A’zam Ismoil. Ustoz Rauf Parfi haqida xotiralar

0341987 йиллар бўлса керак, шоир Исмоил Маҳмудни қидириб Ёзувчилар уюшмасига бордим. Йўлакда қайси эшикни тақиллатишни билмай иккиланиб турган эдим, рўпарадаги эшик очилиб, хушбичим, соч-соқоли ўсган ва оқарган бир киши чиқиб келиб, мен билан эски қадрдонлардай сўрашди…

Аъзам ИСМОИЛ
УСТОЗ РАУФ ПАРФИ ҲАҚИДА ХОТИРАЛАР


Устоз билан танишувим

1987 йиллар бўлса керак, шоир Исмоил Маҳмудни қидириб Ёзувчилар уюшмасига бордим. Йўлакда қайси эшикни тақиллатишни билмай иккиланиб турган эдим, рўпарадаги эшик очилиб, хушбичим, соч-соқоли ўсган ва оқарган бир киши чиқиб келиб, мен билан эски қадрдонлардай сўрашиб,
–Каердан келдингиз? – деб суради.
– Фарғонадан, Водилданман – дедим.
– Водилда бир машхур шоир ўтган, биласизми?
–Абдураҳмон Водилийни биламан яна, – деб тараддудланиб турган эдим, у киши гапни илиб кетдилар.
– Водилийнинг шундай сатрлари бор:

Мен агар ўлсам вужудим ювмангиз, қилманг кафан,
Осийнинг ахволи шул деб ит каби айланг дафан:
Бу ёмон гўр кимники деса айтинг бир беватан,
Водилий қабри шаҳиди Карбало денглар мени.

77Суҳбатимиз мавзуси ўз-ўзидан танланиб, у киши мени ичкарига таклиф қилдилар, узоқ суҳбатлашдик, ижодим билан қизиқдилар.
Рауф Парфи шеъриятига қизиқиш бизнинг талабалик йилларимиздаёқ жуда кучли бўлган. Шоирнинг ўзи билан танишиш эса менинг хаётимдаги катта воқеа бўлди.
Бизнинг устоз-шогирдлигимиз шундан бошланди. Энди ҳар сафар Тошкентга борсам, албатта устозни топиб, суҳбатлашиб қайтадиган бўлдим.
Бир сафар устозни йўқлаб, ТТЗ даги уйларига бордим. Эшикни Рауф аканинг ўзлари очдилар. Ичкарига кириб, ҳали ўтирмай туриб: – “Қуролланганмисиз”? –деб сўрадилар. Мен бу “парол”ни илгари ҳам эшитган эдим,: — Албатта ! – дедим-да, халтамдан битта шишани олиб, стол устига қўйдим. Устоз иккита рюмкани ювиб, хафсала билан сочиққа артиб, дастурхонга қўйдилар ва куймаланиб ниманидир қидира бошладилар.Нима қидираётганларини сўрасам:
— “Кеча шу ерда бир бурда нон кўрган” эдим, шуни ҳам еб кетишибди –деб койигандек бўлдилар.
Хуллас, биринчи қадахни газаксиз ичдик. Фақат шундагина мен хатойимни тушуниб етдим. Соддалик қилиб, газагига ул-бул олмаган эканман.
Ичимда ўзимни қаттиқ койидим. Ахир Рауф аканинг уйида тишга босгудек битта ушоқ топилмаслигини мен қаердан билибман. У кишининг хонадонида биринчи бор меҳмон бўлишим эди-да. Кўчага чиқиб, кечқурун бўлишига қарамай, бирон нарса топиб келишни жуда-жуда хохлар эдим, бироқ бегона жойда адашиб қолишдан қўрқдим.
Шу пайт шоирнинг рафиқалари Дилоромхон бир боғ райҳонни қаердандир топиб келиб, сувга чайиб, бир стаканга солиб, дастурхонга қўйиб кетдилар. Устоз иккинчи қадахни ичдилар-да райҳоннинг баргидан биттасини узиб, чайнаб туриб: “Оҳ, оҳ! Бор экан-ку бизникида ҳам ноз-неъматлар. Қани, қани, олишиб ўтиринг – дедилар.”
Дастурхонга иккинчи таомнинг тортилиши ҳам қизиқ бўлган. Рауф аканинг қўшниси бўлар эди, ёшгина йигит. Адашмасам, исми Абдужаббор эди шекилли. У кириб, биз билан бироз ўтирди-да, тез туриб кетди. Ҳиёл ўтмай бир товоқ чучвара кўтариб кирди. У билан дастурхонга файз кирди. Мен халтамдан иккинчи шишани ҳам олдим. Чучвара роса ширин бўлган экан. Устоз газагига иккита олдилар-да бошқа емадилар. Мен эса қистайман, чунки ўзимни роса егим келяпти-да.
– Устоз, нимага олмаяпсиз? – десам, “Балким бундан ҳам улуғроқ ризқимиз йўлда келаётгандир” дедилар. Мен эса: — “Бу ёғи ярим кеча бўлса, рисқ қаердан келарди”– деб шак келтирдим ичимда. Шу пайт устознинг бухоролик шогирди (Исмини эслаб қолмаган эканман, афсус) оғир-оғир сумкалар билан кўтариниб кириб келди. Дастурхон қази-қарта-ю, яҳна гўшт, ҳар-хил ноз-неъматларга тўлиб кетди. Ичимликнинг эса хамма “жанри” дан бор эди. (Рауф ака ичкилик турига нисбатан шу иборани ишлатар эди). Бухоролик шоир менга яхши сабоқ бўлди. Кейинги сафарларимда ҳалтамнинг “мазмуни” ни бойитиб борадиган бўлдим.
Яхши суҳбат бўлди, шеърлар ўқилди. Ўшанда устознинг ўз оғзидан эшитилган хазил-мутойибалар, қизиқ иборалар, суҳбатлар, шеърлар хозирда энг қимматли, қадрли эсдаликлар бўлиб қолишини билмаган эканман. Рауф ака бизга пластинкадан бир қўшиқ қўйиб берди ва ўзи ҳам мароқ билан эшитди. Шунда у киши: – “Яхшиям сўзларини тушунмаймиз”-дедилар. Қўшиқ биз тушунмайдиган бошқа тилда эди. Ўшанда бу гапнинг мағзини чақмаган эдим. Бугун қўшиқчиликдан кўнглим беҳузур бўлиб, сўзларидан ижирғанганим сари устознинг ўша гапларини тез-тез эслайдиган бўлдим.

