Ibrohim Haqqul. Davr, shaxsiyat va she’riyat

021Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланади

    Алишер Навоий яшаб, ижод этган давр Шахс толеига ғамхўр, турмушнинг айтарли барча жабҳаларида истеъдодли шахсиятларнинг майдонга чиқишидан жуда манфаатдор бўлган. Шунинг учун Шахс масаласида давр ва замон, жамият ва ижтимоий-сиёсий муҳит орасида кескин ихтилоф кузаталмаган.

589ДАВР, ШАХСИЯТ ВА ШЕЪРИЯТ
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
филология фанлари доктори, профессор

33Моддий дунёда ҳамма нарса ва барча мавжудликнинг ўз асоси, ботиний таянчи бўлганидек, инсон ва инсонийликнинг ҳам тамали бор. Кўзга кўринмас бу асос эса жисмоний куч-қувват, маънавий хислат ва фазилатларни ўзида мужассамлаштирган Шахс ва Шахсиятдир. Мустақил шахс сифатида инсон ўз қиёфасини кўрсата олса, эркин фикрлаш, озод яшашда ташқи бир кучга тобелик сезмаса, демак, у – Шахс, мавжудлигини оқлашга қодир теран шахсиятдир. Жаҳондаги барча улуғ Шахсларнинг ҳаёти ва тақдири, энг аввало, айни шу томондан эътиборга молик ва ибратли.

Наинки илм-фан, санъат ва адабиёт, балки давлат, миллат ҳамда Ватаннинг ҳам ноёб бойлиги, таянч тоғи Шахсдир. Оломон ва тўдачилик офатларидан қутулишни кўзлаган халқнинг олий мақсади Шахсни вояга етказиш бўлмоғи керак. Бунда кўп нарса давр, замон, давлат ва жамиятнинг умумий савияси ва ҳақиқатни англаш лаёқатига боғлиқ, албатта. Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий яшаб, ижод этган давр Шахс толеига ғамхўр, турмушнинг айтарли барча жабҳаларида истеъдодли шахсиятларнинг майдонга чиқишидан жуда манфаатдор бўлган. Шунинг учун Шахс масаласида давр ва замон, жамият ва ижтимоий-сиёсий муҳит орасида кескин ихтилоф кузаталмаган.

Навоий шахсига келсак, у тарихий, маърифий, ҳатто афсонавий бир шахс эди. Туркий халқлар илм-фани, маданияти ва адабиёти тарихида бундай мақом Навоийдан ўзга ҳеч бировга насиб этмаган, деса муболаға бўлмас. Бадиий ва илмий ижодда асрий орзуларини руёбга чиқарган, қанчадан-қанча уруғ, қабила, элатлар бирлашган туркий халқларга Навоий моҳият эътибори билан янги асарларни инъом қилган беназир санъаткордир. Унинг барча нодир хислатлари ва ва ноёб фазилатлари, ижодиётидаги камёб туйғу ва кечинмаларининг сирли манбаси бетакрор шахсиятидир. Навоий Шахсининг пойдевори, ҳеч шубҳасизки – Истеъдод, ҳаракат қуввати эса Эътиқод, Виждон, маслак ва маънавият жабҳаси: Ишқ, Ирфон, Ҳақиқат ва Ростликдир. Буларсиз улуғ шоир шахсидан сўз юритишни хаёлга ҳам келтирмаслик керак. Тўғрилик, шижоат, бутунлик ва фидойилик борлиғидан муқим жой эгалламаса, ҳеч қайси қалам соҳиби миллат тафаккури, хусусан, руҳониятига сезиларли таъсир ўтказолмайди. Мана шу учун ҳам Навоий илҳомни кашфдан, кашфни ижодий янгилик ва ўзига хосликдан асло ажратмаган.

Ҳақиқий шеърият шоир яшаб ижод қилган давр, замон, ижтимоий-сиёсий муҳит чегарасидан юксак бир руҳоний эркинликда яратилади. Мана шунинг учун даҳо шоирларнинг асарларида ҳамма давр, барча жамият одамлари учун зарур ва долзарб ғоя ҳамда ҳақиқатлар тасвирланади. Шеърият, аввало, гўзаллик ва завқ тазаҳҳури бўлгани боис инсонни моддий манфаат ва турмушнинг жўн, ўткинчи машғулотларидан халос қилади. Ана шунда шоир Шахси таъсири ва илҳомида, шеърхонда ҳам ўз шахси ҳақида ўйлаш эҳтиёжи юзага келади. Шоирликда маҳорат касб этишни кўзлашдан бош мақсад аслида мана шу.

Атоқли адиб Одил Ёқубов бир мақоласида “Ўзбек адабиётида кимни Шахс деб атасак бўлади?” деган саволга “Масалан, Машрабни шахс дейиш мумкин. Унинг биринчи вазифаси ҳақиқатни, халқнинг дардини айтиш бўлган”, дея жавоб қайтаради. Ва яна изоҳ тарзида бундай дейди: “Шахснинг қарашлари кўпинча жамиятдаги қарашларга тўғри келмаслиги мумкин, шунда унинг бўйнига бирор арзимас айб қўйиб ўлдириб юборишади. Бироқ Шахснинг руҳи ҳамма замонларни бедор қилиб туради” (“Сўз”, Тошкент, 2019, 424-бет). Тарихдан аёнки, Алишер Навоийга ҳам суиқасд қилиб, ҳақпараст шоир овозини ўчиришга уринишлар бўлган. Бироқ диёнат ва виждон жаллодлари бундай машъум жиноятнинг уддасидан чиқишолмаган. Низомулмулк, Мажидиддин бошлиқ баттол бандалар эса шоирга қарши тўхтовсиз иғво, бўҳтон, фисқу фасод тарқатиш билан машғул бўлишган. Навоий шахси ўтда ёнмас, сувга чўкмаслиги билан энг ҳосид, ичиқора зотларни ҳам ажаблантирган. Чунки Навоийда ёвузлик, гумроҳлик ва ваҳшийликка таслим бўлмайдиган илоҳий қудрат ато этилган. Бундай куч-қувватга соҳиб талантлар эса ниҳоятда кам туғилади.

