Turkistonda ilk dramatik asar chop qilinganiga 100 yil to’ldi.

06а

    Ўтган аср Туркистонининг биқиқ муҳитида театр асари ëзиб¸ уни саҳнага қўйишнинг ўзи жасорат бўлган.  Бу жасоратли ишнинг Самарқанд муфтийси лавозимини эгаллаган Маҳмудхўжа Беҳбудий тарафидан амалга оширилиши эса¸ икки карра жасорат сифатида кўрилади.

090

ТУРКИСТОНДА ИЛК ДРАМАТИК АСАР ЧОП ҚИЛИНГАНИГА 100 ЙИЛ ТЎЛДИ.

Бундан 100 йил олдин Самарқанддаги “Нашриёти Беҳбудия” да “Падаркуш” драмаси чоп қилинди. Tуркистондаги илк драматик асар ҳисобланган “Падаркуш” муаллифи 38 яшарлик Самарқанд муфтийси¸ Беҳбудий таxаллуси билан танилган Маҳмудxўжа эди.
“Падаркуш” асари 1911 йилда ëзилиб¸ 1913 йилда китоб ҳолида нашр қилинди. 1914 йилда эса Самарқандда саҳнага қўйилди.
Беҳбудий ижодини ўрганган профессор Наим Каримов Озодлик билан суҳбатда “Падаркуш” драмасини янги ўзбек адабиётини бошлаб берган бир асар сифатида баҳолади:

— Бундан 100 йил олдин бизда жаҳон драматургияси талабларига жавоб берадиган асарнинг ëзилиб саҳнага қўйилиши бизда ифтихор туйғусини уйғотади. Асар «Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли»¸ деб номланади. Муаллиф “Миллий фожиа» деб атаган, 3 парда 4 манзарали бу драма ҳажман жуда ихчам, мазмунан ниҳоятда содда ва жўн. У жаҳолат ва нодонлик, ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб, ўз отасини ўлдиргани ҳақида ҳикоя қилади¸ дейди Наим Каримов.

Бундан 100 йил олдин ëзилган бу саҳна асарида бугунги Ўзбекистон ҳаëти учун ҳам ëт бўлмаган манзарани кўрамиз.
Спектаклда бойнинг орқа-олдини ўйламаган Тошмурод исмли ўғлининг фожиаси акс этади.
Тошмурод ўқимаган. Уни ўқитиш борасидаги зиëлилар маслаҳати бой қулоғига кирмайди. Оқибатда ўғил кўча безориларига қўшилади. Ресторанда маишатга пули етмай, шерикларини тунда уйига бошлаб келади. Бой уйғониб, уларни сезиб қолади. Тошмурод ва унинг шерилари бойни ўлдириб, пулини олиб кетишади.
Ўша пайтда Туркистондаги илк газеталардан бўлган “Самарқанд” газетаси бу драма сабоғини мана бу мисраларда ифодалайди:
— Жаҳолат ва нодонлик отанинг ҳам, боланинг ҳам бошига етади. Агар бутун миллат шу аҳволга тушсачи?!.

Дастлаб Самарқандда 1914 йилнинг 15 январида саҳнага қўйилган бу спектакл ҳақида ëзилган мақолада саҳна асарининг фавқуллода машҳур бўлгани ҳақидаги тафсилотлар ëзилган:
“Халқ ниҳоят кўп келиб, белат етмагани ва жойни йўқлиги учун уч-тўрт юз киши қайтиб кетди. Белатлар бир-икки кун аввал ёшларни ғайрати илан сотилиб тамом бўлуб эди. Баъзи кишилар белатларини икки баҳоға фоидаси илан бошқаға сотдилар. Соат еттидан минглаб халқ ибратхонаға ҳужум қилган. Аммо белат йўқ. Уч сўм бериб, тикка турмоқға ҳам рози, яна ер йўқ…”

“Падаркуш” асари борасида тадқиқод ўтказган олим Наим Каримов бу спектакл Туркистон ойдинлари зеҳниятига чақмоқ каби таъсир қилганини айтади:

— Бу асар ўз даврида Абдулла Қодирийга қаттиқ таъсир қилган.. Бунинг шоҳиди сифатида Абдулла Қодирийнинг машҳур «1913 йилларда чиққан “Падаркуш” пьесаси таъсирида «Бахтсиз куёв» деган театр китобини ёзиб юборғонимни ўзим ҳам пайқамай қолдим», деган эътирофини эслаш кифоя¸ дейди Наим Каримов.

