Ibrohim Haqqul. Navoiy shaxsi va ijodiy imkoniyatlari. Ikkinchi maqola

021Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланади

Мустақилликка эришилганига қарийб ўттиз йил бўлаётир. Унгача ўқувчиларга танитилган Навоийнинг сийрати ўша-ўша айтарли ўзгарган эмас. Чунки Навоийни санъаткор мақомига кўтарган Руҳият ва Моҳият мушоҳадасидан биз ҳамон йироқмиз…

 

589НАВОИЙ ШАХСИ ВА ИЖОДИЙ ИМКОНИЯТЛАРИ
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти
Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи бўлими мудири,
филология фанлари доктори, профессор

Иккинчи мақола (Биринчи мақола мана бу саҳифада)

I

33Алишер Навоийнинг инсоний ва адабий шахсияти, юзадан қаралса, бизга яқин, ҳам биздан кўп йироқдир.

Яқинлиги шундаки, Навоий таржимаи ҳоли, умр довонлари, ижод саҳифалари, устоз ва издошларига тегишли тарихий, илмий, бадиий, тасаввуфий маълумот ва далиллардан ҳар қалай хабардормиз.

Йироқлиги эса билганимиздан билмаганимиз, маъно ва моҳиятини тўғри англаганимиздан кўра ғалат тушунилганларнинг кўплигидир. Коммунист ҳар бир олим ва даҳрий тадқиқотчи Навоий адабий меросини ўзича сохталаштириб таҳлил этгани боис халқ тасаввурида асл Навоийдан анча йироқ шоир қиёфаси ҳам жонланган.

Мустақилликка эришилганига қарийб ўттиз йил бўлаётир. Унгача ўқувчиларга танитилган Навоийнинг сийрати ўша-ўша айтарли ўзгарган эмас. Чунки Навоийни санъаткор мақомига кўтарган Руҳият ва Моҳият мушоҳадасидан биз ҳамон йироқмиз. Навоий мавзусида нима ёзмайлик, кўпчилиги уларнинг бизни Навоийга, Навоийни бизга яқинлаштирмаётганини ўйлаш ва тан олишга ҳануз жаҳд этилгани йўқ. Негаки, зоҳирбинлик билан ботинбинлик ўзаро алоқантирилиб, суврат сийратни билишга бир восита деб қаралмаса, Шарқ мумтоз адабиётининг гўзаллик ва жозиба эшиклари ёпиқлигича қолаверади. Ҳозирги бош масала ўтмиш адабиётни эскичасига ўрганиш эмас, уни қандай ғоявий-бадиий мезонлар асосида тадқиқ этиб, эскирган қонун-қоидалардан кечишдир.

Шоир орифона ғазалларидан бирида:

Тут ўзунгга фарду бекаслик балою эмгакин,
Ё бировга ўрганиб айру тушуб эмганмагил,–

дейди. Фардлик, тажрид, ёлғизлик ҳиссиётлари тасвирланган бундай байтлар шоир девонларида кўп учрайди. Улар шахс маънавий ҳоли ва эрки эҳтиёжи нуқтаи назаридан англаниб талқин этилмаса, ҳатто маъно-мазмуни шарҳланганда ҳам кўнгилга бир таъсир ўтказмайди. Демоқчимизки, Алишер Навоий шахсига хос асосий кайфият, кечинма ва изтироблар лирик қаҳрамоннинг анъанавий ва умумий ҳиссиёти ҳамда ҳолатларидан фарқланмас экан, шоир шахсиятининг ҳаётга боғланиш йўллари ёпиқлигича қолаверади.
Оддий одам сингари ижодкор ҳам ўз-ўзидан шаклланиб, осонлик билан камол топмайди. Етукликка етишмоқ учун ҳам маълум шарт-шароит, таълим-тарбия ва маънавий ғамхўрлик лозим. Навоий учун булар ортиғи билан мавжуд эди. Зоҳирий ва ботиний илмларни ўқиб-ўрганиш, дунёнинг оқу қорасини билишда болалигида ҳам, ўсмирлигида ҳам Алишер танқислик ва чекланиш сезмаган. Диний, илоҳий ва ирфоний таълимдаги эркинлик эса унинг жаҳондаги энг моҳиятбин ва зукко санъаткор бўлиб вояга етишига алоҳида таъсир ўтказганди. Бир пайтлар машҳур шоир Абдулла Орипов билан Навоий мавзусида суҳбатлашганимизда: “Навоий фавқулодда шахс. Сезгир. Теран. Руҳан уйғоқ. Бирор дам сийрати сокинлашганини пайқай олмайсиз. Дид муҳташам корхонадай тўхтовсиз ишлайди” (Ҳаққул И. Абадият фарзандлари. – Тошкент, 1990, 164-бет), – деган эди. Дарҳақиқат, истеъдод қанча улкан бўлса, ўз соҳибини ўшанча кўп ва мунтазам ишлашга ундайди. Унинг назаридан айтарли ҳеч нимани четда қолдирмайди. “Лисон ут-тайр”да:

Ўн саккиз минг олам ичра неки бор,
Аҳли маъни қилурлар эътибор,–

деган бир байт бор. Шоир ўспиринлигидаёқ аҳли маъни вакили ўлароқ фикр юритган. (Бу гапни унинг “Аҳли маъни гуруҳида зинҳор ҳеч ор айлама гадолиғдин” деган сўзлари ҳам тасдиқлайди – И.Ҳ) Зеро, тафаккур ва тахайюлда ўктамликни қўлга киритган шахснинг мулоҳаза ва мушоҳадасида чекланиш ёхуд чегараланиш, деярли, сезилмайди. Чунки оламни билиш ва одамни танишни у эрта бошлаб умр бўйи бу ҳолатдан йироқлашмайди. Ва табиатан ўзгариб, руҳан янгиланиб, борганлигини асардан асарга у ёки бу миқёсда намоён ҳам этади. “Хазойин ул-маоний”даги Навоий билан “Хамса” ва “Маҳбуб ул-қулуб”даги Навоий дунёқараши, маънавий илҳоми ва ижодий қиёфасидаги маълум фарқланишларнинг туб асоси шунда.

II

Ватан, миллат, истиқбол учун қайси насл ва авлод қандай эзгу иш, қанақа улкан юмушларни амалга оширмасин, аждодлар руҳи ва салоҳияти уларни, алабтта, қўллаб-қувватлайди. Мозий ва замон, аждод ва авлод орасидаги сирли, айни пайтда хосиятли робита – ворисийлик ана шудир. Бадиий ижоддаги анъана ва издошликда ҳам шундай боғланиш, адабиёт истиқболига хизмат этадиган ворисийлик мавжуддир. Устоз санъаткорлар тажрибасини давом қилдирган истеъдод борки, уларга суянган. Бусиз бир натижага эришиш мумкин эмас. Илк одимлариданоқ Навоий бу ҳақиқатни чуқур англаб, барча нозикликлари билан ҳис қилган. Демак, адабий анъаналарни янгилаш ва бойитиш эҳтиёжи, биринчи галда, илҳом ва шижоат билан тўлиб-тошган кучли шахсиятнинг адабиётга кириб келишига йўл очади. Шу маънода Алишер Навоий шахсини қанча ибрат қилиб кўрсатса, ўшанча оз. Зеро, муаззам бир тоғ бағридаги бойлик, бепоён денгиз қаъридаги дуру жавоҳирни тўла қўлга киритиб бўлмаганидек, Навоийни даҳо санъаткор мақомига кўтарган олий хислат, фазилат, маънавий сифатларнинг барчасини охиригача англаб ҳам, тавсифлаб ҳам бўлмайди.
Адабиётни майда мавзу, хашаки ҳис-туйғу, ҳавойи орзу ҳаваслардан тозалайдиган ботиний куч-қувват кашф ва илҳомга соҳиб “мен”ликдир. Башарий ўзлик қафаси ва исканжасидан юзтадан бир ижодкор менлигини қутқазса ҳам адабиёт учун улкан ғалаба саналади. Умумий тарзда қаралганда Навоий шеърияти ҳассос шоирнинг субъектив, яъни анфусий ҳис-туйғу, эҳтирос ва ҳолатларининг рангин манзарасидир. Буларсиз шоир шахсининг жонли, сержило қирраларини аниқлаш душвор. “Фавоид ул-кибар”даги ғазаллардан бирида шундай сўзлар битилган:

Дединг: “Фано недурур?” Мухтасар дейин: “Ўлмак”
Ки шарҳин тиласанг, юз рисола бўлғусудур.

Бу байтга ўндан ортиқ олим ва тадқиқотчилар эътиборни тортишган. Аммо улардан бирортаси ҳам шоир назарда тутган “юз рисола” мазмуни хусусида ҳатто номига ҳам ўйлаб кўришмаган. Ваҳоланки, фикрлаш имконияти ҳисобга олинмадими, ижодий имкониятдан баҳс юритишга ҳожат қолмайди.

Навоий шеърияти диққат билан ўқилиб, кенг кўламда мушоҳада этилса, шоирнинг эрк завқи, талвин майдони фано ва фановашлик эканлигига ҳеч шубҳа қолмайди. Фоний тахаллусини танлаш ва ишлатишга Навоий тўла ҳақли эди. Чунки ҳар қандай мақсад ва уринишда фано унга нафс таъсиридан қутулиш чораси ҳисобланган. Шоир шахсининг қушдай енгил, ҳаёт зиддиятлари ва дунё қафасидан фориғлигига бош сабаб ана шу. Муножот мазмунидаги рубоийларидан бирида у ёзади:

Ком айла Навоийға фанони, ё Раб,
Чун бўлди сенинг йўлингда фоний, ё Раб!
Лутф айла бақойи жовидони, ё Раб,
Ул дам сен бил не қилсанг они, ё Раб!

Дарҳақиқат, фикрлик, дарвешлик, риндлик, орифлик, ҳатто ошиқликда ҳам шоирга бундан баланд ва собит орзу йўқ эди.
Мирзо Абдулқодир Бедил “Ирфон” китобида фанода бақо гуллашидан сўзлайди: “Он фаное, к-аз ў бақо гул кард”. Навоий ҳам бутун ижодида фанода бақо яширинлигини, боқийлик завқига эса фақат фано орқали эришилишини исботлаб берган. “Девони Фоний”даги ғазалларидан бирида у илму амал айрилиқдир, висолнинг бош йўли фано эрур дейди:

Фониё, илму амал маҳжурест,
Ҳаст шаҳроҳи фано сўи висол.

Бошқа бир ғазалида висолни фанодан ўзгасидан кутма, ҳижрондан фақат ўша қутқазиб, висолга восил айлайди дейилади:

Вусули васл, бағайри фано надон Фонй,
Ки он ба васл расонад туро дар он фироқ.

Хуллас, фано ва фонийлик борасида илмда айтилган фикр ва изоҳларни ўқиб, бунча тахминий гап, бунча ёлғон тўқишга сабаб нима экан, деган савол ҳам туғилади. Ваҳоланки, шоир машҳур ғазалларидан бирида таъкид ила Ҳақ йўлчилари учун бақо фанодир деган:

То тузди Навоий ояти ишқ,
Чун роҳравга фано бақо бўлубтур.

Фано ва фонийлик Навоийга ишқ, висол, ирфон, орифлик маслаги эди. Бир қатор навоийшунослар ҳамжиҳатлик билан шоирни шу маслакдан ажратишга уринишган. Бунинг асосий сабабини шундай шарҳлаш мумкин: мумтоз шарқ адабиёти фаноликка, янги адабиёт воқеликка таянган. Эски адабиёт нигоҳни асосан охират ҳаётига қаратган бўлса, йигирманчи асрда дунёга келган адабиёт эса зоҳирий таассуротларидан туғилган маънолар билан қизиққан. Бу ҳақиқатга тўғри қаралмаса, ҳеч вақт Навоийнинг қуйидаги каби байтларини хатосиз талқин этиб бўлмайди:

Демон ёлғиз жаҳондин айла тажрид,
Неким Ҳақ ғайридир бўлғил мужаррад.

Инсон тирик экан, ўзгалар билан муомала-муносабатида англашилмовчилик, зоҳирий ёки ботиний қарама-қаршиик юз беради. Навоийга кўра, ҳар қандай зиддиятдан қутулишнинг биринчи чораси маломат, яъни ҳар бир кишининг ўзини маломат айлай олиш ҳолига эришиши. Иккинчиси, фановашликдир. Чунки фақат фано, фақат чин фонийлик инсонни барча ғайриинсоний иллат ва алоқалардан қутқазиб дахлсиз маънавий ҳурликка юксалтиради. Шоир бунга кафолат бериб дейдики:

Эл нифоқин кўрмайин десанг Навоий фоний бўл,
Чунки сен чиқсанг ародин кимга қилғайлар нифоқ.

Оқни қорадан, тозани чиркиндан, холисликни фисқу фасоддан фарқлай билмаслик, фановашликда энг катта айб саналган. Хуллас, кимки ўзини “фано базми”нинг хос вакили даражасига кўтара билса, нафс таъсиридаги ўзлигидан ҳам кечишга куч топади:

Ҳар киши ўзни қилур аҳли фано базмида хос
Ким, қилур ўзлуки бирла ўзидин ўзни халос.

Бу инсон ахлоқий-маънавий ҳаётидаги энг олий зафардир. Хўш, ўзлик билан ўзни ўзидан халос айлаш дегани нима ва унга қандай эришилади? Бу савол шоирни тўхтовсиз тарзда қизиқтириб, янги-янги жавоблар қайтаришга ундаган.

III

Машҳур муаррих ва мутасаввиф Ибн Холдуннинг ёзишича, инсон вужуди орқали ҳайвон оламига, руҳи билан малакут дунёсига боғланаркан. Руҳонияти кучли зотлар эса башарий борлиқларини тозалаб, ғайбий илмлардан ҳам воқиф бўлишган. Шунга асосланиб одамларни аллома уч тоифага ажратади. Уларнинг биринчи гуруҳга мансублари ҳис-туйғу ва фикрлаши моддий мавжудлик чегарасидан четга ўтолмайдиганлардир. Иккинчи тоифа ботиний мушоҳада ва виждон деб аталмиш бир идрок билан, узоқ чўзилмаса-да ғайб дунёси сир-асроридан хабардор бўлишга қодир кишилар. Учинчи зумра вужудий ва жисмоний мавжудлигидан баландлаб малаклар дунёсига сайри саёҳат этувчилардир. Фано аҳлига илҳом бағишлаб намуна бўлғувчилар ана шулар. Зеро, барча маънавий муваффақияти ва руҳий юксалиши нафсни таниш, нафсни тозалашга асосланган. Нафс чиркинлиги – ният ва амал, ўй ва хаёл, сўз ва фикрдаги кирланиш демак. Улкан ижодкорларнинг феъл-атвори шундайки, дунё ва аҳли дунёдан безса, улар, аввало, ўзидан безади, аёвсизлик ва кескин танқидни ўзидан бошлайди. Абусаид Абулхайрнинг бир рубоийси ушбу фикрга далил бўлади, деб ўйлаймиз:

Ё Раб, мани бечора гирифтори худам,
Гардида табиби хешу бемори худам,

Абнои жаҳон зи ман ҳама безоранд,
Ман низ аз эшонаму безори худам.

