha vaqt zinaga ham chiqmaslik kerak. Qog’ozchaga o’zimni telefon raqamimni yozib, stolcha ustiga qo’ydim, biror narsa kerak bo’lganda albatta telefon qilishini tayinlab, va’dasini oldim. Eshikka yaqin borganimda, orqamdan xitob qildi:
– Siz qiziquvchan ham emas ekansiz: hatto mening ismim nima ekanligini so’ramadingiz ham.
– Alisa, sizning ismingiz Alisa, tibbiyot kartasida shunday deb yozilgan.
– Tug’ilgan yilim ham yozilganmi?
– Ha.
– Afsus.
– Men yoshingizni hisoblamadim.
– Siz iltifotlisiz, lekin men sizga ishonaman. Ha, men to’qson ikki yoshga to’ldim, lekin to’qson yosh kabi ko’rinaman!
– Undan ham yosh ko’rinasiz, men sizni…
– Jim turing! Qaysi yoshni aytsangiz ham ko’p bo’ladi. Baribir qiziquvchan emas ekansiz, axir men sizga kasalxonaga keltirishganida nega kulganimni tushuntirib bermadim.
– Unutibman, – tan oldim men.
– Oshxonaga boring-chi, kofe rakovina ustidagi shkafchada turibdi. Kofe pishiradiganni ishlatishni bilasizmi?
– Uddalayman, deb o’ylayman.
– Har holda, siz kasalxonada menga olib kelgan ichimligingizdan yaxshiroq chiqsa kerak.
Men durust kofe damlab keltirishga harakat qildim va mehmonxonaga patnis bilan keldim. Alisa kofeni finjonlarga quyib chiqdi va o’zinikini sharhlamasdan ichdi: men sinovdan o’tdim shekilli.
– Xo’sh, nega xursand edingiz? – so’radim men. – Yiqilib tushdingiz, oyoq chiqdi, buning nimasi kulgili?
Alisa past stolchaga egildi va menga pechenьeli qutini surdi.
– Mening bolalarim – ular bilan qanchalik qiyinligini siz tasavvur qilolmaysiz! Ularning suhbati mening g’ashimni keltiradi, kuyovim bilan kelinimni-ku umuman hazm qilolmayman. Ular faqat nolishni bilishadi, o’zlarining ma’nan qashshoq hayotlaridan boshqa hech narsaga qiziqishmaydi. Ularga yomon tarbiya berishgani uchun emas. Men, tasavvur qiling, nutq madaniyati o’qituvchisi edim, lekin o’zimga ham, qizimga ham har doim raqamlar yoqqan. Men Yangi yilni kelinimnikida kutib olishdan qochardim, sizga aytay, og’ir ayb, u umuman ovqat pishirishni bilmaydi. Kurka o’z-o’zidan qovurilsa ham unikidan yaxshiroq chiqqan bo’lardi. Ularning shahar chetidagi uyiga bormaslik uchun men oyog’im chiqqanini aytdim. Ular chindan ham xafa bo’lishdi, lekin besh daqiqaga, ko’p emas.
– Ulardan birortasi mashinada sizning oldingizga kelganida nima bo’lardi?
– Bo’lishi mumkin emas. O’g’lim va qizim xudbinlikda o’n olti yoshdan boshlab musobaqa qilishadi. Hozir ular qirqdan oshgan, lekin hali ham g’olib aniqlangani yo’q. Oshxonada bo’lib, ularning qaytib kelishiga haqiqiy ko’rinishi uchun oyog’imni bog’lashim kerakligini o’ylab turganimda – tasavvur qiling, toyib ketdim! Chorak kam o’n ikkida o’t o’chiruvchilar kelishdi va men hatto ularga eshikni ochishni ham uddaladim. Kelinimning bemaza kurkasidan ko’ra oltita yosh, ko’rkam yigitlarning mehmonga kelishi – bunaqasini hatto orzu qilmagan edim! Ular meni ko’rishdi va zinalardan olib tushish uchun zambilga boylashdi. Xuddi shu payt o’n ikkiga bong urdi va men ularning kattasini biroz kutishga ko’ndirdim. Ular ko’ndi, men ularni shokolad bilan mehmon qildim, va biz kerakli vaqtgacha kutdik…
– Nimani kutdingiz?
– Siz nima deb o’ylaysiz? Telefon qo’ng’irog’ini! Bu yili mening qushchalarim bir-biriga bas kelmoqchi bo’ladi. Men kasalxonaga kelganimda, oyog’imga qarab kuldim. U hali mashinadayoq shisha boshladi. Xo’sh, bog’lamni men qonuniy asosda oldim.
Men Alisaga to’shakda yotishiga yordam berdim, televizorni qo’ydim va uni dam olishi qo’yishi uchun tark etdim. O’z uyimga kirgach, men darhol oyimga telefon qilish harakatiga tushdim.
Yanvarda qattiq sovuq bo’ldi. Lyuk oilasi oldidan qaytib keldi va katta g’ayrat bilan o’qishga kirishdi. Uyda dadasi asabiga tekkan, singlisi esa u bilan ko’p vaqtini o’tkazmay o’yinga berilib ketibdi. Iltimosimga ko’ra Lyuk mening oyimdan xabar oldi. U oyimning ko’rinishini uncha yaxshi emasligini aytdi. Oyim men uchun Rojdestvo sovg’asi va xat berib yuboribdi.
“Qadrdonim,
ish bilan juda bandsan, bilaman. Hech narsani o’ylama, Rojdestvo kechasi men toliqqanim uchun vaqtliroq yotib oldim. Bog’, xuddi men kabi qishki qirov ostida uxlab yotibdi. Butalar oqqa burkangan, bu ajoyib manzara. Qo’shni menga shunchalik ko’p o’tin olib keldi-ki, qamal davrini boshdan kechirish mumkin. Oqshomlari men kamin yoqaman, olovga qarayman va sen haqingda, sening notinch hayoting haqida o’ylayman. Bu qancha xotiralarni uyg’otadi! Balkim, sen endi meni yaxshiroq tushunarsan, ko’pincha kechalari uyga charchab kelganlarimni, hatto sen bilan gaplashishga vaqt topia olmaganlarimni anglarsan. Men seni sog’inaman, seni tez-tez ko’rib turishni xohlayman, lekin sening ko’nglingga mos ishni topganingdan faxrlanaman va bundan baxtliman. Men bahorning ilk kunlarida seni ko’rgani kelaman. Bilaman, fevralda borishga va’da beruvdim, lekin sovuqlar cho’ziladigan ko’rinadi va men o’zimni ehtiyot qilaman. Cho’loqlanib, sening bemoring bo’lishdan saqlanaman. Agar sen bir-ikki kun javob olishning uddasidan chiqsang, garchi buning imkonsiz ekanini ham bilaman, – men eng baxtli ona bo’lardim.
Ajoyib yil boshlanyapti, iyunda sen diplom olasan va internaturaga kirasan. Bularning barini sen juda yaxshi bilasan, lekin bu so’zlarni yozishdan shunchalik zavq tuyamanki, ularni yuz martalab takrorlashga tayyorman.
Yangi yiling bilan, o’g’lim!
Seni yaxshi ko’ruvchi onang.
P.S. Agar senga bu sharfning rangi yoqmasa, hech narsa qilolmaymiz, men uni o’zim to’qiganman. U biroz qiyshiq ko’rinishi mumkin, bu tabiiy. Men birinchi marta to’qiyapman – umid qilamanki, oxirgi marta, bu mashg’ulotni yomon ko’rdim”.
Men sharfni yoydim va bo’ynimga o’radim. Lyuk kulgidan qotib qoldi. Sharf binafsha rang bo’lib, bir tomoni ikkinchi tomoniga qaraganda kengroq edi. Lekin agar tugun qilib o’rasangiz, hech narsa bilinmaydi. Butun qish bo’yi men uni taqib yurdim.
Yanvarning birinchi haftasida Sofining daragi chiqdi. Men har kecha uning bo’limiga kirardim, lekin u yo’q edi. U qaytgach o’zi navbatchiligimga keldi. Uning yuzida quyoshdan toblanganlik izi bor edi. U: bir shamollab kelishim kerak edi, dedi. Uni kasalxona ro’parasidagi kichkina kafega kechki ovqatga olib bordim.
– Qayerda eding?
– Bilganing kabi quyoshda.
– Bir o’zingmi?
– Qiz o’rtog’im bilan.
– Kim ekan u?
– Mening ham bolalik o’rtoqlarim bor. Oying qanday?
U mening gapimni bo’lmasdan uzoq tingladi, keyin nogahon kaftimni o’z qo’li bilan yopdi va menga diqqat bilan qaradi.
– Biz qancha vaqtdan beri birgamiz?
– Nega buni so’rayapsan?
– Javob ber. Qachon boshlandi?
– Bizgan lablarimiz uchrashgan kun, shekilli. Eslaysanmi, men navbatchiligingga kelgandim? – ikkilanmasdan dedim men. Sofi menga xafa bo’lgandek qaradi.
– Senga parkda muzqaymoq olib berganimda-mi? – taxmin qildim men.
Uning qovog’i battar solindi.
– Men aniq sanani eshitmoqchiman.
Fikrlashim uchun bir necha daqiqa kerak bo’ldi, lekin u menga vaqt bermadi.
– Biz ikki yil oldin xuddi shu kunda birga bo’lgandik. Sen buni hatto eslolmading ham. Biz ikki hafta ko’rishmadik va bu sanani kasalxona ro’parasidagi arzon qahvaxonada nishonlamoqdamiz, faqatgina navbatchilik oldidan bir narsa yeb olish uchun. Men senga ortiq yaxshi o’rtoq ham, sevgili ham bo’lolmayman. Sen dunyodagi hamma odamga xizmat qilishga, birinchi duch kelgan odamga o’zingni baxshida qilishga tayyorsan, men esa sen uchun yomon ob-havo va bo’ronda yo’l ko’rsatuvchi belgichaman, xolos. Sen menga ikki yil davomida ko’rsatmagan tashvish va mehringni Lyukka ikki oy ichida ko’rsatding. Tan olasanmi yoki yo’qmi, biz ortiq maktab hovlisida emasmiz. Men sening hayotingda shunchaki soyaman, sen esa mening hayotimda bundan ortiqroqsan – bu menga og’riq beryapti. Nega sen meni oyingning oldiga olib bording, nega chordoqga chiqarding? Nega sen meni hayotingga kirgizding, agar men shunchaki mehmon bo’lsam? Men seni yuz marota tark etmoqchi bo’ldim, lekin o’zimning qo’limdan kelmaydi. Iltimos sendan, menga bir yordam ko’rsat, ikkimiz uchun shu ishni qil, yoxud agar bizda umumiy bir narsa bor deb o’ylasang, oz bo’lsa ham shu sevgini yashashimizga imkon ber.
Sofi o’rnidan turdi va kafedan chiqib ketdi. Vitrina orqasidan men uning yo’lakda yashil chiroq yonishini kutib turganini ko’rdim; yomg’ir tomchilar, u kurtkasining yoqasini ko’tardi va bilmayman nega, lekin unga talpindim. Men hisobni to’lash uchun cho’ntagimni kovladim va orqasidan yugurdim. Biz muzday yomg’ir ostida o’pishdik va men unga qilgan zulmim uchun kechirim so’radim. Agar bilganimda hali oldinda yetkazilajak zulm uchun ham uzr so’ragan bo’lardim, lekin o’sha paytda bilmas edim va hislarim samimiy edi.
Stakan ichidagi tish cho’tkasi, shkafdagi bir necha kiyim, tumbochka ustidagi soat, bir necha kitob – men xonamni Lyukka qoldirib, o’zim Sofinikiga ko’chib o’tdim. Har kuni men oldingi xonamga bir daqiqaga kelib ketardim – dengizchi sohilga bog’langanini tekshirish uchun shunday qiladi. Birato’la oltinchi qavatga ham o’tarilar edim. Alisa o’zini ajoyib sezayotgan edi. Biz ozroq gaplashishga ham ulgurardik, u bolalarining dahshatlari haqida gapirib berar, bu narsa uni kuldirardi. Men yo’qligimda hammasi joyidaligini kunora tekshirish uchun Lyukka ham yo’riqnoma qoldirib keldim.
Bir kuni kechqurun biz tasodifan zinapoyada uchrashib qoldik, u menga kutilmagan fikrni aytib qoldi:
– Bolalarni tug’ish, o’stirish, tarbiyalashdan ko’ra, yaxshisi katta bolalarni otaliqqa olish kerak: har holda kimga duch kelishingni bilasan. Siz ikkalangizni ham o’ylab o’tirmasdan tanlagan bo’lardim.
Lyuk hayron bo’lib menga qaradi. Alisa esa qoldirgan taassurotidan mamnun holda davom etdi:
– Ikkiyuzlamachilik qilmaylik, axir sen ham ota-onang asabingga tegishini o’zing aytganding. Ota-onalar ham o’z avlodiga nisbatan shunday tuyg’uni his qilishga haqlari yo’qmi?
Lyukning jag’i tushib qoldi. Men uni oshxonaga olib bordim va unga Alisa o’ziga xos yumor egasi ekanini aytdim. Undan xafa bo’lish kerak emas, uni g’am-anduh yemoqda. U ushbu hujumga dosh berish uchun hamma narsani sinab ko’rdi, hatto bolalaridan nafratlanishga ham urinib ko’rdi, lekin foydasi yo’q, ularga bo’lgan sevgisi hamma narsadan kuchli chiqdi. Bolalari tashlab ketgandan keyin u o’lim azobini boshidan kechirmoqda.
Bu sirni menga Alisaning o’zi ochgani yo’q. Bir kuni ertalab, unikiga bo’lganimda, mehmonxonaga quyosh nuri tushdi va bizning soyalarimiz polda to’qnashdi.
Mart oyining birinchi kunlarida “Tez yordam” bo’limi xodimlarini umumiy majlisga chaqirishdi. Osma shiftlarda asbast topilibdi. Ularni almashtirish uchun ta’mirchilar brigadasini chaqirishdi. Ta’mir ishlari uch kun va uch tun davom etishi kerak edi. Bu vaqtda bo’lim yopilib, bemorlarni boshqa kasalxonalarga jo’natishdi. Texnik sabablarga ko’ra, xodimlar uchun erkin vaqt paydo bo’ldi.
Men darhol oyimga telefon qildim, uni borib ko’rishim mumkin edi, men juma kuni boradigan bo’ldim. Oyim uzoq muddat jim turdi, keyin esa afsusda ekanini, anchadan buyon o’rtog’iga janubga yuborib dam olib kelishga va’da berganini aytdi, qish qattiq kelgani uchun bir necha kun quyoshda toblanish juda yaxshi fikr edi. Ular bir necha hafta oldin sayohatni rejalashtirilgan, mehmonxonalar puli to’langan, samoletga biletlarni esa qaytarib bo’lmaydi. Endi bularning barini bekor qilishni tasavvur qilib bo’lmaydi. Oyim meni ko’rishni juda ham xohlar, ahmoqona ish bo’ldi, lekin mening tushunishimga va xafa bo’lmasligimga umid qiladi. Uning tovushi shunchalik qayg’uli ediki, men tinchlantirishga shoshildim: men nafaqat hammasini tushunaman, balki uning uchun juda ham xursandman va yashash tarzini biroz bo’lsa-da o’zgartirishi unga katta foyda keltirishidan quvonyapman. Bahorning kelishiga ham oz qoldi va biz ulgurmagan narsalarimizning hammasini ortig’i bilan amalga oshiramiz.
O’sha oqshom Sofi navbatchilikda edi, men esa – yo’q. Lyuk imtihonlarga tayyorlanar, unga yordam berish kerak edi. Bir tovoq makaronni yeb olib, biz yozuv stoliga o’tirdik, men o’qituvchi, u esa o’quvchi bo’ldi. Yarim kechasi u biologiya darsligini qorong’u burchakka otib yubordi. Bularning barchasidan men o’tib bo’lgan edim: birinchi kursda dahshatli taranglikni his qilib, shubhasiz sessiyadan yiqilish qo’rquvidan hamma narsani tashlab ketgim kelgan edi. Men kitobni oldim va hech narsa bo’lmaganday davom ettirdim. Lekin Lyukda boshqacha ko’z ifodasi paydo bo’ldi, bu esa meni tashvishga soldi.
– Agar men bu yerdan hech bo’lmasa ikki kunga qochib ketmasam, yorilib o’laman, – dedi u. – Mendan qolgan barcha narsani tibbiyotga vasiyat qilib qoldiraman. Ichidan portlagan birinchi inkubator-odam – tibbiyotni bu qiziqtirishi kerak. O’zimni talaba qizlar davrasida stol ustida cho’zilgan holda tasavvur qilyapman. Har holda, meni tuproqqa ko’mishdan oldin yosh qizlar tanamni ko’rishadi.
