… қалб тарбияси учун ҳам, умумий адабий савиянинг ўсиши учун ҳам энг аввало мутолаага, шеър таълимига эҳтиёж уйғотиш лозим деб ўйлайман… (Азиз Саид билан суҳбатдан. Суҳбатни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин)
Азиз САИД
СЕН ДЕНГИЗГА БОРАЙЛИК ДЕДИНГ…
АРМОН
Сен денгизга борайлик дединг, —
Кўзларига чўкким келяпти.
Елканларин кўтарди хаёл…
Сен тоғларга борайлик дединг, —
Осмонларни ичгим келяпти.
Қанотларин силкиди хаёл…
Юр, ёшликка борайлик дединг, —
Узоқларга кетгим келяпти.
Кўзларингни рашк қилди хаёл…
Самарқандга борайлик дединг, —
Эртаклари аллалар бизни.
Юлдузларга термулди хаёл…
Бухорога борайлик дединг, —
Миноралар никоҳлар бизни.
Кафтларингда сув ичди хаёл…
Хаёл
Хаёл
Энди сен ҳам йўқ….
МАРТ
…га
Шамол увиллайди, чархлар тўхтаган,
Қалдирғоч дўконин кетган тамбалаб.
Ўтган карвонларнинг изидан умид
Хотира ипларин борар яллиғлаб.
Нигоҳ бисотида бир тўп изғирин,
Зулмат чангалида каламушлар шод.
Деворлар силкинар, фарёди нурар –
Елкаси бир тегиб ўтибди ҳаёт.
Кечикиб келибмиз, кетмоқда баҳор
Кўм-кўк сочлари-ла тўлдириб жомни.
Апрел чиқиб борар ой арқонига
Суртиб қайтиш учун сен тўккан қонни…
БИРИНЧИ АПРЕЛ
Осмонларга чорлаганда кўз
Қанотига ишонган руҳим
Рақс тушган оловлар ўчган.
Ишқ ҳарфида ёзилган исмим
Ташналигин қондирган ойнинг
Лабидаги буёқдан кўчган.
Энди мени алдай олмайсан.
Ғунчалаган дарахт шохида
Япроғида, куртакларида
Изи бордир шамол тишларин.
Юрагимни талаган ари
Санчаётир ҳамон тинмасдан
Кўз ёшимга ботган нишларин.
Энди мени алдай олмайсан.
Қалдирғоч ҳам эшигин очган
Тумшуғида пуч ёнғоғини
Тишлаб келган ўғри қушларга.
Мен бир пайтлар сув ичган чашма
Аҳду вафо ҳақида ҳар тун
Қўшиқ айтар каламушларга.
Яна келдингми, биринчи апрел,
Энди мени алдай олмайсан…
* * *
Яна қаршимда қоғоз,
Деразада соялар рақси.
Узоқда йиғлаган бир овоз —
Алданган юракнинг акси.
Бахтиёр одамлар ҳақида
Шеър ёзишим керак.
Кимдир ҳуштак чалар кўчада,
Кимнидир бўйнига солинар билак.
Кўнглим қолади дарахтдан ҳам
Хиёнатни яширгани-чун.
Сўнг тасалли излайман ўзимга —
Ахир бу қоғоз, ташқарида тун…
* * *
Занжиру кундалдан вассаю синжи,
Мен — хона, маҳрамсир куйга тўламан.
Сирлар товоғида бир ҳовуч майиз,
Пинҳона соғиниб бандин узаман.
Мушкулинг куш-о-о-д
бўлсин, ё омин,
Хуноба дил ш-о-о-д
бўлсин, ё омин.
Сангтарош ҳамалнинг нури пойтеша,
Юракка йўл очар тоғни тарошлаб.
Ишқпечон гуллаган чоғи намозшом,
Ғам келар сочини чилторга боғлаб.
Наво қилсанг д-и-и-л
тўлсин, ё омин,
Нигоҳ солсанг г-у-у-л
бўлсин, ё омин.
Гуноҳим дарахтин шохларин қирқиб,
Бир сават тўқийман — бахт учун коса.
Сабр саҳросида дор тикиб елдан,
Мен сени чорлайман — ишқ учун оссанг.
Жоним олсанг ж-о-о-н
кулсин, ё омин,
Ёдим ичсанг ж-о-о-м
тўлсин, ё омин.
* * *
Шодлик қозонининг қирриндиси ғам,
Менинг кўзим қора, кўзларим қора.