Мазмуни: Ё Раб, мани бечора ўзимга ўзим гирифторман. Бемор ҳам, табиб ҳам ўзимман. Олам аҳлининг бари мендан безордир. Мен ҳам ўшаларданман, ўзим ўзимдан безордурман.

Бундай шеърлар моҳиятини англамаган ўқувчи ҳеч пайт Навоийнинг қуйидаги каби байтлари маънисини холис қабул этолмайди:

Онча юзсизлик улустин кўрмишам гар берса даст,
Истарамким, кўрмасам ҳаргиз бани одам юзин.

“Бани одам”нинг маълум бир қисми халқ ёки миллат ҳисобланадиган бўлса, жафокаш шоир улардан ҳам алоқани буткул узишни хоҳлаганми? Унда элу улусга жонкуярлик, миллатсеварлиги унинг қаёнда қолади? Бундай саволларга жавоб топиш Навоий шахсининг мураккаб ва “ёпиқ” томонларини ёритишга имкон беради.

Манманлик ёки мақтанчоқликка йўйишса ҳам айтай: Навоий шахси ва ижодиёти билан ички алоқаси ҳақида бирор шоирми, адиб биланми узоқ гаплашгим келади. Ким билан сўзлашмай, кўпчилик Навоийни бугунги ижодкор даражасига тушириб, субъектив фикр-қарашлари доирасидаги сўзларига инонтирмоқ бўлади. Мен эса Навоийнинг шоирлиги, мутафаккир ва санъаткорлиги билан бирга мутасаввиф, дарвеш, маломатравиш ва фановашлигини ҳам чуқур мушоҳада этгим келади. Айтайлик, мана бундай байтларнинг тахминий шарҳ ёки таҳлилларини умуман қабул этмаслик керак, деб ўйлайман:

Топмайин дунёда коме, динни барбод айладим,
Ҳайф дўзах ҳам манга, биллаҳ, гар аъмолим будур.

Бу ўз-ўзини фақат танқид ё маломатми? Йўқ, албатта.

Яна:

Эй харобот аҳли, йўқ инсонда имкони вафо,
Мастлиғдин дев ўлунг зинҳор одам бўлмангиз.

Бу нима дегани? Инсоннинг меҳр, вафо лаёқатидан маҳрумлигини таъкидлаш хунук эмасми? Навоий шахсида бир қарасангиз олов ё шамол, яна бир боқсангиз сув ва тупроқ устунлик қилиб, чор унсур гўё дам-бадам ўрин алмашади. Бунда нафси аммора, нафси лаввома, нафси мулҳама ва нафси мутмаинанинг бир-биридан олдинга чиқишини ҳам ҳис қиласиз. Айни пайтда бошқа бир сир ҳам сизни қизиқтиради. Бу – завқ ва кашф. Барча мутасаввиф истеъдодлар сингари Навоийнинг ҳам Ҳаққа етишиш йўли кашф ва завқ ҳисобланади. Завқ чин ошиқнинг кўнглида туғиладиган ишқ ва ирфон нуридир. Шавқ эса Аллоҳни кўриш иштиёқидан қалбда юзага чиқадиган ҳаяжон эрур. Тасаввуф аҳлининг нуқтаи назарида завқу шавқ чин ошиқ, фақир, ринд, дарвеш, ориф, абдолларни малаклардан-да баландга кўтаради. Навоий уларни аҳли маъни деб таърифлайди, шуларни қалбига яқин зотлар ўлароқ шарафлайди. Қитъаларидан бирида инсонларни икки тоифага бўлиб у бундай дейди:

Аҳли маъни гуруҳида зинҳор,
Ҳеч ор айлама гадолиғдин

Ким, буларға гадолиғ ортуғдур,
Аҳли сувратқа подшолиғдин.

Аҳли маъни аввал ҳам қайд этилганидек, ишқ, маърифат, ҳиммат, ҳақиқат ва ҳол намояндалари. Ориф шоир:

Иста йиртуқ жанда кийганлардан маъни махзанин,
Ким бу янглиғ ганж ўлур ул навъ вайронлар аро, –

деганида, биз ҳатто хаёлга ҳам келтиролмайдиган ҳуррият соҳибларини кўзда тутган. “Аҳли сурат” эса моддий манфаат ботқоғига ботиб, молу мулк ҳирсига қул бўлган кимсалардир. Бу икки тоифа фарқини Мавлоно ҳам сўзлаган:

Аҳли сурат дар жавоҳир бофта,
Аҳли маъни баҳри маъни ёфта.

Мазмуни: сурат аҳли – зоҳирпарастлар дуру жавоҳирга ёпишади. Маъно аҳли – ботинбинлар маъно, тафаккур денгизида сузишади.
Маъно, маърифат баҳрига шўнғиб, дуру гавҳарни қўлга киритиш учун ҳам Ҳол керак (“Қул Хожа Аҳмад мискин бўл, мискинлардин маъно сўр”).

Хуллас, маъно йўли – Ҳақ ва ҳақиқат йўли. Яссавий толиб ва муридларини шу йўл қийинчиликларини енгиб, маъно излашга чорлайди:

Қоттиғланиб Қул Хожа Аҳмад йўлға киргил,
Қулни кўрсанг қули бўлиб маъни сўрғил,
Ё илоҳим, рўзи қилса, маъни олғил,
Маъни сўраб, маъни олғон чин қул бўлур.

Алишер Навоий мароқланиб ўқиган китоблардан бўлган “Кашф ул-маҳжуб”да таъкидланишича, “маъно идроки ва мушоҳадаси учун яратилганлар мустасно, аслида маъно йўлига кириш ғоятда қийиндир”. Бунинг туб сабабини ҳам китоб муаллифи яхши изоҳлаб, қалби ҳижоби райни – қора парда билан тўсилганларга ҳеч вақт маъно йўлига кириш насиб этмаслигини урғулаган. Маънобин, маъносеварлик учун фикрлаш, захмат чекиш, кўнгил ва руҳни маъно бошқаришини билиш лозим.