Суҳбатдошга кўра¸ “Падаркуш” асари Туркистонда театрчиликнинг ëйилишига сабаб бўлган.

Беҳбудий жасорати

Ўтган аср Туркистонининг биқиқ муҳитида театр асари ëзиб¸ уни саҳнага қўйишнинг ўзи жасорат бўлган.
Бу жасоратли ишнинг Самарқанд муфтийси лавозимини эгаллаган Маҳмудхўжа Беҳбудий тарафидан амалга оширилиши эса¸ икки карра жасорат сифатида кўрилади.

Муфтий лавозимидаги шахснинг театрда рол ўйнашини нима билан изоҳлаш мумкин?

Бу саволга ҳозирда Лондонда истиқомат қилаëтган ëзувчи Ҳамид Исмоилов жавоб берар экан¸ бу ҳолатни Беҳбудийнинг ўз миллатини севганлиги билан изоҳлади.
Беҳбудий Туркистон ташқарисидаги мамлакатларга саëҳат қилиб тараққийпарвар зиëлилар билан учрашиб улар ғояларидан илҳомланган.

Таниқли турколог олима¸ Германиядаги Ҳумболд университети қошидаги Марказий Осиë институти директори Ингаборг Балдауф Беҳбудий ëзган асарларни немис тилига ўгирган ва “Маҳмудхўжа Беҳбудий Фаластинда” деган тадиқотни эълон қилган.
Балдауфнинг айтишича¸ адиб қалбини ўртаган энг катта дард — эрк ва маърифат истаги эди.
“Падаркуш” асари ҳақида тўхталган немис олимаси бу асарнинг ижтимоий аҳамияти бадиийлигидан устунлигини айтади:

— Бадиий нуқтаи назарлари унча ҳам юксак эмас эди. Унинг энг муҳим қирралари яъни услуби, матн гўзаллигидан кўра кўпроқ фикр ва мужда бор, яъни Беҳбудий мардумга очадиган фикрлари. янгича фикр эди ўзининг вақти учун. Гап шунда. Гўзалликда ҳеч гап йўқ. “Падаркуш” агар тўғрисини айтса, драма сифатида кўп ибтидоий¸ дейди олима.
Айни пайтда¸ “Падаркуш” асарида кўтарилган фикрлар бугун ҳам долзарблигини уқтирган олима барча даврларнинг яхши асарлари каби¸ бу асар ҳам умуминсоний қадриятлар устига қурилганига эътибор қаратади:

— Бу фикрлар инсониятда умумий фикрлар. Унинг қадрияти ҳам шунда. У ҳам ўз вақтида муҳим эди, ҳам ҳозир муҳим. Совет даврида аҳамиятини йўқотмаган эди. Беҳбудий ўз даврини яхши биларди. У ўз даври муаммоларини теран ўрганган эди. Албатта¸ яхши билардики, бу ҳақиқатан катта муаммо. Бугун яшаса, бугунги катта муаммоларни ҳам назарга олар эди. Беҳбудийнинг фазилати ҳам шу эди. Ўзининг жамиятини пухта, теран биларди. Бизларга маълум, у ўз вақтида “Жамияти хайрия” (Самарқанддаги жадид ташкилоти)нинг энг фаол иштирокчиларидан бири бўлгани боис¸ омма учун китобхона очган, яъни ўзининг шахсий китобхонасини оммага ҳам очган деб эшитдим. Билмайман бу қай даража тўғри. Чунки ўзининг “Ойна” деган журналида бу борада гап юритилади. Лекин бу ҳақиқатан тарихий воқеликми ë фақат шундай режалари бўлганми, амалга ошганми, ошмаганми унисини бошқа одамлардан сўрамоқ керак¸ дейди немис тадқиқотчиси.