Bu gaplardan bildimki, do’stimga haqiqatdan ham toza havo zarur. Men ahvolni o’ylab ko’rdim va shahar tashqarisida bu mashg’ulotlarni davom ettirishni taklif qildim.
– Sigirlarni yomon ko’raman, – dedi xo’mrayib.
Jimlik cho’kdi. Men Lyukdan ko’zimni uzmasdim, u esa oldingiday bo’m-bo’sh nigohi bilan bo’shliqqa qarab turardi.
–Dengiz, – dedi u oxiri. – Men dengizni, uzoq ufqni, cheksiz kenglik, ko’pikli qo’ychalarni ko’rishni, baliqchi qushlar ovozini eshitishni istayman…
–O’ylaymanki, men tushundim, – javob berdim men.
Eng yaqin sohil uch yuz kilometr joyda bo’lib, u yerga yagona poyezd bekatlarda to’xtab-to’xtab olti soatda yetib borardi.
–Ijaraga mashina olamiz, sanitarlik maoshimga tupurdim, men to’layman. Faqat, iltimos qilaman, meni dengizga olib bor.
Lyuk o’zining diydiyosini tugatayotgan mahal eshik ochilib Sofi kirib keldi.
–Eshik ochiq ekan, – dedi u. – Men xalaqit bermadimmi?
–Bugun navbatchisan deb o’ylagandim.
– Men ham shunday deb o’ylagandim, bekorga shuncha vaqtim ketdi. Men kunni alishtiribman, bo’limda ikki kishi borligini anglagunimgacha to’rt soat vaqt ketibdi. Bu oqshomni sen bilan o’tkazishim mumkinligini o’ylasam!
–Ha, to’g’ri, – boshimni silkidim men.
Sofi menga diqqat bilan qaradi, uning nigohi yaxshilikdan darak bermas edi. Men ham nima bo’lganini ko’zim bilan so’ragudek bo’lib, unga diqqat bilan qaradim.
– Sen dam olish kuni dengizga ketyapsan, men to’g’ri tushundimmi? Yuzingni bunaqa qilma, men eshik tagida eshitib o’tirganim yo’q. Lyuk shunchalik baqirdiki, zinapoyada ham eshitildi.
– Bilmasam, – men yelkalarimni qisdim. – Agar sen bizning gapimizni eshitgan bo’lsang, men hali rozilik bermaganimni ham bilgan bo’lsang kerak.
Lyuk xuddi tennis matchini tomosha qilayotgan tomoshabin kabi bizning gaplarimizni kuzatardi.
– Xohlaganingni qil. Agar sizlar dam olish kunini birga o’tkazishga qaror qilgan bo’lsalaring, men ham o’zimga biror ish topaman, tashvish qilma.
Lyuk mening oldimda ko’ndalang turgan tanlovni angladi. U sakrab turib, Sofining oyolariga o’zini tashladi, tizzalarini quchib yolvorishga tushdi. Bir marta ham madam Shefferdan jazo olmaslik uchun shunday qilganini esladim.
– Senga yolvoraman, Sofi, yur biz bilan, jahling chiqmasin, uni ayblama. Men bilaman, dam olish kunlarini u bilan birga o’tkazmoqchi eding, lekin u mening hayotimni qutqarmoqda. Agar yordam istagan odamga qo’l cho’zmasang, bunday tibbiyotning nima keragi bor, ayniqsa yordamtalab men bo’lsam? Agar sizlar meni bu yerlardan olib ketmasangiz, men o’laman, kitoblar orasida bo’g’ilib qolaman. Rahming kelsin, birga ketaylik, menga faqat plyaj kerak, sizlar meni ko’rmaysizlar, men ko’rinmas bo’lib olaman. Va’da beraman, men masofa saqlayman, bir so’z qotmayman, sen mening mavjudligimni sezmaysan ham. Ikki kun dengizda, sizlar ikkingiz va mening soyam. Xo’p deyaqol, iltimos qilaman, men mashina ijarasini, benzin va mehmonxonani o’zim to’layman. Mening kruassanlarimni eslaysanmi? Men ularni sen uchun pishirgandim. Men sen bilan tanish emasdim, lekin kelishib ketishimizni bilgandim. Agar sen “xo’p” desang, men shunaqa shirinliklar pishiramanki, sen hayotingda bunaqasini yemagansan.
Sofi pastga qaradi va o’ta jiddiy so’radi:
– Birinchidan, shirinliklar nima?
– Borish uchun yana bir bahona, — shoshib qoldi Lyuk, — sen bu shirinliklar yonidan shunchaki o’tib ketolmaysan! Agar sen rad qilsang, bu galvars ham ketmaydi, men havo ololmayman, imtihonlardan o’tolmayman, umuman, mening vrachlik amalim sening qo’lingda.
– Jinnilik qilma, – dedi Sofi uning turishiga yordamlashib.
U boshini sarak-sarak qildi va biz ikkalamiz etikning ikki poyi ekanimizni aytdi.
– Bolalar! – dedi u. – Mayli, dengizga ketamiz, kelganimizdan keyin shirinliklar albatta bo’lsin!
Lyuk bizni olib ketgani juma kuni ertalab kelishi haqida kelishib, uni mashg’ulotini shug’ullanishi uchun qoldirib ketdik.
Biz Sofining uyiga yaqinlashganimizda u mening qo’limni qo’liga oldi.
– Haqiqatdan ham, agar men rad qiladigan bo’lsam, sen ham bormasmiding?
– Sen rad qilarmiding?
O’z uyini ocha turib u menga Lyuk o’z fe’li bilan yagona ekanini aytdi.
Lyuk shahardagi eng arzon mashinani qidirib topganga o’xshaydi. Bu qanoti kamalakning barcha ranglariga bo’yalgan eski “universal” edi. Zanglagan radiatorda panjara yo’q, old faralari esa qiyshiq edi.
Sofi bu metallolom uyumiga o’tirishga ikkilanayotganini ko’rib:
– Nima qilamiz, biroz qiyshiq, – dedi. – Lekin motor ishlaydi va tormozlari ham yangigina. Tirkamasi biroz buzuq, lekin hech qisi yo’q, u bizni maqsadga olib keladi. Ichi esa, ko’rib turganingizdek, yangiday.
– Sofi orqaga o’tirishga qaror qildi.
– Siz ikkingiz oldinga o’tiring, – dedi eshikni qattiq yopib. Lyuk yoqish kalitini buradi va tabassum bilan bizga o’girildi. U haq edi, motor yoqimli va bir xil ovoz bilan g’irillay boshladi. Amortizatorlari eski edi, har bir burilishda biz o’zimizni arg’imchoqda uchayotgandek his qilardik. Ellik kilometrlardan keyin Sofi rahm qilishimizni so’radi, biz yaqin-oradagi benzin quyish shoxobchasida to’xtadik. U takallufsiz meni orqaga o’tirishga majbur qildi, orqada har bir burilishda dengiz kasalligidan aziyat chekib, oynadan oynaga tashlanishdan ko’ra, oldinda o’tirib shahidlikni bo’yniga olishni afzal ko’rdi. Biz birato’la sendvichdan yeb oldik va yana yo’limizni davom ettirdik. Qolgan yo’lni eslolmayman. Orqada cho’zilib, mashina silkinib, allalab, qattiq uyquga ketibman. Ba’zan ko’zimni ochsam, Sofi va Lyukning qizg’in suhbat qilayotganiga guvoh bo’lardim. Ularning tovushlari ham meni allalar va men yana qayta uxlab qolardim.
Besh soatdan keyin Lyukn mening yelkamni turdi: biz yetib kelgan ekanmiz. U mashinamiz kabi eskigina mehmonxona yonida to’xtadi.
– Albatta, besh yulduzli mehmonxona emas, lekin magarki hisobni men to’laydigan ekanman, sizga bundan ortig’ini taklif qilolmayman, – dedi Lyuk, yukxonadan sumkalarimizni ola turib.
Biz hech qanday izohsiz uning ketidan yurdik. Mehmonxona xo’jaykasi ishini yigirma yil oldin boshlaganga o’xshaydi, hozir esa ellikdan oshgan ko’rinadi, uning ko’rinishi ham mehmonxona ko’rinishiga mos edi. Men mavsum bo’lmagan hozirgi paytda bizlar yagona tashrif buyuruvchilar bo’lsak kerak, deb o’yladim. Lekin yigirmadan ortiq kishilarni ko’rdim: ular balkonga osilib, yangi kelganlarni tomosha qilib turishardi.
– Bular doimiy mijozlar, – dedi xo’jayka yelkalarini qisib. – Mahalliy qariyalar uyi litsenziyasidan mahrum bo’ldi, shunda ushbu ajoyib kompaniyani otaliqqa olishimga to’g’ri keldi, axir ularni ko’chada qoldirmaysanku! Omadingiz bor ekan, bizning doimiy yashovchimizdan biri o’tgan hafta vafot etdi, uning xonasi bo’sh, yuringlar men sizlarni o’sha yerga olib boraman.
– Ha, nimasini aytasiz, haqiqatdan hm omadimiz bor ekan! – to’ng’illadi Sofi zinaga chiqaturib. Xo’jayka yashovchilardan biz o’tishimizga xalaqit qilmasliklari uchun yo’lakni bo’shatib qo’yishlarini iltimos qildi. Sofi hammaga yoqimli tabassum ulashardi. Agar biz kasalxonani sog’inib qolsak, dedi u Lyukka, bundan yaxshiroq joyni topib bo’lmaydi.
– Sening-cha, men qayerdan xabar topdim? – kulimsiradi u. Bir o’rtog’im birinchi kursdan bu manzilni berdi, ta’til paytlari bu yerda qo’shimcha pul ishlashadi. 11-raqamli eshik ochildi va ikkita karavotli xona ko’rindi. Biz Sofi bilan Lyukka qaradik.
– Iloji boricha sezilmaslikka va’da beraman, axir mehmonxona uxlash uchun, shundaymi? Keyin, agar xoli qolmoqchi bo’lsalaring men mashinada uxlayman, tamom-vassalom.
Sofi qo’lini Lyukning yelkasiga qo’ydi va unga dengizni ko’rgani kelganimizni, qolgan narsalar muhim emasligini aytdi. Tinchlangan Lyuk bizga karavotni tanlashni taklif qildi.
– Unisiyam, bunisiyam emas, – dedim men biqiniga turtib.
Sofi oynadan uzoq, dushga yaqin karavotni tanladi. Biz sumkalarni tashladik va Sofi bu yerda ortiq qolmaslikni taklif qildi. U och qolgan va tezroq dengiz kengliklarini ko’rishni istar edi. Lyukni ham uzoq ko’ndirish shart bo’lmadi. Plyaj olti yuz metrlar uzoqda edi. Xo’jayka u yerga qanday borishni tushuntirdi va qog’ozchada chizib berdi. Yo’l ustida, dedi u, tamaddixona bor va u tanaffussiz ishlaydi.
– Men sizlarni mehmon qilaman, – e’lon qildi Sofi, halitdan dengizdan sachrayotgan ko’piklardan mast bo’lgandek.
Biz ko’chaga chiqqanimizdan keyin menda dejavyu hodisasi yuz berdi. Men bu yerlarda bo’lganimga qasam ichishga tayyor edim. Men yelkalarimni qisdim – barcha kurort shaharchalari bir-biriga o’xshash, demak mening tasavvurim yana men bilan hazil qilyapti. Och qolgan Lyuk va Sofi taomdan bosh ko’tarmay yeyishdi, saxiyligi tutgan Sofi hammaga desert, krem-karamelь ham buyurdi. Tamaddixonadan chiqqanimizda oqshom cho’kkan edi. Dengizgacha uzoq emasdi, nimqorong’ida hech narsa ko’rinmasa ham, plyajga borishga qaror qildik.
Damba zo’rg’a yoritilgan, uchta eski fonar bir-biridan uzoq masofadan xira yoritar, to’lqinqaytargich esa deyarli qorong’ulik qa’riga cho’kkan edi.
– Sezyapsizlarmi? – xitob qildi Lyuk qo’llarini kerib. – Sezyapsizlarmi, yod hidi anqiyapti. Oxiri men kasalxona hididan qutuldim, sanitar bo’lib ishlayotganimdan beri burnimga dezinfektsiya hidi o’tirib qolgan. Hatto birda burnimga tish cho’tkasini tiqib yuvganman, befoyda. Lekin bu yerda – mo»jiza! Suvning shovullashini eshityapsizlarmi?
Javobni kutmasdan Lyuk botinkalarini yechdi va qirg’oq bo’ylab qumda yugurdi. Sofi uning izidan qaradi, menga ko’zini qisib, u ham oyoq kiyimini yechdi va uning izidan ketdi. Lyuk bor kuchi bilan baqirib to’lqinni quvlardi. Ko’p o’tmay men ham yugurdim. Oy to’lin edi va mening oldimda o’z soyam paydo bo’ldi. Ko’lmak suvni aylanib o’tib, qasam ichib aytamanki, men sho’r suv shu’lasida menga qarab turgan kichkina qizcha sharpasini ko’rgandek bo’ldim. Men hansirayotgan Sofi va Lyukka yetib oldim. Oyoqlarimiz ko’kargan, Sofining tishlari takillay boshlagan edi. Men uning yelkalarini quchdim va isitish uchun ishqaladim. Qaytish kerak edi. Biz shaharcha bo’ylab botinkalarimiz qo’limizda yurib qaytdik. Mehmonxonada yashovchilarning barchasi uxlab yotar, biz zinapoyadan oyoqlarimiz uchi bilan sekin chiqdik.
Sofi dush qabul qildi va adyol ostiga kirib darhol uxlab qoldi. Lyuk uxlab yotgan Sofiga qaradi va menga boshini silkitib, chiroqni o’chirdi.
Ertalab nonushta haqidagi fikr bizni ma’yus qildi. Zaldagi ahvol quvnoq emas, ovqat yeyish paytidagi tovushlar esa ishtahani bo’g’ar edi.
– Bu narxiga kiradi, – ko’ndirmoqchi bo’ldi Lyuk. Lekin sariyog’li tostlarga qarab yuzi o’zgargan Sofiga qarab, kutishimizni buyurdi va oshxonaga kirib ketdi. O’n besh daqiqadan keyin stol atrofida o’tirgan mehmonxona yashovchilari noodatiy hiddan boshlarini ko’tardilar. Jimlik cho’kdi, qariyalar likopchalarini surib, qiziqish bilan eshikka qarab turishardi.
Nihoyat, unga belangan, oladьya to’la savat bilan Lyuk ko’rindi. U hamma stollarni aylanib chiqdi va hammaga ikkitadan oladьya tarqatib chiqdi, qaytib kelib Sofining likopchasiga uchta oladьya qo’ydi va o’tirdi.
– Nima topilsa o’shandan pishirdim, – dedi u. – Uch paket un va shuncha yog’, shakar sotib olishimiz kerak, men xo’jaykaning bor-budini ishlatib qo’ydim shekilli.
Mazali, issiq oladьyalar og’izda erirdi.
– Bilasanmi, menga shu narsa yetmayotgan ekan, – xo’rsindi Lyuk. – Men ertalab bulkaxonada birinchi mijozlarni yaxshi ishtaha bilan kutib olishni yaxshi ko’rardim. Atrofga qara, ular qanday baxtli, tibbiyotni bu yerda ahamiyati yo’q, bu narsa ularga foyda keltiradigan o’xshaydi.
Men boshimni ko’tardim – pansionchilar maza qilib tanovul qilishardi. Jimlik ketib, jonli suhbat boshlanib ketgan edi.
– Sening qo’llaring tilla, – dedi Sofi og’zini to’ldirib – oxir-oqibat buyam tibbiyot bo’lsa kerak.
– Mana u, – dedi Lyuk xuddi qoziq yutgandek qaddini tik tutib turgan qariyani ko’rsatib, – bir necha yildan keyin Markes bo’lishi mumkin.
Bizning barcha qo’shnilarimiz eng kamida bizdan uch marotaba katta edilar. Bu quvnoq yuzlar orasida – dam u yerda, dam bu yerda hatto kulgi ham eshitilardi – go’yo sinfdoshlarim qari holda o’tirgan maktab oshxonasiga qaytganim kabi g’alati his meni chulg’ab oldi.
– Yuringlar, kunduz kuni dengiz qanaqa ko’rinadi, – deb qoldi Sofi.
Biz xonalarimizga ko’tarildik, sviter va palьtolarimizni kiyib mehmonxonadan chiqdik.
Plyajda mening kechagi hislarim tasdiqlandi: bu kichkina kurort shaharchasi menga tanish edi. Damba oxirida ertalabki tumanda mening xotiralarimga sodiq qolgan mayoq, kichkina tashlandiq mayoqcha ko’rinib turardi.