Шахснинг ҳаёт ва адабиёт майдонида от суриши шу сабабга кўра ҳам ҳаддан ташқари сийрак кузатилади. Шунинг учун асрлар мобайнида адабиёт мард, жасур, чинакам шижоат соҳибларига қараганда муросачи, қўрқоқ, маддоҳ, иккиўйинчи, латтачайнар, ожизу нотавон қаламкашларнинг фаолият майдони бўлиб келган. Тўғриликка содиқ яшаш, сўз ва амал бирлигига риоя эта билиш, миллат ва Ватан манфаатини биринчи ўринга қўя олиш Шахснинг асосий фазилатларидандир. Адабиёт ривожига алоҳида таъсир ўтказиб, ижодкор шахсининг шаклланишини таъминлайдиган ботиний куч-қувват Дард ва Изтироб эканлигига дунёнинг кўп атоқли санъаткорлари ҳамфикрдирлар. Масалан, машҳур олмон адиби ва файласуфи Ф.Нитше: “Изтироб ҳақиқатга эришишнинг энг учқур усули” деса, рус файласуф ёзувчиси В.В.Резанов: “Фақат дард ва қайғу бизга буюклик, илоҳийлик эшикларини очади…”, дейди. Бошқа бир мусулмон файласуфининг фикрлари янада эътиборли: Изтироб инсоннинг қалб соҳиби эканлигининг илк нишонаси ва уни дўст каби қаршилаш қалбнинг шоҳона учрашуви эрур. Изтироб хотиралари қадар жонли, кучли ўтмиш ҳаётимизга маъно бағишловчи мавжудлик йўқ”. Дарҳақиқат, дард, алам, изтироб ёлқинидай кўнгилда, хусусан, руҳда юксалиш пайдо этадиган нарсани тасаввур қилиш қийин. Дард ва изтиробга аҳамият берилишининг боиси фақат шуми? Йўқ, албатта. Дард ва изтироб ақл ва ироданинг бирлашувидан юзага келганки, шахсиятнинг чиниқиши, аввало, шуларга боғлиқ. Акс ҳолда Навоий:

Кўнгил ичра ғам камлиги асру ғамдур,
Алам йўқлиғи дағи қаттиқ аламдур,–

демасди. Зеро, шу ҳолатдаги хаёл, фикр ва тушунчаларни бадиий асарга кўчирган ижодкорни истеъдодларнинг ҳам истеъдодлиси дейиш мумкин. Чунки сўз, маъни ва руҳ жилваларини дард ва изтироб ойнасида акс эттириш камдан-кам шоирга насиб айлайди. Навоийдаги ҳурлик ва озодлик шавқи мана бундай қаноатни бошқа бир шоир изҳор айлай олмаслигида ҳам кўринади:

Жон бериб олдим жунуни ишқ то бўлдим фано,
Аллоҳ-Аллоҳ ул не хуш савдо, бу не хуш суд эрур.

Барча нодир санъаткорлардагидек, Навоий шахсида ҳам умуминсоний жозиба, ўзгаларникига ўхшамайдиган руҳоний бр куч мавжуд. Шоир шахсияти, яъни “мен”лигига кимки дилдан боғланиб, унга эргаша билса, ҳеч вақт фикран тўхтаб қолмйди, завқ-шавқ билан ҳолдан-ҳолга юзланиб, “Кўнглум ичра дарду ғам аввалгиларга ўхшамас” дегандай ошиқона эътироф ва сурурни юракдан ҳис қилади. Орифлик эътиқоди эса шоир шахсининг маърифатда янада собитлашувини кўрсатади:

Эй Навоий, чархи золининг фирибин топмағум,
Ёр агар бўлса менинг бирла эранлар ҳиммати.

Навоий нуқтаи назарида эрлик билан эранлик – валийлик ажралмас тушунчалардир:

Эр кирар эр сониға ҳиммат била,
Эр эмас фахр айлағон зийнат била.

Эрга хулқу феъл эрур зебу камол,
Янги заркаш ҳулласидур эски шол.

Эр эсанг, оллингдадур баҳри фано,
Чўмғилу қилгил ўзунгни ошно.

Хуллас, Навоийнинг Шахси ибрат ва таҳсинга лойиқ неча ўнлаб хислату фазилатларнинг махзанидир.

Тарихда Навоий Шахси қадар улуғланган, инсоний фазилат ва нодир хислатлари кўп мақталган шоир ниҳоятда кам учрайди. Унга нисбат берилган ҳис-туйғу ва гўзал сифатлар шоир сиймосини олдин айтганимиздек афсонавий қаҳрамонларга ёвуқлаштирган, деса муболаға бўлмас. Заҳириддин Муҳаммад Бобур инсонликда ҳам, ижодкорликда ҳам Навоийнинг тенги топилмаслигини алоҳида таъкидлаган.

Оддий меҳнаткаш халқ, илм ва ижод аҳли ҳамда амал ва мартаба соҳиблари тасаввурида жонланган Навоий сиймоси ўзаро умумлаштирилса, шоирлиги олимлигидан, мутасаввифлиги мутафаккирлигидан, ошиқлиги орифлигидан, давлат арбоблиги жавонмардлигидан баланд беназир даҳо бир Шахсга юзлашгандай бўламиз. Навоийнинг серқирра ижодиёти сир-синоат тўла Шахсига муҳташам кўзгу бўлганидек, Шахси ижодига маънавият, эътиқод ва виждон манбаидир. Шунинг учун шоир ижод намуналарини унинг “Мен”лигидан ажратиб, руҳ ва руҳониий ҳаёт эҳтиёжларини эътиборга олмай таҳлил ва талқин қилиш – ниҳолни заминидан суғуришдай бир ишдир. Бир фардида у ёзади:

Мен синуқ, кўнглум синуқ, сабрим уйи худ ерга паст,
Билмагай ҳолим шикастин кўрмаган мунча шикаст.

Бу байтда фақир, дарвеш, ғариб, мискин Навоийнинг ҳис ва ҳолати бирлашиб кетган. Бунинг сиррига етмай фард мазмунини қайта сўзлашдан нима фойда? Шикасталик, бенаволикдан туғилажак бутунликни унда тасаввур айлаб бўладими?

Навоийни билиш, тадқиқ этиш собиқ совет замонида қолиплаштирилиб, қарийб бир андозага мослаштирилган. Натижада шоир асарларининг ижтимоий, сиёсий, ахлоқий мазмуни, моддий оламга тегишли ғояларини изоҳлаш етакчи ўринга чиқарилган. Туйғу, руҳ, ҳол, дард, хаёл манзаралари тасвири унутилган. Навоий ёзади:

Йўқ даҳрда бир бесару сомон мендек,
Ўз ҳолиға саргаштаву ҳайрон мендек.
Ғам кўйида хонумони вайрон мендек,
Яъники, алохону аломон мендек.