Бу гал харажат мендан

09Бу сафар Рауф акани кўчада тасодифан учратиб қолдим. Мени кўриши билан хурсанд бўлиб кетиб: – Эҳ Аъзамжон, бугун фақат иккаламиз улфатчилик қиламиз, бошқа ҳеч кимни қўшмаймиз. Хозир бир жойга борамиз, менга пул беришади. Бу сафар харажат мендан, сиз бир сўм ҳам сарфламайсиз – дедилар. Устозни бунақа холатда кўриб ҳайрон бўлдим: “Майли, бу ёғи осон экан-ку”, деб рози бўлдим. Навоий 30 даги мухташам Матбуот уйига бордик, хоналардан бирига кирдик. Бир оқсоқ киши бизни кутиб турган экан, ноширлардан бўлса керак, Рауф акага аллақанча пул берди. Назаримда катта пул эди. Бу ё гонорар ёки бирон китобининг пули деб тушундим. Пулни олиб Чорсу бозорига бордик. Устоз кўзига нимаики яхши кўринса харид қилавердилар. Дунёда биздан бой одам йўқ. Бирдан бир нарсани сезиб қолдим. Қаердан нима сотиб олсак, Рауф ака бир даста пулни қўлига ушлаб олган-да, орка-олдига карамай, тез-тез санаб-санамай бериб юборяпти. Бозорчилар эса бир пулга қарашади, бир харидорга, гохида менга ҳам ғалати қилиб қараб қўйишади. Билдим-ки, устоз пулни ортиқча бериб юборяпти. Қандоқ қилиб айтишни билмайман, иккала қўлимда иккитадан сетка, банд.
– Икки кишига шунча харажатми, бас, етар – дедим ниҳоят. У киши бўлса:
– Бошқаларнинг ҳам ризқи бўлиши мумкин-ку ахир, биз қаердан биламиз,– дедилар. Бир сотувчи аёл инсофлироқ экан, устоз берган пулни санади-да, иккитасини узатиб: Бу ортиқча экан – деди. Устоз шу захоти аёлнинг қўлини махкам сиқиб: Йўқ, йўқ, йўқ! Бу сизнинг ризқингиз, сизники, – деб пулни қайтардилар. Таҳминим тўғри чиққан эди. Шу оддий воқеаларда Рауф Парфининг табиатини, ички дунёсини, маслагини тобора тушуна бошладим. У киши ҳеч қачон пулни ўзига дўст тута олмас эдилар.
Харажатни кўтариб, Рауф аканинг “Тинчлик”даги уйига келдик.
— Бугун уйда фақат иккаламиз, бошқа ҳеч ким бўлмайди, ошни ўзингиз боплайсиз, – деди. Мен ошга уннаб кетдим. Рауф ака харид қилган тансиқ неъматлардан дастурхон тузадилар. Ора-сирада қўлларида иккита пиёла билан ошхонага кирадилар. Шишанинг оғзи очилиши баробари бизнинг ҳам чаккагимиз очилиб кетди. Ошнинг зирвагини қовуриб, сув куйиб, газ оловини пастлатиб қўйдим. Суҳбатимиз шохона дастурхон устида давом этди. Мен баъзи шеърларимни устоз назаридан ўтказиб олдим. Гап айланиб, Абдураҳмон Водилийга бориб тақалди. У кишини ниҳоятда хурмат билан тилга олдилар. Устозим – деб айтдилар. Мен Водилий ижоди хақида ҳеч нарса билмаслигимни айтиб, зорландим.
— Менинг ҳам қўлимда устознинг айрим узуқ-юлуқ қўлёзмалари бор холос. Суриштиринг, Водилда одамларнинг қўлида сақланаётгандир, йўқолиб кетмасин, –дедилар.
Пиёламиз неча маротоба тўлдирилганини билмайман, ичкилик таъсирими, йўл азобими (Ахир довон ошиб борганман-да) бир оз мудрабман. Кўзимни очсам, тонг отибди. Қулоғимга ёқимли бир оҳанг эшитилди. Қарасам, устоз нималарнидир халталарга жойлаб, хонада хиргойи қилиб юрибди.
— Тонг отиб қопти-ку, устоз! –десам.
— Ўзимиз ҳам тоза отибмизда – деб ҳазиллашдилар.
Юз қўлимни ювиб чиқсам устоз: — “ошни дамланг”? – дедилар.
–Хазиллашяпсизми Рауф ака, саҳарлаб ошни ким ейди? – дедим.
–Дамлайверинг, гап бор, – дедилар.
Ош дам егач, битта тоғарага сузиб, дастурхонга ўрадик, кечаги қилган бозоримизни ҳам олиб, Ёзувчилар уюшмасига жўнадик. Уюшма Беш- ёгочдаги янги бинога кўчган булиб, Рауф Парфи бўлим бошлиғи вазифасида ишлар эди. Устоз иш столи устига яхшигина дастурхон тузади. Кайфияти жуда яхши эди. Дид билан дастурхон тузашга усталикларини ўшанда кўрган эдим. Мумтоз қўшиқлардан бирини хиргойи қилиб, дастурхоннинг хали у ёғига, хали бу ёғига ўтиб, у ер- бу ерини тузатиб ҳам қўяр эди.
– Рауф ака! – дедим у кишининг хурсандчиликларини кўриб хазиллашгим келди – Мунча бугун хурсандсиз? Хафсала билан дастурхон тузашингиздан “Илҳом пари” лардан ҳам келишадими дейман… – устознинг бунчалик даражада хурсанд юрганини кўрмаган эдим.
– Э, Аъзамжон, сўраманг. Кеча бозорда юрганимизда, “Шу ҳам одам, шунинг ҳам чўнтагида пул бўлиши мумкин” деб, киссавурлар пулни уриб кетишибди. Бугун менинг энг бахтиёр куним. Бугун мен хаётимда биринчи бор инсон саналган куним. Хурсанд бўламан-да! – дедилар.
Пулини йўқотиб қўйган кишининг бунақа хурсанд бўлишини биринчи кўришим эди.
Шу куни нонуштага биринчи бўлиб ёзувчи Шукур Холмирзаев келди. Ҳар сафар янги асари нашрдан чиққанда биз қўлма-қўл қилиб ўқиган, хали ўқимаганларга хаяжон билан сўзлаб юрганимиз, севимли ёзувчимиз билан танишиш насиб этди менга шу куни. Бу мен учун катта воқеа эди. Шукур аканинг ажойиб, ўзига хос талқиндаги суҳбатларини мароқ билан тингладим.
Бирин-серин бошқалар (дарвешлар-шоирлар) ҳам келиб, базм гавжум бўлди. Бу ширин суҳбатни тарк этишга сира кўзим қиймас эди. Бироқ, уйга , Фарғонага қайтмасам бўлмас, сафарим қариган эди.

Устозимнинг устози

Водиллик шоир Абдурахмон Водилий Исроилжон амакимнинг кайноталари бўлади. Қариндош-уруғларнинг тўй-маракаларида биз кўпинча у кишининг фарзандлари билан бирга бўлар эдик. Шундай маросимларнинг бирида шоирнинг тўнғич ўғиллари Абдулборий ака билан Рауф Парфи хақида суҳбатлашдим. Шоирнинг хокисорлиги, фақирлиги, бойликни дўст тутмаслиги ва баъзи қизиқ феъл-атворлари хақида гапириб, Абдурахмон Водилийни устозим деб айтганлигини, у кишини ниҳоятда хурмат қилишлигини айтиб бердим.
Абдулборий ака шундай хикоя бошладилар:
– Хақиқатдан ҳам булар чин маънодаги устоз-шогирдлар эдилар. Рауф у пайитлар мактаб ўқувчиси эди, ёзганларини отамга олиб чиқиб кўрсатар эди. Отам керакли йўл-йўриқларни бериб:
– Шу бола бошқачада! Ундан бир нарса чиқади, – дер эди. Рауфдаги баъзи тутумларни мен отамда кузатганман. У кишига ёшлигида янги кўйлак-чопон, дўппи кийгизиб қўйишса, кўчага чиқиб, энг хароб кийинган болага уст бошини алмаштириб, уйга кириб келар экан. Акалари хафа бўлиб:
— Абдурахмонбой, бизнинг шаънимизга яраша иш қилмабсиз. Кимсан фалончи бойнинг (улар Водилда катта ер эгалари бўлишган) ўғли бўлсангиз, шу кийим сизга муносибми? – деса.
– Эҳ, сизлар буни кейин тушунасизлар! –дер экан. Бу у кишининг ёшликларидаги гап. Ўзим шохиди бўлган бир воқеани айтай.
Дадамнинг оппоқ теридан тикилган калта пўстини бўлар эди. Уни авайлаб, ҳеч ким киймас эди, сандиқда сақланар эди. Бир кун уйимизга бир киши меҳмон бўлиб келди. Отам билан узоқ суҳбатлашишди. Бирдан қор аралаш ёмғир ёғиб, совуқ бўлиб кетди. Меҳмон кетишга изн сўраган эди, дадам: “Шошмай туринг!” – дедилар-да сандиқдаги ҳаммамиз авайлаб сақлаётган пўстинни меҳмонга кийгизиб: “Бўлди-бўлди ечманг, Сизга атаб тикилгандек экан. Бу сизники бўлди, – деб пўстинни бериб юбордилар. Ҳаммамиз пўстинга ачиндик. Дадам эса аксинча, жуда хурсанд эдилар.
Мен шу хислатларни бугун Рауфда кўраман.
Абдулборий аканинг бу хикоясини эшитиб бир воқеа эсимга тушди.
Китоб савдоси билан шуғулланиб юрган пайтларим эди. Нашриётлардан китоб олиб кетиб, сотилгач, пулини олиб келиб топширар эдим. Бир сафар нашриётга тушлик пайтида келдим. Таниш-билишлар билан бирга тушлик қилгани бордик. Қайтиб келсам, машинамнинг эшиги очиқ. Бир чорси пулни уриб кетишибди. Униси, буниси менга далда бериб, юпатиб туришган эди, Рауф ака воқеадан хабар топиб, бир зумда ёнимда пайдо бўлдилар.
– Аъзамжон, парво қилманг. Ўша пул бўлмаган, деб хисобланг. Пул сизнинг чўнтагингизда бўлди нима-ю, бошқасининг чўнтагида бўлди нима. Нима фарқи бор?! Мен халиги китобнинг пулидан кечдим – дедилар.
Рауф ака Абдураҳмон Водилийнинг китобини чиқариб, менга сотиб бериш учун минг дона берган эдилар. Шуни назарда тутишяпти. Китобнинг пулини ярим-ёртисини берган эдим, қолгани турган эди.
Менинг ҳам хазиллашгим келди: “Устоз, хечқиси йўқ, сиз қилган хатони бир такрорладим халос. Ўтган гал ўзингиз ҳам пулингизни олдириб қўювдингиз-ку ! – дедим.
– Э ановими ? – деди кулиб Рауф ака – у пулни қайтариб, олиб келиб беришди.
– Қандоқ қилиб?
– Майда киссавур болалар экан. Катта пулни бошлиқларига олиб боришса, у хайрон бўлиб, қаердан, кимдан олдиларинг, деб сўрабди. Болалар мени тасвирлаб: “Сочлари оппоқ оқариб кетган, кўзойнакли, паст бўйли киши Чорсу бозорида пулнинг хисобини билмай, сочиб юрган экан, шу кишидан ўмариб олдик”– дейишибди. Чўнтаккесарлар бошлиғи болаларни койиб:- “ Дарҳол пулни эгасига қайтаринглар. Навоий кўчасида Матбуот уйининг чап биқинида кабобхона бор, ана ўша ерда у киши хар куни пива ичиб ўтиради. Пулни бериб, менинг узримни айтиб қўйинглар, –дебди.
Бу гапларни эшитиб хайратдан ёқамни тутдим. Хатто ўғрилар ҳам хурмат қиладиган шоирга хавасим келди. Биз ҳеч қачон у кишидек бўлолмаслигимизга иқрор бўлдим. Бироқ, бояги ташвиш юкидан озод бўлдим. Йўқотган пулимга заррача ҳам ачинмадим.