– Yurasanmi? – so’radi Lyuk.
– Nima?
– Nariroqda, plyajda kafe bor. Biz Sofi bilan haqiqiy qahva istayapmiz.
– Boraveringlar, men sizlarga yetib olaman, bir narsani tekshirishim kerak.
– Sen plyajda biror narsani tekshirmoqchimisan? Agar sen dengiz qochib ketadi, deb o’ylsang, senga va’da beraman, u oqshom qaytib keladi.
– Sen bir xizmat ko’rsatib, meni ahmoq deb o’ylashdan to’xtarsan?
– Hali jahlari ham chiqadi! Eshitaman, sizning sodiq qulingiz mesьe chig’anoqlarni sanab turgunicha madamni kuzatib boradi. Qaysi so’zingizni yetkazay?
Lyukning valdirashiga quloq solmay, men Sofining oldiga bordim, uni biroz xoli qoldirayotganim uchun uzr so’rab, tezda qaytishimni ma’lum qildim.
– Qayerga ketyapsan?
– Bir narsani eslab qoldim. Men chorak soatga ketaman, ko’pga emas.
– Nimani eslab qolding?
– Qachondir bu yerga oyim bilan bir necha kunga kelganga o’xshayman, bu kunlar hayotim uchun juda muhim kunlar bo’lgan.
– Sen buni endi tushundingmi?
– Bu o’n to’rt yil oldin bo’lgandi, o’shandan buyon bu yerga qaytib kelmaganman.
Sofi o’girildi va Lyukning tirsagidan tutib ketdi, men esa dambaga qaytdim.
Zanglagan yorliq hali ham zanjirda osilib turardi. “Kirish mumkin emas” degan yozuvdan bir-ikki harflar butun qolibdi. Men zanjirdan sakrab o’tdim, eshikni itardim – tuz yemirib tashlagan qulf endi yo’q edi – va zinapoya bo’yicha ko’rish maydonchasiga ko’tarildim. Zinalar kichrayib qolgandek, ilgari ular baland kabi ko’ringan edi. Men gumbaz ostigacha chiqdim, shishalar butun, lekin kirdan qorayib ketgan ekan. Men ularni qo’lim bilan artdim va paydo bo’lgan ikki doiradan qaradim. Bu ikki doira go’yoki meni o’tmishimga yo’naltirilgan binoklь edi. Mening oyog’imga nimadir ilakishdi. Polda, chang qavati ostida men yog’och quticha ko’rdim. Men egilib uni ochdim. Ichida eski varrak yotardi. Karkas butun, lekin qanotlari deyarli chirigan edi. Men qushni qo’limga oldim, juda ehtiyotlik bilan siladim, ana-mana sochiladiganga o’xshab ko’rindi. Keyin men qutichaga qaradim va nafasim to’xtab qolgandek bo’ldi. Qum yo’lakchasi yurak shaklida qayrilgan edi. Yonida esa o’ralgan qog’oz parchasi bor edi. Men uni to’g’rilab o’qidim:
“Men seni to’rt yoz kutdim, sen va’dangni bajarmading va kelmading. Varrak o’ldi, men uni shu yerga ko’mdim. Kim biladi, balki qachondir sen uni topib olarsan”. Pastida imzo turgan edi: “Klea”.
Qirq metr. G’altak yaxshilab o’rab qo’yilgan ekan. Men plyajga tushdim, qum ustiga varrakni yoydim, taxtakachlarini birlashtirdim. Tugun mahkamligini tekshirdim, ipning besh metrini ochdim va shamolga qarshi yugurdim.
Burgutning qanotlari tiklandi, ular chapga, o’ngga otilib, oxiri tepaga ko’tarildi. Men havoda ilonizi va sakkiz shaklini qilmoqchi bo’ldim, lekin eski varrak bo’ysunmas edi. Men ipni bo’shatdim va u yana ham balandroqqa chiqdi. Uning soyasi qumda o’ynardi, bu raqs meni mast qilar edi. Men kulgi ovozini eshitdim, bu violonchelь tovushiga o’xshab jaranglagan kulgi tovushi bolaligim tubidan kelardi.
Bir yozni birga o’tkazganimiz, u eshitmagani uchun hamma sirimni qo’rquvsiz ishonganim o’sha qizcha qani? Men ko’zimni yumdim, biz ikkalamiz oldinda uchayotgan burgutga qarab halloslab yugurardik. Sen uni ustalik bilan boshqararding, ko’pincha o’tkinchilar sening mahoratingdan zavqlanish uchun to’xtab ham qolar edilar. Shu yerda men necha marta qo’lingdan tutgan edim? Senga nima bo’ldi? Qayerda yashayapsan? Yoz kunlarini qaysi plyajda o’tkazyapsan?
– Bu nima o’yin?
Men Lyukning kelganini sezmay qolibman.
– U varrak bilan o’ynayapti, – dedi Sofi. – Men ham uchirsam bo’ladimi? – deb so’radi va g’altakka qo’lini cho’zdi. U darrov qo’lga olgani uchun men e’tiroz ham bildirolmay qoldim. Varrak havoda piruet hosil qildi va pastga sho’ng’idi. Qumga urilib sinib qoldi.
– Voy, kechirasan! – dedi Sofi, men eplolmas ekanman.
Men yerga tushgan varrak tomon otildim. Iplari uzilgan, singan qanotlari kuchsiz osilib qolibdi. Varrakning ahvoli yomon edi. Men o’tirdim va uni qo’limga oldim.
– Yuzingni bunaqa qilma, hozir yig’laydiganga o’xshaysan, – dedi Sofi. – Axir bu shunchaki varrak. Agar xohlasang hozir senga yangisini sotib olamiz.
Men hech narsa deb javob bermadim. Balki, Klea haqida gapirish xiyonatkorlik bo’lgani uchundir. Bolalik muhabbati – muqaddas narsa, uni hech kimga ishonib bo’lmaydi. U bizning yuragimizdagi eng sirli burchaklarda yashaydi. Ba’zan xotiralargina uni yorug’likka olib chiqishi mumkin, hatto qanotlari singan bo’lsa ham. Men varrakni yig’dim va g’altakni o’radim. Keyin Lyuk va Sofiga meni kutib turishlarini aytib, uni mayoqqa olib ketdim. Minorachaga chiqib men varrakni joyiga qo’ydim va kechirim so’radim. Bilaman, varrak bilan so’zlashish axmoqlik, lekin shunday bo’lib qoldi. Men qutini yopdim va ahmoqona tarzda yig’lab yubordim – o’zimni tutolmadim.
Sofi meni plyajda kutardi, lekin men u bilan gaplashadigan holda emasdim.
– Ko’zlaring qizarib ketibdi, – dedi sekingina va meni quchoqladi. – men uni sindirmoqchi emasdim, nogahon shunday bo’lib qoldi…
– Bilaman, – deb javob berdim men. – Bu tepada jimgina yotgan xotira edi, uni uyg’otish kerak emasdi.
– Gap nimadaligini bilmayman, lekin bu seni jiddiy xafa qilganga o’xshaydi. Agar menga aytib bermoqchi bo’lsang, biz ikkalamiz biroz yuraylik, faqat sen va men. Shu plyajga kelganimizdan keyin xuddi seni yo’qotib qo’ygandek his qilyapman va sen qayerdadir uzoqlarda kabisan.
Men Sofini o’pdim va kechirim so’radim. Biz dengiz bo’ylab, to Lyuk bizni quvib yetmagunicha qo’lma-qo’l ushlab ikkimiz yurdik. Biz uni uzoqdan ko’rdik, u uzoqdan bizga qo’l silkitar, bizni kutib turishimizni aytib bor ovozicha baqirardi. Lyuk – mening eng yaxshi o’rtog’im, o’sha ertalab men bunga yana bir bor ishonch hosil qildim. U qo’lini orqasiga qilib bizga yaqin keldi.
– Velosipeddan qanday yiqilganingni eslaysanmi? – so’radi u mendan. – Mayli, xotiringga solay, noshukur banda. Sening oying senga sariq velosiped olib berdi. Biz ikkalamiz – sen o’zingnikida va men eski velosipedimda qabriston orqasidagi qiyalikda uchishga ketdik. Biz chetan oldidan o’tib ketayotganimizda, bilmadim sen nimani o’ylading, balki arvoh orqamizdan quvmayotmaganmikan deb ko’rmoqchi bo’ldingmi, xullas orqangga qarading – va oldindagi chuqurga tushib ketding.
– Sen bularni menga nimaga aytyapsan?
– Jim o’tir, hozir bilasan. Old g’ildirak qiyshayib ketdi, bu esa shilingan tizzangdan ham ko’ra seni qattiqroq xafa qildi. Sen faqat oying o’ldirishini aytarding. Velosiped olinganiga hali endi uch kun bo’lgan, agar sen shu holatda uyga boradigan bo’lsang, oying seni hech qachon kechirmasligini uqtirarding. U senga sotib olib berish uchun uyga qo’shimcha ish olganini aytuvding. Qisqasi, bu dahshat edi.
Men o’sha kunni esladim. Lyuk o’shanda mahkamlangan sumkachadan asboblarni olib, g’ildirakni almashtiruvdi. Uning velosipedi g’ildiragi menikiga mos tushgandi. Uni qo’yib, oyim hech narsani sezmasligini aytgan edi. Lyukning dadasi velosipedning g’ildiragini to’g’riladi va ertasi kuni biz yana g’ildiraklarimizni almashtiruvdik. Haqiqatdan ham, oyim hech narsani sezmagan edi.
– Xayriyat, eslading! Mayli, ogohlantiraman, bu oxirgi marta, endi katta bo’lish vaqti keldi!
Lyuk orqasida yashirib turgan yangigina varrakni menga uzatdi.
– Plyaj magazinidan topganim shu. Omading bor ekan, sotuvchining aytishicha, ular bunaqa narsa sotmas ekan ortiq. Bu boyo’g’li, burgut emas, lekin injiqlik qilma, nima bo’lsayam qush, undan tashqari kechalari uchadi. Endi xursandmisan?
Sofi varrakni yig’di, menga arqonni uzatdi va qo’yib yuborishimni ishora qildi. Men o’zimni biroz o’ng’aysiz sezdim, lekin qo’lini ko’kragida chalishtirb, oyog’ini yerga urayotgan Lyukni ko’rib, meni sinashayotganini tushundim. Men yugurdim va varrak osmonga uchdi.
U ajoyib uchardi. Varrak – xuddi velosipedga o’xshaydi: uzoq yillar qo’lingni tekkizmagan bo’lsang ham, uchirish esingdan chiqmaydi. Boyo’g’li havoda ilonizi yoki sakkiz chizganida Sofi qarsak chalar, men ham har safar biroz aldoqchi kabi his qilardim.
Lyuk tishlari orasidan hushtak chaldi va menga dambani ko’rsatdi. Bizning o’n beshta qariyalarimizning bari tosh to’siq ustida o’tirib, varrak uchishini tomosha qilishardi. Biz ular bilan birgalikda mehmonxonaga qaytdik, qaytib ketish soatlari yaqinlashmoqda edi. Lyuk va Sofi narsalarini yig’ish uchun chiqqanlaridan foydalanib, men ertalab oshxonani bo’shatib qo’yganimiz uchun hisob to’ladim. Xo’jayka ko’zini pirpiratmasdan pulni oldi va ovozini pastlatib o’sha oladьyalar retseptini olib berishimni iltimos qildi. U Lyukdan so’ragan ekan, lekin Lyuk bermabdi. Men bu dahshatli sirni bilib, pochta orqali jo’natishga va’da berdim. Shu payt mening oldimga Lyuk Markesning qarigan chog’iga o’xshatgan qariya keldi.
– Bolaginam, plyajda ajoyib uchirding, – dedi u. Men unga iltifot uchun minnatdorchilik bildirdim.
– Men nima haqida gapirayotganimni yaxshi bilaman, bir umr varrak sotganman. Bir paytlar plyajda do’koncham bor edi. Nega arvohni ko’rgandek menga bunaqa qarayapsan?
– Qachonlardir siz menga varrak sovg’a qilgansiz desam, ishonasizmi?
– O’rtog’ingga yordam kerakka o’xshayapti, – dedi qariya, zinapoyani ko’rsatib. Sofi zinalardan o’zining va mening sumkalarimizni ko’tarib tushayotgandi. Men qo’lidan sumkalarni oldim va mashina yukxonasiga olib bordim. Lyuk rulga o’tirdi. Sofi uning yoniga.
– Ketdikmi? – dedi u.
– Bir daqiqa meni kutinglar, hozir kelaman.
Men orqamga qaytdim. Qariya mehmonxona zalida o’z krselosida, televizor qarshisida o’tirardi.
– Soqov qizcha… Eslaysizmi?
Mashina uch marta signal berdi.
– Sening do’stlaring shoshayotganga o’xshaydi. Yana kelinglar, biz juda xursand bo’lamiz, ayniqsa do’stingga: uning oladьyalari juda lazzatli.
Mashina yana uzun chaldi, va men ikkinchi marotaba bu kichkina shaharchaga qaytib kelishni o’zimga va’da berib, yuragimni timdalab ketdim. Sofi ming’irlab ashula aytardi. Lyuk uning ashulasini ilib olib baland ovozda jo’r bo’lardi. U arazlab yigirma marotaba ularga qo’shilishimni so’rar, Sofi ham yigirma marotaba meni tinch qo’yishini aytardi. To’rt soatdan keyin Lyuk tashvishlanib qoldi: benzin ko’rsatkichi shiddat bilan chap tomonga ketgan edi.
– Ikkalasidan bittasi, – tashvishlanib dedi u, – yoki ko’rsatkich buzilgan, yoki birozdan keyin mashinani itarishimizga to’g’ri keladi. Yana yigirma kilometrlardan keyin motor yo’talib, benzin quyish joyiga bir necha metr qolganda o’chib qoldi. Lyuk mashinadan chiqdi va mashinaning kapotini shapatilab, mashinaning qahramonligini maqtadi.
– Men bakni to’ldirdim. Lyuk suv va pechenьe sotib olishga ketganida Sofi menga yaqinlashdi va belimdan quchdi.
– Nasos bilan jozibali ko’rinyapsan, – dedi u kulib va ensamdan o’pib qo’ydi. U Lyuk bilan birga magazinga ketdi.
– Kofe ichasanmi? – dedi u o’girilib. Men javob bergunimcha, tabassum qilib:
– Agar biror narsani aytmoqchi bo’lsang, men shu yerdaman, har doim yoningdaman, garchi sen unchalik buni sezmasang ham.
Biz yomg’irli yo’lga chiqib oldik. Mashinaning eski oyna artgichlari zo’rg’a g’ijirlab ishlardi. Shaharga qorong’u tushganda kirib keldik. Sofi qattiq uyquga ketgan, Lyuk uni uyg’otishni istamadi.
– Nima qilamiz? – shivirladi u.
– Bilmayman, kel bir joyda to’xtaymiz va uning uyg’onishini kutamiz.
– Jinnilik qilmanglar, yaxshisi meni uyimga etinglar, – ming’irladi Sofi ko’zini ochmasdan. Lekin Lyuk bizning uyimizga ketdi. Yakshanba oqshomining g’amginligiga tushmaslik, ayniqsa yomg’irda hushyorlikni yo’qotmaslik kerak, dedi u. Biz uchalamiz dam olish yakunidagi pessimizmga qarshi tura olamiz. U biz hali hayotimizda ham yemagan makaron pishirishni va’da qildi.
Sofi turib o’tirdi va ko’zlarini ishqaladi.
– Mayli, makaronga roziman, lekin keyin meni uyimga olib borasizlar.
Bizlar gilamga chordona qurib o’tirib kechki ovqatimizni yedik. Lyuk mening karavotimda uxlab qoldi, men esa Sofi bilan uning uyiga ketdim. Uyg’onganimda Sofi ketib bo’lgan ekan. Oshxonada men nonushta qo’yilgan stol ustida, stkan ostida qo’yib ketilgan xatni topib oldim.
Meni dengizga olib ketganing, mana shu nogahoniy ikki kun uchun rahmat. Men baxtli ekanimni aytib yolg’on gapirmoqchi bo’lyapman, sen ham bunga ishongan bo’lar eding, lekin men buni qilolmayman. Men sen bilan birga bo’lgan damlarda ham sening o’zingni yolg’iz his qilayotganingni bilish men uchun og’ir. Men sendan xafa emasman, lekin eshikdan tashqarida tutib turilishga loyiqmanmi? Ikkalamiz shunchaki do’st bo’lganimizda sen menga ko’proq yoqarding. Men eng yaxshi do’stimni yo’qotishni istamayman, uning samimiyligi, nafosati menga kerak. Sen menga oldingi holatingda keraksan.