Шарқ мумтоз шеъриятида ақлга эмас, руҳга таянилиб, дунё ва инсон сирлари руҳдаги ўзгариш ва эврилишлар орқали акс эттирилган. Тўртликда сийратда юз очган гўё тўрт сувратга эътибор жалб қилинган: 1.Бесару сомонлик. 2.Ўз ҳолига саргаштаву ҳайронлик. 3.Хонумони вайронлик. 4.Алохону аломонлик, яъни ҳаммасидан мосиволик. Бу ҳолларнинг ҳар бири галма-гал даҳрда ҳеч нимага боғланмаслик, бошқача айтганда, фано завқини акс эттиради. “Мен”га урғу берилиши эса “ўзлук иморат”ининг бузилганлигидан далолатдир.

Шахсият – яхши ва ёмон, яроқли ва яроқсиз, юксак ва тубан, инсоний ва шайтоний, эзгу ва ёвуз, собит ва ўткинчи майл, истак, хусусият ва кўникмаларнинг йиғиндисидир. Буларнинг керагини кераксизидан, гўзалини чиркинидан ажратиш моҳият иши бўлиб, бу шахснинг шаклланиш йўлидаги дадил одимидир.

Маълумки, дин уч устувор асосга таянади: имон, илм, ҳол. Чин диндорлик исломий илмнинг ҳолга уйғунлигидир. Тасаввуфнинг хос бир хизмати шу илмнинг ҳаётга тадбиқи ва таъминидан иборат эрур. Чунончи: тасаввуф нафсни динга ром этиб, динни нафс учун виждонга айлантирган. Тасаввуф диннинг ҳукмрони эмас, толмас хизматкори, содиқ навкари. Дин ва тасаввуф иттифоқини Навоий мана шундай тушунган, Шахс камоли учун эса тасаввуфдан ишқ ва ирфон манбаи ўлароқ фойдаланган. Унингча:

Давронда камол ичра қуёшдин бийик ўлди,
Ҳар зарраки бир комили давронға йўлуқти.

“Комили даврон” эса пир, муршид, мураббий, шайх номи билан машҳур бўлган ишқ ва ирфон пешволаридир. Шахс тақдирини асосан ана шулар ҳал қилишган.

Инсон руҳ(жон) билан бадандан иборат бўлиб, булардан бири латиф ва руҳоний жавҳар бўлса, иккинчиси жисмоний бир мавжудликдир. Аммо уларнинг иккаласи ҳам ўз манбасига қараб майл кўрсатиб, йўлдошини ўзи тарафига жалб қилади. Агар руҳ баданни енгиб, нафсоний шаҳватлар лаззатидан уни халос айлаб, турли қўполлик ва разолатлардан қутқазса, унинг билан бирга самовий манзилу маъволарга кўтарилади. Шу маънода Яссавий, Аттор, Румий, Жомий, Навоий, Машраб кабилар фақат шоир эмас, балки мутасаввиф, муршид, пири комил ва авлиё зотлар ҳисобланган. Шунинг учун уларнинг аҳвол руҳияти, ирфоний маслак ва тажрибалари ҳам бошқача бўлган. Тадқиқотчиларнинг хулосалари бўйича, тасаввуф тарихининг дастлабки уч асрида сўфийлик йўлидан юрганлар курашчан бир руҳ, эркинлик шавқи ва ташаббус соҳиби бўлишган. Анча кейинги даврларда эса аҳвол бир қадар ўзгарган. Бу эса ишқ ва муҳаббат оташида тобланадиганлар шахсига салбий таъсир ўтказган. Ишқсиз, ирфонсиз яшаш фожиасини Насимий шундай талқин қилади:

Маърифат касб этмадинг, сен фонисен,
Уч-тўрт кун дунёнинг меҳмонисен,
Ҳақни билсанг, оламнинг султонисен,
Билмасанг, худ дев била шайтонисен.

Диний-илоҳий идрок Навоийда кучли бўлса-да, инсонни ҳаётдан, дунёдан ажратадиган туйғу ва тушунчаларни умуман у мақбул кўрмаган. Шу боисдан шоирнинг мутасаввифлиги ва дарвешлигигига мутлақо бошқача ёндашиш лозим. Унинг гўзаллик ва нафосат завқ-шавқи ўзга бир шоирникига ўхшамайди. Воқелик бағрида у ўзини маърифат, маънавият, ишқ Фарҳоди қиёфасида тасаввур этган:

Навоий, бенаволиқ шевасин берма иликдинким,
Наво ҳар кимки истабтур, топибтур бенаволиғдин.

Бир умр шоир навони бенаволикдан, шодликни қайғу қаъридан, фикрни фикрсизлик биёбонларидан топган. Чунки кўнгли янгиланиш ва янгиликка муштоқ санъаткор шоирни шунчаки наво, шунчаки қувонч ёки оммабоп тушунчалар асло қониқтирмаган.

“Гўзаллик мушоҳадаси алоҳида бир ҳолатдир… Гўзалликнинг моҳиятини англаш ҳам бир завқ эрур”, – дейди Имом Ғаззолий. Ана шу ҳолат ва завқ Навоийнинг илҳом малагини кўкларга кўтариб, санъатнинг турфа-турфа сирларидан уни воқиф этган. Нафс зулматида адашиб, манфаат тегирмонида янчилмаган киши дунёнинг ғам-ғусса, кулфат ва мусибат лашкарларига таслим бўлмайди. Унда
фановашлик ҳоли бўлса, бас – ҳаммасига чидайди, ҳаммасини енгиб ўтишга куч топади. Навоийда шундай. Унинг хилма-хил ғанимлик, оқибатсизлик, жавру жафо ва ёвузликларга таҳаммулининг ўзи улкан бир сабоқ мактабидир.

Менки, ўлдум даҳр элига ошнолиғ ранжидин,
Қилмағаймен ошнолиғ, гар Масиҳ ўлсун яно.

Ошнолардин тилармен айласам бегоналиғ,
Қайда мумкин бўлмоғим бегоналарга ошно?!

Ошно – бегона, бегона – ошно, ошнолик – бегоналик, бегоналик – ошнолик. Буларнинг ҳам асабни қақшатиб, дилни ларзага соладиган драмаси бор. Шунинг ранж ва азоби шеърда дардли чизгиларда ифодаланган. Комиллик идеали Навоийда ахлоқий турғунлик, фикрий ночорлик, маънавий ожизликнинг тамоман тескарисига хизмат қилади. Йиғлаганни кулдириш, кулганни йиғлата билиш, ғам-ғуссани шодликка, қувончни кадарга эврилтириш салоҳияти Навоийда жуда кучли. Шеърхонни у ҳасрат, ноумидлик, бадбинлик, маҳдудлик офатларидан муҳофаза этиш билан бирга, сохта кўтаринкилик, макруҳ шодлик, файзсиз – хосиятсиз мамнуниятбозликдан ҳам қутқазади.