Бизнинг ичимиз бир

Ғофур Ғулом нашритётида Рауф Парфи, Фарида Афруз ва мен суҳбатлашиб ўтирибмиз. Фаридахон янги шеърларидан ўкиди. Шеърларни биргалашиб мухокама килдик. Шоиранинг янги топилмаларини – янги сўзларни кўриб Рауф ака кувониб кетдилар: — Шоир сўз яратиши керак – дедилар. Баъзи сўзлар устида каттик тортишдик. Рауф аканинг ўзлари сўз ясашга уста эдилар.

Шеър ўкиш навбати энди менга келган эди. Мен устоз Рауф Парфига бағишлаб шеър ёзган эдим, шуни ўкиб бердим:

УСТОЗ РАУФ ПАРФИГА

У кандай кун эди,
қайда йўқолдим,
озитқи оздирган жинларнинг туни.
Бир сулув шаклида ўптирди шайтон,
уни қучдим,
ўчди юракнинг уни.
Овоз бер, овозим,
қайларда колдинг,
менинг ғазо тиғим-
эй, қилич сўзим!
Сингдингми,
сўндингми,
шунга кўндингми?
Кўр қилмасми ахир, бу нону тузим.
Эй жон,
сенга бу касб муборак бўлсин!
Қонамайсан ортик, чопса ҳам ғаним.
Хузурнинг жодугар кўзин суюбсан,
муччалаб ўлдирар –
музлайди таним.
Жафо маликаси, бағринг тузлама,
бу ошик ҳаққига тилама тўзим.
Душманим,
ичимдан соткин излама,
мен ўйиб бераман кўзимни ўзим.
Бир ғариб бошимга шунча маломат.
Мунча талон-тарож бу ёлгиз бошим.
Ё фалак!
Менга хам бергил бир омад.
Ёки синаймирсан менинг бардошим.
Кўзғол,
юрагимда мудраган бўрон!
Ғафлат уйкусидан уйгот бу танни.
Менга май бергилу,
жангимни кўргил.
Мен сенга танитгум суюк ватанни.
Қидириб бир куни топсам ўзимни,
Далли кунларимдай айтолсам сўзим,
Бўғзимга тиқилиб келади йиғи.
“Мен эса излайман ўзимни ўзим”.

Ёр бориб,
ёлбориб топмадим ўзим.
Ёшариб,
ё кариб топмадим ўзим.
Йиғладим,
ёш ариб топмадим ўзим.
Мен ғариб
телбариб,
топгум ўзимни.

Рауф ака шеърни диққат билан эшитди. Бир нуқтага узок тикилиб колди ва : — “Бизнинг ичимиз бир” – деди ва шеър матнини сўради, бердим. Ўқиб кўриб:
– Сўзларни парчинлаб ташлабсиз, биронтасиниям у ёқ бу ёқ килиб бўлмади, – деб хурсанд бўлдилар.
– Буни биздан ўзингиз талаб килардингиз, устоз, – дедим ва бир пайтлар: “Сўзларингиз шалвираб, мисралар бўшашиб туради” деб шеърларимни танкид килганларини эслатдим.
– Мисралар мисоли тор. Унинг мурувватини бураб, таранг тортиб қўйиш керак. Ана ундан кейин чалсангиз бўлаверади – дедилар.
Устоз билан бўлган оддий суҳбатларда ҳам биз у кишидан катта сабоқ олардик.

РАУФ ПАРФИНИНГ ОТА-БОБОСИ

Шоирнинг ота-бобосини, яшаган жойларини Водилдаги кекса, ёши улуғ кишилардан суриштирдим. Тўқсон олти ёшли Қушоқбой ота шундай ҳикоя килди:
– “Парфибой ака яхши одам эди. Яхши боғбон эди. Кал Парпи, Гул Парпи деб лакаб олган эди. Оталарини Мадамин (Мухаммадамин) коровул дейишар эди. Иккита хотини бор эди. Ўзига тўқ, мол-мулкнинг эгаси эди. Охун, Эргаш деган ўғиллари бўлар эди. Бизга рўпара қўшни эди улар”.
Парфибой аканинг ҳовлиси Водилнинг Марғилон кўчасида, хозирги деҳқон бозорининг тепа томонида бўлган экан. Ҳовлининг этак томонидан Шоҳимардонсой оқиб ўтади. Парфибой яхши боғбон бўлганлиги учун Хамроқул Турсунқулов Янгийўлда колхоз ташкил килиш даврида уларни оиласи билан бошқа водилликлар қатори кўчириб, олиб кетган экан.
Оналари Сакинабону. У киши ҳам асли водиллик бўлган. Фарзандлари турмагандан кейин, ўғил фарзанд кўришиб, исмини Турсунали қуйишган, Рауф аканинг асл исми шундай бўлган. Турсунали Янгийўлга она қорнида кетган ва ўша ерда, Шўралисойда туғилган. Рауф исмини ижод билан шуғуллана бошлагандан кейин, устозлари Абдурахмон Водилийнинг ўғиллари Абдурауф аканинг исмларини яхши кўриб, ўзларига тахаллус килиб олган экан. Шеър бу– миллатнинг дарди. Хатто менинг исмим Рауф сўзида “уф” деган оғриқ бор. Бу – дард, бу– шеър – дер эди Рауф аканинг ўзлари.
Ҳа, Рауф Парфи ана шу дард билан яшади. Бу Ватан ишки, Туркистон ишки эди. Ва бу Рауф Парфи шеърияти эди.

Парфибой ака Водилга келганларида:
– Сўрини сой буйига куйиб беринглар, ман отам эккан дарахтларни бир кўриб, тўйиб олай, – деган эканлар ва сойнинг у ёғидаги дарахтларга караб, узоқ ўйга чўмган эканлар, деб эслайди биз билан бўлган суҳбатда водиллик, ёшлари юэга яқинлашиб қолган Рустам ота.
Демак, хозирги болалар санаториясининг сой томонлари ҳам уларнинг ери бўлган экан. Бу фикрни Парфибой аканинг қўшниси бўлмиш Мухтор ака ҳам тасдиқлади. Бу суҳбатда шоир Чоршам Рўзиев ҳам бор эди.
Парфибой ака Водилга қайтиб кетаман, деб хархаша килавергач, колхоз раиси Хамроқул Турсунқулов Водил қишлоқ Советига хат ёзиб, хатда “Ҳовлисини сотиб, пулини жўнатиб юборинглар” деб тайинлаган экан. Ховлини Водилга прокурор бўлиб келган андижонлик Ҳабиб Раҳмон деган киши сотиб олган экан. Буни прокурорнинг қизлари Осиё опа айтиб бердилар. Бу ҳовлида яқин йилларгача Осиё опанинг опалари Зухра опа ва ўғиллари Эркин ака яшаганларини мен ҳам биламан.
Рауф аканинг ўзларини эслашича 6-7 ёшларида Водилга қайтиб келиб бир йилча яшашган экан.
Ҳа, бу юрт соғинчи , Ватан соғинчи эди. Худди ана шу нарса Рауф ака ҳаётининг сунги йилларида яна такрорланди.
Рауф ака Турсунали полвонга: «Мени Фарғонага, Водилга олиб кетинглар, энди ўша ёкда, ота юртимда яшайман, – деб тайинлаганларининг бир неча бор гувохи бўлганман.
Рауф Парфининг ота ховлисидан юз, юз эллик метр пастрокда унинг устози Абдурахмон Водилий яшаган. Бизнинг ота ҳовли ҳам шу кўчада бўлган. Мен бу икки буюк шоир билан бир қишлоқда, бир кўчада туғилиб ўсганим билан фахрланаман.