Keyinroq, oshxonada sen menga o’tayotgan kunlaring haqida, men ham o’zimning kunlarim haqida bir-birimizga gapirib beramiz. Bizning do’stligimiz tugagan joyigacha qayta jonlanadi. Lekin bu narsa sal keyinroq sodir bo’ladi… Biz uddalaymiz, mana ko’rasan. Ketayotganingda kalitni stolga qo’yib ket.
O’pib qolaman.
Sofi
Men xatni ikki bukladim va cho’ntagimga solib qo’ydim. Tortmadan bir nechta kiyimlarimni oldim, faqat Sofi qog’ozchani nina bilan sanchib qo’ygan ko’ylagimni olmadim. Unda: “Buni olma, bu endi meniki”, degan yozuv bor edi.
Xonasining kalitini o’zi aytgan joyga qo’yib, men oxirgi ahmoq, balki ilk ahmoq ekanligimni tan olgan holda chiqib ketdim.
Kechqurun oyimga telefon qilishga urindim, men uning ovozini eshitishim, gaplashishim kerak edi. Hech kim telefonni ko’tarmadi. U menga ketishini aytgan edi. Qachon kelishini ham aytgan edi, lekin men vaqtini unutgan edim.
Uch hafta o’tdi. Kasalxonada uchrashib qolganimizda garchi ikkalamiz ham o’zimizni hech narsa bo’lmagandek tutishga urinsak ham, men va Sofi o’zimizni noqulay his qilardik. Ahmoqona va qattiq kulgi do’stligimizning qayta tug’ilishiga sababchi bo’ldi. Biz kasalxona bog’ida o’rindiqda o’tirardik va Sofi menga Lyuk bilan sodir bo’lgan baxtsizlik haqida gapirib berdi. Tez yordam bo’limiga ikkita bemorni bir paytning o’zida olib kelishibdi. Lyuk zambilni ko’tarib ulardan birini jarrohlik xonasiga tezroq olib borishga shoshayotgan ekan. Koridor burilishida bosh hamshira bilan to’qnashib qolmaslik uchun keskin harakat qilibdi. Shu payt bemor zambildan tushib ketibdi. Lyuk uning tushishini yengillatish uchun o’zini tashlabdi, lekin zambil to’g’ri kelib uning boshiga tushibdi. Lyukning peshanasi yirtilib uchta chok tushibdi.
– Do’sting o’zini mardonavor tutmoqda. Sen prozektor xonasida qo’lingni skalьpelь bilan kesib olganingdan ko’ra yaxshiroq.
Men birinchi kursda sodir bo’lgan bu voqeani unutayozibman. Kecha men ko’rganim Lyukning jarohati qanday bo’lganini endi angladim. U aylanma-eshik yuziga urilgani haqida yolg’on to’qibdi. Sofi unga aytmasligim haqida qasam ichtirdi. Axir u mijozi bo’lgan, Sofining o’ziga chok solibdi, shuning uchun vrachlik sirini saqlashi kerak ekan. Men sir saqlashga va’da berdim. Sofi o’rnidan turdi, uning navbatchilik vaqti bo’lgan edi. Lyuk haqida bir nima deyish uchun orqasidan chaqirdim.
– U senga befarq emas, bilasanmi?
– Bilaman, – dedi u ketaturib.
Quyosh yoqimli isitar, mening tanaffusim hali tugamagan edi va men yana qolishga ahd qildim. Bog’ga o’sha qizcha keldi. Oyna ortida uning ota-onasi gematologiya bo’limi mudiri bilan gaplashib turishardi. Qizcha o’sha o’yini kabi bir qadam oldinga, bir qadam yonga sakrab men tarafga yurardi. U mening diqqatimni tortishni istayotganini sezib qoldim. Kichkintoy menga nimadir demoqchi edi.
– Men sog’aydim, – mag’rur xabar berdi u.
Qizchani necha marta bog’da ko’rgan bo’lsam ham, nima bilan og’rishiga qiziqmabman.
– Meni uyga jo’natishadi.
– Men sen uchun xursandman, lekin seni sog’inib qolaman. Men seni shu bog’da ko’rishga o’rganib qolibman.
– Seni ham uyga javob berishadimi?
Shunday deb qizcha kulib yubordi. Uning kulgusi violonchelь ovoziga o’xshab jaranglardi. Shunday bir narsalar borki, biz ularni ortda qoldiramiz, bular vaqt changiga yopishib qolgan umr lahzalaridir. Albatta, ularni unutishga harakat qilish mumkin, lekin bir-biri bilan bog’langan mayda-chuydalar bizni mustahkam zanjir bilan o’tmishga bog’lab qo’yadi.
Lyuk kechki ovqatni tayyorlab, kresloda o’tirib meni kutardi. Kira solib men uning jarohatiga egildim.
– Bo’ldi, bo’ldi, o’zingdan doktor yasama, bilishingni bilaman, – dedi u qo’limni itarib. Mayli atrofimga girgitton bo’lishing uchun besh daqiqa vaqt beraman, bo’ldi endi, kel biror boshqa narsa haqida gapiraylik.
– Biz dengizga borganimiz o’sha mashinani, sen men uchun yana ijaraga olib bilasanmi?
– Qayerga otlanyapsan?
– O’sha yerga, dengizga.
– Ochmisan?
– Ha.
– Bu yaxshi, chunki agar sen ovqat tayyorlashimni istasang, u yerga qaytishingga sabab nimaligini aytib berishingga to’g’ri keladi. Agar aldamoqchi bo’lsang, benzin quyish joyidagi tamaddixona ochiq. Agar omading kelsa, bu soatda sendvich olib yeyishing mumkin.
– Senga aytib berishimni istayapsanmi?
– Plyajda nima bo’ldi? Eng yaqin do’stimni qo’msayapman. Sen har doim, aytaylik, osmonlarda uchib yurarding, va men bunga ko’nardim. Lekin hozir, ishontirib aytamanki, umuman chidab bo’lmayapti. Olamda tengi yo’q qizga ega bo’lding, sen esa ahmoqlik qilding, o’sha uik-enddan keyin u ham qayerdadir osmonlarda uchib yuribdi.
– Bir paytlar oyim bilan ta’tilda dengizga ketganimizni eslaysanmi?
– Ha.
– Kleani eslaysanmi?
– Qaytganingdan keyin, endi Elizabetga tupurganingni, jonajon bir qalbni uchratganingni, va u biror kun sening ayolingga aylanishini aytganding. Lekin biz bola edik – buni bilarsan? Sen shu kurort shaharchasida seni kutgan deb o’yladingmi? Yerga tush, qariya. Sen Sofi bilan o’zingni ahmoqona tutding.
– Seni bu xursand qilishi kerak, to’g’rimi?
– Sen men bilan urushmoqchimisan?
– Men shunchaki ijaraga mashina olishga yordam berishingni so’radim.
– Sen uni juma kuni pod’ezdda ko’rasan, kalitini stol ustidan olasan. Muzlatkichda zapekanka bor, istib yeyishing mumkin. Xayrli tun, men ozgina yurib kelay.
Eshik yopildi. Men Lyukni chaqirish va kechirim so’rash uchun oynaga qaradim. Bir necha marta ismini aytib chaqirdim, lekin u o’girilib qaramadi va burchakka qayrilib ketdi. Men shanba ertalab bo’sh bo’lish uchun juma kuni navbatchilik oldim. Ertalabga yaqin uyga kelganimda Lyuk va’da qilganidek, stol ustidan “universal” kalitini oldim. Darrov dush qabul qilib kiyindim va o’n birlarda chiqib ketdim. Yo’lda faqat ovqatlanish uchun to’xtadim. Benzin ko’rsatkichi uzoq yashashni buyurardi, va benzin quyish joyiga o’z vaqtida burilish uchun yoqilg’ini hisob-kitob qilishimga to’g’ri keldi. Bu ham yaxshilikka: hisob-kitoblar boshni band qildi. Yo’lga tushishimdanoq menda noxush his bor edi: orqa o’rindiqda Lyuk va Sofi o’tirgandek bo’laverdi.
Soat beshga yaqin men oilaviy pansionga keldim. Xo’jayka mening kelganimdan hayron bo’ldi va uzru kechirimlarni qalashtirib tashladi: biz yotgan xona band ekan va boshqa bo’sh o’rin ham yo’q ekan. Men ham bu yerda tunamoqchi emasdim. Men ko’pga kelmaganimni, shu yerda istiqomat qilayotganlardan biriga bir savolim borligini tushuntirmoqchi bo’ldim.
– Siz bitta savolni deb shuncha yo’lga keldingizmi? Telefonimiz borligini bilarmidingiz? Mesьe Morton butun umr peshtaxtada turgan. Shuning uchun qaddini shunday tik tutib o’tiradi. Siz uni mehmonxonada topasiz, u har kuni o’sha yerda, deyarli chiqmaydi. Men xo’jaykaga minnatdorchilik bildirdim, mesьe Mortonni topdim va uning ro’parasida o’tirdim.
– Xayrli kun, yigitcha, sizga biron nima kerakmi?
– Siz meni eslaysizmi? Men bu yerga yaqinda kelgandim, bir o’rtog’im va bir qiz bilan kelgandim.
– Yo’q, eslolmayman. Qachon keluvdim dedingiz?
– Uch hafta oldin. Lyuk sizlarga nonushtaga oladьya pishirdi, hammaga yoqdi.
– Men oladьyani yaxshi ko’raman, umuman shirinlikni yaxshi ko’raman. Siz kimsiz?
– Eslaysizmi, men plyajda varrak uchirdim, siz yaxshi uchiryapsan, dedingiz.
– Varraklar… Qachonlardir sotganman ularni. Bilasizmi, plyajda do’koncham bor edi. Men yana puflanadigan doiralar, qarmoqlar sotardim.. Bu yerda baliq yo’q, lekin baribir sotib olishardi. Toblanish kremlari ham… Hayotim davomida har xil dam oluvchilarni ko’rdim… Xayrli kun yigitcha, biror narsa kerakmi?
– Kichkinaligimda shu yerda o’n kun bo’lganman. Men bilan bir qizcha o’ynardi, bu qizcha har yoz bu yerga kelishini bilar edim, bu qizcha hech kimga o’xshamas edi…soqov edi.
– Men yana soyabonlar va otkritkalar sotardim, ularni ko’p o’g’irlashardi, otkritkalarni, men qo’l siltardim. Bolalar olib qochardi… Xayrli kun, yigitcha! Sizga biron narsa kerakmi?
Men biror ma’nili gap chiqishidan umidsizlangan edimki, yonimizga yoshi katta bir ayol keldi.
– Siz bugun undan hech narsa bilolmaysiz. Bugun uning uchun yomon kun. Kecha birozgina boshi ishlayotgan edi. Bilasizmi, uning boshi yaxshi ishlamaydi – dam yaxshi, dam yomon. Siz qaysi qizcha haqida gapirayotganingizni men yaxshi bilaman, mening xotiram yaxshi. Siz kichkina Klea haqida gapiryapsiz, men uni yaxshi bilardim, lekin u garang emasdi.
Men hayron bo’lib og’zimni ochdim, ayol esa davom etdi:
– Men sizga buni aytib berardimu, lekin qornim och qoldi, bo’sh oshqozonda esa suhbat uncha qizimaydi. Agar siz meni shirinlikxonaga choy ichishga taklif qilsangiz, o’sha yerda gaplashib olardik. Men borib palьtoimni olib kelaman, qarshi emasmisiz?
Men qari ayolga palьtosini kiyishga yordamlashdim, uning qadamiga moslashib shirinlikxonaga olib bordim. Terrasaga o’tirib olib u mendan chekishga so’radi. Menda sigaret yo’q edi. Qo’lini ko’ksida birlashtirib ayol qarama-qarshi tomondagi tamaki do’koniga ma’noli qaradi.
– Och ranglisidan olib keling, – dedi u.
Men bir pachka sigaret va gururt bilan qaytib keldim. – Yarim yildan keyin vrach bo’laman, – dedim men, unga uzatib. – Agar mening o’qituvchilarim sizga nima berayotganimni ko’rsa, kunimni ko’rsatardi.
– Agar o’qituvchilaringiz mana shu yerda ham ustimizdan nazorat o’tkazishdan boshqa ishi bo’lmasa, men sizga institutni almashtirishni tavsiya qilaman, – dedi u gugurtni yoqib. – Menga unchalik ko’p qolmadi. Nega hamma bizdan oxirgi huzur-halovatimizni tortib olmoqchi bo’ladi? Ichish mumkin emas, chekish mumkin emas, yog’li va shirinlik mumkin emas, bizning ko’p yashashimizni istashadi, lekin hayotga bo’lgan istagimizni olib qo’yishadi, bizning o’rnimizga o’ylaydigan aqllilar. Eh, sizning yoshingizda biz qanchalik erkin edik, o’limimizni tezlashtirardik, bu aniq, lekin yashardik. Sizning yoqimli suhbatingiz orasida tibbiyotingizga tupurishimga ijozat bering, qarshiligingiz bo’lmasa men yaxshigina romli baba yemoqchiman.
Men romli baba, kofeli ekler va ikki finjon issiq shokolad ichimligi buyurdim.
– Ha, kichkina Klea, albatta eslayman. O’shanda menda kitob do’koni bor edi. Savdogarlar bilan nima bo’lishini ko’rdingizmi? Odamlar xizmatida bo’lganlar nafaqaga chiqqanidan keyin hech kim eslamas ekan. Odamlar oldida qanchalik to’kilib-sochildim – assalom, xayr, rahmat. Ishimni tashlaganimdan keyin ikki yil ichida hech kim yo’qlamay ham qo’ydi. Bizning xilvat yerlarda… Sizningcha, ular meni Oyga uchib ketgan deb o’ylashadimi? U shunday yoqimli edi, kichkina Klea. Men har xil bolalarni ko’rganman, tarbiyasizlarni ham, shuni biling, olma olmaning tagiga tushadi. U “rahmat” demasayam bo’lardi, chunki demaslikka sabab bor edi, lekin u har doim “rahmat” deb yozardi. U ko’pincha do’konga kelar, kitoblarni ko’rar, birortasini tanlar va burchakka o’tirib o’qirdi. Mening erim ham bu kichkintoyni yaxshi ko’rardi, uning uchun maxsus kitoblardan olib qo’yardi. Ketayotganda albatta cho’ntagidan qog’ozcha chiqarardi, unda o’z qo’li bilan “rahmat madam, rahmat mesьe” deb yozilgan bo’lardi. Qiziq, lekin tasavvur qiling, u soqov ham, kar ham emasdi. Ha, ha, kichkina Klea autizmning noyob shakliga uchragan, uning boshida nimadir o’chib qolgan edi. U hamma narsani eshitardi, lekin aytolmasdi. Uni bu qamoqdan nima ozod qilganini bilasizmi? Musiqa. Siz balki, men bularning hammasini romli baba va sigareta uchun to’qib chiqardi, deb o’ylarsiz? Tinchlaning, men hali bu darajaga yetib borganim yo’q. Balki bir necha yillardan keyin shunaqa bo’larman, lekin Xudo mening jonimni oldinroq olishini istayman. Men plyajdagi savdogarga o’xshab qolishni istamayman. Nima qilasiz, bu uning aybi emas, men ham uning o’rnida bo’lsam aqldan ozib qolardim. Butun umringizni bolalaringizni o’stirishga bag’ishlasangiz, va birorta ham bolangiz sizni yo’qlamasa, hatto qo’ng’iroq ham qilmasa, aqldan ozishingiz tayin – hamma narsani top-toza qilib o’chirib tashlashni xohlaysiz. Lekin sizga u emas, balki kichkina Klea qiziq. Men mijozlarning nonko’rligidan shikoyat qildim, men butun umr xizmat qilgan bularning barchasidan, ular endi ko’chada seni go’yo tanimaganga olishadi – baribir noto’g’ri umumlashtiryapman. Erimni tuproqqa qo’ygan kun u marosimga keldi. Ha-ha, o’zi keldi. Men uni tanimadim, o’zimni oqlash uchun aytamanki, u ham sizga o’xshab katta bo’libdi. Axir men bilaman, siz o’sha varrakli bolakaysiz! Bilaman, chunki har yili kichkina Klea bu yerlarga kelganida mening oldimga kelib savol yozilgan qog’ozchani uzatardi: varrakli bola kelmadimi? Bu siz, to’g’rimi? Erimning dafn marosimida u safning oxirida borardi, shunday kamtarin, shunday sarvqomat. Men uning kimligini eslolmay boshim qotib turardi, mening ajablanganimni tasavvur qiling, u mening oldimga keldi va qulog’imga: “Bu men Kleaman, afsusdaman, madam Pushar, men eringizni hurmat qilardim, u menga nisbatan juda marhamatli edi”. Shusiz ham mening ko’zlarim nam edi, shundan keyin esa ko’zyoshlarim buloq bo’lib oqdi. Oh, bularni sizga aytib ham yig’lashimga sal qolyapti.