Юракда дин ва ирфон чироғини ёқмай, тариқат ва илоҳий ишқ чашмасидан сув ичмай, олий санъат сеҳрини идрок қилмай Навоий шахси билан ботиний муносабатга киришиб бўлмайди. Навоийнинг иқрори бўйича, истеъдодсиз давр, ўртамиёна замон, маърифати паст жамият ва золим салтанат ҳеч вақт улкан талантларни қўллаб-қувватлаб уларга эркинлик ва илҳом беролмайди. Мутафаккир шоирнинг қуйидаги каби сўзлари ҳаёт ва жамият ҳақида ўйлашга ҳам ундайди:

Ишқ аро дарду балодин ўзга йўқ,
Зулму бедоду жафодин ўзга йўқ.

Маслак ва шахсият эътибори билан Навоий сўнгги нафасигача севган, сидқу садоқатини сира сусайтирмаган Шахс, ҳеч шубҳасизки, сарвари коинот Муҳамад (с.а.в.) бўлган. Бундай меҳру муҳаббат эса Навоий дунёқараши ва шахсиятига оламшумул очиқлик ва сўнмас кўрк бағишлаган. Шоирдаги камтарлик, хоксорлик, жафокашлик ва ҳикмату ҳимматнинг дахлсиз бир асоси ҳам ана шу. Унинг:

Сенинг мадойихи наътингда, ё Расулуллоҳ,
Тамом бўлди Навоий такаллуми поки,–

дейиши ҳам шундан. Навоий таржимаи ҳолидан хабардор киши биладики, бешафқат даҳр, ғаддор замон, субутсиз жамият умр шомида шоирни яна кетма-кет оғир синов , нисбатан бошқача ирода имтиҳонларидан ўтказганди. Турли жанрдаги шеърларида шоир буларни ҳам ёзиб қолдирган:

Юзланиб шавкату, жоҳу иқбол,
Қисматим бўлди басе мансабу мол.

Ҳар не эл қилди талаб, мен топтим,
Барчадин силкиб этак, кўз ёптим.

Улча мен топқали бор эрди ҳавас,
Ким топилмади вафо эрдию бас.

Бир вафо кимгаки, мен қилдим фош,
Юз жафо ўтруда эрди подош.

Кўз анинг йўлиғаким, еткурдум,
Кўзда юз неш балосин кўрдум.

Қайсининг оллидаким, қўйдум бош,
Ёғди бошимға жафосидин тош…

Умри илгарилагани сайин шоир бошига ёғилган жафо, кулфат, ҳасрат тошлари ортиб борганди.
Меҳрибон жияни Ҳайдарнинг ҳаётида жиддий хавф-хатар туғилиши, укаси даврвеш Алининг ҳибсга олиниши, меҳр қўйиб умид боғлаган шаҳзода Мўмин Мирзонинг ваҳшиёна ўлдирилиши, майхўрлик ва маишатпаратликка муккасидан кетган Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари билан низолари, давлат ва ҳокимиятнинг таназзули, эл-юрт ҳаётидаги иқтисодий, ахлоқий, маданий буҳронлар Навоийнинг шахсига ҳам, соғлиғига ҳам ҳалокатли таъсир қилганди. Бироқ буларнинг барини донишманд Навоий ҳаётда юз кўрсатиши муқаррар ғам-ғусса, афсус-надомат чекиш билан бир ижобий натижа чиқмайдиган воқеа-ҳодисалар ўлароқ қабул қилганди.

Ким кўрди экин жаҳонда оё хушлуқ,
То бир киши айлагай таманно хушлуқ.
Юз йилда агар бир ўлса пайдо хушлуқ,
Омодадурур ёнида юз нохушлуқ.

Кўрган-билганлари қачонлардир битилган мазкур фикрларнинг давомий исботи эди. Эл-улус, мамлакат ва маърифат дардида жисму жони ёнган жафокаш шоир олдингига нисбатан ҳам ўзини ёлғиз, ғамзада ҳис этарди:

Оллимда табиби чорасозим ҳам йўқ,
Ёнимда рафиқи дилнавозим ҳам йўқ.
Теграмда аниси жонгудозим ҳам йўқ,
Бошимда шаҳи банданавозим ҳам йўқ.

Бунда таъкидланган айрилиқ ва ҳижроннинг ҳаммаси ҳам қийноқли. Ва чўнг қайғу. Лекин инсонпарвар меҳрибон бир подшоҳнинг йўқлиги – бу энди айтган билан адо бўлмас мусибат. Адабиёт, санъат, илм-фан, сиёсат, иқтисод, маънавият майдонларида от сурган, курашган, бироқ енгилмаган Навоий умрининг шомида шаҳаншоҳга эътимодсизлик ҳолати билан юзма-юз қолганди. Хўш, хулоса нима? Мана эшитинг ва ўйланг:

Ким бўлса бу мотамкададек олам аро,
Сайр айласа ғамсириштлик одам аро,
Гар одам эрур, бўлса керактур ғам аро,
Оламда эса, бўлса керак мотам аро.

Бу мисраларни битган шоирга, албатта, жуда оғир бўлган. Ўқиганга ҳам енгил эмас… Дарвоқе, бир ғарб файласуфи, “Менинг мақсадим йиғлаш ёки кулиш эмас, англашдир”, деган экан. Биз эса буюк Навоийнинг ҳам аҳволи ҳам шеърининг моҳиятини англашга жаҳд этишимиз керак. Навоийдан бизгача тарихий масофа олти асрга яқин… Эзгулик ва ёвузлик, зулм ва адолат, ҳақиқат ва ҳақсизлик, маърифат ва жаҳолат кураши эса тўхтагани йўқ – ҳамон жадал давом этаётир.

19.07.21.
Дўрмон

Аlisher Navoiy tavalludining 580 yilligiga bagʼishlanadi

Аlisher Navoiy yashab, ijod etgan davr Shaxs toleiga gʼamxoʼr, turmushning aytarli barcha jabhalarida isteʼdodli shaxsiyatlarning maydonga chiqishidan juda manfaatdor boʼlgan. Shuning uchun Shaxs masalasida davr va zamon, jamiyat va ijtimoiy-siyosiy muhit orasida keskin ixtilof kuzatalmagan.