Пазанда тақдирнинг капгири синиқ,
Юлдузлар қоврилар қоп-қора.
Қўлим узатаман юрак тубига,
Куйган каптарларим қаноти қора.
Тақдирим тандири ҳамон тутайди,
Йиллар лов этади, йўллар қоп-қора.
Бу нима зиёфат, эй қодир Худо,
Ёрнинг кўзларидан қараб чорлатдинг.
Куйган таомингни олдимга қўйиб,
Унинг нигоҳини кимга қаратдинг.
* * *
Нимани эритдинг
Сув қилдинг мени
Нимага совутдинг
Лой қилдинг мени
Арқоғи нимадан қаро ипингни
Ичимга солдингу шам қилдинг мени
Нечун бандаларинг турлуқ яратдинг
Ўт била ўйнашур қилиқ яратдинг —
Жоним риштасига олов бердилар
Эридим
бир савол сўрайин —
нега
Аввалу охирим сувлиғ яратдинг
***
касбимни ўзгартирдим
олтмишимнинг арафасида
шеъру сўздан
на одам ўзгарди
на олам
соянаққошликка ўтдим
нақш чизаман соянгизга
юракнинг соясига
хаёлнинг соясига
шамолнинг соясига
балиқлар келди
сув соясига
овознинг нақшини чизиб беринг деб
* * *
Мен сизни севаман, шамоллар,
Бойчечак исини пуфланг кўзимга.
Титраган пардани кўтариб қўйинг,
Юрагим кўкариб етсин бўғзимга.
Мен сизни севаман, юлдузлар,
Ҳасрат чангларини ютинг юзимдан.
Ойнинг нурларидан ичиринг қизга,
Ҳеч кета олмасин сархуш тушимдан.
Мен сизни севаман, балиқлар,
Тангалар тўшангиз денгиз тагига.
Ҳилпираб чўкканда оппоқ булутлар,
Исмини ёзинглар сувнинг баргига.
Мен сени севаман, эй қуёш,
Киприкка боғлаб қўй сирдош шамолни.
Юлдузга далда бер, куйлаб келтирсин
Баҳорга алданган қизни — хаёлни…
ИНТЕРНЕТ ҲАҚИДА ТУШ
Озодсан, аммо
Тўрт томон девордир,
Осмон ҳам девор,
Ер ҳам девордир.
Қулсан, аммо
Бўйнингда занжиринг йўқдир,
Деворгача юришга таъқиқинг йўқдир.
Ўзинг билан ўзинг бир зум қолмоққа
Ҳаққинг ҳам йўқдир.
Ҳар кун бир каламуш
Чиқиб келар девор остидан,
Ҳидлаб кўрар рутубат ҳавони
Борми деб сузиб юрган сўз.
Ҳидлаб кўрар нафасинг
Ҳидлар нигоҳинг
Борми дея яна бирор кўз.
Сўнг мамнун
Кулади каламуш, биткўзи қисилар,
Сенга тикилар
Олддаги икки сўйлоқ тишлари ёниб,
Умринг давомини узмоққа шай
тишлари ёниб.
Тўшагингга кираркан ўрмалаб
Ҳидлай бошлар хаёлларингни,
Ҳидлаб кўрар хотираларинг.
Димоғи илғайди денгиз исини,
Илғайди самога парвоз исини.
Ва қўрқитар
Сирингдан дунёга жар соламан деб,
Сен ҳам каламушга айланмасанг деб,
Дўмбира чаламан ўйнамасанг деб…
Қайтиб борар девор остига
Ва кута бошлар сенинг ҳам
Каламушга айланишингни.
Сен каламушга айланмайсан.
Сўнг макр тўрини ёяр каламуш
Олти деворга
Қалбингни ҳидламоқ учун узоқдан.
Ва ўчириб ташлар ўша тўр билан
Орзуларинг йўлларини –
Узукнинг изини ўчиргандай
Нозик бармоқдан…
Энди на денгиз бор,
На осмон бор, на қир бор,
На қўшиқ бор, на-да бир шеър бор,
На ўтган кунлардан бирор бир из бор…
Ҳар кун шу такрор…
Ҳар кун шу…
Ҳар кун
Каламуш
Чиқиб келар экан девор остидан
Ва тушларингни ҳам ҳидларкан энди
Кутаверар сенинг ҳам
Каламушга айланишингни.