УСТОЗ БИЛАН ВИДОЛАШУВ

Вақт деган улуғ ҳакамнинг ҳукмини биз инсонлар ҳамиша ёддан чиқариб, ҳис қилмай яшар эканмиз. Рауф Парфидек буюк даҳони тақдир бизга юз йилга боғлаб бергандай беғам, беписанд юраверипмиз. 2005 йил .март ойининг охирларида Тошкентга бордим. Ҳар гал беминнат “ Муссофирлар карвонсаройи” Чоршамнинг ҳовлисига тушдим. Устознинг ҳасталаниб қолганларини эшитиб, қайғурдим. Оқшом пайт касал кўриб бўлмайди”, деган иримга амал қилиб, эрталаб Турсунали акам, Чоршам ва мен бирга борадиган бўлдик. Эртасига баъзи ишлар кўндаланг бўлиб учаламиз жам бўлолмадик. Кейинги куни мен Фарғонага қайтишим керак эди. Нашриётлардан китоблар олиб қўйган, қайтишга транспот масаласи ҳам гаплашиб қўйилган эди. ( у пайтлар мен китоб савдоси билан шуғулланар эдим) Устозни зиёрат қилиш, хабар олиш кейинги сафаримга қолдирилди. Тўрт-беш кунда яна Тошкентга қайтишим лозим эди. Водилга келиб, товарни энди тушириб, жойлаб бўлган ҳам эдимки Тошкентдан телефон бўлди: “Рауф ака узилди”.
Мен изимга қайтдим. Жасадни сувга олишган, олдига кириш мумкин эмас экан. Мен “кирмасам бўлмайди”, деб туриб олдим. Узоқдан келди, майли, кирсин, деб руҳсат беришди.
Бутун умрини инсоннинг ҳурлиги, озодлиги, туркий халқларнинг бирлиги учун, Туркистон ёди билан кечирган шоир бир сиқим бўлиб ётар эди. Зулхуморнинг( Чоршамнинг хотини) жияни Зафар устознинг соч-соқолини тараб, текислаётган эди. Мен унга ёрдамлашиб, суяшиб турдим. Рауф Парфий Чоршам Рўзиевнинг уйидан чиқарилди. Жаноза Минор қабристонида ўқилди. Тупроққа қўйилаётганда устознинг “Кўп яшаб қўяётганимдан ҳижолатдаман”, деган гаплари (у бу гапни кўп айтар эди) ёдимга тушиб, ўзимни босиб туролмадим, овозимни ичимга ютиб, елкаларим силтиниб йиғладим. Кимдир орқамда елкамга қоқиб тинчлантирди. Рауф акам сувга шунғигандек қабрга тез кириб кетди. Тупроқ уни шунчалик соғинган экан.
Қабристондан қайтиб яна Чоршамнинг ҳовлисида йиғилдик. Қуръон тиловатидан сўнг шоир Йўлдош Эшбек нутқ сўзлади. Йўлдош аканинг қалдироқдек овозидан этларимиз жимирлаб кетди. У Рауф Парфий ҳаёти, шеърияти, бу дунёда бажариб кетган буюк ишлари, туркий миллатлар бирлиги, ватан мустақиллиги ҳақидаги катта гапларни қўрқмасдан баланд айтди. Ҳа, у шогирдлик мақомини ҳалол бажарди. Йўлдош ака кўзимга жуда улкан кўриниб кетди. Маърака митингга айланиб кетди. Амал курсисини махкам миниб олган шоирлар жанозага келишолмади, қўрқишди. Баъзилар эртасига таъзияга келишди, баъзилари эса фотихагаям келишмади.
Шу кеча биз шогирдлар кўпчилик шу ерда қолдик. Ўзбекистон радиоси мухбири Бердираҳмат бир-бир интервю олар экан ҳаммани йиғлатди. У микрафонни тутиб савол бераман дейлию, йиғлаб юборади, биз ҳам ўзимизни тутиб туролмай йиғлай бошлаймиз. Ҳар сафар шундай бўлаверди. Ҳа, бу ўлим ҳаммани бирдек қайғуга ботирган эди.
Эртасига фотиҳачиларни узатдик. Чоршамнинг торгина ҳовлиси унинг кўнгли каби кенг бўлди, не-не одамлар келиб кетмади. Бир ҳафта бўлдиям фотиҳачиларнинг кети узилай демайди. Рауф аканинг яқин дўсти, курсдоши, миллатимиз жонкуяри, бутун ижодини ватан озодлиги, халқнинг дарди учун бағишлаган севимли ҳофизимиз Дадахон Хасанов ҳар куни келди. Кечгача суҳбатлашиб ўтирамиз. Рауф ака хақидаги хотираларини айтиб берадилар. Дўсти учун у кишининг бағри куяётганини юракдан ҳис қилиб турдим. Ҳофизнинг ўзи эмас, юраги йиғлар эди.
Суҳбатларимиз Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимовнинг ҳар кунги ташрифлари билан ҳам янада мазмунли бўлди. У киши шу яқин ўртада яшар эканлар, кечаси демай, кундузи демай ҳар кун хабар олиб туришди. Устозни кўп эслашди, хотиралардан сўзлаб беришди.
Рауф аканинг жуда кўп шогирдлари таъзияхонадан кўп вақтгача қадамларини узишгани йўқ, ҳаммани эслашнинг имкони ҳам йўқ. Эсда қолгани фотиҳанинг биринчи куни шоир Йўлдош Эшбек менга иккита шеър матнини бериб, буларни сақлаб қўйинг, деб тайинлади. Шеърлар Рауф Парфининг ўлимига бағишланган эди. Демак Йўлдош ака кечаси билан ухламай ўша тун ана шу икки шеърни ёзибдилар. Афсус, бу шеърларни мен сақлай олмадим. Ўзимга нусха кўчириб олмай бир тахририятга топширган эдим, у ерда йўқолди.

Мен ҳам устозга атаб ўша кунлари бир шеър ёздим:

Шоир Рауф Парфи ўлимига

Бу кун мотам тусда Буюк шерият,
Хун йиғлар Туркистон, хун йиғлар Турон.
Дунёнинг кўзида ситам. Бадният
Ўлим кўнгилларга ташлади хижрон.

Кетди турк элидан кўчиб улкан тоғ,
Кетди Rauf Parfi деган улуғ зот.
“Оҳ, Туркистон, энг аччиқ бўса”,
Наҳот бу ғамларга чидар одамзот.

Чақиб ўтди кўкда ёруғ бир чақин,
Бир лаҳза англадик нимадир ватан.
Туркийлар мақсадга келдилар яқин,
Туркистон ёди – бу бир жону бир тан.

Бош узра чайқалиб борар “Улкан тоғ”,
Селдек оқар, елдек эл Минор томон.
“Майишиб кетади кўприкнинг бели”*.
Сўнги йўл… Охири кўринмас ҳамон.

Шунча соғинганми Сизни бу тупроқ,
Йўқ, шоир ўлмайди, шеърият яшар.
Дунёни кезади “Туркистон руҳи”
Унутмоқ мумкинмас, унутмас башар.

Кетди туркий элдан кўчиб улкан тоғ,
Кетди Рауф Парфий деган улуғ зот.
Шеърият, кўксингда армон – қора доғ,
Шеърият, кўксингда тинмайди фарёд.

* Йўлдош Эшбекнинг ўша шеъридан.

1987 yillar bo’lsa kerak, shoir Ismoil Mahmudni qidirib Yozuvchilar uyushmasiga bordim. Yo’lakda qaysi eshikni taqillatishni bilmay ikkilanib turgan edim, ro’paradagi eshik ochilib, xushbichim, soch-soqoli o’sgan va oqargan bir kishi chiqib kelib, men bilan eski qadrdonlarday so’rashdi…

A’zam ISMOIL
USTOZ RAUF PARFI HAQIDA XOTIRALAR


Ustoz bilan tanishuvim

1987 yillar bo’lsa kerak, shoir Ismoil Mahmudni qidirib Yozuvchilar uyushmasiga bordim. Yo’lakda qaysi eshikni taqillatishni bilmay ikkilanib turgan edim, ro’paradagi eshik ochilib, xushbichim, soch-soqoli o’sgan va oqargan bir kishi chiqib kelib, men bilan eski qadrdonlarday so’rashib,
–Kayerdan keldingiz? – deb suradi.
– Farg’onadan, Vodildanman – dedim.
– Vodilda bir mashxur shoir o’tgan, bilasizmi?
–Abdurahmon Vodiliyni bilaman yana, – deb taraddudlanib turgan edim, u kishi gapni ilib ketdilar.
– Vodiliyning shunday satrlari bor:

Men agar o’lsam vujudim yuvmangiz, qilmang kafan,
Osiyning axvoli shul deb it kabi aylang dafan:
Bu yomon go’r kimniki desa ayting bir bevatan,
Vodiliy qabri shahidi Karbalo denglar meni.