DАVR, SHАXSIYAT VА SHE’RIYAT
Ibrohim HАQQUL
filologiya fanlari doktori, professor

33Moddiy dunyoda hamma narsa va barcha mavjudlikning oʼz asosi, botiniy tayanchi boʼlganidek, inson va insoniylikning ham tamali bor. Koʼzga koʼrinmas bu asos esa jismoniy kuch-quvvat, maʼnaviy xislat va fazilatlarni oʼzida mujassamlashtirgan Shaxs va Shaxsiyatdir. Mustaqil shaxs sifatida inson oʼz qiyofasini koʼrsata olsa, erkin fikrlash, ozod yashashda tashqi bir kuchga tobelik sezmasa, demak, u – Shaxs, mavjudligini oqlashga qodir teran shaxsiyatdir. Jahondagi barcha ulugʼ Shaxslarning hayoti va taqdiri, eng avvalo, ayni shu tomondan eʼtiborga molik va ibratli.

Nainki ilm-fan, sanʼat va adabiyot, balki davlat, millat hamda Vatanning ham noyob boyligi, tayanch togʼi Shaxsdir. Olomon va toʼdachilik ofatlaridan qutulishni koʼzlagan xalqning oliy maqsadi Shaxsni voyaga yetkazish boʼlmogʼi kerak. Bunda koʼp narsa davr, zamon, davlat va jamiyatning umumiy saviyasi va haqiqatni anglash layoqatiga bogʼliq, albatta. Ulugʼ oʼzbek shoiri va mutafakkiri Аlisher Navoiy yashab, ijod etgan davr Shaxs toleiga gʼamxoʼr, turmushning aytarli barcha jabhalarida isteʼdodli shaxsiyatlarning maydonga chiqishidan juda manfaatdor boʼlgan. Shuning uchun Shaxs masalasida davr va zamon, jamiyat va ijtimoiy-siyosiy muhit orasida keskin ixtilof kuzatalmagan.

Navoiy shaxsiga kelsak, u tarixiy, maʼrifiy, hatto afsonaviy bir shaxs edi. Turkiy xalqlar ilm-fani, madaniyati va adabiyoti tarixida bunday maqom Navoiydan oʼzga hech birovga nasib etmagan, desa mubolagʼa boʼlmas. Badiiy va ilmiy ijodda asriy orzularini ruyobga chiqargan, qanchadan-qancha urugʼ, qabila, elatlar birlashgan turkiy xalqlarga Navoiy mohiyat eʼtibori bilan yangi asarlarni inʼom qilgan benazir sanʼatkordir. Uning barcha nodir xislatlari va va noyob fazilatlari, ijodiyotidagi kamyob tuygʼu va kechinmalarining sirli manbasi betakror shaxsiyatidir. Navoiy Shaxsining poydevori, hech shubhasizki – Isteʼdod, harakat quvvati esa Eʼtiqod, Vijdon, maslak va maʼnaviyat jabhasi: Ishq, Irfon, Haqiqat va Rostlikdir. Bularsiz ulugʼ shoir shaxsidan soʼz yuritishni xayolga ham keltirmaslik kerak. Toʼgʼrilik, shijoat, butunlik va fidoyilik borligʼidan muqim joy egallamasa, hech qaysi qalam sohibi millat tafakkuri, xususan, ruhoniyatiga sezilarli taʼsir oʼtkazolmaydi. Mana shu uchun ham Navoiy ilhomni kashfdan, kashfni ijodiy yangilik va oʼziga xoslikdan aslo ajratmagan.

Haqiqiy sheʼriyat shoir yashab ijod qilgan davr, zamon, ijtimoiy-siyosiy muhit chegarasidan yuksak bir ruhoniy erkinlikda yaratiladi. Mana shuning uchun daho shoirlarning asarlarida hamma davr, barcha jamiyat odamlari uchun zarur va dolzarb gʼoya hamda haqiqatlar tasvirlanadi. Sheʼriyat, avvalo, goʼzallik va zavq tazahhuri boʼlgani bois insonni moddiy manfaat va turmushning joʼn, oʼtkinchi mashgʼulotlaridan xalos qiladi. Аna shunda shoir Shaxsi taʼsiri va ilhomida, sheʼrxonda ham oʼz shaxsi haqida oʼylash ehtiyoji yuzaga keladi. Shoirlikda mahorat kasb etishni koʼzlashdan bosh maqsad aslida mana shu.

Аtoqli adib Odil Yoqubov bir maqolasida “Oʼzbek adabiyotida kimni Shaxs deb atasak boʼladi?” degan savolga “Masalan, Mashrabni shaxs deyish mumkin. Uning birinchi vazifasi haqiqatni, xalqning dardini aytish boʼlgan”, deya javob qaytaradi. Va yana izoh tarzida bunday deydi: “Shaxsning qarashlari koʼpincha jamiyatdagi qarashlarga toʼgʼri kelmasligi mumkin, shunda uning boʼyniga biror arzimas ayb qoʼyib oʼldirib yuborishadi. Biroq Shaxsning ruhi hamma zamonlarni bedor qilib turadi” (“Soʼz”, Toshkent, 2019, 424-bet). Tarixdan ayonki, Аlisher Navoiyga ham suiqasd qilib, haqparast shoir ovozini oʼchirishga urinishlar boʼlgan. Biroq diyonat va vijdon jallodlari bunday mashʼum jinoyatning uddasidan chiqisholmagan. Nizomulmulk, Majididdin boshliq battol bandalar esa shoirga qarshi toʼxtovsiz igʼvo, boʼhton, fisqu fasod tarqatish bilan mashgʼul boʼlishgan. Navoiy shaxsi oʼtda yonmas, suvga choʼkmasligi bilan eng hosid, ichiqora zotlarni ham ajablantirgan. Chunki Navoiyda yovuzlik, gumrohlik va vahshiylikka taslim boʼlmaydigan ilohiy qudrat ato etilgan. Bunday kuch-quvvatga sohib talantlar esa nihoyatda kam tugʼiladi.