Каламушга айланмайсан
Айланолмайсан
Севиб қолган бўлсанг-да уни…
Озодсан, аммо
Тўрт томон девордир,
Осмон ҳам девор,
Ер ҳам девордир…
* * *
Мен ўша –
баҳорлар келганда гул япроғида
ифорли куйлардан гулханлар ёқиб,
дилин очмаган.
Нега сен мени кутмадинг?
Мен ўша –
шамоллар ўтганда кўм-кўк сочларин
юзимга, кўзимга, лабимга суртиб,
йиғлаб чопмаган.
Нега сен мени кутмадинг?
Мен ўша –
чақмоқлар саф қилиб юлдуз қавмини
пайдо этганида дилдузлик рақсин,
нигоҳ солмаган.
Нега сен мени кутмадинг?
Мен ўша –
юзингга қирқ битта пардани ташлаб
хаёллар шаҳридан бир ўтганингда,
бўзлаб толмаган.
Нега сен мени кутмадинг?
Мен ўша –
қалдирғоч кўзида суратинг кўриб
адашиб келганда руҳ кулбасидан,
сени топмаган.
Нега сен мени кутмадинг?
Мен ўша…
ХОТИРА
Бир кун оппоқ
оппоқ қорлар босган дарадан
лўлилар кириб келди қишлоққа
Бир зумда
билмадим қай бир панада
тўпландик
кўчалар хўжайинлари
қизарган бармоқлар тишлаган
юм юмлоқ қорчалар билан
ҳайдаб юбормоқчи бўлдик жуда узоққа
биринчи эшикдан уларни
Улар келар эди
ёғий карвонидай ҳайиқмай секин
йўлнинг ўртасида турардик бизлар
ўн икки нафар йиғлоқи бола
Даҳшатлар кўмилган хуржунларидан
узмай кўзларни
кузатар эдик
эшаклар устида ўтирган
лўли қизларни
«Уринглар уларни»
дея қичқирди
кўзида ёш билан каттамиз Эркин
Қорлар уча бошлади лўлилар томон
Йиғи қарғиш додлаш билан
қорларимиз учрашди
гўё Синдбод карвони
қароқчига тўқнашди
Лекин улар келар эди
Ёв қувган карвондай тўзиб
Қочдик йиғлоқ болалар
дарвозалар ортига
Биз итларни ташладик
тасмаларини узиб
Ватан ҳимоясига
Итлар қайтиб келдилар
шом тушганда қишлоққа
ҳайдаган эдик бизлар
лўлиларни узоққа
Ёшлик қолди орқада
йиллар ўтиб кетдилар
Бир марта ҳам келмади
эшак минган лўлилар
Эшитамиз
биз қувган узоқларга
бориб турармиш улар
Фол кўрармиш одамларнинг
келажагини
Айтар эмиш аниқ бехато
ғам шодликнинг келажагини
Ҳар йил яна оппоқ
оппоқ қорлар қоплар дарани
Яланғоч эшаклар изғийди
туёқлари билан ковлаб
битмайдиган ярани
Қонаган хотира қийнар бизларни
эшаклар устидан тополмай
итлар қувган
лўли қизларни
* * *
Айро бўлган йўллар яна
юрагимда яра-яра,
Адо бўлган хунлар мени
тўлдиради яна-яна.
Мен ўзимни йўна-йўна
соя бўлдим хаёлимга,
Бой бердим мен, балли дединг,
гадо бўлдим ағёримга.
Гувиллаган денгиз эдим,
ёмғир каби сочилдим,
Ёпиқ эдим, сирли эдим,
қабр каби очилдим.
Қув-қув этди, қушинг менга
уясини бермади,
Зув-зув этди, ўқларини
кўнгилгинанг термади.
Киприкларинг йиртди мени
куйларимни, кўкрагимни,
Айтолмайман, яширгайман
музлаганим, куйганимни.
Во узилдим йўқ бандимдан,
тошдайин тўкиламан,
Во узилдим, ҳеч ким мени
тикмади, сўкиламан.
Остонангга етти йиғи,
шамол қувиб кетти уни,
Юрагимга бердим дуо,
кўзинг олиб кетти уни.