IV

Навоий шеъриятида ифодаланган ишқ-муҳаббат тасвирлари билан қизиқилса – ошиқ Навоийга, маърифат талқинидаги шеърлар назардан ўтказилса – ориф Навоийга, фақр ёки дарвешлик ғояси ифодаларига эътибор қаратилса, фақир ва дарвеш ҳолатидаги Навоий образига юзма-юз келинади, лекин буларнинг бирортаси ҳам шоир, мутафаккир Навоийнинг маънавий-маъруфий дунёсини тўла-тўкис гавдалантириб беролмайди. Шахсият нуқтаи назаридан шоирнинг насрий, илмий асарлари ва достонларига мурожаат этилса, аҳвол анча ўзгариб, Навоий шахсининг маъно-мазмуни янада бойиб, янада кенг миқёс касб этади. Севимли қаҳрамонлари Фарҳод, Мажнун, ҳатто Шайх Санъонга Навоий Шахсидан ўтган нималардир бор. Шунинг учун бу анъанавий образларда ўзига хослик ва миллийлик ёрқин аксини топган. Улкан тарихчи олим Заки Валиди Тўғон “Фарҳод ва Ширин”ни Навоий “Хоразм ва Хўтан турклари ҳамда чинликлар ҳаётидан олинган бир роман тарзида” яратилганини қайд этади. Демак, айнан Фарҳод образи орқали илгари суриш кўзда тутилган миллий, тарихий ва умуминсоний орзу ва ҳақиқатларнинг маънавий илдизи Навоий шахсиятидадир.

Улуғ рус адиби Ф.М.Достоевский мактубларидан бирида “Телба” романининг яратилиши ҳақида бундай деган экан: “Романдан (яъни “Телба”дан) кўзланган асосий мақсад – ижобий гўзал инсон тасвирини яратмоқдир. Дунёда бундан қийини йўқ, айниқса, бугун”. Ҳақиқатда адиб дунё санъаткорлари орзу қилса арзийдиган натижага эришган. Бошқа бир ёзувчи княз Мишкинни Достоевскийга ўхшаб яратолмаганидек, уни муаллиф тимсоли даражасида жонлантириб ҳам беролмасди. Демоқчимизки, Фарҳоднинг Фарҳодлиги Навоийдан унга қатор етакчи хислат ва фазилатларнинг ўтганлигида ҳамдир.

Мавлоно Жалолиддин Румий бир рубоийсида дейдики:

Ман як жонам, ки сад ҳазор аст танам,
Лекин чи кунам, чу банд дорад даҳанам,
Дидам ду ҳазор халқ к-он ман будам,
З-он жумла надидам якеро, ки манам.

Мазмуни: Мен биргина жонман, аммо танам юз мингтадир. Нима қилай айтолмайман буни. Чунки оғзим қулфланган. Икки минг халқу халойиқни кўрдим, мен улар эдим. Бироқ улардан бирортаси ҳам мен эмас эди.

Ваҳдати вужуд илҳоми билан ёзилган бу рубоий даҳо ижодкорнинг даҳолиги, аввало, унинг Шахсида ва “Мен”лигининг бетакрорлигида дейишга бир далил бўлади.

V

Шахс маълум бир муддат захмат чекиб, аҳволи учун қайғуриб, кейин ўз ҳолига ташлаб қўйиладиган мавжудлик эмас. Сўнгги нафасгача у тақдирини ўйлаши, нафс арслонига ем бўлиб кетмаслик учун қайғуриши лозим.

Ҳорис Муҳосибий талқинига кўра, нафс тийнатида дахл этиб бўлмайдиган уч туғулиш бор: бири, дунёсеварлик ҳирси, иккинчиси, мақтаниш майли, ниҳоят, тамагирлик ва айбланишдан қўрқиш. Нафсда ҳамма вақт булар бўлган. Ҳозир ҳам бор, кейин ҳам йўқолиб кетмайди. Шу боисдан ҳеч пайт нафсни тўла маҳв этиб бўлмайди. Масалан, инсон тили билан мақтанмаса, дили ёки “лисони ҳол”и ила мақтанади. Мақтанчоқлик эса Шахс камолига зид бир ожизлик. Дунёпарастлик шавқи сўнган куни башариятнинг катта қисми Аллоҳга эмас, ҳар хил шаклдаги бутларга сиғиниб юрганига иқрор бўлади. Чунки тарк туйғусидан йироқ халойиқ дину диёнатни дунёдан баланд қуя олмайди. Ва “ўзни яхши кўрсатиш” ҳавосига берилиб, айбловлардан қўрқиб, маломатдан қочиб яшайди.
Одам қавми бор экан, тама, тамагирлик йўқолмайди. Қалби тамадан холи, тамагирликни ориятсизлик деб ҳисоблайдиган кишиларнинг сони аниқланса, ҳар қалай натижа қувонарли бўлмаса керак. Келинг, Навоийдан эшитайлик:

Эй Навоий, олам аҳлида тамаъсиз йўқ киши,
Ҳар кишида бу сифат йўқтур, анга бўлғай шараф.

Сен агар тарки тамаъ қилсанг, улуғ ишдур буким,
Олам аҳли барча бўлғай бир тараф, сен бир тараф.

Нафс, мақтанчоқлик, риё ва тамадан шахси озод ижодкор бўлганмикин? Бўлган бўлса сардафтари ва сарбони уларнинг Алишер Навоийдир.

Машҳур шарқшунос Р.Никольсон “Ислом сўфийлари” китобида ёзади: “Сўфий шоир нафсингдан халос бўлмоқ учун шароб ич, деганда илоҳий томоша оғушида моддий борлиғингни тарк айла, дейишни истаган”. Тасаввуф ва тасаввуф адабиётининг, деярли, барча йирик вакилларининг нуқтаи назарида башарий “мен”нинг ўрни ва мақоми маънавий “мен”никига қараганда жуда пастдир. Чунки булардан биринчиси жисмоний, моддий, зоҳирий, нафсоний ўзлик, иккинчиси маънавий, руҳоний, малакий, ғайбий сифатларни ўзида мужассамлаштирган ўзликдир.

Хуллас, бир “мен” ва менликдан кечиб, манфаат, таъсир, таҳликага берилмай мутлақо эркин бир “мен”ни яратиш фақат ҳаётда эмас, балки ижодда ҳам сир-асрорини кўпчилик англайвермайдиган кашф ва муваффақиятларга йўл очилишидир. Навоийда шундай бўлган. Мавлононинг содиқ муҳиби, Шарқимизнинг беназир файласуф санъаткори Муҳаммад Иқбол мактубларидан бирида “Мен икки шахсиятлиман. Зоҳирий шахсиятим тақдирлашга лойиқ барча нарсаларни тақдирлайди – у фаол ва амалиётчидир. Ботиний, яъни ички шахсиятим эса хаёлпараст, файласуф ва мистикдир”, дейди. Ана шундай икки менлик Навоийга ҳам хосдирки, унинг фаоллиги, амалиётчилиги, ғайрат, ташаббус ва ишчанлигига умуман тенглашиб бўлмаган. Маънавий шахсиятга келсак, Навоий хаёлпарастлик, мутасаввифлик, ошиқлик, орифлик, фақри фано, жунун – хуллас, мистик завқ-шавқда ҳам асрининг ягоналаридан эди. Барча шеър ёки асарларида битта Навоийни кўришдек турғунлик, ўзи билган, ўйлаган фикр-мулоҳазаларга Навоийни мослаштиришдек маҳдудлик ва қолоқлик хусусида жиддий ўйланмаса, навоийшуносликда улкан ўзгаришларга эришмоқ душворлигича қолаверади.