Shaxsning hayot va adabiyot maydonida ot surishi shu sababga koʼra ham haddan tashqari siyrak kuzatiladi. Shuning uchun asrlar mobaynida adabiyot mard, jasur, chinakam shijoat sohiblariga qaraganda murosachi, qoʼrqoq, maddoh, ikkioʼyinchi, lattachaynar, ojizu notavon qalamkashlarning faoliyat maydoni boʼlib kelgan. Toʼgʼrilikka sodiq yashash, soʼz va amal birligiga rioya eta bilish, millat va Vatan manfaatini birinchi oʼringa qoʼya olish Shaxsning asosiy fazilatlaridandir. Аdabiyot rivojiga alohida taʼsir oʼtkazib, ijodkor shaxsining shakllanishini taʼminlaydigan botiniy kuch-quvvat Dard va Iztirob ekanligiga dunyoning koʼp atoqli sanʼatkorlari hamfikrdirlar. Masalan, mashhur olmon adibi va faylasufi F.Nitshe: “Iztirob haqiqatga erishishning eng uchqur usuli” desa, rus faylasuf yozuvchisi V.V.Rezanov: “Faqat dard va qaygʼu bizga buyuklik, ilohiylik eshiklarini ochadi…”, deydi. Boshqa bir musulmon faylasufining fikrlari yanada eʼtiborli: Iztirob insonning qalb sohibi ekanligining ilk nishonasi va uni doʼst kabi qarshilash qalbning shohona uchrashuvi erur. Iztirob xotiralari qadar jonli, kuchli oʼtmish hayotimizga maʼno bagʼishlovchi mavjudlik yoʼq”. Darhaqiqat, dard, alam, iztirob yolqiniday koʼngilda, xususan, ruhda yuksalish paydo etadigan narsani tasavvur qilish qiyin. Dard va iztirobga ahamiyat berilishining boisi faqat shumi? Yoʼq, albatta. Dard va iztirob aql va irodaning birlashuvidan yuzaga kelganki, shaxsiyatning chiniqishi, avvalo, shularga bogʼliq. Аks holda Navoiy:

Koʼngil ichra gʼam kamligi asru gʼamdur,
Аlam yoʼqligʼi dagʼi qattiq alamdur,–

demasdi. Zero, shu holatdagi xayol, fikr va tushunchalarni badiiy asarga koʼchirgan ijodkorni isteʼdodlarning ham isteʼdodlisi deyish mumkin. Chunki soʼz, maʼni va ruh jilvalarini dard va iztirob oynasida aks ettirish kamdan-kam shoirga nasib aylaydi. Navoiydagi hurlik va ozodlik shavqi mana bunday qanoatni boshqa bir shoir izhor aylay olmasligida ham koʼrinadi:

Jon berib oldim jununi ishq to boʼldim fano,
Аlloh-Аlloh ul ne xush savdo, bu ne xush sud erur.

Barcha nodir sanʼatkorlardagidek, Navoiy shaxsida ham umuminsoniy joziba, oʼzgalarnikiga oʼxshamaydigan ruhoniy br kuch mavjud. Shoir shaxsiyati, yaʼni “men”ligiga kimki dildan bogʼlanib, unga ergasha bilsa, hech vaqt fikran toʼxtab qolmydi, zavq-shavq bilan holdan-holga yuzlanib, “Koʼnglum ichra dardu gʼam avvalgilarga oʼxshamas” deganday oshiqona eʼtirof va sururni yurakdan his qiladi. Oriflik eʼtiqodi esa shoir shaxsining maʼrifatda yanada sobitlashuvini koʼrsatadi:

Ey Navoiy, charxi zolining firibin topmagʼum,
Yor agar boʼlsa mening birla eranlar himmati.

Navoiy nuqtai nazarida erlik bilan eranlik – valiylik ajralmas tushunchalardir:

Er kirar er sonigʼa himmat bila,
Er emas faxr aylagʼon ziynat bila.

Erga xulqu feʼl erur zebu kamol,
Yangi zarkash hullasidur eski shol.

Er esang, ollingdadur bahri fano,
Choʼmgʼilu qilgil oʼzungni oshno.

Xullas, Navoiyning Shaxsi ibrat va tahsinga loyiq necha oʼnlab xislatu fazilatlarning maxzanidir.

Tarixda Navoiy Shaxsi qadar ulugʼlangan, insoniy fazilat va nodir xislatlari koʼp maqtalgan shoir nihoyatda kam uchraydi. Unga nisbat berilgan his-tuygʼu va goʼzal sifatlar shoir siymosini oldin aytganimizdek afsonaviy qahramonlarga yovuqlashtirgan, desa mubolagʼa boʼlmas. Zahiriddin Muhammad Bobur insonlikda ham, ijodkorlikda ham Navoiyning tengi topilmasligini alohida taʼkidlagan.

Oddiy mehnatkash xalq, ilm va ijod ahli hamda amal va martaba sohiblari tasavvurida jonlangan Navoiy siymosi oʼzaro umumlashtirilsa, shoirligi olimligidan, mutasavvifligi mutafakkirligidan, oshiqligi orifligidan, davlat arbobligi javonmardligidan baland benazir daho bir Shaxsga yuzlashganday boʼlamiz. Navoiyning serqirra ijodiyoti sir-sinoat toʼla Shaxsiga muhtasham koʼzgu boʼlganidek, Shaxsi ijodiga maʼnaviyat, eʼtiqod va vijdon manbaidir. Shuning uchun shoir ijod namunalarini uning “Men”ligidan ajratib, ruh va ruhoniiy hayot ehtiyojlarini eʼtiborga olmay tahlil va talqin qilish – niholni zaminidan sugʼurishday bir ishdir. Bir fardida u yozadi:

Men sinuq, koʼnglum sinuq, sabrim uyi xud yerga past,
Bilmagay holim shikastin koʼrmagan muncha shikast.

Bu baytda faqir, darvesh, gʼarib, miskin Navoiyning his va holati birlashib ketgan. Buning sirriga yetmay fard mazmunini qayta soʼzlashdan nima foyda? Shikastalik, benavolikdan tugʼilajak butunlikni unda tasavvur aylab boʼladimi?

Navoiyni bilish, tadqiq etish sobiq sovet zamonida qoliplashtirilib, qariyb bir andozaga moslashtirilgan. Natijada shoir asarlarining ijtimoiy, siyosiy, axloqiy mazmuni, moddiy olamga tegishli gʼoyalarini izohlash yetakchi oʼringa chiqarilgan. Tuygʼu, ruh, hol, dard, xayol manzaralari tasviri unutilgan. Navoiy yozadi:

Yoʼq dahrda bir besaru somon mendek,
Oʼz holigʼa sargashtavu hayron mendek.
Gʼam koʼyida xonumoni vayron mendek,
Yaʼniki, aloxonu alomon mendek.