21Suhbatimiz mavzusi o’z-o’zidan tanlanib, u kishi meni ichkariga taklif qildilar, uzoq suhbatlashdik, ijodim bilan qiziqdilar.
Rauf Parfi she’riyatiga qiziqish bizning talabalik yillarimizdayoq juda kuchli bo’lgan. Shoirning o’zi bilan tanishish esa mening xayotimdagi katta voqea bo’ldi.
Bizning ustoz-shogirdligimiz shundan boshlandi. Endi har safar Toshkentga borsam, albatta ustozni topib, suhbatlashib qaytadigan bo’ldim.
Bir safar ustozni yo’qlab, TTZ dagi uylariga bordim. Eshikni Rauf akaning o’zlari ochdilar. Ichkariga kirib, hali o’tirmay turib: – “Qurollanganmisiz”? –deb so’radilar. Men bu “parol”ni ilgari ham eshitgan edim,: — Albatta ! – dedim-da, xaltamdan bitta shishani olib, stol ustiga qo’ydim. Ustoz ikkita ryumkani yuvib, xafsala bilan sochiqqa artib, dasturxonga qo’ydilar va kuymalanib nimanidir qidira boshladilar.Nima qidirayotganlarini so’rasam:
— “Kecha shu yerda bir burda non ko’rgan” edim, shuni ham yeb ketishibdi –deb koyigandek bo’ldilar.
Xullas, birinchi qadaxni gazaksiz ichdik. Faqat shundagina men xatoyimni tushunib yetdim. Soddalik qilib, gazagiga ul-bul olmagan ekanman.
Ichimda o’zimni qattiq koyidim. Axir Rauf akaning uyida tishga bosgudek bitta ushoq topilmasligini men qayerdan bilibman. U kishining xonadonida birinchi bor mehmon bo’lishim edi-da. Ko’chaga chiqib, kechqurun bo’lishiga qaramay, biron narsa topib kelishni juda-juda xoxlar edim, biroq begona joyda adashib qolishdan qo’rqdim.
Shu payt shoirning rafiqalari Diloromxon bir bog’ rayhonni qayerdandir topib kelib, suvga chayib, bir stakanga solib, dasturxonga qo’yib ketdilar. Ustoz ikkinchi qadaxni ichdilar-da rayhonning bargidan bittasini uzib, chaynab turib: “Oh, oh! Bor ekan-ku biznikida ham noz-ne’matlar. Qani, qani, olishib o’tiring – dedilar.”
Dasturxonga ikkinchi taomning tortilishi ham qiziq bo’lgan. Rauf akaning qo’shnisi bo’lar edi, yoshgina yigit. Adashmasam, ismi Abdujabbor edi shekilli. U kirib, biz bilan biroz o’tirdi-da, tez turib ketdi. Hiyol o’tmay bir tovoq chuchvara ko’tarib kirdi. U bilan dasturxonga fayz kirdi. Men xaltamdan ikkinchi shishani ham oldim. Chuchvara rosa shirin bo’lgan ekan. Ustoz gazagiga ikkita oldilar-da boshqa yemadilar. Men esa qistayman, chunki o’zimni rosa yegim kelyapti-da.
– Ustoz, nimaga olmayapsiz? – desam, “Balkim bundan ham ulug’roq rizqimiz yo’lda kelayotgandir” dedilar. Men esa: — “Bu yog’i yarim kecha bo’lsa, risq qayerdan kelardi”– deb shak keltirdim ichimda. Shu payt ustozning buxorolik shogirdi (Ismini eslab qolmagan ekanman, afsus) og’ir-og’ir sumkalar bilan ko’tarinib kirib keldi. Dasturxon qazi-qarta-yu, yahna go’sht, har-xil noz-ne’matlarga to’lib ketdi. Ichimlikning esa xamma “janri” dan bor edi. (Rauf aka ichkilik turiga nisbatan shu iborani ishlatar edi). Buxorolik shoir menga yaxshi saboq bo’ldi. Keyingi safarlarimda haltamning “mazmuni” ni boyitib boradigan bo’ldim.
Yaxshi suhbat bo’ldi, she’rlar o’qildi. O’shanda ustozning o’z og’zidan eshitilgan xazil-mutoyibalar, qiziq iboralar, suhbatlar, she’rlar xozirda eng qimmatli, qadrli esdaliklar bo’lib qolishini bilmagan ekanman. Rauf aka bizga plastinkadan bir qo’shiq qo’yib berdi va o’zi ham maroq bilan eshitdi. Shunda u kishi: – “Yaxshiyam so’zlarini tushunmaymiz”-dedilar. Qo’shiq biz tushunmaydigan boshqa tilda edi. O’shanda bu gapning mag’zini chaqmagan edim. Bugun qo’shiqchilikdan ko’nglim behuzur bo’lib, so’zlaridan ijirg’anganim sari ustozning o’sha gaplarini tez-tez eslaydigan bo’ldim.

Bu gal xarajat mendan

09Bu safar Rauf akani ko’chada tasodifan uchratib qoldim. Meni ko’rishi bilan xursand bo’lib ketib: – Eh A’zamjon, bugun faqat ikkalamiz ulfatchilik qilamiz, boshqa hech kimni qo’shmaymiz. Xozir bir joyga boramiz, menga pul berishadi. Bu safar xarajat mendan, siz bir so’m ham sarflamaysiz – dedilar. Ustozni bunaqa xolatda ko’rib hayron bo’ldim: “Mayli, bu yog’i oson ekan-ku”, deb rozi bo’ldim. Navoiy 30 dagi muxtasham Matbuot uyiga bordik, xonalardan biriga kirdik. Bir oqsoq kishi bizni kutib turgan ekan, noshirlardan bo’lsa kerak, Rauf akaga allaqancha pul berdi. Nazarimda katta pul edi. Bu yo gonorar yoki biron kitobining puli deb tushundim. Pulni olib Chorsu bozoriga bordik. Ustoz ko’ziga nimaiki yaxshi ko’rinsa xarid qilaverdilar. Dunyoda bizdan boy odam yo’q. Birdan bir narsani sezib qoldim. Qayerdan nima sotib olsak, Rauf aka bir dasta pulni qo’liga ushlab olgan-da, orka-oldiga karamay, tez-tez sanab-sanamay berib yuboryapti. Bozorchilar esa bir pulga qarashadi, bir xaridorga, goxida menga ham g’alati qilib qarab qo’yishadi. Bildim-ki, ustoz pulni ortiqcha berib yuboryapti. Qandoq qilib aytishni bilmayman, ikkala qo’limda ikkitadan setka, band.
– Ikki kishiga shuncha xarajatmi, bas, yetar – dedim nihoyat. U kishi bo’lsa:
– Boshqalarning ham rizqi bo’lishi mumkin-ku axir, biz qayerdan bilamiz,– dedilar. Bir sotuvchi ayol insofliroq ekan, ustoz bergan pulni sanadi-da, ikkitasini uzatib: Bu ortiqcha ekan – dedi. Ustoz shu zaxoti ayolning qo’lini maxkam siqib: Yo’q, yo’q, yo’q! Bu sizning rizqingiz, sizniki, – deb pulni qaytardilar. Tahminim to’g’ri chiqqan edi. Shu oddiy voqealarda Rauf Parfining tabiatini, ichki dunyosini, maslagini tobora tushuna boshladim. U kishi hech qachon pulni o’ziga do’st tuta olmas edilar.
Xarajatni ko’tarib, Rauf akaning “Tinchlik”dagi uyiga keldik.
— Bugun uyda faqat ikkalamiz, boshqa hech kim bo’lmaydi, oshni o’zingiz boplaysiz, – dedi. Men oshga unnab ketdim. Rauf aka xarid qilgan tansiq ne’matlardan dasturxon tuzadilar. Ora-sirada qo’llarida ikkita piyola bilan oshxonaga kiradilar. Shishaning og’zi ochilishi barobari bizning ham chakkagimiz ochilib ketdi. Oshning zirvagini qovurib, suv kuyib, gaz olovini pastlatib qo’ydim. Suhbatimiz shoxona dasturxon ustida davom etdi. Men ba’zi she’rlarimni ustoz nazaridan o’tkazib oldim. Gap aylanib, Abdurahmon Vodiliyga borib taqaldi. U kishini nihoyatda xurmat bilan tilga oldilar. Ustozim – deb aytdilar. Men Vodiliy ijodi xaqida hech narsa bilmasligimni aytib, zorlandim.
— Mening ham qo’limda ustozning ayrim uzuq-yuluq qo’lyozmalari bor xolos. Surishtiring, Vodilda odamlarning qo’lida saqlanayotgandir, yo’qolib ketmasin, –dedilar.
Piyolamiz necha marotoba to’ldirilganini bilmayman, ichkilik ta’sirimi, yo’l azobimi (Axir dovon oshib borganman-da) bir oz mudrabman. Ko’zimni ochsam, tong otibdi. Qulog’imga yoqimli bir ohang eshitildi. Qarasam, ustoz nimalarnidir xaltalarga joylab, xonada xirgoyi qilib yuribdi.
— Tong otib qopti-ku, ustoz! –desam.
— O’zimiz ham toza otibmizda – deb hazillashdilar.
Yuz qo’limni yuvib chiqsam ustoz: — “oshni damlang”? – dedilar.
–Xazillashyapsizmi Rauf aka, saharlab oshni kim yeydi? – dedim.
–Damlayvering, gap bor, – dedilar.
Osh dam yegach, bitta tog’araga suzib, dasturxonga o’radik, kechagi qilgan bozorimizni ham olib, Yozuvchilar uyushmasiga jo’nadik. Uyushma Besh- yogochdagi yangi binoga ko’chgan bulib, Rauf Parfi bo’lim boshlig’i vazifasida ishlar edi. Ustoz ish stoli ustiga yaxshigina dasturxon tuzadi. Kayfiyati juda yaxshi edi. Did bilan dasturxon tuzashga ustaliklarini o’shanda ko’rgan edim. Mumtoz qo’shiqlardan birini xirgoyi qilib, dasturxonning xali u yog’iga, xali bu yog’iga o’tib, u yer- bu yerini tuzatib ham qo’yar edi.
– Rauf aka! – dedim u kishining xursandchiliklarini ko’rib xazillashgim keldi – Muncha bugun xursandsiz? Xafsala bilan dasturxon tuzashingizdan “Ilhom pari” lardan ham kelishadimi deyman… – ustozning bunchalik darajada xursand yurganini ko’rmagan edim.
– E, A’zamjon, so’ramang. Kecha bozorda yurganimizda, “Shu ham odam, shuning ham cho’ntagida pul bo’lishi mumkin” deb, kissavurlar pulni urib ketishibdi. Bugun mening eng baxtiyor kunim. Bugun men xayotimda birinchi bor inson sanalgan kunim. Xursand bo’laman-da! – dedilar.
Pulini yo’qotib qo’ygan kishining bunaqa xursand bo’lishini birinchi ko’rishim edi.
Shu kuni nonushtaga birinchi bo’lib yozuvchi Shukur Xolmirzayev keldi. Har safar yangi asari nashrdan chiqqanda biz qo’lma-qo’l qilib o’qigan, xali o’qimaganlarga xayajon bilan so’zlab yurganimiz, sevimli yozuvchimiz bilan tanishish nasib etdi menga shu kuni. Bu men uchun katta voqea edi. Shukur akaning ajoyib, o’ziga xos talqindagi suhbatlarini maroq bilan tingladim.
Birin-serin boshqalar (darveshlar-shoirlar) ham kelib, bazm gavjum bo’ldi. Bu shirin suhbatni tark etishga sira ko’zim qiymas edi. Biroq, uyga , Farg’onaga qaytmasam bo’lmas, safarim qarigan edi.