Ингаборг Балдауфга кўра¸ Беҳбудийнинг мақсади туркистонликлар маърифий савиясини дунë даражасига кўтариш бўлган:

— Унинг мақсади шу эди. Омманинг ўша пайтлар Беҳбудий назарида кўп паст бўлган савиясини улғайтирмоқ, кўтармоқни Беҳбудий ният қилган. Спектакл ҳам¸ албатта¸ бу йўлда бир қадам, қандай айтса бўлади, агар мактаб болалари учун мактаб бўлса, унда спектакл катталар учун мактаб сифатида тушунилса бўлади. Ëки катталарнинг саводи бўлмаса, китобдан ҳам фойдалана олмайди. Ҳар ким ҳам китобхонага бориб журнал, газета ўқий олмас эди. Ҳатто унга яқинлик ҳам сезмас экан. Лекин иккинчи тарафдан¸ спектакл бўлса, одамнинг нафақат фикрларига¸ ҳатто бутун вужудига ҳис беради. Агар кўп фикр билан ишингиз бўлмаса ҳам спектакл сайр қилганда¸ албатта¸ эмоционал тарафдан ҳам таъсир остида қоласиз. Яъни бу Беҳбудийнинг хўп яхши ишлатган жиҳози эди спектакл. Уни ҳам кўп яхши билар эди деб таъкидлайди¸ Ингаборг Балдауф.

Беҳбудий яшаган даврда дунëнинг истило қилинган ўлкаларида ëки подшоҳлик истибдоди остидаги мамлакатларда миллий уйғониш истаги пайдо бўлаëтган эди. Масалан¸ 1913 йилда Бокуда илк бора турк тилида “Аршин мол олон “ спектакли қўйилди. Қозон ва Истанбулда тараққийпарвар гаезеталар нашр қилина бошланди. Балдауф фикрига кўра¸ Беҳбудий ўша даврнинг энг илғор ғояларини илғай олган зиëли:

— Албатта¸ Беҳбудий бутун бу фикрларни, билимларни ўзи инкишоф этган эмас. У Туркиядан то Ҳиндистонгача ўзига ўхшаб шундай одамларни ривожлантирмоқчи бўлган одамлар билан кўп алоқалар қилган. Бошқаларнинг тажрибаларидан ҳам кўп фаол фойдаланган¸ дейди суҳбатдош.

Аммо Туркистондаги муҳозафакор кучлар¸ муттаасиб муллалар жадидлик ғояларига қарши бўлишди.

1913 ва 1915 йилларда Беҳбудий “Самарқанд” ва “Ойна” газеталарини нашр этди. Бу нашрлар исломни кенг тарғиб қилиш, эшон ва муфтийларнинг шаръий ҳуқуқлар баҳонасида ижтимоий қашшоқликларни чуқурлаштираётганликларига бағишланган эди.

1915 йилда Беҳбудий томонидан вақф ишлари моҳияти ҳақида ёзилган мақолани уламолар норозилик билан кутиб олишди. Улар ислоҳотчи жадидни «кофир» деб эълон қилишди.

Уламолар муфтийни христианлар ишлаб чиқарган ун маҳсулотларини ҳалол деб фатво чиқарганлиги учун айблаб чиқишади.
“Падаркуш” спектакли намойиш қилинганидан кейин Беҳбудийни «кофир»ликда айбловчилар янада кўпайди.
Бу давр тафсилотларини ўрганган немис олимаси Ингаборг Балдауфга кўра¸ бу спектакл Беҳбудийни ëқтирмаган муҳофазакорлар сабрини тоширишга сўнгги сабаб бўлган:

— Эҳтимол спектаклни баҳона қилиб унга қарши шундай гапни очган эканлар. Ҳақиқатан¸ айнан ўша вақтда Беҳбудий муфтий сифатида ҳам ўзининг бошига тош ëғдира бошлаган эди. Масалан¸ Беҳбудий айтмайдими ҳозирги олимнинг ҳам ҳаққи бор, Қуръони Карим, ҳадиси шарифга бош урса, улардан ўзича янги муаммолар учун ҳал этадиган воситаларни топса.