Дўрмон
05.10.21

ALISHER NAVOIY TAVALLUDINING 580 YILLIGIGA BAG’ISHLANADI

Mustaqillikka erishilganiga qariyb o’ttiz yil bo’layotir. Ungacha o’quvchilarga tanitilgan Navoiyning siyrati o’sha-o’sha aytarli o’zgargan emas. Chunki Navoiyni san’atkor maqomiga ko’targan Ruhiyat va Mohiyat mushohadasidan biz hamon yiroqmiz…

NAVOIY SHAXSI VA IJODIY IMKONIYATLARI
Ibrohim HAQQUL
O’zR FA O’zbek tili, adabiyoti va folklori instituti O’zbek mumtoz adabiyoti tarixi bo’limi mudiri,
filologiya fanlari doktori, professor


Ikkinchi maqola (Birinchi maqola mana bu sahifada)

I

 32    Alisher Navoiyning insoniy va adabiy shaxsiyati, yuzadan qaralsa, bizga yaqin, ham bizdan ko’p yiroqdir.

Yaqinligi shundaki, Navoiy tarjimai holi, umr dovonlari, ijod sahifalari, ustoz va izdoshlariga tegishli tarixiy, ilmiy, badiiy, tasavvufiy ma’lumot va dalillardan har qalay xabardormiz.

Yiroqligi esa bilganimizdan bilmaganimiz, ma’no va mohiyatini to’g’ri anglaganimizdan ko’ra g’alat tushunilganlarning ko’pligidir. Kommunist har bir olim va dahriy tadqiqotchi Navoiy adabiy merosini o’zicha soxtalashtirib tahlil etgani bois xalq tasavvurida asl Navoiydan ancha yiroq shoir qiyofasi ham jonlangan.

Mustaqillikka erishilganiga qariyb o’ttiz yil bo’layotir. Ungacha o’quvchilarga tanitilgan Navoiyning siyrati o’sha-o’sha aytarli o’zgargan emas. Chunki Navoiyni san’atkor maqomiga ko’targan Ruhiyat va Mohiyat mushohadasidan biz hamon yiroqmiz. Navoiy mavzusida nima yozmaylik, ko’pchiligi ularning bizni Navoiyga, Navoiyni bizga yaqinlashtirmayotganini o’ylash va tan olishga hanuz jahd etilgani yo’q. Negaki, zohirbinlik bilan botinbinlik o’zaro aloqantirilib, suvrat siyratni bilishga bir vosita deb qaralmasa, Sharq mumtoz adabiyotining go’zallik va joziba eshiklari yopiqligicha qolaveradi. Hozirgi bosh masala o’tmish adabiyotni eskichasiga o’rganish emas, uni qanday g’oyaviy-badiiy mezonlar asosida tadqiq etib, eskirgan qonun-qoidalardan kechishdir.

Shoir orifona g’azallaridan birida:

Tut o’zungga fardu bekaslik baloyu emgakin,
Yo birovga o’rganib ayru tushub emganmagil,–

deydi. Fardlik, tajrid, yolg’izlik hissiyotlari tasvirlangan bunday baytlar shoir devonlarida ko’p uchraydi. Ular shaxs ma’naviy holi va erki ehtiyoji nuqtai nazaridan anglanib talqin etilmasa, hatto ma’no-mazmuni sharhlanganda ham ko’ngilga bir ta’sir o’tkazmaydi. Demoqchimizki, Alisher Navoiy shaxsiga xos asosiy kayfiyat, kechinma va iztiroblar lirik qahramonning an’anaviy va umumiy hissiyoti hamda holatlaridan farqlanmas ekan, shoir shaxsiyatining hayotga bog’lanish yo’llari yopiqligicha qolaveradi.
Oddiy odam singari ijodkor ham o’z-o’zidan shakllanib, osonlik bilan kamol topmaydi. Yetuklikka yetishmoq uchun ham ma’lum shart-sharoit, ta’lim-tarbiya va ma’naviy g’amxo’rlik lozim. Navoiy uchun bular ortig’i bilan mavjud edi. Zohiriy va botiniy ilmlarni o’qib-o’rganish, dunyoning oqu qorasini bilishda bolaligida ham, o’smirligida ham Alisher tanqislik va cheklanish sezmagan. Diniy, ilohiy va irfoniy ta’limdagi erkinlik esa uning jahondagi eng mohiyatbin va zukko san’atkor bo’lib voyaga yetishiga alohida ta’sir o’tkazgandi. Bir paytlar mashhur shoir Abdulla Oripov bilan Navoiy mavzusida suhbatlashganimizda: “Navoiy favqulodda shaxs. Sezgir. Teran. Ruhan uyg’oq. Biror dam siyrati sokinlashganini payqay olmaysiz. Did muhtasham korxonaday to’xtovsiz ishlaydi” (Haqqul I. Abadiyat farzandlari. – Toshkent, 1990, 164-bet), – degan edi. Darhaqiqat, iste’dod qancha ulkan bo’lsa, o’z sohibini o’shancha ko’p va muntazam ishlashga undaydi. Uning nazaridan aytarli hech nimani chetda qoldirmaydi. “Lison ut-tayr”da:

O’n sakkiz ming olam ichra neki bor,
Ahli ma’ni qilurlar e’tibor,–

degan bir bayt bor. Shoir o’spirinligidayoq ahli ma’ni vakili o’laroq fikr yuritgan. (Bu gapni uning “Ahli ma’ni guruhida zinhor hech or aylama gadolig’din” degan so’zlari ham tasdiqlaydi – I.H) Zero, tafakkur va taxayyulda o’ktamlikni qo’lga kiritgan shaxsning mulohaza va mushohadasida cheklanish yoxud chegaralanish, deyarli, sezilmaydi. Chunki olamni bilish va odamni tanishni u erta boshlab umr bo’yi bu holatdan yiroqlashmaydi. Va tabiatan o’zgarib, ruhan yangilanib, borganligini asardan asarga u yoki bu miqyosda namoyon ham etadi. “Xazoyin ul-maoniy”dagi Navoiy bilan “Xamsa” va “Mahbub ul-qulub”dagi Navoiy dunyoqarashi, ma’naviy ilhomi va ijodiy qiyofasidagi ma’lum farqlanishlarning tub asosi shunda.

II

Vatan, millat, istiqbol uchun qaysi nasl va avlod qanday ezgu ish, qanaqa ulkan yumushlarni amalga oshirmasin, ajdodlar ruhi va salohiyati ularni, alabtta, qo’llab-quvvatlaydi. Moziy va zamon, ajdod va avlod orasidagi sirli, ayni paytda xosiyatli robita – vorisiylik ana shudir. Badiiy ijoddagi an’ana va izdoshlikda ham shunday bog’lanish, adabiyot istiqboliga xizmat etadigan vorisiylik mavjuddir. Ustoz san’atkorlar tajribasini davom qildirgan iste’dod borki, ularga suyangan. Busiz bir natijaga erishish mumkin emas. Ilk odimlaridanoq Navoiy bu haqiqatni chuqur anglab, barcha nozikliklari bilan his qilgan. Demak, adabiy an’analarni yangilash va boyitish ehtiyoji, birinchi galda, ilhom va shijoat bilan to’lib-toshgan kuchli shaxsiyatning adabiyotga kirib kelishiga yo’l ochadi. Shu ma’noda Alisher Navoiy shaxsini qancha ibrat qilib ko’rsatsa, o’shancha oz. Zero, muazzam bir tog’ bag’ridagi boylik, bepoyon dengiz qa’ridagi duru javohirni to’la qo’lga kiritib bo’lmaganidek, Navoiyni daho san’atkor maqomiga ko’targan oliy xislat, fazilat, ma’naviy sifatlarning barchasini oxirigacha anglab ham, tavsiflab ham bo’lmaydi.
Adabiyotni mayda mavzu, xashaki his-tuyg’u, havoyi orzu havaslardan tozalaydigan botiniy kuch-quvvat kashf va ilhomga sohib “men”likdir. Bashariy o’zlik qafasi va iskanjasidan yuztadan bir ijodkor menligini qutqazsa ham adabiyot uchun ulkan g’alaba sanaladi. Umumiy tarzda qaralganda Navoiy she’riyati hassos shoirning sub’ektiv, ya’ni anfusiy his-tuyg’u, ehtiros va holatlarining rangin manzarasidir. Bularsiz shoir shaxsining jonli, serjilo qirralarini aniqlash dushvor. “Favoid ul-kibar”dagi g’azallardan birida shunday so’zlar bitilgan:

Deding: “Fano nedurur?” Muxtasar deyin: “O’lmak”
Ki sharhin tilasang, yuz risola bo’lg’usudur.

Bu baytga o’ndan ortiq olim va tadqiqotchilar e’tiborni tortishgan. Ammo ulardan birortasi ham shoir nazarda tutgan “yuz risola” mazmuni xususida hatto nomiga ham o’ylab ko’rishmagan. Vaholanki, fikrlash imkoniyati hisobga olinmadimi, ijodiy imkoniyatdan bahs yuritishga hojat qolmaydi.

Navoiy she’riyati diqqat bilan o’qilib, keng ko’lamda mushohada etilsa, shoirning erk zavqi, talvin maydoni fano va fanovashlik ekanligiga hech shubha qolmaydi. Foniy taxallusini tanlash va ishlatishga Navoiy to’la haqli edi. Chunki har qanday maqsad va urinishda fano unga nafs ta’siridan qutulish chorasi hisoblangan. Shoir shaxsining qushday yengil, hayot ziddiyatlari va dunyo qafasidan forig’ligiga bosh sabab ana shu. Munojot mazmunidagi ruboiylaridan birida u yozadi:

Kom ayla Navoiyg’a fanoni, yo Rab,
Chun bo’ldi sening yo’lingda foniy, yo Rab!
Lutf ayla baqoyi jovidoni, yo Rab,
Ul dam sen bil ne qilsang oni, yo Rab!

Darhaqiqat, fikrlik, darveshlik, rindlik, oriflik, hatto oshiqlikda ham shoirga bundan baland va sobit orzu yo’q edi.
Mirzo Abdulqodir Bedil “Irfon” kitobida fanoda baqo gullashidan so’zlaydi: “On fanoye, k-az o’ baqo gul kard”. Navoiy ham butun ijodida fanoda baqo yashirinligini, boqiylik zavqiga esa faqat fano orqali erishilishini isbotlab bergan. “Devoni Foniy”dagi g’azallaridan birida u ilmu amal ayriliqdir, visolning bosh yo’li fano erur deydi:

Foniyo, ilmu amal mahjurest,
Hast shahrohi fano so’i visol.

Boshqa bir g’azalida visolni fanodan o’zgasidan kutma, hijrondan faqat o’sha qutqazib, visolga vosil aylaydi deyiladi:

Vusuli vasl, bag’ayri fano nadon Fony,
Ki on ba vasl rasonad turo dar on firoq.

Xullas, fano va foniylik borasida ilmda aytilgan fikr va izohlarni o’qib, buncha taxminiy gap, buncha yolg’on to’qishga sabab nima ekan, degan savol ham tug’iladi. Vaholanki, shoir mashhur g’azallaridan birida ta’kid ila Haq yo’lchilari uchun baqo fanodir degan:

To tuzdi Navoiy oyati ishq,
Chun rohravga fano baqo bo’lubtur.

Fano va foniylik Navoiyga ishq, visol, irfon, oriflik maslagi edi. Bir qator navoiyshunoslar hamjihatlik bilan shoirni shu maslakdan ajratishga urinishgan. Buning asosiy sababini shunday sharhlash mumkin: mumtoz sharq adabiyoti fanolikka, yangi adabiyot voqelikka tayangan. Eski adabiyot nigohni asosan oxirat hayotiga qaratgan bo’lsa, yigirmanchi asrda dunyoga kelgan adabiyot esa zohiriy taassurotlaridan tug’ilgan ma’nolar bilan qiziqqan. Bu haqiqatga to’g’ri qaralmasa, hech vaqt Navoiyning quyidagi kabi baytlarini xatosiz talqin etib bo’lmaydi:

Demon yolg’iz jahondin ayla tajrid,
Nekim Haq g’ayridir bo’lg’il mujarrad.

Inson tirik ekan, o’zgalar bilan muomala-munosabatida anglashilmovchilik, zohiriy yoki botiniy qarama-qarshiik yuz beradi. Navoiyga ko’ra, har qanday ziddiyatdan qutulishning birinchi chorasi malomat, ya’ni har bir kishining o’zini malomat aylay olish holiga erishishi. Ikkinchisi, fanovashlikdir. Chunki faqat fano, faqat chin foniylik insonni barcha g’ayriinsoniy illat va aloqalardan qutqazib daxlsiz ma’naviy hurlikka yuksaltiradi. Shoir bunga kafolat berib deydiki:

El nifoqin ko’rmayin desang Navoiy foniy bo’l,
Chunki sen chiqsang arodin kimga qilg’aylar nifoq.

Oqni qoradan, tozani chirkindan, xolislikni fisqu fasoddan farqlay bilmaslik, fanovashlikda eng katta ayb sanalgan. Xullas, kimki o’zini “fano bazmi”ning xos vakili darajasiga ko’tara bilsa, nafs ta’siridagi o’zligidan ham kechishga kuch topadi:

Har kishi o’zni qilur ahli fano bazmida xos
Kim, qilur o’zluki birla o’zidin o’zni xalos.

Bu inson axloqiy-ma’naviy hayotidagi eng oliy zafardir. Xo’sh, o’zlik bilan o’zni o’zidan xalos aylash degani nima va unga qanday erishiladi? Bu savol shoirni to’xtovsiz tarzda qiziqtirib, yangi-yangi javoblar qaytarishga undagan.

III

Mashhur muarrix va mutasavvif Ibn Xoldunning yozishicha, inson vujudi orqali hayvon olamiga, ruhi bilan malakut dunyosiga bog’lanarkan. Ruhoniyati kuchli zotlar esa bashariy borliqlarini tozalab, g’aybiy ilmlardan ham voqif bo’lishgan. Shunga asoslanib odamlarni alloma uch toifaga ajratadi. Ularning birinchi guruhga mansublari his-tuyg’u va fikrlashi moddiy mavjudlik chegarasidan chetga o’tolmaydiganlardir. Ikkinchi toifa botiniy mushohada va vijdon deb atalmish bir idrok bilan, uzoq cho’zilmasa-da g’ayb dunyosi sir-asroridan xabardor bo’lishga qodir kishilar. Uchinchi zumra vujudiy va jismoniy mavjudligidan balandlab malaklar dunyosiga sayri sayohat etuvchilardir. Fano ahliga ilhom bag’ishlab namuna bo’lg’uvchilar ana shular. Zero, barcha ma’naviy muvaffaqiyati va ruhiy yuksalishi nafsni tanish, nafsni tozalashga asoslangan. Nafs chirkinligi – niyat va amal, o’y va xayol, so’z va fikrdagi kirlanish demak. Ulkan ijodkorlarning fe’l-atvori shundayki, dunyo va ahli dunyodan bezsa, ular, avvalo, o’zidan bezadi, ayovsizlik va keskin tanqidni o’zidan boshlaydi. Abusaid Abulxayrning bir ruboiysi ushbu fikrga dalil bo’ladi, deb o’ylaymiz:

Yo Rab, mani bechora giriftori xudam,
Gardida tabibi xeshu bemori xudam,

Abnoi jahon zi man hama bezorand,
Man niz az eshonamu bezori xudam.