Ustozimning ustozi

Vodillik shoir Abduraxmon Vodiliy Isroiljon amakimning kaynotalari bo’ladi. Qarindosh-urug’larning to’y-marakalarida biz ko’pincha u kishining farzandlari bilan birga bo’lar edik. Shunday marosimlarning birida shoirning to’ng’ich o’g’illari Abdulboriy aka bilan Rauf Parfi xaqida suhbatlashdim. Shoirning xokisorligi, faqirligi, boylikni do’st tutmasligi va ba’zi qiziq fe’l-atvorlari xaqida gapirib, Abduraxmon Vodiliyni ustozim deb aytganligini, u kishini nihoyatda xurmat qilishligini aytib berdim.
Abdulboriy aka shunday xikoya boshladilar:
– Xaqiqatdan ham bular chin ma’nodagi ustoz-shogirdlar edilar. Rauf u payitlar maktab o’quvchisi edi, yozganlarini otamga olib chiqib ko’rsatar edi. Otam kerakli yo’l-yo’riqlarni berib:
– Shu bola boshqachada! Undan bir narsa chiqadi, – der edi. Raufdagi ba’zi tutumlarni men otamda kuzatganman. U kishiga yoshligida yangi ko’ylak-chopon, do’ppi kiygizib qo’yishsa, ko’chaga chiqib, eng xarob kiyingan bolaga ust boshini almashtirib, uyga kirib kelar ekan. Akalari xafa bo’lib:
— Abduraxmonboy, bizning sha’nimizga yarasha ish qilmabsiz. Kimsan falonchi boyning (ular Vodilda katta yer egalari bo’lishgan) o’g’li bo’lsangiz, shu kiyim sizga munosibmi? – desa.
– Eh, sizlar buni keyin tushunasizlar! –der ekan. Bu u kishining yoshliklaridagi gap. O’zim shoxidi bo’lgan bir voqeani aytay.
Dadamning oppoq teridan tikilgan kalta po’stini bo’lar edi. Uni avaylab, hech kim kiymas edi, sandiqda saqlanar edi. Bir kun uyimizga bir kishi mehmon bo’lib keldi. Otam bilan uzoq suhbatlashishdi. Birdan qor aralash yomg’ir yog’ib, sovuq bo’lib ketdi. Mehmon ketishga izn so’ragan edi, dadam: “Shoshmay turing!” – dedilar-da sandiqdagi hammamiz avaylab saqlayotgan po’stinni mehmonga kiygizib: “Bo’ldi-bo’ldi yechmang, Sizga atab tikilgandek ekan. Bu sizniki bo’ldi, – deb po’stinni berib yubordilar. Hammamiz po’stinga achindik. Dadam esa aksincha, juda xursand edilar.
Men shu xislatlarni bugun Raufda ko’raman.
Abdulboriy akaning bu xikoyasini eshitib bir voqea esimga tushdi.
Kitob savdosi bilan shug’ullanib yurgan paytlarim edi. Nashriyotlardan kitob olib ketib, sotilgach, pulini olib kelib topshirar edim. Bir safar nashriyotga tushlik paytida keldim. Tanish-bilishlar bilan birga tushlik qilgani bordik. Qaytib kelsam, mashinamning eshigi ochiq. Bir chorsi pulni urib ketishibdi. Unisi, bunisi menga dalda berib, yupatib turishgan edi, Rauf aka voqeadan xabar topib, bir zumda yonimda paydo bo’ldilar.
– A’zamjon, parvo qilmang. O’sha pul bo’lmagan, deb xisoblang. Pul sizning cho’ntagingizda bo’ldi nima-yu, boshqasining cho’ntagida bo’ldi nima. Nima farqi bor?! Men xaligi kitobning pulidan kechdim – dedilar.
Rauf aka Abdurahmon Vodiliyning kitobini chiqarib, menga sotib berish uchun ming dona bergan edilar. Shuni nazarda tutishyapti. Kitobning pulini yarim-yortisini bergan edim, qolgani turgan edi.
Mening ham xazillashgim keldi: “Ustoz, xechqisi yo’q, siz qilgan xatoni bir takrorladim xalos. O’tgan gal o’zingiz ham pulingizni oldirib qo’yuvdingiz-ku ! – dedim.
– E anovimi ? – dedi kulib Rauf aka – u pulni qaytarib, olib kelib berishdi.
– Qandoq qilib?
– Mayda kissavur bolalar ekan. Katta pulni boshliqlariga olib borishsa, u xayron bo’lib, qayerdan, kimdan oldilaring, deb so’rabdi. Bolalar meni tasvirlab: “Sochlari oppoq oqarib ketgan, ko’zoynakli, past bo’yli kishi Chorsu bozorida pulning xisobini bilmay, sochib yurgan ekan, shu kishidan o’marib oldik”– deyishibdi. Cho’ntakkesarlar boshlig’i bolalarni koyib:- “ Darhol pulni egasiga qaytaringlar. Navoiy ko’chasida Matbuot uyining chap biqinida kabobxona bor, ana o’sha yerda u kishi xar kuni piva ichib o’tiradi. Pulni berib, mening uzrimni aytib qo’yinglar, –debdi.
Bu gaplarni eshitib xayratdan yoqamni tutdim. Xatto o’g’rilar ham xurmat qiladigan shoirga xavasim keldi. Biz hech qachon u kishidek bo’lolmasligimizga iqror bo’ldim. Biroq, boyagi tashvish yukidan ozod bo’ldim. Yo’qotgan pulimga zarracha ham achinmadim.

Bizning ichimiz bir

90G’ofur G’ulom nashrityotida Rauf Parfi, Farida Afruz va men suhbatlashib o’tiribmiz. Faridaxon yangi she’rlaridan o’kidi. She’rlarni birgalashib muxokama kildik. Shoiraning yangi topilmalarini – yangi so’zlarni ko’rib Rauf aka kuvonib ketdilar: — Shoir so’z yaratishi kerak – dedilar. Ba’zi so’zlar ustida kattik tortishdik. Rauf akaning o’zlari so’z yasashga usta edilar.