Айро бўлган йўллар яна
юрагимда яра-яра,
яра-яра, яра-яра…
РОНДО
Қиш тошини ча-қа-ди
Тоғ бошини чай-қа-ди
Ой қошини қо-қа-ди
Баҳор келиб қол-ди-ми
Эчки дўмбир ча-ла-ди
Кўзи зўлдир ма-ра-ди
Гулни ўлгур я-ла-ди
Баҳор келиб қол-ди-ми
Ари сирға та-қа-ди
Бўри қирга о-қа-ди
Итни бурга ча-қа-ди
Баҳор келиб қол-ди-ми
Сувни ариқ ал-дай-ди
Майса ёриқ я-май-ди
Сирни балиқ ас-рай-ди
Баҳор келиб қол-ди-ми
Туя ялпиз чай-най-ди
Тунни кундуз қий-най-ди
Кафтда денгиз қай-най-ди
Баҳор келиб қол-ди-ми
ЭЙ…
Қўйиб юбор қафасдан қушни
учиб кетсин денгизга майли –
Сочганингдай аламларингни
севмаган қиз кўнгли туфайли
Барибир қуш сайрамас сенга
Сўнг ташвишдан бўласан озод
дон-сув демай хотиржам
қафасингни олиб қол майли
топилади ўзингга ўхшаш
чийиллаган каламушлар ҳам
Барибир қуш сайрамас сенга
ТУНГИ ҲИКОЯ
Тун қора ароба — юлдуз ташийди,
Ортидан қолмайди тиламчи шамол.
Чигиртка жар солар — олинг ноёб мол,
Келинчак дарахтлар ошади девол.
Савдогар бу осмон сўрар дарахтдан
Кўйлаги яширган олмаларини.
Ой йиғлар йўргаклаб тунда тўкилган,
Дарахтнинг исмсиз болаларини.
ТОНГДА
Кузда куз билан тунаган дарахт
Баҳор кўйлагини кияркан шошиб,
Тўзғиган сочига шамол тароқчи,
Тун ойна тутқазар сандиғин очиб.
Куз қол деб ёлворар ойни кўрсатиб –
Биз чиқиб кетамиз ўша туйнукдан.
Ёлғончи баҳорнинг нурин кўрдингми
Қуйилиб келмоқда эски чойнакдан.
Зангори денгиз бор осмон буржида,
Уйимиз бўлади сузиб юргувчи.
Шарқираб оқаркан момогулдирак
Чархпалак қурамиз терс айлангувчи.
Яшинга минамиз – мангу оқ отим,
Борамиз тушларнинг қароргоҳига.
Юлдузлар тақаркан феруза узук…
Бизларни кўмишар ишқ даргоҳига.
Кузнинг зорларини тингладию маст,
Баҳор кўйлагини кийди у дарахт..
* * *
Сўрадинг, гуноҳим нимадир менинг.
Денгизнинг сувида не гуноҳ бўлсин,
Сен — «борса хатар»нинг дарвозасига
Жодугар лаҳзалар боғлаган тилсим.
Умринг равоғида хотир тугилган,
Тугунни ечасан шамолни чорлаб.
Япроқдек ёйилсанг қўмсаб баҳорни,
Дилинг шод қилади ёмғирлар авраб.
Олис-олисларга нигоҳинг йўллаб,
Чорлайсан қалдирғоч табассумини.
Эслайсан қонингга чечаклар сепиб
Оқизган муҳаббат талотумини.
Йиғлайсан тошларга бошингни қўйиб,
Ухлайсан, тушингда руҳинг парвози.
Қирларга турналар қўнган пайтида
Уйғотиб юборар эчки овози…
Фақат мен тилсимга банди халоскор,
Занжирим қон рангли бандидан гулнинг.
Уч десам, учмайсан, қанот сўрайсан:
— Эй Худо, гуноҳим нимадир менинг.
Денгизнинг сувида не гуноҳ бўлсин…
* * *
Эй, яшашдан чарчаган оғриқ,
Чиқиб кетмоқчимисан энди юракдан –
Тез-тез санчаяпсан найзаларингни.
Эй, томирда ҳориган қоним,
Тўхтаб қолаяпсан, манзил яқинми –
Эшитмай қўйдим ларзаларингни.
Эй, гуллашдан чарчаган баҳор,
Хайр хуш қилдингми ошиқ кузингга –
Қолдириб сарғайган майсаларингни.
Эй, орзулардан ҳориган хаёл,
Сафар қаридими, ичай сўнгги бор –
Саробга лиқ тўла лаҳзаларингни.