Madam Pushar ko’zini qo’li bilan artdi. Men unga dastro’molcha uzatdim.
– U meni mahkam quchdi va ketdi. Mening erim bilan xayrlashish uchun uch yuz kilometr yo’l bosib kelibdi. Men bir narsadan ikkinchisiga sakrab ketyapman, meni kechiring. To’xtang, fikrlarimni to’plab olay. Xo’sh, siz kelmagan yoz oylarida kichkina Klea ota-onasidan imkonsiz narsani so’rabdi: u vilonchelda chalishni o’rganishni istabdi. Onasining yuzini tasavvur qiling! U nimani his qilganini angladingizmi? Sizning kar-soqov bolangiz musiqani o’rganishni istayapti, bu xuddi oyoqsiz odamning dorboz bo’lishni istaganiday gap. Endi faqat musiqa haqidagi kitoblarni olar, uning orqasidan kelgan ota-onasi har doim ta’bi xira bo’lib ketishardi. Kleaning otasi xotiniga: “Agar bu narsani haqiqatdan ham qattiq istasa, buni amalga oshirishning yo’lini topish kerak”. Ular Kleani maxsus maktabga berishdi. U yerda bir o’qituvchi quloqlikni bo’yniga osib, tebranishni sezish yo’llarini o’rgatar ekan. Haqiqatdan, taraqqiyotning chegarasi yo’q! Umuman olganda, men bularning bariga qarshiman, lekin bu holatda mashg’ulotlar unga foyda berdi. O’qituvchi Kleaga partituralar bilan notalarni o’rgatayotgan paytda mo»jiza ro’y berdi. Hech qachon gapirmagan Klea nota nomlarini: “Do, re, mi, fa, solь..” deb ayta boshlabdi! Xuddi tunnelь ichidan poyezd chiqqani kabi uning og’zidan gammalar chiqa boshlabdi. Endi ota-onasi tildan qolgudek bo’libdi. Klea musiqani o’rgandi, u ashula ayta boshladi, notaga so’zlarni qo’ya boshladi. Violonchelь tufayli u qamoqdan chiqdi. Violonchelь bilan qamoqdan qochish – hammagayam nasib qilavermaydi!
Madam Pushar shokoladni qoshiqcha bilan aralashtirdi, finjonga labini tekkizdi va likopchasiga qo’ydi. Biz ikkalamiz ham xotiralar qa’riga tushib jimib qoldik.
– U Davlat konservatoriyasiga o’qishga kirdi, o’sha yerda o’qiydi. Agar siz uni topmoqchi bo’lsangiz, avval o’sha yerga borishingizni maslahat bergan bo’lardim. Men madam Pusharga pechenьe va shokoladdan ko’proq oldim, biz ko’chani kesib o’tdik, bir blok sigaret sotib oldik va men uni pansionga kuzatib qo’ydim. Xayrlasha turib, men yozda kelishga va uni plyajga aylantirishga olib borishga va’da berdim. Qari ayol menga mashinani ehtiyot bo’lib boshqarishimni, kamarni taqib olishimni maslahat berdi. Mening yillarimda hali odam o’zini asrashi kerak, dedi.
Men qorong’i aralash paytda yo’lga chiqdim. Kechaning ko’p qismini yo’lda o’tkazdim va ayni navbatchilikka tushishim kerak bo’lganda yetib keldim.
Navbatchilikdan chiqqanimdan keyin darhol oq xalatimni detektiv kostyumiga alishtirdim. Konservatoriya kasalxonadan ancha uzoq edi, Opera maydonida bo’lib, u yerga ikki marta qayta o’tirib metroda borsa bo’lardi. Konservatoriya binosi shundoqqina teatr orqasida edi. Muammo har doimgiday mening bandligimda edi. Sessiya yaqinlashayotgan edi, mashg’ulotlar va navbatchilik orasida bo’sh soatni faqat kech bo’lganda topishim mumkin edi. Faqat o’n kundan keyin men konservatoriyaga yopilishigacha kelishga ulgurdim, unda ham yopilay deb turgandi. Qorovul menga ertaga kelishni maslahat berdi. Lekin men unga kiritishini iltimos qildim. Men kotibiyatga kirishim shart edi.
– Bu soatda hech kim yo’q. Agar hujjat topshirmoqchi bo’lsangiz, beshgacha keling.
Men buning uchun kelmaganimni aytdim. Men talabaman, bu yerga esa meni musiqa hayotida muhim o’ringa ega bo’lgan bir qizni qidirib kelganimni aytdim. Konservatoriya – yagona iz bo’lib, men albatta ma’lumot olishim kerak edi.
– Qaysi kursda o’qiysiz? – so’radi qorovul.
– Internaturaga bir necha oy qoldi.
– Unda tomog’imni ko’rib qo’yishingiz mumkin. Ikki kundan beri yutinganimda og’riydi, vrachga borishga vaqt ham yo’q, pul ham yo’q.
Men jon deb ko’ndim. U meni kirgizdi va men uni xonachasida ko’rib qo’ydim. Men yarim daqiqada tashxis qo’ydim: “angina”. Men unga ertaga “Tez yordam” bo’limiga kelishini va retsept yozib berishimni aytdim, dorilarni kasalxona dorixonasidan sotib olishi mumkin. Xizmatimga minnatdor bo’lgan qorovul men izlayotgan qizning nomini so’radi.
– Klea, – javob berdim men.
– Klea, keyin-chi?
– Men faqat ismini bilaman.
– Hazillashyapsiz deb o’ylayman.
Mening yuz ifodam esa teskarisini aytib turardi.
– Quloq soling, doktor, siz menga yordam berdingiz, men ham sizga yordam bermoqchiman, lekin siz ham tushuning, konservatoriyaga har yili ikki yuztacha talaba o’qishga kiradi, ba’zilari bir necha oy o’qiydi, ba’zilari yillab o’qiydi, boshqa o’quv yurtlariga, konservatoriya filiallariga o’qishini ko’chiradiganlari ham bor. Eng oxirgi besh yilda bizga besh mingdan ortiq odam yozilgan, yana ismi bilan emas, sharifi bilan. Sizning qizingizni qidirish go’yo Zolushkaning mehnati kabi bo’ladi, oti nima edi…
– Klea.
– Ha, ammo sharifsiz Klea… sizga hech qanaqasiga yordam berolmayman, kechirasiz meni.
Qorovul meni kirgizganida qancha xursand bo’lsam, shuncha xafa bo’lib orqamga qaytdim. Sharifsiz Klea. Mana sen kim eding hayotimda, bolalikdan kelgan qizcha, bugun katta bo’lgan, qimmatli xotira, vaqt amalga oshira olmagan qasam. Men metro bekatlarida yurib, damba bo’ylab mendan olding boshing ustida varrak uchirib, yugurayotganingni ko’rib yurardim. Sharifsiz Klea, lekin havoda chiroyli sakkiz shakli yoki ilonizi qila olgan qizcha. Kulgusining ovozi violonchelьga o’xshagan, o’z sirini oshkor qilmay turib, meni yordamga chaqirgan qiz soyasi. Sharifsiz Klea, menga: “Men seni to’rt yil kutdim, sen va’dangda turmading, kelmading”, deb yozgan qiz.
Uyda hali ham mendan arazlab o’tirgan Lyukni ko’rdim. U mendan nega rangim oqarganini so’radi. Men unga konservatoriyaga borganimni va nega bunday qaytganimni tushuntirib berdim.
– Agar shunday davom etadigan bo’lsa, sen sessiyadan yiqilasan. Axir sen faqat u haqida o’ylayapsan. Arvoh ketidan yugurib xarob bo’lasan, qariya.
Men bo’shashibgina, bo’rttirayotganini aytib e’tiroz bildirdim.
– Sen vaqtingni bekorga o’tkazib yurgan paytingda men biroz bu yerlarni yig’ishtirdim. Bilasanmi, savatdagi qancha qog’ozni qoqib tashladim? O’nlab varaqlar, bular ma’ruza yoki kimyoviy formulalar emas, balki rasmlar, aynan bir xil yuz rasmi. Sen qalam bilan yaxshi chizasan, bu qobiliyatingni anatomiya bo’yicha eskiz chizishga sarflasang yaxshi bo’lardi. Sen bu qorovulga Klea violonchelь chalishini aytdingmi, hech bo’lmasa?
– Yo’q, qandaydir xayolimga kelmabdi.
– Ustiga-ustak to’nkayam! – dedi Lyuk kresloga o’tira turib.
– Sen Klea violonchelь chalishini qayerdan bilding, men bu haqida senga aytmagandim.
– O’n kundan beri men Rostropovich musiqasi ostida uxlayman, Rostropovich musiqasi ostida kechki ovqatni yeyman, shu musiqa ostida uxlayman. Biz sen bilan ortiq gaplashmaymiz, violonchelь suhbatning o’rnini bosgan, sen yana qayerdan bilding, deysan! Aytmoqchi, sen bu Kleani qidirib ham topding deylik, u seni tanib qoladi, deb kim aytdi senga?
– Agar u meni tanimasa, hechqisi yo’q.
Lyuk menga diqqat bilan qaradi va birdan gumburlatib stolga bir musht tushirdi.
– Qasam ich! Boshing bilan qasam ich…yo’q, yaxshisi do’stligimiz haqqi qasam ich, agar uchrashsalaring va u seni tanimasa, sen bu qizning nomini abadul-abad o’chirib tashlaysan va men bilgan oldingi odamga aylanasan.
Men jimgina bosh silkidim.
– Ertaga men ishlamayman, kasalxonaga antibiotiklar olishga kiraman, ularni qorovulga olib boraman va qizing haqida biror narsa bilishga harakat qilaman.
Men unga minnatdorchilik bildirdim va uni kechki ovqatga taklif qildim. Pulimiz kam edi va bu g’arib restoranda violonchelь chalishi ham amrimahol edi. Biz yaqindagi bistroga o’tirdik va kechki ovqat paytida biroz ortiqcha ichib qo’ydik, shekilli. Qaytib kelayoganimizda Lyuk boshi aylanishini boshqarolmay o’rindiqda o’tirdi va o’zidagi qiyinchiliklar haqida gapirdi. U o’ylamay-netmay bir ish qilib qo’yganini aytdi, lekin ketidan darhol qasddan qilmagani haqida qasam icha boshladi.
– Nima qilding?
– O’tgan kuni men oshxonaga tushlik qildim, u yerda Sofi ham bor edi, men uning yoniga borib o’tirdim.
– Xo’sh?
– U mendan sen haqingda so’radi.
– Sen nima deding?
– Men yomon yashayotganingni aytdim. U tashvishlana boshlaganida men uni tinchlantirdim. To’g’risi, sening tashvishlaring haqida bir-ikki og’iz gap og’zimdan chiqib ketdi.
– Klea haqida gapirmadingmi, ishqilib?
– Nomini aytmadim, lekin tilimdan chiqib ketganini sezib qoldim. Men o’zingga yaqin ko’rgan birini qidirish bilan ovora ekaningni aytib qo’ydim. To’g’risi, ketidan darhol uni uchratganingda yoshing o’n ikkida bo’lganini ham qo’shib qo’ydim.
– Sofi nima dedi?
– Sofining qanday aks-ta’sir ko’rsatishini sen mendan ko’ra yaxshiroq bilishing kerak. Aytdiki, sening baxtingni topishingga umid qiladi, sen bunga loyiqsan, chunki sen ajoyibsan. Kechir, bekor qildim. Faqat, boshqa narsalarni o’ylab, qasddan aytgan deb o’ylama. Men bu darajada aqlli emasman. Men shunchaki sendan jahlim chiqib turgandi, shuning uchun og’zimdan chiqib ketdi.
– Nega mendan jahling chiqdi?
– Chunki Sofi bularni samimiy aytdi.
Men Lyukka yelkamni tutib, zinadan ko’tarilishiga yordam berdim. U o’lguday mast edi, uni karavotga yotqizdim, o’zim esa oyna oldidagi yer to’shagiga joylashib oldim.
Lyuk va’dasida turdi. Ko’p ichib, ertalabgi bosh og’rig’iga qaramay, u kasalxonaga kelib, dorixonadan antibiotiklar oldi va konservatoriyaga jo’nadi. Agar biror kishidan biror narsani kutayotgan bo’lsa butkul yoqimtoy bo’ladi, buni qanday uddalaydi – men uchun sir. Hamma uning oldida eriydi.
Lyuk qorovulga dorilarni beribdi, ishi haqida gaplashibdi, hayoti xususidagi bir necha voqeani eshitibdi va bir soat ichida konservatoriyadagi talabalar ro’yxatini ko’rib chiqishga ruxsat olibdi. Qorovul uni stolga o’tirg’izibdi, Lyuk sinchkov josus kabi bittalab ko’rib chiqibdi.
U Klea o’qishga kirishi mumkin bo’lgan taxminiy yillar ro’yxatini olibdi. U chizg’ichni satrlarga qo’yib, bittalab ko’ribdi. Oqshomga yaqin u quyidagi yozuv yozilgan satrda to’xtabdi: Klea Norman, birinchi kurs, an’anaviy musiqa bo’limi, asbob – violonchelь.
Qorovul uning shaxsiy delosini ham ko’rib chiqishga ruxsat beribdi, Lyuk esa, o’z navbatida, agar tomog’i bir necha kunda yaxshi bo’lmasa yana dori olib kelishga va’da qilibdi.
Kun oxirlab qolay deganda, men bo’limdagi tinchlikdan foydalanib, kasalxona ro’parasidagi kafega ovqatlanishga bordim. Lyuk keldi va mening yonimda o’tirdi. U qo’liga menyuni oldi va hatto salomlashmasdan gazak, asosiy taom va desert buyurdi.
– Sen mehmon qilasan, – dedi u, menyuni ofitsiantga bera turib.
– Nimaga endi? – deb so’radim men.
– Chunki boshqa menday do’stni topolmaysan, menga ishonaver.
– Sen biron nima topdingmi?
– Agar men cho’ntagimda shanba kuni futbolga ikkita bilet bor desam, sen yo’q leysan, to’g’rimi? To’g’ri qilasan, chunki shanba kuni sening Kleang meriyada kontsert beradi. Dvorjak, vilonchelь uchun kontsert, sakkizinchi simfoniya. Sen uchun uchinchi qatorga bilet olishga muvaffaq bo’ldim, sen uni yaqindan ko’ra olasan. Sen bilan birga borolmayman, kechir, yaqin yuz yilga violonchelьdan to’yib ketdim.
Men shkafga kirib oldim, bu oqshom uchun nimani kiyishni hal qilish kerak edi. Kontsertga yashil shim va oq xalatda bormaymanku!
Univermagdagi sotuvchi ayol menga flanel shimimga mos keladigan moviy ko’ylak va to’q rangli pidjakni taklif qildi. Meriya teatri kichkina ekan, zalda yuztadan kamroq sonli o’rindiqlar yarim doira shaklida joylashgan, sahna ham bor-yo’g’i yigirma metr uzunligida. Bu oqshom ansamblda soz chaladigan musiqachilar soni ham haminqadar. Dirijyor olqishlarga javoban ta’zim qildi, o’ng tomondan ijrochilar guruh bo’lib chiqdilar. Mening yuragim qattiq ura boshladi, hatto ikki chakkamdagi tomirlar ham urar edi. Bir daqiqadan kamroq vaqt ichida hamma o’rniga o’tirdi – men qidirayotgan kishini ko’rish uchun juda kam vaqt.
Zal qorong’ulik qa’riga cho’kdi, dirijyor tayoqchasini ko’tardi va dastlabki notalar jaranglay boshladi. Ansamblning ikkinchi qatorida sakkizta ayol o’tirardi, faqatgina bir ayolning yuzi mening e’tiborimni tortdi.
Sen mening tasavvurimdagidek eding – oldingidan ham chiroyliroq ayol. Sening sochlaring yelkalaringga tushar, menimcha sen violonchelь kamonchasini ko’targaningda biroz xalaqit ham berardi. Men kontsertda sening partiyangni aniqlay olmadim. Keyin solo navbating keldi, kamonchaning bir necha marta ko’tarilishi, men soddalarcha menga atalgan deb o’ylaganim bir nechta nota yangradi. Bir soat o’tdi, men bir lahzaga ham ko’zimni uzmay senga qarab o’tirdim. Zal o’rnidan turib qarsak chalganida, men hammadan balandroq “bravo” deb baqirdim.