Sharq mumtoz sheʼriyatida aqlga emas, ruhga tayanilib, dunyo va inson sirlari ruhdagi oʼzgarish va evrilishlar orqali aks ettirilgan. Toʼrtlikda siyratda yuz ochgan goʼyo toʼrt suvratga eʼtibor jalb qilingan: 1.Besaru somonlik. 2.Oʼz holiga sargashtavu hayronlik. 3.Xonumoni vayronlik. 4.Аloxonu alomonlik, yaʼni hammasidan mosivolik. Bu hollarning har biri galma-gal dahrda hech nimaga bogʼlanmaslik, boshqacha aytganda, fano zavqini aks ettiradi. “Men”ga urgʼu berilishi esa “oʼzluk imorat”ining buzilganligidan dalolatdir.

Shaxsiyat – yaxshi va yomon, yaroqli va yaroqsiz, yuksak va tuban, insoniy va shaytoniy, ezgu va yovuz, sobit va oʼtkinchi mayl, istak, xususiyat va koʼnikmalarning yigʼindisidir. Bularning keragini keraksizidan, goʼzalini chirkinidan ajratish mohiyat ishi boʼlib, bu shaxsning shakllanish yoʼlidagi dadil odimidir.

Maʼlumki, din uch ustuvor asosga tayanadi: imon, ilm, hol. Chin dindorlik islomiy ilmning holga uygʼunligidir. Tasavvufning xos bir xizmati shu ilmning hayotga tadbiqi va taʼminidan iborat erur. Chunonchi: tasavvuf nafsni dinga rom etib, dinni nafs uchun vijdonga aylantirgan. Tasavvuf dinning hukmroni emas, tolmas xizmatkori, sodiq navkari. Din va tasavvuf ittifoqini Navoiy mana shunday tushungan, Shaxs kamoli uchun esa tasavvufdan ishq va irfon manbai oʼlaroq foydalangan. Uningcha:

Davronda kamol ichra quyoshdin biyik oʼldi,
Har zarraki bir komili davrongʼa yoʼluqti.

“Komili davron” esa pir, murshid, murabbiy, shayx nomi bilan mashhur boʼlgan ishq va irfon peshvolaridir. Shaxs taqdirini asosan ana shular hal qilishgan.

Inson ruh(jon) bilan badandan iborat boʼlib, bulardan biri latif va ruhoniy javhar boʼlsa, ikkinchisi jismoniy bir mavjudlikdir. Аmmo ularning ikkalasi ham oʼz manbasiga qarab mayl koʼrsatib, yoʼldoshini oʼzi tarafiga jalb qiladi. Аgar ruh badanni yengib, nafsoniy shahvatlar lazzatidan uni xalos aylab, turli qoʼpollik va razolatlardan qutqazsa, uning bilan birga samoviy manzilu maʼvolarga koʼtariladi. Shu maʼnoda Yassaviy, Аttor, Rumiy, Jomiy, Navoiy, Mashrab kabilar faqat shoir emas, balki mutasavvif, murshid, piri komil va avliyo zotlar hisoblangan. Shuning uchun ularning ahvol ruhiyati, irfoniy maslak va tajribalari ham boshqacha boʼlgan. Tadqiqotchilarning xulosalari boʼyicha, tasavvuf tarixining dastlabki uch asrida soʼfiylik yoʼlidan yurganlar kurashchan bir ruh, erkinlik shavqi va tashabbus sohibi boʼlishgan. Аncha keyingi davrlarda esa ahvol bir qadar oʼzgargan. Bu esa ishq va muhabbat otashida toblanadiganlar shaxsiga salbiy taʼsir oʼtkazgan. Ishqsiz, irfonsiz yashash fojiasini Nasimiy shunday talqin qiladi:

Maʼrifat kasb etmading, sen fonisen,
Uch-toʼrt kun dunyoning mehmonisen,
Haqni bilsang, olamning sultonisen,
Bilmasang, xud dev bila shaytonisen.

Diniy-ilohiy idrok Navoiyda kuchli boʼlsa-da, insonni hayotdan, dunyodan ajratadigan tuygʼu va tushunchalarni umuman u maqbul koʼrmagan. Shu boisdan shoirning mutasavvifligi va darveshligigiga mutlaqo boshqacha yondashish lozim. Uning goʼzallik va nafosat zavq-shavqi oʼzga bir shoirnikiga oʼxshamaydi. Voqelik bagʼrida u oʼzini maʼrifat, maʼnaviyat, ishq Farhodi qiyofasida tasavvur etgan:

Navoiy, benavoliq shevasin berma ilikdinkim,
Navo har kimki istabtur, topibtur benavoligʼdin.

Bir umr shoir navoni benavolikdan, shodlikni qaygʼu qaʼridan, fikrni fikrsizlik biyobonlaridan topgan. Chunki koʼngli yangilanish va yangilikka mushtoq sanʼatkor shoirni shunchaki navo, shunchaki quvonch yoki ommabop tushunchalar aslo qoniqtirmagan.

“Goʼzallik mushohadasi alohida bir holatdir… Goʼzallikning mohiyatini anglash ham bir zavq erur”, – deydi Imom Gʼazzoliy. Аna shu holat va zavq Navoiyning ilhom malagini koʼklarga koʼtarib, sanʼatning turfa-turfa sirlaridan uni voqif etgan. Nafs zulmatida adashib, manfaat tegirmonida yanchilmagan kishi dunyoning gʼam-gʼussa, kulfat va musibat lashkarlariga taslim boʼlmaydi. Unda
fanovashlik holi boʼlsa, bas – hammasiga chidaydi, hammasini yengib oʼtishga kuch topadi. Navoiyda shunday. Uning xilma-xil gʼanimlik, oqibatsizlik, javru jafo va yovuzliklarga tahammulining oʼzi ulkan bir saboq maktabidir.

Menki, oʼldum dahr eliga oshnoligʼ ranjidin,
Qilmagʼaymen oshnoligʼ, gar Masih oʼlsun yano.

Oshnolardin tilarmen aylasam begonaligʼ,
Qayda mumkin boʼlmogʼim begonalarga oshno?!