Эй, олисга отланган қушим,
Йўқлик денгизидан сўраб бер фурсат –
Артишга улгурай кўзёшларингни…
… qalb tarbiyasi uchun ham, umumiy adabiy saviyaning o’sishi uchun ham eng avvalo mutolaaga, she’r ta’limiga ehtiyoj uyg’otish lozim deb o’ylayman… (Aziz Said bilan suhbatdan. Suhbatni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin)
Aziz SAID
SEN DENGIZGA BORAYLIK DEDING…
ARMON
Sen dengizga boraylik deding, —
Ko’zlariga cho’kkim kelyapti.
Yelkanlarin ko’tardi xayol…
Sen tog’larga boraylik deding, —
Osmonlarni ichgim kelyapti.
Qanotlarin silkidi xayol…
Yur, yoshlikka boraylik deding, —
Uzoqlarga ketgim kelyapti.
Ko’zlaringni rashk qildi xayol…
Samarqandga boraylik deding, —
Ertaklari allalar bizni.
Yulduzlarga termuldi xayol…
Buxoroga boraylik deding, —
Minoralar nikohlar bizni.
Kaftlaringda suv ichdi xayol…
Xayol
Xayol
Endi sen ham yo’q….
MART
…ga
Shamol uvillaydi, charxlar to’xtagan,
Qaldirg’och do’konin ketgan tambalab.
O’tgan karvonlarning izidan umid
Xotira iplarin borar yallig’lab.
Nigoh bisotida bir to’p izg’irin,
Zulmat changalida kalamushlar shod.
Devorlar silkinar, faryodi nurar –
Yelkasi bir tegib o’tibdi hayot.
Kechikib kelibmiz, ketmoqda bahor
Ko’m-ko’k sochlari-la to’ldirib jomni.
Aprel chiqib borar oy arqoniga
Surtib qaytish uchun sen to’kkan qonni…
BIRINChI APREL
Osmonlarga chorlaganda ko’z
Qanotiga ishongan ruhim
Raqs tushgan olovlar o’chgan.
Ishq harfida yozilgan ismim
Tashnaligin qondirgan oyning
Labidagi buyoqdan ko’chgan.
Endi meni alday olmaysan.
G’unchalagan daraxt shoxida
Yaprog’ida, kurtaklarida
Izi bordir shamol tishlarin.
Yuragimni talagan ari
Sanchayotir hamon tinmasdan
Ko’z yoshimga botgan nishlarin.
Endi meni alday olmaysan.
Qaldirg’och ham eshigin ochgan
Tumshug’ida puch yong’og’ini
Tishlab kelgan o’g’ri qushlarga.
Men bir paytlar suv ichgan chashma
Ahdu vafo haqida har tun
Qo’shiq aytar kalamushlarga.
Yana keldingmi, birinchi aprel,
Endi meni alday olmaysan…
* * *
Yana qarshimda qog’oz,
Derazada soyalar raqsi.
Uzoqda yig’lagan bir ovoz —
Aldangan yurakning aksi.
Baxtiyor odamlar haqida
She’r yozishim kerak.
Kimdir hushtak chalar ko’chada,
Kimnidir bo’yniga solinar bilak.
Ko’nglim qoladi daraxtdan ham
Xiyonatni yashirgani-chun.
So’ng tasalli izlayman o’zimga —
Axir bu qog’oz, tashqarida tun…
* * *
Zanjiru kundaldan vassayu sinji,
Men — xona, mahramsir kuyga to’laman.
Sirlar tovog’ida bir hovuch mayiz,
Pinhona sog’inib bandin uzaman.
Mushkuling kush-o-o-d
bo’lsin, yo omin,
Xunoba dil sh-o-o-d
bo’lsin, yo omin.
Sangtarosh hamalning nuri poytesha,
Yurakka yo’l ochar tog’ni taroshlab.
Ishqpechon gullagan chog’i namozshom,
G’am kelar sochini chiltorga bog’lab.
Navo qilsang d-i-i-l
to’lsin, yo omin,
Nigoh solsang g-u-u-l
bo’lsin, yo omin.
Gunohim daraxtin shoxlarin qirqib,
Bir savat to’qiyman — baxt uchun kosa.
Sabr sahrosida dor tikib yeldan,
Men seni chorlayman — ishq uchun ossang.
Jonim olsang j-o-o-n
kulsin, yo omin,
Yodim ichsang j-o-o-m
to’lsin, yo omin.