Sening ko’zing mening ko’zim bilan to’qnashgandek bo’ldi, nazarimda. Sen hamma musiqachilar bilan baravar ta’zim qilding va parda tushirildi. Shiddat bilan urayotgan yurak bilan men seni kutib olish uchun eshikka bordim. Panada turib, temir eshik ochilishini sabrsizlik bilan kutardim.
Sen paydo bo’lding – qora ko’ylak, sochlar qizil tasma bilan bog’langan. Qandaydir erkak sening belingni quchar va sen unga tabassum qilarding. Men hech qachon inson o’zini bunchalik parchalangandek his qilishi mumkinligini bilmas edim. Men seni bu erkak bilan ko’rdim, sening unga boqqan nigohing, men orzu qilganim – menga qaraganingdagi nigohdek edi. U sening oldingda shunaqa katta ko’rinardi, men esa bu koridorchada juda kichkina ko’rinardim. Men bu erkakning o’rnida bo’lish uchun hamma narsamni berardim, biroq men shunchaki o’zim edim, bolaligimizda sen sevgan odamning soyasi, katta bo’lganimdagi menligimning soyasi edim.
Men bilan tenglashganingda sen menga qarading. “Biz tanishmizmi?” – so’rading sen. Sening tovushing, sen gapira olmagan paytlardagidek, ko’p yillar oldin sening soyang yordamga chaqirganidagi kabi toza va jarangli edi. Men shunchaki seni tinglash uchun kelganimni aytdim. Biroz uyalinqirab, sen dastxat kerak-kerakmasligini so’rading. Men nimadir deb ming’irladim, sening do’stingdan ruchka so’rading. Qog’oz parchasiga ismingni yozding, men minnatdorchilik bildirdim va sen uning qo’lidan ushlab ketding. Ketayotib, sen birinchi muxlising paydo bo’lganini aytding, va bu fikrdan o’zing zavqlanding. Koridor oxiridan kelgan sening kulging violonchelь ovoziga o’xshab ketdi.
Men qaytib kelganimda Lyuk meni pod’ezd oldida kutib turardi.
– Men kelganingda oynadan qarab turgandim, sening yuzingni ko’rib, yaxshisi bir o’zing zinapoyadan chiqmaganing ma’qul, degan fikrga keldim. Afsusdaman, lekin bilasanmi, bu ish boshdan omadsiz ish edi. G’am chekma, qariya. Ketdik, bunday turma, yur aylanib kelamiz, yengilroq tortasan. Gapirish shart emas, lekin gapirish istaging bo’lsa, men shu yerdaman. Ertaga, mana ko’rasan, og’riq chekinadi, indinga esa u haqida o’ylashni ham unutasan. Menga ishon, muhabbat g’ami faqat birinchi-ikkinchi kunda og’ir keladi, keyin esa yaxshimi-yomonmi vaqt davolaydi. Yur, qariya, bekorga o’zingni qiynama. Ertagayoq ajoyib vrach bo’lasan. U hali kimning oldidan o’tib ketganini bilmaydi, lekin mana ko’rasan, hayoting ayolini hali topasan. Bu dunyoda faqat Elizabet yoki Klea emas, sen ulardan ham yaxshilariga loyiqsan.
Men Lyukka bergan va’damning ustidan chiqdim, bolaligim ustidan chiziq tortdim va boshim bilan o’qishga sho’ng’ib ketdim. Oqshomlari biz uchalamiz – Lyuk, Sofi va men birga to’planardik, men va Sofi internaturaga, Lyuk esa yozgi sessiyaga. Imtihonlarni uchalamiz ham a’lo topshirdik va buni qoidaga ko’ra nishonlayotgan edik. Bu yoz men va Sofida ta’til yo’q edi. Lyuk ikki haftaga oilasi yoniga ketdi. U bir necha kiloga semirib, a’lo ko’rinishda keldi.
Kuzda meni ko’rgani oyim keldi. U yangi ko’ylaklar to’la jomadon olib keldi va tepaga, xonamni tartibga solishga chiqa olmasligini aytdi. Zinalardan ko’tarilish uning uchun og’ir, tizzalar og’rig’i kuchayib ketgan edi. Biz ikkalamiz sohil bo’ylab aylanib yurganimizda og’ir nafas olayotganini ko’rib tashvishlandim. U mening yonog’imni siladi va qariyotganini va bunga ko’nikishim kerakligini aytdi.
– Bir kuni sen ham qariysan, – dedi u, u sevgan restoranchada kechki ovqat yeyayotganimizda. – Hozircha yoshlik gashtini surib qol. Qanchalik tezlik bilan o’tib ketishini bilsang edi!
Har doimgidek men qo’limni cho’zgunimgacha hisob qog’ozchasini shartta oldi. U qo’ngan mehmonxonaga borayotganimizda u menga uy haqida gapirib berdi. Oyim ta’mirlash ishlarini boshlabdi, garchi uning nazarida qattiq charchatsa ham, bu ishlar uni zeriktirmayotgan ekan. Yana uning aytishicha, chordoqniyam tartibga solibdi va menga bir quti topib qo’yibdi. Keyingi gal borganimda men chordoqga chiqishim kerak ekan. Men ko’proq narsa bilmoqchi bo’ldim, lekin oyim aytmadi.
– Kelganingda o’zing ko’rasan, – dedi u faqatgina, mehmonxona eshigini yonida peshanamdan o’pa turib.
Keyingi kun men uni vokzalga kuzatib qo’ydim. Shahar uning hiqildog’iga kelgan va u tezroq qaytishni istayotgan edi.
Do’stlar ba’zi bir narsalarni aytmaydilar, ular fahmlanadi. Lyuk va Sofi ko’p vaqtlarini birga o’tkazayotgan edilar. Bu xuddi Elizabet kundan kun Markesga yaqinroq joylarga o’tirib, oxiri sinfning orqasiga, Markesning yoniga o’tirib olganga o’xshaydi. Lekin, bu safar men hammasini anglab turardim. Lyuk biz uchun ovqat pishirgan kunlarini aytmasa, men uni borgan sari kamroq ko’rardim. Internaturaga boshim bilan sho’ng’ib ketdim, u esa o’qishiga to’lash uchun yana ham ko’proq sanitarlik ishini qilar edi. Ba’zan biz bir-birimizga stol ustiga xayrli kun yoki xayrli tun tilab xatcha qoldirardik. Lyuk tez-tez tepadagi qo’shnimizdan xabar olib turardi. Bir kunpi u tepasida qattiq to’qillagan tovushni eshitib, yiqilib tushdi deb o’ylab, yugurib chiqibdi. Alisa o’zini yaxshi sezayotganmish, shunchaki o’tmishini eslatib turgan har qanday narsadan qutulish uchun uyni tozalayotgan ekan. Uy burchagiga rasmli alьbomlar, papkalar, butun umr davomida to’plangan turli-tuman suvenirlar otilayotgan ekan – hammasi yo’qolsin!
– Men bularni o’zim bilan go’rimga olib ketolmayman, – debdi u Lyukka eshikni ocharkan, quvnoq tabassum bilan.
Xonada hukm surayotgan tartibsizlik ustidan kulib, Lyuk yarim kun qo’shni ayolga yordam beribdi. U yelim xaltalarni to’ldirib beribdi, Lyuk esa ularni bakka tashlab kelibdi.
– Yo’q-yo’q, men bolalarimga bunday zavqni ravo ko’rmayman, men o’lgandan keyin meni yaxshi ko’rishlari kerak emas, oldinroq o’ylash kerak edi!
O’sha g’alati kundan keyin ularning do’stligi boshlandi. Har safar, zinapoyada qo’shnimni ko’rib salomlashganimdan keyin Lyukka salom aytishimni so’rardi. Lyuk uning kuchli fe’lidan hayratda qolib, ko’pincha u kechki suhbat uchun meni tark etardi.
Rojdestvo yaqin edi. Men oyimni ko’rib kelish uchun bir necha kun ta’til olmoqchi bo’ldim, lekin bo’lim mudiri rad etdi.
– “Intern” so’zining ma’nosini bilasizmi? – dedi iltimosimga javoban. – Haqiqiy vrach bo’lganingizdan keyin bayramlarda dam olishingiz mumkin, keyin xuddi men kabi o’rningizga internlarni tayinlasangiz bo’ladi, – keyin nasihatomuz ohangda qo’shib qo’ydi, – yana bir necha yil mehnat qilganingizdan keyin oila davrasida kurka go’shtini yeb, bayramni nishonlaysiz.
Men oyimga aytdim, u esa albatta, meni kechirdi. Internaturaning hamma qiyinchiliklarini undan boshqa kim ham yaxshi tushunardi? Ayniqsa, sizning boshlig’ingiz kibrli va o’ziga bino qo’ygan bo’lsa. Har doimgidek, oyim meni tinchlantirish uchun so’z topdi.
– Maktabda seni taqdirlashganida borolmaganimda nima deganing esingdami?
– Keyingi yil ham taqdirlash marosimi bo’ladi, – dedim men.
– Rojdestvo ham albatta bo’ladi, o’shanda ham boshlig’ing senga javob bermasa, biz Rojdestvoni yanvarda nishonlaymiz.
Bayramga bir necha kun qolganda, Lyuk jomadonini yig’a boshladi va negadir odatdagidan ko’proq narsa joyladi. Men orqamni o’girganim zahoti u shoshib sviterlar, kiyimlar va shimlarni, shu jumladan mavsumga mos kelmaganlarini ham tiqa boshlardi. Oxiri men buni sezdim, uning yuz ifodasi ham boshqacha edi.
– Sen qayerga hozirlanding?
– Uyga.
– Bir necha kun ta’til uchun senga shuncha kiyim kerakmi?
Lyuk kresloga o’tirib oldi.
– Hayotimga nimadir yetishmayapti.
– Nima yetishmayapti?
– O’zimning hayotim yetishmayapti.
U qo’llarini ko’kragida chalishtirdi va menga qarab davom ettirdi:
– Bu yerda menga baxt yo’q, qariya. Men o’ylovdimki, vrach bo’lib o’zimning ustimdan hokim bo’laman va ota-onam men bilan faxrlanishadi. Bulkachining o’g’li – doktor, tasavvur qil! Faqat, bilasanmi, qachonlardir buyuk xirurg bo’lganimda ham dadamday bo’lolmayman. Dadam shunchaki non pishiradi, lekin erta saharda nonga kelganlarning qanchalik baxtli ekanini ko’rsang edi. Dengiz bo’yidagi mehmonxonada oladьya pishirganimda qariyalarning yuzi esingdami? U esa bunday mo»jizani har kuni amalga oshiradi. U juda kamtar, shu bilan birga kam gapiradigan odam, lekin uning ko’zlari hamma narsani aytib turadi. Men u bilan pech oldida ishlaganimda tun bo’yi bir og’iz gaplashmas edik, lekin o’sha paytlarda bizdan yaqin odam yo’q edi. Men unga, faqat unga o’xshashni istayman. U meni o’rgatmoqchi bo’lgan kasb – men shu bilan shug’ullanmoqchiman. Mening ham bir kuni bolalarim bo’lar, agar men ham yaxshi bulkachi bo’lsam, hozir men faxrlanganim kabi mening bolalarim ham men bilan faxrlanishini bilaman. Mendan xafa bo’lma, lekin Rojdestvodan keyin men qaytmayman va tibbiyotni to’xtataman. To’xtab tur, hech narsa demay tur, men hali tugatganim yo’q. Sening ishing ekanini, sen dadam bilan gaplashganingni bilaman. U menga buni aytmadi, buni oyim og’zidan gullab qo’ydi. Men bu yerda yashagan har bir kunimda, hatto sen jiddiy jonimga tekkan paytlarda ham, men xayolan senga rahmat aytardim, xayolan o’qishga imkoniyat berganing uchun minnatdorchilik bildirardim. Sen tufayli men hozir nima bilan shug’ullanishim kerakligini aniq bilaman. Sen uyga kelganingda men sen uchun shokoladli bulochka va kofeli eklerlar pishiraman, va biz ularni oldingi vaqtlardagidek birodarlar kabi bo’lishib yeymiz. Yo’q, yaxshisi biz ularni kelajakdagi kabi tatib ko’ramiz. Sen o’ylama, men senga “alvido” demayman, bu shunchaki “ko’rishguncha”, qariya.
Lyuk meni mahkam quchoqladi. U yig’layotgan kabi ko’rindi menga, men ham ko’z yoshi to’kdim shekilli. Ikki erkakning quchoqlashib yig’lashi tentaklik. Balki bunday emasdir, agar ular o’rtoq bo’lsalar va bir-birlarini birodarlardek yaxshi ko’rsalar.
Ketish oldidan Lyuk yana bir narsani aytdi. Men uning narsalarini eski “universal” yukxonasiga joylashiga yordam berdim, u rulga o’tirdi, eshikni yopganidan keyin menga bir narsani aytish uchun mashina oynasini tushirdi:
– Bilasanmi, bu haqida so’ramoqchi emasdim, lekin endi, Sofi bilan munosabatingiz aniq bo’lsa, aytmoqchimanki, faqat do’st ekaningizni u bilsa, ba’zan unga qo’ng’iroq qilib tursam xafa bo’lmaysanmi? Balki sen sezmagandirsan, lekin o’sha dengizga borganimizda, sen mayoq qo’riqchisi rolini o’ynab, osmonga varrak uchirganingda biz ko’p gaplashdik. Balki men adashayotgandirman, lekin o’sha paytda oramizdan uchqun o’tgandek bo’ldi… Nima demoqchi ekanimni tushundingmi? Agar qarshi bo’lmasang, men seni ko’rgani biror kun kelaman va uni ham kechki ovqatga taklif qilaman.
– Shuncha qiz turganda aynan Sofiga ishqing ketishi kerakmi?
– Qarshi bo’lmasang, deb aytdimku. Yana nima qilishim mumkin?
Mashina o’rnidan qo’zg’aldi va Lyuk oyna ortidan menga qo’lini silkidi. Ishga sho’ng’ib, oylar o’tib ketganini sezmay qoldim. Chorshanba kunlari biz Sofi bilan do’stona kechki ovqatlar uyushtirardik, ba’zan kinoga borardik, zal qorong’uligida bizning yolg’izligimiz birlashardi. Lyuk unga har hafta xat yozardi. Otasi taburetkada mudragan paytlari u qisqagina xat yozishga ulgurardi. Har safar Sofi undan salomlar yetkazardi, Lyuk do’stiga xat yozolmayotgani uchun kechirim so’rardi. O’ylaymanki, u shunday tarzda Sofi bilan yozishmalari haqida xabardor qilib turardi.
Xonamda tinchlik hukm surar, menimcha haddan tashqari kuchli tinchlik edi. Ba’zan men bu xonaga ko’z yugurtirardim, uchalamiz oqshomlarni o’tkazganlarimizni eslardim, oshxona eshigiga qarab, hozir u yerdan Lyuk qo’lida mazali makaroni yoki zapekankasi bilan chiqib kelayotgandek ko’rinardi. Men unga va’da berdim va uni bajarishga harakat qilardim. Seshanba va shanba kunlari men qo’shnimizdan xabar olgani chiqardim va bir soat u yerda qolardim. Bu oylar davomida men uning bolalaridan ko’ra ko’proq hayoti haqida ma’lumotga ega bo’ldim – uning o’zi shunaqa deb aytardi. Bu xabar olishlar foyda keltirdi – dori ichishni istamaydigan Alisa vrach obro’siga yon berardi.
Bir kuni, dushanba kuni kechqurun, meni hayratda qoldirib, orzularimdan biri ushaldi. Men zinaga ko’tarilayotgan mahal uyimdan tanish hidlar kelayotganini sezib qoldim. Eshikni ochib, men fartuk taqib olgan Lyukni va yerda turgan uchta idishni ko’rib qoldim.
– Ha-da, men senga kalitni qaytarib berishni unutibman! Zinada kutib o’tirmaymanku! Sen sevgan ovqatni tayyorladim, makaronli zapekanka, barmoqlaringni qo’shib yeysan. Ko’rganingdek, bu yerda uchta likopcha, men Sofini taklif qildim. Agar qo’lingdan kelsa, ovqatga qarab tur, men dush qabul qilishim kerak, u yarim soatdan keyin keladi, men esa hali kiyimimni almashtirishga ulgurmadim.
– Birinchidan, salom, – dedim men.
– Faqat gaz pechini ochma! Senga ishonaman, men besh daqiqada chiqaman. Sen menga ko’ylak berib turasanmi? Mana, – u shkafni titkiladi, – ko’k ranglisi bo’ladi. Agar bilsang, bulkaxona seshanba kunlari ishlamaydi, men shundan foydalandim. Poyezdda uxlab oldim, endi yangi uzilgan mevadayman. Baribir bu yerga qaytish juda yoqimli ekan.
