Бу йил туғилганининг 120 йиллиги нишонланадиган Мағжан Жумабой (25.06.1893-19.03.1938), туркий – қозоқларнинг фидоий шоири эди. Адабиётшунослар унинг ижоди ва ҳаётини туркий — ўзбек шоири Чўлпонга ўхшатишади. Дарвоқе, Мағжан ҳам худди Чўлпондек, дастлаб эски мактабда ва мадрасада ўқиди, сўнг Татаристонга бориб Олимжон Иброҳимовдан сабоқ олди. Кейин эса, Тошкентга келиб, маълум муддат бу шаҳарда яшаб ижод қилди…
Уларнинг ҳаётигина эмас, ижодлари ҳам бир бирига ўхшаш. Заки Валидий бу икки шоир ҳақида: “Мағжан ва Чўлпон бир бутун миллатнинг дардини куйлаган бир-бирига ўхшаш шоирлар, орадаги фарқ фақат уларнинг исмларидадир. Улар туркий миллатнинг ори ва виждони эдилар”, деб ёзганди. Уларнинг асарларидаги ўхшатиш ва тимсоллар ҳам бир бирига яқин. Мағжан худди Чўлпон каби, шўро тузимини қоронғу тунга қиёслар, Ғарб деганда босқинчиларни, Шарқ деганда мазлум туркий элларни тушунарди. “Ўз миллатини севган киши миллат бахти учун ўз бахтини қурбон қилади”, деган эди Мағжан Жумабой. Ўзи айтгандай, Туркий-қозоқнинг буюк шоири Сталин қатоғонининг қурбони бўлди
Мағжан Жумабой
ТУРКИСТОН
Туркистон – икки дунё эшиги бу,
Туркистон – ҳар бир туркнинг бешиги бу,
Туркистон – Тангри берган муқаддас жой,
Туркистон – ҳар бир туркка сочар ёғду.
Мозийда Туркистонни Турон демиш,
Туронда турк улуси топган емиш,
Туроннинг тақдири ўн долғалидир,
Бошидан оғир кунлар кечган эмиш.
Туроннинг тарихи бор мисли олов,
Теранроқ боқсанг ўтдай ёнар лов-лов.
Туроннинг ери билан суви қадим,
Денгиздай ғамига дил бермайди дов.
Туроннинг икки чексиз чўли гўзал,
Денгиздай қирғоғи йўқ кўли гўзал,
Туроннинг тўлиб оққан дарёлари,
Яна бир тўлиб оқса сели – гўзал.
Туроннинг тоғлари бор осмон ошган,
Пурвиқор чўққиларин қорлар босган.
Бағрида кўк булоқлар жимирлайди,
Яралиб тоғдан оққан томчи ёшдан.
Саҳролари юзин босмиш қат–қат ажин,
Сассиздир, олган каби мангуга тин.
Кўринмас жон жонивор сарғиш уфқда,
Қумларда рақс этади парию жин.
Туроннинг сувлари бор мовий, зилол,
Чайқалиб яшнаб ётар улкан Орол.
Бир томон – ярқираган Иссиқкўлнинг,
Бағрида дунё кўрган туркий кўкёл.
Ўртада Жайхун, Сайхун оқар сарин,
Икки наҳр боқиб келган туркнинг барин.
Бешак бу икки дарё орасинда,
Топгайсан улуғ бобонг эртакларин.
Туроннинг Тиёншондай тоғи қалай,
Тенг келмас Тиёншонга тоғлар талай!
Туркнинг чўнг ғурурин ёдга олгин,
Виқорли Хонтенгрига қарай–қарай.
Йўқса у буюк юртга ўхшармиди?
Улуғлар бу заминни йўқлармиди?
Қазиғурт хосиятли тоғ бўлмаса,
Тўфонда Нуҳ кемаси тўхтармиди?!
Бу тупроқ эзгу – гарчи оддийдайин,
Уқарсан тарих кўрсанг буни тайин.
Туронга бежиз хумор бўлган эмас,
Қачондир Қайхисраву Зулқарнайн.
Бу шундай хуш ўлкаки – тонглари соф,
Ботирлар этди уни шаън, файзиёб.
Туроннинг довруғини кўтарган илк
Шавкатли, афсонавий Афросиёб.
Туронга ер юзида ер етганми?
Башарда турк элига эл етганми?
Бемисл матонатда, заковатда
Туроннинг эрларига эр етганми?
Туроннинг беклари бор Тарағайдай,
Туғилган ундан Темур ўт бўп ўйнай.
Танилган ер юзига Соҳибқирон,
Чақмоқдай қиличини қўлдан қўймай.
Туронни мақтамайман манманликка,
Довруғин билар уни олис — чекка.
Англамоқ борасида юлдуз сирин
Ким бордир – тенг келолса Улуғбекка.
Аслдир хосиятли туркнинг қони,
Туғди шу қон Берунию Синони.
Келдими бу заминга улардай зот –
Забт этган ақли билан кенг дунёни?
Камситган ким қадим мусиқасин?
Биларми у дўмбира ё уд сасин?
Фаробий илк бор ясаб чалганида,
Диллардан қувмаганми ғам шарпасин?
Турк азал олов номин олмаганми?
Дунёнинг бағрига ўт солмаганми?!
Талай турк бўлакланиб таралаганда,
Қозоқда қора ўтов қолмаганми?
Арслондек элга Ватан бўлган Турон,
Тиклаган қозоғим ҳам унда қўрғон.
Қозоқнинг танти, доно Қосимхони,
Туроннинг фахри бўлган қозониб шон.
Одил хон кам учрайди Назардайин,
Улусга Есимхоннинг йўли тайин.
Таукедай донишманд хон қурган экан,
Култепа деган жойда Қурултойин.
Бу Турон азал – азал эзгу макон,
Дардига юпанч топган ҳар битта жон.
Туроннинг тупроғида ором олар,
Танти эр, арслон юрак Абилайхон…
Ғам чеккан ўз юртида топар қоим,
Тулпор ҳам туққан ерин қўмсар доим,
Ботишу сўлға қараб кетган улус,
Турондир, билсанг сени туққан жойинг.
Ўртада Жайхун, Сайхун оқар сарин,
Икки наҳр боқиб келган юртнинг барин,
Бешак, бу икки дарё орасинда,
Топгайсан улуғ бобонг хикматларин.
Мирпўлат Мирзо таржимаси
Манбаъ: www.turkistontongi.com/