Бу ўз вақтида бошқа мусулмон олимларининг фикрича, маъқул эмас эди. Беҳбудий эса бу мавзуни очган. Яъни унинг даҳрийлиги ëки эмаслигини билмайман, кофир дейишларига сабаб ўша бўлган. Спектакл эҳтимол яна бир восита, яна бир баҳона бўлган. Лекин асосий сабаби бошқа ëқда. Беҳбудий ислом олими, яъни муфтий сифатида бошқаларга писанд бўлмаган назарларни айтган эди, ифодалаган эди. Шунинг учун уни кофирликка чиқардилар¸ дейди Ингаборг Балдауф.

Беҳбудий шахсиятини ўрганган Балдауф унинг қадимчи руҳонийлардан фарқли тараққийпарвар бўлганига эътибор қаратади:

— Муфтийлар ҳам ҳаммаси бирдай эмас. Муфтий ҳам ўз вақтига нисбатан фикри кўп очиқ, ҳатто илғор одам бўлиши мумкинлиги Беҳбудий шаҳсида кўринади. Муфтийлар орасида бошқалари ҳам бор, кўпроқ эскиликка интиладиган, консерватизмга тарафдор бўладиганлар кўп. Бу ўринда муфтий билан муфтийнинг фарқи бор¸ дейди олима.

Беҳбудийнинг қатл қилиниши

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1919 йилда Амир Олимхон жаллодлари томонидан Қарши шаҳрида қатл қилинди.
Профессор Наим Каримов бу маълумотни тўлдирадиган ҳужжатларни топганини айтади:

— Беҳбудий Чор истибдодидан қутулган Туркистон советлар тарафидан қул қилиниши олдини олиш учун АНТАНТА (Биринчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий иттифоқ) давлатлари билан алоқа қилишга уринади. Бу мақсад йўлида у Бокудаги тадбиркор¸ “Миллий иттиҳод “ва ”Шўрои Ислом” ташкилоти ҳазиначиларидан бири Саидносир Миржалилов билан учрашади. Улар Истанбулга яқин жойдаги ороллардан бирида АҚШ вакили билан учрашиши режаланади. Миржалилов олдинроқ Бокуга бориб туради. Аммо Беҳбудий етиб кела олмайди. ГПУ (КГБнинг олдинги номи) Саид Олимхонга Беҳбудийнинг бу режаси ҳақидаги маълумотни сиздиради. Ана шундан кейин Беҳбудий Олимхон буйруғига кўра қатл қилинади¸ дейди Наим Каримов.

Беҳбудийнинг сиëсатчи сифатида¸ сиëсий сабабга кўра қатл қилингани маълум эди¸ аммо бу тафсилотлар янгилик¸ дейди Ингаборг Балдауф:

— Беҳбудий ўлдирилган вақтидаги миш-мишларни биламан, уларни ўқиганман. 20-йилларда бу борада қандай фикр олдинга сурилган эди, лекин бу энди янги билим эмас, илмий билим эмас. Ўзининг вақтининг сиëсий гаплари кўпроқ. Наим ака тоза ҳужжатлар топган бўлса, унда¸ албатта¸ уларга риоя қилиш керак¸ дейди немис олимаси.

Сўнгсўз

Маҳмудхўжа Беҳбудий боис суҳбатлашганимиз учала олим — ўзбек олими Наим Каримов¸ немис олимаси Ингаборг Балдауф ҳамда ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоиловлар бир масалада якдил бўлишди.
Беҳбудий ўз бойлиги¸ билими¸ лавозими ва ҳаëтини Туркистон халқи ривожи учун xарж қилди.
Албатта ислоҳот истаган бу жадидчи иши самара бермаган пайтда таассуфли сатрларни ҳам ëзди. Аммо шу сатрлар ичида ҳам умид барқ уриб туради.
Мана ўша 100 йил олдин ëзилган сатрлар.
“Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизға басират бер. Эшитар қулоқ, англар ақл бер… Эй Оллоҳи азимушшон. Бу магар сенинг ғазабингмидур?! Авф эт, биз инсонларни. Ҳидоят эт. Ер юзинда сулҳ ва силоҳи умумий ато айла. Инсонларға инсоният бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат ва ҳаққоният, омин…”

16.01.2013

(Tashriflar: umumiy 254, bugungi 1)

Izoh qoldiring