– Men ham seni ko’rganimdan juda xursandman.
– Ha, oxiri aytding, men aytishingni kutib o’tirgan edim! Shim-chi? Senda men uchun shim topiladimi?
Lyuk mening xalatimni karavotga tashladi, tanlangan shimni kiydi va oynaga qarab sochini taradi.
– Sochimni oldirishim kerak ekan, to’g’rimi? Sochim to’kilyapti, sezyapsanmi? Irsiyatdan bo’lsa kerak. Dadamning ham boshida pashshalar uchun keng aerodrom ochilgan, menda esa yaqinda peshanamda qo’nish maydonchasi hosil bo’ladi. Qanday ko’rinyapman? – deb so’radi u menga o’girilib.
– Unga yoqasan, agar shuni bilmoqchi bo’lsang. Sofi seni mening kiyimimda juda jozibali deb qabul qiladi.
– Nimalarni o’ylaysan-a? Shunchaki, men ko’p vaqt fartukda bo’laman, bir marta chiroyli kiyimda bo’lish yoqimli, shu.
Sofi eshik qo’ng’irog’ini chaldi va Lyuk uni kutib olish uchun yugurdi. Uning ko’zlari yoshligimizda Markesga qitmirlik qilgan paytlarimizdan ham ko’proq chaqnab ketdi.
Sofi to’q ko’k rangli sviter va tizzasigacha keladigan katak-katak yubka kiyib olgan edi. U o’sha kuni arzon sotuvdan sotib olgan va retro uslubidagi yangi kiyimlari yarashgan-yarashmaganini bizdan so’radi.
– Senga juda yarashibdi, – dedi Lyuk.
Sofi uning javobidan qoniqdi shekilli, mening javobimni kutmasdan uning orqasidan oshxonaga ketdi.
Kechki ovqat paytida Lyuk talabalik hayotini qo’msashini, lekin prozektorlik xonasi, kasalxona yo’laklari, ayniqsa “Tez yordam” bo’limini emas, balki mana shunday oqshomlarni sog’inishini aytdi.
Kechki ovqatdan keyin men yolg’iz qoldim. Bu safar Lyuk Sofi bilan birga uning uyiga ketdi. Ketayotganida bahor oxirigacha yana meni ko’rgani kelishini aytdi. Lekin taqdir boshqacha qaror qilgan ekan.
Oyim mart oyining birinchi kunlarida kelishini yozgan edi. Uning kelishiga atab men restoranda joy buyurtma qildim va bo’lim mudiridan zo’rg’a bir kunga javob oldim. O’sha kuni, chorshanba ertalab, men uni kutib olgani vokzalga chiqdim. Passajirlar vagondan chiqar, lekin ularning orasida oyim yo’q edi. Nogahon perronda Lyukni ko’rib qoldim. Yuksiz, qo’llari bo’m-bo’sh, u menga qimirlamay qarab turardi. Men uning ko’zlarida yosh ko’rdim va dunyo ostin-ustun bo’lganini, endi hech narsa oldingiday bo’lmasligini angladim.
Lyuk sekin men tomonga yurib kela boshladi. Men uning yetib kelmasligini, menga atalgan so’zlarini aytmasligini istar edim. Meni chiqishga shoshilayotgan passajirlar to’dasi o’rab olgan edi. Men uchun yer aylanishdan to’xtab qolgan edi, shu topda yer odatiy aylanadigan bo’lib qolishni istardim.
Lyuk: “Oying vafot etdi, qariya”, — dedi va o’tkir pichoq ich-ichimga sanchilib ketdi. Lyuk meni ushladi, quchoqladi, men esa o’kirib yig’lardim. Shu perronda mendan uzoq bolaligimdan keluvchi uzun o’kirik chiqdi. Lyuk yiqilib ketmasligim uchun meni mahkamroq siqdi va shivirladi: “Baqir, xohlagancha baqir, qariya, men shuning uchun bu yerdaman”.
Men ortiq seni ko’rmayman, ovozingni eshitmayman, endi ertalablari chaqirganing kabi hech qachon meni chaqirmaysan, seni o’rab turgan ambra hidini ortiq tuymayman. Endi men quvonch va qayg’ularimni hech kim bilan bo’lisholmayman, endi biz bir-birimizga hech narsani aytib berolmaymiz. Men yanvar oxirida senga olib keltirgan mimozalarni ortiq mehmonxonaga vazaga qo’ymaysan. Endi ortiq yozda somon shlyapa, birinchi kuzning birinchi sovuqlarida yelkangga o’raydigan kashemir palantinni boshqa kiymaysan. Endi dekabr qori bog’ni o’ragan paytda kaminni yoqmaysan. Sen bahor kelguncha ketding, meni ogohlantirmasdan ketding, va hech qachon vokzal perronida, sening ortiq yo’qligingni bilganim lahzadagidek kabi o’zimni yolg’iz his etmaganman.
“Bugun mening oyim vafot etdi” – bu jumlani yuz martalab takrorladim, ammo baribir ishonolmadim. Oyim vafot etganida yuzaga kelgan bo’shliq abadul-abad ichimda, men bilan qoldi.
Perronda Lyuk menga nima bo’lganini aytib berdi. O’shandan bir kun oldin u oyimga vokzalga kuzatib qo’yishini taklif qilibdi. U oyimni eshik holda uzala tushgan ko’yi ko’ribdi. Lyuk “Tez yordam” chaqiribdi, lekin juda kech bo’lgan ekan, kechadayoq joni uzilgan ekan. Darcha eshigini yopish uchun chiqib yiqilib qolgan shekilli, yuragi shu zahoti to’xtagan. Oyim o’zining eng oxirgi tunini osmondagi yulduzlarga qaragan ochiq ko’zlari bilan yerda, o’zining bog’ida o’tkazibdi. Biz ikkalamiz birga poyezdga o’tirdik. Lyuk jim turib menga qarab turar, men esa lipillayotgan manzaraga qarardim va oyim mening oldimga kelayotganida necha marta shunaqa manzarani tomosha qilgan ekan, deb o’ylardim. Men u sevgan restorandagi stol buyurtmasini bekor qilishni unutdim.
U meni janoza zalida kutib turardi. Oyim har doim juda jonkuyar edi, janoza xizmatchisi oyim hammasini oldindan tayyorlab qo’yganini aytdi. U meni tobutda cho’zilgan ko’yi kutib turardi. Rangi oqargan, bir paytlar maktabdagi ilk mashg’ulotlarim kunida hammasi yaxshi bo’ladi, qabilidagi tinchlantiruvchi tabassumi bilan yotardi. Men dudoqlarimni oyimning yonog’iga tekkizdim. Oxirgi o’pich – xuddi bolalik sahnasiga yakuniy va qaytarib bo’lmaydigan parda tushirilgani kabi. Men uning tinchligini qo’rib, ilgari mening yonimda necha tunlarni bedor o’tkazgani kabi yonida tunni o’tkazdim.
Bolaligimizda qachondir bir kuni ota-onamizni tark etishni orzu qilamiz, lekin ota-onamiz bizni tark qiladigan kun yetib keladi. O’shanda biz boshqa narsani orzu qilamiz: ularning qanoti ostida yashaydigan bola bo’lishni, ularni quchish, uyalmasdan yaxshi ko’rishimizni aytishni, ular bizni yana bir tinchlantirishi uchun mahkam quchishini istaymiz.
Men ruhoniyning oyim qabri ustida aytgan va’zini tingladim. “Biz ota-onamizni yo’qotmaymiz, vafot etganidan keyin ham ular bizda yashashni davom ettiradilar. Bizga hayot bergan, butun muhabbatini taqdim etgan kishilar izsiz ketishi mumkin emas”.
Ruhoniy haq edi, lekin ortiq oyimning yer yuzida mavjud emasligi, ovozini ortiq eshitmasligim, bolalik uyining deraza to’sinlari ortiq ochilmasligi fikri shunday yolg’izlikka mahkum etadiki, bu hatto Xudo uchun ham og’ir holat.
Men hech qachon oyim haqida o’ylashdan to’xtagan emasman. U hayotimning har bir lahzasida men bilan birga. Ba’zan men filьm ko’rayotganimda oyimga yoqmasa kerak, degan xayolga boraman, qachondir xirgoyi qilgan qo’shig’ini aytib qolaman, ba’zan esa yonimdan o’tib ketgan ayoldan oyimni xotirlatuvchi tanish ambra hidini tuyib qolaman. Ba’zan men ming’irlab oyim bilan gaplashib qolaman. Ruhoniy haq edi: Xudoga ishonasanmi-yo’qmi, oyim vafot etishi mumkin emas, uning abadiyligi shu yerda, uni sevgan bolakay yuragida. Men ham o’z navbatida o’zim tarbiyalaydigan farzandim yuragida abadiyat parchasini egallashga umid qilaman.
Deyarli butun shaharcha janozaga keldi. Hatto meni hayratda qoldirib, ko’kragida uch xil rangli sharf bilan Markes ham keldi. Bu to’nka baribir meriyaga kirishga muvaffaq bo’libdi. Lyukning otasi janozaga kelish uchun bulkaxonasini yopdi. Hatto maktab direktori – xonim ham keldi, u hammadan ko’proq yig’ladi va meni “mening kichkinam” deb atadi. Sofi ham keldi: Lyuk unga qo’ng’iroq qildi, u ham dastlabki ertalabki poyezd bilan yetib keldi. Nimagaligini bilmadimu, ularni qo’lma-qo’l ushlab turgani menga taskin berdi. Hamma tarqab ketganidan keyin qabr boshida yolg’iz qoldim. Men karmonim ichidan dadam mening qo’limdan ushlab turgani tushirilgan rasmni chiqardim, bu rasm har doim yonimda yurardi. Men bu rasmni oyimning qabriga qo’ydim, bugun oxirgi marotaba uchalamiz birga yig’ilgandek bo’ldik.
Marosimdan keyin Lyuk meni o’zining eski “universal”ida meni uyimga olib borib qo’ydi. Oxiri ijaraga bergan odamdan Lyuk bu mashinani sotib olibdi.
– Sen bilan boraymi?
– Yo’q, rahmat, Sofi bilan qol.
– Qanday qilib seni bu oqshom yolg’iz qoldiramiz?
– Aynan shu narsani xohlayapman. Men bir necha oydan beri uyda bo’lmaganman, keyin, men hali ham oyimning ruhi uyim devorlarida borligini his qilyapman. Seni ishontirib aytamanki, garchi qabrda yotgan bo’lsa ham, bu oxirgi kecha oyim bilan uyda bo’laman.
Haliyam ketish-ketmasligi bilmay turgan Lyuk jilmaydi va aytdi:
– Bilasanmi, maktab payti hammamiz oyingni yaxshi ko’rardik.
– Men buni bilmas edim.
– U sinfimizdagi hamma oyilardan chiroyliroq edi, hatto o’sha ovsar Markes ham unga boshqacha qarardi.
Qadrdon do’stim baribir meni kuldirishning uddasidan chiqdi. Men mashinadan chiqdim, uni ko’zim bilan kuzatib, uyga kirdim.
Men oyim uyni ta’mir etmaganini bildim. Uning tibbiyot kartasi mehmonxonadagi pastak stol ustida yotardi. Men uni varaqladim, oxirgi kardiogramma natijalarini ko’rib hammasini tushundim. Go’yoki o’rtog’i bilan ta’tilga ketgan kunlari aslida kasalxonada bo’lgan. Yanvar oxirida unda yurak xuruji bo’lgan, men, Lyuk va Sofi dengiz bo’yiga borganimizda u kasalxonada tekshiruvga yotgan. Mening tashvishlanishimni istamagani uchun ta’til voqeasini o’ylab chiqargan. Men oyimni turli kasalliklardan asrash uchun tibbiyotda o’qidim – uning kasal ekanini hatto bilmagan ekanman.
Men oshxonaga o’tib muzlatgichni ochdim, u yerda o’limidan oldin tayyorlab qo’ygan ovqatni ko’rdim…
Men eshigi ochiq turgan muzlatgich yonida qaqqayib turar va ko’z yoshlarimni to’xtata olmasdim. Men janoza marosimida yig’lamadim, go’yoki odamlar oldida o’zimni qo’lga olishimni kerakligini oyim aytgan kabi bo’ldi. Lekin mana shunday mayda-chuyda narsalarda yaxshi ko’rgan odamingni yo’qotganingni o’tkir his qilasan. Chiqillashda davom etayotgan, tumbochka ustidagi soat, g’ijim to’shak, stakan ichidagi tish cho’tkasi, “bog’ni tomosha qilishi uchun” tumshug’i oynaga qaratib qo’yilgan choynak, stolda esa zarang siropli olmali pirog qoldiqlari.
Mening bolaligim bu yerda, xotiralar to’la, oyim bilan birga yashagan paytimiz xotiralariga to’lgan shu uyda yashar edi. Men chordoqda oyim qoldirgan quti haqida eslab qoldim. Oy to’lin edi va men chordoqqa chiqdim.
Quti polda, ko’zga ko’rinadigan joyda turardi. Qopqog’i ostida oyim yozgan xatni topib oldim.
“Qadrdonim!
Oxirgi kelganingda chordoqga chiqqaningni bildim. Men bu yerga yana kelishingni bilardim, shuning uchun oxirgi uchrashuvni shu yerda tayinladim. Hali soyalar bilan gaplashadigan vaqting bo’lishiga ishonchim komil. Men sening ustingdan kulmayapman, bunaqa deb o’ylama, shunchaki bu menga bolaligingni xotirlatadi. Sen maktabga ketganingda men xonangni yig’ishtirish uchun borardim, hidingni tuyish uchun yostig’ingni qo’limga olib hidlardim. Sen uydan ellik metrcha narida eding, lekin men halitdan seni sog’ina boshlardim. Bilasanmi, ona oddiy tuzilgan, u har doim bolalari haqida o’ylaydi. Sizlarning ko’zlaringiz ochilgan lahzadan boshlab butun fikr-xayollarimizni egallab olasizlar. Bizlar uchun bundan ortiq baxt yo’q. Men yaxshi ona bo’lish uchun ko’p harakat qildim – lekin sen kutganimdan ham ortiq yaxshi farzand bo’lding. Sen ajoyib vrach bo’lasan.
Bu quti senga tegishli. U mavjud bo’lmasligi kerak edi. Kechir.
Seni har doim yaxshi ko’ruvchi onang”.
Men qutini ochdim, ichida dadam menga jo’natgan xatlar, har Rojdestvoda, har tug’ilgan kunimda jo’natgan xatlari bor edi. Men oynak oldida o’tirardim va osmonga ko’tarilayotgan to’lin oyni tomosha qilardim. Dadamning xatlarimni ko’kragimga bosib: “Oyi, oyi, nega bunday qildingiz?” derdim.
Shu payt polda mening soyam cho’zildi, uning yonida esa oyimning soyasi paydo bo’ldi. U bir vaqtning o’zida ham menga jilmayar, ham yig’lardi. Oy o’zining harakatini davom ettirdi va oyimning soyasi yo’qoldi.
Men uxlay olmadim. Xona tinch, devor ortida shitirlagan tovush eshitilmas edi. Men ko’nikkan tovushlar o’chgan, pardalar burmasi qimirlamay qotib qolgan edi. Men soatga qaradim. Tungi soat uchda Lyuk tanaffus qiladi, men esa uni ko’rishni istab qoldim. Shu xayol bilan men oyoqlarim qayerga olib ketishini tasavvur ham qilmasdan, orqamdan uy eshigi yopdim.
Tun qorong’usida deyarli ko’rinmayotgan tor ko’chaga qarab burildim. Mening qadrdon do’stim, stulda o’tirib, otasi bilan suhbat qilayotgan edi. Men ularga xalaqit bermadim, burilib qaytib ketdim. Qayerga borayotganimni bilmay maktab to’sinigacha qadam qo’ydim. Maktab eshiklari ochiq ekan, men tabaqasini itarib ichkariga kirdim. Maktab hovlisi jim-jit va bo’sh edi – harholda menga shunday ko’rindi. Biroq, kashtanga yaqin bori, meni chaqirgan ovozni eshitib qoldim.
– Men seni bu yerda uchrataman deb o’ylamagandim.
Men seskanib ketdim va o’girildim. O’rindiqda Iv menga qarab turardi.
– Kel bu yoqqa, men bilan o’tir. Shuncha vaqt o’tib ketdi, bir-birimizga aytadigan gaplarimiz bordir.
Men uning yoniga o’tirdim va bu yerda nima qilayotganini so’radim.
– Men oyingning janozasiga bordim. Xudo rahmat qilsin, ajoyib ayol edi. Men biroz kech qoldim va marosim oxiriga yetib bordim.