She’r o’kish navbati endi menga kelgan edi. Men ustoz Rauf Parfiga bag’ishlab she’r yozgan edim, shuni o’kib berdim:

USTOZ RAUF PARFIGA

U kanday kun edi,
qayda yo’qoldim,
ozitqi ozdirgan jinlarning tuni.
Bir suluv shaklida o’ptirdi shayton,
uni quchdim,
o’chdi yurakning uni.
Ovoz ber, ovozim,
qaylarda kolding,
mening g’azo tig’im-
ey, qilich so’zim!
Singdingmi,
so’ndingmi,
shunga ko’ndingmi?
Ko’r qilmasmi axir, bu nonu tuzim.
Ey jon,
senga bu kasb muborak bo’lsin!
Qonamaysan ortik, chopsa ham g’anim.
Xuzurning jodugar ko’zin suyubsan,
muchchalab o’ldirar –
muzlaydi tanim.
Jafo malikasi, bag’ring tuzlama,
bu oshik haqqiga tilama to’zim.
Dushmanim,
ichimdan sotkin izlama,
men o’yib beraman ko’zimni o’zim.
Bir g’arib boshimga shuncha malomat.
Muncha talon-taroj bu yolgiz boshim.
Yo falak!
Menga xam bergil bir omad.
Yoki sinaymirsan mening bardoshim.
Ko’zg’ol,
yuragimda mudragan bo’ron!
G’aflat uykusidan uygot bu tanni.
Menga may bergilu,
jangimni ko’rgil.
Men senga tanitgum suyuk vatanni.
Qidirib bir kuni topsam o’zimni,
Dalli kunlarimday aytolsam so’zim,
Bo’g’zimga tiqilib keladi yig’i.
“Men esa izlayman o’zimni o’zim”.

Yor borib,
yolborib topmadim o’zim.
Yosharib,
yo karib topmadim o’zim.
Yig’ladim,
yosh arib topmadim o’zim.
Men g’arib
telbarib,
topgum o’zimni.

Rauf aka she’rni diqqat bilan eshitdi. Bir nuqtaga uzok tikilib koldi va : — “Bizning ichimiz bir” – dedi va she’r matnini so’radi, berdim. O’qib ko’rib:
– So’zlarni parchinlab tashlabsiz, birontasiniyam u yoq bu yoq kilib bo’lmadi, – deb xursand bo’ldilar.
– Buni bizdan o’zingiz talab kilardingiz, ustoz, – dedim va bir paytlar: “So’zlaringiz shalvirab, misralar bo’shashib turadi” deb she’rlarimni tankid kilganlarini eslatdim.
– Misralar misoli tor. Uning muruvvatini burab, tarang tortib qo’yish kerak. Ana undan keyin chalsangiz bo’laveradi – dedilar.
Ustoz bilan bo’lgan oddiy suhbatlarda ham biz u kishidan katta saboq olardik.

RAUF PARFINING OTA-BOBOSI

Shoirning ota-bobosini, yashagan joylarini Vodildagi keksa, yoshi ulug’ kishilardan surishtirdim. To’qson olti yoshli Qushoqboy ota shunday hikoya kildi:
– “Parfiboy aka yaxshi odam edi. Yaxshi bog’bon edi. Kal Parpi, Gul Parpi deb lakab olgan edi. Otalarini Madamin (Muxammadamin) korovul deyishar edi. Ikkita xotini bor edi. O’ziga to’q, mol-mulkning egasi edi. Oxun, Ergash degan o’g’illari bo’lar edi. Bizga ro’para qo’shni edi ular”.
Parfiboy akaning hovlisi Vodilning Marg’ilon ko’chasida, xozirgi dehqon bozorining tepa tomonida bo’lgan ekan. Hovlining etak tomonidan Shohimardonsoy oqib o’tadi. Parfiboy yaxshi bog’bon bo’lganligi uchun Xamroqul Tursunqulov Yangiyo’lda kolxoz tashkil kilish davrida ularni oilasi bilan boshqa vodilliklar qatori ko’chirib, olib ketgan ekan.
Onalari Sakinabonu. U kishi ham asli vodillik bo’lgan. Farzandlari turmagandan keyin, o’g’il farzand ko’rishib, ismini Tursunali quyishgan, Rauf akaning asl ismi shunday bo’lgan. Tursunali Yangiyo’lga ona qornida ketgan va o’sha yerda, Sho’ralisoyda tug’ilgan. Rauf ismini ijod bilan shug’ullana boshlagandan keyin, ustozlari Abduraxmon Vodiliyning o’g’illari Abdurauf akaning ismlarini yaxshi ko’rib, o’zlariga taxallus kilib olgan ekan. She’r bu– millatning dardi. Xatto mening ismim Rauf so’zida “uf” degan og’riq bor. Bu – dard, bu– she’r – der edi Rauf akaning o’zlari.
Ha, Rauf Parfi ana shu dard bilan yashadi. Bu Vatan ishki, Turkiston ishki edi. Va bu Rauf Parfi she’riyati edi.

Parfiboy aka Vodilga kelganlarida:
– So’rini soy buyiga kuyib beringlar, man otam ekkan daraxtlarni bir ko’rib, to’yib olay, – degan ekanlar va soyning u yog’idagi daraxtlarga karab, uzoq o’yga cho’mgan ekanlar, deb eslaydi biz bilan bo’lgan suhbatda vodillik, yoshlari yuega yaqinlashib qolgan Rustam ota.
Demak, xozirgi bolalar sanatoriyasining soy tomonlari ham ularning yeri bo’lgan ekan. Bu fikrni Parfiboy akaning qo’shnisi bo’lmish Muxtor aka ham tasdiqladi. Bu suhbatda shoir Chorsham Ro’ziyev ham bor edi.
Parfiboy aka Vodilga qaytib ketaman, deb xarxasha kilavergach, kolxoz raisi Xamroqul Tursunqulov Vodil qishloq Sovetiga xat yozib, xatda “Hovlisini sotib, pulini jo’natib yuboringlar” deb tayinlagan ekan. Xovlini Vodilga prokuror bo’lib kelgan andijonlik Habib Rahmon degan kishi sotib olgan ekan. Buni prokurorning qizlari Osiyo opa aytib berdilar. Bu hovlida yaqin yillargacha Osiyo opaning opalari Zuxra opa va o’g’illari Erkin aka yashaganlarini men ham bilaman.
Rauf akaning o’zlarini eslashicha 6-7 yoshlarida Vodilga qaytib kelib bir yilcha yashashgan ekan.
Ha, bu yurt sog’inchi , Vatan sog’inchi edi. Xuddi ana shu narsa Rauf aka hayotining sungi yillarida yana takrorlandi.
Rauf aka Tursunali polvonga: «Meni Farg’onaga, Vodilga olib ketinglar, endi o’sha yokda, ota yurtimda yashayman, – deb tayinlaganlarining bir necha bor guvoxi bo’lganman.
Rauf Parfining ota xovlisidan yuz, yuz ellik metr pastrokda uning ustozi Abduraxmon Vodiliy yashagan. Bizning ota hovli ham shu ko’chada bo’lgan. Men bu ikki buyuk shoir bilan bir qishloqda, bir ko’chada tug’ilib o’sganim bilan faxrlanaman.