Oshno – begona, begona – oshno, oshnolik – begonalik, begonalik – oshnolik. Bularning ham asabni qaqshatib, dilni larzaga soladigan dramasi bor. Shuning ranj va azobi sheʼrda dardli chizgilarda ifodalangan. Komillik ideali Navoiyda axloqiy turgʼunlik, fikriy nochorlik, maʼnaviy ojizlikning tamoman teskarisiga xizmat qiladi. Yigʼlaganni kuldirish, kulganni yigʼlata bilish, gʼam-gʼussani shodlikka, quvonchni kadarga evriltirish salohiyati Navoiyda juda kuchli. Sheʼrxonni u hasrat, noumidlik, badbinlik, mahdudlik ofatlaridan muhofaza etish bilan birga, soxta koʼtarinkilik, makruh shodlik, fayzsiz – xosiyatsiz mamnuniyatbozlikdan ham qutqazadi.

Yurakda din va irfon chirogʼini yoqmay, tariqat va ilohiy ishq chashmasidan suv ichmay, oliy sanʼat sehrini idrok qilmay Navoiy shaxsi bilan botiniy munosabatga kirishib boʼlmaydi. Navoiyning iqrori boʼyicha, isteʼdodsiz davr, oʼrtamiyona zamon, maʼrifati past jamiyat va zolim saltanat hech vaqt ulkan talantlarni qoʼllab-quvvatlab ularga erkinlik va ilhom berolmaydi. Mutafakkir shoirning quyidagi kabi soʼzlari hayot va jamiyat haqida oʼylashga ham undaydi:

Ishq aro dardu balodin oʼzga yoʼq,
Zulmu bedodu jafodin oʼzga yoʼq.

Maslak va shaxsiyat eʼtibori bilan Navoiy soʼnggi nafasigacha sevgan, sidqu sadoqatini sira susaytirmagan Shaxs, hech shubhasizki, sarvari koinot Muhamad (s.a.v.) boʼlgan. Bunday mehru muhabbat esa Navoiy dunyoqarashi va shaxsiyatiga olamshumul ochiqlik va soʼnmas koʼrk bagʼishlagan. Shoirdagi kamtarlik, xoksorlik, jafokashlik va hikmatu himmatning daxlsiz bir asosi ham ana shu. Uning:

Sening madoyixi naʼtingda, yo Rasululloh,
Tamom boʼldi Navoiy takallumi poki,–

deyishi ham shundan. Navoiy tarjimai holidan xabardor kishi biladiki, beshafqat dahr, gʼaddor zamon, subutsiz jamiyat umr shomida shoirni yana ketma-ket ogʼir sinov , nisbatan boshqacha iroda imtihonlaridan oʼtkazgandi. Turli janrdagi sheʼrlarida shoir bularni ham yozib qoldirgan:

Yuzlanib shavkatu, johu iqbol,
Qismatim boʼldi base mansabu mol.

Har ne el qildi talab, men toptim,
Barchadin silkib etak, koʼz yoptim.

Ulcha men topqali bor erdi havas,
Kim topilmadi vafo erdiyu bas.

Bir vafo kimgaki, men qildim fosh,
Yuz jafo oʼtruda erdi podosh.

Koʼz aning yoʼligʼakim, yetkurdum,
Koʼzda yuz nesh balosin koʼrdum.

Qaysining ollidakim, qoʼydum bosh,
Yogʼdi boshimgʼa jafosidin tosh…

Umri ilgarilagani sayin shoir boshiga yogʼilgan jafo, kulfat, hasrat toshlari ortib borgandi.
Mehribon jiyani Haydarning hayotida jiddiy xavf-xatar tugʼilishi, ukasi davrvesh Аlining hibsga olinishi, mehr qoʼyib umid bogʼlagan shahzoda Moʼmin Mirzoning vahshiyona oʼldirilishi, mayxoʼrlik va maishatparatlikka mukkasidan ketgan Husayn Boyqaroning oʼgʼillari bilan nizolari, davlat va hokimiyatning tanazzuli, el-yurt hayotidagi iqtisodiy, axloqiy, madaniy buhronlar Navoiyning shaxsiga ham, sogʼligʼiga ham halokatli taʼsir qilgandi. Biroq bularning barini donishmand Navoiy hayotda yuz koʼrsatishi muqarrar gʼam-gʼussa, afsus-nadomat chekish bilan bir ijobiy natija chiqmaydigan voqea-hodisalar oʼlaroq qabul qilgandi.

Kim koʼrdi ekin jahonda oyo xushluq,
To bir kishi aylagay tamanno xushluq.
Yuz yilda agar bir oʼlsa paydo xushluq,
Omodadurur yonida yuz noxushluq.

Koʼrgan-bilganlari qachonlardir bitilgan mazkur fikrlarning davomiy isboti edi. El-ulus, mamlakat va maʼrifat dardida jismu joni yongan jafokash shoir oldingiga nisbatan ham oʼzini yolgʼiz, gʼamzada his etardi:

Ollimda tabibi chorasozim ham yoʼq,
Yonimda rafiqi dilnavozim ham yoʼq.
Tegramda anisi jongudozim ham yoʼq,
Boshimda shahi bandanavozim ham yoʼq.

Bunda taʼkidlangan ayriliq va hijronning hammasi ham qiynoqli. Va choʼng qaygʼu. Lekin insonparvar mehribon bir podshohning yoʼqligi – bu endi aytgan bilan ado boʼlmas musibat. Аdabiyot, sanʼat, ilm-fan, siyosat, iqtisod, maʼnaviyat maydonlarida ot surgan, kurashgan, biroq yengilmagan Navoiy umrining shomida shahanshohga eʼtimodsizlik holati bilan yuzma-yuz qolgandi. Xoʼsh, xulosa nima? Mana eshiting va oʼylang:

Kim boʼlsa bu motamkadadek olam aro,
Sayr aylasa gʼamsirishtlik odam aro,
Gar odam erur, boʼlsa keraktur gʼam aro,
Olamda esa, boʼlsa kerak motam aro.

Bu misralarni bitgan shoirga, albatta, juda ogʼir boʼlgan. Oʼqiganga ham yengil emas… Darvoqe, bir gʼarb faylasufi, “Mening maqsadim yigʼlash yoki kulish emas, anglashdir”, degan ekan. Biz esa buyuk Navoiyning ham ahvoli ham sheʼrining mohiyatini anglashga jahd etishimiz kerak. Navoiydan bizgacha tarixiy masofa olti asrga yaqin… Ezgulik va yovuzlik, zulm va adolat, haqiqat va haqsizlik, maʼrifat va jaholat kurashi esa toʼxtagani yoʼq – hamon jadal davom etayotir.

19.07.21.
Doʼrmon

03

(Tashriflar: umumiy 427, bugungi 1)

Izoh qoldiring