Men Iv oyimning janozasiga kelganidan ta’sirlandim.
– Sen bu yerga, maktab hovlisiga nega kelding? – so’radi u mendan.
– O’zim ham bilmayman, qiyin kun bo’lgani uchundir.
– Kelishingni bilardim. Nafaqat oyingning dafn marosimi, balki mening istagim ham seni bu yerga chaqirgan, bu yerga kelishingni xohlagandim. Sening nigohing hali ham o’sha-o’sha, men buni bilardim, lekin baribir ishonch hosil qilmoqchi edim.
– Nega?
– Chunki, o’ylaymanki, ikkalamiz ham xotira qidiramiz, ular yo’qolib qolmasidan topishga shoshamiz.
– Hozir qanday yashayapsiz?
– Men ham senday boshqa osmonlar ostiga borib qolganman, yangi hayot qurganman. Lekin sen maktab o’quvchisi bo’lgansanku, bu devorlar va shaharchani tark etganingdan keyin nimalar qilding?
– Men vrachman, to’g’rirog’i… deyarli vrachman. Men hatto onam kasal ekanini aniqlay olmadim. Men boshqalar ko’ra olmaydigan narsalarni ko’ra olaman, deb o’ylagan edim, lekin ulardan ham battar ko’r ekanman.
– Men senga bir kuni nimani va’da qilgandim, eslaysanmi? Agar qalbingda biror narsa bo’lsa, bu narsani aytish uchun irodang kamlik qilsa, menga ishonishing mumkin, men seni sotmayman. O’ylaymanki, hozir ayni vaqti…
– Kecha men oyimni ko’mdim, u o’zining kasal ekani haqida hech narsa aytmagan edi, kechqurun esa uyimiz chordog’idan oyim yashirib qo’ygan, dadamdan kelgan xatlarni topib oldim. Mana shunaqa qilib, hammasi kichkina yolg’ondan boshlanadi, keyin o’zingni to’xtatolmaysan.
– Dadang nima deb yozgan ekan? Yoki bu takallufsiz savolmi?
– U maktabda bo’ladigan, mukofotlash marosimiga har yili meni ko’rish uchun kelgan ekan. To’siq ortida chetda turib kuzatgan ekan. Shunday yaqin va shu bilan birga juda uzoq.
– Boshqa narsa yo’qmi?
– Yana u oxiri chekinganini yozibdi. Oyimni uni deb tashlab ketgan o’sha ayol ham unga o’g’il tug’ib beribdi. Mening o’gay ukam bor. Dadamning so’zlariga qaraganda, u menga o’xshar ekan. Bu safar mening haqiqiy soyam paydo bo’ldi. Qiziq-a?
– Nima qilmoqchisan?
– Bilmayman. Oxirgi xatida dadam o’zining irodasizligini, yangi oilasining kelajagini ta’minlash uchun o’tmishini orqada qoldirganini aytgan. Bunchalik muhabbat qayerga ketganini endi bilaman.
– Sen kichkina bo’lganingda, nafaqat o’zingning, balki boshqalarning ham baxtsizligini his qila olishing seni hech kimga o’xshamasligingni ko’rsatardi. Sen shunchaki katta bo’lding. – Iv menga jilmaydi va takalluf qilmasdan savol berdi: – Agar kichkinaliging hozirgi katta erkakligingni uchratib qolsa, nima deb o’ylaysan, ular kelishib ketarmidi, do’stlasharmidi?
– Siz kimsiz? – dedim men.
– Men katta bo’lishni istamagan maktab qorovuli, sen unga ozodligini qaytarib bergan yoki senga do’st kerak bo’lganda o’zing o’ylab topgan soyaman – xohlaganingni tanla. Men sening oldingda qarzdorman, o’ylaymanki shu kechasi qarzni uzish payti keldi. Ha, kerakli vaqt… Ikki kishining uchrashishi haqida nima deganim esingdami? Eslashimcha, sen o’shanda birinchi marotaba muhabbatdan yaralangan eding.
– Ha, eslayman, men o’sha kuni biroz baxtsiz edim.
– Bilasanmi, kerakli vaqt – ayriliqdan keyingi uchrashuvga ham taaluqli. Mening qorovulxonam orqasini qidir, men u yerda sen uchun bir narsa qoldirganman. Boraqol! Men seni bu yerda kutaman.
Men o’rnimdan turdim va taxta uycha orqasiga o’tdim, lekin shuncha qidirib, hech narsa topolmadim.
– Yaxshilab qidir! – Ivning ovozini eshitdim.
Men tizzalab o’tirdim, oy yorqin nur sochar, xuddi kunduz kabi ko’rinar, lekin baribir hech narsa yo’q edi. Shamol turdi, chang ko’tarildi va yuzimga kelib urildi. Ko’zimni qisib, ko’zimni artish va biroz bo’lsa ham ko’rish maqsadida dastro’molcha qidirib qoldim. Men kontsertga borganda kiyganim pidjak cho’ntagidan bir parcha qog’oz chiqdi – bu violonchelь chaladigan ayolning dastxati edi.
Men o’rindiqqa qaytdim, lekin Iv yo’q edi, hovli yana bo’shab qolgan edi. U o’tirgan joyda ustiga toshcha qo’yilgan konvert bor edi. Men uni ochdim – vaqt o’tib biroz sarg’aygan bo’lsa ham juda yaxshi qog’ozga ko’chirilgan nusxa bor edi.
O’rindiqda bitta o’zim o’tirib men xatni o’qidim. Oyimning eng buyuk orzusi – haqiqiy inson bo’lib yetishishim, o’z kasbimni topishim, baxtli bo’lishim, hayot bo’yicha tanlovim qanaqa bo’lishidan qat’iy nazar, agar men sevgan va sevilgan bo’lsam, uning umidlari oqlanishi haqida yozgan satrlari meni bolalikka mahkam bog’lab turgan zanjirlardan ozod qilgandir.
Ertasiga men oyna to’sinlarini yopib, Lyuk bilan xayrlashgani bordim. Oyimning eski mashinasida kun bo’yi yurib, kechga yaqin kichkina kurort shaharchaga yetib bordim. Men mashinani damba yaqiniga qo’ydim, eski mayoqni o’rab turgan zanjirdan sakrab o’tdim, gumbazga ko’tarildim va varrakni eski joyidan topib oldim.
Oilaviy pansion xo’jaykasi meni oldingidan ham pushaymonlik ifodasi bilan kutib oldi.
– Hali ham bo’sh xonamiz yo’q, – oh bilan dedi u.
– Bu muhim emas, men faqat bir qariyani ko’rgani keldim, uning qayerdaligini bilaman. Kreslosida o’tirgan madam Pushar o’rnidan turib meni qarshiladi.
– Siz va’dangizda turasiz, deb o’ylamagandim. Qanday yoqimli syurpriz!
Men uning oldiga kelmaganimni aytdim. U ko’zini pastga qaratdi, qo’limdagi sumkaga va boshqa qo’limdagi varrakka qaradi.
– Omadingiz bor ekan, bugun miyasi joyida deb aytolmayman, lekin bugun ancha yaxshi. U o’zining xonasida hozir, yuring men sizni kuzataman.
Biz ikkalamiz zinadan ko’tarildik, madam eshikni taqillatdi va biz plyajdagi do’konchining xonasiga kirdik. U o’qiyotgan ekan.
– Sizga mehmon keldi, Leon, – dedi madam Pushar.
– Shunaqami? Men hech kimni kutayotganim yo’q, – dedi qariya kitobni tumbochkaga qo’yib.
Men yaqinlashdim va g’arib ahvolga tushib qolgan varragimni unga ko’rsatdim. U juda uzoq ko’rdi, va nogahon yuzida tabassum o’ynadi.
– Buni qarang-a, qachonlardir men xuddi shunaqasini bitta bolakayga sovg’a qilgandim, uning oyisi shunchalik xasis ekan-ki, tug’ilgan kuniga sovg’a qilmabdi. Oyisi bilib qolmasligi uchun har oqshom bolakay menga olib kelib berar, ertalab esa olib ketardi.
– Men sizni aldagandim, oyim dunyodagi eng saxiy odam edi, men so’rasam dunyodagi barcha varraklarni beradigan darajada saxiy edi.
– Aslida u menga ertak to’qidi, deb o’ylayman, – davom etdi qariya meni eshitmay. – Lekin bolakayning yuzida shunaqa baxtsiz ifoda bor ediki, men o’zimni to’xtatolmadim va unga varrakni sovg’a qildim. Ha, mening do’konim oldiga kelganda ko’zlari yonib turgan bolakaylarni ko’p ko’rdim.
– Siz uni tuzata olasizmi? – yuragimni hovuchlab so’radim men.
– Uni tuzatish kerak, – dedi u go’yo mening so’zlarimni eshitmagandek. – Bu holatda ucholmaydi.
– Yigitcha aynan shuni so’rayapti, Leon. Siz nima deyotganimizni eshitsangiz bo’lardi, bunaqa emasda, axir.
– Madam Pushar, menga o’rgatgandan ko’ra varrakka kerak bo’ladigan narsalarni sotib olib kelsangiz bo’lardi, yigitcha shu maqsadda kelgan ekan, men ishni boshlagan bo’lardim.
Leon qog’ozchaga hamma kerakli narsalarni yozib chiqdi. Men ro’yxatni oldim do’konga qarab yugurib ketdim. Madam Pushar meni eshikkacha kuzatidi va yo’l-yo’lakay tamaki do’koniga kirsam, undan baxtliroq odam bo’lmasligini shipshidi. Men ikkala topshiriqni ham bajarib, bir soat deganda qaytdim. Qari sotuvchi ertaga kun yarmida plyajga kelishimni buyurdi, u hech narsaga va’da bermadi, lekin harakat qilishini aytdi. Men madam Pusharni kechki ovqatga taklif qildim. Biz Klea haqida gaplashdik, men unga hamma narsani aytib berdim. Men uni pansionga kuzatganimda u menga bir taklif aytdi.
Men shaharcha markazida kichkina mehmonxonaga joylashdim. Boshim yostiqqa tekkani zahotiyoq uxlab qoldim. Qoq tushda men sohil bo’yida edim. Qari sotuvchi madam Pushar bilan birga kech qolmasdan keldi. U varrakni ochdi va faxr bilan menga uzatdi. Qanotlari tuzatilgan, karkasi yelimlangan, mening burgutim, yaralangan bo’lsa ham, yana ozod qushga o’xshardi.
– Uni sinash uchun qo’yvorishing mumkin, lekin ehtiyot bo’l, nima bo’lsa ham u yangi emas.
Ikki kichkina ilonizi va bitta katta sakkiz shakli. Birinchi shamoldayoq varrak uchdi. Arqon shiddat bilan yechilar, Leon ham bor kuchi bilan olqishlardi. Madam Pushar uning qo’ltig’idan olib yelkasiga boshini qo’ydi. U qizarib ketdi, madam Pushar kechirim so’radi, lekin boshini yelkasidan olmadi.
– Nima qilibdi tul bo’lsak, – dedi u, – hamma yoqimli so’z gadosi.
Men ularning ikkalasiga ham minnatdorchilik bildirdim va plyajning o’zida xayrlashdim. Men uzoq yo’lga chiqishim kerak edi, Parijga qaytishni sabrsizlik bilan kutayotgandim. Men bo’lim mudiriga qo’ng’iroq qildim va oyimning janozasi tufayli yana bir-ikki kun qolib ketishimni, yana ikki kundan keyin ishga chiqishimni aytdim.
Ha, bilaman, kichkina yolg’ondan boshlaysan va keyin o’zingni to’xtatolmaysan, mayli, hammaning o’z sababi bor, mening ham bu safar o’z sabablarim, jiddiy sabablarim bor edi.
Konservatoriyaga men kun oxirida yetib keldim. Qorovul darrov meni tanidi. Uning tomog’i yaxshi bo’lgan ekan. Men undan yordam berishini so’radim. Bu safar men Klea Norman shu yaqinlarda qayerda va qachon sahnaga chiqishini bilishim kerak edi.
– Tasavvur qilolmayman, agar uni ko’rmoqchi bo’lsangiz, u bir yuz beshinchi auditoriyada, birinchi qavatda, koridor oxirida. Birozgina kutishingizga to’g’ri keladi, u hozir dars beryapti, dars soat to’rtda tugaydi.
Men kerakli ravishda kiyinmagan, sochlarim taralmagan, soqolim olinmagan edi – umuman, menda mingta bahona topildi. Men hali tayyor emasdim. Lekin uni ko’rish istagiga qarshi borolmadim.
Auditoriya eshigi oynali edi, men koridordan turib Kleaga biroz qarab turdim. U kichkina bolalarga dars berayotgandi. Men tirsagim bilan oynaga tiraldim, o’quvchilarning biri meni ko’rib qoldi va chalishdan to’xtadi. Men darhol yerga cho’kdim va oxirgi ahmoq kabi emaklab ketdim. Men Kleani ko’chada kutib turdim. Konservatoriyadan chiqib u sochini yig’ib oldi, qo’lida portfelь bilan avtobus bekati tomon yurdi. Men quyosh orqadan yonritib turgan paytda o’z soyamni ta’qib qilgandek uning izidan ketdim. O’sha kun mening yagona shu’lam Klea edi va u mendan bir necha qadam oldinda yurib ketayotgan edi.
Uning ketidan avtobusga chiqdim, birinchi qatorga o’tirib, boshimni oynaga burib o’tirdim. Klea orqa o’rindiqda o’tirdi. Har bir bekatda mening yuragim urishdan to’xtayotgandek bo’lib ko’rinardi. Olti bekatdan keyin Klea tushdi. U ko’cha tepasiga qarab yurdi, bir martayam orqasiga qaramadi va kichikroq uyning eshigini itarib kirdi. Ikki daqiqadan keyin oxirgi to’rtinchi qavatda ikki oyna chirog’i yondi. Men uning oshxonadan mehmonxonaga o’tib turuvchi qomatini ko’rib turdim, yotoqxona oynasi hovliga qaragan bo’lsa kerak.
Men uzoq vaqt bu oynalardan ko’z uzmay o’rindiqda o’tirdim. Soat oltida uyga juftlik kirdi va uchinchi qavat oynalari chirog’i yondi, soat yettida ikkinchi qavatda yashaydigan qariya ko’rindi. Soat o’nda Kleaning chiroqlari o’chdi. Men yana biroz o’tirdim va quvonchli hapqirish bilan ketdim: Klea bir o’zi yashardi.
Men ertalabdan keldim. Yengilgina sahar shamoli esardi. Men o’zim bilan varragimni olib kelgandim. Qanotlarini yoydim, shamol shu zahotiyoq ufurdi va burgut osmonga uchdi. Ba’zan piyodalar to’xtab qolar, qiziqish bilan qarab qolar va yana yo’lida davom etardi. Yamoqlangan qush devor bo’ylab harakat qilib bordi va to’rtinchi qavat oynasida shakllar chiza boshladi.
Oshxonada choy ichayotgan Klea burgutimni ko’rib qoldi. U ko’zlariga ishonmadi, finjon uning qo’lidan tushib ketib chil-chil sindi. Ikki daqiqadan keyin uyning eshiklari ochilib Klea chiqib keldi, uning ko’zlari menga qaratilgan edi. U menga jilmaydi va qo’llarini mening kaftimga qo’ydi – yo’q, mening qo’limdan tutmadi, balki varrak g’altagini oldi.
Kichkina shaharcha osmonida burgut katta ilonizilar va sakkiz shaklini chizardi. Klea oldingidek havo she’riyatiga bo’lgan iqtidorini yo’qotmagan ekan. Oxiri, uning havoda yozayotganini o’qidim: “Men seni sog’ingan edim”. Varrak bilan havoda “Men seni sog’ingan edim” deb yoza oladigan qiz – bunaqasini unutish qiyin.
Quyosh chiqayotgan edi. Yo’lakda ikkalamizning soyamiz cho’zildi. Birdan mening soyam egilib Kleaning soyasini o’pganini ko’rib qoldim. Shunda men o’zimdagi uyatchanlikni yengib, ko’zoynagimni oldim va uning ishini takrorladim – yana nima qilishim mumkin edi?
O’sha kuni ertalab dengiz bo’yida kimsasiz tashlandiq mayoqning chiroqlari qo’qqisdan yondi, bu haqida esa menga xotiralar soyasi gapirib berdi.
Asliyatdan Lola Fattoyeva tarjimasi
Tarjimon haqida: Lola Fattoeva 1974 yil 25 oktyabrda Buxoro viloyatining Buxoro tumanida tugʼilgan. Buxoro Davlat universitetining Oʼzbek filologiyasi fakulьtetida tahsil olgan. Xozirgi kunda «Uzbekiston» nashriyotida muharrir.