* * *
Shodlik qozonining qirrindisi g’am,
Mening ko’zim qora, ko’zlarim qora.
Pazanda taqdirning kapgiri siniq,
Yulduzlar qovrilar qop-qora.
Qo’lim uzataman yurak tubiga,
Kuygan kaptarlarim qanoti qora.
Taqdirim tandiri hamon tutaydi,
Yillar lov etadi, yo’llar qop-qora.
Bu nima ziyofat, ey qodir Xudo,
Yorning ko’zlaridan qarab chorlatding.
Kuygan taomingni oldimga qo’yib,
Uning nigohini kimga qaratding.
* * *
Nimani eritding
Suv qilding meni
Nimaga sovutding
Loy qilding meni
Arqog’i nimadan qaro ipingni
Ichimga soldingu sham qilding meni
Nechun bandalaring turluq yaratding
O’t bila o’ynashur qiliq yaratding —
Jonim rishtasiga olov berdilar
Eridim
bir savol so’rayin —
nega
Avvalu oxirim suvlig’ yaratding
***
kasbimni o’zgartirdim
oltmishimning arafasida
she’ru so’zdan
na odam o’zgardi
na olam
soyanaqqoshlikka o’tdim
naqsh chizaman soyangizga
yurakning soyasiga
xayolning soyasiga
shamolning soyasiga
baliqlar keldi
suv soyasiga
ovozning naqshini chizib bering deb
* * *
Men sizni sevaman, shamollar,
Boychechak isini puflang ko’zimga.
Titragan pardani ko’tarib qo’ying,
Yuragim ko’karib yetsin bo’g’zimga.
Men sizni sevaman, yulduzlar,
Hasrat changlarini yuting yuzimdan.
Oyning nurlaridan ichiring qizga,
Hech keta olmasin sarxush tushimdan.
Men sizni sevaman, baliqlar,
Tangalar to’shangiz dengiz tagiga.
Hilpirab cho’kkanda oppoq bulutlar,
Ismini yozinglar suvning bargiga.
Men seni sevaman, ey quyosh,
Kiprikka bog’lab qo’y sirdosh shamolni.
Yulduzga dalda ber, kuylab keltirsin
Bahorga aldangan qizni — xayolni…
INTERNET HAQIDA TUSh
Ozodsan, ammo
To’rt tomon devordir,
Osmon ham devor,
Yer ham devordir.
Qulsan, ammo
Bo’yningda zanjiring yo’qdir,
Devorgacha yurishga ta’qiqing yo’qdir.
O’zing bilan o’zing bir zum qolmoqqa
Haqqing ham yo’qdir.
Har kun bir kalamush
Chiqib kelar devor ostidan,
Hidlab ko’rar rutubat havoni
Bormi deb suzib yurgan so’z.
Hidlab ko’rar nafasing
Hidlar nigohing
Bormi deya yana biror ko’z.
So’ng mamnun
Kuladi kalamush, bitko’zi qisilar,
Senga tikilar
Olddagi ikki so’yloq tishlari yonib,
Umring davomini uzmoqqa shay
tishlari yonib.
To’shagingga kirarkan o’rmalab
Hidlay boshlar xayollaringni,
Hidlab ko’rar xotiralaring.
Dimog’i ilg’aydi dengiz isini,
Ilg’aydi samoga parvoz isini.
Va qo’rqitar
Siringdan dunyoga jar solaman deb,
Sen ham kalamushga aylanmasang deb,
Do’mbira chalaman o’ynamasang deb…
Qaytib borar devor ostiga
Va kuta boshlar sening ham
Kalamushga aylanishingni.
Sen kalamushga aylanmaysan.
So’ng makr to’rini yoyar kalamush
Olti devorga
Qalbingni hidlamoq uchun uzoqdan.
Va o’chirib tashlar o’sha to’r bilan
Orzularing yo’llarini –
Uzukning izini o’chirganday
Nozik barmoqdan…
Endi na dengiz bor,
Na osmon bor, na qir bor,
Na qo’shiq bor, na-da bir she’r bor,
Na o’tgan kunlardan biror bir iz bor…
Har kun shu takror…
Har kun shu…
Har kun
Kalamush
Chiqib kelar ekan devor ostidan
Va tushlaringni ham hidlarkan endi
Kutaverar sening ham
Kalamushga aylanishingni.