Mazmuni: Yo Rab, mani bechora o’zimga o’zim giriftorman. Bemor ham, tabib ham o’zimman. Olam ahlining bari mendan bezordir. Men ham o’shalardanman, o’zim o’zimdan bezordurman.

Bunday she’rlar mohiyatini anglamagan o’quvchi hech payt Navoiyning quyidagi kabi baytlari ma’nisini xolis qabul etolmaydi:

Oncha yuzsizlik ulustin ko’rmisham gar bersa dast,
Istaramkim, ko’rmasam hargiz bani odam yuzin.

“Bani odam”ning ma’lum bir qismi xalq yoki millat hisoblanadigan bo’lsa, jafokash shoir ulardan ham aloqani butkul uzishni xohlaganmi? Unda elu ulusga jonkuyarlik, millatsevarligi uning qayonda qoladi? Bunday savollarga javob topish Navoiy shaxsining murakkab va “yopiq” tomonlarini yoritishga imkon beradi.

Manmanlik yoki maqtanchoqlikka yo’yishsa ham aytay: Navoiy shaxsi va ijodiyoti bilan ichki aloqasi haqida biror shoirmi, adib bilanmi uzoq gaplashgim keladi. Kim bilan so’zlashmay, ko’pchilik Navoiyni bugungi ijodkor darajasiga tushirib, sub’ektiv fikr-qarashlari doirasidagi so’zlariga inontirmoq bo’ladi. Men esa Navoiyning shoirligi, mutafakkir va san’atkorligi bilan birga mutasavvif, darvesh, malomatravish va fanovashligini ham chuqur mushohada etgim keladi. Aytaylik, mana bunday baytlarning taxminiy sharh yoki tahlillarini umuman qabul etmaslik kerak, deb o’ylayman:

Topmayin dunyoda kome, dinni barbod ayladim,
Hayf do’zax ham manga, billah, gar a’molim budur.

Bu o’z-o’zini faqat tanqid yo malomatmi? Yo’q, albatta.

Yana:

Ey xarobot ahli, yo’q insonda imkoni vafo,
Mastlig’din dev o’lung zinhor odam bo’lmangiz.

Bu nima degani? Insonning mehr, vafo layoqatidan mahrumligini ta’kidlash xunuk emasmi? Navoiy shaxsida bir qarasangiz olov yo shamol, yana bir boqsangiz suv va tuproq ustunlik qilib, chor unsur go’yo dam-badam o’rin almashadi. Bunda nafsi ammora, nafsi lavvoma, nafsi mulhama va nafsi mutmainaning bir-biridan oldinga chiqishini ham his qilasiz. Ayni paytda boshqa bir sir ham sizni qiziqtiradi. Bu – zavq va kashf. Barcha mutasavvif iste’dodlar singari Navoiyning ham Haqqa yetishish yo’li kashf va zavq hisoblanadi. Zavq chin oshiqning ko’nglida tug’iladigan ishq va irfon nuridir. Shavq esa Allohni ko’rish ishtiyoqidan qalbda yuzaga chiqadigan hayajon erur. Tasavvuf ahlining nuqtai nazarida zavqu shavq chin oshiq, faqir, rind, darvesh, orif, abdollarni malaklardan-da balandga ko’taradi. Navoiy ularni ahli ma’ni deb ta’riflaydi, shularni qalbiga yaqin zotlar o’laroq sharaflaydi. Qit’alaridan birida insonlarni ikki toifaga bo’lib u bunday deydi:

Ahli ma’ni guruhida zinhor,
Hech or aylama gadolig’din

Kim, bularg’a gadolig’ ortug’dur,
Ahli suvratqa podsholig’din.

Ahli ma’ni avval ham qayd etilganidek, ishq, ma’rifat, himmat, haqiqat va hol namoyandalari. Orif shoir:

Ista yirtuq janda kiyganlardan ma’ni maxzanin,
Kim bu yanglig’ ganj o’lur ul nav’ vayronlar aro, –

deganida, biz hatto xayolga ham keltirolmaydigan hurriyat sohiblarini ko’zda tutgan. “Ahli surat” esa moddiy manfaat botqog’iga botib, molu mulk hirsiga qul bo’lgan kimsalardir. Bu ikki toifa farqini Mavlono ham so’zlagan:

Ahli surat dar javohir bofta,
Ahli ma’ni bahri ma’ni yofta.

Mazmuni: surat ahli – zohirparastlar duru javohirga yopishadi. Ma’no ahli – botinbinlar ma’no, tafakkur dengizida suzishadi.
Ma’no, ma’rifat bahriga sho’ng’ib, duru gavharni qo’lga kiritish uchun ham Hol kerak (“Qul Xoja Ahmad miskin bo’l, miskinlardin ma’no so’r”).

Xullas, ma’no yo’li – Haq va haqiqat yo’li. Yassaviy tolib va muridlarini shu yo’l qiyinchiliklarini yengib, ma’no izlashga chorlaydi:

Qottig’lanib Qul Xoja Ahmad yo’lg’a kirgil,
Qulni ko’rsang quli bo’lib ma’ni so’rg’il,
Yo ilohim, ro’zi qilsa, ma’ni olg’il,
Ma’ni so’rab, ma’ni olg’on chin qul bo’lur.

Alisher Navoiy maroqlanib o’qigan kitoblardan bo’lgan “Kashf ul-mahjub”da ta’kidlanishicha, “ma’no idroki va mushohadasi uchun yaratilganlar mustasno, aslida ma’no yo’liga kirish g’oyatda qiyindir”. Buning tub sababini ham kitob muallifi yaxshi izohlab, qalbi hijobi rayni – qora parda bilan to’silganlarga hech vaqt ma’no yo’liga kirish nasib etmasligini urg’ulagan. Ma’nobin, ma’nosevarlik uchun fikrlash, zaxmat chekish, ko’ngil va ruhni ma’no boshqarishini bilish lozim.