USTOZ BILAN VIDOLAShUV

Vaqt degan ulug’ hakamning hukmini biz insonlar hamisha yoddan chiqarib, his qilmay yashar ekanmiz. Rauf Parfidek buyuk dahoni taqdir bizga yuz yilga bog’lab berganday beg’am, bepisand yuraveripmiz. 2005 yil .mart oyining oxirlarida Toshkentga bordim. Har gal beminnat “ Mussofirlar karvonsaroyi” Chorshamning hovlisiga tushdim. Ustozning hastalanib qolganlarini eshitib, qayg’urdim. Oqshom payt kasal ko’rib bo’lmaydi”, degan irimga amal qilib, ertalab Tursunali akam, Chorsham va men birga boradigan bo’ldik. Ertasiga ba’zi ishlar ko’ndalang bo’lib uchalamiz jam bo’lolmadik. Keyingi kuni men Farg’onaga qaytishim kerak edi. Nashriyotlardan kitoblar olib qo’ygan, qaytishga transpot masalasi ham gaplashib qo’yilgan edi. ( u paytlar men kitob savdosi bilan shug’ullanar edim) Ustozni ziyorat qilish, xabar olish keyingi safarimga qoldirildi. To’rt-besh kunda yana Toshkentga qaytishim lozim edi. Vodilga kelib, tovarni endi tushirib, joylab bo’lgan ham edimki Toshkentdan telefon bo’ldi: “Rauf aka uzildi”.
Men izimga qaytdim. Jasadni suvga olishgan, oldiga kirish mumkin emas ekan. Men “kirmasam bo’lmaydi”, deb turib oldim. Uzoqdan keldi, mayli, kirsin, deb ruhsat berishdi.
Butun umrini insonning hurligi, ozodligi, turkiy xalqlarning birligi uchun, Turkiston yodi bilan kechirgan shoir bir siqim bo’lib yotar edi. Zulxumorning( Chorshamning xotini) jiyani Zafar ustozning soch-soqolini tarab, tekislayotgan edi. Men unga yordamlashib, suyashib turdim. Rauf Parfiy Chorsham Ro’ziyevning uyidan chiqarildi. Janoza Minor qabristonida o’qildi. Tuproqqa qo’yilayotganda ustozning “Ko’p yashab qo’yayotganimdan hijolatdaman”, degan gaplari (u bu gapni ko’p aytar edi) yodimga tushib, o’zimni bosib turolmadim, ovozimni ichimga yutib, yelkalarim siltinib yig’ladim. Kimdir orqamda yelkamga qoqib tinchlantirdi. Rauf akam suvga shung’igandek qabrga tez kirib ketdi. Tuproq uni shunchalik sog’ingan ekan.
Qabristondan qaytib yana Chorshamning hovlisida yig’ildik. Qur’on tilovatidan so’ng shoir Yo’ldosh Eshbek nutq so’zladi. Yo’ldosh akaning qaldiroqdek ovozidan etlarimiz jimirlab ketdi. U Rauf Parfiy hayoti, she’riyati, bu dunyoda bajarib ketgan buyuk ishlari, turkiy millatlar birligi, vatan mustaqilligi haqidagi katta gaplarni qo’rqmasdan baland aytdi. Ha, u shogirdlik maqomini halol bajardi. Yo’ldosh aka ko’zimga juda ulkan ko’rinib ketdi. Ma’raka mitingga aylanib ketdi. Amal kursisini maxkam minib olgan shoirlar janozaga kelisholmadi, qo’rqishdi. Ba’zilar ertasiga ta’ziyaga kelishdi, ba’zilari esa fotixagayam kelishmadi.
Shu kecha biz shogirdlar ko’pchilik shu yerda qoldik. O’zbekiston radiosi muxbiri Berdirahmat bir-bir intervyu olar ekan hammani yig’latdi. U mikrafonni tutib savol beraman deyliyu, yig’lab yuboradi, biz ham o’zimizni tutib turolmay yig’lay boshlaymiz. Har safar shunday bo’laverdi. Ha, bu o’lim hammani birdek qayg’uga botirgan edi.
Ertasiga fotihachilarni uzatdik. Chorshamning torgina hovlisi uning ko’ngli kabi keng bo’ldi, ne-ne odamlar kelib ketmadi. Bir hafta bo’ldiyam fotihachilarning keti uzilay demaydi. Rauf akaning yaqin do’sti, kursdoshi, millatimiz jonkuyari, butun ijodini vatan ozodligi, xalqning dardi uchun bag’ishlagan sevimli hofizimiz Dadaxon Xasanov har kuni keldi. Kechgacha suhbatlashib o’tiramiz. Rauf aka xaqidagi xotiralarini aytib beradilar. Do’sti uchun u kishining bag’ri kuyayotganini yurakdan his qilib turdim. Hofizning o’zi emas, yuragi yig’lar edi.
Suhbatlarimiz O’zbekiston xalq shoiri Usmon Azimovning har kungi tashriflari bilan ham yanada mazmunli bo’ldi. U kishi shu yaqin o’rtada yashar ekanlar, kechasi demay, kunduzi demay har kun xabar olib turishdi. Ustozni ko’p eslashdi, xotiralardan so’zlab berishdi.
Rauf akaning juda ko’p shogirdlari ta’ziyaxonadan ko’p vaqtgacha qadamlarini uzishgani yo’q, hammani eslashning imkoni ham yo’q. Esda qolgani fotihaning birinchi kuni shoir Yo’ldosh Eshbek menga ikkita she’r matnini berib, bularni saqlab qo’ying, deb tayinladi. She’rlar Rauf Parfining o’limiga bag’ishlangan edi. Demak Yo’ldosh aka kechasi bilan uxlamay o’sha tun ana shu ikki she’rni yozibdilar. Afsus, bu she’rlarni men saqlay olmadim. O’zimga nusxa ko’chirib olmay bir taxririyatga topshirgan edim, u yerda yo’qoldi.

Men ham ustozga atab o’sha kunlari bir she’r yozdim:

Shoir Rauf Parfi o’limiga

Bu kun motam tusda Buyuk sheriyat,
Xun yig’lar Turkiston, xun yig’lar Turon.
Dunyoning ko’zida sitam. Badniyat
O’lim ko’ngillarga tashladi xijron.

Ketdi turk elidan ko’chib ulkan tog’,
Ketdi Rauf Parfi degan ulug’ zot.
“Oh, Turkiston, eng achchiq bo’sa”,
Nahot bu g’amlarga chidar odamzot.

Chaqib o’tdi ko’kda yorug’ bir chaqin,
Bir lahza angladik nimadir vatan.
Turkiylar maqsadga keldilar yaqin,
Turkiston yodi – bu bir jonu bir tan.

Bosh uzra chayqalib borar “Ulkan tog’”,
Seldek oqar, yeldek el Minor tomon.
“Mayishib ketadi ko’prikning beli”*.
So’ngi yo’l… Oxiri ko’rinmas hamon.

Shuncha sog’inganmi Sizni bu tuproq,
Yo’q, shoir o’lmaydi, she’riyat yashar.
Dunyoni kezadi “Turkiston ruhi”
Unutmoq mumkinmas, unutmas bashar.

Ketdi turkiy eldan ko’chib ulkan tog’,
Ketdi Rauf Parfiy degan ulug’ zot.
She’riyat, ko’ksingda armon – qora dog’,
She’riyat, ko’ksingda tinmaydi faryod.

* Yo’ldosh Eshbekning o’sha she’ridan.

03

(Tashriflar: umumiy 487, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ассалому алайкум. Хуршид ака аввало сизга катта раҳмат, мана шундай улуғ ишларнинг бошида турганингиз, элнинг катта шоирлари, уларнинг ижоди ва ҳаёти ҳақидаги хотараларни жамлаётганингиз ва бундай ишни этагини тутганларнинг бошини қовуштираётганингиз учун. Улуғ шоир, устоз Рауф Парфининг ҳаётини ўзиёқ ҳар қандай инсонни ўзига жалб қилади. Баъзан: агар Рауф акам бир сатр ёзмасдан шундай яшаб ўтиб кетганида ҳам уни юз йиллаб соғиниб яшаш мумкин бўларди, деб ўйлаб қоламан ҳам. Устоз Қозоқбой Йўлдош домла билан бирга Рауф акамни зиёратига борар ёки ўзларини Сирдарёгап олиб келардик. Ана шу суҳбатларда: Рауф ака, сиз ўлинг, ана шунда ниҳоятда машҳур ва буюк бўлиб кетасиз, дердик ҳазиллашиб. Шундай ҳам бўлди. Охиратлари обод бўлсин устознинг.
    Аъзам ака, сизнинг эсдаликларингизни мароқ билан ўқирканман, устоз билан бўлган кунларим, у кишининг гаплари, ҳаракатлари кўз ўнгимдан ўтди. Тарихни кўз ўнгимда қайта тирилтирганингиз учун сизга катта раҳмат. Йўлим тушиб, водийга борганимда албатта сиз билан учрашаман. Устоз ҳаётлик даврларида сиз билан учрашиш насиб қилмаган экан, ҳеч бўлмаса энди учрашайлик.

  2. Ассалому алайкум. Хуршид ака аввало сизга катта раҳмат, мана шундай улуғ ишларнинг бошида турганингиз, элнинг катта шоирлари, уларнинг ижоди ва ҳаёти ҳақидаги хотараларни жамлаётганингиз ва бундай ишни этагини тутганларнинг бошини қовуштираётганингиз учун. Улуғ шоир, устоз Рауф Парфининг ҳаётини ўзиёқ ҳар қандай инсонни ўзига жалб қилади. Баъзан: агар Рауф акам бир сатр ёзмасдан шундай яшаб ўтиб кетганида ҳам уни юз йиллаб соғиниб яшаш мумкин бўларди, деб ўйлаб қоламан ҳам. Устоз Қозоқбой Йўлдош домла билан бирга Рауф акамни зиёратига борар ёки ўзларини Сирдарёгап олиб келардик. Ана шу суҳбатларда: Рауф ака, сиз ўлинг, ана шунда ниҳоятда машҳур ва буюк бўлиб кетасиз, дердик ҳазиллашиб. Шундай ҳам бўлди. Охиратлари обод бўлсин устознинг.
    Аъзам ака, сизнинг эсдаликларингизни мароқ билан ўқирканман, устоз билан бўлган кунларим, у кишининг гаплари, ҳаракатлари кўз ўнгимдан ўтди. Тарихни кўз ўнгимда қайта тирилтирганингиз учун сизга катта раҳмат. Йўлим тушиб, водийга борганимда албатта сиз билан учрашаман. Устоз ҳаётлик даврларида сиз билан учрашиш насиб қилмаган экан, ҳеч бўлмаса энди учрашайлик.

Izoh qoldiring