Kalamushga aylanmaysan
Aylanolmaysan
Sevib qolgan bo’lsang-da uni…
Ozodsan, ammo
To’rt tomon devordir,
Osmon ham devor,
Yer ham devordir…
* * *
Men o’sha –
bahorlar kelganda gul yaprog’ida
iforli kuylardan gulxanlar yoqib,
dilin ochmagan.
Nega sen meni kutmading?
Men o’sha –
shamollar o’tganda ko’m-ko’k sochlarin
yuzimga, ko’zimga, labimga surtib,
yig’lab chopmagan.
Nega sen meni kutmading?
Men o’sha –
chaqmoqlar saf qilib yulduz qavmini
paydo etganida dilduzlik raqsin,
nigoh solmagan.
Nega sen meni kutmading?
Men o’sha –
yuzingga qirq bitta pardani tashlab
xayollar shahridan bir o’tganingda,
bo’zlab tolmagan.
Nega sen meni kutmading?
Men o’sha –
qaldirg’och ko’zida surating ko’rib
adashib kelganda ruh kulbasidan,
seni topmagan.
Nega sen meni kutmading?
Men o’sha…
XOTIRA
Bir kun oppoq
oppoq qorlar bosgan daradan
lo’lilar kirib keldi qishloqqa
Bir zumda
bilmadim qay bir panada
to’plandik
ko’chalar xo’jayinlari
qizargan barmoqlar tishlagan
yum yumloq qorchalar bilan
haydab yubormoqchi bo’ldik juda uzoqqa
birinchi eshikdan ularni
Ular kelar edi
yog’iy karvoniday hayiqmay sekin
yo’lning o’rtasida turardik bizlar
o’n ikki nafar yig’loqi bola
Dahshatlar ko’milgan xurjunlaridan
uzmay ko’zlarni
kuzatar edik
eshaklar ustida o’tirgan
lo’li qizlarni
«Uringlar ularni»
deya qichqirdi
ko’zida yosh bilan kattamiz Erkin
Qorlar ucha boshladi lo’lilar tomon
Yig’i qarg’ish dodlash bilan
qorlarimiz uchrashdi
go’yo Sindbod karvoni
qaroqchiga to’qnashdi
Lekin ular kelar edi
Yov quvgan karvonday to’zib
Qochdik yig’loq bolalar
darvozalar ortiga
Biz itlarni tashladik
tasmalarini uzib
Vatan himoyasiga
Itlar qaytib keldilar
shom tushganda qishloqqa
haydagan edik bizlar
lo’lilarni uzoqqa
Yoshlik qoldi orqada
yillar o’tib ketdilar
Bir marta ham kelmadi
eshak mingan lo’lilar
Eshitamiz
biz quvgan uzoqlarga
borib turarmish ular
Fol ko’rarmish odamlarning
kelajagini
Aytar emish aniq bexato
g’am shodlikning kelajagini
Har yil yana oppoq
oppoq qorlar qoplar darani
Yalang’och eshaklar izg’iydi
tuyoqlari bilan kovlab
bitmaydigan yarani
Qonagan xotira qiynar bizlarni
eshaklar ustidan topolmay
itlar quvgan
lo’li qizlarni
* * *
Ayro bo’lgan yo’llar yana
yuragimda yara-yara,
Ado bo’lgan xunlar meni
to’ldiradi yana-yana.
Men o’zimni yo’na-yo’na
soya bo’ldim xayolimga,
Boy berdim men, balli deding,
gado bo’ldim ag’yorimga.
Guvillagan dengiz edim,
yomg’ir kabi sochildim,
Yopiq edim, sirli edim,
qabr kabi ochildim.
Quv-quv etdi, qushing menga
uyasini bermadi,
Zuv-zuv etdi, o’qlarini
ko’ngilginang termadi.
Kipriklaring yirtdi meni
kuylarimni, ko’kragimni,
Aytolmayman, yashirgayman
muzlaganim, kuyganimni.
Vo uzildim yo’q bandimdan,
toshdayin to’kilaman,
Vo uzildim, hech kim meni
tikmadi, so’kilaman.
Ostonangga yetti yig’i,
shamol quvib ketti uni,
Yuragimga berdim duo,
ko’zing olib ketti uni.