IV

Navoiy she’riyatida ifodalangan ishq-muhabbat tasvirlari bilan qiziqilsa – oshiq Navoiyga, ma’rifat talqinidagi she’rlar nazardan o’tkazilsa – orif Navoiyga, faqr yoki darveshlik g’oyasi ifodalariga e’tibor qaratilsa, faqir va darvesh holatidagi Navoiy obraziga yuzma-yuz kelinadi, lekin bularning birortasi ham shoir, mutafakkir Navoiyning ma’naviy-ma’rufiy dunyosini to’la-to’kis gavdalantirib berolmaydi. Shaxsiyat nuqtai nazaridan shoirning nasriy, ilmiy asarlari va dostonlariga murojaat etilsa, ahvol ancha o’zgarib, Navoiy shaxsining ma’no-mazmuni yanada boyib, yanada keng miqyos kasb etadi. Sevimli qahramonlari Farhod, Majnun, hatto Shayx San’onga Navoiy Shaxsidan o’tgan nimalardir bor. Shuning uchun bu an’anaviy obrazlarda o’ziga xoslik va milliylik yorqin aksini topgan. Ulkan tarixchi olim Zaki Validi To’g’on “Farhod va Shirin”ni Navoiy “Xorazm va Xo’tan turklari hamda chinliklar hayotidan olingan bir roman tarzida” yaratilganini qayd etadi. Demak, aynan Farhod obrazi orqali ilgari surish ko’zda tutilgan milliy, tarixiy va umuminsoniy orzu va haqiqatlarning ma’naviy ildizi Navoiy shaxsiyatidadir.

Ulug’ rus adibi F.M.Dostoyevskiy maktublaridan birida “Telba” romanining yaratilishi haqida bunday degan ekan: “Romandan (ya’ni “Telba”dan) ko’zlangan asosiy maqsad – ijobiy go’zal inson tasvirini yaratmoqdir. Dunyoda bundan qiyini yo’q, ayniqsa, bugun”. Haqiqatda adib dunyo san’atkorlari orzu qilsa arziydigan natijaga erishgan. Boshqa bir yozuvchi knyaz Mishkinni Dostoyevskiyga o’xshab yaratolmaganidek, uni muallif timsoli darajasida jonlantirib ham berolmasdi. Demoqchimizki, Farhodning Farhodligi Navoiydan unga qator yetakchi xislat va fazilatlarning o’tganligida hamdir.

Mavlono Jaloliddin Rumiy bir ruboiysida deydiki:

Man yak jonam, ki sad hazor ast tanam,
Lekin chi kunam, chu band dorad dahanam,
Didam du hazor xalq k-on man budam,
Z-on jumla nadidam yakero, ki manam.

Mazmuni: Men birgina jonman, ammo tanam yuz mingtadir. Nima qilay aytolmayman buni. Chunki og’zim qulflangan. Ikki ming xalqu xaloyiqni ko’rdim, men ular edim. Biroq ulardan birortasi ham men emas edi.

Vahdati vujud ilhomi bilan yozilgan bu ruboiy daho ijodkorning daholigi, avvalo, uning Shaxsida va “Men”ligining betakrorligida deyishga bir dalil bo’ladi.

V

Shaxs ma’lum bir muddat zaxmat chekib, ahvoli uchun qayg’urib, keyin o’z holiga tashlab qo’yiladigan mavjudlik emas. So’nggi nafasgacha u taqdirini o’ylashi, nafs arsloniga yem bo’lib ketmaslik uchun qayg’urishi lozim.

Horis Muhosibiy talqiniga ko’ra, nafs tiynatida daxl etib bo’lmaydigan uch tug’ulish bor: biri, dunyosevarlik hirsi, ikkinchisi, maqtanish mayli, nihoyat, tamagirlik va ayblanishdan qo’rqish. Nafsda hamma vaqt bular bo’lgan. Hozir ham bor, keyin ham yo’qolib ketmaydi. Shu boisdan hech payt nafsni to’la mahv etib bo’lmaydi. Masalan, inson tili bilan maqtanmasa, dili yoki “lisoni hol”i ila maqtanadi. Maqtanchoqlik esa Shaxs kamoliga zid bir ojizlik. Dunyoparastlik shavqi so’ngan kuni bashariyatning katta qismi Allohga emas, har xil shakldagi butlarga sig’inib yurganiga iqror bo’ladi. Chunki tark tuyg’usidan yiroq xaloyiq dinu diyonatni dunyodan baland quya olmaydi. Va “o’zni yaxshi ko’rsatish” havosiga berilib, ayblovlardan qo’rqib, malomatdan qochib yashaydi.
Odam qavmi bor ekan, tama, tamagirlik yo’qolmaydi. Qalbi tamadan xoli, tamagirlikni oriyatsizlik deb hisoblaydigan kishilarning soni aniqlansa, har qalay natija quvonarli bo’lmasa kerak. Keling, Navoiydan eshitaylik:

Ey Navoiy, olam ahlida tama’siz yo’q kishi,
Har kishida bu sifat yo’qtur, anga bo’lg’ay sharaf.

Sen agar tarki tama’ qilsang, ulug’ ishdur bukim,
Olam ahli barcha bo’lg’ay bir taraf, sen bir taraf.

Nafs, maqtanchoqlik, riyo va tamadan shaxsi ozod ijodkor bo’lganmikin? Bo’lgan bo’lsa sardaftari va sarboni ularning Alisher Navoiydir.

Mashhur sharqshunos R.Nikolьson “Islom so’fiylari” kitobida yozadi: “So’fiy shoir nafsingdan xalos bo’lmoq uchun sharob ich, deganda ilohiy tomosha og’ushida moddiy borlig’ingni tark ayla, deyishni istagan”. Tasavvuf va tasavvuf adabiyotining, deyarli, barcha yirik vakillarining nuqtai nazarida bashariy “men”ning o’rni va maqomi ma’naviy “men”nikiga qaraganda juda pastdir. Chunki bulardan birinchisi jismoniy, moddiy, zohiriy, nafsoniy o’zlik, ikkinchisi ma’naviy, ruhoniy, malakiy, g’aybiy sifatlarni o’zida mujassamlashtirgan o’zlikdir.

Xullas, bir “men” va menlikdan kechib, manfaat, ta’sir, tahlikaga berilmay mutlaqo erkin bir “men”ni yaratish faqat hayotda emas, balki ijodda ham sir-asrorini ko’pchilik anglayvermaydigan kashf va muvaffaqiyatlarga yo’l ochilishidir. Navoiyda shunday bo’lgan. Mavlononing sodiq muhibi, Sharqimizning benazir faylasuf san’atkori Muhammad Iqbol maktublaridan birida “Men ikki shaxsiyatliman. Zohiriy shaxsiyatim taqdirlashga loyiq barcha narsalarni taqdirlaydi – u faol va amaliyotchidir. Botiniy, ya’ni ichki shaxsiyatim esa xayolparast, faylasuf va mistikdir”, deydi. Ana shunday ikki menlik Navoiyga ham xosdirki, uning faolligi, amaliyotchiligi, g’ayrat, tashabbus va ishchanligiga umuman tenglashib bo’lmagan. Ma’naviy shaxsiyatga kelsak, Navoiy xayolparastlik, mutasavviflik, oshiqlik, oriflik, faqri fano, junun – xullas, mistik zavq-shavqda ham asrining yagonalaridan edi. Barcha she’r yoki asarlarida bitta Navoiyni ko’rishdek turg’unlik, o’zi bilgan, o’ylagan fikr-mulohazalarga Navoiyni moslashtirishdek mahdudlik va qoloqlik xususida jiddiy o’ylanmasa, navoiyshunoslikda ulkan o’zgarishlarga erishmoq dushvorligicha qolaveradi.

Do’rmon
05.10.21

03

(Tashriflar: umumiy 1 565, bugungi 1)

Izoh qoldiring