Ayro bo’lgan yo’llar yana
yuragimda yara-yara,
yara-yara, yara-yara…
RONDO
Qish toshini cha-qa-di
Tog’ boshini chay-qa-di
Oy qoshini qo-qa-di
Bahor kelib qol-di-mi
Echki do’mbir cha-la-di
Ko’zi zo’ldir ma-ra-di
Gulni o’lgur ya-la-di
Bahor kelib qol-di-mi
Ari sirg’a ta-qa-di
Bo’ri qirga o-qa-di
Itni burga cha-qa-di
Bahor kelib qol-di-mi
Suvni ariq al-day-di
Maysa yoriq ya-may-di
Sirni baliq as-ray-di
Bahor kelib qol-di-mi
Tuya yalpiz chay-nay-di
Tunni kunduz qiy-nay-di
Kaftda dengiz qay-nay-di
Bahor kelib qol-di-mi
EY…
Qo’yib yubor qafasdan qushni
uchib ketsin dengizga mayli –
Sochganingday alamlaringni
sevmagan qiz ko’ngli tufayli
Baribir qush sayramas senga
So’ng tashvishdan bo’lasan ozod
don-suv demay xotirjam
qafasingni olib qol mayli
topiladi o’zingga o’xshash
chiyillagan kalamushlar ham
Baribir qush sayramas senga
TUNGI HIKOYa
Tun qora aroba — yulduz tashiydi,
Ortidan qolmaydi tilamchi shamol.
Chigirtka jar solar — oling noyob mol,
Kelinchak daraxtlar oshadi devol.
Savdogar bu osmon so’rar daraxtdan
Ko’ylagi yashirgan olmalarini.
Oy yig’lar yo’rgaklab tunda to’kilgan,
Daraxtning ismsiz bolalarini.
TONGDA
Kuzda kuz bilan tunagan daraxt
Bahor ko’ylagini kiyarkan shoshib,
To’zg’igan sochiga shamol taroqchi,
Tun oyna tutqazar sandig’in ochib.
Kuz qol deb yolvorar oyni ko’rsatib –
Biz chiqib ketamiz o’sha tuynukdan.
Yolg’onchi bahorning nurin ko’rdingmi
Quyilib kelmoqda eski choynakdan.
Zangori dengiz bor osmon burjida,
Uyimiz bo’ladi suzib yurguvchi.
Sharqirab oqarkan momoguldirak
Charxpalak quramiz ters aylanguvchi.
Yashinga minamiz – mangu oq otim,
Boramiz tushlarning qarorgohiga.
Yulduzlar taqarkan feruza uzuk…
Bizlarni ko’mishar ishq dargohiga.
Kuzning zorlarini tingladiyu mast,
Bahor ko’ylagini kiydi u daraxt..
* * *
So’rading, gunohim nimadir mening.
Dengizning suvida ne gunoh bo’lsin,
Sen — «borsa xatar»ning darvozasiga
Jodugar lahzalar bog’lagan tilsim.
Umring ravog’ida xotir tugilgan,
Tugunni yechasan shamolni chorlab.
Yaproqdek yoyilsang qo’msab bahorni,
Diling shod qiladi yomg’irlar avrab.
Olis-olislarga nigohing yo’llab,
Chorlaysan qaldirg’och tabassumini.
Eslaysan qoningga chechaklar sepib
Oqizgan muhabbat talotumini.
Yig’laysan toshlarga boshingni qo’yib,
Uxlaysan, tushingda ruhing parvozi.
Qirlarga turnalar qo’ngan paytida
Uyg’otib yuborar echki ovozi…
Faqat men tilsimga bandi xaloskor,
Zanjirim qon rangli bandidan gulning.
Uch desam, uchmaysan, qanot so’raysan:
— Ey Xudo, gunohim nimadir mening.
Dengizning suvida ne gunoh bo’lsin…
* * *
Ey, yashashdan charchagan og’riq,
Chiqib ketmoqchimisan endi yurakdan –
Tez-tez sanchayapsan nayzalaringni.
Ey, tomirda horigan qonim,
To’xtab qolayapsan, manzil yaqinmi –
Eshitmay qo’ydim larzalaringni.
Ey, gullashdan charchagan bahor,
Xayr xush qildingmi oshiq kuzingga –
Qoldirib sarg’aygan maysalaringni.
Ey, orzulardan horigan xayol,
Safar qaridimi, ichay so’nggi bor –
Sarobga liq to’la lahzalaringni.
Ey, olisga otlangan qushim,
Yo’qlik dengizidan so’rab ber fursat –
Artishga ulguray ko’zyoshlaringni…